📅 2025-yil 24-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 24-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 24 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 24 октября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 24 October 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгаши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиққа оид низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 11 июлдаги ПҚ-223-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиққа оид низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 11 июлдаги ПҚ-223-сон қарорига мувофиқ Савдо-саноат палатаси ҳузурида Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгаши (кейинги ўринларда — Эксперт кенгаши) ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгаши тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Эксперт кенгашининг мақоми, асосий функциялари, вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартиби;
тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келган солиққа оид низоларни кўриб чиқиш тартиби.
3. Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилишини таъминласин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 октябрдаги 672-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгаши тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгашининг (кейинги ўринларда — Кенгаш) фаолиятини ташкил этиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келган солиққа оид низоларни кўриб чиқиш ва улар юзасидан хулосалар бериш тартибини белгилайди.
2. Кенгаш юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузурида (кейинги ўринларда — Палата) доимий фаолият юритувчи коллегиал орган ҳисобланади.
Палата Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.
3. Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларига ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
4. Кенгашда Солиқ қўмитасининг солиққа оид низолар юзасидан чиқарган қарорларидан норози бўлган тадбиркорлик субъектларининг Кенгашга тўғридан-тўғри ёки бошқа вазирлик ва идоралар орқали қилган мурожаатлари кўриб чиқилади. Жиноят иши доирасида ёки суд тартибида кўриб чиқилаётган солиққа оид низолар бундан мустасно.
2-боб. Кенгашнинг асосий вазифалари, функциялари ва ҳуқуқлари
5. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келган солиққа оид низоларни кўриб чиқиш ҳамда улар юзасидан хулосалар бериш;
солиқ қонунчилигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг қўлланишини ўрганиш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
солиққа оид низоларни кўриб чиқишда бизнес ҳамжамияти, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда илмий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш.
6. Кенгаш ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги функцияларни амалга оширади:
ўрнатилган тартибда келиб тушган мурожаатларни иш юритувига қабул қилади ва Кенгаш йиғилишида кўриб чиқиш масаласини ўрганади;
Кенгашда кўриб чиқилиши лозим бўлган мурожаатларни навбатдаги йиғилишга ҳужжатларни тайёрлайди;
солиқлар, пенялар, жарималар ва бошқа мажбурий тўловлар қонунчилик нормаларига асосан тўғри ҳисобланганлигини ҳамда низога оид бошқа масалаларни ўрганади;
солиққа оид низоларни кўриб чиқиш натижаси юзасидан ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилиши мажбурий бўлган хулосалар қабул қилади;
солиққа оид низоларни кўриб чиқиш давомида аниқланган солиқ қонунчилигидаги қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларни бартараф этиш, ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини йўлга қўйиш, шунингдек, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, уларни ваколатли органларга киритади;
солиққа оид низоларни кўриб чиқиш амалиётини умумлаштириб, кўп такрорланувчи низоли масалалар ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ҳамда манфаатдор ташкилотлар ва кенг жамоатчиликка етказади;
тадбиркорлик субъектлари ўртасида солиққа оид низоларни судгача ҳал қилишнинг афзалликлари юзасидан тарғибот-ташвиқот тадбирларини амалга оширади.
7. Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тадбиркорлик субъектларини солиққа тортиш билан боғлиқ материаллар ва маълумотлар билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш;
солиқ текширувларига тааллуқли материаллар билан танишиш ва уларни олиш;
вазирликлар ва идоралардан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, нодавлат нотижорат ташкилотлардан Кенгаш ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича маълумот, ҳужжат ва материалларни сўраш ва бепул олиш;
солиқ, божхона, иқтисодиёт, молия ва ҳуқуқ соҳасида етарли билим, малака ва кўникмаларга эга бўлган мутахассис ва экспертларни жалб қилиш. Бунда Эксперт кенгашига жалб қилинган мутахассис ва экспертларнинг фаолияти Савдо-саноат палатаси ҳамда Тармоқларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
давлат органлари ва ташкилотларига солиқ қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш.
8. Кенгаш солиққа оид низоларни кўриб чиқишда:
холислик, қонунийлик, адолатлилик ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бирхиллигини таъминлаши;
тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиши;
солиқ қонунчилигидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликларни тадбиркорнинг фойдасига талқин қилиш шарт.
