📅 2025-yil 25-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 25-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 25 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 25 октября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 25 October 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Транспорт воситаларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимизда аҳолининг даромад манбаларини ошириш, ёшлар ва ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун қўшимча имкониятлар яратиш, халқаро стандартлар асосида миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари тоифалари ва уларни бериш асосларини кенгайтириш, шунингдек, одам ўлимига сабаб бўлаётган қўпол қоидабузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳамда кенг жамоатчиликнинг 2026 йил 1 январдан бошлаб мопед ва скутерларни, шунингдек, энг юқори конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ошмайдиган, иш ҳажми 25 см 3 гача бўлган ички ёнув двигателига эга бўлган ёки номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттгача бўлган кичик ҳажмдаги мототранспорт воситаларини (индивидуал ҳаракатланиш воситалари бундан мустасно) бошқариш учун миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида «А1» кичик тоифани жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Белгилансинки, 2026 йил 1 январдан бошлаб:
а) «А1» кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларга ҳайдовчиларни тайёрлаш мажбурий ўқув дастурини ўтамасдан туриб, тўғридан-тўғри назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш ҳуқуқи берилади. Бунда:
талабгорлар ўзларининг ихтиёрига кўра ўқув курсларида (онлайн ёки офлайн шаклда) ўқиши ёхуд мустақил тайёрланиши мумкин бўлади;
миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорлардан ҳайдовчиларни тайёрлаш ўқув дастури бўйича ўқишни тугатгани ҳақида гувоҳнома талаб этилмайди;
б) «А», «B», «C», «D» тоифадаги автомототранспорт воситаларидан бирини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар «А1» кичик тоифадаги транспорт воситаларини тўғридан-тўғри бошқариш ҳуқуқига эга бўлади;
в) «А1» кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий имтиҳонда 20 та электрон (анимацион) тест саволларидан камида 16 тасига тўғри жавоб берган ҳайдовчиликка номзодлар «назарий имтиҳонни топширган» деб ҳисобланади ва амалий имтиҳонга қўйилади;
г) имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга «А1» кичик тоифага кирадиган транспорт воситаларини бошқаришга рухсат берилганлиги тўғрисида маълумот акс этган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2026 йил 1 февралдан бошлаб «А» ва «B» тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун талабгорлар ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича мажбурий ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштириши мумкин бўлади. Бунда:
талабгорлар ўз ихтиёрига кўра назарий билимларни олиш учун ўқув курсларида (онлайн ёки офлайн шаклда) ўқийди ёхуд мустақил тайёрланади;
талабгорлар мажбурий ўқув дастурида белгиланган амалий машғулотларда автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича давлат ва нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларда тўлиқ қатнашади;
талабгорлар мажбурий ўқув дастурида белгиланган амалий машғулотларда тўлиқ қатнашгандан сўнг транспорт воситаларини бошқариш кўникмаларини баҳолашнинг ижобий натижаларига асосан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топширади;
талабгорларнинг ҳайдовчиларни тайёрлаш ўқув дастурининг амалий машғулотлардаги ўқишни тугатгани ҳақидаги маълумотнома электрон тарзда шакллантирилади;
«А» ва «B» тоифадаги транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув гуруҳларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатга олиш тартиби бекор қилинади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
