UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 30-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 30 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 сентября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 September 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Техникумларда хорижий таълим ташкилотлари иштирокида қўшма таълим дастурларини жорий қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 16 октябрдаги ПФ-158-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда ўрта бўғин кадрларини қўшма таълим дастурлари асосида техникумларда тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 16 октябрдаги ПФ-158-сон Фармонида техникумларда қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб техникумларда хорижий таълим ташкилотлари иштирокида қўшма таълим дастурлари (кейинги ўринларда — қўшма таълим дастурлари) асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилсин.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Техникумларда хорижий таълим ташкилотлари иштирокида қўшма таълим дастурларини жорий қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

техникумларда қўшма таълим дастурларини жорий қилиш тартиби;

техникумларга қўшма таълим дастурлари асосида ўқувчиларни қабул қилиш ҳамда таълим жараёнини ташкил этиш;

техникумларда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ички ва ташқи меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш.

4. Белгилансинки:

қўшма таълим дастурлари асосида ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби қўшма таълим дастурларини амалга оширишдаги ҳамкор хорижий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда техникум томонидан белгиланади ва ўқувчилар ўқишга қабул қилинади;

қўшма таълим дастури бўйича қабул параметрлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда техникум томонидан тасдиқланади;

қўшма таълим дастурлари бўйича қабул жараёнига оид зарур маълумотлар қабул жараёни бошланишидан камида бир ой олдин техникумнинг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида жойлаштирилади;

қўшма таълим дастурлари асосида техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга хорижий таълим ташкилоти жойлашган давлатда тан олинадиган ҳужжат (диплом ва/ёки сертификат) ҳамда белгиланган тартибда техникумнинг давлат намунасидаги дипломи берилади.

5. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 сентябрдаги 614-сон қарорига ИЛОВА

Техникумларда хорижий таълим ташкилотлари иштирокида қўшма таълим дастурларини жорий қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом техникум ва хорижий таълим ташкилотларининг ўзаро келишувига мувофиқ жорий этилган қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом нодавлат касбий таълим ташкилотлари учун тавсиявий тусга эга ҳисобланади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ариза берувчи — хорижий таълим ташкилоти билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурини жорий қилишга талабгор техникум;

ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги;

меморандум — жорий этилиши режалаштирилган қўшма таълим дастури экспертизасига қадар техникум ва хорижий таълим ташкилоти томонидан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича имзоланадиган дастлабки келишув ҳужжати;

техникум — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлайдиган таълим ташкилоти;

шартнома — техникум ва хорижий таълим ташкилоти ҳамкорликда қўшма таълим дастурини жорий этиш бўйича ваколатли орган томонидан экспертизадан ўтказилган таълим дастурларини амалга оширишда томонларнинг вазифалари ва мажбуриятларини ифодаловчи ҳужжат;

хорижий таълим ташкилот и — бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш бўйича хорижий давлатда ваколатли орган томонидан рўйхатдан ўтказилган ва тан олинган (лицензия берилган ва/ёки аккредитациядан ўтказилган) таълим ташкилоти;

қўшма таълим дастури — техникум ва хорижий таълим ташкилоти томонидан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш ва битирувчиларга тегишли даража(лар)да касбий маълумот олганлиги тўғрисидаги хорижий давлатда ва Ўзбекистонда тан олинадиган квалификация (диплом ёки сертификат) берилишини назарда тутувчи таълим дастури.

4. Қуйидагилар қўшма таълим дастурини жорий этишнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида ўрта бўғин кадрларини маҳаллий ва халқаро меҳнат бозори талабларига мувофиқ тайёрлаш;

меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйиладиган касб ва мутахассисликлар таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

қўшма таълим дастури бўйича таълим олаётган ўқувчиларнинг амалиётини маҳаллий ёки хорижий иш берувчи корхона (ташкилот)ларда ва/ёки ҳамкор хорижий таълим ташкилотларида ташкил этиш;

узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш;

ҳамкорликда семинарлар ўтказиш, стажировкалар ташкил этиш ҳамда халқаро лойиҳаларда иштирок этиш.

5. Техникумларда қўшма таълим дастурини жорий этишда хорижий таълим ташкилоти сифатида қуйидагилар жалб қилинади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алоҳида бўлинмалари (филиаллари) мавжуд бўлган ёки қўшма таълим дастури асосида фаолият юритаётган хорижий таълим ташкилоти;

хорижий таълим ташкилотлари жойлашган давлатда ваколатли орган томонидан рўйхатдан ўтказилган ва тан олинган (лицензия берилган ва/ёки аккредитациядан ўтказилган) таълим ташкилоти;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ қўшма таълим дастурини амалга ошириш ваколатига эга таълим ташкилоти.

6. Қўшма таълим дастурлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилади. Бунда:

ижобий экспертиза хулосаси берилган қўшма таълим дастурлари асосида таълим фаолиятини ташкил этишга рухсат этилади;

қўшма таълим дастури бепул экспертизадан ўтказилади.

