UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 30-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 30 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 сентября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 September 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш доирасида Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга имтиёзли кредитлар ажратиш орқали уларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-330-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Ижтимоий реестрга киритилган оилалар томонидан аризалар бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби;

аризаларни кўриб чиқиш ва скоринг баҳолаш ҳамда улар бўйича хулоса бериш тартиби;

тижорат банклари томонидан Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга кредит ажратиш ва уларнинг мониторингини юритиш тартиби.

2. Белгилансинки:

ноутбук ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўконлар (food truck), мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни сотиб олиш учун гаровсиз кредитлар Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси — «Oilakredit.uz» орқали ажратилади;

тижорат банклари томонидан Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга ажратиладиган кредитлар бўйича Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасидаги фоиз ставкасида фоиз тўловлари ҳисобланади ва ушбу фоиз тўловлари Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан тижорат банкларига қоплаб борилади;

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга кредитлар ажратиш учун Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида аввалги йилларда ажратилган кредитларнинг сўндирилиши ҳисобидан 2025 йилда жами 250 млрд сўм йўналтирилади.

3. Марказий банк Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ахборот тизимлари интеграцияси ва маълумот алмашинувини таъминласин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда тижорат банклари билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида ва аҳоли орасида кенг ёритилишини таъминлаш чораларини кўрсин.

5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 сентябрдаги 612-сон қарорига ИЛОВА

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури (кейинги ўринларда — дастур) доирасида АТ «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк» АТБ (кейинги ўринларда — тижорат банклари) томонидан Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга ноутбук сотиб олиш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўконлар (food truck), мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни сотиб олиш учун кредитлар ажратиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

бириктирилган раҳбарлар — энг оғир аҳволдаги Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга бириктирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ташкилотларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари;

маҳсулот етказиб берувчи — маркетплейс тизимида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиб, қарз олувчи томонидан танланган товарларни етказиб берувчи тадбиркорлик субъектлари;

маркетплейс тизими — платформада ажратиладиган кредитлар ҳисобидан товарларни (ишларни, хизматларни) бозор тамойиллари асосида эркин сотиб олиш ёки сотиш хизматларини таклиф қилиш ҳамда қарз олувчилар томонидан маҳсулот етказиб берувчиларни мустақил танлаш имкониятини берадиган электрон савдо майдони;

платформа — дастур доирасидаги кредитларнинг тўлиқ рақамлашган ҳолда ажратилишини таъминлайдиган Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг Ягона электрон платформаси (Oilakredit.uz);

хулоса — бириктирилган раҳбарлар қарз олувчининг аризасига асосан жойига чиққан ҳолда, унинг имкониятлари, шароитлари ҳамда етарли билим ва тажрибасини ўрганиш орқали кредит ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосаси;

қарз олувчи — Ижтимоий реестрга киритилган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш орқали ўзини ўзи банд қилиш истагидаги жисмоний шахслар.

3. Тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар учун ҳисобланган фоизлар Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

4. Дастур доирасида лойиҳаларни молиялаштириш учун кредитлар фақат платформа орқали ажратилади.

Дастур доирасидаги кредитлар юзасидан аризаларни платформа орқали белгиланган тартибда кўриб чиқмасдан Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзосига товарларни марказлашган тартибда олиб келиш ва тарқатиш тақиқланади.

5. Платформа фаолияти давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот тизимларининг марказий маълумотлар базалари ва идентификациялашнинг ягона тизими билан интеграциялашуви асосида ташкил этилади.

2-боб. Платформа орқали аризаларни кўриб чиқиш

6. Дастур доирасида кредит аризалари қарз олувчи томонидан мустақил равишда ёки, зарур ҳолларда, «маҳалла еттилиги» кўмаги асосида платформа орқали тақдим этилади. Бунда аризалар оилавий тадбиркорлик дастури доирасида тижорат банкларига тақсимланган маҳаллалар бўйича юборилади.

7. Қарз олувчининг тегишлилиги бўйича талабларга жавоб бериши (Ижтимоий реестрга киритилгани, индивидуал режа тузилгани) «Online-mahalla.uz» электрон платформаси орқали текширилади.

8. Кредит ажратиш тўғрисидаги аризалар барча босқичларда платформада онлайн кўриб чиқилади ва ҳар бир босқичда қабул қилинган қарор тўғрисида платформа орқали (телеграм бот, СМС-хабарнома, электрон почта ёки шахсий кабинет) маълумот бериб борилади.

9. Қарз олувчига дастур доирасида кредит ҳужжатлари расмийлаштирилишида бириктирилган раҳбарларнинг хулосаси асос ҳисобланади.

Бунда тижорат банклари томонидан кредит қайтмаслик хатари суғурта полиси учун тўланадиган маблағлар Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан мазкур кредитлар фоизи учун келиб тушадиган маблағлардан қоплаб борилади.

Тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитларнинг қайтмаслик хатари суғурталанганда, суғурта тўлови йиллик 0,5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда ҳисобланади.

