UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 29-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 29 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 29 сентября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 29 September 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ

СХЕМАСИ

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари томонидан ижтимоий карта орқали харид қилинган айрим товарлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш тизимини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида» 2024 йил 18июлдаги ПҚ-267-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартибини тубдан такомиллаштириш тўғрисида» 2024 йил 18 июлдаги ПҚ-267-сон қарорига мувофиқ Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг вакиллари бўлган жисмоний шахсларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган товарлар (хизматлар)ни белгиланган миқдор доирасида харид қилишда тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси бир иш кунида қайтарилиши, бунда ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш талаб этилмаслиги белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг вакиллари бўлган жисмоний шахслар томонидан ижтимоий карта орқали харид қилинган айрим турдаги товарлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

бир ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача бўлган айрим товарлар (хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш ёки қайтаришни рад этиш тартиби ва асослари;

ижтимоий карта орқали харид қилинган айрим турдаги товарлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи суммасини Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг вакиллари бўлган жисмоний шахсларнинг ижтимоий карталарига ўтказиш тартиби;

ижтимоий карта орқали харид қилинган ва қўшилган қиймат солиғи суммаси қайтариб олинган товарлар (хизматлар)нинг фискал белгили чекига тузатишлар киритиш тартиби.

3. Белгилансинки, ушбу вақтинчалик низом талаблари 2025 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида тажриба-синов тариқасида жорий этилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси:

а) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) билан биргаликда:

«Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали «Ижтимоий карта» ахборот тизимини солиқ органлари маълумотлар базаси билан интеграция қилган ҳолда, ижтимоий карта берилган фуқаролар ва ижтимоий карта тўғрисидаги маълумотларнинг ўзаро ахборот тизими орқали доимий равишда тақдим этиб борилиши ҳамда унинг янгиланишини таъминласин;

ижтимоий карта орқали айрим турдаги товарлар (хизматлар) хариди бўйича тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш жараёнларини автоматлаштиришни назарда тутувчи дастурий таъминотни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этсин;

б) ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун маълумот алмашиш бўйича молиявий агентлар, тўлов тизимлари операторлари ва Агентлик билан биргаликда ижтимоий карта орқали товар (хизмат)лар харид қилинганда, тегишли харид чекида ижтимоий карта ва транзакциянинг уникал рақамини ахборот хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ тақдим этиш амалиётини жорий этсин;

в) Агентлик, Марказий банк ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 декабрга қадар тажриба-синов натижаларини ҳисобга олган ҳолда, қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш тизимини соддалаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Белгилансинки, ушбу қарорнинг 4-бандида назарда тутилган автоматлаштирилган дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда «ижтимоий карта» тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 27 декабрдаги 897-сон қарорига мувофиқ «Ижтимоий карта» ахборот тизимини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш, саноат эксплуатациясига тушириш ва такомиллаштириб бориш бўйича лойиҳа ҳамкори томонидан қопланади.

6. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон қарори билан тасдиқланган Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

7. Агентлик:

ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилинишини таъминласин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 сентябрдаги 610-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг вакиллари бўлган жисмоний шахслар томонидан ижтимоий карта орқали харид қилинган айрим турдаги товарлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг вакиллари бўлган жисмоний шахслар (кейинги ўринларда — жисмоний шахслар) томонидан ижтимоий карта орқали харид қилинган қонунчилик ҳужжатларида белгиланган айрим турдаги товарлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда — солиқ) суммасини қайтариш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

автоматлаштирилган дастур — жисмоний шахсларга ижтимоий карта орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган товарлар (хизматлар)ни белгиланган миқдор доирасида харид қилишда тўланган солиқ суммасини қайтариш ёки қайтаришни рад этиш асосларини текшириш имкониятини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг автоматлаштирилган дастури;

айрим турдаги товарлар (хизматлар) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 5 апрелдаги ПҚ-113-сон қарори билан тасдиқланган Ижтимоий реестрга киритилган жисмоний шахслар томонидан харид қилинганда, солиқ суммаси қайтариб бериладиган айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатида назарда тутилган товар ва хизматлар;

маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар)нинг идентификация кодлари (МХИК) — маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогидаги маҳсулотнинг идентификация кодлари.