2-боб. Қўшма таълим дастурини жорий қилиш тартиби

7. Қўшма таълим дастури ушбу Низомга иловада келтирилган схема асосида жорий этилади.

8. Ариза берувчи қўшма таълим дастурини жорий этиш учун ваколатли органга ариза билан мурожаат қилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

қўшма таълим дастури асосида таълим фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳамкор хорижий таълим ташкилот билан имзоланган меморандум нусхаси;

хорижий таълим ташкилотининг ўзи жойлашган давлатда ваколатли орган томонидан рўйхатдан ўтказилганини ва тан олинганини (лицензия берилганлиги ва/ёки аккредитациядан ўтказилганлигини) тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;

қўшма таълим дастурининг мақсади, касбий таълим тизимида кадрлар тайёрланадиган касб ва мутахассисликлари, таълим давомийлиги, шакли ва жойи тўғрисидаги маълумотлар;

қўшма таълим дастурини ишлаб чиқишга асос бўлган миллий малакалар рамкаси, касбий стандартлар, таълим стандартлари, ўқув режаси ва ўқув дастурларининг тасдиқланган нусхалари (танлов фанлари бундан мустасно);

ўқув жараёнида фойдаланиладиган моддий-техник таъминот, шу жумладан, компьютерлар, ўқув устахоналари, ўқув фанлари хоналари тўғрисида маълумотлар;

ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш, кредитларни тан олиш, таълим жараёнини ташкил этиш, таълим сифатини таъминлаш ва ўқитиш натижаларини тан олиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхалари;

хорижий ҳамкор таълим ташкилотлари томонидан тасдиқланган таълим якунида бериладиган ҳужжатлар (диплом ёки сертификат)нинг намуна нусхалари.

Ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган қўшимча маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига ариза берувчи масъул ҳисобланади.

9. Ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар ариза берувчининг ихтиёрига кўра ваколатли орган томонидан белгиланган ахборот тизими орқали тақдим этилади.

10. Ваколатли орган ариза келиб тушган кундан бошлаб 15 иш куни мобайнида аризани кўриб чиқади.

11. Ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган талаблар бажарилганда ҳамда Ўзбекистон Республикаси кадрлар тайёрлаш соҳасига мос бўлганда, қўшма таълим дастурини жорий этиш бўйича ижобий хулоса берилади.

Қўшма таълим дастурини жорий этиш учун тақдим этилган ариза қуйидаги ҳолларда рад этилади:

зарур бўлган ҳужжатлар ариза берувчи томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганда;

аризага илова қилинган ҳужжатлар ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган талабларга мувофиқ тақдим этилмаганда;

тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги аниқланганда.

Бошқа асосларга кўра, шу жумладан, қўшма таълим дастурини очиш мақсадга мувофиқ эмас, деган важ билан аризани рад этишга йўл қўйилмайди.

12. Қўшма таълим дастурини жорий этиш бўйича хулоса ваколатли орган томонидан 3 иш куни мобайнида ариза берувчига тақдим этилади.

13. Қўшма таълим дастурини жорий этиш бўйича хулоса салбий бўлганда, ваколатли орган ҳужжатлар тўпламини ариза берувчига қайтаради.

Бунда 15 иш кун муддатда ариза берувчи томонидан кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаса ҳамда ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилинмаса, ваколатли орган томонидан бир иш кунида ариза рад этилади ва бу ҳақда ариза берувчи хабардор қилинади.

14. Ваколатли органнинг ижобий хулосасига асосан техникум билан хорижий таълим ташкилоти ўртасида келишилган муддатларда белгиланган тартибда шартнома расмийлаштирилади.

Шартномада қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

шартноманинг мақсади ва предмети;

Ўзбекистон Республикаси ва ҳамкор хорижий таълим ташкилот(лар)и жойлашган давлатларнинг миллий малака рамкалари хусусиятлари;

қўшма таълим дастури тўғрисида маълумот;

томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги;

кадрлар тайёрланадиган касб ва мутахассисликлар;

ўқитиш тили, муддати, шакли ва жойи;

ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш тартиби;

қўшма таълим дастури асосида ташкил этилган таълим жараёнини бошқариш тартиби;

ўқувчилар билимини баҳолаш тартиби;

техникумда ва ҳамкор хорижий таълим ташкилотида таълим сифатини мониторинг қилиш ва таъминлаш чора-тадбирлари;

қўшма таълим дастурини жорий этишда ахборот билан таъминлаш (қўллаб-қувватлаш) ва маркетинг бўйича чора-тадбирлар;

ўқитиш натижаларини (ўқитиш кредит-модуль тизими асосида ташкил этилганда — кредитларни) ўзаро тан олиш, ўқишни кўчириш тартиби;

қўшма таълим дастурини молиялаштиришга оид масалалар;

таълим дастурига оид интеллектуал мулк ҳуқуқлари;

шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби;

томонлар муносабатларига нисбатан қўлланадиган ҳуқуқ ва низоларни ҳал қилиш тартиби;

тарафларнинг реквизитлари, шартнома тузилган сана ва жойи.

