UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 17-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 17 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 17 сентября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 17 September 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ

ТАХМИНИЙ КЎРСАТКИЧЛАР

СХЕМАСИ

ЛОЙИҲАСИ

РЎЙХАТИ

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш ҳақида

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш тартибларини соддалаштириш, ушбу йўналишда давлат хизматини кўрсатиш ҳамда деградацияга учраган, унумсиз, заҳарли саноат чиқиндилари ва радиоактив моддалар билан ифлосланган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳолатини яхшилаш учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

консервация қилинадиган қишлоқ хўжалиги ерларини аниқлаш ва хатловдан ўтказиш тартиби;

давлат хизмати кўрсатилишини Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали ташкил этиш;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳаси ва хулосасини ишлаб чиқиш, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш ҳамда тасдиқлаш тартиби;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасида белгиланган муддат тугагандан сўнг ушбу ерларни қишлоқ хўжалигида фойдаланишга қайтариш тартиби;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш тадбирларини молиялаштириш манбаларини белгилаш.

2. Белгилансинки:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича мурожаатлар ЯИДХП орқали қабул қилинади ҳамда «E-ijara» ахборот тизимида (кейинги ўринларда — «E-ijara» АТ) кўриб чиқилади;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

а) Адлия вазирлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 ноябрга қадар:

давлат хизматини кўрсатиш «E-ijara» АТ ҳамда ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин;

«E-ijara» АТда ҳамда ЯИДХПда давлат хизмати кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин;

б) Адлия вазирлиги билан биргаликда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан мазкур қарорга мувофиқ давлат хизмати кўрсатилишининг белгиланган тартиби бажарилиши устидан тегишлилиги бўйича «E-ijara» АТ ҳамда ЯИДХП орқали назорат ўрнатсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 сентябрдаги 590-сон қарорига 1-ИЛОВА

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Регламент деградацияга учраган, унумсиз, заҳарли саноат чиқиндилари ва радиоактив моддалар билан ифлосланган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

«E-ijara» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «E-ijara» АТ) — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ҳамда тегишли ташкилотлар билан келишиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳалари ва хулосаларни шакллантириш ва тасдиқлашда фойдаланиладиган автоматлаштирилган ахборот тизими;

ариза берувчи — ўзига ижара (умрбод эгалик қилиш ёки доимий фойдаланиш) ҳуқуқи асосида бириктирилган ер майдони мавжуд бўлган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш (товар ишлаб чиқариш) билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахс (фермер хўжалиги, агрокластер, кооперация, деҳқон хўжалиги ва бошқа тадбиркорлик субъектлари), шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимликлари;

ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;

деградацияга учраган ерлар — табиий ва антропоген омиллар, хўжалик ва бошқа фаолиятнинг салбий таъсирлари натижасида тупроқ сифати ёмонлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар;

ерларни консервация қилиш — деградацияга (шўрланишга, чўлланишга, ботқоқлашишга ҳамда яйлов ва пичанзорларда тупроқ-ўсимлик қоплами жиддий таназзулга) учраган, унумсиз, ҳосилдорлиги жуда пасайган ва табиий хусусиятлари бўйича салбий тавсифларга эга тупроқлар, юқори даражада заҳарли саноат чиқиндилари, радиоактив моддалар, оғир металлар ва бошқа кимёвий элементлар билан ифлосланган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг унумдорлик ва табиий хусусиятларини тиклаш, бузилган ерларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини ва деградация суръатларини пасайтириш ҳамда унинг олдини олиш чора-тадбирларини амалга ошириш учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга мақсадли фойдаланишдан чиқариш;

ишчи органлар — ер участкасининг тупроқ ҳолатини ва сифат кўрсаткичларини аниқлаб берадиган Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасини ва хулосасини тайёрлаш, ер участкасини жойида кўрсатиб берадиган «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институти;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланиладиган ер участкалари (суғориладиган ва лалми — ҳайдалма ерлар, бўз ерлар, кўп йиллик мевали-резавор дов-дарахтлар, токзорлар ва бошқа дарахтлар билан банд бўлган ерлар, яйлов ва пичанзорлар);

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳаси — ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган консервация қилиш муддатлари тўғрисида комплекс маълумотлар ҳамда консервация қилиш ишлари акс эттириладиган лойиҳа;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш тўғрисида хулоса — қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш мақсадга мувофиқлиги (ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги) тўғрисида ваколатли органнинг тасдиқланган, QR — коди туширилган электрон хулосаси.

унумсиз ерлар — мақсадли фойдаланиш учун экологик хавфли ва иқтисодий жиҳатдан самарасиз деб топилган, тупроқ унумдорлиги жуда паст ва табиий хусусиятлари бўйича салбий тавсифланадиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлари;

3. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар қуйидаги ҳолларда консервация қилинади:

экологик талаблар бузилиши натижасида тупроқ кучли эрозияга, шўрланишга, чўлланишга, ботқоқлашишга учраганда ҳамда яйлов ва пичанзорларда тупроқ-ўсимлик қоплами жиддий таназзулга учраганда;

тупроқнинг инсон саломатлиги учун хавфли даражада кимёвий моддалар ва бошқа турдаги ифлослантирувчилар билан зарарланиши ёки шўрланиши ёки ишқорлилик даражасининг ошиши натижасида ерларнинг бузилиши юзага келганда;

тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлиги жуда пасайганда (унумсиз) ҳамда табиий хусусиятлари бўйича салбий тавсифларга эга бўлганда;

ерлар йўл қўйилиши мумкин бўлган чегаравий концентрациялардан юқори даражада заҳарли саноат чиқиндилари, радиоактив моддалар, оғир металлар ва бошқа кимёвий элементлар билан ифлосланганда;

ер участкалари собиқ қишлоқ хўжалиги аэродромлари сифатида фойдаланилган ерлар бўлганда.

4. Табиий-қишлоқ хўжалиги минтақаларидаги деградацияга учраган, кам маҳсулдор ҳамда заҳарли саноат чиқиндилари ва радиоактив моддалар билан ифлосланган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилишда ушбу Регламентга 1-иловада келтирилган тупроқ таркибини тавсифловчи тахминий кўрсаткичлардан фойдаланилади.

5. Ер участкаси жисмоний ва юридик шахслар фойдаланишида ёки эгалигида бўлса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларини консервация қилиш ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) ташаббусига кўра амалга оширилади.

Агар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга нисбатан фойдаланиш ёки эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилмаган бўлса, ерларни консервация қилиш туман ҳокимликлари ташаббусига кўра амалга оширилади.

6. Консервация қилинган ерларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланганлиги бўйича тури консервация қилинган барча даврда ўзгармайди ва статистика ҳисоботларида алоҳида сатрда кўрсатилади.

7. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларининг бузилишга олиб келган шахсларни аниқлаш ва етказилган зарарни қоплаш Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарлар, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларига, шунингдек, ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

8. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича давлат хизмати мазкур Регламентга 2-иловага мувофиқ схема бўйича кўрсатилади.

2-боб. Консервация қилинадиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни аниқлаш ва хатловдан ўтказиш

9. Консервация қилинадиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ер ресурсларини хатловдан ўтказиш, тупроқ, агрокимёвий ва геоботаник тадқиқотлар ва мониторинг (кузатув) натижаларини таҳлил қилиш асосида аниқланади.

Бунда, Сув хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги ўзлари ўтказган тадқиқот ва мониторинг натижалари асосида шакллантирилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларини консервация қилиш бўйича таклиф ва маълумотларини Ишчи органга тақдим этади.

10. Ишчи орган ер ресурсларини хатловдан ўтказиш, тупроқ, агрокимёвий ва геоботаник тадқиқотлар ва мониторинг (кузатув) натижаларига кўра қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш тавсия этилаётган майдонлар тўғрисидаги маълумотларни ердан фойдаланувчига ва туман (шаҳар) ҳокимлигига тақдим этади.

11. Ердан фойдаланувчи ёки туман (шаҳар) ҳокимлиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш жараёнини бошлаш учун Ишчи орган томонидан тақдим этилган маълумотлар асос бўлади.

