UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 4-oktabr · Qonunlar va kodekslar

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 4 октябрь · Қонунлар ва кодекслар

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 4 октября 2025 г. · Законы и кодексы

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 4 October 2025 · Laws and codes

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Давлат мудофаа буюртмаси тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 20 августда қабул қилинган Сенат томонидан 2025 йил 29 апрелда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ушбу Қонуннинг амал қилиш соҳаси

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасида мудофаа қобилиятини, хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш, давлат сирлари, давлат томонидан қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, фавқулодда ҳолат режимини сақлаб туриш билан боғлиқ бўлган давлат мудофаа буюртмасини шакллантиришга, келишишга, тасдиқлашга ва бажаришга тааллуқли муносабатларга нисбатан татбиқ этилади, бундан давлат томонидан қўриқланадиган шахсларнинг ва давлат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларга оид буюртмалар мустасно.

3-модда. Давлат мудофаа буюртмаси тўғрисидаги қонунчилик

Давлат мудофаа буюртмаси тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат мудофаа буюртмаси тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

4-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

буюртманома — давлат мудофаа буюртмаси буюртмачиларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш билан боғлиқ эҳтиёжларини таъминлаш учун зарур бўлган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар тўғрисидаги расмий маълумотлари;

давлат мудофаа буюртмаси — Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини қуроллантириш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланадиган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилиш учун давлат буюртмаси;

давлат мудофаа буюртмаси буюртмачилари (бундан буён матнда буюртмачилар деб юритилади) — давлат мудофаа буюртмаси доирасида ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қиладиган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа вазирликлар ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи идоралар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси;

давлат мудофаа буюртмасининг ижрочиси (бундан буён матнда ижрочи деб юритилади) — Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган, қонунчиликда белгиланган тартибда ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни етказиб бериш учун давлат мудофаа буюртмаси доирасида шартнома тузган ҳамда ушбу соҳада тегишли фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний ёки юридик шахс;

икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулот — қурол-яроғ ва ҳарбий техникани яратишда фойдаланилиши ёки ҳарбий мақсадда қўлланилиши мумкин бўлган айрим хомашё турлари, материаллар, асбоб-анжомлар, жиҳозлар, техника, технологиялар, илмий-техник ахборот ва бошқалар, шунингдек фуқаровий ва ҳарбий мақсадларда бажарилиши (кўрсатилиши) мумкин бўлган ишлар (хизматлар);

мудофаа саноати корхоналари — ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқишни, ишлаб чиқаришни, таъмирлашни, модернизация, утилизация қилишни ҳамда қайта ишлашни амалга оширувчи мудофаа аҳамиятига эга бўлган маҳаллий корхоналар ва ташкилотлар;

ягона агент — давлат мудофаа буюртмаси доирасида хорижда ишлаб чиқарилган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилиш (импорт қилиш) учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган ваколатли орган;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини қуроллантириш бўйича давлат комиссияси (бундан буён матнда Давлат комиссияси деб юритилади) — фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда ташкил этиладиган, давлат мудофаа буюртмасини тасдиқловчи маслаҳат-кенгаш органи;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши (бундан буён матнда Мувофиқлаштирувчи кенгаш деб юритилади) — фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда ташкил этиладиган, давлат мудофаа буюртмасини келишишни амалга оширадиган орган;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини қуроллантириш вазифаларини амалга ошириш бўйича ташкилий-маъмурий гуруҳ (бундан буён матнда Ташкилий-маъмурий гуруҳ деб юритилади) — фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда ташкил этиладиган, давлат мудофаа буюртмасини ижро этувчи орган;

ҳарбий мақсадга мўлжалланган маҳсулот — қурол-яроғ, ўқ-дорилар, ҳимоя воситалари, ҳарбий ва махсус техника, уларнинг бошқа саноат тармоқларида фойдаланилмайдиган эҳтиёт қисмлари, бутловчи қисмлари, асбоб-анжомлари, шунингдек уларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган махсус материаллар, махсус ускуналар ҳамда интеллектуал мулк ҳуқуқи объектлари, соҳага оид ҳужжатлар, ҳарбий мақсадларда бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар.

