📅 2025-yil 8-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 8-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 8 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 8 октября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 8 October 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
НИЗОМ
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги «Яшил ташаббуслар»ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 26 мартдаги ПФ-61-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 мартдаги ПФ-61-сон Фармонига мувофиқ:
а) ёшларда табиатга муҳаббат ҳиссини уйғотиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган «Яшил ташаббуслар»ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши белгилангани;
б) «Яшил ташаббуслар»ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма):
Давлат бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида;
халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилиши назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги «Яшил ташаббуслар»ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби;
Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш тартиби;
Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартиби.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З. Саъдуллаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 октябрдаги 631-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги «Яшил ташаббуслар»ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ҳузуридаги «Яшил ташаббуслар»ни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш, Жамғарма фаолиятини бошқариш, унинг маблағларини тақсимлаш, ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма Агентликнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобланади.
3. Жамғарма маблағлари Агентлик марказий аппарати учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида алоҳида очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади ҳамда ушбу Низомда белгиланган мақсадлар учун сарфланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби
4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан ҳар йили 10 млрд сўмгача миқдорда шакллантирилади:
Давлат бюджетидан Агентликнинг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида;
халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Агентликнинг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган маблағлар ҳар йили 1 апрелдан кечиктирмай туширилиши лозим.
6. Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағлари Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикасидаги тижорат банкларининг депозит ҳисобварақларига жойлаштирилиши мумкин ҳамда улардан олинган фоиз даромадлари ушбу Низомнинг 9-бандида назарда тутилган мақсадларга сарфлаш учун тақсимланади.
7. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари кейинги йилга ўтади ҳамда ундан ушбу Низомда белгиланган тартибда фойдаланилади.
8. Агентлик Жамғармага маблағлар келиб тушишининг тўлиқлигини назорат қилади.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тартиби
9. Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:
ёшларда табиатга муҳаббат ҳиссини уйғотиш, уларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;
ёшларнинг экологик тоза технологияларни жорий этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, яшил энергия манбаларидан фойдаланиш каби экологик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;
ёшларда экологик маданият даражасини юксалтириш, уларни табиат ва унинг ресурсларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлашда ёшлар иштирокини кучайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш;
ёшларнинг дарахт кўчатларини экиш ва парваришлаш каби экологик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;
ёшлар томонидан атроф-муҳитни асраш, иқлим ўзгариши, табиий ресурслардан унумли фойдаланиш мавзуларида видеомаҳсулотлар ва анимацион мультфильмлар яратиш;
давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигида ёшлар ўртасида энергия тежамкорлигини оширишга қаратилган танловларни ўтказишга кўмаклашиш;
ёшларнинг атроф-муҳитни ҳимоя қилиш дастурларини, жумладан, уларнинг ўрмонларни тиклаш, экологик туризмни ривожлантириш, иқлим ўзгаришига мослашиш каби тадбирларини қўллаб-қувватлаш;
ёшлар ўртасида энергия сарфини камайтиришга қаратилган эко-чорлов (челленж)лар ташкил этиш ва ушбу йўналишда веб-иловалар яратиш.
10. Жамғарма маблағларидан унинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида фойдаланилади.
Жамғарманинг даромадлар ва харажатлари сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади, Агентлик томонидан тасдиқланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.
11. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига йил давомида Агентлик томонидан белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
4-боб. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш тартиби
12. Ушбу Низомнинг 9-банди иккинчи — олтинчи хатбошиларида назарда тутилган лойиҳалар Агентлик, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш агентлигининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган тартиб асосида сараланади.
13. Ушбу Низомнинг 9-банди еттинчи — ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган тадбирлар Агентлик ҳайъати қарорлари асосида амалга оширилади.
Агентлик ҳайъати қарорлари ижроси Агентлик директори буйруғи асосида таъминланади.
14. Агентлик ҳайъати мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига кўра давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассислари ҳам таклиф этилиши мумкин.
15. Агентлик ҳайъати мажлисида:
ҳисобот йили якуни бўйича Жамғарма маблағларининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботлар кўриб чиқилади ва тасдиқланади;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши назорат қилинади.
16. Агентликнинг молия-иқтисод бўлими Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.
17. Ишчи орган қуйидаги функцияларни амалга оширади:
Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини ишлаб чиқади;
даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди, шунингдек, уларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;
Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
Жамғарманинг тушумлар манбалари бўйича даромадлари ҳамда асосий харажатлар йўналишларига асосан ҳисобини юритади;
ҳар чорак якуни бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ҳамда Агентлик ҳайъатига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади.
5-боб. Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартиби
18. Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда жорий хизмат кўрсатиш ишлари Агентликнинг молия-иқтисод бўлими томонидан амалга оширилади.
19. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар Агентликнинг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида юритилади.
20. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот ҳар йили 15 мартга қадар Агентликнинг ҳайъат мажлисида тасдиқланади.
21. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Жамғарма маблағларининг ишлатилиши тўғрисида ҳар чоракда белгиланган тартибда тегишли ҳисоботларни тақдим этиб боради.
22. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.
23. Жамғарма маблағларидан тўғри ва мақсадли фойдаланиш юзасидан жавобгарлик Агентликка юкланади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
24. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
25. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 8 октябрь,
631 -сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING
QARORI
NIZOM
Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligi huzuridagi “Yashil tashabbuslar”ni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining yoshlar bilan ochiq muloqotida belgilangan vazifalarni amalga oshirishga doir chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2025-yil 26-martdagi PF-61-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 26-martdagi PF-61-son Farmoniga muvofiq:
a) yoshlarda tabiatga muhabbat hissini uygʻotish, atrof-muhitni muhofaza qilishga qaratilgan loyihalarni qoʻllab-quvvatlash uchun Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligi huzurida yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan “Yashil tashabbuslar”ni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi tashkil etilishi belgilangani;
b) “Yashil tashabbuslar”ni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma):
Davlat budjetidan Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligining Yoshlarga oid davlat siyosatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga har yili ajratiladigan mablagʻlar doirasida;
xalqaro moliya institutlari, xorijiy hukumat moliya tashkilotlari, xorijiy banklar va boshqa xalqaro moliya tashkilotlarining grantlari;
jismoniy va yuridik shaxslarning, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlarining homiylik xayriyalari;
qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan shakllantirilishi nazarda tutilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligi huzuridagi “Yashil tashabbuslar”ni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi;
Jamgʻarma faoliyatini boshqarish va uning mablagʻlarini taqsimlash tartibi;
Jamgʻarma mablagʻlarining hisobi va hisobotini yuritish tartibi.
3. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligi direktori A.Z. Saʼdullayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 8-oktabrdagi 631-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligi huzuridagi “Yashil tashabbuslar”ni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Yoshlar ishlari agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) huzuridagi “Yashil tashabbuslar”ni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish, Jamgʻarma faoliyatini boshqarish, uning mablagʻlarini taqsimlash, hisobi va hisobotini yuritish tartibini belgilaydi.
2. Jamgʻarma Agentlikning yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan budjetdan tashqari jamgʻarmasi hisoblanadi.
3. Jamgʻarma mablagʻlari Agentlik markaziy apparati uchun Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida alohida ochiladigan shaxsiy gʻazna hisobvaraqlarida jamlanadi hamda ushbu Nizomda belgilangan maqsadlar uchun sarflanadi.
2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish tartibi
4. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi manbalar hisobidan har yili 10 mlrd soʻmgacha miqdorda shakllantiriladi:
Davlat budjetidan Agentlikning Yoshlarga oid davlat siyosatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga har yili ajratiladigan mablagʻlar doirasida;
xalqaro moliya institutlari, xorijiy hukumat moliya tashkilotlari, xorijiy banklar va boshqa xalqaro moliya tashkilotlarining grantlari;
jismoniy va yuridik shaxslarning, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlarining homiylik xayriyalari;
qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.
5. Agentlikning Yoshlarga oid davlat siyosatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi hisobidan ajratiladigan mablagʻlar har yili 1-apreldan kechiktirmay tushirilishi lozim.
6. Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlari Agentlik tomonidan Oʻzbekiston Respublikasidagi tijorat banklarining depozit hisobvaraqlariga joylashtirilishi mumkin hamda ulardan olingan foiz daromadlari ushbu Nizomning 9-bandida nazarda tutilgan maqsadlarga sarflash uchun taqsimlanadi.
7. Jamgʻarmaning joriy yilda foydalanilmagan mablagʻlari keyingi yilga oʻtadi hamda undan ushbu Nizomda belgilangan tartibda foydalaniladi.
