UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 16-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 16 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 16 октября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 16 October 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 26 сентябрдаги ПФ-149-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 26 сентябрдаги ПФ-149-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази негизида амалдаги штат бирликларини сақлаб қолган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) мақоми, тизими, асосий вазифалари ва функциялари;

Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги;

Агентлик раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳамда жавобгарлиги;

Агентлик фаолиятини ташкил этиш, унинг республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби;

Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш, ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби.

3. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги бир ой муддатда Агентликни Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва телефон алоқаси хизматлари, шу жумладан, ҳукумат телефон алоқаси билан белгиланган тартибда таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Агентликнинг ҳудудий бўлинмаларини ҳудудлардаги Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли бўш турган маъмурий биноларга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул жойлаштирсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ баъзи қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 октябрдаги 648-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, унинг раҳбарлари функционал мажбуриятлари ва жавобгарлиги, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Агентлик чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ягона меъёрлар ва стандартларни ишлаб чиқишда, синовдан ўтказишда ва амалиётга татбиқ этишда, ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштиришда ҳамда чиқиндиларни бошқариш соҳасига тааллуқли давлат мулкини бошқаришда масъул давлат органи ҳисобланади.

3. Агентлик бевосита Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига (кейинги ўринларда — Вазирлик) бўйсунади ва ўз фаолияти юзасидан ҳисобот бериб боради.

4. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг буйруқларига, ушбу Низомга, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

5. Агентлик ўз фаолиятини республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.

6. Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг тегишли бўлинмаларида шахсий ғазна ҳисобварақларига, шу жумладан, чет эл валютасидаги шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.

7. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги;

қисқартирилган номи — Чиқиндиларни бошқариш агентлиги;

б) рус тилида:

тўлиқ номи — Агентство по управлению отходами и развитию циркулярной экономики при Министерстве экологии, охраны окружающей среды и изменения климата;

қисқартирилган номи — Агентство по управлению отходами;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи — Waste management and circular economy development agency under the Ministry of ecology, environmental protection and climate change of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилган номи — Waste management agency.

8. Агентликнинг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳкўчаси 7а-уй.

2-боб. Агентликнинг тузилмаси

9. Агентликнинг тузилмасига қуйидагилар киради:

Агентликнинг марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бошқармалари;

«Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси;

«Тоза ҳудуд» давлат муассасалари;

«Махсустранс» давлат муассасаси;

«Мароқанд обод» давлат муассасаси.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бошқармалари, «Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси, «Тоза ҳудуд» давлат муассасалари, «Махсустранс» давлат муассасаси ҳамда «Мароқанд обод» давлат муассасаси бевосита Агентликка бўйсунади.

3-боб. Агентликнинг асосий вазифалари ва функциялари

11. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ягона меъёрлар, нормативлар ва стандартларни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва амалиётга татбиқ этиш;

чиқиндиларни бошқариш соҳасида фаолиятни мувофиқлаштириш;

чиқиндиларни бошқариш соҳасида қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, республика дастурлари ва ҳудудий дастурлар бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

чиқиндилар ҳосил бўлишининг нормативларини белгилашда ҳамда чиқиндиларни жойлаштириш объектларини ташкил этишда иштирок этиш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетганлик учун жисмоний ва юридик шахслар томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизими узлуксиз фаолиятини таъминлаш;

республикада маиший, қурилиш, суюқ, заҳарли-кимёвий, тиббиёт ва электрон чиқиндиларни бошқариш соҳасини такомиллаштириш, шунингдек, уларни қайта ишлаш ва утилизация қилишнинг замонавий усулларини татбиқ қилиш ҳамда «нол чиқинди» тамойилини жорий этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

республикада чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш натижасида энергия ресурслари, хом ашё ва материалларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирларининг ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этиш;

чиқиндиларни тўплаш, саралаш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш, ёқиш, утилизация қилиш ва уларни йўқ қилиш бўйича чиқинди полигонлари ҳудудида экосаноат зоналарини ташкил этиш чораларини кўриш;

чиқиндиларни бошқариш соҳасига халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредит, грант, хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестиция маблағларини жалб қилиш, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этиш;

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш, уларни қайта юклаш станцияси, чиқиндиларни ёқиш ёки қайта ишлаш заводи ёхуд экосаноат зонасига топшириш, жойлаштириш хизматлари учун ишлаб чиқилган тарифларнинг асослантирилганини ўрганиш;

чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш соҳасига хусусий секторни кенг жалб қилиш, давлат-хусусий шериклик битимларини амалга оширишда иштирок этиш;

қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича санитар тозалаш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини мониторинг қилиш, улар фаолиятидаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳамда улар фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда баҳолаб бориш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасини рақамлаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш.

12. Агентлик ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ягона меъёрлар, нормативлар ва стандартларни ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва амалиётга татбиқ этиш борасида:

чиқиндиларни йиғиш, ташиш, саралаш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш, утилизация қилиш, йўқ қилиш бўйича ягона меъёрлар, нормативлар, ва стандартлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирликка киритади;

ривожланган давлатлар тажрибаси асосида чиқиндиларни бошқариш соҳасида ишлаб чиқилган ягона меъёр, норматив ва стандартларни тегишли давлат органлари билан биргаликда синовдан ўтказишни ташкил этади;

чиқиндиларни йиғиш, ташиш, саралаш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ва йўқ қилиш бўйича синовдан муваффақиятли ўтган ягона меъёр, норматив ва стандартларни шу соҳада фаолият юритувчи корхоналарда амалиётга жорий этишга кўмаклашади;

2) чиқиндиларни бошқариш соҳасида фаолиятни мувофиқлаштириш борасида:

Агентлик ваколатига кирадиган масалаларда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштиради;

Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари, тизим ташкилотлари ва санитар тозалаш корхоналарининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, чиқиндиларни бошқариш соҳасида уларга соҳавий ва услубий раҳбарлик қилиш ҳамда санитар тозалаш корхоналарига чиқинди соҳасини бошқариш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда бажариши лозим бўлган кўрсатмалар беради;

қаттиқ маиший, қурилиш, суюқ маиший, тиббиёт, саноат, хавфли ва заҳарли чиқиндиларни бошқариш ишларини ташкил этади;

вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, санитар тозалаш корхоналаридан амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотларни сўраб олади, уларни умумлаштиради ва таҳлил қилади;

соҳада юзага келган муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш ҳамда соҳани ривожлантириш бўйича тегишли вазирлик, идоралар ва ҳокимликларга таклифлар киритади;

санитар тозалаш корхоналари фаолиятида соҳага оид қонунчиликка риоя этилишини мониторинг қилиб боради, аниқланган қонунчилик бузилиши юзасидан чоралар кўриш бўйича тегишли идораларга таклифлар киритади;

қонунчиликда белгиланган тартибда чиқиндиларнинг ҳисобини юритади;

санитар тозалаш корхоналарининг техникаларга бўлган эҳтиёжини ўрганиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳисобидан хизматлар сифатини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

республикадаги мавжуд чиқинди полигонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

чиқинди полигонлари ҳудудида замонавий технологияларни жорий этган ҳолда чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш, утилизация қилиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда лойиҳаларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

чиқинди полигонлари ҳудудида чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш, утилизация қилиш хизматлари кўрсатишни тадбиркорлик субъектларига беришда тендер танловларини ташкил этади;

санитар тозалаш корхоналари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва кўлами бўйича шикоятларни қабул қилиш ҳамда аҳоли ва санитар тозалаш корхоналари билан қайта алоқа қилиш учун Колл-марказ фаолиятини ташкил этади ҳамда доимий фаолият юритишини таъминлайди;

3) чиқиндиларни бошқариш соҳасида қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, республика дастурлари ва ҳудудий дастурлар бўйича таклифларни ишлаб чиқиш борасида:

соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, республика дастурлари ва ҳудудий дастурлар бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат ҳисоби ва назоратини олиб бориш тартибини ишлаб чиқади ҳамда такомиллаштириб боради;

республиканинг иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда аҳоли турар жойларини қаттиқ маиший чиқиндилардан тозалаш бўйича санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилишини таҳлил қилади;

4) чиқиндилар ҳосил бўлишининг нормативларини белгилашда ҳамда чиқиндиларни жойлаштириш объектларини ташкил этишда иштирок этиш борасида:

чиқиндилар ҳосил бўлишининг нормативларини белгилаш ҳамда чиқиндиларни жойлаштириш объектларини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқишда иштирок этади;

қаттиқ маиший чиқиндиларнинг тўпланиш меъёрини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлашни ташкил этади;

чиқиндиларни жойлаштириш лимитларини белгилашда иштирок этади;

ваколатли давлат органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига чиқиндилар ҳосил бўлишининг нормативларини белгилаш ҳамда чиқиндиларни жойлаштириш объектларини ташкил этиш бўйича таклифларни киритади;

чиқиндилар кўмиб ташланадиган ва утилизация қилинадиган жойларнинг давлат кадастрини юритишда иштирок этади;

5) қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетганлик учун жисмоний ва юридик шахслар томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизими узлуксиз фаолиятини таъминлаш борасида:

қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетганлик учун жисмоний ва юридик шахслар томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизимини бошқаради ва унинг узлуксиз фаолият юритишини таъминлайди;

қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетганлик учун жисмоний ва юридик шахслар томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва амалиётга жорий этади;

қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича (маиший чиқиндиларни полигонга жойлаштиришни инобатга олган ҳолда) жисмоний ва юридик шахслар билан шартнома тузилишини ташкил этади ҳамда шартнома шартлари бажарилишини назорат қилади;

чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловларни ундиришда электрон тўлов тизимларидан фойдаланишни ташкил этади;

санитар тозалаш корхоналари, туман (шаҳар) ҳокимликлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловларни тўловчиларнинг ҳаққоний ҳисоби юритилиши, шунингдек, ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимида улар тўғрисидаги маълумотларнинг шакллантирилишини мониторинг қилади;

қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловларни тўловчилардан келиб тушадиган пул маблағлари ҳисобини юритади;

қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловларни тўловчиларнинг дебиторлик ва кредиторлик қарздорликлари тўғрисидаги маълумотларни шакллантиради, мониторингини юритади ва таҳлил қилади ҳамда қарздорликларни бартараф этиш чораларини кўради;

6) республикада маиший, қурилиш, суюқ, заҳарли-кимёвий, тиббиёт ва электрон чиқиндиларни бошқариш соҳасини такомиллаштириш, шунингдек, уларни қайта ишлаш ва утилизация қилишнинг замонавий усулларини татбиқ қилиш ҳамда «нол чиқинди» тамойилини жорий этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш борасида:

чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш нормативлари ва чиқиндиларни жойлаштириш, қайта ишлаш ва утилизация қилишнинг замонавий усулларини татбиқ қилиш ҳамда лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида иштирок этади;

санитар тозалаш корхоналари томонидан ресурс қимматига эга ва утилизация қилиниши лозим бўлган чиқиндиларнинг лозим даражада сақланишини таъминлайди ҳамда уларнинг йўқ қилиниши ва бузилишига йўл қўймаслик чораларини кўради;

ўзининг мулки бўлган чиқиндиларнинг утилизация қилинишига доир замонавий технологияларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

санитар тозалаш корхоналари томонидан чиқиндиларнинг аралашиб кетишига йўл қўймаслик бўйича тегишли таклиф ва қўлланмаларни ишлаб чиқади;

маиший, қурилиш, суюқ, заҳарли-кимёвий, тиббиёт ва электрон чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича ривожланган давлатларнинг тажрибаларини ўрганган ҳолда «нол чиқинди» тамойилини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

санитар тозалаш корхоналарининг фаолияти самарадорлигини мониторинг ва таҳлил қилиш натижасида рейтинг тизими асосида баҳолашни ташкил этади;

7) республикада чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш натижасида энергия ресурслари, хом ашё ва материалларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини ташкил этиш соҳасида:

чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш натижасида энергия ресурслари, хомашё ва материалларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ва дастур лойиҳаларини ишлаб чиқади;

ривожланган давлатлар тажрибаси асосида чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш, термик усулда ёқиш натижасида энергия ресурслари (электр ва иссиқлик энергиялари), хомашё ва материалларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш натижасида энергия ресурслари, хомашё ва материалларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлик ҳолати бўйича санитар тозалаш корхоналарини рағбатлантириш чораларини кўради;

8) чиқиндиларни тўплаш, саралаш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш, ёқиш, утилизация қилиш ва уларни йўқ қилиш бўйича чиқинди полигонлари ҳудудида экосаноат зоналарини ташкил этиш чораларини кўриш борасида:

чиқинди полигонлари ҳудудидан самарали фойдаланиш, уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида тўплаш, саралаш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш, ёқиш, утилизация қилиш ва уларни йўқ қилиш бўйича экосаноат зоналарини ташкил этиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади;

экосаноат зоналари фаолиятини ташкил этиш, уларни иқтисодий қўллаб-қувватлаш механизмлари юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

экосаноат зоналари фаолиятини мониторинг қилиш, уларни такомиллаштириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўради;

чиқиндиларни қайта юклаш станцияларини тасарруф этади, чиқиндининг қайта юклаш станциясидан экосаноат зонасига етказиб берилишини ташкил этади, фаолияти тўхтатилган чиқинди полигонларини рекультивация қилиш тадбирларини амалга оширади;

санитар тозалаш корхоналари томонидан чиқиндиларни қайта ишлаш ва (ёки) ёқиш (термик ишлов бериш) заводлари учун талаб этиладиган ҳажмдаги чиқиндилар етказиб берилишини ташкил этади;

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида қисқартириладиган углерод бирликлари савдосини қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширади;

9) чиқиндиларни бошқариш соҳасига халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредит, грант, хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестиция маблағларини жалб қилиш, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этиш борасида:

хорижий давлатлар, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар билан халқаро алоқаларни ривожлантириш ҳамда ҳамкорликни йўлга қўйиш чораларини кўради;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредит, грант, хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестиция маблағларини жалб қилиш бўйича лойиҳа таклифларини ишлаб чиқади;

чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида лойиҳаларнинг техник иқтисодий асосларини ишлаб чиқади ҳамда хорижий грант, кредит ва инвестиция маблағларини жалб қилиш чораларини кўради;

10) маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш, уларни қайта юклаш станцияси, чиқиндиларни ёқиш ёки қайта ишлаш заводи ёхуд экосаноат зонасига топшириш, жойлаштириш хизматлари учун ишлаб чиқилган тарифларнинг асослантирилганини ўрганиш борасида:

санитар тозалаш корхоналари томонидан тақдим қилинган маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш ва уларни жойлаштириш хизматлари учун ишлаб чиқилган тарифлар бўйича ҳисоб-китобларнинг асослантирилганини ўрганади;

санитар тозалаш корхоналари томонидан тақдим қилинган маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш ва уларни жойлаштириш хизматлари учун ишлаб чиқилган тарифлар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштирган ҳолда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳудудий органларига келишиш учун киритади;

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ҳудудий органлари хулосаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига кўриб чиқиш учун киритади;

санитар тозалаш корхоналари томонидан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари белгиланган график ва муддатларга мувофиқ кўрсатилиши ҳамда ҳақиқатда амалга оширилганини чиқиндиларни ташиш билан шуғулланувчи барча махсус техникаларга ўрнатилган онлайн кузатув (GPS) тизими орқали аниқлаб боради;

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ишлаб чиқилган тарифларнинг ҳамда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетганлик учун жисмоний ва юридик шахслар томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизими орқали маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, саралаш, қайта ишлаш, ёқиш, утилизация қилиш тўғрисида тақдим этилган маълумотларнинг асослантирилганини ўрганиб боради;

қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетганлик учун жисмоний ва юридик шахслар томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизими маълумотлари асосида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича санитар тозалаш корхоналари (операторлар) томонидан амалга ошириладиган хизматлар учун чиқинди полигонларига, чиқиндиларни қайта юклаш станцияларига ёки чиқиндиларни ёқиш заводлари ёхуд экосаноат зоналарига топширилган қаттиқ маиший чиқинди миқдорини инобатга олган ҳолда, ҳақ тўлашнинг алоҳида тартибини мувофиқлаштириб боради;

11) чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш соҳасига хусусий секторни кенг жалб қилиш, давлат-хусусий шериклик битимларини амалга оширишда иштирок этиш борасида:

чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш соҳасига хусусий секторни кенг жалб қилиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этади;

хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга оид давлат-хусусий шериклик битим ва шартномалари мажбуриятларининг бажарилишини мониторинг ва назорат қилади;

соҳада амалга оширилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг маълумотлар базасини шакллантириш, уларни таҳлил қилиш ва мавжуд муаммолар, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради;

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатишга оид давлат-хусусий шериклик битимига ва маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш бўйича тузилган шартномага мувофиқ кўрсатилган хизматлар натижадорлигини баҳолайди;

12) қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича санитар тозалаш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини мониторинг қилиш, улар фаолиятидаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳамда улар фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда баҳолаб бориш борасида:

санитар тозалаш корхоналари фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичларини ҳар ой якуни бўйича баҳолаб боради;

фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари ижобий баҳоланган санитар тозалаш корхоналарини белгиланган тартибда рағбатлантириш чораларини кўради;

фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари салбий баҳоланган санитар тозалаш корхоналарига методологик ва малакавий ёрдам кўрсатиб боради;

13) чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасини рақамлаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш соҳасида:

чиқиндилар билан боғлиқ хизматларни тадбиркорлик субъектларига бериш юзасидан ўтказиладиган тендер жараёнларини онлайн кузатиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширади;

санитар тозалаш корхоналари томонидан чиқинди тўплаш шохобчалари ва чиқинди ташиш учун мўлжалланган махсус техникаларга видеокузатув камераларини ўрнатишни ташкил этади;

чиқинди ташишга мўлжалланган махсус техникаларга санитар тозалаш корхоналарининг маблағлари ҳисобидан онлайн кузатув (GPS) тизимини жорий этиш чораларини кўради;

чиқинди ташишга мўлжалланган махсус техникаларга ўрнатилган онлайн кузатиш тизимларини ягона мониторинг тизимига улаш орқали аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини мониторинг ва назорат қилади;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасини рақамлаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва уларни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади.

Агентлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

4-боб. Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

13. Агентлик ўз зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Агентлик мажлисларида Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари раҳбар ходимларининг чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш фаолиятига оид ахборотини (маърузаларини) кўриб чиқиш;

республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлардан Агентлик ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўладиган маълумотларни белгиланган тартибда сўраб олиш;

ўз ваколатлари доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, қўшма дастурларни амалга оширишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Экология жамғармаси (кейинги ўринларда — Экология жамғармаси) ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан халқаро ва хорижий ташкилотларнинг консультант ва экспертларини белгиланган тартибда жалб қилиш;

Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан халқаро эътироф этилган рейтинг ташкилотлари билан чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шартномалар тузиш;

чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш тизимини молиялаштиришга зарур сарф-харажатлар бўйича таклифларни шакллантириш, шунингдек, заруратга кўра, хорижий кредитлар, грантлар ва бошқа маблағларни жалб қилиш;

Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари раҳбарлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари бузилган ҳолда қабул қилинган буйруқларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва бекор қилиш;

Агентликда чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун етакчи олимлар, юқори малакали профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар, турли идоралар вакилларидан иборат таркибда ҳақ тўланмайдиган илмий-методик ва жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш;

ўз ваколатлари доирасида конференциялар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар, ярмаркалар ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этиш;

чиқиндиларни бошқариш соҳасида мукофотлар ва фахрий ёрлиқлар, кўкрак нишонларини таъсис этиш, улар билан соҳадаги илғор ходимларни мукофотлаш бўйича белгиланган тартибда таклиф киритиш;

Агентлик ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларига тегишли давлат кўчмас мулкини ўз тузилмасидаги бир ташкилотдан бошқа бирига Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Вазирлик билан келишган ҳолда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўтказиш;

ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, санитар тозалаш корхоналари фаолиятини белгиланган тартибда, ваколат доирасида ўрганиш;

ўз ваколатлари доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

Агентлик фаолиятини кенг ёритиш мақсадида расмий веб-сайтлар, шунингдек, ижтимоий тармоқларда саҳифалар яратиш;

чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб ва истиқболли муаммолар ечими юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

республикада чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида санитар тозалаш корхоналарини қўллаб-қувватлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари, шунингдек, ўз маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан махсус техника, контейнер, саралаш, қайта ишлаш ускуналари ва бошқа мол-мулкларни лизинг шартлари асосида етказиб бериш ҳамда лизинг хизматларини кўрсатиш;

Агентлик қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

14. Агентлик:

Агентликка юкланган вазифа ва функцияларнинг самарали бажарилиши, шунингдек, чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини ташкил этиш;

Агентликнинг фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш;

Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Агентлик томонидан қабул қилинадиган буйруқлар амалга оширилишининг сифати, пировард натижалари ва оқибатлари;

чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш, соҳада ҳудудлар муаммоларини ҳал қилиш бўйича дастурларни, ҳаракат режаларини, «йўл хариталари» ва бошқа ҳужжатларнинг самарали амалга оширилиши;

Агентлик маблағларидан оқилона фойдаланилиши;

ўз ваколати доирасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши ҳамда уларга риоя этилиши таъминланиши учун жавоб беради.

5-боб. Агентлик раҳбарларининг асосий функционал вазифалари

15. Қуйидагилар Агентлик директорнинг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;

Агентликнинг фаолиятини умумий бошқариш ва унга раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан Агентликка юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича танқидий ва чуқур таҳлилларни ўтказиш;

Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг таркибий бўлинмалари ва Вазирлар Маҳкамаси котибиятлари, шунингдек, Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича тегишли вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида тегишли масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари (маслаҳатчиси) топшириқларини бажариш;

ўз ўринбосари ва Агентликнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, уларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;

Агентликнинг фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, даврий иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини қилиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Агентлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича қарорларига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий ва ҳудудий бўлинмалар, тизим ташкилотлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

Агентлик ходимлари, ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари ходимларининг тизимли равишда малакасини оширишни ташкил этиш;

Агентлик ходимлари, ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларида ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шароитларни яратиш, кадрлар захирасини шакллантириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, Агентликка ишга қабул қилинадиган бошқа кадрларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий иш тажрибаси, юқори ишчанлик даражаси ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

фаолият соҳасидаги масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқиш, уларнинг қонунчилик талабларига қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида киритилишини ташкил этиш, шунингдек, уларнинг Вазирлар Маҳкамасида пухта ишланишида, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

Агентликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш, уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти ва Вазирлар Маҳкамаси Регламентида белгиланган муддатларда келишиш (виза қўйиш);

Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини қонунчилик талабларига мувофиқ равишда ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарларига ажратиладиган маблағлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш;

ўз ўринбосари, таркибий ва ҳудудий бўлинмалар ҳамда тизим ташкилотлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини танқидий таҳлил қилиш, Агентлик йиғилишларида уларнинг шахсий ҳисоботларини тинглаш, муҳокама якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

Агентлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш, Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирлашга тақдим этиш бўйича Вазирликка таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш юзасидан тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

Агентлик ходимлари томонидан Агентлик одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

коррупцияга қарши курашишга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ Агентлик ходимлари, ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларни содир этишга имкон яратувчи омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш, сабаб ва шароитларини бартараф этиш;

Агентлик ходимлари, ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш, шу жумладан, улар томонидан лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслик чораларини кўриш;

Агентлик, унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотлари ишини ташкил этишнинг илғор шаклларини жорий этишни таъминлаш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ишларини қонунчиликка мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсан қабул қилишни мунтазам равишда ўтказиш, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилишни белгиланган муддатларда ва тартибда амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг улар фаолиятида фаол иштирок этишини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар ва конфиденциал ахборот билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя этиш;

Агентлик марказий аппарати штат жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирига киритиш;

Агентлик ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари низом (устав)ларини тасдиқлаш;

Агентлик марказий аппарати ходимлари, ҳудудий бўлинма раҳбарлари ва ўринбосарларини, тизим ташкилотлари раҳбар ва ўринбосарларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш;

чиқиндиларни бошқариш бўйича ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини ташкил этиш, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштириш;

Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари, тизим ташкилотлари мансабдор шахслари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар қабул қилиш ва топшириқлар бериш, шунингдек, уларнинг ижросини ўрнатилган тартибда назорат қилиш;

Агентлик марказий аппарати, унинг ҳудудий бўлинмалари, тизим ташкилотларининг тасдиқланган тузилмалари ва штатлар жадвалига ходимларнинг чекланган сони ҳамда иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;

чиқиндиларни бошқариш ҳамда циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бўйича халқаро ҳамда ҳукуматлараро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ҳамда грантларни жалб этиш бўйича халқаро тадбирларда иштирок этиш.

Агентлик директори қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

16. Қуйидагилар Агентлик директори ўринбосарининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан Агентликка юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ҳамда чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш;

директор вақтинча бўлмаганда, директорнинг тегишли буйруғи асосида унинг вазифаларини бажариш;

Агентликнинг таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш ҳамда шахсий жавобгарлигини белгилаш;

Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари, тизим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларига эришиш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва раҳбариятга тақдим этиш;

Вазирлик ва идораларда бўлиб ўтадиган йиғилишларда ваколат доирасида иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари кўрсатмаларини сўзсиз бажариш;

Агентликнинг таркибий бўлинмалари фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, таркибий ва бўйсунувчи бўлинмалар раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар бажарилишини назорат қилиш, шунингдек, топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар ва конфиденциал ахборот билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя этиш;

таркибий бўлинмалар фаолияти соҳаларига оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Агентлик директорига киритиш;

Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ таркибий бўлинмаларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳамда қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига олиб келувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш чораларини кўриш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;

Агентлик директорининг ўринбосари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

6-боб. Агентлик раҳбарларининг жавобгарлиги

17. Агентлик директори:

Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишига;

ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз муддатида бажариш, шунингдек, Агентлик фаолиятидаги камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўришга;

амалга оширилаётган дастурлар, стратегиялар ва концепцияларда белгиланган мақсад ва кўрсаткичларга эришишга;

Агентликда, унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотларида ижро интизомига қатъий риоя қилинишини назорат қилишга масъулдир.

18. Агентлик директори ўринбосари:

Агентликнинг ўзи назорат қиладиган таркибий бўлинмаларида Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;

Агентликнинг ушбу Низомда назарда тутилган мутасаддилик қилинадиган масалаларига доир жавобгарлик соҳалари бўйича;

Ушбу Низомда кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

7-боб. Агентлик фаолиятини ташкил этиш

1-§. Агентлик раҳбарияти

19. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

20. Агентлик директори Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бир нафар ўринбосарга эга бўлади.

21. Агентлик директори мақоми, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича вазирнинг биринчи ўринбосарига, Агентлик директори ўринбосари эса вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

22. Агентлик директори бўлмаган вақтда, унинг ваколатлари Агентлик директорининг ўринбосари томонидан амалга оширилади.

23. Агентлик марказий аппарати ходимлари, шунингдек, ҳудудий бўлинма раҳбарлари ва ўринбосарлари, тизим ташкилотлари раҳбарлари ва ўринбосарлари Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

24. Агентлик директори Агентлик фаолияти тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳамда Вазирликка ҳисобот беради.

2-§. Агентликнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари, ҳудудий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги

25. Агентликнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари, ҳудудий бўлинма раҳбарлари ва тизим ташкилотлари қуйидаги масалалар бўйича узвий ҳамкорликни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлик раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутатлари сўровларининг ўз вақтида бажарилишини, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг белгиланган муддатларда кўриб чиқилишини таъминлаш;

Агентликнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари, ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари билан чиқиндиларни бошқариш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда ўзаро алоқаларини таъминлаш;

ҳудудларда чиқиндиларни бошқариш ишларини тизимли мониторинг қилиб бориш, ҳудудларни чиқиндилар билан боғлиқ дастурлари доирасида лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш ҳамда тизимли муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича таклифларни ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқиш.

26. Агентликнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш жараёнида:

Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларига топшириқларни етказади ҳамда уларнинг ижросини назорат қилади ва бу ҳақида Агентлик раҳбариятига ахборот беради;

Агентликнинг марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг бевосита фаолиятига оид масалалар бўйича Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларига сўровномалар юборади, уларнинг ижросини назорат қилади;

мониторинг, ўрганишлар, зарурат туғилганда, ўз ваколати доирасида текширишлар ўтказади, Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари фаолиятини умумлаштиради, уни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун киритади;

Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ҳамда натижалари ҳақидаги ҳисобот ва ахборот материаллари, статистик ҳамда бошқа маълумотларни ўрганишни ташкил этади;

Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари иш режаларини таҳлил қилади, уларнинг фаолиятини режалаштиришни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни белгилайди;

Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларидан келиб тушадиган мурожаатларни кўриб чиқади;

чиқиндиларни бошқариш соҳасини ривожлантириш ва янги технологияларни жорий этишни назарда тутувчи дастур ҳамда тадбирларни сифатли ишлаб чиқишда Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари иштирокини ташкил этади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари иштирокини ташкил этади, Агентлик фаолиятига оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича улардан келиб тушган таклифларни кўриб чиқади.

27. Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари Агентликнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади, шу жумладан:

Агентлик топшириқларининг ижроси тўғрисида ахборот беради;

бириктирилган соҳадаги қонунчилик ижроси юзасидан фаолият натижалари тўғрисида Агентликнинг марказий аппаратига ахборот беради;

уларнинг фаолиятини мониторинг қилиш, ўрганиш ва текшириш натижасида аниқланган камчиликлар ва қонун бузилишларини бартараф этиш натижалари тўғрисида ахборот беради;

соҳани ривожлантириш бўйича дастурлар ва тадбирларни ишлаб чиқиш тўғрисида таклифлар киритади;

ўзининг иш натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни, шунингдек, мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган таклифларни белгиланган тартибда ва муддатларда Агентликнинг марказий аппаратига тақдим этади;

ваколатли органлар томонидан ўзининг фаолиятида ўтказилган текшириш натижалари тўғрисида Агентликни хабардор қилади.

28. Агентликнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва ҳудудий бўлинмалари ҳамда тизим ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлик жараёнида келиб чиқадиган келишмовчиликлар Агентлик директорининг топшириғига кўра унинг ўринбосари томонидан кўриб чиқилади.

Бунда муҳокамадан кейин келишмовчиликлар тартибга солинмаган тақдирда, улар бўйича якуний қарор Агентлик директори томонидан қабул қилинади.

3-§. Агентликнинг республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги

29. Агентлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

30. Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари, ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳалари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

31. Агентлик фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг тегишли таркибий бўлинмаси ҳамда Вазирлик томонидан таҳлил ва назорат қилинади.

8-боб. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторлари

32. Вазирлик Агентлик раҳбарлари фаолиятини уларга юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши юзасидан доимий мониторинг қилади.

33. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги мунтазам баҳоланади.

34. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳо Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ҳамда иш индикаторларига асосланади.

35. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Агентлик раҳбарлари ва ходимларини қўшимча рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;

Агентлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.

36. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услуби қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

9-боб. Агентлик фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш

37. Қуйидагилар Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ҳуқуқбузарликлар бўйича ундирилган жарималар ҳамда чиқиндилар жойлаштирилгани учун ундирилган компенсация тўловларининг Экология жамғармасига ўтказиладиган маблағлардан қолган қисми;

қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматлар учун ундирилган тўловларнинг санитар тозалаш корхоналари, чиқиндиларни қайта юклаш станциялари, чиқинди полигонлари, чиқиндиларни ёқиш ёки қайта ишлаш заводи ёхуд экосаноат зоналарига тўланган маблағлардан қолган қисми;

санитар тозалаш корхоналари фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш натижалари бўйича қўлланган жарималардан тушадиган маблағлар;

Экология жамғармаси маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

38. Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларини моддий-техник таъминлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, бюджетдан ташқари жамғармалар ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

39. Агентлик ходимларининг иш ҳақи қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган лавозим маоши, мукофотлар, устамалар, қўшимча ҳақ ва тўловлар, компенсация ва рағбатлантириш ҳамда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.

Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда унинг тизим ташкилотлари ходимларининг лавозим маошларига ҳар ойлик устамалар, мукофотлар, рағбатлантиришлар харажатлари Давлат бюджети харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳамда Экология жамғармаси маблағлари, Агентлик маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

40. Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг лавозим маошига ойлик устамалар, мукофотлар, рағбатлантиришлар ва моддий ёрдам бериш билан боғлиқ тўловлар қуйидаги мақсад ва шаклларда амалга оширилади:

а) Агентлик ва ҳудудий бўлинмалари ходимларини моддий рағбатлантириш учун бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қуйидаги устамалар тўланади:

ходимларнинг функционал вазифаларини бажариши, билим даражаси, касбий қобилиятларини инобатга олган ҳолда лавозим маошининг 250 фоизигача (ҳудудий бўлинмалар ходимлари лавозим маошининг 100 фоизгача) миқдорларда ходимларнинг ойлик лавозим маошларига (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) белгиланадиган устама;

илмий даражага эга бўлган учун ойлик устамалари фан номзоди ёки тегишли фан йўналишлари бўйича фалсафа доктори (PhD), фан доктори (DSc) учун — лавозим маошига нисбатан қонунчиликда белгиланган миқдорда устама;

б) ходимларнинг кўп йиллик меҳнати учун ҳар ойлик устама (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда) қуйидаги миқдорларда тўланади:

1 йилдан 3 йилгача — 0,1;

3 йилдан 5 йилгача — 0,2;

5 йилдан 10 йилгача — 0,3;

10 йилдан 15 йилгача — 0,4;

15 йилдан 20 йилгача — 0,5;

20 йилдан ортиқ — 0,6;

в) хизмат автомобилига эга бўлмаган Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари учун йўлкира ҳақига ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида компенсация тўлови;

г) Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини ҳар ойда овқатланиш харажатларини қисман қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида компенсация тўлови;

д) Ўзбекистон Республикасида ишланмайдиган байрам кунлари ҳамда муҳим саналар муносабати билан Агентлик ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш бараваригача (ҳудудий бўлинмалар ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг уч бараваригача) рағбатлантириш тўлови.

41. Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва хорижда хизмат сафарида бўлиш давридаги кунлик яшаш, транспорт ва турар жой харажатлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.

42. Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қуйидаги ҳолларда қўшимча тарзда моддий ёрдам кўрсатилиши мумкин:

Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари учун санаторий-курорт, дам олиш уйларига йўлланмаларни харид қилишга;

алоҳида ҳолатлар (оила аъзосининг вафоти, ўзининг ёки фарзандининг никоҳ тўйи, юбилей саналари (50, 60, 70 ёшлар) муносабати билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн бараваригача (ҳудудий бўлинмалар ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг етти бараваригача) миқдорда моддий ёрдам бериш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиш учун йилда бир марта меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш бараваригача (ҳудудий бўлинмалар ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг уч бараваригача) миқдорда моддий ёрдам бериш;

ходим оғир бетоб бўлган (бахтсиз ҳодиса, касаллик сабабли) ёки вафот этган ҳолларда, унинг ўртача ойлик иш ҳақининг беш бараваригача (ҳудудий бўлинмалар ходимларига ўртача ойлик иш ҳақининг уч бараваригача) бир марталик моддий ёрдам бериш.

43. Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг лавозим маошларига шахсий устамалар ва рағбатлантиришлар миқдори:

Агентлик директорига — Вазирлик томонидан;

Агентлик ходимлари ва унинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларига — Агентлик директори томонидан;

Агентлик ҳудудий бўлинмаларининг ходимларига — тегишли ҳудудий бўлинма бошлиқларининг буйруғига мувофиқ белгиланади.

44. Бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш харажатлари:

Агентлик ходимлари учун — Агентлик директорининг буйруғига мувофиқ;

Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари учун — Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиғининг буйруғига мувофиқ амалга оширилади.

10-боб. Якунловчи қоида

45. Агентлик қонунчиликда белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 октябрдаги 648-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги 787-сон қарори билан тасдиқланган Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш қоидаларида :

51-банддаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг» сўзлари «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг» сўзлари билан алмаштирилсин;

илованинг «4-босқич» позицияси «Ташкилий тадбирлар» устунининг 1-бандидаги «Давлат экология қўмитаси» сўзлари «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 6 февралдаги 95-сон қарорида :

а) 1-бандда :

қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматлар учун ундирилган тўловлар ҳисобидан санитар тозалаш корхоналари, чиқиндиларни қайта юклаш станциялари, чиқинди полигонлари, чиқиндиларни ёқиш заводлари ҳамда экосаноат зоналарида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом 1 1 -иловага мувофиқ;»;

еттинчи ва саккизинчи хатбошилар тегишлича саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

б) 1-иловада :

5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«5. Хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан бириктирилган туман (шаҳар) ҳудудларида амалга оширилади.

Туман (шаҳар) ҳудудларини хизмат кўрсатувчи ташкилотларга бириктириб бериш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) ҳудудий бўлинмалари билан хусусий шерик ўртасида тузиладиган маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш ҳақидаги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ амалга оширилади.

Ҳудудлар давлат-хусусий шериклик тамойили асосида Агентлик томонидан ишлаб чиқилган аниқ концепция ҳамда тендер натижаларига кўра хизмат кўрсатувчи ташкилотларга бириктириб берилади»;

5 1 -банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«5 1 . Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш ҳақидаги шартнома (битим) томонлар келишуви ёки суд қарори асосида бекор қилинган, унинг амал қилиш муддати тугаган, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки фаолияти тўхтатилган ҳолларда, хизмат кўрсатувчи ташкилотга бириктириб берилган ҳудуд давлат-хусусий шериклик асосида бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотга бириктирилгунга қадар Агентликнинг таклифига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан вақтинча хизмат кўрсатиш шартномаси орқали хизмат кўрсатувчи хусусий ташкилотга ёки номуайян муддатга хизмат кўрсатувчи давлат ташкилотига тўғридан-тўғри бириктириб берилишига йўл қўйилади. Бунда:»;

6-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Фаолияти давомида алоҳида кўчмас мулкдан фойдаланадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар мазкур кўчмас мулк жойлашган ҳудудга бириктирилган хизмат кўрсатувчи ташкилот билан ушбу Қоидаларнинг 2 1 -бобида белгиланган тартибда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича шартнома тузади»;

7-банддаги «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик)» сўзлари «Агентликнинг» сўзи билан алмаштирилсин;

8 3 -бандда :

учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

тўртинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

14-банднинг учинчи хатбошисидаги «Давлат экология қўмитаси» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

15 , 16 ва 17-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«15. Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг даврийлиги аҳоли яшаш пунктлари, шаҳарнинг санитария ҳолати таъминланишини ва касаллик пайдо қилувчи бактериялар ривожланишининг олдини олиш шароитларини ҳисобга олган ҳолда, жойлардаги иқлим шароитлардан келиб чиқиб, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади, бунда белгиланган даврийлик қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлигидан ўтиб кетмаслиги лозим.

16. Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг минимал даврийлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар маъмурий марказларида, шаҳарлар ва шаҳарчалар, шунингдек, Тошкент шаҳрида чиқинди тўплаш шохобчаларидан — бир кунда бир маротаба ва якка тартибдаги турар жой секторидан «сигнал» усулида — уч кунда бир маротабани;

республиканинг қолган ҳудудларида чиқинди тўплаш шохобчаларидан — икки кунда бир маротаба ва якка тартибдаги турар жой секторидан «сигнал» усулида — бир ҳафтада бир маротабани ташкил қилади.

17. Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишилган ҳолда хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан белгиланади, бунда қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадвали туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган даврийликдан ўтиб кетмаслиги лозим»;

22-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

23-банднинг иккинчи , учинчи ва тўртинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматлар учун ундирилган тўловлар ҳисобидан санитар тозалаш корхоналари, чиқиндиларни қайта юклаш станциялари, чиқинди полигонлари, чиқиндиларни ёқиш заводлари ҳамда экосаноат зоналарида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда;

электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган ҳудудларда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳолидан ундирилган тўловларнинг 1 фоизи автоматик равишда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ банк ҳисобварағига йўналтирилади.

Қолган маблағлар Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш учун йўналтирилади»;

26-банднинг биринчи хатбошисидаги «Давлат экология қўмитаси» сўзлари «Агентлик» сўзи билан алмаштирилсин;

39-банднинг биринчи хатбошисидаги «Марказнинг ҳудудий филиали» сўзлари «Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари» сўзлари билан алмаштирилсин;

44-банднинг олтинчи хатбошисидаги «Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари» сўзлари «Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари» сўзлари билан алмаштирилсин;

45-банддаги «Давлат экология қўмитаси» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

1-иловада :

«1-босқич» позициясининг «Ташкилий тадбирлар» устуни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ хусусий шерик аниқланган тақдирда, Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари ва хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузадилар»;

«4-босқич» позициясининг «Ташкилий тадбирлар» устунининг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«2. Агентлик жамланган маблағларни:

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматлар учун ундирилган тўловлар ҳисобидан санитар тозалаш корхоналари, чиқиндиларни қайта юклаш станциялари, чиқинди полигонлари, чиқиндиларни ёқиш заводлари ҳамда экосаноат зоналарида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда;

электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган ҳудудларда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳолидан ундирилган тўловларнинг 1 фоизи автоматик равишда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ банк ҳисобварағига йўналтирилади.

Қолган маблағлар Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш учун йўналтирилади»;

в) қуйидаги мазмундаги 1 1 -илова билан тўлдирилсин:

«Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сон қарорига 1 1 -ИЛОВА

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматлар учун ундирилган тўловлар ҳисобидан санитар тозалаш корхоналари, чиқиндиларни қайта юклаш станциялари, чиқинди полигонлари, чиқиндиларни ёқиш заводлари ҳамда экосаноат зоналарида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматлар учун ундирилган тўловлар ҳисобидан санитар тозалаш корхоналари, чиқиндиларни қайта юклаш станциялари, чиқинди полигонлари, чиқиндиларни ёқиш заводлари ҳамда экосаноат зоналарида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига ҳақ тўлаш тартибини белгилайди.

2. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ҳар йили 1 ноябрга қадар қуйидаги хизматлар учун тарифлар ишлаб чиқади ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳудудий бўлинмаларининг хулосаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига кўриб чиқиш учун киритади:

1 тонна қаттиқ маиший чиқиндини юридик ва жисмоний шахслардан олиб чиқиб кетганлик ҳамда уни чиқиндиларни қайта юклаш станцияси, чиқинди полигонлари, чиқиндиларни ёқиш заводлари, экосаноат зоналарида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига (кейинги ўринларда — қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пунктлари) етказиб берганлик учун санитар тозалаш корхоналарига тўлов тарифи, сўмда (Т тариф );

1 тонна қаттиқ маиший чиқиндини қабул қилиб олганлик, қайта юклаганлик учун чиқиндиларни қайта юклаш станцияларига тўлов тарифи, сўмда (Т quk );

1 тонна қаттиқ маиший чиқиндини қабул қилиб олганлик, рекультивация қилганлик ва кўмганлик учун чиқинди полигонларига тўлов тарифи, сўмда (T p );

қаттиқ маиший чиқиндини олиб чиқиб кетганлик учун жисмоний шахслардан — 1 кишидан ундириладиган тўлов тарифи, сўмда (T j );

1 тонна қаттиқ маиший чиқиндини олиб чиқиб кетганлик учун юридик шахслардан ундириладиган тўлов тарифи, сўмда (T u ).

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳар йили 1 ноябрдан 20 ноябрга қадар ушбу тўлов тарифларини кўриб чиқиб, тасдиқлаш учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига киритади.

2-боб. Қаттиқ маиший чиқиндиларнинг ҳисобини юритиш тартиби

4. Қаттиқ маиший чиқиндилар санитар тозалаш корхоналари томонидан махсус транспорт воситалари орқали қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш, саралаш ва утилизация қилиш учун қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пунктларига етказиб берилади.

5. Ҳудудларда белгиланган тариф асосида қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пунктларига етказиб бериш, қабул қилиш, саралаш, утилизация қилиш хизматларини кўрсатиш бўйича санитар тозалаш корхоналари, қабул қилиш пунктлари ва Агентлик ўртасида уч томонлама шартнома тузилади.

6. Қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пунктларига кириш вақтида махсус транспорт воситасининг умумий (брутто) вазни, чиқиш пайтида эса бўшатилгандан кейинги (нетто) вазни қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизимига (кейинги ўринларда — ҳисобга олишнинг ягона электрон тизими) уланган автоматлаштирилган тарозилар орқали аниқланади.

Бунда:

махсус транспорт воситасининг умумий (брутто) ва бўшатилгандан кейинги (нетто) вазни ўртасидаги фарқдан келиб чиқиб, етказиб берилган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг миқдори аниқланади;

қаттиқ маиший чиқиндиларни етказиб берган транспорт воситаси кузовининг техник кўрсаткичлари инобатга олинади.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни етказиб беришда уларнинг ҳажмини сунъий равишда ошириш ҳолати аниқланган тақдирда, ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида санитар тозалаш корхонаси вакили (ҳайдовчи) ҳамда қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пункти вакиллари иштирокида ҳақиқатда топширилган қаттиқ маиший чиқинди миқдори бўйича мазкур Низомга иловага мувофиқ шаклда икки нусхада далолатнома (кейинги ўринларда — далолатнома) расмийлаштирилади.

Далолатнома юзасидан санитар тозалаш корхонаси вакилининг эътирозлари мавжуд бўлганда, улар далолатномада қайд этилади.

7. Қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пунктларида ҳисобга олишнинг ягона электрон тизими орқали қуйидаги маълумотлар автоматик тарзда аниқланади:

қаттиқ маиший чиқиндилар қабул қилинган сана (вақт);

санитар тозалаш корхонасининг номи, СТИР;

транспорт воситасининг давлат рақами ва русуми;

қабул қилинган қаттиқ маиший чиқиндининг миқдори (брутто-нетто фарқи);

қаттиқ маиший чиқиндининг ҳақиқий миқдори ҳақидаги маълумотлар.

Санитар тозалаш корхонаси томонидан қаттиқ маиший чиқиндилар ёлланма транспорт воситасида олиб келинган тақдирда, ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимида бу ҳақида қайд этилади.

3-боб. Санитар тозалаш корхоналари, қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пунктларига ҳақ тўлаш тартиби

8. Ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимидаги маълумотлар асосида етказиб берилган қаттиқ маиший чиқиндилар бўйича электрон ҳисобварақ-фактура автоматик тарзда шакллантирилади.

9. Чиқиндиларни қайта юклаш станциялари томонидан қабул қилинган қаттиқ маиший чиқиндилар саралангандан сўнг иккиламчи хом ашё сифатида ишлатилмайдиган қисми чиқиндиларни ёқиш заводи, экосаноат зонасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига ёки чиқинди полигонига топширилади.

Чиқиндиларни қайта юклаш станциялари томонидан топширилган қаттиқ маиший чиқиндилар бўйича ҳисобга олишнинг ягона электрон тизими орқали икки томонлама ҳисобварақ-фактура шакллантирилади ва бунда тўловчи қайта юклаш станциялари ҳисобланади.

10. Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, қайта юклаш ва утилизация қилиш, кўмиш, рекультивация қилиш тўлов эвазига амалга оширилади. Тўловлар Агентлик томонидан ҳисобга олишнинг ягона электрон тизими орқали тақдим этилган ҳисобварақ-фактура асосида санитар тозалаш корхоналарига ҳамда қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пунктларига тўлаб берилади.

Бунда тўловлар қуйидаги формулалар асосида ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимида автоматик ҳисобланади:

1) Н = Т тариф x M f x k

бунда Н — қаттиқ маиший чиқиндини юридик ва жисмоний шахслардан олиб чиқиб кетиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пунктларига топширганлик учун санитар тозалаш корхоналарига тўлов миқдори, сўм;

Т тариф — 1 тонна қаттиқ маиший чиқиндини юридик ва жисмоний шахслардан олиб чиқиб кетиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пунктларига топширганлик учун санитар тозалаш корхоналарига тўлов тарифи, сўм;

M f — қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пунктларига топширилган қаттиқ маиший чиқинди оғирлиги, тонна;

k — коэффициент (k1=1,02 — «яшил»; k2=0,95 — «сариқ»; k3=0,85 — «қизил»).

Бунда ушбу коэффициент санитар тозалаш корхоналарини Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 26 сентябрдаги ПФ-149-сон Фармонига 1-иловага мувофиқ «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратган ҳолда қўлланади;

2) Н quk = Т quk x M f

бунда Н quk — қаттиқ маиший чиқиндини қабул қилиб олганлик учун чиқиндини қайта юклаш станцияларига тўлов миқдори, сўм;

Т quk — 1 тонна қаттиқ маиший чиқиндини қабул қилиб олганлик учун чиқиндини қайта юклаш станцияларига тўлов тарифи, сўм;

M f — қабул қилинган қаттиқ маиший чиқинди оғирлиги, тонна;

3) Н p = Т p x M f

бунда Н p — чиқинди полигонларига топширилган қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўлов миқдори, сўм;

Т p — 1 тонна қаттиқ маиший чиқиндини қабул қилиб олганлик, рекультивация қилганлик ва кўмганлик учун қаттиқ маиший чиқинди полигонларига тўлов тарифи, сўм;

M f — қабул қилинган қаттиқ маиший чиқинди оғирлиги, тонна.

11. Чиқиндиларни ёқиш заводларига ҳақ тўлаш ҳисоби улар билан Агентлик ўртасида тузилган чиқиндиларни етказиб бериш бўйича шартномада белгиланган тартибда амалга оширилади.

12. Экосаноат зоналарида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига ҳақ тўлаш ушбу банднинг 2-кичик бандида белгиланган формула асосида ҳисобга олишнинг ягона электрон тизимида автоматик ҳисобланади (экосаноат зоналарида фаолият кўрсатувчи чиқиндиларни ёқиш заводлари бундан мустасно).

