UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 24-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 24 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 октября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 October 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТАРКИБИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилишни тартибга солиш, уларнинг бошқарув органлари ва банк ваколатли органларининг бу борадаги масъулиятини ошириш, мамлакатнинг макроиқтисодий барқарорлиги учун юзага келиши мумкин бўлган йирик қарздорлар билан боғлиқ хатарларни бошқариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Йирик корхоналар билан боғлиқ хатарларни бошқариш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия (кейинги ўринларда — Мувофиқлаштирувчи комиссия) ташкил этилсин.

Қуйидагилар Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

алоҳида мониторингни талаб этувчи тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар (кейинги ўринларда — йирик қарздорлар) рўйхатини тасдиқлаш;

йирик қарздорлар томонидан жалб қилинаётган банк кредити ёки ташқи қарз ҳисобидан молиялаштирилиши таклиф этилаётган лойиҳа бўйича тақдимотларни кўриб чиқиш;

банк кредити ёки ташқи қарзларнинг жалб этилишини маъқуллаш ёки рад этиш бўйича қарорлар қабул қилиш ҳамда ушбу маблағлар ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳалар натижадорлигини ўрганиш;

йирик қарздорларнинг молиявий ҳолатини мунтазам мониторинг қилиш ҳамда молиявий ҳолати ёмонлашганда уларни молиявий соғломлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

2. Қуйидагилар:

Йирик қарздорлар билан боғлиқ хатарларни бошқариш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия таркиби 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. 2026 йил 1 январдан бошлаб йирик қарздорлар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш, улардан фойдаланиш ва уларнинг миқдорини мақбуллаштиришни мониторинг қилишнинг қуйидаги механизмлари жорий этилсин:

йирик қарздорларни уларнинг молиявий ҳолатига кўра «паст хатарли», «ўрта хатарли» ва «юқори хатарли» гуруҳларга тоифалаш ҳамда ушбу тоифалардан келиб чиққан ҳолда, уларга банк кредити ва ташқи қарз ажратишнинг тартибини белгилаш;

Мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан банк кредити ва ташқи қарзлар бўйича йирик қарздорлар мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан даврий мониторингни амалга ошириш;

йирик қарздорларнинг йил якуни бўйича молия-хўжалик фаолиятини халқаро аудиторлик тармоқларига ва халқаро уюшмаларига аъзо бўлган аудиторлик ташкилотлари томонидан аудиторлик текширувидан ўтказиш, мазкур қарор қабул қилинган санадан олдин танлаб олинган аудиторлик ташкилотлари бундан мустасно;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, йирик қарздорларнинг молиявий қарзлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ва бошқа ҳужжатларини ваколатли органларда экспертизадан ўтказишда Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг молиявий қарзни жалб этиш бўйича ижобий хулосаси ёки унинг хабардор қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин амалга ошириш;

йирик қарздорларнинг банк кредити ва ташқи қарзлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар, ташқи қарз битимлари ва кредит шартномалари бўйича мажбуриятларининг бажарилиши билан боғлиқ бўлган маълумотлари ҳар чорак якуни билан Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг ишчи органига тақдим этиш;

Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг тегишли ишчи органи томонидан йирик қарздорларнинг амалдаги ташқи қарз битимлари ва кредит шартномаларининг молиявий шартларига (ковенантларига) риоя этишини мониторинг қилиш;

йирик қарздорларнинг молиявий ҳолати ёмонлашиб, улар томонидан жалб этилган молиявий қарзлар бўйича битимлар шартлари лозим даражада бажарилмаганда, Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг қарздорларга нисбатан мазкур қарор билан белгиланган ваколат доирасида тегишли чора-тадбирларни назарда тутувчи қарорни қабул қилиши;

Мувофиқлаштирувчи комиссия тасдиқлаган алоҳида мониторингни талаб этувчи тизимли аҳамиятга эга йирик қарздорлар рўйхатига киритилган йирик қарздорлар томонидан чораклик молиявий ҳисоботларни тақдим этиш талабини ўрнатиш;

масъулияти чекланган жамиятлар шаклидаги йирик қарздорлар томонидан банк кредитлари ва ташқи қарзларни жалб этишга уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини акциядорлик жамиятларига ўзгартирган ҳамда фаолиятини акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташкил этган ҳолларда рухсат этиш.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда 2026 йил 1 сентябрга қадар тўғридан-тўғри шартнома асосида халқаро консалтинг компаниясини жалб этиб, унинг техник кўмаги билан йирик қарздорларнинг фаолият соҳаси, ҳудуди, лойиҳаларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, корхоналарнинг молиявий ҳолати бўйича хатар даражасини бухгалтерия ҳисобининг миллий ва халқаро стандартлари талаблари доирасида баҳолаш қўлланмасини ишлаб чиқсин.

Мувофиқлаштирувчи комиссияга мазкур қўлланмани тасдиқлаш ваколати берилсин.

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат иштирокидаги корхоналар томонидан ташқи қарзларни жалб қилиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 9 мартдаги 107-сон қарори 2026 йил 1 январдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Марказий банк раиси Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 октябрдаги 670-сон қарорига 1-ИЛОВА

Йирик қарздорлар билан боғлиқ хатарларни бошқариш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия

1. Ж.А. Қўчқоров — Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири, Комиссия раиси 2. Т.А. Ишметов — Марказий банк раиси, Комиссия раиси ўринбосари 3. Б.Б. Ходжаев — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти бошлиғи (келишувга кўра) 4. Ш.Д. Кудбиев — Солиқ қўмитаси раиси 5. А.Ж. Ортиков — Давлат активларини бошқариш агентлиги директори 6. Х.Б. Мустафаев — иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари 7. А.А. Турдалиев — Марказий банк раиси ўринбосари 8. М.А. Аллаберганов — «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК директори 9. О.Т. Назаров — Марказий банк масъул ходими, Комиссия котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 октябрдаги 670-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар, уларга тегишли бўлган корхоналар ва уларга ўзаро алоқадор корхоналар гуруҳи (кейинги ўринларда — йирик қарздорлар) томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилишни назорат ва мониторинг қилиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом талаблари тижорат банклари олдида кредит мажбуриятларга эга бўлмаган, давлат кафолатисиз ташқи қарзни жалб қилмоқчи бўлган хусусий корхоналарга нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ишчи орган — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (давлат иштирокидаги корхоналар томонидан ташқи қарзларни жалб этиш бўйича) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (барча йирик корхоналар, уларга алоқадор корхоналар гуруҳи томонидан банк кредитларини жалб этиш бўйича);

йирик қарздор — мамлакат иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга, молиявий қарзлари қолдиғи 50 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридан кам бўлмаган, юридик шахс мақомига эга йирик бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи ёки таркибидаги корхоналар (тижорат банклари бундан мустасно);

кўмаклашувчи идоралар — Мувофиқлаштирувчи комиссия ва ишчи органни фаолиятида зарур бўлган йирик қарздорларга оид маълумотлар билан таъминлашда, улар ўртасида алоқалар ўрнатишда, зарур ҳолларда учрашувлар ташкил этишда ёрдам берувчи вазирлик ва идоралар;

лойиҳа — иқтисодий, ижтимоий ва бошқа фойда олиш учун ўзаро боғлиқ бўлган тадбирлар мажмуи;

лойиҳа концепцияси (паспорти) — лойиҳа номи, мазмуни, иштирокчилари, мақсади, амалга ошириш муддатлари, қиймати, молиялаштириш манбалари, лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари мавжудлигини, самарадорлиги ва кутилаётган натижаларни ўз ичига олувчи ҳужжат;

лойиҳа ташаббускор и — янги лойиҳани ёки жорий фаолиятни молиялаштириш мақсадида молиявий қарзларни жалб қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқувчи ҳамда амалга оширувчи юридик шахс, давлат иштирокидаги ёки давлат иштироки бўлмаган корхона;

масъул ташкилот — ишчи орган ва йирик қарздор ўртасидаги муносабатларни ҳамда ҳужжатлар алмашинувини мувофиқлаштирувчи орган;

молиявий қарз — корхона томонидан олинган банк кредити (кредит, унинг фойдаланилмаган қисми, лизинг, банк кафолати, факторинг ва аккредитивлар), хорижий молия институтларидан жалб этилган ташқи қарз, эмиссия қилинган облигациялар ва бошқа молиявий қарз (заём)лар бўйича мажбуриятлар.

4. Ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи назорат асосида вужудга келади ҳамда қарздорлар қуйидаги ҳолларда назорат асосида ўзаро алоқадор бўлади:

а) юридик шахслар ўртасида, агар:

бир юридик шахс бевосита ёки билвосита, якка тартибда ёки биргаликда ҳаракат қилувчи шахслар гуруҳи таркибида бошқа юридик шахс устав капиталининг 20 фоизи ва ундан ортиғига эгалик қилса ёки эгаликни назорат қилса;

бир юридик шахс бошқа юридик шахсни назорат қилса;

юридик шахслар учинчи шахснинг ёки у билан биргаликда ҳаракат қилувчи шахсларнинг назорати остида бўлса;

юридик шахслар асосан иштирокчиларнинг (акциядорларнинг) ёки бошқарув органларининг бир хил таркибига эга бўлса;

б) жисмоний ва юридик шахслар ўртасида, агар:

жисмоний шахс бевосита ёки билвосита, якка тартибда ёки биргаликда фаолият кўрсатувчи шахслар гуруҳи таркибида, юридик шахс устав капиталининг 20 фоиз ва ундан ортиғига эгалик қилса ёки эгаликни назорат қилса;

жисмоний шахс юридик шахсни назорат қилса;

жисмоний шахс юридик шахс кузатув кенгаши, бошқаруви аъзоси бўлса ёки мансабдор шахси ҳисобланса;

жисмоний шахсда юридик шахс устав капиталининг 20 фоизи ва ундан ортиғига эгалик қиладиган ёки эгаликни назорат қиладиган бошқа юридик шахсга нисбатан раҳбарлик ваколати бўлса;

жисмоний шахснинг юридик шахс назоратни амалга оширадиган бошқа юридик шахсда бошқарувга оид ваколатлари мавжуд бўлса;

мазкур кичик бандда келтирилган жисмоний шахсларнинг яқин қариндошлари бўлса.

5. Икки ёки ундан ортиқ қарздорлар фақат давлат бошқаруви органлари (маҳаллий ёки хорижий), шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ёки халқаро тараққиёт банклари томонидан назорат асосида ўзаро алоқадор бўлса, улар ўзаро алоқадор қарз олувчилар ҳисобланмайди.

6. Мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан йирик қарздорлар рўйхати тасдиқлангандан сўнг улар:

3 ой ичида ташкилий-ҳуқуқий шаклини акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ акциядорлик жамияти кўринишида ташкил этишлари;

ҳар чоракда бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари асосида тузилган чораклик молиявий ҳисобот шаклларини (бухгалтерия баланси, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот, хусусий капитал тўғрисида ҳисобот, пул оқимлари тўғрисида ҳисобот ҳамда молиявий ҳисоботга изоҳлар) ёки молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига асосида тузилган чораклик молиявий ҳисобот шаклларини (молиявий ҳолат тўғрисида ҳисобот, фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад тўғрисида ҳисобот, хусусий капиталдаги ўзгаришлар тўғрисида ҳисобот, пул маблағлари ҳаракати тўғрисида ҳисобот ҳамда молиявий ҳисоботга изоҳлар) тақдим этишлари лозим.

7. Ташқи қарзлар, облигациялар ва бошқа молиявий қарзларни жалб қилмоқчи бўлган йирик қарздорлар учун корхонанинг юқори ташкилоти (корхонанинг ўзи), шунингдек, йирик қарздорларга хизмат кўрсатувчи тижорат банк(лар)и кредити жалб қилмоқчи бўлган йирик қарздорлар учун масъул ташкилот ҳисобланади.

2-боб. Мувофиқлаштирувчи комиссия, ишчи орган ва комиссия котибининг вазифалари

8. Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг вазифалари:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки вакилларидан иборат ишчи органлар томонидан тақдим этилган таҳлилий маълумотлар ва рўйхат асосида бир йилда бир марта йирик қарздорлар рўйхатини тасдиқлайди;

йирик қарздорлар томонидан жалб қилинаётган молиявий қарзлар ҳисобидан молиялаштирилиши таклиф этилаётган лойиҳа ташаббускорлари тақдимотларини кўриб чиқади;

молиявий қарзни жалб қилишни маъқуллаш ёки рад этиш бўйича қарор қабул қилади;

молиялаштирилган лойиҳа натижадорлиги бўйича тегишли ишчи органнинг бу борадаги ахборотларини эшитади;

йирик қарздорларнинг молиявий ҳолати бўйича хатарлар даражаси тўғрисидаги ишчи орган томонидан тайёрланган маълумотларни кўриб чиқади ва ҳисоботларни эшитади;

йирик қарздорларнинг молиявий ҳолати ёмонлашиб, улар томонидан жалб этилган қарзлар бўйича битимлар шартлари лозим даражада бажарилмаганда, қарздорларга нисбатан ваколат доирасида тегишли қарор қабул қилади.

9. Мувофиқлаштирувчи комиссия қарори билан йирик қарздорлар рўйхати тасдиқлангандан сўнг 3 иш кунидан кечиктирмай:

рўйхатдаги йирик қарздорлар тегишли ишчи орган томонидан ёзма, шу жумладан, электрон шаклда хабардор қилинади;

йирик қарздорлар рўйхати тегишли ишчи органнинг расмий сайтларида эълон қилинади ва доимий янгилаб борилади.