10. Дастур доирасида ажратиладиган имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланилиши ва ўз вақтида сўндирилиши юзасидан бириктирилган раҳбарлар «маҳалла еттилиги» ва тижорат банклари билан биргаликда доимий мониторинг ва назорат тизимини ўрнатади.

3-боб. Скоринг баҳолаш

11. Платформа орқали аризалар белгиланган мезонлар асосида скоринг баҳолаш натижаларига кўра бир иш кунида автоматлаштирилган ҳолда кўриб чиқиш учун қабул қилинади.

12. Қуйидаги ҳолларда қарз олувчининг аризаси платформа томонидан скоринг маълумотлари асосида автоматик равишда рад этилади:

Ижтимоий реестрга киритилмаган фуқаролар томонидан ариза берилганда;

қарз олувчининг платформада аввал берилган аризаси кўриб чиқиш жараёнида бўлганда;

18 ёшга тўлмаган фуқаро номидан ариза берилганда;

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан ариза берилганда;

муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган ёхуд меҳнатга лаёқатсиз фуқаро номидан ариза берилганда;

қарз олувчининг дастур доирасида тўлиқ қайтарилмаган кредити мавжуд бўлганда;

қарз олувчининг банк ёки микрокредит ташкилотларидан олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлганда;

аввал ажратилган кредитлардан мақсадсиз фойдаланилганда;

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга кўмак чоралари бўйича ижтимоий шартномада белгиланган мажбуриятларини бажармаётган фуқаролар томонидан ариза берилганда;

салбий кредит тарихига эга бўлганда (охирги 2 йил давомидаги кредит тарихи инобатга олинади).

13. Скоринг натижасига кўра қарз олувчининг ижобий баҳоланган аризаси кўриб чиқиш учун бириктирилган раҳбарларга платформа орқали келиб тушади.

14. Скоринг ҳисоблаш методикаси бўйича маълумотлар платформада эълон қилинади ҳамда заруратга кўра киритилган ўзгартиришлар асосида доимий равишда янгилаб борилади.

4-боб. Бириктирилган раҳбар томонидан хулоса бериш

15. Бириктирилган раҳбар қарз олувчининг аризасига асосан беш иш куни мобайнида жойига чиққан ҳолда, унинг фаолият тури бўйича шарт-шароитлари, имконияти ва етарли кўникмаси мавжудлигини ўрганади, ўрганиш натижаси бўйича фотоҳисобот ва кредит ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосани платформага жойлаштиради.

16. Бириктирилган раҳбар хулосани беришдан аввал амалга оширилаётган лойиҳанинг ўзига хос хусусиятлари ва мавсумийлигини инобатга олган ҳолда қарор қабул қилиш ваколатига эга.

17. Қуйидаги ҳолларда ижобий хулоса берилмайди:

лойиҳани амалга ошириш учун қарз олувчида шарт-шароит мавжуд бўлмаганда;

ариза берувчи номидан бошқа фуқаро кредит олишни мақсад қилгани аниқланганда;

21-бандда кўрсатилган йўналишлардан ташқари бошқа мақсадлар учун ариза берилганда;

қонунчиликка зид бўлган фаолият амалга оширилиши аниқланганда.

18. Бириктирилган раҳбар томонидан кредит ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосада унинг сабаблари кўрсатилиши зарур.

Ушбу Низомнинг 16-бандида кўрсатилган сабаблардан ташқари бошқа асосларга кўра кредит ажратишни рад этишига йўл қўйилмайди.

Бириктирилган раҳбарнинг ижобий хулосаси асосида қарз олувчининг аризаси кўриб чиқиш учун платформа орқали тижорат банкига тақдим этилади.

19. Тижорат банкида етарли ресурс маблағлари мавжуд бўлмаган тақдирда, бириктирилган раҳбар томонидан аризалар аввал берилган кредитларнинг сўндирилиши ҳамда қўшимча маблағлар ажратилиши ҳисобидан ресурс шакллантирилгунга қадар платформада электрон навбат асосида юритилади ва бу борада қарз олувчига тегишли маълумотлар берилади.

20. Бириктирилган раҳбар Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоларига ажратиладиган кредит маблағлари ҳисобидан ноутбук ёки асосий воситалар олиб берилишини таъминлайди ҳамда унинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш мақсадида ушбу раҳбар ёки ташкилотнинг ишончли вакили ҳар чоракда лойиҳа амалга оширилаётган ҳудудга бориб ўрганиб, натижалари тўғрисида платформада электрон далолатнома тузиб боради.

5-боб. Тижорат банклари томонидан кредит ажратиш

21. Қарз олувчиларга кредитлар Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги фоиз ставкасида устама ҳақ тўлаш шарти билан:

15 миллион сўмгача бўлган қийматдаги бир дона ноутбук сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга 2 йил имтиёзли давр билан;

тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун қиймати 30 миллион сўмгача бўлган кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўконлар (food truck), мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга бўлиб тўлаш шарти билан ажратилади.

Бунда ҳисобланган фоизлар Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига қоплаб берилади.

22. Тижорат банклари томонидан қарз олувчиларга ажратиладиган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорликлар учун оширилган ва (ёки) қўшимча фоизлар ҳамда неустойка (жарима, пеня) ҳисобланмайди.

