UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 17-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 17 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 17 октября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 17 October 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

Олий таълим ташкилотларида тьюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Талаба-ёшларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг шахсий-касбий ривожланишига яқиндан ёрдам бериш, талабалар билан индивидуал ишлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Олий таълим ташкилотларида тьюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

тьюторлик фаолиятининг мақсад ва вазифалари;

тьюторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

тьюторлик фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш ҳамда тьюторларга қўйиладиган малака талаблари;

тьюторлар фаолиятини мувофиқлаштириш.

2. Олий таълим ташкилотларида талаба-ёшлар тарбияси билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш, уларда ватанпарварлик руҳини ошириш ва тьюторлик фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги икки ой муддатда:

тьюторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш (KPI) тизимини ишлаб чиқиб, тасдиқласин ҳамда амалиётга жорий этсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 октябрдаги 656-сон қарорига 1-ИЛОВА

Олий таълим ташкилотларида тьюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом олий таълим ташкилотларида тьюторлик фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом талаблари нодавлат олий таълим ташкилотлари учун тавсиявий хусусиятга эга.

3. Тьюторлар олий таълим ташкилотида талаба-ёшларни ҳар томонлама камол топтиришга, уларда маънавий-ахлоқий қадриятлар ва кенг дунёқарашни шакллантиришга қаратилган тизимли фаолият олиб боради.

4. Тьюторлар ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари, олий таълим ташкилотининг ички тартиб-қоидалари ва одоб-ахлоқ кодекси ҳамда ушбу Низом асосида ташкил этади.

5. Тьюторлар фаолиятига олий таълим ташкилотининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори (директор ўринбосари) умумий раҳбарлик қилади.

2-боб. Тьюторлик фаолиятининг мақсади ва асосий вазифалари

6. Тьюторлик фаолиятининг мақсади — талаба-ёшларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, шахсий-касбий ривожланишига яқиндан ёрдам бериш, талабаларнинг таълим-тарбия жараёнларига мослашувини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил қилишдан иборат.

7. Тьюторлик фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

талабаларнинг олий таълим ташкилоти ва таълим-тарбия жараёнларига мослашувига, ахборот-ресурслари ва бошқа манбалардан самарали фойдаланишига кўмаклашиш ҳамда шахсий-касбий қизиқишларини ривожлантиришга қаратилган якка ва жамоавий маслаҳатлар бериб бориш, ички тартиб-қоидалар, одоб-ахлоқ кодекси ҳамда бошқа локал ҳужжатлар билан талабаларни таништириш;

талабаларни ватанпарварлик, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш;

талабаларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, шунингдек, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш;

ногиронлиги бўлган, етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни ҳамда ижтимоий-маданий, маънавий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этаётган талабаларни рағбатлантириш бўйича таклифлар киритиш;

талабаларнинг яшаш манзиллари (талабалар турар жойи, ижара, яқин қариндоши ва хусусий хонадонлар) бўйича мунтазам мониторинг юритиш ҳамда у ердаги шароит ва талабаларнинг ижтимоий (оилавий) ҳолатидан хабардор бўлиш, уларнинг бу борадаги муаммоларини ўрганиб, уни бартараф этиш бўйича раҳбариятга тегишли таклифлар киритиш;

талабаларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда уларни фарзандининг ўқув-тарбиявий ва ижтимоий-маиший соҳалардаги фаолияти тўғрисидаги маълумотлардан хабардор қилиб бориш.

3-боб. Тьюторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

8. Тьюторлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давомат ва ўзлаштиришни мониторинг қилиб бориш мақсадида ўзига бириктирилган талабаларнинг дарсларини кузатиш;

талабаларнинг талабалар турар жойига жойлашиши ва ундан чиқарилиши ҳамда яшаш шароитларини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш;

талабаларга тавсифнома ва академик таътил бериш масаласини ҳал этишда иштирок этиш, факультетда (олий мактабда) талабалар ҳақидаги мавжуд маълумотлардан хизмат фаолияти доирасида фойдаланиш;

талабалар билимининг баҳоланишини кузатиш.

Тьюторлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

9. Тьюторлар меҳнат шартномасида кўрсатилган ишлар билан бир қаторда, асосий ишидан бўш вақтида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўриндошлик асосида педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин.

10. Қуйидагилар тьюторларнинг мажбуриятлари ҳисобланади:

талабаларнинг одоб-ахлоқ кодекси ва ички тартиб-қоидаларга риоя этилишини кундалик назорат қилиш;

талабаларнинг шаъни, қадр-қиммати ва обрўсини ҳурмат қилиш, улар ҳақидаги шахсий маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор қилмаслик;

талабалар ва уларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни олий таълим ташкилоти низоми, ички тартиб-қоидалари, одоб-ахлоқ кодекси, талабалар турар жойидан фойдаланиш қоидалари ва таълим фаолиятини тартибга солувчи бошқа ҳужжатлар билан таништириш;

талабалар билан боғлиқ фавқулодда муаммоли вазиятлар юзасидан зудлик билан факультет (олий мактаб) декани ва бошқа масъулларга ахборот бериш.

Тьюторлар зиммасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

4-боб. Тьюторлик фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш

11. Тьюторлик асосий меҳнат фаолияти бўлиб, бунда тьюторлик учун бакалавр даражаси тўғрисидаги ҳужжат (ёки унга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар) талаб этилади.

12. Тьюторларга бакалавриат босқичининг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 1 — 3-курс талабалари бириктирилади ва уларнинг сони, қоида тариқасида, 120 — 150 нафардан иборат бўлади.

13. Тьюторлар таълим ташкилотида тегишли бўлим ва тузилмалар билан ҳамкорликда ўқув йили учун тасдиқланган иш режаси асосида фаолиятини ташкил этади.

