UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 15-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 15 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 15 сентября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 15 September 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Маҳалла фуқаролар йиғини ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 31 октябрдаги ПҚ-353-сон қарори ижросини таъминлаш, маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартиришнинг барқарор мезонларини белгилаш ҳамда маҳаллалар ягона реестрини шакллантириш ва юритиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 31 октябрдаги ПҚ-353-сон қарорига мувофиқ Маҳалла фуқаролар йиғини ягона реестри (кейинги ўринларда — Реестр) ишлаб чиқилгани ҳамда синов тариқасида ишга туширилгани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Маҳалла фуқаролар йигини ташкил этилиши, қайта ташкил этилиши ва (ёки) тугатилиши билан боғлиқ маҳаллага оид маълумотларни Реестр орқали онлайн юритиш ҳамда ундан фойдаланиш тартибини назарда тутувчи Маҳалла фуқаролар йигини ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси (кейинги ўринларда — Уюшма) Реестрни юритиш бўйича масъул орган ҳисобланиши;

Реестр Уюшманинг «Рақамли маҳалла» ахборот тизимида (кейинги ўринларда — ахборот тизими) шакллантирилиши ва юритилиши;

Реестрнинг маълумотлар базасини ташкил этиш, амалиётга жорий қилиш ва юритиш Уюшманинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан молиялаштирилиши;

Реестр давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан идоралараро электрон ҳамкорлик учун зарур бўлган маҳаллага оид ягона маълумот манбаи ҳисобланиши;

Реестр «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали электрон ҳамкорлик асосида «Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри» ахборот тизимида жойлаштирилиши ва янгилаб борилиши;

давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик бирлашмаларининг ахборот тизимлари ва ресурсларида маҳаллага оид маълумотлар Реестрга асосан шакллантирилиши инобатга олинсин.

4. Уюшмага Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2025 йил 1 ноябрга қадар Реестрга киритиладиган маҳаллага оид маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва долзарблигини таъминлаш бўйича маҳаллаларни хатловдан ўтказиш тавсия этилсин.

5. Рақамли технологиялар вазирлиги, Уюшма Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 декабрга қадар Реестрни тўлиқ ишга туширсин.

6. Адлия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги 2025 йил 1 ноябрга қадар мазкур қарорга мувофиқ Реестрни юритиш тартибини инобатга олган ҳолда, ўзларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларига тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминласин.

7. Давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик бирлашмалари 2026 йил 1 январга қадар ўзларининг ахборот тизимларидаги маҳаллага оид маълумотларни Реестрга мослаштириш чораларини кўрсин.

8. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 мартдаги 48-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.

9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 сентябрдаги 586-сон қарорига 1-ИЛОВА

Маҳалла фуқаролар йиғини ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Маҳалла фуқаролар йиғини ягона реестрини (кейинги ўринларда — Реестр) шакллантириш ва юритиш, шунингдек, ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Реестр давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан идоралараро электрон ҳамкорлик учун зарур бўлган маҳалла фуқаролар йиғинига (кейинги ўринларда — маҳалла) оид ягона маълумот манбаи ҳисобланади.

3. Реестр:

маҳаллага оид тўлиқ маълумотларни шакллантириш;

жисмоний шахсларнинг манзил маълумотлари, юридик шахслар ва кадастр объектлари маълумотларини маҳалла кесимида шакллантириш;

давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик бирлашмалари томонидан ўзларининг ахборот тизимларида шаклланадиган маҳалла кесимидаги маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизимининг ягона инфратузилмасига бирлаштириш мақсадида иловага мувофиқ схема асосида шакллантирилади ва юритилади.

2-боб. Реестрни шакллантириш ва юритиш

4. Реестр Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари (кейинги ўринларда — Кенгаш) қарорига асосан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси (кейинги ўринларда — Уюшма) томонидан маҳаллага берилган маҳалла кодидан фойдаланган ҳолда шакллантирилади ва янгиланади.

5. Реестр Уюшма томонидан «Рақамли маҳалла» ахборот тизимида (кейинги ўринларда — «Рақамли маҳалла» АТ) юритилади.

Уюшма Реестрдаги маълумотларнинг асослилиги ва тўлиқлигини таъминлайди.

6. Реестрда қуйидаги маълумотлар шакллантирилади:

маҳалланинг тўлиқ ва қисқача номи;

маҳалла коди;

солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);

Кенгаш қарори санаси ва рақами;

маҳалла ҳисобга олингани ёки қайта ташкил этилганда ҳисобга олингани тўғрисидаги маълумотлар;

маҳалла жойлашган ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ёки Тошкент шаҳри);

маҳалланинг ҳудудий чегараси геомаълумотлари.