3-боб. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби

12. Ариза берувчи Ишчи орган томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида ёки ўз ташаббусига кўра ўзига тегишли бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш учун Давлат хизматлари марказларига шахсан мурожаат қилади ёки давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) рўйхатдан ўтади.

Шахсан мурожаат қилганда Давлат хизматлари марказлари ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, ариза берувчи ушбу Регламентга 3-иловадаги шаклга мувофиқ давлат хизматидан фойдаланиш учун аризани электрон шаклда мустақил тўлдиради.

Ариза берувчи Давлат хизматлари марказларида давлат хизматидан фойдаланиш учун ваколатли вакили орқали ариза тўлдириши мумкин.

Бунда ваколатли вакил ўзининг ваколатли эканлигини тасдиқловчи ишончномани Давлат хизматлари марказлари ходимига тақдим этиши лозим.

Аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин. Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари тушганда, навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли органга тушган ва ваколатли орган томонидан қабул қилинган кун ҳисобланади.

Ариза берувчидан ушбу Регламентга 3-иловада кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

13. Зарур маълумотлар аризага киритилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.

Ариза берувчи ЯИДХП орқали давлат хизматидан фойдаланганда, аризани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

14. Давлат хизмати кўрсатилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Давлат хизмати кўрсатилиши учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Агар ариза Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоси, ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс томонидан берилган бўлса, бундай шахсларнинг аризалари бўйича ушбу бандда кўрсатилган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида, Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларнинг аъзоларига 75 фоиз миқдорида чегирма қўлланади (тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахслар вакили сифатида мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно). Бунда чегирма Ижтимоий реестрнинг:

«давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидан «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига ўтказилган оилаларга, уларнинг илгари белгиланган тоифасига мувофиқ миқдорда;

оғир ҳаётий вазиятга тушган оила сифатида «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга «камбағал оила» тоифасидаги оила учун белгиланган миқдорда қўлланилади.

Давлат хизмати учун йиғим ундирилгани ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.

15. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

18 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;

0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига;

қолган маблағларнинг:

20 фоизи — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;

20 фоизи — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтининг шахсий ҳисобварағига;

45 фоизи — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий лойиҳалаш институтининг шахсий ҳисобварағига;

15 фоизи — «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» масъулияти чекланган жамиятнинг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этганда:

10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини кўрсатишни ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;

11,75 фоизи (шундан 0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматлари кўрсатилганда) — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига;

қолган маблағларнинг:

20 фоизи — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;

20 фоизи — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтининг шахсий ҳисобварағига;

45 фоизи — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий лойиҳалаш институтининг шахсий ҳисобварағига;

15 фоизи — «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» масъулияти чекланган жамиятнинг шахсий ҳисобварағига ўтказилади.

16. Ариза берувчи қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тўғрисидаги маълумотлар ишчи орган томонидан «E-ijara» АТга киритилгунига қадар давлат хизматидан фойдаланишни рад этиш ҳуқуқига эга.

Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланишни рад этганда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади.

17. Ариза берувчи Давлат хизматлари марказларига шахсан мурожаат қилганда, ариза тўлдирилган пайтдан бошлаб реал вақт режимида ишчи органлар томонидан «E-ijara» АТ орқали кўриб чиқиш учун юборилади.

ЯИДХП орқали ариза топширилганда ариза автоматик равишда «E-ijara» АТ орқали ишчи органларга юборилади.

18. Ишчи органлар ариза берувчининг аризасини олган кундан бошлаб:

Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти беш иш куни давомида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни жойига чиқиб ўрганади, унинг тупроқ ҳолати ва сифат кўрсаткичларини аниқлайди ҳамда маълумотларни «E-ijara» АТга киритади;

«Ўздаверлойиҳа» давлат илмий лойиҳалаш институти ўн иш куни давомида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни жойига чиқиб ўрганади, контур рақами, ер тури бўйича маълумотларни шакллантиради, тупроқ ҳолати ва сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни инобатга олган ҳолда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасини ишлаб чиқади ҳамда хулоса тайёрлайди, лойиҳа ва хулосани келишиш учун «E-ijara» АТ орқали Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига юборади.

19. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳаси мазкур Регламентга 4-иловага , хулоса эса 5-иловага мувофиқ тайёрланади.

20. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ўн иш куни давомида кўриб чиқилади ҳамда «E-ijara» АТ орқали келишилади.

Бунда:

Сув хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг мелиоратив ҳолати, ирригация ва мелиорация тизимларининг ишчи ҳолати тўғрисидаги маълумотларни ўрганади ва келишади;

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг заҳарли саноат чиқиндилари ва радиоактив моддалар билан ифлосланганлик даражасини аниқлайди, шунингдек, (ўрмон хўжалиги ерларида) ўрмон фонди таркибидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ҳолатларини ўрганади ҳамда маълумотларни киритади.

Зарур ҳолларда тупроқ сифати (ифлосланиши ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасига ва хулосасига киритилади.

Ерлар деградацияси даражасини пасайтириш, бузилган ерларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ҳамда келгусида деградацияга учрашининг олдини олиш мақсадларига эришиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича назарда тутилган тадбирларнинг етарлилиги ва асосланганлиги лойиҳани келишиш предмети ҳисобланади.

21. Агар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳаси ва хулосаси Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ўн иш куни давомида кўриб чиқилмаса, лойиҳа ва хулоса келишилган деб ҳисобланади.

22. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳаларини техник лойиҳалар (дастурлар) экспертизасидан ўтказиш талаб этилмайди.

23. Ишчи органлар уч иш куни давомида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасини ва хулосасини кўриб чиқади ҳамда тасдиқлаш ёки рад этиш учун «E-ijara» АТ орқали ваколатли органга юборади.

24. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш ишларини амалга ошириш муддати хулосада кўрсатилади ва ушбу муддат беш йилдан йигирма йилгача белгиланади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича консервация қилиш лойиҳасини амалга оширишда муаллифлик назоратини амалга оширишга рухсат этилади.

25. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳаси ва хулосаси уч иш куни ичида ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

Тасдиқланган лойиҳа ва хулоса «E-ijara» АТ орқали «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий лойиҳалаш институтига юборилади.

26. Ишчи органлар уч иш куни давомида тасдиқланган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасини ва хулосасини ариза берувчига тақдим этиш учун Давлат хизматлари марказларига ёки ЯИДХПга юборади;

жойига чиққан ҳолда ариза берувчига консервация қилинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг чегараларини белгилаб беради ҳамда ер участкаси чегарасига ушбу ернинг консервация қилингани тўғрисида белги қўяди.

27. Ариза берувчи қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасини ва хулосасини олгандан сўнг ушбу ерларни консервация қилиш чораларини кўради.

28. Қуйидагилар ваколатли орган томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасини ва хулосасини тасдиқлашни рад этиш учун асос бўлади:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасида назарда тутилган тадбирлар ерлар деградацияси даражасини пасайтириш, атроф-муҳитга салбий таъсирларни ва ерларнинг кейинчалик деградациясининг олдини олиш мақсадларига эришишни таъминламаса;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасида кўрсатилган ер участкалари консервация қилиш талабларига номувофиқ бўлса;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасининг «Тушунтириш» бўлимида ишончсиз ва шубҳали маълумотлар мавжуд бўлса;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш даврида ушбу ерлардан белгиланган ва рухсат этилган мақсадда фойдаланиш бузилишига тааллуқли тадбирлар белгиланган бўлса.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасини ва хулосасини тасдиқлашни юқорида келтирилганлардан бошқа асосларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.

29. Ариза берувчи рад жавобини олган кундан бошлаб бир ой муддат ичида ер участкасини консервация қилишни рад этиш учун асос бўлган камчиликларни бартараф этган ҳолда, давлат хизматини кўрсатганлик учун тўловни тўламасдан қайта ариза топширишга ҳақли.

Бунда ариза мазкур Регламент талаблари асосида такроран кўриб чиқилади.

30. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасида кўрсатилган ерлар консервация қилиш талабларига номувофиқ бўлса, лойиҳа қайта келишиш учун қабул қилинмайди.

31. Консервация даврида ер участкасидан фойдаланувчининг ерга нисбатан ижара (эгалик) ҳуқуқлари сақлаб қолинади ва ер участкалари қишлоқ хўжалиги фойдаланишидан чиқарилади.

Ер участкасидан фойдаланувчининг (эгалик қилувчининг) хоҳишига кўра консервация қилинаётган ерлар захира ерлар таркибига ўтказилиши мумкин.

32. Консервация қилинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ҳосил олиш мақсадида қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва экишга рухсат этилмайди.

Тупроқ унумдорлигини ошириш ва тупроқни озуқа моддалар билан бойитиш учун экинларни яшил масса ҳолатида тупроққа ишлов беришда фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно.

33. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасида белгиланган муддат тугагандан сўнг бир ой муддат ичида ишчи органлар томонидан консервация қилинган ер участкаси жойига чиқиб ўрганилади.

Ўрганиш натижасига кўра ишчи органлар ер участкасини аввалги мақомига қайтариш, консервация муддатини узайтириш ёки ундан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликка йўналтирилган бошқа таклифлар тўғрисида хулоса тайёрлайди ҳамда «E-ijara» АТ орқали ваколатли органга ва ариза берувчига тақдим этади.

4-боб. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш тадбирларини молиялаштириш

34. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари, ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

35. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қуйидагилар молиялаштирилади:

тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларида назарда тутилган ерларни консервация қилиш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

захирадаги ер ва тупроқларни консервация қилиш учун изланишлар ўтказиш ҳамда алоҳида қимматга эга бўлган унумдор суғориладиган ерларни консервация қилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш доирасидаги илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

консервация қилинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг мониторингини олиб бориш;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилишни рағбатлантириш тадбирлари.

36. Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қуйидагилар молиялаштирилади:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий дастурларда назарда тутилган ерларни консервация қилиш тадбирлари;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий дастурларда назарда тутилган ерларни консервация қилишни рағбатлантириш тадбирлари.

37. Ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) маблағлари ҳисобидан қуйидагилар молиялаштирилади:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилишгача бўлган ҳужжатларни тайёрлаш;

ер участкасидан фойдаланувчининг (эгалик қилувчининг) айби билан ушбу Регламентнинг 3-бандида белгиланган ер бузилиши ҳолатлари юзага келганда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича барча тадбирлар.

5-боб. Якунловчи қоидалар

38. Давлат хизматлари марказлари, ишчи органлар ўз фаолияти натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.

39. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари бажарилиши бўйича давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назоратни ва мониторингни амалга оширади.

40. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

41. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА

Табиий-қишлоқ хўжалиги минтақаларидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилишда тупроқ таркибини тавсифловчи

Т/р Тупроқ хусусиятлари ва белгилари Ўлчов бирликлари Тупроқ хусусиятлари кўрсаткичлари (минтақавий жойлашувини ҳисобга олган ҳолда) 1. Эрозияга учраганлиги (ювилган ва дефляцияга учраган) Тупроқнинг эрозияга учраганлик даражаси Хиралашган, кучли ва ўртача даражада ювилган, кучли ва ўртача даражада дефляцияга учраган 2. Таркибий тузилиши Ўлчами 3 мм тоғ жинси синиқ (қолдиқ)лари миқдори, фоиз ҳисобида Тупроқлар ҳажмидан > 26 фоиз (30 см лик тупроқ қатламларида) 3. Енгил механик (гранулометрик) таркиби Физик лой (гил)лар миқдори (0,01 мм дан кичик диаметрдаги заррачалар), фоиз ҳисобида Ҳар учала (чўл, ярим чўл, тоғ олди ва тоғ ости) минтақаларда 0 — 5 дан 25 — 30 фоизгача 4. Тупроқнинг устки қатламида оғир механик (гранулометрик) таркиб Физик лой (гил)лар миқдори (0,01 мм дан кичик диаметрдаги заррачалар), фоиз ҳисобида 45 фоиздан кўп 5. Гумуслилик Гумус миқдори, тупроқ массасига нисбатан фоиз ҳисобида а) чўл минтақасида — 0,5 кам; б) ярим чўл минтақасида 0,5 — 1,0 кам; в) тоғ ва тоғ олди минтақаларда 1,0 — 2,0 фоиз 6. Тупроқ ишқорлилиги рН Барча минтақаларда а) 7,0 дан кам (нордон) б) 8,0 дан юқори (ишқорий) 7. Ҳаракатчан алюминий миқдори 100 г тупроқда мг-экв 3,0 дан юқори 8. Ҳаракатчан фосфор миқдори - - 9. Алмашувчан калий миқдори - - 10. Гумус (чиринди) миқдори - - 11. Сингдирилган натрий миқдори Сингдирилган асосларнинг умумий миқдоридан, фоиз ҳисобида 10 мг-экв. дан кам (шўрланмаган). 10 мг-экв. дан кўп (шўрланган) 12. Шўрланганлиги Заҳарли тузлар миқдори бўйича ҳисобланганда тупроқ массасига нисбатан фоиз ҳисобида а) содали — 0,1 фоиздан кўп; б) сульфат-хлоридли — 0,2 фоиздан кўп; в) сульфатли — 0,4 фоиздан кўп 13. Физик деградацияга учраганлиги Масса ҳажми, г/см 3 а) лой ва гилсимон тупроқлар учун — 1,5 дан кўп; б) қумли ва қумлоқ тупроқлар учун — 1,7 дан кўп 14. Органогенли (торфли) тупроқнинг жойлашиш чуқурлиги Органогенли қатламнинг қалинлиги, см 30 дан кам 15. Иккиламчи сув босиши (ботқоқлашиши) Сизот сувлар сатҳи, м 1,0 дан юқори 16. Кимёвий ифлосланиш Охирги даражада рухсат этилган концентрация Ҳаракатчан шаклдаги рухсат этилган концентрациянинг охирги даражадан ошиши (аммоний-ацетатли модда) 17. Радиацияли ифлосланиш Ифлосланиш қалинлиги Цезий — 137 Стронций — 90 КОИ/кв.км Cs 137 — 15 дан кўп; Sr 90 — 3 дан кўп.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ариза берувчи 1. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб ёки ЯИДХП орқали ариза беради. Ўз хоҳишига кўра 2. Давлат хизматини кўрсатиш учун йиғим тўлайди. Мурожаат қилганда 2-босқич Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП Аризани «E-ijara» АТ орқали ишчи органларга юборади. Автоматик равишда 3-босқич Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти, «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институти (Ишчи органлар) 1. Аризада кўрсатилган (консервация қилиш таклиф этилаётган) ерларни жойига чиққан ҳолда ўрганади. 2. Ўрганиш натижалари бўйича консервация қилиш таклиф этилаётган ерларнинг тупроқ ҳолати ва сифат кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотни «E-ijara» АТга киритади. 3. Ер участкаси фойдаланувчиси, контур рақами, ер тури бўйича маълумотларни шакллантиради. 4. Ер участкасининг тупроқ ҳолати ва сифат кўрсаткичларини инобатга олиб, ер участкасини консервация қилиш учун ер тузиш лойиҳасини ишлаб чиқади. 5. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳаси ва хулосасини тайёрлайди. 6. Лойиҳа ва хулосани келишиш учун Сув хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига «E-ijara» АТ орқали юборади. 10 иш кунида 4-босқич Сув хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳаси ва хулосани ўрганади ва «E-ijara» АТ орқали тасдиқлайди (ёки рад этади). 10 иш кунида 5-босқич Ишчи органлар 1. Келишиш натижалари бўйича қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳасини ва хулосасини тайёрлайди. 2. Лойиҳа ва хулосани тасдиқлаш учун «E-ijara» АТ орқали Қишлоқ хўжалиги вазирлигига юборади. 3 иш кунида 6-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (ваколатли орган) Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳаси ва хулосасини (QR код билан) тасдиқлайди. 3 иш кунида 7-босқич Ишчи органлар 1. Тасдиқланган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш лойиҳаси ва хулосасини ариза берувчига тақдим этиш учун Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХПга «E-ijara» АТ орқали юборади. 2. Ариза берувчига консервация қилинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг чегарасини белгилаб беради. 3 иш кунида

