UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 27-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 27 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 27 сентября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 27 September 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТАРКИБИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот ҳамда Ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 22 ноябрдаги ПҚ-399-сон қарорига мувофиқ театр санъатида ижодий ҳамкорликни ривожлантириш, драматурглар ва ёш режиссёрларни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги ПҚ-399-сон қарорига мувофиқ:

драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот ҳамда ёш режиссёрлар учун Ўзбекистон Республикаси халқ артисти ва санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот (кейинги ўринларда — мукофотлар) таъсис этилганлиги;

ушбу мукофотлар бўйича танловлар ҳар икки йилда ўтказилиб, уларнинг ғолибларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирлаш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2026 йилдан бошлаб мукофотлар бўйича танловлар ғолибларини пул мукофоти, диплом ва статуэткалар билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

3. Қуйидагилар:

Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳамда ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотларга тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ;

Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилансинки:

мукофотлар ўзбек драматургияси ва режиссураси соҳасида фаол ижод қилаётган моҳир драматурглар ва ёш режиссёрларга театр санъатини ривожлантириш ва театрлар репертуарини долзарб мавзудаги саҳна асарлари билан бойитишга қўшган муносиб ҳиссаси учун берилади;

мукофотларнинг диплом ва статуэткаларини тайёрлаш ҳамда ғолибларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Маданият вазирлигига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Бунда мукофотларнинг диплом ва статуэткалари намунаси Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва Бадиий академия билан келишган ҳолда тасдиқланади.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 сентябрдаги 606-сон қарорига 1-ИЛОВА

Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳамда ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотларга тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг

1. О. Назарбеков — маданият вазири, комиссия раиси 2. А. Таджиханов — маданият вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия раисининг ўринбосари 3. Б. Ахмедов — маданият вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия раисининг ўринбосари 4. Ш. Ризаев — Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори в.б 5. С. Саидов — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси 6. О. Хасанов — Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари 7. Ё. Ахмедов — Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раиси 8. Н. Сайфуллаев — Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори 9. М. Туляходжаева — Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори 10. О. Салимов — Ўзбекистон давлат драма театри бош режиссёри 11. Лавозимига кўра — Маданият вазирлиги Театр ва цирк санъати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, комиссия масъул котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 сентябрдаги 606-сон қарорига 2-ИЛОВА

Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот (кейинги ўринларда — мукофот)га номзодларни кўриб чиқиш, ғолибларни аниқлаш ва уларни тақдирлаш тартибини белгилайди.

2. Мукофот билан драматургия соҳасида фаол ижод қилаётган моҳир драматурглар театр санъатини ривожлантириш ва театрлар репертуарини долзарб мавзудаги саҳна асарлари билан бойитишга қўшган муносиб ҳиссаси учун тақдирланади.

Мукофот билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин. Бир шахс мукофот билан бир марта мукофотланади.

3. Мукофот ғолибларини аниқлаш учун ҳар икки йилда бир маротаба ушбу Низомга мувофиқ танлов ўтказилади.

4. Мукофот ғолибига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 (эллик) баробари миқдорида бир марталик пул мукофоти ҳамда мукофотнинг диплом ва статуэткалари берилади.

2-боб. Мукофотга номзодларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби

5. Мукофотга номзодларни тақдим этиш, кўриб чиқиш ва тақдирлаш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

6. Фаол ижод қилаётган драматургларни мукофот билан тақдирлаш бўйича таклифлар вазирлик ва идоралар, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан танлов ўтказиладиган йилнинг 15 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тақдим этилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги номзодлар бўйича таклифларни кўриб чиқади ҳамда танлов ўтказиладиган йилнинг 1 февралига қадар Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳамда ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотларга тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга (кейинги ўринларда — Комиссия) тақдим этади.

8. Комиссия танлов ўтказиладиган йилнинг 1 мартига қадар номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, уларни қуйидаги мезонлар асосида баҳолайди ҳамда энг муносиб бир нафар номзод бўйича якуний қарор қабул қилади:

ўз асарлари билан ўзбек адабиёти ва театр санъати ривожига ҳисса қўшгани, уни жаҳонга танитиш орқали миллий қадриятларимиз, миллатимизнинг улуғлигини дунёга тараннум этгани;

ўз асарларида ёшларнинг аждодларга муносиб авлод бўлиб етишишини, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳини тараннум этгани, замон қаҳрамонлари тимсолини акс эттиргани ҳамда миллий қаҳрамонлар сиймосини гавдалантиргани;

ўз асарларида миллий ғурур тушунчаси билан ҳамоҳанг тарзда умуминсоний ғояларни тарғиб қилгани, театрлар репертуарини мавзу ва ғоя жиҳатидан пухта бўлган долзарб мавзудаги саҳна асарлари билан бойитишга муносиб ҳисса қўшгани.