7. Маҳаллани ташкил этиш ва қайта ташкил этиш (маҳаллаларни тузиш ва бирлаштириш) тўғрисида Кенгаш қарори қабул қилинганда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими» (кейинги ўринларда — «E-qaror» тизими) орқали ўзаро электрон ҳамкорлик асосида маҳалланинг тўлиқ ва қисқача номи, маҳалла жойлашган ҳудуд, Кенгаш қарори санаси ва рақами ҳамда маҳалланинг ҳудудий чегараси геомаълумотлари «Рақамли маҳалла» АТга юборилади.

8. Маҳаллалар ташкил этилганда ёки қайта ташкил этилганда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобга олинади.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш модули» (кейинги ўринларда — «birdarcha.uz» ахборот тизими) орқали электрон ҳамкорлик асосида маҳалла ҳисобга олингани тўғрисидаги ҳамда маҳаллага берилган СТИР маълумотлари «Рақамли маҳалла» АТга юборилади.

9. Маҳалланинг ҳисобга олингани тўғрисидаги маълумотлар асосида янги ташкил этилган маҳаллаларга «Рақамли маҳалла» АТ орқали маҳалла коди автоматик тарзда берилади ҳамда маҳалла маълумотлари Реестрга киритилади.

10. Маҳаллалар бирлаштирилганда янги ташкил этилган маҳалла ҳисобга олинади, мазкур Низомнинг 9-бандига асосан янги ташкил этилган маҳаллага код берилади ва Реестрга киритилади.

Бошқа маҳаллаларга бирлаштирилган ва тугатилган маҳаллалар Реестрдан чиқарилади.

11. Реестрга маълумотлар Кенгаш қарори ҳамда маҳаллалар ҳисобга олингани ёки маҳаллалар қайта ташкил этилганда ҳисобга олингани тўғрисидаги маълумотларга асосан Уюшма томонидан киритилади ва янгиланади.

12. Реестрга маълумотлар қатъий равишда «Электрон ҳукумат»нинг маълумотномалар ва классификаторлар регистрига киритилган маълумотномалар ва классификаторлардан фойдаланган ҳолда киритилади ва янгиланади.

3-боб. Маҳаллани Реестрдан чиқариш

13. Маҳалла тугатилгани тўғрисида Кенгаш қарори қабул қилинганда, «Рақамли маҳалла» АТ ҳамда «birdarcha.uz» ахборот тизимига «E-qaror» тизими орқали ўзаро электрон ҳамкорлик асосида маҳалла тугатилгани тўғрисидаги Кенгаш қарори маълумотлари (маҳалланинг СТИРи, тугатиш сабаби, Кенгаш қарори санаси ва рақами) юборилади.

14. Маҳаллани тугатиш тўғрисидаги Кенгаш қарори асосида «birdarcha.uz» ахборот тизими орқали маҳалла тугатилгани тўғрисидаги маълумот «Рақамли маҳалла» АТга юборилади.

Ушбу маълумотга асосан маҳалла Реестрдан чиқарилади.

4-боб. Маҳалла номи ўзгарганда Реестрни янгилаш

15. Маҳалла номи ўзгарганда маҳалла номини ўзгартириш тўғрисидаги Кенгаш қарорига асосан «Рақамли маҳалла» АТга «E-qaror» тизими орқали ўзаро электрон ҳамкорлик асосида маҳалланинг янги номи юборилади.

16. Маҳалла номи ўзгарганда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳалла қайта ҳисобга олинади.

Бунда «birdarcha.uz» ахборот тизими орқали электрон ҳамкорлик асосида маҳалла қайта ташкил этилганда ҳисобга олингани тўғрисидаги маълумотлар ҳамда маҳалланинг янги номи «Рақамли маҳалла» АТга юборилади.

17. Реестрда маҳалланинг қайта ташкил этилганда ҳисобга олингани тўғрисидаги маълумотлар асосида маҳалла номи янгиланади.

5-боб. Реестрдан фойдаланиш тартиби

18. Реестр қуйидагиларни таъминлашга қаратилган:

Реестр дастурий-техник мажмуасининг ишлашини техник таъминлаш ва уни янада такомиллаштириш;

Реестрда маълумотларнинг сақланиши ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўриш;

Реестрда мавжуд бўлган маълумотларнинг тўлиқлигини таъминлаш.

19. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан Реестрга тақдим этиладиган маълумотлар асосли ва тўлиқ бўлиши керак.

20. Маълумотлар Реестрдан маҳалла коди ёки маҳалла СТИРидан фойдаланиш орқали олинади.

21. Идоралараро электрон ҳамкорликда бошқа идентификаторлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

22. Идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликда Реестр маълумотларидан фойдаланиш «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформаси ёрдамида амалга оширилади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

23. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

24. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Маҳалла фуқаролар йиғини ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Маҳалла фуқаролар йиғини ягона реестрини шакллантириш ва юритиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Адлия вазирлиги Ўзаро электрон ҳамкорлик асосида «E-qaror» тизими орқали: а) маҳалла ташкил этилганда ёки маҳалла қайта ташкил этилганда, маҳалланинг тўлиқ ва қисқача номи, маҳалла жойлашган вилоят ва тумани, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри Кенгашлари (кейинги ўринларда — Кенгаш) қарори санаси ва рақами ҳамда маҳалланинг ҳудудий чегараси геомаълумотлари; б) маҳалла тугатилганда, маҳалла СТИРи, тугатиш сабаби, Кенгаш қарори санаси ва рақами «Рақамли маҳалла» ахборот тизимига юборилади. Автоматик тарзда 2-босқич Адлия вазирлиги Ўзаро электрон ҳамкорлик асосида «birdarcha.uz» тизими орқали: а) маҳалла қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисобга олинганда, ҳисобга олинганлиги тўғрисидаги ҳамда маҳаллага берилган СТИР маълумотлари; б) маҳалла қонунчиликда белгиланган тартибда қайта ҳисобга олинганда, маҳалланинг қайга ташкил этилиши муносабати билан ҳисобга олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар; в) маҳалла тугатилганда, маҳаллани тугатиш тўғрисидаги маълумот «Рақамли маҳалла» ахборот тизимига юборилади. Автоматик тарзда 3-босқич Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси «Рақамли маҳалла» ахборот тизимида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади: а) маҳалла ҳисобга олинганда, янги ташкил этилган маҳаллаларга маҳалла коди берилади ва маҳалла маълумотлари Реестрга киритилади; б) маҳалла қайта ҳисобга олинганда, Реестрда маҳалла маълумотлари янгиланади; в) маҳалла бирлаштирилганда ёки тугатилганда, маҳаллалар Реестрдан чиқарилади. Автоматик тарзда

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 сентябрдаги 586-сон қарорига 2-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 4 мартдаги 48-сон қарори билан тасдиқланган Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисида низомга киритилаётган қўшимчалар

1. 31-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Бунда маҳалла ҳудудий чегаралари геомаълумотлари Адлия вазирлигининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими»га электрон шаклда киритилади.».

2. 1-илованинг 4-босқичи «Тадбирлар» устуни қуйидаги мазмундаги 3-банд билан тўлдирилсин:

«3. Маҳалла ҳудудий чегаралари геомаълумотларини Адлия вазирлигининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими»га киритади.».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 15 сентябрь,

586-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.09.2025 й., 09/25/586/0842-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Mahalla fuqarolar yigʻini yagona reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholiga pensiya tayinlash boʻyicha koʻrsatiladigan davlat xizmatlari sifatini yanada oshirishga qaratilgan qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 31-oktabrdagi PQ-353-son qarori ijrosini taʼminlash, mahallalarni tuzish, birlashtirish, boʻlish va tugatish, shuningdek, ularning chegaralarini belgilash va oʻzgartirishning barqaror mezonlarini belgilash hamda mahallalar yagona reyestrini shakllantirish va yuritish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholiga pensiya tayinlash boʻyicha koʻrsatiladigan davlat xizmatlari sifatini yanada oshirishga qaratilgan qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 31-oktabrdagi PQ-353-son qaroriga muvofiq Mahalla fuqarolar yigʻini yagona reyestri (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) ishlab chiqilgani hamda sinov tariqasida ishga tushirilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Mahalla fuqarolar yigini tashkil etilishi, qayta tashkil etilishi va (yoki) tugatilishi bilan bogʻliq mahallaga oid maʼlumotlarni Reyestr orqali onlayn yuritish hamda undan foydalanish tartibini nazarda tutuvchi Mahalla fuqarolar yigini yagona reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Quyidagilar:

Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi (keyingi oʻrinlarda — Uyushma) Reyestrni yuritish boʻyicha masʼul organ hisoblanishi;