13. Санитар тозалаш корхонаси ва қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пунктлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг узлуксизлиги ҳамда уларнинг молиявий ҳолатининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида хизмат ҳақлари ой давомида кунлик, ҳафталик ва ўн кунлик тўлаб берилади, шунингдек, ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар якуний ҳисоб-китоб қилинади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

14. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

15. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилган хизматлар учун ундирилган тўловлар ҳисобидан санитар тозалаш корхоналари, чиқиндиларни қайта юклаш станциялари, чиқинди полигонлари, чиқиндиларни ёқиш заводлари ҳамда экосаноат зоналарида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

НАМУНА «ТАСДИҚЛАЙМАН» Қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пункти раҳбари __________ __________________ (имзо) _____ (лавозими, Ф.И.О.) _____йил «___» ________ (сана, ой) Ҳақиқатда топширилган қаттиқ маиший чиқинди миқдори бўйича ДАЛОЛАТНОМА 20__ йил «___» ________. _______ тумани (шаҳри) Ушбу далолатнома қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пункти вакиллари ____________________________________________________________________, санитар тозалаш корхонаси _________________________ (лавозими, Ф.И.О.) вакили ________________________________________________________________ иштирокида тузилди. (лавозими, Ф.И.О.) Қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш жараёнида қуйидагилар аниқланди: 1. Қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пункти: ________________. 2. Махсус транспорт воситасининг брутто вазни: ____________________. 3. Махсус транспорт воситасининг нетто вазни: ______________________. 4. Қабул қилинган қаттиқ маиший чиқиндининг миқдори (брутто-нетто фарқи): ________________________________________________________. 5. Чегирма миқдори: __________________________________________. 6. Қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш жараёнида аниқланган бошқа ҳолатлар: _____________________________________________________ Далолатнома юзасидан таклиф ва эътирозлар беш иш куни ичида қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пунктлари томонидан қабул қилинади ва кўриб чиқилади. Қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш пункти вакиллари: __________________________ ___________ (лавозими, Ф.И.О.) (имзо) Санитар тозалаш корхонаси вакили: __________________________ ___________. (лавозими, Ф.И.О.) (имзо) »;

г) 2-иловада :

1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«1. Ушбу Низом Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги тизимидаги «Мароқанд Обод» давлат муассасаси, «Махсустранс» давлат муассасаси, «Тоза ҳудуд» давлат муассасалари ва уларнинг туман (шаҳар) филиаллари (кейинги ўринларда — санитария жиҳатидан тозалаш ташкилотлари) ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди»;

18-банддаги «100 фоизигача» сўзлари «200 фоизигача» сўзлари билан алмаштирилсин».

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги 722-сон қарори билан тасдиқланган Нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхатининг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«3. Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш, қайта юклаш, уларни чиқинди полигонларига жойлаштириш ва чиқиндиларни экосаноат зоналарига етказиб бериш ҳамда утилизация қилиш хизматлари».

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 октябрдаги 648-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган баъзи қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Санитария жиҳатидан тозалаш соҳасида хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун ҳудудларни бириктириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 25 сентябрдаги 765-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 22 ноябрдаги 705-сон қарорига 3-илованинг 6-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарорига 3-илованинг 6-банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Санитар тозалаш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш ва аҳоли пунктларида тозаликни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2022 йил 4 ноябрдаги 646-сон қарорига илованинг 1-банди .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2023 йил 21 июлдаги 304-сон қарорига илованинг 24-банди .

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини бошқариш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2024 йил 15 майдаги 282-сон қарорига 1-илованинг 19-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 16 октябрь,

648-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.10.2025 й., 09/25/648/0943-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

NIZOM

ROʻYXATI

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish sohalarida ochiqlikni taʼminlash hamda boshqarish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 26-sentabrdagi PF-149-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish sohalarida ochiqlikni taʼminlash hamda boshqarish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 26-sentabrdagi PF-149-son Farmoniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Sanitar tozalash ishlarini tashkil etish respublika markazi negizida amaldagi shtat birliklarini saqlab qolgan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzurida davlat muassasasi shaklida Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligi tashkil etilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) maqomi, tizimi, asosiy vazifalari va funksiyalari;

Agentlikning huquqlari va javobgarligi;

Agentlik rahbarlarining asosiy funksional vazifalari hamda javobgarligi;

Agentlik faoliyatini tashkil etish, uning respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorlik qilish tartibi;

Agentlik va uning hududiy boʻlinmalari faoliyatini moliyalashtirish, xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish tartibi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi bir oy muddatda Agentlikni Internet jahon axborot tarmogʻi va telefon aloqasi xizmatlari, shu jumladan, hukumat telefon aloqasi bilan belgilangan tartibda taʼminlasin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda Agentlikning hududiy boʻlinmalarini hududlardagi Davlat aktivlarini boshqarish agentligiga tegishli boʻsh turgan maʼmuriy binolarga operativ boshqarish huquqi asosida bepul joylashtirsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq baʼzi qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

8. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri A.A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 16-oktabrdagi 648-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) maqomi, asosiy vazifalari, funksiyalari, huquqlari, javobgarligi, uning rahbarlari funksional majburiyatlari va javobgarligi, shuningdek, faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Agentlik chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish sohasida yagona meʼyorlar va standartlarni ishlab chiqishda, sinovdan oʻtkazishda va amaliyotga tatbiq etishda, ushbu yoʻnalishdagi faoliyatni muvofiqlashtirishda hamda chiqindilarni boshqarish sohasiga taalluqli davlat mulkini boshqarishda masʼul davlat organi hisoblanadi.

3. Agentlik bevosita Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligiga (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) boʻysunadi va oʻz faoliyati yuzasidan hisobot berib boradi.

4. Agentlik oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirining buyruqlariga, ushbu Nizomga, shuningdek, boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.

5. Agentlik oʻz faoliyatini respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari va boshqa tashkilotlar bilan hamkorlikda amalga oshiradi.

6. Agentlik, uning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari yuridik shaxs hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasviri tushirilgan, oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blankalarga, mustaqil balansga, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasining tegishli boʻlinmalarida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga, shu jumladan, chet el valyutasidagi shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi.

7. Agentlikning rasmiy nomi:

a) davlat tilida:

toʻliq nomi — Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligi;

qisqartirilgan nomi — Chiqindilarni boshqarish agentligi;

b) rus tilida:

toʻliq nomi — Agentstvo po upravleniyu otxodami i razvitiyu sirkulyarnoy ekonomiki pri Ministerstve ekologii, oxrani okrujayushey sredi i izmeneniya klimata;

qisqartirilgan nomi — Agentstvo po upravleniyu otxodami;

v) ingliz tilida:

toʻliq nomi — Waste management and circular economy development agency under the Ministry of ecology, environmental protection and climate change of the Republic of Uzbekistan;

qisqartirilgan nomi — Waste management agency.

8. Agentlikning joylashgan joyi (pochta manzili): Toshkent shahri Chilonzor tumani Bunyodkor shohkoʻchasi 7a-uy.

2-bob. Agentlikning tuzilmasi

9. Agentlikning tuzilmasiga quyidagilar kiradi:

Agentlikning markaziy apparati;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligi, viloyatlar hamda Toshkent shahar chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish boshqarmalari;

“Chiqindi poligonlarini boshqarish direksiyasi” davlat muassasasi;

“Toza hudud” davlat muassasalari;

“Maxsustrans” davlat muassasasi;

“Maroqand obod” davlat muassasasi.

10. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligi, viloyatlar hamda Toshkent shahar chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish boshqarmalari, “Chiqindi poligonlarini boshqarish direksiyasi” davlat muassasasi, “Toza hudud” davlat muassasalari, “Maxsustrans” davlat muassasasi hamda “Maroqand obod” davlat muassasasi bevosita Agentlikka boʻysunadi.

3-bob. Agentlikning asosiy vazifalari va funksiyalari

11. Quyidagilar Agentlikning asosiy vazifalari hisoblanadi:

chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish sohasida yagona meʼyorlar, normativlar va standartlarni ishlab chiqish, sinovdan oʻtkazish va amaliyotga tatbiq etish;

chiqindilarni boshqarish sohasida faoliyatni muvofiqlashtirish;

chiqindilarni boshqarish sohasida qonunchilik hujjatlarini takomillashtirish, respublika dasturlari va hududiy dasturlar boʻyicha takliflarni ishlab chiqish;

chiqindilar hosil boʻlishining normativlarini belgilashda hamda chiqindilarni joylashtirish obyektlarini tashkil etishda ishtirok etish;

qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketganlik uchun jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan majburiy toʻlovlarni toʻlash va hisobini yuritishning yagona elektron tizimi uzluksiz faoliyatini taʼminlash;

respublikada maishiy, qurilish, suyuq, zaharli-kimyoviy, tibbiyot va elektron chiqindilarni boshqarish sohasini takomillashtirish, shuningdek, ularni qayta ishlash va utilizatsiya qilishning zamonaviy usullarini tatbiq qilish hamda “nol chiqindi” tamoyilini joriy etishga qaratilgan chora-tadbirlarni amalga oshirish;

respublikada chiqindilarni saralash, qayta ishlash natijasida energiya resurslari, xom ashyo va materiallarni ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyish orqali sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish chora-tadbirlarining ishlab chiqilishini va amalga oshirilishini tashkil etish;

chiqindilarni toʻplash, saralash, zararsizlantirish, qayta ishlash, yoqish, utilizatsiya qilish va ularni yoʻq qilish boʻyicha chiqindi poligonlari hududida ekosanoat zonalarini tashkil etish choralarini koʻrish;

chiqindilarni boshqarish sohasiga xalqaro moliya institutlari, xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining kredit, grant, xorijiy va mahalliy investorlarning toʻgʻridan-toʻgʻri investitsiya mablagʻlarini jalb qilish, loyiha hujjatlarini ishlab chiqish va ularning amalga oshirilishini tashkil etish;

maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish, ularni qayta yuklash stansiyasi, chiqindilarni yoqish yoki qayta ishlash zavodi yoxud ekosanoat zonasiga topshirish, joylashtirish xizmatlari uchun ishlab chiqilgan tariflarning asoslantirilganini oʻrganish;

chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish sohasiga xususiy sektorni keng jalb qilish, davlat-xususiy sheriklik bitimlarini amalga oshirishda ishtirok etish;

qattiq maishiy chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish boʻyicha sanitar tozalash korxonalari, tadbirkorlik subyektlari faoliyatini monitoring qilish, ular faoliyatidagi muammo va kamchiliklarni bartaraf etish choralarini koʻrish hamda ular faoliyatining asosiy samaradorlik koʻrsatkichlarini Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari bilan birgalikda baholab borish;

chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish sohasini raqamlashtirish, zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish.

12. Agentlik oʻziga yuklatilgan vazifalarni bajarish uchun quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:

1) chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish sohasida yagona meʼyorlar, normativlar va standartlarni ishlab chiqish, sinovdan oʻtkazish va amaliyotga tatbiq etish borasida:

chiqindilarni yigʻish, tashish, saralash, zararsizlantirish, qayta ishlash, utilizatsiya qilish, yoʻq qilish boʻyicha yagona meʼyorlar, normativlar, va standartlar loyihalarini ishlab chiqadi va tasdiqlash uchun Vazirlikka kiritadi;

rivojlangan davlatlar tajribasi asosida chiqindilarni boshqarish sohasida ishlab chiqilgan yagona meʼyor, normativ va standartlarni tegishli davlat organlari bilan birgalikda sinovdan oʻtkazishni tashkil etadi;

chiqindilarni yigʻish, tashish, saralash, zararsizlantirish, qayta ishlash, utilizatsiya qilish va yoʻq qilish boʻyicha sinovdan muvaffaqiyatli oʻtgan yagona meʼyor, normativ va standartlarni shu sohada faoliyat yurituvchi korxonalarda amaliyotga joriy etishga koʻmaklashadi;

2) chiqindilarni boshqarish sohasida faoliyatni muvofiqlashtirish borasida:

Agentlik vakolatiga kiradigan masalalarda respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda xoʻjalik birlashmalari faoliyatini belgilangan tartibda muvofiqlashtiradi;

Agentlikning hududiy boʻlinmalari, tizim tashkilotlari va sanitar tozalash korxonalarining oʻzaro hamkorligini taʼminlash, chiqindilarni boshqarish sohasida ularga sohaviy va uslubiy rahbarlik qilish hamda sanitar tozalash korxonalariga chiqindi sohasini boshqarish boʻyicha qonunchilikda belgilangan tartibda bajarishi lozim boʻlgan koʻrsatmalar beradi;

qattiq maishiy, qurilish, suyuq maishiy, tibbiyot, sanoat, xavfli va zaharli chiqindilarni boshqarish ishlarini tashkil etadi;

vazirlik va idoralar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, sanitar tozalash korxonalaridan amalga oshirilayotgan ishlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni soʻrab oladi, ularni umumlashtiradi va tahlil qiladi;

sohada yuzaga kelgan muammo va kamchiliklarni bartaraf qilish hamda sohani rivojlantirish boʻyicha tegishli vazirlik, idoralar va hokimliklarga takliflar kiritadi;

sanitar tozalash korxonalari faoliyatida sohaga oid qonunchilikka rioya etilishini monitoring qilib boradi, aniqlangan qonunchilik buzilishi yuzasidan choralar koʻrish boʻyicha tegishli idoralarga takliflar kiritadi;

qonunchilikda belgilangan tartibda chiqindilarning hisobini yuritadi;

sanitar tozalash korxonalarining texnikalarga boʻlgan ehtiyojini oʻrganish, moddiy-texnik bazasini mustahkamlash hisobidan xizmatlar sifatini yaxshilash boʻyicha takliflar ishlab chiqadi;

respublikadagi mavjud chiqindi poligonlaridan samarali foydalanishni tashkil etish, ularning faoliyatini takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi;

chiqindi poligonlari hududida zamonaviy texnologiyalarni joriy etgan holda chiqindilarni saralash, qayta ishlash, utilizatsiya qilish loyihalarini amalga oshirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi hamda loyihalarning amalga oshirilishini tashkil etadi;

chiqindi poligonlari hududida chiqindilarni saralash, qayta ishlash, utilizatsiya qilish xizmatlari koʻrsatishni tadbirkorlik subyektlariga berishda tender tanlovlarini tashkil etadi;

sanitar tozalash korxonalari toʻgʻrisida toʻliq maʼlumot berish, koʻrsatilayotgan xizmatlar sifati va koʻlami boʻyicha shikoyatlarni qabul qilish hamda aholi va sanitar tozalash korxonalari bilan qayta aloqa qilish uchun Koll-markaz faoliyatini tashkil etadi hamda doimiy faoliyat yuritishini taʼminlaydi;

3) chiqindilarni boshqarish sohasida qonunchilik hujjatlarini takomillashtirish, respublika dasturlari va hududiy dasturlar boʻyicha takliflarni ishlab chiqish borasida:

sohaga oid qonunchilik hujjatlarini takomillashtirish, respublika dasturlari va hududiy dasturlar boʻyicha takliflarni ishlab chiqadi;

chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish sohasida davlat hisobi va nazoratini olib borish tartibini ishlab chiqadi hamda takomillashtirib boradi;

respublikaning iqlim sharoitidan kelib chiqqan holda aholi turar joylarini qattiq maishiy chiqindilardan tozalash boʻyicha sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlarini ishlab chiqishda ishtirok etadi;

chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish sohasidagi qonunchilik hujjatlarining ijro etilishini tahlil qiladi;

4) chiqindilar hosil boʻlishining normativlarini belgilashda hamda chiqindilarni joylashtirish obyektlarini tashkil etishda ishtirok etish borasida:

chiqindilar hosil boʻlishining normativlarini belgilash hamda chiqindilarni joylashtirish obyektlarini tashkil etish masalalarini koʻrib chiqishda ishtirok etadi;

qattiq maishiy chiqindilarning toʻplanish meʼyorini ishlab chiqish, kelishish va tasdiqlashni tashkil etadi;

chiqindilarni joylashtirish limitlarini belgilashda ishtirok etadi;

vakolatli davlat organlariga, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga chiqindilar hosil boʻlishining normativlarini belgilash hamda chiqindilarni joylashtirish obyektlarini tashkil etish boʻyicha takliflarni kiritadi;

chiqindilar koʻmib tashlanadigan va utilizatsiya qilinadigan joylarning davlat kadastrini yuritishda ishtirok etadi;

5) qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketganlik uchun jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan majburiy toʻlovlarni toʻlash va hisobini yuritishning yagona elektron tizimi uzluksiz faoliyatini taʼminlash borasida:

qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketganlik uchun jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan majburiy toʻlovlarni toʻlash va hisobini yuritishning yagona elektron tizimini boshqaradi va uning uzluksiz faoliyat yuritishini taʼminlaydi;

qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketganlik uchun jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan majburiy toʻlovlarni toʻlash va hisobini yuritishning yagona elektron tizimini takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi va amaliyotga joriy etadi;

qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish boʻyicha (maishiy chiqindilarni poligonga joylashtirishni inobatga olgan holda) jismoniy va yuridik shaxslar bilan shartnoma tuzilishini tashkil etadi hamda shartnoma shartlari bajarilishini nazorat qiladi;

chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish xizmatlari uchun majburiy toʻlovlarni undirishda elektron toʻlov tizimlaridan foydalanishni tashkil etadi;

sanitar tozalash korxonalari, tuman (shahar) hokimliklari va fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari bilan birgalikda qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish xizmatlari uchun majburiy toʻlovlarni toʻlovchilarning haqqoniy hisobi yuritilishi, shuningdek, hisobga olishning yagona elektron tizimida ular toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning shakllantirilishini monitoring qiladi;

qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish xizmatlari uchun majburiy toʻlovlarni toʻlovchilardan kelib tushadigan pul mablagʻlari hisobini yuritadi;

qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish xizmatlari uchun majburiy toʻlovlarni toʻlovchilarning debitorlik va kreditorlik qarzdorliklari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantiradi, monitoringini yuritadi va tahlil qiladi hamda qarzdorliklarni bartaraf etish choralarini koʻradi;

6) respublikada maishiy, qurilish, suyuq, zaharli-kimyoviy, tibbiyot va elektron chiqindilarni boshqarish sohasini takomillashtirish, shuningdek, ularni qayta ishlash va utilizatsiya qilishning zamonaviy usullarini tatbiq qilish hamda “nol chiqindi” tamoyilini joriy etishga qaratilgan chora-tadbirlarni amalga oshirish borasida:

chiqindilarning hosil boʻlish normativlari va chiqindilarni joylashtirish, qayta ishlash va utilizatsiya qilishning zamonaviy usullarini tatbiq qilish hamda loyihalarining ishlab chiqilishida ishtirok etadi;

sanitar tozalash korxonalari tomonidan resurs qimmatiga ega va utilizatsiya qilinishi lozim boʻlgan chiqindilarning lozim darajada saqlanishini taʼminlaydi hamda ularning yoʻq qilinishi va buzilishiga yoʻl qoʻymaslik choralarini koʻradi;

oʻzining mulki boʻlgan chiqindilarning utilizatsiya qilinishiga doir zamonaviy texnologiyalarni ishlab chiqish va amaliyotga joriy etish boʻyicha takliflarni ishlab chiqadi;

sanitar tozalash korxonalari tomonidan chiqindilarning aralashib ketishiga yoʻl qoʻymaslik boʻyicha tegishli taklif va qoʻllanmalarni ishlab chiqadi;

maishiy, qurilish, suyuq, zaharli-kimyoviy, tibbiyot va elektron chiqindilarni qayta ishlash boʻyicha rivojlangan davlatlarning tajribalarini oʻrgangan holda “nol chiqindi” tamoyilini joriy etish boʻyicha takliflarni ishlab chiqadi;

sanitar tozalash korxonalarining faoliyati samaradorligini monitoring va tahlil qilish natijasida reyting tizimi asosida baholashni tashkil etadi;

7) respublikada chiqindilarni saralash, qayta ishlash natijasida energiya resurslari, xom ashyo va materiallarni ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyish orqali sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish chora-tadbirlarini ishlab chiqish va amalga oshirilishini tashkil etish sohasida:

chiqindilarni saralash, qayta ishlash natijasida energiya resurslari, xomashyo va materiallarni ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyish orqali sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish boʻyicha chora-tadbirlar va dastur loyihalarini ishlab chiqadi;

rivojlangan davlatlar tajribasi asosida chiqindilarni saralash, qayta ishlash, termik usulda yoqish natijasida energiya resurslari (elektr va issiqlik energiyalari), xomashyo va materiallarni ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyish boʻyicha takliflarni ishlab chiqadi;

chiqindilarni saralash, qayta ishlash natijasida energiya resurslari, xomashyo va materiallarni ishlab chiqarishni yoʻlga qoʻyganlik holati boʻyicha sanitar tozalash korxonalarini ragʻbatlantirish choralarini koʻradi;

8) chiqindilarni toʻplash, saralash, zararsizlantirish, qayta ishlash, yoqish, utilizatsiya qilish va ularni yoʻq qilish boʻyicha chiqindi poligonlari hududida ekosanoat zonalarini tashkil etish choralarini koʻrish borasida:

chiqindi poligonlari hududidan samarali foydalanish, ularning atrof-muhitga salbiy taʼsirini kamaytirish maqsadida toʻplash, saralash, zararsizlantirish, qayta ishlash, yoqish, utilizatsiya qilish va ularni yoʻq qilish boʻyicha ekosanoat zonalarini tashkil etish yuzasidan takliflarni ishlab chiqadi;

ekosanoat zonalari faoliyatini tashkil etish, ularni iqtisodiy qoʻllab-quvvatlash mexanizmlari yuzasidan takliflar ishlab chiqadi;

ekosanoat zonalari faoliyatini monitoring qilish, ularni takomillashtirish va mavjud muammolarni bartaraf etish choralarini koʻradi;

chiqindilarni qayta yuklash stansiyalarini tasarruf etadi, chiqindining qayta yuklash stansiyasidan ekosanoat zonasiga yetkazib berilishini tashkil etadi, faoliyati toʻxtatilgan chiqindi poligonlarini rekultivatsiya qilish tadbirlarini amalga oshiradi;

sanitar tozalash korxonalari tomonidan chiqindilarni qayta ishlash va (yoki) yoqish (termik ishlov berish) zavodlari uchun talab etiladigan hajmdagi chiqindilar yetkazib berilishini tashkil etadi;

Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda chiqindilarni qayta ishlash sohasida amalga oshiriladigan investitsiya loyihalari doirasida qisqartiriladigan uglerod birliklari savdosini qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiradi;

9) chiqindilarni boshqarish sohasiga xalqaro moliya institutlari, xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining kredit, grant, xorijiy va mahalliy investorlarning toʻgʻridan-toʻgʻri investitsiya mablagʻlarini jalb qilish, loyiha hujjatlarini ishlab chiqish va ularning amalga oshirilishini tashkil etish borasida:

xorijiy davlatlar, xorijiy hukumat tashkilotlari va xalqaro tashkilotlar bilan xalqaro aloqalarni rivojlantirish hamda hamkorlikni yoʻlga qoʻyish choralarini koʻradi;

xalqaro moliya institutlari, xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining kredit, grant, xorijiy va mahalliy investorlarning toʻgʻridan-toʻgʻri investitsiya mablagʻlarini jalb qilish boʻyicha loyiha takliflarini ishlab chiqadi;

chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish sohasida loyihalarning texnik iqtisodiy asoslarini ishlab chiqadi hamda xorijiy grant, kredit va investitsiya mablagʻlarini jalb qilish choralarini koʻradi;

10) maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish, ularni qayta yuklash stansiyasi, chiqindilarni yoqish yoki qayta ishlash zavodi yoxud ekosanoat zonasiga topshirish, joylashtirish xizmatlari uchun ishlab chiqilgan tariflarning asoslantirilganini oʻrganish borasida:

sanitar tozalash korxonalari tomonidan taqdim qilingan maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish va ularni joylashtirish xizmatlari uchun ishlab chiqilgan tariflar boʻyicha hisob-kitoblarning asoslantirilganini oʻrganadi;

sanitar tozalash korxonalari tomonidan taqdim qilingan maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish va ularni joylashtirish xizmatlari uchun ishlab chiqilgan tariflar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni umumlashtirgan holda Iqtisodiyot va moliya vazirligining hududiy organlariga kelishish uchun kiritadi;

Iqtisodiyot va moliya vazirligining hududiy organlari xulosasi asosida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklariga koʻrib chiqish uchun kiritadi;

sanitar tozalash korxonalari tomonidan maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish xizmatlari belgilangan grafik va muddatlarga muvofiq koʻrsatilishi hamda haqiqatda amalga oshirilganini chiqindilarni tashish bilan shugʻullanuvchi barcha maxsus texnikalarga oʻrnatilgan onlayn kuzatuv (GPS) tizimi orqali aniqlab boradi;

maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish xizmatlari uchun ishlab chiqilgan tariflarning hamda qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketganlik uchun jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan majburiy toʻlovlarni toʻlash va hisobini yuritishning yagona elektron tizimi orqali maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish, saralash, qayta ishlash, yoqish, utilizatsiya qilish toʻgʻrisida taqdim etilgan maʼlumotlarning asoslantirilganini oʻrganib boradi;

qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketganlik uchun jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan majburiy toʻlovlarni toʻlash va hisobini yuritishning yagona elektron tizimi maʼlumotlari asosida maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha sanitar tozalash korxonalari (operatorlar) tomonidan amalga oshiriladigan xizmatlar uchun chiqindi poligonlariga, chiqindilarni qayta yuklash stansiyalariga yoki chiqindilarni yoqish zavodlari yoxud ekosanoat zonalariga topshirilgan qattiq maishiy chiqindi miqdorini inobatga olgan holda, haq toʻlashning alohida tartibini muvofiqlashtirib boradi;

11) chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish sohasiga xususiy sektorni keng jalb qilish, davlat-xususiy sheriklik bitimlarini amalga oshirishda ishtirok etish borasida:

chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish sohasiga xususiy sektorni keng jalb qilish, davlat-xususiy sheriklik loyihalarini amalga oshirish boʻyicha takliflarni ishlab chiqadi;

davlat-xususiy sheriklik loyihalarini amalga oshirishda ishtirok etadi;

xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlar tomonidan maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish xizmatlari koʻrsatishga oid davlat-xususiy sheriklik bitim va shartnomalari majburiyatlarining bajarilishini monitoring va nazorat qiladi;

sohada amalga oshirilayotgan davlat-xususiy sheriklik loyihalarining maʼlumotlar bazasini shakllantirish, ularni tahlil qilish va mavjud muammolar, aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish choralarini koʻradi;

maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish xizmatlari koʻrsatishga oid davlat-xususiy sheriklik bitimiga va maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish xizmatlari koʻrsatish boʻyicha tuzilgan shartnomaga muvofiq koʻrsatilgan xizmatlar natijadorligini baholaydi;

12) qattiq maishiy chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish boʻyicha sanitar tozalash korxonalari, tadbirkorlik subyektlari faoliyatini monitoring qilish, ular faoliyatidagi muammo va kamchiliklarni bartaraf etish choralarini koʻrish hamda ular faoliyatining asosiy samaradorlik koʻrsatkichlarini Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari bilan birgalikda baholab borish borasida:

sanitar tozalash korxonalari faoliyatining asosiy samaradorlik koʻrsatkichlarini har oy yakuni boʻyicha baholab boradi;

faoliyatining asosiy samaradorlik koʻrsatkichlari ijobiy baholangan sanitar tozalash korxonalarini belgilangan tartibda ragʻbatlantirish choralarini koʻradi;

faoliyatining asosiy samaradorlik koʻrsatkichlari salbiy baholangan sanitar tozalash korxonalariga metodologik va malakaviy yordam koʻrsatib boradi;

13) chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish sohasini raqamlashtirish, zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish sohasida:

chiqindilar bilan bogʻliq xizmatlarni tadbirkorlik subyektlariga berish yuzasidan oʻtkaziladigan tender jarayonlarini onlayn kuzatish boʻyicha tegishli chora-tadbirlarni amalga oshiradi;

sanitar tozalash korxonalari tomonidan chiqindi toʻplash shoxobchalari va chiqindi tashish uchun moʻljallangan maxsus texnikalarga videokuzatuv kameralarini oʻrnatishni tashkil etadi;

chiqindi tashishga moʻljallangan maxsus texnikalarga sanitar tozalash korxonalarining mablagʻlari hisobidan onlayn kuzatuv (GPS) tizimini joriy etish choralarini koʻradi;

chiqindi tashishga moʻljallangan maxsus texnikalarga oʻrnatilgan onlayn kuzatish tizimlarini yagona monitoring tizimiga ulash orqali aholiga koʻrsatilayotgan xizmatlar sifatini monitoring va nazorat qiladi;

chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish sohasini raqamlashtirish, zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish va ularni takomillashtirish boʻyicha takliflarni ishlab chiqadi.

Agentlik qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa funksiyalarni ham amalga oshirishi mumkin.

4-bob. Agentlikning huquqlari va javobgarligi

13. Agentlik oʻz zimmasiga yuklatilgan vazifa va funksiyalarni amalga oshirishda quyidagi huquqlarga ega:

Agentlik majlislarida Agentlikning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari rahbar xodimlarining chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish faoliyatiga oid axborotini (maʼruzalarini) koʻrib chiqish;

respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlardan Agentlik vakolatiga kiradigan masalalarni hal etish uchun zarur boʻladigan maʼlumotlarni belgilangan tartibda soʻrab olish;

oʻz vakolatlari doirasida xalqaro va xorijiy tashkilotlar bilan hamkorlik qilish, qoʻshma dasturlarni amalga oshirishni tashkil etish va muvofiqlashtirish;

Agentlikka yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish doirasida Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining Ekologiya jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Ekologiya jamgʻarmasi) yoki qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan xalqaro va xorijiy tashkilotlarning konsultant va ekspertlarini belgilangan tartibda jalb qilish;

Ekologiya jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan, shuningdek, budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan xalqaro eʼtirof etilgan reyting tashkilotlari bilan chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish boʻyicha xizmatlar koʻrsatish uchun davlat xaridlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq shartnomalar tuzish;

chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish tizimini moliyalashtirishga zarur sarf-xarajatlar boʻyicha takliflarni shakllantirish, shuningdek, zaruratga koʻra, xorijiy kreditlar, grantlar va boshqa mablagʻlarni jalb qilish;

Agentlikning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari rahbarlari tomonidan qonunchilik hujjatlari buzilgan holda qabul qilingan buyruqlarning amal qilishini toʻxtatib turish va bekor qilish;

Agentlikda chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirishning asosiy yoʻnalishlari boʻyicha takliflarni koʻrib chiqish uchun yetakchi olimlar, yuqori malakali professor-oʻqituvchilar va mutaxassislar, turli idoralar vakillaridan iborat tarkibda haq toʻlanmaydigan ilmiy-metodik va jamoatchilik kengashlarini tashkil etish;

oʻz vakolatlari doirasida konferensiyalar, seminarlar, simpoziumlar, koʻrgazmalar, yarmarkalar oʻtkazish, shuningdek, boshqa tashkilotlar tomonidan tashkil etiladigan tadbirlarda ishtirok etish;

chiqindilarni boshqarish sohasida mukofotlar va faxriy yorliqlar, koʻkrak nishonlarini taʼsis etish, ular bilan sohadagi ilgʻor xodimlarni mukofotlash boʻyicha belgilangan tartibda taklif kiritish;

Agentlik hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlariga tegishli davlat koʻchmas mulkini oʻz tuzilmasidagi bir tashkilotdan boshqa biriga Davlat aktivlarini boshqarish agentligi va Vazirlik bilan kelishgan holda operativ boshqaruv huquqi asosida oʻtkazish;

tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar, sanitar tozalash korxonalari faoliyatini belgilangan tartibda, vakolat doirasida oʻrganish;

oʻz vakolatlari doirasida xalqaro va xorijiy tashkilotlar bilan hamkorlik qilish;

Agentlik faoliyatini keng yoritish maqsadida rasmiy veb-saytlar, shuningdek, ijtimoiy tarmoqlarda sahifalar yaratish;

chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish bilan bogʻliq dolzarb va istiqbolli muammolar yechimi yuzasidan takliflar ishlab chiqish boʻyicha ishchi guruhlar tashkil etish;

respublikada chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish sohasida sanitar tozalash korxonalarini qoʻllab-quvvatlash va moddiy-texnik bazasini mustahkamlash maqsadida xalqaro moliya institutlari, xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining mablagʻlari, shuningdek, oʻz mablagʻlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan maxsus texnika, konteyner, saralash, qayta ishlash uskunalari va boshqa mol-mulklarni lizing shartlari asosida yetkazib berish hamda lizing xizmatlarini koʻrsatish;

Agentlik qonunchilikka muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

14. Agentlik:

Agentlikka yuklangan vazifa va funksiyalarning samarali bajarilishi, shuningdek, chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish sohasidagi davlat siyosatining amalga oshirilishini tashkil etish;

Agentlikning faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan prognoz koʻrsatkichlariga erishishni soʻzsiz taʼminlash;

Vazirlar Mahkamasiga va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga kiritiladigan normativ-huquqiy hujjatlar va boshqa hujjatlar loyihalari, shuningdek, Agentlik tomonidan qabul qilinadigan buyruqlar amalga oshirilishining sifati, pirovard natijalari va oqibatlari;

chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish, sohada hududlar muammolarini hal qilish boʻyicha dasturlarni, harakat rejalarini, “yoʻl xaritalari” va boshqa hujjatlarning samarali amalga oshirilishi;

Agentlik mablagʻlaridan oqilona foydalanilishi;

oʻz vakolati doirasida fuqarolar va tadbirkorlik subyektlarining qonuniy huquq va manfaatlari himoya qilinishi hamda ularga rioya etilishi taʼminlanishi uchun javob beradi.

