📅 2025-yil 4-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 4-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 4 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 4 ноября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 4 November 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 23 сентябрдаги ПҚ-330-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги ПҚ-330-сон қарорига мувофиқ давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
беморларни тиббиёт ташкилотларига қабул қилиш тартиби;
беморларни тиббиёт ташкилотларига йўллашда тиббий йўлланмани шакллантириш;
беморларни бир тиббиёт ташкилотидан иккинчисига ўтказиш ҳамда беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарор 2026 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.А. Худаяров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 4 ноябрдаги 694-сон қарорига 1-ИЛОВА
Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларига Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига ажратилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш учун беморларни йўллаш ва тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишга нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
имтиёзли тоифага кирувчи шахс (кейинги ўринларда — имтиёзли бемор) — ижтимоий мақоми ёки айрим касалликларнинг мавжудлиги муносабати билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланадиган, ушбу Низомга мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатиладиган шахс;
йўлланма — беморнинг хоҳишига кўра муайян касаллиги бўйича давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларида режали стационар даволаниш имконини берувчи матрицали штрих код (QR-код)га эга бўлган ҳужжат;
йўлланма қиймати — тиббий хизматларнинг йўлланмада қайд этилган ва кўрсатиладиган тиббий хизматнинг базавий нархига тенг қиймати;
маблағларнинг умумий қиймати (кейинги ўринларда — умумий қиймат) — Давлат бюджетидан Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига (кейинги ўринларда — Жамғарма) мақсадли ажратилган маблағларнинг умумий қиймати бўлиб, чораклик ва йиллик тақсимланади;
идоравий тиббиёт муассасаси — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари ҳузуридаги идоравий тиббиёт муассасалари;
тиббий-танлов комиссияси (кейинги ўринларда — ТТК) — касалликлар рўйхатига мувофиқ беморни шифохонага ётқизиш хулосасини берувчи йўналишлар бўйича ҳудудий ва республика даражасида ташкил этиладиган мутахассислардан иборат комиссия;
тиббиёт ташкилоти — Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари;
ташхислаш йўлланмаси — ТТК хулосаси учун амалдаги клиник протоколлар ҳамда ташхислаш ва даволаш стандартларига мувофиқ туман (шаҳар) даражасидаги тиббиёт муассасасининг моддий-техник базаси ва кадрлар таъминотидан келиб чиқиб, ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) даражасидаги давлат тиббиёт ташкилотларида имтиёзли беморларда ўтказиладиган тиббий текширувлар учун бериладиган ҳужжат;
электрон ахборот тизими — тиббиёт ташкилотларида беморларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатиш учун ҳисобга олиш, навбатга қўйиш ва даволашга йўналтириш имконини берувчи Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот тизими.
4. ТТКнинг фаолият юритиш тартиби, тиббий хизмат турлари, ҳажми, шунингдек, клиник протоколлар ҳамда ташхислаш ва даволаш стандартлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
5. Имтиёзли беморларни тиббиёт ташкилотларига электрон ахборот тизимида тасдиқланадиган йўлланмалар асосида йўналтирилади. Бунда:
бемор йўлланма асосида тиббий хизмат кўрсатиш учун тиббиёт ташкилотини ўз хоҳишига кўра эркин танлайди;
тиббиёт ташкилоти ва Жамғарма ўртасида тузилган шартномада тиббиёт ташкилотининг тиббий хизмат кўрсатиши мумкин бўлган (туман (шаҳар), ҳудудий, республика) даражаси аниқ кўрсатилади;
туман (шаҳар) даражасида тиббий хизмат кўрсатиладиган беморларга ҳудудий ва республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларида ҳамда ҳудудий даражада тиббий ёрдам кўрсатиладиган беморларга республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларида давлат ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатилишига йўл қўйилмайди (шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно).
6. Бемор тиббий ёрдам олиш учун тегишли йўлланмасиз тиббиёт ташкилотига бевосита мурожаат этса, тиббий ёрдам пулли асосда кўрсатилади (шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно).
Тиббий ҳужжатларнинг шакли, уларни тўлдириш ва сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
2-боб. Беморларни тиббиёт ташкилотларига йўналтириш тартиби
7. Тиббиёт ташкилотларида йўлланма асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам (пулли хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, бўлим ва ўринлар бундан мустасно):
туман (шаҳар) даражасида — аҳолининг барча тоифаларига, 2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 5 сентябрдаги ПҚ-311-сон қарорининг 3-бандида назарда тутилган аҳоли тоифаларига ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс деб топилган шахсларга;
ҳудудий даражада — имтиёзли беморларга, 2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-311-сон қарорининг 3-бандида назарда тутилган аҳоли тоифаларига ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс деб топилган шахсларга;
республика даражасида — имтиёзли беморларга, 2027 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-311-сон қарори 3-бандининг бешинчи хатбошисида назарда тутилган аҳоли тоифаларига ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс деб топилган шахсларга.
Бунда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали электрон ахборот тизимига юборилади.
8. Имтиёзли тоифага кирувчи шахслар тиббиёт ташкилотларига электрон ахборот тизими орқали мазкур Низомга иловага мувофиқ схема асосида йўналтирилади.
9. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам олиш учун электрон ахборот тизими орқали қуйидаги тартибда йўналтирилади:
а) беморлар тиббий ёрдам олиш учун ўзи бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига (идоравий тиббиёт муассасаси контингенти ўзи бириктирилган муассасага) мурожаат қилади ва бириктирилган оилавий шифокор (шифокор) томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади ҳамда бир иш кунида туман (шаҳар) даражасидаги тиббиёт муассасасининг ёки идоравий тиббиёт муассасасининг тор соҳа мутахассиси (кейинги ўринларда — тор соҳа мутахассиси) кўригига йўналтирилади;
б) тор соҳа мутахассиси томонидан беморлар бир иш кунида амалдаги клиник протоколлар ҳамда ташхислаш ва даволаш стандартларига мувофиқ тиббий кўрикдан ўтказилади;
в) беморларга режали стационар шароитда тиббий ёрдам кўрсатилишига кўрсатма бўлмаса, уларга амбулатор шароитда даволаниши учун тавсия берилади ва бириктирилган оилавий шифокорга (шифокорга) қайта йўналтирилади;
г) беморларга стационар шароитда тиббий ёрдам олишга кўрсатма бўлганда, тор соҳа мутахассиси ёки оилавий шифокор (идоравий тиббиёт муассасаси шифокори) томонидан туман (шаҳар) даражасидаги тиббиёт муассасасида режали стационар тиббий ёрдам олиш учун электрон ахборот тизими орқали йўлланма берилади. Бунда беморлар:
давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий қилинган ҳудудларда уларнинг хоҳишига кўра ҳудудий жойлашувидан қатъи назар, тиббий суғурта механизмлари жорий этилган барча тиббиёт муассасаларига (Тошкент шаҳрида шаҳар даражасидаги тиббиёт муассасаларига);
давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий қилинмаган ҳудудларда доимий ёки вақтинча яшаш (турар) жойи бўйича туман (шаҳар) даражасидаги стационар хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасасига йўналтирилади;
идоравий тиббиёт муассасалари контингенти ўзлари бириктирилган тиббиёт муассасасига йўналтирилади. Бунда идоравий тиббиёт муассасалари томонидан зарур тиббий хизматларни кўрсатиш имкони бўлмаган тақдирда, идоравий тиббиёт муассасаларига бириктирилган контингент ўз хоҳишига кўра ҳудуд ёки республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига, шунингдек, нодавлат тиббиёт ташкилотларига йўналтирилиши мумкин;
д) беморнинг ҳолати, ташхиси ва тасдиқланган касалликлар рўйхатига мувофиқ уларга тиббий ёрдам ҳудуд ёки республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларида кўрсатилиши лозим бўлганда тор соҳа мутахассиси бир иш кунида электрон ахборот тизими орқали ҳудудий даражада йўналиш бўйича ташкил қилинган ТТКларга йўлланмани тасдиқлаш учун сўровнома юборади. Бунда:
беморда имтиёз тоифасининг мавжудлиги, шунингдек, чет давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилган электрон ахборот тизимида автоматик равишда тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларини интеграция қилиш асосида аниқланади;
имтиёз тоифаси мавжуд бўлмаган беморларга республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаниш учун йўлланма берилмайди;
е) беморнинг маълумотлари бир иш кунида ҳудудий даражада йўналиш бўйича ТТКлар томонидан ўрганилиб, текширув ва кўрик натижалари таҳлил қилинади ва беморнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги « Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида »ги ПҚ-311-сон қарори ёки 2021 йил 28 июлдаги « Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида »ги ПҚ-5199-сон қарори доирасида даволаниш ҳуқуқини берувчи йўлланма электрон ахборот тизимида тасдиқланади.