5-модда. Давлат мудофаа буюртмасининг асосий вазифалари

Давлат мудофаа буюртмасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

мамлакатнинг миллий манфаатларидан, жаҳондаги ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан, ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган таҳдидлар даражасидан, замонавий ҳарбий можароларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш, тасдиқлаш ва бажариш;

буюртмачиларни ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан ўз вақтида ҳамда кафолатли тарзда қуроллантириш ва таъминлаш;

давлат мудофаа буюртмаси учун ажратилган молиявий ресурслардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш.

2-боб. Давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги давлат бошқаруви

6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш, келишиш ва бажариш тартибини тасдиқлайди;

ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар рўйхатини белгилайди;

ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилишга оид техник топшириқни ишлаб чиқиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

7-модда. Ваколатли давлат органининг давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи:

давлат мудофаа буюртмасининг лойиҳасини шакллантиради;

давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, мудофаа саноати корхоналарининг давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш ҳамда бажариш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради;

мудофаа саноати корхоналарининг рўйхатини юритади ва уни расмий очиқ манбаларга жойлаштиради;

буюртмачиларнинг мудофаа саноати корхоналари билан ҳамкорлигини мувофиқлаштиради;

мудофаа саноати корхоналари тўғрисидаги ахборотни буюртмачиларга тақдим этади;

давлат мудофаа буюртмаси бажарилишининг мониторинги ва таҳлилини амалга оширади;

давлат мудофаа буюртмасининг бажарилиши жараёни ва натижалари тўғрисида Ташкилий-маъмурий гуруҳга белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.

Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

8-модда. Буюртмачиларнинг давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги ваколатлари

Буюртмачилар давлат мудофаа буюртмаси доирасида:

келгусида давлат мудофаа буюртмаси лойиҳасига киритиш учун ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларнинг рўйхатини ҳамда ҳажмини аниқлайди;

ҳар йили ваколатли давлат органига навбатдаги йил учун ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларга доир буюртманомани белгиланган муддатда тақдим этади;

ўзининг ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилиш режаларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

ижрочига ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилишга оид техник топшириқни тақдим этади ҳамда шартнома бўйича уларни етказиб бериш шартларини у билан келишади;

ижрочи билан ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни етказиб беришга оид шартномалар тузади;

харид қилинадиган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларнинг нархини аниқлаш учун зарурат бўлганда ихтисослашган ташкилотларни жалб этади;

Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахслардан техник-тижорат таклифларини ягона агент орқали олади ва баҳолайди;

мудофаа саноати корхоналари билан ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширади;

тузилган шартномалар шартларига мувофиқ тўловларни амалга оширади;

тузилган шартномаларга асосан ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларнинг етказиб берилишини назорат қилади;

тузилган шартномалар бўйича етказиб бериладиган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар намуналарининг сифатини назорат қилади ҳамда уни қонунчиликка мувофиқ қабул қилади.

Буюртмачиларга давлат мудофаа буюртмасини бажариш учун ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг мақсадли маблағларини бошқа эҳтиёжлар учун қайта тақсимлаш тақиқланади.

3-боб. Давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш, келишиш, тасдиқлаш ва бажариш

9-модда. Давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш ва келишиш

Навбатдаги йил учун зарур бўлган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар учун буюртмачилар томонидан тайёрланган буюртманомалар молиялаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилганидан кейин ваколатли давлат органига қонунчиликда белгиланган шаклда, мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, ҳар йили 1 июлга қадар юборилади. Бунда буюртманомалар буюртмачиларнинг биринчи раҳбарлари томонидан тасдиқланади.

Ваколатли давлат органи келиб тушган буюртманомаларни бир ойлик муддатда умумлаштиради ва шакллантирилган давлат мудофаа буюртмаси лойиҳасини келишиш учун Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этади.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш давлат мудофаа буюртмаси лойиҳасини, шу жумладан ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни мудофаа саноати корхоналарида ишлаб чиқариш масалаларини, шунингдек хориждан импорт қилинадиган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар номенклатурасини навбатдаги мажлисда кўриб чиқади ҳамда келишилган давлат мудофаа буюртмаси лойиҳасини Давлат комиссиясининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқиш учун Давлат комиссиясининг ишчи органи бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг котибиятига бир ойлик муддатда киритади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти давлат мудофаа буюртмаси лойиҳасини, шу жумладан хориждан импорт қилинадиган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар номенклатурасини кўриб чиқади, келишади ва уни Давлат комиссиясига унинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқиш учун тақдим этади.