Қарз олувчилар асосий қарзни кредит шартномасида белгиланган муддатлардан олдин қайтаришга ҳақлидир. Бунда тижорат банки қарз олувчидан кредит бўйича асосий қарзни кредит шартномасида белгиланган муддатлардан олдин қайтаргани учун комиссия ёки неустойка олиши тақиқланади.

23. Тижорат банкларига кредит олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда ушбу Низом талаблари бўйича номутаносиблик, хато ва камчилик аниқланганда, кредит ажратилиши рад этилади ва бу тўғрисида бириктирилган раҳбар ҳамда қарз олувчи платформа орқали хабардор қилинади.

24. Қарз олувчи 10 кун муддат ичида ҳужжатлардаги номутаносиблик, хато ва камчиликларни бартараф этиб, уларни тижорат банкига қайтадан тақдим этиши мумкин.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг рад этилиши учун асос бўлган камчиликлар қарз олувчи томонидан белгиланган муддат ичида бартараф этилиб, тижорат банкига тақдим қилинганда, ҳужжатларни кўриб чиқиш қарз олувчининг дастлаб тақдим этган аризаси асосида давом эттирилади.

25. Тижорат банклари томонидан кредит ажратиш тўғрисидаги қарор уч иш кунидан кеч бўлмаган муддатда қабул қилинади, ҳужжатлар электрон кўринишда шакллантирилади ва имзоланади.

Қарз олувчи, банк томонидан имзоланган ҳолда тақдим этилган кредит шартномасини 10 кун мобайнида имзоламаса, унинг кредит олиш тўғрисидаги аризаси рад этилади.

Тижорат банки томонидан кредит ажратиш рад этилганда, бу ҳақидаги қарор рад этилиши сабаблари кўрсатилган ҳолда платформага жойлаштирилади.

26. Тижорат банклари томонидан кредит ажратиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, қарз олувчига кредит ҳисобидан сотиб олинадиган маҳсулотларни маркетплейс тизимидан танлаш ҳақида СМС-хабарнома юборилади.

27. Тижорат банки ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномаси имзолангандан сўнг кредит таъминотчи ҳисобварағига пул кўчириш орқали ўтказилганда, маркетплейс тизими билан ишлаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 373-сон қарори билан тасдиқланган Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида амалга оширилади.

Қарз олувчига кредит нақд пулда ёки алоҳида очилган банк картаси орқали ажратилганда, тижорат банклари ушбу Низомда белгиланган тартиб ва дастур доирасида қарз олувчиларга ажратиладиган кредитлардан келиб чиққан ҳолда платформа хизматлари учун оммавий оферта талаблари асосида ҳақ тўланишини таъминлайди.

28. Дастур доирасида ажратиладиган кредитлар ва уларга ҳисобланган фоиз миқдори платформада онлайн шаклланиб боради.

Бунда кредит бўйича фоизлар қарз олувчи томонидан маҳсулот қабул қилиниб, кредит шартномасига асосан ҳақиқатда тўлаб бериладиган маблағ учун ҳисобланади.

6-боб. Маҳсулот етказиб бериш тартиби

29. Маҳсулот етказиб берилгандан сўнг уларни топшириш-қабул қилиш мақсадида маҳсулот етказиб берувчи томонидан платформанинг ўзида электрон ҳисоб-фактура расмийлаштирилади. Қарз олувчи маҳсулотни қабул қилиб олиб, ундан қаноат ҳосил қилганидан сўнг электрон ҳисоб-фактурани имзолайди.

Бунда қарз олувчига товарлар фискал белгили касса чеки асосида етказиб берилади.

30. Ҳисоб-фактура имзолангани тўғрисида бириктирилган раҳбарга платформа орқали хабар берилади. Бириктирилган раҳбар уч иш кунида жойига чиққан ҳолда, товарлар ҳақиқатан етказиб берилгани ёки берилмагани тўғрисида платформада фотоҳисобот шаклида электрон далолатнома тузади.

31. Тижорат банкларига тўлиқ имзоланган электрон ҳисоб-фактура ҳамда бириктирилган раҳбар томонидан тасдиқланган электрон далолатнома ушбу маҳсулотлар учун тўловни амалга оширишга асос бўлади.

Қарз олувчи талабига кўра сотиб олинадиган маҳсулот бўйича тўловлар маҳсулот етказиб бериш шартномасида тарафларнинг келишувига мувофиқ белгиланади.

32. Етказиб берилган маҳсулот учун тўловлар банк томонидан уч банк иш кунида маҳсулот етказиб берувчига пул ўтказиш орқали билан амалга оширилади. Шундан сўнг маҳсулот етказиб берувчининг закалат суммасидан маркетплейс тизимининг хизмати учун белгиланган тўлов оммавий офертага асосан автоматик тарзда ундирилади ва закалат суммасининг қолдиқ қисми маҳсулот етказиб берувчига қайтариб берилади.

33. Бириктирилган раҳбар томонидан маҳсулот етказиб берилмагани тўғрисида электрон далолатнома расмийлаштирилганда, қарз олувчи ва маҳсулот етказиб берувчи ўртасида тузилган шартнома шартлари тўлиқ бажарилиши ёки шартнома бекор қилиниши бўйича зарур чоралар кўради.