Бунда тасдиқланган касалликлар рўйхатига мувофиқ беморга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги « Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида »ги ПҚ-311-сон қарори бўйича ҳудудий даражадаги тиббиёт ташкилотида стационар даволаниш белгиланса, йўлланма тасдиқлашда мазкур Низомнинг 9-банди «н» кичик банди татбиқ этилмайди.
ж) ҳудудий даражадаги ТТКлар томонидан тасдиқланган касалликлар рўйхатига мувофиқ бемор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5199-сон қарори доирасида стационар даволаниши зарур деб топилса, бемор маълумотлари бир иш кунида йўналишлар бўйича республика даражасидаги ТТКга йўналтирилади. Бунда ҳудудий даражадаги ТТК томонидан заруратга кўра бир иш кунида беморга қўшимча текширув ва (ёки) тор соҳа мутахассиси кўриги белгиланиши мумкин.
з) бемор маълумотлари республика даражасидаги йўналиш бўйича ТТКлар томонидан ўрганилади ва натижаси бўйича икки иш кунида электрон ахборот тизими орқали хулоса берилади. Бунда:
беморга заруратга кўра қўшимча текширув ва (ёки) тор соҳа мутахассиси кўриги белгиланса, текширув ва (ёки) мутахассис хулосаси олингандан сўнг икки иш кунида якуний хулоса берилади;
беморларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан режали стационар тиббий хизмат кўрсатиш лозим бўлган тиббиёт ташкилоти даражаси тасдиқланади ҳамда маълумот электрон ахборот тизими орқали беморнинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги (кейинги ўринларда — ЯИДХП) шахсий кабинетига ҳамда у бириктирилган бирламчи тиббий-санитария муассасаси ёки идоравий тиббиёт муассасасига юборилади;
и) беморларга тегишли бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари (туман (шаҳар) марказий шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлими) ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинети (ёхуд мобил илова) орқали йўлланмани расмийлаштириш жараёнини кузатиш ҳамда тиббиёт ташкилотини эркин танлаш имконияти берилади.
Бунда бемор (унинг қонуний вакили) 30 кун давомида тегишли бирламчи тиббий-санитария муассасалари (туман (шаҳар) марказий шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлими) ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинети (ёхуд мобил илова) орқали Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган тиббиёт ташкилотлари рўйхатидан ташхисига мос равишда давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотини танлайди;
к) бемор (унинг қонуний вакили) томонидан тиббиёт ташкилоти танлангандан сўнг ушбу тиббиёт ташкилотида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаниш учун йўлланма расмийлаштирилади;
л) йўлланма асосида режали стационар тиббий хизмат олиш учун навбатда турган беморлар қабул қилувчи тиббиёт ташкилоти томонидан уларнинг шифохонага келиш шарт-шароитлари тўғрисида хабардор қилинади;
м) режали стационар тиббий хизмат олиш учун навбатда турган беморларга шакллантирилган йўлланма қабул қилувчи тиббиёт ташкилоти томонидан электрон ахборот тизими орқали бемор шифохонага ётиш учун таклиф қилинган кундан бошлаб 10 кун давомида амал қилади. Бунда ҳомиладорлик давридаги патологиялари учун шакллантирилган имтиёзли йўлланманинг амал қилиш муддати ушбу ҳомиладорлик давомида чекланмайди;
н) бемор томонидан даволаниш учун тиббиёт ташкилоти танланаётганда шакллантирилган йўлланма қиймати электрон ахборот тизимида автоматик равишда аниқланади ва Давлат бюджетидан Жамғармага мақсадли ажратилган маблағларнинг даврий (ойлик, чораклик ёки йиллик) ҳажми қолдиғи билан солиштирилади (ҳомиладорлик давридаги ва болалар патологиялари, орфан, ирсий-генетик касалликлар ҳамда беморни тегишли йўлланма асосида бирламчи қабул қилган тиббиёт ташкилотидан бошқа тиббиёт ташкилотига ўтказиш учун имтиёзли йўлланма расмийлаштириш бундан мустасно).
Бунда:
маблағлар қолдиғи йўлланма қийматидан кўп бўлган тақдирда, йўлланма тасдиқланади ва мазкур қолдиқ йўлланма қийматига тенг қийматга автоматик равишда камайтирилади;
маблағлар қолдиғи йўлланма қийматидан кам бўлган тақдирда, йўлланмани тасдиқлаш шаклланган электрон навбат асосида кейинги ойга (чоракка ёки йилга) қолдирилади;
Давлат бюджетидан Жамғармага мақсадли ажратилган маблағлар қолдиғи кейинги ойда (чоракда ёки йилда) қўшиб инобатга олинади;
ҳомиладорлик давридаги ва болалар патологиялари, орфан, ирсий-генетик касалликлар ҳамда бирламчи қабул қилган тиббиёт ташкилоти томонидан йўлланмани шакллантиришда мақсадли режалаштирилган маблағ етарли бўлмаган тақдирда, даволаш харажатлари Жамғарма томонидан Давлат бюджетидан қўшимча ажратилган маблағлар ҳисобидан қоплаб берилади;
о) Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг аъзолари, ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларнинг аъзолари ҳамда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тегишли «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағлари ҳисобидан даволаш учун электрон ахборот тизимида йўлланма тасдиқлашда беморнинг яшаш жойи бўйича «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори мавжудлиги текширилади ва электрон ахборот тизимига илова қилинади;
п) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-17-сон Фармонининг 3 ва 4-бандлари доирасида Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг аъзолари ҳамда ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларнинг аъзоларини даволаш:
Жамғарма билан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга кўрсатилган тиббий ёрдам харажатларини қоплаш бўйича шартномаси мавжуд тиббиёт ташкилоти томонидан йўлланма асосида амалга оширилади;
туман (шаҳар) даражасидаги ёки ушбу кичик банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилмаган бошқа тиббиёт ташкилотларида амалга оширилган тақдирда, «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» жамғармалари ва Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан Жамғарма орқали молиялаштирилмайди.
10. Беморларни нодавлат тиббиёт ташкилотларига стационар тиббий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар даражаси бўйича белгиланган касалликлар рўйхатига мувофиқ тегишли ТТК хулосасисиз тўғридан-тўғри йўллашга йўл қўйилмайди. Бунда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхатига мувофиқлиги тасдиқлангандан сўнг беморлар танловига кўра уларни электрон ахборот тизими орқали нодавлат тиббиёт ташкилотларида даволаш учун йўлланма расмийлаштирилади.
11. Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг аъзолари, шунингдек, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар ҳамда ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларнинг аъзолари, шунингдек, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар томонидан даволаниш учун тиббиёт ташкилоти танланганда, мазкур тоифадаги шахсларни даволаш учун танланган тиббиёт ташкилотига навбат электрон ахборот тизимида алоҳида юритилади.
12. Тегишли ТТК хулосаси учун қўшимча текширув, мутахассис кўриги, тиббий ҳужжатларга қўшимча ёки аниқликлар киритиш зарурати бўлган ҳолларда, икки иш кунида бемор иштирокида ёки иштирокисиз телетиббиёт орқали боғланиш ташкил қилиниши мумкин.
ТТК хулосаси учун амалдаги клиник протоколлар ҳамда ташхислаш ва даволаш стандартларига мувофиқ зарур тиббий текширувлар ташхислаш йўлланмаси асосида ҳудуд даражасидаги давлат тиббиёт ташкилотларида уларга Давлат бюджетидан тиббий хизматлар хариди учун ажратилган маблағлар доирасида ўтказилади.
Бунда ТТК электрон ахборот тизимида ташхислаш йўлланмасини асослантирилган ҳолда шакллантиради ва беморга тақдим этилишини таъминлайди ҳамда кўрсатилган тиббий текширувлар учун бемордан қўшимча тўлов олинмайди.
13. Йўлланма расмийлаштирилган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш якуни бўйича чиқарув эпикризидан кўчирма электрон ахборот тизими орқали тегишли туман (шаҳар) даражасидаги тиббиёт ташкилотига, бемор бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси ёки идоравий тиббиёт муассасасига ҳамда беморнинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юборилиши шарт.
14. Беморлар тиббиёт ташкилотларига қабул бўлими (рўйхатга олиш бўлими) орқали қабул қилинади. Бунда беморлар ташкилотнинг иш тартиби, тиббий хизматлар рўйхати, тиббий хизматни кўрсатиш ва олиш шарт-шароитлари, шифокорлар малакаси тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи бепул, тушунарли ва ишончли ахборот билан таъминланиши шарт.
Тиббиёт ташкилотида беморларни йўлланма асосида қабул қилишда, мазкур йўлланмага мувофиқ кўрсатиладиган тиббий ёрдам ҳажми доирасида ташхислаш, даволаш ва реабилитация жараёнида беморларга пулли асосда тиббий хизматлар кўрсатилиши ҳамда дори воситалари, тиббий буюмлар ва сарфлаш материалларининг ишлатилишига ҳамда ўз маблағлари ҳисобидан олиб келинишига йўл қўйилмайди.
15. Тиббиёт ходимлари тиббий ёрдам кўрсатишдан олдин беморга ёки унинг қонуний вакилига бемор соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан, текшириш натижалари, мавжуд касаллиги ва уни даволаш усуллари, даволаш билан боғлиқ хавф-хатар, тиббий аралашувнинг эҳтимолий турлари ва оқибатлари, амалга оширилган даволашнинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишлари шарт.
Беморларнинг талаби бўйича уларга тиббий ҳужжатлардан уларнинг саломатлиги ҳолатини акс эттирувчи кўчирма бепул тақдим этилади. Бунда беморларга тиббий ҳужжатларнинг асл нусхаларини бериш тақиқланади.
16. Беморларда тиббиёт ташкилотига ётиш учун расмийлаштирилган йўлланмада кўрсатилган ташхисдан бошқа касаллик аниқланганда ёки патология билан туғилган чақалоқларга дастлабки шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилгандан кейин режали стационар тиббий ёрдамга зарурат туғилганда:
а) беморни қабул қилган тиббиёт ташкилотида уни даволаш имконияти мавжуд бўлганда, беморга шу тиббиёт ташкилотининг ўзида тиббий ёрдам кўрсатилиши мумкин. Бунда:
кўрсатилган тиббий ёрдам учун харажатлар янги аниқланган бошқа касаллик ёки ҳолатлар учун тасдиқланган базавий нархлар доирасида қоплаб берилади;
тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт ташкилотига аниқланган касаллик ёки ҳолатлардан келиб чиқиб, беморни даволаш учун қабул қилишга асос бўлган йўлланмадаги ташхисни электрон ахборот тизимида ўзгартиришга рухсат берилади. Мазкур ҳолатларнинг асослангани Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назорат қилинади;
йўлланмадаги ўзгартирилган ташхис асосида умумий қийматга электрон ахборот тизимида тегишли ўзгартиришлар киритилади;
б) беморни бирламчи қабул қилган тиббиёт ташкилотида даволаш имконияти мавжуд бўлмаганда, мазкур тиббиёт ташкилоти томонидан беморни бошқа тиббиёт ташкилотига ўтказиш учун имтиёзли йўлланма расмийлаштирилиб, бошқа тиббиёт ташкилотига навбатсиз ўтказилади;
в) патология билан туғилган чақалоқларга дастлабки шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилгандан кейин режали стационар тиббий ёрдамга зарурат туғилганда уларни бошқа тиббиёт ташкилотига ўтказиш учун йўлланма электрон ахборот тизимида гўдак туғилган тиббиёт ташкилоти томонидан шакллантирилади ва қабул қилувчи тиббиёт ташкилоти билан келишилган ҳолда тўғридан-тўғри йўналтирилади ва навбатсиз қабул қилинади.
17. Республика даражасидаги психиатрия муассасаларида тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган, руҳий ҳолати бузилган шахсларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати туғилганда, улар психиатрия муассасалари томонидан йўлланма асосида тўғридан-тўғри тегишли республика даражасидаги тиббиёт ташкилотларига йўналтирилади.
17 1 . Фтизиатрия йўналишида беморларга тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт ташкилотларига фаол сил касаллиги билан мурожаат қилган беморлар, шунингдек, ташхислаш жараёнида фаол сил касаллиги аниқланган шахслар мазкур тиббиёт ташкилотлари томонидан электрон ахборот тизими орқали йўлланма расмийлаштирилиб, тўғридан-тўғри ва навбатсиз қабул қилинади.
18. Юқумли касалликлар аниқланган беморлар йўналиш бўйича ҳудудий даражадаги тиббиёт ташкилотининг тегишли электрон йўлланмаси билан квота асосида республика даражасидаги юқумли касалликлар шифохонасига йўналтирилади.
Сурункали юқумли касалликлари мавжуд бўлган беморлар режали равишда ҳудудий муассасанинг тегишли электрон йўлланмаси билан республика даражасидаги юқумли касалликлар шифохонасига йўналтирилади (шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган эпидемиологик ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно).
3-боб. Якунловчи қоидалар
19. ТТК раиси йўлланмаларнинг тўғри ва белгиланган муддатларда шакллантирилишига, тиббиёт ташкилоти раҳбарлари беморларга тиббий ёрдам кўрсатилишида клиник протоколлар ҳамда ташхислаш ва даволаш стандартларига қатъий риоя қилинишига жавобгар ҳисобланади.
20. Бемор маълумотларининг ТТК томонидан белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши, йўлланмаларнинг асосланган ҳолда тасдиқланиши, кўрсатилган тиббий хизматлар сифатини баҳолаш, шунингдек, тасдиқланган клиник протоколлар ҳамда ташхислаш ва даволаш стандартларига мувофиқлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда идоравий тиббиёт муассасаларининг юқори турувчи ташкилотлари томонидан, ажратилган маблағлар самарадорлиги ва натижадорлигини назорат қилиш Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.