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича АРИЗА I. Ариза берувчи ҳақида маълумотлар Жисмоний шахснинг: Ф.И.О.: Паспорт (идентификацияловчи ID-карта) маълумотлари: ЖШШИР: Яшаш манзили: Телефон рақами: Электрон почта манзили (мавжуд бўлса): Юридик шахснинг: Тўлиқ номи: Ташкилий-ҳуқуқий шакли: СТИР: Жойлашган жойи: Телефон рақами: Электрон почта манзили (мавжуд бўлса): II. Ер участкаси ҳақида маълумотлар Контур рақами: Майдони (кв.м.): Жойлашган жойи: III. Аризага иловалар

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 4-ИЛОВА

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш

1-бўлим. Тушунтириш

1. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилишнинг дастлабки шартлари:

2. Консервация қилинадиган ер участкасининг майдони:

3. Жойлашган жойи:

4. Ер деградациясининг даражаси ва тавсифлари:

5. Консервация қилинадиган ер участкасининг кадастр рақами:

6. Консервация қилинадиган ер участкаси чегараси ва чегарадош ерлар тўғрисидаги маълумотлар:

7. Ер тузиш харитаси:

8. Консервация қилинадиган ер участкасидан фойдаланиш бўйича белгиланган мақсад ва рухсат этилган йўналиш тўғрисидаги маълумотлар:

9. Ер участкасидан фойдаланувчи (эгалик қилувчи) тўғрисидаги маълумотлар:

10. Ер участкасининг алоҳида шартларда фойдаланиладиган ҳудудлар билан чегарадошлиги тўғрисидаги маълумотлар:

2-бўлим. Ерларни консервация қилишнинг экологик ва иқтисодий асосномаси

11. Консервация қилиш муддати тугагандан сўнг ер участкасидан белгиланган мақсад ва рухсат этилган йўналишда фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда, ерларни консервация қилиш бўйича режалаштирилган тадбирлар ва техник ечимларнинг экологик ва иқтисодий асосномалари:

12. Ерларни консервация қилиш ишларининг параметрлари ва сифат хусусиятларига қўйилган талаблар тавсифи:

3-бўлим. Ерларни консервация қилиш ишлари таркиби, ҳажми ва муддатлари

13. Ерларни ўрганиш натижалари асосида аниқланадиган консервация қилиш бўйича ишлар таркиби ҳамда ерларни консервация қилиш бўйича ишларни амалга ошириш заруратини асослаш учун тупроқ ва бошқа дала тадқиқотлари, лаборатория таҳлиллари, шу жумладан, тупроқ таркибининг физик, кимёвий ва биологик кўрсаткичлари ҳамда муҳандислик-қидирув натижалари:

14. Ерларни консервация қилиш ишларини амалга ошириш кетма-кетлиги ва ҳажми тавсифи:

15. Ерларни консервация қилиш ишларини амалга ошириш муддати:

16. Ерларни консервация қилиш ишларини якунлаш режалаштирилган муддат:

4-бўлим. Ерларни консервация қилиш ишларини ўтказиш учун харажатлар сметаси

17. Ерларни консервация қилиш ишларининг тури ва таркиби бўйича алоҳида ва умумий харажатлар:

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 5-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ (Тошкент вилояти Қибрай туман Университет кўчаси 2-уй, Тел: (998-71) 206-70-30 Эл-почта: info@agro.uz) Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни консервация қилиш тўғрисида ХУЛОСА № ___________________ 20___ йил «___»._______. Ариза ҳолати Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахс СТИР (ЖШШИР) Фаолият тури ва йўналиши Вилоят Туман Ҳудуд Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган жами ерлар Консервация қилинган қишлоқ хўжалиги ерлари Консервация қилинган ерларнинг контур рақами Консервация қилинган ерларнинг координаталари (WGS84 тизимида) Консервация қилиш муддати Берилган сана Ваколатли орган

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 сентябрдаги 590-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим ҳужжатлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалиги ерларини консервация қилиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 17 декабрдаги 791-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 960-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 17 сентябрь,

590-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.09.2025 й., 09/25/590/0843-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

MAʼMURIY REGLAMENTI

TAXMINIY KOʻRSATKICHLAR

SXEMASI

LOYIHASI

ROʻYXATI

Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentini tasdiqlash haqida

Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish tartiblarini soddalashtirish, ushbu yoʻnalishda davlat xizmatini koʻrsatish hamda degradatsiyaga uchragan, unumsiz, zaharli sanoat chiqindilari va radioaktiv moddalar bilan ifloslangan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlar holatini yaxshilash uchun qoʻshimcha qulayliklar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

konservatsiya qilinadigan qishloq xoʻjaligi yerlarini aniqlash va xatlovdan oʻtkazish tartibi;

davlat xizmati koʻrsatilishini Davlat xizmatlari markazlari yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali tashkil etish;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasi va xulosasini ishlab chiqish, manfaatdor vazirlik va idoralar bilan kelishish hamda tasdiqlash tartibi;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasida belgilangan muddat tugagandan soʻng ushbu yerlarni qishloq xoʻjaligida foydalanishga qaytarish tartibi;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish tadbirlarini moliyalashtirish manbalarini belgilash.

2. Belgilansinki:

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha murojaatlar YIDXP orqali qabul qilinadi hamda “E-ijara” axborot tizimida (keyingi oʻrinlarda — “E-ijara” AT) koʻrib chiqiladi;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihalari Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi hamda Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi bilan kelishiladi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi:

a) Adliya vazirligi va Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda 2025-yil 1-noyabrga qadar:

davlat xizmatini koʻrsatish “E-ijara” AT hamda YIDXP orqali joriy etilishini taʼminlasin;

“E-ijara” ATda hamda YIDXPda davlat xizmati koʻrsatilishining har bir bosqichida murojaatlar koʻrib chiqilishini kuzatib borish tartibini joriy etsin;

b) Adliya vazirligi bilan birgalikda davlat organlari va boshqa tashkilotlar tomonidan mazkur qarorga muvofiq davlat xizmati koʻrsatilishining belgilangan tartibi bajarilishi ustidan tegishliligi boʻyicha “E-ijara” AT hamda YIDXP orqali nazorat oʻrnatsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlari 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 17-sentabrdagi 590-son qaroriga 1-ILOVA

Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Reglament degradatsiyaga uchragan, unumsiz, zaharli sanoat chiqindilari va radioaktiv moddalar bilan ifloslangan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

“E-ijara” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “E-ijara” AT) — Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligining qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha materiallarni toʻplash, koʻrib chiqish hamda tegishli tashkilotlar bilan kelishish, qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihalari va xulosalarni shakllantirish va tasdiqlashda foydalaniladigan avtomatlashtirilgan axborot tizimi;

ariza beruvchi — oʻziga ijara (umrbod egalik qilish yoki doimiy foydalanish) huquqi asosida biriktirilgan yer maydoni mavjud boʻlgan, qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarda qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish (tovar ishlab chiqarish) bilan shugʻullanuvchi jismoniy va yuridik shaxs (fermer xoʻjaligi, agroklaster, kooperatsiya, dehqon xoʻjaligi va boshqa tadbirkorlik subyektlari), shuningdek, tuman (shahar) hokimliklari;

vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi;

degradatsiyaga uchragan yerlar — tabiiy va antropogen omillar, xoʻjalik va boshqa faoliyatning salbiy taʼsirlari natijasida tuproq sifati yomonlashgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlar;