Комиссия мукофотга тавсия этилган номзодларнинг ҳужжатлари холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.

9. Комиссия қарори асосида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг мукофот билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи танлов ўтказиладиган йилнинг 10 мартига қадар қабул қилинади.

10. Мукофот 27 март — Халқаро театр куни арафасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ёки унинг тегишли ўринбосари томонидан тантанали тарзда топширилади.

11. Бир марталик пул мукофоти ҳамда диплом ва статуэткаларни тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

3-боб. Якунловчи қоида

12. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофотга номзодларни тақдим этиш, кўриб чиқиш ва тақдирлаш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Вазирлик ва идоралар, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари Мукофот билан тақдирлаш бўйича таклифларни Маданият вазирлигига тақдим этади. Ҳар икки йилда бир маротаба 15 январга қадар 2-босқич Маданият вазирлиги Мукофот билан тақдирлаш бўйича таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқади ҳамда Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот ҳамда ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотга тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга (Комиссия) тақдим этади. 1 февралга қадар 3-босқич Комиссия Номзодлар бўйича ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва энг муносиб бир нафар номзод бўйича якуний қарор қабул қилади. 1 мартга қадар 4-босқич Маданият вазирлиги 1. Мукофот билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғи қабул қилинади. 10 мартга қадар 2. Мукофот 27 март — Халқаро театр куни муносабати билан ўтказиладиган тадбирда топширилади. 27 март

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 сентябрдаги 606-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот (кейинги ўринларда — мукофот)га номзодларни кўриб чиқиш, ғолибларни аниқлаш ва уларни тақдирлаш тартибини белгилайди.

2. Мукофот билан режиссура соҳасида фаол ижод қилаётган, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган ўттиз беш ёшдан ошмаган иқтидорли режиссёрлар театрлар репертуарини долзарб мавзудаги саҳна асарлари билан бойитишга қўшган муносиб ҳиссаси учун тақдирланади.

Мукофот билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин. Бир шахс мукофот билан бир марта мукофотланади.

3. Мукофот ғолибларини аниқлаш учун ҳар икки йилда бир маротаба ушбу Низомга мувофиқ танлов ўтказилади.

4. Мукофот ғолибига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 (эллик) баробари миқдорида бир марталик пул мукофоти ҳамда мукофотнинг диплом ва статуэткалари берилади.

2-боб. Мукофотга номзодларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби

5. Мукофотга номзодларни тақдим этиш, кўриб чиқиш ва тақдирлаш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

6. Фаол ижод қилаётган ёш режиссёрларни мукофот билан тақдирлаш бўйича таклифлар вазирлик ва идоралар, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан танлов ўтказиладиган йилнинг 15 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тақдим этилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги номзодлар бўйича таклифларни кўриб чиқади ҳамда танлов ўтказиладиган йилнинг 1 февралига қадар Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳамда ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотларга тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга (кейинги ўринларда — Комиссия) тақдим этади.

8. Комиссия танлов ўтказиладиган йилнинг 1 мартига қадар номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, уларни қуйидаги мезонлар асосида баҳолайди ҳамда энг муносиб бир нафар номзод бўйича якуний қарор қабул қилади:

ёш истеъдод эгаларининг қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида фидокорона меҳнат қилган ва юқори натижаларга эришгани;

ўз ижодий фаолияти давомида янги, замонавий мавзудаги миллий мумтоз ҳамда жаҳон классик асарларини саҳналаштиргани, шу билан бир қаторда, янги талқиндаги экспериментал асарларга қўл ургани;

мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ва театр санъати нуфузини жаҳон миқёсида оширишда муносиб ҳисса қўшгани;

турли жанр ва йўналишдаги спектаклларни саҳналаштиргани ҳамда республика ва халқаро миқёсдаги давлат тадбирлари, фестивалларни ташкил этиш ва ўтказишда режиссёр сифатида иштирок этгани.