21. Ушбу Низом қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Имтиёзли тоифага кирувчи беморларни тиббиёт ташкилотларига электрон ахборот тизими орқали йўналтириш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, идоравий тиббиёт муассасаси 1. Беморлар ўзи бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига ёки идоравий тиббиёт муассасасига мурожаат қилади. Ўз хоҳишига кўра 2. Бириктирилган оилавий шифокор (идоравий тиббиёт муассасаси шифокори) томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасининг ёки идоравий тиббиёт муассасасининг тор соҳа мутахассиси (кейинги ўринларда — тор соҳа мутахассиси) кўригига йўналтиради. 1 иш кунида 2-босқич Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, идоравий тиббиёт муассасаси Тор соҳа мутахассиси беморни тиббий кўрикдан, зарур ҳолларда қўшимча тиббий текширувлардан ўтказади ҳамда ҳудудий даражада йўналиш бўйича ёки идоравий тиббиёт муассасасидаги ташкил қилинган тиббий тайинлов комиссияларига (кейинги ўринларда — ТТК) йўлланмани тасдиқлаш учун сўровнома юборади. 1 иш кунида 3-босқич Ҳудудий даражадаги тиббий-танлов комиссияси 1. Тасдиқланган касалликлар рўйхатига мувофиқ бемор ҳудудий даражадаги тиббиёт ташкилоти ёки идоравий тиббиёт муассасасида стационар даволаниши белгиланса, йўлланмани тасдиқлайди ҳамда даволанишнинг тахминий санаси ҳақида маълумот беради. 1 иш кунида 2. Бемор республика даражасидаги тиббиёт ташкилотида стационар даволаниши зарур деб топилса, бемор маълумотлари йўналишлар бўйича республика даражасидаги ТТКга йўналтириди. 1 иш кунида 4-босқич Республика даражасидаги тиббий-танлов комиссияси 1. Бемор маълумотлари республика даражасидаги йўналиш бўйича ўрганади ва натижаси бўйича электрон ахборот тизими орқали хулоса берилади. 2 иш кунида 2. Беморга заруратга кўра қўшимча текширув ва (ёки) тор соҳа мутахассиси кўриги белгиланса, текширув ва (ёки) мутахассис хулосаси олингандан сўнг якуний хулоса беради. жамғармаси билан шартнома тузган тиббиёт ташкилотлари рўйхатидан ташхисига мос равишда давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотини танлайди. 2 иш кунида 3. Бемор (унинг қонуний вакили) тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси, электрон ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали қўйилган ташхис асосида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган тиббиёт ташкилотлари рўйхатидан ташхисига мос равишда давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотини танлайди. 30 кун давомида 5-босқич Тиббий хизмат кўрсатадиган тиббиёт ташкилоти 1. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган тиббиёт ташкилоти йўлланмада белгиланган муддатда беморни қабул қилади. 10 кун давомида 2. Тиббий хизмат кўрсатиш якуни бўйича чиқарув эпикризидан кўчирмани электрон ахборот тизими орқали тегишли туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасига, бемор бириктирилган бирламчи тиббий-санитария муассасаси ёки идоравий тиббиёт муассасасига ҳамда беморнинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетига юборади. Тиббий хизмат кўрсатиш якуни бўйича 3 кунда 3. Беморга кўрсатилган тиббий хизмат учун тўловни ундириш учун Давлат тиббий суғурта жамғармаси билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ ушбу Жамғармага мурожаат қилади. Шартнома шартларига мувофиқ
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 4 ноябрдаги 694-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 5 сентябрдаги 696-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 430-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 4 ноябрь,
694 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
ROʻYXATI
Davlat va nodavlat tibbiyot tashkilotlarida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan tibbiy yordam koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Kambagʻallikdan farovonlik sari” dasturini amalga oshirish boʻyicha birinchi navbatdagi chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 23-sentabrdagi PQ-330-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 23-sentabrdagi PQ-330-son qaroriga muvofiq davlat va nodavlat tibbiyot tashkilotlarida Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan tibbiy yordam koʻrsatish belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat va nodavlat tibbiyot tashkilotlarida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan tibbiy yordam koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
bemorlarni tibbiyot tashkilotlariga qabul qilish tartibi;
bemorlarni tibbiyot tashkilotlariga yoʻllashda tibbiy yoʻllanmani shakllantirish;
bemorlarni bir tibbiyot tashkilotidan ikkinchisiga oʻtkazish hamda bemorlarga tibbiy yordam koʻrsatish tartibi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
4. Sogʻliqni saqlash vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Ushbu qaror 2026-yil 1-yanvardan eʼtiboran kuchga kiradi.
6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.A. Xudayarov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 4-noyabrdagi 694-son qaroriga 1-ILOVA
Davlat va nodavlat tibbiyot tashkilotlarida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan tibbiy yordam koʻrsatish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom davlat va nodavlat tibbiyot tashkilotlariga Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasiga ajratilgan Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan tibbiy yordam koʻrsatish uchun bemorlarni yoʻllash va tibbiy yordam koʻrsatish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom shoshilinch va kechiktirib boʻlmaydigan tibbiy yordam koʻrsatishga nisbatan tatbiq etilmaydi.
3. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
imtiyozli toifaga kiruvchi shaxs (keyingi oʻrinlarda — imtiyozli bemor) — ijtimoiy maqomi yoki ayrim kasalliklarning mavjudligi munosabati bilan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda aniqlanadigan, ushbu Nizomga muvofiq tibbiy yordam koʻrsatiladigan shaxs;
yoʻllanma — bemorning xohishiga koʻra muayyan kasalligi boʻyicha davlat yoki nodavlat tibbiyot tashkilotlarida rejali statsionar davolanish imkonini beruvchi matritsali shtrix kod (QR-kod)ga ega boʻlgan hujjat;
yoʻllanma qiymati — tibbiy xizmatlarning yoʻllanmada qayd etilgan va koʻrsatiladigan tibbiy xizmatning bazaviy narxiga teng qiymati;
mablagʻlarning umumiy qiymati (keyingi oʻrinlarda — umumiy qiymat) — Davlat budjetidan Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasiga (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) maqsadli ajratilgan mablagʻlarning umumiy qiymati boʻlib, choraklik va yillik taqsimlanadi;
idoraviy tibbiyot muassasasi — qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat organlari va tashkilotlari huzuridagi idoraviy tibbiyot muassasalari;
tibbiy-tanlov komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — TTK) — kasalliklar roʻyxatiga muvofiq bemorni shifoxonaga yotqizish xulosasini beruvchi yoʻnalishlar boʻyicha hududiy va respublika darajasida tashkil etiladigan mutaxassislardan iborat komissiya;
tibbiyot tashkiloti — Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi bilan shartnoma tuzgan davlat va nodavlat tibbiyot tashkilotlari;
tashxislash yoʻllanmasi — TTK xulosasi uchun amaldagi klinik protokollar hamda tashxislash va davolash standartlariga muvofiq tuman (shahar) darajasidagi tibbiyot muassasasining moddiy-texnik bazasi va kadrlar taʼminotidan kelib chiqib, hudud (Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri) darajasidagi davlat tibbiyot tashkilotlarida imtiyozli bemorlarda oʻtkaziladigan tibbiy tekshiruvlar uchun beriladigan hujjat;
elektron axborot tizimi — tibbiyot tashkilotlarida bemorlarga Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan tibbiy xizmat koʻrsatish uchun hisobga olish, navbatga qoʻyish va davolashga yoʻnaltirish imkonini beruvchi Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining axborot tizimi.
