UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 8-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 8 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 8 октября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 8 October 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Паралимпия спорт турлари бўйича спорт терма жамоаларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоалар учун спорт захирасини яратиш ҳамда терма жамоаларни шакллантиришда спортчиларнинг мусобақалардаги натижалари билан бирга спорт нормативларини бажариш кўрсаткичларини инобатга олиш, шунингдек, иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаб олиш (селекция)нинг рақамлаштирилган тизимини жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Паралимпия спорт турлари бўйича спорт терма жамоаларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

паралимпия спорт турлари бўйича спорт терма жамоаларини шакллантиришнинг мақсади ва вазифаларини белгилаш;

паралимпия спорт турлари бўйича иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаб олиш (селекция) тартибини жорий қилиш;

паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларни шакллантиришда спортчиларнинг мусобақалардаги натижалари билан бирга спорт нормативларини бажариш кўрсаткичларини ҳам инобатга олиш;

паралимпия спорт турлари билан шуғулланувчи спортчилар ва уларнинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни «ERP Sport» ягона электрон бошқарув тизимида рўйхатга олиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги 2025 йил якунига қадар «ERP Sport» ягона электрон бошқарув тизимида паралимпия спорт турлари билан шуғулланаётган спортчиларнинг спорт натижаларини киритиб бориш ва улар томонидан спорт нормативларининг бажарилиши мониторингини юритиш учун зарур техник имкониятларни яратиш чораларини кўрсин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 июндаги 173-сон қарори билан тасдиқланган Спорт терма жамоалари тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 октябрдаги 630-сон қарорига 1-ИЛОВА

Паралимпия спорт турлари бўйича спорт терма жамоаларини шакллантириш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) орқали паралимпия спорт турлари бўйича спорт терма жамоалари (кейинги ўринларда — спорт терма жамоалари)ни шакллантириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом талаблари жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, шунингдек, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим ташкилотлари ва «Ғамхўрлик» марказлари учун мажбурий ҳисобланади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланади:

классификация — параспортчиларни уларнинг жисмоний, ақлий ёки сенсор қобилиятларига қараб Халқаро паралимпия қўмитаси талабларини инобатга олган ҳолда тоифаларга (классларга) ажратиш тизими;

ўқув-машғулот йиғинлари — спортчиларни спорт мусобақаларига ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларига тайёрлаш ва уларда иштирок этиш, шунингдек, ушбу тадбирлардан кейин тиклаш мақсадида спортчиларнинг спорт маҳоратини оширишга йўналтирилган, спорт йўналиши, педагогик ва тарбиявий йўсинда ташкил этиладиган тадбирлар;

спорт терма жамоалари — турли ёш гуруҳларига тегишли спортчилар, тренерлар, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги олимлар ҳамда бошқа мутахассислар, тиббиёт мутахассислари ва бошқа мутахассислардан иборат бўлган, мусобақаларга ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларига тайёрланиш ва уларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида қатнашиш мақсадида ташкил этиладиган турли ташкилотларнинг жамоалари (шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари);

спорт нормативлари — спортчиларнинг паралимпия спорт турлари бўйича жисмоний тайёргарлиги ва маҳорат даражаси ёки муваффақиятларини баҳолаш учун белгиланган ўлчов меъёрлари;

ҳудудий назорат мусобақалари — спорт нормативларини муваффақиятли бажарган спортчилар ўртасида ёки спортчилар жамоалари ўртасида турли хил паралимпия спорт турлари бўйича мусобақанинг энг яхши иштирокчисини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган беллашув;

тренерлар кенгаши — паралимпия спорт турлари бўйича бош (катта) тренерлар ва тренерлар, бошқа етакчи ҳамда нуфузли тренерлар, врачлар, комплекс илмий гуруҳларнинг раҳбарлари ва бошқа мутахассисларидан иборат бўлган, спорт федерациялари (уюшмалари) ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасида ташкил этиладиган спортчиларнинг спорт, педагогик ҳамда тарбиявий фаолиятини тартибга солиб борувчи коллегиал орган.

2-боб. Паралимпия спорт турлари бўйича спорт терма жамоаларини шакллантириш

4. Қуйидагилар спорт терма жамоаларини ва уларнинг захирасини шакллантиришнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

паралимпия спорт турлари бўйича республика ва халқаро нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижадорликни таъминлаш;

паралимпия спорт турлари бўйича спорт мусобақалари якунларига кўра юқори спорт натижаларига эришган ёки спорт нормативларини муваффақиятли бажарган спортчилар, тренерлар ва бошқа мутахассислардан иборат таркибда спорт терма жамоаларини ва уларнинг захирасини шакллантириш;

юқори малакали спортчиларни тайёрлаш ҳамда паралимпия спорт турлари бўйича ҳудудий ва республика спорт мусобақаларида муваффақиятли қатнашишга, паралимпия спорт турлари бўйича халқаро комплекс спорт мусобақалари (Паралимпия ўйинлари, Параосиё ўйинлари ва бошқалар), Жаҳон, Параосиё, Марказий Параосиё чемпионатлари ва кубоклари ҳамда бошқа халқаро спорт мусобақалари, қитъалар ва хорижий давлатларнинг очиқ чемпионатларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган спорт терма жамоаларини ва уларнинг захирасини шакллантириш;

спортчиларни тайёрлашнинг илғор методларини ўқув-машғулот жараёнига жорий этиш;

спортчиларнинг жисмоний, техник-тактик, психологик тайёрлигини такомиллаштириш, уларнинг спорт маҳоратини ошириш;

жисмоний тарбия-спорт ҳаракатини ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш.

5. Спорт терма жамоаларини ва уларнинг захирасини шакллантиришга фақат Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан белгиланган тартибда Спорт турлари реестрига киритилган паралимпия спорт турлари бўйича йўл қўйилади.

6. Спорт терма жамоалари:

спортчиларнинг барча ёш тоифалари ва жинсий мансублиги бўйича Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари ва уларнинг захираси — Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасининг тақдимномасига асосан;

спортчиларнинг барча ёш тоифалари ва жинсий мансублиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри спорт терма жамоалари — тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт бошқармалари томонидан, Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциациясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлинмаларининг тақдимномасига асосан;

жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг спорт терма жамоалари — тегишли жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари томонидан шакллантирилади ва тасдиқланади.

7. Спорт терма жамоалари (асосий таркиб ва захира (стажёрлар) таркибига қуйидагилар киради:

спортчилар;

тренерлар (бош тренерлар, катта тренерлар, тренерлар);

хизмат кўрсатувчи ходимлар — врачлар, массажчилар, психологлар, операторлар, механиклар, фармакологлар, физиологлар, диетологлар, қутқарувчилар ва спортчиларни тайёрлаш учун зарур бўладиган бошқа мутахассислар;

маъмурий ходимлар — раҳбарлар, менежерлар, спорт (техник) директорлари, маъмурлар.

8. Спорт терма жамоалари таркиблари паралимпия спорт турлари хусусиятларига мувофиқ Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан, халқаро спорт ташкилотларининг тасдиқланган норма ва қоидаларида белгиланган ёш тоифаларидаги (кичик ўсмирлар, ўсмирлар, ёшлар, 23 ёшгача (U-23) ва катталар) спортчилардан иборат бўлади.

9. Спорт терма жамоалари спорт нормативларига мувофиқ шакллантириладиган паралимпия спорт турлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Бунда спорт терма жамоалари спорт нормативларига мувофиқ шакллантириладиган паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси чемпионати ёки кубоги ўтказилиши мажбурий ҳисобланмайди.

10. Спорт нормативлари Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан ҳар йили бир маротаба Ўзбекистон Республикаси чемпионати ва кубоги ҳамда халқаро спорт мусобақаларида спортчиларнинг қайд этадиган энг яхши кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

11. Жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим ташкилотлари ва «Ғамхўрлик» марказлари томонидан доимий равишда спорт нормативларига мувофиқ спортчиларнинг ўқув-машғулот жараёнидаги кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар «ERP Sport» ягона электрон бошқарув тизими (кейинги ўринларда — «ERP Sport» тизими)га киритиб борилади ҳамда спортчиларнинг ўқув-машғулот йиғинларидаги кўрсаткичлари «ERP Sport» тизимидаги маълумотлар асосида автоматик тарзда шаклланиб боради.