Комиссия мукофотга тавсия этилган номзодларнинг ҳужжатлари холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.

9. Комиссия қарори асосида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг мукофот билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи танлов ўтказиладиган йилнинг 10 мартига қадар қабул қилинади.

10. Мукофот 27 март — Халқаро театр куни арафасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ёки унинг тегишли ўринбосари томонидан тантанали тарзда топширилади.

11. Бир марталик пул мукофоти ҳамда диплом ва статуэткаларни тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

3-боб. Якунловчи қоида

12. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотга номзодларни тақдим этиш, кўриб чиқиш ва тақдирлаш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Вазирлик ва идоралар, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари Мукофот билан тақдирлаш бўйича таклифларни Маданият вазирлигига тақдим этади. Ҳар икки йилда бир марта 15 январга қадар 2-босқич Маданият вазирлиги Мукофот билан тақдирлаш бўйича таклифларни белгиланган тартибда кўриб чиқади ҳамда Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот ҳамда ёш режиссёрлар учун Ўзбекистон Республикаси халқ артисти ва санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотга тавсия этилган номзодларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга (Комиссия) тақдим этади. 1 февралга қадар 3-босқич Комиссия Номзодлар бўйича ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва энг муносиб номзод бўйича якуний қарор қабул қилади. 1 мартга қадар 4-босқич Маданият вазирлиги 1. Мукофот билан тақдирлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғи қабул қилинади. 10 мартга қадар 2. Мукофот 27 март — Халқаро театр куни муносабати билан ўтказиладиган тадбирда топширилади. 27 март

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 27 сентябрь,

606-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.10.2025 й., 09/25/606/0893-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TARKIBI

NIZOM

SXEMASI

NIZOM

SXEMASI

Dramaturglar uchun Mahmudxoʻja Behbudiy nomidagi mukofot hamda Yosh rejissorlar uchun Bahodir Yoʻldoshev nomidagi mukofot toʻgʻrisidagi nizomlarni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Teatrlarning jamiyat madaniy hayotidagi ahamiyatini oshirish va ular faoliyatini yanada qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 22-noyabrdagi PQ-399-son qaroriga muvofiq teatr sanʼatida ijodiy hamkorlikni rivojlantirish, dramaturglar va yosh rejissorlarni ragʻbatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 22-noyabrdagi PQ-399-son qaroriga muvofiq:

dramaturglar uchun Mahmudxoʻja Behbudiy nomidagi mukofot hamda yosh rejissorlar uchun Oʻzbekiston Respublikasi xalq artisti va sanʼat arbobi Bahodir Yoʻldoshev nomidagi mukofot (keyingi oʻrinlarda — mukofotlar) taʼsis etilganligi;

ushbu mukofotlar boʻyicha tanlovlar har ikki yilda oʻtkazilib, ularning gʻoliblarini mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 50 barobari miqdorida pul mukofoti bilan taqdirlash belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Madaniyat vazirligi, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi hamda Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazining 2026-yildan boshlab mukofotlar boʻyicha tanlovlar gʻoliblarini pul mukofoti, diplom va statuetkalar bilan taqdirlash toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.

3. Quyidagilar:

Dramaturglar uchun Mahmudxoʻja Behbudiy hamda yosh rejissorlar uchun Bahodir Yoʻldoshev nomidagi mukofotlarga tavsiya etilgan nomzodlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiya tarkibi 1-ilovaga muvofiq;

Dramaturglar uchun Mahmudxoʻja Behbudiy nomidagi mukofot toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq;

Yosh rejissorlar uchun Bahodir Yoʻldoshev nomidagi mukofot toʻgʻrisidagi nizom 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

4. Belgilansinki:

mukofotlar oʻzbek dramaturgiyasi va rejissurasi sohasida faol ijod qilayotgan mohir dramaturglar va yosh rejissorlarga teatr sanʼatini rivojlantirish va teatrlar repertuarini dolzarb mavzudagi sahna asarlari bilan boyitishga qoʻshgan munosib hissasi uchun beriladi;

mukofotlarning diplom va statuetkalarini tayyorlash hamda gʻoliblarni taqdirlash bilan bogʻliq xarajatlar Madaniyat vazirligiga Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar hisobidan moliyalashtiriladi.