10-модда. Давлат мудофаа буюртмасини тасдиқлаш

Давлат мудофаа буюртмасининг лойиҳаси Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва унинг қарори билан тасдиқланади.

Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган давлат мудофаа буюртмаси навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда инобатга олинади.

11-модда. Давлат мудофаа буюртмасини бажариш

Ташкилий-маъмурий гуруҳ давлат мудофаа буюртмасини бажариш юзасидан тегишли амалий чора-тадбирларни белгилайди.

Ташкилий-маъмурий гуруҳ давлат мудофаа буюртмасини инобатга олган ҳолда, мудофаа саноати корхоналарининг имкониятлари ва улар томонидан ишлаб чиқариладиган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар тўғрисидаги ахборотни буюртмачиларга тақдим этади.

Буюртмачилар давлат мудофаа буюртмасини бажариш мақсадида:

ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилишга оид техник топшириқларни белгиланган тартибда ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмаган, шунингдек Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган, бироқ сифати ва техник кўрсаткичлари бўйича техник топшириқ талабларига мувофиқ бўлмаган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилишга оид техник топшириқларни ягона агентга тақдим этади.

Давлат мудофаа буюртмасига ҳамда белгиланган стандартларга мос бўлмаган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларга оид тақдим этилган техник топшириқлар маромига етказиш учун буюртмачиларга қайтарилади.

12-модда. Давлат мудофаа буюртмаси бўйича давлат харидларини амалга ошириш

Давлат мудофаа буюртмаси доирасида ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларнинг хариди қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар буюртмачилар томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ харид қилинади.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмаган, шунингдек Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган, бироқ сифати ва техник кўрсаткичлари бўйича техник топшириқ талабларига мувофиқ бўлмаган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар, агар қонунчиликда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда ягона агент томонидан импорт қилинади.

Ягона агент чет эл корхоналари ва ташкилотлари билан давлат мудофаа буюртмаси доирасида импорт шартномаларини (контрактларини) тузади.

Ягона агент ҳамда буюртмачилар ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни етказиб бериш жараёнининг доимий мониторингини амалга оширади.

4-боб. Давлат мудофаа буюртмасини молиялаштириш, унинг бажарилиши устидан назорат қилиш ва унинг махфийлиги

13-модда. Давлат мудофаа буюртмасини молиялаштириш

Давлат мудофаа буюртмасини молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат:

буюртмачиларга Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

буюртмачиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари;

буюртмачиларнинг вақтинча бўш турган маблағларини давлат улуши бўлган тижорат банкларида депозитларга жойлаштиришдан олинган даромадлардан тушумлар;

халқаро ташкилотларнинг ва молия институтларининг, шунингдек бошқа чет эл донорларининг грантлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги навбатдаги йил учун тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрлари, давлат мудофаа буюртмаси доирасида тузилган шартномаларни молиялаштиради.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига аниқлик киритилган тақдирда, давлат мудофаа буюртмасининг параметрлари қайта кўриб чиқилиши мумкин.

14-модда. Давлат мудофаа буюртмасининг бажарилиши устидан назорат қилиш

Давлат мудофаа буюртмасининг бажарилиши устидан назорат Ташкилий-маъмурий гуруҳ томонидан амалга оширилади.

Буюртмачилар Ўзбекистон Республикасининг ички бозорида ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилиш бўйича давлат мудофаа буюртмаси бажарилганлиги тўғрисидаги маълумотларни ваколатли давлат органига ҳисобот чораги тугаганидан кейин ўн иш куни ичида юборади.

Ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикасининг ички бозорида ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилиш бўйича давлат мудофаа буюртмасининг бажарилганлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳисобот чораги тугаганидан кейин ўн беш иш куни ичида умумлаштиради ҳамда ҳисоботни Ташкилий-маъмурий гуруҳга киритади.