Шартномада томонлар келишувига кўра бошқа шартлар ҳам акс эттирилиши мумкин.

15. Қўшма таълим дастурини жорий этиш бўйича шартнома ва унга қўшимча келишувларнинг ўқувчиларга ва таълим сифатини таъминлашга тааллуқли бўлган қисми техникумнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

16. Ваколатли орган томонидан қўшма таълим дастури жорий этилган техникумларнинг электрон реестри юритилади.

3-боб. Қўшма таълим дастури асосида ўқувчиларни қабул қилиш

17. Қўшма таълим дастури асосида ўқувчилар техникум томонидан ҳамкор хорижий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда тасдиқланган тартибга мувофиқ ўқишга қабул қилинади.

Тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати ҳамда уни тўлаш тартиби техникум ва ҳамкор хорижий таълим ташкилоти томонидан тегишли касб ва мутахассисликларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, ўзаро келишилган ҳолда белгиланади.

18. Ҳар йили қўшма таълим дастурлари асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари ваколатли орган билан келишган ҳолда техникум томонидан тасдиқланади.

19. Қўшма таълим дастури асосида ҳужжат топшириш ваколатли орган томонидан белгиланган ёки рухсат берилган тегишли платформа орқали онлайн шаклда амалга оширилади ва имтиҳон натижалари имтиҳон ўтказилган куннинг кейинги куни техникумнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинади.

20. Қўшма таълим дастури асосида хорижий фуқаролар белгиланган тартибда ўқишга қабул қилиниши мумкин.

4-боб. Қўшма таълим дастури асосида ўқув жараёнини ташкил этиш

21. Қўшма таълим дастури асосида техникумларда ўқув жараёнини ташкил этиш учун касб ва мутахассисликларнинг ишчи ўқув режаси ва ўқув дастурлари техникум томонидан хорижий таълим ташкилотлари билан биргаликда ишлаб чиқилади.

22. Қўшма таълим дастури асосида ўқув жараёни графиги касб ва мутахассисликларнинг таълим дастурларидан келиб чиқиб, техникум директори томонидан ҳамкор хорижий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

23. Қўшма таълим дастурларининг ўқув режасида белгиланган мутахассислик фанларининг камида 25 фоизи ҳамкор хорижий таълим ташкилоти дастурлари асосида ўқитилади.

24. Техникумларда қўшма таълим дастури асосида таълим олаётган ўқувчилар хорижий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда, таълим дастурининг бир қисмини ҳамкор хорижий таълим ташкилотида давом эттириши мумкин.

Хорижий таълим ташкилотларига ўқувчиларни ўқишини давом эттириш ҳамда амалиётга юбориш билан боғлиқ харажатлари ҳамкор хорижий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда хорижий таълим ташкилоти, қўшма таълим дастури асосида ўқиётган ўқувчилардан тушадиган тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан ёки ўқувчи томонидан қопланади.

Зарур бўлганда қўшма таълим дастури доирасида машғулотлар замонавий ахборот технологиялари ва масофавий ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилиши мумкин.

25. Қўшма таълим дастури асосида ўқув жараёнига жалб этиладиган маҳаллий ва хорижий ўқитувчилар ёки ишлаб чиқариш таълими усталарининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори техникум томонидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарига иш берувчилар, халқаро ҳамкорлар ва хорижий таълим ташкилотлари маблағлари ҳисобидан қўшимча ойлик рағбатлантириш устамалари тўланиши мумкин.

26. Қўшма таълим дастури асосида таълим олаётган ўқувчилар билими техникум томонидан ҳамкор хорижий таълим ташкилоти билан келишилган ҳолда тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади.

27. Қўшма таълим дастурлари асосида таълим олаётган ўқувчилар техникумнинг ўқув интизоми, ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши мажбурий ҳисобланади.

28. Қўшма таълим дастури асосида таълим олаётган ўқувчилар ўқув жараёнида техникумнинг бино ва иншоотлари, тегишли ўқув жиҳозлари, моддий-техник базаси, кутубхонаси, маҳаллий ва хорижий (шу жумладан, қўшма таълим дастури ўқитиш тилидаги) ўқув адабиётлари, ўқитиш материаллари тўпламлари, электрон ресурсларидан бепул фойдаланади.

29. Қўшма таълим дастурлари асосида таълим олган битирувчилар ҳақидаги маълумотлар ваколатли органнинг электрон ахборот тизимига киритилади.

30. Техникумнинг қўшма таълим дастури битирувчиларига хорижий таълим ташкилоти жойлашган давлатда ҳамда Ўзбекистонда тан олинадиган квалификация (давлат намунасидаги диплом ёки сертификат) белгиланган тартибда берилади.

Дипломга иловага қўшма таълим дастури бўйича қўшимча маълумотлар киритилади.