«ERP Sport» тизимига маълумотларнинг ўз вақтида киритилиши ҳамда ҳаққонийлиги учун жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ва «Ғамхўрлик» марказларининг тренерлари ва раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.

Бунда ушбу бандда кўрсатилган талаб нодавлат жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари учун тавсиявий ҳисобланади.

12. Паралимпия спорт турлари билан шуғулланаётган спортчиларнинг спорт натижалари «ERP Sport» тизимида киритиб борилиши ва уларнинг спорт нормативларини бажариши Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан мониторинг қилиб борилади.

13. Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт бошқармалари томонидан Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциациясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлинмалари билан биргаликда паралимпия спорт турлари бўйича спорт нормативларини бажарган спортчилар иштирокида ҳар йили икки маротаба ҳудудий назорат мусобақалари ўтказиб борилади.

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан ҳудудий назорат мусобақалари ўтказилишидан бир ой олдин Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мусобақалар ўтказилиши тўғрисида эълон берилади.

14. Ҳудудий назорат мусобақаларини ўтказиш учун ҳар йили ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.

Бунда ҳудудий комиссиялар таркиби Қорақалпоғистон Республикаси спорт вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт бошқармалари бошлиқлари томонидан тасдиқланади.

15. Ҳудудий назорат мусобақаларида спортчилар Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан белгиланган тартибда ўтказилган классификация хулосаси асосида иштирок этади.

16. Ҳудудий комиссиянинг қарори билан ҳудудий назорат мусобақаларининг спорт нормативларини такроран муваффақиятли бажарган спортчилар рўйхати тасдиқланади ва Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциациясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлинмалари томонидан «ERP Sport» тизимига киритилади ҳамда ушбу маълумотлар асосида спорт терма жамоаларининг асосий номзодлари рўйхати шакллантирилади.

17. Спорт терма жамоаларининг таркиблари ўтган спорт мавсумидаги расмий республика ёки халқаро спорт мусобақаларидаги натижалардан келиб чиқиб, шунингдек, спортчиларнинг спорт нормативлари кўрсаткичлари бўйича спортчиларнинг натижаларини муҳокама қилган ҳолда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузуридаги Тренерлар кенгаши томонидан шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигига тасдиқлаш учун киритилади.

18. Спорт терма жамоаларининг таркибларини шакллантиришнинг мезонлари расмий республика ёки халқаро спорт мусобақаларидаги натижалардан келиб чиқиб, шунингдек, Спорт терма жамоаларининг таркибларини тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

19. Паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари тренерлари Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги билан келишилган ҳолда тайинланади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри спорт терма жамоаларининг тренерлари тегишли равишда Ўзбекистон адаптив спорт турлари ассоциациясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўлинмаларининг тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси спорт вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт бошқармалари бошлиқлари томонидан тайинланади.

Жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг спорт терма жамоалари тренерлари тегишли жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари томонидан тайинланади.

20. Спорт терма жамоалари тренерлари учун малака талаблари Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан белгиланади.

21. Ўзбекистон Республикаси спорт терма жамоаларининг маъмурий ва хизмат кўрсатувчи ходимлари Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

22. Ёш тоифалари, эркаклар ва аёллар бўйича асосий таркибдан ва захирадан (стажёрлардан) шакллантириладиган спорт терма жамоалари аъзолари — спортчилар, тренерлар, маъмурий ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг рўйхат бўйича таркиби ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклда тасдиқланади.

23. Спорт терма жамоаларининг таркиблари тегишли буйруқ билан 1 йил муддатга тасдиқланади ва календарь йилнинг 1 январидан 31 декабригача амал қилади. Спорт терма жамоаларининг тасдиқланган таркибини қуйидаги асосларга кўра қайта кўриб чиқишга йўл қўйилади:

ўтган спорт мусобақаларининг натижалари;

спортчилар натижалари даражасининг жиддий пасайиши;

спортчилар олган жароҳатлар, улар чалинган касалликлар;

спортчилар яшаш жойининг ўзгариши;

спортчиларнинг спорт терма жамоалари таркибидан ихтиёрий чиқиши;

спортчиларнинг спорт мусобақаларида қатнашишни тўхтатиши;

маънавий-ахлоқий ва бошқа нормаларнинг бузилиши;

антидопинг қоидаларининг бузилиши;

Халқаро паралимпия қўмитасининг классификация қоидалари ўзгариши.

24. Спорт терма жамоалари таркибига киритиладиган спортчиларнинг чекланган сони ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ паралимпия спорт турлари бўйича Жаҳон ва Осиё чемпионатларидаги энг кўп сонли спортчилар таркиблари бўйича аниқланади.

25. Спорт терма жамоаларининг рўйхат бўйича таркибида спортчиларни тайёрлаган тренерларга доир маълумотлар кўрсатилади.

26. Қуйидаги талабларга жавоб бермайдиган спортчиларни спорт терма жамоалари таркибига киритишга йўл қўйилмайди:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаса (Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари учун);

спорт терма жамоалари таркибидаги тегишли ёш тоифасига мувофиқ бўлмаса;

спорт билан шуғулланиш учун тиббий рухсатномага ва спорт паспортига эга бўлмаса;

классификация хулосасига эга бўлмаса.

3-боб. Паралимпия спорт турлари бўйича спорт терма жамоалари учун шарт-шароитлар яратиш

27. Спорт терма жамоалари ва уларнинг захираси аъзолари (ушбу мақсадларга ажратилган маблағлар доирасида) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда спорт терма жамоалари таркибида республика ва халқаро спорт мусобақаларида қатнашиш даврида турар жой, озиқ-овқат, кийим-бош ва спорт формаси билан таъминланиш;

давлат спорт иншоотларидан фойдаланиш;

давлат илмий-тадқиқот институтлари ва таълим ташкилотларининг илмий, тиббий-биологик ва техник ютуқларидан фойдаланиш;

касалланган ва спорт жароҳатлари олинган барча ҳолатларда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ваколатли органнинг йўлланмаси бўйича тиббий хизмат кўрсатишдан, шунингдек, спорт тиббиёт муассасаларида, соғлиқни сақлаш муассасаларида даволаниш.

28. Спорт терма жамоалари аъзолари қуйидагиларга мажбур:

Ўзбекистон Республикаси ва ҳудудий спорт терма жамоалари таркибида республика ҳамда халқаро спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиш, халқаро спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикаси шарафини ҳимоя қилиш;

спорт тадбирларида қатнашган ҳолда ўз спорт маҳоратини ошириш, юксак фуқаролик, маънавий-иродавий ва ахлоқий сифатларини намоён қилиш, гигиена асосларини ўрганиш, паралимпия ҳаракати соҳасида билимларни эгаллаш;

тайёргарлик, машғулот ва мусобақа топшириқларининг индивидуал режаларини бажариш;

ўз шахсий намунаси билан спорт терма жамоасида ўртоқлик, соғлом рақобатлашиш, спорт терма жамоасининг маъмуриятига ва хизмат кўрсатувчи ходимларига, спорт ҳакамларига, томошабинларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш руҳини қарор топтиришга интилиш;

ўқув-машғулот жараёни ва спорт мусобақалари давомида спорт терма жамоаси маъмуриятининг кўрсатмаларини, тренерлар таркиби, врач, илмий гуруҳ раҳбарлари ҳамда ходимларининг талаблари ва тавсияларини бажариш;

спорт мусобақасининг шаффофлиги учун курашиш, спорт режимини бузмаслик, шунингдек, допинг, психотроп ва бошқа тақиқланган препаратларни ҳамда Бутунжаҳон антидопинг агентлиги ва спорт турлари бўйича халқаро спорт ташкилотлари томонидан тақиқланган воситаларни қўлламаслик;

спорт режимига, интизомига ва жамоат тартибига риоя қилиш;

спорт формаси, анжомлари, ускуналари ҳамда спорт иншоотларига ва шу кабиларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш.

29. Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари асосий таркибининг спортчилари ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ўртасида тегишли шартномалар тузилиши мумкин.

Шартномаларда қуйидаги шартлар (Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасининг маблағлари ҳисобидан) назарда тутилиши мумкин:

турли даражадаги халқаро спорт мусобақаларига мақсадли тайёрланиш ва юқори спорт натижаларига эришиш учун шартномада кўрсатилган маблағларни белгилаш ва тўлаш;

моддий, мулкий ва маънавий зарарни тўлаш;

спортда жароҳатланишлар ёки касбий касалланишлар натижасидаги меҳнатга лаёқатсизликни қоплаш ва бошқа қоплов турлари;

мукофотлар, нафақалар ва бошқа рағбатлантириш турлари;

натижаларни ҳисоблаб ёзиш ва спортчи бошқа жамоага ўтган тақдирдаги бошқа шартлар;

аниқ спорт талабларини бажариш.

Бунда допингга қарши қоидалар спортчи томонидан бузилган тақдирда, шартнома бекор қилинади.

30. Спорт терма жамоаларини, шу жумладан, уларни спорт мусобақаларига ва спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларига тайёрлаш ва уларнинг мазкур тадбирларда иштирок этишини таъминлаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда, Давлат бюджети маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади ва бунда қуйидагилар билан боғлиқ харажатлар назарда тутилади:

спорт терма жамоаларининг ресурсларини ўқув-машғулот йиғинларида, спорт мусобақаларида ва оммавий спорт тадбирларида қатнашишда энергия сарфларини қоплаш ва жисмоний ресурсларини тиклаш, уларни озиқ-овқат билан таъминлаш;

фармокологик ва тиклаш воситалари, витаминлар ва оқсил-глюкоза препаратлари, умумий даволаниш мақсадидаги дори-дармонлар ва боғлов-ўров материалларини харид қилиш;

спорт иншоотлари, ускуналар, анжомлар ва техник воситалар, автотранспорт воситалари, спорт кийимлари, анжомлари ва ускуналарини сақлаш учун хоналарни ижарага олиш;

спорт терма жамоаларининг ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлаш;

спорт мусобақаларига, оммавий спорт ва бошқа спорт тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларда қатнашиш жараёнида спорт терма жамоалари аъзолари учун йўл ҳақи, турар жой учун ва суткалик тўловлар тўлаш;

пухта ва ихтисослаштирилган комплекс тиббий кўрикдан ўтказиш;

спорт терма жамоалари аъзоларининг ҳолатини (физиотерапевтик, психологик ва шу кабилар бўйича) тиклаш тадбирларини ўтказиш;

спорт терма жамоалари аъзоларини спорт формалари, махсус спорт кийимлари, анжомлари ва ускуналари билан таъминлаш;

ўқув-методик ва тиббий-педагогик кўрикдан ва назоратдан ўтказишни таъминлаш;

спорт терма жамоалари спортчиларини, аъзоларини самарали тайёрлаш мақсадида илмий тадқиқотлар ташкил этиш ва ўтказиш;

аккредитация, визалар олиш учун, ўқув-машғулот йиғинларида, спорт мусобақаларида, оммавий спорт ва бошқа спорт тадбирларида спорт терма жамоалари аъзоларининг қатнашиши учун бадаллар тўлаш;

допинг назоратини ўтказиш;

аэропортлар, темир йўллар, автовокзаллар ва сув портлари йиғимларини тўлаш;

спорт анжомлари ва ускуналарини ташиш;

замонавий талабларга жавоб берадиган зарур спорт, техник ва электрон ускуналар, анжомлар ва бошқа воситаларни сотиб олиш;

спорт терма жамоалари мутахассисларининг касбий малакасини ошириш (конференциялар, курслар, семинарлар ва шу кабиларда қатнашиш) ҳамда уларга меҳнат шароитларини яхшилаш;

спорт терма жамоаларини тегишли илмий-методик адабиётлар билан таъминлаш, уларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишларини ташкил этиш, спорт терма жамоалари фаолияти тўғрисидаги ахборотларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш, спорт терма жамоалари тўғрисидаги турли тарғибот воситалари (плакатлар, буклетлар, тақвимлар ва бошқалар) чиқариш;

ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқа зарур материаллар билан таъминлаш;

спорт терма жамоалари аъзоларининг маданий-маърифий, ахлоқий ва ватанпарварлик тарбияси даражасини, шунингдек, махсус ҳамда умумтаълим фанлари бўйича билимларини ошириш;

спорт терма жамоалари аъзоларини суғурталаш.

4-боб. Паралимпия спорт турлари бўйича спорт терма жамоаларининг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларида қатнашиши

31. Спорт терма жамоалари республика ва хориждаги спорт мусобақалари ва тадбирларида белгиланган тартибда иштирок этади.

32. Терма жамоалар иштирокидаги спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирлари белгиланган тартибда тасдиқланган спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь-режаси, спорт терма жамоаларини тайёрлаш режаларига, шу жумладан, спортчиларни тайёрлашнинг индивидуал режаларига, шунингдек, спорт ёки жисмоний тарбия тадбирлари ҳақидаги низомлар (регламентлар)га мувофиқ ташкил этилади ва ўтказилади.

33. Спорт терма жамоалари аъзолари мансуб бўлган ташкилотлар ҳамда спорт терма жамоалари аъзолари спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари тўғрисида ва режалаштирилаётган бориш йўналиши тўғрисида тадбирлар ўтказиладиган санадан камида 15 кун олдин ёзма равишда хабардор қилиниши керак.

34. Спорт терма жамоаларининг спортчилари, тренерлари, спорт тадбирининг (ҳар бири бўйича алоҳида) маъмурий ва хизмат кўрсатувчи ходимларининг номма-ном таркиби спорт терма жамоаларининг тасдиқланган рўйхатига мувофиқ спортчилар ва тренерлар, маъмурий ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан шакллантирилади.

35. Спорт терма жамоалари спортчилари, аъзолари учун уларни тайёрлашнинг тасдиқланган алоҳида режаларига мувофиқ ўқув-машғулот йиғинларини белгиланган тартибда ташкил этиш ва ўтказишга йўл қўйилади.

5-боб. Паралимпия спорт турлари бўйича спорт терма жамоалари аъзоларининг натижаларини ҳисобга олиш ва уларни рағбатлантириш

36. Спортчиларнинг спорт терма жамоалари аъзоларининг ҳудудий ҳамда республика спорт мусобақаларидаги ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларидаги иштироки натижалари (ғалаба, совринли ўринни эгаллаш, рекорд ўрнатиш ва шу кабилар) бўйича ҳисобланган очколар мажбурий тартибда:

улар мансуб бўлган жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари;

юқори спорт натижаларини кўрсатган вақтда улар рўйхатдан ўтказилган республика ҳудуди ҳисобига ёзилади.

37. Спортчиларнинг спорт терма жамоалари аъзоларининг ҳудудий спорт мусобақаларидаги ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларидаги иштироки натижалари (ғалаба, совринли ўринни эгаллаш, рекорд ўрнатиш ва шу кабилар) бўйича очколар халқаро спорт ташкилотлари томонидан тасдиқланадиган якуний расмий натижаларга кўра ҳисобланади.

38. Параллел ҳисобланадиган очколар:

бошқа жисмоний тарбия-спорт ташкилотига ўтган спортчи учун, янги ва илгариги спорт ташкилотида параллел равишда ҳисобга олинган ҳолда;

республиканинг бошқа ҳудудидаги таълим ташкилотларида ўқиш даври учун берилади.

