UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 8-oktabr · Prezident farmonlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 8 октябрь · Президент фармонлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 8 октября 2025 г. · Указы Президента

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 8 October 2025 · Presidential decrees

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Фармони

Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини кўпайтириш, иссиқхона хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда янги захира ва имкониятларни ишга солиш мақсадида қарор қиламан:

I. Мақсадлар

1. Қуйидагилар 2025 — 2027 йилларда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш, иссиқхона хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда қўшилган қиймат занжирини яратишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгилансин:

(а) мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини 2026 йилда — 3,5 миллиард АҚШ доллари, 2027 йилда 4 миллиард АҚШ долларига етказиш;

(б) иссиқхона хўжаликларини табиий газ билан кафолатли таъминлаган ҳолда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмини 2026 йилда — 620 минг тоннага, 2027 йилда 670 минг тоннага етказиш, ушбу маҳсулотларнинг экспорти ҳажмини 30 фоиздан 70 фоизга ошириш;

(в) 2026 йилда қўшимча аниқланган 20 минг гектар, 2027 йилда 15 минг гектар дала четига мевали кўчат ва сабзавотлар экишни ташкил этиш;

(г) органик маҳсулот етиштириладиган ер майдонлари ҳажмини 2026 йилда — 20 минг гектарга, 2027 йилда — 25 минг гектарга, «Global GAP» халқаро стандартлари асосида сертификат олинган ер майдонлари ҳажмини эса 2026 йилда 10 минг гектарга, 2027 йилда 15 минг гектарга етказиш.

II. Иссиқхона хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаолиятини самарали йўлга қўйишга кўмаклашиш

2. Иссиқхона хўжаликлари узлуксиз ишлашини таъминлаш учун уларга қуйидаги имтиёзлар берилсин:

(а) иссиқхона фаолиятидан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 60 фоизини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари учун 2026 йил 1 январдан бошлаб 2028 йил якунига қадар ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади;

(б) фаолият юритаётган иссиқхона хўжаликларининг 2025 йил 1 октябрь ҳолатига мавжуд солиқ қарзи юзасидан тўлов муддати фоизларни ҳисобламаган ҳолда 2028 йил якунига қадар узайтирилади ҳамда ушбу солиқ қарзи 2029 йилнинг ҳар чорагида тенг улушларда тўланади. Бунда солиқ қарзини ундириш бўйича:

(i) иссиқхона хўжаликларига қўлланган маъмурий ва молиявий жарималар ҳамда барча ҳисобланган пенялар тўлиқ ҳисобдан чиқарилади;

(ii) иссиқхона хўжаликлари банк ҳисобварақларига қўйилган инкассо топшириқномалари чақириб олинади;

(в) юридик ва жисмоний шахсларнинг иссиқхона хўжаликлари бўйича ер солиғи ер фонди тоифасидан қатъи назар қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар учун белгиланган солиқ ставкаларида ҳисобланади. Бунда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун солиқ ставкаларида ҳисобланган ер солиғи суммаси 2025 йил январдан қайта ҳисоб-китоб қилинади;

(г) кредит мажбуриятлари бажарилмагани сабабли тижорат банклари балансига ўтган иссиқхоналар ва гаров таъминотида бўлган кўчмас мулк объектларини реализация қилиш бўйича айланмалар 2028 йил 1 январга қадар қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод этилади, шунингдек, мазкур мулклар тижорат банклари балансига қабул қилинган вақтдан янги ташаббускорга сотилгунга қадар бўлган давр мобайнида ер солиғи тўлашдан озод қилинади;

(д) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида қурилган иссиқхона мажмуаларини фойдаланишга қабул қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда Ер кодексининг 43-моддасига асосланган ҳолда мазкур ер участкаларини қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан чиқариш талаб этилмайди, ушбу мажмуалар ва улар жойлашган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин тижорат банклари томонидан уларни кредит таъминоти сифатида қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди;

(ж) иссиқхона хўжаликлари учун ажратилган ер майдонининг 5 фоизи, лекин 20 сотихдан ошмаган қисмига қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасини ўзгартирмаган ҳолда иссиқхона инфратузилмасини (қозонхона, маҳсулотларни саралаш ва қадоқлаш, иссиқхона эҳтиёт қисмларини сақлаш, хизмат бинолари) барпо қилишга рухсат берилади.