5-bob. Agentlik rahbarlarining asosiy funksional vazifalari

15. Quyidagilar Agentlik direktorning asosiy funksional vazifalari hisoblanadi:

Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari hamda boshqa normativ-huquqiy hujjatlarga rioya etish;

Agentlikning faoliyatini umumiy boshqarish va unga rahbarlik qilish, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti hujjatlari, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va boshqa qonunchilik hujjatlari bilan Agentlikka yuklatilgan vazifalar va funksiyalarning bajarilishini tashkil etish;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlari, Vazirlar Mahkamasining qarorlari bilan tasdiqlangan Agentlik faoliyatini yanada takomillashtirish boʻyicha konsepsiyalar, kompleks dasturlar va chora-tadbirlarni amalga oshirish boʻyicha tanqidiy va chuqur tahlillarni oʻtkazish;

Agentlik, uning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari faoliyati bilan bogʻliq prognoz koʻrsatkichlariga erishishni soʻzsiz taʼminlash boʻyicha amaliy chora-tadbirlarni ishlab chiqish va tasdiqlash;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasining tarkibiy boʻlinmalari va Vazirlar Mahkamasi kotibiyatlari, shuningdek, Agentlik vakolatiga kiruvchi masalalar boʻyicha tegishli vazirliklar va idoralar bilan hamkorlik qilish, Vazirlar Mahkamasi va uning Rayosati majlislarida tegishli masalalarni koʻrib chiqishda ishtirok etish;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri va uning oʻrinbosarlari (maslahatchisi) topshiriqlarini bajarish;

oʻz oʻrinbosari va Agentlikning boshqa mansabdor shaxslari vakolatlarini belgilash, ular oʻrtasida vazifalarni taqsimlash, ularning shaxsiy masʼuliyati darajasini belgilash;

Agentlikning faoliyati rejalashtirilishini tashkil etish, davriy ish rejalarini tasdiqlash, ularning bajarilishi yuzasidan nazoratni taʼminlash;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining hujjatlari va topshiriqlari ijrosini tashkil etish va monitoringini qilib borishning amaliy tizimini yaratish, Agentlik faoliyatida ijro intizomini mustahkamlash boʻyicha amaliy chora-tadbirlarni bajarish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining va Vazirlar Mahkamasining ijro intizomini mustahkamlash boʻyicha qarorlariga muvofiq topshiriqlarning oʻz vaqtida va sifatli bajarilishi uchun tarkibiy va hududiy boʻlinmalar, tizim tashkilotlari rahbarlarining shaxsiy masʼuliyatini oshirish choralarini koʻrish;

Agentlik xodimlari, hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari xodimlarining tizimli ravishda malakasini oshirishni tashkil etish;

Agentlik xodimlari, hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlarida xodimlarni tanlash va joy-joyiga qoʻyish, ularning samarali faoliyat koʻrsatishlari uchun zarur sharoitlarni yaratish, kadrlar zaxirasini shakllantirish;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi va Vazirlar Mahkamasi nomenklaturasiga kiradigan boʻsh lavozimlarga taklif etilgan kadrlarning, shuningdek, Agentlikka ishga qabul qilinadigan boshqa kadrlarning professionalligi, oʻz ishini bilishi, amaliy ish tajribasi, yuqori ishchanlik darajasi va maʼnaviy-axloqiy fazilatlarga ega boʻlishini taʼminlashga qaratilgan chora-tadbirlarni amalga oshirish;

faoliyat sohasidagi masalalar boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini sifatli ishlab chiqish, ularning qonunchilik talablariga qatʼiy muvofiq ravishda oʻz vaqtida kiritilishini tashkil etish, shuningdek, ularning Vazirlar Mahkamasida puxta ishlanishida, Vazirlar Mahkamasi rahbariyati huzurida himoya qilinishi va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasida koʻrib chiqilishida ishtirok etish;

Agentlikka taqdim etilgan takliflar va normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarining toʻliq va har tomonlama koʻrib chiqilishini taʼminlash, ularni Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi Reglamenti va Vazirlar Mahkamasi Reglamentida belgilangan muddatlarda kelishish (viza qoʻyish);

Agentlik rahbarlari va xodimlarining xizmat safarlarini qonunchilik talablariga muvofiq ravishda tashkil etish, xizmat safarlarining asoslanganligi, samaradorligi va natijadorligini, xizmat safarlariga ajratiladigan mablagʻlardan oqilona foydalanishni taʼminlash;

oʻz oʻrinbosari, tarkibiy va hududiy boʻlinmalar hamda tizim tashkilotlari rahbarlarining faoliyati samaradorligi va natijadorligini tanqidiy tahlil qilish, Agentlik yigʻilishlarida ularning shaxsiy hisobotlarini tinglash, muhokama yakunlari boʻyicha zarur choralar koʻrish;

Agentlik xodimlarini ragʻbatlantirish va intizomiy javobgarlikka tortish masalalarini hal etish, alohida oʻrnak koʻrsatgan xodimlarni ragʻbatlantirish va intizomiy javobgarlikka tortish toʻgʻrisida, shu jumladan, ularning egallab turgan lavozimida qolishi maqsadga muvofiqligi masalasini koʻrib chiqish, Oʻzbekiston Respublikasining davlat mukofotlari bilan taqdirlashga taqdim etish boʻyicha Vazirlikka takliflar kiritish, ularning shaxsiy masʼuliyatini oshirish yuzasidan tizimli chora-tadbirlarni amalga oshirish;

Agentlik xodimlari tomonidan Agentlik odob-axloq qoidalariga rioya etilishini nazorat qilish;

korrupsiyaga qarshi kurashishga oid qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq Agentlik xodimlari, hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlarida korrupsiya va boshqa huquqbuzarliklarning oldini olish choralarini koʻrish, shuningdek, huquqni qoʻllash amaliyoti va qonunchilikni takomillashtirish boʻyicha chora-tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish orqali ularni sodir etishga imkon yaratuvchi omillarni aniqlash, tahlil qilish, sabab va sharoitlarini bartaraf etish;

Agentlik xodimlari, hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari tomonidan manfaatlar toʻqnashuvi toʻgʻrisidagi qonunchilikka rioya etilishini taʼminlash, shu jumladan, ular tomonidan lavozim majburiyatlarini yoki xizmat vakolatlarini bajarish chogʻida manfaatlar toʻqnashuviga olib keladigan yoki olib kelishi mumkin boʻlgan shaxsiy manfaatdorlikka yoʻl qoʻymaslik choralarini koʻrish;

Agentlik, uning tarkibiy va hududiy boʻlinmalari hamda tizim tashkilotlari ishini tashkil etishning ilgʻor shakllarini joriy etishni taʼminlash;

jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish ishlarini qonunchilikka muvofiq samarali tashkil etish, jamoatchilik bilan bevosita va ochiq muloqot oʻrnatish, shaxsan qabul qilishni muntazam ravishda oʻtkazish, shu jumladan, jismoniy va yuridik shaxslarning vakillarini joylarga borib qabul qilishni belgilangan muddatlarda va tartibda amalga oshirish;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Xalq qabulxonalari bilan samarali hamkorlikni, Agentlik rahbarlari va xodimlarining ular faoliyatida faol ishtirok etishini tashkil etish, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Virtual qabulxonasidan kelib tushadigan jismoniy va yuridik shaxslar murojaatlarining oʻz vaqtida va toʻliq koʻrib chiqilishini taʼminlash;

davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlar va konfidensial axborot bilan ishlashda qonunchilik talablariga rioya etish;

Agentlik markaziy apparati shtat jadvali va xarajatlar smetasini tasdiqlash uchun Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziriga kiritish;

Agentlik hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari nizom (ustav)larini tasdiqlash;

Agentlik markaziy apparati xodimlari, hududiy boʻlinma rahbarlari va oʻrinbosarlarini, tizim tashkilotlari rahbar va oʻrinbosarlarini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda lavozimga tayinlash va lavozimidan ozod etish;

chiqindilarni boshqarish boʻyicha yagona davlat siyosatining amalga oshirilishini tashkil etish, respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlarning chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish bilan bogʻliq faoliyatini muvofiqlashtirish;

Agentlik, uning hududiy boʻlinmalari, tizim tashkilotlari mansabdor shaxslari bajarishi majburiy boʻlgan buyruqlar qabul qilish va topshiriqlar berish, shuningdek, ularning ijrosini oʻrnatilgan tartibda nazorat qilish;

Agentlik markaziy apparati, uning hududiy boʻlinmalari, tizim tashkilotlarining tasdiqlangan tuzilmalari va shtatlar jadvaliga xodimlarning cheklangan soni hamda ish haqi fondi doirasida oʻzgartirishlar kiritish;

chiqindilarni boshqarish hamda sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish boʻyicha xalqaro hamda hukumatlararo aloqalarni kengaytirish va mustahkamlash, xorijiy investitsiyalar hamda grantlarni jalb etish boʻyicha xalqaro tadbirlarda ishtirok etish.

Agentlik direktori qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vazifalarni ham amalga oshirishi mumkin.

16. Quyidagilar Agentlik direktori oʻrinbosarining asosiy funksional vazifalari hisoblanadi:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining tegishli qarorlari bilan Agentlikka yuklatilgan vazifa va funksiyalarni amalga oshirish;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlari va Vazirlar Mahkamasining qarorlari bilan tasdiqlangan Agentlik faoliyatini yanada takomillashtirish boʻyicha konsepsiyalar, kompleks dasturlar hamda chora-tadbirlarning ijrosini taʼminlash;

direktor vaqtincha boʻlmaganda, direktorning tegishli buyrugʻi asosida uning vazifalarini bajarish;

Agentlikning tarkibiy boʻlinmalari faoliyatini muvofiqlashtirish, nazorat qilish va ularga bevosita rahbarlik qilish, ularning xodimlari oʻrtasida vazifalarni taqsimlash hamda shaxsiy javobgarligini belgilash;

Agentlik va uning hududiy boʻlinmalari, tizim tashkilotlari faoliyati bilan bogʻliq prognoz koʻrsatkichlariga erishish yuzasidan chora-tadbirlarni ishlab chiqish va rahbariyatga taqdim etish;

Vazirlik va idoralarda boʻlib oʻtadigan yigʻilishlarda vakolat doirasida ishtirok etish;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri va uning oʻrinbosarlari koʻrsatmalarini soʻzsiz bajarish;

Agentlikning tarkibiy boʻlinmalari faoliyatida ijro intizomini mustahkamlash boʻyicha kompleks chora-tadbirlarni amalga oshirish, shuningdek, tarkibiy va boʻysunuvchi boʻlinmalar rahbarlarining shaxsiy javobgarligini oshirish boʻyicha chora-tadbirlar bajarilishini nazorat qilish, shuningdek, topshiriqlarning oʻz vaqtida va sifatli bajarilishi uchun tarkibiy boʻlinmalar rahbarlarining shaxsiy masʼuliyatini oshirish choralarini koʻrish;

davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlar va konfidensial axborot bilan ishlashda qonunchilik talablariga rioya etish;

tarkibiy boʻlinmalar faoliyati sohalariga oid qonunchilik hujjatlarini takomillashtirish boʻyicha takliflarni ishlab chiqish va ularni koʻrib chiqish uchun Agentlik direktoriga kiritish;

Oʻzbekiston Respublikasining “Korrupsiyaga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Qonuni talablariga muvofiq tarkibiy boʻlinmalarda korrupsiya va boshqa huquqbuzarliklarning oldini olish choralarini koʻrish, shuningdek, huquqni qoʻllash amaliyotini hamda qonunchilik hujjatlarini takomillashtirishga doir chora-tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish orqali ularning sodir etilishiga olib keluvchi sabablar va shart-sharoitlarni aniqlash, tahlil qilish, bartaraf etish choralarini koʻrish;

jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish, Oʻzbekiston Respublikasining “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan muddatlarda va tartibda aholi bilan toʻgʻridan-toʻgʻri va ochiq muloqotni yoʻlga qoʻyish, jismoniy shaxslarni va yuridik shaxslar vakillarini muntazam ravishda shaxsan qabul qilish, shu jumladan, joylarga borib qabul qilish;

Agentlik direktorining oʻrinbosari qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vazifalarni ham amalga oshirishi mumkin.

6-bob. Agentlik rahbarlarining javobgarligi

17. Agentlik direktori:

Agentlikka yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishiga;

ushbu Nizom va boshqa qonunchilik hujjatlarida belgilangan vazifalarni sifatli va oʻz muddatida bajarish, shuningdek, Agentlik faoliyatidagi kamchiliklarni oʻz vaqtida bartaraf etish choralarini koʻrishga;

amalga oshirilayotgan dasturlar, strategiyalar va konsepsiyalarda belgilangan maqsad va koʻrsatkichlarga erishishga;

Agentlikda, uning hududiy boʻlinmalari hamda tizim tashkilotlarida ijro intizomiga qatʼiy rioya qilinishini nazorat qilishga masʼuldir.

18. Agentlik direktori oʻrinbosari:

Agentlikning oʻzi nazorat qiladigan tarkibiy boʻlinmalarida Agentlikka yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi uchun;

Agentlikning ushbu Nizomda nazarda tutilgan mutasaddilik qilinadigan masalalariga doir javobgarlik sohalari boʻyicha;

Ushbu Nizomda koʻrsatilgan oʻz funksional vazifalarining sifatli bajarilishi uchun shaxsan javob beradi.

7-bob. Agentlik faoliyatini tashkil etish

1-§. Agentlik rahbariyati

19. Agentlikka Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimidan ozod etiladigan direktor rahbarlik qiladi.

20. Agentlik direktori Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti bilan kelishilgan holda Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimidan ozod etiladigan bir nafar oʻrinbosarga ega boʻladi.

21. Agentlik direktori maqomi, tibbiy va transport xizmati koʻrsatish shartlari boʻyicha vazirning birinchi oʻrinbosariga, Agentlik direktori oʻrinbosari esa vazir oʻrinbosariga tenglashtiriladi.

22. Agentlik direktori boʻlmagan vaqtda, uning vakolatlari Agentlik direktorining oʻrinbosari tomonidan amalga oshiriladi.

23. Agentlik markaziy apparati xodimlari, shuningdek, hududiy boʻlinma rahbarlari va oʻrinbosarlari, tizim tashkilotlari rahbarlari va oʻrinbosarlari Agentlik direktori tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod etiladi.

24. Agentlik direktori Agentlik faoliyati toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga hamda Vazirlikka hisobot beradi.

2-§. Agentlikning markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalari, hududiy boʻlinmalari hamda tizim tashkilotlari bilan oʻzaro hamkorligi

25. Agentlikning markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalari, hududiy boʻlinma rahbarlari va tizim tashkilotlari quyidagi masalalar boʻyicha uzviy hamkorlikni amalga oshiradi:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari, Vazirlar Mahkamasi, Vazirlik rahbariyati hamda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining deputatlari soʻrovlarining oʻz vaqtida bajarilishini, jismoniy va yuridik shaxslardan kelib tushgan murojaatlarning belgilangan muddatlarda koʻrib chiqilishini taʼminlash;

Agentlikning markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalari, hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda xoʻjalik birlashmalari bilan chiqindilarni boshqarish boʻyicha dasturlarni ishlab chiqishda oʻzaro aloqalarini taʼminlash;

hududlarda chiqindilarni boshqarish ishlarini tizimli monitoring qilib borish, hududlarni chiqindilar bilan bogʻliq dasturlari doirasida loyihalar va tadbirlarni amalga oshirish hamda tizimli muammolarni aniqlash, ularni hal etish boʻyicha takliflarni oʻz vaqtida va sifatli ishlab chiqish.