8. Agentlik Jamgʻarmaga mablagʻlar kelib tushishining toʻliqligini nazorat qiladi.
3-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish tartibi
9. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi maqsadlarga yoʻnaltiriladi:
yoshlarda tabiatga muhabbat hissini uygʻotish, ularning atrof-muhitni muhofaza qilishga qaratilgan loyihalarini amalga oshirishga koʻmaklashish;
yoshlarning ekologik toza texnologiyalarni joriy etish, chiqindilarni qayta ishlash, yashil energiya manbalaridan foydalanish kabi ekologik loyihalarini qoʻllab-quvvatlash;
yoshlarda ekologik madaniyat darajasini yuksaltirish, ularni tabiat va uning resurslariga ehtiyotkorona munosabatda boʻlish ruhida tarbiyalashga qaratilgan loyihalarni qoʻllab-quvvatlash;
mamlakatimizda ekologik barqarorlikni taʼminlashda yoshlar ishtirokini kuchaytirishga qaratilgan loyihalarni amalga oshirish;
yoshlarning daraxt koʻchatlarini ekish va parvarishlash kabi ekologik loyihalarini qoʻllab-quvvatlash;
yoshlar tomonidan atrof-muhitni asrash, iqlim oʻzgarishi, tabiiy resurslardan unumli foydalanish mavzularida videomahsulotlar va animatsion multfilmlar yaratish;
davlat va xususiy sektor hamkorligida yoshlar oʻrtasida energiya tejamkorligini oshirishga qaratilgan tanlovlarni oʻtkazishga koʻmaklashish;
yoshlarning atrof-muhitni himoya qilish dasturlarini, jumladan, ularning oʻrmonlarni tiklash, ekologik turizmni rivojlantirish, iqlim oʻzgarishiga moslashish kabi tadbirlarini qoʻllab-quvvatlash;
yoshlar oʻrtasida energiya sarfini kamaytirishga qaratilgan eko-chorlov (chellenj)lar tashkil etish va ushbu yoʻnalishda veb-ilovalar yaratish.
10. Jamgʻarma mablagʻlaridan uning tasdiqlangan daromadlar va xarajatlar smetasi asosida foydalaniladi.
Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlari smetasi budjet tashkilotlari uchun budjetdan tashqari mablagʻlar boʻyicha qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tuziladi, Agentlik tomonidan tasdiqlanadi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligida roʻyxatdan oʻtkaziladi.
11. Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasiga yil davomida Agentlik tomonidan belgilangan tartibda oʻzgartirishlar kiritilishi mumkin.
4-bob. Jamgʻarma faoliyatini boshqarish va uning mablagʻlarini taqsimlash tartibi
12. Ushbu Nizomning 9-bandi ikkinchi — oltinchi xatboshilarida nazarda tutilgan loyihalar Agentlik, Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi hamda Innovatsion rivojlanish agentligining qoʻshma qarori bilan tasdiqlanadigan tartib asosida saralanadi.
13. Ushbu Nizomning 9-bandi yettinchi — oʻninchi xatboshilarida nazarda tutilgan tadbirlar Agentlik hayʼati qarorlari asosida amalga oshiriladi.
Agentlik hayʼati qarorlari ijrosi Agentlik direktori buyrugʻi asosida taʼminlanadi.
14. Agentlik hayʼati majlisida koʻrib chiqiladigan masalalarning xususiyatiga koʻra davlat organlari va boshqa tashkilotlarning rahbarlari hamda mutaxassislari ham taklif etilishi mumkin.
15. Agentlik hayʼati majlisida:
hisobot yili yakuni boʻyicha Jamgʻarma mablagʻlarining daromadlari va xarajatlari toʻgʻrisidagi hisobotlar koʻrib chiqiladi va tasdiqlanadi;
Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli va samarali foydalanilishi nazorat qilinadi.
16. Agentlikning moliya-iqtisod boʻlimi Jamgʻarmaning ishchi organi hisoblanadi.
17. Ishchi organ quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
Jamgʻarmaning daromadlari va xarajatlarining yillik moliyaviy rejasini ishlab chiqadi;
daromadlar va xarajatlar smetalarini tayyorlaydi, shuningdek, ularga qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oʻzgartirishlar kiritadi;
Jamgʻarma tushumlarini koʻpaytirish va uning mablagʻlaridan samarali foydalanish boʻyicha takliflar tayyorlaydi;
Jamgʻarmaning tushumlar manbalari boʻyicha daromadlari hamda asosiy xarajatlar yoʻnalishlariga asosan hisobini yuritadi;
har chorak yakuni boʻyicha Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanilishi toʻgʻrisida hisobot tayyorlaydi hamda Agentlik hayʼatiga koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun taqdim etadi.
5-bob. Jamgʻarma mablagʻlarining hisobi va hisobotini yuritish tartibi
18. Jamgʻarma mablagʻlarining hisobi va hisobotini yuritish hamda joriy xizmat koʻrsatish ishlari Agentlikning moliya-iqtisod boʻlimi tomonidan amalga oshiriladi.
19. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish boʻyicha hisob va hisobotlar Agentlikning budjetdan tashqari boshqa mablagʻlaridan alohida yuritiladi.
20. Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasining ijrosi toʻgʻrisidagi yillik hisobot har yili 15-martga qadar Agentlikning hayʼat majlisida tasdiqlanadi.
21. Agentlik Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga Jamgʻarma mablagʻlarining ishlatilishi toʻgʻrisida har chorakda belgilangan tartibda tegishli hisobotlarni taqdim etib boradi.
22. Jamgʻarma mablagʻlaridan oqilona va maqsadli foydalanilishi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda nazorat qilinadi.
23. Jamgʻarma mablagʻlaridan toʻgʻri va maqsadli foydalanish yuzasidan javobgarlik Agentlikka yuklanadi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
24. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
25. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 8-oktabr,
631 -son