икки ой муддатда «А1» кичик тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун амалий имтиҳонларни ўтказиш, шунингдек, транспорт воситасига қўйиладиган талабларни ҳамда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун ўқитиш ва имтиҳонларни топшириш бўйича алоҳида тартибни белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳасини белгиланган тартибда киритсин;
уч ой муддатда Рақамли технологиялар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Йўл ҳаракати қоидалари, транспортни бошқариш хавфсизлиги ва бошқа йўналишлар бўйича зарур билим ва кўникмаларни шакллантиришга кўмаклашувчи электрон ўқув материалларини ишлаб чиқсин ва улардан барча хоҳловчилар учун очиқ фойдаланиш имкониятини яратсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб:
махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали қайд этилган тегишли йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима баллари ҳисобланади;
жарима балларини транспорт воситасининг мулкдори ва мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда (ишончнома, суғурта полиси, йўл варақаси) фойдаланувчи бошқа ҳайдовчиларга тақсимлаш тартиби жорий этилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
а) икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
б) 2026 йил 1 мартга қадар Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ҳайдовчилар томонидан содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун уларга жарима балларини ҳисоблашнинг «E-jarimaball» модулида ушбу қарор талаблари асосида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали қайд этилган тегишли йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима балларини қўшиб ҳисоблаш имкониятини яратсин;
в) Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мақсади ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоғида кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида» 2025 йил 6 майдаги 296-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
Мазкур банддаги ўзгартириш ва қўшимчалар 2026 йил 1 апрелдан эътиборан кучга киради.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 октябрдаги 676-сон қарорига ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида» 2025 йил 6 майдаги 296-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 3-бандда :
учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
тўртинчи — олтинчи хатбошилар тегишлича учинчи — бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
2. Иловада :
3-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Бунда Кодекснинг тегишли моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун асосий жазо билан бирга ушбу Низомда белгиланган тартибда жарима баллари ҳисобланади»;
5-банддан «фақат Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар бўйича қабул қилинган қарорлар асосида» сўзлари чиқариб ташлансин.
қуйидаги мазмундаги 5 1 ва 5 2 -бандлар билан тўлдирилсин:
«5 1 . Жарима баллари, Йўл ҳаракати қоидалари бузилгани ҳолати:
а) Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар бўйича қабул қилинган қарорлар асосида транспорт воситаларини бевосита бошқарган ҳайдовчиларга нисбатан;
б) махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали қайд этилган Кодексда назарда тутилган тегишли қоидабузарликлар учун расмийлаштирилган жарима солиш тўғрисидаги қарорлар асосида транспорт воситасининг мулкдори ёки мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда фойдаланган шахсга нисбатан ҳисобланади.
5 2 . Йўл ҳаракати қоидалари бузилгани ҳолати махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилганда жарима баллари ҳисобланадиган ҳайдовчининг шахси қуйидаги тартибда аниқланади:
а) транспорт воситасининг мулкдори (жисмоний ва юридик шахс) томонидан:
жисмоний шахс ўзига тегишли бўлган транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда фойдаланувчи бошқа ҳайдовчига ёки юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахсига топширилгани тўғрисидаги маълумотларни киритиб бориш учун тегишли ахборот тизимларида шахсий электрон кабинет очилади;
бошқа ҳайдовчи тўғрисидаги маълумотлар ушбу ҳайдовчига транспорт воситаси бошқариш учун топширилишидан олдин шахсий электрон кабинетига киритилади;