39. Спорт терма жамоаларининг паралимпия спорт турлари бўйича халқаро комплекс спорт мусобақалари (Паралимпия ўйинлари, Параосиё ўйинлари ва бошқалар), Жаҳон, Параосиё, Марказий Параосиё чемпионатлари ва кубоклари ҳамда бошқа халқаро спорт мусобақалари, қитъалар ва хорижий давлатларнинг очиқ чемпионатларида эришган юқори спорт ютуқлари учун спорт терма жамоалари аъзолари белгиланган тартибда:

давлат мукофотлари;

спорт унвонлари, нишонлар, дипломлар, ёрлиқлар, кубоклар, медаллар;

моддий, мулкий ва бошқа буюмлар;

турли қимматбаҳо совғалар;

рағбатлантиришнинг бошқа шакллари билан мукофотланишлари мумкин.

6-боб. Якунловчи қоидалар

40. Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси спорт терма жамоалари таркибини шакллантиришнинг ва унга спортчилар, тренерлар ва бошқа мутахассисларни киритишнинг тўғрилиги юзасидан жавобгар ҳисобланади.

41. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Паралимпия спорт турлари бўйича спорт терма жамоаларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

НАМУНА Ёш тоифалари, эркаклар ва аёллар бўйича асосий таркибдан ва захирадан (стажёрлардан) шакллантириладиган паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоалар аъзолари — спортчилар, тренерлар, маъмурий ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг рўйхат бўйича ТАРКИБИ _______________________ (ташкилотнинг номи) ___________________даги (йил) (кун) (ой) _____-сон буйруғига ____-илова _____________________________________________ терма жамоасининг (миллий, вилоят, шаҳар, спорт клуби, мактаб ва бошқалар) ______________________ ____________________________ __________________ бўйича 20__ йил учун _________ (ёши, жинси бўйича) ______________ (паралимпия спорт тури) __________________________ Т/р Ф.И.О. Туғилган йили, паспорт (ID-карта) маълумотлари Спорт унвони (разряди) Жисмоний тарбия-спорт ташкилоти Манзили (вилоят, шаҳар, туман) Иш, ўқиш жойи Натижаси Тренернинг Ф.И.О. I. СПОРТЧИЛАР РЎЙХАТИ а) Асосий таркиб 1. б) Захира таркиби 1. II. МАЪМУРИЙ, ТРЕНЕРЛАР ВА ХИЗМАТ КЎРСАТУВЧИ ХОДИМЛАР Т/р Ф.И.О. Туғилган йили, паспорт (ID-карта) маълумотлари Манзили (вилоят, шаҳар, туман) Терма жамоадаги лавозими Қўшимчалар 1. Жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим ташкилоти ва «Ғамхўрлик» марказлари раҳбари ____________ ____________ (имзо) (Ф.И.О.) Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, спорт федерацияси (уюшмаси)нинг раҳбари ____________ ____________ (имзо) (Ф.И.О.) Бош (катта) тренер ____________ ____________ (имзо) (Ф.И.О.) Изоҳ . 1. Паралимпия спорт турларининг хусусиятига мувофиқ «Натижаси» устунида — спорт мусобақаларининг босқичи, эгаллаган ўрни, охирги ярим йилда ўрнатган рекорди ва шу кабилар кўрсатилади. 2. «Тренернинг Ф.И.О.» устунида спортчини тайёрлаган тренерларнинг (2 нафардан кўп эмас) Ф.И.О. ёзилади.

Паралимпия спорт турлари бўйича спорт терма жамоаларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоалар таркибига киритиладиган спортчиларнинг Жаҳон ва Осиё чемпионатларидаги энг кўп сонли спортчилар таркибига кўра белгиланадиган чекланган сони

1. Эркаклар, аёллар:

а) асосий таркиб:

паралимпия спорт турининг жамоавий ўйин турлари (спорт турлари) — 1,5 та таркиб;

аравачада теннис, парастол тенниси, парабадминтон, спорт якка кураши (шу жумладан, пауэрлифтинг) — 2 та таркиб;

спортнинг бошқа турлари — 2 та таркиб;

б) стажёрлар таркиби (захира):

паралимпия спорт турининг жамоавий ўйин турлари (спорт турлари) — 1 та таркиб;

аравачада теннис, парастол тенниси, парабадминтон, спорт якка кураш (шу жумладан, пауэрлифтинг) — 2 та таркиб;

спортнинг бошқа турлари — 1 та таркиб.

2. Болалар, ўсмирлар, қизлар:

а) асосий таркиб:

паралимпия спорт турининг жамоавий ўйин турлари (спорт турлари) — 2 та таркиб;

аравачада теннис, парастол тенниси, парабадминтон, спорт якка кураш (шу жумладан, пауэрлифтинг) — 2 та таркиб;

спортнинг бошқа турлари — 2 та таркиб;

б) стажёрлар таркиби (захира):

паралимпия спорт турининг аравачада теннис, парастол тенниси, парабадминтон, спорт якка кураш (шу жумладан, пауэрлифтинг) — 2 та таркиб;

спортнинг бошқа турлари — 1 та таркиб.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 октябрдаги 630-сон қарорига 2-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 июндаги 173-сон қарори билан тасдиқланган Спорт терма жамоалари тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар

1. 4-банднинг тўртинчи хатбошисидан «Паралимпия,» ва «, Параосиё» сўзлари чиқариб ташлансин.

2. 8-бандда :

иккинчи хатбошидан «тақдимномаси, паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасининг» сўзлари;

учинчи хатбошидан «, паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳудудий бўлинмаларининг» сўзлари чиқариб ташлансин.

3. 12-банддан «, паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси» сўзлари чиқариб ташлансин.

4. 14-бандда :

биринчи хатбошидан «, паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси» сўзлари;

иккинчи хатбошидан «, паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳудудий бўлинмаларининг» сўзлари чиқариб ташлансин.

5. 16-банддан «, паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси» сўзлари чиқариб ташлансин.

6. 23-бандда :

иккинчи хатбошидан «Паралимпия,» ва «, Параосиё» сўзлари чиқариб ташлансин;

учинчи хатбошидан «ва паралимпия» сўзлари чиқариб ташлансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 8 октябрь,

630-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.10.2025 й., 09/25/630/0905-сон; 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Paralimpiya sport turlari boʻyicha sport terma jamoalarini shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Paralimpiya sport turlari boʻyicha terma jamoalar uchun sport zaxirasini yaratish hamda terma jamoalarni shakllantirishda sportchilarning musobaqalardagi natijalari bilan birga sport normativlarini bajarish koʻrsatkichlarini inobatga olish, shuningdek, iqtidorli yosh sportchilarni aniqlash, tanlash va saralab olish (seleksiya)ning raqamlashtirilgan tizimini joriy qilish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Paralimpiya sport turlari boʻyicha sport terma jamoalarini shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

paralimpiya sport turlari boʻyicha sport terma jamoalarini shakllantirishning maqsadi va vazifalarini belgilash;

paralimpiya sport turlari boʻyicha iqtidorli yosh sportchilarni aniqlash, tanlash va saralab olish (seleksiya) tartibini joriy qilish;

paralimpiya sport turlari boʻyicha terma jamoalarni shakllantirishda sportchilarning musobaqalardagi natijalari bilan birga sport normativlarini bajarish koʻrsatkichlarini ham inobatga olish;

paralimpiya sport turlari bilan shugʻullanuvchi sportchilar va ularning natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “ERP Sport” yagona elektron boshqaruv tizimida roʻyxatga olish.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi 2025-yil yakuniga qadar “ERP Sport” yagona elektron boshqaruv tizimida paralimpiya sport turlari bilan shugʻullanayotgan sportchilarning sport natijalarini kiritib borish va ular tomonidan sport normativlarining bajarilishi monitoringini yuritish uchun zarur texnik imkoniyatlarni yaratish choralarini koʻrsin.