3-боб. Кенгаш фаолиятини ташкил этиш тартиби
9. Кенгаш раис, раис ўринбосарлари, Кенгаш аъзолари ва котибдан иборат таркибда шакллантирилади ва доимий асосда фаолият юритади.
Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади.
Давлат органларидан жалб қилинмаган Кенгаш аъзолари таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар Кенгаш раиси ўринбосарлари тақдимномалари асосида Кенгаш раиси томонидан киритилиши мумкин.
10. Кенгаш мажлисларини раис, раис иштирок этолмаган тақдирда — раис ўринбосари олиб боради. Кенгаш мажлиси Кенгаш аъзоларидан камида учдан икки қисми қатнашаётган бўлса ваколатлидир.
Кенгаш мажлислари бир ойда камида икки марта ўтказилади.
11. Кенгаш фаолияти хулосалар беришда тенг ҳуқуқлилик ва коллегиаллик тамойилларига асосланади.
12. Кўрилаётган солиққа оид низолар бўйича Кенгаш хулосалари Кенгаш аъзоларининг оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда, Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
Кенгаш котиби ҳам овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Кенгаш аъзолари овоз бериш жараёнида бетараф қолишга ҳақли эмас. Кенгашнинг ҳар бир аъзоси берилаётган хулосалар бўйича ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақлидир.
Кенгаш йиғилишида иштирок этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, унинг аъзоси йиғилиш кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда юбориши мумкин. Бунда унинг фикри йиғилишда кўриб чиқилади.
13. Кенгаш хулосалари Кенгаш мажлиси баённомаси билан расмийлаштирилади.
Кенгаш мажлиси баённомаси Кенгаш котиби томонидан тузилади, уни мажлисда қатнашган Кенгаш аъзолари имзолайди ҳамда Кенгаш раиси томонидан тасдиқлайди.
Манфаатдор шахсларга котиб томонидан муҳрланган ва Кенгаш раиси тасдиқлаган баённомадан кўчирма жўнатилади.
14. Кенгаш раиси ваколатларига қуйидагилар киради:
Кенгашга раҳбарлик қилиш ва унинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
Кенгаш мажлислари кун тартибини белгилаш ва уларни чақириш, Кенгаш мажлисларини олиб бориш;
Кенгаш томонидан берилган хулосаларнинг ваколатли орган томонидан кўриб чиқилишини назорат қилиш;
тадбиркорлик субъектлари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакилларини Кенгаш мажлисларида иштирок этишга таклиф қилиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан муносабатларда Кенгаш номидан қатнашиш;
Кенгаш раиси ўринбосарлари тақдимномалари асосида давлат органларидан жалб қилинмаган Кенгаш аъзолари таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
Кенгаш фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга ошириш.
15. Кенгаш раиси ўринбосари ваколатларига қуйидагилар киради:
Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалалар бўйича Кенгаш раисига таклифлар киритиш, шунингдек, Кенгаш раиси билан келишилган ҳолда, Кенгаш мажлисининг кун тартибини шакллантириш;
Кенгаш раиси иштирок этолмаган ҳолларда, у билан келишилган ҳолда Кенгаш мажлисларини олиб бориш;
Кенгаш аъзолари фаолиятини мувофиқлаштириш;
давлат органларидан жалб қилинмаган Кенгаш аъзолари таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Кенгаш раисига тақдимномалар киритиш.
Кенгаш фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
16. Кенгаш аъзолари ваколатларига қуйидагилар киради:
Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш, тегишли хулосалар беришда иштирок этиш;
Кенгашга солиққа оид низоларни ҳал этиш бўйича таклифлар киритиш;
Кенгаш мажлисларида шахсан иштирок этиш, мажлисда иштирок эта олмаса ўз фикрини ёзма равишда Кенгашга тақдим этиш;
Кенгаш мажлисларини ўтказиш режаси ва кун тартиби бўйича таклифлар киритиш.