yerlarni konservatsiya qilish — degradatsiyaga (shoʻrlanishga, choʻllanishga, botqoqlashishga hamda yaylov va pichanzorlarda tuproq-oʻsimlik qoplami jiddiy tanazzulga) uchragan, unumsiz, hosildorligi juda pasaygan va tabiiy xususiyatlari boʻyicha salbiy tavsiflarga ega tuproqlar, yuqori darajada zaharli sanoat chiqindilari, radioaktiv moddalar, ogʻir metallar va boshqa kimyoviy elementlar bilan ifloslangan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarning unumdorlik va tabiiy xususiyatlarini tiklash, buzilgan yerlarning atrof-muhitga salbiy taʼsirini va degradatsiya surʼatlarini pasaytirish hamda uning oldini olish chora-tadbirlarini amalga oshirish uchun besh yildan kam boʻlmagan muddatga maqsadli foydalanishdan chiqarish;

ishchi organlar — yer uchastkasining tuproq holatini va sifat koʻrsatkichlarini aniqlab beradigan Tuproqshunoslik va agrokimyoviy tadqiqotlar instituti hamda qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasini va xulosasini tayyorlash, yer uchastkasini joyida koʻrsatib beradigan “Oʻzdaverloyiha” davlat ilmiy-loyihalash instituti;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlar — qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish uchun foydalaniladigan yer uchastkalari (sugʻoriladigan va lalmi — haydalma yerlar, boʻz yerlar, koʻp yillik mevali-rezavor dov-daraxtlar, tokzorlar va boshqa daraxtlar bilan band boʻlgan yerlar, yaylov va pichanzorlar);

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasi — vakolatli organ tomonidan tasdiqlanadigan konservatsiya qilish muddatlari toʻgʻrisida kompleks maʼlumotlar hamda konservatsiya qilish ishlari aks ettiriladigan loyiha;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish toʻgʻrisida xulosa — qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish maqsadga muvofiqligi (yoki maqsadga muvofiq emasligi) toʻgʻrisida vakolatli organning tasdiqlangan, QR — kodi tushirilgan elektron xulosasi.

unumsiz yerlar — maqsadli foydalanish uchun ekologik xavfli va iqtisodiy jihatdan samarasiz deb topilgan, tuproq unumdorligi juda past va tabiiy xususiyatlari boʻyicha salbiy tavsiflanadigan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlari;

3. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlar quyidagi hollarda konservatsiya qilinadi:

ekologik talablar buzilishi natijasida tuproq kuchli eroziyaga, shoʻrlanishga, choʻllanishga, botqoqlashishga uchraganda hamda yaylov va pichanzorlarda tuproq-oʻsimlik qoplami jiddiy tanazzulga uchraganda;

tuproqning inson salomatligi uchun xavfli darajada kimyoviy moddalar va boshqa turdagi ifloslantiruvchilar bilan zararlanishi yoki shoʻrlanishi yoki ishqorlilik darajasining oshishi natijasida yerlarning buzilishi yuzaga kelganda;

tuproq unumdorligi va hosildorligi juda pasayganda (unumsiz) hamda tabiiy xususiyatlari boʻyicha salbiy tavsiflarga ega boʻlganda;

yerlar yoʻl qoʻyilishi mumkin boʻlgan chegaraviy konsentratsiyalardan yuqori darajada zaharli sanoat chiqindilari, radioaktiv moddalar, ogʻir metallar va boshqa kimyoviy elementlar bilan ifloslanganda;

yer uchastkalari sobiq qishloq xoʻjaligi aerodromlari sifatida foydalanilgan yerlar boʻlganda.

4. Tabiiy-qishloq xoʻjaligi mintaqalaridagi degradatsiyaga uchragan, kam mahsuldor hamda zaharli sanoat chiqindilari va radioaktiv moddalar bilan ifloslangan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilishda ushbu Reglamentga 1-ilovada keltirilgan tuproq tarkibini tavsiflovchi taxminiy koʻrsatkichlardan foydalaniladi.

5. Yer uchastkasi jismoniy va yuridik shaxslar foydalanishida yoki egaligida boʻlsa, qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarini konservatsiya qilish yer uchastkasidan foydalanuvchi (egalik qiluvchi) tashabbusiga koʻra amalga oshiriladi.

Agar qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarga nisbatan foydalanish yoki egalik huquqi rasmiylashtirilmagan boʻlsa, yerlarni konservatsiya qilish tuman hokimliklari tashabbusiga koʻra amalga oshiriladi.

6. Konservatsiya qilingan yerlarning qishloq xoʻjaligiga moʻljallanganligi boʻyicha turi konservatsiya qilingan barcha davrda oʻzgarmaydi va statistika hisobotlarida alohida satrda koʻrsatiladi.

7. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarining buzilishga olib kelgan shaxslarni aniqlash va yetkazilgan zararni qoplash Vazirlar Mahkamasining 2011-yil 25-maydagi 146-son qarori bilan tasdiqlangan Yer uchastkalari egalari, foydalanuvchilari, ijarachilari va mulkdorlariga yetkazilgan zararlar, qishloq xoʻjaligi va oʻrmon xoʻjaligi ishlab chiqarishi nobudgarchiliklariga, shuningdek, yerlarning qishloq xoʻjaligi muomalasidan chiqishiga sabab boʻlgan hollarda yetkazilgan zarar oʻrnini qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi.

8. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha davlat xizmati mazkur Reglamentga 2-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha koʻrsatiladi.

2-bob. Konservatsiya qilinadigan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni aniqlash va xatlovdan oʻtkazish

9. Konservatsiya qilinadigan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlar Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Suv xoʻjaligi vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi tomonidan yer resurslarini xatlovdan oʻtkazish, tuproq, agrokimyoviy va geobotanik tadqiqotlar va monitoring (kuzatuv) natijalarini tahlil qilish asosida aniqlanadi.

Bunda, Suv xoʻjaligi vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi oʻzlari oʻtkazgan tadqiqot va monitoring natijalari asosida shakllantirilgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarini konservatsiya qilish boʻyicha taklif va maʼlumotlarini Ishchi organga taqdim etadi.

10. Ishchi organ yer resurslarini xatlovdan oʻtkazish, tuproq, agrokimyoviy va geobotanik tadqiqotlar va monitoring (kuzatuv) natijalariga koʻra qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish tavsiya etilayotgan maydonlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yerdan foydalanuvchiga va tuman (shahar) hokimligiga taqdim etadi.

11. Yerdan foydalanuvchi yoki tuman (shahar) hokimligi qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish jarayonini boshlash uchun Ishchi organ tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar asos boʻladi.

3-bob. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish tartibi

12. Ariza beruvchi Ishchi organ tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar asosida yoki oʻz tashabbusiga koʻra oʻziga tegishli boʻlgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish uchun Davlat xizmatlari markazlariga shaxsan murojaat qiladi yoki davlat xizmatidan elektron tarzda foydalanish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) roʻyxatdan oʻtadi.

Shaxsan murojaat qilganda Davlat xizmatlari markazlari xodimi ariza beruvchi nomidan, YIDXP orqali murojaat etgan taqdirda esa, ariza beruvchi ushbu Reglamentga 3-ilovadagi shaklga muvofiq davlat xizmatidan foydalanish uchun arizani elektron shaklda mustaqil toʻldiradi.

Ariza beruvchi Davlat xizmatlari markazlarida davlat xizmatidan foydalanish uchun vakolatli vakili orqali ariza toʻldirishi mumkin.

Bunda vakolatli vakil oʻzining vakolatli ekanligini tasdiqlovchi ishonchnomani Davlat xizmatlari markazlari xodimiga taqdim etishi lozim.

Arizalar YIDXP orqali dam olish va bayram kunlaridan qatʼi nazar, har kuni 24 soat davomida yuborilishi mumkin. Bunda arizalar ish vaqtidan keyin yoki dam olish va bayram kunlari tushganda, navbatdagi ish kuni arizalarning vakolatli organga tushgan va vakolatli organ tomonidan qabul qilingan kun hisoblanadi.

Ariza beruvchidan ushbu Reglamentga 3-ilovada koʻrsatilmagan maʼlumotlarni hamda boshqa hujjatlarni talab qilish qatʼiyan taqiqlanadi.