14. Тьюторлар фаолиятига оид чораклик ҳисоботлар тегишли бўлинма томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш марказининг электрон тизимига киритиб борилади.

15. Талабаларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш учун тьюторларнинг иш куни давомийлигини олий таълим ташкилотидаги ўқув жараёни графигидан келиб чиққан ҳолда, мослашувчан иш графиги асосида белгилаш мумкин.

5-боб. Тьюторларга қўйиладиган малака талаблари

16. Тьюторлар:

таълим фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, таълим стандартлари талаблари ва мазмунини билиши;

талабалар билан ишлаш, маънавий-маърифий соҳага оид билимлар, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш малакасига эга бўлиши, соҳага оид янгиликлардан хабардор бўлиши;

ахборотни таҳлил қила олиш ва умумлаштириш, ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш, қарорлар қабул қилиш ва ўз фикрларини ёзма ҳамда оғзаки баён этиш, топшириқларни қисқа ва лўнда ифода этиш қобилиятига эга бўлиши;

талабаларнинг олий таълим ташкилотидаги фаолиятини таҳлил қила олиши, муаммоларини аниқлаши ва уларни ҳал қилишнинг самарали йўлларини топиш ва амалда қўллашни билиши лозим.

17. Тьюторларга нисбатан қуйидаги малака талаблари қўйилади:

олий маълумотга (бакалавр) эга бўлиш (илмий даража ва илмий унвонга эга шахсларга афзалликлар берилади);

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ таълим бериш ҳуқуқидан маҳрум этилмаган бўлиши;

маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар услубиёти ва амалиётини чуқур англаб етган, педагогик-психологик билим ва тажрибага эга бўлиш;

намунавий шахсий фазилатларга, шу жумладан, маданиятли, масъулиятли, киришувчан, ватанпарвар ва ташаббускор бўлиш;

мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларига эга бўлиш.

18. Ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган мутахассислар тьюторлик лавозимига тайинланмайди.

6-боб. Тьюторлар фаолиятини мувофиқлаштириш

19. Тьюторлар фаолиятини ташкил этиш, мувофиқлаштириш, ташкилий-методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича масъулият олий таълим ташкилотининг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлимига юклатилади.

20. Олий таълим ташкилотининг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими:

тьюторларнинг ишини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради;

тьюторларнинг иш тажрибасини ўрганади, умумлаштиради, илғор иш тажрибаларини оммалаштиради;

тьюторлар учун талабалар билан маънавий-маърифий, касбий-ижодий фаолиятни ташкил этишнинг инновацион технологиялари, самарали шакл ва методлари бўйича семинарлар, ўқувлар ташкил этади;

ҳар чоракда тьюторлар фаолиятининг самарадорлиги юзасидан таҳлилий ҳисоботларини тайёрлайди, таклифларни умумлаштиради, раҳбариятга тақдим этади;

факультет (олий мактаб) декани билан ҳамкорликда юқори самарадорлик (KPI) кўрсатган тьюторларни рағбатлантириш ва малака ошириш, стажировкаларини ташкил этиш бўйича раҳбариятга таклифларни киритади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

21. Тьюторлар ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун шахсан жавобгардир.

22. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 октябрдаги 656-сон қарорига 2-ИЛОВА

Олий таълим ташкилотларида талаба-ёшлар тарбияси билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш, уларда ватанпарварлик руҳини ошириш ва тьюторлик фаолиятини такомиллаштириш бўйича