Bunda mukofotlarning diplom va statuetkalari namunasi Madaniyat vazirligi tomonidan ishlab chiqiladi va Badiiy akademiya bilan kelishgan holda tasdiqlanadi.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri O.A. Nazarbekov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 27-sentabrdagi 606-son qaroriga 1-ILOVA

Dramaturglar uchun Mahmudxoʻja Behbudiy hamda yosh rejissorlar uchun Bahodir Yoʻldoshev nomidagi mukofotlarga tavsiya etilgan nomzodlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiyaning

1. O. Nazarbekov — madaniyat vaziri, komissiya raisi 2. A. Tadjixanov — madaniyat vazirining birinchi oʻrinbosari, komissiya raisining oʻrinbosari 3. B. Axmedov — madaniyat vazirining birinchi oʻrinbosari, komissiya raisining oʻrinbosari 4. Sh. Rizayev — Madaniyat vazirligi huzuridagi Kinematografiya agentligi direktori v.b 5. S. Saidov — Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisi 6. O. Xasanov — Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi rahbari 7. Yo. Axmedov — Oʻzbekiston teatr arboblari uyushmasi raisi 8. N. Sayfullayev — Oʻzbekiston davlat sanʼat va madaniyat instituti rektori 9. M. Tulyaxodjayeva — Oʻzbekiston davlat sanʼat va madaniyat instituti professori 10. O. Salimov — Oʻzbekiston davlat drama teatri bosh rejissori 11. Lavozimiga koʻra — Madaniyat vazirligi Teatr va sirk sanʼati faoliyatini muvofiqlashtirish boʻlimi boshligʻi, komissiya masʼul kotibi

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 27-sentabrdagi 606-son qaroriga 2-ILOVA

Dramaturglar uchun Mahmudxoʻja Behbudiy nomidagi mukofot toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom dramaturglar uchun Mahmudxoʻja Behbudiy nomidagi mukofot (keyingi oʻrinlarda — mukofot)ga nomzodlarni koʻrib chiqish, gʻoliblarni aniqlash va ularni taqdirlash tartibini belgilaydi.

2. Mukofot bilan dramaturgiya sohasida faol ijod qilayotgan mohir dramaturglar teatr sanʼatini rivojlantirish va teatrlar repertuarini dolzarb mavzudagi sahna asarlari bilan boyitishga qoʻshgan munosib hissasi uchun taqdirlanadi.

Mukofot bilan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlmagan shaxslar ham taqdirlanishi mumkin. Bir shaxs mukofot bilan bir marta mukofotlanadi.

3. Mukofot gʻoliblarini aniqlash uchun har ikki yilda bir marotaba ushbu Nizomga muvofiq tanlov oʻtkaziladi.

4. Mukofot gʻolibiga mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 50 (ellik) barobari miqdorida bir martalik pul mukofoti hamda mukofotning diplom va statuetkalari beriladi.

2-bob. Mukofotga nomzodlarni taqdim etish va koʻrib chiqish tartibi

5. Mukofotga nomzodlarni taqdim etish, koʻrib chiqish va taqdirlash ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

6. Faol ijod qilayotgan dramaturglarni mukofot bilan taqdirlash boʻyicha takliflar vazirlik va idoralar, boshqa davlat va nodavlat tashkilotlari tomonidan tanlov oʻtkaziladigan yilning 15-yanvariga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligiga taqdim etiladi.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi nomzodlar boʻyicha takliflarni koʻrib chiqadi hamda tanlov oʻtkaziladigan yilning 1-fevraliga qadar Dramaturglar uchun Mahmudxoʻja Behbudiy hamda yosh rejissorlar uchun Bahodir Yoʻldoshev nomidagi mukofotlarga tavsiya etilgan nomzodlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiyaga (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) taqdim etadi.

8. Komissiya tanlov oʻtkaziladigan yilning 1-martiga qadar nomzodlarning hujjatlarini oʻrganib chiqib, ularni quyidagi mezonlar asosida baholaydi hamda eng munosib bir nafar nomzod boʻyicha yakuniy qaror qabul qiladi:

oʻz asarlari bilan oʻzbek adabiyoti va teatr sanʼati rivojiga hissa qoʻshgani, uni jahonga tanitish orqali milliy qadriyatlarimiz, millatimizning ulugʻligini dunyoga tarannum etgani;

oʻz asarlarida yoshlarning ajdodlarga munosib avlod boʻlib yetishishini, Vatanga muhabbat va sadoqat ruhini tarannum etgani, zamon qahramonlari timsolini aks ettirgani hamda milliy qahramonlar siymosini gavdalantirgani;

oʻz asarlarida milliy gʻurur tushunchasi bilan hamohang tarzda umuminsoniy gʻoyalarni targʻib qilgani, teatrlar repertuarini mavzu va gʻoya jihatidan puxta boʻlgan dolzarb mavzudagi sahna asarlari bilan boyitishga munosib hissa qoʻshgani.