3. Тижорат банклари:

(а) бир ой муддатда мавжуд иссиқхона хўжаликларини хатловдан ўтказсин ҳамда хатлов натижаларига кўра истиқболли деб топилган иссиқхона хўжаликларига 2025 йил 1 октябргача ажратилган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорликлар тўлов графикларини келгусидаги пул оқимларидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқсин ҳамда ҳосил бўлган пеня суммаларини ҳисобдан чиқарсин;

(б) тижорат банклари ҳузуридаги инвестиция компаниялари орқали қарздорлик ҳисобига банклар балансига олинган иссиқхона мажмуаларини салоҳиятли инвесторларга бозор қийматида тўғридан-тўғри сотиш чораларини кўрсин. Бунда 2027 йил якунига қадар қуйидагиларга рухсат берилади:

(i) тижорат банкларига ва улар ҳузуридаги инвестиция компанияларига ваколатли давлат органининг розилигисиз қарздор иссиқхона хўжаликлари устав капиталида улушга эга бўлишга ёки янги хўжалик юритувчи субъектлар ташкил қилишга;

(ii) тижорат банклари ҳузуридаги инвестиция компаниялари ҳамда уларнинг улуши жами 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларга иссиқхона мажмуалари фаолиятини тиклаш жараёнида тўғридан-тўғри харидларни амалга оширишга.

4. Иссиқхона хўжаликлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидан қатъи назар 2030 йилга қадар қуйидаги молиявий имтиёзлар жорий қилинсин:

(а) Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан:

(i) иссиқхона хўжаликлари лойиҳаларининг бизнес-режасидаги иш ўринларини яратиш ва маҳсулотлар реализациясидан тушум каби кўрсаткичлар бажарилишининг ўртача миқдори 2025 — 2027 йилларда 30 фоиздан ва 2028-2029 йилларда 50 фоиздан юқори бўлган иссиқхона хўжаликларига «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти томонидан ажратилаётган компенсация ёрдами қайта тикланади ва тўлаб берилади;

(ii) 2025 йил 1 октябрга қадар иссиқхона йўналишида ажратилган кредит (лизинг)лар миқдоридан қатъи назар барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига ҳисобот ойи якунида муддати ўтган қарздорликлар мавжуд бўлмаган тақдирда, хорижий валютада ажратилган кредит фоизининг 4 фоиз пунктидан юқори қисми, миллий валютада ажратилган кредит фоизининг 14 фоиз пунктидан юқори қисми компенсация қилиб берилади;

(iii) мазкур кичик банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган имтиёзлар бир вақтнинг ўзида қўлланишига йўл қўйилмайди;

(б) Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари томонидан иссиқхона хўжаликларига ҳосил қийматининг 50 фоизи миқдорида айланма маблағларни тўлдиришга, шунингдек, чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатишга 12 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада (шундан 4 фоиз банк маржаси) имтиёзли кредитлар ажратилади;

(в) иссиқхона хўжаликлари томонидан Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси орқали харид қилинган иссиқлик насосларини ўрнатиш харажатларининг 20 фоизгача қисми Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда иссиқхона хўжаликлари билан тузилган ер ижара шартномалари муддатини кредит муддатларига мутаносиб равишда узайтириш чораларини кўрсин.

6. Белгилансинки, табиий газда ишлайдиган иссиқхона хўжаликларига октябрь — март ойларида ҳар ой учун 50 фоиз олдиндан тўловлар асосида табиий газ кафолатли ҳажмда етказиб берилади.

