📅 2025-yil 30-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 30-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 30 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 сентября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 September 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, тармоққа инвестициялар жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 3 февралдаги ПФ-18-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
қонунчилик ҳужжатларида ёки ижара шартномасида назарда тутилган ҳолларда ер участкасига ижара ҳуқуқини ижарага берувчининг розилигисиз кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш;
ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйишни расмийлаштириш;
ижара ҳуқуқидан гаровга олувчининг талабларини қаноатлантириш;
ундирув қаратилган ер участкасига ижара ҳуқуқини очиқ кимошди савдосида реализация қилиш тартиби.
2. Тижорат банклари ва микромолия ташкилотларига ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, ички қоидаларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тавсия этилсин.
3. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 сентябрдаги 613-сон қарорига ИЛОВА
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ижара ҳуқуқи асосида давлат рўйхатидан ўтказилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини (кейинги ўринларда — ер участкасига ижара ҳуқуқи) банклар ва микромолия ташкилотларида (кейинги ўринларда — кредит ташкилоти) кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ер участкаси — ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларга эга бўлган қисми;
ижарага берувчи — туман (шаҳар) ҳокимликлари ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ер участкасига ижара ҳуқуқини беришга ваколатли давлат органлари;
ижарага олувчи — ер ўзига ижара ҳуқуқи асосида бириктирилган ва ер участкаси мавжуд бўлган юридик ёки жисмоний шахс (фермер хўжалиги, агрокластер, кооперация, деҳқон хўжалиги ва бошқа тадбиркорлик субъектлари);
иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси — қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш мақсадида қишлоқ хўжалиги субъектларига кредит муддатидан кам бўлмаган, бироқ бир йил муддатгача (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) бериладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари — қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун фойдаланиладиган ер участкалари.
3. Ижарага олувчи фақат қонунчиликда ёки ижара шартномасида назарда тутилган ҳоллардагина ер участкасига бўлган ўз ижара ҳуқуқларини ижарага берувчининг розилигисиз гаровга қўйишга ҳақли.
4. Ер участкасига ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда гаров объекти бўлиши мумкин эмас:
иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари (асосий ижарага олувчининг розилиги берилган ҳоллар бундан мустасно);
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижара ҳуқуқи бекор қилинган ёки низоли бўлган (судлашилаётган, суриштирув ёки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган) ер участкалари;
ер участкасининг ижара шартномасида гаровга қўйишни тақиқловчи ҳолатлар назарда тутилган ер участкалари;
ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилмаган ер участкалари;
ижара шартномасида ижарага бериш муддати тугаган ер участкалари;
давлат рўйхатидан ўтказилган ер участкасида ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси мавжуд бўлса;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ер участкаси ёки унга бўлган ҳуқуқларни гаровга қўйиш мумкин бўлмаган бошқа ҳолларда.
5. Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга олган ҳолда кредит бериш тартиби кредит ташкилоти томонидан ички қоидаларга мувофиқ мустақил белгиланади.
6. Кредит ташкилоти томонидан кредит таъминоти сифатида ижара ҳуқуқи ер участкасининг ижарага бериш муддати ва ер участкасининг бозор қийматидан келиб чиқиб гаровга олинади.
Бунда гаровга қўйилаётган ер участкасининг ижара ҳуқуқи муддати кредитни қайтариш муддатидан камида беш йилдан ортиқ бўлиши лозим.
7. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасига ижара ҳуқуқининг қиймати баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ баҳолаш орқали белгиланади.
8. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйишни расмийлаштириш
9. Гаров сифатида таклиф қилинаётган ер участкасига ижара ҳуқуқи режасини тузиш ва гаровга бериладиган қисмини ажратиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институтининг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
10. Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартномада баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган ер участкасига ижара ҳуқуқининг қиймати кўрсатилиши керак.
11. Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилади ва давлат рўйхатидан ўтказилади ҳамда белгиланган тартибда нотариал тасдиқланади.
12. Ер участкасига ижара ҳуқуқи гаровини давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали томонидан амалга оширилади.
