📅 2025-yil 22-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 22-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 22 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 октября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 October 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Рақобатни таъминлашга кўмаклашиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатни ҳар томонлама ва жадал ривожлантиришда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг фуқароларнинг истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга доир ишларини фаоллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 6 июлдаги ПФ-108-сон Фармонида рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ташаббусларни рағбатлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кўмаклашиш, уларни услубий қўллаб-қувватлаш, техник кўмак, ходимлар малакасини ҳамда ҳуқуқий билимларини ошириш орқали жамоатчилик назоратини қўллаб-қувватлаш тизими жорий қилиниши белгилангани;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 6 октябрдаги ПҚ-296-сон қарорига мувофиқ тажриба тариқасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан «сирли мижоз» ва назорат хариди тадбирлари ўтказилиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кўмаклашиш, уларни услубий қўллаб-қувватлаш, техник кўмак (грант ва молиявий маблағлар) тақдим этиш, ходимлар малакасини ҳамда ҳуқуқий билимларини оширишга қуйидагилар масъул органлар ҳисобланади:
рақобатни ривожлантириш соҳасида — Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (кейинги ўринларда — Рақобат қўмитаси), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги;
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида — Рақобат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги;
б) масъул органлар:
ҳар йили камида бир маротаба нодавлат нотижорат ташкилотларига ўзларига бириктирилган соҳаларда таҳлиллар ўтказиш, муаммоларни ўрганиш ва ўз ваколатлари доирасида бошқа тадбирларни ташкил этиш юзасидан бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмалари бериб боради;
нодавлат нотижорат ташкилотларини услубий қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларнинг ходимларининг малакасини ошириш бўйича доимий кўмаклашади;
в) Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Савдо-саноат палатаси рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида нодавлат нотижорат ташкилотларига:
турдош хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишда, соҳага тажриба алмашиш учун уларнинг малакали мутахассисларини жалб этишда;
нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишларини амалга ошириш учун халқаро молия ташкилотларининг грантларини жалб этишда кўмаклашади.
3. 2027 йил 1 январга қадар тажриба тариқасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан дори воситалари ва тиббиёт хизматларини «сирли мижоз» ва чакана савдода назорат хариди тадбирлари ўтказилсин. Бунда мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари рўйхати Рақобат қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
Рақобат қўмитаси 2026 йил 31 декабрга қадар мазкур тажриба натижалари бўйича ушбу функцияларни нодавлат нотижорат ташкилотларига ўтказиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклиф киритсин.
4. Дори воситаларини ва тиббий буюмларни тайинлаш, реализация қилиш ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини назорат қилишда «сирли мижоз» тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги истеъмол маданиятини оширишга доир маърифий тадбирларни, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлиги ҳақида мунтазам ёритиб борсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 октябрдаги 667-сон қарорига 1-ИЛОВА
Дори воситаларини ва тиббий буюмларни тайинлаш, реализация қилиш ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини назорат қилишда «сирли мижоз» тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида дори воситаларини ва тиббий буюмларни дорихоналар томонидан чакана реализация қилиш тартибига амал қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш (тиббий диагностика, муолажа, дори буюриш) фаолиятини назорат қилишда «сирли мижоз» тадбирини ўтказиш тартибини белгилайди.
2. «Сирли мижоз» тадбири мазкур Низомга мувофиқ мулкчилик шаклидан қатъи назар, дорихона ва тиббиёт ташкилотларига ташриф буюрган ҳолда ўтказилади.
«Сирли мижоз» тадбирини ўтказиш тадбиркорлик фаолиятини текшириш ҳисобланмайди.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (кейинги ўринларда — Рақобат қўмитаси) ҳамда унинг ҳудудий органлари;
сирли мижоз — «сирли мижоз» тадбирида истеъмолчи сифатида иштирок этадиган шахс;
«сирли мижоз» тадбири — дори воситаларини ва тиббий буюмларни дорихоналар томонидан чакана реализация қилиш тартибига амал қилиниши, тиббиёт (тиббий диагностика, дори буюриш, муолажа) ташкилотларида инсон ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида қонунчилик талабларига риоя этилишини ўрганиш бўйича тадбирлар мажмуи;
тиббиёт ташкилоти — мулкчилик шаклидан қатъи назар, тиббий фаолият билан шуғулланадиган ва мижозларга даволаш-диагностика, муолажа ва инсон саломатлиги бўйича маслаҳат ёрдами кўрсатадиган ташкилот.
4. «Сирли мижоз» тадбири қуйидаги ҳолларда ўтказилади:
Рақобат қўмитаси томонидан келишилган ва тасдиқланган йиллик режа асосида;
дори воситаларини ва тиббий буюмларни дорихоналар томонидан чакана реализация қилиш тартибига амал қилиниши, тиббиёт (тиббий диагностика, дори буюриш, муолажа) ташкилотларида инсон ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказмаслик бўйича (якуни ўлим билан тугаган ҳолатлар бундан мустасно) қонунчилик талаблари бузилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларидан маълумотлар келиб тушганда;
жисмоний ва юридик шахсларнинг дори воситалари ва тиббий буюмларни дорихоналар томонидан чакана реализация қилиш тартибига амал қилинмагани, тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятидан норозилиги ҳақидаги мурожаатлари келиб тушганда ҳамда ушбу соҳада ҳуқуқбузарликлар содир этилаётгани ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритиш зарурати туғилганда;
жамоатчилик фикрини ўрганиш натижасида тиббиёт ташкилотида белгиланган талаблар бузилиши аломатлари мавжуд бўлганда.
«Сирли мижоз» тадбири юқоридаги асослар келиб тушган ва мавжудлиги аниқланган санадан бошлаб бир ой муддат ичида ўтказилади.
5. «Сирли мижоз» тадбирини ўтказиш режаси ҳар йили шакллантирилади ва Рақобат қўмитаси томонидан тасдиқланади. Бунда, нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан «сирли мижоз» тадбирлари Рақобат қўмитаси билан келишилган ва тасдиқланган режага мувофиқ ўтказилиши шарт. Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан «сирли мижоз» тадбирлари фақатгина тажриба даврида ўтказилади.
«Сирли мижоз» тадбирини ўтказиш режаси қуйидаги маълумотларни ўзида акс эттиради:
тадбирни ўтказиш даври;
тадбирини ўтказиш жойи (вилоят, шаҳар, туман);
тадбир йўналиши (дорихона ёки тиббиёт ташкилоти).
6. «Сирли мижоз» тадбирининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
дори воситаларини ва тиббий буюмларни дорихоналар томонидан чакана реализация қилиш тартибига амал қилиш, тиббиёт ташкилотлари (тиббий диагностика, муолажа, дори буюриш) фаолиятида истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
мулкчилик шаклидан қатъи назар, тиббиёт ташкилотлари (тиббий диагностика, муолажа, дори буюриш) фаолиятида белгиланган тартибларга риоя қилинишини ўрганиш ва амалдаги талаблар бузилишининг олдини олиш;
истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва соҳадаги тизимли муаммоларни ўрганиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситаларида чоп этилган танқидий материалларда баён этилган ҳолатларга ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш натижасида юзага келган масалаларга аниқлик киритиш;
ўтказилган «сирли мижоз» тадбири натижалари асосида амалдаги талабларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
ўтказилган «сирли мижоз» тадбири натижасида қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсиз бўлишини ва уларнинг сифатини назорат қилувчи давлат органи ва ташкилотларига маълумот киритиш;
аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича тегишли чоралар кўриш.