транспорт воситасини амалда бошқариш учун қабул қилган ҳайдовчи томонидан мазкур маълумотлар тасдиқланади;
б) махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими орқали қайд этилган қоидабузарлик учун жарима баллари ҳисобланадиган (қоидабузарлик содир этган) ҳайдовчи тўғрисидаги аниқ маълумот мавжуд бўлмаган (шахсий электрон кабинет орқали тасдиқланмаган) ҳолатларда жарима баллари мазкур қоидабузарлик содир этилган транспорт воситасининг мулкдорига нисбатан (унда ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлса) қўлланилади;
в) махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими орқали қайд этилган қоидабузарлик учун жарима баллари ҳисобланадиган (қоидабузарлик содир этган) ҳайдовчининг шахси тўғрисидаги аниқ маълумот мавжуд бўлмаган (шахсий электрон кабинет орқали тасдиқланмаган), шунингдек, мулкдорига нисбатан жарима балларини қўллаш имконсиз (ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлмаса) бўлган транспорт воситаларида содир этилган қоидабузарликлар учун ҳисобланадиган жарима баллари йиғиндиси 12 баллдан ошганда, мазкур транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштириш орқали вақтинча ушлаб турилади»;
1-илованинг 2-босқич «Тадбирлар» устунидаги «ДЙҲХХ ходими томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар бўйича» сўзлари чиқариб ташлансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 25 октябрь,
676-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Transport vositalarini boshqarish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Mamlakatimizda aholining daromad manbalarini oshirish, yoshlar va ishsiz fuqarolarning bandligini taʼminlash uchun qoʻshimcha imkoniyatlar yaratish, xalqaro standartlar asosida milliy haydovchilik guvohnomalari toifalari va ularni berish asoslarini kengaytirish, shuningdek, odam oʻlimiga sabab boʻlayotgan qoʻpol qoidabuzarliklarning barvaqt oldini olishga qaratilgan chora-tadbirlarni belgilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Transport vazirligi, Strategik islohotlar agentligi hamda keng jamoatchilikning 2026-yil 1-yanvardan boshlab moped va skuterlarni, shuningdek, eng yuqori konstruktiv tezligi soatiga 25 kilometrdan oshmaydigan, ish hajmi 25 sm 3 gacha boʻlgan ichki yonuv dvigateliga ega boʻlgan yoki nominal (belgilangan) quvvati 0,25 kilovattgacha boʻlgan kichik hajmdagi mototransport vositalarini (individual harakatlanish vositalari bundan mustasno) boshqarish uchun milliy haydovchilik guvohnomasida “A1” kichik toifani joriy etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Belgilansinki, 2026-yil 1-yanvardan boshlab:
a) “A1” kichik toifadagi transport vositalarini boshqarish huquqini beradigan milliy haydovchilik guvohnomasini olish uchun talabgorlarga haydovchilarni tayyorlash majburiy oʻquv dasturini oʻtamasdan turib, toʻgʻridan-toʻgʻri nazariy va amaliy imtihonlarni topshirish huquqi beriladi. Bunda:
talabgorlar oʻzlarining ixtiyoriga koʻra oʻquv kurslarida (onlayn yoki oflayn shaklda) oʻqishi yoxud mustaqil tayyorlanishi mumkin boʻladi;
milliy haydovchilik guvohnomasini olish uchun talabgorlardan haydovchilarni tayyorlash oʻquv dasturi boʻyicha oʻqishni tugatgani haqida guvohnoma talab etilmaydi;
b) “A”, “B”, “C”, “D” toifadagi avtomototransport vositalaridan birini boshqarish huquqini beruvchi milliy haydovchilik guvohnomasiga ega boʻlgan shaxslar “A1” kichik toifadagi transport vositalarini toʻgʻridan-toʻgʻri boshqarish huquqiga ega boʻladi;
v) “A1” kichik toifadagi transport vositalarini boshqarish huquqini beradigan milliy haydovchilik guvohnomasini olish uchun nazariy imtihonda 20 ta elektron (animatsion) test savollaridan kamida 16 tasiga toʻgʻri javob bergan haydovchilikka nomzodlar “nazariy imtihonni topshirgan” deb hisoblanadi va amaliy imtihonga qoʻyiladi;
g) imtihonlarni muvaffaqiyatli topshirgan shaxslarga “A1” kichik toifaga kiradigan transport vositalarini boshqarishga ruxsat berilganligi toʻgʻrisida maʼlumot aks etgan milliy haydovchilik guvohnomasi beriladi.
3. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga koʻra 2026-yil 1-fevraldan boshlab “A” va “B” toifadagi transport vositalarini boshqarish huquqini olish uchun talabgorlar haydovchilarni tayyorlash boʻyicha majburiy oʻquv dasturining nazariy qismini mustaqil oʻzlashtirishi mumkin boʻladi. Bunda:
talabgorlar oʻz ixtiyoriga koʻra nazariy bilimlarni olish uchun oʻquv kurslarida (onlayn yoki oflayn shaklda) oʻqiydi yoxud mustaqil tayyorlanadi;
talabgorlar majburiy oʻquv dasturida belgilangan amaliy mashgʻulotlarda avtomototransport vositalari va shahar elektr transporti vositalari haydovchilarini tayyorlash hamda qayta tayyorlash boʻyicha davlat va nodavlat taʼlim xizmatlarini koʻrsatish faoliyati bilan shugʻullanuvchi yuridik shaxslarda toʻliq qatnashadi;
talabgorlar majburiy oʻquv dasturida belgilangan amaliy mashgʻulotlarda toʻliq qatnashgandan soʻng transport vositalarini boshqarish koʻnikmalarini baholashning ijobiy natijalariga asosan haydovchilik guvohnomasini olish uchun nazariy va amaliy imtihonlarni topshiradi;
talabgorlarning haydovchilarni tayyorlash oʻquv dasturining amaliy mashgʻulotlardagi oʻqishni tugatgani haqidagi maʼlumotnoma elektron tarzda shakllantiriladi;
“A” va “B” toifadagi transport vositalari haydovchilarini tayyorlash va qayta tayyorlash oʻquv guruhlarini Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmatida roʻyxatga olish tartibi bekor qilinadi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:
ikki oy muddatda “A1” kichik toifadagi transport vositalarini boshqarish huquqini olish uchun amaliy imtihonlarni oʻtkazish, shuningdek, transport vositasiga qoʻyiladigan talablarni hamda haydovchilik huquqidan mahrum etilgan shaxslarning transport vositalarini boshqarish huquqini olish uchun oʻqitish va imtihonlarni topshirish boʻyicha alohida tartibni belgilovchi Hukumat qarori loyihasini belgilangan tartibda kiritsin;
uch oy muddatda Raqamli texnologiyalar vazirligi, Adliya vazirligi, Strategik islohotlar agentligi hamda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda Yoʻl harakati qoidalari, transportni boshqarish xavfsizligi va boshqa yoʻnalishlar boʻyicha zarur bilim va koʻnikmalarni shakllantirishga koʻmaklashuvchi elektron oʻquv materiallarini ishlab chiqsin va ulardan barcha xohlovchilar uchun ochiq foydalanish imkoniyatini yaratsin.
5. Belgilab qoʻyilsinki, 2026-yil 1-apreldan boshlab:
maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimlari orqali qayd etilgan tegishli yoʻl harakati qoidabuzarliklari uchun ham jarima ballari hisoblanadi;
jarima ballarini transport vositasining mulkdori va mazkur transport vositasidan fuqarolik-huquqiy munosabatlar asosida belgilangan tartibda (ishonchnoma, sugʻurta polisi, yoʻl varaqasi) foydalanuvchi boshqa haydovchilarga taqsimlash tartibi joriy etiladi.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:
a) ikki oy muddatda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda qonunchilik hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin;
b) 2026-yil 1-martga qadar Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda haydovchilar tomonidan sodir etilgan yoʻl harakati qoidabuzarliklari uchun ularga jarima ballarini hisoblashning “E-jarimaball” modulida ushbu qaror talablari asosida maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimlari orqali qayd etilgan tegishli yoʻl harakati qoidabuzarliklari uchun ham jarima ballarini qoʻshib hisoblash imkoniyatini yaratsin;
v) Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi va Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bilan birgalikda ushbu qarorning maqsadi va vazifalarini ommaviy axborot vositalarida va Internet tarmogʻida keng yoritish ishlarini tashkil qilsin.
7. Vazirlar Mahkamasining “Yoʻl harakati qoidabuzarliklarini jarima ballari asosida baholash tizimini joriy etish toʻgʻrisida” 2025-yil 6-maydagi 296-son qaroriga ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
Mazkur banddagi oʻzgartirish va qoʻshimchalar 2026-yil 1-apreldan eʼtiboran kuchga kiradi.
8. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri A.A. Tashpulatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 25-oktabrdagi 676-son qaroriga ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Yoʻl harakati qoidabuzarliklarini jarima ballari asosida baholash tizimini joriy etish toʻgʻrisida” 2025-yil 6-maydagi 296-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 3-bandda :
uchinchi xatboshi chiqarib tashlansin;
toʻrtinchi — oltinchi xatboshilar tegishlicha uchinchi — beshinchi xatboshilar deb hisoblansin.