13. Гаров ҳуқуқи ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
14. Ер участкасига ижара ҳуқуқи универсал ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтган тақдирда, гаров ҳуқуқи ўз кучида қолади.
Агар гаровга олувчи билан келишувда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, гаровга қўювчининг ҳуқуқий вориси унинг ўрнига ўтади ва гаровга қўювчининг ҳамма мажбуриятларини бажаради.
15. Гаровга қўйилган ер участкасига ижара ҳуқуқи гаровга олувчининг барча талаблари қаноатлантирилгандан кейингина қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бегоналаштирилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ ер участкасига ижара ҳуқуқи бекор қилинганда, кредит ташкилоти берилган кредитлар ҳамда унга ҳисобланган фоизлар ва пеняларни муддатидан олдин гаровга қўювчининг бошқа мол-мулки ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириб олишга ҳақли.
Гаровга қўйилган ер участкасига ижара ҳуқуқи олиб қўйилганда, кредит ташкилоти қарз олувчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш сифатида олинган суммадан ўз талабини қаноатлантиришда имтиёзли ҳуқуққа эга.
2 1 -боб. Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижара ҳуқуқини гаровга қўйишни расмийлаштириш ва гаровга олувчининг талабларини қаноатлантириш
15 1 . Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижара ҳуқуқи (пахтачилик йўналишида 30 гектардан кам бўлмаган миқдорда) асосий ижарага олувчининг розилиги асосида пахта ва буғдой етиштириш харажатлари учун ажратиладиган имтиёзли кредит таъминоти сифатида расмийлаштирилади.
15 2 . Ижара ҳуқуқини гаровга қўйишда иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси норматив қийматининг 50 фоизи, бироқ имтиёзли кредит таъминотининг 20 фоизидан ошмаган қисми учун ҳисобга олинади. Кредит таъминотининг қолган 80 фоиз қисми учун ликвидли мол-мулк гаровини тақдим этади.
15 3 . Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилади ва давлат рўйхатидан ўтказилади ҳамда белгиланган тартибда асосий ижарачи, иккиламчи ижарага олувчи ҳамда тижорат банки томонидан нотариал тасдиқланади.
15 4 . Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижара ҳуқуқи гарови давлат рўйхатидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали томонидан ўтказилади.
15 5 . Гаров ҳуқуқи ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўйиш тўғрисидаги шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
15 6 . Пахта ва буғдой етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитлар муддатида қайтарилмаганда, гаров таъминоти сифатида расмийлаштирилган иккиламчи ижарадаги ер майдонлари белгиланган тартибда Мажбурий ижро бюроси орқали аукционга чиқарилади ҳамда сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан, биринчи навбатда, имтиёзли кредит асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизларни сўндиришга йўналтирилади.
Бунда тижорат банкларига аукцион савдоларида сотилмай турган ер участкаларида агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳамда пахта ва буғдой етиштириш бўйича вазифалар юкланишига йўл қўйилмайди.
15 7 . Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига мувофиқ ер участкасига ижара ҳуқуқи бекор қилинганда, тижорат банклари берилган кредитлар ҳамда унга ҳисобланган фоизлар ва пеняларни муддатидан олдин гаровга қўювчининг бошқа мол-мулки ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириб олишга ҳақли.
3-боб. Гаровга олувчининг талабларини қаноатлантириш
16. Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаровга қўювчи тугатилганда, гаровга олувчи гаров нарсасига муддатидан олдин ундирув қаратиш ҳуқуқига эга.
17. Кредит ташкилоти ўз талабларини гаровга қўйилган ер участкасининг ижара ҳуқуқи ҳисобидан, шунингдек, қарз олувчининг бошқа мол-мулки ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қаноатлантиришга ҳақли.
18. Ундирув қаратилган ер участкасига ижара ҳуқуқи қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида, электрон онлайн-аукцион савдо шаклидаги очиқ кимошди савдосида сотиш орқали мажбурий равишда реализация қилинади.