Т/р Чора-тадбирлар Амалга ошириш механизми Молиялаштириш манбаи Ижро муддати Масъул ижрочилар I . Ёшлар тарбияси билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш 1. Талабаларнинг таълим ташкилоти фаолияти бўйича билдирган холис муносабатлари асосида олий таълим ташкилотидаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш. 1. Олий таълим ташкилотларининг ижтимоий-маънавий муҳитини ўрганиш ва барқарорлигини таъминлаб бориш мақсадида ижтимоий сўровномалар ўтказиш. Олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари 2025 йил ноябрь Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим ташкилотлари 2. Олий таълим ташкилотларида ҳар бир курс вакилларидан иборат «Курс қўмиталари» фаолиятини ташкил этиш орқали талабаларнинг муаммолари ва қизиқишларини доимий ўрганиш. Доимий 3. Сўровномалар натижалари ҳамда талабаларнинг билдирган фикрлари асосида Муаммоларни бартараф этиш дастурини ишлаб чиқиш. Режа-график асосида 4. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Муаммоларни бартараф этиш дастури асосида амалга оширилган ишлар натижадорлиги бўйича очиқ ҳисобот бериш. Режа-график асосида 2. Ахборот маконида ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш. 1. Ҳар бир олий таълим ташкилотида талабалар учун махсус ижтимоий платформалар ва мобил иловаларни яратиш. Олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари 2025 йил декабрь Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим ташкилотлари 2. Ҳар бир олий таълим ташкилотида профессор-ўқитувчи ва талабалар салоҳиятидан самарали фойдаланадиган медиалаборатория фаолиятини ташкил этиш. 2025 йил декабрь 3. Ижтимоий тармоқларни доим кузатиб борадиган, ахборотларни таҳлил қиладиган, зарур ҳолларда, тегишли ахборотга тезкор муносабат билдириш кўникмасига эга малакали мутахассислар иштирокида давра суҳбатлари, брифинг, пресс-клуб, очиқ мулоқот шаклидаги тадбирларни мунтазам ташкил қилиш. Доимий 4. Ижтимоий тармоқлардаги мавжуд контентларни саралаш, талабаларга маънавий-ахлоқий, мафкуравий, диний, сиёсий саводхонлигини оширишга хизмат қиладиган гуруҳ ва каналларни тавсия қилиш, ўз навбатида ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатувчи гуруҳ ва каналлар бўйича талабаларни огоҳлантириб бориш амалиётини йўлга қўйиш. Доимий 3. Олий таълим ташкилотларида тарбия кластери асосида «Устоз-шогирд» анъаналарини ривожлантириш, маънавий-ахлоқий тарбиялаш тизими самарадорлигини ошириш. 1. Олий таълим ташкилотларида «Етакчи ва фаол талабалар мактаби»ни ташкил этиш орқали ижтимоий фаол ёшларни тайёрлаш ва уларга таълим ташкилотидаги ижтимоий-маънавий жараёнларни бошқаришга имконият бериш. Олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари 2025 йил декабрь Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим ташкилотлари 2. Олий таълим ташкилотининг илмий даражали, ёши улуғ, бой ҳаётий тажрибага эга ва ҳурматга сазовор профессор-ўқитувчиларини талабаларга бириктириш орқали «Бир зиёли — 10 талабага маънавий устоз» тизимини жорий этиш. 2025 йил декабрь 4. Талабалар ўртасида эстетик тарбияни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш. 1. Олий таълим ташкилотларида адабиёт, санъат ва маданият бурчаклари ташкил этиш, санъат асарлари, миллий қадриятларни акс эттирувчи элементларни жойлаштириш орқали эстетик муҳитни яратиш. Олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари 2025 йил ноябрь Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим ташкилотлари 2. Турли эстетик ривожланиш лойиҳалари, «Ижодкор талабалар ҳафталиги», санъат асарлари кўргазмалари, ижодий клублар ва тўгараклар ташкил қилиш. 2025 йил декабрь 3. Талабаларнинг музей, театр каби санъат ва маданият муассасаларига ташрифларини тизимли йўлга қўйиш. Режа асосида 4. Олий таълим ташкилотларида мусиқа ва рақс ансамбллари фаолиятини ташкил этиш. 2025 йил декабрь II . Талаба ёшларни Ватанга садоқат ва унинг тараққиётига дахлдорлик руҳида тарбиялаш 5. Талаба-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юрт тарихига ва аждодлар меросига ҳурмат ҳиссини шакллантиришга қаратилган маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш. 1. «Маърифат дарслари» доирасида мутахассислар иштирокида «Ўзбекистон Қаҳрамонлари» мавзусида ўзбек қаҳрамонлари ҳақида дарслар ташкил этиш. Олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари 2025 / 2026 ўқув йили давомида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим ташкилотлари 2. Талаба-ёшларнинг ҳарбий музейлар ва тарихий ёдгорликларга саёҳатларини ташкил этиш. Режа асосида 3. Талаба-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида «Мард ўғлон», «Посбонингмиз — Ўзбекистон», «Мангуберди издошлари» ва бошқа шу каби тадбирларни ўтказиш. 2026 йил давомида 4. Миллий қадриятлар ва анъаналарга садоқатли қилиб тарбиялаш мақсадида «Миллий либослар», «Юртим қадриятлари», «Миллий ўйинлар» ва бошқа тадбирларда талабалар қамровини ошириш. 2026 йил март — июнь 6. Олий таълим ташкилотлари талабалари ўртасида ҳар йили икки босқичда «Амир Темур ворислари» ҳарбий-спорт кўрик-танловини ўтказиш. 1. « Амир Темур ворислари» ҳарбий-спорт кўрик-танловининг низомини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. Олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари, Олий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари 2026 январь Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, олий таълим ташкилотлари 2. Олий таълим ташкилотларида ҳарбий-спорт гуруҳини ташкил этиш ва моддий-техник базани шакллантириш. 2026 йил март 3. Ҳар бир ҳудуддаги битта олий таълим ташкилотида мусобақаларни ўтказишга ихтисослашган «Ҳарбий-спорт майдончалари»ни ташкил этиш. 2026 йил апрель 4. Танловнинг ҳудудий босқичларини ўтказиш. 2026 йил май-июнь 5. Танловнинг республика босқичини ўтказиш. 2026 йил июнь-июль 6. Тадбирларни ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш. 2026 йил май — июль 7. Олий таълим ташкилотларида ватанпарварлик муҳитини шакллантириш ва ривожлантиришнинг замонавий ёндашувларини жорий этиш. 1. Олий таълим ташкилоти ҳудуди, ташқи ва ички бинолари, талабалар турар жойларида ватанпарварлик, миллий ғурурни тарғиб қилувчи баннерлар, тарихий қаҳрамонлар суратлари ва фикрлари ифодаланган тарғибот воситаларини жойлаштириш. Олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари 2025 / 2026 ўқув йили давомида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, олий таълим ташкилотлари 2. Олий таълим ташкилоти ахборот майдонида (сайт, ижтимоий тармоқлар) миллий ғурурни шакллантириш, ватанпарварликка оид руҳлантирувчи материалларни доимий жойлаштириб бориш . Доимий 3. Ватанпарварлик ойлигини ташкил этиш, ҳарбий қисмларга талабалар ташрифларини уюштириш, ҳарбий соҳадаги фахрийлар билан учрашувларни ташкил этиш. 2026 йил январь III. Тьюторлик фаолиятини такомиллаштириш 8. Тьюторлик фаолияти самарадорлигини баҳолаш ( KPI ) тизимини жорий этиш. 1. Тьюторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқиш ва рейтинг тизимини йўлга қўйиш. Олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари 2026 йил август Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим ташкилотлари 2. Энг юқори рейтингга эга бўлган тьюторларни рағбатлантириш ва энг паст рейтинг кўрсаткичига эга тьюторларга нисбатан жазо чораларини қўллаш механизмларини жорий этиш. 2026 йил сентябрь 3. Тьюторлар фаолияти бўйича таҳлилий ҳисоботлар тайёрлаш ва олий таълим ташкилоти Илмий кенгашида муҳокама қилиш. Ҳар ўқув йили якунида 9. Тьюторлик фаолиятини рағбатлантириб боришнинг замонавий механизмларини жорий этиш. 1. Ҳар йили турли номинацияларда «Энг яхши тьютор» танловини эълон қилиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш. Олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари Ҳар йили сентябрь-декабрь Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим ташкилотлари 2. Олий таълим ташкилотларида энг самарали фаолият юритган тьюторларга ойлик устамалар жорий этиш. Режа асосида 3. Энг самарали фаолият юритган тьюторларни хорижий олий таълим ташкилотларида тажриба алмашиш учун юбориш. Белгиланган муддатларда 10. Тьюторлик институтининг бошқарув ва мониторинг тизимини такомиллаштириш. 1. Тьюторларни методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тарбиянинг замонавий усуллари бўйича тажриба алмашиш, тьюторлар фаолиятини мониторинг қилиш имкониятини берувчи рақамли платформани жорий этиш. Олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари 2026 йил март Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим ташкилотлари 2. Тьюторлик (мураббийлик) институти фаолиятини илмий ёндашув асосида такомиллаштириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида «Тьютор» илмий-амалий электрон журналини жорий қилиш. 2026 йил май 3. Ҳар чорак якунлари бўйича тьюторлар фаолияти юзасидан онлайн ҳисобот тақдим қилиш тизимини жорий этиш. Ҳар чоракда 11. Тьюторларни ишга қабул қилиш жараёнининг шаффоф тизимини жорий этиш. 1. Тьюторлик лавозимига бўш иш ўринларини расмий веб-сайт ва оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиш. Олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари 2025 / 2026 ўқув йили Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим ташкилотлари 2. Тьюторлик лавозимига қабул қилинган номзодларнинг натижалари ва улар қайси мезонлар асосида танлангани тўғрисидаги маълумотларни олий таълим ташкилоти расмий веб-сайти орқали эълон қилиш. Доимий 12. Тьюторларнинг касбий ва шахсий компетенциясини ошириш тизимини такомиллаштириш. 1. Тьюторлар учун компетенциявий ёндашув асосида махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва семинар-тренинглар ўтказиш. Олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари Режа асосида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим ташкилотлари 2. Тажрибали тьюторларнинг маҳорат дарсларини ташкил этиш ва илғор тажрибаларни оммалаштириш. Доимий 3. Тьюторлик фаолиятига оид инновацион педагогик, рақамли технологиялар ва психологик ёндашувлар бўйича махсус малака ошириш курсларини йўлга қўйиш. Режа асосида 13. Талабалар ва тьюторлар ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш. 1. Талабалар ва тьюторлар ўртасида мунтазам учрашувлар, давра суҳбатлари ва очиқ мулоқот сессияларини ташкил қилиш. Олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари Ҳар чоракда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, олий таълим ташкилотлари 2. Ҳар бир тьютор фаолият юритадиган талабалар гуруҳида аноним фикр-мулоҳаза билдириш амалиётини жорий этиш. 2025 йил ноябрь 3. Ҳар бир олий таълим ташкилотида талабалар мурожаатларини тезкор ва самарали ҳал қилиш учун «Тьюторга мурожаат» ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш. 2025 йил декабрь