31. Қўшма таълим дастури асосида таълим олаётган ўқувчиларни ўқишини кўчириш, ўқишдан четлаштириш ва қайта тиклаш, шунингдек, академик таътил бериш, уларни курсдан-курсга қолдириш таълим жараёни ташкил этилган ёки амалга оширилаётган давлатдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

32. Ваколатли орган зарур ҳолларда қўшма таълим дастурининг таълим сифатини, таълим жараёни ташкил этилишини, педагог ходимларнинг меҳнат фаолиятини, ўқувчиларнинг ўқув дастурларини ўзлаштириш даражасини (билимини), ўқув жараёнини амалга ошириш учун яратилган шароитларни ўрганади.

Ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда таълим сифатини ошириш бўйича техникумга таклиф киритади.

Аниқланган камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, техникумнинг ушбу Низом талабларига риоя қилмасдан ташкил этилган қўшма таълим дастурларига ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш тўхтатилади.

33. Қўшма таълим дастурлари асосида таълим олаётган ўқувчилар ўқишини фанлар фарқини топшириш шарти билан мос таълим даражасидаги Ўзбекистон Республикаси давлат касбий таълим ташкилотида давом эттиришига рухсат этилади.

34. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

35. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Техникумларда хорижий таълим ташкилотлари иштирокида қўшма таълим дастурларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Техникумларда хорижий таълим ташкилотлари иштирокида қўшма таълим дастурларини жорий этиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Техникум Қўшма таълим дастурини жорий этиш учун ваколатли орган (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги)га ариза билан мурожаат қилади. Ўқув йили давомида 2-босқич Ваколатли орган (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги) Аризани кўриб чиқади. 15 иш куни ичида Техникумга қўшма таълим дастурини жорий этиш бўйича ижобий ёки салбий хулоса юборади. 3 иш куни ичида 3-босқич Техникум Салбий хулоса берилган тақдирда, аниқланган камчиликларни бартараф қилади ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этади. 10 иш куни ичида 4-босқич Ваколатли орган (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги) Кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаса ва етишмаётган ҳужжатлар тақдим қилинмаса, аризани рад этади, бу ҳақда техникумни хабардор қилади. 1 иш куни ичида 5-босқич Техникум Ваколатли органнинг ижобий хулосасига асосан хорижий таълим ташкилоти билан шартнома расмийлаштиради. Хорижий таълим ташкилоти билан келишилган муддатларда

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 30 сентябрь,

614-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.10.2025 й., 09/25/614/0887-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Texnikumlarda xorijiy taʼlim tashkilotlari ishtirokida qoʻshma taʼlim dasturlarini joriy qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Kasbiy taʼlimda malakali kadrlar tayyorlash tizimini yanada takomillashtirish va xalqaro taʼlim dasturlarini joriy qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 16-oktabrdagi PF-158-son Farmoni ijrosini taʼminlash hamda oʻrta boʻgʻin kadrlarini qoʻshma taʼlim dasturlari asosida texnikumlarda tayyorlashni yoʻlga qoʻyish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Kasbiy taʼlimda malakali kadrlar tayyorlash tizimini yanada takomillashtirish va xalqaro taʼlim dasturlarini joriy qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 16-oktabrdagi PF-158-son Farmonida texnikumlarda qoʻshma taʼlim dasturlari asosida kadrlar tayyorlashni yoʻlga qoʻyish belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. 2025/2026 oʻquv yilidan boshlab texnikumlarda xorijiy taʼlim tashkilotlari ishtirokida qoʻshma taʼlim dasturlari (keyingi oʻrinlarda — qoʻshma taʼlim dasturlari) asosida kadrlar tayyorlash yoʻlga qoʻyilsin.

3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Texnikumlarda xorijiy taʼlim tashkilotlari ishtirokida qoʻshma taʼlim dasturlarini joriy qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

texnikumlarda qoʻshma taʼlim dasturlarini joriy qilish tartibi;

texnikumlarga qoʻshma taʼlim dasturlari asosida oʻquvchilarni qabul qilish hamda taʼlim jarayonini tashkil etish;

texnikumlarda xalqaro hamkorlikni rivojlantirish, ichki va tashqi mehnat bozori talablariga mos kadrlar tayyorlashni tizimli yoʻlga qoʻyish.

4. Belgilansinki:

qoʻshma taʼlim dasturlari asosida oʻquvchilarni oʻqishga qabul qilish tartibi qoʻshma taʼlim dasturlarini amalga oshirishdagi hamkor xorijiy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda texnikum tomonidan belgilanadi va oʻquvchilar oʻqishga qabul qilinadi;

qoʻshma taʼlim dasturi boʻyicha qabul parametrlari Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan holda texnikum tomonidan tasdiqlanadi;

qoʻshma taʼlim dasturlari boʻyicha qabul jarayoniga oid zarur maʼlumotlar qabul jarayoni boshlanishidan kamida bir oy oldin texnikumning rasmiy veb-sayti yoki ijtimoiy tarmoqlardagi sahifasida joylashtiriladi;

qoʻshma taʼlim dasturlari asosida texnikumlarni muvaffaqiyatli tamomlagan bitiruvchilarga xorijiy taʼlim tashkiloti joylashgan davlatda tan olinadigan hujjat (diplom va/yoki sertifikat) hamda belgilangan tartibda texnikumning davlat namunasidagi diplomi beriladi.

5. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 30-sentabrdagi 614-son qaroriga ILOVA

Texnikumlarda xorijiy taʼlim tashkilotlari ishtirokida qoʻshma taʼlim dasturlarini joriy qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom texnikum va xorijiy taʼlim tashkilotlarining oʻzaro kelishuviga muvofiq joriy etilgan qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizom nodavlat kasbiy taʼlim tashkilotlari uchun tavsiyaviy tusga ega hisoblanadi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ariza beruvchi — xorijiy taʼlim tashkiloti bilan hamkorlikda qoʻshma taʼlim dasturini joriy qilishga talabgor texnikum;

vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi;

memorandum — joriy etilishi rejalashtirilgan qoʻshma taʼlim dasturi ekspertizasiga qadar texnikum va xorijiy taʼlim tashkiloti tomonidan hamkorlikni yoʻlga qoʻyish boʻyicha imzolanadigan dastlabki kelishuv hujjati;

texnikum — qonunchilik hujjatlariga muvofiq tashkil etilgan, boshlangʻich, oʻrta va oʻrta maxsus kasbiy taʼlim dasturlari asosida kadrlar tayyorlaydigan taʼlim tashkiloti;

shartnoma — texnikum va xorijiy taʼlim tashkiloti hamkorlikda qoʻshma taʼlim dasturini joriy etish boʻyicha vakolatli organ tomonidan ekspertizadan oʻtkazilgan taʼlim dasturlarini amalga oshirishda tomonlarning vazifalari va majburiyatlarini ifodalovchi hujjat;

xorijiy taʼlim tashkilot i — boshlangʻich, oʻrta va oʻrta maxsus kasbiy taʼlim dasturlari asosida kadrlar tayyorlash boʻyicha xorijiy davlatda vakolatli organ tomonidan roʻyxatdan oʻtkazilgan va tan olingan (litsenziya berilgan va/yoki akkreditatsiyadan oʻtkazilgan) taʼlim tashkiloti;

qoʻshma taʼlim dasturi — texnikum va xorijiy taʼlim tashkiloti tomonidan hamkorlikda kadrlar tayyorlash va bitiruvchilarga tegishli daraja(lar)da kasbiy maʼlumot olganligi toʻgʻrisidagi xorijiy davlatda va Oʻzbekistonda tan olinadigan kvalifikatsiya (diplom yoki sertifikat) berilishini nazarda tutuvchi taʼlim dasturi.

4. Quyidagilar qoʻshma taʼlim dasturini joriy etishning asosiy yoʻnalishlari hisoblanadi:

iqtisodiyot tarmoqlarini rivojlantirish maqsadida oʻrta boʻgʻin kadrlarini mahalliy va xalqaro mehnat bozori talablariga muvofiq tayyorlash;

mehnat bozori ehtiyojlari asosida kadrlar tayyorlash yoʻlga qoʻyiladigan kasb va mutaxassisliklar taʼlim dasturlarini ishlab chiqish va joriy etish;

qoʻshma taʼlim dasturi boʻyicha taʼlim olayotgan oʻquvchilarning amaliyotini mahalliy yoki xorijiy ish beruvchi korxona (tashkilot)larda va/yoki hamkor xorijiy taʼlim tashkilotlarida tashkil etish;

uzoq muddatli hamkorlikni rivojlantirish;

hamkorlikda seminarlar oʻtkazish, stajirovkalar tashkil etish hamda xalqaro loyihalarda ishtirok etish.

5. Texnikumlarda qoʻshma taʼlim dasturini joriy etishda xorijiy taʼlim tashkiloti sifatida quyidagilar jalb qilinadi:

Oʻzbekiston Respublikasi hududida alohida boʻlinmalari (filiallari) mavjud boʻlgan yoki qoʻshma taʼlim dasturi asosida faoliyat yuritayotgan xorijiy taʼlim tashkiloti;

xorijiy taʼlim tashkilotlari joylashgan davlatda vakolatli organ tomonidan roʻyxatdan oʻtkazilgan va tan olingan (litsenziya berilgan va/yoki akkreditatsiyadan oʻtkazilgan) taʼlim tashkiloti;

Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining qarorlariga muvofiq qoʻshma taʼlim dasturini amalga oshirish vakolatiga ega taʼlim tashkiloti.

6. Qoʻshma taʼlim dasturlari Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan ekspertizadan oʻtkaziladi. Bunda:

ijobiy ekspertiza xulosasi berilgan qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim faoliyatini tashkil etishga ruxsat etiladi;

qoʻshma taʼlim dasturi bepul ekspertizadan oʻtkaziladi.