7. Энергетика вазирлиги:

(а) ҳар йили 1 октябрга қадар (2025 йил учун 10 кун муддатда) мазкур Фармоннинг 6-бандида белгиланган шартларда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар тузилишини таъминласин. Бунда шартномаларда табиий газ етказиб берилмагани натижасида йўқотилган ҳосил учун етказиб берувчи томоннинг жавобгарлиги аниқ белгилаб қўйилишга эътибор қаратилсин;

(б) амалда барпо этилган иссиқхона хўжаликлари тижорат банклари балансига ўтказилган ёки янги инвесторга сотилган ёхуд бошқача тарзда самарали фойдаланиш учун берилганда (шу жумладан, республиканинг бошқа ҳудудларига кўчирилганда), шунингдек, янги иссиқхоналар ташкил этилганда, ушбу иссиқхоналар учун техник шартлар белгиланган тартибда 10 кун муддатда тақдим этилишини ҳамда уларнинг газ ва электр тармоқларига уланишини таъминласин.

8. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппаратида вазирлик тизимига ажратилган амалдаги штат бирликлари доирасида иссиқхона хўжаликлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича таркибий бўлинма ташкил этилсин ва унга иссиқхона хўжаликлари фаолиятини мувофиқлаштириш, соҳада мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилсин.

9. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Марказий банк билан биргаликда халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда икки ой муддатда иссиқхона хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган дастурни ишлаб чиқсин. Бунда самарали бошқарув тизимини йўлга қўйишга масъул ташкилот таъсис этиш кўзда тутилсин.

10. Иссиқхона хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган дастурни ишлаб чиқиш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 октябрдаги «Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятига рақамлаштиришни кенг жорий этиш ҳисобига бошқарув штат бирликлари сонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-178-сон Фармони билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотлардан қисқартирилган штат бирликлари ҳисобидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида 6 та штат бирлигидан иборат лойиҳа офиси ташкил этилсин.

III. Мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини ошириш

11. Белгилансинки:

(а) экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари учун минимал экспорт нархларини белгилаш амалиёти бекор қилинади;

(б) дуккакли экинларни йиғиш техникасини харид қилган тадбиркорлик субъектларига Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан техника қийматининг 15 фоизи ҳамда лизинг ва кредит ставкасининг 10 фоиздан ошган қисми қоплаб берилади.

IV. Ташкилий чора-тадбирлар ва мазкур Фармон ижросини таъминлаш

12. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги:

(а) Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2025 йил якунига қадар:

(i) озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича лаборатория таҳлилларини ўтказиш ҳамда халқаро сертификат бериш тизимини жорий қилиш юзасидан хорижий компаниялар билан келишувга эришиш чораларини кўрсин;

(ii) импортчи хорижий давлатларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича талабларига мувофиқ карантин остидаги маҳсулотларни (ҳўл ва қуритилган) республикадан экспорт қилиш учун маҳсулот таркибидаги пестицид ва нитрат қолдиқ миқдорларини аниқлаш бўйича лаборатория таҳлилини ўтказиш тизимини жорий қилсин;

(б) Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Ички ишлар вазирлиги, «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2025 йил 15 октябрга қадар мавжуд 200 дона бошоқли дон ўриш комбайнларини дуккакли маҳсулотларни йиғиб олишга мослаштириш ҳамда дуккакли маҳсулотларни етиштирувчиларга бириктиришни ташкил қилсин.

13. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги икки ой муддатда:

(а) Солиқ қўмитаси билан биргаликда иссиқхона хўжаликлари учун берилаётган солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини;

(б) Энергия самарадорлиги миллий агентлиги билан биргаликда иссиқхона хўжаликлари томонидан Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси орқали харид қилинган иссиқлик насосларини ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

14. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бир ой муддатда иссиқхоналарни иситишда экологик талабларни бузган субъектларга нисбатан кўриладиган чораларни кучайтириш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.

16. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж. Ходжаев ва Ж. Қўчқоров, қишлоқ хўжалиги вазири И. Абдурахмонов, Солиқ қўмитаси раиси Ш. Кудбиев ҳамда давлат улуши мавжуд тижорат банклари раислари белгилансин.

17. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 октябрдаги ПФ-181-сон Фармонига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги «Пахта хом ашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-7-сон Фармонининг 2-банди қуйидаги мазмундаги «д» кичик банд билан тўлдирилсин:

«д) фьючерс ва форвард шартномаларида белгиланган пахта хомашёси ҳажмидан ортиқ қисмига ҳам мазкур шартномалар асосида ҳисоб-китоблар амалга оширилишига рухсат берилади».

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 12 августдаги «Қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий этишни янада жадаллаштириш орқали самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-130-сон Фармони 2-банди «а» кичик бандининг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«(iii) 2027 йил ҳосилидан бошлаб рухсат этилган фойдаланиш турларига асосан бир нечта турдаги экинларни экиш режалаштирилган тақдирда, Агропорталга ер участкасининг 90 фоиз қисмига белгиланган экин турларини жойлаштириш бўйича маълумотлар, пахта ва бошоқли донни етиштириш режалаштирилган тақдирда — ер участкасининг 45 фоиз қисмига пахта, қолган 45 фоиз қисмига бошоқли дон жойлаштиришга оид маълумотлар киритилади. Бунда ер участкасининг қолган 10 фоиз қисмига қишлоқ хўжалиги ташкилотларига исталган экинларни экишга рухсат берилади (2026 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан экин турларини жойлаштириш мустақил улушларда амалга оширилади)».

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 февралдаги «Республикада мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 107-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2025 йил 8 октябрь,

ПФ-181-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.10.2025 й., 06/25/181/0919-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining

Farmoni

Issiqxona xoʻjaliklari faoliyati samaradorligini oshirish va eksport hajmini koʻpaytirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Meva-sabzavot va oziq-ovqat mahsulotlari eksporti hajmini koʻpaytirish, issiqxona xoʻjaliklari faoliyatini yanada rivojlantirish hamda yangi zaxira va imkoniyatlarni ishga solish maqsadida qaror qilaman:

I. Maqsadlar

1. Quyidagilar 2025 — 2027-yillarda meva-sabzavot va oziq-ovqat mahsulotlari eksporti hajmini oshirish, issiqxona xoʻjaliklari faoliyatini yanada rivojlantirish hamda qoʻshilgan qiymat zanjirini yaratishning asosiy maqsadli koʻrsatkichlari etib belgilansin:

(a) meva-sabzavot va oziq-ovqat mahsulotlari eksporti hajmini 2026-yilda — 3,5 milliard AQSH dollari, 2027-yilda 4 milliard AQSH dollariga yetkazish;

(b) issiqxona xoʻjaliklarini tabiiy gaz bilan kafolatli taʼminlagan holda meva-sabzavot mahsulotlari yetishtirish hajmini 2026-yilda — 620 ming tonnaga, 2027-yilda 670 ming tonnaga yetkazish, ushbu mahsulotlarning eksporti hajmini 30 foizdan 70 foizga oshirish;

(v) 2026-yilda qoʻshimcha aniqlangan 20 ming gektar, 2027-yilda 15 ming gektar dala chetiga mevali koʻchat va sabzavotlar ekishni tashkil etish;

(g) organik mahsulot yetishtiriladigan yer maydonlari hajmini 2026-yilda — 20 ming gektarga, 2027-yilda — 25 ming gektarga, “Global GAP” xalqaro standartlari asosida sertifikat olingan yer maydonlari hajmini esa 2026-yilda 10 ming gektarga, 2027-yilda 15 ming gektarga yetkazish.

