UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 17-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 17 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 17 октября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 17 October 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ва уларнинг айланмасини назорат қилиш бўйича хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2024 йил 3 июндаги ПҚ-204-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ва уларнинг айланмасини назорат қилиш бўйича хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмаси соҳасида ҳуқуқбузарлик хавфини автоматик тарзда инсон омилисиз таҳлил қилиш;

ҳуқуқбузарлик хавфи мезонлари асосида таҳлил қилиш ва натижаси бўйича балли тизим орқали ҳуқуқбузарлик хавфи даражасини баҳолаш.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 октябрдаги 650-сон қарорига 1-ИЛОВА

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ва уларнинг айланмасини назорат қилиш бўйича хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ва уларнинг айланмасини назорат қилиш бўйича хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низом талаблари:

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни реализация қилиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини экспорт ва импорт қилиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш босқичларига нисбатан татбиқ этилади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

алкоголь маҳсулотлари — озиқ-овқат хомашёсидан олинган этил спиртидан ва (ёки) таркибида спирт бўлган озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланган ёки фойдаланмаган ҳолда ишлаб чиқарилган, таркибида этил спиртининг ҳажмий улуши бир ярим фоиздан юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулоти;

ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси;

истеъмол этил спирти — этил спиртининг улуши 96,0 фоиздан кам бўлмаган, ҳар хил турдаги дон, қанд лавлагиси, хом шакар, меласса ҳамда таркибида шакар ва крахмал мавжуд бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти бўлган озиқ-овқат хомашёсидан (мева-резаворлардан ташқари) табиий бижғитиш жараёнида олинган ачитқини ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулоти бўлган озиқ-овқат хомашёсидан этил спирти ишлаб чиқариш жараёнида олинадиган хом этил спирти ҳамда этил спиртининг бош фракциясини ректификация қилиш йўли билан ишлаб чиқариладиган ректификатланган этил спирти;

тадбиркорлик субъекти — қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда лицензия ёки хабардор қилиш тартиб-таомили асосида истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва муомалага киритиш билан шуғулланувчи, шунингдек, ушбу маҳсулотларнинг Техник регламент талабларига мувофиқлиги учун жавобгар бўлган юридик ва жисмоний шахслар;

тамаки маҳсулоти — таркибида хомашё сифатида тамаки барги ва (ёки) тамаки ўсимлигининг бошқа қисмлари мавжуд бўлган маҳсулот.

Қуйидагилар тамаки маҳсулотлари жумласига киради:

чекиладиган маҳсулотлар (папирослар, сигаралар, сигареталар, сигариллалар (сигариталар), қиздириладиган тамаки маҳсулотлари, чилим учун тамаки, ингичка қирқилган, чекиладиган тамаки, трубка учун тамаки) ва чекилмайдиган маҳсулотлар (носвой, тамакили снюс, ҳидланадиган тамаки, чайналадиган тамаки) шундай маҳсулот бўлиши мумкин;

таркибида никотин ёки никотиннинг ҳосилалари, шу жумладан, никотин тузлари, эритмалари, никотинли суюқликлар ёки таркибида никотинли геллар мавжуд бўлган, лекин тамаки барги ва (ёки) тамаки ўсимлигининг бошқа қисмлари мавжуд бўлмаган маҳсулот. Чекиладиган маҳсулотлар (никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари учун никотинли суюқликлар, никотин суюқлиги бўлган электрон сигареталар, чилим учун никотинли аралашмалар) ва чекилмайдиган маҳсулотлар (никотинли снюс) шундай маҳсулот бўлиши мумкин;

таркибида тамаки ва никотин мавжуд бўлмаган, лекин тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари билан бирга фойдаланиш учун мўлжалланган маҳсулот (никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари учун никотинсиз суюқликлар, никотинсиз суюқлиги бўлган электрон сигареталар, чилим учун никотинсиз қоришмалар);

хавфни таҳлил этиш тизими — хавф мезонлари асосида тадбиркорлик субъекти томонидан истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилишда қонунчилик талабларининг бузилиш хавфи даражасини аниқлаш тизими;

хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган тизими — (кейинги ўринларда — Ахборот тизими) — истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш соҳасидаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи, ҳуқуқбузарлик хавфини автоматик тарзда инсон омилисиз таҳлил қилишни таъминловчи электрон ахборот тизими;

шахсий кабинет — ваколатли давлат органининг ахборот базаси орқали давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг ваколатли давлат органи билан ўзаро муносабатларини электрон шаклда амалга оширишни таъминлайдиган ахборот ресурси.