2. Ilovada :
3-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Bunda Kodeksning tegishli moddalarida nazarda tutilgan huquqbuzarliklar sodir etilgani uchun asosiy jazo bilan birga ushbu Nizomda belgilangan tartibda jarima ballari hisoblanadi”;
5-banddan “faqat Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmati xodimlari tomonidan rasmiylashtirilgan maʼmuriy bayonnomalar boʻyicha qabul qilingan qarorlar asosida” soʻzlari chiqarib tashlansin.
quyidagi mazmundagi 5 1 va 5 2 -bandlar bilan toʻldirilsin:
“5 1 . Jarima ballari, Yoʻl harakati qoidalari buzilgani holati:
a) Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmati xodimlari tomonidan rasmiylashtirilgan maʼmuriy bayonnomalar boʻyicha qabul qilingan qarorlar asosida transport vositalarini bevosita boshqargan haydovchilarga nisbatan;
b) maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimlari orqali qayd etilgan Kodeksda nazarda tutilgan tegishli qoidabuzarliklar uchun rasmiylashtirilgan jarima solish toʻgʻrisidagi qarorlar asosida transport vositasining mulkdori yoki mazkur transport vositasidan fuqarolik-huquqiy munosabatlar asosida belgilangan tartibda foydalangan shaxsga nisbatan hisoblanadi.
5 2 . Yoʻl harakati qoidalari buzilgani holati maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish texnika vositalari orqali qayd etilganda jarima ballari hisoblanadigan haydovchining shaxsi quyidagi tartibda aniqlanadi:
a) transport vositasining mulkdori (jismoniy va yuridik shaxs) tomonidan:
jismoniy shaxs oʻziga tegishli boʻlgan transport vositasidan fuqarolik-huquqiy munosabatlar asosida belgilangan tartibda foydalanuvchi boshqa haydovchiga yoki yuridik shaxsning transport vositasidan foydalanish uchun masʼul boʻlgan shaxsiga topshirilgani toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritib borish uchun tegishli axborot tizimlarida shaxsiy elektron kabinet ochiladi;
boshqa haydovchi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar ushbu haydovchiga transport vositasi boshqarish uchun topshirilishidan oldin shaxsiy elektron kabinetiga kiritiladi;
transport vositasini amalda boshqarish uchun qabul qilgan haydovchi tomonidan mazkur maʼlumotlar tasdiqlanadi;
b) maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimi orqali qayd etilgan qoidabuzarlik uchun jarima ballari hisoblanadigan (qoidabuzarlik sodir etgan) haydovchi toʻgʻrisidagi aniq maʼlumot mavjud boʻlmagan (shaxsiy elektron kabinet orqali tasdiqlanmagan) holatlarda jarima ballari mazkur qoidabuzarlik sodir etilgan transport vositasining mulkdoriga nisbatan (unda haydovchilik guvohnomasi mavjud boʻlsa) qoʻllaniladi;
v) maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish tizimi orqali qayd etilgan qoidabuzarlik uchun jarima ballari hisoblanadigan (qoidabuzarlik sodir etgan) haydovchining shaxsi toʻgʻrisidagi aniq maʼlumot mavjud boʻlmagan (shaxsiy elektron kabinet orqali tasdiqlanmagan), shuningdek, mulkdoriga nisbatan jarima ballarini qoʻllash imkonsiz (haydovchilik guvohnomasi mavjud boʻlmasa) boʻlgan transport vositalarida sodir etilgan qoidabuzarliklar uchun hisoblanadigan jarima ballari yigʻindisi 12 balldan oshganda, mazkur transport vositasi jarima maydonchasiga joylashtirish orqali vaqtincha ushlab turiladi”;
1-ilovaning 2-bosqich “Tadbirlar” ustunidagi “DYHXX xodimi tomonidan rasmiylashtirilgan maʼmuriy bayonnomalar boʻyicha” soʻzlari chiqarib tashlansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 25-oktabr,
676-son