UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 22-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 22 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 22 сентября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 22 September 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

НИЗОМ

ТАРТИБИ

Айрим тоифадаги объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлашда давлат харидларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат томонидан қўриқланиши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш объектларини, шунингдек, алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлашда давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш механизмини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ давлат томонидан қўриқланиши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасида мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлашда давлат сирлари билан боғлиқ давлат харидларининг тартибини қонунчиликка мувофиқ белгилаш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

Айрим тоифадаги объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш фаолияти билан шуғулланувчи лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага ;

Алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларда амалга ошириладиган лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари билан боғлиқ давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Давлат томонидан қўриқланиши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилияти, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш ҳамда алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларини (кейинги ўринларда — алоҳида муҳим ва тоифаланган объектлар) лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш билан боғлиқ давлат харидлари ушбу қарор билан белгиланган тартибда амалга оширилади;

объектларни алоҳида муҳим ва тоифаланган объектлар рўйхатига киритиш қонунчиликка мувофиқ тартибга солинади, бунда ушбу қарор билан белгиланган тартибда давлат харидлари амалга оширилишида объектларнинг алоҳида муҳим ва тоифаланган объектлар рўйхатига киритилганлигига буюртмачи ташкилотлар жавобгар ҳисобланади;

алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича давлат харидларини ташкил этишда оммавий ахборот воситалари ва очиқ электрон платформаларда эълон берилмайди;

алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича давлат харидларида лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрига киритилган ташкилотлар жалб этилади;

алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича давлат харидлари натижаларига мувофиқ тузилган шартномада назарда тутилган шартларнинг ўзгариши белгиланган тартибда харид комиссиясининг тегишли баёни билан тасдиқланганидан кейин қабул қилинган деб ҳисобланади.

4. Қонунчилик ҳужжатлари билан алоҳида тартиб белгиланган буюртмачилар учун мазкур қарор тавсиявий тусга эга ҳисобланади.

5. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 февралдаги 69-сон қарори билан тасдиқланган Давлат харидларида энг яхши таклифларни танлашнинг алоҳида тартиби тўғрисидаги низомнинг 1-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Мазкур Низом давлат томонидан қўриқланиши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш ҳамда алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича давлат сирлари билан боғлиқ давлат харидларини амалга оширишда энг яхши таклифларни танлаш тартибига нисбатан татбиқ этилмайди».

7. Мазкур қарорнинг 3-банди иккинчи ва бешинчи хатбошилари , 5-банди ва қарорга 2-илова қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 сентябрдаги 600-сон қарорига 1-ИЛОВА

Айрим тоифадаги объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш фаолияти билан шуғулланувчи лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Давлат томонидан қўриқланиши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилияти, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш ҳамда алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларини (кейинги ўринларда — алоҳида муҳим ва тоифаланган объектлар) лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш фаолияти билан шуғулланувчи лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрини (кейинги ўринларда — Реестр) шакллантириш ҳамда юритиш тартибини белгилайди.

2. Реестрга фақат «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг электрон рейтингида (кейинги ўринларда — Рейтинг) мавжуд бўлган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари киритилишига рухсат берилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда — Ваколатли орган) лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларини Реестрга киритиш юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш, унга ташкилотларни киритиш ва ундан чиқариш ҳамда Реестрни юритиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Реестр бўйича юкланган вазифаларни бажариш Ваколатли орган томонидан ушбу низомга мувофиқ ташкил этилади.

Реестрга кириш истагида бўлган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари Ваколатли органга ариза билан мурожаат қилади. Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари ва Ваколатли орган ўртасидаги ариза ва бошқа ҳужжатлар алмашинуви почта орқали амалга оширилади.

4. Алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш фақат Реестрга кирган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

5. Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритилган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларнинг Реестрга киритилишига йўл қўйилмайди.

Рейтингдан чиқарилган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари Реестрдан ҳам чиқарилади.

Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари Рейтингдан чиқарилгандан кейин объектни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлашнинг амалдаги шартномаларини бекор қилишга асос бўлмайди (қонунчиликда белгиланган талаблар бундан мустасно).

6. Реестрга лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари 5 йил муддатга киритилади. Бунда Рейтингдан чиқарилганлиги сабабли лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари Реестрдан чиқарилган бўлса, у ҳолда ушбу лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари Реестрга кириш учун Ваколатли органга қайтадан ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

2-боб. Реестрга кириш учун зарур ҳужжатлар

7. Реестрга кириш учун Ваколатли органга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

юридик шахснинг номи, СТИРи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), юридик шахс томонидан лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат фаолиятини амалга ошириш учун мўлжалланаётган соҳа тури акс эттирилган Реестрга киритиш тўғрисидаги ариза;

ташкилотда фаолият юритаётган ходимларга тегишли бўлган жисмоний шахснинг шахсий индентификация рақами (ЖШШИР), уларнинг эгаллаб турган лавозимлари, маълумоти бўйича мутахассислиги ҳамда шу мутахассислиги бўйича иш стажи, яшаш жойи, ушбу ходимлар иштирокида лойиҳалаштирилган, қурилган, реконструкция қилинган, мукаммал ва жорий таъмирланган объектлар рўйхати.

8. Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлардан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

9. Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари томонидан тегишли ҳужжатлар ариза билан бирга Ваколатли органнинг почта манзилига юборилади.

10. Ишончли бўлмаган ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

3-боб. Реестрга кириш учун аризани кўриб чиқиш тартиби

11. Реестрга кириш мазкур Низомга иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларини Реестрга киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисидаги жавоб хати лойиҳа-қидирув ёки қурилиш-пудрат ташкилотининг аризасига асосан Ваколатли органда кирим рўйхатига олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда уларга юборилади.

Ваколатли орган уч иш куни мобайнида лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларнинг аризасини кўриб чиқади ва ўрганиб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига юборади.

Лойиҳа-қидирув ёки қурилиш-пудрат ташкилотлари Реестрга Давлат хавфсизлик хизматининг ижобий хулосаси бўлган тақдирда киритилади.

12. Реестрга киритиш рад этилган тақдирда, рад этиш тўғрисидаги хат лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларга бир иш кунида ёзма шаклда юборилади.

13. Реестрга киритишни рад этиш учун асос бўлган сабаблар лойиҳа-қидирув ёки қурилиш-пудрат ташкилотлари томонидан бартараф этилган тақдирда, ушбу Низом талабларига мувофиқ лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари қайтадан мурожаат этишга ҳақли.

4-боб. Реестр талаблари ва унга риоя этилишини назорат қилиш тартиби

14. Реестрга кирган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари қуйидаги талабларга амал қилиши лозим:

алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш фаолият тури соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига мажбурий риоя қилиш;

объект режимида белгиланган қоидаларга риоя қилиш ва уларни бажариш;

алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш фаолият турини амалга оширишда ўзига маълум бўладиган давлат сирлари сақланишини таъминлаш.

15. Реестрга киритилган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилоти томонидан Реестр талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат ўз ваколатлари доирасида тегишлигига кўра Ваколатли орган ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилади ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриб боради.

5-боб. Реестрни юритиш

16. Ваколатли орган томонидан Реестрни «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг электрон рейтинг платформасида электрон шаклда юритилади ва унда қуйидагилар кўрсатилади:

юридик шахснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефон рақами;

раҳбарнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

Реестрга киритилган сана ва тартиб рақами;

Реестрдан чиқарилган санаси.

Бунда Реестрнинг юритилиши, ушбу Реестрдаги лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари ҳақидаги маълумотларни фақат алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларнинг буюртмачиларига очиқланади ҳамда Реестрни рақамлаштириш бўйича методика Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланади.

17. Реестр маълумотлари давлат буюртмачилари учун «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида акс эттирилади.

6-боб. Лойиҳа-қидирув ёки қурилиш-пудрат ташкилотларни Реестрдан чиқариш

18. Қуйидаги ҳолларда лойиҳа-қидирув ёки қурилиш-пудрат ташкилотлари Реестрдан чиқарилади:

лойиҳа-қидирув ёки қурилиш-пудрат ташкилотлари томонидан Реестрдан ихтиёрий чиқиш тўғрисида ариза берилганда;

лойиҳа-қидирув ёки қурилиш-пудрат ташкилотлари Рейтингдан чиқарилганда.

Лойиҳа-қидирув ёки қурилиш-пудрат ташкилотлари Реестрдан мазкур банднинг иккинчи хатбошиси бўйича ариза келиб тушган кундан эътиборан беш иш кунида чиқарилади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

19. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

20. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Айрим тоифадаги объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш фаолияти билан шуғулланувчи лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Лойиҳа-қидирув ёки қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрига кириш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Лойиҳа-қидирув ёки қурилиш-пудрат ташкилотлари Тегишли ҳужжатлар ариза билан бирга Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (ваколатли орган)нинг почта манзилига юборилади. белгиланган муддатда 2-босқич Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларнинг аризасини кўриб чиқади ва ўрганиб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига юборади. 3 иш кунида 3-босқич Давлат хавфсизлик хизмати Лойиҳа-қидирув ёки қурилиш-пудрат ташкилотлари Реестрга кириш ёки кирмаслик бўйича хулосасини Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига юборади. 20 иш кунида 4-босқич Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Давлат хавфсизлик хизматининг хулосасига мувофиқ Реестрга киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисидаги жавоб хати лойиҳа-қидирув ёки қурилиш-пудрат ташкилотларига юборилади. 1 иш кунида

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 сентябрдаги 600-сон қарорига 2-ИЛОВА

Алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларда амалга ошириладиган лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари билан боғлиқ давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом давлат томонидан қўриқланиши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш ҳамда алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларида амалга ошириладиган лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари бўйича давлат сирлари билан боғлиқ давлат харидларини амалга оширишда энг яхши таклифларни танлаш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Ижтимоий ва ишлаб чиқариш давлат дастурлари ҳамда бошқа мақсадли дастурларга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан молиялаштириладиган алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачилар томонидан амалга ошириладиган давлат харидлари учун татбиқ этилади.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилган:

алоҳида муҳим ва тоифаланган объектлар — давлат томонидан қўриқланиши лозим бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилияти, хавфсизликни таъминлаш ва ички тартибни сақлаш ҳамда алоҳида муҳим ва тоифаланган объектлар;

баҳолаш мезонлари — оферентларни танлаш ҳамда офертани баҳолаш ва харид ғолибини аниқлаш учун фойдаланиладиган кўрсаткичлар;

бошланғич нарх — буюртмачи томонидан ёки унинг буюртмаси бўйича жалб этилган ташкилот аниқлайдиган харид предметининг қўшимча қиймат солиғи (кейинги ўринларда — ҚҚС) билан қиймати;

буюртмачи — харидларни амалга оширувчи юридик шахс;

захирадаги ғолиб — харид қилиш тартиб-таомиллари якуни бўйича харид комиссиясининг қарорига мувофиқ ғолибнинг таклифидан кейинги энг мақбул таклифни тақдим этган деб топилган оферент;

лойиҳа-қидирув ташкилотларининг соҳавий электрон рейтинги — «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида лойиҳа-қидирув ташкилотларининг кадрлар билан таъминланганлиги, молиявий кўрсаткичлари, рақобатбардошлиги, иш тажрибаси ва лицензия кўрсаткичлари бўйича мезонларга мувофиқ малака талабларини белгиловчи рейтинг кўрсаткичларини ўзида акс эттирадиган электрон платформа;

оферент — Реестрда мавжуд бўлган, офертаси харид савдолари ташкилотчиси томонидан рўйхатдан ўтказилган талабгор;

оферта — харид ҳужжатларида белгиланган шартларга мувофиқ тақдим этилган, харид предметига нисбатан оферентнинг таклифи;

Реестр — алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш фаолияти билан шуғулланувчи Рейтингда мавжуд бўлган ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда — Ваколатли орган) томонидан белгиланган тартибда шакллантирилган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларнинг рўйхати;

талабгор — Реестрда мавжуд бўлган, харид савдолари ташкилотчиси томонидан таклиф юборилган ва офертаси рўйхатдан ўтказилгунга қадар таклифномада кўрсатилган шартларга мувофиқ харидларда иштирок этиш истаги бўлган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилоти;

харид таклифномаси — Реестрда мавжуд бўлган қурилиш-пудрат ва лойиҳа-қидирув ташкилотларига алоҳида муҳим ва тоифаланган объектлар бўйича давлат харидларида иштирок этиш учун юбориладиган таклифномалар;

харид таклифи — харид ҳужжатларида белгиланган шартларга мувофиқ харид предметига нисбатан талабгор томонидан тақдим этилган таклиф;

харид таклифини таъминлаш кафолати — харид предметининг ҚҚС билан бошланғич нархидан 2 фоиздан ортиқ бўлмаган харид таклифини таъминлаш кафолати суммаси;

харид ҳужжатлари — харидларнинг техник, молиявий, тижорат, ташкилий ва бошқа тавсифлари тўғрисидаги ҳамда харидларни ташкил этиш ва ўтказиш шартлари, тартиб-қоидалари тўғрисидаги ахборот, шунингдек, талабгорлар томонидан коррупция кўринишларига йўл қўймаслик бўйича ариза тақдим этиш мажбурийлиги ҳақидаги талаб мавжуд бўлган ҳужжатлар туркуми;

харид комиссияси — мазкур Низомнинг 9-бандида санаб ўтилган вазифаларни бажариш учун буюртмачи томонидан ташкил этиладиган доимий ёки вақтинчалик орган;

харид предмети :

а) лойиҳалаштириш топшириғига мувофиқ қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва жорий таъмирланадиган алоҳида муҳим ва тоифаланган объект бўйича ишлаб чиқиладиган лойиҳа-смета ҳужжатлари;

б) лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича ваколатли орган томонидан берилган ижобий экспертиза хулосаси мавжуд бўлган қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган алоҳида муҳим ва тоифаланган объект;

харид савдолари ташкилотчиси — буюртмачининг ўзи ёки буюртмачи томонидан қурилиш соҳасида товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш бўйича белгиланган тартибда шартнома асосида жалб этиладиган алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларнинг ҳужжатлари билан ишлаш ҳуқуқига эга бўлган ихтисослаштирилган ташкилот;

қурилиш-пудрат ташкилотларининг соҳавий электрон рейтинги — «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг соҳалар бўйича қурилиш-пудрат ташкилотларининг кадрлар билан таъминланганлиги, молиявий кўрсаткичлари, рақобатбардошлиги, иш тажрибаси, моддий-техник базаси ва меҳнат муҳофазаси бўйича мезонларга мувофиқ малака талабларини белгиловчи рейтинг кўрсаткичларини ўзида акс эттирадиган электрон платформа.

3. Алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича давлат харидларида Реестрда мавжуд бўлган лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари қатнашишлари мумкин.

4. Алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича давлат харидлари молиялаштириш манбаи аниқ бўлган тақдирда ўтказилади.

2-боб. Харид қатнашчилари

5. Буюртмачи, харид савдолари ташкилотчиси, харид комиссияси ва оферентлар алоҳида муҳим ва тоифаланган объект бўйича давлат харидининг қатнашчилари ҳисобланади.

6. Буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мустақил равишда ёки ихтисослаштирилган ташкилотни жалб этган ҳолда, харид предметининг ҚҚС билан бошланғич қийматини белгилаш;

харидни ўтказиш санасини белгилаш ҳамда қарор қабул қилиш;

харид савдолари ташкилотчиси функциясини бажариш ёки заруратга кўра алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларнинг ҳужжатлари билан ишлаш ҳуқуқига эга бўлган ихтисослашган ташкилотни белгиланган тартибда жалб этиш.

7. Буюртмачи қуйидаги асосий вазифаларни бажаради:

харид комиссияси таркибини ва иш регламентини шакллантиради, тасдиқлайди, унинг ишида қатнашади;

харид савдоларини мазкур Низомда белгиланган тартибда ташкил этади (харид савдоларини ташкил этиш учун ихтисослаштирилган ташкилотни жалб этиш ҳоллари бундан мустасно);

харид предметининг ҚҚС билан бошланғич нархидан 2 фоиздан ортиқ бўлмаган харид таклифини таъминлаш кафолати суммасини белгилайди;

харид ғолиби билан шартнома тузади;

харидни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча харажатларни танлов ғолиби ёки захирадаги ғолиб (ғолиб деб топилганда) томонидан қопланиши таъминланади;

лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг Реестрда мавжудлигини ўрганади ва тегишли қарор қабул қилади;

қонунчиликда назарда тутилган ваколатлар доирасида бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.

8. Қуйидагилар харид савдолари ташкилотчисининг асосий вазифалари ҳисобланади:

харид ҳужжатларини ишлаб чиқади;

Реестрга асосан лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг электрон рейтинг кўрсаткичларини ўрганиб, харид жараёнида иштирок этиш учун харид таклифномаларини лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларига юборади;

оферталарни қабул қилади, уларнинг ҳисобга олиниши ва махфийлигини таъминлайди;

жалб этиладиган экспертлар ёки эксперт ташкилотларининг ишларини ташкил этади;

оферентлар томонидан тақдим этилган оферталарни харид комиссияси йиғилишида очади ва харид комиссиясига ўрганиб чиқиш учун тақдим этади;

оферталарнинг асл нусхаларини улар очилгандан кейин белгиланган тартибда буюртмачига топширади (буюртмачи томонидан харид савдоларини амалга ошириш учун ихтисослаштирилган ташкилот жалб этилган тақдирда);

йиғилиш баённомаларини расмийлаштиради ва харид комиссиясига тасдиқлаш учун тақдим этади.

9. Харид комиссияси қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

ўзининг иш юритиш тартибини белгилайди;

оферталарни қабул қилишнинг охирги куни ва вақтини белгилайди;

Реестрда мавжуд бўлган таклифнома юбориладиган камида 10 та лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг рўйхатини шакллантиради ҳамда харид савдолари ташкилотчисига тақдим этади, бунда рўйхатни шакллантириш кунида реестрда харид предмети бўйича талаб этиладиган рейтинг кўрсаткичли лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари сони 10 тадан кам бўлган тақдирда, рейтинг кўрсаткичи тўғри келадиган мавжуд ташкилотлар рўйхатини шакллантиради;

оферталар харид ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлигини текширади (ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилиши, расмийлаштириш ва бошқалар) ва ташкилотчи томонидан расмийлаштирилган баённомаларни имзолайди ҳамда тасдиқлайди;

мустақил экспертларни (маслаҳатчиларни) жалб этиш зарурлигини белгилайди;

харид ғолибини аниқлайди ёки бошқа қарор қабул қилади;

буюртмачи ва оферент ўртасидаги ҳамда оферентлар ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви, шу жумладан, аффилланганлик ҳолатларини аниқлайди ва тегишли қарор қабул қилади;

харидни ўтказиш жараёнида пайдо бўладиган эътирозларни кўриб чиқади.

3-боб. Харид комиссияси фаолиятини тартибга солиш

10. Харид комиссияси танловни ташкил этиш ва ўтказиш чоғида буюртмачи томонидан шакллантириладиган коллегиал органдир.

Харид комиссияси аъзолар сони ва таркиби буюртмачи томонидан белгиланади. Бироқ, харид комиссияси аъзолари сони беш нафардан кам бўлмаслиги лозим. Харид комиссияси тоқ сонли аъзолардан ташкил топади.

11. Харид комиссияси аъзолари харид қилиш тартиб-таомилини ўтказишда бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлмаслиги керак.

12. Харид комиссиясининг ишига раис раҳбарлик қилади, у харид комиссияси мажлисларини чақиради ва олиб боради, овозга қўйишни ва харид комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларни ўқиб эшиттиради, шунингдек, харид комиссияси мажлисларининг баённомаларини тасдиқлайди. Харид комиссияси раиси йўқлигида унинг вазифаларини ўринбосари бажаради.

Харид комиссиясининг тезкор фаолиятини унинг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган масъул котиби ташкил этади.

13. Харид комиссиясининг ҳар бир аъзоси овоз беришда ёқлаб овоз бериши, қарши овоз бериши ёки бетараф қолиши мумкин. Харид комиссиясининг раиси овоз беришда иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга эмас.

Харид комиссияси мажлислари харид предметининг махфийлиги лозим даражада таъминланган ҳолда ўтказилади.

14. Харид комиссияси давлат харидининг предметидан келиб чиққан ҳолда, ўз фаолиятини амалга ошириш учун экспертларни, шунингдек, бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва давлат буюртмачисининг юқори турувчи ташкилоти мутахассисларини жалб этиши мумкин.

15. Харид комиссияси унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлганда ваколатли ҳисобланади ҳамда ҳар бир мажлис ва қабул қилинган қарор баённомалар билан расмийлаштирилади.

16. Харидни ўтказиш тартиб-қоидалари бўйича қарор харид комиссиясининг умумий сони томонидан кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Бунда ғолиб мазкур Низомнинг 38-бандида кўрсатилган тартибда аниқланади.

Овозлар тенг бўлган тақдирда, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

4-боб. Харидни ўтказишга тайёргарлик

17. Алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш ушбу Низомга иловадаги тартибга мувофиқ амалга оширилади.

Харид савдолари ташкилотчиси лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотини аниқлаш санасидан камида беш иш куни, бироқ харид суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг бараваридан ошган ҳолларда камида ўн икки иш куни олдин кўпи билан ўттиз иш куни олдин харидларда қатнашиш учун таклифномани жўнатади.

Бунда оферталарни қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида бир иш куни олдин харид комиссияси қарори билан таклифларни бериш муддати уч иш кунига, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг бараваридан ошганда камида ўн иш кунига узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда таклифнома жўнатилган лойиҳа-қидирув ёки қурилиш-пудрат ташкилоти огоҳлантирилиши шарт.

Агар харид буюртмачи томонидан ихтисослаштирилган ташкилотни жалб этган ҳолда ташкил этилган тақдирда, ихтисослаштирилган ташкилотнинг харажатлари танлов ғолиби ёки захирадаги ғолиб (ғолиб деб топилганда) томонидан тўланади.

Бунда харажатлар танлов предметининг ҚҚС билан бошланғич нархидан 0,1 фоиз (1 БҲМдан кам бўлмаган ва 50 БҲМдан ошмаган ҳолда) қилиб белгиланади.

18. Харидда иштирок этиш таклифномасида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

харид предмети номи;

ишларни амалга ошириш тури ва ҳажми (лойиҳалаштириш, қурилиш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш);

ҚҚС билан бошланғич нархи ва ишларни якунлаш муддати;

харид таклифини таъминлаш кафолатининг аниқ миқдори;

молиялаштириш манбаи;

агар харид предмети ишларни бажариш (хизматларни кўрсатиш) билан боғлиқ фаолият қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ лицензияланадиган бўлса, лицензия мавжудлиги ҳақидаги талаб;

харид ҳужжатларини олиш ва оферталарни топшириш жойи ҳамда муддати;

оферталарни очиш жойи, куни ва вақти.

19. Буюртмачи томонидан ҚҚС билан ҳисобланган нарх билан харид ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, харид предметининг ҚҚС билан бошланғич нархи таклифномада кўрсатилади.

20. Зарур бўлган ҳолларда, харид комиссияси қарори билан харид таклифларини бериш муддати маълум вақтга узайтирилиши мумкин. Бунда ушбу муддат мазкур Низомнинг 17-бандида белгиланган энг кўп муддатдан ошиб кетмаслиги керак.

21. Харид предметининг ҚҚС билан бошланғич нархига ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги хавф-хатар тоифасига қараб, Реестрда мавжуд бўлган қурилиш-пудрат ташкилотлари — талабгорларга буюртмачи томонидан қўйиладиган минимал рейтинг талаблари қуйидагилардан иборат:

а) I хавф-хатар тоифасидаги объектлар учун:

қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 минг бараваригача — «D» ва ундан юқори;

қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 минг баравари ва ундан юқори — «С» ва ундан юқори электрон рейтинг баҳосига эга;

б) II хавф-хатар тоифасидаги объектлар учун:

қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 минг бараваригача — «D» ва ундан юқори;

қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 минг бараваридан 40 минг бараваригача — «С» ва ундан юқори;

қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 минг бараваридан 80 минг бараваригача — «СС» ва ундан юқори;

қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 80 минг баравари ва ундан юқори — «ССС» ва ундан юқори электрон рейтинг баҳосига эга;

в) III хавф-хатар тоифасидаги объектлар учун:

қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 минг бараваригача — «С» ва ундан юқори;

қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 минг бараваридан 80 минг бараваригача — «СС» ва ундан юқори;

қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 80 минг бараваридан 240 минг бараваригача — «ССС» ва ундан юқори;

қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 240 минг баравари ва ундан юқори — «В» ва ундан юқори электрон рейтинг баҳосига эга;

г) IV хавф-хатар тоифасидаги объектлар учун:

қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 240 минг бараваригача — «ССС» ва ундан юқори;

қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 240 минг бараваридан 400 минг бараваригача — «B» ва ундан юқори;

қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 минг баравари ва ундан юқори — «ВВ» ва ундан юқори электрон рейтинг баҳосига эга.

5-боб. Оферталарни тақдим этиш тартиби

22. Талабгорлар харид бўйича оферталарини харид таклифномасида кўрсатилган муддатдан кечиктирмай тақдим этадилар. Тақдим этиш муддати тугагандан кейин оферта қабул қилинмайди ва кўриб чиқилмайди.

Офертанинг амал қилиш муддати харид ҳужжатларида белгиланади.

Харид таклифномасида кўрсатилган муддат ва вақтда оферталарни қабул қилиш тўхтатилади.

23. Оферталарни очиш муддати етиб келгунга қадар уларнинг талабгорлар, шунингдек, харид комиссияси масъул котиби ва аъзолари томонидан очилишига йўл қўйилмайди, ушбу таклифларни тақдим этган талабгор бундан мустасно. Мазкур талабнинг бажарилишига харид савдолари ташкилотчиси жавобгар ҳисобланади.

24. Талабгор битта харид предмети бўйича фақат битта офертани беришга ҳақли.

Талабгор тақдим этилган офертани тақдим этиш муддати тугагунига қадар берилган офертани ушбу харидда қатнашишдан воз кечиш ёки унга ўзгартиришлар киритиш учун тегишли хат билан қайтариб олишга ҳақли.

Офертани тақдим этишнинг охирги куни ва вақти тугагач офертанинг ўзгартирилишига рухсат этилмайди.

25. Талабгорнинг имзоси қўйилган оферта харид савдолари ташкилотчисига конвертга солиб елимланган ҳолда топширилади.