4. Ахборот тизими ваколатли давлат органи ахборот базасининг ажралмас қисми бўлиб, истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмаси ҳажмини ҳисобга олиш ахборот тизими ҳамда истеъмол ва техник этил спиртини ташувчи автотранспорт воситалари ҳаракатини марказлаштирилган тарзда мониторинг ва назорат қилиш имкониятига эга бўлган геоахборот тизими билан ўзаро интеграциялашган ҳолда фаолият кўрсатади.

2-боб. Хавфни таҳлил этиш тизимини ташкил этиш

5. Хавфни таҳлил этиш мақсадида Ахборот тизимида қуйидаги маълумотлар шакллантирилади:

истеъмол ва техник этил спиртини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган хомашёлар (дон, қанд лавлагиси, меласса ва бошқалар) хариди ва сарфи;

истеъмол ва техник этил спиртини ишлаб чиқариш, сақлаш (қолдиғи) ва сотиш ҳажми ҳамда транспорт воситаларида ташиш;

истеъмол ва техник этил спиртининг биржа савдолари;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари экспорти ва импорти;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланилган хомашёлар (истеъмол этил спирти, тамаки, акциз маркалар, ёрлиқлар ва бошқалар), уларнинг сарфи, ярим тайёр маҳсулотлар ҳажми;

ишлаб чиқарилган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ҳажми ва тури;

ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш, ичимлик суви, электр энергияси ва табиий газ сарфи;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг улгуржи савдоси соҳасида лицензиялаш ва хабардор қилиш талаблари ва шартларининг бажарилиши;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи тадбиркорлик субъектларининг солиқ тўловлари;

назорат хариди натижалари асосида аниқланган камчиликларнинг таҳлили;

ваколатли давлат органи томонидан истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларнинг улгуржи савдоси соҳасида лицензиялаш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига риоя этилиши борасида ўтказиладиган текширувлар;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан аниқланган этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳамда улар учун кўрилган чоралар.

6. Ахборот тизимидаги маълумотлар қуйидагилар асосида шакллантирилади:

а) ишлаб чиқарувчилар томонидан ҳар ой якунида белгиланган ҳисобот шакллари бўйича шахсий кабинет орқали тақдим этиладиган қуйидаги маълумотлар:

истеъмол ва техник этил спиртини ишлаб чиқариш учун фойдаланилган хомашёлар (дон, қанд лавлагиси, меласса ва бошқалар) хариди, сарфи ва қолдиғи;

алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланилган хомашёлар (вино хомашёси, коньяк дистилляти ва бошқалар) сарфи ва қолдиғи, шунингдек, қайта қуйишга (ишлашга) йўналтирилган алкоголь маҳсулотлари ҳажми;

кирим-чиқим, қолдиқда бўлган ҳамда яроқсиз акциз маркалар;

тасдиқланган йиллик ишлаб чиқариш режа-графиги (декабрь ойининг 20-санаси);

б) солиқ органларининг ахборот тизимлари орқали доимий равишда реал вақт режимида қуйидаги маълумотлар:

ишлаб чиқариш ва савдо субъектлари, савдо тушумлари ва тўланган солиқлар;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотлари реализациясига оид шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар;

мажбурий рақамли маркировка кодлари хариди, қолдиғи ва реализацияси;

в) божхона органларининг ахборот тизимлари орқали доимий равишда реал вақт режимида қуйидаги маълумотлар:

истеъмол этил спирти (дистиллялар), алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ҳамда уларнинг хомашёси экспорти ва импорти;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологик ускуналари импорти;

истеъмол ва техник этил спиртини ишлаб чиқариш учун импорт қилинган дон ҳажми;

г) адлия органларининг ахборот тизимлари орқали доимий равишда реал вақт режимида қуйидаги маълумотлар:

давлат рўйхатидан ўтказилган ишлаб чиқарувчи ва савдо субъектлари;

лицензия ҳамда хабардор қилиш тартиб-таомили асосида фаолият кўрсатувчи ишлаб чиқарувчи ва савдо субъектлари;

патентланган товар белгилари ва саноат намуналари;

д) Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг ахборот тизимлари орқали доимий равишда реал вақт режимида истеъмол ва техник этил спирти савдоси, шунингдек, истеъмол ва техник этил спиртини ишлаб чиқариш учун харид қилинган дон ҳажми тўғрисидаги маълумотлар;

е) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан шахсий кабинет орқали белгиланган ҳисобот шакллари асосида аниқланган истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ва ўтказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар;

ж) ваколатли давлат органининг қуйидаги маълумотлари:

назорат хариди ҳамда лицензиялаш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига риоя этилиши борасида ўтказиладиган текширувлар натижалари — текширув якуни бўйича;

ҳуқуқбузарлик учун қўлланилган ҳуқуқий (маъмурий ва жиноий) ва молиявий таъсир чоралари — ҳар ой якуни бўйича ҳисобот шаклида;

ишлаб чиқаришда фойдаланилган ичимлик суви, электр энергияси ва табиий газ сарфи — ҳар ой якуни бўйича ҳисобот шаклида;

истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, шунингдек, истеъмол ва техник этил спиртини ташиш ҳажми — ахборот тизимлари орқали доимий равишда реал вақт режимида.

7. Давлат органларининг ахборот тизимлари ваколатли давлат органининг Ахборот тизимига «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилинади.

Давлат органлари ваколатли давлат органининг Ахборот тизимидаги маълумотларидан белгиланган тартибда фойдаланиши мумкин.

3-боб. Ҳуқуқбузарлик хавфи даражасининг таҳлили

8. Ахборот тизимида ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган маълумотлар асосида белгиланган мезонлар бўйича автоматлаштирилган тарзда ҳуқуқбузарлик хавфи даражаси доимий равишда таҳлил қилиб борилади.

9. Хавф даражасини таҳлил қилиш жараёнида тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиб туриш ёки унга тўсқинлик қилиш тақиқланади.

10. Ҳуқуқбузарлик хавфи таҳлили натижасида балл тизими орқали ҳуқуқбузарлик хавфи даражаси баҳоланади.

11. Ҳуқуқбузарлик хавфи даражалари ва уларнинг балл тизими Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ҳолда ваколатли давлат органи бошлиғининг буйруғи билан тасдиқланади.

12. Хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектлари уч тоифага бўлинади:

ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъекти;

ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача бўлган тадбиркорлик субъекти;

ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъекти.

13. Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори, ўртача ёки паст бўлган тадбиркорлик субъектлари рўйхати Ахборот тизими маълумотлари асосида шакллантирилади.

14. Ахборот тизими маълумотлари асосида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўрта ёки юқори бўлган тадбиркорлик субъектида қонунчиликда белгиланган тартибда текширув ўтказилади ва тегишли далолатнома тузилади.

Текширув давомида истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ бўлмаган масалаларни ўрганиш тақиқланади.

15. Қуйидаги ҳолларда ҳуқуқбузарлик хавф даражаси таҳлилларини амалга оширмасдан, тадбиркорлик субъектида текширув ўтказилади:

фаолият билан шуғулланишга лицензия олиш учун мурожаат этилганда, фаолияти давомида лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлиги юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганишлар;

яширин ишлаб чиқариш, акциз маркасиз, рақамли маркировкасиз ёки сифатсиз этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш ҳолатларида;

лицензиясиз ёки хабардор этмасдан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиш ҳолатлари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида;

аниқ факт ва ҳоллар бўйича фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига, давлат манфаатларига, атроф-муҳитга зарар етказиш хавфининг тезкор олдини олиш ёки бартараф этишда;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда.

16. Хавф даражаси юқори бўлмаган тадбиркорлик субъектига аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида уларга йўл қўймаслик борасида шахсий кабинет орқали ёзма равишда хабарнома (огоҳлантириш) юборилади.

Тадбиркорлик субъектига камчиликларни бартараф этиш учун ўн кундан ортиқ бўлмаган муддат белгиланади.

Белгиланган муддатда камчиликларни бартараф этмаган тадбиркорлик субъектининг хавф даражаси ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўрта ёки юқори бўлган тадбиркорлик субъекти тоифасига киритилади.

17. Хавф даражасини таҳлил қилиш натижасида ишлаб чиқарилган ва реализация қилинган маҳсулот ҳажми солиқ ҳисоботлари маълумотлари ҳамда ишлаб чиқариш ва реализация қилишда фойдаланилган хомашёлар (акциз марка, маркировка коди, истеъмол этил спирти, тайёр маҳсулот ва бошқалар) ҳажми ўртасида фарқ аниқланганда, ваколатли давлат органи шахсий кабинет орқали ишлаб чиқарувчи ёки савдо субъектига ушбу ҳолат юзасидан хабарнома юборади.