Komissiya mukofotga tavsiya etilgan nomzodlarning hujjatlari xolis koʻrib chiqilishi uchun bevosita masʼuldir.

9. Komissiya qarori asosida Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vazirining mukofot bilan taqdirlash toʻgʻrisidagi buyrugʻi tanlov oʻtkaziladigan yilning 10-martiga qadar qabul qilinadi.

10. Mukofot 27-mart — Xalqaro teatr kuni arafasida Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri yoki uning tegishli oʻrinbosari tomonidan tantanali tarzda topshiriladi.

11. Bir martalik pul mukofoti hamda diplom va statuetkalarni tayyorlash bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligiga Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar hisobidan moliyalashtiriladi.

3-bob. Yakunlovchi qoida

12. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Dramaturglar uchun Mahmudxoʻja Behbudiy nomidagi mukofot toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Dramaturglar uchun Mahmudxoʻja Behbudiy nomidagi mukofotga nomzodlarni taqdim etish, koʻrib chiqish va taqdirlash

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Vazirlik va idoralar, boshqa davlat va nodavlat tashkilotlari Mukofot bilan taqdirlash boʻyicha takliflarni Madaniyat vazirligiga taqdim etadi. Har ikki yilda bir marotaba 15-yanvarga qadar 2-bosqich Madaniyat vazirligi Mukofot bilan taqdirlash boʻyicha takliflarni belgilangan tartibda koʻrib chiqadi hamda Dramaturglar uchun Mahmudxoʻja Behbudiy nomidagi mukofot hamda yosh rejissorlar uchun Bahodir Yoʻldoshev nomidagi mukofotga tavsiya etilgan nomzodlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiyaga (Komissiya) taqdim etadi. 1-fevralga qadar 3-bosqich Komissiya Nomzodlar boʻyicha hujjatlarni oʻrganib chiqadi va eng munosib bir nafar nomzod boʻyicha yakuniy qaror qabul qiladi. 1-martga qadar 4-bosqich Madaniyat vazirligi 1. Mukofot bilan taqdirlash toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vazirining buyrugʻi qabul qilinadi. 10-martga qadar 2. Mukofot 27-mart — Xalqaro teatr kuni munosabati bilan oʻtkaziladigan tadbirda topshiriladi. 27-mart

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 27-sentabrdagi 606-son qaroriga 3-ILOVA

Yosh rejissorlar uchun Bahodir Yoʻldoshev nomidagi mukofot toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom yosh rejissorlar uchun Bahodir Yoʻldoshev nomidagi mukofot (keyingi oʻrinlarda — mukofot)ga nomzodlarni koʻrib chiqish, gʻoliblarni aniqlash va ularni taqdirlash tartibini belgilaydi.

2. Mukofot bilan rejissura sohasida faol ijod qilayotgan, ijtimoiy faolligi va isteʼdodi bilan tengdoshlariga oʻrnak boʻlib kelayotgan oʻttiz besh yoshdan oshmagan iqtidorli rejissorlar teatrlar repertuarini dolzarb mavzudagi sahna asarlari bilan boyitishga qoʻshgan munosib hissasi uchun taqdirlanadi.

Mukofot bilan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlmagan shaxslar ham taqdirlanishi mumkin. Bir shaxs mukofot bilan bir marta mukofotlanadi.

3. Mukofot gʻoliblarini aniqlash uchun har ikki yilda bir marotaba ushbu Nizomga muvofiq tanlov oʻtkaziladi.

4. Mukofot gʻolibiga mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 50 (ellik) barobari miqdorida bir martalik pul mukofoti hamda mukofotning diplom va statuetkalari beriladi.