Ягона агент ташқи бозорда ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилиш бўйича давлат мудофаа буюртмасининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни ҳисобот чораги тугаганидан кейин ўн иш куни ичида умумлаштиради ҳамда Ташкилий-маъмурий гуруҳга киритади.

Ташкилий-маъмурий гуруҳ давлат мудофаа буюртмаси бажарилганлиги тўғрисидаги ҳисоботни белгиланган тартибда Давлат комиссиясига тақдим этади.

Давлат мудофаа буюртмасининг бажарилиши устидан парламент назорати қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

15-модда. Давлат мудофаа буюртмаси тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлиги

Давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш, келишиш, тасдиқлаш ва бажариш жараёнида давлат мудофаа буюртмасининг барча иштирокчилари давлат сирлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши шарт.

Давлат мудофаа буюртмасини бажариш жараёнида давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар билан ишлаш зарурати юзага келганда давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисида ижрочи билан келишув тузиш талаб этилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

16-модда. Низоларни ҳал этиш

Давлат мудофаа буюртмаси соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

17-модда. Давлат мудофаа буюртмаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Давлат мудофаа буюртмаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

18-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

19-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ушбу Қонун 6-моддаси биринчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш, келишиш ва бажариш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида тасдиқласин;

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

20-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2025 йил 4 октябрь,

ЎРҚ-1087-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.10.2025 й., 03/25/1087/0897-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni

Davlat mudofaa buyurtmasi toʻgʻrisida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2024-yil 20-avgustda qabul qilingan Senat tomonidan 2025-yil 29-aprelda maʼqullangan

1-bob. Umumiy qoidalar

1-modda. Ushbu Qonunning maqsadi

Ushbu Qonunning maqsadi davlat mudofaa buyurtmasi sohasidagi munosabatlarni tartibga solishdan iborat.

2-modda. Ushbu Qonunning amal qilish sohasi

Ushbu Qonun Oʻzbekiston Respublikasida mudofaa qobiliyatini, xavfsizlikni taʼminlash va jamoat tartibini saqlash, davlat sirlari, davlat tomonidan qoʻriqlanadigan shaxslarning xavfsizligini taʼminlash, favqulodda vaziyatlarning oldini olish hamda ularni bartaraf etish, favqulodda holat rejimini saqlab turish bilan bogʻliq boʻlgan davlat mudofaa buyurtmasini shakllantirishga, kelishishga, tasdiqlashga va bajarishga taalluqli munosabatlarga nisbatan tatbiq etiladi, bundan davlat tomonidan qoʻriqlanadigan shaxslarning va davlat xavfsizligini taʼminlash uchun zarur boʻlgan ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarga oid buyurtmalar mustasno.

3-modda. Davlat mudofaa buyurtmasi toʻgʻrisidagi qonunchilik

Davlat mudofaa buyurtmasi toʻgʻrisidagi qonunchilik ushbu Qonun va boshqa qonunchilik hujjatlaridan iboratdir.

Agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida Oʻzbekiston Respublikasining davlat mudofaa buyurtmasi toʻgʻrisidagi qonunchiligida nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, xalqaro shartnoma qoidalari qoʻllaniladi.

4-modda. Asosiy tushunchalar

Ushbu Qonunda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

buyurtmanoma — davlat mudofaa buyurtmasi buyurtmachilarining oʻz zimmasiga yuklatilgan vazifalarni bajarish bilan bogʻliq ehtiyojlarini taʼminlash uchun zarur boʻlgan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlar toʻgʻrisidagi rasmiy maʼlumotlari;

davlat mudofaa buyurtmasi — Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarini qurollantirish boʻyicha davlat komissiyasi tomonidan tasdiqlanadigan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni xarid qilish uchun davlat buyurtmasi;

davlat mudofaa buyurtmasi buyurtmachilari (bundan buyon matnda buyurtmachilar deb yuritiladi) — davlat mudofaa buyurtmasi doirasida harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni xarid qiladigan Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Milliy gvardiyasi, Davlat xavfsizlik xizmati, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Davlat xavfsizlik xizmati hamda boshqa vazirliklar va Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlari tarkibiga kiruvchi idoralar, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi;

davlat mudofaa buyurtmasining ijrochisi (bundan buyon matnda ijrochi deb yuritiladi) — Oʻzbekiston Respublikasining rezidenti boʻlgan, qonunchilikda belgilangan tartibda harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni yetkazib berish uchun davlat mudofaa buyurtmasi doirasida shartnoma tuzgan hamda ushbu sohada tegishli faoliyat turini amalga oshirish huquqiga ega boʻlgan jismoniy yoki yuridik shaxs;

ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulot — qurol-yarogʻ va harbiy texnikani yaratishda foydalanilishi yoki harbiy maqsadda qoʻllanilishi mumkin boʻlgan ayrim xomashyo turlari, materiallar, asbob-anjomlar, jihozlar, texnika, texnologiyalar, ilmiy-texnik axborot va boshqalar, shuningdek fuqaroviy va harbiy maqsadlarda bajarilishi (koʻrsatilishi) mumkin boʻlgan ishlar (xizmatlar);

mudofaa sanoati korxonalari — harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni ishlab chiqishni, ishlab chiqarishni, taʼmirlashni, modernizatsiya, utilizatsiya qilishni hamda qayta ishlashni amalga oshiruvchi mudofaa ahamiyatiga ega boʻlgan mahalliy korxonalar va tashkilotlar;

yagona agent — davlat mudofaa buyurtmasi doirasida xorijda ishlab chiqarilgan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni xarid qilish (import qilish) uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan belgilanadigan vakolatli organ;

Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarini qurollantirish boʻyicha davlat komissiyasi (bundan buyon matnda Davlat komissiyasi deb yuritiladi) — faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan belgilanadigan tartibda tashkil etiladigan, davlat mudofaa buyurtmasini tasdiqlovchi maslahat-kengash organi;

Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarining Muvofiqlashtiruvchi kengashi (bundan buyon matnda Muvofiqlashtiruvchi kengash deb yuritiladi) — faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan belgilanadigan tartibda tashkil etiladigan, davlat mudofaa buyurtmasini kelishishni amalga oshiradigan organ;

Oʻzbekiston Respublikasi Qurolli Kuchlarini qurollantirish vazifalarini amalga oshirish boʻyicha tashkiliy-maʼmuriy guruh (bundan buyon matnda Tashkiliy-maʼmuriy guruh deb yuritiladi) — faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan belgilanadigan tartibda tashkil etiladigan, davlat mudofaa buyurtmasini ijro etuvchi organ;

harbiy maqsadga moʻljallangan mahsulot — qurol-yarogʻ, oʻq-dorilar, himoya vositalari, harbiy va maxsus texnika, ularning boshqa sanoat tarmoqlarida foydalanilmaydigan ehtiyot qismlari, butlovchi qismlari, asbob-anjomlari, shuningdek ularni ishlab chiqarish uchun zarur boʻlgan maxsus materiallar, maxsus uskunalar hamda intellektual mulk huquqi obyektlari, sohaga oid hujjatlar, harbiy maqsadlarda bajariladigan ishlar va koʻrsatiladigan xizmatlar.

5-modda. Davlat mudofaa buyurtmasining asosiy vazifalari

Davlat mudofaa buyurtmasining asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

mamlakatning milliy manfaatlaridan, jahondagi va mintaqadagi harbiy-siyosiy vaziyatdan, harbiy sohada milliy xavfsizlikka boʻlgan tahdidlar darajasidan, zamonaviy harbiy mojarolarning xususiyatidan kelib chiqqan holda, davlat mudofaa buyurtmasini shakllantirish, tasdiqlash va bajarish;

buyurtmachilarni harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlar bilan oʻz vaqtida hamda kafolatli tarzda qurollantirish va taʼminlash;

davlat mudofaa buyurtmasi uchun ajratilgan moliyaviy resurslardan maqsadli va samarali foydalanilishini taʼminlash.

2-bob. Davlat mudofaa buyurtmasi sohasidagi davlat boshqaruvi

6-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining davlat mudofaa buyurtmasi sohasidagi vakolatlari

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

davlat mudofaa buyurtmasi sohasidagi yagona davlat siyosati amalga oshirilishini taʼminlaydi;

davlat mudofaa buyurtmasini shakllantirish, kelishish va bajarish tartibini tasdiqlaydi;

harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlar roʻyxatini belgilaydi;

harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni xarid qilishga oid texnik topshiriqni ishlab chiqish tartibini belgilaydi.