3. Vazirlar Mahkamasining 2012-yil 14-iyundagi 173-son qarori bilan tasdiqlangan Sport terma jamoalari toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi sport vaziri A.I. Ikramov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 8-oktabrdagi 630-son qaroriga 1-ILOVA

Paralimpiya sport turlari boʻyicha sport terma jamoalarini shakllantirish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom iqtidorli sportchilarni aniqlash, tanlash va saralash (seleksiya) orqali paralimpiya sport turlari boʻyicha sport terma jamoalari (keyingi oʻrinlarda — sport terma jamoalari)ni shakllantirish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizom talablari jismoniy tarbiya-sport tashkilotlari, shuningdek, alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan taʼlim tashkilotlari va “Gʻamxoʻrlik” markazlari uchun majburiy hisoblanadi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalar qoʻllanadi:

klassifikatsiya — parasportchilarni ularning jismoniy, aqliy yoki sensor qobiliyatlariga qarab Xalqaro paralimpiya qoʻmitasi talablarini inobatga olgan holda toifalarga (klasslarga) ajratish tizimi;

oʻquv-mashgʻulot yigʻinlari — sportchilarni sport musobaqalariga va ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlariga tayyorlash va ularda ishtirok etish, shuningdek, ushbu tadbirlardan keyin tiklash maqsadida sportchilarning sport mahoratini oshirishga yoʻnaltirilgan, sport yoʻnalishi, pedagogik va tarbiyaviy yoʻsinda tashkil etiladigan tadbirlar;

sport terma jamoalari — turli yosh guruhlariga tegishli sportchilar, trenerlar, jismoniy tarbiya va sport sohasidagi olimlar hamda boshqa mutaxassislar, tibbiyot mutaxassislari va boshqa mutaxassislardan iborat boʻlgan, musobaqalarga hamda ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlariga tayyorlanish va ularda Oʻzbekiston Respublikasi hududida va undan tashqarida qatnashish maqsadida tashkil etiladigan turli tashkilotlarning jamoalari (shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasining sport terma jamoalari);

sport normativlari — sportchilarning paralimpiya sport turlari boʻyicha jismoniy tayyorgarligi va mahorat darajasi yoki muvaffaqiyatlarini baholash uchun belgilangan oʻlchov meʼyorlari;

hududiy nazorat musobaqalari — sport normativlarini muvaffaqiyatli bajargan sportchilar oʻrtasida yoki sportchilar jamoalari oʻrtasida turli xil paralimpiya sport turlari boʻyicha musobaqaning eng yaxshi ishtirokchisini aniqlash maqsadida oʻtkaziladigan bellashuv;

trenerlar kengashi — paralimpiya sport turlari boʻyicha bosh (katta) trenerlar va trenerlar, boshqa yetakchi hamda nufuzli trenerlar, vrachlar, kompleks ilmiy guruhlarning rahbarlari va boshqa mutaxassislaridan iborat boʻlgan, sport federatsiyalari (uyushmalari) va Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasida tashkil etiladigan sportchilarning sport, pedagogik hamda tarbiyaviy faoliyatini tartibga solib boruvchi kollegial organ.

2-bob. Paralimpiya sport turlari boʻyicha sport terma jamoalarini shakllantirish

4. Quyidagilar sport terma jamoalarini va ularning zaxirasini shakllantirishning asosiy vazifalari hisoblanadi:

paralimpiya sport turlari boʻyicha respublika va xalqaro nufuzli sport musobaqalarida yuqori natijadorlikni taʼminlash;

paralimpiya sport turlari boʻyicha sport musobaqalari yakunlariga koʻra yuqori sport natijalariga erishgan yoki sport normativlarini muvaffaqiyatli bajargan sportchilar, trenerlar va boshqa mutaxassislardan iborat tarkibda sport terma jamoalarini va ularning zaxirasini shakllantirish;

yuqori malakali sportchilarni tayyorlash hamda paralimpiya sport turlari boʻyicha hududiy va respublika sport musobaqalarida muvaffaqiyatli qatnashishga, paralimpiya sport turlari boʻyicha xalqaro kompleks sport musobaqalari (Paralimpiya oʻyinlari, Paraosiyo oʻyinlari va boshqalar), Jahon, Paraosiyo, Markaziy Paraosiyo chempionatlari va kuboklari hamda boshqa xalqaro sport musobaqalari, qitʼalar va xorijiy davlatlarning ochiq chempionatlarida mamlakatimiz sharafini munosib himoya qilishga qodir boʻlgan sport terma jamoalarini va ularning zaxirasini shakllantirish;

sportchilarni tayyorlashning ilgʻor metodlarini oʻquv-mashgʻulot jarayoniga joriy etish;

sportchilarning jismoniy, texnik-taktik, psixologik tayyorligini takomillashtirish, ularning sport mahoratini oshirish;

jismoniy tarbiya-sport harakatini va sogʻlom turmush tarzini targʻib qilish.

5. Sport terma jamoalarini va ularning zaxirasini shakllantirishga faqat Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi tomonidan belgilangan tartibda Sport turlari reyestriga kiritilgan paralimpiya sport turlari boʻyicha yoʻl qoʻyiladi.

6. Sport terma jamoalari:

sportchilarning barcha yosh toifalari va jinsiy mansubligi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasining sport terma jamoalari va ularning zaxirasi — Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi tomonidan, Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasining taqdimnomasiga asosan;

sportchilarning barcha yosh toifalari va jinsiy mansubligi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri sport terma jamoalari — tegishli ravishda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Sport vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar sport boshqarmalari tomonidan, Oʻzbekiston adaptiv sport turlari assotsiatsiyasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri boʻlinmalarining taqdimnomasiga asosan;

jismoniy tarbiya-sport tashkilotlarining sport terma jamoalari — tegishli jismoniy tarbiya-sport tashkilotlari tomonidan shakllantiriladi va tasdiqlanadi.

7. Sport terma jamoalari (asosiy tarkib va zaxira (stajyorlar) tarkibiga quyidagilar kiradi:

sportchilar;

trenerlar (bosh trenerlar, katta trenerlar, trenerlar);

xizmat koʻrsatuvchi xodimlar — vrachlar, massajchilar, psixologlar, operatorlar, mexaniklar, farmakologlar, fiziologlar, diyetologlar, qutqaruvchilar va sportchilarni tayyorlash uchun zarur boʻladigan boshqa mutaxassislar;

maʼmuriy xodimlar — rahbarlar, menejerlar, sport (texnik) direktorlari, maʼmurlar.

8. Sport terma jamoalari tarkiblari paralimpiya sport turlari xususiyatlariga muvofiq Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi tomonidan, xalqaro sport tashkilotlarining tasdiqlangan norma va qoidalarida belgilangan yosh toifalaridagi (kichik oʻsmirlar, oʻsmirlar, yoshlar, 23 yoshgacha (U-23) va kattalar) sportchilardan iborat boʻladi.

9. Sport terma jamoalari sport normativlariga muvofiq shakllantiriladigan paralimpiya sport turlari roʻyxati Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi bilan kelishilgan holda Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi tomonidan tasdiqlanadi.

Bunda sport terma jamoalari sport normativlariga muvofiq shakllantiriladigan paralimpiya sport turlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi chempionati yoki kubogi oʻtkazilishi majburiy hisoblanmaydi.

10. Sport normativlari Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi tomonidan har yili bir marotaba Oʻzbekiston Respublikasi chempionati va kubogi hamda xalqaro sport musobaqalarida sportchilarning qayd etadigan eng yaxshi koʻrsatkichlaridan kelib chiqqan holda belgilanadi.

11. Jismoniy tarbiya-sport tashkilotlari, alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan taʼlim tashkilotlari va “Gʻamxoʻrlik” markazlari tomonidan doimiy ravishda sport normativlariga muvofiq sportchilarning oʻquv-mashgʻulot jarayonidagi koʻrsatkichlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar “ERP Sport” yagona elektron boshqaruv tizimi (keyingi oʻrinlarda — “ERP Sport” tizimi)ga kiritib boriladi hamda sportchilarning oʻquv-mashgʻulot yigʻinlaridagi koʻrsatkichlari “ERP Sport” tizimidagi maʼlumotlar asosida avtomatik tarzda shakllanib boradi.

“ERP Sport” tizimiga maʼlumotlarning oʻz vaqtida kiritilishi hamda haqqoniyligi uchun jismoniy tarbiya-sport tashkilotlari, alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari va “Gʻamxoʻrlik” markazlarining trenerlari va rahbarlari shaxsan javobgar hisoblanadi.

Bunda ushbu bandda koʻrsatilgan talab nodavlat jismoniy tarbiya-sport tashkilotlari uchun tavsiyaviy hisoblanadi.