17. Кенгаш котиби Ишчи орган билан биргаликда:
тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келган солиққа оид низолар бўйича мурожаатларни қабул қилади ва рўйхатдан ўтказади;
мурожаатни ўрганиб чиқиб, мазкур Низом талаблари асосида мурожаатни Кенгаш мажлисида кўриб чиқиш ёки уни рад этиш тўғрисида ёзма равишда мурожаат муаллифига жавоб юборади;
Кенгаш мажлисларининг кун тартиби лойиҳасини Кенгаш раиси ўринбосарлари билан келишган ҳолда шакллантиради ва Кенгаш раисига тақдим қилади;
солиққа оид низоларни кўриб чиқиш учун зарур бўлган материалларни Кенгаш аъзоларига тарқатади;
Кенгаш кун тартибидаги масалалар бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
Кенгаш аъзоларининг солиққа оид низолар бўйича фикрларини умумлаштиради;
Кенгаш мажлиси баённомаларини юритади, расмийлаштиради, шунингдек, Кенгаш хулосалари лойиҳаларини тайёрлайди;
Кенгаш хулосаларининг ҳисобини ҳамда мониторингини юритади;
тасдиқланган баённомадан кўчирмаларни Кенгаш аъзоларига ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади;
Кенгаш фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлайди.
Кенгаш котиби ва Ишчи орган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
4-боб. Кенгашда тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келган солиққа оид низолар бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби
18. Кенгашга тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келган солиққа оид низолар бўйича Низомга 1-иловада келтирилган шаклга мувофиқ мурожаат қилади.
19. Кенгашда тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келган солиққа оид низолар бўйича мурожаатлар Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ кўриб чиқилади.
20. Мазкур Низомнинг 18-бандида назарда тутилган мурожаатлар Кенгаш котиби томонидан беш иш куни ичида ўрганиб чиқилади.
Қуйидаги ҳолларда мурожаатни кўриб чиқиш рад этилади:
Солиқ қўмитасининг солиққа оид низолар юзасидан чиқарган қарори нусхаси тақдим этилмаганда;
жиноят ишлари доирасида ёки суд тартибида кўриб чиқилаётган солиққа оид низолар мурожаатлар келиб тушганда;
Котиб ўрганиш натижаларига кўра мурожаат Кенгаш кун тартибига киритилиши ёки асослантирилган ҳолда кун тартибига киритилмаслиги тўғрисида ёзма равишда Низомга 3-иловада келтирилган шаклга мувофиқ мурожаат муаллифига жавоб юборади.
21. Котиб етти иш кунида Кенгаш мажлисларининг кун тартиби лойиҳасини Кенгаш раиси ўринбосарлари билан келишган ҳолда шакллантиради ва Кенгаш раисига тақдим қилади.
22. Кенгаш раиси ёки раис бўлмаган тақдирда, у билан келишилган ҳолда раис ўринбосари Кенгаш мажлиси кун тартибини тасдиқлайди.
23. Кенгаш мажлиси якуни бўйича уч иш кунида солиққа оид низони кўриб чиқиш натижаси юзасидан қабул қилинган хулосани ўз ичига олган тасдиқланган баённомадан кўчирмалар Кенгаш аъзоларига, мурожаатчига ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.
24. Кенгашнинг хулосалари ваколатли орган томонидан кўриб чиқилади ва кўриб чиқиш натижаси юзасидан қарор қабул қилингандан сўнг 3 иш кунида Кенгашга ахборот киритилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
25. Кенгаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
26. Ушбу Низомда назарда тутилмаган Кенгаш фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар Палатанинг ички ҳужжатлари билан белгиланади.