26. Талабгорнинг офертасидаги маълумотлар харид таклифномасида кўрсатилган маълумотларга мос келиши керак.

27. Талабгор тақдим этилаётган ахборот (маълумот) ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ва тўғрилиги учун жавоб беради.

28. Талабгор оферта таркибида харид предметининг ҚҚС билан бошланғич нархидан 2 фоиздан ортиқ бўлмаган харид таклифини таъминлаш кафолати суммасини миллий валютада буюртмачининг ҳисобрақамига пул ўтказиш йўли билан амалга оширади.

29. Тўланган харид таклифини таъминлаш кафолати харид якунидан сўнг буюртмачи томонидан лойиҳа-қидирув ёки қурилиш-пудрат ташкилотларининг ҳисобрақамларига қайтарилади.

Харид савдоларида қатнашишга таклифни таъминлаш кафолати:

харид ғолибига — шартнома тузилгандан кейин уч иш куни;

қолган оферентларга — харид ғолиби билан шартнома тузилгандан кейин, уч иш куни;

харидда иштирок этишдан воз кечган оферентга — харидда қатнашишдан воз кечиш ҳақидаги хати берилган кундан бошлаб уч иш куни ичида қайтарилади.

30. Харид таклифини таъминлаш кафолати қуйидаги ҳолатларда қайтарилмайди:

оферентга — офертани тақдим этишнинг охирги куни ва вақти тугагач, оферент томонидан оферта қайтариб олинганда;

харид ғолибига — танлов ҳужжатларида белгиланган шартларда шартнома тузиш рад этилганда.

31. Харид савдолари ташкилотчиси талабгорнинг сўров хатига кўра харид жараёни билан боғлиқ бўлган саволларга талабгорнинг сўров хати келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида ёзма равишда жавоб бериши лозим.

Буюртмачи талабгорнинг сўров хатига кўра харид ҳужжатларининг моҳияти ёки мазмуни билан боғлиқ бўлган саволларга талабгорнинг сўров хати келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида ёзма равишда жавоб бериши лозим.

Бунда харид бўйича харид қилиш ҳужжатларининг қоидаларига доир тушунтиришлар уларнинг мазмун-моҳиятини ўзгартирмаслиги керак.

6-боб. Харид савдоларини ўтказиш ва якунлаш

32. Харид савдолари, қоида тариқасида, буюртмачи томонидан белгиланган манзилда (бинода) ўтказилади.

33. Харид комиссияси мажлиси ва қарорлари белгиланган тартибда ёпиқ ўтказилади.

Алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича давлат харидлари комиссиясининг мажлислари харид комиссияси аъзолари ҳозирлигида юзма-юз ўтказилади. Юзма-юз мажлислар видеоконференциялар (телеконференциялар ёки махфийликни таъминлаш имконини бермайдиган бошқа усуллар) шаклида ўтказилиши мумкин эмас.

Харид комиссияси мажлислари харид предметининг махфийлигини лозим даражада таъминланган ҳолда ўтказилади.

Мажлис вақтида оферталар солинган конвертлар очилади, шартлар ва тартиботларга риоя қилиниши, харид ҳужжатларида кўрсатилган ҳужжатларнинг мавжудлиги текширилади.

Конвертларни очиш жараёнларини харид савдолари ташкилотчиси видеоёзувга олади ва видеоёзув икки йил давомида сақланишини таъминлайди.

34. Оферентнинг ваколатли вакили таклифлар солинган конвертларни очиш тартиб-таомилида иштирок этишга ҳақли.

Харид комиссияси мажлис натижалари баённома билан расмийлаштирилади.

Харид савдолари ташкилотчиси баҳолаш натижаларига кўра харид комиссияси томонидан қабул қилинган қарор ҳақидаги маълумотларни ёзма шаклда уч иш кунида юборилишини таъминлайди.

35. Офертада харид ҳужжатлари талаблари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг мазмуни мазкур оферентнинг ўзига маълум қилинган ҳолда харид савдоларидан четлаштирилади.

36. Харид комиссияси мажлисида офертани кўриб чиқиш давомида оферент томонидан офертанинг мазмуни тушунтириб берилишига йўл қўйилади.

Бунда офертанинг мазмунини, шу жумладан, нархи ёки бажариш муддатини ўзгартирувчи тушунтиришлар берилишига йўл қўйилмайди.

37. Оферент ғолиб бўлган тақдирда, танлов шартларига мувофиқ харид савдолари ташкилотчиси томонидан тақдим этилган ҳужжатларидаги иш ҳажмларини тўлиқ бажариш мажбуриятини олади.

38. Харид савдолари ғолиби харид комиссиясининг ёпиқ мажлисида аниқланади.

Оферентнинг умумий баллари йиғиндисини якуний ҳисоблаш учун ҳар бир оферент бўйича харид комиссияси томонидан ҳисобланадиган қуйидаги формула қўлланилади:

а) қурилиш-пудрат йўналишидаги оферент бўйича:

ЯБ = (РБ х 0,8 + (ББН — ОН) х 20 / (ББН — ББН х 0,95)) — О х (РБ х 0,05) + 1.

Бунда:

ЯБ — оферентнинг якуний балли;

РБ — электрон соҳабай рейтинг доирасида ҳисобланган балл;

0,8 — электрон соҳабай рейтинг доирасида олинган баллнинг умумий якуний баллдаги улушини аниқловчи коэффициент;

ББН — алоҳида муҳим ва тоифаланган объект буюртмачисининг ҚҚС билан бошланғич нархи. Бунда агар қонунчиликда белгиланган тартибда ҚҚС билан бошланғич нарх ҚҚСсиз бўлса, ушбу формулада белгиланган тартибдаги ҚҚСсиз қийматлар ҳисобга олинади;

ОН — оферент томонидан таклиф этилган ҚҚС билан нарх. Бунда агар қонунчиликда белгиланган тартибда таклиф нархи ҚҚСсиз бўлса, ушбу формулада белгиланган тартибдаги ҚҚСсиз қийматлар ҳисобга олинади;

20 — оферент томонидан таклиф этилган ҚҚС билан нарх учун интерполяция йўли билан бериладиган балл. Бунда ҚҚС билан бошланғич нархнинг 5 фоизидан ошиб кетмаган энг кам ҚҚС билан таклиф нархга 20 балл ҳисобланади, ҚҚС билан энг кўп таклиф нархга 0,0 балл ҳисобланади, ушбу ҚҚС билан энг кам ҳамда энг кўп таклиф нархлар орасидаги ҚҚС билан таклиф нархларга балл 0,0 билан 20 балл оралиғидаги интерполяция йўли билан ҳисобланади;

0,95 — ҚҚС билан таклиф нархининг ҚҚС билан бошланғич нархдан 5 фоиздан кўп камайтирилиши мумкин эмаслиги коэффициенти;

О — оферентнинг жорий календарь йил давомида электрон тендер платформасида ютиб олган объектлари сони;

0,05 — объектлар бўйича харид/тендерда ғолиб бўлган ёки тўғридан-тўғри шартнома имзолаган ҳамда ушбу шартнома бўйича ишларни якунламаган ёки жорий йил мажбуриятларини бажармаган пудрат ташкилоти календарь йил давомида алоҳида муҳим ва тоифаланган объект бўйича давлат харидида иштирок этган тақдирда, ҳар бир якунланмаган шартнома бўйича унинг рейтингидаги жами баллига нисбатан (уларнинг рейтинг кўрсаткичи туширилмаган ҳолда) 5 фоиз чегирма қўлланилади;

1 — алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларда иш тажрибасига эга бўлган оферентга қўшиб бериладиган балл.

Талабгор ўз таклифини юборганда, унинг ҚҚС билан нарх чегирмаси ҚҚС билан бошланғич нархга нисбатан 5 фоиздан кўп ҳамда бошланғич қурилиш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал ва жорий таъмирлаш муддатидан кўп ёки кам бўлган тақдирда, харид комиссияси томонидан ушбу таклиф қабул қилинмайди;

б) лойиҳа-қидирув йўналишидаги оферент бўйича:

ЯБ = (РБ х 0,8 + (ББН — ОН) х 20 / (ББН — ББН х 0,95 / 0,90 / 0,85 / 0,80)) — О х (РБ х 0,02) + 1.

Бунда:

ЯБ — оферентнинг якуний балли;

РБ — электрон рейтинг доирасида ҳисобланган балл;

0,8 — лойиҳа-қидирув ташкилотларининг электрон рейтинги доирасида олинган баллнинг умумий якуний баллдаги улушини аниқловчи коэффициент;

ББН — алоҳида муҳим ва тоифаланган объект бўйича давлат буюртмачисининг ҚҚС билан бошланғич нархи. Бунда агар қонунчиликда белгиланган тартибда бошланғич нарх ҚҚСсиз бўлса, ушбу формулада белгиланган тартибдаги ҚҚСсиз қийматлар ҳисобга олинади;

ОН — оферент томонидан таклиф этилган ҚҚС билан нарх. Бунда агар қонунчиликда белгиланган тартибда таклиф нархи ҚҚСсиз бўлса, ушбу формулада белгиланган тартибдаги ҚҚСсиз қийматлар ҳисобга олинади;

20 — оферент томонидан таклиф этилган ҚҚС билан нарх учун интерполяция йўли билан бериладиган балл. Бунда ҚҚС билан бошланғич нархнинг 5 фоизидан ошиб кетмаган энг кам ҚҚС билан таклиф нархга 20 балл ҳисобланади, ҚҚС билан энг кўп таклиф нархга 0,0 балл ҳисобланади, ушбу ҚҚС билан энг кам ҳамда энг кўп таклиф нархлар орасидаги ҚҚС билан таклиф нархларга балл 0,0 билан 20 балл оралиғидаги интерполяция йўли билан ҳисобланади;

0,95 / 0,90 / 0,85 / 0,80 — таклиф нархининг (ҚҚС билан) бошланғич нархдан (ҚҚС билан) ушбу Низом 38-банди «б» кичик бандининг ўн тўртинчи — ўн саккизинчи хатбошиларига мувофиқ 5, 10, 15 ва 20 фоиздан кўп камайтирилиши мумкин эмаслиги коэффициенти;

О — оферентнинг жорий календарь йил давомида электрон тендер платформасида ютиб олган объектлари сони;

0,02 — объектлар бўйича тендерда ғолиб бўлган ёки тўғридан-тўғри шартнома имзолаган ҳамда ушбу шартнома бўйича ишларни якунламаган лойиҳа-қидирув ташкилоти календарь йил давомида платформа орқали яна бошқа объект бўйича тендерда иштирок этган тақдирда, ҳар бир якунланмаган шартнома бўйича унинг рейтингидаги жами баллига нисбатан (уларнинг рейтинг кўрсаткичи туширилмаган ҳолда) қўлланиладиган 2 фоиз чегирма;

1 — алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларда иш тажрибасига эга бўлган оферентга қўшиб бериладиган балл.

Оферентнинг ҚҚС билан таклиф нархининг ҚҚС билан бошланғич нархидан баланд эмаслигини ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ):

300 бараваригача бўлган танлов предметининг ҚҚС билан бошланғич нархидан 5 фоиздан паст эмаслигини;

1500 бараваригача бўлган танлов предметининг ҚҚС билан бошланғич нархидан 10 фоиздан паст эмаслигини;

3000 бараваригача бўлган танлов предметининг ҚҚС билан бошланғич нархидан 15 фоиздан паст эмаслигини;

3000 бараваридан юқори бўлган танлов предметининг ҚҚС билан бошланғич нархидан 20 фоиздан паст эмаслигини харид комиссияси ўрганиб чиқади.

Агар оферентнинг ҚҚС билан таклиф нархидаги чегирмаси ҚҚС билан бошланғич нархга нисбатан 5, 10, 15 ва 20 фоиздан кўп ҳамда бошланғич лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш муддатидан кўп ёки кам бўлса, харид комиссияси томонидан ушбу таклиф қабул қилинмайди.

Юқоридаги формулалар асосида харид натижаларини ҳисоблаш жараёнида оферентларнинг умумий баллари бир хил бўлган тақдирда, энг биринчи бўлиб таклифини тақдим этган (сана, вақт) оферент ғолиб этиб белгиланади.

39. Оферталарни кўриб чиқиш, баҳолаш ва таққослаш натижалари тўғрисидаги ахборот ошкор қилинмайди, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

40. Харид комиссиясининг ҳар бир мажлисида баён юритилади.

41. Харид савдолари харид комиссияси қарори билан тасдиқланган баённома асосида буюртмачи билан харид ғолиби белгиланган тартибда шартномани имзолангандан кейин тугалланган ҳисобланади.

42. Харид савдолари қуйидаги ҳолларда ўтказилмаган ҳисобланади ва қайтадан ўтказилади:

оферталарни тақдим этиш муддатида учтадан кам оферта тушса;

барча оферталар харид ҳужжатлари шартларига мувофиқ бўлмаса;

фақат битта оферентнинг таклифи харид ҳужжатлари шартларига мувофиқ бўлса;

оферталарда харид таклифини таъминлаш кафолати мавжуд бўлмаса;

оферентлар томонидан таклиф этилган ҚҚС билан нархлар харид предметининг ҚҚС билан бошланғич нархидан ортиқ бўлса ҳамда ушбу Низомнинг 38-бандига мувофиқ 5, 10, 15 ва 20 фоиздан кўп ҳамда бошланғич лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш муддатидан кўп ёки кам бўлса.