2-bob. Qoʻshma taʼlim dasturini joriy qilish tartibi

7. Qoʻshma taʼlim dasturi ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxema asosida joriy etiladi.

8. Ariza beruvchi qoʻshma taʼlim dasturini joriy etish uchun vakolatli organga ariza bilan murojaat qiladi.

Arizaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:

qoʻshma taʼlim dasturi asosida taʼlim faoliyatini tashkil etish boʻyicha hamkor xorijiy taʼlim tashkilot bilan imzolangan memorandum nusxasi;

xorijiy taʼlim tashkilotining oʻzi joylashgan davlatda vakolatli organ tomonidan roʻyxatdan oʻtkazilganini va tan olinganini (litsenziya berilganligi va/yoki akkreditatsiyadan oʻtkazilganligini) tasdiqlovchi hujjatlar nusxasi;

qoʻshma taʼlim dasturining maqsadi, kasbiy taʼlim tizimida kadrlar tayyorlanadigan kasb va mutaxassisliklari, taʼlim davomiyligi, shakli va joyi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

qoʻshma taʼlim dasturini ishlab chiqishga asos boʻlgan milliy malakalar ramkasi, kasbiy standartlar, taʼlim standartlari, oʻquv rejasi va oʻquv dasturlarining tasdiqlangan nusxalari (tanlov fanlari bundan mustasno);

oʻquv jarayonida foydalaniladigan moddiy-texnik taʼminot, shu jumladan, kompyuterlar, oʻquv ustaxonalari, oʻquv fanlari xonalari toʻgʻrisida maʼlumotlar;

oʻquvchilarni oʻqishga qabul qilish, kreditlarni tan olish, taʼlim jarayonini tashkil etish, taʼlim sifatini taʼminlash va oʻqitish natijalarini tan olish bilan bogʻliq hujjatlarning tasdiqlangan nusxalari;

xorijiy hamkor taʼlim tashkilotlari tomonidan tasdiqlangan taʼlim yakunida beriladigan hujjatlar (diplom yoki sertifikat)ning namuna nusxalari.

Ariza beruvchidan ushbu bandda koʻrsatilmagan qoʻshimcha maʼlumot va hujjatlarni talab qilish qatʼiyan taqiqlanadi.

Taqdim etilgan hujjatlardagi maʼlumotlarning haqqoniyligiga ariza beruvchi masʼul hisoblanadi.

9. Ariza va unga ilova qilinadigan hujjatlar ariza beruvchining ixtiyoriga koʻra vakolatli organ tomonidan belgilangan axborot tizimi orqali taqdim etiladi.

10. Vakolatli organ ariza kelib tushgan kundan boshlab 15 ish kuni mobaynida arizani koʻrib chiqadi.

11. Ushbu Nizomning 8-bandida koʻrsatilgan talablar bajarilganda hamda Oʻzbekiston Respublikasi kadrlar tayyorlash sohasiga mos boʻlganda, qoʻshma taʼlim dasturini joriy etish boʻyicha ijobiy xulosa beriladi.

Qoʻshma taʼlim dasturini joriy etish uchun taqdim etilgan ariza quyidagi hollarda rad etiladi:

zarur boʻlgan hujjatlar ariza beruvchi tomonidan toʻliq boʻlmagan hajmda taqdim etilganda;

arizaga ilova qilingan hujjatlar ushbu Nizomning 8-bandida koʻrsatilgan talablarga muvofiq taqdim etilmaganda;

taqdim etilgan hujjatlarda yolgʻon yoki notoʻgʻri maʼlumotlarning mavjudligi aniqlanganda.

Boshqa asoslarga koʻra, shu jumladan, qoʻshma taʼlim dasturini ochish maqsadga muvofiq emas, degan vaj bilan arizani rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.

12. Qoʻshma taʼlim dasturini joriy etish boʻyicha xulosa vakolatli organ tomonidan 3 ish kuni mobaynida ariza beruvchiga taqdim etiladi.

13. Qoʻshma taʼlim dasturini joriy etish boʻyicha xulosa salbiy boʻlganda, vakolatli organ hujjatlar toʻplamini ariza beruvchiga qaytaradi.

Bunda 15 ish kun muddatda ariza beruvchi tomonidan koʻrsatilgan kamchiliklar bartaraf etilmasa hamda hujjatlar toʻliq taqdim qilinmasa, vakolatli organ tomonidan bir ish kunida ariza rad etiladi va bu haqda ariza beruvchi xabardor qilinadi.

14. Vakolatli organning ijobiy xulosasiga asosan texnikum bilan xorijiy taʼlim tashkiloti oʻrtasida kelishilgan muddatlarda belgilangan tartibda shartnoma rasmiylashtiriladi.