27. Кенгаш ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
28. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгаши тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Эксперт кенгашига тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келган солиққа оид низолар бўйича мурожаат шакли
Мурожаат юборувчи _______________________________________________________________________ (тадбиркорлик субъекти ёки вазирлик (ташкилот) номи) _________________________________________________________________________________________ (тадбиркорлик субъекти таъсисчиси, раҳбарининг Ф.И.О.) Текшириш ўтказилган сана _________________________________________________________________ Солиқ органи қабул қилган қарор санаси _____________________________________________________ Солиқ қўмитасига шикоят киритилган сана ___________________________________________________ Мурожаатнинг қисқача мазмуни ____________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________ Мурожаатга текшириш далолатномаси, солиқ органининг қарори, тадбиркорлик субъектининг киритилган шикояти, Солиқ қўмитасининг солиққа оид низолар юзасидан чиқарган қарори илова қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгаши тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Кенгашда тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келган солиққа оид низолар бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Тадбиркор ёки шикоятни юборувчи вазирлик (ташкилот) Тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келган солиққа оид низолар бўйича Низомга 1-иловада келтирилган шаклга мувофиқ мурожаат қилади. Заруратга кўра 2-босқич Кенгаш котиби Ўрганиш натижаларига кўра мурожаат Кенгаш кун тартибига киритилиши ёки асослантирилган ҳолда кун тартибига киритилмаслиги тўғрисида ёзма равишда Низомга 3-иловада келтирилган шаклга мувофиқ мурожаат муаллифига жавоб юборади. Беш иш куни мобайнида 3-босқич Кенгаш котиби Кенгаш мажлисларининг кун тартиби лойиҳасини Кенгаш раиси ўринбосарлари билан келишган ҳолда шакллантиради ва Кенгаш раисига тақдим қилади. Етти иш куни мобайнида 4-босқич Кенгаш Кенгаш аъзолари, солиқ, божхона, иқтисодиёт, молия ва ҳуқуқ соҳасида етарли билим, малака ва кўникмаларга эга бўлган мутахассис ва экспертларни жалб қилинган ҳолда Кенгашнинг мажлиси ўтказилади. Бир ойда камида икки марта 5-босқич Кенгаш котиби Кенгаш мажлиси якуни бўйича солиққа оид низони кўриб чиқиш натижаси юзасидан қабул қилинган хулосани Кенгаш аъзоларига, мурожаатчига ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади. Уч иш куни мобайнида 6-босқич Ваколатли органлар Кенгашнинг хулосаларини кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор ҳақида Кенгашга ахборот киритади. Уч иш куни мобайнида
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгаши тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Эксперт кенгашига тадбиркорлик субъекти томонидан берилган мурожаат юзасидан хабарнома
Ҳурматли тадбиркор Сизнинг ___________________________________________________________ даги (мурожаат санаси ёзилади) мурожаатингиз Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгашида кўриб чиқиш _________________________________________________________________________________________ (мурожаат қабул қилингани ёки рад этилгани кўрсатилади) Мурожаатни Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгашида кўриб чиқиш рад этилганда, рад этиш сабаблари кўрсатилади. _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 24 октябрь,
672-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi huzuridagi Soliqqa oid nizolar boʻyicha ekspert kengashi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Soliqqa oid nizolarni sudgacha hal qilish mexanizmlarini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 11-iyuldagi PQ-223-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Soliqqa oid nizolarni sudgacha hal qilish mexanizmlarini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 11-iyuldagi PQ-223-son qaroriga muvofiq Savdo-sanoat palatasi huzurida Soliqqa oid nizolar boʻyicha ekspert kengashi (keyingi oʻrinlarda — Ekspert kengashi) tashkil etilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi huzuridagi Soliqqa oid nizolar boʻyicha ekspert kengashi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Ekspert kengashining maqomi, asosiy funksiyalari, vazifalari, huquq va majburiyatlari, shuningdek, faoliyatini tashkil etish tartibi;
tadbirkorlik subyektlari va soliq organlari oʻrtasida yuzaga kelgan soliqqa oid nizolarni koʻrib chiqish tartibi.
3. Savdo-sanoat palatasi Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi va Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi bilan birgalikda bir oy muddatda ushbu qarorning mazmun-mohiyati va ahamiyati ommaviy axborot vositalari va ijtimoiy tarmoqlarda keng yoritilishini taʼminlasin.
4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 24-oktabrdagi 672-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi huzuridagi Soliqqa oid nizolar boʻyicha ekspert kengashi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi huzuridagi Soliqqa oid nizolar boʻyicha ekspert kengashining (keyingi oʻrinlarda — Kengash) faoliyatini tashkil etish hamda tadbirkorlik subyektlari va soliq organlari oʻrtasida yuzaga kelgan soliqqa oid nizolarni koʻrib chiqish va ular yuzasidan xulosalar berish tartibini belgilaydi.
2. Kengash yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi huzurida (keyingi oʻrinlarda — Palata) doimiy faoliyat yurituvchi kollegial organ hisoblanadi.
Palata Kengashning ishchi organi hisoblanadi.
3. Kengash oʻz faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlariga va Vazirlar Mahkamasining qarorlariga, shuningdek, ushbu Nizomga va boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiradi.