3. Айрим турдаги товарлар (хизматлар) ижтимоий карта орқали харид қилинганда, солиқ суммаси ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача бўлган харидлар суммаси доирасида қайтарилади.

Ижтимоий карта орқали айрим турдаги товарлар (хизматлар) харид қилинганда, ушбу харид бўйича харид чекининг фискал белгисини солиқ органларининг махсус мобил иловасида матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш талаб этилмайди.

4. Жисмоний шахслар томонидан ижтимоий карта орқали айрим турдаги товарлар (хизматлар) хариди бўйича тўланган солиқ суммаси уларнинг ижтимоий карталарига Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида қайтарилади.

5. Жисмоний шахсларга харид қилинган айрим турдаги товарлар (хизматлар) харид суммасининг 1 фоизи миқдорида қайтариладиган маблағ ўрнига харид суммасида тўланган солиқ суммаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (кейинги ўринларда — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) томонидан Ўзбекистон Республикаси Республика бюджети ҳисобидан қайтарилади.

2-боб. Айрим турдаги товарлар (хизматлар) учун ижтимоий карта орқали харид қилишда тўланган солиқ суммасини қайтариш ва қайтаришни рад этиш тартиби

6. Жисмоний шахслар ижтимоий карта орқали айрим турдаги товарларни (хизматларни) харид қилганда тўланган солиқ суммаси харид қилинган товарлар (хизматлар)нинг МХИК кодлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган солиқ суммаси қайтариб бериладиган товарлар (хизматлар) МХИК кодларига мос келган тақдирда, автоматлаштирилган дастур орқали қайтарилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси (кейинги ўринларда — Солиқ қўмитаси) қуйидаги ҳолларда жисмоний шахслар томонидан айрим турдаги товарлар (хизматлар) харид қилинганда, солиқ суммасини қайтаришни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади:

аҳоли билан ҳисоб-китоблар тўғрисида онлайн режимда келиб тушадиган маълумотлар ва солиқ органларида мавжуд бўлган бошқа маълумотлар асосида товарларни сотиш ва харид қилишда товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини қайтариб олишга қаратилган ҳуқуқбузарлик белгилари аниқланганда;

харид қилинган товарлар (хизматлар) Ижтимоий реестрга киритилган жисмоний шахслар томонидан сотиб олинганда солиқ суммаси қайтариб бериладиган айрим турдаги товарлар (хизматлар) рўйхатига кирмаганда ёки сотилган айрим турдаги товарлар (хизматлар) сони харид қилинган ушбу рўйхатдаги товарлар сонидан кўп бўлганда;

фискал модул операторлари орқали юборилган маълумотларга асосан харидни амалга оширган жисмоний шахсдан унинг ҳақиқий харидлари тўғрисидаги тасдиғини сўраб олишда харид ҳақиқатда ушбу жисмоний шахс томонидан амалга оширганлиги шубҳали бўлган тақдирда;

онлайн назорат-касса техникалари чекларида идентификация кодлари ва штрих-кодлари нотўғри акс эттирилиши аниқланганда ёки уларда солиқ органлари маълумотлар базасида мавжуд бўлмаган идентификация кодлари ва штрих-кодлари билан акс эттирилганда.

8. Жисмоний шахслар томонидан тўланган солиқ суммасини қайтариш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

9. Солиқ қўмитаси автоматлаштирилган дастур орқали аниқланган солиқ суммаси бўйича буюртмани реал вақт режимида ижтимоий картадан тўловлар амалга оширилган кунда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади.

10. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитасининг буюртмасига биноан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасига (кейинги ўринда — Ғазначилик) Солиқ қўмитасининг махсус ҳисобварағига буюртма олган кунда тўланган солиқ суммасини қайтариб бериш учун маблағларни ўтказади.

11. Солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан пул маблағлари ўтказилгандан кейин бир иш кунидан кечиктирмай уларни Ғазначиликдаги махсус ҳисобварағидан ваколатли банкда очилган ҳисобварағига ўтказади.

12. Солиқ қўмитаси солиқ суммаси қайтарилиши тасдиқланган жисмоний шахсларнинг реестрини ваколатли банкка бир иш кунида тақдим этади.

13. Солиқ қўмитаси топшириғига асосан ваколатли банк тегишли пул маблағларини бир иш кунида солиқ суммаси қайтарилиши тасдиқланган жисмоний шахсларнинг ижтимоий карталарига ўтказади.

3-боб. Онлайн назорат-касса техникаси чекларига тузатиш киритилишининг бажарилишини назорат қилиш

14. Ижтимоий карта орқали харид қилинган айрим турдаги товарлар (хизматлар) бўйича солиқ суммаси қайтариб олинган товарларнинг (хизматларнинг) фискал белгили чекига ушбу товарлар (хизматлар)ни реализация қилувчи тадбиркорлик субъекти томонидан тузатиш киритиш мумкин эмас, бунда фақат Солиқ қўмитасининг хулосаси асосида ижтимоий карта орқали харид қилинган айрим турдаги товарлар (хизматлар) қийматининг солиқ суммаси Давлат бюджетига қайтариб берилгандан сўнг тузатиш киритилади.

15. Ижтимоий карта орқали харид қилинган айрим турдаги товарлар (хизматлар) бўйича солиқ суммаси қайтариб олинган товарларнинг (хизматларнинг) фискал белгили чекига тузатиш киритиш учун тадбиркорлик субъекти шахсий кабинети орқали Солиқ қўмитасига тегишли ариза юборади.

16. Солиқ қўмитаси ариза келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун ичида ижтимоий карта орқали харид қилинган айрим турдаги товарлар (хизматлар) бўйича солиқ суммаси қайтариб олинган товарларнинг (хизматларнинг) фискал белгили онлайн-касса чекларига махсус мобил илова орқали тузатиш киритиш имконияти мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида тадбиркорлик субъектига хулоса юборади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

17. Ушбу Низомни қўллашда келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг вакиллари бўлган жисмоний шахслар томонидан ижтимоий карта орқали харид қилинган айрим турдаги товарлар (хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга ИЛОВА

Ижтимоий реестрга киритилган жисмоний шахсларга қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар I. Айрим турдаги товарларни (хизматларни) ижтимоий карта орқали харид қилиш 1-босқич Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг вакиллари бўлган жисмоний шахслар Қонунчиликда белгиланган айрим турдаги товарлар (хизматлар)ни ижтимоий карта орқали харид қилади. Эҳтиёжга кўра 2-босқич Солиқ қўмитаси Автоматлаштирилган дастурий таъминот орқали белгиланган мезонлар асосида аниқланган солиқ суммаси бўйича буюртмани реал вақт режимида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади. Ижтимоий картадан тўловлар амалга оширилган кунда II. Тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш 3-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ қўмитасининг буюртмасига биноан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасига Солиқ қўмитасининг махсус ҳисобварағига буюртма олган кунда тўланган солиқ суммасини қайтариб бериш учун зарур маблағларни ўтказади. Буюртма олинган кунда 4-босқич Солиқ қўмитаси Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварақдан ваколатли банкда очилган ҳисобвараққа тегишли маблағларни ўтказади. 1 иш кунида 5-босқич Солиқ қўмитаси Солиқ суммаси қайтарилиши тасдиқланган жисмоний шахсларнинг реестрини ваколатли банкка тақдим этади. 1 иш кунида 6-босқич Ваколатли банк Солиқ суммаси қайтарилиши тасдиқланган жисмоний шахсларнинг ижтимоий банк карталарига пул маблағларини ўтказади. Тўлов топшириқномасига асосан 1 иш кунида

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 сентябрдаги 610-сон қарорига 2-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон қарори билан тасдиқланган Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

7-бандда :

а) учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«банк картаси тури (корпоратив, шахсий ёки ижтимоий)»;

