📅 2025-yil 21-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 21-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 21 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 21 января 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 21 January 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнес, хизмат кўрсатиш ва туризм лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган маблағлардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизматлар кўрсатиш ва туризмни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 12 августдаги ПҚ-287-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизматлар кўрсатиш ва туризмни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 12 августдаги ПҚ-287-сон қарорига мувофиқ Бухоро вилоятидаги кичик ва ўрта бизнес, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантириш, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш йўналишларидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун қуйидаги шартларда:
оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 ноябрдаги ПФ-193-сон Фармони ва 2023 йил 14 сентябрдаги ПҚ-306-сон қарорида белгиланган тартиб ҳамда механизмлар асосида кичик ва ўрта бизнес, хизмат кўрсатиш ҳамда туризм лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари ва «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖга икки йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга фоизсиз 60 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар;
Бухоро вилояти ҳокимлигининг асослантирилган ҳисоб-китобларига мувофиқ инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун икки йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга фоизсиз 40 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бюджет ссудаси ажратилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш, туризмни ривожлантириш мақсадида инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш ва ушбу лойиҳаларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарорнинг аҳамиятини тадбиркорлик субъектлари ўртасида кенг тушунтириш ишлари амалга оширилишини таъминласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Бухоро вилояти ҳокими Б.К. Зарипов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 январдаги 25-сон қарорига 1-ИЛОВА
Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизматлар кўрсатиш ва туризмни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 12 августдаги ПҚ-287-сон қарори (кейинги ўринларда — Қарор) ижроси доирасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган 60 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни (кейинги ўринларда — маблағлар) ажратиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом ажратилган маблағлар доирасида лойиҳаларни молиялаштириш, амалга ошириш ва маблағларни қайтариш даврида Бухоро вилояти учун амал қилади.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
бизнес портал — «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастурида иштирок этиш билан боғлиқ бизнес жараёнларни автоматлаштирилган ҳолда ташкил этиш ва мувофиқлаштириб бориш имконини берадиган электрон платформа;
ишчи гуруҳ — таркиби Қарор билан тасдиқланган Бухоро вилоятида тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилаш ва лойиҳаларни молиялаштиришни мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ;
«Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастури — бизнес портал ёрдамида ажратиладиган қўллаб-қувватлаш чоралари;
оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари — тижорат банклари томонидан ягона электрон платформа орқали ажратиладиган молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари;
ҳамкор банклар — мазкур Низом доирасида лойиҳаларни молиялаштириш, амалга ошириш ва мониторинг қилишда иштирок этувчи АТ «Халқ банки», АТБ «Микрокредитбанк» ва бошқа тижорат банклари;
ҳоким ёрдамчиси — маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси;
ягона электрон платформа — дастурлар доирасидаги кредитларнинг тўлиқ рақамлашган ҳолда ажратилишини таъминлайдиган оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси.
3. Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш учун лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини шакллантириш, молиялаштириш ва мониторингини юритиш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
4. Мазкур Низомга мувофиқ ресурс маблағлари устувор равишда Қарорда белгиланган йўналиш ва лойиҳаларга ажратилади.
2-боб. Лойиҳаларни танлаб олиш
5. Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан истиқболли лойиҳа ташаббускорлари рўйхати шакллантирилади ҳамда уларга ҳоким ёрдамчилари кўмагида мазкур Низомга мувофиқ молиялаштириш бўйича зарур маслаҳатлар берилади.
6. Лойиҳа ташаббускорлари ушбу Низом асосида молиявий қўллаб-қувватлашда иштирок этиш учун бизнес портал ёки ягона электрон платформа орқали онлайн тарзда мурожаат қилади.
7. Лойиҳа ташаббускорлари мурожаатлари «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастури ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
3-боб. Молиялаштириш тартиби
8. Ҳамкор банклар томонидан «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастури ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида молиялаштирилади.
9. «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастури доирасида кредитлар ушбу Низом асосида икки йилгача имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга ажратилади.
Мазкур комплекс дастур бўйича маблағ ажратишнинг ушбу Низом билан белгиланмаган бошқа талаб ва шартлари Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 январдаги 37-сон қарори билан тасдиқланган «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастури ташаббускорларини танлаш, уларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тўғрисидаги низом асосида тартибга солинади.
10. Ушбу Низомга мувофиқ ресурс маблағлари:
оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ҳамкор банкларга;
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 январдаги 37-сон қарори билан тасдиқланган «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастури ташаббускорларини танлаш, уларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тўғрисидаги низомда белгиланган тартиб ва механизмлар асосида кичик бизнес субъектлари лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун ҳамкор банкларга йўналтирилади;
Ресурс маблағлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 10 ноябрдаги ПФ-193-сон Фармони ҳамда ««Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастурини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 7 сентябрдаги ПҚ-312-сон қарори доирасида Тадбиркорликни ривожлантириш компаниясига кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилиши мумкин.
4-боб. Ресурс маблағларини ажратиш тартиби
11. Ҳамкор банкларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан Қарорга мувофиқ ишчи гуруҳ хулосасига кўра Бухоро вилояти ҳокимлиги буюртмаси асосидаги лойиҳалар бўйича талабнома ишлаб чиқилади.
