📅 2025-yil 9-oktabr · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 9-oktabr · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 9 октябрь · Марказий банк ҳужжатлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 9 октября 2025 г. · Документы Центрального банка
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 9 October 2025 · Central Bank documents
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
қарори
ЧЕКЛИСТ
АХБОРОТ
Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 28 апрелдаги 16/18-сон қарори (рўйхат рақами 3030, 2018 йил 2 июль) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.07.2018 й., 10/18/3030/1440-сон) билан тасдиқланган Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 9 октябрдаги 25/1-сон қарорига ИЛОВА
Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар
1. 28-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Банклар кредит ажратиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилингандан сўнг, бироқ кредит шартномаси расмийлаштирилишидан (оферта тасдиқланишидан) олдин, истеъмолчи-жисмоний шахсларга кредит мажбуриятлари билан боғлиқ эҳтимолий таваккалчиликлар тўғрисидаги мазкур Низомнинг 1а-иловасида келтирилган шаклдаги чеклистни тақдим этишлари шарт.
Мазкур чеклист:
банк биносига ташриф буюрганда, кредит расмийлаштириш усулидан келиб чиқиб — қоғоз ёки электрон шаклда истеъмолчи-жисмоний шахсга тақдим этилади. Бунда истеъмолчи-жисмоний шахс чеклистдаги ҳар бир бандни ўқиб танишганлигини махсус белги билан белгилайди ҳамда чеклистни қўлда имзо қўйиш орқали тасдиқлайди;
масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали кредит расмийлаштирилаётганда — истеъмолчи-жисмоний шахс чеклистдаги ҳар бир бандни ўқиб танишганлигини махсус электрон белги билан белгилайди ҳамда чеклистни тасдиқлаш тугмасини босади. Бунда барча белгиларни қўйиш ва тасдиқлаш тугмасини босиш факти банкнинг автоматлаштирилган тизимида сана, вақт, IP-манзил ва истеъмолчи-жисмоний шахснинг идентификаторларидан бири кўрсатилган ҳолда қайд этилиши лозим.
Чеклист кредит шартномаси ҳужжатлари билан биргаликда банкда ёки банкнинг ахборот тизимларида сақланади. Истеъмолчи-жисмоний шахс чеклистдаги барча бандлар билан танишганлигини белгиламагунча ҳамда чеклистни тасдиқламагунча кредит шартномасини расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.».
2. Қуйидаги мазмундаги 28 1 -банд билан тўлдирилсин:
«28 1 . Банклар молиявий қийинчиликлар, мураккаб ҳаётий вазиятларга тушиб қолган ҳамда форс-мажор ҳолатлари туфайли ўз вақтида кредит тўловларини амалга оширишга қийналаётган истеъмолчиларнинг амалдаги кредитлари бўйича кредит шартномаси шартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш (реструктуризация) имкониятлари борасидаги аризаларини кўриб чиқиш тартибига эга бўлиши ва ушбу тартибни банкнинг расмий веб-сайтида жойлаштириши шарт.
Мазкур тартиб камида қуйидагиларни ўз ичига қамраб олиши лозим:
кредит шартномаси шартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишнинг (реструктуризация) турлари (масалан, кредит тўловлари муддатини узайтириш, кредит фоиз ставкасини қайта кўриб чиқиш, кредит тўловларини кечиктирганлик учун жарима ва пенялар миқдорини камайтириш ва бошқалар);
кредит шартномаси шартларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга (реструктуризацияга) асос бўладиган молиявий қийинчиликлар, мураккаб ҳаётий вазиятлар ҳамда форс-мажор ҳолатлар рўйхати;
истеъмолчининг аризаларини қабул қилиш, рўйхатга олиш тартиби ҳамда аризага илова қилинадиган зарур ҳужжатларнинг рўйхати;
истеъмолчининг аризаларини кўриб чиқиш муддатлари;
қабул қилинган аризаларни кўриб чиқиш ва баҳолаш мезонлари;
ариза бўйича банк томонидан қабул қилинган қарор ҳақида истеъмолчига хабар бериш тартиби ва муддати;
ариза қаноатлантирилган тақдирда, кредит шартномаси ҳамда унинг иловаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тартиби;
аризани қанотлантиришни рад этиш бўйича қарор қабул қилинганда, бу тўғрисида асослантирилган ҳолда аризачига хабар бериш тартиби.