4. Kengashda Soliq qoʻmitasining soliqqa oid nizolar yuzasidan chiqargan qarorlaridan norozi boʻlgan tadbirkorlik subyektlarining Kengashga toʻgʻridan-toʻgʻri yoki boshqa vazirlik va idoralar orqali qilgan murojaatlari koʻrib chiqiladi. Jinoyat ishi doirasida yoki sud tartibida koʻrib chiqilayotgan soliqqa oid nizolar bundan mustasno.
2-bob. Kengashning asosiy vazifalari, funksiyalari va huquqlari
5. Quyidagilar Kengashning asosiy vazifalari hisoblanadi:
tadbirkorlik subyektlari va soliq organlari oʻrtasida yuzaga kelgan soliqqa oid nizolarni koʻrib chiqish hamda ular yuzasidan xulosalar berish;
soliq qonunchiligiga oid normativ-huquqiy hujjatlar va ularning qoʻllanishini oʻrganish, shuningdek, huquqni qoʻllash amaliyoti sifatini oshirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;
soliqqa oid nizolarni koʻrib chiqishda biznes hamjamiyati, davlat organlari va tashkilotlari hamda ilmiy tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorlik oʻrnatish.
6. Kengash oʻziga yuklatilgan vazifalardan kelib chiqqan holda quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
oʻrnatilgan tartibda kelib tushgan murojaatlarni ish yurituviga qabul qiladi va Kengash yigʻilishida koʻrib chiqish masalasini oʻrganadi;
Kengashda koʻrib chiqilishi lozim boʻlgan murojaatlarni navbatdagi yigʻilishga hujjatlarni tayyorlaydi;
soliqlar, penyalar, jarimalar va boshqa majburiy toʻlovlar qonunchilik normalariga asosan toʻgʻri hisoblanganligini hamda nizoga oid boshqa masalalarni oʻrganadi;
soliqqa oid nizolarni koʻrib chiqish natijasi yuzasidan vakolatli organlar tomonidan koʻrib chiqilishi majburiy boʻlgan xulosalar qabul qiladi;
soliqqa oid nizolarni koʻrib chiqish davomida aniqlangan soliq qonunchiligidagi qarama-qarshiliklar va noaniqliklarni bartaraf etish, yagona huquqni qoʻllash amaliyotini yoʻlga qoʻyish, shuningdek, soliq qonunchiligini takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi, ularni vakolatli organlarga kiritadi;
soliqqa oid nizolarni koʻrib chiqish amaliyotini umumlashtirib, koʻp takrorlanuvchi nizoli masalalar hamda ularning oldini olish boʻyicha takliflarni ishlab chiqadi hamda manfaatdor tashkilotlar va keng jamoatchilikka yetkazadi;
tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida soliqqa oid nizolarni sudgacha hal qilishning afzalliklari yuzasidan targʻibot-tashviqot tadbirlarini amalga oshiradi.
7. Kengash quyidagi huquqlarga ega:
tadbirkorlik subyektlarini soliqqa tortish bilan bogʻliq materiallar va maʼlumotlar bilan tanishish, ulardan koʻchirmalar olish;
soliq tekshiruvlariga taalluqli materiallar bilan tanishish va ularni olish;
vazirliklar va idoralardan, mahalliy davlat hokimiyati organlaridan, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlaridan, nodavlat notijorat tashkilotlardan Kengash vakolatlariga taalluqli masalalar boʻyicha maʼlumot, hujjat va materiallarni soʻrash va bepul olish;
soliq, bojxona, iqtisodiyot, moliya va huquq sohasida yetarli bilim, malaka va koʻnikmalarga ega boʻlgan mutaxassis va ekspertlarni jalb qilish. Bunda Ekspert kengashiga jalb qilingan mutaxassis va ekspertlarning faoliyati Savdo-sanoat palatasi hamda Tarmoqlarni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi;
davlat organlari va tashkilotlariga soliq qonunchiligini takomillashtirish boʻyicha takliflar kiritish.
8. Kengash soliqqa oid nizolarni koʻrib chiqishda:
xolislik, qonuniylik, adolatlilik hamda huquqni qoʻllash amaliyotining birxilligini taʼminlashi;
tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlariga rioya qilishi;
soliq qonunchiligidagi bartaraf etib boʻlmaydigan barcha qarama-qarshiliklar va noaniqliklarni tadbirkorning foydasiga talqin qilish shart.