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 17 октябрь,

656-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.10.2025 й., 09/25/656/0949-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

CHORA-TADBIRLAR REJASI

Oliy taʼlim tashkilotlarida tyutorlik faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Talaba-yoshlarni vatanparvarlik va milliy qadriyatlarimizga sadoqat ruhida tarbiyalash, ularning shaxsiy-kasbiy rivojlanishiga yaqindan yordam berish, talabalar bilan individual ishlash mexanizmlarini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oliy taʼlim tashkilotlarida tyutorlik faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

tyutorlik faoliyatining maqsad va vazifalari;

tyutorlarning huquq va majburiyatlari;

tyutorlik faoliyatini tashkil etish va boshqarish hamda tyutorlarga qoʻyiladigan malaka talablari;

tyutorlar faoliyatini muvofiqlashtirish.

2. Oliy taʼlim tashkilotlarida talaba-yoshlar tarbiyasi bilan ishlashning samarali tizimini joriy etish, ularda vatanparvarlik ruhini oshirish va tyutorlik faoliyatini takomillashtirish boʻyicha chora-tadbirlar rejasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi ikki oy muddatda:

tyutorlar faoliyati samaradorligini baholash (KPI) tizimini ishlab chiqib, tasdiqlasin hamda amaliyotga joriy etsin;

manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 17-oktabrdagi 656-son qaroriga 1-ILOVA

Oliy taʼlim tashkilotlarida tyutorlik faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom oliy taʼlim tashkilotlarida tyutorlik faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizom talablari nodavlat oliy taʼlim tashkilotlari uchun tavsiyaviy xususiyatga ega.

3. Tyutorlar oliy taʼlim tashkilotida talaba-yoshlarni har tomonlama kamol toptirishga, ularda maʼnaviy-axloqiy qadriyatlar va keng dunyoqarashni shakllantirishga qaratilgan tizimli faoliyat olib boradi.

4. Tyutorlar oʻz faoliyatini qonunchilik hujjatlari, oliy taʼlim tashkilotining ichki tartib-qoidalari va odob-axloq kodeksi hamda ushbu Nizom asosida tashkil etadi.

5. Tyutorlar faoliyatiga oliy taʼlim tashkilotining yoshlar masalalari va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha prorektori (direktor oʻrinbosari) umumiy rahbarlik qiladi.