Бунда ушбу тартибда ҳомиладорлик ва туғиш таътилини олган аёлларнинг амалдаги кредитлари бўйича тўловлар муддатини ўн ойгача узайтириш тўғрисидаги аризаларини кўриб чиқиш бўйича қоидалар мажбурий тарзда акс эттирилиши лозим.».
3. 33-бандда :
қуйидаги мазмундаги бешинчи — еттинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«истеъмолчиларга кредит олиш бўйича аризасида (сўровида) кўрсатилган миқдордан ортиқча суммада кредит таклиф этиш ҳамда уни олишга ундаш;
кредит қарздорликларини давлат томонидан фуқароларга ажратиладиган ижтимоий нафақа ва ёрдам маблағлари, шу жумладан ижтимоий карта ҳисобварағига келиб тушадиган маблағлар ҳисобидан ундириш;
кредит шартномасида ёки унга илова қилинган кредитни қайтариш жадвалида тўловлар бўйича белгиланган календар санага қадар кредит тўловларини ундиришга талаб қўйиш, бундан истеъмолчи томонидан банкнинг автотўлов хизматидан фойдаланиш даврида кредит тўловларининг ечиб олиниши ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолатлар мустасно;»;
бешинчи хатбоши тегишли равишда саккизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
4. Қуйидаги мазмундаги 35 3 ва 35 4 -бандлар билан тўлдирилсин:
«35 3 . Банклар томонидан молиявий хизматлар кўрсатиш жараёнида, шунингдек банкнинг масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали хизматлар кўрсатилаётган пайтда қуйидаги ҳолатларнинг жорий этилишига йўл қўйилмайди:
истеъмолчининг хоҳиш-иродасини ифодаловчи ҳар қандай белгиларни (масалан, белги қўйиш майдончалари, силжитма тугмалар ва шунга ўхшашларни) олдиндан ўрнатиб қўйиш ёки танлаб қўйиш;
кредит параметрлари кўрсатилган майдончаларни, шу жумладан кредит суммаси, муддати ҳамда тегишли аризадаги истеъмолчининг даромади тўғрисидаги маълумотларни олдиндан тўлдириш.
Бунда агар банк истеъмолчига тегишли танловни таклиф қилса, унга кредитни расмийлаштириш жараёнида мустақил равишда белгини қўйиш, кредит параметрларини мустақил белгилаш ва бошқа майдончаларни тўлдириш имконияти берилиши керак (масалан, кредит бюросидан кредит ҳисоботини сўраш, реклама тусидаги ахборотни юбориш, масофавий молиявий хизматни улаш, банк хизматларининг умумий шартлари билан танишганлигини тасдиқлаш, банк тарифларини қабул қилиш ва шунга ўхшаш белгилар).
35 4 . Банкларнинг масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали хизматлар кўрсатилаётган ҳолларда, агар истеъмолчи таклиф этилаётган шартноманинг (офертанинг) барча саҳифаларини (қисмларини) тўлиқ кўздан кечирмаган бўлса, хизмат кўрсатиш шартларига розиликни билдирувчи тугмани босиш имконияти берилмаслиги шарт.».
5. 3-боб қуйидаги мазмундаги 3-параграф билан тўлдирилсин:
«3-§. Омонатларни кафолатлаш тизими тўғрисида хабардор этиш
40 2 . Банклар қуйидаги ахборотларни истеъмолчиларга тарқатиш бўйича зарур чораларни кўриши шарт:
банкнинг омонатларни кафолатлаш тизимида иштирок этиши тўғрисидаги ахборотлар;
кафолатлаш объектлари, кафолатланган омонатлар, шунингдек кафолатлаш объекти ҳисобланмайдиган маблағлар тўғрисидаги ахборотлар;
компенсацияларни тўлаш тартиби, шу жумладан уларни тўлашнинг усуллари ва муддатлари тўғрисидаги ахборотлар;
40 3 . Мазкур Низомнинг 40 2 -бандида назарда тутилган ахборотлар банк томонидан қуйидаги шаклларда тарқатилиши шарт:
банкнинг ахборот стендлари ва расмий веб-сайтида жойлаштириш орқали;
администраторлар орқали, шу жумладан банк омонати (депозити) шартномаси ва (ёки) банк ҳисобварағи шартномасини тузиш жараёнида ҳамда истеъмолчининг сўровига асосан;
масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали.