26. Agentlikning markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalari uning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari bilan oʻzaro hamkorlik qilish jarayonida:

Agentlikning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlariga topshiriqlarni yetkazadi hamda ularning ijrosini nazorat qiladi va bu haqida Agentlik rahbariyatiga axborot beradi;

Agentlikning markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalarining bevosita faoliyatiga oid masalalar boʻyicha Agentlikning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlariga soʻrovnomalar yuboradi, ularning ijrosini nazorat qiladi;

monitoring, oʻrganishlar, zarurat tugʻilganda, oʻz vakolati doirasida tekshirishlar oʻtkazadi, Agentlikning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari faoliyatini umumlashtiradi, uni takomillashtirishga qaratilgan chora-tadbirlarni ishlab chiqadi va tasdiqlash uchun kiritadi;

Agentlikning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari faoliyatini tashkil etish hamda natijalari haqidagi hisobot va axborot materiallari, statistik hamda boshqa maʼlumotlarni oʻrganishni tashkil etadi;

Agentlikning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari ish rejalarini tahlil qiladi, ularning faoliyatini rejalashtirishni takomillashtirish boʻyicha chora-tadbirlarni belgilaydi;

Agentlikning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlaridan kelib tushadigan murojaatlarni koʻrib chiqadi;

chiqindilarni boshqarish sohasini rivojlantirish va yangi texnologiyalarni joriy etishni nazarda tutuvchi dastur hamda tadbirlarni sifatli ishlab chiqishda Agentlikning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari ishtirokini tashkil etadi;

normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini tayyorlashda Agentlikning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari ishtirokini tashkil etadi, Agentlik faoliyatiga oid qonunchilikni takomillashtirish boʻyicha ulardan kelib tushgan takliflarni koʻrib chiqadi.

27. Agentlikning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari Agentlikning markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalari bilan oʻzaro hamkorlik qiladi, shu jumladan:

Agentlik topshiriqlarining ijrosi toʻgʻrisida axborot beradi;

biriktirilgan sohadagi qonunchilik ijrosi yuzasidan faoliyat natijalari toʻgʻrisida Agentlikning markaziy apparatiga axborot beradi;

ularning faoliyatini monitoring qilish, oʻrganish va tekshirish natijasida aniqlangan kamchiliklar va qonun buzilishlarini bartaraf etish natijalari toʻgʻrisida axborot beradi;

sohani rivojlantirish boʻyicha dasturlar va tadbirlarni ishlab chiqish toʻgʻrisida takliflar kiritadi;

oʻzining ish natijalari toʻgʻrisidagi hisobotlarni, shuningdek, mavjud muammolarni hal etishga qaratilgan takliflarni belgilangan tartibda va muddatlarda Agentlikning markaziy apparatiga taqdim etadi;

vakolatli organlar tomonidan oʻzining faoliyatida oʻtkazilgan tekshirish natijalari toʻgʻrisida Agentlikni xabardor qiladi.

28. Agentlikning markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalari va hududiy boʻlinmalari hamda tizim tashkilotlarining oʻzaro hamkorlik jarayonida kelib chiqadigan kelishmovchiliklar Agentlik direktorining topshirigʻiga koʻra uning oʻrinbosari tomonidan koʻrib chiqiladi.

Bunda muhokamadan keyin kelishmovchiliklar tartibga solinmagan taqdirda, ular boʻyicha yakuniy qaror Agentlik direktori tomonidan qabul qilinadi.

3-§. Agentlikning respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari va boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorligi

29. Agentlik oʻz vazifalari va funksiyalarini amalga oshirishda respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, xoʻjalik birlashmalari va boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorlik qiladi.

30. Agentlikning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari, oʻz vakolatlari doirasida tegishli hududlarning ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanishi boʻyicha “yoʻl xaritalari”ni ishlab chiqish va amalga oshirishda kompleks ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanish sohalari bilan yaqindan hamkorlik qiladi.

31. Agentlik faoliyati Vazirlar Mahkamasining tegishli tarkibiy boʻlinmasi hamda Vazirlik tomonidan tahlil va nazorat qilinadi.

8-bob. Agentlik faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash mezonlari va ish indikatorlari

32. Vazirlik Agentlik rahbarlari faoliyatini ularga yuklangan vazifalarning samarali bajarilishi yuzasidan doimiy monitoring qiladi.

33. Agentlik faoliyatining samaradorligi muntazam baholanadi.

34. Agentlik faoliyatining samaradorligi va natijadorligiga berilgan baho Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadigan Agentlik faoliyatining samaradorligi va natijadorligini baholash mezonlari hamda ish indikatorlariga asoslanadi.

35. Agentlik faoliyatining samaradorligi va natijadorligini baholash yakunlari boʻyicha:

Agentlik rahbarlari va xodimlarini qoʻshimcha ragʻbatlantirish (mukofotlash) yoki intizomiy javobgarlikka tortish;

Agentlik faoliyatida aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish va uning faoliyatini yanada takomillashtirish choralari koʻriladi.

36. Agentlik faoliyatining samaradorligi va natijadorligini baholash tartibi va uslubi qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadi.

9-bob. Agentlik faoliyatini moliyalashtirish va moddiy-texnik jihatdan taʼminlash, uning xodimlari mehnatiga haq toʻlash, moddiy ragʻbatlantirish va ularni ijtimoiy himoya qilish

37. Quyidagilar Agentlik va uning hududiy boʻlinmalari faoliyatini moliyalashtirish manbalari hisoblanadi:

Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti, Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjeti, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlari mablagʻlari;

chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish sohasida huquqbuzarliklar boʻyicha undirilgan jarimalar hamda chiqindilar joylashtirilgani uchun undirilgan kompensatsiya toʻlovlarining Ekologiya jamgʻarmasiga oʻtkaziladigan mablagʻlardan qolgan qismi;

qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha jismoniy va yuridik shaxslarga koʻrsatilgan xizmatlar uchun undirilgan toʻlovlarning sanitar tozalash korxonalari, chiqindilarni qayta yuklash stansiyalari, chiqindi poligonlari, chiqindilarni yoqish yoki qayta ishlash zavodi yoxud ekosanoat zonalariga toʻlangan mablagʻlardan qolgan qismi;

sanitar tozalash korxonalari faoliyatining asosiy samaradorlik koʻrsatkichlarini baholash natijalari boʻyicha qoʻllangan jarimalardan tushadigan mablagʻlar;

Ekologiya jamgʻarmasi mablagʻlari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

38. Agentlik, uning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlarini moddiy-texnik taʼminlash xarajatlarini moliyalashtirish, shuningdek, xodimlarining mehnatiga haq toʻlash, moddiy ragʻbatlantirish belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti, budjetdan tashqari jamgʻarmalar va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar hisobidan amalga oshiriladi.

39. Agentlik xodimlarining ish haqi qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan lavozim maoshi, mukofotlar, ustamalar, qoʻshimcha haq va toʻlovlar, kompensatsiya va ragʻbatlantirish hamda qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa toʻlovlardan iborat.

Agentlik, uning hududiy boʻlinmalari hamda uning tizim tashkilotlari xodimlarining lavozim maoshlariga har oylik ustamalar, mukofotlar, ragʻbatlantirishlar xarajatlari Davlat budjeti xarajatlar smetasida nazarda tutilgan mablagʻlar va budjetdan tashqari mablagʻlar hamda Ekologiya jamgʻarmasi mablagʻlari, Agentlik mablagʻlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.

40. Agentlik va uning hududiy boʻlinmalari xodimlarining lavozim maoshiga oylik ustamalar, mukofotlar, ragʻbatlantirishlar va moddiy yordam berish bilan bogʻliq toʻlovlar quyidagi maqsad va shakllarda amalga oshiriladi:

a) Agentlik va hududiy boʻlinmalari xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish uchun budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan quyidagi ustamalar toʻlanadi:

xodimlarning funksional vazifalarini bajarishi, bilim darajasi, kasbiy qobiliyatlarini inobatga olgan holda lavozim maoshining 250 foizigacha (hududiy boʻlinmalar xodimlari lavozim maoshining 100 foizgacha) miqdorlarda xodimlarning oylik lavozim maoshlariga (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini inobatga olgan holda) belgilanadigan ustama;

ilmiy darajaga ega boʻlgan uchun oylik ustamalari fan nomzodi yoki tegishli fan yoʻnalishlari boʻyicha falsafa doktori (PhD), fan doktori (DSc) uchun — lavozim maoshiga nisbatan qonunchilikda belgilangan miqdorda ustama;

b) xodimlarning koʻp yillik mehnati uchun har oylik ustama (ragʻbatlantirish koeffitsiyentini inobatga olgan holda lavozim maoshiga nisbatan koeffitsiyentlarda) quyidagi miqdorlarda toʻlanadi:

1 yildan 3 yilgacha — 0,1;

3 yildan 5 yilgacha — 0,2;

5 yildan 10 yilgacha — 0,3;

10 yildan 15 yilgacha — 0,4;

15 yildan 20 yilgacha — 0,5;

20 yildan ortiq — 0,6;

v) xizmat avtomobiliga ega boʻlmagan Agentlik va uning hududiy boʻlinmalari xodimlari uchun yoʻlkira haqiga har oyda bazaviy hisoblash miqdorining ikki baravari miqdorida kompensatsiya toʻlovi;

g) Agentlik va uning hududiy boʻlinmalari xodimlarini har oyda ovqatlanish xarajatlarini qisman qoplash uchun bazaviy hisoblash miqdorining ikki baravari miqdorida kompensatsiya toʻlovi;

d) Oʻzbekiston Respublikasida ishlanmaydigan bayram kunlari hamda muhim sanalar munosabati bilan Agentlik xodimlariga mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining besh baravarigacha (hududiy boʻlinmalar xodimlariga mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining uch baravarigacha) ragʻbatlantirish toʻlovi.

41. Agentlik va uning hududiy boʻlinmalari xodimlariga Oʻzbekiston Respublikasi hududida va xorijda xizmat safarida boʻlish davridagi kunlik yashash, transport va turar joy xarajatlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qoplanadi.

42. Agentlik va uning hududiy boʻlinmalari xodimlarini ijtimoiy himoya qilish maqsadida Agentlikning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan quyidagi hollarda qoʻshimcha tarzda moddiy yordam koʻrsatilishi mumkin:

Agentlik va uning hududiy boʻlinmalari xodimlari uchun sanatoriy-kurort, dam olish uylariga yoʻllanmalarni xarid qilishga;

alohida holatlar (oila aʼzosining vafoti, oʻzining yoki farzandining nikoh toʻyi, yubiley sanalari (50, 60, 70 yoshlar) munosabati bilan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining oʻn baravarigacha (hududiy boʻlinmalar xodimlariga mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining yetti baravarigacha) miqdorda moddiy yordam berish;

qishloq xoʻjaligi mahsulotlari xarid qilish uchun yilda bir marta mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining besh baravarigacha (hududiy boʻlinmalar xodimlariga mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining uch baravarigacha) miqdorda moddiy yordam berish;

xodim ogʻir betob boʻlgan (baxtsiz hodisa, kasallik sababli) yoki vafot etgan hollarda, uning oʻrtacha oylik ish haqining besh baravarigacha (hududiy boʻlinmalar xodimlariga oʻrtacha oylik ish haqining uch baravarigacha) bir martalik moddiy yordam berish.

43. Agentlik va uning hududiy boʻlinmalari xodimlarining lavozim maoshlariga shaxsiy ustamalar va ragʻbatlantirishlar miqdori:

Agentlik direktoriga — Vazirlik tomonidan;

Agentlik xodimlari va uning hududiy boʻlinmalari boshliqlariga — Agentlik direktori tomonidan;

Agentlik hududiy boʻlinmalarining xodimlariga — tegishli hududiy boʻlinma boshliqlarining buyrugʻiga muvofiq belgilanadi.

44. Budjet va budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan moddiy ragʻbatlantirish xarajatlari:

Agentlik xodimlari uchun — Agentlik direktorining buyrugʻiga muvofiq;

Agentlikning hududiy boʻlinmalari xodimlari uchun — Agentlikning hududiy boʻlinmalari boshligʻining buyrugʻiga muvofiq amalga oshiriladi.

10-bob. Yakunlovchi qoida

45. Agentlik qonunchilikda belgilangan tartibda qayta tashkil etiladi va tugatiladi.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 16-oktabrdagi 648-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 2-oktabrdagi 787-son qarori bilan tasdiqlangan Sanitariya jihatidan tozalash infratuzilmasi obyektlarini joylashtirish va ulardan foydalanish hamda maishiy chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish qoidalarida :

51-banddagi “Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasining” soʻzlari “Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligining” soʻzlari bilan almashtirilsin;

ilovaning “4-bosqich” pozitsiyasi “Tashkiliy tadbirlar” ustunining 1-bandidagi “Davlat ekologiya qoʻmitasi” soʻzlari “Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin.

2. Vazirlar Mahkamasining “Chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2019-yil 6-fevraldagi 95-son qarorida :

a) 1-bandda :

quyidagi mazmundagi yettinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha jismoniy va yuridik shaxslarga koʻrsatilgan xizmatlar uchun undirilgan toʻlovlar hisobidan sanitar tozalash korxonalari, chiqindilarni qayta yuklash stansiyalari, chiqindi poligonlari, chiqindilarni yoqish zavodlari hamda ekosanoat zonalarida faoliyat yurituvchi tadbirkorlik subyektlariga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1 1 -ilovaga muvofiq;”;

yettinchi va sakkizinchi xatboshilar tegishlicha sakkizinchi va toʻqqizinchi xatboshilar deb hisoblansin;

b) 1-ilovada :

5-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“5. Xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlar tomonidan maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish xizmatlari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari tomonidan biriktirilgan tuman (shahar) hududlarida amalga oshiriladi.

Tuman (shahar) hududlarini xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlarga biriktirib berish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda davlat-xususiy sheriklik loyihalari doirasida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari hamda Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) hududiy boʻlinmalari bilan xususiy sherik oʻrtasida tuziladigan maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish xizmatlari koʻrsatish haqidagi davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi bitimga muvofiq amalga oshiriladi.

Hududlar davlat-xususiy sheriklik tamoyili asosida Agentlik tomonidan ishlab chiqilgan aniq konsepsiya hamda tender natijalariga koʻra xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlarga biriktirib beriladi”;

5 1 -bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“5 1 . Maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish xizmatlarini koʻrsatish haqidagi shartnoma (bitim) tomonlar kelishuvi yoki sud qarori asosida bekor qilingan, uning amal qilish muddati tugagan, xizmat koʻrsatuvchi tashkilotning toʻlovga qobiliyatsizligi yoki faoliyati toʻxtatilgan hollarda, xizmat koʻrsatuvchi tashkilotga biriktirib berilgan hudud davlat-xususiy sheriklik asosida boshqa xizmat koʻrsatuvchi tashkilotga biriktirilgunga qadar Agentlikning taklifiga muvofiq Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari tomonidan vaqtincha xizmat koʻrsatish shartnomasi orqali xizmat koʻrsatuvchi xususiy tashkilotga yoki nomuayyan muddatga xizmat koʻrsatuvchi davlat tashkilotiga toʻgʻridan-toʻgʻri biriktirib berilishiga yoʻl qoʻyiladi. Bunda:”;

6-bandning uchinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Faoliyati davomida alohida koʻchmas mulkdan foydalanadigan yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlar mazkur koʻchmas mulk joylashgan hududga biriktirilgan xizmat koʻrsatuvchi tashkilot bilan ushbu Qoidalarning 2 1 -bobida belgilangan tartibda qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha shartnoma tuzadi”;

7-banddagi “Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik)” soʻzlari “Agentlikning” soʻzi bilan almashtirilsin;

8 3 -bandda :

uchinchi xatboshi chiqarib tashlansin;

toʻrtinchi xatboshi uchinchi xatboshi deb hisoblansin;

14-bandning uchinchi xatboshisidagi “Davlat ekologiya qoʻmitasi” soʻzlari “Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

15 , 16 va 17-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“15. Qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketishning davriyligi aholi yashash punktlari, shaharning sanitariya holati taʼminlanishini va kasallik paydo qiluvchi bakteriyalar rivojlanishining oldini olish sharoitlarini hisobga olgan holda, joylardagi iqlim sharoitlardan kelib chiqib, tuman va shahar hokimliklari tomonidan belgilanadi, bunda belgilangan davriylik qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketishning minimal davriyligidan oʻtib ketmasligi lozim.

16. Qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketishning minimal davriyligi:

Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va tumanlar maʼmuriy markazlarida, shaharlar va shaharchalar, shuningdek, Toshkent shahrida chiqindi toʻplash shoxobchalaridan — bir kunda bir marotaba va yakka tartibdagi turar joy sektoridan “signal” usulida — uch kunda bir marotabani;

respublikaning qolgan hududlarida chiqindi toʻplash shoxobchalaridan — ikki kunda bir marotaba va yakka tartibdagi turar joy sektoridan “signal” usulida — bir haftada bir marotabani tashkil qiladi.

17. Qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish jadvali fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari bilan kelishilgan holda xizmat koʻrsatuvchi tashkilot tomonidan belgilanadi, bunda qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish jadvali tuman va shahar hokimliklari tomonidan belgilangan davriylikdan oʻtib ketmasligi lozim”;

22-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;

23-bandning ikkinchi , uchinchi va toʻrtinchi xatboshilari quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha jismoniy va yuridik shaxslarga koʻrsatilgan xizmatlar uchun undirilgan toʻlovlar hisobidan sanitar tozalash korxonalari, chiqindilarni qayta yuklash stansiyalari, chiqindi poligonlari, chiqindilarni yoqish zavodlari hamda ekosanoat zonalarida faoliyat yurituvchi tadbirkorlik subyektlariga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan tartibda;

elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimiga ulangan hududlarda qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqish xizmatlari uchun aholidan undirilgan toʻlovlarning 1 foizi avtomatik ravishda “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ bank hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladi.