3-bob. Kengash faoliyatini tashkil etish tartibi
9. Kengash rais, rais oʻrinbosarlari, Kengash aʼzolari va kotibdan iborat tarkibda shakllantiriladi va doimiy asosda faoliyat yuritadi.
Kengash tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining qarori bilan tasdiqlanadi.
Davlat organlaridan jalb qilinmagan Kengash aʼzolari tarkibiga oʻzgartirish va qoʻshimchalar Kengash raisi oʻrinbosarlari taqdimnomalari asosida Kengash raisi tomonidan kiritilishi mumkin.
10. Kengash majlislarini rais, rais ishtirok etolmagan taqdirda — rais oʻrinbosari olib boradi. Kengash majlisi Kengash aʼzolaridan kamida uchdan ikki qismi qatnashayotgan boʻlsa vakolatlidir.
Kengash majlislari bir oyda kamida ikki marta oʻtkaziladi.
11. Kengash faoliyati xulosalar berishda teng huquqlilik va kollegiallik tamoyillariga asoslanadi.
12. Koʻrilayotgan soliqqa oid nizolar boʻyicha Kengash xulosalari Kengash aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan hollarda, Kengash raisining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.
Kengash kotibi ham ovoz berish huquqiga ega boʻladi.
Kengash aʼzolari ovoz berish jarayonida betaraf qolishga haqli emas. Kengashning har bir aʼzosi berilayotgan xulosalar boʻyicha oʻzining alohida fikrini yozma ravishda bildirishga haqlidir.
Kengash yigʻilishida ishtirok etish imkoni boʻlmagan holatlarda, uning aʼzosi yigʻilish kun tartibidagi masalalar boʻyicha oʻz fikrini yozma shaklda yuborishi mumkin. Bunda uning fikri yigʻilishda koʻrib chiqiladi.
13. Kengash xulosalari Kengash majlisi bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi.
Kengash majlisi bayonnomasi Kengash kotibi tomonidan tuziladi, uni majlisda qatnashgan Kengash aʼzolari imzolaydi hamda Kengash raisi tomonidan tasdiqlaydi.
Manfaatdor shaxslarga kotib tomonidan muhrlangan va Kengash raisi tasdiqlagan bayonnomadan koʻchirma joʻnatiladi.
14. Kengash raisi vakolatlariga quyidagilar kiradi:
Kengashga rahbarlik qilish va uning faoliyatini muvofiqlashtirish;
Kengash majlislari kun tartibini belgilash va ularni chaqirish, Kengash majlislarini olib borish;
Kengash tomonidan berilgan xulosalarning vakolatli organ tomonidan koʻrib chiqilishini nazorat qilish;
tadbirkorlik subyektlari, davlat organlari va boshqa tashkilotlar vakillarini Kengash majlislarida ishtirok etishga taklif qilish;
davlat organlari va boshqa tashkilotlar bilan munosabatlarda Kengash nomidan qatnashish;
Kengash raisi oʻrinbosarlari taqdimnomalari asosida davlat organlaridan jalb qilinmagan Kengash aʼzolari tarkibiga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish;
Kengash faoliyatini taʼminlash uchun zarur boʻlgan boshqa funksiyalarni amalga oshirish.
15. Kengash raisi oʻrinbosari vakolatlariga quyidagilar kiradi:
Kengash majlislarida koʻrib chiqiladigan masalalar boʻyicha Kengash raisiga takliflar kiritish, shuningdek, Kengash raisi bilan kelishilgan holda, Kengash majlisining kun tartibini shakllantirish;
Kengash raisi ishtirok etolmagan hollarda, u bilan kelishilgan holda Kengash majlislarini olib borish;
Kengash aʼzolari faoliyatini muvofiqlashtirish;
davlat organlaridan jalb qilinmagan Kengash aʼzolari tarkibiga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish boʻyicha Kengash raisiga taqdimnomalar kiritish.
Kengash faoliyatini samarali yoʻlga qoʻyish uchun boshqa vakolatlarga ham ega boʻlishi mumkin.