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

7-modda. Vakolatli davlat organining davlat mudofaa buyurtmasi sohasidagi vakolatlari

Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi huzuridagi Mudofaa sanoati agentligi davlat mudofaa buyurtmasi sohasidagi vakolatli davlat organidir (bundan buyon matnda vakolatli davlat organi deb yuritiladi).

Vakolatli davlat organi:

davlat mudofaa buyurtmasining loyihasini shakllantiradi;

davlat organlari va tashkilotlarining, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining, mudofaa sanoati korxonalarining davlat mudofaa buyurtmasini shakllantirish hamda bajarish boʻyicha faoliyatini muvofiqlashtiradi;

mudofaa sanoati korxonalarining roʻyxatini yuritadi va uni rasmiy ochiq manbalarga joylashtiradi;

buyurtmachilarning mudofaa sanoati korxonalari bilan hamkorligini muvofiqlashtiradi;

mudofaa sanoati korxonalari toʻgʻrisidagi axborotni buyurtmachilarga taqdim etadi;

davlat mudofaa buyurtmasi bajarilishining monitoringi va tahlilini amalga oshiradi;

davlat mudofaa buyurtmasining bajarilishi jarayoni va natijalari toʻgʻrisida Tashkiliy-maʼmuriy guruhga belgilangan tartibda hisobot taqdim etadi.

Vakolatli davlat organi qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.

8-modda. Buyurtmachilarning davlat mudofaa buyurtmasi sohasidagi vakolatlari

Buyurtmachilar davlat mudofaa buyurtmasi doirasida:

kelgusida davlat mudofaa buyurtmasi loyihasiga kiritish uchun harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarning roʻyxatini hamda hajmini aniqlaydi;

har yili vakolatli davlat organiga navbatdagi yil uchun harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarga doir buyurtmanomani belgilangan muddatda taqdim etadi;

oʻzining harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni xarid qilish rejalarini ishlab chiqadi hamda tasdiqlaydi;

ijrochiga harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni xarid qilishga oid texnik topshiriqni taqdim etadi hamda shartnoma boʻyicha ularni yetkazib berish shartlarini u bilan kelishadi;

ijrochi bilan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni yetkazib berishga oid shartnomalar tuzadi;

xarid qilinadigan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarning narxini aniqlash uchun zarurat boʻlganda ixtisoslashgan tashkilotlarni jalb etadi;

Oʻzbekiston Respublikasining norezidenti boʻlgan jismoniy yoki yuridik shaxslardan texnik-tijorat takliflarini yagona agent orqali oladi va baholaydi;

mudofaa sanoati korxonalari bilan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni xarid qilish tartib-taomillarini amalga oshiradi;

tuzilgan shartnomalar shartlariga muvofiq toʻlovlarni amalga oshiradi;

tuzilgan shartnomalarga asosan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarning yetkazib berilishini nazorat qiladi;

tuzilgan shartnomalar boʻyicha yetkazib beriladigan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlar namunalarining sifatini nazorat qiladi hamda uni qonunchilikka muvofiq qabul qiladi.

Buyurtmachilarga davlat mudofaa buyurtmasini bajarish uchun ajratilgan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining maqsadli mablagʻlarini boshqa ehtiyojlar uchun qayta taqsimlash taqiqlanadi.

3-bob. Davlat mudofaa buyurtmasini shakllantirish, kelishish, tasdiqlash va bajarish

9-modda. Davlat mudofaa buyurtmasini shakllantirish va kelishish

Navbatdagi yil uchun zarur boʻlgan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlar uchun buyurtmachilar tomonidan tayyorlangan buyurtmanomalar moliyalashtirish masalalari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilganidan keyin vakolatli davlat organiga qonunchilikda belgilangan shaklda, mavjud ehtiyojdan kelib chiqqan holda, har yili 1-iyulga qadar yuboriladi. Bunda buyurtmanomalar buyurtmachilarning birinchi rahbarlari tomonidan tasdiqlanadi.