4. TTKning faoliyat yuritish tartibi, tibbiy xizmat turlari, hajmi, shuningdek, klinik protokollar hamda tashxislash va davolash standartlari Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan belgilanadi.
5. Imtiyozli bemorlarni tibbiyot tashkilotlariga elektron axborot tizimida tasdiqlanadigan yoʻllanmalar asosida yoʻnaltiriladi. Bunda:
bemor yoʻllanma asosida tibbiy xizmat koʻrsatish uchun tibbiyot tashkilotini oʻz xohishiga koʻra erkin tanlaydi;
tibbiyot tashkiloti va Jamgʻarma oʻrtasida tuzilgan shartnomada tibbiyot tashkilotining tibbiy xizmat koʻrsatishi mumkin boʻlgan (tuman (shahar), hududiy, respublika) darajasi aniq koʻrsatiladi;
tuman (shahar) darajasida tibbiy xizmat koʻrsatiladigan bemorlarga hududiy va respublika darajasidagi tibbiyot tashkilotlarida hamda hududiy darajada tibbiy yordam koʻrsatiladigan bemorlarga respublika darajasidagi tibbiyot tashkilotlarida davlat hisobidan tibbiy yordam koʻrsatilishiga yoʻl qoʻyilmaydi (shoshilinch va kechiktirib boʻlmaydigan tibbiy yordam koʻrsatish talab etiladigan hollar bundan mustasno).
6. Bemor tibbiy yordam olish uchun tegishli yoʻllanmasiz tibbiyot tashkilotiga bevosita murojaat etsa, tibbiy yordam pulli asosda koʻrsatiladi (shoshilinch va kechiktirib boʻlmaydigan tibbiy yordam koʻrsatish talab etiladigan hollar bundan mustasno).
Tibbiy hujjatlarning shakli, ularni toʻldirish va saqlash tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan belgilanadi.
2-bob. Bemorlarni tibbiyot tashkilotlariga yoʻnaltirish tartibi
7. Tibbiyot tashkilotlarida yoʻllanma asosida Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan tibbiy yordam (pulli xizmat koʻrsatuvchi tashkilotlar, boʻlim va oʻrinlar bundan mustasno):
tuman (shahar) darajasida — aholining barcha toifalariga, 2026-yil 1-iyuldan boshlab davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlari joriy etilgan hududlarda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlarini joriy etishga oid chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 5-sentabrdagi PQ-311-son qarorining 3-bandida nazarda tutilgan aholi toifalariga hamda qonunchilik hujjatlariga muvofiq muayyan yashash joyiga ega boʻlmagan shaxs deb topilgan shaxslarga;
hududiy darajada — imtiyozli bemorlarga, 2026-yil 1-iyuldan boshlab davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlari joriy etilgan hududlarda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 5-sentabrdagi “Davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlarini joriy etishga oid chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PQ-311-son qarorining 3-bandida nazarda tutilgan aholi toifalariga hamda qonunchilik hujjatlariga muvofiq muayyan yashash joyiga ega boʻlmagan shaxs deb topilgan shaxslarga;
respublika darajasida — imtiyozli bemorlarga, 2027-yil 1-yanvardan boshlab Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 5-sentabrdagi “Davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlarini joriy etishga oid chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PQ-311-son qarori 3-bandining beshinchi xatboshisida nazarda tutilgan aholi toifalariga hamda qonunchilik hujjatlariga muvofiq muayyan yashash joyiga ega boʻlmagan shaxs deb topilgan shaxslarga.
Bunda muayyan yashash joyiga ega boʻlmagan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi orqali elektron axborot tizimiga yuboriladi.
8. Imtiyozli toifaga kiruvchi shaxslar tibbiyot tashkilotlariga elektron axborot tizimi orqali mazkur Nizomga ilovaga muvofiq sxema asosida yoʻnaltiriladi.
9. Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan tibbiy yordam olish uchun elektron axborot tizimi orqali quyidagi tartibda yoʻnaltiriladi:
a) bemorlar tibbiy yordam olish uchun oʻzi biriktirilgan birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasiga (idoraviy tibbiyot muassasasi kontingenti oʻzi biriktirilgan muassasaga) murojaat qiladi va biriktirilgan oilaviy shifokor (shifokor) tomonidan tibbiy koʻrikdan oʻtkaziladi hamda bir ish kunida tuman (shahar) darajasidagi tibbiyot muassasasining yoki idoraviy tibbiyot muassasasining tor soha mutaxassisi (keyingi oʻrinlarda — tor soha mutaxassisi) koʻrigiga yoʻnaltiriladi;
b) tor soha mutaxassisi tomonidan bemorlar bir ish kunida amaldagi klinik protokollar hamda tashxislash va davolash standartlariga muvofiq tibbiy koʻrikdan oʻtkaziladi;
v) bemorlarga rejali statsionar sharoitda tibbiy yordam koʻrsatilishiga koʻrsatma boʻlmasa, ularga ambulator sharoitda davolanishi uchun tavsiya beriladi va biriktirilgan oilaviy shifokorga (shifokorga) qayta yoʻnaltiriladi;
g) bemorlarga statsionar sharoitda tibbiy yordam olishga koʻrsatma boʻlganda, tor soha mutaxassisi yoki oilaviy shifokor (idoraviy tibbiyot muassasasi shifokori) tomonidan tuman (shahar) darajasidagi tibbiyot muassasasida rejali statsionar tibbiy yordam olish uchun elektron axborot tizimi orqali yoʻllanma beriladi. Bunda bemorlar:
davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlari joriy qilingan hududlarda ularning xohishiga koʻra hududiy joylashuvidan qatʼi nazar, tibbiy sugʻurta mexanizmlari joriy etilgan barcha tibbiyot muassasalariga (Toshkent shahrida shahar darajasidagi tibbiyot muassasalariga);
davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlari joriy qilinmagan hududlarda doimiy yoki vaqtincha yashash (turar) joyi boʻyicha tuman (shahar) darajasidagi statsionar xizmat koʻrsatuvchi tibbiyot muassasasiga yoʻnaltiriladi;
idoraviy tibbiyot muassasalari kontingenti oʻzlari biriktirilgan tibbiyot muassasasiga yoʻnaltiriladi. Bunda idoraviy tibbiyot muassasalari tomonidan zarur tibbiy xizmatlarni koʻrsatish imkoni boʻlmagan taqdirda, idoraviy tibbiyot muassasalariga biriktirilgan kontingent oʻz xohishiga koʻra hudud yoki respublika darajasidagi tibbiyot muassasalariga, shuningdek, nodavlat tibbiyot tashkilotlariga yoʻnaltirilishi mumkin;
d) bemorning holati, tashxisi va tasdiqlangan kasalliklar roʻyxatiga muvofiq ularga tibbiy yordam hudud yoki respublika darajasidagi tibbiyot tashkilotlarida koʻrsatilishi lozim boʻlganda tor soha mutaxassisi bir ish kunida elektron axborot tizimi orqali hududiy darajada yoʻnalish boʻyicha tashkil qilingan TTKlarga yoʻllanmani tasdiqlash uchun soʻrovnoma yuboradi. Bunda:
bemorda imtiyoz toifasining mavjudligi, shuningdek, chet davlatlarning fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning Oʻzbekiston Respublikasining soliq rezidenti deb eʼtirof etilgan elektron axborot tizimida avtomatik ravishda tegishli vazirlik va idoralarning axborot tizimlarini integratsiya qilish asosida aniqlanadi;
imtiyoz toifasi mavjud boʻlmagan bemorlarga respublika darajasidagi tibbiyot tashkilotlarida Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan davolanish uchun yoʻllanma berilmaydi;
e) bemorning maʼlumotlari bir ish kunida hududiy darajada yoʻnalish boʻyicha TTKlar tomonidan oʻrganilib, tekshiruv va koʻrik natijalari tahlil qilinadi va bemorning Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 5-sentabrdagi “ Davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlarini joriy etishga oid chora-tadbirlar toʻgʻrisida ”gi PQ-311-son qarori yoki 2021-yil 28-iyuldagi “ Sogʻliqni saqlash sohasida ixtisoslashtirilgan tibbiy yordam koʻrsatish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ”gi PQ-5199-son qarori doirasida davolanish huquqini beruvchi yoʻllanma elektron axborot tizimida tasdiqlanadi.