7. «Сирли мижоз» тадбири қуйидаги принципларга амал қилган ҳолда ўтказилади:
қонунийлик;
тадбир ўтказилаётганлигининг сир сақланиши;
тиббиёт ташкилотининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаслик;
асосланганлик;
аниқлик ва ишончлилик;
беғаразлик ва холислик;
коррупцияга ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.
2-боб. «Сирли мижоз» тадбирини ўтказиш тартиби
8. «Сирли мижоз» тадбири ваколатли органнинг масъул ходими ёки нодавлат нотижорат ташкилотининг Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан ташкил қилинган махсус курсларда ўқиб, ўқишни муваффақиятли тамомлаганлик тўғрисидаги махсус сертификатга эга бўлган ходими томонидан ўтказилади.
9. «Сирли мижоз» тадбирини ўтказиш тўғрисида ваколатли орган томонидан буйруқ чиқарилади.
10. Буйруқ қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
ваколатли орган «сирли мижоз» тадбирини ўтказишга масъул ходими ёки ходимларининг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;
тадбир ўтказилаётган юридик шахс номи ва жойлашган манзили;
тадбирни ўтказишда баҳоланадиган мажбурий талаблар;
тадбирни ўтказиш учун асос;
тадбирни ўтказиш муддатлари.
«Сирли мижоз» тадбирини ўтказиш учун бир иш куни, давомли ҳаракатлар учун ушбу ҳаракатнинг охирги кунига қадар муддат белгиланади.
11. «Сирли мижоз» тадбирини дорихонада ўтказишда «сирли мижоз» истеъмолчи (харидор) сифатида дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиб олиш учун дорихонага ташриф буюради.
Бу ҳолатда «сирли мижоз»нинг вазифаси дорихона ходимига мурожаат қилиш, маълум бир дори воситалари ва (ёки) тиббий буюмни мавжудлигини сўраб мурожаат қилиш, тегишли хизмат кўрсатилишидан олдин дорихона фаолиятини кузатиш ҳисобланади.
Бунда «сирли мижоз» тадбирини ўтказиш давомида:
дори воситасининг рецепт асосида берилиши;
дори воситаларининг белгиланган тартибда жойлаштирилиши ва сақланиши;
халқаро патентланмаган номланиши бўйича расмийлаштирилган рецептда кўрсатилган дори воситаларини уларни савдо номи бўйича танлаш имконияти яратилиши;
дорихона ходимининг мижозга дори воситаси ва тиббий буюмни қўллаш тартиби, хусусан, қўллаш даврийлиги, бир марталик ва суткалик дозалари, қўллаш усули, сақлаш тартиби, яроқлилик муддати ҳақида маълумот бериши;
дорихона ходимининг мижоз эътиборини дори воситаси ва тиббий буюмнинг қўллаш йўриқномаси билан диққат қилиб танишиб чиқишга қаратиши;
дорихона ходимининг мижозлар билан бўлган муносабатда этика қоидаларига риоя этиши, профессионаллик ва саводхонлик хислатларини намоён этиши;
зарур ҳолларда, мижознинг талабига биноан дори воситалари ва тиббий буюмларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатиши;
маҳсулотларда нархноманинг мавжудлиги;
мижозга у томонидан сўралмаган ёки рецептда кўрсатилмаган дори воситалари ва (ёки) тиббий буюмларни таклиф қилиш, сотиб олишга ундаш ҳолатлари ўрганилади.
12. «Сирли мижоз» тадбирини тиббиёт ташкилотларида ўтказишда «сирли мижоз» истеъмолчи (бемор) сифатида дори воситаларини тайинлаш, халқаро патентланмаган номланиши бўйича рецептларни расмийлаштириш ҳолати тўғрисида маълумот олиш учун тиббиёт ташкилотига ташриф буюради.
Бу ҳолатда «сирли мижоз»нинг вазифаси тиббиёт ташкилотининг маълум бир шифокорига мурожаат қилиш, ўз касаллиги бўйича шифокордан тушунтириш, маслаҳат ва тавсиялар сўраш, тегишли хизмат кўрсатилишидан олдин тиббиёт ташкилоти фаолиятини кузатиш ҳисобланади.
Бунда «сирли мижоз» ўзини муайян касалликка чалинган бемор сифатида намоён этади ва қуйидаги ҳолатларни ўрганади:
ўз касаллиги бўйича зарур тушунтириш, маслаҳат ва тавсиялар берилиши;
дори воситаларини тайинлаш ва халқаро патентланмаган номланиши бўйича рецептларни расмийлаштириш тартибига риоя этилиши;
савдо номи бўйича айнан бир фармацевтика корхонасига мансуб бўлган дори воситаларини тайинлаш;
ортиқча ва зарур бўлмаган диагностика ва лаборатория таҳлилларини топширишга ундаш;
диагностика ва лаборатория таҳлилларини айнан бир тиббиёт ташкилотида ўтказишга ундаш;
шифокорнинг мижозлар билан бўлган муносабатда этика қоидаларига риоя этиши, профессионаллик ва саводхонлик хислатларини намоён этиши;
тиббиёт ташкилотида юридик шахснинг номи, хизмат турлари ва нархлари тўғрисида маълумотлар мавжудлиги.
13. Хизматнинг нуқсони тўпланган маълумотлар тадбир ўтказилган тиббиёт ташкилотининг ҳудудидан ташқарида касалликларнинг диагностикаси ва даволаш бўйича клиник протокол ва алгоритмлари бўйича солиштириш орқали амалдаги талаблар асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ажратилган мутахассислар билан ҳамкорликда аниқланади. Бунда кўрсатилган хизматнинг клиник протокол ва алгоритмларга мослиги бўйича хулоса Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан уч иш кунида ваколатли органга тақдим этилади.
14. «Сирли мижоз» тадбири фақатгина аудио ёки видеокузатув мосламаларидан яширин фойдаланилган ҳолда ўтказилганда, амалга оширилган ҳисобланади.
Ушбу мосламалар ёрдамида ёзиб олинган маълумотлар ваколатли орган томонидан тўлиқ қабул қилиб олинади ва улардан мазкур Низомда кўрсатилган ҳоллардан ташқари бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
15. «Сирли мижоз» тадбирини ўтказиш жараёнида дорихона ходимини ёки шифокорни ҳуқуқбузарликлар содир этишга ундаш, шу жумладан, низоли, баҳсли ҳолатларни ва камчиликларни сунъий равишда келтириб чиқариш тақиқланади.
16. «Сирли мижоз» тадбирини ўтказишда дорихона ёки тиббиёт ташкилотининг фаолиятига, шу жумладан, молиявий-хўжалик фаолиятига аралашиш, ундан истеъмолчи сифатида танишиш мумкин бўлганидан ортиқча ҳужжатларни сўраш ва талаб қилишга, унинг тадбир ўтказилиши ҳақида олдиндан хабардор қилинишига йўл қўйилмайди.
17. «Сирли мижоз» тадбири якунлари бўйича маълумотнома тузилади.
Маълумотномада тадбир давомида аниқланган ҳолатлар қайд этилади. Бунда аудио ёки видеокузатув мосламаларидаги ёзувлар аниқ кўриладиган ёки эшитиладиган даражада бўлгандагина асос сифатида олинади.
Маълумотнома «сирли мижоз» ва тадбирга жалб қилинган шахс ҳамда бириктирилган ходимлар томонидан имзоланади.
Маълумотномага дори воситаси ва (ёки) тиббий буюм сотиб олингани, тиббиёт ташкилоти хизматларидан фойдаланилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (касса ва/ёки товар чеклари), рецепт ва бошқа ҳужжатлар нусхалари илова қилинади ҳамда ваколатли органга юборилади.