40 4 . Банкнинг расмий веб-сайтида омонатлар тўғрисидаги ахборот жойлаштирилган саҳифада «Омонатларингиз кафолатланган» деган мазмунда кўзга ташланадиган тегишли ҳавола (гиперҳавола) жойлаштириши ва ушбу тегишли ҳавола (гиперҳавола) Омонатларни кафолатлаш агентлигининг расмий веб-сайтидаги тегишли саҳифага йўналтирилиши керак.
40 5 . Банк омонати (депозити) шартномаси ёки банк ҳисобварағи шартномасини тузиш жараёнида администраторлар омонатчини мазкур Низомнинг 3б-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ омонатларни кафолатлаш тизими ҳақидаги маълумот билан имзо қўйдириб таништириши шарт.
Мазкур Низомнинг 3б-иловасида кўрсатилган маълумотнинг бир нусхаси банк томонидан омонатчига берилади, иккинчи нусхаси эса омонатчининг мазкур ахборот билан танишганлигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида ҳар бир мижоз учун шакллантириладиган йиғма жилдда сақланади.
Омонатчи масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали омонат (депозит) қўйган ёки банк ҳисобварағини очган тақдирда, банк мазкур Низомнинг 3б-иловасида назарда тутилган ахборотни омонатчига тақдим этиши, шунингдек шартнома тузилишидан олдин мазкур ахборот билан танишганлигини тасдиқлаш имкониятини яратиши шарт.
40 6 . Администраторлар истеъмолчига омонатларни кафолатлаш тизими ҳақидаги ахборотни оддий ва тушунарли шаклда тақдим этиши керак.
Агар администратор омонатларни кафолатлаш тизими ҳақидаги саволларга жавоб беришда қийналса, бундай ҳолда у истеъмолчига батафсилроқ маълумот олиш учун тўғридан-тўғри Омонатларни кафолатлаш агентлигига мурожаат қилишни тавсия этиши лозим.».
6. 1-илованинг 2-банди тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«учинчи шахслар фойдасига амалга ошириладиган тўловлар, агар бундай тўловлар кредит шартномаси шартларига мувофиқ истеъмолчининг мажбуриятларига кирса, шунингдек, қуйидаги тўловлар:».
7. Мазкур қўшимча ва ўзгартиришларнинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ таҳрирдаги 1а ва 3б-иловалар билан тўлдирилсин.
Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришларга 1-ИЛОВА
«Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга 1а-ИЛОВА
Кредит расмийлаштиришдан олдин тўлдириладиган
Кредит шартномасини расмийлаштиришдан (офертани тасдиқлашдан) аввал, ушбу рўйхатни диққат билан ўқиб чиқинг ва ҳар бир бандни тушунганингизни тасдиқланг. Бу сизни келгусида кутилмаган молиявий қийинчиликлардан сақланишингиз учун хизмат қилиши мумкин.
1. Кредит — бу харажат. Кредит — бу мен тўлашим шарт бўлган молиявий мажбуриятдир. Кредитнинг асосий суммасидан ташқари, кредит бўйича ҳисобланган фоизларни, шунингдек, эҳтимол, кредит билан боғлиқ бошқа харажатларни (суғурта, кредит тўловларини амалга ошириш харажатлари ва бошқалар) ҳам тўлашимга тўғри келади. ð 2. Кредитни қайтариш жадвалини диққат билан ўрганиб чиқдим. Кредитни қайтариш жадвалидаги барча саналар ва тўлов миқдорлари ҳамда ушбу тўловларни амалга ошириш усуллари билан танишдим. Мазкур жадвалга мувофиқ ҳар ойда қачон ва қанча миқдорда тўловлар тўлашим кераклигини тушундим ҳамда уларни ўз вақтида бажара оламан. ð 3. Даромадларим кредит тўловларини тўлаш имконини беради. Мазкур кредитни олишда мен ойлик даромадим ва доимий харажатларимни (бошқа кредитларим, ижара, коммунал хизматлар, транспорт ва бошқа харажатларни), шунингдек кредит бўйича ўз мажбуриятларимни бажара олмаслигимга олиб келиши мумкин бўлган енгиб бўлмас куч таъсиридаги вазиятлар (ҳолатлар)ни юз бериши эҳтимолини (ишимни йўқотиш, иш ҳақи ва бошқа даромадларни кечикиши, соғлигимнинг ёмонлашиши) инобатга олдим. ð 4. Кредит тўловларини кечиктириш оқибатларидан хабардорман. Кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширмасам, банк томонидан ушбу қарздорлик бўйича тегишли жарима ва пенялар белгиланишини, шунингдек, агар кредит қарздорлиги суд орқали ундирилса, мазкур суд харажатларини ҳам тўлашим мумкинлигини тушундим. Бундан ташқари, кредит тарихимда мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмагани тўғрисида маълумотлар акс эттирилиши, бу эса келгусида молиявий ташкилотлардан кредит олиш имкониятимни пасайишига ва/ёки ноқулай шартларда кредит олишимга сабаб бўлиши мумкинлигини биламан. ð Имзо (қоғоз шаклда): Тасдиқлайман ____________________. _______________________________________ (имзо) Электрон шаклда (онлайн): «Тасдиқлайман» тугмаси босилади. Сана: ___ ____ ______. ________ (кун /ой /йил) » .
Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришларга 2-ИЛОВА
«Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга 3б-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасидаги омонатларни кафолатлаш тизими тўғрисида
1. ________________ га ____ (банк номи) жойлаштирилган омонатлар кафолатланиши Банкдаги омонатлар Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан кафолатланади 2. Омонатларни кафолатлаш асослари Ўзбекистон Республикасининг «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни 3. Кафолатлаш ҳодисаси Банкнинг тугатилиши (ёпилиши) 4. Кафолатланадиган омонатлар тури Талаб қилиб олингунча сақланадиган омонатлар, шу жумладан банк карталаридаги маблағлар, муддатли ва жамғарма омонатлар, шунингдек мазкур омонатлар бўйича ҳисобланган фоизлар 5. Компенсация миқдори Банк тугатилганда ҳар бир омонатчига, омонат бўйича ҳисобланган фоизларни инобатга олган ҳолда, жами тўланадиган компенсация миқдори 200 000 000 сўмдан ошмайди 6. Бир банкда омонатчининг бир нечта омонатлари мавжуд бўлган тақдирда тўланадиган компенсация миқдори Омонатнинг миқдори ва валютасидан қатъи назар омонатчининг ушбу банкдаги ва унинг филиалларидаги барча омонатлари ҳисобланган фоизлар билан жамланади ва улар бўйича тўланадиган компенсациянинг умумий миқдори 200 000 000 сўмдан ошмайди 7. Бир нечта банк тугатилган ҳолда компенсация миқдори Бир нечта банк тугатилган тақдирда, мазкур банкларда омонатлари мавжуд бўлган омонатчи ҳар бир банк бўйича алоҳида тартибда 200 000 000 сўмдан ошмаган миқдорда компенсация олиш ҳуқуқига эга 8. Компенсация тўлаш муддати Банкни тугатиш (ёпиш) тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан 20 иш куни мобайнида: 2026 йил 1 январдан бошлаб — 15 иш куни; 2027 йил 1 январдан бошлаб — 7 иш куни. 9. Компенсация тўланадиган валюта Чет эл валютасида қўйилган омонатлар бўйича компенсация банк тугатилган (ёпилган) санадаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банк курси бўйича миллий валютада (сўмда) тўланади 10. Боғланиш учун маълумотлар Омонатларни кафолатлаш агентлигининг: манзили, телефон рақамлари, эл.почта манзили, веб-сайт манзили Омонатчи хабардор қилинди: Сана ва имзо » .
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 9 октябрь,
25/1-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining
qarori
CHEKLIST
AXBOROT
Bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda tijorat banklarining faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomga qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2018-yil 28-apreldagi 16/18-son qarori (roʻyxat raqami 3030, 2018-yil 2-iyul) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 03.07.2018-y., 10/18/3030/1440-son) bilan tasdiqlangan Bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda tijorat banklarining faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomga ilovaga muvofiq qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritilsin.
2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2025-yil 9-oktabrdagi 25/1-son qaroriga ILOVA
Bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda tijorat banklarining faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan qoʻshimcha va oʻzgartirishlar
1. 28-band quyidagi mazmundagi xatboshilar bilan toʻldirilsin:
“Banklar kredit ajratish toʻgʻrisida ijobiy qaror qabul qilingandan soʻng, biroq kredit shartnomasi rasmiylashtirilishidan (oferta tasdiqlanishidan) oldin, isteʼmolchi-jismoniy shaxslarga kredit majburiyatlari bilan bogʻliq ehtimoliy tavakkalchiliklar toʻgʻrisidagi mazkur Nizomning 1a-ilovasida keltirilgan shakldagi cheklistni taqdim etishlari shart.