12. Paralimpiya sport turlari bilan shugʻullanayotgan sportchilarning sport natijalari “ERP Sport” tizimida kiritib borilishi va ularning sport normativlarini bajarishi Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi tomonidan monitoring qilib boriladi.

13. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Sport vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar sport boshqarmalari tomonidan Oʻzbekiston adaptiv sport turlari assotsiatsiyasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri boʻlinmalari bilan birgalikda paralimpiya sport turlari boʻyicha sport normativlarini bajargan sportchilar ishtirokida har yili ikki marotaba hududiy nazorat musobaqalari oʻtkazib boriladi.

Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi tomonidan hududiy nazorat musobaqalari oʻtkazilishidan bir oy oldin Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasining rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida musobaqalar oʻtkazilishi toʻgʻrisida eʼlon beriladi.

14. Hududiy nazorat musobaqalarini oʻtkazish uchun har yili hududiy komissiyalar tashkil etiladi.

Bunda hududiy komissiyalar tarkibi Qoraqalpogʻiston Respublikasi sport vaziri, viloyatlar va Toshkent shahar sport boshqarmalari boshliqlari tomonidan tasdiqlanadi.

15. Hududiy nazorat musobaqalarida sportchilar Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi tomonidan belgilangan tartibda oʻtkazilgan klassifikatsiya xulosasi asosida ishtirok etadi.

16. Hududiy komissiyaning qarori bilan hududiy nazorat musobaqalarining sport normativlarini takroran muvaffaqiyatli bajargan sportchilar roʻyxati tasdiqlanadi va Oʻzbekiston adaptiv sport turlari assotsiatsiyasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri boʻlinmalari tomonidan “ERP Sport” tizimiga kiritiladi hamda ushbu maʼlumotlar asosida sport terma jamoalarining asosiy nomzodlari roʻyxati shakllantiriladi.

17. Sport terma jamoalarining tarkiblari oʻtgan sport mavsumidagi rasmiy respublika yoki xalqaro sport musobaqalaridagi natijalardan kelib chiqib, shuningdek, sportchilarning sport normativlari koʻrsatkichlari boʻyicha sportchilarning natijalarini muhokama qilgan holda Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi huzuridagi Trenerlar kengashi tomonidan shakllantiriladi hamda Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligiga tasdiqlash uchun kiritiladi.

18. Sport terma jamoalarining tarkiblarini shakllantirishning mezonlari rasmiy respublika yoki xalqaro sport musobaqalaridagi natijalardan kelib chiqib, shuningdek, Sport terma jamoalarining tarkiblarini tasdiqlash tartibi Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi bilan kelishilgan holda belgilanadi.

19. Paralimpiya sport turlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasining sport terma jamoalari trenerlari Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi bilan kelishilgan holda tayinlanadi.

Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri sport terma jamoalarining trenerlari tegishli ravishda Oʻzbekiston adaptiv sport turlari assotsiatsiyasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri boʻlinmalarining taqdimnomasiga koʻra Qoraqalpogʻiston Respublikasi sport vaziri, viloyatlar va Toshkent shahar sport boshqarmalari boshliqlari tomonidan tayinlanadi.

Jismoniy tarbiya-sport tashkilotlarining sport terma jamoalari trenerlari tegishli jismoniy tarbiya-sport tashkilotlari tomonidan tayinlanadi.

20. Sport terma jamoalari trenerlari uchun malaka talablari Oʻzbekiston Respublikasi Sport vazirligi tomonidan belgilanadi.

21. Oʻzbekiston Respublikasi sport terma jamoalarining maʼmuriy va xizmat koʻrsatuvchi xodimlari Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod qilinadi.

22. Yosh toifalari, erkaklar va ayollar boʻyicha asosiy tarkibdan va zaxiradan (stajyorlardan) shakllantiriladigan sport terma jamoalari aʼzolari — sportchilar, trenerlar, maʼmuriy va xizmat koʻrsatuvchi xodimlarning roʻyxat boʻyicha tarkibi ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq shaklda tasdiqlanadi.

23. Sport terma jamoalarining tarkiblari tegishli buyruq bilan 1 yil muddatga tasdiqlanadi va kalendar yilning 1-yanvaridan 31-dekabrigacha amal qiladi. Sport terma jamoalarining tasdiqlangan tarkibini quyidagi asoslarga koʻra qayta koʻrib chiqishga yoʻl qoʻyiladi:

oʻtgan sport musobaqalarining natijalari;

sportchilar natijalari darajasining jiddiy pasayishi;

sportchilar olgan jarohatlar, ular chalingan kasalliklar;

sportchilar yashash joyining oʻzgarishi;

sportchilarning sport terma jamoalari tarkibidan ixtiyoriy chiqishi;

sportchilarning sport musobaqalarida qatnashishni toʻxtatishi;

maʼnaviy-axloqiy va boshqa normalarning buzilishi;

antidoping qoidalarining buzilishi;

Xalqaro paralimpiya qoʻmitasining klassifikatsiya qoidalari oʻzgarishi.

24. Sport terma jamoalari tarkibiga kiritiladigan sportchilarning cheklangan soni ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq paralimpiya sport turlari boʻyicha Jahon va Osiyo chempionatlaridagi eng koʻp sonli sportchilar tarkiblari boʻyicha aniqlanadi.

25. Sport terma jamoalarining roʻyxat boʻyicha tarkibida sportchilarni tayyorlagan trenerlarga doir maʼlumotlar koʻrsatiladi.

26. Quyidagi talablarga javob bermaydigan sportchilarni sport terma jamoalari tarkibiga kiritishga yoʻl qoʻyilmaydi:

Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari boʻlmasa (Oʻzbekiston Respublikasining sport terma jamoalari uchun);

sport terma jamoalari tarkibidagi tegishli yosh toifasiga muvofiq boʻlmasa;

sport bilan shugʻullanish uchun tibbiy ruxsatnomaga va sport pasportiga ega boʻlmasa;

klassifikatsiya xulosasiga ega boʻlmasa.

3-bob. Paralimpiya sport turlari boʻyicha sport terma jamoalari uchun shart-sharoitlar yaratish

27. Sport terma jamoalari va ularning zaxirasi aʼzolari (ushbu maqsadlarga ajratilgan mablagʻlar doirasida) quyidagi huquqlarga ega:

oʻquv-mashgʻulot yigʻinlari hamda sport terma jamoalari tarkibida respublika va xalqaro sport musobaqalarida qatnashish davrida turar joy, oziq-ovqat, kiyim-bosh va sport formasi bilan taʼminlanish;

davlat sport inshootlaridan foydalanish;

davlat ilmiy-tadqiqot institutlari va taʼlim tashkilotlarining ilmiy, tibbiy-biologik va texnik yutuqlaridan foydalanish;

kasallangan va sport jarohatlari olingan barcha holatlarda jismoniy tarbiya va sport sohasidagi vakolatli organning yoʻllanmasi boʻyicha tibbiy xizmat koʻrsatishdan, shuningdek, sport tibbiyot muassasalarida, sogʻliqni saqlash muassasalarida davolanish.