10. Ишчи органнинг вазифалари:

а) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакилларидан иборат ишчи орган:

бир йилда бир марта Мувофиқлаштирувчи комиссияга ҳукумат кафолати асосида жалб қилинган ташқи қарз бўйича мажбуриятлари мавжуд давлат иштирокидаги корхоналар рўйхатини тақдим этади;

давлат иштирокидаги корхоналардан ташқи қарзлар ҳисобидан молиялаштирилиши таклиф этилаётган лойиҳа бўйича тегишли маълумотларни ушбу Низом доирасида қабул қилиб олади;

ташқи қарзни жалб қилиш учун мурожаат қилган давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий ҳолатини таҳлил қилади ва тегишли таклифни ишлаб чиқади;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий ҳолати бўйича хатарлар даражасини инобатга олган ҳолда улар томонидан ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича таклифларни Мувофиқлаштирувчи комиссияга киритади;

Мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан тасдиқланган ташқи қарзни жалб қилишнинг молиявий шартлари ва қарз юки юқори миқдорларини масъул ташкилотга етказади;

Мувофиқлаштирувчи комиссия кун тартибига давлат иштирокидаги корхоналарнинг ташқи қарзлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳага доир масалаларини кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритади;

ҳар чоракда камида бир марта Мувофиқлаштирувчи комиссияга қабул қилинган қарорларнинг ижроси юзасидан чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасига қадар ҳисобот тақдим этади;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг ташқи қарзларни жалб қилишида масъул ташкилот томонидан Мувофиқлаштирувчи комиссияни хабардор қилиш учун тақдим этилган маълумотларни 10 иш кунида Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг навбатдаги йиғилишига маълумот учун киритиб боради;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг ташқи қарзларни жалб қилиши бўйича масъул ташкилот томонидан Мувофиқлаштирувчи комиссия рухсатини олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни 15 иш кунида Мувофиқлаштирувчи комиссияга киритади;

давлат иштирокидаги корхоналар томонидан жалб қилинган ташқи қарзлар ҳисобига молиялаштирилган лойиҳанинг натижадорлиги, уларнинг ўзини ўзи оқлаши ва бизнес режа (ТИА) кўрсаткичларининг бажарилиши бўйича таҳлиллар ҳамда мажбуриятларнинг бажарилиши билан боғлиқ бўлган бошқа маълумотлар тақдим этилгандан сўнг 10 иш кунида маълумотларни умумлаштирган ҳолда Мувофиқлаштирувчи комиссияга ахборот киритади;

давлат иштирокидаги корхоналар томонидан ташқи қарзлар бўйича битимларнинг молиявий шартлари (ковенантлари)га риоя этилишини мониторинг қилади ва Мувофиқлаштирувчи комиссияга ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасига қадар ҳисобот киритиб боради;

давлат иштирокидаги корхоналар бўйича хатарлар таҳлилини доимий (чораклик) янгилаб боради ва улар бўйича ягона маълумотлар базасини яратади;

б) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки вакилларидан иборат ишчи орган:

бир йилда бир марта Мувофиқлаштирувчи комиссияга банк кредити (кредит, унинг фойдаланилмаган қисми, лизинг, банк кафолати, факторинг ва аккредитивлар) ва ҳукумат кафолатисиз жалб қилинган ташқи қарз бўйича мажбуриятга эга йирик қарздорлар тўлиқ рўйхатини тақдим этади;

йирик қарздорлар томонидан жалб қилинаётган молиявий қарзлар ҳисобидан молиялаштирилиши таклиф этилаётган лойиҳа бўйича тегишли маълумотларни масъул ташкилотлардан ушбу Низом доирасида қабул қилиб олади;

молиявий қарзларни жалб этаётган йирик қарздорлар молиявий ҳолатини таҳлил қилади ва тегишли таклиф ишлаб чиқади;

йирик қарздорларнинг молиявий ҳолати бўйича хатарлар даражасини инобатга олган ҳолда, улар томонидан молиявий қарзлар жалб этиш бўйича таклифларни Мувофиқлаштирувчи комиссияга киритади;

Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг молиявий қарзларни жалб этишнинг молиявий шартлари ва қарз юки юқори миқдорларини белгилаш тўғрисидаги қарорларини масъул ташкилотга етказади;

ҳар чоракда камида бир марта Мувофиқлаштирувчи комиссияга қабул қилинган қарорларнинг ижроси бўйича чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасига қадар ҳисобот тақдим этади;

йирик қарздорларнинг молиявий қарзларни жалб қилишида масъул ташкилот томонидан Мувофиқлаштирувчи комиссияни хабардор қилиш учун тақдим этилган маълумотларни 10 иш кунида Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг навбатдаги йиғилишига маълумот учун киритиб боради;

йирик қарздорларнинг молиявий қарзларни жалб этиши бўйича масъул ташкилот томонидан Мувофиқлаштирувчи комиссия рухсатини олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни 15 иш кунида Мувофиқлаштирувчи комиссияга киритади;

йирик қарздорлар томонидан жалб этилган молиявий қарзлар ҳисобига молиялаштирилган лойиҳанинг натижадорлиги, уларнинг ўзини ўзи оқлаши ва бизнес режа (ТИА) кўрсаткичларининг бажарилиши бўйича таҳлиллар ҳамда мажбуриятларнинг бажарилиши билан боғлиқ бўлган бошқа маълумотлар тақдим этилгандан сўнг 10 иш кунида маълумотларни умумлаштирган ҳолда Мувофиқлаштирувчи комиссияга ахборот киритади;

йирик қарздорлар томонидан молиявий қарзлар бўйича битимларнинг шартларига риоя этилишини мониторинг қилади ва Мувофиқлаштирувчи комиссияга ҳар чоракда чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасига қадар ҳисобот киритиб боради;

йирик қарздорлар бўйича хатарлар таҳлилини доимий (чораклик) янгилаб боради ва улар бўйича ягона маълумотлар базасини яратади.

11. Қуйидагилар Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг котибининг асосий вазифалари ҳисобланади:

навбатдаги мажлиснинг дастлабки кун тартибини тайёрлаш;

Мувофиқлаштирувчи комиссия мажлислари учун зарур материаллар тўлиқ ва ўз вақтида тайёрланишини назорат қилиш;

Мувофиқлаштирувчи комиссия аъзоларини, мажлисни ўтказиш санаси, вақти, жойи ва кўриладиган масалалар тўғрисида хабардор қилиш;

Мувофиқлаштирувчи комиссия аъзолари ва мажлисга таклиф этилган шахсларни белгиланган муддатда маълумотлар билан таъминлаш;

Мувофиқлаштирувчи комиссия мажлиси кун тартибини юритиш ҳамда мажлисларда иштирок этиш;

Мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан қабул килинган қарорларни белгиланган тартибда расмийлаштириш ҳамда рўйхатга олиш китобида қайд этиш ва уларнинг бажарилиш ҳисобини юритиш;

Мувофиқлаштирувчи комиссия мажлисида кўриб чиқилиб, қабул қилинган қарор ва тайёрланган (имзоланган) қарор матнлари ўзаро мувофиқлигини назорат қилиш;

Мувофиқлаштирувчи комиссия қарорларини масъул ташкилотларга етказиш;

масъул ташкилотлар томонидан Мувофиқлаштирувчи комиссия қарори билан юкланган вазифалар ўз вақтида бажарилишини таҳлил (назорат) қилиш, ижроси кечикаётган вазифалар ҳисобини юритиш ва Комиссия раисига ҳар ой маълумот киритиб бориш;

Мувофиқлаштирувчи комиссия муҳокамасига киритилган масалалар билан боғлиқ барча ҳужжатларни (билдиришнома, кун тартиби, Мувофиқлаштирувчи комиссия қарори ва кўчирмаларнинг асл нусхаларини) сақлаш ва уларни доимий сақланишини таъминлаш учун белгиланган тартибда ишчи органнинг архивига топшириш.

Мувофиқлаштирувчи комиссия мажлисларининг техник тайёргарлиги ҳамда қарорларнинг ижроси Мувофиқлаштирувчи комиссия котиби томонидан назорат қилинади.

3-боб. Йирик қарздорлар томонидан молиявий қарзларни жалб қилиш ва хатарларни аниқлаш тартиби

12. Йирик қарздорларнинг молиявий ҳолати бўйича хатарлар даражасидан келиб чиқиб, йирик қарздорлар томонидан молиявий қарзлар ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ Мувофиқлаштирувчи комиссия рухсати билан ёки уни хабардор қилган ҳолда жалб қилинади.

13. Йирик қарздорларнинг молиявий ҳолати бўйича хатарлар даражаси «паст хатарли», «ўрта хатарли» ва «юқори хатарли» деб тоифаланади.

Халқаро консалтинг компаниясининг техник кўмаги асосида йирик қарздорларнинг фаолият соҳаси, ҳудуди, лойиҳаларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, корхоналарнинг молиявий ҳолати бўйича хатар даражасини баҳолаш қўлланмаси ишлаб чиқилиб, Мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан тасдиқлангунга қадар хатар даражаси ушбу Низомга 2 ва 3-иловаларида келтирилган формулалар ва тизимдан фойдаланган ҳолда аниқланади.

14. Молиявий ҳолати бўйича хатарлар даражасини аниқлашда фойдаланадиган маълумотлар қуйидаги кўмаклашувчи идоралар томонидан ишчи органга идоралараро электрон ҳужжат айланиш воситасида тақдим этилади:

а) Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси томонидан:

корхоналарнинг бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари асосида тузилган йиллик молиявий ҳисобот шакллари (бухгалтерия баланси, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот, хусусий капитал тўғрисида ҳисобот, пул оқимлари тўғрисида ҳисобот ва молиявий ҳисоботга изоҳлар) ва молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига асосан тузилган йиллик молиявий ҳисобот шакллари (молиявий ҳолат тўғрисида ҳисобот, фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад тўғрисида ҳисобот, хусусий капиталдаги ўзгаришлар тўғрисида ҳисобот, пул маблағлари ҳаракати тўғрисида ҳисобот ва молиявий ҳисоботга изоҳлар);

олинган мақсадли маблағлардан фойдаланганлик бўйича ҳисобот;

б) Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси томонидан корхоналар фаолияти ва уларнинг молиявий аҳволи тўғрисида ҳисобот шакллари (ташкилот хўжалик фаолиятининг асосий кўрсаткичлари ва ташкилот фаолияти тўғрисида ҳисоботлар);

в) тижорат банклари томонидан кредит ҳужжатлари (кредит ҳисобидан молиялаштирилаётган лойиҳа бўйича бизнес режа (ТИА), кредит ажратиш юзасидан банк хулосаси, кредит ажратиш юзасидан тегишли ваколатли органининг қарори, кредит ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳа натижадорлиги бўйича мониторинг далолатномаси).

15. Давлат иштирокидаги корхоналарнинг молиявий ҳолати бўйича хатарлар даражаси тўғрисидаги бошқа маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ахборот тизимида очиладиган уларнинг шахсий кабинети орқали олинади.

16. Йирик қарздорларнинг хатарлар даражаси 100 баллик рейтинг тизимида баҳоланади. Бунда корхоналар рейтинг натижаси 60 баллдан паст бўлганда — «юқори хатарли», 60 баллдан 80 баллгача бўлганда — «ўрта хатарли» ва 80 баллдан 100 баллгача бўлганда — «паст хатарли» деб тоифаланади.

17. Йирик қарздорларнинг тоифаси:

«юқори хатарли» бўлганда, жалб қилинаётган янги молиявий қарз миқдори мавжуд молиявий қарзлари қолдиғининг 1 фоизидан ёки 5 миллион АҚШ доллари эквивалентидан ошган ҳолларда;

«ўрта хатарли» бўлганда, жалб қилинаётган янги молиявий қарз миқдори мавжуд молиявий қарзлари қолдиғининг 5 фоизидан ёки 20 миллион АҚШ доллари эквивалентидан ошган ҳолларда;

амалдаги молиявий қарзлар бўйича битимларнинг молиявий шартлари (ковенантлари) бузилган ҳолларда, улар бартараф этилгунга қадар;

молия йили учун халқаро рейтинг агентликлари томонидан берилган баҳо аввалги йилги баҳога нисбатан пастлаган тақдирда, Мувофиқлаштирувчи комиссия рухсати асосида молиявий қарзлар жалб этилади.

18. Йирик қарздорларнинг тоифаси:

«паст хатарли» бўлганда, жалб этилаётган янги молиявий қарз миқдоридан қатъи назар;

«ўрта хатарли» бўлганда, жалб қилинаётган янги молиявий қарз миқдори мавжуд молиявий қарзлари қолдиғининг 5 фоизидан ёки 20 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлган ҳолларда;

«юқори хатарли» бўлганда, жалб қилинаётган янги молиявий қарз миқдори мавжуд молиявий қарзлар қолдиғининг 1 фоизидан ёки 5 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлган ҳолларда Мувофиқлаштирувчи комиссияни хабардор қилган ҳолда молиявий қарзлар жалб этилади.

19. Йирик қарздорларнинг Мувофиқлаштирувчи комиссияни хабардор қилиш учун йирик қарздор бошқарув органининг молиявий қарзларни жалб этиш тўғрисидаги қарори ёки йирик қарздорга молиявий қарзлар тақдим этиш тўғрисидаги тижорат банки ваколатли органининг қарори қабул қилинган санадан бошлаб 5 иш кунида масъул ташкилот томонидан молиявий қарз суммаси, уни жалб қилиш шартлари ва ишлатиш мақсадлари ҳақидаги маълумотлар тегишли ишчи органга тақдим этилади.

4-боб. Йирик қарздорлар томонидан молиявий қарзларни жалб қилишда Мувофиқлаштирувчи комиссия рухсатини олиш тартиби

20. Йирик қарздорлар молиявий қарзларни жалб қилишда Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг рухсатини олиш учун масъул ташкилот орқали ишчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

молиявий қарзларни жалб этиш тўғрисида ариза;

ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шаклда лойиҳа концепцияси (паспорти);

ҳисобот йили якуни бўйича аудиторлик ташкилоти хулосаси нусхаси;

йирик қарздор бошқарув органининг молиявий қарзларни жалб этиш бўйича қарори;

тижорат банки томонидан молиявий қарз тақдим этилганда, банк ваколатли органининг қарори.