Mazkur cheklist:
bank binosiga tashrif buyurganda, kredit rasmiylashtirish usulidan kelib chiqib — qogʻoz yoki elektron shaklda isteʼmolchi-jismoniy shaxsga taqdim etiladi. Bunda isteʼmolchi-jismoniy shaxs cheklistdagi har bir bandni oʻqib tanishganligini maxsus belgi bilan belgilaydi hamda cheklistni qoʻlda imzo qoʻyish orqali tasdiqlaydi;
masofaviy xizmat koʻrsatish tizimlari orqali kredit rasmiylashtirilayotganda — isteʼmolchi-jismoniy shaxs cheklistdagi har bir bandni oʻqib tanishganligini maxsus elektron belgi bilan belgilaydi hamda cheklistni tasdiqlash tugmasini bosadi. Bunda barcha belgilarni qoʻyish va tasdiqlash tugmasini bosish fakti bankning avtomatlashtirilgan tizimida sana, vaqt, IP-manzil va isteʼmolchi-jismoniy shaxsning identifikatorlaridan biri koʻrsatilgan holda qayd etilishi lozim.
Cheklist kredit shartnomasi hujjatlari bilan birgalikda bankda yoki bankning axborot tizimlarida saqlanadi. Isteʼmolchi-jismoniy shaxs cheklistdagi barcha bandlar bilan tanishganligini belgilamaguncha hamda cheklistni tasdiqlamaguncha kredit shartnomasini rasmiylashtirishga yoʻl qoʻyilmaydi.”.
2. Quyidagi mazmundagi 28 1 -band bilan toʻldirilsin:
“28 1 . Banklar moliyaviy qiyinchiliklar, murakkab hayotiy vaziyatlarga tushib qolgan hamda fors-major holatlari tufayli oʻz vaqtida kredit toʻlovlarini amalga oshirishga qiynalayotgan isteʼmolchilarning amaldagi kreditlari boʻyicha kredit shartnomasi shartlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish (restrukturizatsiya) imkoniyatlari borasidagi arizalarini koʻrib chiqish tartibiga ega boʻlishi va ushbu tartibni bankning rasmiy veb-saytida joylashtirishi shart.
Mazkur tartib kamida quyidagilarni oʻz ichiga qamrab olishi lozim:
kredit shartnomasi shartlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritishning (restrukturizatsiya) turlari (masalan, kredit toʻlovlari muddatini uzaytirish, kredit foiz stavkasini qayta koʻrib chiqish, kredit toʻlovlarini kechiktirganlik uchun jarima va penyalar miqdorini kamaytirish va boshqalar);
kredit shartnomasi shartlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritishga (restrukturizatsiyaga) asos boʻladigan moliyaviy qiyinchiliklar, murakkab hayotiy vaziyatlar hamda fors-major holatlar roʻyxati;
isteʼmolchining arizalarini qabul qilish, roʻyxatga olish tartibi hamda arizaga ilova qilinadigan zarur hujjatlarning roʻyxati;
isteʼmolchining arizalarini koʻrib chiqish muddatlari;
qabul qilingan arizalarni koʻrib chiqish va baholash mezonlari;
ariza boʻyicha bank tomonidan qabul qilingan qaror haqida isteʼmolchiga xabar berish tartibi va muddati;
ariza qanoatlantirilgan taqdirda, kredit shartnomasi hamda uning ilovalariga qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish tartibi;
arizani qanotlantirishni rad etish boʻyicha qaror qabul qilinganda, bu toʻgʻrisida asoslantirilgan holda arizachiga xabar berish tartibi.
Bunda ushbu tartibda homiladorlik va tugʻish taʼtilini olgan ayollarning amaldagi kreditlari boʻyicha toʻlovlar muddatini oʻn oygacha uzaytirish toʻgʻrisidagi arizalarini koʻrib chiqish boʻyicha qoidalar majburiy tarzda aks ettirilishi lozim.”.