Ҳамкор банклар уларнинг ҳудудий бўлинмалари талабига асосан тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини белгиланган тартибда ўрганиб чиқиб, кредит ажратиш бўйича ижобий қарор қабул қилингандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига лойиҳалар кесимида талабнома киритади.
12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамкор банклар талабномаси асосида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ресурс маблағларини жалб қилгандан сўнг уч кун муддатда талабномада кўрсатилган лойиҳаларга зарур ресурс маблағларини ҳамкор банкларда икки йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга фоизсиз жойлаштиради.
13. Ҳамкор банклар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ресурс ажратилган кундан бошлаб икки кун муддатда талабномада кўрсатилган лойиҳаларни молиялаштирилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
14. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Бухоро вилоятининг туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳамда ҳамкор банклар раҳбарлари ушбу Низом талабларига риоя этилишига шахсан масъул ҳисобланади.
15. Ушбу Низом талаблари бузилишида риоя этилишида айбдор деб топилган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Бухоро вилояти ҳокимлиги, ҳамкор тижорат банклари Аҳолини, кичик ва ўрта бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан манзилли рўйхатни шакллантириш ва тижорат банклари билан биргаликда молиялаштириш учун киритади. Ҳар ойнинг 10-санасида 2-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Манзилли рўйхат асосида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун талаб этиладиган маблағлар бўйича сўров хати (ариза)ни юборади. Ҳар ойнинг 20-санасида 3-босқич Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Республика комиссиясини сўровига биноан тегишли маблағларни республика бюджетига ўтказади. Сўров киритилгандан кейин уч кун ичида 4-босқич Бухоро вилояти ҳокимлиги, «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ, ҳамкор тижорат банклари Манзилли рўйхатда белгиланган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш ва ушбу лойиҳаларнинг доимий мониторингини юритиш бўйича ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига мунтазам равишда ахборот киритиб боради. Ҳар чоракда 5-босқич Бухоро вилояти ҳокимлиги, «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ, ҳамкор тижорат банклари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ажратилган маблағлар ўз вақтида республика бюджетига қайтарилишни таъминлайди. Белгиланган муддатларда
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 январдаги 25-сон қарорига 2-ИЛОВА
Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш, туризмни ривожлантириш мақсадида инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш ва ушбу лойиҳаларни амалга ошириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 12 августдаги ПҚ-287-сон қарорига (кейинги ўринларда — Қарор) мувофиқ Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантириш мақсадида инфратузилма лойиҳаларини, шу жумладан,мастер-режаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни молиялаштириш учун ажратилган 40 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бюджет ссудасидан фойдаланиш ва лойиҳаларни амалга ошириш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом ажратилган бюджет ссудаси доирасида инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, амалга ошириш ва бюджет ссудасини қайтариш даврида фақат Бухоро вилояти учун амал қилади.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
инфратузилма лойиҳаси — бюджет ссудаси доирасида ижтимоий, йўл-транспорт, сув хўжалиги, муҳандислик-коммуникация объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашга қаратилган лойиҳа;
ишчи гуруҳ — таркиби Қарор билан тасдиқланган Бухоро вилоятида тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилаш ва лойиҳаларни молиялаштиришни мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ;
мастер-режа — ҳудудларнинг аниқ муаммоларини бартараф этишга йўналтирилган, ўзида шаҳарсозлик, ижтимоий-иқтисодий, экологик ва бошқа лойиҳа ечимларини мужассамлаштирган, шунингдек, ҳудудларнинг қисмларини иқтисодий ривожлантиришни яқин, ўрта ва узоқ муддатларга режалаштириш, уларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида мавжуд муаммоларнинг аниқ ечими ҳамда амалга ошириш механизмларини ўзида акс эттирган ҳужжат;
муҳандислик-коммуникация тармоқлари — инфратузилма лойиҳасини амалга ошириш доирасида энг яқин марказлаштирилган тармоқлардан ишлаб чиқариш ҳамда фаолият юритиш майдонларининг чегарасигача ичимлик суви ва оқова сув, электр энергияси, табиий газ тармоқларини тортиш, уларнинг қувватларини ошириш, автомобиль йўлларини қуриш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари;
бюджет ссудаси — Бухоро вилоятида инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун икки йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга ажратилган фоизсиз 40 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар.
3. Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантириш мақсадида инфратузилма лойиҳаларининг манзилли рўйхати мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ шакллантирилади ва молиялаштирилади.
2-боб. Инфратузилма лойиҳаларининг манзилли рўйхатини шакллантириш
4. Бухоро вилоятининг туман (шаҳар) ҳокимликлари кичик бизнес, туризм ва сервис, саноат соҳасини ривожлантиришда инфратузилма лойиҳалари ҳамда мастер режаси ишлаб чиқиладиган бизнес учун жозибадор ҳудудлар бўйича таклифларни ҳар ой Бухоро вилояти ҳокимлигига тақдим этади.
Бухоро вилояти ҳокимлиги икки ҳафта муддатда инфратузилма лойиҳаларини уларнинг асосланганлиги, натижадорлиги, талаб этиладиган маблағлар қийматининг ҳаққонийлиги ва белгиланган йўналишлар асосида объектлар кесимида ишлаб чиқади ҳамда ишчи гуруҳга тақдим этади.
Инфратузилма лойиҳаларининг манзилли рўйхати ишчи гуруҳ томонидан устувор равишда мастер режалар асосида шакллантирилади.