Маълумотнома қоғоз шаклида ва сканер қилинган .рdf форматида, аудио/видео ёзувлар электрон форматда ваколатли органда бир йил муддат давомида сақланади. Ушбу муддат маъмурий ишлар якунлангунга қадар қўшимча узайтирилиши мумкин.
18. «Сирли мижоз» тадбирида қонунчилик талабларини биринчи марта бузган тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналар, шунингдек, уларнинг раҳбарлари ва (ёки) ходимларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чораларини қўлламасдан (жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганда), тушунтириш ишлари олиб борилади ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади.
Бироқ, такрорий равишда «сирли мижоз» тадбири натижасида норматив ҳужжатлар ва қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари мавжуд бўлганда, қайд этилган ҳолат бўйича ҳуқуқбузарликни аниқлаш учун текшириш белгиланган тартибда ўтказилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
19. «Сирли мижоз» тадбири билан боғлиқ ишлар ваколатли орган томонидан ўтказилганда Рақобат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари, нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ўтказилганда ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
20. «Сирли мижоз» тадбири натижалари, уни ўтказиш давомида тўпланган фото ва видео материаллар истеъмолчиларнинг хабардорлигини ошириш учун ваколатли орган томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.
21. «Сирли мижоз» тадбирини ўтказиш натижалари бўйича дорихона ёки тиббиёт ташкилоти белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.
22. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 октябрдаги 667-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 28 ноябрдаги 414-сон қарорининг 2-банди бешинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги бешинчи — ўн биринчи хатбошилар билан алмаштирилсин:
«Белгилансинки, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ижро этувчи аппарати, туман, шаҳар жамиятлари, шунингдек уларнинг ҳудудий бирлашмалари ижро этувчи аппаратларининг таъминоти:
аъзолик бадаллари;
мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш учун грантлар ва ижтимоий буюртмалар;
халқаро молия ва бошқа институтлар, чет эл ташкилотлари грантлари;
ҳомийлик хайриялари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ушбу йўналишда давлат органлари ҳамда ташкилотлари ҳамкорлигини самарали ташкил этишни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 8 февралдаги 59-сон қарорида :
а) 2-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари (кейинги ўринларда — Қўмита)»;
б) 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва миллий аккредитация тизимида аккредитация қилинган синов лабораториялари Қўмитага назорат хариди доирасида олинадиган халқ истеъмоли товарларини тезкор равишда экспертизадан (тестдан) ўтказишда амалий ёрдам кўрсатсинлар»;
в) 4-банднинг биринчи хатбошисидаги «Агентлик» сўзи «Қўмита» сўзи билан алмаштирилсин;
г) иловада :
5-бандда :
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита) раиси томонидан тасдиқланадиган ёки Қўмита билан келишилган ва расмий веб-сайтда жойлаштириладиган назорат хариди тадбирини ўтказиш режаси»;
бешинчи хатбошидаги «Вазирлар Маҳкамаси ёки Монополияга қарши курашиш қўмитасининг» сўзлари «ёки Вазирлар Маҳкамасининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
6-бандда :
биринчи хатбошидаги «Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишилган ҳолда Агентлик директори» сўзлари «Қўмита раиси» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ўтказиладиган назорат хариди тадбирлари режаси Қўмита билан келишилган ҳолда тасдиқланади»;
иккинчи — олтинчи хатбошилар тегишлича учинчи — еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
учинчи хатбошидаги «Агентликнинг» сўзи «Қўмитанинг» сўзи билан алмаштирилсин;
8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Назорат хариди тадбирлари Қўмита ёки унинг ҳудудий органлари ёки нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланган бошқа ваколатли органлар (кейинги ўринларда — ваколатли органлар) билан биргаликда қонунийлик, ошкоралик, холислик, адолатлилик, тенглик ва шаффофлик принципларига асосланган ҳолда амалга оширилади.
Нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ўтказиладиган назорат хариди тадбирлари Қўмита билан келишилган ва тасдиқланган режага мувофиқ амалга оширилиши мумкин.
Бунда:
нодавлат нотижорат ташкилотининг ходими назорат хариди тадбирини амалга ошириши учун Қўмита ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан ташкил қилинган махсус курсларни муваффақиятли тамомлаганлик тўғрисидаги махсус сертификатга эга бўлиши лозим;
нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан назорат хариди тадбирларини фақатгина тажриба даврида ўтказилади»;
9-банддаги «Агентлик директори» сўзлари «Қўмита ёки ҳудудий органлари ёхуд нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари» сўзлари билан алмаштирилсин;
10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Буйруқ қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
Қўмита ёки унинг ҳудудий органи ёхуд нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда ваколатли органлар назорат хариди тадбирини ўтказишга масъул ходими ёки ходимларининг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;
назорат хариди тадбири бевосита ўтказилаётган жой;
назорат хариди тадбирини ўтказишда баҳоланадиган мажбурий талаблар;
назорат харидини амалга ошириш учун асос;
назорат хариди давомида олинадиган товарларнинг савдо номи, уларнинг сони, сотиб олиш ва тўловни амалга ошириш тўғрисидаги маълумот;
назорат харидини амалга ошириш муддатлари;
назорат хариди давомида фото ва видеотасвирларнинг зарурлиги тўғрисида маълумот;
маълум товар бўйича назорат харидини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар.
Назорат хариди бундай тадбирлар ўтказилган муайян товар (савдо номи) бўйича юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорда (савдо объекти жойлашуви бўйича) кейинги бир йил давомида такроран амалга оширилишига йўл қўйилмайди, қонунда белгиланган тартибда келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг шикоятлари асосида ўтказиладиган назорат хариди тадбирлари бундан мустасно»;
20-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Танлаб олиш далолатномаси уч нусхада тўлдирилади ва Қўмита ёки унинг ҳудудий органлари ёхуд нодавлат нотижорат ташкилоти, ваколатли орган ҳамда синов лабораторияси ходимларига бир нусхадан берилади. Танлаб олиш далолатномаси уни тўлдирган мутахассис ҳамда Қўмита ёки унинг ҳудудий органи ёхуд нодавлат нотижорат ташкилоти ходими томонидан имзоланади»;
24 ва 25-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«24. Тест натижалари бўйича товар сифати ва хавфсизлик талабларига мувофиқ бўлмаган ҳолатлар аниқланганда, қонунчилик ҳужжатларига кўра тегишли ҳаракатларни амалга ошириш учун тест натижалари Қўмита ёки унинг ҳудудий органлари ёхуд нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ваколатли органларга юборилади ва текшириш умумий тартибда амалга оширилади.