34. Маҳсулот етказиб берувчи томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажарилганда, бириктирилган раҳбар уч иш кунида жойига чиққан ҳолда такроран ўрганиш ўтказади ва платформада фотоҳисобот шаклида такроран электрон далолатнома тузади.

Маҳсулот етказиб берувчи томонидан маҳсулотлар етказиб берилмаганлик ҳолати такрорланса, бириктирилган раҳбар хулосани бекор қилиш бўйича электрон далолатнома расмийлаштиради ва платформа орқали кредит шартномаси автоматик тарзда бекор қилинади.

Маҳсулот етказиб берувчиларни маркетплейс тизимида иштирок этишдан четлатиш ва Ноҳалол таъминотчилар реестрига киритиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 июлдаги 373-сон қарори билан тасдиқланган Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида амалга оширилади.

7-боб. Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига ҳисобланган фоизларни қоплаб бериш тартиби

35. Қарз олувчиларга тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитларига Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасидаги фоиз ставкасида устама ҳақ ҳисобланади.

36. Ҳисобланган фоиз бўйича устама ҳақи миқдори ҳар ойнинг якуни билан, тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредит ва унга ҳисобланадиган фоизлар бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар тақдим этилган рўйхат асосида 10-санасига қадар эса Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади (ушбу Низомнинг 22-бандига мувофиқ муддати ўтган қарздорликлар юзасидан оширилган ва (ёки) қўшимча фоизлар ҳамда неустойка (жарима ва пенялар) ҳисобланмайди, шунингдек, Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасидан қоплаб берилмайди).

8-боб. Якунловчи қоидалар

37. Дастур доирасида ажратиладиган кредитлардан бошқа мақсадда фойдаланилганлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, тижорат банклари белгиланган тартибда кредитларни муддатидан олдин ундириш ҳуқуқига эга.

38. Қарз олувчи томонидан тижорат банкидан олинган кредит қарздорликни қайтариш жадвалига мувофиқ 90 кундан ортиқ муддат тўланмаган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда ундирилади.

39. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга кредитлар ажратиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Қарз олувчи «Oilakredituz» Ягона электрон платформаси орқали ариза қолдиради Хоҳишига кўра 2-босқич Платформа Аризалар белгиланган тартибда автоматик скоринг баҳолашдан ўтказилади 1 иш кунида 3-босқич Бириктирилган раҳбар Жойига чиққан ҳолда кредитни ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисида хулоса беради 5 иш кунида 4-босқич Тижорат банки Кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади 3 иш кунида 5-босқич Маҳсулот етказиб берувчи ва қарз олувчи Маҳсулот сотиб олиш бўйича шартнома тузади 15 иш кунида 6-босқич Маҳсулот етказиб берувчи Қарз олувчига маҳсулот етказиб беради 10 кунда 7-босқич Бириктирилган раҳбар Маҳсулот етказилгани тўғрисида электрон далолатнома тузади 3 иш кунида 8-босқич Тижорат банки Етказиб берилган маҳсулот учун тўловни амалга оширади 3 иш кунида

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 30 сентябрь,

612-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.10.2025 й., 09/25/612/0888-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga kreditlar ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

“Kambagʻallikdan farovonlik sari” dasturini amalga oshirish doirasida Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga imtiyozli kreditlar ajratish orqali ularni ijtimoiy va moddiy qoʻllab-quvvatlash, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 23-sentabrdagi “Kambagʻallikdan farovonlik sari” dasturini amalga oshirish boʻyicha birinchi navbatdagi chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PQ-330-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga kreditlar ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalar tomonidan arizalar berish va ularni koʻrib chiqish tartibi;

arizalarni koʻrib chiqish va skoring baholash hamda ular boʻyicha xulosa berish tartibi;

tijorat banklari tomonidan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga kredit ajratish va ularning monitoringini yuritish tartibi.

2. Belgilansinki:

noutbuk va tadbirkorlik faoliyatini boshlash uchun kichik ishlab chiqarish uskunalari, koʻchma doʻkonlar (food truck), motoroller, skuter va shu kabi boshqa asosiy vositalarni sotib olish uchun garovsiz kreditlar Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari yagona elektron platformasi — “Oilakredit.uz” orqali ajratiladi;

tijorat banklari tomonidan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga ajratiladigan kreditlar boʻyicha Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturi doirasidagi foiz stavkasida foiz toʻlovlari hisoblanadi va ushbu foiz toʻlovlari Kambagʻallikni qisqartirish davlat maqsadli jamgʻarmasiga Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar hisobidan tijorat banklariga qoplab boriladi;

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga kreditlar ajratish uchun Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturi doirasida avvalgi yillarda ajratilgan kreditlarning soʻndirilishi hisobidan 2025-yilda jami 250 mlrd soʻm yoʻnaltiriladi.

3. Markaziy bank Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda axborot tizimlari integratsiyasi va maʼlumot almashinuvini taʼminlasin.