Ишчи орган сўровига кўра йирик қарздорнинг молиявий ҳолатига оид бошқа маълумотлар талаб этилиши мумкин.

Тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига масъул ташкилот жавобгар ҳисобланади.

21. Ишчи орган аризани кўриб чиқиб, унинг натижасига кўра:

ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганда ёки қўшимча ҳужжатларни ўрганиш талаб этилганда, бу ҳақида 2 иш куни ичида масъул ташкилотни хабардор қилади;

ҳужжатлар тўлиқ бўлганда, 10 иш кунида тегишли ҳужжатларни Мувофиқлаштирувчи комиссияга киритади.

22. Ишчи орган қуйидаги ҳолларда йирик қарздорлар томонидан молиявий қарзларнинг жалб қилинишини Мувофиқлаштирувчи комиссияга киритмаган ҳолда рад этиши мумкин:

талаб этилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганда;

охирги 12 ой давомида йирик қарздорнинг давлат томонидан молиявий қарзлари бўйича ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети олдида ёки банк кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлса;

йирик қарздорнинг охирги ҳисобот йили учун молиявий ҳисоботининг ишончлилиги ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги тўғрисида аудиторлик хулосаси салбий бўлганда.

Ишчи орган йирик қарздор томонидан молиявий қарзларнинг жалб қилинишини Мувофиқлаштирувчи комиссияга киритмаган ҳолда рад этилгани тўғрисида масъул ташкилотни 5 иш куни муддатида хабардор қилади.

23. Йирик қарздорлар тўғрисидаги молиявий қарзларни жалб қилиш билан боғлиқ ҳужжатлар, хусусан, лойиҳа ва таҳлилий маълумотлар Мувофиқлаштирувчи комиссияга киритилмаган ҳолда рад этилгани тўғрисида ишчи орган томонидан комиссиянинг навбатдаги мажлисида маълумот берилади.

24. Мувофиқлаштирувчи комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда, комиссия мажлиси ваколатли (кворумга эга) ҳисобланади. Мажлисни ўтказиш учун кворум бўлмаганда, Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг янги мажлис ўтказиш санаси эълон қилинади.

Мувофиқлаштирувчи комиссия аъзолари тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, рухсат бериш ёки рад этишни ёқлаб овоз беради ҳамда йиғилиш қарори мажлисда иштирок этаётган аъзоларнинг бир овозда маъқуллаши билан қабул қилинади.

25. Мувофиқлаштирувчи комиссия молиявий қарзни жалб қилиш бўйича йирик қарздорнинг ҳужжатлари ва лойиҳаларини кўриб чиқиб, молиявий қарзни жалб қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

26. Йирик қарздор рад этиш тўғрисидаги қарорга асос бўлган камчиликларни бартараф этгандан сўнг Мувофиқлаштирувчи комиссияга 5 иш кунида қайта мурожаат қилиши мумкин.

27. Мувофиқлаштирувчи комиссия лойиҳаларни кўриб чиқишда қуйидаги устувор мақсадлардан келиб чиқиб, молиявий қарзни жалб қилишга рухсат бериш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин:

ижтимоий-иқтисодий, стратегик аҳамияти ҳамда натижадорлиги ва ўзини ўзи оқлаши;

лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари мавжудлиги;

ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш;

молиявий қарзлар ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳалар натижалари.

28. Йирик қарздорлар томонидан молиявий қарз жалб қилиниши юзасидан Мувофиқлаштирувчи комиссия баёни ишчи орган томонидан тайёрланади, Мувофиқлаштирувчи комиссия аъзолари томонидан 7 иш кун ичида имзоланади ва ишчи орган томонидан 1 иш кунида баёндан кўчирма масъул ташкилотга етказилади.

5-боб. Йирик қарздорлар фаолияти ва ҳолатини мониторинг қилиш

29. Молиявий қарзлар қолдиғи бўйича масъул ташкилот ишчи органга ҳар чорак якунидан бошлаб 30 кун ичида, йил якунлари бўйича кейинги молия йилининг 1 мартига қадар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

лойиҳа доирасида ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишларнинг натижадорлиги ва истиқболда амалга ошириладиган режалар бўйича маълумот;

жалб қилинган барча молиявий қарз битимлари, жумладан, хорижий ва миллий валюталарда жалб этилган ташқи ва ички қарзлар, банк кредитлари, кредитларнинг фойдаланилмаган қисми, лизинг, банк кафолати, факторинг, аккредитивлар бўйича асосий қарз (қолдиғи), фоиз ва комиссия тўловлари, шунингдек, муддати ўтган тўловлар кесимида маълумотлар ҳамда улар бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши билан боғлиқ бўлган маълумотлар;

ишчи органнинг сўрови асосида янги жалб қилинган молиявий қарзлар ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳа самарадорлиги мониторингини юритиш учун талаб этиладиган статистика ва молиявий маълумотлар.

30. Йирик қарздорлар молиявий ҳолати ёмонлашганда, Мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан уларни молиявий соғломлаштириш бўйича қуйидаги молиявий усуллардан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилади:

мавжуд қарзларни тўлаш учун янги, қулайроқ шартларда қарзлар (ташқи ва ички қарз, кредит) олиш;

қарздорликни қайта кўриб чиқиш (муддатини узайтириш, тўлов жадвалини ўзгартириш, фоиз ставкасини пасайтириш, валюта турини ўзгартириши);

корхонада менежмент ўзгариши, ташқи менежер тайинланиши, самарасиз активлар ёки лойиҳаларни тугатиш ва бошқарув тизимини оптималлаштириш;

қарзларни акцияга айлантириш орқали қарзларни камайтириш;

янги акциялар чиқариш, янги инвесторларни киритиш орқали қўшимча капитал жалб қилиш;

кераксиз харажатларни қисқартириш, ресурсларни тежаш орқали ишлаб чиқариш харажатларини оптималлаштириш;

фаолиятсиз активларни сотиш ёки ижарага бериш орқали асосий воситалардан самарали фойдаланиш;

субсидия ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

қарздор корхоналар томонидан янги қарз жалб этилиши ва уларнинг давлат дастурлари ҳамда инвестиция лойиҳаларига иштирок этишини чеклаш.

6-боб. Якунловчи қоидалар

31. Молиявий қарзлар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларга ўзгартириш юқорида кўрсатиб ўтилган тартибда киритилади.

32. Ушбу Низом ижроси жараёнида фойдаланилган маълумотларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда сир сақланиши таъминланади.

33. Йирик қарздорлар Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг молиявий қарзни жалб қилишни рад этиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.

34. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик қарздорлар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб этиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич (Хатарлар даражасини аниқлаш) Йирик қарздорлар, масъул ташкилот 1. Йирик қарздорларнинг молиявий ҳисоботлари ва тегишли ҳужжатларини ишчи органга тақдим этади. Ҳар чоракда чорак тугаганидан кейин бир ой ичида, йил якунлари бўйича кейинги молия йилининг 1 мартига қадар Ишчи орган 2. Корхоналарнинг молиявий ҳолати бўйича хатарлар даражаси тақдим этиладиган маълумотлардан келиб чиқиб «паст хатарли», «ўрта хатарли» ва «юқори хатарли» деб тоифалайди. Ҳар чоракда чорак тугаганидан кейин бир ярим ой ичида, йил якунлари бўйича кейинги молия йилининг 1 апрелига қадар 2-босқич (Молиявий қарзларни жалб этиш тўғрисида хабардор қилиш) Йирик қарздорлар (паст хатарли) 1. Жалб этиладиган молиявий қарз суммаси, уни жалб қилиш шартлари ва ишлатиш мақсадлари тўғрисидаги маълумотни ишчи органга Мувофиқлаштирувчи комиссияни хабардор қилиш учун тақдим этади. Йирик қарздор бошқарув органи ва молиявий қарз тақдим этувчи банк ваколатли органи қарор қабул қилгандан сўнг 5 иш кунида Ишчи орган 2. Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг навбатдаги йиғилишига маълумот учун киритади. 10 иш кунида 3-босқич (Молиявий қарзни жалб этишга рухсат олиш) Масъул ташкилот, йирик қарздорлар (ўрта ва юқори хатарли), 1. Ишчи органга молиявий қарзни жалб қилиш бўйича тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза тақдим этади. Молиявий қарз маблағларини жалб қилиш тўғрисидаги тегишли йирик қарздор бошқарув органининг қарори, молиявий қарз тақдим этиш тўғрисида тижорат банки ваколатли органининг қарори қабул қилингандан сўнг Ишчи орган 2. Аризани кўриб чиқиб, кўриб чиқиш натижасига кўра: а) ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганда ёки қўшимча ҳужжатларни ўрганиш талаб этилганда, бу тўғрисида масъул ташкилотни хабардор қилади; Ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг 2 иш кунида б) йирик қарздорлар томонидан молиявий қарзларнинг жалб қилинишини Мувофиқлаштирувчи комиссияга киритмаган ҳолда рад этади; в) ҳужжатлар тўпламини Мувофиқлаштирувчи комиссияга киритади. Ҳужжатлар тақдим этилгандан сўнг 10 иш кунида Мувофиқлаштирувчи комиссия 3. Молиявий қарзни жалб қилишга рухсат бериш ёки рад қилиш тўғрисида (қайтармаслик хавфи мавжуд бўлган ёки лойиҳа иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаганда) қарор қабул қилади. Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг навбатдаги йиғилишида (ҳар чоракда камида бир марта) Ишчи орган 4. Комиссия қарорини масъул ташкилотга етказади. 1 иш кунида 4-босқич (Жалб қилинган молиявий қарз мониторинги) Масъул ташкилот 1. Молиявий қарзни жалб қилиш лойиҳаси доирасида ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишларнинг натижадорлиги ҳамда мажбуриятларнинг бажарилиши билан боғлиқ бўлган бошқа маълумотларни ишчи органга тақдим этади. Ҳар чоракда чорак якунлангандан кейин 30 кун ичида, йил якунлари бўйича кейинги молия йилининг 1 мартига қадар Ишчи орган 2. Йирик қарздорлар томонидан молиявий қарз маблағларининг натижадорлиги ва улардан самарали фойдаланиш, лойиҳаларнинг ўзини ўзи оқлаши бўйича таҳлиллар ва уларнинг натижаси бўйича тақдим этилган маълумотларни умумлаштирган ҳолда Мувофиқлаштирувчи комиссияга ахборот киритади. Ҳар чоракда, маълумотлар тақдим этилгандан сўнг 10 иш кунида Мувофиқлаштирувчи комиссия 3. Молиявий қарз маблағларидан фойдаланиш натижадорлигини кўриб чиқади ва бу борада масъул ташкилотнинг ҳисоботини эшитади. Ҳисоботларнинг тақдим этилишига кўра

Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик қарздорлар томонидан молиявий қарзларни жалб қилишда хатарларни аниқлаш бўйича кўрсаткичларни ҳисоблаш формулалари

Кўрсаткичлар Ҳисоблаш формуласи I. Ликвидлик кўрсаткичлари Жорий ликвидлик даражаси жорий активлар жорий мажбуриятлар Тез ликвидлик даражаси (жорий активлар — товар моддий захиралар) жорий мажбуриятлар Кунлик кредитор қарзлар айланмаси (мол етказиб берувчилар ва пудратчилар олдидаги қарздорлик*365) сотилган маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларнинг таннархи Кунлик дебитор қарзлар айланмаси (харидор ва буюртмачиларнинг қарзи*365) (маҳсулот (товар, иш ва хизмат) ларни сотишдан соф тушум + асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари) II. Тўлов қобилияти кўрсаткичлари Қарз (мажбуриятлар)нинг капиталга нисбати жами мажбуриятлар жами ўз маблағлари Қарз (мажбуриятлар)нинг активларга нисбати жами мажбуриятлар жами активлар Мажбуриятларнинг EBITDAга нисбати жами мажбуриятлар (соф фойда (зарар) + фойда солиғи + фоизлар шаклидаги харажатлар + асосий воситалар эскириши ўзгариши + номоддий активлар амортизация суммаси ўзгариши) EBITDAнинг қарз тўловларига нисбати (соф фойда (зарар) + фойда солиғи + фоизлар шаклидаги харажатлар + асосий воситалар эскириши ўзгариши + номоддий активлар амортизация суммаси ўзгариши) (фоизлар шаклидаги қарз харажатлар + қарзнинг асосий тўлови) Фоиз харажатларининг қопланиши (соф фойда (зарар) + фойда солиғи + фоизлар шаклидаги харажатлар) фоизлар шаклидаги харажатлар III. Даромадлик кўрсаткичлари Соф фойда маржаси % соф фойда (зарар) (маҳсулот (товар, иш ва хизмат) ларни сотишдан соф тушум + асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари) Операцион фойда маржаси % (соф фойда (зарар) + фойда солиғи + фоизлар шаклидаги харажатлар) (маҳсулот (товар, иш ва хизмат) ларни сотишдан соф тушум + асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари) Айланма маблағларнинг рентабеллиги % (соф фойда (зарар) + фойда солиғи + фоизлар шаклидаги харажатлар + асосий воситалар эскириши ўзгариши + номоддий активлар амортизация суммаси ўзгариши) (жорий активлар - жорий мажбуриятлар) Активларнинг рентабеллиги % соф фойда (зарар) жами активлар Капиталнинг рентабеллиги % соф фойда (зарар) жами ўз маблағлари Харажатларнинг қопланиши (маҳсулот (товар, иш ва хизмат) ларни сотишдан соф тушум + асосий фаолиятнинг бошқа даромадлари) (сотилган маҳсулот(товар, иш ва хизмат)ларнинг таннархи + бошқа операцион харажатлар) IV. Ташқи қарзга боғлиқ кўрсаткичлари Ташқи қарзнинг мажбуриятларга нисбати жами ташқи қарз жами мажбуриятлар Хорижий валютадаги ташқи қарзнинг жами қарзга нисбати хорижий валютадаги ташқи қарз жами қарз

Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилишда хатарларни баҳолаш тизими

Т/р Кўрсаткичлар Хатарларни баҳолаш тизими Юқори Ўрта Паст қ иймати б алл қ иймати б алл қ иймати б алл қ иймати б алл I. Ликвидлик кўрсаткичлари 1.1. Жорий ликвидлик даражаси 1,25 дан паст 0 1,25 — 1,50 3,0 1,50 — 1,75 4,0 1,75 дан юқори 5,0 1.2. Тез ликвидлик даражаси 0,8 дан паст 0 0,8 — 1,0 3,0 1,0 — 1,10 4,0 1,10 дан юқори 5,0 1.3. Кунлик кредитор қарзлар айланмаси 90 дан юқори 0 60 — 90 1,2 60 — 45 1,6 45 дан паст 2,0 1.4. Кунлик дебитор қарзлар айланмаси 50 дан юқори 0 40 — 50 1,2 40 — 35 1,6 35 дан паст 2,0 II. Тўлов қобилияти кўрсаткичлари 2.1. Қарз (мажбуриятлар)нинг капиталга нисбати* 1,50 дан юқори 0 1,0 — 1,5 3,6 1,0 — 0,75 4,8 0,75 дан паст 6,0 2.2. Қарз (мажбуриятлар)нинг активларга нисбати* 0,75 дан юқори 0 0,50 — 0,75 3,0 0,50 — 0,35 4,0 0,35 дан паст 5,0 2.3. Қарз (мажбуриятлар)нинг EBITDAга нисбати 3,0 дан юқори 0 2,0 — 3,0 6,0 2,0 — 1,75 8,0 1,75 дан паст 10,0 2.4. EBITDAнинг қарз тўловларига нисбати 0,75 дан паст 0 0,75 — 1,25 6,0 1,25 — 2,0 8,0 2,0 дан юқори 10,0 2.5. Фоиз харажатларининг қопланиши 1,20 дан паст 0 1,2 — 1,5 3,0 1,5 — 1,75 4,0 1,75 дан юқори 5,0 III. Даромадлилик кўрсаткичлари 3.1. Соф фойда маржаси (фоиз) 4,0 дан паст 0 4,0 — 8,0 3,0 8,0 — 10,0 4,0 10,0 дан юқори 5,0 3.2. Операцион фойда маржаси 5,0 дан паст 0 5,0 - 10,0 3,0 10,0 — 12,5 4,0 12,5 дан юқори 5,0 3.3. Айланма маблағларнинг рентабеллиги (фоиз) 10,0 дан паст 0 10,0 — 15,0 3,0 15,0 — 17,5 4,0 17,5 дан юқори 5,0 3.4. Активларнинг рентабеллиги (фоиз) 0,0 дан паст 0 0,0 — 4,0 3,0 4,0 — 6,0 4,0 6,0 дан юқори 5,0 3.5. Капиталнинг рентабеллиги (фоиз) 0,0 дан паст 0 0,0 — 8,0 3,0 8,0 — 11,5 4,0 11,5 дан юқори 5,0 3.6 Харажатлар қопланиши 1,0 дан паст 0 1,0 — 1,25 3,0 1,25 — 1,35 4,0 1,35 дан юқори 5,0 IV. Ташқи қарзга боғлиқлик 4.1. Ташқи қарзнинг мажбуриятларга нисбати* 0,4 дан юқори 0 0,3 — 0,4 6,0 0,30 — 0,25 8,0 0,25 дан паст 10,0 4.2. Хорижий валютадаги ташқи қарзнинг жами қарзга нисбати 0,4 дан юқори 0 0,3 — 0,4 6,0 0,3 — 0,2 8,0 0,2 дан паст 10,0 Жами баллар 0 60,0 80,0 100,0

Ўзбекистон иқтисодиёти учун тизимли аҳамиятга эга йирик корхоналар томонидан банк кредити ва ташқи қарзларни жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

Йирик қарздор томонидан жалб қилинаётган молиявий қарз лойиҳаларининг концепцияси (паспорти) шакли

I. Лойиҳанинг тавсифи

Жалб қилинадиган маблағ тури : Лойиҳа мақсади : Тўлов мақсади : ( л ойиҳа доирасида янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва бошқа турдаги ишлар кўзда тутилган) Кредитор номи: ( к редитор тўғрисида батафсил маълумот лар ) Йирик қарздор ( корхона ) : ( гувоҳномасидаги маълумот лар ) Лойиҳа амалга ошириладиган ҳудуд (вилоят, туман, шаҳар):

II. Бошқарув органи / Тижорат банки ваколатли органи хулосаси

Хулоса, йирик қарздор нинг молиявий кўрсаткичлари, кредиторлар танлови натижалари, ташқи аудит хулосаси, молиявий қарз жалб этиш бўйича асос , хатарлар таҳлили ҳақидаги батафсил маълумот лар ( тасдиқловчи ҳужжатлар хулосага илова қилинади ) .

III. Лойиҳанинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари бўйича маълумот

Қўшимча маълумотлар 1. а) Лойиҳанинг ТИА/ТИҲК мавжудлиги: Ҳа  Йўқ  Агар «Ҳа» жавобини белгилаган бўлсангиз, тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этинг. 2. б) Лойиҳа қуйидагилардан бирига киритилган бўлса: Инвестиция дастури  Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ёки қарори/ Вазирлар Маҳкамаси қарори  Бошқа  Батафсил маълумотлар ҳамда тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этинг 3. а) Капитал қўйилмалар ва бошқа харажатлар суммаси (АҚШ долларида): б) Эксплуатация харажатлари миқдори (АҚШ долларида): в) Умумий харажатлар (АҚШ долларида): г) Йирик қарздорнинг молиявий қарзлари бўйича қарз юки ҳажми: давлат кафолати остида ташқи қарзлари давлат кафолатисиз ташқи қарз маблағлари банк кредити маблағлари д) Лойиҳанинг ҳаётийлик цикли : _____ йил Аниқ маълумот бўлмаса, оралиқ муддатни белгиланг: <10  10-30  >30  4. Лойиҳалар бўйича хатарлар Хавф ёки хатарлар турлари Хатарларни нг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар Лойиҳага тегишли хавф - хатарлар Дизайн ва технологияларнинг эскириш хавфи Яширин нуқсон хавфи Ер сотиб олиш ва кўчириш билан боғлиқ хатарлар Молиявий хатарлар Қурилиш билан боғлиқ хатар (аниқ бўлмаган) Қурилиш билан боғлиқ хатар (аниқ бўлган) Ишга тушириш билан боғлиқ хатарлар Ш артнома туз и лганидан кейин лойиҳага ўзгар тири ш кирити ш хатари Солиқларни белгиланган муддатида тўламаслик билан боғлиқ хатарлар Тарифлар ўзгариши билан боғлиқ хатарлар Қонунчилик ҳужжатларидаги ўзгаришларнинг лойиҳага таъсири билан боғлиқ хатарлар Лицензия, рухсатномалар кечикиши ёки берилмаслиги билан боғлиқ хатарлар Сиёсий беқарорлик хатарлари Таъмирлаш ва реконструкция қилишга оид хатарлар Қарз маблағларини нг қайтарилмаслиги натижасида мулк мусодараси бўйича хатарлар Операцион хатарлар Экологик/ижтимоий хатар (эксплуатация билан боғлиқ) Талаб билан боғлиқ хатарлар Бошқа хатарлар 5. Ташаббус кўрсатилган лойиҳа бўйича молиявий қарзлар нинг жалб этилиши иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий вазифаларни/муаммоларни ҳал этишга қаратилганми? Ҳа  Йўқ  Агар « Ҳа» жавобини белгилаган бўлсангиз, фикрингизни батафсил асослаб беринг: 6. Ташаббус кўрсатилган лойиҳа доирасида илғор бошқарув тажрибасини жорий этиш назарда тутилганми? Ҳа  Йўқ  Агар « Ҳа» жавобини белгилаган бўлсангиз, фикрингизни батафсил асослаб беринг: 7. Ташаббус кўрсатилган лойиҳа инновацион ёндашувни ўз ичига олганми? Ҳа  Йўқ  Агар « Ҳа» жавобини белгилаган бўлсангиз, фикрингизни батафсил асослаб беринг: 8. Ташаббус кўрсатилган лойиҳа доирасида замонавий ахборот технология лар и ни жорий этиш назарда тутилганми? Ҳа  Йўқ  Агар « Ҳа» жавобини белгилаган бўлсангиз, фикрингизни батафсил асослаб беринг: 9. Лойиҳани амалга ошириш учун ер участкасига зарурат борми? Ҳа  Йўқ  Агар « Ҳа» жавобини белгилаган бўлсангиз, керакли ер участкаси майдонини кўрсатинг (га.): 10. а) Лойиҳани амалга ошириш оқибатида ижтимоий муаммолар келиб чиқиш эҳтимоли мавжудми? Ҳа  Йўқ  Агар « Ҳа» жавобини белгилаган бўлсангиз, а сослантир ган ҳолда изоҳланг: б) Лойиҳани амалга ошириш оқибатида экологик муаммолар вужудга келиш эҳтимоли мавжудми? Ҳа  Йўқ  Агар « Ҳа» жавобини белгилаган бўлсангиз, а сослантир ган ҳолда изоҳланг: 11. Лойиҳани нг амалга оширилиши зарур бўлган қўшимча иш ҳаж м ларини кўрсатинг: Сув таъминоти объектларини қуриш  Газ таъминоти объектларини қуриш  Электр таъминоти қурилмаларига уланиш  Кириш йўллари  Транспорт боғланиши  Бошқа талабларни кўрсатинг: Ушбу билан шуни маълум қиламанки, мазкур лойиҳанинг концепцияси шаклида келтирилган маълумотлар ва тақдим этилган тасдиқловчи барча ҳужжатлар ҳақиқий , тўғри ҳамда йирик қарздор бошқарув органи ( кузатув кенгаши акциядорлар, таъсисчилар умумий йиғилиши, муассис) / тижорат банки ваколатли органи (банк кенгаши, банк бошқаруви) томонидан маъқулланган. Йирик қарздор / Тижорат банки Бир инчи раҳбар) (Ф.И.О., имзо, муҳр)

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 24 октябрь,

670-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.10.2025 й., 09/25/670/0979-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TARKIBI

NIZOM

SXEMASI

Oʻzbekiston iqtisodiyoti uchun tizimli ahamiyatga ega yirik korxonalar tomonidan bank krediti va tashqi qarzlarni jalb qilish tizimini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston iqtisodiyoti uchun tizimli ahamiyatga ega yirik korxonalar tomonidan bank krediti va tashqi qarzlarni jalb qilishni tartibga solish, ularning boshqaruv organlari va bank vakolatli organlarining bu boradagi masʼuliyatini oshirish, mamlakatning makroiqtisodiy barqarorligi uchun yuzaga kelishi mumkin boʻlgan yirik qarzdorlar bilan bogʻliq xatarlarni boshqarish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Yirik korxonalar bilan bogʻliq xatarlarni boshqarish boʻyicha muvofiqlashtiruvchi komissiya (keyingi oʻrinlarda — Muvofiqlashtiruvchi komissiya) tashkil etilsin.

Quyidagilar Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning asosiy vazifalari va faoliyati yoʻnalishlari etib belgilansin:

alohida monitoringni talab etuvchi tizimli ahamiyatga ega yirik korxonalar (keyingi oʻrinlarda — yirik qarzdorlar) roʻyxatini tasdiqlash;

yirik qarzdorlar tomonidan jalb qilinayotgan bank krediti yoki tashqi qarz hisobidan moliyalashtirilishi taklif etilayotgan loyiha boʻyicha taqdimotlarni koʻrib chiqish;

bank krediti yoki tashqi qarzlarning jalb etilishini maʼqullash yoki rad etish boʻyicha qarorlar qabul qilish hamda ushbu mablagʻlar hisobidan moliyalashtirilgan loyihalar natijadorligini oʻrganish;

yirik qarzdorlarning moliyaviy holatini muntazam monitoring qilish hamda moliyaviy holati yomonlashganda ularni moliyaviy sogʻlomlashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish.