Бунда электрон онлайн-аукцион савдоларида яшаш жойидан (жойлашган ери), ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, бошқа ер участкаси мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, барча юридик ва жисмоний шахслар (резидентлар) иштирок этиши мумкин.
19. Гаровга қўйилган, суддан ташқари тартибда ундирув қаратилган ер участкасига ижара ҳуқуқи бевосита сотиш орқали ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши мумкин.
20. Кредитнинг таъминоти сифатида гаровга қўйилган ер участкасига ижара ҳуқуқини реализация қилишдан олинадиган маблағлар кредит қарздорлигини қоплаш учун етарли бўлмаганда ва (ёки) реализация қилинмаганда, кредит ташкилоти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қарздорнинг бошқа мол-мулки ҳисобидан ундириш ҳуқуқига эга.
21. Гаровга қўйилган ер участкасига ижарага ҳуқуқи қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда реализация қилинганда ёки кредит ташкилотининг балансига қабул қилинганда, кредит ташкилоти томонидан ажратилган кредит қопланишидан ортган қисми гаровга қўювчига қайтариб берилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
22. Мазкур Низом билан тартибга солинмаган муносабатлар амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.
23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига ижара ҳуқуқини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Ер участкасини ижарага олувчи Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда гаровга таклиф қилинаётган ер участкасига ижара ҳуқуқи режасини тузиш учун «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институтининг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилади. Ихтиёрий равишда 2-босқич «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий-лойиҳалаш институтининг ҳудудий бўлинмалари Гаров сифатида таклиф қилинаётган ер участкасига ижара ҳуқуқи режасини тайёрлайди ва гаровга бериладиган қисмини ажратади. Белгиланган муддатда 3-босқич Баҳоловчи ташкилот Ер участкасига ижара ҳуқуқининг қийматини баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ баҳолайди. Белгиланган муддатда 4-босқич Кредит ташкилоти Ер участкасига ижара ҳуқуқини гаров сифатида расмийлаштиради. Белгиланган муддатда 5-босқич Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали Ер участкасига ижара ҳуқуқи гаровга қўйиш шартномасини давлат рўйхатидан ўтказади. Белгиланган муддатда
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 30 сентябрь,
613-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalariga ijara huquqini kredit taʼminoti sifatida garovga qoʻyish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qishloq xoʻjaligi ekin maydonlari unumdorligini oshirish, tarmoqqa investitsiyalar jalb qilish uchun qulay shart-sharoit yaratish boʻyicha navbatdagi chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 3-fevraldagi PF-18-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalariga ijara huquqini kredit taʼminoti sifatida garovga qoʻyish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
qonunchilik hujjatlarida yoki ijara shartnomasida nazarda tutilgan hollarda yer uchastkasiga ijara huquqini ijaraga beruvchining roziligisiz kredit taʼminoti sifatida garovga qoʻyish;
yer uchastkasiga ijara huquqini garovga qoʻyishni rasmiylashtirish;
ijara huquqidan garovga oluvchining talablarini qanoatlantirish;
undiruv qaratilgan yer uchastkasiga ijara huquqini ochiq kimoshdi savdosida realizatsiya qilish tartibi.
2. Tijorat banklari va mikromoliya tashkilotlariga ushbu qaror talablaridan kelib chiqqan holda, ichki qoidalariga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish tavsiya etilsin.