43. Агар харид ўтказилмаган деб эътироф этилса, харид савдолари такроран ўтказилади, бунда харид ҳужжатлари шартларининг қайтадан кўриб чиқилишига йўл қўйилади.

44. Буюртмачи харид тугаллангандан кейин харид савдолари ғолибига шартнома тузиш тўғрисидаги ёзма билдиришномани уч иш кунидан кечикмай жўнатади.

45. Шартнома харид ғолиби билдиришномани олган кундан бошлаб ўн иш куни муддатда тузилади.

46. Ғолиб шартнома тузишдан бош тортган тақдирда унга таклифни таъминлаш кафолат суммаси қайтариб берилмайди. Агар харид комиссияси томонидан захирадаги ғолиб аниқланган бўлса, шартнома тузиш ва унга доир мажбуриятларни бажариш ҳуқуқи захирадаги ғолибга ўтади.

Бунда захирадаги ғолиб у томонидан таклиф этилган нархда (захирадаги ғолиб таклиф этган нарх ғолиб томонидан таклиф этилган нархдан паст бўлган ҳоллар бундан мустасно) шартнома тузиши ёки шартнома тузишдан бош тортиши мумкин. Агар харид комиссияси томонидан захирадаги ғолиб аниқланмаган бўлса ёки захирадаги ғолиб шартнома тузишдан бош тортса, давлат буюртмачиси янги харид ўтказади.

7-боб. Харид нархи

47. Харидда белгиланган нарх қатъий нарх ҳисобланади.

48. Биринчи молиявий йил мобайнида нархларга ҳамда товарлар, ишлар ва хизматлар харид қилиш юзасидан шартномани бажариш муддатига ўзгартиришлар киритишга йўл қўйилмайди, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

8-боб. Харид қатнашчиларининг жавобгарлиги

49. Харид қатнашчилари қонунчилик ҳужжатларига ва ушбу Низом талабларига мувофиқ жавоб берадилар.

50. Буюртмачи:

харид комиссиясини шакллантиришда унинг таркибига оид талабларга риоя этилиши;

харид предмети учун назарда тутилмаган шакллар бўйича харид савдоларини амалга ошириш имконини берадиган унинг қийматини камайтириш мақсадида харид предметини бўлишга йўл қўйилиши;

харид ғолиби билан шартнома тузиш муддатининг бузилиши;

томонлар ўртасидаги шартномавий мажбуриятларнинг бажарилиши тугаллангандан кейин уч йил мобайнида оферталарнинг асл нусхалари сақланмаганлиги;

харид ташкил этиш ва ўтказиш тартиботларининг бошқача бузилишлари учун жавоб беради.

Агар буюртмачи асоссиз равишда шартномани тузишдан воз кечса ёки бош тортса, харид ғолиби шартномани тузиш ёки етказилган зарарни ва бой берилган фойдани ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилиши мумкин.

51. Харид савдолари ташкилотчиси:

оферталар тақдим этиш муддати тугагунгача харид ҳужжатларини олган талабгорларга ўз вақтида хабар қилмасдан ва офертага тузатишлар киритиш учун етарли бўлган вақт учун оферталарни тақдим этиш муддатини узайтирмасдан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги;

аризалар ва оферталарни қабул қилиб олишни рад этганлик, уларни ҳисобга олишни таъминламаганлик, конвертларни очишгача уларнинг махфийлигини ва сақланишини таъминламаганлик;

харид ўтказиш тартиботи бузилганлиги;

рейтинг кўрсатгичи ва балларни хато тақдим этганда;

харидни ташкил этиш ва ўтказиш тартиботининг бошқача бузилишлари учун жавоб беради.

52. Харид комиссияси:

харид ўтказиш тартиботлари босқичлари бўйича кам овоз билан ва/ёки танлов таклифларини баҳолаш мезонларини ҳисобга олмасдан қарор қабул қилинганлиги;

талабгор (оферент)дан унинг малака маълумотларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишнинг асоссиз талаб қилиниши;

талабгорларнинг ўз интеллектуал мулки ёки тижорат сирини муҳофаза қилишга бўлган ҳуқуқи бузилганлиги;

талабгорлар (оферентлар)нинг малака маълумотларига нисбатан харид ҳужжатларида назарда тутилмаган мезонлар ва талаблар белгиланганлиги;

харидда қатнашишга:

талабгор (оферент)нинг харид тартиботида қатнашишдан асоссиз равишда четлатилганлиги;

хариднинг бошқа қатнашчилари кўрсатгичларига таъсир қилмайдиган, уларга йўл қўйган харид қатнашчисига устунлик бермайдиган ҳолларда офертани расмийлаштиришдаги ноаниқликларга номувофиқлиги эътиборга олинганлиги;

оферта мазмунини ўзгартирадиган тушунтиришлар ва тузатишларга йўл қўйилганлиги, шу жумладан, нархлар ёки бажариш муддати ўзгартирилганлиги;

офертани харид комиссияси мажлисида кўриб чиқиш давомида оферентнинг тушунтириш беришига асоссиз равишда йўл қўйилмаганлиги;

ахборотнинг ошкор қилинганлиги, савдолар қатнашчиларининг ўзаро ёки жалб этилган мутахассислар билан келишувига йўл қўйилганлиги, шунингдек, қонунга зид бошқа хатти-ҳаракатлар қилинганлиги;

харид бўйича ғолиб деб топиш тартиботи бузилганлиги, иштирок этмаган оферентларни ўз вақтида хабардор қилинмаганлиги;

харид савдолари тартиботининг бошқача бузилишлари учун жавоб беради.

53. Харид ғолиби:

физик иш ҳажмлари, сифатга доир ва техник параметрлар бўйича шартнома шартларида назарда тутилган муддатларда бажарилмаганлиги;

харид шартлари ва шартноманинг бошқача бузилишлари учун жавоб беради.

54. Харид тартиботидан келиб чиққан келишмовчиликлар ва низолар, буюртмачи, харид савдолари ташкилотчиси ёки хариднинг бошқа қатнашчиларини хатти-ҳаракатлари ва қарорлари юзасидан шикоятлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

9-боб. Якунловчи қоидалар

55. Харид натижаларини расмийлаштириш, тузилган шартнома бўйича ҳисоб-китобларни ташкил этиш, шартнома мажбуриятлари бажарилиши мониторингини юритиш ҳамда шикоятлар, низо ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

56. Харид буюртмачиси харидга тааллуқли барча ҳужжатлар ва маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда сақланишини таъминлайди.

57. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларда амалга ошириладиган лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари билан боғлиқ давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш

Босқичлар Субъектлар Алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича давлат харидларининг тадбирлари Муддатлар 1-босқич Буюртмачи 1. Мустақил равишда ёки ихтисослаштирилган ташкилотни жалб этган ҳолда харид предметининг ҚҚС билан бошланғич қийматини белгилаш. 2. Харидни ўтказиш санасини белгилаш ҳамда қарор қабул қилиш. 3. Харид савдоларини ташкил этиш учун ихтисослашган ташкилотни танлаб олиш, белгилаш. 4. Харид комиссияси таркибини ва иш регламентини шакллантиради, тасдиқлайди, унинг ишида қатнашади. 5. Харид предметининг ҚҚС билан бошланғич нархидан 2 фоиздан ортиқ бўлмаган харид таклифини таъминлаш кафолати суммаси белгилайди. 6. Реестрга асосан таклифнома юбориладиган камида 10 та лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг рўйхатини шакллантиради ҳамда харид савдолари ташкилотчисига тақдим этади. Белгиланган муддатда 2-босқич Буюртмачи ( харид савдоларини ташкил этиш учун ихтисослаш-тирилган ташкилот) 1. Харид предметига қўйиладиган махсус, техник ва тижорат талабларини ҳисобга олган ҳолда, талабгорнинг малакасини белгилаш ва харид ўтказиш учун танлов ҳужжатларини ишлаб чиқади. 2. Харид комиссияси томонидан тақдим этилган рўйхатдаги лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотларининг электрон рейтинг кўрсаткичларини ўрганади. Белгиланган муддатда 3-босқич Буюртмачи ( харид савдоларини ташкил этиш учун ихтисослаш-тирилган ташкилот) Лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотини аниқлаш санасидан камида 5 иш куни, бироқ харид суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг бараваридан ошган ҳолларда камида 12 иш куни, кўпи билан 30 иш куни олдин харидларда қатнашиш учун таклифномани жўнатади. 2 иш куни мобайнида 4-босқич Талабгорлар Харид бўйича оферталарини харид таклифномасида кўрсатилган муддатдан кечиктирмай тақдим этади. 5 иш кунидан 30 иш кунигача 5-босқич Буюртмачи ( харид савдоларини ташкил этиш учун ихтисослаш-тирилган ташкилот) 1. Оферталарни қабул қилиш, уларнинг ҳисобга олиниши ва махфийлигини таъминлайди. 2. Жалб этиладиган экспертлар ёки эксперт ташкилотларининг ишларини ташкил этади. 3. Оферентлар томонидан тақдим этилган оферталарини харид комиссияси йиғилишида очиш ва харид комиссиясига ўрганиб чиқиш учун тақдим этади. Белгиланган муддатда 6-босқич Харид комиссияси Танловни ташкил этади ва ўтказади ҳамда ғолибни аниқлайди. Белгиланган муддатда 7-босқич Буюртмачи ( харид савдоларини ташкил этиш учун ихтисослаш-тирилган ташкилот) 1. Оферталарнинг асл нусхаларини улар очилгандан кейин ўрнатилган тартибда буюртмачига топширади (харид савдоларини ташкил этиш учун ихтисослаштирилган ташкилот жалб қилинган ҳолларда). 2. Йиғилиш баённомаларини расмийлаштириш ва харид комиссиясига тасдиқлаш учун тақдим этади. Белгиланган муддатда

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 22 сентябрь,

600-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.09.2025 й., 09/25/600/0864-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

NIZOM

TARTIBI

Ayrim toifadagi obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlashda davlat xaridlarini tashkil etish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi hududida davlat tomonidan qoʻriqlanishi lozim boʻlgan shaxslarning xavfsizligini taʼminlash, mudofaa qobiliyatini, xavfsizlikni taʼminlash va ichki tartibni saqlash obyektlarini, shuningdek, alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlashda davlat xaridlarini tashkil etish va oʻtkazish mexanizmini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq davlat tomonidan qoʻriqlanishi lozim boʻlgan shaxslarning xavfsizligini taʼminlash, Oʻzbekiston Respublikasida mudofaa qobiliyatini, xavfsizlikni taʼminlash va ichki tartibni saqlashda davlat sirlari bilan bogʻliq davlat xaridlarining tartibini qonunchilikka muvofiq belgilash nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar:

Ayrim toifadagi obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash faoliyati bilan shugʻullanuvchi loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari reyestrini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga ;

Alohida muhim va toifalangan obyektlarda amalga oshiriladigan loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash ishlari bilan bogʻliq davlat xaridlarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Belgilab qoʻyilsinki:

Davlat tomonidan qoʻriqlanishi lozim boʻlgan shaxslarning xavfsizligini taʼminlash, mudofaa qobiliyati, xavfsizlikni taʼminlash va ichki tartibni saqlash hamda alohida muhim va toifalangan obyektlarini (keyingi oʻrinlarda — alohida muhim va toifalangan obyektlar) loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash bilan bogʻliq davlat xaridlari ushbu qaror bilan belgilangan tartibda amalga oshiriladi;

obyektlarni alohida muhim va toifalangan obyektlar roʻyxatiga kiritish qonunchilikka muvofiq tartibga solinadi, bunda ushbu qaror bilan belgilangan tartibda davlat xaridlari amalga oshirilishida obyektlarning alohida muhim va toifalangan obyektlar roʻyxatiga kiritilganligiga buyurtmachi tashkilotlar javobgar hisoblanadi;

alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash boʻyicha davlat xaridlarini tashkil etishda ommaviy axborot vositalari va ochiq elektron platformalarda eʼlon berilmaydi;

alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash boʻyicha davlat xaridlarida loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari reyestriga kiritilgan tashkilotlar jalb etiladi;

alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash boʻyicha davlat xaridlari natijalariga muvofiq tuzilgan shartnomada nazarda tutilgan shartlarning oʻzgarishi belgilangan tartibda xarid komissiyasining tegishli bayoni bilan tasdiqlanganidan keyin qabul qilingan deb hisoblanadi.

4. Qonunchilik hujjatlari bilan alohida tartib belgilangan buyurtmachilar uchun mazkur qaror tavsiyaviy tusga ega hisoblanadi.

5. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 10-fevraldagi 69-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat xaridlarida eng yaxshi takliflarni tanlashning alohida tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 1-bandi quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Mazkur Nizom davlat tomonidan qoʻriqlanishi lozim boʻlgan shaxslarning xavfsizligini taʼminlash, mudofaa qobiliyatini, xavfsizlikni taʼminlash va ichki tartibni saqlash hamda alohida muhim va toifalangan obyektlarini loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash boʻyicha davlat sirlari bilan bogʻliq davlat xaridlarini amalga oshirishda eng yaxshi takliflarni tanlash tartibiga nisbatan tatbiq etilmaydi”.

7. Mazkur qarorning 3-bandi ikkinchi va beshinchi xatboshilari , 5-bandi va qarorga 2-ilova qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.