2-bob. Tyutorlik faoliyatining maqsadi va asosiy vazifalari

6. Tyutorlik faoliyatining maqsadi — talaba-yoshlarni vatanparvarlik va milliy qadriyatlarga sadoqat ruhida tarbiyalash, shaxsiy-kasbiy rivojlanishiga yaqindan yordam berish, talabalarning taʼlim-tarbiya jarayonlariga moslashuvini taʼminlash, boʻsh vaqtlarini mazmunli tashkil qilishdan iborat.

7. Tyutorlik faoliyatining asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

talabalarning oliy taʼlim tashkiloti va taʼlim-tarbiya jarayonlariga moslashuviga, axborot-resurslari va boshqa manbalardan samarali foydalanishiga koʻmaklashish hamda shaxsiy-kasbiy qiziqishlarini rivojlantirishga qaratilgan yakka va jamoaviy maslahatlar berib borish, ichki tartib-qoidalar, odob-axloq kodeksi hamda boshqa lokal hujjatlar bilan talabalarni tanishtirish;

talabalarni vatanparvarlik, bagʻrikenglik, qonunlar, milliy va umuminsoniy qadriyatlarga hurmat ruhida, zararli taʼsirlarga qarshi tura oladigan, hayotga boʻlgan qatʼiy ishonch va qarashlarga ega qilib tarbiyalash;

talabalarda sogʻlom turmush tarziga intilishni shakllantirish, shuningdek, ularning boʻsh vaqtlarini mazmunli tashkil etish va jismoniy tarbiya bilan muntazam shugʻullanishini taʼminlash;

nogironligi boʻlgan, yetim, ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan va ijtimoiy himoyaga muhtoj talabalarni hamda ijtimoiy-madaniy, maʼnaviy-maʼrifiy hayotida faol ishtirok etayotgan talabalarni ragʻbatlantirish boʻyicha takliflar kiritish;

talabalarning yashash manzillari (talabalar turar joyi, ijara, yaqin qarindoshi va xususiy xonadonlar) boʻyicha muntazam monitoring yuritish hamda u yerdagi sharoit va talabalarning ijtimoiy (oilaviy) holatidan xabardor boʻlish, ularning bu boradagi muammolarini oʻrganib, uni bartaraf etish boʻyicha rahbariyatga tegishli takliflar kiritish;

talabalarning ota-onasi yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslar bilan doimiy hamkorlikni yoʻlga qoʻyish hamda ularni farzandining oʻquv-tarbiyaviy va ijtimoiy-maishiy sohalardagi faoliyati toʻgʻrisidagi maʼlumotlardan xabardor qilib borish.

3-bob. Tyutorlarning huquq va majburiyatlari

8. Tyutorlar quyidagi huquqlarga ega:

davomat va oʻzlashtirishni monitoring qilib borish maqsadida oʻziga biriktirilgan talabalarning darslarini kuzatish;

talabalarning talabalar turar joyiga joylashishi va undan chiqarilishi hamda yashash sharoitlarini yaxshilash boʻyicha takliflar kiritish;

talabalarga tavsifnoma va akademik taʼtil berish masalasini hal etishda ishtirok etish, fakultetda (oliy maktabda) talabalar haqidagi mavjud maʼlumotlardan xizmat faoliyati doirasida foydalanish;

talabalar bilimining baholanishini kuzatish.

Tyutorlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

9. Tyutorlar mehnat shartnomasida koʻrsatilgan ishlar bilan bir qatorda, asosiy ishidan boʻsh vaqtida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oʻrindoshlik asosida pedagogik faoliyat bilan shugʻullanishi mumkin.

10. Quyidagilar tyutorlarning majburiyatlari hisoblanadi:

talabalarning odob-axloq kodeksi va ichki tartib-qoidalarga rioya etilishini kundalik nazorat qilish;

talabalarning shaʼni, qadr-qimmati va obroʻsini hurmat qilish, ular haqidagi shaxsiy maʼlumotlarni ularning roziligisiz oshkor qilmaslik;

talabalar va ularning ota-onasi yoki ularning oʻrnini bosuvchi shaxslarni oliy taʼlim tashkiloti nizomi, ichki tartib-qoidalari, odob-axloq kodeksi, talabalar turar joyidan foydalanish qoidalari va taʼlim faoliyatini tartibga soluvchi boshqa hujjatlar bilan tanishtirish;

talabalar bilan bogʻliq favqulodda muammoli vaziyatlar yuzasidan zudlik bilan fakultet (oliy maktab) dekani va boshqa masʼullarga axborot berish.

Tyutorlar zimmasiga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklatilishi mumkin.

4-bob. Tyutorlik faoliyatini tashkil etish va boshqarish

11. Tyutorlik asosiy mehnat faoliyati boʻlib, bunda tyutorlik uchun bakalavr darajasi toʻgʻrisidagi hujjat (yoki unga tenglashtirilgan boshqa hujjatlar) talab etiladi.

12. Tyutorlarga bakalavriat bosqichining kunduzgi taʼlim shaklida tahsil olayotgan 1 — 3-kurs talabalari biriktiriladi va ularning soni, qoida tariqasida, 120 — 150 nafardan iborat boʻladi.

13. Tyutorlar taʼlim tashkilotida tegishli boʻlim va tuzilmalar bilan hamkorlikda oʻquv yili uchun tasdiqlangan ish rejasi asosida faoliyatini tashkil etadi.

14. Tyutorlar faoliyatiga oid choraklik hisobotlar tegishli boʻlinma tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Talaba va oʻquvchilarning ijtimoiy faolligini oshirish markazining elektron tizimiga kiritib boriladi.

15. Talabalarning boʻsh vaqtini samarali tashkil etish uchun tyutorlarning ish kuni davomiyligini oliy taʼlim tashkilotidagi oʻquv jarayoni grafigidan kelib chiqqan holda, moslashuvchan ish grafigi asosida belgilash mumkin.