25. Назорат хариди билан боғлиқ ишларни молиялаштириш Қўмита томонидан ўтказиладиган назорат харидлари Қўмита ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари, нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ўтказиладиган назорат харидлари ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади»;
26-банддаги «Агентлик» сўзи «Қўмита ёки унинг ҳудудий органлари ёхуд нодавлат нотижорат ташкилоти» сўзлари билан алмаштирилсин;
27-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«27. Назорат хариди мақсадли корпоратив банк картаси ёрдамида Қўмита ёки унинг ҳудудий органлари ёхуд нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан амалга оширилади. Шунингдек, назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқда Қўмита ёки унинг ҳудудий органлари ёхуд нодавлат нотижорат ташкилотининг моддий жавобгар ходимига бериладиган пул миқдорини қайд этган ҳолда, нақд пул шаклида ҳам тўланиши мумкин»;
28-банддаги «Агентлик ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари» сўзлари «Қўмита ва унинг ҳудудий органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилоти» сўзлари билан алмаштирилсин;
29-банддаги «Агентлик ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари» сўзлари «Қўмита ва унинг ҳудудий органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилоти» сўзлари билан алмаштирилсин;
30-банддаги «Агентлик» сўзи «Қўмита» сўзи билан алмаштирилсин;
31-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Назорат хариди тадбирларини ўтказиш текшириш ҳисобланмайди»;
1-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Чакана савдо объектларида халқ истеъмоли товарларининг назорат харидини ташкиллаштириш ва уларни экспертизадан (тестдан) ўтказиш тартиби
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Қўмита ва нодавлат нотижорат ташкилоти Назорат харидини ўтказиш режасини шакллантиради ва тасдиқлайди. Ҳар йили, январь ойида 2-босқич Қўмита ва нодавлат нотижорат ташкилоти Назорат харидини ўтказиш режасини расмий веб-сайтда жойлаштиради. Ҳар йили, январь ойида 3-босқич Қўмита ҳамда унинг ҳудудий органлари, нодавлат нотижорат ташкилоти Назорат харидини амалга оширишда фойдаланиш учун мақсадли корпоратив банк картаси очади ва зарур миқдорда пул маблағи ўтказади. Ҳар йили, январь ойида 4-босқич Қўмита ёки унинг ҳудудий органлари ёхуд нодавлат нотижорат ташкилоти Тасдиқланган режага кўра, ОАВ маълумотлари ёки мурожаат келиб тушганда назорат харидини ҳамкорликда амалга ошириш учун ваколатли органдан (Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси) мутахассис жалб қилинади. Тадбир ўтказилишидан 3 иш куни аввал 5-босқич Қўмита ёки унинг ҳудудий органлари ёхуд нодавлат нотижорат ташкилоти Тасдиқланган режага кўра, ОАВ маълумотлари ёки мурожаат келиб тушганда назорат харидини амалга ошириш тўғрисида Қўмита ёки унинг ҳудудий органлари томонидан буйруқ чиқарилади. Тадбир ўтказилишидан 1 иш куни аввал 6-босқич Қўмита ёки унинг ҳудудий органлари ёхуд нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда ваколатли органлар Масъул ходим буйруқда кўрсатилган хўжалик юритувчи субъектдан (жойига чиққан ҳолда) белгиланган товарни экспертизадан ўтказиш натижаларига асосан касса ва/ёки товар чеки билан сотиб олади (зарур ҳолларда фото- ва видеотасвирга олиш воситаларидан фойдаланади). Буйруқда кўрсатилган санада 7-босқич Қўмита ёки унинг ҳудудий органлари ёхуд нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда ваколатли органлар Савдо объекти ҳудудидан ташқарида товар намуналарини танлаб олиш далолатномаси ва назорат харидини ўтказиш тўғрисида маълумотнома расмийлаштирилади. Назорат хариди ўтказилган кунда 8-босқич Ваколатли органлар Назорат хариди давомида олинган товар намуналари савдо номлари олиб ташланган ва тўлиқ беркитилган, бироқ истеъмол қадоғи сақланган ҳолда тегишли синов лабораторияларига етказилади. Назорат хариди ўтказилган кунда 9-босқич Аккредитация қилинган давлат ва нодавлат лабораториялар Товар намуналарини тестдан ўтказади ва синов баённомаларини Қўмита ёки унинг ҳудудий органларига ёхуд нодавлат нотижорат ташкилотига юборади. Техник ҳужжатлар ва шартномада белгиланган муддатда 10-босқич Қўмита ёки унинг ҳудудий органлари ёхуд нодавлат нотижорат ташкилоти Тест натижалари бўйича товар сифати ва хавфсизлик талабларига мувофиқ бўлмаган ҳолатлар аниқланганда, қонунчилик ҳужжатларига кўра тегишли ҳаракатларни амалга ошириш учун ваколатли органларга юборилади. Тест натижалари олинган кундан 3 иш кунида 11-босқич Ваколатли органлар Товар сифати ва хавфсизлик талаблари бузилиши ҳолати бўйича ишлаб чиқарувчи ёки импорт товарлар бўйича унинг ваколатли шахсига тегишли чора кўради. Белгиланган муддатларда 12-босқич Қўмита Истеъмолчи ва тадбиркорларни сифат ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарлар ва унинг ишлаб чиқарувчилари тўғрисида хабардор қилиш мақсадида назорат хариди натижалари бўйича оммавий ахборот воситаларида ахборот жойлаштиради. Назорат хариди натижалари бўйича » ;
2-иловадаги «Агентлик ёки унинг ҳудудий тузилмаси» сўзлари «Қўмита ёки унинг ҳудудий органи ёхуд нодавлат нотижорат ташкилоти» сўзлари билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 22 октябрь,
667-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Raqobatni taʼminlashga koʻmaklashish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish sohasidagi nodavlat notijorat tashkilotlarini ragʻbatlantirish va qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Mamlakatni har tomonlama va jadal rivojlantirishda fuqarolik jamiyati institutlarining roli va ahamiyatini tubdan oshirish, ularning davlat organlari bilan hamkorligini kuchaytirish, davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash koʻlamini kengaytirish hamda isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish sohasida faoliyat koʻrsatayotgan nodavlat notijorat tashkilotlarining fuqarolarning isteʼmolchi huquqlarini himoya qilish, huquqiy ongi va madaniyatini oshirishga doir ishlarini faollashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 6-iyuldagi PF-108-son Farmonida raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish sohalarida tashabbuslarni ragʻbatlantirish, nodavlat notijorat tashkilotlari faoliyatiga koʻmaklashish, ularni uslubiy qoʻllab-quvvatlash, texnik koʻmak, xodimlar malakasini hamda huquqiy bilimlarini oshirish orqali jamoatchilik nazoratini qoʻllab-quvvatlash tizimi joriy qilinishi belgilangani;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Isteʼmolchilar huquqlarini samarali himoya qilishni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 6-oktabrdagi PQ-296-son qaroriga muvofiq tajriba tariqasida isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish sohasidagi nodavlat notijorat tashkilotlari tomonidan “sirli mijoz” va nazorat xaridi tadbirlari oʻtkazilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:
a) raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish sohalaridagi nodavlat notijorat tashkilotlari faoliyatiga koʻmaklashish, ularni uslubiy qoʻllab-quvvatlash, texnik koʻmak (grant va moliyaviy mablagʻlar) taqdim etish, xodimlar malakasini hamda huquqiy bilimlarini oshirishga quyidagilar masʼul organlar hisoblanadi:
raqobatni rivojlantirish sohasida — Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Raqobat qoʻmitasi), Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Transport vazirligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Energetika vazirligi hamda Raqamli texnologiyalar vazirligi;
isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish sohasida — Raqobat qoʻmitasi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi;
b) masʼul organlar:
har yili kamida bir marotaba nodavlat notijorat tashkilotlariga oʻzlariga biriktirilgan sohalarda tahlillar oʻtkazish, muammolarni oʻrganish va oʻz vakolatlari doirasida boshqa tadbirlarni tashkil etish yuzasidan budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan davlat ijtimoiy buyurtmalari berib boradi;
nodavlat notijorat tashkilotlarini uslubiy qoʻllab-quvvatlagan holda, ularning xodimlarining malakasini oshirish boʻyicha doimiy koʻmaklashadi;
v) Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Sogʻliqni saqlash vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Savdo-sanoat palatasi raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish sohalarida nodavlat notijorat tashkilotlariga:
turdosh xorijiy nodavlat notijorat tashkilotlari bilan yaqin hamkorlikni yoʻlga qoʻyishda, sohaga tajriba almashish uchun ularning malakali mutaxassislarini jalb etishda;
nodavlat notijorat tashkilotlari faoliyatining asosiy yoʻnalishlarini amalga oshirish uchun xalqaro moliya tashkilotlarining grantlarini jalb etishda koʻmaklashadi.