б) куйидаги мазмундаги ўнинчи ва ўн биринчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«ижтимоий карта рақами (биринчи ва охирги тўртта рақам);

транзакциянинг уникал рақами»;

в) ўнинчи — ўттиз биринчи хатбошилар тегишлича ўн иккинчи — ўттиз учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 29 сентябрь,

610 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.09.2025 й., 09/25/610/0882-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

VAQTINCHALIK NIZOM

SXEMASI

Aholining ijtimoiy himoyaga muhtoj toifalari tomonidan ijtimoiy karta orqali xarid qilingan ayrim tovarlar (xizmatlar) boʻyicha qoʻshilgan qiymat soligʻi summasini qaytarish tizimini soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholini davlat tomonidan ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash tartibini tubdan takomillashtirish toʻgʻrisida” 2024-yil 18iyuldagi PQ-267-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholini davlat tomonidan ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash tartibini tubdan takomillashtirish toʻgʻrisida” 2024-yil 18-iyuldagi PQ-267-son qaroriga muvofiq Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning vakillari boʻlgan jismoniy shaxslarga qonunchilik hujjatlarida belgilangan tovarlar (xizmatlar)ni belgilangan miqdor doirasida xarid qilishda toʻlangan qoʻshilgan qiymat soligʻi summasi bir ish kunida qaytarilishi, bunda ushbu xaridni soliq organlarining maxsus mobil ilovasida xarid chekining fiskal belgisini matritsali shtrix kod (QR-kod) yordamida skanerlash talab etilmasligi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning vakillari boʻlgan jismoniy shaxslar tomonidan ijtimoiy karta orqali xarid qilingan ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) boʻyicha qoʻshilgan qiymat soligʻi summasini qaytarish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

bir oyda bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravarigacha boʻlgan ayrim tovarlar (xizmatlar) uchun toʻlangan qoʻshilgan qiymat soligʻi summasini qaytarish yoki qaytarishni rad etish tartibi va asoslari;

ijtimoiy karta orqali xarid qilingan ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) boʻyicha qoʻshilgan qiymat soligʻi summasini Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning vakillari boʻlgan jismoniy shaxslarning ijtimoiy kartalariga oʻtkazish tartibi;

ijtimoiy karta orqali xarid qilingan va qoʻshilgan qiymat soligʻi summasi qaytarib olingan tovarlar (xizmatlar)ning fiskal belgili chekiga tuzatishlar kiritish tartibi.

3. Belgilansinki, ushbu vaqtinchalik nizom talablari 2025-yil 1-oktabrdan boshlab Toshkent shahri va Toshkent viloyatining Yangiyoʻl tumanida tajriba-sinov tariqasida joriy etiladi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) bilan birgalikda:

“Elektron hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali “Ijtimoiy karta” axborot tizimini soliq organlari maʼlumotlar bazasi bilan integratsiya qilgan holda, ijtimoiy karta berilgan fuqarolar va ijtimoiy karta toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning oʻzaro axborot tizimi orqali doimiy ravishda taqdim etib borilishi hamda uning yangilanishini taʼminlasin;

ijtimoiy karta orqali ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) xaridi boʻyicha toʻlangan qoʻshilgan qiymat soligʻi summasini qaytarish jarayonlarini avtomatlashtirishni nazarda tutuvchi dasturiy taʼminotni ishlab chiqib, amaliyotga joriy etsin;

b) ijtimoiy kartani muomalaga chiqarish va foydalanish uchun maʼlumot almashish boʻyicha moliyaviy agentlar, toʻlov tizimlari operatorlari va Agentlik bilan birgalikda ijtimoiy karta orqali tovar (xizmat)lar xarid qilinganda, tegishli xarid chekida ijtimoiy karta va tranzaksiyaning unikal raqamini axborot xavfsizligi qoidalariga muvofiq taqdim etish amaliyotini joriy etsin;

v) Agentlik, Markaziy bank hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda 2025-yil 1-dekabrga qadar tajriba-sinov natijalarini hisobga olgan holda, qoʻshilgan qiymat soligʻi summasini qaytarish tizimini soddalashtirish boʻyicha takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