Vakolatli davlat organi kelib tushgan buyurtmanomalarni bir oylik muddatda umumlashtiradi va shakllantirilgan davlat mudofaa buyurtmasi loyihasini kelishish uchun Muvofiqlashtiruvchi kengashga taqdim etadi.

Muvofiqlashtiruvchi kengash davlat mudofaa buyurtmasi loyihasini, shu jumladan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni mudofaa sanoati korxonalarida ishlab chiqarish masalalarini, shuningdek xorijdan import qilinadigan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlar nomenklaturasini navbatdagi majlisda koʻrib chiqadi hamda kelishilgan davlat mudofaa buyurtmasi loyihasini Davlat komissiyasining navbatdagi majlisida koʻrib chiqish uchun Davlat komissiyasining ishchi organi boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Xavfsizlik kengashining kotibiyatiga bir oylik muddatda kiritadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Xavfsizlik kengashi kotibiyati davlat mudofaa buyurtmasi loyihasini, shu jumladan xorijdan import qilinadigan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlar nomenklaturasini koʻrib chiqadi, kelishadi va uni Davlat komissiyasiga uning navbatdagi majlisida koʻrib chiqish uchun taqdim etadi.

10-modda. Davlat mudofaa buyurtmasini tasdiqlash

Davlat mudofaa buyurtmasining loyihasi Davlat komissiyasi tomonidan koʻrib chiqiladi va uning qarori bilan tasdiqlanadi.

Davlat komissiyasi tomonidan tasdiqlangan davlat mudofaa buyurtmasi navbatdagi yil uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti toʻgʻrisidagi qonun loyihasini ishlab chiqishda inobatga olinadi.

11-modda. Davlat mudofaa buyurtmasini bajarish

Tashkiliy-maʼmuriy guruh davlat mudofaa buyurtmasini bajarish yuzasidan tegishli amaliy chora-tadbirlarni belgilaydi.

Tashkiliy-maʼmuriy guruh davlat mudofaa buyurtmasini inobatga olgan holda, mudofaa sanoati korxonalarining imkoniyatlari va ular tomonidan ishlab chiqariladigan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlar toʻgʻrisidagi axborotni buyurtmachilarga taqdim etadi.

Buyurtmachilar davlat mudofaa buyurtmasini bajarish maqsadida:

harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni xarid qilishga oid texnik topshiriqlarni belgilangan tartibda ishlab chiqadi;

Oʻzbekiston Respublikasida ishlab chiqarilishi yoʻlga qoʻyilmagan, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasida ishlab chiqarilishi yoʻlga qoʻyilgan, biroq sifati va texnik koʻrsatkichlari boʻyicha texnik topshiriq talablariga muvofiq boʻlmagan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni xarid qilishga oid texnik topshiriqlarni yagona agentga taqdim etadi.

Davlat mudofaa buyurtmasiga hamda belgilangan standartlarga mos boʻlmagan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarga oid taqdim etilgan texnik topshiriqlar maromiga yetkazish uchun buyurtmachilarga qaytariladi.

12-modda. Davlat mudofaa buyurtmasi boʻyicha davlat xaridlarini amalga oshirish

Davlat mudofaa buyurtmasi doirasida harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarning xaridi qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasida ishlab chiqarilgan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlar buyurtmachilar tomonidan qonunchilik hujjatlariga muvofiq xarid qilinadi.

Oʻzbekiston Respublikasida ishlab chiqarilishi yoʻlga qoʻyilmagan, shuningdek Oʻzbekiston Respublikasida ishlab chiqarilishi yoʻlga qoʻyilgan, biroq sifati va texnik koʻrsatkichlari boʻyicha texnik topshiriq talablariga muvofiq boʻlmagan harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlar, agar qonunchilikda boshqacha tartib belgilanmagan boʻlsa, vakolatli davlat organi bilan kelishilgan holda yagona agent tomonidan import qilinadi.

Yagona agent chet el korxonalari va tashkilotlari bilan davlat mudofaa buyurtmasi doirasida import shartnomalarini (kontraktlarini) tuzadi.

Yagona agent hamda buyurtmachilar harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni yetkazib berish jarayonining doimiy monitoringini amalga oshiradi.