5-bob. Tyutorlarga qoʻyiladigan malaka talablari

16. Tyutorlar:

taʼlim faoliyatiga oid normativ-huquqiy hujjatlarni, taʼlim standartlari talablari va mazmunini bilishi;

talabalar bilan ishlash, maʼnaviy-maʼrifiy sohaga oid bilimlar, maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlarni tashkil etish va muvofiqlashtirish malakasiga ega boʻlishi, sohaga oid yangiliklardan xabardor boʻlishi;

axborotni tahlil qila olish va umumlashtirish, axborot-tahliliy materiallarni tayyorlash, qarorlar qabul qilish va oʻz fikrlarini yozma hamda ogʻzaki bayon etish, topshiriqlarni qisqa va loʻnda ifoda etish qobiliyatiga ega boʻlishi;

talabalarning oliy taʼlim tashkilotidagi faoliyatini tahlil qila olishi, muammolarini aniqlashi va ularni hal qilishning samarali yoʻllarini topish va amalda qoʻllashni bilishi lozim.

17. Tyutorlarga nisbatan quyidagi malaka talablari qoʻyiladi:

oliy maʼlumotga (bakalavr) ega boʻlish (ilmiy daraja va ilmiy unvonga ega shaxslarga afzalliklar beriladi);

qonunchilik hujjatlariga muvofiq taʼlim berish huquqidan mahrum etilmagan boʻlishi;

maʼnaviy-maʼrifiy va tarbiyaviy ishlar uslubiyoti va amaliyotini chuqur anglab yetgan, pedagogik-psixologik bilim va tajribaga ega boʻlish;

namunaviy shaxsiy fazilatlarga, shu jumladan, madaniyatli, masʼuliyatli, kirishuvchan, vatanparvar va tashabbuskor boʻlish;

mustaqil qaror qabul qilish koʻnikmalariga ega boʻlish.

18. Ushbu Nizomning 17-bandida belgilangan talablarga javob bermaydigan mutaxassislar tyutorlik lavozimiga tayinlanmaydi.

6-bob. Tyutorlar faoliyatini muvofiqlashtirish

19. Tyutorlar faoliyatini tashkil etish, muvofiqlashtirish, tashkiliy-metodik jihatdan qoʻllab-quvvatlash boʻyicha masʼuliyat oliy taʼlim tashkilotining Yoshlar bilan ishlash, maʼnaviyat va maʼrifat boʻlimiga yuklatiladi.

20. Oliy taʼlim tashkilotining Yoshlar bilan ishlash, maʼnaviyat va maʼrifat boʻlimi:

tyutorlarning ishini tashkil qiladi va muvofiqlashtiradi;

tyutorlarning ish tajribasini oʻrganadi, umumlashtiradi, ilgʻor ish tajribalarini ommalashtiradi;

tyutorlar uchun talabalar bilan maʼnaviy-maʼrifiy, kasbiy-ijodiy faoliyatni tashkil etishning innovatsion texnologiyalari, samarali shakl va metodlari boʻyicha seminarlar, oʻquvlar tashkil etadi;

har chorakda tyutorlar faoliyatining samaradorligi yuzasidan tahliliy hisobotlarini tayyorlaydi, takliflarni umumlashtiradi, rahbariyatga taqdim etadi;

fakultet (oliy maktab) dekani bilan hamkorlikda yuqori samaradorlik (KPI) koʻrsatgan tyutorlarni ragʻbatlantirish va malaka oshirish, stajirovkalarini tashkil etish boʻyicha rahbariyatga takliflarni kiritadi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

21. Tyutorlar oʻziga yuklatilgan vazifalarni bajarish uchun shaxsan javobgardir.

22. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 17-oktabrdagi 656-son qaroriga 2-ILOVA

Oliy taʼlim tashkilotlarida talaba-yoshlar tarbiyasi bilan ishlashning samarali tizimini joriy etish, ularda vatanparvarlik ruhini oshirish va tyutorlik faoliyatini takomillashtirish boʻyicha