3. Manfaatdor vazirliklar va idoralar oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 30-sentabrdagi 613-son qaroriga ILOVA
Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalariga ijara huquqini kredit taʼminoti sifatida garovga qoʻyish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom ijara huquqi asosida davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalariga ijara huquqini (keyingi oʻrinlarda — yer uchastkasiga ijara huquqi) banklar va mikromoliya tashkilotlarida (keyingi oʻrinlarda — kredit tashkiloti) kredit taʼminoti sifatida garovga qoʻyish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
yer uchastkasi — yer fondining qayd etilgan chegaraga, maydonga, joylashish manziliga, huquqiy rejimga hamda davlat yer kadastrida aks ettiriladigan boshqa xususiyatlarga ega boʻlgan qismi;
ijaraga beruvchi — tuman (shahar) hokimliklari yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda yer uchastkasiga ijara huquqini berishga vakolatli davlat organlari;
ijaraga oluvchi — yer oʻziga ijara huquqi asosida biriktirilgan va yer uchastkasi mavjud boʻlgan yuridik yoki jismoniy shaxs (fermer xoʻjaligi, agroklaster, kooperatsiya, dehqon xoʻjaligi va boshqa tadbirkorlik subyektlari);
ikkilamchi ijaraga berilgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasi — qishloq xoʻjaligi mahsulotini yetishtirish maqsadida qishloq xoʻjaligi subyektlariga kredit muddatidan kam boʻlmagan, biroq bir yil muddatgacha (uchinchi shaxslarga berish huquqisiz) beriladigan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlar;
qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalari — qishloq xoʻjaligi ekinlarini yetishtirish uchun foydalaniladigan yer uchastkalari.
3. Ijaraga oluvchi faqat qonunchilikda yoki ijara shartnomasida nazarda tutilgan hollardagina yer uchastkasiga boʻlgan oʻz ijara huquqlarini ijaraga beruvchining roziligisiz garovga qoʻyishga haqli.
4. Yer uchastkasiga ijara huquqi quyidagi hollarda garov obyekti boʻlishi mumkin emas:
ikkilamchi ijaraga berilgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalari (asosiy ijaraga oluvchining roziligi berilgan hollar bundan mustasno);
qonunchilik hujjatlariga muvofiq ijara huquqi bekor qilingan yoki nizoli boʻlgan (sudlashilayotgan, surishtiruv yoki tergov harakatlari olib borilayotgan) yer uchastkalari;
yer uchastkasining ijara shartnomasida garovga qoʻyishni taqiqlovchi holatlar nazarda tutilgan yer uchastkalari;
ijara huquqi davlat roʻyxatidan oʻtkazilmagan yer uchastkalari;
ijara shartnomasida ijaraga berish muddati tugagan yer uchastkalari;
davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan yer uchastkasida oʻzboshimchalik bilan egallangan yer uchastkasi mavjud boʻlsa;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq yer uchastkasi yoki unga boʻlgan huquqlarni garovga qoʻyish mumkin boʻlmagan boshqa hollarda.
5. Yer uchastkasiga ijara huquqini garovga olgan holda kredit berish tartibi kredit tashkiloti tomonidan ichki qoidalarga muvofiq mustaqil belgilanadi.
6. Kredit tashkiloti tomonidan kredit taʼminoti sifatida ijara huquqi yer uchastkasining ijaraga berish muddati va yer uchastkasining bozor qiymatidan kelib chiqib garovga olinadi.
Bunda garovga qoʻyilayotgan yer uchastkasining ijara huquqi muddati kreditni qaytarish muddatidan kamida besh yildan ortiq boʻlishi lozim.
7. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasiga ijara huquqining qiymati baholash faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga muvofiq baholash orqali belgilanadi.
8. Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalariga ijara huquqini kredit taʼminoti sifatida garovga qoʻyish tartibi ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Yer uchastkasiga ijara huquqini garovga qoʻyishni rasmiylashtirish
9. Garov sifatida taklif qilinayotgan yer uchastkasiga ijara huquqi rejasini tuzish va garovga beriladigan qismini ajratish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda “Oʻzdaverloyiha” davlat ilmiy-loyihalash institutining hududiy boʻlinmalari tomonidan amalga oshiriladi.
10. Yer uchastkasiga ijara huquqini garovga qoʻyish toʻgʻrisidagi shartnomada baholash faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilangan yer uchastkasiga ijara huquqining qiymati koʻrsatilishi kerak.
11. Yer uchastkasiga ijara huquqini garovga qoʻyish toʻgʻrisidagi shartnoma yozma shaklda tuziladi va davlat roʻyxatidan oʻtkaziladi hamda belgilangan tartibda notarial tasdiqlanadi.
12. Yer uchastkasiga ijara huquqi garovini davlat roʻyxatidan oʻtkazish koʻchmas mulkka boʻlgan huquqlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq Davlat kadastrlari palatasining tuman (shahar) filiali tomonidan amalga oshiriladi.
