UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 7-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 7 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 7 ноября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 7 November 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ҚОИДАЛАРИ

Фойдали қазилмаларни майдалаш, саралаш, бойитиш ҳамда руда ва концентратларни бўлаклашда ишларнинг хавфсизлиги қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг « Ер қаъри тўғрисида »ги, « Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида »ги ҳамда « Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида »ги қонунлари ижросини таъминлаш, шунингдек, фойдали қазилмаларни майдалаш, саралаш, бойитиш ҳамда руда ва концентратларни бўлаклашда саноат хавфсизлиги талаблари бажарилиши, ишчиларнинг соғлиғи ва ҳаётига бўлган зарар ҳамда хавфнинг олдини олишга қаратилган хавфсизлик талабларини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Фойдали қазилмаларни майдалаш, саралаш, бойитиш ҳамда руда ва концентратларни бўлаклашда ишларнинг хавфсизлиги қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин:

фойдали қазилмаларни майдалаш, саралаш, бойитиш ҳамда руда ва концентратларни бўлаклашда ишларнинг хавфсизлигини белгилаш;

фойдали қазилмаларни бойитиш фабрикаларида компрессор станциялари, юк кўтариш машиналари ва лифтларни, газ хўжалиги, босим остида ишлайдиган идишлар ва қувур йўлларни фойдаланишга қабул қилиш;

ишлаб чиқариш маҳсулотларини синаб кўриш.

2. Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири Б.Ф. Исламов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 705-сон қарорига ИЛОВА

Фойдали қазилмаларни майдалаш, саралаш, бойитиш ҳамда руда ва концентратларни бўлаклашда ишларнинг хавфсизлиги

1-боб. Асосий қоидалар

1. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг « Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида »ги, « Ер қаъри тўғрисида »ги ва « Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, фойдали қазилмаларни майдалаш, саралаш, бойитиш, ҳамда руда ва концентратларни бўлаклашда ишларнинг хавфсизлик тартибини белгилайди.

1-§. Атамалар ва таърифлар

2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги атамалар ва таърифлар қўлланади:

айланма сув таъминоти — сувдан бир хил истеъмолчилар доимий фойдаланиши шартларида, сувни тозалаш зарурлигини кўзда тутган рециркуляциялашга эга бўлган саноат сув таъминоти тизими;

бойитиш — минерал хомашёдан фойдали компонентларини таркиб жиҳатидан дастлабки хомашёдагидан ортиқ концентрациялари билан ажратиш мақсадида уни қайта ишлаш жараёнлари мажмуи;

бойитиш маҳсулотлари — фойдали қазилмаларни бойитиш жараёнида олинадиган маҳсулотлар (концентрат, оралиқ маҳсулоти, унинг чиқиндилари);

концентрат — минерал хомашёни бойитиш маҳсулоти бўлиб, унда қимматли компонентлар дастлабки материал (руда)дагига нисбатан юқори бўлади;

майдалаш — бўлакланган, минерал хомашёни ташқи механик кучлар таъсирида бўшатиш жараёни бўлиб, майдалаш агрегатларида амалга оширилади;

минерал хомашёни бойитиш жараёнида қуритиш — материалларни, шу жумладан, бойитиш маҳсулотларини сувсизлантириш жараёни бўлиб, қиздириш пайтида намни буғлантиришга асосланади;

оқова сувлар — одамлар томонидан маиший ва ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланилгандан кейин чиқариладиган сувлар. Оқова сувлар кейинчалик фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда белгиланган меъёрларда тозаланиши шарт;

таснифлаш — хомашёнинг донодорлик ва ярим дисперслик ўлчами бўйича бир жинсли бўлмаган зарраларини ҳар хил йириклик турларига ажратиш жараёни бўлиб, ғалвирлаш, гидравлик (пневматик) таснифлаш ёрдамида ёки марказдан қочма майдонда амалга оширилади;

флотация — фойдали қазилмаларни ўзига хос сирт энергиялари фарқи туфайли фазалараро, шу жумладан, сувли муҳитдаги сиртда қолиш қобилиятининг фарқига асосланган фойдали қазилмаларни бойитишнинг бир тури;