T/r Chora-tadbirlar Amalga oshirish mexanizmi Moliyalashtirish manbai Ijro muddati Masʼul ijrochilar I . Yoshlar tarbiyasi bilan ishlashning samarali tizimini joriy etish 1. Talabalarning taʼlim tashkiloti faoliyati boʻyicha bildirgan xolis munosabatlari asosida oliy taʼlim tashkilotidagi ijtimoiy-maʼnaviy muhitni sogʻlomlashtirishning zamonaviy mexanizmlarini ishlab chiqish. 1. Oliy taʼlim tashkilotlarining ijtimoiy-maʼnaviy muhitini oʻrganish va barqarorligini taʼminlab borish maqsadida ijtimoiy soʻrovnomalar oʻtkazish. Oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari 2025-yil noyabr Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, oliy taʼlim tashkilotlari 2. Oliy taʼlim tashkilotlarida har bir kurs vakillaridan iborat “Kurs qoʻmitalari” faoliyatini tashkil etish orqali talabalarning muammolari va qiziqishlarini doimiy oʻrganish. Doimiy 3. Soʻrovnomalar natijalari hamda talabalarning bildirgan fikrlari asosida Muammolarni bartaraf etish dasturini ishlab chiqish. Reja-grafik asosida 4. Ommaviy axborot vositalari va ijtimoiy tarmoqlarda Muammolarni bartaraf etish dasturi asosida amalga oshirilgan ishlar natijadorligi boʻyicha ochiq hisobot berish. Reja-grafik asosida 2. Axborot makonida ijtimoiy tarmoqlar orqali yoshlar bilan ishlash tizimini takomillashtirish. 1. Har bir oliy taʼlim tashkilotida talabalar uchun maxsus ijtimoiy platformalar va mobil ilovalarni yaratish. Oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari 2025-yil dekabr Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, oliy taʼlim tashkilotlari 2. Har bir oliy taʼlim tashkilotida professor-oʻqituvchi va talabalar salohiyatidan samarali foydalanadigan medialaboratoriya faoliyatini tashkil etish. 2025-yil dekabr 3. Ijtimoiy tarmoqlarni doim kuzatib boradigan, axborotlarni tahlil qiladigan, zarur hollarda, tegishli axborotga tezkor munosabat bildirish koʻnikmasiga ega malakali mutaxassislar ishtirokida davra suhbatlari, brifing, press-klub, ochiq muloqot shaklidagi tadbirlarni muntazam tashkil qilish. Doimiy 4. Ijtimoiy tarmoqlardagi mavjud kontentlarni saralash, talabalarga maʼnaviy-axloqiy, mafkuraviy, diniy, siyosiy savodxonligini oshirishga xizmat qiladigan guruh va kanallarni tavsiya qilish, oʻz navbatida yoshlar ongiga salbiy taʼsir koʻrsatuvchi guruh va kanallar boʻyicha talabalarni ogohlantirib borish amaliyotini yoʻlga qoʻyish. Doimiy 3. Oliy taʼlim tashkilotlarida tarbiya klasteri asosida “Ustoz-shogird” anʼanalarini rivojlantirish, maʼnaviy-axloqiy tarbiyalash tizimi samaradorligini oshirish. 1. Oliy taʼlim tashkilotlarida “Yetakchi va faol talabalar maktabi”ni tashkil etish orqali ijtimoiy faol yoshlarni tayyorlash va ularga taʼlim tashkilotidagi ijtimoiy-maʼnaviy jarayonlarni boshqarishga imkoniyat berish. Oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari 2025-yil dekabr Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, oliy taʼlim tashkilotlari 2. Oliy taʼlim tashkilotining ilmiy darajali, yoshi ulugʻ, boy hayotiy tajribaga ega va hurmatga sazovor professor-oʻqituvchilarini talabalarga biriktirish orqali “Bir ziyoli — 10 talabaga maʼnaviy ustoz” tizimini joriy etish. 2025-yil dekabr 4. Talabalar oʻrtasida estetik tarbiyani mustahkamlash va rivojlantirish. 1. Oliy taʼlim tashkilotlarida adabiyot, sanʼat va madaniyat burchaklari tashkil etish, sanʼat asarlari, milliy qadriyatlarni aks ettiruvchi elementlarni joylashtirish orqali estetik muhitni yaratish. Oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari 2025-yil noyabr Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, oliy taʼlim tashkilotlari 2. Turli estetik rivojlanish loyihalari, “Ijodkor talabalar haftaligi”, sanʼat asarlari koʻrgazmalari, ijodiy klublar va toʻgaraklar tashkil qilish. 2025-yil dekabr 3. Talabalarning muzey, teatr kabi sanʼat va madaniyat muassasalariga tashriflarini tizimli yoʻlga qoʻyish. Reja asosida 4. Oliy taʼlim tashkilotlarida musiqa va raqs ansambllari faoliyatini tashkil etish. 2025-yil dekabr II . Talaba yoshlarni Vatanga sadoqat va uning taraqqiyotiga daxldorlik ruhida tarbiyalash 5. Talaba-yoshlarni vatanparvarlik ruhida tarbiyalash, yurt tarixiga va ajdodlar merosiga hurmat hissini shakllantirishga qaratilgan maʼnaviy-maʼrifiy ishlar samaradorligini oshirish. 1. “Maʼrifat darslari” doirasida mutaxassislar ishtirokida “Oʻzbekiston Qahramonlari” mavzusida oʻzbek qahramonlari haqida darslar tashkil etish. Oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari 2025 / 2026 oʻquv yili davomida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, oliy taʼlim tashkilotlari 2. Talaba-yoshlarning harbiy muzeylar va tarixiy yodgorliklarga sayohatlarini tashkil etish. Reja asosida 3. Talaba-yoshlarni vatanparvarlik ruhida tarbiyalash maqsadida “Mard oʻgʻlon”, “Posboningmiz — Oʻzbekiston”, “Manguberdi izdoshlari” va boshqa shu kabi tadbirlarni oʻtkazish. 2026-yil davomida 4. Milliy qadriyatlar va anʼanalarga sadoqatli qilib tarbiyalash maqsadida “Milliy liboslar”, “Yurtim qadriyatlari”, “Milliy oʻyinlar” va boshqa tadbirlarda talabalar qamrovini oshirish. 2026-yil mart — iyun 6. Oliy taʼlim tashkilotlari talabalari oʻrtasida har yili ikki bosqichda “Amir Temur vorislari” harbiy-sport koʻrik-tanlovini oʻtkazish. 1. “ Amir Temur vorislari” harbiy-sport koʻrik-tanlovining nizomini ishlab chiqish va tasdiqlash. Oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari, Oliy taʼlimni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari 2026 yanvar Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Mudofaa vazirligi, oliy taʼlim tashkilotlari 2. Oliy taʼlim tashkilotlarida harbiy-sport guruhini tashkil etish va moddiy-texnik bazani shakllantirish. 