Reyestr Uyushmaning “Raqamli mahalla” axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) shakllantirilishi va yuritilishi;

Reyestrning maʼlumotlar bazasini tashkil etish, amaliyotga joriy qilish va yuritish Uyushmaning budjetdan tashqari mablagʻlari hamda homiylik xayriyalari hisobidan moliyalashtirilishi;

Reyestr davlat organlari hamda boshqa tashkilotlar bilan idoralararo elektron hamkorlik uchun zarur boʻlgan mahallaga oid yagona maʼlumot manbai hisoblanishi;

Reyestr “Raqamli hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali elektron hamkorlik asosida “Elektron hukumatning maʼlumotnomalar va klassifikatorlar registri” axborot tizimida joylashtirilishi va yangilab borilishi;

davlat organlari va tashkilotlari hamda ustav kapitalida davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan xoʻjalik birlashmalarining axborot tizimlari va resurslarida mahallaga oid maʼlumotlar Reyestrga asosan shakllantirilishi inobatga olinsin.

4. Uyushmaga Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi, Soliq qoʻmitasi bilan birgalikda 2025-yil 1-noyabrga qadar Reyestrga kiritiladigan mahallaga oid maʼlumotlarning haqqoniyligi va dolzarbligini taʼminlash boʻyicha mahallalarni xatlovdan oʻtkazish tavsiya etilsin.

5. Raqamli texnologiyalar vazirligi, Uyushma Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi, Soliq qoʻmitasi, Adliya vazirligi bilan birgalikda 2025-yil 1-dekabrga qadar Reyestrni toʻliq ishga tushirsin.

6. Adliya vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi 2025-yil 1-noyabrga qadar mazkur qarorga muvofiq Reyestrni yuritish tartibini inobatga olgan holda, oʻzlarining axborot tizimlari va maʼlumotlar bazalariga tegishli oʻzgartirishlar kiritilishini taʼminlasin.

7. Davlat organlari va tashkilotlari hamda ustav kapitalida davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan xoʻjalik birlashmalari 2026-yil 1-yanvarga qadar oʻzlarining axborot tizimlaridagi mahallaga oid maʼlumotlarni Reyestrga moslashtirish choralarini koʻrsin.

8. Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 4-martdagi 48-son qarori bilan tasdiqlangan Shaharlar, shaharchalar, qishloqlar va ovullarning mahallalarini tuzish, birlashtirish, boʻlish va tugatish, shuningdek ularning chegaralarini belgilash va oʻzgartirish, ularga nom berish va ularning nomini oʻzgartirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq qoʻshimchalar kiritilsin.

9. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 15-sentabrdagi 586-son qaroriga 1-ILOVA

Mahalla fuqarolar yigʻini yagona reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Mahalla fuqarolar yigʻini yagona reyestrini (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) shakllantirish va yuritish, shuningdek, undan foydalanish tartibini belgilaydi.

2. Reyestr davlat organlari hamda boshqa tashkilotlar bilan idoralararo elektron hamkorlik uchun zarur boʻlgan mahalla fuqarolar yigʻiniga (keyingi oʻrinlarda — mahalla) oid yagona maʼlumot manbai hisoblanadi.

3. Reyestr:

mahallaga oid toʻliq maʼlumotlarni shakllantirish;

jismoniy shaxslarning manzil maʼlumotlari, yuridik shaxslar va kadastr obyektlari maʼlumotlarini mahalla kesimida shakllantirish;

davlat organlari va tashkilotlari hamda ustav kapitalida davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan xoʻjalik birlashmalari tomonidan oʻzlarining axborot tizimlarida shakllanadigan mahalla kesimidagi maʼlumotlarni “Elektron hukumat” tizimining yagona infratuzilmasiga birlashtirish maqsadida ilovaga muvofiq sxema asosida shakllantiriladi va yuritiladi.

2-bob. Reyestrni shakllantirish va yuritish

4. Reyestr Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyatlar va Toshkent shahar Kengashlari (keyingi oʻrinlarda — Kengash) qaroriga asosan Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi (keyingi oʻrinlarda — Uyushma) tomonidan mahallaga berilgan mahalla kodidan foydalangan holda shakllantiriladi va yangilanadi.

5. Reyestr Uyushma tomonidan “Raqamli mahalla” axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — “Raqamli mahalla” AT) yuritiladi.

Uyushma Reyestrdagi maʼlumotlarning asosliligi va toʻliqligini taʼminlaydi.