Shartnomada quyidagilar aks ettirilishi lozim:

shartnomaning maqsadi va predmeti;

Oʻzbekiston Respublikasi va hamkor xorijiy taʼlim tashkilot(lar)i joylashgan davlatlarning milliy malaka ramkalari xususiyatlari;

qoʻshma taʼlim dasturi toʻgʻrisida maʼlumot;

tomonlarning huquq va majburiyatlari hamda javobgarligi;

kadrlar tayyorlanadigan kasb va mutaxassisliklar;

oʻqitish tili, muddati, shakli va joyi;

oʻquvchilarni oʻqishga qabul qilish tartibi;

qoʻshma taʼlim dasturi asosida tashkil etilgan taʼlim jarayonini boshqarish tartibi;

oʻquvchilar bilimini baholash tartibi;

texnikumda va hamkor xorijiy taʼlim tashkilotida taʼlim sifatini monitoring qilish va taʼminlash chora-tadbirlari;

qoʻshma taʼlim dasturini joriy etishda axborot bilan taʼminlash (qoʻllab-quvvatlash) va marketing boʻyicha chora-tadbirlar;

oʻqitish natijalarini (oʻqitish kredit-modul tizimi asosida tashkil etilganda — kreditlarni) oʻzaro tan olish, oʻqishni koʻchirish tartibi;

qoʻshma taʼlim dasturini moliyalashtirishga oid masalalar;

taʼlim dasturiga oid intellektual mulk huquqlari;

shartnomani oʻzgartirish va bekor qilish tartibi;

tomonlar munosabatlariga nisbatan qoʻllanadigan huquq va nizolarni hal qilish tartibi;

taraflarning rekvizitlari, shartnoma tuzilgan sana va joyi.

Shartnomada tomonlar kelishuviga koʻra boshqa shartlar ham aks ettirilishi mumkin.

15. Qoʻshma taʼlim dasturini joriy etish boʻyicha shartnoma va unga qoʻshimcha kelishuvlarning oʻquvchilarga va taʼlim sifatini taʼminlashga taalluqli boʻlgan qismi texnikumning rasmiy veb-saytida joylashtiriladi.

16. Vakolatli organ tomonidan qoʻshma taʼlim dasturi joriy etilgan texnikumlarning elektron reyestri yuritiladi.

3-bob. Qoʻshma taʼlim dasturi asosida oʻquvchilarni qabul qilish

17. Qoʻshma taʼlim dasturi asosida oʻquvchilar texnikum tomonidan hamkor xorijiy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda tasdiqlangan tartibga muvofiq oʻqishga qabul qilinadi.

Toʻlov-kontrakt asosida oʻqitish qiymati hamda uni toʻlash tartibi texnikum va hamkor xorijiy taʼlim tashkiloti tomonidan tegishli kasb va mutaxassisliklarning xususiyatlaridan kelib chiqib, oʻzaro kelishilgan holda belgilanadi.

18. Har yili qoʻshma taʼlim dasturlari asosida oʻqishga qabul qilish parametrlari vakolatli organ bilan kelishgan holda texnikum tomonidan tasdiqlanadi.

19. Qoʻshma taʼlim dasturi asosida hujjat topshirish vakolatli organ tomonidan belgilangan yoki ruxsat berilgan tegishli platforma orqali onlayn shaklda amalga oshiriladi va imtihon natijalari imtihon oʻtkazilgan kunning keyingi kuni texnikumning rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida eʼlon qilinadi.

20. Qoʻshma taʼlim dasturi asosida xorijiy fuqarolar belgilangan tartibda oʻqishga qabul qilinishi mumkin.

4-bob. Qoʻshma taʼlim dasturi asosida oʻquv jarayonini tashkil etish

21. Qoʻshma taʼlim dasturi asosida texnikumlarda oʻquv jarayonini tashkil etish uchun kasb va mutaxassisliklarning ishchi oʻquv rejasi va oʻquv dasturlari texnikum tomonidan xorijiy taʼlim tashkilotlari bilan birgalikda ishlab chiqiladi.

22. Qoʻshma taʼlim dasturi asosida oʻquv jarayoni grafigi kasb va mutaxassisliklarning taʼlim dasturlaridan kelib chiqib, texnikum direktori tomonidan hamkor xorijiy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi.

23. Qoʻshma taʼlim dasturlarining oʻquv rejasida belgilangan mutaxassislik fanlarining kamida 25 foizi hamkor xorijiy taʼlim tashkiloti dasturlari asosida oʻqitiladi.

24. Texnikumlarda qoʻshma taʼlim dasturi asosida taʼlim olayotgan oʻquvchilar xorijiy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda, taʼlim dasturining bir qismini hamkor xorijiy taʼlim tashkilotida davom ettirishi mumkin.

Xorijiy taʼlim tashkilotlariga oʻquvchilarni oʻqishini davom ettirish hamda amaliyotga yuborish bilan bogʻliq xarajatlari hamkor xorijiy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda xorijiy taʼlim tashkiloti, qoʻshma taʼlim dasturi asosida oʻqiyotgan oʻquvchilardan tushadigan toʻlov-kontrakt mablagʻlari hisobidan yoki oʻquvchi tomonidan qoplanadi.

Zarur boʻlganda qoʻshma taʼlim dasturi doirasida mashgʻulotlar zamonaviy axborot texnologiyalari va masofaviy oʻqitish usullaridan foydalangan holda tashkil etilishi mumkin.

25. Qoʻshma taʼlim dasturi asosida oʻquv jarayoniga jalb etiladigan mahalliy va xorijiy oʻqituvchilar yoki ishlab chiqarish taʼlimi ustalarining mehnatiga haq toʻlash miqdori texnikum tomonidan amaldagi qonunchilikka muvofiq belgilanadi.