18. Хавфни таҳлил этиш тизими асосида мониторинг ва назорат ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

19. Ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфни таҳлил этиш натижаларидан норози бўлган тадбиркорлик субъекти юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.

20. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ва уларнинг айланмасини назорат қилиш бўйича хавфни таҳлил этиш автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Хавфни таҳлил этиш тизими асосида мониторинг ва назорат қилиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси (кейинги ўринларда — Ваколатли давлат органи) 1. Тадбиркорлик субъекти ва давлат органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар ҳамда ахборот тизимлари маълумотлари асосида истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини Ахборот тизимида таҳлил қилади ва ўрганади. 1. Доимий равишда 2. Таҳлил ва ўрганиш давомида ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш чораларини кўради ёки мониторинг натижаларига кўра текширув ўтказиш тўғрисида буйруқ қабул қилади. 2. Мониторинг натижаларига кўра 1 кун ичида 2-босқич Ваколатли давлат органи 1. Текширилаётган тадбиркорлик субъекти мансабдор шахсини буйруқ билан таништиради. 2. Текширувни амалга ошириш, текширув предметига доир ҳужжатлар, материаллар ва маълумотларни ўрганади ва таҳлил қилади. 2 кундан ортиқ бўлмаган муддатда 3-босқич Текширилаётган тадбиркорлик субъекти 1. Текширув жараёнида иштирок этади, текширув материаллари билан танишади ва нусха олади. 2. Текширувни ўтказишга ҳар томонлама кўмаклашади ва текширувга доир масалалар бўйича ёзма тушунтиришлар беради. Текширув давомида 4-босқич Ваколатли давлат органи 1. Текширув натижалари бўйича далолатнома тузади ва унинг нусхасини текширилаётган тадбиркорлик субъектига тақдим этади. 2. Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича чоралар кўради. Текширув якуни бўйича

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 октябрдаги 650-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ва уларнинг айланмасини назорат қилиш бўйича «таҳлика-таҳлил» тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 18 мартдаги 166-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 30 ноябрдаги 753-сон қарорига 4-илованинг 8-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 31 декабрдаги 833-сон қарорига 5-илованинг 6-банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 809-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 17 октябрь,

650 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.10.2025 й., 09/25/650/0946-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING

QARORI

NIZOM

SXEMASI

ROʻYXATI

Isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlari ishlab chiqarishni va ularning aylanmasini nazorat qilish boʻyicha xavfni tahlil etish avtomatlashtirilgan tizimini joriy qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshida Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida” 2024-yil 3-iyundagi PQ-204-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlari ishlab chiqarishni va ularning aylanmasini nazorat qilish boʻyicha xavfni tahlil etish avtomatlashtirilgan tizimini joriy qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish va ularning aylanmasi sohasida huquqbuzarlik xavfini avtomatik tarzda inson omilisiz tahlil qilish;

huquqbuzarlik xavfi mezonlari asosida tahlil qilish va natijasi boʻyicha balli tizim orqali huquqbuzarlik xavfi darajasini baholash.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

3. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 17-oktabrdagi 650-son qaroriga 1-ILOVA

Isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlari ishlab chiqarishni va ularning aylanmasini nazorat qilish boʻyicha xavfni tahlil etish avtomatlashtirilgan tizimini joriy qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarishni va ularning aylanmasini nazorat qilish boʻyicha xavfni tahlil etish avtomatlashtirilgan tizimini joriy qilish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizom talablari:

isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish va ularni realizatsiya qilish bilan shugʻullanuvchi tadbirkorlik subyektlariga;

isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini eksport va import qilish, ishlab chiqarish, qayta ishlash, saqlash, tashish va realizatsiya qilish bosqichlariga nisbatan tatbiq etiladi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

alkogol mahsulotlari — oziq-ovqat xomashyosidan olingan etil spirtidan va (yoki) tarkibida spirt boʻlgan oziq-ovqat mahsulotidan foydalangan yoki foydalanmagan holda ishlab chiqarilgan, tarkibida etil spirtining hajmiy ulushi bir yarim foizdan yuqori boʻlgan oziq-ovqat mahsuloti;

vakolatli davlat organi — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshidagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi;