5. Belgilansinki, ushbu qarorning 4-bandida nazarda tutilgan avtomatlashtirilgan dasturiy taʼminotni ishlab chiqish va amaliyotga joriy etish bilan bogʻliq xarajatlar Vazirlar Mahkamasining “Aholini ijtimoiy qoʻllab-quvvatlashda “ijtimoiy karta” tizimini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 27-dekabrdagi 897-son qaroriga muvofiq “Ijtimoiy karta” axborot tizimini ishlab chiqish, sinovdan oʻtkazish, sanoat ekspluatatsiyasiga tushirish va takomillashtirib borish boʻyicha loyiha hamkori tomonidan qoplanadi.

6. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 23-noyabrdagi 943-son qarori bilan tasdiqlangan Aholi bilan pulli hisob-kitoblarni amalga oshirishda onlayn nazorat-kassa mashinalari va virtual kassa tizimini qoʻllash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

7. Agentlik:

ushbu qarorning mazmun-mohiyati va ahamiyatini aholi oʻrtasida keng targʻib qilinishini taʼminlasin;

manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

8. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 29-sentabrdagi 610-son qaroriga 1-ILOVA

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning vakillari boʻlgan jismoniy shaxslar tomonidan ijtimoiy karta orqali xarid qilingan ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) boʻyicha qoʻshilgan qiymat soligʻi summasini qaytarish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning vakillari boʻlgan jismoniy shaxslar (keyingi oʻrinlarda — jismoniy shaxslar) tomonidan ijtimoiy karta orqali xarid qilingan qonunchilik hujjatlarida belgilangan ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) boʻyicha qoʻshilgan qiymat soligʻi (keyingi oʻrinlarda — soliq) summasini qaytarish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

avtomatlashtirilgan dastur — jismoniy shaxslarga ijtimoiy karta orqali qonunchilik hujjatlarida belgilangan tovarlar (xizmatlar)ni belgilangan miqdor doirasida xarid qilishda toʻlangan soliq summasini qaytarish yoki qaytarishni rad etish asoslarini tekshirish imkoniyatini nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining avtomatlashtirilgan dasturi;

ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 5-apreldagi PQ-113-son qarori bilan tasdiqlangan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan jismoniy shaxslar tomonidan xarid qilinganda, soliq summasi qaytarib beriladigan ayrim turdagi oziq-ovqat mahsulotlari roʻyxatida nazarda tutilgan tovar va xizmatlar;

mahsulotlar (tovarlar va xizmatlar)ning identifikatsiya kodlari (MXIK) — mahsulotlar (tovar va xizmatlar) yagona elektron milliy katalogidagi mahsulotning identifikatsiya kodlari.

3. Ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) ijtimoiy karta orqali xarid qilinganda, soliq summasi oyiga bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravarigacha boʻlgan xaridlar summasi doirasida qaytariladi.

Ijtimoiy karta orqali ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) xarid qilinganda, ushbu xarid boʻyicha xarid chekining fiskal belgisini soliq organlarining maxsus mobil ilovasida matritsali shtrix kod (QR-kod) yordamida skanerlash talab etilmaydi.

4. Jismoniy shaxslar tomonidan ijtimoiy karta orqali ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) xaridi boʻyicha toʻlangan soliq summasi ularning ijtimoiy kartalariga Oʻzbekiston Respublikasi milliy valyutasida qaytariladi.

5. Jismoniy shaxslarga xarid qilingan ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) xarid summasining 1 foizi miqdorida qaytariladigan mablagʻ oʻrniga xarid summasida toʻlangan soliq summasi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Iqtisodiyot va moliya vazirligi) tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Respublika budjeti hisobidan qaytariladi.