Oʻqituvchilar va ishlab chiqarish taʼlimi ustalariga ish beruvchilar, xalqaro hamkorlar va xorijiy taʼlim tashkilotlari mablagʻlari hisobidan qoʻshimcha oylik ragʻbatlantirish ustamalari toʻlanishi mumkin.

26. Qoʻshma taʼlim dasturi asosida taʼlim olayotgan oʻquvchilar bilimi texnikum tomonidan hamkor xorijiy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan holda tasdiqlangan baholash mezonlari asosida baholanadi.

27. Qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim olayotgan oʻquvchilar texnikumning oʻquv intizomi, ichki tartib va odob-axloq qoidalariga amal qilishi majburiy hisoblanadi.

28. Qoʻshma taʼlim dasturi asosida taʼlim olayotgan oʻquvchilar oʻquv jarayonida texnikumning bino va inshootlari, tegishli oʻquv jihozlari, moddiy-texnik bazasi, kutubxonasi, mahalliy va xorijiy (shu jumladan, qoʻshma taʼlim dasturi oʻqitish tilidagi) oʻquv adabiyotlari, oʻqitish materiallari toʻplamlari, elektron resurslaridan bepul foydalanadi.

29. Qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim olgan bitiruvchilar haqidagi maʼlumotlar vakolatli organning elektron axborot tizimiga kiritiladi.

30. Texnikumning qoʻshma taʼlim dasturi bitiruvchilariga xorijiy taʼlim tashkiloti joylashgan davlatda hamda Oʻzbekistonda tan olinadigan kvalifikatsiya (davlat namunasidagi diplom yoki sertifikat) belgilangan tartibda beriladi.

Diplomga ilovaga qoʻshma taʼlim dasturi boʻyicha qoʻshimcha maʼlumotlar kiritiladi.

31. Qoʻshma taʼlim dasturi asosida taʼlim olayotgan oʻquvchilarni oʻqishini koʻchirish, oʻqishdan chetlashtirish va qayta tiklash, shuningdek, akademik taʼtil berish, ularni kursdan-kursga qoldirish taʼlim jarayoni tashkil etilgan yoki amalga oshirilayotgan davlatdagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq tartibga solinadi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

32. Vakolatli organ zarur hollarda qoʻshma taʼlim dasturining taʼlim sifatini, taʼlim jarayoni tashkil etilishini, pedagog xodimlarning mehnat faoliyatini, oʻquvchilarning oʻquv dasturlarini oʻzlashtirish darajasini (bilimini), oʻquv jarayonini amalga oshirish uchun yaratilgan sharoitlarni oʻrganadi.

Oʻrganish jarayonida aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish hamda taʼlim sifatini oshirish boʻyicha texnikumga taklif kiritadi.

Aniqlangan kamchiliklar bartaraf etilmagan taqdirda, texnikumning ushbu Nizom talablariga rioya qilmasdan tashkil etilgan qoʻshma taʼlim dasturlariga oʻquvchilarni oʻqishga qabul qilish toʻxtatiladi.

33. Qoʻshma taʼlim dasturlari asosida taʼlim olayotgan oʻquvchilar oʻqishini fanlar farqini topshirish sharti bilan mos taʼlim darajasidagi Oʻzbekiston Respublikasi davlat kasbiy taʼlim tashkilotida davom ettirishiga ruxsat etiladi.

34. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

35. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Texnikumlarda xorijiy taʼlim tashkilotlari ishtirokida qoʻshma taʼlim dasturlarini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Texnikumlarda xorijiy taʼlim tashkilotlari ishtirokida qoʻshma taʼlim dasturlarini joriy etish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Texnikum Qoʻshma taʼlim dasturini joriy etish uchun vakolatli organ (Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi)ga ariza bilan murojaat qiladi. Oʻquv yili davomida 2-bosqich Vakolatli organ (Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi) Arizani koʻrib chiqadi. 15 ish kuni ichida Texnikumga qoʻshma taʼlim dasturini joriy etish boʻyicha ijobiy yoki salbiy xulosa yuboradi. 3 ish kuni ichida 3-bosqich Texnikum Salbiy xulosa berilgan taqdirda, aniqlangan kamchiliklarni bartaraf qiladi va yetishmayotgan hujjatlarni taqdim etadi. 10 ish kuni ichida 4-bosqich Vakolatli organ (Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi) Koʻrsatilgan kamchiliklar bartaraf etilmasa va yetishmayotgan hujjatlar taqdim qilinmasa, arizani rad etadi, bu haqda texnikumni xabardor qiladi. 1 ish kuni ichida 5-bosqich Texnikum Vakolatli organning ijobiy xulosasiga asosan xorijiy taʼlim tashkiloti bilan shartnoma rasmiylashtiradi. Xorijiy taʼlim tashkiloti bilan kelishilgan muddatlarda

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 30-sentabr,

614-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 02.10.2025-y., 09/25/614/0887-son)

lex.uz