8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov va Bosh vazir oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 22-sentabrdagi 600-son qaroriga 1-ILOVA

Ayrim toifadagi obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash faoliyati bilan shugʻullanuvchi loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari reyestrini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Davlat tomonidan qoʻriqlanishi lozim boʻlgan shaxslarning xavfsizligini taʼminlash, mudofaa qobiliyati, xavfsizlikni taʼminlash va ichki tartibni saqlash hamda alohida muhim va toifalangan obyektlarini (keyingi oʻrinlarda — alohida muhim va toifalangan obyektlar) loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash faoliyati bilan shugʻullanuvchi loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari reyestrini (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) shakllantirish hamda yuritish tartibini belgilaydi.

2. Reyestrga faqat “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimidagi loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlarining elektron reytingida (keyingi oʻrinlarda — Reyting) mavjud boʻlgan loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari kiritilishiga ruxsat beriladi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vakolatli organ) loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlarini Reyestrga kiritish yuzasidan murojaatlarni koʻrib chiqish, unga tashkilotlarni kiritish va undan chiqarish hamda Reyestrni yuritish boʻyicha vakolatli organ hisoblanadi.

Reyestr boʻyicha yuklangan vazifalarni bajarish Vakolatli organ tomonidan ushbu nizomga muvofiq tashkil etiladi.

Reyestrga kirish istagida boʻlgan loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari Vakolatli organga ariza bilan murojaat qiladi. Loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari va Vakolatli organ oʻrtasidagi ariza va boshqa hujjatlar almashinuvi pochta orqali amalga oshiriladi.

4. Alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash faqat Reyestrga kirgan loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari tomonidan amalga oshiriladi.

5. Insofsiz ijrochilarning yagona reyestriga kiritilgan loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlarning Reyestrga kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Reytingdan chiqarilgan loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari Reyestrdan ham chiqariladi.

Loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari Reytingdan chiqarilgandan keyin obyektni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlashning amaldagi shartnomalarini bekor qilishga asos boʻlmaydi (qonunchilikda belgilangan talablar bundan mustasno).

6. Reyestrga loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari 5 yil muddatga kiritiladi. Bunda Reytingdan chiqarilganligi sababli loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari Reyestrdan chiqarilgan boʻlsa, u holda ushbu loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari Reyestrga kirish uchun Vakolatli organga qaytadan ariza bilan murojaat qilishlari mumkin.

2-bob. Reyestrga kirish uchun zarur hujjatlar

7. Reyestrga kirish uchun Vakolatli organga quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:

yuridik shaxsning nomi, STIRi va tashkiliy-huquqiy shakli, uning joylashgan joyi (pochta manzili), yuridik shaxs tomonidan loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat faoliyatini amalga oshirish uchun moʻljallanayotgan soha turi aks ettirilgan Reyestrga kiritish toʻgʻrisidagi ariza;

tashkilotda faoliyat yuritayotgan xodimlarga tegishli boʻlgan jismoniy shaxsning shaxsiy indentifikatsiya raqami (JSHSHIR), ularning egallab turgan lavozimlari, maʼlumoti boʻyicha mutaxassisligi hamda shu mutaxassisligi boʻyicha ish staji, yashash joyi, ushbu xodimlar ishtirokida loyihalashtirilgan, qurilgan, rekonstruksiya qilingan, mukammal va joriy taʼmirlangan obyektlar roʻyxati.

8. Loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlardan ushbu Nizomda nazarda tutilmagan hujjatlarni taqdim etishni talab qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

9. Loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari tomonidan tegishli hujjatlar ariza bilan birga Vakolatli organning pochta manziliga yuboriladi.

10. Ishonchli boʻlmagan yoki buzilgan maʼlumotlar taqdim etilganligi uchun loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

3-bob. Reyestrga kirish uchun arizani koʻrib chiqish tartibi

11. Reyestrga kirish mazkur Nizomga ilovasidagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

Loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlarini Reyestrga kiritish yoki kiritishni rad etish toʻgʻrisidagi javob xati loyiha-qidiruv yoki qurilish-pudrat tashkilotining arizasiga asosan Vakolatli organda kirim roʻyxatiga olingan kundan boshlab oʻttiz kundan ortiq boʻlmagan muddatda ularga yuboriladi.

Vakolatli organ uch ish kuni mobaynida loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlarning arizasini koʻrib chiqadi va oʻrganib chiqish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmatiga yuboradi.

Loyiha-qidiruv yoki qurilish-pudrat tashkilotlari Reyestrga Davlat xavfsizlik xizmatining ijobiy xulosasi boʻlgan taqdirda kiritiladi.

12. Reyestrga kiritish rad etilgan taqdirda, rad etish toʻgʻrisidagi xat loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlarga bir ish kunida yozma shaklda yuboriladi.

13. Reyestrga kiritishni rad etish uchun asos boʻlgan sabablar loyiha-qidiruv yoki qurilish-pudrat tashkilotlari tomonidan bartaraf etilgan taqdirda, ushbu Nizom talablariga muvofiq loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari qaytadan murojaat etishga haqli.

4-bob. Reyestr talablari va unga rioya etilishini nazorat qilish tartibi

14. Reyestrga kirgan loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari quyidagi talablarga amal qilishi lozim:

alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash faoliyat turi sohasidagi qonunchilik hujjatlariga majburiy rioya qilish;

obyekt rejimida belgilangan qoidalarga rioya qilish va ularni bajarish;

alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash faoliyat turini amalga oshirishda oʻziga maʼlum boʻladigan davlat sirlari saqlanishini taʼminlash.

15. Reyestrga kiritilgan loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkiloti tomonidan Reyestr talablari va shartlariga rioya etilishi ustidan nazorat oʻz vakolatlari doirasida tegishligiga koʻra Vakolatli organ va Davlat xavfsizlik xizmati tomonidan amalga oshiriladi hamda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda choralar koʻrib boradi.

5-bob. Reyestrni yuritish

16. Vakolatli organ tomonidan Reyestrni “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimining elektron reyting platformasida elektron shaklda yuritiladi va unda quyidagilar koʻrsatiladi:

yuridik shaxsning nomi, tashkiliy-huquqiy shakli, pochta manzili, telefon raqami;

rahbarning familiyasi, ismi, otasining ismi;

Reyestrga kiritilgan sana va tartib raqami;

Reyestrdan chiqarilgan sanasi.

Bunda Reyestrning yuritilishi, ushbu Reyestrdagi loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari haqidagi maʼlumotlarni faqat alohida muhim va toifalangan obyektlarning buyurtmachilariga ochiqlanadi hamda Reyestrni raqamlashtirish boʻyicha metodika Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.

17. Reyestr maʼlumotlari davlat buyurtmachilari uchun “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimida aks ettiriladi.

6-bob. Loyiha-qidiruv yoki qurilish-pudrat tashkilotlarni Reyestrdan chiqarish

18. Quyidagi hollarda loyiha-qidiruv yoki qurilish-pudrat tashkilotlari Reyestrdan chiqariladi:

loyiha-qidiruv yoki qurilish-pudrat tashkilotlari tomonidan Reyestrdan ixtiyoriy chiqish toʻgʻrisida ariza berilganda;

loyiha-qidiruv yoki qurilish-pudrat tashkilotlari Reytingdan chiqarilganda.

Loyiha-qidiruv yoki qurilish-pudrat tashkilotlari Reyestrdan mazkur bandning ikkinchi xatboshisi boʻyicha ariza kelib tushgan kundan eʼtiboran besh ish kunida chiqariladi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

19. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

20. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Ayrim toifadagi obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash faoliyati bilan shugʻullanuvchi loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari reyestrini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Loyiha-qidiruv yoki qurilish-pudrat tashkilotlari reyestriga kirish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Loyiha-qidiruv yoki qurilish-pudrat tashkilotlari Tegishli hujjatlar ariza bilan birga Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi (vakolatli organ)ning pochta manziliga yuboriladi. belgilangan muddatda 2-bosqich Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlarning arizasini koʻrib chiqadi va oʻrganib chiqish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmatiga yuboradi. 3 ish kunida 3-bosqich Davlat xavfsizlik xizmati Loyiha-qidiruv yoki qurilish-pudrat tashkilotlari Reyestrga kirish yoki kirmaslik boʻyicha xulosasini Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligiga yuboradi. 20 ish kunida 4-bosqich Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Davlat xavfsizlik xizmatining xulosasiga muvofiq Reyestrga kiritish yoki kiritishni rad etish toʻgʻrisidagi javob xati loyiha-qidiruv yoki qurilish-pudrat tashkilotlariga yuboriladi. 1 ish kunida

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 22-sentabrdagi 600-son qaroriga 2-ILOVA

Alohida muhim va toifalangan obyektlarda amalga oshiriladigan loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash ishlari bilan bogʻliq davlat xaridlarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom davlat tomonidan qoʻriqlanishi lozim boʻlgan shaxslarning xavfsizligini taʼminlash, mudofaa qobiliyatini, xavfsizlikni taʼminlash va ichki tartibni saqlash hamda alohida muhim va toifalangan obyektlarida amalga oshiriladigan loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash ishlari boʻyicha davlat sirlari bilan bogʻliq davlat xaridlarini amalga oshirishda eng yaxshi takliflarni tanlash tartibini belgilaydi.

Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasining Ijtimoiy va ishlab chiqarish davlat dasturlari hamda boshqa maqsadli dasturlarga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti, davlat maqsadli jamgʻarmalari budjetlari va budjet tashkilotlarining budjetdan tashqari jamgʻarmalari hisobidan moliyalashtiriladigan alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash boʻyicha buyurtmachilar tomonidan amalga oshiriladigan davlat xaridlari uchun tatbiq etiladi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalanilgan:

alohida muhim va toifalangan obyektlar — davlat tomonidan qoʻriqlanishi lozim boʻlgan shaxslarning xavfsizligini taʼminlash, mudofaa qobiliyati, xavfsizlikni taʼminlash va ichki tartibni saqlash hamda alohida muhim va toifalangan obyektlar;

baholash mezonlari — oferentlarni tanlash hamda ofertani baholash va xarid gʻolibini aniqlash uchun foydalaniladigan koʻrsatkichlar;

boshlangʻich narx — buyurtmachi tomonidan yoki uning buyurtmasi boʻyicha jalb etilgan tashkilot aniqlaydigan xarid predmetining qoʻshimcha qiymat soligʻi (keyingi oʻrinlarda — QQS) bilan qiymati;

buyurtmachi — xaridlarni amalga oshiruvchi yuridik shaxs;

zaxiradagi gʻolib — xarid qilish tartib-taomillari yakuni boʻyicha xarid komissiyasining qaroriga muvofiq gʻolibning taklifidan keyingi eng maqbul taklifni taqdim etgan deb topilgan oferent;

loyiha-qidiruv tashkilotlarining sohaviy elektron reytingi — “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimida loyiha-qidiruv tashkilotlarining kadrlar bilan taʼminlanganligi, moliyaviy koʻrsatkichlari, raqobatbardoshligi, ish tajribasi va litsenziya koʻrsatkichlari boʻyicha mezonlarga muvofiq malaka talablarini belgilovchi reyting koʻrsatkichlarini oʻzida aks ettiradigan elektron platforma;

oferent — Reyestrda mavjud boʻlgan, ofertasi xarid savdolari tashkilotchisi tomonidan roʻyxatdan oʻtkazilgan talabgor;

oferta — xarid hujjatlarida belgilangan shartlarga muvofiq taqdim etilgan, xarid predmetiga nisbatan oferentning taklifi;

Reyestr — alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash faoliyati bilan shugʻullanuvchi Reytingda mavjud boʻlgan va Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vakolatli organ) tomonidan belgilangan tartibda shakllantirilgan loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlarning roʻyxati;

talabgor — Reyestrda mavjud boʻlgan, xarid savdolari tashkilotchisi tomonidan taklif yuborilgan va ofertasi roʻyxatdan oʻtkazilgunga qadar taklifnomada koʻrsatilgan shartlarga muvofiq xaridlarda ishtirok etish istagi boʻlgan loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkiloti;

xarid taklifnomasi — Reyestrda mavjud boʻlgan qurilish-pudrat va loyiha-qidiruv tashkilotlariga alohida muhim va toifalangan obyektlar boʻyicha davlat xaridlarida ishtirok etish uchun yuboriladigan taklifnomalar;

xarid taklifi — xarid hujjatlarida belgilangan shartlarga muvofiq xarid predmetiga nisbatan talabgor tomonidan taqdim etilgan taklif;

xarid taklifini taʼminlash kafolati — xarid predmetining QQS bilan boshlangʻich narxidan 2 foizdan ortiq boʻlmagan xarid taklifini taʼminlash kafolati summasi;

xarid hujjatlari — xaridlarning texnik, moliyaviy, tijorat, tashkiliy va boshqa tavsiflari toʻgʻrisidagi hamda xaridlarni tashkil etish va oʻtkazish shartlari, tartib-qoidalari toʻgʻrisidagi axborot, shuningdek, talabgorlar tomonidan korrupsiya koʻrinishlariga yoʻl qoʻymaslik boʻyicha ariza taqdim etish majburiyligi haqidagi talab mavjud boʻlgan hujjatlar turkumi;

xarid komissiyasi — mazkur Nizomning 9-bandida sanab oʻtilgan vazifalarni bajarish uchun buyurtmachi tomonidan tashkil etiladigan doimiy yoki vaqtinchalik organ;

xarid predmeti :

a) loyihalashtirish topshirigʻiga muvofiq quriladigan, rekonstruksiya qilinadigan va joriy taʼmirlanadigan alohida muhim va toifalangan obyekt boʻyicha ishlab chiqiladigan loyiha-smeta hujjatlari;

b) loyiha-smeta hujjatlari boʻyicha vakolatli organ tomonidan berilgan ijobiy ekspertiza xulosasi mavjud boʻlgan quriladigan, rekonstruksiya qilinadigan va mukammal taʼmirlanadigan alohida muhim va toifalangan obyekt;

xarid savdolari tashkilotchisi — buyurtmachining oʻzi yoki buyurtmachi tomonidan qurilish sohasida tovarlar, ishlar va xizmatlarni xarid qilish boʻyicha belgilangan tartibda shartnoma asosida jalb etiladigan alohida muhim va toifalangan obyektlarning hujjatlari bilan ishlash huquqiga ega boʻlgan ixtisoslashtirilgan tashkilot;

qurilish-pudrat tashkilotlarining sohaviy elektron reytingi — “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimining sohalar boʻyicha qurilish-pudrat tashkilotlarining kadrlar bilan taʼminlanganligi, moliyaviy koʻrsatkichlari, raqobatbardoshligi, ish tajribasi, moddiy-texnik bazasi va mehnat muhofazasi boʻyicha mezonlarga muvofiq malaka talablarini belgilovchi reyting koʻrsatkichlarini oʻzida aks ettiradigan elektron platforma.

3. Alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash boʻyicha davlat xaridlarida Reyestrda mavjud boʻlgan loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari qatnashishlari mumkin.

4. Alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash boʻyicha davlat xaridlari moliyalashtirish manbai aniq boʻlgan taqdirda oʻtkaziladi.

2-bob. Xarid qatnashchilari

5. Buyurtmachi, xarid savdolari tashkilotchisi, xarid komissiyasi va oferentlar alohida muhim va toifalangan obyekt boʻyicha davlat xaridining qatnashchilari hisoblanadi.

6. Buyurtmachi quyidagi huquqlarga ega:

mustaqil ravishda yoki ixtisoslashtirilgan tashkilotni jalb etgan holda, xarid predmetining QQS bilan boshlangʻich qiymatini belgilash;

xaridni oʻtkazish sanasini belgilash hamda qaror qabul qilish;

xarid savdolari tashkilotchisi funksiyasini bajarish yoki zaruratga koʻra alohida muhim va toifalangan obyektlarning hujjatlari bilan ishlash huquqiga ega boʻlgan ixtisoslashgan tashkilotni belgilangan tartibda jalb etish.

7. Buyurtmachi quyidagi asosiy vazifalarni bajaradi:

xarid komissiyasi tarkibini va ish reglamentini shakllantiradi, tasdiqlaydi, uning ishida qatnashadi;

xarid savdolarini mazkur Nizomda belgilangan tartibda tashkil etadi (xarid savdolarini tashkil etish uchun ixtisoslashtirilgan tashkilotni jalb etish hollari bundan mustasno);

xarid predmetining QQS bilan boshlangʻich narxidan 2 foizdan ortiq boʻlmagan xarid taklifini taʼminlash kafolati summasini belgilaydi;

xarid gʻolibi bilan shartnoma tuzadi;

xaridni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq barcha xarajatlarni tanlov gʻolibi yoki zaxiradagi gʻolib (gʻolib deb topilganda) tomonidan qoplanishi taʼminlanadi;

loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlarining Reyestrda mavjudligini oʻrganadi va tegishli qaror qabul qiladi;

qonunchilikda nazarda tutilgan vakolatlar doirasida boshqa vazifalarni ham amalga oshiradi.

8. Quyidagilar xarid savdolari tashkilotchisining asosiy vazifalari hisoblanadi:

xarid hujjatlarini ishlab chiqadi;

Reyestrga asosan loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlarining elektron reyting koʻrsatkichlarini oʻrganib, xarid jarayonida ishtirok etish uchun xarid taklifnomalarini loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlariga yuboradi;

ofertalarni qabul qiladi, ularning hisobga olinishi va maxfiyligini taʼminlaydi;

jalb etiladigan ekspertlar yoki ekspert tashkilotlarining ishlarini tashkil etadi;

oferentlar tomonidan taqdim etilgan ofertalarni xarid komissiyasi yigʻilishida ochadi va xarid komissiyasiga oʻrganib chiqish uchun taqdim etadi;

ofertalarning asl nusxalarini ular ochilgandan keyin belgilangan tartibda buyurtmachiga topshiradi (buyurtmachi tomonidan xarid savdolarini amalga oshirish uchun ixtisoslashtirilgan tashkilot jalb etilgan taqdirda);

yigʻilish bayonnomalarini rasmiylashtiradi va xarid komissiyasiga tasdiqlash uchun taqdim etadi.

9. Xarid komissiyasi quyidagi vazifalarni amalga oshiradi:

oʻzining ish yuritish tartibini belgilaydi;

ofertalarni qabul qilishning oxirgi kuni va vaqtini belgilaydi;

Reyestrda mavjud boʻlgan taklifnoma yuboriladigan kamida 10 ta loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlarining roʻyxatini shakllantiradi hamda xarid savdolari tashkilotchisiga taqdim etadi, bunda roʻyxatni shakllantirish kunida reyestrda xarid predmeti boʻyicha talab etiladigan reyting koʻrsatkichli loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlari soni 10 tadan kam boʻlgan taqdirda, reyting koʻrsatkichi toʻgʻri keladigan mavjud tashkilotlar roʻyxatini shakllantiradi;

ofertalar xarid hujjatlarida belgilangan talablarga muvofiqligini tekshiradi (hujjatlarning toʻliq taqdim etilishi, rasmiylashtirish va boshqalar) va tashkilotchi tomonidan rasmiylashtirilgan bayonnomalarni imzolaydi hamda tasdiqlaydi;

mustaqil ekspertlarni (maslahatchilarni) jalb etish zarurligini belgilaydi;

xarid gʻolibini aniqlaydi yoki boshqa qaror qabul qiladi;

buyurtmachi va oferent oʻrtasidagi hamda oferentlar oʻrtasidagi manfaatlar toʻqnashuvi, shu jumladan, affillanganlik holatlarini aniqlaydi va tegishli qaror qabul qiladi;

xaridni oʻtkazish jarayonida paydo boʻladigan eʼtirozlarni koʻrib chiqadi.

3-bob. Xarid komissiyasi faoliyatini tartibga solish

10. Xarid komissiyasi tanlovni tashkil etish va oʻtkazish chogʻida buyurtmachi tomonidan shakllantiriladigan kollegial organdir.

Xarid komissiyasi aʼzolar soni va tarkibi buyurtmachi tomonidan belgilanadi. Biroq, xarid komissiyasi aʼzolari soni besh nafardan kam boʻlmasligi lozim. Xarid komissiyasi toq sonli aʼzolardan tashkil topadi.

11. Xarid komissiyasi aʼzolari xarid qilish tartib-taomilini oʻtkazishda bevosita yoki bilvosita manfaatdor boʻlmasligi kerak.

12. Xarid komissiyasining ishiga rais rahbarlik qiladi, u xarid komissiyasi majlislarini chaqiradi va olib boradi, ovozga qoʻyishni va xarid komissiyasi tomonidan qabul qilingan qarorlarni oʻqib eshittiradi, shuningdek, xarid komissiyasi majlislarining bayonnomalarini tasdiqlaydi. Xarid komissiyasi raisi yoʻqligida uning vazifalarini oʻrinbosari bajaradi.

Xarid komissiyasining tezkor faoliyatini uning ovoz berish huquqiga ega boʻlmagan masʼul kotibi tashkil etadi.

13. Xarid komissiyasining har bir aʼzosi ovoz berishda yoqlab ovoz berishi, qarshi ovoz berishi yoki betaraf qolishi mumkin. Xarid komissiyasining raisi ovoz berishda ishtirok etishdan bosh tortish huquqiga ega emas.

Xarid komissiyasi majlislari xarid predmetining maxfiyligi lozim darajada taʼminlangan holda oʻtkaziladi.

14. Xarid komissiyasi davlat xaridining predmetidan kelib chiqqan holda, oʻz faoliyatini amalga oshirish uchun ekspertlarni, shuningdek, boshqa manfaatdor vazirliklar, idoralar va davlat buyurtmachisining yuqori turuvchi tashkiloti mutaxassislarini jalb etishi mumkin.

15. Xarid komissiyasi uning aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi hozir boʻlganda vakolatli hisoblanadi hamda har bir majlis va qabul qilingan qaror bayonnomalar bilan rasmiylashtiriladi.

16. Xaridni oʻtkazish tartib-qoidalari boʻyicha qaror xarid komissiyasining umumiy soni tomonidan koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi. Bunda gʻolib mazkur Nizomning 38-bandida koʻrsatilgan tartibda aniqlanadi.

Ovozlar teng boʻlgan taqdirda, raisning ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

4-bob. Xaridni oʻtkazishga tayyorgarlik

17. Alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash boʻyicha davlat xaridlarini tashkil etish va amalga oshirish ushbu Nizomga ilovadagi tartibga muvofiq amalga oshiriladi.

Xarid savdolari tashkilotchisi loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotini aniqlash sanasidan kamida besh ish kuni, biroq xarid summasi bazaviy hisoblash miqdorining olti ming baravaridan oshgan hollarda kamida oʻn ikki ish kuni oldin koʻpi bilan oʻttiz ish kuni oldin xaridlarda qatnashish uchun taklifnomani joʻnatadi.

Bunda ofertalarni qabul qilish muddati tugaydigan sanadan kamida bir ish kuni oldin xarid komissiyasi qarori bilan takliflarni berish muddati uch ish kuniga, biroq bazaviy hisoblash miqdorining olti ming baravaridan oshganda kamida oʻn ish kuniga uzaytirilishi mumkin. Bu haqda taklifnoma joʻnatilgan loyiha-qidiruv yoki qurilish-pudrat tashkiloti ogohlantirilishi shart.

Agar xarid buyurtmachi tomonidan ixtisoslashtirilgan tashkilotni jalb etgan holda tashkil etilgan taqdirda, ixtisoslashtirilgan tashkilotning xarajatlari tanlov gʻolibi yoki zaxiradagi gʻolib (gʻolib deb topilganda) tomonidan toʻlanadi.

Bunda xarajatlar tanlov predmetining QQS bilan boshlangʻich narxidan 0,1 foiz (1 BHMdan kam boʻlmagan va 50 BHMdan oshmagan holda) qilib belgilanadi.

18. Xaridda ishtirok etish taklifnomasida quyidagi maʼlumotlar boʻlishi kerak:

xarid predmeti nomi;

ishlarni amalga oshirish turi va hajmi (loyihalashtirish, qurilish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash);

QQS bilan boshlangʻich narxi va ishlarni yakunlash muddati;

xarid taklifini taʼminlash kafolatining aniq miqdori;

moliyalashtirish manbai;

agar xarid predmeti ishlarni bajarish (xizmatlarni koʻrsatish) bilan bogʻliq faoliyat qonunchilik hujjatlariga muvofiq litsenziyalanadigan boʻlsa, litsenziya mavjudligi haqidagi talab;

xarid hujjatlarini olish va ofertalarni topshirish joyi hamda muddati;

ofertalarni ochish joyi, kuni va vaqti.

19. Buyurtmachi tomonidan QQS bilan hisoblangan narx bilan xarid oʻtkazilishi toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, xarid predmetining QQS bilan boshlangʻich narxi taklifnomada koʻrsatiladi.

20. Zarur boʻlgan hollarda, xarid komissiyasi qarori bilan xarid takliflarini berish muddati maʼlum vaqtga uzaytirilishi mumkin. Bunda ushbu muddat mazkur Nizomning 17-bandida belgilangan eng koʻp muddatdan oshib ketmasligi kerak.

21. Xarid predmetining QQS bilan boshlangʻich narxiga va amaldagi normativ-huquqiy hujjatlardagi xavf-xatar toifasiga qarab, Reyestrda mavjud boʻlgan qurilish-pudrat tashkilotlari — talabgorlarga buyurtmachi tomonidan qoʻyiladigan minimal reyting talablari quyidagilardan iborat:

a) I xavf-xatar toifasidagi obyektlar uchun:

qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 20 ming baravarigacha — “D” va undan yuqori;

qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 20 ming baravari va undan yuqori — “S” va undan yuqori elektron reyting bahosiga ega;

b) II xavf-xatar toifasidagi obyektlar uchun:

qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 20 ming baravarigacha — “D” va undan yuqori;

qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 20 ming baravaridan 40 ming baravarigacha — “S” va undan yuqori;

qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 40 ming baravaridan 80 ming baravarigacha — “SS” va undan yuqori;

qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 80 ming baravari va undan yuqori — “SSS” va undan yuqori elektron reyting bahosiga ega;

v) III xavf-xatar toifasidagi obyektlar uchun:

qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 40 ming baravarigacha — “S” va undan yuqori;

qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 40 ming baravaridan 80 ming baravarigacha — “SS” va undan yuqori;

qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 80 ming baravaridan 240 ming baravarigacha — “SSS” va undan yuqori;

qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 240 ming baravari va undan yuqori — “V” va undan yuqori elektron reyting bahosiga ega;

g) IV xavf-xatar toifasidagi obyektlar uchun:

qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 240 ming baravarigacha — “SSS” va undan yuqori;

qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 240 ming baravaridan 400 ming baravarigacha — “B” va undan yuqori;

qiymati bazaviy hisoblash miqdorining 400 ming baravari va undan yuqori — “VV” va undan yuqori elektron reyting bahosiga ega.