5. Ишчи гуруҳ Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан тақдим этилган таклифларни кўриб чиқиб, якуний манзилли рўйхатларни шакллантиради.
Манзилли рўйхатни шакллантиришда қуйидаги муҳим жиҳатлар инобатга олинади:
инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда мастер-режани ишлаб чиқиш натижасида тадбиркорлар муаммоларини ҳал этиш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш учун қулайликлар яратиш (арзон нархларда етказиб бериш имкониятларини яратиш, саноат ҳудудларини ташкил этиш, инфратузилма билан таъминлаш (электр, ичимлик суви ва оқова сув, канализация, йўллар, телекоммуникация)) ҳамда тадбиркорлик жозибадорлигининг яхшиланиши;
янги иш ўринларининг яратилиши;
ер майдонларидан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш.
Манзилли рўйхатни шакллантиришда қарорлар ишчи гуруҳ аъзолари сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Қарорларни қабул қилишда овозлар тенг бўлганда, ишчи гуруҳ раҳбари ҳал қилувчи овозга эга бўлади. Бунда қарши овоз берган ишчи гуруҳ аъзосининг фикри қарорга илова қилинади.
6. Манзилли рўйхатдаги таклифлар ишчи гуруҳ томонидан сараланиб, ишчи гуруҳ аъзолари билан келишилгандан сўнг манзилли рўйхатлар белгиланган тартибда ва йигирма кун ичида ишчи гуруҳ раҳбари томонидан Вазирлар Маҳкамасида тақдимот (ҳимоя) қилинади.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан маъқулланган таклифлар доирасида Бухоро вилоятининг туман ва шаҳарлари кесимида инфратузилма лойиҳаларининг манзилли рўйхати ишчи гуруҳ томонидан тасдиқланади.
7. Мастер режаларни ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳудуднинг мастер режасини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида» 2024 йил 12 августдаги 497-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.
3-боб. Инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш тартиби
8. Тасдиқланган манзилли рўйхат доирасида инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратилган маблағлар ҳисобидан икки йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга фоизсиз бюджет ссудаси Бухоро вилояти маҳаллий бюджетига йўналтирилади ҳамда маҳаллий бюджет орқали харажатлар белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ҳар бир лойиҳа бўйича зарур маблағлар ишчи гуруҳнинг хулосасига кўра Бухоро вилояти ҳокимлиги буюртмаси асосида бюджет ссудаси ажратиб берилади.
9. Инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, шу жумладан, мастер режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича буюртмачи вазифалари:
Ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича — «Ўзсувтаъминот» АЖ ҳузуридаги «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» унитар корхонаси;
автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича — Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги тегишли ташкилотлар;
электр энергияси билан таъминлаш ишлари бўйича — «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг тегишли ҳудудий ташкилотлари ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг тегишли ҳудудий филиаллари;
табиий газ етказиб бериш ишлари бўйича — «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖнинг тегишли ҳудудий филиаллари;
маданий мерос объектларини реставрация, тиклаш ва таъмирлаш ишлари бўйича — Маданий мерос агентлиги;
мастер-режалар, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари бўйича — Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси;
инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ бошқа тадбирлар бўйича — тегишли соҳа ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
10. Буюртмачилар тасдиқланган манзилли рўйхатга асосан инфратузилма лойиҳалари бўйича белгиланган тартибда давлат харидлари тартиб-таомиллари асосида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқувчи ва бош пудрат ташкилотини аниқлайди.
Бунда тасдиқланган манзилли рўйхатга асосан инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ва уларни қуриш (таъмирлаш) тегишлилиги бўйича марказлашган инвестициялар ва бюджет қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилади.
11. Дастлабки (смета) қиймати 1 миллион АҚШ долларигача бўлган инфратузилма лойиҳаларини, мастер-режаларни ишлаб чиқишни молиялаштириш билан боғлиқ жараёнларнинг қисқа муддатларда бажарилишини таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти ҳокимлиги таклифлари асосида мазкур лойиҳалар амалга оширилишига Вазирлар Маҳкамаси томонидан рухсат берилиши мумкин.
4-боб. Инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш ҳамда лойиҳалар амалга оширилишини назорат қилиш тартиби
12. Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантириш мақсадида ажратилган 40 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар доирасида инфратузилма лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш ишларини ташкил этиш, маблағлардан самарали фойдаланиш устидан қатъий назорат ўрнатиш ишчи гуруҳ раҳбари томонидан таъминланади. Бунда:
Бухоро вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш ва унинг ижроси тўғрисида ҳисоботларни юритади;
буюртмачилари ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши бўйича тегишли ҳисоботларни Бухоро вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар тақдим этиб боради;
Бухоро вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси молиялаштирилган харажатлар бўйича тегишли ҳисоботларни ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 8-санасига қадар ишчи гуруҳга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этиб боради;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим этилган тегишли ҳисобот ва маълумотлар асосида ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши юзасидан мониторинг юритади ҳамда ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасига қадар Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритади.