6. Reyestrda quyidagi maʼlumotlar shakllantiriladi:

mahallaning toʻliq va qisqacha nomi;

mahalla kodi;

soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR);

Kengash qarori sanasi va raqami;

mahalla hisobga olingani yoki qayta tashkil etilganda hisobga olingani toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

mahalla joylashgan hudud (Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar yoki Toshkent shahri);

mahallaning hududiy chegarasi geomaʼlumotlari.

7. Mahallani tashkil etish va qayta tashkil etish (mahallalarni tuzish va birlashtirish) toʻgʻrisida Kengash qarori qabul qilinganda, Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining “Mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan qabul qilinadigan qarorlarni ishlab chiqish, kelishish va roʻyxatdan oʻtkazishning yagona elektron tizimi” (keyingi oʻrinlarda — “E-qaror” tizimi) orqali oʻzaro elektron hamkorlik asosida mahallaning toʻliq va qisqacha nomi, mahalla joylashgan hudud, Kengash qarori sanasi va raqami hamda mahallaning hududiy chegarasi geomaʼlumotlari “Raqamli mahalla” ATga yuboriladi.

8. Mahallalar tashkil etilganda yoki qayta tashkil etilganda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hisobga olinadi.

Bunda Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining “Tadbirkorlik subyektlarini roʻyxatdan oʻtkazish moduli” (keyingi oʻrinlarda — “birdarcha.uz” axborot tizimi) orqali elektron hamkorlik asosida mahalla hisobga olingani toʻgʻrisidagi hamda mahallaga berilgan STIR maʼlumotlari “Raqamli mahalla” ATga yuboriladi.

9. Mahallaning hisobga olingani toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida yangi tashkil etilgan mahallalarga “Raqamli mahalla” AT orqali mahalla kodi avtomatik tarzda beriladi hamda mahalla maʼlumotlari Reyestrga kiritiladi.

10. Mahallalar birlashtirilganda yangi tashkil etilgan mahalla hisobga olinadi, mazkur Nizomning 9-bandiga asosan yangi tashkil etilgan mahallaga kod beriladi va Reyestrga kiritiladi.

Boshqa mahallalarga birlashtirilgan va tugatilgan mahallalar Reyestrdan chiqariladi.

11. Reyestrga maʼlumotlar Kengash qarori hamda mahallalar hisobga olingani yoki mahallalar qayta tashkil etilganda hisobga olingani toʻgʻrisidagi maʼlumotlarga asosan Uyushma tomonidan kiritiladi va yangilanadi.

12. Reyestrga maʼlumotlar qatʼiy ravishda “Elektron hukumat”ning maʼlumotnomalar va klassifikatorlar registriga kiritilgan maʼlumotnomalar va klassifikatorlardan foydalangan holda kiritiladi va yangilanadi.

3-bob. Mahallani Reyestrdan chiqarish

13. Mahalla tugatilgani toʻgʻrisida Kengash qarori qabul qilinganda, “Raqamli mahalla” AT hamda “birdarcha.uz” axborot tizimiga “E-qaror” tizimi orqali oʻzaro elektron hamkorlik asosida mahalla tugatilgani toʻgʻrisidagi Kengash qarori maʼlumotlari (mahallaning STIRi, tugatish sababi, Kengash qarori sanasi va raqami) yuboriladi.

14. Mahallani tugatish toʻgʻrisidagi Kengash qarori asosida “birdarcha.uz” axborot tizimi orqali mahalla tugatilgani toʻgʻrisidagi maʼlumot “Raqamli mahalla” ATga yuboriladi.

Ushbu maʼlumotga asosan mahalla Reyestrdan chiqariladi.

4-bob. Mahalla nomi oʻzgarganda Reyestrni yangilash

15. Mahalla nomi oʻzgarganda mahalla nomini oʻzgartirish toʻgʻrisidagi Kengash qaroriga asosan “Raqamli mahalla” ATga “E-qaror” tizimi orqali oʻzaro elektron hamkorlik asosida mahallaning yangi nomi yuboriladi.

16. Mahalla nomi oʻzgarganda, qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda mahalla qayta hisobga olinadi.

Bunda “birdarcha.uz” axborot tizimi orqali elektron hamkorlik asosida mahalla qayta tashkil etilganda hisobga olingani toʻgʻrisidagi maʼlumotlar hamda mahallaning yangi nomi “Raqamli mahalla” ATga yuboriladi.

17. Reyestrda mahallaning qayta tashkil etilganda hisobga olingani toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida mahalla nomi yangilanadi.