4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi hamda tijorat banklari bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyatini ommaviy axborot vositalarida va aholi orasida keng yoritilishini taʼminlash choralarini koʻrsin.

5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 30-sentabrdagi 612-son qaroriga ILOVA

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga kreditlar ajratish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom “Kambagʻallikdan farovonlik sari” dasturi (keyingi oʻrinlarda — dastur) doirasida AT “Xalq banki” va “Mikrokreditbank” ATB (keyingi oʻrinlarda — tijorat banklari) tomonidan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga noutbuk sotib olish va tadbirkorlik faoliyatini boshlash uchun kichik ishlab chiqarish uskunalari, koʻchma doʻkonlar (food truck), motoroller, skuter va shu kabi boshqa asosiy vositalarni sotib olish uchun kreditlar ajratish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

biriktirilgan rahbarlar — eng ogʻir ahvoldagi Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga biriktirilgan Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri, tuman (shahar) tashkilotlarining rahbarlari va ularning oʻrinbosarlari;

mahsulot yetkazib beruvchi — marketpleys tizimida belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtib, qarz oluvchi tomonidan tanlangan tovarlarni yetkazib beruvchi tadbirkorlik subyektlari;

marketpleys tizimi — platformada ajratiladigan kreditlar hisobidan tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) bozor tamoyillari asosida erkin sotib olish yoki sotish xizmatlarini taklif qilish hamda qarz oluvchilar tomonidan mahsulot yetkazib beruvchilarni mustaqil tanlash imkoniyatini beradigan elektron savdo maydoni;

platforma — dastur doirasidagi kreditlarning toʻliq raqamlashgan holda ajratilishini taʼminlaydigan Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlarining Yagona elektron platformasi (Oilakredit.uz);

xulosa — biriktirilgan rahbarlar qarz oluvchining arizasiga asosan joyiga chiqqan holda, uning imkoniyatlari, sharoitlari hamda yetarli bilim va tajribasini oʻrganish orqali kredit ajratish yoki ajratishni rad etish toʻgʻrisidagi xulosasi;

qarz oluvchi — Ijtimoiy reyestrga kiritilgan tadbirkorlik faoliyatini boshlash orqali oʻzini oʻzi band qilish istagidagi jismoniy shaxslar.

3. Tijorat banklari tomonidan ajratiladigan kreditlar uchun hisoblangan foizlar Kambagʻallikni qisqartirish davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplab beriladi.

4. Dastur doirasida loyihalarni moliyalashtirish uchun kreditlar faqat platforma orqali ajratiladi.

Dastur doirasidagi kreditlar yuzasidan arizalarni platforma orqali belgilangan tartibda koʻrib chiqmasdan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzosiga tovarlarni markazlashgan tartibda olib kelish va tarqatish taqiqlanadi.

5. Platforma faoliyati davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va boshqa tashkilotlar axborot tizimlarining markaziy maʼlumotlar bazalari va identifikatsiyalashning yagona tizimi bilan integratsiyalashuvi asosida tashkil etiladi.

2-bob. Platforma orqali arizalarni koʻrib chiqish

6. Dastur doirasida kredit arizalari qarz oluvchi tomonidan mustaqil ravishda yoki, zarur hollarda, “mahalla yettiligi” koʻmagi asosida platforma orqali taqdim etiladi. Bunda arizalar oilaviy tadbirkorlik dasturi doirasida tijorat banklariga taqsimlangan mahallalar boʻyicha yuboriladi.

7. Qarz oluvchining tegishliligi boʻyicha talablarga javob berishi (Ijtimoiy reyestrga kiritilgani, individual reja tuzilgani) “Online-mahalla.uz” elektron platformasi orqali tekshiriladi.

8. Kredit ajratish toʻgʻrisidagi arizalar barcha bosqichlarda platformada onlayn koʻrib chiqiladi va har bir bosqichda qabul qilingan qaror toʻgʻrisida platforma orqali (telegram bot, SMS-xabarnoma, elektron pochta yoki shaxsiy kabinet) maʼlumot berib boriladi.

9. Qarz oluvchiga dastur doirasida kredit hujjatlari rasmiylashtirilishida biriktirilgan rahbarlarning xulosasi asos hisoblanadi.

Bunda tijorat banklari tomonidan kredit qaytmaslik xatari sugʻurta polisi uchun toʻlanadigan mablagʻlar Kambagʻallikni qisqartirish davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan mazkur kreditlar foizi uchun kelib tushadigan mablagʻlardan qoplab boriladi.

Tijorat banklari tomonidan imtiyozli kreditlarning qaytmaslik xatari sugʻurtalanganda, sugʻurta toʻlovi yillik 0,5 foizdan ortiq boʻlmagan miqdorda hisoblanadi.

10. Dastur doirasida ajratiladigan imtiyozli kreditlardan samarali foydalanilishi va oʻz vaqtida soʻndirilishi yuzasidan biriktirilgan rahbarlar “mahalla yettiligi” va tijorat banklari bilan birgalikda doimiy monitoring va nazorat tizimini oʻrnatadi.