13. Zarur maʼlumotlar arizaga kiritilgandan soʻng ariza beruvchi maʼlumotlarning toʻgʻriligini tekshiradi va imzolarni identifikatsiya qilishning tegishli vositalari (daktiloskopiya, elektron imzo, Mobil-ID va boshqalar) bilan tasdiqlaydi.

Ariza beruvchi YIDXP orqali davlat xizmatidan foydalanganda, arizani elektron raqamli imzo bilan tasdiqlash talab etilmaydi.

14. Davlat xizmati koʻrsatilgani uchun bazaviy hisoblash miqdorining uch baravari miqdorida yigʻim undiriladi.

Davlat xizmati koʻrsatilishi uchun YIDXP orqali murojaat etilganda, ushbu bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan yigʻim summasining 90 foizi undiriladi.

Agar ariza Ijtimoiy reyestrning “kambagʻal oila” toifasiga kiritilgan oilalarning aʼzosi, yoki I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxs tomonidan berilgan boʻlsa, bunday shaxslarning arizalari boʻyicha ushbu bandda koʻrsatilgan yigʻimning 50 foizi miqdorida, Ijtimoiy reyestrning “davlat taʼminotidagi oila” toifasiga kiritilgan oilalarning aʼzolariga 75 foiz miqdorida chegirma qoʻllanadi (tadbirkorlik faoliyati maqsadlarida yoki yuridik shaxslar vakili sifatida murojaat qilingan holatlar bundan mustasno). Bunda chegirma Ijtimoiy reyestrning:

“davlat taʼminotidagi oila” yoki “kambagʻal oila” toifasidan “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasiga oʻtkazilgan oilalarga, ularning ilgari belgilangan toifasiga muvofiq miqdorda;

ogʻir hayotiy vaziyatga tushgan oila sifatida “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasiga kiritilgan oilalarga “kambagʻal oila” toifasidagi oila uchun belgilangan miqdorda qoʻllaniladi.

Davlat xizmati uchun yigʻim undirilgani axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali tasdiqlanadi.

15. Yigʻimlar summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:

a) Davlat xizmatlari markazlariga oʻzi kelib murojaat etganda:

18 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga;

0,5 foizi — Yagona billing tizimi orqali davlat xizmatlarini koʻrsatganlik uchun Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligining “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga;

qolgan mablagʻlarning:

20 foizi — Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Qishloq xoʻjaligini rivojlantirish va oziq-ovqat taʼminoti jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga;

20 foizi — Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Tuproqshunoslik va agrokimyoviy tadqiqotlar institutining shaxsiy hisobvaragʻiga;

45 foizi — Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi “Oʻzdaverloyiha” davlat ilmiy loyihalash institutining shaxsiy hisobvaragʻiga;

15 foizi — “Agrosanoatni raqamlashtirish markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyatning shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi;

b) YIDXP orqali murojaat etganda:

10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini koʻrsatishni rivojlantirish jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga;

11,75 foizi (shundan 0,5 foizi — Yagona billing tizimi orqali davlat xizmatlari koʻrsatilganda) — Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligining “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga;

qolgan mablagʻlarning:

20 foizi — Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Qishloq xoʻjaligini rivojlantirish va oziq-ovqat taʼminoti jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga;

20 foizi — Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Tuproqshunoslik va agrokimyoviy tadqiqotlar institutining shaxsiy hisobvaragʻiga;

45 foizi — Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi “Oʻzdaverloyiha” davlat ilmiy loyihalash institutining shaxsiy hisobvaragʻiga;

15 foizi — “Agrosanoatni raqamlashtirish markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyatning shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

16. Ariza beruvchi qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar ishchi organ tomonidan “E-ijara” ATga kiritilguniga qadar davlat xizmatidan foydalanishni rad etish huquqiga ega.

Ariza beruvchi davlat xizmatlaridan foydalanishni rad etganda toʻlangan yigʻim summasi qaytarilmaydi va Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Qishloq xoʻjaligini rivojlantirish va oziq-ovqat taʼminoti jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

17. Ariza beruvchi Davlat xizmatlari markazlariga shaxsan murojaat qilganda, ariza toʻldirilgan paytdan boshlab real vaqt rejimida ishchi organlar tomonidan “E-ijara” AT orqali koʻrib chiqish uchun yuboriladi.

YIDXP orqali ariza topshirilganda ariza avtomatik ravishda “E-ijara” AT orqali ishchi organlarga yuboriladi.

18. Ishchi organlar ariza beruvchining arizasini olgan kundan boshlab:

Tuproqshunoslik va agrokimyoviy tadqiqotlar instituti besh ish kuni davomida qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni joyiga chiqib oʻrganadi, uning tuproq holati va sifat koʻrsatkichlarini aniqlaydi hamda maʼlumotlarni “E-ijara” ATga kiritadi;

“Oʻzdaverloyiha” davlat ilmiy loyihalash instituti oʻn ish kuni davomida qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni joyiga chiqib oʻrganadi, kontur raqami, yer turi boʻyicha maʼlumotlarni shakllantiradi, tuproq holati va sifat koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni inobatga olgan holda, qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasini ishlab chiqadi hamda xulosa tayyorlaydi, loyiha va xulosani kelishish uchun “E-ijara” AT orqali Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligiga yuboradi.

19. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasi mazkur Reglamentga 4-ilovaga , xulosa esa 5-ilovaga muvofiq tayyorlanadi.

20. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasi Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi tomonidan oʻn ish kuni davomida koʻrib chiqiladi hamda “E-ijara” AT orqali kelishiladi.

Bunda:

Suv xoʻjaligi vazirligi qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarning meliorativ holati, irrigatsiya va melioratsiya tizimlarining ishchi holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻrganadi va kelishadi;

Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarning zaharli sanoat chiqindilari va radioaktiv moddalar bilan ifloslanganlik darajasini aniqlaydi, shuningdek, (oʻrmon xoʻjaligi yerlarida) oʻrmon fondi tarkibidagi qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlardan foydalanish holatlarini oʻrganadi hamda maʼlumotlarni kiritadi.

Zarur hollarda tuproq sifati (ifloslanishi va boshqalar) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasiga va xulosasiga kiritiladi.

Yerlar degradatsiyasi darajasini pasaytirish, buzilgan yerlarning atrof-muhitga salbiy taʼsirini kamaytirish hamda kelgusida degradatsiyaga uchrashining oldini olish maqsadlariga erishish uchun qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha nazarda tutilgan tadbirlarning yetarliligi va asoslanganligi loyihani kelishish predmeti hisoblanadi.

21. Agar qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasi va xulosasi Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi tomonidan oʻn ish kuni davomida koʻrib chiqilmasa, loyiha va xulosa kelishilgan deb hisoblanadi.

22. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihalarini texnik loyihalar (dasturlar) ekspertizasidan oʻtkazish talab etilmaydi.

23. Ishchi organlar uch ish kuni davomida Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi bilan kelishilgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasini va xulosasini koʻrib chiqadi hamda tasdiqlash yoki rad etish uchun “E-ijara” AT orqali vakolatli organga yuboradi.

24. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish ishlarini amalga oshirish muddati xulosada koʻrsatiladi va ushbu muddat besh yildan yigirma yilgacha belgilanadi.

Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha konservatsiya qilish loyihasini amalga oshirishda mualliflik nazoratini amalga oshirishga ruxsat etiladi.

25. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasi va xulosasi uch ish kuni ichida vakolatli organ tomonidan tasdiqlanadi.

Tasdiqlangan loyiha va xulosa “E-ijara” AT orqali “Oʻzdaverloyiha” davlat ilmiy loyihalash institutiga yuboriladi.

26. Ishchi organlar uch ish kuni davomida tasdiqlangan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasini va xulosasini ariza beruvchiga taqdim etish uchun Davlat xizmatlari markazlariga yoki YIDXPga yuboradi;

joyiga chiqqan holda ariza beruvchiga konservatsiya qilingan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarning chegaralarini belgilab beradi hamda yer uchastkasi chegarasiga ushbu yerning konservatsiya qilingani toʻgʻrisida belgi qoʻyadi.

27. Ariza beruvchi qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasini va xulosasini olgandan soʻng ushbu yerlarni konservatsiya qilish choralarini koʻradi.