5-bob. Reyestrdan foydalanish tartibi

18. Reyestr quyidagilarni taʼminlashga qaratilgan:

Reyestr dasturiy-texnik majmuasining ishlashini texnik taʼminlash va uni yanada takomillashtirish;

Reyestrda maʼlumotlarning saqlanishi va axborot xavfsizligini taʼminlash boʻyicha belgilangan tartibda choralar koʻrish;

Reyestrda mavjud boʻlgan maʼlumotlarning toʻliqligini taʼminlash.

19. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi tomonidan Reyestrga taqdim etiladigan maʼlumotlar asosli va toʻliq boʻlishi kerak.

20. Maʼlumotlar Reyestrdan mahalla kodi yoki mahalla STIRidan foydalanish orqali olinadi.

21. Idoralararo elektron hamkorlikda boshqa identifikatorlardan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.

22. Idoralararo elektron oʻzaro hamkorlikda Reyestr maʼlumotlaridan foydalanish “Elektron hukumat” tizimining idoralararo integratsiya platformasi yordamida amalga oshiriladi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

23. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

24. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Mahalla fuqarolar yigʻini yagona reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Mahalla fuqarolar yigʻini yagona reyestrini shakllantirish va yuritish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Adliya vazirligi Oʻzaro elektron hamkorlik asosida “E-qaror” tizimi orqali: a) mahalla tashkil etilganda yoki mahalla qayta tashkil etilganda, mahallaning toʻliq va qisqacha nomi, mahalla joylashgan viloyat va tumani, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyatlar va Toshkent shahri Kengashlari (keyingi oʻrinlarda — Kengash) qarori sanasi va raqami hamda mahallaning hududiy chegarasi geomaʼlumotlari; b) mahalla tugatilganda, mahalla STIRi, tugatish sababi, Kengash qarori sanasi va raqami “Raqamli mahalla” axborot tizimiga yuboriladi. Avtomatik tarzda 2-bosqich Adliya vazirligi Oʻzaro elektron hamkorlik asosida “birdarcha.uz” tizimi orqali: a) mahalla qonunchilikda belgilangan tartibda hisobga olinganda, hisobga olinganligi toʻgʻrisidagi hamda mahallaga berilgan STIR maʼlumotlari; b) mahalla qonunchilikda belgilangan tartibda qayta hisobga olinganda, mahallaning qayga tashkil etilishi munosabati bilan hisobga olinganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar; v) mahalla tugatilganda, mahallani tugatish toʻgʻrisidagi maʼlumot “Raqamli mahalla” axborot tizimiga yuboriladi. Avtomatik tarzda 3-bosqich Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi “Raqamli mahalla” axborot tizimida quyidagi tadbirlar amalga oshiriladi: a) mahalla hisobga olinganda, yangi tashkil etilgan mahallalarga mahalla kodi beriladi va mahalla maʼlumotlari Reyestrga kiritiladi; b) mahalla qayta hisobga olinganda, Reyestrda mahalla maʼlumotlari yangilanadi; v) mahalla birlashtirilganda yoki tugatilganda, mahallalar Reyestrdan chiqariladi. Avtomatik tarzda

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 15-sentabrdagi 586-son qaroriga 2-ILOVA

Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 4-martdagi 48-son qarori bilan tasdiqlangan Shaharlar, shaharchalar, qishloqlar va ovullarning mahallalarini tuzish, birlashtirish, boʻlish va tugatish, shuningdek ularning chegaralarini belgilash va oʻzgartirish, ularga nom berish va ularning nomini oʻzgartirish tartibi toʻgʻrisida nizomga kiritilayotgan qoʻshimchalar

1. 31-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Bunda mahalla hududiy chegaralari geomaʼlumotlari Adliya vazirligining “Mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan qabul qilinadigan qarorlarni ishlab chiqish, kelishish va roʻyxatdan oʻtkazishning yagona elektron tizimi”ga elektron shaklda kiritiladi.”.

2. 1-ilovaning 4-bosqichi “Tadbirlar” ustuni quyidagi mazmundagi 3-band bilan toʻldirilsin:

“3. Mahalla hududiy chegaralari geomaʼlumotlarini Adliya vazirligining “Mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan qabul qilinadigan qarorlarni ishlab chiqish, kelishish va roʻyxatdan oʻtkazishning yagona elektron tizimi”ga kiritadi.”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 15-sentabr,

586-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 18.09.2025-y., 09/25/586/0842-son)

lex.uz