3. 2027-yil 1-yanvarga qadar tajriba tariqasida isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish sohasidagi nodavlat notijorat tashkilotlari tomonidan dori vositalari va tibbiyot xizmatlarini “sirli mijoz” va chakana savdoda nazorat xaridi tadbirlari oʻtkazilsin. Bunda mazkur qarorda nazarda tutilgan tadbirlarni amalga oshirishda hamkorlik qilishi mumkin boʻlgan nodavlat notijorat tashkilotlari roʻyxati Raqobat qoʻmitasining rasmiy veb-saytida eʼlon qilib boriladi.
Raqobat qoʻmitasi 2026-yil 31-dekabrga qadar mazkur tajriba natijalari boʻyicha ushbu funksiyalarni nodavlat notijorat tashkilotlariga oʻtkazish yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga tegishli taklif kiritsin.
4. Dori vositalarini va tibbiy buyumlarni tayinlash, realizatsiya qilish hamda tibbiy xizmat koʻrsatish faoliyatini nazorat qilishda “sirli mijoz” tadbirlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi va Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi isteʼmol madaniyatini oshirishga doir maʼrifiy tadbirlarni, isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish boʻyicha davlat va nodavlat tashkilotlari hamkorligi haqida muntazam yoritib borsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritilsin.
7. Mazkur qaror ijrosini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 22-oktabrdagi 667-son qaroriga 1-ILOVA
Dori vositalarini va tibbiy buyumlarni tayinlash, realizatsiya qilish hamda tibbiy xizmat koʻrsatish faoliyatini nazorat qilishda “sirli mijoz” tadbirlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom isteʼmolchilarning huquqlarini himoya qilish maqsadida dori vositalarini va tibbiy buyumlarni dorixonalar tomonidan chakana realizatsiya qilish tartibiga amal qilish, tibbiy xizmat koʻrsatish (tibbiy diagnostika, muolaja, dori buyurish) faoliyatini nazorat qilishda “sirli mijoz” tadbirini oʻtkazish tartibini belgilaydi.
2. “Sirli mijoz” tadbiri mazkur Nizomga muvofiq mulkchilik shaklidan qatʼi nazar, dorixona va tibbiyot tashkilotlariga tashrif buyurgan holda oʻtkaziladi.
“Sirli mijoz” tadbirini oʻtkazish tadbirkorlik faoliyatini tekshirish hisoblanmaydi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Raqobat qoʻmitasi) hamda uning hududiy organlari;
sirli mijoz — “sirli mijoz” tadbirida isteʼmolchi sifatida ishtirok etadigan shaxs;
“sirli mijoz” tadbiri — dori vositalarini va tibbiy buyumlarni dorixonalar tomonidan chakana realizatsiya qilish tartibiga amal qilinishi, tibbiyot (tibbiy diagnostika, dori buyurish, muolaja) tashkilotlarida inson hayoti, sogʻligʻi va mol-mulkiga zarar yetkazilishining oldini olish maqsadida qonunchilik talablariga rioya etilishini oʻrganish boʻyicha tadbirlar majmui;
tibbiyot tashkiloti — mulkchilik shaklidan qatʼi nazar, tibbiy faoliyat bilan shugʻullanadigan va mijozlarga davolash-diagnostika, muolaja va inson salomatligi boʻyicha maslahat yordami koʻrsatadigan tashkilot.
4. “Sirli mijoz” tadbiri quyidagi hollarda oʻtkaziladi:
Raqobat qoʻmitasi tomonidan kelishilgan va tasdiqlangan yillik reja asosida;
dori vositalarini va tibbiy buyumlarni dorixonalar tomonidan chakana realizatsiya qilish tartibiga amal qilinishi, tibbiyot (tibbiy diagnostika, dori buyurish, muolaja) tashkilotlarida inson hayoti, sogʻligʻi va mol-mulkiga zarar yetkazmaslik boʻyicha (yakuni oʻlim bilan tugagan holatlar bundan mustasno) qonunchilik talablari buzilishi haqida ommaviy axborot vositalaridan maʼlumotlar kelib tushganda;
jismoniy va yuridik shaxslarning dori vositalari va tibbiy buyumlarni dorixonalar tomonidan chakana realizatsiya qilish tartibiga amal qilinmagani, tibbiy xizmat koʻrsatish faoliyatidan noroziligi haqidagi murojaatlari kelib tushganda hamda ushbu sohada huquqbuzarliklar sodir etilayotgani haqidagi maʼlumotlarga aniqlik kiritish zarurati tugʻilganda;
jamoatchilik fikrini oʻrganish natijasida tibbiyot tashkilotida belgilangan talablar buzilishi alomatlari mavjud boʻlganda.
“Sirli mijoz” tadbiri yuqoridagi asoslar kelib tushgan va mavjudligi aniqlangan sanadan boshlab bir oy muddat ichida oʻtkaziladi.
5. “Sirli mijoz” tadbirini oʻtkazish rejasi har yili shakllantiriladi va Raqobat qoʻmitasi tomonidan tasdiqlanadi. Bunda, nodavlat notijorat tashkiloti tomonidan “sirli mijoz” tadbirlari Raqobat qoʻmitasi bilan kelishilgan va tasdiqlangan rejaga muvofiq oʻtkazilishi shart. Nodavlat notijorat tashkilotlari tomonidan “sirli mijoz” tadbirlari faqatgina tajriba davrida oʻtkaziladi.
“Sirli mijoz” tadbirini oʻtkazish rejasi quyidagi maʼlumotlarni oʻzida aks ettiradi:
tadbirni oʻtkazish davri;
tadbirini oʻtkazish joyi (viloyat, shahar, tuman);
tadbir yoʻnalishi (dorixona yoki tibbiyot tashkiloti).
6. “Sirli mijoz” tadbirining vazifalari quyidagilardan iborat:
dori vositalarini va tibbiy buyumlarni dorixonalar tomonidan chakana realizatsiya qilish tartibiga amal qilish, tibbiyot tashkilotlari (tibbiy diagnostika, muolaja, dori buyurish) faoliyatida isteʼmolchilar huquqlari himoya qilinishini taʼminlash;
mulkchilik shaklidan qatʼi nazar, tibbiyot tashkilotlari (tibbiy diagnostika, muolaja, dori buyurish) faoliyatida belgilangan tartiblarga rioya qilinishini oʻrganish va amaldagi talablar buzilishining oldini olish;
isteʼmolchilarning nomuayyan doirasi huquqlarini himoya qilish va sohadagi tizimli muammolarni oʻrganish;
jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari, ommaviy axborot vositalarida chop etilgan tanqidiy materiallarda bayon etilgan holatlarga hamda jamoatchilik fikrini oʻrganish natijasida yuzaga kelgan masalalarga aniqlik kiritish;
oʻtkazilgan “sirli mijoz” tadbiri natijalari asosida amaldagi talablarni takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;
oʻtkazilgan “sirli mijoz” tadbiri natijasida qonunchilik hujjatlari buzilishi holatlari aniqlangan taqdirda, tovarlar (ishlar, xizmatlar) xavfsiz boʻlishini va ularning sifatini nazorat qiluvchi davlat organi va tashkilotlariga maʼlumot kiritish;
aniqlangan qonun buzilishi holatlari boʻyicha tegishli choralar koʻrish.
7. “Sirli mijoz” tadbiri quyidagi prinsiplarga amal qilgan holda oʻtkaziladi:
qonuniylik;
tadbir oʻtkazilayotganligining sir saqlanishi;
tibbiyot tashkilotining moliyaviy-xoʻjalik faoliyatiga aralashmaslik;
asoslanganlik;
aniqlik va ishonchlilik;
begʻarazlik va xolislik;
korrupsiyaga va manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymaslik.