2. Quyidagilar:

Yirik qarzdorlar bilan bogʻliq xatarlarni boshqarish boʻyicha muvofiqlashtiruvchi komissiya tarkibi 1-ilovaga muvofiq;

Oʻzbekiston iqtisodiyoti uchun tizimli ahamiyatga ega yirik korxonalar tomonidan bank krediti va tashqi qarzlarni jalb qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. 2026-yil 1-yanvardan boshlab yirik qarzdorlar tomonidan bank krediti va tashqi qarzlarni jalb qilish, ulardan foydalanish va ularning miqdorini maqbullashtirishni monitoring qilishning quyidagi mexanizmlari joriy etilsin:

yirik qarzdorlarni ularning moliyaviy holatiga koʻra “past xatarli”, “oʻrta xatarli” va “yuqori xatarli” guruhlarga toifalash hamda ushbu toifalardan kelib chiqqan holda, ularga bank krediti va tashqi qarz ajratishning tartibini belgilash;

Muvofiqlashtiruvchi komissiya tomonidan bank krediti va tashqi qarzlar boʻyicha yirik qarzdorlar majburiyatlarning bajarilishi yuzasidan davriy monitoringni amalga oshirish;

yirik qarzdorlarning yil yakuni boʻyicha moliya-xoʻjalik faoliyatini xalqaro auditorlik tarmoqlariga va xalqaro uyushmalariga aʼzo boʻlgan auditorlik tashkilotlari tomonidan auditorlik tekshiruvidan oʻtkazish, mazkur qaror qabul qilingan sanadan oldin tanlab olingan auditorlik tashkilotlari bundan mustasno;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda, yirik qarzdorlarning moliyaviy qarzlari hisobidan moliyalashtiriladigan loyihalarning texnik-iqtisodiy asoslarini va boshqa hujjatlarini vakolatli organlarda ekspertizadan oʻtkazishda Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning moliyaviy qarzni jalb etish boʻyicha ijobiy xulosasi yoki uning xabardor qilinganligini tasdiqlovchi hujjatlar taqdim etilgandan keyin amalga oshirish;

yirik qarzdorlarning bank krediti va tashqi qarzlari hisobidan moliyalashtiriladigan loyihalar, tashqi qarz bitimlari va kredit shartnomalari boʻyicha majburiyatlarining bajarilishi bilan bogʻliq boʻlgan maʼlumotlari har chorak yakuni bilan Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning ishchi organiga taqdim etish;

Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning tegishli ishchi organi tomonidan yirik qarzdorlarning amaldagi tashqi qarz bitimlari va kredit shartnomalarining moliyaviy shartlariga (kovenantlariga) rioya etishini monitoring qilish;

yirik qarzdorlarning moliyaviy holati yomonlashib, ular tomonidan jalb etilgan moliyaviy qarzlar boʻyicha bitimlar shartlari lozim darajada bajarilmaganda, Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning qarzdorlarga nisbatan mazkur qaror bilan belgilangan vakolat doirasida tegishli chora-tadbirlarni nazarda tutuvchi qarorni qabul qilishi;

Muvofiqlashtiruvchi komissiya tasdiqlagan alohida monitoringni talab etuvchi tizimli ahamiyatga ega yirik qarzdorlar roʻyxatiga kiritilgan yirik qarzdorlar tomonidan choraklik moliyaviy hisobotlarni taqdim etish talabini oʻrnatish;

masʼuliyati cheklangan jamiyatlar shaklidagi yirik qarzdorlar tomonidan bank kreditlari va tashqi qarzlarni jalb etishga ularning tashkiliy-huquqiy shaklini aksiyadorlik jamiyatlariga oʻzgartirgan hamda faoliyatini aksiyadorlik jamiyatlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq tashkil etgan hollarda ruxsat etish.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi Markaziy bank bilan birgalikda 2026-yil 1-sentabrga qadar toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma asosida xalqaro konsalting kompaniyasini jalb etib, uning texnik koʻmagi bilan yirik qarzdorlarning faoliyat sohasi, hududi, loyihalarning xususiyatlaridan kelib chiqqan holda, korxonalarning moliyaviy holati boʻyicha xatar darajasini buxgalteriya hisobining milliy va xalqaro standartlari talablari doirasida baholash qoʻllanmasini ishlab chiqsin.

Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga mazkur qoʻllanmani tasdiqlash vakolati berilsin.

5. Vazirlar Mahkamasining “Davlat ishtirokidagi korxonalar tomonidan tashqi qarzlarni jalb qilish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 9-martdagi 107-son qarori 2026-yil 1-yanvardan oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Markaziy bank raisi T.A. Ishmetov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 24-oktabrdagi 670-son qaroriga 1-ILOVA

Yirik qarzdorlar bilan bogʻliq xatarlarni boshqarish boʻyicha muvofiqlashtiruvchi komissiya

1. J.A. Qoʻchqorov — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri, Komissiya raisi 2. T.A. Ishmetov — Markaziy bank raisi, Komissiya raisi oʻrinbosari 3. B.B. Xodjayev — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi departamenti boshligʻi (kelishuvga koʻra) 4. Sh.D. Kudbiyev — Soliq qoʻmitasi raisi 5. A.J. Ortikov — Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori 6. X.B. Mustafayev — iqtisodiyot va moliya vaziri oʻrinbosari 7. A.A. Turdaliyev — Markaziy bank raisi oʻrinbosari 8. M.A. Allaberganov — “Loyihalar va import kontraktlarini kompleks ekspertiza qilish markazi” DUK direktori 9. O.T. Nazarov — Markaziy bank masʼul xodimi, Komissiya kotibi

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 24-oktabrdagi 670-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston iqtisodiyoti uchun tizimli ahamiyatga ega yirik korxonalar tomonidan bank krediti va tashqi qarzlarni jalb qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston iqtisodiyoti uchun tizimli ahamiyatga ega yirik korxonalar, ularga tegishli boʻlgan korxonalar va ularga oʻzaro aloqador korxonalar guruhi (keyingi oʻrinlarda — yirik qarzdorlar) tomonidan bank krediti va tashqi qarzlarni jalb qilishni nazorat va monitoring qilish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizom talablari tijorat banklari oldida kredit majburiyatlarga ega boʻlmagan, davlat kafolatisiz tashqi qarzni jalb qilmoqchi boʻlgan xususiy korxonalarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ishchi organ — Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi (davlat ishtirokidagi korxonalar tomonidan tashqi qarzlarni jalb etish boʻyicha) hamda Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki (barcha yirik korxonalar, ularga aloqador korxonalar guruhi tomonidan bank kreditlarini jalb etish boʻyicha);

yirik qarzdor — mamlakat iqtisodiyoti uchun tizimli ahamiyatga ega, moliyaviy qarzlari qoldigʻi 50 million AQSH dollari ekvivalenti miqdoridan kam boʻlmagan, yuridik shaxs maqomiga ega yirik bir qarz oluvchi, oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi yoki tarkibidagi korxonalar (tijorat banklari bundan mustasno);

koʻmaklashuvchi idoralar — Muvofiqlashtiruvchi komissiya va ishchi organni faoliyatida zarur boʻlgan yirik qarzdorlarga oid maʼlumotlar bilan taʼminlashda, ular oʻrtasida aloqalar oʻrnatishda, zarur hollarda uchrashuvlar tashkil etishda yordam beruvchi vazirlik va idoralar;

loyiha — iqtisodiy, ijtimoiy va boshqa foyda olish uchun oʻzaro bogʻliq boʻlgan tadbirlar majmui;

loyiha konsepsiyasi (pasporti) — loyiha nomi, mazmuni, ishtirokchilari, maqsadi, amalga oshirish muddatlari, qiymati, moliyalashtirish manbalari, loyihaning texnik-iqtisodiy asoslari mavjudligini, samaradorligi va kutilayotgan natijalarni oʻz ichiga oluvchi hujjat;

loyiha tashabbuskor i — yangi loyihani yoki joriy faoliyatni moliyalashtirish maqsadida moliyaviy qarzlarni jalb qilish boʻyicha takliflarni ishlab chiquvchi hamda amalga oshiruvchi yuridik shaxs, davlat ishtirokidagi yoki davlat ishtiroki boʻlmagan korxona;

masʼul tashkilot — ishchi organ va yirik qarzdor oʻrtasidagi munosabatlarni hamda hujjatlar almashinuvini muvofiqlashtiruvchi organ;

moliyaviy qarz — korxona tomonidan olingan bank krediti (kredit, uning foydalanilmagan qismi, lizing, bank kafolati, faktoring va akkreditivlar), xorijiy moliya institutlaridan jalb etilgan tashqi qarz, emissiya qilingan obligatsiyalar va boshqa moliyaviy qarz (zayom)lar boʻyicha majburiyatlar.

4. Oʻzaro aloqador qarz oluvchilar guruhi nazorat asosida vujudga keladi hamda qarzdorlar quyidagi hollarda nazorat asosida oʻzaro aloqador boʻladi:

a) yuridik shaxslar oʻrtasida, agar:

bir yuridik shaxs bevosita yoki bilvosita, yakka tartibda yoki birgalikda harakat qiluvchi shaxslar guruhi tarkibida boshqa yuridik shaxs ustav kapitalining 20 foizi va undan ortigʻiga egalik qilsa yoki egalikni nazorat qilsa;

bir yuridik shaxs boshqa yuridik shaxsni nazorat qilsa;

yuridik shaxslar uchinchi shaxsning yoki u bilan birgalikda harakat qiluvchi shaxslarning nazorati ostida boʻlsa;

yuridik shaxslar asosan ishtirokchilarning (aksiyadorlarning) yoki boshqaruv organlarining bir xil tarkibiga ega boʻlsa;

b) jismoniy va yuridik shaxslar oʻrtasida, agar:

jismoniy shaxs bevosita yoki bilvosita, yakka tartibda yoki birgalikda faoliyat koʻrsatuvchi shaxslar guruhi tarkibida, yuridik shaxs ustav kapitalining 20 foiz va undan ortigʻiga egalik qilsa yoki egalikni nazorat qilsa;

jismoniy shaxs yuridik shaxsni nazorat qilsa;

jismoniy shaxs yuridik shaxs kuzatuv kengashi, boshqaruvi aʼzosi boʻlsa yoki mansabdor shaxsi hisoblansa;

jismoniy shaxsda yuridik shaxs ustav kapitalining 20 foizi va undan ortigʻiga egalik qiladigan yoki egalikni nazorat qiladigan boshqa yuridik shaxsga nisbatan rahbarlik vakolati boʻlsa;

jismoniy shaxsning yuridik shaxs nazoratni amalga oshiradigan boshqa yuridik shaxsda boshqaruvga oid vakolatlari mavjud boʻlsa;

mazkur kichik bandda keltirilgan jismoniy shaxslarning yaqin qarindoshlari boʻlsa.

5. Ikki yoki undan ortiq qarzdorlar faqat davlat boshqaruvi organlari (mahalliy yoki xorijiy), shuningdek, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi yoki xalqaro taraqqiyot banklari tomonidan nazorat asosida oʻzaro aloqador boʻlsa, ular oʻzaro aloqador qarz oluvchilar hisoblanmaydi.

6. Muvofiqlashtiruvchi komissiya tomonidan yirik qarzdorlar roʻyxati tasdiqlangandan soʻng ular:

3 oy ichida tashkiliy-huquqiy shaklini aksiyadorlik jamiyatlari toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq aksiyadorlik jamiyati koʻrinishida tashkil etishlari;

har chorakda buxgalteriya hisobining milliy standartlari asosida tuzilgan choraklik moliyaviy hisobot shakllarini (buxgalteriya balansi, moliyaviy natijalar toʻgʻrisida hisobot, xususiy kapital toʻgʻrisida hisobot, pul oqimlari toʻgʻrisida hisobot hamda moliyaviy hisobotga izohlar) yoki moliyaviy hisobotning xalqaro standartlariga asosida tuzilgan choraklik moliyaviy hisobot shakllarini (moliyaviy holat toʻgʻrisida hisobot, foyda yoki zarar va boshqa umumlashgan daromad toʻgʻrisida hisobot, xususiy kapitaldagi oʻzgarishlar toʻgʻrisida hisobot, pul mablagʻlari harakati toʻgʻrisida hisobot hamda moliyaviy hisobotga izohlar) taqdim etishlari lozim.

7. Tashqi qarzlar, obligatsiyalar va boshqa moliyaviy qarzlarni jalb qilmoqchi boʻlgan yirik qarzdorlar uchun korxonaning yuqori tashkiloti (korxonaning oʻzi), shuningdek, yirik qarzdorlarga xizmat koʻrsatuvchi tijorat bank(lar)i krediti jalb qilmoqchi boʻlgan yirik qarzdorlar uchun masʼul tashkilot hisoblanadi.

2-bob. Muvofiqlashtiruvchi komissiya, ishchi organ va komissiya kotibining vazifalari

8. Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning vazifalari:

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki vakillaridan iborat ishchi organlar tomonidan taqdim etilgan tahliliy maʼlumotlar va roʻyxat asosida bir yilda bir marta yirik qarzdorlar roʻyxatini tasdiqlaydi;

yirik qarzdorlar tomonidan jalb qilinayotgan moliyaviy qarzlar hisobidan moliyalashtirilishi taklif etilayotgan loyiha tashabbuskorlari taqdimotlarini koʻrib chiqadi;

moliyaviy qarzni jalb qilishni maʼqullash yoki rad etish boʻyicha qaror qabul qiladi;

moliyalashtirilgan loyiha natijadorligi boʻyicha tegishli ishchi organning bu boradagi axborotlarini eshitadi;

yirik qarzdorlarning moliyaviy holati boʻyicha xatarlar darajasi toʻgʻrisidagi ishchi organ tomonidan tayyorlangan maʼlumotlarni koʻrib chiqadi va hisobotlarni eshitadi;

yirik qarzdorlarning moliyaviy holati yomonlashib, ular tomonidan jalb etilgan qarzlar boʻyicha bitimlar shartlari lozim darajada bajarilmaganda, qarzdorlarga nisbatan vakolat doirasida tegishli qaror qabul qiladi.

9. Muvofiqlashtiruvchi komissiya qarori bilan yirik qarzdorlar roʻyxati tasdiqlangandan soʻng 3 ish kunidan kechiktirmay:

roʻyxatdagi yirik qarzdorlar tegishli ishchi organ tomonidan yozma, shu jumladan, elektron shaklda xabardor qilinadi;

yirik qarzdorlar roʻyxati tegishli ishchi organning rasmiy saytlarida eʼlon qilinadi va doimiy yangilab boriladi.