28. Quyidagilar vakolatli organ tomonidan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasini va xulosasini tasdiqlashni rad etish uchun asos boʻladi:

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasida nazarda tutilgan tadbirlar yerlar degradatsiyasi darajasini pasaytirish, atrof-muhitga salbiy taʼsirlarni va yerlarning keyinchalik degradatsiyasining oldini olish maqsadlariga erishishni taʼminlamasa;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasida koʻrsatilgan yer uchastkalari konservatsiya qilish talablariga nomuvofiq boʻlsa;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasining “Tushuntirish” boʻlimida ishonchsiz va shubhali maʼlumotlar mavjud boʻlsa;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish davrida ushbu yerlardan belgilangan va ruxsat etilgan maqsadda foydalanish buzilishiga taalluqli tadbirlar belgilangan boʻlsa.

Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasini va xulosasini tasdiqlashni yuqorida keltirilganlardan boshqa asoslarga koʻra rad etish qatʼiyan taqiqlanadi.

29. Ariza beruvchi rad javobini olgan kundan boshlab bir oy muddat ichida yer uchastkasini konservatsiya qilishni rad etish uchun asos boʻlgan kamchiliklarni bartaraf etgan holda, davlat xizmatini koʻrsatganlik uchun toʻlovni toʻlamasdan qayta ariza topshirishga haqli.

Bunda ariza mazkur Reglament talablari asosida takroran koʻrib chiqiladi.

30. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasida koʻrsatilgan yerlar konservatsiya qilish talablariga nomuvofiq boʻlsa, loyiha qayta kelishish uchun qabul qilinmaydi.

31. Konservatsiya davrida yer uchastkasidan foydalanuvchining yerga nisbatan ijara (egalik) huquqlari saqlab qolinadi va yer uchastkalari qishloq xoʻjaligi foydalanishidan chiqariladi.

Yer uchastkasidan foydalanuvchining (egalik qiluvchining) xohishiga koʻra konservatsiya qilinayotgan yerlar zaxira yerlar tarkibiga oʻtkazilishi mumkin.

32. Konservatsiya qilingan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarda hosil olish maqsadida qishloq xoʻjaligi ekinlarini joylashtirish va ekishga ruxsat etilmaydi.

Tuproq unumdorligini oshirish va tuproqni ozuqa moddalar bilan boyitish uchun ekinlarni yashil massa holatida tuproqqa ishlov berishda foydalanish holatlari bundan mustasno.

33. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasida belgilangan muddat tugagandan soʻng bir oy muddat ichida ishchi organlar tomonidan konservatsiya qilingan yer uchastkasi joyiga chiqib oʻrganiladi.

Oʻrganish natijasiga koʻra ishchi organlar yer uchastkasini avvalgi maqomiga qaytarish, konservatsiya muddatini uzaytirish yoki undan oqilona foydalanish va ekologik xavfsizlikka yoʻnaltirilgan boshqa takliflar toʻgʻrisida xulosa tayyorlaydi hamda “E-ijara” AT orqali vakolatli organga va ariza beruvchiga taqdim etadi.

4-bob. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish tadbirlarini moliyalashtirish

34. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish tadbirlari Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti, Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti va viloyatlar mahalliy budjetlari, yer uchastkasidan foydalanuvchi (egalik qiluvchi) mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.

35. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti hisobidan quyidagilar moliyalashtiriladi:

tuproq unumdorligini oshirish, yerlardan foydalanish va ularni muhofaza qilish boʻyicha davlat dasturlarida nazarda tutilgan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha tadbirlarni amalga oshirish;

zaxiradagi yer va tuproqlarni konservatsiya qilish uchun izlanishlar oʻtkazish hamda alohida qimmatga ega boʻlgan unumdor sugʻoriladigan yerlarni konservatsiya qilish loyihalarini ishlab chiqish;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish doirasidagi ilmiy-tadqiqot ishlarini amalga oshirish;

konservatsiya qilingan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarning monitoringini olib borish;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilishni ragʻbatlantirish tadbirlari.

36. Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti va viloyatlar mahalliy budjetlari mablagʻlari hisobidan quyidagilar moliyalashtiriladi:

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlardan foydalanish va muhofaza qilish boʻyicha hududiy dasturlarda nazarda tutilgan yerlarni konservatsiya qilish tadbirlari;

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlardan foydalanish va muhofaza qilish boʻyicha hududiy dasturlarda nazarda tutilgan yerlarni konservatsiya qilishni ragʻbatlantirish tadbirlari.

37. Yer uchastkasidan foydalanuvchi (egalik qiluvchi) mablagʻlari hisobidan quyidagilar moliyalashtiriladi:

qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilishgacha boʻlgan hujjatlarni tayyorlash;

yer uchastkasidan foydalanuvchining (egalik qiluvchining) aybi bilan ushbu Reglamentning 3-bandida belgilangan yer buzilishi holatlari yuzaga kelganda, qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha barcha tadbirlar.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

38. Davlat xizmatlari markazlari, ishchi organlar oʻz faoliyati natijasida olingan maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlaydi.

39. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi, uning hududiy boshqarmalari va Davlat xizmatlari markazlari ushbu Reglament talablari bajarilishi boʻyicha davlat organlari hamda boshqa tashkilotlarning faoliyati ustidan, shu jumladan, YIDXP orqali doimiy nazoratni va monitoringni amalga oshiradi.

40. Ariza beruvchi davlat organlari va boshqa tashkilotlar xodimlarining harakatlari (harakatsizligi) yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilishi mumkin.

41. Ushbu Reglament talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA

Tabiiy-qishloq xoʻjaligi mintaqalaridagi qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilishda tuproq tarkibini tavsiflovchi

T/r Tuproq xususiyatlari va belgilari Oʻlchov birliklari Tuproq xususiyatlari koʻrsatkichlari (mintaqaviy joylashuvini hisobga olgan holda) 1. Eroziyaga uchraganligi (yuvilgan va deflyatsiyaga uchragan) Tuproqning eroziyaga uchraganlik darajasi Xiralashgan, kuchli va oʻrtacha darajada yuvilgan, kuchli va oʻrtacha darajada deflyatsiyaga uchragan 2. Tarkibiy tuzilishi Oʻlchami 3 mm togʻ jinsi siniq (qoldiq)lari miqdori, foiz hisobida Tuproqlar hajmidan > 26 foiz (30 sm lik tuproq qatlamlarida) 3. Yengil mexanik (granulometrik) tarkibi Fizik loy (gil)lar miqdori (0,01 mm dan kichik diametrdagi zarrachalar), foiz hisobida Har uchala (choʻl, yarim choʻl, togʻ oldi va togʻ osti) mintaqalarda 0 — 5 dan 25 — 30 foizgacha 4. Tuproqning ustki qatlamida ogʻir mexanik (granulometrik) tarkib Fizik loy (gil)lar miqdori (0,01 mm dan kichik diametrdagi zarrachalar), foiz hisobida 45 foizdan koʻp 5. Gumuslilik Gumus miqdori, tuproq massasiga nisbatan foiz hisobida a) choʻl mintaqasida — 0,5 kam; b) yarim choʻl mintaqasida 0,5 — 1,0 kam; v) togʻ va togʻ oldi mintaqalarda 1,0 — 2,0 foiz 6. Tuproq ishqorliligi rN Barcha mintaqalarda a) 7,0 dan kam (nordon) b) 8,0 dan yuqori (ishqoriy) 7. Harakatchan aluminiy miqdori 100 g tuproqda mg-ekv 3,0 dan yuqori 8. Harakatchan fosfor miqdori - - 9. Almashuvchan kaliy miqdori - - 10. Gumus (chirindi) miqdori - - 11. Singdirilgan natriy miqdori Singdirilgan asoslarning umumiy miqdoridan, foiz hisobida 10 mg-ekv. dan kam (shoʻrlanmagan). 10 mg-ekv. dan koʻp (shoʻrlangan) 12. Shoʻrlanganligi Zaharli tuzlar miqdori boʻyicha hisoblanganda tuproq massasiga nisbatan foiz hisobida a) sodali — 0,1 foizdan koʻp; b) sulfat-xloridli — 0,2 foizdan koʻp; v) sulfatli — 0,4 foizdan koʻp 13. Fizik degradatsiyaga uchraganligi Massa hajmi, g/sm 3 a) loy va gilsimon tuproqlar uchun — 1,5 dan koʻp; b) qumli va qumloq tuproqlar uchun — 1,7 dan koʻp 14. Organogenli (torfli) tuproqning joylashish chuqurligi Organogenli qatlamning qalinligi, sm 30 dan kam 15. Ikkilamchi suv bosishi (botqoqlashishi) Sizot suvlar sathi, m 1,0 dan yuqori 16. Kimyoviy ifloslanish Oxirgi darajada ruxsat etilgan konsentratsiya Harakatchan shakldagi ruxsat etilgan konsentratsiyaning oxirgi darajadan oshishi (ammoniy-atsetatli modda) 17. Radiatsiyali ifloslanish Ifloslanish qalinligi Seziy — 137 Stronsiy — 90 KOI/kv.km Cs 137 — 15 dan koʻp; Sr 90 — 3 dan koʻp.

Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA

Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Ariza beruvchi 1. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish uchun Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelib yoki YIDXP orqali ariza beradi. Oʻz xohishiga koʻra 2. Davlat xizmatini koʻrsatish uchun yigʻim toʻlaydi. Murojaat qilganda 2-bosqich Davlat xizmatlari markazlari yoki YIDXP Arizani “E-ijara” AT orqali ishchi organlarga yuboradi. Avtomatik ravishda 3-bosqich Tuproqshunoslik va agrokimyoviy tadqiqotlar instituti, “Oʻzdaverloyiha” davlat ilmiy-loyihalash instituti (Ishchi organlar) 1. Arizada koʻrsatilgan (konservatsiya qilish taklif etilayotgan) yerlarni joyiga chiqqan holda oʻrganadi. 2. Oʻrganish natijalari boʻyicha konservatsiya qilish taklif etilayotgan yerlarning tuproq holati va sifat koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi maʼlumotni “E-ijara” ATga kiritadi. 3. Yer uchastkasi foydalanuvchisi, kontur raqami, yer turi boʻyicha maʼlumotlarni shakllantiradi. 4. Yer uchastkasining tuproq holati va sifat koʻrsatkichlarini inobatga olib, yer uchastkasini konservatsiya qilish uchun yer tuzish loyihasini ishlab chiqadi. 5. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasi va xulosasini tayyorlaydi. 6. Loyiha va xulosani kelishish uchun Suv xoʻjaligi vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligiga “E-ijara” AT orqali yuboradi. 10 ish kunida 4-bosqich Suv xoʻjaligi vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasi va xulosani oʻrganadi va “E-ijara” AT orqali tasdiqlaydi (yoki rad etadi). 10 ish kunida 5-bosqich Ishchi organlar 1. Kelishish natijalari boʻyicha qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasini va xulosasini tayyorlaydi. 2. Loyiha va xulosani tasdiqlash uchun “E-ijara” AT orqali Qishloq xoʻjaligi vazirligiga yuboradi. 3 ish kunida 6-bosqich Qishloq xoʻjaligi vazirligi (vakolatli organ) Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasi va xulosasini (QR kod bilan) tasdiqlaydi. 3 ish kunida 7-bosqich Ishchi organlar 1. Tasdiqlangan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish loyihasi va xulosasini ariza beruvchiga taqdim etish uchun Davlat xizmatlari markaziga yoki YIDXPga “E-ijara” AT orqali yuboradi. 2. Ariza beruvchiga konservatsiya qilingan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarning chegarasini belgilab beradi. 3 ish kunida

Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA

Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha ARIZA I. Ariza beruvchi haqida maʼlumotlar Jismoniy shaxsning: F.I.O.: Pasport (identifikatsiyalovchi ID-karta) maʼlumotlari: JSHSHIR: Yashash manzili: Telefon raqami: Elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa): Yuridik shaxsning: Toʻliq nomi: Tashkiliy-huquqiy shakli: STIR: Joylashgan joyi: Telefon raqami: Elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa): II. Yer uchastkasi haqida maʼlumotlar Kontur raqami: Maydoni (kv.m.): Joylashgan joyi: III. Arizaga ilovalar

Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 4-ILOVA

Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish

1-boʻlim. Tushuntirish

1. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilishning dastlabki shartlari:

2. Konservatsiya qilinadigan yer uchastkasining maydoni:

3. Joylashgan joyi:

4. Yer degradatsiyasining darajasi va tavsiflari:

5. Konservatsiya qilinadigan yer uchastkasining kadastr raqami:

6. Konservatsiya qilinadigan yer uchastkasi chegarasi va chegaradosh yerlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar:

7. Yer tuzish xaritasi:

8. Konservatsiya qilinadigan yer uchastkasidan foydalanish boʻyicha belgilangan maqsad va ruxsat etilgan yoʻnalish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar:

9. Yer uchastkasidan foydalanuvchi (egalik qiluvchi) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar:

10. Yer uchastkasining alohida shartlarda foydalaniladigan hududlar bilan chegaradoshligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar:

2-boʻlim. Yerlarni konservatsiya qilishning ekologik va iqtisodiy asosnomasi

11. Konservatsiya qilish muddati tugagandan soʻng yer uchastkasidan belgilangan maqsad va ruxsat etilgan yoʻnalishda foydalanilishini hisobga olgan holda, yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha rejalashtirilgan tadbirlar va texnik yechimlarning ekologik va iqtisodiy asosnomalari:

12. Yerlarni konservatsiya qilish ishlarining parametrlari va sifat xususiyatlariga qoʻyilgan talablar tavsifi:

3-boʻlim. Yerlarni konservatsiya qilish ishlari tarkibi, hajmi va muddatlari

13. Yerlarni oʻrganish natijalari asosida aniqlanadigan konservatsiya qilish boʻyicha ishlar tarkibi hamda yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha ishlarni amalga oshirish zaruratini asoslash uchun tuproq va boshqa dala tadqiqotlari, laboratoriya tahlillari, shu jumladan, tuproq tarkibining fizik, kimyoviy va biologik koʻrsatkichlari hamda muhandislik-qidiruv natijalari:

14. Yerlarni konservatsiya qilish ishlarini amalga oshirish ketma-ketligi va hajmi tavsifi:

15. Yerlarni konservatsiya qilish ishlarini amalga oshirish muddati:

16. Yerlarni konservatsiya qilish ishlarini yakunlash rejalashtirilgan muddat:

4-boʻlim. Yerlarni konservatsiya qilish ishlarini oʻtkazish uchun xarajatlar smetasi

17. Yerlarni konservatsiya qilish ishlarining turi va tarkibi boʻyicha alohida va umumiy xarajatlar:

Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 5-ILOVA

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI QISHLOQ XOʻJALIGI VAZIRLIGI (Toshkent viloyati Qibray tuman Universitet koʻchasi 2-uy, Tel: (998-71) 206-70-30 El-pochta: info@agro.uz) Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlarni konservatsiya qilish toʻgʻrisida XULOSA № ___________________ 20___ yil “___”._______. Ariza holati Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlardan foydalanuvchi yuridik va jismoniy shaxs STIR (JSHSHIR) Faoliyat turi va yoʻnalishi Viloyat Tuman Hudud Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan jami yerlar Konservatsiya qilingan qishloq xoʻjaligi yerlari Konservatsiya qilingan yerlarning kontur raqami Konservatsiya qilingan yerlarning koordinatalari (WGS84 tizimida) Konservatsiya qilish muddati Berilgan sana Vakolatli organ

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 17-sentabrdagi 590-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim hujjatlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Qishloq xoʻjaligi yerlarini konservatsiya qilish tartibi toʻgʻrisida nizomni tasdiqlash haqida” 2020-yil 17-dekabrdagi 791-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 960-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 17-sentabr,

590-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 18.09.2025-y., 09/25/590/0843-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son)

lex.uz