3. 33-bandda :
quyidagi mazmundagi beshinchi — yettinchi xatboshilar bilan toʻldirilsin:
“isteʼmolchilarga kredit olish boʻyicha arizasida (soʻrovida) koʻrsatilgan miqdordan ortiqcha summada kredit taklif etish hamda uni olishga undash;
kredit qarzdorliklarini davlat tomonidan fuqarolarga ajratiladigan ijtimoiy nafaqa va yordam mablagʻlari, shu jumladan ijtimoiy karta hisobvaragʻiga kelib tushadigan mablagʻlar hisobidan undirish;
kredit shartnomasida yoki unga ilova qilingan kreditni qaytarish jadvalida toʻlovlar boʻyicha belgilangan kalendar sanaga qadar kredit toʻlovlarini undirishga talab qoʻyish, bundan isteʼmolchi tomonidan bankning avtotoʻlov xizmatidan foydalanish davrida kredit toʻlovlarining yechib olinishi hamda qonunchilikda belgilangan boshqa holatlar mustasno;”;
beshinchi xatboshi tegishli ravishda sakkizinchi xatboshi deb hisoblansin.
4. Quyidagi mazmundagi 35 3 va 35 4 -bandlar bilan toʻldirilsin:
“35 3 . Banklar tomonidan moliyaviy xizmatlar koʻrsatish jarayonida, shuningdek bankning masofaviy xizmat koʻrsatish tizimlari orqali xizmatlar koʻrsatilayotgan paytda quyidagi holatlarning joriy etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi:
isteʼmolchining xohish-irodasini ifodalovchi har qanday belgilarni (masalan, belgi qoʻyish maydonchalari, siljitma tugmalar va shunga oʻxshashlarni) oldindan oʻrnatib qoʻyish yoki tanlab qoʻyish;
kredit parametrlari koʻrsatilgan maydonchalarni, shu jumladan kredit summasi, muddati hamda tegishli arizadagi isteʼmolchining daromadi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oldindan toʻldirish.
Bunda agar bank isteʼmolchiga tegishli tanlovni taklif qilsa, unga kreditni rasmiylashtirish jarayonida mustaqil ravishda belgini qoʻyish, kredit parametrlarini mustaqil belgilash va boshqa maydonchalarni toʻldirish imkoniyati berilishi kerak (masalan, kredit byurosidan kredit hisobotini soʻrash, reklama tusidagi axborotni yuborish, masofaviy moliyaviy xizmatni ulash, bank xizmatlarining umumiy shartlari bilan tanishganligini tasdiqlash, bank tariflarini qabul qilish va shunga oʻxshash belgilar).
35 4 . Banklarning masofaviy xizmat koʻrsatish tizimlari orqali xizmatlar koʻrsatilayotgan hollarda, agar isteʼmolchi taklif etilayotgan shartnomaning (ofertaning) barcha sahifalarini (qismlarini) toʻliq koʻzdan kechirmagan boʻlsa, xizmat koʻrsatish shartlariga rozilikni bildiruvchi tugmani bosish imkoniyati berilmasligi shart.”.
5. 3-bob quyidagi mazmundagi 3-paragraf bilan toʻldirilsin:
“3-§. Omonatlarni kafolatlash tizimi toʻgʻrisida xabardor etish
40 2 . Banklar quyidagi axborotlarni isteʼmolchilarga tarqatish boʻyicha zarur choralarni koʻrishi shart:
bankning omonatlarni kafolatlash tizimida ishtirok etishi toʻgʻrisidagi axborotlar;
kafolatlash obyektlari, kafolatlangan omonatlar, shuningdek kafolatlash obyekti hisoblanmaydigan mablagʻlar toʻgʻrisidagi axborotlar;
kompensatsiyalarni toʻlash tartibi, shu jumladan ularni toʻlashning usullari va muddatlari toʻgʻrisidagi axborotlar;
40 3 . Mazkur Nizomning 40 2 -bandida nazarda tutilgan axborotlar bank tomonidan quyidagi shakllarda tarqatilishi shart:
bankning axborot stendlari va rasmiy veb-saytida joylashtirish orqali;
administratorlar orqali, shu jumladan bank omonati (depoziti) shartnomasi va (yoki) bank hisobvaragʻi shartnomasini tuzish jarayonida hamda isteʼmolchining soʻroviga asosan;
masofaviy xizmat koʻrsatish tizimlari orqali.
40 4 . Bankning rasmiy veb-saytida omonatlar toʻgʻrisidagi axborot joylashtirilgan sahifada “Omonatlaringiz kafolatlangan” degan mazmunda koʻzga tashlanadigan tegishli havola (giperhavola) joylashtirishi va ushbu tegishli havola (giperhavola) Omonatlarni kafolatlash agentligining rasmiy veb-saytidagi tegishli sahifaga yoʻnaltirilishi kerak.