Bunda tasdiqlangan kasalliklar roʻyxatiga muvofiq bemorga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 5-sentabrdagi “ Davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlarini joriy etishga oid chora-tadbirlar toʻgʻrisida ”gi PQ-311-son qarori boʻyicha hududiy darajadagi tibbiyot tashkilotida statsionar davolanish belgilansa, yoʻllanma tasdiqlashda mazkur Nizomning 9-bandi “n” kichik bandi tatbiq etilmaydi.
j) hududiy darajadagi TTKlar tomonidan tasdiqlangan kasalliklar roʻyxatiga muvofiq bemor Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 28-iyuldagi “Sogʻliqni saqlash sohasida ixtisoslashtirilgan tibbiy yordam koʻrsatish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-5199-son qarori doirasida statsionar davolanishi zarur deb topilsa, bemor maʼlumotlari bir ish kunida yoʻnalishlar boʻyicha respublika darajasidagi TTKga yoʻnaltiriladi. Bunda hududiy darajadagi TTK tomonidan zaruratga koʻra bir ish kunida bemorga qoʻshimcha tekshiruv va (yoki) tor soha mutaxassisi koʻrigi belgilanishi mumkin.
z) bemor maʼlumotlari respublika darajasidagi yoʻnalish boʻyicha TTKlar tomonidan oʻrganiladi va natijasi boʻyicha ikki ish kunida elektron axborot tizimi orqali xulosa beriladi. Bunda:
bemorga zaruratga koʻra qoʻshimcha tekshiruv va (yoki) tor soha mutaxassisi koʻrigi belgilansa, tekshiruv va (yoki) mutaxassis xulosasi olingandan soʻng ikki ish kunida yakuniy xulosa beriladi;
bemorlarga Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan rejali statsionar tibbiy xizmat koʻrsatish lozim boʻlgan tibbiyot tashkiloti darajasi tasdiqlanadi hamda maʼlumot elektron axborot tizimi orqali bemorning Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalidagi (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) shaxsiy kabinetiga hamda u biriktirilgan birlamchi tibbiy-sanitariya muassasasi yoki idoraviy tibbiyot muassasasiga yuboriladi;
i) bemorlarga tegishli birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalari (tuman (shahar) markaziy shifoxonasining maslahat-diagnostika boʻlimi) yoki YIDXPdagi shaxsiy kabineti (yoxud mobil ilova) orqali yoʻllanmani rasmiylashtirish jarayonini kuzatish hamda tibbiyot tashkilotini erkin tanlash imkoniyati beriladi.
Bunda bemor (uning qonuniy vakili) 30 kun davomida tegishli birlamchi tibbiy-sanitariya muassasalari (tuman (shahar) markaziy shifoxonasining maslahat-diagnostika boʻlimi) yoki YIDXPdagi shaxsiy kabineti (yoxud mobil ilova) orqali Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi bilan shartnoma tuzgan tibbiyot tashkilotlari roʻyxatidan tashxisiga mos ravishda davlat yoki nodavlat tibbiyot tashkilotini tanlaydi;
k) bemor (uning qonuniy vakili) tomonidan tibbiyot tashkiloti tanlangandan soʻng ushbu tibbiyot tashkilotida Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan davolanish uchun yoʻllanma rasmiylashtiriladi;
l) yoʻllanma asosida rejali statsionar tibbiy xizmat olish uchun navbatda turgan bemorlar qabul qiluvchi tibbiyot tashkiloti tomonidan ularning shifoxonaga kelish shart-sharoitlari toʻgʻrisida xabardor qilinadi;
m) rejali statsionar tibbiy xizmat olish uchun navbatda turgan bemorlarga shakllantirilgan yoʻllanma qabul qiluvchi tibbiyot tashkiloti tomonidan elektron axborot tizimi orqali bemor shifoxonaga yotish uchun taklif qilingan kundan boshlab 10 kun davomida amal qiladi. Bunda homiladorlik davridagi patologiyalari uchun shakllantirilgan imtiyozli yoʻllanmaning amal qilish muddati ushbu homiladorlik davomida cheklanmaydi;
n) bemor tomonidan davolanish uchun tibbiyot tashkiloti tanlanayotganda shakllantirilgan yoʻllanma qiymati elektron axborot tizimida avtomatik ravishda aniqlanadi va Davlat budjetidan Jamgʻarmaga maqsadli ajratilgan mablagʻlarning davriy (oylik, choraklik yoki yillik) hajmi qoldigʻi bilan solishtiriladi (homiladorlik davridagi va bolalar patologiyalari, orfan, irsiy-genetik kasalliklar hamda bemorni tegishli yoʻllanma asosida birlamchi qabul qilgan tibbiyot tashkilotidan boshqa tibbiyot tashkilotiga oʻtkazish uchun imtiyozli yoʻllanma rasmiylashtirish bundan mustasno).
Bunda:
mablagʻlar qoldigʻi yoʻllanma qiymatidan koʻp boʻlgan taqdirda, yoʻllanma tasdiqlanadi va mazkur qoldiq yoʻllanma qiymatiga teng qiymatga avtomatik ravishda kamaytiriladi;
mablagʻlar qoldigʻi yoʻllanma qiymatidan kam boʻlgan taqdirda, yoʻllanmani tasdiqlash shakllangan elektron navbat asosida keyingi oyga (chorakka yoki yilga) qoldiriladi;
Davlat budjetidan Jamgʻarmaga maqsadli ajratilgan mablagʻlar qoldigʻi keyingi oyda (chorakda yoki yilda) qoʻshib inobatga olinadi;
homiladorlik davridagi va bolalar patologiyalari, orfan, irsiy-genetik kasalliklar hamda birlamchi qabul qilgan tibbiyot tashkiloti tomonidan yoʻllanmani shakllantirishda maqsadli rejalashtirilgan mablagʻ yetarli boʻlmagan taqdirda, davolash xarajatlari Jamgʻarma tomonidan Davlat budjetidan qoʻshimcha ajratilgan mablagʻlar hisobidan qoplab beriladi;
o) Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning aʼzolari, oylik daromadi oila aʼzolarining har biriga minimal isteʼmol xarajatlari miqdorining 2 baravaridan koʻp boʻlmagan oilalarning aʼzolari hamda yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalarni tegishli “Saxovat va koʻmak”, “Ayollar daftari”, “Yoshlar daftari” jamgʻarmalari mablagʻlari hisobidan davolash uchun elektron axborot tizimida yoʻllanma tasdiqlashda bemorning yashash joyi boʻyicha “mahalla yettiligi”ning kollegial qarori mavjudligi tekshiriladi va elektron axborot tizimiga ilova qilinadi;
p) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 30-yanvardagi “Aholini ijtimoiy himoya qilish tizimini moliyalashtirish tartib-taomillarini takomillashtirish toʻgʻrisida”gi PF-17-son Farmonining 3 va 4-bandlari doirasida Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning aʼzolari hamda oylik daromadi oila aʼzolarining har biriga minimal isteʼmol xarajatlari miqdorining 2 baravaridan koʻp boʻlmagan oilalarning aʼzolarini davolash:
Jamgʻarma bilan imtiyozli toifaga kiruvchi shaxslarga koʻrsatilgan tibbiy yordam xarajatlarini qoplash boʻyicha shartnomasi mavjud tibbiyot tashkiloti tomonidan yoʻllanma asosida amalga oshiriladi;
tuman (shahar) darajasidagi yoki ushbu kichik bandning ikkinchi xatboshisida nazarda tutilmagan boshqa tibbiyot tashkilotlarida amalga oshirilgan taqdirda, “Saxovat va koʻmak”, “Ayollar daftari”, “Yoshlar daftari” jamgʻarmalari va Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan Jamgʻarma orqali moliyalashtirilmaydi.