isteʼmol etil spirti — etil spirtining ulushi 96,0 foizdan kam boʻlmagan, har xil turdagi don, qand lavlagisi, xom shakar, melassa hamda tarkibida shakar va kraxmal mavjud boshqa qishloq xoʻjaligi mahsuloti boʻlgan oziq-ovqat xomashyosidan (meva-rezavorlardan tashqari) tabiiy bijgʻitish jarayonida olingan achitqini yoki qishloq xoʻjaligi mahsuloti boʻlgan oziq-ovqat xomashyosidan etil spirti ishlab chiqarish jarayonida olinadigan xom etil spirti hamda etil spirtining bosh fraksiyasini rektifikatsiya qilish yoʻli bilan ishlab chiqariladigan rektifikatlangan etil spirti;

tadbirkorlik subyekti — qonunchilikda belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtgan hamda litsenziya yoki xabardor qilish tartib-taomili asosida isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish va muomalaga kiritish bilan shugʻullanuvchi, shuningdek, ushbu mahsulotlarning Texnik reglament talablariga muvofiqligi uchun javobgar boʻlgan yuridik va jismoniy shaxslar;

tamaki mahsuloti — tarkibida xomashyo sifatida tamaki bargi va (yoki) tamaki oʻsimligining boshqa qismlari mavjud boʻlgan mahsulot.

Quyidagilar tamaki mahsulotlari jumlasiga kiradi:

chekiladigan mahsulotlar (papiroslar, sigaralar, sigaretalar, sigarillalar (sigaritalar), qizdiriladigan tamaki mahsulotlari, chilim uchun tamaki, ingichka qirqilgan, chekiladigan tamaki, trubka uchun tamaki) va chekilmaydigan mahsulotlar (nosvoy, tamakili snyus, hidlanadigan tamaki, chaynaladigan tamaki) shunday mahsulot boʻlishi mumkin;

tarkibida nikotin yoki nikotinning hosilalari, shu jumladan, nikotin tuzlari, eritmalari, nikotinli suyuqliklar yoki tarkibida nikotinli gellar mavjud boʻlgan, lekin tamaki bargi va (yoki) tamaki oʻsimligining boshqa qismlari mavjud boʻlmagan mahsulot. Chekiladigan mahsulotlar (nikotin yetkazib berishning elektron tizimlari uchun nikotinli suyuqliklar, nikotin suyuqligi boʻlgan elektron sigaretalar, chilim uchun nikotinli aralashmalar) va chekilmaydigan mahsulotlar (nikotinli snyus) shunday mahsulot boʻlishi mumkin;

tarkibida tamaki va nikotin mavjud boʻlmagan, lekin tamakini hamda nikotinni isteʼmol qilish moslamalari bilan birga foydalanish uchun moʻljallangan mahsulot (nikotin yetkazib berishning elektron tizimlari uchun nikotinsiz suyuqliklar, nikotinsiz suyuqligi boʻlgan elektron sigaretalar, chilim uchun nikotinsiz qorishmalar);

xavfni tahlil etish tizimi — xavf mezonlari asosida tadbirkorlik subyekti tomonidan isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish va realizatsiya qilishda qonunchilik talablarining buzilish xavfi darajasini aniqlash tizimi;

xavfni tahlil etish avtomatlashtirilgan tizimi — (keyingi oʻrinlarda — Axborot tizimi) — isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish va realizatsiya qilish sohasidagi maʼlumotlarni toʻplash, tahlil qilish va qayta ishlash imkonini beruvchi, huquqbuzarlik xavfini avtomatik tarzda inson omilisiz tahlil qilishni taʼminlovchi elektron axborot tizimi;

shaxsiy kabinet — vakolatli davlat organining axborot bazasi orqali davlat organlari va tadbirkorlik subyektlarining vakolatli davlat organi bilan oʻzaro munosabatlarini elektron shaklda amalga oshirishni taʼminlaydigan axborot resursi.

4. Axborot tizimi vakolatli davlat organi axborot bazasining ajralmas qismi boʻlib, isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish va ularning aylanmasi hajmini hisobga olish axborot tizimi hamda isteʼmol va texnik etil spirtini tashuvchi avtotransport vositalari harakatini markazlashtirilgan tarzda monitoring va nazorat qilish imkoniyatiga ega boʻlgan geoaxborot tizimi bilan oʻzaro integratsiyalashgan holda faoliyat koʻrsatadi.