10. Ishchi organning vazifalari:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi vakillaridan iborat ishchi organ:

bir yilda bir marta Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga hukumat kafolati asosida jalb qilingan tashqi qarz boʻyicha majburiyatlari mavjud davlat ishtirokidagi korxonalar roʻyxatini taqdim etadi;

davlat ishtirokidagi korxonalardan tashqi qarzlar hisobidan moliyalashtirilishi taklif etilayotgan loyiha boʻyicha tegishli maʼlumotlarni ushbu Nizom doirasida qabul qilib oladi;

tashqi qarzni jalb qilish uchun murojaat qilgan davlat ishtirokidagi korxonalarning moliyaviy holatini tahlil qiladi va tegishli taklifni ishlab chiqadi;

davlat ishtirokidagi korxonalarning moliyaviy holati boʻyicha xatarlar darajasini inobatga olgan holda ular tomonidan tashqi qarzlarni jalb qilish boʻyicha takliflarni Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga kiritadi;

Muvofiqlashtiruvchi komissiya tomonidan tasdiqlangan tashqi qarzni jalb qilishning moliyaviy shartlari va qarz yuki yuqori miqdorlarini masʼul tashkilotga yetkazadi;

Muvofiqlashtiruvchi komissiya kun tartibiga davlat ishtirokidagi korxonalarning tashqi qarzlari hisobidan moliyalashtiriladigan loyihaga doir masalalarini koʻrib chiqish boʻyicha takliflar kiritadi;

har chorakda kamida bir marta Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga qabul qilingan qarorlarning ijrosi yuzasidan chorak yakuni boʻyicha keyingi oyning 15-sanasiga qadar hisobot taqdim etadi;

davlat ishtirokidagi korxonalarning tashqi qarzlarni jalb qilishida masʼul tashkilot tomonidan Muvofiqlashtiruvchi komissiyani xabardor qilish uchun taqdim etilgan maʼlumotlarni 10 ish kunida Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning navbatdagi yigʻilishiga maʼlumot uchun kiritib boradi;

davlat ishtirokidagi korxonalarning tashqi qarzlarni jalb qilishi boʻyicha masʼul tashkilot tomonidan Muvofiqlashtiruvchi komissiya ruxsatini olish uchun taqdim etilgan hujjatlarni 15 ish kunida Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga kiritadi;

davlat ishtirokidagi korxonalar tomonidan jalb qilingan tashqi qarzlar hisobiga moliyalashtirilgan loyihaning natijadorligi, ularning oʻzini oʻzi oqlashi va biznes reja (TIA) koʻrsatkichlarining bajarilishi boʻyicha tahlillar hamda majburiyatlarning bajarilishi bilan bogʻliq boʻlgan boshqa maʼlumotlar taqdim etilgandan soʻng 10 ish kunida maʼlumotlarni umumlashtirgan holda Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga axborot kiritadi;

davlat ishtirokidagi korxonalar tomonidan tashqi qarzlar boʻyicha bitimlarning moliyaviy shartlari (kovenantlari)ga rioya etilishini monitoring qiladi va Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga har chorak yakuni boʻyicha keyingi oyning 15-sanasiga qadar hisobot kiritib boradi;

davlat ishtirokidagi korxonalar boʻyicha xatarlar tahlilini doimiy (choraklik) yangilab boradi va ular boʻyicha yagona maʼlumotlar bazasini yaratadi;

b) Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki vakillaridan iborat ishchi organ:

bir yilda bir marta Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga bank krediti (kredit, uning foydalanilmagan qismi, lizing, bank kafolati, faktoring va akkreditivlar) va hukumat kafolatisiz jalb qilingan tashqi qarz boʻyicha majburiyatga ega yirik qarzdorlar toʻliq roʻyxatini taqdim etadi;

yirik qarzdorlar tomonidan jalb qilinayotgan moliyaviy qarzlar hisobidan moliyalashtirilishi taklif etilayotgan loyiha boʻyicha tegishli maʼlumotlarni masʼul tashkilotlardan ushbu Nizom doirasida qabul qilib oladi;

moliyaviy qarzlarni jalb etayotgan yirik qarzdorlar moliyaviy holatini tahlil qiladi va tegishli taklif ishlab chiqadi;

yirik qarzdorlarning moliyaviy holati boʻyicha xatarlar darajasini inobatga olgan holda, ular tomonidan moliyaviy qarzlar jalb etish boʻyicha takliflarni Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga kiritadi;

Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning moliyaviy qarzlarni jalb etishning moliyaviy shartlari va qarz yuki yuqori miqdorlarini belgilash toʻgʻrisidagi qarorlarini masʼul tashkilotga yetkazadi;

har chorakda kamida bir marta Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga qabul qilingan qarorlarning ijrosi boʻyicha chorak yakuni boʻyicha keyingi oyning 15-sanasiga qadar hisobot taqdim etadi;

yirik qarzdorlarning moliyaviy qarzlarni jalb qilishida masʼul tashkilot tomonidan Muvofiqlashtiruvchi komissiyani xabardor qilish uchun taqdim etilgan maʼlumotlarni 10 ish kunida Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning navbatdagi yigʻilishiga maʼlumot uchun kiritib boradi;

yirik qarzdorlarning moliyaviy qarzlarni jalb etishi boʻyicha masʼul tashkilot tomonidan Muvofiqlashtiruvchi komissiya ruxsatini olish uchun taqdim etilgan hujjatlarni 15 ish kunida Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga kiritadi;

yirik qarzdorlar tomonidan jalb etilgan moliyaviy qarzlar hisobiga moliyalashtirilgan loyihaning natijadorligi, ularning oʻzini oʻzi oqlashi va biznes reja (TIA) koʻrsatkichlarining bajarilishi boʻyicha tahlillar hamda majburiyatlarning bajarilishi bilan bogʻliq boʻlgan boshqa maʼlumotlar taqdim etilgandan soʻng 10 ish kunida maʼlumotlarni umumlashtirgan holda Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga axborot kiritadi;

yirik qarzdorlar tomonidan moliyaviy qarzlar boʻyicha bitimlarning shartlariga rioya etilishini monitoring qiladi va Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga har chorakda chorak yakuni boʻyicha keyingi oyning 15-sanasiga qadar hisobot kiritib boradi;

yirik qarzdorlar boʻyicha xatarlar tahlilini doimiy (choraklik) yangilab boradi va ular boʻyicha yagona maʼlumotlar bazasini yaratadi.

11. Quyidagilar Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning kotibining asosiy vazifalari hisoblanadi:

navbatdagi majlisning dastlabki kun tartibini tayyorlash;

Muvofiqlashtiruvchi komissiya majlislari uchun zarur materiallar toʻliq va oʻz vaqtida tayyorlanishini nazorat qilish;

Muvofiqlashtiruvchi komissiya aʼzolarini, majlisni oʻtkazish sanasi, vaqti, joyi va koʻriladigan masalalar toʻgʻrisida xabardor qilish;

Muvofiqlashtiruvchi komissiya aʼzolari va majlisga taklif etilgan shaxslarni belgilangan muddatda maʼlumotlar bilan taʼminlash;

Muvofiqlashtiruvchi komissiya majlisi kun tartibini yuritish hamda majlislarda ishtirok etish;

Muvofiqlashtiruvchi komissiya tomonidan qabul kilingan qarorlarni belgilangan tartibda rasmiylashtirish hamda roʻyxatga olish kitobida qayd etish va ularning bajarilish hisobini yuritish;

Muvofiqlashtiruvchi komissiya majlisida koʻrib chiqilib, qabul qilingan qaror va tayyorlangan (imzolangan) qaror matnlari oʻzaro muvofiqligini nazorat qilish;

Muvofiqlashtiruvchi komissiya qarorlarini masʼul tashkilotlarga yetkazish;

masʼul tashkilotlar tomonidan Muvofiqlashtiruvchi komissiya qarori bilan yuklangan vazifalar oʻz vaqtida bajarilishini tahlil (nazorat) qilish, ijrosi kechikayotgan vazifalar hisobini yuritish va Komissiya raisiga har oy maʼlumot kiritib borish;

Muvofiqlashtiruvchi komissiya muhokamasiga kiritilgan masalalar bilan bogʻliq barcha hujjatlarni (bildirishnoma, kun tartibi, Muvofiqlashtiruvchi komissiya qarori va koʻchirmalarning asl nusxalarini) saqlash va ularni doimiy saqlanishini taʼminlash uchun belgilangan tartibda ishchi organning arxiviga topshirish.

Muvofiqlashtiruvchi komissiya majlislarining texnik tayyorgarligi hamda qarorlarning ijrosi Muvofiqlashtiruvchi komissiya kotibi tomonidan nazorat qilinadi.

3-bob. Yirik qarzdorlar tomonidan moliyaviy qarzlarni jalb qilish va xatarlarni aniqlash tartibi

12. Yirik qarzdorlarning moliyaviy holati boʻyicha xatarlar darajasidan kelib chiqib, yirik qarzdorlar tomonidan moliyaviy qarzlar ushbu Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq Muvofiqlashtiruvchi komissiya ruxsati bilan yoki uni xabardor qilgan holda jalb qilinadi.

13. Yirik qarzdorlarning moliyaviy holati boʻyicha xatarlar darajasi “past xatarli”, “oʻrta xatarli” va “yuqori xatarli” deb toifalanadi.

Xalqaro konsalting kompaniyasining texnik koʻmagi asosida yirik qarzdorlarning faoliyat sohasi, hududi, loyihalarning xususiyatlaridan kelib chiqib, korxonalarning moliyaviy holati boʻyicha xatar darajasini baholash qoʻllanmasi ishlab chiqilib, Muvofiqlashtiruvchi komissiya tomonidan tasdiqlangunga qadar xatar darajasi ushbu Nizomga 2 va 3-ilovalarida keltirilgan formulalar va tizimdan foydalangan holda aniqlanadi.

14. Moliyaviy holati boʻyicha xatarlar darajasini aniqlashda foydalanadigan maʼlumotlar quyidagi koʻmaklashuvchi idoralar tomonidan ishchi organga idoralararo elektron hujjat aylanish vositasida taqdim etiladi:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi tomonidan:

korxonalarning buxgalteriya hisobining milliy standartlari asosida tuzilgan yillik moliyaviy hisobot shakllari (buxgalteriya balansi, moliyaviy natijalar toʻgʻrisida hisobot, xususiy kapital toʻgʻrisida hisobot, pul oqimlari toʻgʻrisida hisobot va moliyaviy hisobotga izohlar) va moliyaviy hisobotning xalqaro standartlariga asosan tuzilgan yillik moliyaviy hisobot shakllari (moliyaviy holat toʻgʻrisida hisobot, foyda yoki zarar va boshqa umumlashgan daromad toʻgʻrisida hisobot, xususiy kapitaldagi oʻzgarishlar toʻgʻrisida hisobot, pul mablagʻlari harakati toʻgʻrisida hisobot va moliyaviy hisobotga izohlar);

olingan maqsadli mablagʻlardan foydalanganlik boʻyicha hisobot;

b) Oʻzbekiston Respublikasi Milliy statistika qoʻmitasi tomonidan korxonalar faoliyati va ularning moliyaviy ahvoli toʻgʻrisida hisobot shakllari (tashkilot xoʻjalik faoliyatining asosiy koʻrsatkichlari va tashkilot faoliyati toʻgʻrisida hisobotlar);

v) tijorat banklari tomonidan kredit hujjatlari (kredit hisobidan moliyalashtirilayotgan loyiha boʻyicha biznes reja (TIA), kredit ajratish yuzasidan bank xulosasi, kredit ajratish yuzasidan tegishli vakolatli organining qarori, kredit hisobidan moliyalashtirilgan loyiha natijadorligi boʻyicha monitoring dalolatnomasi).

15. Davlat ishtirokidagi korxonalarning moliyaviy holati boʻyicha xatarlar darajasi toʻgʻrisidagi boshqa maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligining axborot tizimida ochiladigan ularning shaxsiy kabineti orqali olinadi.

16. Yirik qarzdorlarning xatarlar darajasi 100 ballik reyting tizimida baholanadi. Bunda korxonalar reyting natijasi 60 balldan past boʻlganda — “yuqori xatarli”, 60 balldan 80 ballgacha boʻlganda — “oʻrta xatarli” va 80 balldan 100 ballgacha boʻlganda — “past xatarli” deb toifalanadi.

17. Yirik qarzdorlarning toifasi:

“yuqori xatarli” boʻlganda, jalb qilinayotgan yangi moliyaviy qarz miqdori mavjud moliyaviy qarzlari qoldigʻining 1 foizidan yoki 5 million AQSH dollari ekvivalentidan oshgan hollarda;

“oʻrta xatarli” boʻlganda, jalb qilinayotgan yangi moliyaviy qarz miqdori mavjud moliyaviy qarzlari qoldigʻining 5 foizidan yoki 20 million AQSH dollari ekvivalentidan oshgan hollarda;

amaldagi moliyaviy qarzlar boʻyicha bitimlarning moliyaviy shartlari (kovenantlari) buzilgan hollarda, ular bartaraf etilgunga qadar;

moliya yili uchun xalqaro reyting agentliklari tomonidan berilgan baho avvalgi yilgi bahoga nisbatan pastlagan taqdirda, Muvofiqlashtiruvchi komissiya ruxsati asosida moliyaviy qarzlar jalb etiladi.

18. Yirik qarzdorlarning toifasi:

“past xatarli” boʻlganda, jalb etilayotgan yangi moliyaviy qarz miqdoridan qatʼi nazar;

“oʻrta xatarli” boʻlganda, jalb qilinayotgan yangi moliyaviy qarz miqdori mavjud moliyaviy qarzlari qoldigʻining 5 foizidan yoki 20 million AQSH dollari ekvivalentidan kam boʻlgan hollarda;

“yuqori xatarli” boʻlganda, jalb qilinayotgan yangi moliyaviy qarz miqdori mavjud moliyaviy qarzlar qoldigʻining 1 foizidan yoki 5 million AQSH dollari ekvivalentidan kam boʻlgan hollarda Muvofiqlashtiruvchi komissiyani xabardor qilgan holda moliyaviy qarzlar jalb etiladi.

19. Yirik qarzdorlarning Muvofiqlashtiruvchi komissiyani xabardor qilish uchun yirik qarzdor boshqaruv organining moliyaviy qarzlarni jalb etish toʻgʻrisidagi qarori yoki yirik qarzdorga moliyaviy qarzlar taqdim etish toʻgʻrisidagi tijorat banki vakolatli organining qarori qabul qilingan sanadan boshlab 5 ish kunida masʼul tashkilot tomonidan moliyaviy qarz summasi, uni jalb qilish shartlari va ishlatish maqsadlari haqidagi maʼlumotlar tegishli ishchi organga taqdim etiladi.