5-боб. Якунловчи қоида
13. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш, туризмни ривожлантириш мақсадида инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш ва ушбу лойиҳаларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Бухоро вилоятида кичик бизнес, туризм ва сервис, саноат соҳасини ривожлантиришда инфратузилма лойиҳалари учун ажратилган маблағларни молиялаштириш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Туман (шаҳар) ҳокимликлари Кичик бизнес, туризм ва сервис, саноат соҳасини ривожлантиришда инфратузилма лойиҳалари ҳамда мастер режаси ишлаб чиқиладиган бизнес учун жозибадор ҳудудлар бўйича таклифларни вилоят ҳокимлигига тақдим этади. Ҳар ойда 2-босқич Бухоро вилояти ҳокимлиги Вилоятнинг тегишли соҳа ташкилотлари билан бирга таклифларни уларнинг асослилиги, натижадорлиги, талаб этиладиган маблағлар қиймати ҳаққонийлиги ва устуворликлар асосида ишлаб чиқиб, саралайди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 августдаги ПҚ-287-сон қарори билан тасдиқланган Бухоро вилоятида тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилаш ва лойиҳаларни молиялаштиришни мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳга тақдим этади. Икки ҳафта муддатда 3-босқич Бухоро вилояти ҳокимлиги 1. Манзилли рўйхатдаги таклифлар ишчи гуруҳ томонидан сараланиб, ишчи гуруҳ аъзолари билан келишилади. 2. Келишилган таклифлар Бухоро вилояти ҳокими — ишчи гуруҳ раҳбари томонидан Вазирлар Маҳкамасида тақдимот қилинади. 20 кун ичида 4-босқич Ишчи гуруҳ Тадбиркорлик лойиҳаларини инфратузилма билан таъминлаш таклифлари келишилиб, якуний манзилли дастур тасдиқланади Бир ой ичида 5-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Тасдиқланган инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун вилоят ҳокимлигининг республика бюджетидан бюджет ссудаси ажратиш тўғрисидаги мурожаатига асосан 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга фоизсиз 40 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бюджет ссудасини босқичма-босқич ажратади. Бухоро вилояти ҳокимлигининг мурожаатига асосан 6-босқич Бухоро вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси Тасдиқланган манзилли рўйхатлар асосида белгиланган тартибда инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириб боради. Белгиланган муддатларда
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 21 январь,
25-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
NIZOM
SXEMASI
Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznes, xizmat koʻrsatish va turizm loyihalarini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash uchun ajratiladigan mablagʻlardan samarali foydalanish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznesni qoʻllab-quvvatlash, xizmatlar koʻrsatish va turizmni rivojlantirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 12-avgustdagi PQ-287-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznesni qoʻllab-quvvatlash, xizmatlar koʻrsatish va turizmni rivojlantirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 12-avgustdagi PQ-287-son qaroriga muvofiq Buxoro viloyatidagi kichik va oʻrta biznes, xizmat koʻrsatish va turizmni rivojlantirish, infratuzilma loyihalarini amalga oshirish yoʻnalishlaridagi loyihalarni moliyalashtirish uchun quyidagi shartlarda:
oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 10-noyabrdagi PF-193-son Farmoni va 2023-yil 14-sentabrdagi PQ-306-son qarorida belgilangan tartib hamda mexanizmlar asosida kichik va oʻrta biznes, xizmat koʻrsatish hamda turizm loyihalarini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash uchun tijorat banklari va “Tadbirkorlikni rivojlantirish kompaniyasi” AJga ikki yillik imtiyozli davr bilan 5 yil muddatga foizsiz 60 million AQSH dollari miqdoridagi mablagʻlar;
Buxoro viloyati hokimligining asoslantirilgan hisob-kitoblariga muvofiq infratuzilma loyihalarini moliyalashtirish uchun ikki yillik imtiyozli davr bilan 5 yil muddatga foizsiz 40 million AQSH dollari miqdoridagi budjet ssudasi ajratilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznes subyektlarini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznesni qoʻllab-quvvatlash, xizmat koʻrsatish, turizmni rivojlantirish maqsadida infratuzilma loyihalarini moliyalashtirish uchun ajratilgan mablagʻlardan samarali foydalanish va ushbu loyihalarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Buxoro viloyati hokimligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda ushbu qarorning ahamiyatini tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida keng tushuntirish ishlari amalga oshirilishini taʼminlasin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Buxoro viloyati hokimi B.K. Zaripov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 21-yanvardagi 25-son qaroriga 1-ILOVA
Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznes subyektlarini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznesni qoʻllab-quvvatlash, xizmatlar koʻrsatish va turizmni rivojlantirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 12-avgustdagi PQ-287-son qarori (keyingi oʻrinlarda — Qaror) ijrosi doirasida tadbirkorlik subyektlari faoliyatini moliyalashtirish uchun ajratiladigan 60 million AQSH dollari miqdoridagi mablagʻlarni (keyingi oʻrinlarda — mablagʻlar) ajratish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizom ajratilgan mablagʻlar doirasida loyihalarni moliyalashtirish, amalga oshirish va mablagʻlarni qaytarish davrida Buxoro viloyati uchun amal qiladi.