3-bob. Skoring baholash

11. Platforma orqali arizalar belgilangan mezonlar asosida skoring baholash natijalariga koʻra bir ish kunida avtomatlashtirilgan holda koʻrib chiqish uchun qabul qilinadi.

12. Quyidagi hollarda qarz oluvchining arizasi platforma tomonidan skoring maʼlumotlari asosida avtomatik ravishda rad etiladi:

Ijtimoiy reyestrga kiritilmagan fuqarolar tomonidan ariza berilganda;

qarz oluvchining platformada avval berilgan arizasi koʻrib chiqish jarayonida boʻlganda;

18 yoshga toʻlmagan fuqaro nomidan ariza berilganda;

Oʻzbekiston Respublikasida yashash guvohnomasiga ega boʻlmagan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar tomonidan ariza berilganda;

muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklangan yoxud mehnatga layoqatsiz fuqaro nomidan ariza berilganda;

qarz oluvchining dastur doirasida toʻliq qaytarilmagan krediti mavjud boʻlganda;

qarz oluvchining bank yoki mikrokredit tashkilotlaridan olingan kreditlar boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorligi mavjud boʻlganda;

avval ajratilgan kreditlardan maqsadsiz foydalanilganda;

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga koʻmak choralari boʻyicha ijtimoiy shartnomada belgilangan majburiyatlarini bajarmayotgan fuqarolar tomonidan ariza berilganda;

salbiy kredit tarixiga ega boʻlganda (oxirgi 2 yil davomidagi kredit tarixi inobatga olinadi).

13. Skoring natijasiga koʻra qarz oluvchining ijobiy baholangan arizasi koʻrib chiqish uchun biriktirilgan rahbarlarga platforma orqali kelib tushadi.

14. Skoring hisoblash metodikasi boʻyicha maʼlumotlar platformada eʼlon qilinadi hamda zaruratga koʻra kiritilgan oʻzgartirishlar asosida doimiy ravishda yangilab boriladi.

4-bob. Biriktirilgan rahbar tomonidan xulosa berish

15. Biriktirilgan rahbar qarz oluvchining arizasiga asosan besh ish kuni mobaynida joyiga chiqqan holda, uning faoliyat turi boʻyicha shart-sharoitlari, imkoniyati va yetarli koʻnikmasi mavjudligini oʻrganadi, oʻrganish natijasi boʻyicha fotohisobot va kredit ajratish yoki ajratishni rad etish toʻgʻrisidagi xulosani platformaga joylashtiradi.

16. Biriktirilgan rahbar xulosani berishdan avval amalga oshirilayotgan loyihaning oʻziga xos xususiyatlari va mavsumiyligini inobatga olgan holda qaror qabul qilish vakolatiga ega.

17. Quyidagi hollarda ijobiy xulosa berilmaydi:

loyihani amalga oshirish uchun qarz oluvchida shart-sharoit mavjud boʻlmaganda;

ariza beruvchi nomidan boshqa fuqaro kredit olishni maqsad qilgani aniqlanganda;

21-bandda koʻrsatilgan yoʻnalishlardan tashqari boshqa maqsadlar uchun ariza berilganda;

qonunchilikka zid boʻlgan faoliyat amalga oshirilishi aniqlanganda.

18. Biriktirilgan rahbar tomonidan kredit ajratishni rad etish toʻgʻrisidagi xulosada uning sabablari koʻrsatilishi zarur.

Ushbu Nizomning 16-bandida koʻrsatilgan sabablardan tashqari boshqa asoslarga koʻra kredit ajratishni rad etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Biriktirilgan rahbarning ijobiy xulosasi asosida qarz oluvchining arizasi koʻrib chiqish uchun platforma orqali tijorat bankiga taqdim etiladi.

19. Tijorat bankida yetarli resurs mablagʻlari mavjud boʻlmagan taqdirda, biriktirilgan rahbar tomonidan arizalar avval berilgan kreditlarning soʻndirilishi hamda qoʻshimcha mablagʻlar ajratilishi hisobidan resurs shakllantirilgunga qadar platformada elektron navbat asosida yuritiladi va bu borada qarz oluvchiga tegishli maʼlumotlar beriladi.

20. Biriktirilgan rahbar Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolariga ajratiladigan kredit mablagʻlari hisobidan noutbuk yoki asosiy vositalar olib berilishini taʼminlaydi hamda uning maqsadli va samarali ishlatilishini taʼminlash maqsadida ushbu rahbar yoki tashkilotning ishonchli vakili har chorakda loyiha amalga oshirilayotgan hududga borib oʻrganib, natijalari toʻgʻrisida platformada elektron dalolatnoma tuzib boradi.

5-bob. Tijorat banklari tomonidan kredit ajratish

21. Qarz oluvchilarga kreditlar Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasidagi foiz stavkasida ustama haq toʻlash sharti bilan:

15 million soʻmgacha boʻlgan qiymatdagi bir dona noutbuk sotib olish uchun 5 yilgacha muddatga 2 yil imtiyozli davr bilan;

tadbirkorlik faoliyatini boshlash uchun qiymati 30 million soʻmgacha boʻlgan kichik ishlab chiqarish uskunalari, koʻchma doʻkonlar (food truck), motoroller, skuter va shu kabi boshqa asosiy vositalarni sotib olish uchun 5 yilgacha muddatga boʻlib toʻlash sharti bilan ajratiladi.