4-bob. Yirik qarzdorlar tomonidan moliyaviy qarzlarni jalb qilishda Muvofiqlashtiruvchi komissiya ruxsatini olish tartibi

20. Yirik qarzdorlar moliyaviy qarzlarni jalb qilishda Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning ruxsatini olish uchun masʼul tashkilot orqali ishchi organga quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:

moliyaviy qarzlarni jalb etish toʻgʻrisida ariza;

ushbu Nizomga 4-ilovaga muvofiq shaklda loyiha konsepsiyasi (pasporti);

hisobot yili yakuni boʻyicha auditorlik tashkiloti xulosasi nusxasi;

yirik qarzdor boshqaruv organining moliyaviy qarzlarni jalb etish boʻyicha qarori;

tijorat banki tomonidan moliyaviy qarz taqdim etilganda, bank vakolatli organining qarori.

Ishchi organ soʻroviga koʻra yirik qarzdorning moliyaviy holatiga oid boshqa maʼlumotlar talab etilishi mumkin.

Taqdim etilgan maʼlumotlarning haqqoniyligiga masʼul tashkilot javobgar hisoblanadi.

21. Ishchi organ arizani koʻrib chiqib, uning natijasiga koʻra:

ushbu Nizomning 14-bandida nazarda tutilgan hujjatlar toʻliq boʻlmaganda yoki qoʻshimcha hujjatlarni oʻrganish talab etilganda, bu haqida 2 ish kuni ichida masʼul tashkilotni xabardor qiladi;

hujjatlar toʻliq boʻlganda, 10 ish kunida tegishli hujjatlarni Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga kiritadi.

22. Ishchi organ quyidagi hollarda yirik qarzdorlar tomonidan moliyaviy qarzlarning jalb qilinishini Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga kiritmagan holda rad etishi mumkin:

talab etilgan hujjatlar toʻliq taqdim etilmaganda;

oxirgi 12 oy davomida yirik qarzdorning davlat tomonidan moliyaviy qarzlari boʻyicha yoki Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti oldida yoki bank kreditlari boʻyicha muddati oʻtgan qarzdorligi mavjud boʻlsa;

yirik qarzdorning oxirgi hisobot yili uchun moliyaviy hisobotining ishonchliligi va buxgalteriya hisobi toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga muvofiqligi toʻgʻrisida auditorlik xulosasi salbiy boʻlganda.

Ishchi organ yirik qarzdor tomonidan moliyaviy qarzlarning jalb qilinishini Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga kiritmagan holda rad etilgani toʻgʻrisida masʼul tashkilotni 5 ish kuni muddatida xabardor qiladi.

23. Yirik qarzdorlar toʻgʻrisidagi moliyaviy qarzlarni jalb qilish bilan bogʻliq hujjatlar, xususan, loyiha va tahliliy maʼlumotlar Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga kiritilmagan holda rad etilgani toʻgʻrisida ishchi organ tomonidan komissiyaning navbatdagi majlisida maʼlumot beriladi.

24. Muvofiqlashtiruvchi komissiya aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda, komissiya majlisi vakolatli (kvorumga ega) hisoblanadi. Majlisni oʻtkazish uchun kvorum boʻlmaganda, Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning yangi majlis oʻtkazish sanasi eʼlon qilinadi.

Muvofiqlashtiruvchi komissiya aʼzolari taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqib, ruxsat berish yoki rad etishni yoqlab ovoz beradi hamda yigʻilish qarori majlisda ishtirok etayotgan aʼzolarning bir ovozda maʼqullashi bilan qabul qilinadi.

25. Muvofiqlashtiruvchi komissiya moliyaviy qarzni jalb qilish boʻyicha yirik qarzdorning hujjatlari va loyihalarini koʻrib chiqib, moliyaviy qarzni jalb qilishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilishi mumkin.

26. Yirik qarzdor rad etish toʻgʻrisidagi qarorga asos boʻlgan kamchiliklarni bartaraf etgandan soʻng Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga 5 ish kunida qayta murojaat qilishi mumkin.

27. Muvofiqlashtiruvchi komissiya loyihalarni koʻrib chiqishda quyidagi ustuvor maqsadlardan kelib chiqib, moliyaviy qarzni jalb qilishga ruxsat berish toʻgʻrisida qaror qabul qilishi mumkin:

ijtimoiy-iqtisodiy, strategik ahamiyati hamda natijadorligi va oʻzini oʻzi oqlashi;

loyihalarning texnik-iqtisodiy asoslari mavjudligi;

ishlab chiqarish va ijtimoiy infratuzilmani rivojlantirish;

moliyaviy qarzlar hisobidan moliyalashtirilgan loyihalar natijalari.

28. Yirik qarzdorlar tomonidan moliyaviy qarz jalb qilinishi yuzasidan Muvofiqlashtiruvchi komissiya bayoni ishchi organ tomonidan tayyorlanadi, Muvofiqlashtiruvchi komissiya aʼzolari tomonidan 7 ish kun ichida imzolanadi va ishchi organ tomonidan 1 ish kunida bayondan koʻchirma masʼul tashkilotga yetkaziladi.

5-bob. Yirik qarzdorlar faoliyati va holatini monitoring qilish

29. Moliyaviy qarzlar qoldigʻi boʻyicha masʼul tashkilot ishchi organga har chorak yakunidan boshlab 30 kun ichida, yil yakunlari boʻyicha keyingi moliya yilining 1-martiga qadar quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:

loyiha doirasida oʻtgan davr mobaynida amalga oshirilgan ishlarning natijadorligi va istiqbolda amalga oshiriladigan rejalar boʻyicha maʼlumot;

jalb qilingan barcha moliyaviy qarz bitimlari, jumladan, xorijiy va milliy valyutalarda jalb etilgan tashqi va ichki qarzlar, bank kreditlari, kreditlarning foydalanilmagan qismi, lizing, bank kafolati, faktoring, akkreditivlar boʻyicha asosiy qarz (qoldigʻi), foiz va komissiya toʻlovlari, shuningdek, muddati oʻtgan toʻlovlar kesimida maʼlumotlar hamda ular boʻyicha majburiyatlarning bajarilishi bilan bogʻliq boʻlgan maʼlumotlar;

ishchi organning soʻrovi asosida yangi jalb qilingan moliyaviy qarzlar hisobidan moliyalashtirilgan loyiha samaradorligi monitoringini yuritish uchun talab etiladigan statistika va moliyaviy maʼlumotlar.

30. Yirik qarzdorlar moliyaviy holati yomonlashganda, Muvofiqlashtiruvchi komissiya tomonidan ularni moliyaviy sogʻlomlashtirish boʻyicha quyidagi moliyaviy usullardan foydalanish boʻyicha tavsiyalar beriladi:

mavjud qarzlarni toʻlash uchun yangi, qulayroq shartlarda qarzlar (tashqi va ichki qarz, kredit) olish;

qarzdorlikni qayta koʻrib chiqish (muddatini uzaytirish, toʻlov jadvalini oʻzgartirish, foiz stavkasini pasaytirish, valyuta turini oʻzgartirishi);

korxonada menejment oʻzgarishi, tashqi menejer tayinlanishi, samarasiz aktivlar yoki loyihalarni tugatish va boshqaruv tizimini optimallashtirish;

qarzlarni aksiyaga aylantirish orqali qarzlarni kamaytirish;

yangi aksiyalar chiqarish, yangi investorlarni kiritish orqali qoʻshimcha kapital jalb qilish;

keraksiz xarajatlarni qisqartirish, resurslarni tejash orqali ishlab chiqarish xarajatlarini optimallashtirish;

faoliyatsiz aktivlarni sotish yoki ijaraga berish orqali asosiy vositalardan samarali foydalanish;

subsidiya va davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash;

qarzdor korxonalar tomonidan yangi qarz jalb etilishi va ularning davlat dasturlari hamda investitsiya loyihalariga ishtirok etishini cheklash.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

31. Moliyaviy qarzlar hisobidan moliyalashtiriladigan loyihalarga oʻzgartirish yuqorida koʻrsatib oʻtilgan tartibda kiritiladi.

32. Ushbu Nizom ijrosi jarayonida foydalanilgan maʼlumotlarning qonunchilikda belgilangan tartibda sir saqlanishi taʼminlanadi.

33. Yirik qarzdorlar Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning moliyaviy qarzni jalb qilishni rad etish toʻgʻrisidagi qaroridan norozi boʻlgan taqdirda, qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.

34. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Oʻzbekiston iqtisodiyoti uchun tizimli ahamiyatga ega yirik korxonalar tomonidan bank krediti va tashqi qarzlarni jalb qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Oʻzbekiston iqtisodiyoti uchun tizimli ahamiyatga ega yirik qarzdorlar tomonidan bank krediti va tashqi qarzlarni jalb etish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich (Xatarlar darajasini aniqlash) Yirik qarzdorlar, masʼul tashkilot 1. Yirik qarzdorlarning moliyaviy hisobotlari va tegishli hujjatlarini ishchi organga taqdim etadi. Har chorakda chorak tugaganidan keyin bir oy ichida, yil yakunlari boʻyicha keyingi moliya yilining 1-martiga qadar Ishchi organ 2. Korxonalarning moliyaviy holati boʻyicha xatarlar darajasi taqdim etiladigan maʼlumotlardan kelib chiqib “past xatarli”, “oʻrta xatarli” va “yuqori xatarli” deb toifalaydi. Har chorakda chorak tugaganidan keyin bir yarim oy ichida, yil yakunlari boʻyicha keyingi moliya yilining 1-apreliga qadar 2-bosqich (Moliyaviy qarzlarni jalb etish toʻgʻrisida xabardor qilish) Yirik qarzdorlar (past xatarli) 1. Jalb etiladigan moliyaviy qarz summasi, uni jalb qilish shartlari va ishlatish maqsadlari toʻgʻrisidagi maʼlumotni ishchi organga Muvofiqlashtiruvchi komissiyani xabardor qilish uchun taqdim etadi. Yirik qarzdor boshqaruv organi va moliyaviy qarz taqdim etuvchi bank vakolatli organi qaror qabul qilgandan soʻng 5 ish kunida Ishchi organ 2. Taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqish va Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning navbatdagi yigʻilishiga maʼlumot uchun kiritadi. 10 ish kunida 3-bosqich (Moliyaviy qarzni jalb etishga ruxsat olish) Masʼul tashkilot, yirik qarzdorlar (oʻrta va yuqori xatarli), 1. Ishchi organga moliyaviy qarzni jalb qilish boʻyicha tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda ariza taqdim etadi. Moliyaviy qarz mablagʻlarini jalb qilish toʻgʻrisidagi tegishli yirik qarzdor boshqaruv organining qarori, moliyaviy qarz taqdim etish toʻgʻrisida tijorat banki vakolatli organining qarori qabul qilingandan soʻng Ishchi organ 2. Arizani koʻrib chiqib, koʻrib chiqish natijasiga koʻra: a) hujjatlar toʻliq boʻlmaganda yoki qoʻshimcha hujjatlarni oʻrganish talab etilganda, bu toʻgʻrisida masʼul tashkilotni xabardor qiladi; Hujjatlar taqdim etilgandan soʻng 2 ish kunida b) yirik qarzdorlar tomonidan moliyaviy qarzlarning jalb qilinishini Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga kiritmagan holda rad etadi; v) hujjatlar toʻplamini Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga kiritadi. Hujjatlar taqdim etilgandan soʻng 10 ish kunida Muvofiqlashtiruvchi komissiya 3. Moliyaviy qarzni jalb qilishga ruxsat berish yoki rad qilish toʻgʻrisida (qaytarmaslik xavfi mavjud boʻlgan yoki loyiha iqtisodiy-ijtimoiy jihatdan maqsadga muvofiq boʻlmaganda) qaror qabul qiladi. Muvofiqlashtiruvchi komissiyaning navbatdagi yigʻilishida (har chorakda kamida bir marta) Ishchi organ 4. Komissiya qarorini masʼul tashkilotga yetkazadi. 1 ish kunida 4-bosqich (Jalb qilingan moliyaviy qarz monitoringi) Masʼul tashkilot 1. Moliyaviy qarzni jalb qilish loyihasi doirasida oʻtgan davr mobaynida amalga oshirilgan ishlarning natijadorligi hamda majburiyatlarning bajarilishi bilan bogʻliq boʻlgan boshqa maʼlumotlarni ishchi organga taqdim etadi. Har chorakda chorak yakunlangandan keyin 30 kun ichida, yil yakunlari boʻyicha keyingi moliya yilining 1-martiga qadar Ishchi organ 2. Yirik qarzdorlar tomonidan moliyaviy qarz mablagʻlarining natijadorligi va ulardan samarali foydalanish, loyihalarning oʻzini oʻzi oqlashi boʻyicha tahlillar va ularning natijasi boʻyicha taqdim etilgan maʼlumotlarni umumlashtirgan holda Muvofiqlashtiruvchi komissiyaga axborot kiritadi. Har chorakda, maʼlumotlar taqdim etilgandan soʻng 10 ish kunida Muvofiqlashtiruvchi komissiya 3. Moliyaviy qarz mablagʻlaridan foydalanish natijadorligini koʻrib chiqadi va bu borada masʼul tashkilotning hisobotini eshitadi. Hisobotlarning taqdim etilishiga koʻra

Oʻzbekiston iqtisodiyoti uchun tizimli ahamiyatga ega yirik korxonalar tomonidan bank krediti va tashqi qarzlarni jalb qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Oʻzbekiston iqtisodiyoti uchun tizimli ahamiyatga ega yirik qarzdorlar tomonidan moliyaviy qarzlarni jalb qilishda xatarlarni aniqlash boʻyicha koʻrsatkichlarni hisoblash formulalari