2-bob. “Sirli mijoz” tadbirini oʻtkazish tartibi
8. “Sirli mijoz” tadbiri vakolatli organning masʼul xodimi yoki nodavlat notijorat tashkilotining Raqobat qoʻmitasi huzuridagi Raqobat siyosati va isteʼmolchilar huquqlari tadqiqotlari markazi tomonidan tashkil qilingan maxsus kurslarda oʻqib, oʻqishni muvaffaqiyatli tamomlaganlik toʻgʻrisidagi maxsus sertifikatga ega boʻlgan xodimi tomonidan oʻtkaziladi.
9. “Sirli mijoz” tadbirini oʻtkazish toʻgʻrisida vakolatli organ tomonidan buyruq chiqariladi.
10. Buyruq quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi kerak:
vakolatli organ “sirli mijoz” tadbirini oʻtkazishga masʼul xodimi yoki xodimlarining familiyasi, ismi, otasining ismi va lavozimi;
tadbir oʻtkazilayotgan yuridik shaxs nomi va joylashgan manzili;
tadbirni oʻtkazishda baholanadigan majburiy talablar;
tadbirni oʻtkazish uchun asos;
tadbirni oʻtkazish muddatlari.
“Sirli mijoz” tadbirini oʻtkazish uchun bir ish kuni, davomli harakatlar uchun ushbu harakatning oxirgi kuniga qadar muddat belgilanadi.
11. “Sirli mijoz” tadbirini dorixonada oʻtkazishda “sirli mijoz” isteʼmolchi (xaridor) sifatida dori vositalari va tibbiy buyumlarni sotib olish uchun dorixonaga tashrif buyuradi.
Bu holatda “sirli mijoz”ning vazifasi dorixona xodimiga murojaat qilish, maʼlum bir dori vositalari va (yoki) tibbiy buyumni mavjudligini soʻrab murojaat qilish, tegishli xizmat koʻrsatilishidan oldin dorixona faoliyatini kuzatish hisoblanadi.
Bunda “sirli mijoz” tadbirini oʻtkazish davomida:
dori vositasining retsept asosida berilishi;
dori vositalarining belgilangan tartibda joylashtirilishi va saqlanishi;
xalqaro patentlanmagan nomlanishi boʻyicha rasmiylashtirilgan retseptda koʻrsatilgan dori vositalarini ularni savdo nomi boʻyicha tanlash imkoniyati yaratilishi;
dorixona xodimining mijozga dori vositasi va tibbiy buyumni qoʻllash tartibi, xususan, qoʻllash davriyligi, bir martalik va sutkalik dozalari, qoʻllash usuli, saqlash tartibi, yaroqlilik muddati haqida maʼlumot berishi;
dorixona xodimining mijoz eʼtiborini dori vositasi va tibbiy buyumning qoʻllash yoʻriqnomasi bilan diqqat qilib tanishib chiqishga qaratishi;
dorixona xodimining mijozlar bilan boʻlgan munosabatda etika qoidalariga rioya etishi, professionallik va savodxonlik xislatlarini namoyon etishi;
zarur hollarda, mijozning talabiga binoan dori vositalari va tibbiy buyumlarning sifatini tasdiqlovchi hujjatlarni koʻrsatishi;
mahsulotlarda narxnomaning mavjudligi;
mijozga u tomonidan soʻralmagan yoki retseptda koʻrsatilmagan dori vositalari va (yoki) tibbiy buyumlarni taklif qilish, sotib olishga undash holatlari oʻrganiladi.
12. “Sirli mijoz” tadbirini tibbiyot tashkilotlarida oʻtkazishda “sirli mijoz” isteʼmolchi (bemor) sifatida dori vositalarini tayinlash, xalqaro patentlanmagan nomlanishi boʻyicha retseptlarni rasmiylashtirish holati toʻgʻrisida maʼlumot olish uchun tibbiyot tashkilotiga tashrif buyuradi.
Bu holatda “sirli mijoz”ning vazifasi tibbiyot tashkilotining maʼlum bir shifokoriga murojaat qilish, oʻz kasalligi boʻyicha shifokordan tushuntirish, maslahat va tavsiyalar soʻrash, tegishli xizmat koʻrsatilishidan oldin tibbiyot tashkiloti faoliyatini kuzatish hisoblanadi.
Bunda “sirli mijoz” oʻzini muayyan kasallikka chalingan bemor sifatida namoyon etadi va quyidagi holatlarni oʻrganadi:
oʻz kasalligi boʻyicha zarur tushuntirish, maslahat va tavsiyalar berilishi;
dori vositalarini tayinlash va xalqaro patentlanmagan nomlanishi boʻyicha retseptlarni rasmiylashtirish tartibiga rioya etilishi;
savdo nomi boʻyicha aynan bir farmatsevtika korxonasiga mansub boʻlgan dori vositalarini tayinlash;
ortiqcha va zarur boʻlmagan diagnostika va laboratoriya tahlillarini topshirishga undash;
diagnostika va laboratoriya tahlillarini aynan bir tibbiyot tashkilotida oʻtkazishga undash;
shifokorning mijozlar bilan boʻlgan munosabatda etika qoidalariga rioya etishi, professionallik va savodxonlik xislatlarini namoyon etishi;
tibbiyot tashkilotida yuridik shaxsning nomi, xizmat turlari va narxlari toʻgʻrisida maʼlumotlar mavjudligi.
13. Xizmatning nuqsoni toʻplangan maʼlumotlar tadbir oʻtkazilgan tibbiyot tashkilotining hududidan tashqarida kasalliklarning diagnostikasi va davolash boʻyicha klinik protokol va algoritmlari boʻyicha solishtirish orqali amaldagi talablar asosida Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan ajratilgan mutaxassislar bilan hamkorlikda aniqlanadi. Bunda koʻrsatilgan xizmatning klinik protokol va algoritmlarga mosligi boʻyicha xulosa Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan uch ish kunida vakolatli organga taqdim etiladi.
14. “Sirli mijoz” tadbiri faqatgina audio yoki videokuzatuv moslamalaridan yashirin foydalanilgan holda oʻtkazilganda, amalga oshirilgan hisoblanadi.
Ushbu moslamalar yordamida yozib olingan maʼlumotlar vakolatli organ tomonidan toʻliq qabul qilib olinadi va ulardan mazkur Nizomda koʻrsatilgan hollardan tashqari boshqa maqsadlarda foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
15. “Sirli mijoz” tadbirini oʻtkazish jarayonida dorixona xodimini yoki shifokorni huquqbuzarliklar sodir etishga undash, shu jumladan, nizoli, bahsli holatlarni va kamchiliklarni sunʼiy ravishda keltirib chiqarish taqiqlanadi.
16. “Sirli mijoz” tadbirini oʻtkazishda dorixona yoki tibbiyot tashkilotining faoliyatiga, shu jumladan, moliyaviy-xoʻjalik faoliyatiga aralashish, undan isteʼmolchi sifatida tanishish mumkin boʻlganidan ortiqcha hujjatlarni soʻrash va talab qilishga, uning tadbir oʻtkazilishi haqida oldindan xabardor qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
17. “Sirli mijoz” tadbiri yakunlari boʻyicha maʼlumotnoma tuziladi.
Maʼlumotnomada tadbir davomida aniqlangan holatlar qayd etiladi. Bunda audio yoki videokuzatuv moslamalaridagi yozuvlar aniq koʻriladigan yoki eshitiladigan darajada boʻlgandagina asos sifatida olinadi.
Maʼlumotnoma “sirli mijoz” va tadbirga jalb qilingan shaxs hamda biriktirilgan xodimlar tomonidan imzolanadi.