16. Kengash aʼzolari vakolatlariga quyidagilar kiradi:
Kengash majlislarida koʻrib chiqiladigan masalalarni muhokama qilish, tegishli xulosalar berishda ishtirok etish;
Kengashga soliqqa oid nizolarni hal etish boʻyicha takliflar kiritish;
Kengash majlislarida shaxsan ishtirok etish, majlisda ishtirok eta olmasa oʻz fikrini yozma ravishda Kengashga taqdim etish;
Kengash majlislarini oʻtkazish rejasi va kun tartibi boʻyicha takliflar kiritish.
17. Kengash kotibi Ishchi organ bilan birgalikda:
tadbirkorlik subyektlari va soliq organlari oʻrtasida yuzaga kelgan soliqqa oid nizolar boʻyicha murojaatlarni qabul qiladi va roʻyxatdan oʻtkazadi;
murojaatni oʻrganib chiqib, mazkur Nizom talablari asosida murojaatni Kengash majlisida koʻrib chiqish yoki uni rad etish toʻgʻrisida yozma ravishda murojaat muallifiga javob yuboradi;
Kengash majlislarining kun tartibi loyihasini Kengash raisi oʻrinbosarlari bilan kelishgan holda shakllantiradi va Kengash raisiga taqdim qiladi;
soliqqa oid nizolarni koʻrib chiqish uchun zarur boʻlgan materiallarni Kengash aʼzolariga tarqatadi;
Kengash kun tartibidagi masalalar boʻyicha Kengash majlislari oʻtkazilishini tashkil etadi;
Kengash aʼzolarining soliqqa oid nizolar boʻyicha fikrlarini umumlashtiradi;
Kengash majlisi bayonnomalarini yuritadi, rasmiylashtiradi, shuningdek, Kengash xulosalari loyihalarini tayyorlaydi;
Kengash xulosalarining hisobini hamda monitoringini yuritadi;
tasdiqlangan bayonnomadan koʻchirmalarni Kengash aʼzolariga hamda boshqa manfaatdor tashkilotlarga yuboradi;
Kengash faoliyatini tashkiliy-texnik jihatdan taʼminlaydi.
Kengash kotibi va Ishchi organ qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarga ham ega boʻlishi mumkin.
4-bob. Kengashda tadbirkorlik subyektlari va soliq organlari oʻrtasida yuzaga kelgan soliqqa oid nizolar boʻyicha murojaatlarni koʻrib chiqish tartibi
18. Kengashga tadbirkorlik subyektlari va soliq organlari oʻrtasida yuzaga kelgan soliqqa oid nizolar boʻyicha Nizomga 1-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq murojaat qiladi.
19. Kengashda tadbirkorlik subyektlari va soliq organlari oʻrtasida yuzaga kelgan soliqqa oid nizolar boʻyicha murojaatlar Nizomga 2-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq koʻrib chiqiladi.
20. Mazkur Nizomning 18-bandida nazarda tutilgan murojaatlar Kengash kotibi tomonidan besh ish kuni ichida oʻrganib chiqiladi.
Quyidagi hollarda murojaatni koʻrib chiqish rad etiladi:
Soliq qoʻmitasining soliqqa oid nizolar yuzasidan chiqargan qarori nusxasi taqdim etilmaganda;
jinoyat ishlari doirasida yoki sud tartibida koʻrib chiqilayotgan soliqqa oid nizolar murojaatlar kelib tushganda;
Kotib oʻrganish natijalariga koʻra murojaat Kengash kun tartibiga kiritilishi yoki asoslantirilgan holda kun tartibiga kiritilmasligi toʻgʻrisida yozma ravishda Nizomga 3-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq murojaat muallifiga javob yuboradi.
21. Kotib yetti ish kunida Kengash majlislarining kun tartibi loyihasini Kengash raisi oʻrinbosarlari bilan kelishgan holda shakllantiradi va Kengash raisiga taqdim qiladi.
22. Kengash raisi yoki rais boʻlmagan taqdirda, u bilan kelishilgan holda rais oʻrinbosari Kengash majlisi kun tartibini tasdiqlaydi.
23. Kengash majlisi yakuni boʻyicha uch ish kunida soliqqa oid nizoni koʻrib chiqish natijasi yuzasidan qabul qilingan xulosani oʻz ichiga olgan tasdiqlangan bayonnomadan koʻchirmalar Kengash aʼzolariga, murojaatchiga hamda boshqa manfaatdor tashkilotlarga yuboradi.