Koʻrsatkichlar Hisoblash formulasi I. Likvidlik koʻrsatkichlari Joriy likvidlik darajasi joriy aktivlar joriy majburiyatlar Tez likvidlik darajasi (joriy aktivlar — tovar moddiy zaxiralar) joriy majburiyatlar Kunlik kreditor qarzlar aylanmasi (mol yetkazib beruvchilar va pudratchilar oldidagi qarzdorlik*365) sotilgan mahsulot (tovar, ish va xizmat)larning tannarxi Kunlik debitor qarzlar aylanmasi (xaridor va buyurtmachilarning qarzi*365) (mahsulot (tovar, ish va xizmat) larni sotishdan sof tushum + asosiy faoliyatning boshqa daromadlari) II. Toʻlov qobiliyati koʻrsatkichlari Qarz (majburiyatlar)ning kapitalga nisbati jami majburiyatlar jami oʻz mablagʻlari Qarz (majburiyatlar)ning aktivlarga nisbati jami majburiyatlar jami aktivlar Majburiyatlarning EBITDAga nisbati jami majburiyatlar (sof foyda (zarar) + foyda soligʻi + foizlar shaklidagi xarajatlar + asosiy vositalar eskirishi oʻzgarishi + nomoddiy aktivlar amortizatsiya summasi oʻzgarishi) EBITDAning qarz toʻlovlariga nisbati (sof foyda (zarar) + foyda soligʻi + foizlar shaklidagi xarajatlar + asosiy vositalar eskirishi oʻzgarishi + nomoddiy aktivlar amortizatsiya summasi oʻzgarishi) (foizlar shaklidagi qarz xarajatlar + qarzning asosiy toʻlovi) Foiz xarajatlarining qoplanishi (sof foyda (zarar) + foyda soligʻi + foizlar shaklidagi xarajatlar) foizlar shaklidagi xarajatlar III. Daromadlik koʻrsatkichlari Sof foyda marjasi % sof foyda (zarar) (mahsulot (tovar, ish va xizmat) larni sotishdan sof tushum + asosiy faoliyatning boshqa daromadlari) Operatsion foyda marjasi % (sof foyda (zarar) + foyda soligʻi + foizlar shaklidagi xarajatlar) (mahsulot (tovar, ish va xizmat) larni sotishdan sof tushum + asosiy faoliyatning boshqa daromadlari) Aylanma mablagʻlarning rentabelligi % (sof foyda (zarar) + foyda soligʻi + foizlar shaklidagi xarajatlar + asosiy vositalar eskirishi oʻzgarishi + nomoddiy aktivlar amortizatsiya summasi oʻzgarishi) (joriy aktivlar - joriy majburiyatlar) Aktivlarning rentabelligi % sof foyda (zarar) jami aktivlar Kapitalning rentabelligi % sof foyda (zarar) jami oʻz mablagʻlari Xarajatlarning qoplanishi (mahsulot (tovar, ish va xizmat) larni sotishdan sof tushum + asosiy faoliyatning boshqa daromadlari) (sotilgan mahsulot(tovar, ish va xizmat)larning tannarxi + boshqa operatsion xarajatlar) IV. Tashqi qarzga bogʻliq koʻrsatkichlari Tashqi qarzning majburiyatlarga nisbati jami tashqi qarz jami majburiyatlar Xorijiy valyutadagi tashqi qarzning jami qarzga nisbati xorijiy valyutadagi tashqi qarz jami qarz

Oʻzbekiston iqtisodiyoti uchun tizimli ahamiyatga ega yirik korxonalar tomonidan bank krediti va tashqi qarzlarni jalb qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Oʻzbekiston iqtisodiyoti uchun tizimli ahamiyatga ega yirik korxonalar tomonidan bank krediti va tashqi qarzlarni jalb qilishda xatarlarni baholash tizimi

T/r Koʻrsatkichlar Xatarlarni baholash tizimi Yuqori Oʻrta Past q iymati b all q iymati b all q iymati b all q iymati b all I. Likvidlik koʻrsatkichlari 1.1. Joriy likvidlik darajasi 1,25 dan past 0 1,25 — 1,50 3,0 1,50 — 1,75 4,0 1,75 dan yuqori 5,0 1.2. Tez likvidlik darajasi 0,8 dan past 0 0,8 — 1,0 3,0 1,0 — 1,10 4,0 1,10 dan yuqori 5,0 1.3. Kunlik kreditor qarzlar aylanmasi 90 dan yuqori 0 60 — 90 1,2 60 — 45 1,6 45 dan past 2,0 1.4. Kunlik debitor qarzlar aylanmasi 50 dan yuqori 0 40 — 50 1,2 40 — 35 1,6 35 dan past 2,0 II. Toʻlov qobiliyati koʻrsatkichlari 2.1. Qarz (majburiyatlar)ning kapitalga nisbati* 1,50 dan yuqori 0 1,0 — 1,5 3,6 1,0 — 0,75 4,8 0,75 dan past 6,0 2.2. Qarz (majburiyatlar)ning aktivlarga nisbati* 0,75 dan yuqori 0 0,50 — 0,75 3,0 0,50 — 0,35 4,0 0,35 dan past 5,0 2.3. Qarz (majburiyatlar)ning EBITDAga nisbati 3,0 dan yuqori 0 2,0 — 3,0 6,0 2,0 — 1,75 8,0 1,75 dan past 10,0 2.4. EBITDAning qarz toʻlovlariga nisbati 0,75 dan past 0 0,75 — 1,25 6,0 1,25 — 2,0 8,0 2,0 dan yuqori 10,0 2.5. Foiz xarajatlarining qoplanishi 1,20 dan past 0 1,2 — 1,5 3,0 1,5 — 1,75 4,0 1,75 dan yuqori 5,0 III. Daromadlilik koʻrsatkichlari 3.1. Sof foyda marjasi (foiz) 4,0 dan past 0 4,0 — 8,0 3,0 8,0 — 10,0 4,0 10,0 dan yuqori 5,0 3.2. Operatsion foyda marjasi 5,0 dan past 0 5,0 - 10,0 3,0 10,0 — 12,5 4,0 12,5 dan yuqori 5,0 3.3. Aylanma mablagʻlarning rentabelligi (foiz) 10,0 dan past 0 10,0 — 15,0 3,0 15,0 — 17,5 4,0 17,5 dan yuqori 5,0 3.4. Aktivlarning rentabelligi (foiz) 0,0 dan past 0 0,0 — 4,0 3,0 4,0 — 6,0 4,0 6,0 dan yuqori 5,0 3.5. Kapitalning rentabelligi (foiz) 0,0 dan past 0 0,0 — 8,0 3,0 8,0 — 11,5 4,0 11,5 dan yuqori 5,0 3.6 Xarajatlar qoplanishi 1,0 dan past 0 1,0 — 1,25 3,0 1,25 — 1,35 4,0 1,35 dan yuqori 5,0 IV. Tashqi qarzga bogʻliqlik 4.1. Tashqi qarzning majburiyatlarga nisbati* 0,4 dan yuqori 0 0,3 — 0,4 6,0 0,30 — 0,25 8,0 0,25 dan past 10,0 4.2. Xorijiy valyutadagi tashqi qarzning jami qarzga nisbati 0,4 dan yuqori 0 0,3 — 0,4 6,0 0,3 — 0,2 8,0 0,2 dan past 10,0 Jami ballar 0 60,0 80,0 100,0

Oʻzbekiston iqtisodiyoti uchun tizimli ahamiyatga ega yirik korxonalar tomonidan bank krediti va tashqi qarzlarni jalb qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

Yirik qarzdor tomonidan jalb qilinayotgan moliyaviy qarz loyihalarining konsepsiyasi (pasporti) shakli

I. Loyihaning tavsifi

Jalb qilinadigan mablagʻ turi : Loyiha maqsadi : Toʻlov maqsadi : ( l oyiha doirasida yangidan qurish, rekonstruksiya qilish va boshqa turdagi ishlar koʻzda tutilgan) Kreditor nomi: ( k reditor toʻgʻrisida batafsil maʼlumot lar ) Yirik qarzdor ( korxona ) : ( guvohnomasidagi maʼlumot lar ) Loyiha amalga oshiriladigan hudud (viloyat, tuman, shahar):

II. Boshqaruv organi / Tijorat banki vakolatli organi xulosasi

Xulosa, yirik qarzdor ning moliyaviy koʻrsatkichlari, kreditorlar tanlovi natijalari, tashqi audit xulosasi, moliyaviy qarz jalb etish boʻyicha asos , xatarlar tahlili haqidagi batafsil maʼlumot lar ( tasdiqlovchi hujjatlar xulosaga ilova qilinadi ) .

III. Loyihaning moliyaviy-iqtisodiy koʻrsatkichlari boʻyicha maʼlumot

Qoʻshimcha maʼlumotlar 1. a) Loyihaning TIA/TIHK mavjudligi: Ha  Yoʻq  Agar “Ha” javobini belgilagan boʻlsangiz, tasdiqlovchi hujjatlarni taqdim eting. 2. b) Loyiha quyidagilardan biriga kiritilgan boʻlsa: Investitsiya dasturi  Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Farmoni yoki qarori/ Vazirlar Mahkamasi qarori  Boshqa  Batafsil maʼlumotlar hamda tasdiqlovchi hujjatlarni taqdim eting 3. a) Kapital qoʻyilmalar va boshqa xarajatlar summasi (AQSH dollarida): b) Ekspluatatsiya xarajatlari miqdori (AQSH dollarida): v) Umumiy xarajatlar (AQSH dollarida): g) Yirik qarzdorning moliyaviy qarzlari boʻyicha qarz yuki hajmi: davlat kafolati ostida tashqi qarzlari davlat kafolatisiz tashqi qarz mablagʻlari bank krediti mablagʻlari d) Loyihaning hayotiylik sikli : _____ yil Aniq maʼlumot boʻlmasa, oraliq muddatni belgilang: <10  10-30  >30  4. Loyihalar boʻyicha xatarlar Xavf yoki xatarlar turlari Xatarlarni ng oldini olish boʻyicha koʻrilgan choralar Loyihaga tegishli xavf - xatarlar Dizayn va texnologiyalarning eskirish xavfi Yashirin nuqson xavfi Yer sotib olish va koʻchirish bilan bogʻliq xatarlar Moliyaviy xatarlar Qurilish bilan bogʻliq xatar (aniq boʻlmagan) Qurilish bilan bogʻliq xatar (aniq boʻlgan) Ishga tushirish bilan bogʻliq xatarlar Sh artnoma tuz i lganidan keyin loyihaga oʻzgar tiri sh kiriti sh xatari Soliqlarni belgilangan muddatida toʻlamaslik bilan bogʻliq xatarlar Tariflar oʻzgarishi bilan bogʻliq xatarlar Qonunchilik hujjatlaridagi oʻzgarishlarning loyihaga taʼsiri bilan bogʻliq xatarlar Litsenziya, ruxsatnomalar kechikishi yoki berilmasligi bilan bogʻliq xatarlar Siyosiy beqarorlik xatarlari Taʼmirlash va rekonstruksiya qilishga oid xatarlar Qarz mablagʻlarini ng qaytarilmasligi natijasida mulk musodarasi boʻyicha xatarlar Operatsion xatarlar Ekologik/ijtimoiy xatar (ekspluatatsiya bilan bogʻliq) Talab bilan bogʻliq xatarlar Boshqa xatarlar 5. Tashabbus koʻrsatilgan loyiha boʻyicha moliyaviy qarzlar ning jalb etilishi iqtisodiy, ijtimoiy va infratuzilmaviy vazifalarni/muammolarni hal etishga qaratilganmi? Ha  Yoʻq  Agar “ Ha” javobini belgilagan boʻlsangiz, fikringizni batafsil asoslab bering: 6. Tashabbus koʻrsatilgan loyiha doirasida ilgʻor boshqaruv tajribasini joriy etish nazarda tutilganmi? Ha  Yoʻq  Agar “ Ha” javobini belgilagan boʻlsangiz, fikringizni batafsil asoslab bering: 7. Tashabbus koʻrsatilgan loyiha innovatsion yondashuvni oʻz ichiga olganmi? Ha  Yoʻq  Agar “ Ha” javobini belgilagan boʻlsangiz, fikringizni batafsil asoslab bering: 8. Tashabbus koʻrsatilgan loyiha doirasida zamonaviy axborot texnologiya lar i ni joriy etish nazarda tutilganmi? Ha  Yoʻq  Agar “ Ha” javobini belgilagan boʻlsangiz, fikringizni batafsil asoslab bering: 9. Loyihani amalga oshirish uchun yer uchastkasiga zarurat bormi? Ha  Yoʻq  Agar “ Ha” javobini belgilagan boʻlsangiz, kerakli yer uchastkasi maydonini koʻrsating (ga.): 10. a) Loyihani amalga oshirish oqibatida ijtimoiy muammolar kelib chiqish ehtimoli mavjudmi? Ha  Yoʻq  Agar “ Ha” javobini belgilagan boʻlsangiz, a soslantir gan holda izohlang: b) Loyihani amalga oshirish oqibatida ekologik muammolar vujudga kelish ehtimoli mavjudmi? Ha  Yoʻq  Agar “ Ha” javobini belgilagan boʻlsangiz, a soslantir gan holda izohlang: 11. Loyihani ng amalga oshirilishi zarur boʻlgan qoʻshimcha ish haj m larini koʻrsating: Suv taʼminoti obyektlarini qurish  Gaz taʼminoti obyektlarini qurish  Elektr taʼminoti qurilmalariga ulanish  Kirish yoʻllari  Transport bogʻlanishi  Boshqa talablarni koʻrsating: Ushbu bilan shuni maʼlum qilamanki, mazkur loyihaning konsepsiyasi shaklida keltirilgan maʼlumotlar va taqdim etilgan tasdiqlovchi barcha hujjatlar haqiqiy , toʻgʻri hamda yirik qarzdor boshqaruv organi ( kuzatuv kengashi aksiyadorlar, taʼsischilar umumiy yigʻilishi, muassis) / tijorat banki vakolatli organi (bank kengashi, bank boshqaruvi) tomonidan maʼqullangan. Yirik qarzdor / Tijorat banki Bir inchi rahbar) (F.I.O., imzo, muhr)

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 24-oktabr,

670-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 27.10.2025-y., 09/25/670/0979-son)

lex.uz