4-bob. Davlat mudofaa buyurtmasini moliyalashtirish, uning bajarilishi ustidan nazorat qilish va uning maxfiyligi

13-modda. Davlat mudofaa buyurtmasini moliyalashtirish

Davlat mudofaa buyurtmasini moliyalashtirish manbalari quyidagilardan iborat:

buyurtmachilarga Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar;

buyurtmachilarning budjetdan tashqari mablagʻlari;

buyurtmachilarning vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarini davlat ulushi boʻlgan tijorat banklarida depozitlarga joylashtirishdan olingan daromadlardan tushumlar;

xalqaro tashkilotlarning va moliya institutlarining, shuningdek boshqa chet el donorlarining grantlari;

qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar.

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi navbatdagi yil uchun tasdiqlanadigan Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti parametrlari, davlat mudofaa buyurtmasi doirasida tuzilgan shartnomalarni moliyalashtiradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetiga aniqlik kiritilgan taqdirda, davlat mudofaa buyurtmasining parametrlari qayta koʻrib chiqilishi mumkin.

14-modda. Davlat mudofaa buyurtmasining bajarilishi ustidan nazorat qilish

Davlat mudofaa buyurtmasining bajarilishi ustidan nazorat Tashkiliy-maʼmuriy guruh tomonidan amalga oshiriladi.

Buyurtmachilar Oʻzbekiston Respublikasining ichki bozorida harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni xarid qilish boʻyicha davlat mudofaa buyurtmasi bajarilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni vakolatli davlat organiga hisobot choragi tugaganidan keyin oʻn ish kuni ichida yuboradi.

Vakolatli davlat organi Oʻzbekiston Respublikasining ichki bozorida harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni xarid qilish boʻyicha davlat mudofaa buyurtmasining bajarilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni hisobot choragi tugaganidan keyin oʻn besh ish kuni ichida umumlashtiradi hamda hisobotni Tashkiliy-maʼmuriy guruhga kiritadi.

Yagona agent tashqi bozorda harbiy va ikki xil maqsadga moʻljallangan mahsulotlarni xarid qilish boʻyicha davlat mudofaa buyurtmasining bajarilishi toʻgʻrisidagi hisobotlarni hisobot choragi tugaganidan keyin oʻn ish kuni ichida umumlashtiradi hamda Tashkiliy-maʼmuriy guruhga kiritadi.

Tashkiliy-maʼmuriy guruh davlat mudofaa buyurtmasi bajarilganligi toʻgʻrisidagi hisobotni belgilangan tartibda Davlat komissiyasiga taqdim etadi.

Davlat mudofaa buyurtmasining bajarilishi ustidan parlament nazorati qonunda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

15-modda. Davlat mudofaa buyurtmasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning maxfiyligi

Davlat mudofaa buyurtmasini shakllantirish, kelishish, tasdiqlash va bajarish jarayonida davlat mudofaa buyurtmasining barcha ishtirokchilari davlat sirlari toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga rioya etishi shart.

Davlat mudofaa buyurtmasini bajarish jarayonida davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlar bilan ishlash zarurati yuzaga kelganda davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni oshkor qilmaslik toʻgʻrisida ijrochi bilan kelishuv tuzish talab etiladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

16-modda. Nizolarni hal etish

Davlat mudofaa buyurtmasi sohasida yuzaga keladigan nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.

17-modda. Davlat mudofaa buyurtmasi toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlik uchun javobgarlik

Davlat mudofaa buyurtmasi toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlikda aybdor shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

18-modda. Ushbu Qonunning ijrosini, yetkazilishini, mohiyati va ahamiyati tushuntirilishini taʼminlash

Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi va boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.

19-modda. Qonunchilikni ushbu Qonunga muvofiqlashtirish

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

ushbu Qonun 6-moddasi birinchi qismining uchinchi xatboshisida nazarda tutilgan davlat mudofaa buyurtmasini shakllantirish, kelishish va bajarish tartibini ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy ichida tasdiqlasin;

hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.

20-modda. Ushbu Qonunning kuchga kirishi

Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2025-yil 4-oktabr,

OʻRQ-1087-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 06.10.2025-y., 03/25/1087/0897-son)

lex.uz