24. Kengashning xulosalari vakolatli organ tomonidan koʻrib chiqiladi va koʻrib chiqish natijasi yuzasidan qaror qabul qilingandan soʻng 3 ish kunida Kengashga axborot kiritiladi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
25. Kengash qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qayta tashkil etiladi va tugatiladi.
26. Ushbu Nizomda nazarda tutilmagan Kengash faoliyatini tashkil etish bilan bogʻliq masalalar Palataning ichki hujjatlari bilan belgilanadi.
27. Kengash hamda tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida vujudga keladigan nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.
28. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi huzuridagi Soliqqa oid nizolar boʻyicha ekspert kengashi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Ekspert kengashiga tadbirkorlik subyektlari va soliq organlari oʻrtasida yuzaga kelgan soliqqa oid nizolar boʻyicha murojaat shakli
Murojaat yuboruvchi _______________________________________________________________________ (tadbirkorlik subyekti yoki vazirlik (tashkilot) nomi) _________________________________________________________________________________________ (tadbirkorlik subyekti taʼsischisi, rahbarining F.I.O.) Tekshirish oʻtkazilgan sana _________________________________________________________________ Soliq organi qabul qilgan qaror sanasi _____________________________________________________ Soliq qoʻmitasiga shikoyat kiritilgan sana ___________________________________________________ Murojaatning qisqacha mazmuni ____________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________ Murojaatga tekshirish dalolatnomasi, soliq organining qarori, tadbirkorlik subyektining kiritilgan shikoyati, Soliq qoʻmitasining soliqqa oid nizolar yuzasidan chiqargan qarori ilova qilinadi.
Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi huzuridagi Soliqqa oid nizolar boʻyicha ekspert kengashi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Kengashda tadbirkorlik subyektlari va soliq organlari oʻrtasida yuzaga kelgan soliqqa oid nizolar boʻyicha murojaatlarni koʻrib chiqish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tadbirkor yoki shikoyatni yuboruvchi vazirlik (tashkilot) Tadbirkorlik subyektlari va soliq organlari oʻrtasida yuzaga kelgan soliqqa oid nizolar boʻyicha Nizomga 1-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq murojaat qiladi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Kengash kotibi Oʻrganish natijalariga koʻra murojaat Kengash kun tartibiga kiritilishi yoki asoslantirilgan holda kun tartibiga kiritilmasligi toʻgʻrisida yozma ravishda Nizomga 3-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq murojaat muallifiga javob yuboradi. Besh ish kuni mobaynida 3-bosqich Kengash kotibi Kengash majlislarining kun tartibi loyihasini Kengash raisi oʻrinbosarlari bilan kelishgan holda shakllantiradi va Kengash raisiga taqdim qiladi. Yetti ish kuni mobaynida 4-bosqich Kengash Kengash aʼzolari, soliq, bojxona, iqtisodiyot, moliya va huquq sohasida yetarli bilim, malaka va koʻnikmalarga ega boʻlgan mutaxassis va ekspertlarni jalb qilingan holda Kengashning majlisi oʻtkaziladi. Bir oyda kamida ikki marta 5-bosqich Kengash kotibi Kengash majlisi yakuni boʻyicha soliqqa oid nizoni koʻrib chiqish natijasi yuzasidan qabul qilingan xulosani Kengash aʼzolariga, murojaatchiga hamda boshqa manfaatdor tashkilotlarga yuboradi. Uch ish kuni mobaynida 6-bosqich Vakolatli organlar Kengashning xulosalarini koʻrib chiqadi va qabul qilingan qaror haqida Kengashga axborot kiritadi. Uch ish kuni mobaynida
Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi huzuridagi Soliqqa oid nizolar boʻyicha ekspert kengashi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Ekspert kengashiga tadbirkorlik subyekti tomonidan berilgan murojaat yuzasidan xabarnoma
Hurmatli tadbirkor Sizning ___________________________________________________________ dagi (murojaat sanasi yoziladi) murojaatingiz Soliqqa oid nizolar boʻyicha ekspert kengashida koʻrib chiqish _________________________________________________________________________________________ (murojaat qabul qilingani yoki rad etilgani koʻrsatiladi) Murojaatni Soliqqa oid nizolar boʻyicha ekspert kengashida koʻrib chiqish rad etilganda, rad etish sabablari koʻrsatiladi. _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 24-oktabr,
672-son