2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
biznes portal — “Kichik biznesni uzluksiz qoʻllab-quvvatlash” kompleks dasturida ishtirok etish bilan bogʻliq biznes jarayonlarni avtomatlashtirilgan holda tashkil etish va muvofiqlashtirib borish imkonini beradigan elektron platforma;
ishchi guruh — tarkibi Qaror bilan tasdiqlangan Buxoro viloyatida tadbirkorlik infratuzilmasini yaxshilash va loyihalarni moliyalashtirishni muvofiqlashtirish boʻyicha ishchi guruh;
“Kichik biznesni uzluksiz qoʻllab-quvvatlash” kompleks dasturi — biznes portal yordamida ajratiladigan qoʻllab-quvvatlash choralari;
oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari — tijorat banklari tomonidan yagona elektron platforma orqali ajratiladigan moliyaviy qoʻllab-quvvatlash choralari;
hamkor banklar — mazkur Nizom doirasida loyihalarni moliyalashtirish, amalga oshirish va monitoring qilishda ishtirok etuvchi AT “Xalq banki”, ATB “Mikrokreditbank” va boshqa tijorat banklari;
hokim yordamchisi — mahallada tadbirkorlikni rivojlantirish, aholi bandligini taʼminlash va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha tuman (shahar) hokimining yordamchisi;
yagona elektron platforma — dasturlar doirasidagi kreditlarning toʻliq raqamlashgan holda ajratilishini taʼminlaydigan oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlarining yagona elektron platformasi.
3. Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznesni moliyaviy qoʻllab-quvvatlash uchun loyihalarning manzilli roʻyxatini shakllantirish, moliyalashtirish va monitoringini yuritish mazkur Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
4. Mazkur Nizomga muvofiq resurs mablagʻlari ustuvor ravishda Qarorda belgilangan yoʻnalish va loyihalarga ajratiladi.
2-bob. Loyihalarni tanlab olish
5. Buxoro viloyati hokimligi tomonidan istiqbolli loyiha tashabbuskorlari roʻyxati shakllantiriladi hamda ularga hokim yordamchilari koʻmagida mazkur Nizomga muvofiq moliyalashtirish boʻyicha zarur maslahatlar beriladi.
6. Loyiha tashabbuskorlari ushbu Nizom asosida moliyaviy qoʻllab-quvvatlashda ishtirok etish uchun biznes portal yoki yagona elektron platforma orqali onlayn tarzda murojaat qiladi.
7. Loyiha tashabbuskorlari murojaatlari “Kichik biznesni uzluksiz qoʻllab-quvvatlash” kompleks dasturi va oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasida belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
3-bob. Moliyalashtirish tartibi
8. Hamkor banklar tomonidan “Kichik biznesni uzluksiz qoʻllab-quvvatlash” kompleks dasturi hamda oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasida moliyalashtiriladi.
9. “Kichik biznesni uzluksiz qoʻllab-quvvatlash” kompleks dasturi doirasida kreditlar ushbu Nizom asosida ikki yilgacha imtiyozli davr bilan 5 yilgacha muddatga ajratiladi.
Mazkur kompleks dastur boʻyicha mablagʻ ajratishning ushbu Nizom bilan belgilanmagan boshqa talab va shartlari Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 20-yanvardagi 37-son qarori bilan tasdiqlangan “Kichik biznesni uzluksiz qoʻllab-quvvatlash” kompleks dasturi tashabbuskorlarini tanlash, ularning loyihalarini qoʻllab-quvvatlash va moliyalashtirish toʻgʻrisidagi nizom asosida tartibga solinadi.
10. Ushbu Nizomga muvofiq resurs mablagʻlari:
oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlari doirasida hamkor banklarga;
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 20-yanvardagi 37-son qarori bilan tasdiqlangan “Kichik biznesni uzluksiz qoʻllab-quvvatlash” kompleks dasturi tashabbuskorlarini tanlash, ularning loyihalarini qoʻllab-quvvatlash va moliyalashtirish toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan tartib va mexanizmlar asosida kichik biznes subyektlari loyihalarini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash uchun hamkor banklarga yoʻnaltiriladi;
Resurs mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Kichik va oʻrta biznesni moliyaviy qoʻllab-quvvatlash tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 10-noyabrdagi PF-193-son Farmoni hamda ““Kichik biznesni uzluksiz qoʻllab-quvvatlash” kompleks dasturini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 7-sentabrdagi PQ-312-son qarori doirasida Tadbirkorlikni rivojlantirish kompaniyasiga kichik va oʻrta biznesni moliyaviy qoʻllab-quvvatlash uchun yoʻnaltirilishi mumkin.
4-bob. Resurs mablagʻlarini ajratish tartibi
11. Hamkor banklarning hududiy boʻlinmalari tomonidan Qarorga muvofiq ishchi guruh xulosasiga koʻra Buxoro viloyati hokimligi buyurtmasi asosidagi loyihalar boʻyicha talabnoma ishlab chiqiladi.
Hamkor banklar ularning hududiy boʻlinmalari talabiga asosan tadbirkorlik subyektlarining loyihalarini belgilangan tartibda oʻrganib chiqib, kredit ajratish boʻyicha ijobiy qaror qabul qilingandan soʻng Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga loyihalar kesimida talabnoma kiritadi.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamkor banklar talabnomasi asosida Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasidan resurs mablagʻlarini jalb qilgandan soʻng uch kun muddatda talabnomada koʻrsatilgan loyihalarga zarur resurs mablagʻlarini hamkor banklarda ikki yillik imtiyozli davr bilan 5 yil muddatga foizsiz joylashtiradi.
13. Hamkor banklar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan resurs ajratilgan kundan boshlab ikki kun muddatda talabnomada koʻrsatilgan loyihalarni moliyalashtiriladi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
14. Buxoro viloyati hokimligi, Buxoro viloyatining tuman (shahar) hokimliklari hamda hamkor banklar rahbarlari ushbu Nizom talablariga rioya etilishiga shaxsan masʼul hisoblanadi.