28. Sport terma jamoalari aʼzolari quyidagilarga majbur:

Oʻzbekiston Respublikasi va hududiy sport terma jamoalari tarkibida respublika hamda xalqaro sport musobaqalarida munosib ishtirok etish, xalqaro sport musobaqalarida Oʻzbekiston Respublikasi sharafini himoya qilish;

sport tadbirlarida qatnashgan holda oʻz sport mahoratini oshirish, yuksak fuqarolik, maʼnaviy-irodaviy va axloqiy sifatlarini namoyon qilish, gigiyena asoslarini oʻrganish, paralimpiya harakati sohasida bilimlarni egallash;

tayyorgarlik, mashgʻulot va musobaqa topshiriqlarining individual rejalarini bajarish;

oʻz shaxsiy namunasi bilan sport terma jamoasida oʻrtoqlik, sogʻlom raqobatlashish, sport terma jamoasining maʼmuriyatiga va xizmat koʻrsatuvchi xodimlariga, sport hakamlariga, tomoshabinlarga nisbatan hurmat bilan munosabatda boʻlish ruhini qaror toptirishga intilish;

oʻquv-mashgʻulot jarayoni va sport musobaqalari davomida sport terma jamoasi maʼmuriyatining koʻrsatmalarini, trenerlar tarkibi, vrach, ilmiy guruh rahbarlari hamda xodimlarining talablari va tavsiyalarini bajarish;

sport musobaqasining shaffofligi uchun kurashish, sport rejimini buzmaslik, shuningdek, doping, psixotrop va boshqa taqiqlangan preparatlarni hamda Butunjahon antidoping agentligi va sport turlari boʻyicha xalqaro sport tashkilotlari tomonidan taqiqlangan vositalarni qoʻllamaslik;

sport rejimiga, intizomiga va jamoat tartibiga rioya qilish;

sport formasi, anjomlari, uskunalari hamda sport inshootlariga va shu kabilarga ehtiyotkorlik bilan munosabatda boʻlish.

29. Oʻzbekiston Respublikasining sport terma jamoalari asosiy tarkibining sportchilari va Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi oʻrtasida tegishli shartnomalar tuzilishi mumkin.

Shartnomalarda quyidagi shartlar (Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasining mablagʻlari hisobidan) nazarda tutilishi mumkin:

turli darajadagi xalqaro sport musobaqalariga maqsadli tayyorlanish va yuqori sport natijalariga erishish uchun shartnomada koʻrsatilgan mablagʻlarni belgilash va toʻlash;

moddiy, mulkiy va maʼnaviy zararni toʻlash;

sportda jarohatlanishlar yoki kasbiy kasallanishlar natijasidagi mehnatga layoqatsizlikni qoplash va boshqa qoplov turlari;

mukofotlar, nafaqalar va boshqa ragʻbatlantirish turlari;

natijalarni hisoblab yozish va sportchi boshqa jamoaga oʻtgan taqdirdagi boshqa shartlar;

aniq sport talablarini bajarish.

Bunda dopingga qarshi qoidalar sportchi tomonidan buzilgan taqdirda, shartnoma bekor qilinadi.

30. Sport terma jamoalarini, shu jumladan, ularni sport musobaqalariga va sport hamda ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlariga tayyorlash va ularning mazkur tadbirlarda ishtirok etishini taʼminlash qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda, Davlat budjeti mablagʻlari, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi va bunda quyidagilar bilan bogʻliq xarajatlar nazarda tutiladi:

sport terma jamoalarining resurslarini oʻquv-mashgʻulot yigʻinlarida, sport musobaqalarida va ommaviy sport tadbirlarida qatnashishda energiya sarflarini qoplash va jismoniy resurslarini tiklash, ularni oziq-ovqat bilan taʼminlash;

farmokologik va tiklash vositalari, vitaminlar va oqsil-glukoza preparatlari, umumiy davolanish maqsadidagi dori-darmonlar va bogʻlov-oʻrov materiallarini xarid qilish;

sport inshootlari, uskunalar, anjomlar va texnik vositalar, avtotransport vositalari, sport kiyimlari, anjomlari va uskunalarini saqlash uchun xonalarni ijaraga olish;

sport terma jamoalarining oʻquv-mashgʻulot yigʻinlari tashkil etilishi va oʻtkazilishini taʼminlash;

sport musobaqalariga, ommaviy sport va boshqa sport tadbirlariga tayyorgarlik koʻrish va ularda qatnashish jarayonida sport terma jamoalari aʼzolari uchun yoʻl haqi, turar joy uchun va sutkalik toʻlovlar toʻlash;

puxta va ixtisoslashtirilgan kompleks tibbiy koʻrikdan oʻtkazish;

sport terma jamoalari aʼzolarining holatini (fizioterapevtik, psixologik va shu kabilar boʻyicha) tiklash tadbirlarini oʻtkazish;

sport terma jamoalari aʼzolarini sport formalari, maxsus sport kiyimlari, anjomlari va uskunalari bilan taʼminlash;

oʻquv-metodik va tibbiy-pedagogik koʻrikdan va nazoratdan oʻtkazishni taʼminlash;

sport terma jamoalari sportchilarini, aʼzolarini samarali tayyorlash maqsadida ilmiy tadqiqotlar tashkil etish va oʻtkazish;

akkreditatsiya, vizalar olish uchun, oʻquv-mashgʻulot yigʻinlarida, sport musobaqalarida, ommaviy sport va boshqa sport tadbirlarida sport terma jamoalari aʼzolarining qatnashishi uchun badallar toʻlash;

doping nazoratini oʻtkazish;

aeroportlar, temir yoʻllar, avtovokzallar va suv portlari yigʻimlarini toʻlash;

sport anjomlari va uskunalarini tashish;

zamonaviy talablarga javob beradigan zarur sport, texnik va elektron uskunalar, anjomlar va boshqa vositalarni sotib olish;

sport terma jamoalari mutaxassislarining kasbiy malakasini oshirish (konferensiyalar, kurslar, seminarlar va shu kabilarda qatnashish) hamda ularga mehnat sharoitlarini yaxshilash;

sport terma jamoalarini tegishli ilmiy-metodik adabiyotlar bilan taʼminlash, ularning ommaviy axborot vositalarida chiqishlarini tashkil etish, sport terma jamoalari faoliyati toʻgʻrisidagi axborotlarni ommaviy axborot vositalarida yoritish, sport terma jamoalari toʻgʻrisidagi turli targʻibot vositalari (plakatlar, bukletlar, taqvimlar va boshqalar) chiqarish;

yonilgʻi-moylash materiallari va boshqa zarur materiallar bilan taʼminlash;

sport terma jamoalari aʼzolarining madaniy-maʼrifiy, axloqiy va vatanparvarlik tarbiyasi darajasini, shuningdek, maxsus hamda umumtaʼlim fanlari boʻyicha bilimlarini oshirish;

sport terma jamoalari aʼzolarini sugʻurtalash.

4-bob. Paralimpiya sport turlari boʻyicha sport terma jamoalarining sport va ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlarida qatnashishi

31. Sport terma jamoalari respublika va xorijdagi sport musobaqalari va tadbirlarida belgilangan tartibda ishtirok etadi.

32. Terma jamoalar ishtirokidagi sport hamda ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlari belgilangan tartibda tasdiqlangan sport hamda ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlarining kalendar-rejasi, sport terma jamoalarini tayyorlash rejalariga, shu jumladan, sportchilarni tayyorlashning individual rejalariga, shuningdek, sport yoki jismoniy tarbiya tadbirlari haqidagi nizomlar (reglamentlar)ga muvofiq tashkil etiladi va oʻtkaziladi.

33. Sport terma jamoalari aʼzolari mansub boʻlgan tashkilotlar hamda sport terma jamoalari aʼzolari sport va ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlari toʻgʻrisida va rejalashtirilayotgan borish yoʻnalishi toʻgʻrisida tadbirlar oʻtkaziladigan sanadan kamida 15 kun oldin yozma ravishda xabardor qilinishi kerak.

34. Sport terma jamoalarining sportchilari, trenerlari, sport tadbirining (har biri boʻyicha alohida) maʼmuriy va xizmat koʻrsatuvchi xodimlarining nomma-nom tarkibi sport terma jamoalarining tasdiqlangan roʻyxatiga muvofiq sportchilar va trenerlar, maʼmuriy va xizmat koʻrsatuvchi xodimlardan shakllantiriladi.

35. Sport terma jamoalari sportchilari, aʼzolari uchun ularni tayyorlashning tasdiqlangan alohida rejalariga muvofiq oʻquv-mashgʻulot yigʻinlarini belgilangan tartibda tashkil etish va oʻtkazishga yoʻl qoʻyiladi.