Maʼlumotnomaga dori vositasi va (yoki) tibbiy buyum sotib olingani, tibbiyot tashkiloti xizmatlaridan foydalanilganligini tasdiqlovchi hujjatlar (kassa va/yoki tovar cheklari), retsept va boshqa hujjatlar nusxalari ilova qilinadi hamda vakolatli organga yuboriladi.
Maʼlumotnoma qogʻoz shaklida va skaner qilingan .rdf formatida, audio/video yozuvlar elektron formatda vakolatli organda bir yil muddat davomida saqlanadi. Ushbu muddat maʼmuriy ishlar yakunlangunga qadar qoʻshimcha uzaytirilishi mumkin.
18. “Sirli mijoz” tadbirida qonunchilik talablarini birinchi marta buzgan tibbiyot tashkilotlari va dorixonalar, shuningdek, ularning rahbarlari va (yoki) xodimlariga qonunchilik hujjatlarida belgilangan javobgarlik choralarini qoʻllamasdan (jinoyat alomatlari mavjud boʻlmaganda), tushuntirish ishlari olib boriladi va har tomonlama yordam koʻrsatiladi.
Biroq, takroriy ravishda “sirli mijoz” tadbiri natijasida normativ hujjatlar va qonunchilik talablari buzilishi alomatlari mavjud boʻlganda, qayd etilgan holat boʻyicha huquqbuzarlikni aniqlash uchun tekshirish belgilangan tartibda oʻtkaziladi.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
19. “Sirli mijoz” tadbiri bilan bogʻliq ishlar vakolatli organ tomonidan oʻtkazilganda Raqobat qoʻmitasi huzuridagi budjetdan tashqari Raqobatni rivojlantirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi mablagʻlari, nodavlat notijorat tashkiloti tomonidan oʻtkazilganda oʻz mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.
20. “Sirli mijoz” tadbiri natijalari, uni oʻtkazish davomida toʻplangan foto va video materiallar isteʼmolchilarning xabardorligini oshirish uchun vakolatli organ tomonidan ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinishi mumkin.
21. “Sirli mijoz” tadbirini oʻtkazish natijalari boʻyicha dorixona yoki tibbiyot tashkiloti belgilangan tartibda yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilishi mumkin.
22. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 22-oktabrdagi 667-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar va qoʻshimcha
1. Vazirlar Mahkamasining “Isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilishda jamoatchilik ishtirokini kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2002-yil 28-noyabrdagi 414-son qarorining 2-bandi beshinchi xatboshisi quyidagi mazmundagi beshinchi — oʻn birinchi xatboshilar bilan almashtirilsin:
“Belgilansinki, Isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish jamiyatlari federatsiyasi ijro etuvchi apparati, tuman, shahar jamiyatlari, shuningdek ularning hududiy birlashmalari ijro etuvchi apparatlarining taʼminoti:
aʼzolik badallari;
maqsadli loyihalarni amalga oshirish uchun grantlar va ijtimoiy buyurtmalar;
xalqaro moliya va boshqa institutlar, chet el tashkilotlari grantlari;
homiylik xayriyalari;
qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobiga amalga oshiriladi”.
2. Vazirlar Mahkamasining “Isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish va ushbu yoʻnalishda davlat organlari hamda tashkilotlari hamkorligini samarali tashkil etishni taʼminlash boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 8-fevraldagi 59-son qarorida :
a) 2-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi hamda uning hududiy organlari (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita)”;
b) 3-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“3. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi va milliy akkreditatsiya tizimida akkreditatsiya qilingan sinov laboratoriyalari Qoʻmitaga nazorat xaridi doirasida olinadigan xalq isteʼmoli tovarlarini tezkor ravishda ekspertizadan (testdan) oʻtkazishda amaliy yordam koʻrsatsinlar”;
v) 4-bandning birinchi xatboshisidagi “Agentlik” soʻzi “Qoʻmita” soʻzi bilan almashtirilsin;
g) ilovada :
5-bandda :
ikkinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) raisi tomonidan tasdiqlanadigan yoki Qoʻmita bilan kelishilgan va rasmiy veb-saytda joylashtiriladigan nazorat xaridi tadbirini oʻtkazish rejasi”;
beshinchi xatboshidagi “Vazirlar Mahkamasi yoki Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasining” soʻzlari “yoki Vazirlar Mahkamasining” soʻzlari bilan almashtirilsin;
6-bandda :
birinchi xatboshidagi “Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi bilan kelishilgan holda Agentlik direktori” soʻzlari “Qoʻmita raisi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Nodavlat notijorat tashkiloti tomonidan oʻtkaziladigan nazorat xaridi tadbirlari rejasi Qoʻmita bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi”;
ikkinchi — oltinchi xatboshilar tegishlicha uchinchi — yettinchi xatboshilar deb hisoblansin;
uchinchi xatboshidagi “Agentlikning” soʻzi “Qoʻmitaning” soʻzi bilan almashtirilsin;
8-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“8. Nazorat xaridi tadbirlari Qoʻmita yoki uning hududiy organlari yoki nodavlat notijorat tashkilotlari tomonidan “Isteʼmolchilarning huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq belgilangan boshqa vakolatli organlar (keyingi oʻrinlarda — vakolatli organlar) bilan birgalikda qonuniylik, oshkoralik, xolislik, adolatlilik, tenglik va shaffoflik prinsiplariga asoslangan holda amalga oshiriladi.
Nodavlat notijorat tashkiloti tomonidan oʻtkaziladigan nazorat xaridi tadbirlari Qoʻmita bilan kelishilgan va tasdiqlangan rejaga muvofiq amalga oshirilishi mumkin.
Bunda:
nodavlat notijorat tashkilotining xodimi nazorat xaridi tadbirini amalga oshirishi uchun Qoʻmita huzuridagi Raqobat siyosati va isteʼmolchilar huquqlari tadqiqotlari markazi tomonidan tashkil qilingan maxsus kurslarni muvaffaqiyatli tamomlaganlik toʻgʻrisidagi maxsus sertifikatga ega boʻlishi lozim;
nodavlat notijorat tashkilotlari tomonidan nazorat xaridi tadbirlarini faqatgina tajriba davrida oʻtkaziladi”;
9-banddagi “Agentlik direktori” soʻzlari “Qoʻmita yoki hududiy organlari yoxud nodavlat notijorat tashkiloti rahbari” soʻzlari bilan almashtirilsin;
10-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“10. Buyruq quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi kerak:
Qoʻmita yoki uning hududiy organi yoxud nodavlat notijorat tashkiloti hamda vakolatli organlar nazorat xaridi tadbirini oʻtkazishga masʼul xodimi yoki xodimlarining familiyasi, ismi, otasining ismi va lavozimi;
nazorat xaridi tadbiri bevosita oʻtkazilayotgan joy;
nazorat xaridi tadbirini oʻtkazishda baholanadigan majburiy talablar;
nazorat xaridini amalga oshirish uchun asos;
nazorat xaridi davomida olinadigan tovarlarning savdo nomi, ularning soni, sotib olish va toʻlovni amalga oshirish toʻgʻrisidagi maʼlumot;
nazorat xaridini amalga oshirish muddatlari;
nazorat xaridi davomida foto va videotasvirlarning zarurligi toʻgʻrisida maʼlumot;
maʼlum tovar boʻyicha nazorat xaridini amalga oshirish uchun zarur boʻlgan boshqa maʼlumotlar.