15. Ushbu Nizom talablari buzilishida rioya etilishida aybdor deb topilgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javob beradilar.
Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznes subyektlarini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznes subyektlarini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Buxoro viloyati hokimligi, hamkor tijorat banklari Aholini, kichik va oʻrta biznes subyektlarini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash yuzasidan manzilli roʻyxatni shakllantirish va tijorat banklari bilan birgalikda moliyalashtirish uchun kiritadi. Har oyning 10-sanasida 2-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Manzilli roʻyxat asosida Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasiga amalga oshiriladigan loyihalarni moliyalashtirish uchun talab etiladigan mablagʻlar boʻyicha soʻrov xati (ariza)ni yuboradi. Har oyning 20-sanasida 3-bosqich Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi Respublika komissiyasini soʻroviga binoan tegishli mablagʻlarni respublika budjetiga oʻtkazadi. Soʻrov kiritilgandan keyin uch kun ichida 4-bosqich Buxoro viloyati hokimligi, “Tadbirkorlikni rivojlantirish kompaniyasi” AJ, hamkor tijorat banklari Manzilli roʻyxatda belgilangan loyihalarni oʻz vaqtida va sifatli amalga oshirish va ushbu loyihalarning doimiy monitoringini yuritish boʻyicha hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligiga muntazam ravishda axborot kiritib boradi. Har chorakda 5-bosqich Buxoro viloyati hokimligi, “Tadbirkorlikni rivojlantirish kompaniyasi” AJ, hamkor tijorat banklari Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan ajratilgan mablagʻlar oʻz vaqtida respublika budjetiga qaytarilishni taʼminlaydi. Belgilangan muddatlarda
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 21-yanvardagi 25-son qaroriga 2-ILOVA
Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznesni qoʻllab-quvvatlash, xizmat koʻrsatish, turizmni rivojlantirish maqsadida infratuzilma loyihalarini moliyalashtirish uchun ajratilgan mablagʻlardan samarali foydalanish va ushbu loyihalarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznesni qoʻllab-quvvatlash, xizmat koʻrsatish va turizmni rivojlantirishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 12-avgustdagi PQ-287-son qaroriga (keyingi oʻrinlarda — Qaror) muvofiq Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznesni qoʻllab-quvvatlash, xizmat koʻrsatish va turizmni rivojlantirish maqsadida infratuzilma loyihalarini, shu jumladan,master-rejalarni ishlab chiqish va amalga oshirishni moliyalashtirish uchun ajratilgan 40 million AQSH dollari miqdoridagi budjet ssudasidan foydalanish va loyihalarni amalga oshirish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizom ajratilgan budjet ssudasi doirasida infratuzilma loyihalarini moliyalashtirish, amalga oshirish va budjet ssudasini qaytarish davrida faqat Buxoro viloyati uchun amal qiladi.
2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
infratuzilma loyihasi — budjet ssudasi doirasida ijtimoiy, yoʻl-transport, suv xoʻjaligi, muhandislik-kommunikatsiya obyektlarini loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, mukammal taʼmirlash va jihozlashga qaratilgan loyiha;
ishchi guruh — tarkibi Qaror bilan tasdiqlangan Buxoro viloyatida tadbirkorlik infratuzilmasini yaxshilash va loyihalarni moliyalashtirishni muvofiqlashtirish boʻyicha ishchi guruh;
master-reja — hududlarning aniq muammolarini bartaraf etishga yoʻnaltirilgan, oʻzida shaharsozlik, ijtimoiy-iqtisodiy, ekologik va boshqa loyiha yechimlarini mujassamlashtirgan, shuningdek, hududlarning qismlarini iqtisodiy rivojlantirishni yaqin, oʻrta va uzoq muddatlarga rejalashtirish, ularning iqtisodiy salohiyatini roʻyobga chiqarish maqsadida mavjud muammolarning aniq yechimi hamda amalga oshirish mexanizmlarini oʻzida aks ettirgan hujjat;
muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari — infratuzilma loyihasini amalga oshirish doirasida eng yaqin markazlashtirilgan tarmoqlardan ishlab chiqarish hamda faoliyat yuritish maydonlarining chegarasigacha ichimlik suvi va oqova suv, elektr energiyasi, tabiiy gaz tarmoqlarini tortish, ularning quvvatlarini oshirish, avtomobil yoʻllarini qurish-taʼmirlash va obodonlashtirish ishlari;
budjet ssudasi — Buxoro viloyatida infratuzilma loyihalarini moliyalashtirish uchun ikki yillik imtiyozli davr bilan 5 yil muddatga ajratilgan foizsiz 40 million AQSH dollari miqdoridagi mablagʻlar.
3. Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznesni qoʻllab-quvvatlash, xizmat koʻrsatish va turizmni rivojlantirish maqsadida infratuzilma loyihalarining manzilli roʻyxati mazkur Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq shakllantiriladi va moliyalashtiriladi.
2-bob. Infratuzilma loyihalarining manzilli roʻyxatini shakllantirish
4. Buxoro viloyatining tuman (shahar) hokimliklari kichik biznes, turizm va servis, sanoat sohasini rivojlantirishda infratuzilma loyihalari hamda master rejasi ishlab chiqiladigan biznes uchun jozibador hududlar boʻyicha takliflarni har oy Buxoro viloyati hokimligiga taqdim etadi.