II. Issiqxona xoʻjaliklarini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash va ularning faoliyatini samarali yoʻlga qoʻyishga koʻmaklashish

2. Issiqxona xoʻjaliklari uzluksiz ishlashini taʼminlash uchun ularga quyidagi imtiyozlar berilsin:

(a) issiqxona faoliyatidan olgan daromadlari joriy hisobot (soliq) davri yakunlari boʻyicha jami daromadining kamida 60 foizini tashkil etgan tadbirkorlik subyektlari uchun 2026-yil 1-yanvardan boshlab 2028-yil yakuniga qadar ijtimoiy soliq stavkasi 1 foiz etib belgilanadi;

(b) faoliyat yuritayotgan issiqxona xoʻjaliklarining 2025-yil 1-oktabr holatiga mavjud soliq qarzi yuzasidan toʻlov muddati foizlarni hisoblamagan holda 2028-yil yakuniga qadar uzaytiriladi hamda ushbu soliq qarzi 2029-yilning har choragida teng ulushlarda toʻlanadi. Bunda soliq qarzini undirish boʻyicha:

(i) issiqxona xoʻjaliklariga qoʻllangan maʼmuriy va moliyaviy jarimalar hamda barcha hisoblangan penyalar toʻliq hisobdan chiqariladi;

(ii) issiqxona xoʻjaliklari bank hisobvaraqlariga qoʻyilgan inkasso topshiriqnomalari chaqirib olinadi;

(v) yuridik va jismoniy shaxslarning issiqxona xoʻjaliklari boʻyicha yer soligʻi yer fondi toifasidan qatʼi nazar qishloq xoʻjaligi uchun moʻljallangan yerlar uchun belgilangan soliq stavkalarida hisoblanadi. Bunda qishloq xoʻjaligi uchun moʻljallanmagan yerlar uchun soliq stavkalarida hisoblangan yer soligʻi summasi 2025-yil yanvardan qayta hisob-kitob qilinadi;

(g) kredit majburiyatlari bajarilmagani sababli tijorat banklari balansiga oʻtgan issiqxonalar va garov taʼminotida boʻlgan koʻchmas mulk obyektlarini realizatsiya qilish boʻyicha aylanmalar 2028-yil 1-yanvarga qadar qoʻshilgan qiymat soligʻi toʻlashdan ozod etiladi, shuningdek, mazkur mulklar tijorat banklari balansiga qabul qilingan vaqtdan yangi tashabbuskorga sotilgunga qadar boʻlgan davr mobaynida yer soligʻi toʻlashdan ozod qilinadi;

(d) qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yer uchastkalarida qurilgan issiqxona majmualarini foydalanishga qabul qilish va ularga boʻlgan huquqlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazishda Yer kodeksining 43-moddasiga asoslangan holda mazkur yer uchastkalarini qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlar toifasidan chiqarish talab etilmaydi, ushbu majmualar va ular joylashgan yer uchastkalariga boʻlgan huquqlar davlat roʻyxatidan oʻtkazilgandan keyin tijorat banklari tomonidan ularni kredit taʼminoti sifatida qabul qilishni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi;

(j) issiqxona xoʻjaliklari uchun ajratilgan yer maydonining 5 foizi, lekin 20 sotixdan oshmagan qismiga qishloq xoʻjaligi yerlari toifasini oʻzgartirmagan holda issiqxona infratuzilmasini (qozonxona, mahsulotlarni saralash va qadoqlash, issiqxona ehtiyot qismlarini saqlash, xizmat binolari) barpo qilishga ruxsat beriladi.

3. Tijorat banklari:

(a) bir oy muddatda mavjud issiqxona xoʻjaliklarini xatlovdan oʻtkazsin hamda xatlov natijalariga koʻra istiqbolli deb topilgan issiqxona xoʻjaliklariga 2025-yil 1-oktabrgacha ajratilgan kreditlar boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorliklar toʻlov grafiklarini kelgusidagi pul oqimlaridan kelib chiqib, qayta koʻrib chiqsin hamda hosil boʻlgan penya summalarini hisobdan chiqarsin;

(b) tijorat banklari huzuridagi investitsiya kompaniyalari orqali qarzdorlik hisobiga banklar balansiga olingan issiqxona majmualarini salohiyatli investorlarga bozor qiymatida toʻgʻridan-toʻgʻri sotish choralarini koʻrsin. Bunda 2027-yil yakuniga qadar quyidagilarga ruxsat beriladi:

(i) tijorat banklariga va ular huzuridagi investitsiya kompaniyalariga vakolatli davlat organining roziligisiz qarzdor issiqxona xoʻjaliklari ustav kapitalida ulushga ega boʻlishga yoki yangi xoʻjalik yurituvchi subyektlar tashkil qilishga;

(ii) tijorat banklari huzuridagi investitsiya kompaniyalari hamda ularning ulushi jami 50 foiz va undan ortiq boʻlgan xoʻjalik yurituvchi subyektlarga issiqxona majmualari faoliyatini tiklash jarayonida toʻgʻridan-toʻgʻri xaridlarni amalga oshirishga.

4. Issiqxona xoʻjaliklari faoliyatini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash maqsadida tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingidan qatʼi nazar 2030-yilga qadar quyidagi moliyaviy imtiyozlar joriy qilinsin:

(a) Kredit foiz xarajatlarini kompensatsiya qilish jamgʻarmasi hisobidan:

(i) issiqxona xoʻjaliklari loyihalarining biznes-rejasidagi ish oʻrinlarini yaratish va mahsulotlar realizatsiyasidan tushum kabi koʻrsatkichlar bajarilishining oʻrtacha miqdori 2025 — 2027-yillarda 30 foizdan va 2028-2029-yillarda 50 foizdan yuqori boʻlgan issiqxona xoʻjaliklariga “Tadbirkorlikni rivojlantirish kompaniyasi” aksiyadorlik jamiyati tomonidan ajratilayotgan kompensatsiya yordami qayta tiklanadi va toʻlab beriladi;

(ii) 2025-yil 1-oktabrga qadar issiqxona yoʻnalishida ajratilgan kredit (lizing)lar miqdoridan qatʼi nazar barcha toifadagi tadbirkorlik subyektlariga hisobot oyi yakunida muddati oʻtgan qarzdorliklar mavjud boʻlmagan taqdirda, xorijiy valyutada ajratilgan kredit foizining 4 foiz punktidan yuqori qismi, milliy valyutada ajratilgan kredit foizining 14 foiz punktidan yuqori qismi kompensatsiya qilib beriladi;

(iii) mazkur kichik bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilarida nazarda tutilgan imtiyozlar bir vaqtning oʻzida qoʻllanishiga yoʻl qoʻyilmaydi;

(b) Qishloq xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan tijorat banklari tomonidan issiqxona xoʻjaliklariga hosil qiymatining 50 foizi miqdorida aylanma mablagʻlarni toʻldirishga, shuningdek, chang-gaz tozalash uskunalarini oʻrnatishga 12 oy muddatga yillik 14 foiz stavkada (shundan 4 foiz bank marjasi) imtiyozli kreditlar ajratiladi;

(v) issiqxona xoʻjaliklari tomonidan Energiya samaradorligini oshirish raqamli platformasi orqali xarid qilingan issiqlik nasoslarini oʻrnatish xarajatlarining 20 foizgacha qismi Energiya samaradorligini ragʻbatlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplab beriladi.

5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari bir oy muddatda issiqxona xoʻjaliklari bilan tuzilgan yer ijara shartnomalari muddatini kredit muddatlariga mutanosib ravishda uzaytirish choralarini koʻrsin.

6. Belgilansinki, tabiiy gazda ishlaydigan issiqxona xoʻjaliklariga oktabr — mart oylarida har oy uchun 50 foiz oldindan toʻlovlar asosida tabiiy gaz kafolatli hajmda yetkazib beriladi.