13. Garov huquqi yer uchastkasiga ijara huquqini garovga qoʻyish toʻgʻrisidagi shartnoma roʻyxatdan oʻtkazilgan paytdan boshlab vujudga keladi.
14. Yer uchastkasiga ijara huquqi universal huquqiy vorislik tartibida boshqa shaxsga oʻtgan taqdirda, garov huquqi oʻz kuchida qoladi.
Agar garovga oluvchi bilan kelishuvda boshqacha tartib belgilangan boʻlmasa, garovga qoʻyuvchining huquqiy vorisi uning oʻrniga oʻtadi va garovga qoʻyuvchining hamma majburiyatlarini bajaradi.
15. Garovga qoʻyilgan yer uchastkasiga ijara huquqi garovga oluvchining barcha talablari qanoatlantirilgandan keyingina qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda begonalashtirilishi mumkin.
Oʻzbekiston Respublikasining Yer kodeksiga muvofiq yer uchastkasiga ijara huquqi bekor qilinganda, kredit tashkiloti berilgan kreditlar hamda unga hisoblangan foizlar va penyalarni muddatidan oldin garovga qoʻyuvchining boshqa mol-mulki hisobidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda undirib olishga haqli.
Garovga qoʻyilgan yer uchastkasiga ijara huquqi olib qoʻyilganda, kredit tashkiloti qarz oluvchiga yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash sifatida olingan summadan oʻz talabini qanoatlantirishda imtiyozli huquqqa ega.
2 1 -bob. Ikkilamchi ijaraga berilgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasining ijara huquqini garovga qoʻyishni rasmiylashtirish va garovga oluvchining talablarini qanoatlantirish
15 1 . Ikkilamchi ijaraga berilgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasining ijara huquqi (paxtachilik yoʻnalishida 30 gektardan kam boʻlmagan miqdorda) asosiy ijaraga oluvchining roziligi asosida paxta va bugʻdoy yetishtirish xarajatlari uchun ajratiladigan imtiyozli kredit taʼminoti sifatida rasmiylashtiriladi.
15 2 . Ijara huquqini garovga qoʻyishda ikkilamchi ijaraga berilgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasi normativ qiymatining 50 foizi, biroq imtiyozli kredit taʼminotining 20 foizidan oshmagan qismi uchun hisobga olinadi. Kredit taʼminotining qolgan 80 foiz qismi uchun likvidli mol-mulk garovini taqdim etadi.
15 3 . Ikkilamchi ijaraga berilgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasining ijara huquqini garovga qoʻyish toʻgʻrisidagi shartnoma yozma shaklda tuziladi va davlat roʻyxatidan oʻtkaziladi hamda belgilangan tartibda asosiy ijarachi, ikkilamchi ijaraga oluvchi hamda tijorat banki tomonidan notarial tasdiqlanadi.
15 4 . Ikkilamchi ijaraga berilgan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkasining ijara huquqi garovi davlat roʻyxatidan koʻchmas mulkka boʻlgan huquqlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq Davlat kadastrlari palatasining tuman (shahar) filiali tomonidan oʻtkaziladi.
15 5 . Garov huquqi yer uchastkasiga ijara huquqini garovga qoʻyish toʻgʻrisidagi shartnoma roʻyxatdan oʻtkazilgan paytdan boshlab vujudga keladi.
15 6 . Paxta va bugʻdoy yetishtirish uchun ajratilgan imtiyozli kreditlar muddatida qaytarilmaganda, garov taʼminoti sifatida rasmiylashtirilgan ikkilamchi ijaradagi yer maydonlari belgilangan tartibda Majburiy ijro byurosi orqali auksionga chiqariladi hamda sotishdan tushgan mablagʻlar hisobidan, birinchi navbatda, imtiyozli kredit asosiy qarz va unga hisoblangan foizlarni soʻndirishga yoʻnaltiriladi.