Buxoro viloyati hokimligi ikki hafta muddatda infratuzilma loyihalarini ularning asoslanganligi, natijadorligi, talab etiladigan mablagʻlar qiymatining haqqoniyligi va belgilangan yoʻnalishlar asosida obyektlar kesimida ishlab chiqadi hamda ishchi guruhga taqdim etadi.
Infratuzilma loyihalarining manzilli roʻyxati ishchi guruh tomonidan ustuvor ravishda master rejalar asosida shakllantiriladi.
5. Ishchi guruh Buxoro viloyati hokimligi tomonidan taqdim etilgan takliflarni koʻrib chiqib, yakuniy manzilli roʻyxatlarni shakllantiradi.
Manzilli roʻyxatni shakllantirishda quyidagi muhim jihatlar inobatga olinadi:
infratuzilma loyihalarini amalga oshirish hamda master-rejani ishlab chiqish natijasida tadbirkorlar muammolarini hal etish, yangi tadbirkorlik subyektlarini tashkil etish uchun qulayliklar yaratish (arzon narxlarda yetkazib berish imkoniyatlarini yaratish, sanoat hududlarini tashkil etish, infratuzilma bilan taʼminlash (elektr, ichimlik suvi va oqova suv, kanalizatsiya, yoʻllar, telekommunikatsiya)) hamda tadbirkorlik jozibadorligining yaxshilanishi;
yangi ish oʻrinlarining yaratilishi;
yer maydonlaridan oqilona foydalanishni yoʻlga qoʻyish.
Manzilli roʻyxatni shakllantirishda qarorlar ishchi guruh aʼzolari sonining koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.
Qarorlarni qabul qilishda ovozlar teng boʻlganda, ishchi guruh rahbari hal qiluvchi ovozga ega boʻladi. Bunda qarshi ovoz bergan ishchi guruh aʼzosining fikri qarorga ilova qilinadi.
6. Manzilli roʻyxatdagi takliflar ishchi guruh tomonidan saralanib, ishchi guruh aʼzolari bilan kelishilgandan soʻng manzilli roʻyxatlar belgilangan tartibda va yigirma kun ichida ishchi guruh rahbari tomonidan Vazirlar Mahkamasida taqdimot (himoya) qilinadi.
Vazirlar Mahkamasi tomonidan maʼqullangan takliflar doirasida Buxoro viloyatining tuman va shaharlari kesimida infratuzilma loyihalarining manzilli roʻyxati ishchi guruh tomonidan tasdiqlanadi.
7. Master rejalarni ishlab chiqish, kelishish va tasdiqlash Vazirlar Mahkamasining “Hududning master rejasini ishlab chiqish, kelishish va tasdiqlash tartibi toʻgʻrisida” 2024-yil 12-avgustdagi 497-son qaroriga muvofiq amalga oshiriladi.
3-bob. Infratuzilma loyihalarini moliyalashtirish tartibi
8. Tasdiqlangan manzilli roʻyxat doirasida infratuzilma loyihalarini moliyalashtirish uchun Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasidan ajratilgan mablagʻlar hisobidan ikki yillik imtiyozli davr bilan 5 yil muddatga foizsiz budjet ssudasi Buxoro viloyati mahalliy budjetiga yoʻnaltiriladi hamda mahalliy budjet orqali xarajatlar belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Har bir loyiha boʻyicha zarur mablagʻlar ishchi guruhning xulosasiga koʻra Buxoro viloyati hokimligi buyurtmasi asosida budjet ssudasi ajratib beriladi.
9. Infratuzilma loyihalarini amalga oshirish, shu jumladan, master rejalarni ishlab chiqish va amalga oshirish boʻyicha buyurtmachi vazifalari:
Ichimlik suvi va oqova suv tarmoqlarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash ishlari boʻyicha — “Oʻzsuvtaʼminot” AJ huzuridagi “Suv taʼminoti va oqova suv obyektlari qurilishi boʻyicha injiniring kompaniyasi” unitar korxonasi;
avtomobil yoʻllarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash ishlari boʻyicha — Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi tizimidagi tegishli tashkilotlar;
elektr energiyasi bilan taʼminlash ishlari boʻyicha — “Hududiy elektr tarmoqlari” AJning tegishli hududiy tashkilotlari va “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJning tegishli hududiy filiallari;
tabiiy gaz yetkazib berish ishlari boʻyicha — “Hududgaztaʼminot” AJ va “Oʻztransgaz” AJning tegishli hududiy filiallari;
madaniy meros obyektlarini restavratsiya, tiklash va taʼmirlash ishlari boʻyicha — Madaniy meros agentligi;
master-rejalar, shaharsozlik hujjatlarini ishlab chiqish ishlari boʻyicha — Buxoro viloyati hokimligi huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyasi;
infratuzilma loyihalarini amalga oshirish bilan bogʻliq boshqa tadbirlar boʻyicha — tegishli soha tashkilotlari tomonidan amalga oshiriladi.
10. Buyurtmachilar tasdiqlangan manzilli roʻyxatga asosan infratuzilma loyihalari boʻyicha belgilangan tartibda davlat xaridlari tartib-taomillari asosida loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiquvchi va bosh pudrat tashkilotini aniqlaydi.