Bunda hisoblangan foizlar Kambagʻallikni qisqartirish davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan tijorat banklariga qoplab beriladi.

22. Tijorat banklari tomonidan qarz oluvchilarga ajratiladigan kreditlar boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorliklar uchun oshirilgan va (yoki) qoʻshimcha foizlar hamda neustoyka (jarima, penya) hisoblanmaydi.

Qarz oluvchilar asosiy qarzni kredit shartnomasida belgilangan muddatlardan oldin qaytarishga haqlidir. Bunda tijorat banki qarz oluvchidan kredit boʻyicha asosiy qarzni kredit shartnomasida belgilangan muddatlardan oldin qaytargani uchun komissiya yoki neustoyka olishi taqiqlanadi.

23. Tijorat banklariga kredit olish uchun taqdim etilgan hujjatlarda ushbu Nizom talablari boʻyicha nomutanosiblik, xato va kamchilik aniqlanganda, kredit ajratilishi rad etiladi va bu toʻgʻrisida biriktirilgan rahbar hamda qarz oluvchi platforma orqali xabardor qilinadi.

24. Qarz oluvchi 10 kun muddat ichida hujjatlardagi nomutanosiblik, xato va kamchiliklarni bartaraf etib, ularni tijorat bankiga qaytadan taqdim etishi mumkin.

Taqdim etilgan hujjatlarning rad etilishi uchun asos boʻlgan kamchiliklar qarz oluvchi tomonidan belgilangan muddat ichida bartaraf etilib, tijorat bankiga taqdim qilinganda, hujjatlarni koʻrib chiqish qarz oluvchining dastlab taqdim etgan arizasi asosida davom ettiriladi.

25. Tijorat banklari tomonidan kredit ajratish toʻgʻrisidagi qaror uch ish kunidan kech boʻlmagan muddatda qabul qilinadi, hujjatlar elektron koʻrinishda shakllantiriladi va imzolanadi.

Qarz oluvchi, bank tomonidan imzolangan holda taqdim etilgan kredit shartnomasini 10 kun mobaynida imzolamasa, uning kredit olish toʻgʻrisidagi arizasi rad etiladi.

Tijorat banki tomonidan kredit ajratish rad etilganda, bu haqidagi qaror rad etilishi sabablari koʻrsatilgan holda platformaga joylashtiriladi.

26. Tijorat banklari tomonidan kredit ajratish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilinganda, qarz oluvchiga kredit hisobidan sotib olinadigan mahsulotlarni marketpleys tizimidan tanlash haqida SMS-xabarnoma yuboriladi.

27. Tijorat banki va qarz oluvchi oʻrtasida kredit shartnomasi imzolangandan soʻng kredit taʼminotchi hisobvaragʻiga pul koʻchirish orqali oʻtkazilganda, marketpleys tizimi bilan ishlash tartibi Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 8-iyuldagi 373-son qarori bilan tasdiqlangan Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlarining yagona elektron platformasi orqali kreditlar ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablari asosida amalga oshiriladi.

Qarz oluvchiga kredit naqd pulda yoki alohida ochilgan bank kartasi orqali ajratilganda, tijorat banklari ushbu Nizomda belgilangan tartib va dastur doirasida qarz oluvchilarga ajratiladigan kreditlardan kelib chiqqan holda platforma xizmatlari uchun ommaviy oferta talablari asosida haq toʻlanishini taʼminlaydi.

28. Dastur doirasida ajratiladigan kreditlar va ularga hisoblangan foiz miqdori platformada onlayn shakllanib boradi.

Bunda kredit boʻyicha foizlar qarz oluvchi tomonidan mahsulot qabul qilinib, kredit shartnomasiga asosan haqiqatda toʻlab beriladigan mablagʻ uchun hisoblanadi.

6-bob. Mahsulot yetkazib berish tartibi

29. Mahsulot yetkazib berilgandan soʻng ularni topshirish-qabul qilish maqsadida mahsulot yetkazib beruvchi tomonidan platformaning oʻzida elektron hisob-faktura rasmiylashtiriladi. Qarz oluvchi mahsulotni qabul qilib olib, undan qanoat hosil qilganidan soʻng elektron hisob-fakturani imzolaydi.

Bunda qarz oluvchiga tovarlar fiskal belgili kassa cheki asosida yetkazib beriladi.

30. Hisob-faktura imzolangani toʻgʻrisida biriktirilgan rahbarga platforma orqali xabar beriladi. Biriktirilgan rahbar uch ish kunida joyiga chiqqan holda, tovarlar haqiqatan yetkazib berilgani yoki berilmagani toʻgʻrisida platformada fotohisobot shaklida elektron dalolatnoma tuzadi.

31. Tijorat banklariga toʻliq imzolangan elektron hisob-faktura hamda biriktirilgan rahbar tomonidan tasdiqlangan elektron dalolatnoma ushbu mahsulotlar uchun toʻlovni amalga oshirishga asos boʻladi.