5-bob. Ofertalarni taqdim etish tartibi

22. Talabgorlar xarid boʻyicha ofertalarini xarid taklifnomasida koʻrsatilgan muddatdan kechiktirmay taqdim etadilar. Taqdim etish muddati tugagandan keyin oferta qabul qilinmaydi va koʻrib chiqilmaydi.

Ofertaning amal qilish muddati xarid hujjatlarida belgilanadi.

Xarid taklifnomasida koʻrsatilgan muddat va vaqtda ofertalarni qabul qilish toʻxtatiladi.

23. Ofertalarni ochish muddati yetib kelgunga qadar ularning talabgorlar, shuningdek, xarid komissiyasi masʼul kotibi va aʼzolari tomonidan ochilishiga yoʻl qoʻyilmaydi, ushbu takliflarni taqdim etgan talabgor bundan mustasno. Mazkur talabning bajarilishiga xarid savdolari tashkilotchisi javobgar hisoblanadi.

24. Talabgor bitta xarid predmeti boʻyicha faqat bitta ofertani berishga haqli.

Talabgor taqdim etilgan ofertani taqdim etish muddati tugaguniga qadar berilgan ofertani ushbu xaridda qatnashishdan voz kechish yoki unga oʻzgartirishlar kiritish uchun tegishli xat bilan qaytarib olishga haqli.

Ofertani taqdim etishning oxirgi kuni va vaqti tugagach ofertaning oʻzgartirilishiga ruxsat etilmaydi.

25. Talabgorning imzosi qoʻyilgan oferta xarid savdolari tashkilotchisiga konvertga solib yelimlangan holda topshiriladi.

26. Talabgorning ofertasidagi maʼlumotlar xarid taklifnomasida koʻrsatilgan maʼlumotlarga mos kelishi kerak.

27. Talabgor taqdim etilayotgan axborot (maʼlumot) va hujjatlarning haqiqiyligi va toʻgʻriligi uchun javob beradi.

28. Talabgor oferta tarkibida xarid predmetining QQS bilan boshlangʻich narxidan 2 foizdan ortiq boʻlmagan xarid taklifini taʼminlash kafolati summasini milliy valyutada buyurtmachining hisobraqamiga pul oʻtkazish yoʻli bilan amalga oshiradi.

29. Toʻlangan xarid taklifini taʼminlash kafolati xarid yakunidan soʻng buyurtmachi tomonidan loyiha-qidiruv yoki qurilish-pudrat tashkilotlarining hisobraqamlariga qaytariladi.

Xarid savdolarida qatnashishga taklifni taʼminlash kafolati:

xarid gʻolibiga — shartnoma tuzilgandan keyin uch ish kuni;

qolgan oferentlarga — xarid gʻolibi bilan shartnoma tuzilgandan keyin, uch ish kuni;

xaridda ishtirok etishdan voz kechgan oferentga — xaridda qatnashishdan voz kechish haqidagi xati berilgan kundan boshlab uch ish kuni ichida qaytariladi.

30. Xarid taklifini taʼminlash kafolati quyidagi holatlarda qaytarilmaydi:

oferentga — ofertani taqdim etishning oxirgi kuni va vaqti tugagach, oferent tomonidan oferta qaytarib olinganda;

xarid gʻolibiga — tanlov hujjatlarida belgilangan shartlarda shartnoma tuzish rad etilganda.

31. Xarid savdolari tashkilotchisi talabgorning soʻrov xatiga koʻra xarid jarayoni bilan bogʻliq boʻlgan savollarga talabgorning soʻrov xati kelib tushgan kundan boshlab uch ish kuni ichida yozma ravishda javob berishi lozim.

Buyurtmachi talabgorning soʻrov xatiga koʻra xarid hujjatlarining mohiyati yoki mazmuni bilan bogʻliq boʻlgan savollarga talabgorning soʻrov xati kelib tushgan kundan boshlab uch ish kuni ichida yozma ravishda javob berishi lozim.

Bunda xarid boʻyicha xarid qilish hujjatlarining qoidalariga doir tushuntirishlar ularning mazmun-mohiyatini oʻzgartirmasligi kerak.

6-bob. Xarid savdolarini oʻtkazish va yakunlash

32. Xarid savdolari, qoida tariqasida, buyurtmachi tomonidan belgilangan manzilda (binoda) oʻtkaziladi.

33. Xarid komissiyasi majlisi va qarorlari belgilangan tartibda yopiq oʻtkaziladi.

Alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash boʻyicha davlat xaridlari komissiyasining majlislari xarid komissiyasi aʼzolari hozirligida yuzma-yuz oʻtkaziladi. Yuzma-yuz majlislar videokonferensiyalar (telekonferensiyalar yoki maxfiylikni taʼminlash imkonini bermaydigan boshqa usullar) shaklida oʻtkazilishi mumkin emas.

Xarid komissiyasi majlislari xarid predmetining maxfiyligini lozim darajada taʼminlangan holda oʻtkaziladi.

Majlis vaqtida ofertalar solingan konvertlar ochiladi, shartlar va tartibotlarga rioya qilinishi, xarid hujjatlarida koʻrsatilgan hujjatlarning mavjudligi tekshiriladi.

Konvertlarni ochish jarayonlarini xarid savdolari tashkilotchisi videoyozuvga oladi va videoyozuv ikki yil davomida saqlanishini taʼminlaydi.

34. Oferentning vakolatli vakili takliflar solingan konvertlarni ochish tartib-taomilida ishtirok etishga haqli.

Xarid komissiyasi majlis natijalari bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.

Xarid savdolari tashkilotchisi baholash natijalariga koʻra xarid komissiyasi tomonidan qabul qilingan qaror haqidagi maʼlumotlarni yozma shaklda uch ish kunida yuborilishini taʼminlaydi.

35. Ofertada xarid hujjatlari talablari buzilganligi aniqlangan taqdirda, ularning mazmuni mazkur oferentning oʻziga maʼlum qilingan holda xarid savdolaridan chetlashtiriladi.

36. Xarid komissiyasi majlisida ofertani koʻrib chiqish davomida oferent tomonidan ofertaning mazmuni tushuntirib berilishiga yoʻl qoʻyiladi.

Bunda ofertaning mazmunini, shu jumladan, narxi yoki bajarish muddatini oʻzgartiruvchi tushuntirishlar berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

37. Oferent gʻolib boʻlgan taqdirda, tanlov shartlariga muvofiq xarid savdolari tashkilotchisi tomonidan taqdim etilgan hujjatlaridagi ish hajmlarini toʻliq bajarish majburiyatini oladi.

38. Xarid savdolari gʻolibi xarid komissiyasining yopiq majlisida aniqlanadi.

Oferentning umumiy ballari yigʻindisini yakuniy hisoblash uchun har bir oferent boʻyicha xarid komissiyasi tomonidan hisoblanadigan quyidagi formula qoʻllaniladi:

a) qurilish-pudrat yoʻnalishidagi oferent boʻyicha:

YAB = (RB x 0,8 + (BBN — ON) x 20 / (BBN — BBN x 0,95)) — O x (RB x 0,05) + 1.

Bunda:

YAB — oferentning yakuniy balli;

RB — elektron sohabay reyting doirasida hisoblangan ball;

0,8 — elektron sohabay reyting doirasida olingan ballning umumiy yakuniy balldagi ulushini aniqlovchi koeffitsiyent;

BBN — alohida muhim va toifalangan obyekt buyurtmachisining QQS bilan boshlangʻich narxi. Bunda agar qonunchilikda belgilangan tartibda QQS bilan boshlangʻich narx QQSsiz boʻlsa, ushbu formulada belgilangan tartibdagi QQSsiz qiymatlar hisobga olinadi;

ON — oferent tomonidan taklif etilgan QQS bilan narx. Bunda agar qonunchilikda belgilangan tartibda taklif narxi QQSsiz boʻlsa, ushbu formulada belgilangan tartibdagi QQSsiz qiymatlar hisobga olinadi;

20 — oferent tomonidan taklif etilgan QQS bilan narx uchun interpolyatsiya yoʻli bilan beriladigan ball. Bunda QQS bilan boshlangʻich narxning 5 foizidan oshib ketmagan eng kam QQS bilan taklif narxga 20 ball hisoblanadi, QQS bilan eng koʻp taklif narxga 0,0 ball hisoblanadi, ushbu QQS bilan eng kam hamda eng koʻp taklif narxlar orasidagi QQS bilan taklif narxlarga ball 0,0 bilan 20 ball oraligʻidagi interpolyatsiya yoʻli bilan hisoblanadi;

0,95 — QQS bilan taklif narxining QQS bilan boshlangʻich narxdan 5 foizdan koʻp kamaytirilishi mumkin emasligi koeffitsiyenti;

O — oferentning joriy kalendar yil davomida elektron tender platformasida yutib olgan obyektlari soni;

0,05 — obyektlar boʻyicha xarid/tenderda gʻolib boʻlgan yoki toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma imzolagan hamda ushbu shartnoma boʻyicha ishlarni yakunlamagan yoki joriy yil majburiyatlarini bajarmagan pudrat tashkiloti kalendar yil davomida alohida muhim va toifalangan obyekt boʻyicha davlat xaridida ishtirok etgan taqdirda, har bir yakunlanmagan shartnoma boʻyicha uning reytingidagi jami balliga nisbatan (ularning reyting koʻrsatkichi tushirilmagan holda) 5 foiz chegirma qoʻllaniladi;

1 — alohida muhim va toifalangan obyektlarda ish tajribasiga ega boʻlgan oferentga qoʻshib beriladigan ball.

Talabgor oʻz taklifini yuborganda, uning QQS bilan narx chegirmasi QQS bilan boshlangʻich narxga nisbatan 5 foizdan koʻp hamda boshlangʻich qurilish, rekonstruksiya qilish hamda mukammal va joriy taʼmirlash muddatidan koʻp yoki kam boʻlgan taqdirda, xarid komissiyasi tomonidan ushbu taklif qabul qilinmaydi;

b) loyiha-qidiruv yoʻnalishidagi oferent boʻyicha:

YAB = (RB x 0,8 + (BBN — ON) x 20 / (BBN — BBN x 0,95 / 0,90 / 0,85 / 0,80)) — O x (RB x 0,02) + 1.

Bunda:

YAB — oferentning yakuniy balli;

RB — elektron reyting doirasida hisoblangan ball;

0,8 — loyiha-qidiruv tashkilotlarining elektron reytingi doirasida olingan ballning umumiy yakuniy balldagi ulushini aniqlovchi koeffitsiyent;

BBN — alohida muhim va toifalangan obyekt boʻyicha davlat buyurtmachisining QQS bilan boshlangʻich narxi. Bunda agar qonunchilikda belgilangan tartibda boshlangʻich narx QQSsiz boʻlsa, ushbu formulada belgilangan tartibdagi QQSsiz qiymatlar hisobga olinadi;

ON — oferent tomonidan taklif etilgan QQS bilan narx. Bunda agar qonunchilikda belgilangan tartibda taklif narxi QQSsiz boʻlsa, ushbu formulada belgilangan tartibdagi QQSsiz qiymatlar hisobga olinadi;

20 — oferent tomonidan taklif etilgan QQS bilan narx uchun interpolyatsiya yoʻli bilan beriladigan ball. Bunda QQS bilan boshlangʻich narxning 5 foizidan oshib ketmagan eng kam QQS bilan taklif narxga 20 ball hisoblanadi, QQS bilan eng koʻp taklif narxga 0,0 ball hisoblanadi, ushbu QQS bilan eng kam hamda eng koʻp taklif narxlar orasidagi QQS bilan taklif narxlarga ball 0,0 bilan 20 ball oraligʻidagi interpolyatsiya yoʻli bilan hisoblanadi;

0,95 / 0,90 / 0,85 / 0,80 — taklif narxining (QQS bilan) boshlangʻich narxdan (QQS bilan) ushbu Nizom 38-bandi “b” kichik bandining oʻn toʻrtinchi — oʻn sakkizinchi xatboshilariga muvofiq 5, 10, 15 va 20 foizdan koʻp kamaytirilishi mumkin emasligi koeffitsiyenti;

O — oferentning joriy kalendar yil davomida elektron tender platformasida yutib olgan obyektlari soni;

0,02 — obyektlar boʻyicha tenderda gʻolib boʻlgan yoki toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma imzolagan hamda ushbu shartnoma boʻyicha ishlarni yakunlamagan loyiha-qidiruv tashkiloti kalendar yil davomida platforma orqali yana boshqa obyekt boʻyicha tenderda ishtirok etgan taqdirda, har bir yakunlanmagan shartnoma boʻyicha uning reytingidagi jami balliga nisbatan (ularning reyting koʻrsatkichi tushirilmagan holda) qoʻllaniladigan 2 foiz chegirma;

1 — alohida muhim va toifalangan obyektlarda ish tajribasiga ega boʻlgan oferentga qoʻshib beriladigan ball.

Oferentning QQS bilan taklif narxining QQS bilan boshlangʻich narxidan baland emasligini hamda bazaviy hisoblash miqdorining (BHM):

300 baravarigacha boʻlgan tanlov predmetining QQS bilan boshlangʻich narxidan 5 foizdan past emasligini;

1500 baravarigacha boʻlgan tanlov predmetining QQS bilan boshlangʻich narxidan 10 foizdan past emasligini;

3000 baravarigacha boʻlgan tanlov predmetining QQS bilan boshlangʻich narxidan 15 foizdan past emasligini;

3000 baravaridan yuqori boʻlgan tanlov predmetining QQS bilan boshlangʻich narxidan 20 foizdan past emasligini xarid komissiyasi oʻrganib chiqadi.