10. Bemorlarni nodavlat tibbiyot tashkilotlariga statsionar tibbiy xizmatlar koʻrsatuvchi tashkilotlar darajasi boʻyicha belgilangan kasalliklar roʻyxatiga muvofiq tegishli TTK xulosasisiz toʻgʻridan-toʻgʻri yoʻllashga yoʻl qoʻyilmaydi. Bunda Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan davolanadigan kasalliklar roʻyxatiga muvofiqligi tasdiqlangandan soʻng bemorlar tanloviga koʻra ularni elektron axborot tizimi orqali nodavlat tibbiyot tashkilotlarida davolash uchun yoʻllanma rasmiylashtiriladi.
11. Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning aʼzolari, shuningdek, muayyan yashash joyiga ega boʻlmagan shaxslar hamda oylik daromadi oila aʼzolarining har biriga minimal isteʼmol xarajatlari miqdorining 2 baravaridan koʻp boʻlmagan oilalarning aʼzolari, shuningdek, muayyan yashash joyiga ega boʻlmagan shaxslar tomonidan davolanish uchun tibbiyot tashkiloti tanlanganda, mazkur toifadagi shaxslarni davolash uchun tanlangan tibbiyot tashkilotiga navbat elektron axborot tizimida alohida yuritiladi.
12. Tegishli TTK xulosasi uchun qoʻshimcha tekshiruv, mutaxassis koʻrigi, tibbiy hujjatlarga qoʻshimcha yoki aniqliklar kiritish zarurati boʻlgan hollarda, ikki ish kunida bemor ishtirokida yoki ishtirokisiz teletibbiyot orqali bogʻlanish tashkil qilinishi mumkin.
TTK xulosasi uchun amaldagi klinik protokollar hamda tashxislash va davolash standartlariga muvofiq zarur tibbiy tekshiruvlar tashxislash yoʻllanmasi asosida hudud darajasidagi davlat tibbiyot tashkilotlarida ularga Davlat budjetidan tibbiy xizmatlar xaridi uchun ajratilgan mablagʻlar doirasida oʻtkaziladi.
Bunda TTK elektron axborot tizimida tashxislash yoʻllanmasini asoslantirilgan holda shakllantiradi va bemorga taqdim etilishini taʼminlaydi hamda koʻrsatilgan tibbiy tekshiruvlar uchun bemordan qoʻshimcha toʻlov olinmaydi.
13. Yoʻllanma rasmiylashtirilgan bemorlarga tibbiy xizmat koʻrsatish yakuni boʻyicha chiqaruv epikrizidan koʻchirma elektron axborot tizimi orqali tegishli tuman (shahar) darajasidagi tibbiyot tashkilotiga, bemor biriktirilgan birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasi yoki idoraviy tibbiyot muassasasiga hamda bemorning YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga yuborilishi shart.
14. Bemorlar tibbiyot tashkilotlariga qabul boʻlimi (roʻyxatga olish boʻlimi) orqali qabul qilinadi. Bunda bemorlar tashkilotning ish tartibi, tibbiy xizmatlar roʻyxati, tibbiy xizmatni koʻrsatish va olish shart-sharoitlari, shifokorlar malakasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga oluvchi bepul, tushunarli va ishonchli axborot bilan taʼminlanishi shart.
Tibbiyot tashkilotida bemorlarni yoʻllanma asosida qabul qilishda, mazkur yoʻllanmaga muvofiq koʻrsatiladigan tibbiy yordam hajmi doirasida tashxislash, davolash va reabilitatsiya jarayonida bemorlarga pulli asosda tibbiy xizmatlar koʻrsatilishi hamda dori vositalari, tibbiy buyumlar va sarflash materiallarining ishlatilishiga hamda oʻz mablagʻlari hisobidan olib kelinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
15. Tibbiyot xodimlari tibbiy yordam koʻrsatishdan oldin bemorga yoki uning qonuniy vakiliga bemor sogʻligʻining holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni, shu jumladan, tekshirish natijalari, mavjud kasalligi va uni davolash usullari, davolash bilan bogʻliq xavf-xatar, tibbiy aralashuvning ehtimoliy turlari va oqibatlari, amalga oshirilgan davolashning natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etishlari shart.
Bemorlarning talabi boʻyicha ularga tibbiy hujjatlardan ularning salomatligi holatini aks ettiruvchi koʻchirma bepul taqdim etiladi. Bunda bemorlarga tibbiy hujjatlarning asl nusxalarini berish taqiqlanadi.
16. Bemorlarda tibbiyot tashkilotiga yotish uchun rasmiylashtirilgan yoʻllanmada koʻrsatilgan tashxisdan boshqa kasallik aniqlanganda yoki patologiya bilan tugʻilgan chaqaloqlarga dastlabki shoshilinch tibbiy yordam koʻrsatilgandan keyin rejali statsionar tibbiy yordamga zarurat tugʻilganda:
a) bemorni qabul qilgan tibbiyot tashkilotida uni davolash imkoniyati mavjud boʻlganda, bemorga shu tibbiyot tashkilotining oʻzida tibbiy yordam koʻrsatilishi mumkin. Bunda:
koʻrsatilgan tibbiy yordam uchun xarajatlar yangi aniqlangan boshqa kasallik yoki holatlar uchun tasdiqlangan bazaviy narxlar doirasida qoplab beriladi;
tibbiy yordam koʻrsatayotgan tibbiyot tashkilotiga aniqlangan kasallik yoki holatlardan kelib chiqib, bemorni davolash uchun qabul qilishga asos boʻlgan yoʻllanmadagi tashxisni elektron axborot tizimida oʻzgartirishga ruxsat beriladi. Mazkur holatlarning asoslangani Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan nazorat qilinadi;
yoʻllanmadagi oʻzgartirilgan tashxis asosida umumiy qiymatga elektron axborot tizimida tegishli oʻzgartirishlar kiritiladi;
b) bemorni birlamchi qabul qilgan tibbiyot tashkilotida davolash imkoniyati mavjud boʻlmaganda, mazkur tibbiyot tashkiloti tomonidan bemorni boshqa tibbiyot tashkilotiga oʻtkazish uchun imtiyozli yoʻllanma rasmiylashtirilib, boshqa tibbiyot tashkilotiga navbatsiz oʻtkaziladi;
v) patologiya bilan tugʻilgan chaqaloqlarga dastlabki shoshilinch tibbiy yordam koʻrsatilgandan keyin rejali statsionar tibbiy yordamga zarurat tugʻilganda ularni boshqa tibbiyot tashkilotiga oʻtkazish uchun yoʻllanma elektron axborot tizimida goʻdak tugʻilgan tibbiyot tashkiloti tomonidan shakllantiriladi va qabul qiluvchi tibbiyot tashkiloti bilan kelishilgan holda toʻgʻridan-toʻgʻri yoʻnaltiriladi va navbatsiz qabul qilinadi.