2-bob. Ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) uchun ijtimoiy karta orqali xarid qilishda toʻlangan soliq summasini qaytarish va qaytarishni rad etish tartibi

6. Jismoniy shaxslar ijtimoiy karta orqali ayrim turdagi tovarlarni (xizmatlarni) xarid qilganda toʻlangan soliq summasi xarid qilingan tovarlar (xizmatlar)ning MXIK kodlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan soliq summasi qaytarib beriladigan tovarlar (xizmatlar) MXIK kodlariga mos kelgan taqdirda, avtomatlashtirilgan dastur orqali qaytariladi.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Soliq qoʻmitasi) quyidagi hollarda jismoniy shaxslar tomonidan ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) xarid qilinganda, soliq summasini qaytarishni toʻliq yoki qisman rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi:

aholi bilan hisob-kitoblar toʻgʻrisida onlayn rejimda kelib tushadigan maʼlumotlar va soliq organlarida mavjud boʻlgan boshqa maʼlumotlar asosida tovarlarni sotish va xarid qilishda tovarlar (xizmatlar) qiymatining bir qismini qaytarib olishga qaratilgan huquqbuzarlik belgilari aniqlanganda;

xarid qilingan tovarlar (xizmatlar) Ijtimoiy reyestrga kiritilgan jismoniy shaxslar tomonidan sotib olinganda soliq summasi qaytarib beriladigan ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) roʻyxatiga kirmaganda yoki sotilgan ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) soni xarid qilingan ushbu roʻyxatdagi tovarlar sonidan koʻp boʻlganda;

fiskal modul operatorlari orqali yuborilgan maʼlumotlarga asosan xaridni amalga oshirgan jismoniy shaxsdan uning haqiqiy xaridlari toʻgʻrisidagi tasdigʻini soʻrab olishda xarid haqiqatda ushbu jismoniy shaxs tomonidan amalga oshirganligi shubhali boʻlgan taqdirda;

onlayn nazorat-kassa texnikalari cheklarida identifikatsiya kodlari va shtrix-kodlari notoʻgʻri aks ettirilishi aniqlanganda yoki ularda soliq organlari maʼlumotlar bazasida mavjud boʻlmagan identifikatsiya kodlari va shtrix-kodlari bilan aks ettirilganda.

8. Jismoniy shaxslar tomonidan toʻlangan soliq summasini qaytarish ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

9. Soliq qoʻmitasi avtomatlashtirilgan dastur orqali aniqlangan soliq summasi boʻyicha buyurtmani real vaqt rejimida ijtimoiy kartadan toʻlovlar amalga oshirilgan kunda Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etadi.

10. Iqtisodiyot va moliya vazirligi Soliq qoʻmitasining buyurtmasiga binoan Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasiga (keyingi oʻrinda — Gʻaznachilik) Soliq qoʻmitasining maxsus hisobvaragʻiga buyurtma olgan kunda toʻlangan soliq summasini qaytarib berish uchun mablagʻlarni oʻtkazadi.

11. Soliq qoʻmitasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan pul mablagʻlari oʻtkazilgandan keyin bir ish kunidan kechiktirmay ularni Gʻaznachilikdagi maxsus hisobvaragʻidan vakolatli bankda ochilgan hisobvaragʻiga oʻtkazadi.

12. Soliq qoʻmitasi soliq summasi qaytarilishi tasdiqlangan jismoniy shaxslarning reyestrini vakolatli bankka bir ish kunida taqdim etadi.

13. Soliq qoʻmitasi topshirigʻiga asosan vakolatli bank tegishli pul mablagʻlarini bir ish kunida soliq summasi qaytarilishi tasdiqlangan jismoniy shaxslarning ijtimoiy kartalariga oʻtkazadi.

3-bob. Onlayn nazorat-kassa texnikasi cheklariga tuzatish kiritilishining bajarilishini nazorat qilish

14. Ijtimoiy karta orqali xarid qilingan ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) boʻyicha soliq summasi qaytarib olingan tovarlarning (xizmatlarning) fiskal belgili chekiga ushbu tovarlar (xizmatlar)ni realizatsiya qiluvchi tadbirkorlik subyekti tomonidan tuzatish kiritish mumkin emas, bunda faqat Soliq qoʻmitasining xulosasi asosida ijtimoiy karta orqali xarid qilingan ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) qiymatining soliq summasi Davlat budjetiga qaytarib berilgandan soʻng tuzatish kiritiladi.