Bunda tijorat banklariga auksion savdolarida sotilmay turgan yer uchastkalarida agrotexnik tadbirlarni amalga oshirish hamda paxta va bugʻdoy yetishtirish boʻyicha vazifalar yuklanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
15 7 . Oʻzbekiston Respublikasining Yer kodeksiga muvofiq yer uchastkasiga ijara huquqi bekor qilinganda, tijorat banklari berilgan kreditlar hamda unga hisoblangan foizlar va penyalarni muddatidan oldin garovga qoʻyuvchining boshqa mol-mulki hisobidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda undirib olishga haqli.
3-bob. Garovga oluvchining talablarini qanoatlantirish
16. Yer uchastkasiga ijara huquqini garovga qoʻyuvchi tugatilganda, garovga oluvchi garov narsasiga muddatidan oldin undiruv qaratish huquqiga ega.
17. Kredit tashkiloti oʻz talablarini garovga qoʻyilgan yer uchastkasining ijara huquqi hisobidan, shuningdek, qarz oluvchining boshqa mol-mulki hisobidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qanoatlantirishga haqli.
18. Undiruv qaratilgan yer uchastkasiga ijara huquqi qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda va shartlar asosida, elektron onlayn-auksion savdo shaklidagi ochiq kimoshdi savdosida sotish orqali majburiy ravishda realizatsiya qilinadi.
Bunda elektron onlayn-auksion savdolarida yashash joyidan (joylashgan yeri), tashkiliy-huquqiy shaklidan, boshqa yer uchastkasi mavjud yoki mavjud emasligidan qatʼi nazar, barcha yuridik va jismoniy shaxslar (rezidentlar) ishtirok etishi mumkin.
19. Garovga qoʻyilgan, suddan tashqari tartibda undiruv qaratilgan yer uchastkasiga ijara huquqi bevosita sotish orqali yoki qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa bitimlar orqali realizatsiya qilinishi mumkin.
20. Kreditning taʼminoti sifatida garovga qoʻyilgan yer uchastkasiga ijara huquqini realizatsiya qilishdan olinadigan mablagʻlar kredit qarzdorligini qoplash uchun yetarli boʻlmaganda va (yoki) realizatsiya qilinmaganda, kredit tashkiloti qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qarzdorning boshqa mol-mulki hisobidan undirish huquqiga ega.
21. Garovga qoʻyilgan yer uchastkasiga ijaraga huquqi qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda realizatsiya qilinganda yoki kredit tashkilotining balansiga qabul qilinganda, kredit tashkiloti tomonidan ajratilgan kredit qoplanishidan ortgan qismi garovga qoʻyuvchiga qaytarib beriladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
22. Mazkur Nizom bilan tartibga solinmagan munosabatlar amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq tartibga solinadi.
23. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalariga ijara huquqini kredit taʼminoti sifatida garovga qoʻyish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalariga ijara huquqini kredit taʼminoti sifatida garovga qoʻyish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Yer uchastkasini ijaraga oluvchi Qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda garovga taklif qilinayotgan yer uchastkasiga ijara huquqi rejasini tuzish uchun “Oʻzdaverloyiha” davlat ilmiy-loyihalash institutining hududiy boʻlinmalariga murojaat qiladi. Ixtiyoriy ravishda 2-bosqich “Oʻzdaverloyiha” davlat ilmiy-loyihalash institutining hududiy boʻlinmalari Garov sifatida taklif qilinayotgan yer uchastkasiga ijara huquqi rejasini tayyorlaydi va garovga beriladigan qismini ajratadi. Belgilangan muddatda 3-bosqich Baholovchi tashkilot Yer uchastkasiga ijara huquqining qiymatini baholash faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq baholaydi. Belgilangan muddatda 4-bosqich Kredit tashkiloti Yer uchastkasiga ijara huquqini garov sifatida rasmiylashtiradi. Belgilangan muddatda 5-bosqich Davlat kadastrlari palatasining tuman (shahar) filiali Yer uchastkasiga ijara huquqi garovga qoʻyish shartnomasini davlat roʻyxatidan oʻtkazadi. Belgilangan muddatda
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 30-sentabr,
613-son