2026-yil mart 3. Har bir hududdagi bitta oliy taʼlim tashkilotida musobaqalarni oʻtkazishga ixtisoslashgan “Harbiy-sport maydonchalari”ni tashkil etish. 2026-yil aprel 4. Tanlovning hududiy bosqichlarini oʻtkazish. 2026-yil may-iyun 5. Tanlovning respublika bosqichini oʻtkazish. 2026-yil iyun-iyul 6. Tadbirlarni ijtimoiy tarmoqlar va ommaviy axborot vositalari orqali keng targʻib qilish. 2026-yil may — iyul 7. Oliy taʼlim tashkilotlarida vatanparvarlik muhitini shakllantirish va rivojlantirishning zamonaviy yondashuvlarini joriy etish. 1. Oliy taʼlim tashkiloti hududi, tashqi va ichki binolari, talabalar turar joylarida vatanparvarlik, milliy gʻururni targʻib qiluvchi bannerlar, tarixiy qahramonlar suratlari va fikrlari ifodalangan targʻibot vositalarini joylashtirish. Oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari 2025 / 2026 oʻquv yili davomida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Mudofaa vazirligi, oliy taʼlim tashkilotlari 2. Oliy taʼlim tashkiloti axborot maydonida (sayt, ijtimoiy tarmoqlar) milliy gʻururni shakllantirish, vatanparvarlikka oid ruhlantiruvchi materiallarni doimiy joylashtirib borish . Doimiy 3. Vatanparvarlik oyligini tashkil etish, harbiy qismlarga talabalar tashriflarini uyushtirish, harbiy sohadagi faxriylar bilan uchrashuvlarni tashkil etish. 2026-yil yanvar III. Tyutorlik faoliyatini takomillashtirish 8. Tyutorlik faoliyati samaradorligini baholash ( KPI ) tizimini joriy etish. 1. Tyutorlar faoliyati samaradorligini baholash indikatorlarini ishlab chiqish va reyting tizimini yoʻlga qoʻyish. Oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari 2026-yil avgust Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, oliy taʼlim tashkilotlari 2. Eng yuqori reytingga ega boʻlgan tyutorlarni ragʻbatlantirish va eng past reyting koʻrsatkichiga ega tyutorlarga nisbatan jazo choralarini qoʻllash mexanizmlarini joriy etish. 2026-yil sentabr 3. Tyutorlar faoliyati boʻyicha tahliliy hisobotlar tayyorlash va oliy taʼlim tashkiloti Ilmiy kengashida muhokama qilish. Har oʻquv yili yakunida 9. Tyutorlik faoliyatini ragʻbatlantirib borishning zamonaviy mexanizmlarini joriy etish. 1. Har yili turli nominatsiyalarda “Eng yaxshi tyutor” tanlovini eʼlon qilish va gʻoliblarni munosib taqdirlash. Oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari Har yili sentabr-dekabr Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, oliy taʼlim tashkilotlari 2. Oliy taʼlim tashkilotlarida eng samarali faoliyat yuritgan tyutorlarga oylik ustamalar joriy etish. Reja asosida 3. Eng samarali faoliyat yuritgan tyutorlarni xorijiy oliy taʼlim tashkilotlarida tajriba almashish uchun yuborish. Belgilangan muddatlarda 10. Tyutorlik institutining boshqaruv va monitoring tizimini takomillashtirish. 1. Tyutorlarni metodik jihatdan qoʻllab-quvvatlash, tarbiyaning zamonaviy usullari boʻyicha tajriba almashish, tyutorlar faoliyatini monitoring qilish imkoniyatini beruvchi raqamli platformani joriy etish. Oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari 2026-yil mart Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, oliy taʼlim tashkilotlari 2. Tyutorlik (murabbiylik) instituti faoliyatini ilmiy yondashuv asosida takomillashtirish, ilgʻor tajribalarni ommalashtirish maqsadida “Tyutor” ilmiy-amaliy elektron jurnalini joriy qilish. 2026-yil may 3. Har chorak yakunlari boʻyicha tyutorlar faoliyati yuzasidan onlayn hisobot taqdim qilish tizimini joriy etish. Har chorakda 11. Tyutorlarni ishga qabul qilish jarayonining shaffof tizimini joriy etish. 1. Tyutorlik lavozimiga boʻsh ish oʻrinlarini rasmiy veb-sayt va ommaviy axborot vositalari orqali eʼlon qilish. Oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari 2025 / 2026 oʻquv yili Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, oliy taʼlim tashkilotlari 2. Tyutorlik lavozimiga qabul qilingan nomzodlarning natijalari va ular qaysi mezonlar asosida tanlangani toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oliy taʼlim tashkiloti rasmiy veb-sayti orqali eʼlon qilish. Doimiy 12. Tyutorlarning kasbiy va shaxsiy kompetensiyasini oshirish tizimini takomillashtirish. 1. Tyutorlar uchun kompetensiyaviy yondashuv asosida maxsus oʻquv dasturlarini ishlab chiqish va seminar-treninglar oʻtkazish. Oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari Reja asosida Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, oliy taʼlim tashkilotlari 2. Tajribali tyutorlarning mahorat darslarini tashkil etish va ilgʻor tajribalarni ommalashtirish. Doimiy 3. Tyutorlik faoliyatiga oid innovatsion pedagogik, raqamli texnologiyalar va psixologik yondashuvlar boʻyicha maxsus malaka oshirish kurslarini yoʻlga qoʻyish. Reja asosida 13. Talabalar va tyutorlar oʻrtasida samarali muloqotni yoʻlga qoʻyish. 1. Talabalar va tyutorlar oʻrtasida muntazam uchrashuvlar, davra suhbatlari va ochiq muloqot sessiyalarini tashkil qilish. Oliy taʼlim tashkilotlarining budjetdan tashqari mablagʻlari Har chorakda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, oliy taʼlim tashkilotlari 2. Har bir tyutor faoliyat yuritadigan talabalar guruhida anonim fikr-mulohaza bildirish amaliyotini joriy etish. 2025-yil noyabr 3. Har bir oliy taʼlim tashkilotida talabalar murojaatlarini tezkor va samarali hal qilish uchun “Tyutorga murojaat” axborot tizimini ishlab chiqish va ishga tushirish. 2025-yil dekabr

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 17-oktabr,

656-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 20.10.2025-y., 09/25/656/0949-son)

lex.uz