15. Ijtimoiy karta orqali xarid qilingan ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) boʻyicha soliq summasi qaytarib olingan tovarlarning (xizmatlarning) fiskal belgili chekiga tuzatish kiritish uchun tadbirkorlik subyekti shaxsiy kabineti orqali Soliq qoʻmitasiga tegishli ariza yuboradi.

16. Soliq qoʻmitasi ariza kelib tushgan kundan boshlab oʻn besh kun ichida ijtimoiy karta orqali xarid qilingan ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) boʻyicha soliq summasi qaytarib olingan tovarlarning (xizmatlarning) fiskal belgili onlayn-kassa cheklariga maxsus mobil ilova orqali tuzatish kiritish imkoniyati mavjud yoki mavjud emasligi toʻgʻrisida tadbirkorlik subyektiga xulosa yuboradi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

17. Ushbu Nizomni qoʻllashda kelib chiqadigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

18. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning vakillari boʻlgan jismoniy shaxslar tomonidan ijtimoiy karta orqali xarid qilingan ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar) boʻyicha qoʻshilgan qiymat soligʻi summasini qaytarish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga ILOVA

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan jismoniy shaxslarga qoʻshilgan qiymat soligʻi summasini qaytarish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar I. Ayrim turdagi tovarlarni (xizmatlarni) ijtimoiy karta orqali xarid qilish 1-bosqich Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning vakillari boʻlgan jismoniy shaxslar Qonunchilikda belgilangan ayrim turdagi tovarlar (xizmatlar)ni ijtimoiy karta orqali xarid qiladi. Ehtiyojga koʻra 2-bosqich Soliq qoʻmitasi Avtomatlashtirilgan dasturiy taʼminot orqali belgilangan mezonlar asosida aniqlangan soliq summasi boʻyicha buyurtmani real vaqt rejimida Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etadi. Ijtimoiy kartadan toʻlovlar amalga oshirilgan kunda II. Toʻlangan qoʻshilgan qiymat soligʻi summasini qaytarish 3-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Soliq qoʻmitasining buyurtmasiga binoan Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasiga Soliq qoʻmitasining maxsus hisobvaragʻiga buyurtma olgan kunda toʻlangan soliq summasini qaytarib berish uchun zarur mablagʻlarni oʻtkazadi. Buyurtma olingan kunda 4-bosqich Soliq qoʻmitasi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaraqdan vakolatli bankda ochilgan hisobvaraqqa tegishli mablagʻlarni oʻtkazadi. 1 ish kunida 5-bosqich Soliq qoʻmitasi Soliq summasi qaytarilishi tasdiqlangan jismoniy shaxslarning reyestrini vakolatli bankka taqdim etadi. 1 ish kunida 6-bosqich Vakolatli bank Soliq summasi qaytarilishi tasdiqlangan jismoniy shaxslarning ijtimoiy bank kartalariga pul mablagʻlarini oʻtkazadi. Toʻlov topshiriqnomasiga asosan 1 ish kunida

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 29-sentabrdagi 610-son qaroriga 2-ILOVA

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 23-noyabrdagi 943-son qarori bilan tasdiqlangan Aholi bilan pulli hisob-kitoblarni amalga oshirishda onlayn nazorat-kassa mashinalari va virtual kassa tizimini qoʻllash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

7-bandda :

a) uchinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“bank kartasi turi (korporativ, shaxsiy yoki ijtimoiy)”;

b) kuyidagi mazmundagi oʻninchi va oʻn birinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“ijtimoiy karta raqami (birinchi va oxirgi toʻrtta raqam);

tranzaksiyaning unikal raqami”;

v) oʻninchi — oʻttiz birinchi xatboshilar tegishlicha oʻn ikkinchi — oʻttiz uchinchi xatboshilar deb hisoblansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 29-sentabr,

610 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.09.2025-y., 09/25/610/0882-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son)

lex.uz