2-bob. Xavfni tahlil etish tizimini tashkil etish

5. Xavfni tahlil etish maqsadida Axborot tizimida quyidagi maʼlumotlar shakllantiriladi:

isteʼmol va texnik etil spirtini ishlab chiqarish uchun foydalaniladigan xomashyolar (don, qand lavlagisi, melassa va boshqalar) xaridi va sarfi;

isteʼmol va texnik etil spirtini ishlab chiqarish, saqlash (qoldigʻi) va sotish hajmi hamda transport vositalarida tashish;

isteʼmol va texnik etil spirtining birja savdolari;

alkogol va tamaki mahsulotlari eksporti va importi;

alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarishda foydalanilgan xomashyolar (isteʼmol etil spirti, tamaki, aksiz markalar, yorliqlar va boshqalar), ularning sarfi, yarim tayyor mahsulotlar hajmi;

ishlab chiqarilgan alkogol va tamaki mahsulotlari hajmi va turi;

ishlab chiqarish quvvatlaridan foydalanish, ichimlik suvi, elektr energiyasi va tabiiy gaz sarfi;

alkogol va tamaki mahsulotlarining ulgurji va chakana savdosi;

isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish hamda ularning ulgurji savdosi sohasida litsenziyalash va xabardor qilish talablari va shartlarining bajarilishi;

isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqaruvchi va realizatsiya qiluvchi tadbirkorlik subyektlarining soliq toʻlovlari;

nazorat xaridi natijalari asosida aniqlangan kamchiliklarning tahlili;

vakolatli davlat organi tomonidan isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish, ularning ulgurji savdosi sohasida litsenziyalash va xabardor qilish tartib-taomillariga rioya etilishi borasida oʻtkaziladigan tekshiruvlar;

huquqni muhofaza qiluvchi va nazorat organlari tomonidan aniqlangan etil spirti, alkogol va tamaki mahsulotlarini qonunga xilof ravishda muomalaga kiritish yoki ishlab chiqarish bilan bogʻliq huquqbuzarliklar hamda ular uchun koʻrilgan choralar.

6. Axborot tizimidagi maʼlumotlar quyidagilar asosida shakllantiriladi:

a) ishlab chiqaruvchilar tomonidan har oy yakunida belgilangan hisobot shakllari boʻyicha shaxsiy kabinet orqali taqdim etiladigan quyidagi maʼlumotlar:

isteʼmol va texnik etil spirtini ishlab chiqarish uchun foydalanilgan xomashyolar (don, qand lavlagisi, melassa va boshqalar) xaridi, sarfi va qoldigʻi;

alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarishda foydalanilgan xomashyolar (vino xomashyosi, konyak distillyati va boshqalar) sarfi va qoldigʻi, shuningdek, qayta quyishga (ishlashga) yoʻnaltirilgan alkogol mahsulotlari hajmi;

kirim-chiqim, qoldiqda boʻlgan hamda yaroqsiz aksiz markalar;

tasdiqlangan yillik ishlab chiqarish reja-grafigi (dekabr oyining 20-sanasi);

b) soliq organlarining axborot tizimlari orqali doimiy ravishda real vaqt rejimida quyidagi maʼlumotlar:

ishlab chiqarish va savdo subyektlari, savdo tushumlari va toʻlangan soliqlar;

isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlari realizatsiyasiga oid shartnomalar, hisobvaraq-fakturalar;

majburiy raqamli markirovka kodlari xaridi, qoldigʻi va realizatsiyasi;

v) bojxona organlarining axborot tizimlari orqali doimiy ravishda real vaqt rejimida quyidagi maʼlumotlar:

isteʼmol etil spirti (distillyalar), alkogol va tamaki mahsulotlari hamda ularning xomashyosi eksporti va importi;

isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish texnologik uskunalari importi;

isteʼmol va texnik etil spirtini ishlab chiqarish uchun import qilingan don hajmi;

g) adliya organlarining axborot tizimlari orqali doimiy ravishda real vaqt rejimida quyidagi maʼlumotlar:

davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan ishlab chiqaruvchi va savdo subyektlari;

litsenziya hamda xabardor qilish tartib-taomili asosida faoliyat koʻrsatuvchi ishlab chiqaruvchi va savdo subyektlari;

patentlangan tovar belgilari va sanoat namunalari;

d) Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasining axborot tizimlari orqali doimiy ravishda real vaqt rejimida isteʼmol va texnik etil spirti savdosi, shuningdek, isteʼmol va texnik etil spirtini ishlab chiqarish uchun xarid qilingan don hajmi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

e) huquqni muhofaza qiluvchi va nazorat organlari tomonidan shaxsiy kabinet orqali belgilangan hisobot shakllari asosida aniqlangan isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini qonunga xilof ravishda ishlab chiqarish va oʻtkazish bilan bogʻliq huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