7. Energetika vazirligi:

(a) har yili 1-oktabrga qadar (2025-yil uchun 10 kun muddatda) mazkur Farmonning 6-bandida belgilangan shartlarda tabiiy gazni yetkazib berish boʻyicha shartnomalar tuzilishini taʼminlasin. Bunda shartnomalarda tabiiy gaz yetkazib berilmagani natijasida yoʻqotilgan hosil uchun yetkazib beruvchi tomonning javobgarligi aniq belgilab qoʻyilishga eʼtibor qaratilsin;

(b) amalda barpo etilgan issiqxona xoʻjaliklari tijorat banklari balansiga oʻtkazilgan yoki yangi investorga sotilgan yoxud boshqacha tarzda samarali foydalanish uchun berilganda (shu jumladan, respublikaning boshqa hududlariga koʻchirilganda), shuningdek, yangi issiqxonalar tashkil etilganda, ushbu issiqxonalar uchun texnik shartlar belgilangan tartibda 10 kun muddatda taqdim etilishini hamda ularning gaz va elektr tarmoqlariga ulanishini taʼminlasin.

8. Qishloq xoʻjaligi vazirligi markaziy apparatida vazirlik tizimiga ajratilgan amaldagi shtat birliklari doirasida issiqxona xoʻjaliklari faoliyatini muvofiqlashtirish boʻyicha tarkibiy boʻlinma tashkil etilsin va unga issiqxona xoʻjaliklari faoliyatini muvofiqlashtirish, sohada mavjud muammolarni tahlil qilish hamda ularni bartaraf etish boʻyicha takliflarni ishlab chiqish vazifasi yuklatilsin.

9. Qishloq xoʻjaligi vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Markaziy bank bilan birgalikda xalqaro konsalting kompaniyalarini jalb qilgan holda ikki oy muddatda issiqxona xoʻjaliklari faoliyatini rivojlantirish va samaradorligini oshirishga qaratilgan dasturni ishlab chiqsin. Bunda samarali boshqaruv tizimini yoʻlga qoʻyishga masʼul tashkilot taʼsis etish koʻzda tutilsin.

10. Issiqxona xoʻjaliklari faoliyatini rivojlantirish va samaradorligini oshirishga qaratilgan dasturni ishlab chiqish ishlarini muvofiqlashtirish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 4-oktabrdagi “Respublika ijro etuvchi hokimiyat organlarining faoliyatiga raqamlashtirishni keng joriy etish hisobiga boshqaruv shtat birliklari sonini maqbullashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PF-178-son Farmoni bilan Qishloq xoʻjaligi vazirligi tizimidagi tashkilotlardan qisqartirilgan shtat birliklari hisobidan Vazirlar Mahkamasi huzurida 6 ta shtat birligidan iborat loyiha ofisi tashkil etilsin.

III. Meva-sabzavot va oziq-ovqat mahsulotlari eksportini oshirish

11. Belgilansinki:

(a) eksport qilinadigan meva-sabzavot mahsulotlari uchun minimal eksport narxlarini belgilash amaliyoti bekor qilinadi;

(b) dukkakli ekinlarni yigʻish texnikasini xarid qilgan tadbirkorlik subyektlariga Qishloq xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan texnika qiymatining 15 foizi hamda lizing va kredit stavkasining 10 foizdan oshgan qismi qoplab beriladi.

IV. Tashkiliy chora-tadbirlar va mazkur Farmon ijrosini taʼminlash

12. Oʻsimliklar karantini va himoyasi agentligi:

(a) Tashqi ishlar vazirligi bilan birgalikda 2025-yil yakuniga qadar:

(i) oziq-ovqat mahsulotlari xavfsizligi boʻyicha laboratoriya tahlillarini oʻtkazish hamda xalqaro sertifikat berish tizimini joriy qilish yuzasidan xorijiy kompaniyalar bilan kelishuvga erishish choralarini koʻrsin;

(ii) importchi xorijiy davlatlarning oziq-ovqat mahsulotlari xavfsizligi boʻyicha talablariga muvofiq karantin ostidagi mahsulotlarni (hoʻl va quritilgan) respublikadan eksport qilish uchun mahsulot tarkibidagi pestitsid va nitrat qoldiq miqdorlarini aniqlash boʻyicha laboratoriya tahlilini oʻtkazish tizimini joriy qilsin;

(b) Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi, Ichki ishlar vazirligi, “Toshkent qishloq xoʻjaligi texnikasi zavodi” AJ, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari bilan birgalikda 2025-yil 15-oktabrga qadar mavjud 200 dona boshoqli don oʻrish kombaynlarini dukkakli mahsulotlarni yigʻib olishga moslashtirish hamda dukkakli mahsulotlarni yetishtiruvchilarga biriktirishni tashkil qilsin.