Nazorat xaridi bunday tadbirlar oʻtkazilgan muayyan tovar (savdo nomi) boʻyicha yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkorda (savdo obyekti joylashuvi boʻyicha) keyingi bir yil davomida takroran amalga oshirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi, qonunda belgilangan tartibda kelib tushadigan jismoniy va yuridik shaxslarning shikoyatlari asosida oʻtkaziladigan nazorat xaridi tadbirlari bundan mustasno”;
20-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Tanlab olish dalolatnomasi uch nusxada toʻldiriladi va Qoʻmita yoki uning hududiy organlari yoxud nodavlat notijorat tashkiloti, vakolatli organ hamda sinov laboratoriyasi xodimlariga bir nusxadan beriladi. Tanlab olish dalolatnomasi uni toʻldirgan mutaxassis hamda Qoʻmita yoki uning hududiy organi yoxud nodavlat notijorat tashkiloti xodimi tomonidan imzolanadi”;
24 va 25-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“24. Test natijalari boʻyicha tovar sifati va xavfsizlik talablariga muvofiq boʻlmagan holatlar aniqlanganda, qonunchilik hujjatlariga koʻra tegishli harakatlarni amalga oshirish uchun test natijalari Qoʻmita yoki uning hududiy organlari yoxud nodavlat notijorat tashkiloti tomonidan vakolatli organlarga yuboriladi va tekshirish umumiy tartibda amalga oshiriladi.
25. Nazorat xaridi bilan bogʻliq ishlarni moliyalashtirish Qoʻmita tomonidan oʻtkaziladigan nazorat xaridlari Qoʻmita huzuridagi budjetdan tashqari Raqobatni rivojlantirishga koʻmaklashish jamgʻarmasi mablagʻlari, nodavlat notijorat tashkiloti tomonidan oʻtkaziladigan nazorat xaridlari oʻz mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi”;
26-banddagi “Agentlik” soʻzi “Qoʻmita yoki uning hududiy organlari yoxud nodavlat notijorat tashkiloti” soʻzlari bilan almashtirilsin;
27-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“27. Nazorat xaridi maqsadli korporativ bank kartasi yordamida Qoʻmita yoki uning hududiy organlari yoxud nodavlat notijorat tashkiloti tomonidan amalga oshiriladi. Shuningdek, nazorat xaridini oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyruqda Qoʻmita yoki uning hududiy organlari yoxud nodavlat notijorat tashkilotining moddiy javobgar xodimiga beriladigan pul miqdorini qayd etgan holda, naqd pul shaklida ham toʻlanishi mumkin”;
28-banddagi “Agentlik hamda uning hududiy tuzilmalari” soʻzlari “Qoʻmita va uning hududiy organlari hamda nodavlat notijorat tashkiloti” soʻzlari bilan almashtirilsin;
29-banddagi “Agentlik hamda uning hududiy tuzilmalari” soʻzlari “Qoʻmita va uning hududiy organlari hamda nodavlat notijorat tashkiloti” soʻzlari bilan almashtirilsin;
30-banddagi “Agentlik” soʻzi “Qoʻmita” soʻzi bilan almashtirilsin;
31-band quyidagi mazmundagi ikkinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Nazorat xaridi tadbirlarini oʻtkazish tekshirish hisoblanmaydi”;
1-ilovaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Chakana savdo obyektlarida xalq isteʼmoli tovarlarining nazorat xaridini tashkillashtirish va ularni ekspertizadan (testdan) oʻtkazish tartibi
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Qoʻmita va nodavlat notijorat tashkiloti Nazorat xaridini oʻtkazish rejasini shakllantiradi va tasdiqlaydi. Har yili, yanvar oyida 2-bosqich Qoʻmita va nodavlat notijorat tashkiloti Nazorat xaridini oʻtkazish rejasini rasmiy veb-saytda joylashtiradi. Har yili, yanvar oyida 3-bosqich Qoʻmita hamda uning hududiy organlari, nodavlat notijorat tashkiloti Nazorat xaridini amalga oshirishda foydalanish uchun maqsadli korporativ bank kartasi ochadi va zarur miqdorda pul mablagʻi oʻtkazadi. Har yili, yanvar oyida 4-bosqich Qoʻmita yoki uning hududiy organlari yoxud nodavlat notijorat tashkiloti Tasdiqlangan rejaga koʻra, OAV maʼlumotlari yoki murojaat kelib tushganda nazorat xaridini hamkorlikda amalga oshirish uchun vakolatli organdan (Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi, Sanitariya-epidemiologiya va jamoat salomatligi qoʻmitasi, Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi) mutaxassis jalb qilinadi. Tadbir oʻtkazilishidan 3 ish kuni avval 5-bosqich Qoʻmita yoki uning hududiy organlari yoxud nodavlat notijorat tashkiloti Tasdiqlangan rejaga koʻra, OAV maʼlumotlari yoki murojaat kelib tushganda nazorat xaridini amalga oshirish toʻgʻrisida Qoʻmita yoki uning hududiy organlari tomonidan buyruq chiqariladi. Tadbir oʻtkazilishidan 1 ish kuni avval 6-bosqich Qoʻmita yoki uning hududiy organlari yoxud nodavlat notijorat tashkiloti hamda vakolatli organlar Masʼul xodim buyruqda koʻrsatilgan xoʻjalik yurituvchi subyektdan (joyiga chiqqan holda) belgilangan tovarni ekspertizadan oʻtkazish natijalariga asosan kassa va/yoki tovar cheki bilan sotib oladi (zarur hollarda foto- va videotasvirga olish vositalaridan foydalanadi). Buyruqda koʻrsatilgan sanada 7-bosqich Qoʻmita yoki uning hududiy organlari yoxud nodavlat notijorat tashkiloti hamda vakolatli organlar Savdo obyekti hududidan tashqarida tovar namunalarini tanlab olish dalolatnomasi va nazorat xaridini oʻtkazish toʻgʻrisida maʼlumotnoma rasmiylashtiriladi. Nazorat xaridi oʻtkazilgan kunda 8-bosqich Vakolatli organlar Nazorat xaridi davomida olingan tovar namunalari savdo nomlari olib tashlangan va toʻliq berkitilgan, biroq isteʼmol qadogʻi saqlangan holda tegishli sinov laboratoriyalariga yetkaziladi. Nazorat xaridi oʻtkazilgan kunda 9-bosqich Akkreditatsiya qilingan davlat va nodavlat laboratoriyalar Tovar namunalarini testdan oʻtkazadi va sinov bayonnomalarini Qoʻmita yoki uning hududiy organlariga yoxud nodavlat notijorat tashkilotiga yuboradi. Texnik hujjatlar va shartnomada belgilangan muddatda 10-bosqich Qoʻmita yoki uning hududiy organlari yoxud nodavlat notijorat tashkiloti Test natijalari boʻyicha tovar sifati va xavfsizlik talablariga muvofiq boʻlmagan holatlar aniqlanganda, qonunchilik hujjatlariga koʻra tegishli harakatlarni amalga oshirish uchun vakolatli organlarga yuboriladi. Test natijalari olingan kundan 3 ish kunida 11-bosqich Vakolatli organlar Tovar sifati va xavfsizlik talablari buzilishi holati boʻyicha ishlab chiqaruvchi yoki import tovarlar boʻyicha uning vakolatli shaxsiga tegishli chora koʻradi. Belgilangan muddatlarda 12-bosqich Qoʻmita Isteʼmolchi va tadbirkorlarni sifat va xavfsizlik talablariga javob bermaydigan tovarlar va uning ishlab chiqaruvchilari toʻgʻrisida xabardor qilish maqsadida nazorat xaridi natijalari boʻyicha ommaviy axborot vositalarida axborot joylashtiradi. Nazorat xaridi natijalari boʻyicha ” ;
2-ilovadagi “Agentlik yoki uning hududiy tuzilmasi” soʻzlari “Qoʻmita yoki uning hududiy organi yoxud nodavlat notijorat tashkiloti” soʻzlari bilan almashtirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 22-oktabr,
667-son