Qolgan mablagʻlar Agentlik va uning hududiy boʻlinmalari faoliyatini moliyalashtirish uchun yoʻnaltiriladi”;

26-bandning birinchi xatboshisidagi “Davlat ekologiya qoʻmitasi” soʻzlari “Agentlik” soʻzi bilan almashtirilsin;

39-bandning birinchi xatboshisidagi “Markazning hududiy filiali” soʻzlari “Agentlikning hududiy boʻlinmalari” soʻzlari bilan almashtirilsin;

44-bandning oltinchi xatboshisidagi “Markaz va uning hududiy filiallari” soʻzlari “Agentlik va uning hududiy boʻlinmalari” soʻzlari bilan almashtirilsin;

45-banddagi “Davlat ekologiya qoʻmitasi” soʻzlari “Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

1-ilovada :

“1-bosqich” pozitsiyasining “Tashkiliy tadbirlar” ustuni quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari davlat-xususiy sheriklik loyihalari doirasida — qonunchilik hujjatlariga muvofiq xususiy sherik aniqlangan taqdirda, Agentlikning hududiy boʻlinmalari va xususiy sherik bilan davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisida bitim tuzadilar”;

“4-bosqich” pozitsiyasining “Tashkiliy tadbirlar” ustunining 2-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“2. Agentlik jamlangan mablagʻlarni:

Qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha jismoniy va yuridik shaxslarga koʻrsatilgan xizmatlar uchun undirilgan toʻlovlar hisobidan sanitar tozalash korxonalari, chiqindilarni qayta yuklash stansiyalari, chiqindi poligonlari, chiqindilarni yoqish zavodlari hamda ekosanoat zonalarida faoliyat yurituvchi tadbirkorlik subyektlariga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan tartibda;

elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimiga ulangan hududlarda qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqish xizmatlari uchun aholidan undirilgan toʻlovlarning 1 foizi avtomatik ravishda “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ bank hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladi.

Qolgan mablagʻlar Agentlik va uning hududiy boʻlinmalari faoliyatini moliyalashtirish uchun yoʻnaltiriladi”;

v) quyidagi mazmundagi 1 1 -ilova bilan toʻldirilsin:

“Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 6-fevraldagi 95-son qaroriga 1 1 -ILOVA

Qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha jismoniy va yuridik shaxslarga koʻrsatilgan xizmatlar uchun undirilgan toʻlovlar hisobidan sanitar tozalash korxonalari, chiqindilarni qayta yuklash stansiyalari, chiqindi poligonlari, chiqindilarni yoqish zavodlari hamda ekosanoat zonalarida faoliyat yurituvchi tadbirkorlik subyektlariga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha jismoniy va yuridik shaxslarga koʻrsatilgan xizmatlar uchun undirilgan toʻlovlar hisobidan sanitar tozalash korxonalari, chiqindilarni qayta yuklash stansiyalari, chiqindi poligonlari, chiqindilarni yoqish zavodlari hamda ekosanoat zonalarida faoliyat yurituvchi tadbirkorlik subyektlariga haq toʻlash tartibini belgilaydi.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) har yili 1-noyabrga qadar quyidagi xizmatlar uchun tariflar ishlab chiqadi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi hududiy boʻlinmalarining xulosasi asosida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklariga koʻrib chiqish uchun kiritadi:

1 tonna qattiq maishiy chiqindini yuridik va jismoniy shaxslardan olib chiqib ketganlik hamda uni chiqindilarni qayta yuklash stansiyasi, chiqindi poligonlari, chiqindilarni yoqish zavodlari, ekosanoat zonalarida faoliyat yurituvchi tadbirkorlik subyektlariga (keyingi oʻrinlarda — qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punktlari) yetkazib berganlik uchun sanitar tozalash korxonalariga toʻlov tarifi, soʻmda (T tarif );

1 tonna qattiq maishiy chiqindini qabul qilib olganlik, qayta yuklaganlik uchun chiqindilarni qayta yuklash stansiyalariga toʻlov tarifi, soʻmda (T quk );

1 tonna qattiq maishiy chiqindini qabul qilib olganlik, rekultivatsiya qilganlik va koʻmganlik uchun chiqindi poligonlariga toʻlov tarifi, soʻmda (T p );

qattiq maishiy chiqindini olib chiqib ketganlik uchun jismoniy shaxslardan — 1 kishidan undiriladigan toʻlov tarifi, soʻmda (T j );

1 tonna qattiq maishiy chiqindini olib chiqib ketganlik uchun yuridik shaxslardan undiriladigan toʻlov tarifi, soʻmda (T u ).

3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari har yili 1-noyabrdan 20-noyabrga qadar ushbu toʻlov tariflarini koʻrib chiqib, tasdiqlash uchun xalq deputatlari mahalliy Kengashlariga kiritadi.

2-bob. Qattiq maishiy chiqindilarning hisobini yuritish tartibi

4. Qattiq maishiy chiqindilar sanitar tozalash korxonalari tomonidan maxsus transport vositalari orqali qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish, saralash va utilizatsiya qilish uchun qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punktlariga yetkazib beriladi.

5. Hududlarda belgilangan tarif asosida qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punktlariga yetkazib berish, qabul qilish, saralash, utilizatsiya qilish xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha sanitar tozalash korxonalari, qabul qilish punktlari va Agentlik oʻrtasida uch tomonlama shartnoma tuziladi.

6. Qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punktlariga kirish vaqtida maxsus transport vositasining umumiy (brutto) vazni, chiqish paytida esa boʻshatilgandan keyingi (netto) vazni qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha xizmatlar uchun majburiy toʻlovlarni toʻlash va hisobini yuritishning yagona elektron tizimiga (keyingi oʻrinlarda — hisobga olishning yagona elektron tizimi) ulangan avtomatlashtirilgan tarozilar orqali aniqlanadi.

Bunda:

maxsus transport vositasining umumiy (brutto) va boʻshatilgandan keyingi (netto) vazni oʻrtasidagi farqdan kelib chiqib, yetkazib berilgan qattiq maishiy chiqindilarning miqdori aniqlanadi;

qattiq maishiy chiqindilarni yetkazib bergan transport vositasi kuzovining texnik koʻrsatkichlari inobatga olinadi.

Qattiq maishiy chiqindilarni yetkazib berishda ularning hajmini sunʼiy ravishda oshirish holati aniqlangan taqdirda, ushbu holat yuzasidan shu kunning oʻzida sanitar tozalash korxonasi vakili (haydovchi) hamda qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punkti vakillari ishtirokida haqiqatda topshirilgan qattiq maishiy chiqindi miqdori boʻyicha mazkur Nizomga ilovaga muvofiq shaklda ikki nusxada dalolatnoma (keyingi oʻrinlarda — dalolatnoma) rasmiylashtiriladi.

Dalolatnoma yuzasidan sanitar tozalash korxonasi vakilining eʼtirozlari mavjud boʻlganda, ular dalolatnomada qayd etiladi.

7. Qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punktlarida hisobga olishning yagona elektron tizimi orqali quyidagi maʼlumotlar avtomatik tarzda aniqlanadi:

qattiq maishiy chiqindilar qabul qilingan sana (vaqt);

sanitar tozalash korxonasining nomi, STIR;

transport vositasining davlat raqami va rusumi;

qabul qilingan qattiq maishiy chiqindining miqdori (brutto-netto farqi);

qattiq maishiy chiqindining haqiqiy miqdori haqidagi maʼlumotlar.

Sanitar tozalash korxonasi tomonidan qattiq maishiy chiqindilar yollanma transport vositasida olib kelingan taqdirda, hisobga olishning yagona elektron tizimida bu haqida qayd etiladi.

3-bob. Sanitar tozalash korxonalari, qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punktlariga haq toʻlash tartibi

8. Hisobga olishning yagona elektron tizimidagi maʼlumotlar asosida yetkazib berilgan qattiq maishiy chiqindilar boʻyicha elektron hisobvaraq-faktura avtomatik tarzda shakllantiriladi.

9. Chiqindilarni qayta yuklash stansiyalari tomonidan qabul qilingan qattiq maishiy chiqindilar saralangandan soʻng ikkilamchi xom ashyo sifatida ishlatilmaydigan qismi chiqindilarni yoqish zavodi, ekosanoat zonasida faoliyat yurituvchi tadbirkorlik subyektlariga yoki chiqindi poligoniga topshiriladi.

Chiqindilarni qayta yuklash stansiyalari tomonidan topshirilgan qattiq maishiy chiqindilar boʻyicha hisobga olishning yagona elektron tizimi orqali ikki tomonlama hisobvaraq-faktura shakllantiriladi va bunda toʻlovchi qayta yuklash stansiyalari hisoblanadi.

10. Qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish, qayta yuklash va utilizatsiya qilish, koʻmish, rekultivatsiya qilish toʻlov evaziga amalga oshiriladi. Toʻlovlar Agentlik tomonidan hisobga olishning yagona elektron tizimi orqali taqdim etilgan hisobvaraq-faktura asosida sanitar tozalash korxonalariga hamda qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punktlariga toʻlab beriladi.

Bunda toʻlovlar quyidagi formulalar asosida hisobga olishning yagona elektron tizimida avtomatik hisoblanadi:

1) N = T tarif x M f x k

bunda N — qattiq maishiy chiqindini yuridik va jismoniy shaxslardan olib chiqib ketish va qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punktlariga topshirganlik uchun sanitar tozalash korxonalariga toʻlov miqdori, soʻm;

T tarif — 1 tonna qattiq maishiy chiqindini yuridik va jismoniy shaxslardan olib chiqib ketish va qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punktlariga topshirganlik uchun sanitar tozalash korxonalariga toʻlov tarifi, soʻm;

M f — qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punktlariga topshirilgan qattiq maishiy chiqindi ogʻirligi, tonna;

k — koeffitsiyent (k1=1,02 — “yashil”; k2=0,95 — “sariq”; k3=0,85 — “qizil”).

Bunda ushbu koeffitsiyent sanitar tozalash korxonalarini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish sohalarida ochiqlikni taʼminlash hamda boshqarish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 26-sentabrdagi PF-149-son Farmoniga 1-ilovaga muvofiq “yashil”, “sariq” va “qizil” toifalarga ajratgan holda qoʻllanadi;

2) N quk = T quk x M f

bunda N quk — qattiq maishiy chiqindini qabul qilib olganlik uchun chiqindini qayta yuklash stansiyalariga toʻlov miqdori, soʻm;

T quk — 1 tonna qattiq maishiy chiqindini qabul qilib olganlik uchun chiqindini qayta yuklash stansiyalariga toʻlov tarifi, soʻm;

M f — qabul qilingan qattiq maishiy chiqindi ogʻirligi, tonna;

3) N p = T p x M f

bunda N p — chiqindi poligonlariga topshirilgan qattiq maishiy chiqindilar uchun toʻlov miqdori, soʻm;

T p — 1 tonna qattiq maishiy chiqindini qabul qilib olganlik, rekultivatsiya qilganlik va koʻmganlik uchun qattiq maishiy chiqindi poligonlariga toʻlov tarifi, soʻm;

M f — qabul qilingan qattiq maishiy chiqindi ogʻirligi, tonna.

11. Chiqindilarni yoqish zavodlariga haq toʻlash hisobi ular bilan Agentlik oʻrtasida tuzilgan chiqindilarni yetkazib berish boʻyicha shartnomada belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

12. Ekosanoat zonalarida faoliyat yurituvchi tadbirkorlik subyektlariga haq toʻlash ushbu bandning 2-kichik bandida belgilangan formula asosida hisobga olishning yagona elektron tizimida avtomatik hisoblanadi (ekosanoat zonalarida faoliyat koʻrsatuvchi chiqindilarni yoqish zavodlari bundan mustasno).

13. Sanitar tozalash korxonasi va qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punktlari tomonidan koʻrsatilayotgan xizmatlarning uzluksizligi hamda ularning moliyaviy holatining barqarorligini taʼminlash maqsadida xizmat haqlari oy davomida kunlik, haftalik va oʻn kunlik toʻlab beriladi, shuningdek, har oy yakuni boʻyicha keyingi oyning 5-sanasiga qadar yakuniy hisob-kitob qilinadi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

14. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

15. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha jismoniy va yuridik shaxslarga koʻrsatilgan xizmatlar uchun undirilgan toʻlovlar hisobidan sanitar tozalash korxonalari, chiqindilarni qayta yuklash stansiyalari, chiqindi poligonlari, chiqindilarni yoqish zavodlari hamda ekosanoat zonalarida faoliyat yurituvchi tadbirkorlik subyektlariga haq toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

NAMUNA “TASDIQLAYMAN” Qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punkti rahbari __________ __________________ (imzo) _____ (lavozimi, F.I.O.) _____yil “___” ________ (sana, oy) Haqiqatda topshirilgan qattiq maishiy chiqindi miqdori boʻyicha DALOLATNOMA 20__ yil “___” ________. _______ tumani (shahri) Ushbu dalolatnoma qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punkti vakillari ____________________________________________________________________, sanitar tozalash korxonasi _________________________ (lavozimi, F.I.O.) vakili ________________________________________________________________ ishtirokida tuzildi. (lavozimi, F.I.O.) Qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish jarayonida quyidagilar aniqlandi: 1. Qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punkti: ________________. 2. Maxsus transport vositasining brutto vazni: ____________________. 3. Maxsus transport vositasining netto vazni: ______________________. 4. Qabul qilingan qattiq maishiy chiqindining miqdori (brutto-netto farqi): ________________________________________________________. 5. Chegirma miqdori: __________________________________________. 6. Qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish jarayonida aniqlangan boshqa holatlar: _____________________________________________________ Dalolatnoma yuzasidan taklif va eʼtirozlar besh ish kuni ichida qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punktlari tomonidan qabul qilinadi va koʻrib chiqiladi. Qattiq maishiy chiqindilarni qabul qilish punkti vakillari: __________________________ ___________ (lavozimi, F.I.O.) (imzo) Sanitar tozalash korxonasi vakili: __________________________ ___________. (lavozimi, F.I.O.) (imzo) ”;

g) 2-ilovada :

1-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“1. Ushbu Nizom Chiqindilarni boshqarish va sirkulyar iqtisodiyotni rivojlantirish agentligi tizimidagi “Maroqand Obod” davlat muassasasi, “Maxsustrans” davlat muassasasi, “Toza hudud” davlat muassasalari va ularning tuman (shahar) filiallari (keyingi oʻrinlarda — sanitariya jihatidan tozalash tashkilotlari) xodimlari mehnatiga haq toʻlash, ularni moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy yordam koʻrsatish tartibini belgilaydi”;

18-banddagi “100 foizigacha” soʻzlari “200 foizigacha” soʻzlari bilan almashtirilsin”.

3. Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 29-dekabrdagi 722-son qarori bilan tasdiqlangan Narxlari (tariflari) davlat tomonidan tartibga solinadigan ijtimoiy ahamiyatli tovarlar (xizmatlar) va ularning strategik turlari roʻyxatining 3-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“3. Qattiq maishiy chiqindilarni tashish, qayta yuklash, ularni chiqindi poligonlariga joylashtirish va chiqindilarni ekosanoat zonalariga yetkazib berish hamda utilizatsiya qilish xizmatlari”.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 16-oktabrdagi 648-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan baʼzi qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Sanitariya jihatidan tozalash sohasida xizmatlar koʻrsatish faoliyatini amalga oshirish uchun hududlarni biriktirish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 25-sentabrdagi 765-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tizimidagi taʼlim muassasalari faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 22-noyabrdagi 705-son qaroriga 3-ilovaning 6-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Elektron onlayn-auksion va tanlovlarni tashkil etish hamda oʻtkazish tartibini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2022-yil 12-yanvardagi 18-son qaroriga 3-ilovaning 6-bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Sanitar tozalash va chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni tashkil etish va aholi punktlarida tozalikni taʼminlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar belgilanganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2022-yil 4-noyabrdagi 646-son qaroriga ilovaning 1-bandi .

5. Vazirlar Mahkamasining “Toʻlovga qobiliyatsizlik sohasidagi qonunchilik hujjatlari takomillashtirilganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2023-yil 21-iyuldagi 304-son qaroriga ilovaning 24-bandi .

6. Vazirlar Mahkamasining “Davlat mulkini boshqarish sohasi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2024-yil 15-maydagi 282-son qaroriga 1-ilovaning 19-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 16-oktabr,

648-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 17.10.2025-y., 09/25/648/0943-son)

lex.uz