5-bob. Paralimpiya sport turlari boʻyicha sport terma jamoalari aʼzolarining natijalarini hisobga olish va ularni ragʻbatlantirish

36. Sportchilarning sport terma jamoalari aʼzolarining hududiy hamda respublika sport musobaqalaridagi va ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlaridagi ishtiroki natijalari (gʻalaba, sovrinli oʻrinni egallash, rekord oʻrnatish va shu kabilar) boʻyicha hisoblangan ochkolar majburiy tartibda:

ular mansub boʻlgan jismoniy tarbiya-sport tashkilotlari;

yuqori sport natijalarini koʻrsatgan vaqtda ular roʻyxatdan oʻtkazilgan respublika hududi hisobiga yoziladi.

37. Sportchilarning sport terma jamoalari aʼzolarining hududiy sport musobaqalaridagi va ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlaridagi ishtiroki natijalari (gʻalaba, sovrinli oʻrinni egallash, rekord oʻrnatish va shu kabilar) boʻyicha ochkolar xalqaro sport tashkilotlari tomonidan tasdiqlanadigan yakuniy rasmiy natijalarga koʻra hisoblanadi.

38. Parallel hisoblanadigan ochkolar:

boshqa jismoniy tarbiya-sport tashkilotiga oʻtgan sportchi uchun, yangi va ilgarigi sport tashkilotida parallel ravishda hisobga olingan holda;

respublikaning boshqa hududidagi taʼlim tashkilotlarida oʻqish davri uchun beriladi.

39. Sport terma jamoalarining paralimpiya sport turlari boʻyicha xalqaro kompleks sport musobaqalari (Paralimpiya oʻyinlari, Paraosiyo oʻyinlari va boshqalar), Jahon, Paraosiyo, Markaziy Paraosiyo chempionatlari va kuboklari hamda boshqa xalqaro sport musobaqalari, qitʼalar va xorijiy davlatlarning ochiq chempionatlarida erishgan yuqori sport yutuqlari uchun sport terma jamoalari aʼzolari belgilangan tartibda:

davlat mukofotlari;

sport unvonlari, nishonlar, diplomlar, yorliqlar, kuboklar, medallar;

moddiy, mulkiy va boshqa buyumlar;

turli qimmatbaho sovgʻalar;

ragʻbatlantirishning boshqa shakllari bilan mukofotlanishlari mumkin.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

40. Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi sport terma jamoalari tarkibini shakllantirishning va unga sportchilar, trenerlar va boshqa mutaxassislarni kiritishning toʻgʻriligi yuzasidan javobgar hisoblanadi.

41. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Paralimpiya sport turlari boʻyicha sport terma jamoalarini shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

NAMUNA Yosh toifalari, erkaklar va ayollar boʻyicha asosiy tarkibdan va zaxiradan (stajyorlardan) shakllantiriladigan paralimpiya sport turlari boʻyicha terma jamoalar aʼzolari — sportchilar, trenerlar, maʼmuriy va xizmat koʻrsatuvchi xodimlarning roʻyxat boʻyicha TARKIBI _______________________ (tashkilotning nomi) ___________________dagi (yil) (kun) (oy) _____-son buyrugʻiga ____-ilova _____________________________________________ terma jamoasining (milliy, viloyat, shahar, sport klubi, maktab va boshqalar) ______________________ ____________________________ __________________ boʻyicha 20__ yil uchun _________ (yoshi, jinsi boʻyicha) ______________ (paralimpiya sport turi) __________________________ T/r F.I.O. Tugʻilgan yili, pasport (ID-karta) maʼlumotlari Sport unvoni (razryadi) Jismoniy tarbiya-sport tashkiloti Manzili (viloyat, shahar, tuman) Ish, oʻqish joyi Natijasi Trenerning F.I.O. I. SPORTCHILAR ROʻYXATI a) Asosiy tarkib 1. b) Zaxira tarkibi 1. II. MAʼMURIY, TRENERLAR VA XIZMAT KOʻRSATUVCHI XODIMLAR T/r F.I.O. Tugʻilgan yili, pasport (ID-karta) maʼlumotlari Manzili (viloyat, shahar, tuman) Terma jamoadagi lavozimi Qoʻshimchalar 1. Jismoniy tarbiya-sport tashkilotlari, alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan taʼlim tashkiloti va “Gʻamxoʻrlik” markazlari rahbari ____________ ____________ (imzo) (F.I.O.) Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi, sport federatsiyasi (uyushmasi)ning rahbari ____________ ____________ (imzo) (F.I.O.) Bosh (katta) trener ____________ ____________ (imzo) (F.I.O.) Izoh . 1. Paralimpiya sport turlarining xususiyatiga muvofiq “Natijasi” ustunida — sport musobaqalarining bosqichi, egallagan oʻrni, oxirgi yarim yilda oʻrnatgan rekordi va shu kabilar koʻrsatiladi. 2. “Trenerning F.I.O.” ustunida sportchini tayyorlagan trenerlarning (2 nafardan koʻp emas) F.I.O. yoziladi.

Paralimpiya sport turlari boʻyicha sport terma jamoalarini shakllantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Paralimpiya sport turlari boʻyicha terma jamoalar tarkibiga kiritiladigan sportchilarning Jahon va Osiyo chempionatlaridagi eng koʻp sonli sportchilar tarkibiga koʻra belgilanadigan cheklangan soni

1. Erkaklar, ayollar:

a) asosiy tarkib:

paralimpiya sport turining jamoaviy oʻyin turlari (sport turlari) — 1,5 ta tarkib;

aravachada tennis, parastol tennisi, parabadminton, sport yakka kurashi (shu jumladan, pauerlifting) — 2 ta tarkib;

sportning boshqa turlari — 2 ta tarkib;

b) stajyorlar tarkibi (zaxira):

paralimpiya sport turining jamoaviy oʻyin turlari (sport turlari) — 1 ta tarkib;

aravachada tennis, parastol tennisi, parabadminton, sport yakka kurash (shu jumladan, pauerlifting) — 2 ta tarkib;

sportning boshqa turlari — 1 ta tarkib.

2. Bolalar, oʻsmirlar, qizlar:

a) asosiy tarkib:

paralimpiya sport turining jamoaviy oʻyin turlari (sport turlari) — 2 ta tarkib;

aravachada tennis, parastol tennisi, parabadminton, sport yakka kurash (shu jumladan, pauerlifting) — 2 ta tarkib;

sportning boshqa turlari — 2 ta tarkib;

b) stajyorlar tarkibi (zaxira):

paralimpiya sport turining aravachada tennis, parastol tennisi, parabadminton, sport yakka kurash (shu jumladan, pauerlifting) — 2 ta tarkib;

sportning boshqa turlari — 1 ta tarkib.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 8-oktabrdagi 630-son qaroriga 2-ILOVA

Vazirlar Mahkamasining 2012-yil 14-iyundagi 173-son qarori bilan tasdiqlangan Sport terma jamoalari toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirishlar

1. 4-bandning toʻrtinchi xatboshisidan “Paralimpiya,” va “, Paraosiyo” soʻzlari chiqarib tashlansin.

2. 8-bandda :

ikkinchi xatboshidan “taqdimnomasi, paralimpiya sport turlari boʻyicha Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasining” soʻzlari;

uchinchi xatboshidan “, paralimpiya sport turlari boʻyicha Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi hududiy boʻlinmalarining” soʻzlari chiqarib tashlansin.

3. 12-banddan “, paralimpiya sport turlari boʻyicha Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi” soʻzlari chiqarib tashlansin.

4. 14-bandda :

birinchi xatboshidan “, paralimpiya sport turlari boʻyicha Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi” soʻzlari;

ikkinchi xatboshidan “, paralimpiya sport turlari boʻyicha Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi hududiy boʻlinmalarining” soʻzlari chiqarib tashlansin.

5. 16-banddan “, paralimpiya sport turlari boʻyicha Oʻzbekiston Milliy paralimpiya qoʻmitasi” soʻzlari chiqarib tashlansin.

6. 23-bandda :

ikkinchi xatboshidan “Paralimpiya,” va “, Paraosiyo” soʻzlari chiqarib tashlansin;

uchinchi xatboshidan “va paralimpiya” soʻzlari chiqarib tashlansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 8-oktabr,

630-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 08.10.2025-y., 09/25/630/0905-son; 22.05.2026-y., 09/26/271/0529-son)

lex.uz