Bunda tasdiqlangan manzilli roʻyxatga asosan infratuzilma loyihalarini moliyalashtirish va ularni qurish (taʼmirlash) tegishliligi boʻyicha markazlashgan investitsiyalar va budjet qonunchiligida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
11. Dastlabki (smeta) qiymati 1 million AQSH dollarigacha boʻlgan infratuzilma loyihalarini, master-rejalarni ishlab chiqishni moliyalashtirish bilan bogʻliq jarayonlarning qisqa muddatlarda bajarilishini taʼminlash maqsadida Buxoro viloyati hokimligi takliflari asosida mazkur loyihalar amalga oshirilishiga Vazirlar Mahkamasi tomonidan ruxsat berilishi mumkin.
4-bob. Infratuzilma loyihalarini moliyalashtirish uchun ajratilgan mablagʻlardan samarali foydalanish hamda loyihalar amalga oshirilishini nazorat qilish tartibi
12. Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznesni qoʻllab-quvvatlash, xizmat koʻrsatish va turizmni rivojlantirish maqsadida ajratilgan 40 million AQSH dollari miqdoridagi mablagʻlar doirasida infratuzilma loyihalarini oʻz vaqtida va sifatli amalga oshirish ishlarini tashkil etish, mablagʻlardan samarali foydalanish ustidan qatʼiy nazorat oʻrnatish ishchi guruh rahbari tomonidan taʼminlanadi. Bunda:
Buxoro viloyati iqtisodiyot va moliya bosh boshqarmasi ajratilgan mablagʻlardan samarali foydalanish va uning ijrosi toʻgʻrisida hisobotlarni yuritadi;
buyurtmachilari ajratilgan mablagʻlarning oʻzlashtirilishi boʻyicha tegishli hisobotlarni Buxoro viloyati iqtisodiyot va moliya bosh boshqarmasiga har oy yakuni boʻyicha keyingi oyning 5-sanasiga qadar taqdim etib boradi;
Buxoro viloyati iqtisodiyot va moliya bosh boshqarmasi moliyalashtirilgan xarajatlar boʻyicha tegishli hisobotlarni har oy yakuni boʻyicha keyingi oyning 8-sanasiga qadar ishchi guruhga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etib boradi;
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi taqdim etilgan tegishli hisobot va maʼlumotlar asosida ajratilgan mablagʻlarning oʻzlashtirilishi yuzasidan monitoring yuritadi hamda har chorak yakuni boʻyicha keyingi oyning 15-sanasiga qadar Vazirlar Mahkamasiga axborot kiritadi.
5-bob. Yakunlovchi qoida
13. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Buxoro viloyatida kichik va oʻrta biznesni qoʻllab-quvvatlash, xizmat koʻrsatish, turizmni rivojlantirish maqsadida infratuzilma loyihalarini moliyalashtirish uchun ajratilgan mablagʻlardan samarali foydalanish va ushbu loyihalarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Buxoro viloyatida kichik biznes, turizm va servis, sanoat sohasini rivojlantirishda infratuzilma loyihalari uchun ajratilgan mablagʻlarni moliyalashtirish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tuman (shahar) hokimliklari Kichik biznes, turizm va servis, sanoat sohasini rivojlantirishda infratuzilma loyihalari hamda master rejasi ishlab chiqiladigan biznes uchun jozibador hududlar boʻyicha takliflarni viloyat hokimligiga taqdim etadi. Har oyda 2-bosqich Buxoro viloyati hokimligi Viloyatning tegishli soha tashkilotlari bilan birga takliflarni ularning asosliligi, natijadorligi, talab etiladigan mablagʻlar qiymati haqqoniyligi va ustuvorliklar asosida ishlab chiqib, saralaydi va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 12-avgustdagi PQ-287-son qarori bilan tasdiqlangan Buxoro viloyatida tadbirkorlik infratuzilmasini yaxshilash va loyihalarni moliyalashtirishni muvofiqlashtirish boʻyicha ishchi guruhga taqdim etadi. Ikki hafta muddatda 3-bosqich Buxoro viloyati hokimligi 1. Manzilli roʻyxatdagi takliflar ishchi guruh tomonidan saralanib, ishchi guruh aʼzolari bilan kelishiladi. 2. Kelishilgan takliflar Buxoro viloyati hokimi — ishchi guruh rahbari tomonidan Vazirlar Mahkamasida taqdimot qilinadi. 20 kun ichida 4-bosqich Ishchi guruh Tadbirkorlik loyihalarini infratuzilma bilan taʼminlash takliflari kelishilib, yakuniy manzilli dastur tasdiqlanadi Bir oy ichida 5-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Tasdiqlangan infratuzilma loyihalarini moliyalashtirish uchun viloyat hokimligining respublika budjetidan budjet ssudasi ajratish toʻgʻrisidagi murojaatiga asosan 2 yillik imtiyozli davr bilan 5 yil muddatga foizsiz 40 million AQSH dollari miqdoridagi budjet ssudasini bosqichma-bosqich ajratadi. Buxoro viloyati hokimligining murojaatiga asosan 6-bosqich Buxoro viloyati Iqtisodiyot va moliya bosh boshqarmasi Tasdiqlangan manzilli roʻyxatlar asosida belgilangan tartibda infratuzilma loyihalarini moliyalashtirib boradi. Belgilangan muddatlarda
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 21-yanvar,
25-son