Agar oferentning QQS bilan taklif narxidagi chegirmasi QQS bilan boshlangʻich narxga nisbatan 5, 10, 15 va 20 foizdan koʻp hamda boshlangʻich loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish muddatidan koʻp yoki kam boʻlsa, xarid komissiyasi tomonidan ushbu taklif qabul qilinmaydi.

Yuqoridagi formulalar asosida xarid natijalarini hisoblash jarayonida oferentlarning umumiy ballari bir xil boʻlgan taqdirda, eng birinchi boʻlib taklifini taqdim etgan (sana, vaqt) oferent gʻolib etib belgilanadi.

39. Ofertalarni koʻrib chiqish, baholash va taqqoslash natijalari toʻgʻrisidagi axborot oshkor qilinmaydi, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.

40. Xarid komissiyasining har bir majlisida bayon yuritiladi.

41. Xarid savdolari xarid komissiyasi qarori bilan tasdiqlangan bayonnoma asosida buyurtmachi bilan xarid gʻolibi belgilangan tartibda shartnomani imzolangandan keyin tugallangan hisoblanadi.

42. Xarid savdolari quyidagi hollarda oʻtkazilmagan hisoblanadi va qaytadan oʻtkaziladi:

ofertalarni taqdim etish muddatida uchtadan kam oferta tushsa;

barcha ofertalar xarid hujjatlari shartlariga muvofiq boʻlmasa;

faqat bitta oferentning taklifi xarid hujjatlari shartlariga muvofiq boʻlsa;

ofertalarda xarid taklifini taʼminlash kafolati mavjud boʻlmasa;

oferentlar tomonidan taklif etilgan QQS bilan narxlar xarid predmetining QQS bilan boshlangʻich narxidan ortiq boʻlsa hamda ushbu Nizomning 38-bandiga muvofiq 5, 10, 15 va 20 foizdan koʻp hamda boshlangʻich loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish muddatidan koʻp yoki kam boʻlsa.

43. Agar xarid oʻtkazilmagan deb eʼtirof etilsa, xarid savdolari takroran oʻtkaziladi, bunda xarid hujjatlari shartlarining qaytadan koʻrib chiqilishiga yoʻl qoʻyiladi.

44. Buyurtmachi xarid tugallangandan keyin xarid savdolari gʻolibiga shartnoma tuzish toʻgʻrisidagi yozma bildirishnomani uch ish kunidan kechikmay joʻnatadi.

45. Shartnoma xarid gʻolibi bildirishnomani olgan kundan boshlab oʻn ish kuni muddatda tuziladi.

46. Gʻolib shartnoma tuzishdan bosh tortgan taqdirda unga taklifni taʼminlash kafolat summasi qaytarib berilmaydi. Agar xarid komissiyasi tomonidan zaxiradagi gʻolib aniqlangan boʻlsa, shartnoma tuzish va unga doir majburiyatlarni bajarish huquqi zaxiradagi gʻolibga oʻtadi.

Bunda zaxiradagi gʻolib u tomonidan taklif etilgan narxda (zaxiradagi gʻolib taklif etgan narx gʻolib tomonidan taklif etilgan narxdan past boʻlgan hollar bundan mustasno) shartnoma tuzishi yoki shartnoma tuzishdan bosh tortishi mumkin. Agar xarid komissiyasi tomonidan zaxiradagi gʻolib aniqlanmagan boʻlsa yoki zaxiradagi gʻolib shartnoma tuzishdan bosh tortsa, davlat buyurtmachisi yangi xarid oʻtkazadi.

7-bob. Xarid narxi

47. Xaridda belgilangan narx qatʼiy narx hisoblanadi.

48. Birinchi moliyaviy yil mobaynida narxlarga hamda tovarlar, ishlar va xizmatlar xarid qilish yuzasidan shartnomani bajarish muddatiga oʻzgartirishlar kiritishga yoʻl qoʻyilmaydi, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.

8-bob. Xarid qatnashchilarining javobgarligi

49. Xarid qatnashchilari qonunchilik hujjatlariga va ushbu Nizom talablariga muvofiq javob beradilar.

50. Buyurtmachi:

xarid komissiyasini shakllantirishda uning tarkibiga oid talablarga rioya etilishi;

xarid predmeti uchun nazarda tutilmagan shakllar boʻyicha xarid savdolarini amalga oshirish imkonini beradigan uning qiymatini kamaytirish maqsadida xarid predmetini boʻlishga yoʻl qoʻyilishi;

xarid gʻolibi bilan shartnoma tuzish muddatining buzilishi;

tomonlar oʻrtasidagi shartnomaviy majburiyatlarning bajarilishi tugallangandan keyin uch yil mobaynida ofertalarning asl nusxalari saqlanmaganligi;

xarid tashkil etish va oʻtkazish tartibotlarining boshqacha buzilishlari uchun javob beradi.

Agar buyurtmachi asossiz ravishda shartnomani tuzishdan voz kechsa yoki bosh tortsa, xarid gʻolibi shartnomani tuzish yoki yetkazilgan zararni va boy berilgan foydani undirish toʻgʻrisidagi talab bilan sudga murojaat qilishi mumkin.

51. Xarid savdolari tashkilotchisi:

ofertalar taqdim etish muddati tugagungacha xarid hujjatlarini olgan talabgorlarga oʻz vaqtida xabar qilmasdan va ofertaga tuzatishlar kiritish uchun yetarli boʻlgan vaqt uchun ofertalarni taqdim etish muddatini uzaytirmasdan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilganligi;

arizalar va ofertalarni qabul qilib olishni rad etganlik, ularni hisobga olishni taʼminlamaganlik, konvertlarni ochishgacha ularning maxfiyligini va saqlanishini taʼminlamaganlik;

xarid oʻtkazish tartiboti buzilganligi;

reyting koʻrsatgichi va ballarni xato taqdim etganda;

xaridni tashkil etish va oʻtkazish tartibotining boshqacha buzilishlari uchun javob beradi.

52. Xarid komissiyasi:

xarid oʻtkazish tartibotlari bosqichlari boʻyicha kam ovoz bilan va/yoki tanlov takliflarini baholash mezonlarini hisobga olmasdan qaror qabul qilinganligi;

talabgor (oferent)dan uning malaka maʼlumotlariga muvofiqligini tasdiqlovchi hujjatlarni taqdim etishning asossiz talab qilinishi;

talabgorlarning oʻz intellektual mulki yoki tijorat sirini muhofaza qilishga boʻlgan huquqi buzilganligi;

talabgorlar (oferentlar)ning malaka maʼlumotlariga nisbatan xarid hujjatlarida nazarda tutilmagan mezonlar va talablar belgilanganligi;

xaridda qatnashishga:

talabgor (oferent)ning xarid tartibotida qatnashishdan asossiz ravishda chetlatilganligi;

xaridning boshqa qatnashchilari koʻrsatgichlariga taʼsir qilmaydigan, ularga yoʻl qoʻygan xarid qatnashchisiga ustunlik bermaydigan hollarda ofertani rasmiylashtirishdagi noaniqliklarga nomuvofiqligi eʼtiborga olinganligi;

oferta mazmunini oʻzgartiradigan tushuntirishlar va tuzatishlarga yoʻl qoʻyilganligi, shu jumladan, narxlar yoki bajarish muddati oʻzgartirilganligi;

ofertani xarid komissiyasi majlisida koʻrib chiqish davomida oferentning tushuntirish berishiga asossiz ravishda yoʻl qoʻyilmaganligi;

axborotning oshkor qilinganligi, savdolar qatnashchilarining oʻzaro yoki jalb etilgan mutaxassislar bilan kelishuviga yoʻl qoʻyilganligi, shuningdek, qonunga zid boshqa xatti-harakatlar qilinganligi;

xarid boʻyicha gʻolib deb topish tartiboti buzilganligi, ishtirok etmagan oferentlarni oʻz vaqtida xabardor qilinmaganligi;

xarid savdolari tartibotining boshqacha buzilishlari uchun javob beradi.

53. Xarid gʻolibi:

fizik ish hajmlari, sifatga doir va texnik parametrlar boʻyicha shartnoma shartlarida nazarda tutilgan muddatlarda bajarilmaganligi;

xarid shartlari va shartnomaning boshqacha buzilishlari uchun javob beradi.

54. Xarid tartibotidan kelib chiqqan kelishmovchiliklar va nizolar, buyurtmachi, xarid savdolari tashkilotchisi yoki xaridning boshqa qatnashchilarini xatti-harakatlari va qarorlari yuzasidan shikoyatlari qonun hujjatlarida belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.

9-bob. Yakunlovchi qoidalar

55. Xarid natijalarini rasmiylashtirish, tuzilgan shartnoma boʻyicha hisob-kitoblarni tashkil etish, shartnoma majburiyatlari bajarilishi monitoringini yuritish hamda shikoyatlar, nizo va kelishmovchiliklarni koʻrib chiqish qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

56. Xarid buyurtmachisi xaridga taalluqli barcha hujjatlar va maʼlumotlarni qonun hujjatlarida belgilangan tartib va muddatlarda saqlanishini taʼminlaydi.

57. Ushbu Nizom talablarini buzganlikda aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

Alohida muhim va toifalangan obyektlarda amalga oshiriladigan loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash ishlari bilan bogʻliq davlat xaridlarini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash boʻyicha davlat xaridlarini tashkil etish va amalga oshirish

Bosqichlar Subyektlar Alohida muhim va toifalangan obyektlarni loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal va joriy taʼmirlash boʻyicha davlat xaridlarining tadbirlari Muddatlar 1-bosqich Buyurtmachi 1. Mustaqil ravishda yoki ixtisoslashtirilgan tashkilotni jalb etgan holda xarid predmetining QQS bilan boshlangʻich qiymatini belgilash. 2. Xaridni oʻtkazish sanasini belgilash hamda qaror qabul qilish. 3. Xarid savdolarini tashkil etish uchun ixtisoslashgan tashkilotni tanlab olish, belgilash. 4. Xarid komissiyasi tarkibini va ish reglamentini shakllantiradi, tasdiqlaydi, uning ishida qatnashadi. 5. Xarid predmetining QQS bilan boshlangʻich narxidan 2 foizdan ortiq boʻlmagan xarid taklifini taʼminlash kafolati summasi belgilaydi. 6. Reyestrga asosan taklifnoma yuboriladigan kamida 10 ta loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlarining roʻyxatini shakllantiradi hamda xarid savdolari tashkilotchisiga taqdim etadi. Belgilangan muddatda 2-bosqich Buyurtmachi ( xarid savdolarini tashkil etish uchun ixtisoslash-tirilgan tashkilot) 1. Xarid predmetiga qoʻyiladigan maxsus, texnik va tijorat talablarini hisobga olgan holda, talabgorning malakasini belgilash va xarid oʻtkazish uchun tanlov hujjatlarini ishlab chiqadi. 2. Xarid komissiyasi tomonidan taqdim etilgan roʻyxatdagi loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotlarining elektron reyting koʻrsatkichlarini oʻrganadi. Belgilangan muddatda 3-bosqich Buyurtmachi ( xarid savdolarini tashkil etish uchun ixtisoslash-tirilgan tashkilot) Loyiha-qidiruv va qurilish-pudrat tashkilotini aniqlash sanasidan kamida 5 ish kuni, biroq xarid summasi bazaviy hisoblash miqdorining olti ming baravaridan oshgan hollarda kamida 12 ish kuni, koʻpi bilan 30 ish kuni oldin xaridlarda qatnashish uchun taklifnomani joʻnatadi. 2 ish kuni mobaynida 4-bosqich Talabgorlar Xarid boʻyicha ofertalarini xarid taklifnomasida koʻrsatilgan muddatdan kechiktirmay taqdim etadi. 5 ish kunidan 30 ish kunigacha 5-bosqich Buyurtmachi ( xarid savdolarini tashkil etish uchun ixtisoslash-tirilgan tashkilot) 1. Ofertalarni qabul qilish, ularning hisobga olinishi va maxfiyligini taʼminlaydi. 2. Jalb etiladigan ekspertlar yoki ekspert tashkilotlarining ishlarini tashkil etadi. 3. Oferentlar tomonidan taqdim etilgan ofertalarini xarid komissiyasi yigʻilishida ochish va xarid komissiyasiga oʻrganib chiqish uchun taqdim etadi. Belgilangan muddatda 6-bosqich Xarid komissiyasi Tanlovni tashkil etadi va oʻtkazadi hamda gʻolibni aniqlaydi. Belgilangan muddatda 7-bosqich Buyurtmachi ( xarid savdolarini tashkil etish uchun ixtisoslash-tirilgan tashkilot) 1. Ofertalarning asl nusxalarini ular ochilgandan keyin oʻrnatilgan tartibda buyurtmachiga topshiradi (xarid savdolarini tashkil etish uchun ixtisoslashtirilgan tashkilot jalb qilingan hollarda). 2. Yigʻilish bayonnomalarini rasmiylashtirish va xarid komissiyasiga tasdiqlash uchun taqdim etadi. Belgilangan muddatda

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 22-sentabr,

600-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 23.09.2025-y., 09/25/600/0864-son)

lex.uz