j) vakolatli davlat organining quyidagi maʼlumotlari:

nazorat xaridi hamda litsenziyalash va xabardor qilish tartib-taomillariga rioya etilishi borasida oʻtkaziladigan tekshiruvlar natijalari — tekshiruv yakuni boʻyicha;

huquqbuzarlik uchun qoʻllanilgan huquqiy (maʼmuriy va jinoiy) va moliyaviy taʼsir choralari — har oy yakuni boʻyicha hisobot shaklida;

ishlab chiqarishda foydalanilgan ichimlik suvi, elektr energiyasi va tabiiy gaz sarfi — har oy yakuni boʻyicha hisobot shaklida;

isteʼmol va texnik etil spirti hamda alkogol mahsulotlarini ishlab chiqarish va realizatsiya qilish, shuningdek, isteʼmol va texnik etil spirtini tashish hajmi — axborot tizimlari orqali doimiy ravishda real vaqt rejimida.

7. Davlat organlarining axborot tizimlari vakolatli davlat organining Axborot tizimiga “Elektron hukumat” tizimining idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali integratsiya qilinadi.

Davlat organlari vakolatli davlat organining Axborot tizimidagi maʼlumotlaridan belgilangan tartibda foydalanishi mumkin.

3-bob. Huquqbuzarlik xavfi darajasining tahlili

8. Axborot tizimida ushbu Nizomning 6-bandida koʻrsatilgan maʼlumotlar asosida belgilangan mezonlar boʻyicha avtomatlashtirilgan tarzda huquqbuzarlik xavfi darajasi doimiy ravishda tahlil qilib boriladi.

9. Xavf darajasini tahlil qilish jarayonida tadbirkorlik subyekti faoliyatini toʻxtatib turish yoki unga toʻsqinlik qilish taqiqlanadi.

10. Huquqbuzarlik xavfi tahlili natijasida ball tizimi orqali huquqbuzarlik xavfi darajasi baholanadi.

11. Huquqbuzarlik xavfi darajalari va ularning ball tizimi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil bilan kelishilgan holda vakolatli davlat organi boshligʻining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.

12. Xavflilik darajasidan kelib chiqib, tadbirkorlik subyektlari uch toifaga boʻlinadi:

huquqbuzarlik sodir etish xavfi yuqori boʻlgan tadbirkorlik subyekti;

huquqbuzarlik sodir etish xavfi oʻrtacha boʻlgan tadbirkorlik subyekti;

huquqbuzarlik sodir etish xavfi past boʻlgan tadbirkorlik subyekti.

13. Huquqbuzarlik sodir etish xavfi yuqori, oʻrtacha yoki past boʻlgan tadbirkorlik subyektlari roʻyxati Axborot tizimi maʼlumotlari asosida shakllantiriladi.

14. Axborot tizimi maʼlumotlari asosida huquqbuzarlik sodir etish xavfi oʻrta yoki yuqori boʻlgan tadbirkorlik subyektida qonunchilikda belgilangan tartibda tekshiruv oʻtkaziladi va tegishli dalolatnoma tuziladi.

Tekshiruv davomida isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish va realizatsiya qilish bilan bogʻliq boʻlmagan masalalarni oʻrganish taqiqlanadi.

15. Quyidagi hollarda huquqbuzarlik xavf darajasi tahlillarini amalga oshirmasdan, tadbirkorlik subyektida tekshiruv oʻtkaziladi:

faoliyat bilan shugʻullanishga litsenziya olish uchun murojaat etilganda, faoliyati davomida litsenziya talablari va shartlariga muvofiqligi yuzasidan qonunchilikda belgilangan tartibda oʻrganishlar;

yashirin ishlab chiqarish, aksiz markasiz, raqamli markirovkasiz yoki sifatsiz etil spirti, alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish va sotish holatlarida;

litsenziyasiz yoki xabardor etmasdan alkogol va tamaki mahsulotlari savdosi bilan shugʻullanish holatlari boʻyicha jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari asosida;

aniq fakt va hollar boʻyicha fuqarolarning hayoti va sogʻligʻiga, jamoat xavfsizligiga, davlat manfaatlariga, atrof-muhitga zarar yetkazish xavfining tezkor oldini olish yoki bartaraf etishda;

qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa holatlarda.

16. Xavf darajasi yuqori boʻlmagan tadbirkorlik subyektiga aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish va kelgusida ularga yoʻl qoʻymaslik borasida shaxsiy kabinet orqali yozma ravishda xabarnoma (ogohlantirish) yuboriladi.