2-bob. Mukofotga nomzodlarni taqdim etish va koʻrib chiqish tartibi

5. Mukofotga nomzodlarni taqdim etish, koʻrib chiqish va taqdirlash ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

6. Faol ijod qilayotgan yosh rejissorlarni mukofot bilan taqdirlash boʻyicha takliflar vazirlik va idoralar, boshqa davlat va nodavlat tashkilotlari tomonidan tanlov oʻtkaziladigan yilning 15-yanvariga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligiga taqdim etiladi.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi nomzodlar boʻyicha takliflarni koʻrib chiqadi hamda tanlov oʻtkaziladigan yilning 1-fevraliga qadar Dramaturglar uchun Mahmudxoʻja Behbudiy hamda yosh rejissorlar uchun Bahodir Yoʻldoshev nomidagi mukofotlarga tavsiya etilgan nomzodlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiyaga (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) taqdim etadi.

8. Komissiya tanlov oʻtkaziladigan yilning 1-martiga qadar nomzodlarning hujjatlarini oʻrganib chiqib, ularni quyidagi mezonlar asosida baholaydi hamda eng munosib bir nafar nomzod boʻyicha yakuniy qaror qabul qiladi:

yosh isteʼdod egalarining qobiliyat va salohiyatini roʻyobga chiqarish borasida fidokorona mehnat qilgan va yuqori natijalarga erishgani;

oʻz ijodiy faoliyati davomida yangi, zamonaviy mavzudagi milliy mumtoz hamda jahon klassik asarlarini sahnalashtirgani, shu bilan bir qatorda, yangi talqindagi eksperimental asarlarga qoʻl urgani;

mamlakatimizda madaniyat va sanʼat sohasini rivojlantirish, oʻzbek milliy madaniyati va teatr sanʼati nufuzini jahon miqyosida oshirishda munosib hissa qoʻshgani;

turli janr va yoʻnalishdagi spektakllarni sahnalashtirgani hamda respublika va xalqaro miqyosdagi davlat tadbirlari, festivallarni tashkil etish va oʻtkazishda rejissor sifatida ishtirok etgani.

Komissiya mukofotga tavsiya etilgan nomzodlarning hujjatlari xolis koʻrib chiqilishi uchun bevosita masʼuldir.

9. Komissiya qarori asosida Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vazirining mukofot bilan taqdirlash toʻgʻrisidagi buyrugʻi tanlov oʻtkaziladigan yilning 10-martiga qadar qabul qilinadi.

10. Mukofot 27-mart — Xalqaro teatr kuni arafasida Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri yoki uning tegishli oʻrinbosari tomonidan tantanali tarzda topshiriladi.

11. Bir martalik pul mukofoti hamda diplom va statuetkalarni tayyorlash bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligiga Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar hisobidan moliyalashtiriladi.

3-bob. Yakunlovchi qoida

12. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Yosh rejissorlar uchun Bahodir Yoʻldoshev nomidagi mukofot toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Yosh rejissorlar uchun Bahodir Yoʻldoshev nomidagi mukofotga nomzodlarni taqdim etish, koʻrib chiqish va taqdirlash

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Vazirlik va idoralar, boshqa davlat va nodavlat tashkilotlari Mukofot bilan taqdirlash boʻyicha takliflarni Madaniyat vazirligiga taqdim etadi. Har ikki yilda bir marta 15-yanvarga qadar 2-bosqich Madaniyat vazirligi Mukofot bilan taqdirlash boʻyicha takliflarni belgilangan tartibda koʻrib chiqadi hamda Dramaturglar uchun Mahmudxoʻja Behbudiy nomidagi mukofot hamda yosh rejissorlar uchun Oʻzbekiston Respublikasi xalq artisti va sanʼat arbobi Bahodir Yoʻldoshev nomidagi mukofotga tavsiya etilgan nomzodlarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiyaga (Komissiya) taqdim etadi. 1-fevralga qadar 3-bosqich Komissiya Nomzodlar boʻyicha hujjatlarni oʻrganib chiqadi va eng munosib nomzod boʻyicha yakuniy qaror qabul qiladi. 1-martga qadar 4-bosqich Madaniyat vazirligi 1. Mukofot bilan taqdirlash toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vazirining buyrugʻi qabul qilinadi. 10-martga qadar 2. Mukofot 27-mart — Xalqaro teatr kuni munosabati bilan oʻtkaziladigan tadbirda topshiriladi. 27-mart

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 27-sentabr,

606-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 02.10.2025-y., 09/25/606/0893-son)

lex.uz