17. Respublika darajasidagi psixiatriya muassasalarida tibbiy yoʻsindagi majburlov choralari qoʻllanilgan, ruhiy holati buzilgan shaxslarga ixtisoslashtirilgan tibbiy yordam koʻrsatish zarurati tugʻilganda, ular psixiatriya muassasalari tomonidan yoʻllanma asosida toʻgʻridan-toʻgʻri tegishli respublika darajasidagi tibbiyot tashkilotlariga yoʻnaltiriladi.
17 1 . Ftiziatriya yoʻnalishida bemorlarga tibbiy yordam koʻrsatuvchi tibbiyot tashkilotlariga faol sil kasalligi bilan murojaat qilgan bemorlar, shuningdek, tashxislash jarayonida faol sil kasalligi aniqlangan shaxslar mazkur tibbiyot tashkilotlari tomonidan elektron axborot tizimi orqali yoʻllanma rasmiylashtirilib, toʻgʻridan-toʻgʻri va navbatsiz qabul qilinadi.
18. Yuqumli kasalliklar aniqlangan bemorlar yoʻnalish boʻyicha hududiy darajadagi tibbiyot tashkilotining tegishli elektron yoʻllanmasi bilan kvota asosida respublika darajasidagi yuqumli kasalliklar shifoxonasiga yoʻnaltiriladi.
Surunkali yuqumli kasalliklari mavjud boʻlgan bemorlar rejali ravishda hududiy muassasaning tegishli elektron yoʻllanmasi bilan respublika darajasidagi yuqumli kasalliklar shifoxonasiga yoʻnaltiriladi (shoshilinch va kechiktirib boʻlmaydigan epidemiologik hamda tibbiy yordam koʻrsatish talab etiladigan hollar bundan mustasno).
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
19. TTK raisi yoʻllanmalarning toʻgʻri va belgilangan muddatlarda shakllantirilishiga, tibbiyot tashkiloti rahbarlari bemorlarga tibbiy yordam koʻrsatilishida klinik protokollar hamda tashxislash va davolash standartlariga qatʼiy rioya qilinishiga javobgar hisoblanadi.
20. Bemor maʼlumotlarining TTK tomonidan belgilangan muddatlarda koʻrib chiqilishi, yoʻllanmalarning asoslangan holda tasdiqlanishi, koʻrsatilgan tibbiy xizmatlar sifatini baholash, shuningdek, tasdiqlangan klinik protokollar hamda tashxislash va davolash standartlariga muvofiqligi, Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi hamda idoraviy tibbiyot muassasalarining yuqori turuvchi tashkilotlari tomonidan, ajratilgan mablagʻlar samaradorligi va natijadorligini nazorat qilish Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda nazorat qilinadi.
21. Ushbu Nizom qoidalari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.
Davlat va nodavlat tibbiyot tashkilotlarida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan tibbiy yordam koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Imtiyozli toifaga kiruvchi bemorlarni tibbiyot tashkilotlariga elektron axborot tizimi orqali yoʻnaltirish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Oilaviy shifokor punktlari, oilaviy poliklinikalar, idoraviy tibbiyot muassasasi 1. Bemorlar oʻzi biriktirilgan birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasiga yoki idoraviy tibbiyot muassasasiga murojaat qiladi. Oʻz xohishiga koʻra 2. Biriktirilgan oilaviy shifokor (idoraviy tibbiyot muassasasi shifokori) tomonidan tibbiy koʻrikdan oʻtkaziladi hamda tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikasining yoki idoraviy tibbiyot muassasasining tor soha mutaxassisi (keyingi oʻrinlarda — tor soha mutaxassisi) koʻrigiga yoʻnaltiradi. 1 ish kunida 2-bosqich Tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikalari, idoraviy tibbiyot muassasasi Tor soha mutaxassisi bemorni tibbiy koʻrikdan, zarur hollarda qoʻshimcha tibbiy tekshiruvlardan oʻtkazadi hamda hududiy darajada yoʻnalish boʻyicha yoki idoraviy tibbiyot muassasasidagi tashkil qilingan tibbiy tayinlov komissiyalariga (keyingi oʻrinlarda — TTK) yoʻllanmani tasdiqlash uchun soʻrovnoma yuboradi. 1 ish kunida 3-bosqich Hududiy darajadagi tibbiy-tanlov komissiyasi 1. Tasdiqlangan kasalliklar roʻyxatiga muvofiq bemor hududiy darajadagi tibbiyot tashkiloti yoki idoraviy tibbiyot muassasasida statsionar davolanishi belgilansa, yoʻllanmani tasdiqlaydi hamda davolanishning taxminiy sanasi haqida maʼlumot beradi. 1 ish kunida 2. Bemor respublika darajasidagi tibbiyot tashkilotida statsionar davolanishi zarur deb topilsa, bemor maʼlumotlari yoʻnalishlar boʻyicha respublika darajasidagi TTKga yoʻnaltiridi. 1 ish kunida 4-bosqich Respublika darajasidagi tibbiy-tanlov komissiyasi 1. Bemor maʼlumotlari respublika darajasidagi yoʻnalish boʻyicha oʻrganadi va natijasi boʻyicha elektron axborot tizimi orqali xulosa beriladi. 2 ish kunida 2. Bemorga zaruratga koʻra qoʻshimcha tekshiruv va (yoki) tor soha mutaxassisi koʻrigi belgilansa, tekshiruv va (yoki) mutaxassis xulosasi olingandan soʻng yakuniy xulosa beradi. jamgʻarmasi bilan shartnoma tuzgan tibbiyot tashkilotlari roʻyxatidan tashxisiga mos ravishda davlat yoki nodavlat tibbiyot tashkilotini tanlaydi. 2 ish kunida 3. Bemor (uning qonuniy vakili) tegishli tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikasi, elektron axborot tizimi yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalidagi shaxsiy kabineti orqali qoʻyilgan tashxis asosida Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi bilan shartnoma tuzgan tibbiyot tashkilotlari roʻyxatidan tashxisiga mos ravishda davlat yoki nodavlat tibbiyot tashkilotini tanlaydi. 30 kun davomida 5-bosqich Tibbiy xizmat koʻrsatadigan tibbiyot tashkiloti 1. Davlat tibbiy sugʻurtasi jamgʻarmasi bilan shartnoma tuzgan tibbiyot tashkiloti yoʻllanmada belgilangan muddatda bemorni qabul qiladi. 10 kun davomida 2. Tibbiy xizmat koʻrsatish yakuni boʻyicha chiqaruv epikrizidan koʻchirmani elektron axborot tizimi orqali tegishli tuman (shahar) koʻp tarmoqli markaziy poliklinikasiga, bemor biriktirilgan birlamchi tibbiy-sanitariya muassasasi yoki idoraviy tibbiyot muassasasiga hamda bemorning Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalidagi shaxsiy kabinetiga yuboradi. Tibbiy xizmat koʻrsatish yakuni boʻyicha 3 kunda 3. Bemorga koʻrsatilgan tibbiy xizmat uchun toʻlovni undirish uchun Davlat tibbiy sugʻurta jamgʻarmasi bilan tuzilgan shartnoma shartlariga muvofiq ushbu Jamgʻarmaga murojaat qiladi. Shartnoma shartlariga muvofiq
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 4-noyabrdagi 694-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tizimidagi tibbiyot tashkilotlarida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobiga tibbiy yordam koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2017-yil 5-sentabrdagi 696-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 430-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 4-noyabr,
694 -son