Tadbirkorlik subyektiga kamchiliklarni bartaraf etish uchun oʻn kundan ortiq boʻlmagan muddat belgilanadi.

Belgilangan muddatda kamchiliklarni bartaraf etmagan tadbirkorlik subyektining xavf darajasi huquqbuzarlik sodir etish xavfi oʻrta yoki yuqori boʻlgan tadbirkorlik subyekti toifasiga kiritiladi.

17. Xavf darajasini tahlil qilish natijasida ishlab chiqarilgan va realizatsiya qilingan mahsulot hajmi soliq hisobotlari maʼlumotlari hamda ishlab chiqarish va realizatsiya qilishda foydalanilgan xomashyolar (aksiz marka, markirovka kodi, isteʼmol etil spirti, tayyor mahsulot va boshqalar) hajmi oʻrtasida farq aniqlanganda, vakolatli davlat organi shaxsiy kabinet orqali ishlab chiqaruvchi yoki savdo subyektiga ushbu holat yuzasidan xabarnoma yuboradi.

18. Xavfni tahlil etish tizimi asosida monitoring va nazorat ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

19. Huquqbuzarlik sodir etish xavfni tahlil etish natijalaridan norozi boʻlgan tadbirkorlik subyekti yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilishga haqli.

20. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol hamda tamaki mahsulotlari ishlab chiqarishni va ularning aylanmasini nazorat qilish boʻyicha xavfni tahlil etish avtomatlashtirilgan tizimini joriy qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Xavfni tahlil etish tizimi asosida monitoring va nazorat qilish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Bosh prokuratura huzuridagi Iqtisodiy jinoyatlarga qarshi kurashish departamenti qoshidagi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish inspeksiyasi (keyingi oʻrinlarda — Vakolatli davlat organi) 1. Tadbirkorlik subyekti va davlat organlari tomonidan taqdim etiladigan maʼlumotlar hamda axborot tizimlari maʼlumotlari asosida isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarish va ularning aylanmasini Axborot tizimida tahlil qiladi va oʻrganadi. 1. Doimiy ravishda 2. Tahlil va oʻrganish davomida huquqbuzarlik alomatlari aniqlangan taqdirda, ularni bartaraf etish choralarini koʻradi yoki monitoring natijalariga koʻra tekshiruv oʻtkazish toʻgʻrisida buyruq qabul qiladi. 2. Monitoring natijalariga koʻra 1 kun ichida 2-bosqich Vakolatli davlat organi 1. Tekshirilayotgan tadbirkorlik subyekti mansabdor shaxsini buyruq bilan tanishtiradi. 2. Tekshiruvni amalga oshirish, tekshiruv predmetiga doir hujjatlar, materiallar va maʼlumotlarni oʻrganadi va tahlil qiladi. 2 kundan ortiq boʻlmagan muddatda 3-bosqich Tekshirilayotgan tadbirkorlik subyekti 1. Tekshiruv jarayonida ishtirok etadi, tekshiruv materiallari bilan tanishadi va nusxa oladi. 2. Tekshiruvni oʻtkazishga har tomonlama koʻmaklashadi va tekshiruvga doir masalalar boʻyicha yozma tushuntirishlar beradi. Tekshiruv davomida 4-bosqich Vakolatli davlat organi 1. Tekshiruv natijalari boʻyicha dalolatnoma tuzadi va uning nusxasini tekshirilayotgan tadbirkorlik subyektiga taqdim etadi. 2. Aniqlangan huquqbuzarlik holatlari boʻyicha choralar koʻradi. Tekshiruv yakuni boʻyicha

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 17-oktabrdagi 650-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Isteʼmol va texnik etil spirti, alkogol va tamaki mahsulotlarini ishlab chiqarishni va ularning aylanmasini nazorat qilish boʻyicha “tahlika-tahlil” tizimini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2020-yil 18-martdagi 166-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Alkogol va tamaki bozorini tartibga solish hamda vinochilikni rivojlantirish agentligi faoliyatiga oid normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2020-yil 30-noyabrdagi 753-son qaroriga 4-ilovaning 8-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Ayrim turdagi mahsulotlarni majburiy raqamli markirovkalash tizimi bosqichma-bosqich joriy etilishini taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 31-dekabrdagi 833-son qaroriga 5-ilovaning 6-bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 809-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 17-oktabr,

650 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 18.10.2025-y., 09/25/650/0946-son)

lex.uz