13. Qishloq xoʻjaligi vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi ikki oy muddatda:

(a) Soliq qoʻmitasi bilan birgalikda issiqxona xoʻjaliklari uchun berilayotgan soliq imtiyozlarini qoʻllash tartibi boʻyicha tegishli normativ-huquqiy hujjat loyihasini;

(b) Energiya samaradorligi milliy agentligi bilan birgalikda issiqxona xoʻjaliklari tomonidan Energiya samaradorligini oshirish raqamli platformasi orqali xarid qilingan issiqlik nasoslarini oʻrnatish xarajatlarining bir qismini qoplab berish tartibini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

14. Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi bir oy muddatda issiqxonalarni isitishda ekologik talablarni buzgan subyektlarga nisbatan koʻriladigan choralarni kuchaytirish yuzasidan takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

15. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining va Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim hujjatlariga ilovaga muvofiq qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilsin.

16. Mazkur Farmon ijrosini samarali tashkil qilishga masʼul va shaxsiy javobgar etib Bosh vazir oʻrinbosarlari J. Xodjayev va J. Qoʻchqorov, qishloq xoʻjaligi vaziri I. Abduraxmonov, Soliq qoʻmitasi raisi Sh. Kudbiyev hamda davlat ulushi mavjud tijorat banklari raislari belgilansin.

17. Farmon ijrosini muhokama qilib borish, ijro uchun masʼul idoralar faoliyatini muvofiqlashtirish va nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A.N. Aripov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 8-oktabrdagi PF-181-son Farmoniga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining va Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim hujjatlariga kiritilayotgan qoʻshimcha va oʻzgartirishlar

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 17-yanvardagi “Paxta xom ashyosini yetishtirish va sotishda bozor mexanizmlarini qoʻllashni izchil davom ettirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PF-7-son Farmonining 2-bandi quyidagi mazmundagi “d” kichik band bilan toʻldirilsin:

“d) fyuchers va forvard shartnomalarida belgilangan paxta xomashyosi hajmidan ortiq qismiga ham mazkur shartnomalar asosida hisob-kitoblar amalga oshirilishiga ruxsat beriladi”.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 12-avgustdagi “Qishloq xoʻjaligi sohasiga zamonaviy texnologiyalarni joriy etishni yanada jadallashtirish orqali samaradorlikni oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PF-130-son Farmoni 2-bandi “a” kichik bandining toʻrtinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“(iii) 2027-yil hosilidan boshlab ruxsat etilgan foydalanish turlariga asosan bir nechta turdagi ekinlarni ekish rejalashtirilgan taqdirda, Agroportalga yer uchastkasining 90 foiz qismiga belgilangan ekin turlarini joylashtirish boʻyicha maʼlumotlar, paxta va boshoqli donni yetishtirish rejalashtirilgan taqdirda — yer uchastkasining 45 foiz qismiga paxta, qolgan 45 foiz qismiga boshoqli don joylashtirishga oid maʼlumotlar kiritiladi. Bunda yer uchastkasining qolgan 10 foiz qismiga qishloq xoʻjaligi tashkilotlariga istalgan ekinlarni ekishga ruxsat beriladi (2026-yil hosili uchun qishloq xoʻjaligi tashkilotlari tomonidan ekin turlarini joylashtirish mustaqil ulushlarda amalga oshiriladi)”.

3. Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 29-fevraldagi “Respublikada meva-sabzavot mahsulotlari eksportini tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi 107-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2025-yil 8-oktabr,

PF-181-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 10.10.2025-y., 06/25/181/0919-son)

lex.uz