Qarz oluvchi talabiga koʻra sotib olinadigan mahsulot boʻyicha toʻlovlar mahsulot yetkazib berish shartnomasida taraflarning kelishuviga muvofiq belgilanadi.

32. Yetkazib berilgan mahsulot uchun toʻlovlar bank tomonidan uch bank ish kunida mahsulot yetkazib beruvchiga pul oʻtkazish orqali bilan amalga oshiriladi. Shundan soʻng mahsulot yetkazib beruvchining zakalat summasidan marketpleys tizimining xizmati uchun belgilangan toʻlov ommaviy ofertaga asosan avtomatik tarzda undiriladi va zakalat summasining qoldiq qismi mahsulot yetkazib beruvchiga qaytarib beriladi.

33. Biriktirilgan rahbar tomonidan mahsulot yetkazib berilmagani toʻgʻrisida elektron dalolatnoma rasmiylashtirilganda, qarz oluvchi va mahsulot yetkazib beruvchi oʻrtasida tuzilgan shartnoma shartlari toʻliq bajarilishi yoki shartnoma bekor qilinishi boʻyicha zarur choralar koʻradi.

34. Mahsulot yetkazib beruvchi tomonidan shartnoma shartlari toʻliq bajarilganda, biriktirilgan rahbar uch ish kunida joyiga chiqqan holda takroran oʻrganish oʻtkazadi va platformada fotohisobot shaklida takroran elektron dalolatnoma tuzadi.

Mahsulot yetkazib beruvchi tomonidan mahsulotlar yetkazib berilmaganlik holati takrorlansa, biriktirilgan rahbar xulosani bekor qilish boʻyicha elektron dalolatnoma rasmiylashtiradi va platforma orqali kredit shartnomasi avtomatik tarzda bekor qilinadi.

Mahsulot yetkazib beruvchilarni marketpleys tizimida ishtirok etishdan chetlatish va Nohalol taʼminotchilar reyestriga kiritish tartibi Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 8-iyuldagi 373-son qarori bilan tasdiqlangan Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlarining yagona elektron platformasi orqali kreditlar ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablari asosida amalga oshiriladi.

7-bob. Kambagʻallikni qisqartirish davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan tijorat banklariga hisoblangan foizlarni qoplab berish tartibi

35. Qarz oluvchilarga tijorat banklari tomonidan ajratiladigan kreditlariga Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturi doirasidagi foiz stavkasida ustama haq hisoblanadi.

36. Hisoblangan foiz boʻyicha ustama haqi miqdori har oyning yakuni bilan, tijorat banklari tomonidan ajratiladigan kredit va unga hisoblanadigan foizlar boʻyicha keyingi oyning 5-sanasiga qadar taqdim etilgan roʻyxat asosida 10-sanasiga qadar esa Kambagʻallikni qisqartirish davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplab beriladi (ushbu Nizomning 22-bandiga muvofiq muddati oʻtgan qarzdorliklar yuzasidan oshirilgan va (yoki) qoʻshimcha foizlar hamda neustoyka (jarima va penyalar) hisoblanmaydi, shuningdek, Kambagʻallikni qisqartirish davlat maqsadli jamgʻarmasidan qoplab berilmaydi).

8-bob. Yakunlovchi qoidalar

37. Dastur doirasida ajratiladigan kreditlardan boshqa maqsadda foydalanilganlik holatlari aniqlangan taqdirda, tijorat banklari belgilangan tartibda kreditlarni muddatidan oldin undirish huquqiga ega.

38. Qarz oluvchi tomonidan tijorat bankidan olingan kredit qarzdorlikni qaytarish jadvaliga muvofiq 90 kundan ortiq muddat toʻlanmagan taqdirda, qonunchilikda belgilangan tartibda undiriladi.

39. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga kreditlar ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarga kreditlar ajratish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Qarz oluvchi “Oilakredituz” Yagona elektron platformasi orqali ariza qoldiradi Xohishiga koʻra 2-bosqich Platforma Arizalar belgilangan tartibda avtomatik skoring baholashdan oʻtkaziladi 1 ish kunida 3-bosqich Biriktirilgan rahbar Joyiga chiqqan holda kreditni ajratish yoki ajratishni rad etish toʻgʻrisida xulosa beradi 5 ish kunida 4-bosqich Tijorat banki Kredit ajratish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi 3 ish kunida 5-bosqich Mahsulot yetkazib beruvchi va qarz oluvchi Mahsulot sotib olish boʻyicha shartnoma tuzadi 15 ish kunida 6-bosqich Mahsulot yetkazib beruvchi Qarz oluvchiga mahsulot yetkazib beradi 10 kunda 7-bosqich Biriktirilgan rahbar Mahsulot yetkazilgani toʻgʻrisida elektron dalolatnoma tuzadi 3 ish kunida 8-bosqich Tijorat banki Yetkazib berilgan mahsulot uchun toʻlovni amalga oshiradi 3 ish kunida

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 30-sentabr,

612-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 02.10.2025-y., 09/25/612/0888-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son)

lex.uz