40 5 . Bank omonati (depoziti) shartnomasi yoki bank hisobvaragʻi shartnomasini tuzish jarayonida administratorlar omonatchini mazkur Nizomning 3b-ilovasida keltirilgan shaklga muvofiq omonatlarni kafolatlash tizimi haqidagi maʼlumot bilan imzo qoʻydirib tanishtirishi shart.
Mazkur Nizomning 3b-ilovasida koʻrsatilgan maʼlumotning bir nusxasi bank tomonidan omonatchiga beriladi, ikkinchi nusxasi esa omonatchining mazkur axborot bilan tanishganligini tasdiqlovchi hujjat sifatida har bir mijoz uchun shakllantiriladigan yigʻma jildda saqlanadi.
Omonatchi masofaviy xizmat koʻrsatish tizimlari orqali omonat (depozit) qoʻygan yoki bank hisobvaragʻini ochgan taqdirda, bank mazkur Nizomning 3b-ilovasida nazarda tutilgan axborotni omonatchiga taqdim etishi, shuningdek shartnoma tuzilishidan oldin mazkur axborot bilan tanishganligini tasdiqlash imkoniyatini yaratishi shart.
40 6 . Administratorlar isteʼmolchiga omonatlarni kafolatlash tizimi haqidagi axborotni oddiy va tushunarli shaklda taqdim etishi kerak.
Agar administrator omonatlarni kafolatlash tizimi haqidagi savollarga javob berishda qiynalsa, bunday holda u isteʼmolchiga batafsilroq maʼlumot olish uchun toʻgʻridan-toʻgʻri Omonatlarni kafolatlash agentligiga murojaat qilishni tavsiya etishi lozim.”.
6. 1-ilovaning 2-bandi toʻrtinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“uchinchi shaxslar foydasiga amalga oshiriladigan toʻlovlar, agar bunday toʻlovlar kredit shartnomasi shartlariga muvofiq isteʼmolchining majburiyatlariga kirsa, shuningdek, quyidagi toʻlovlar:”.
7. Mazkur qoʻshimcha va oʻzgartirishlarning 1 va 2-ilovalariga muvofiq tahrirdagi 1a va 3b-ilovalar bilan toʻldirilsin.
Bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda tijorat banklarining faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan qoʻshimcha va oʻzgartirishlarga 1-ILOVA
“Bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda tijorat banklarining faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomga 1a-ILOVA
Kredit rasmiylashtirishdan oldin toʻldiriladigan
Kredit shartnomasini rasmiylashtirishdan (ofertani tasdiqlashdan) avval, ushbu roʻyxatni diqqat bilan oʻqib chiqing va har bir bandni tushunganingizni tasdiqlang. Bu sizni kelgusida kutilmagan moliyaviy qiyinchiliklardan saqlanishingiz uchun xizmat qilishi mumkin.
1. Kredit — bu xarajat. Kredit — bu men toʻlashim shart boʻlgan moliyaviy majburiyatdir. Kreditning asosiy summasidan tashqari, kredit boʻyicha hisoblangan foizlarni, shuningdek, ehtimol, kredit bilan bogʻliq boshqa xarajatlarni (sugʻurta, kredit toʻlovlarini amalga oshirish xarajatlari va boshqalar) ham toʻlashimga toʻgʻri keladi. ð 2. Kreditni qaytarish jadvalini diqqat bilan oʻrganib chiqdim. Kreditni qaytarish jadvalidagi barcha sanalar va toʻlov miqdorlari hamda ushbu toʻlovlarni amalga oshirish usullari bilan tanishdim. Mazkur jadvalga muvofiq har oyda qachon va qancha miqdorda toʻlovlar toʻlashim kerakligini tushundim hamda ularni oʻz vaqtida bajara olaman. ð 3. Daromadlarim kredit toʻlovlarini toʻlash imkonini beradi. Mazkur kreditni olishda men oylik daromadim va doimiy xarajatlarimni (boshqa kreditlarim, ijara, kommunal xizmatlar, transport va boshqa xarajatlarni), shuningdek kredit boʻyicha oʻz majburiyatlarimni bajara olmasligimga olib kelishi mumkin boʻlgan yengib boʻlmas kuch taʼsiridagi vaziyatlar (holatlar)ni yuz berishi ehtimolini (ishimni yoʻqotish, ish haqi va boshqa daromadlarni kechikishi, sogʻligimning yomonlashishi) inobatga oldim. ð 4. Kredit toʻlovlarini kechiktirish oqibatlaridan xabardorman. Kredit toʻlovlarini oʻz vaqtida amalga oshirmasam, bank tomonidan ushbu qarzdorlik boʻyicha tegishli jarima va penyalar belgilanishini, shuningdek, agar kredit qarzdorligi sud orqali undirilsa, mazkur sud xarajatlarini ham toʻlashim mumkinligini tushundim. Bundan tashqari, kredit tariximda majburiyatlar oʻz vaqtida bajarilmagani toʻgʻrisida maʼlumotlar aks ettirilishi, bu esa kelgusida moliyaviy tashkilotlardan kredit olish imkoniyatimni pasayishiga va/yoki noqulay shartlarda kredit olishimga sabab boʻlishi mumkinligini bilaman. ð Imzo (qogʻoz shaklda): Tasdiqlayman ____________________. _______________________________________ (imzo) Elektron shaklda (onlayn): “Tasdiqlayman” tugmasi bosiladi. Sana: ___ ____ ______. ________ (kun /oy /yil) ” .
Bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda tijorat banklarining faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan qoʻshimcha va oʻzgartirishlarga 2-ILOVA
“Bank xizmatlari isteʼmolchilari bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda tijorat banklarining faoliyatiga qoʻyiladigan minimal talablar toʻgʻrisidagi nizomga 3b-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasidagi omonatlarni kafolatlash tizimi toʻgʻrisida
1. ________________ ga ____ (bank nomi) joylashtirilgan omonatlar kafolatlanishi Bankdagi omonatlar Omonatlarni kafolatlash agentligi tomonidan kafolatlanadi 2. Omonatlarni kafolatlash asoslari Oʻzbekiston Respublikasining “Banklardagi omonatlarni himoya qilish toʻgʻrisida”gi Qonuni 3. Kafolatlash hodisasi Bankning tugatilishi (yopilishi) 4. Kafolatlanadigan omonatlar turi Talab qilib olinguncha saqlanadigan omonatlar, shu jumladan bank kartalaridagi mablagʻlar, muddatli va jamgʻarma omonatlar, shuningdek mazkur omonatlar boʻyicha hisoblangan foizlar 5. Kompensatsiya miqdori Bank tugatilganda har bir omonatchiga, omonat boʻyicha hisoblangan foizlarni inobatga olgan holda, jami toʻlanadigan kompensatsiya miqdori 200 000 000 soʻmdan oshmaydi 6. Bir bankda omonatchining bir nechta omonatlari mavjud boʻlgan taqdirda toʻlanadigan kompensatsiya miqdori Omonatning miqdori va valyutasidan qatʼi nazar omonatchining ushbu bankdagi va uning filiallaridagi barcha omonatlari hisoblangan foizlar bilan jamlanadi va ular boʻyicha toʻlanadigan kompensatsiyaning umumiy miqdori 200 000 000 soʻmdan oshmaydi 7. Bir nechta bank tugatilgan holda kompensatsiya miqdori Bir nechta bank tugatilgan taqdirda, mazkur banklarda omonatlari mavjud boʻlgan omonatchi har bir bank boʻyicha alohida tartibda 200 000 000 soʻmdan oshmagan miqdorda kompensatsiya olish huquqiga ega 8. Kompensatsiya toʻlash muddati Bankni tugatish (yopish) toʻgʻrisida qaror qabul qilingan sanadan eʼtiboran 20 ish kuni mobaynida: 2026-yil 1 yanvardan boshlab — 15 ish kuni; 2027-yil 1 yanvardan boshlab — 7 ish kuni. 9. Kompensatsiya toʻlanadigan valyuta Chet el valyutasida qoʻyilgan omonatlar boʻyicha kompensatsiya bank tugatilgan (yopilgan) sanadagi Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bank kursi boʻyicha milliy valyutada (soʻmda) toʻlanadi 10. Bogʻlanish uchun maʼlumotlar Omonatlarni kafolatlash agentligining: manzili, telefon raqamlari, el.pochta manzili, veb-sayt manzili Omonatchi xabardor qilindi: Sana va imzo ” .
Rais T. ISHMETOV
Toshkent sh.,
2025-yil 9-oktabr,
25/1-son