ғалвирлаш — материални йириклик турларига ажратиш жараёни бўлиб, элайдиган юзалари бўлган қурилмалар (ғалвирларда) амалга оширилади;

қуюлтириш — пульпани қуюлтирилган маҳсулотга ва тўкиш орқали суюқ фазага ажратиш жараёни бўлиб, қаттиқ зарраларни оғирлик кучи ва марказдан қочирма кучлар таъсирида пульпага чўктириш (ўтказиш) натижасида содир бўлади;

чиқиндилар — таркиби асосан жинс ҳосил қилувчи минераллар ва таркибида фойдали компонентлари миқдори озгина бўлган бойитиш жараёни чиқитлари, уларни тўлиқ ажратиш учун айрим ҳолларда технологик жиҳатидан қайта ишлаш мумкин;

шлам тўплагич (чиқинди омбори) — қайта ишланган хомашёнинг ағдарма маҳсулотларини (бойитиш чиқиндиларини) гидравлик ётқизиш, уларни чўктириш, айланма сув таъминоти учун фойдаланиладиган техник сувнинг чиқинди пульпаларидан ажратишга мўлжалланган гидравлик иншоот.

2-§. Умумий талаблар

3. Ерости шароитларида ва конларда фойдали қазилмаларни қайта ишлаш мазкур қоидалар талабларини ҳисобга олган ҳолда ва соҳага оид норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда ўтказилиши керак.

4. Фойдали қазилмаларни бойитиш фабрикаси, заводи, цехи ва бошқа ишлаб чиқариш объектини (кейинги ўринларда — фабрика) қуриш, қайта таъмирлаш ва фойдаланишга топшириш ушбу қоидалар ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган талабларига мувофиқ амалга оширилади.

5. Янги ва қайта таъмирланган фабрикалар, шунингдек, ишлаб турган фабрикалардаги объектлар қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ фойдаланишга қабул қилинади.

Хавфли ишлаб чиқариш объектларини фойдаланишга қабул қилиб, ишга тушириш жараёнида хавфли ишлаб чиқариш объектининг лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлиги текширилади, хавфли ишлаб чиқариш объектини ишга тушираётган корхонанинг тайёрлиги ва хавфли ишлаб чиқариш объектида авариялар оқибатининг олдини олиш ва бартараф этишга тайёрлиги кўриб чиқилади.

6. Қурилиши тугалланмаган, меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси, ишлаб чиқариш санитарияси ҳолати талаб доирасида бўлмаган ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган хавфли ишлаб чиқариш объектларини фойдаланишга топшириш тақиқланади.

7. Фабриканинг хавфли ишлаб чиқариш объектларининг ҳар битта майдони (объект, бўлинма) учун ёнғин ва портлаш хавфи тоифаси белгиланган бўлиши ва тегишли хавфсизлик чоралари кўрилган бўлиши шарт.

8. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фабрикаларда меҳнатни муҳофаза қилиш ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари ташкил этилади.

Ташкилот раҳбари фабрикадаги ишлаётган ходимлар сони, иш шароити, касбга оид хавф-хатар даражаси ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда хизмат тузилмаси ва хизматдаги ходимлар сонини белгилайди.

Меҳнатни муҳофаза қилиш ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фабриканинг техник раҳбарига тўғридан-тўғри бўйсунади.

9. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 апрелдаги 246-сон қарори билан тасдиқланган Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари раҳбарлари ва мутахассислари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида 72 академик соатдан кам бўлмаган малака ошириш курсларини ўтишлари керак.

10. Ҳар бир фабрикадаги механизм, жиҳоз, алоқа йўллари, бино ва иншоотларнинг хавфсиз ҳолати ва уларни тўғри фойдаланишга топшириш юзасидан тизимли назорат ўрнатилган бўлиши керак. Хавфи юқори бўлган барча ишлар наряд-рухсатномалар бўйича бажарилиши лозим.

11. Фабрика раҳбари (унинг ўринбосари) назоратни амалга ошириш тартибини белгилайди ва хавфи юқори бўлган ишлар рўйхатини тасдиқлайди.

Фабрика раҳбарияти барча участкаларда (цехлар, бўлимларда) меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси ҳолати бўйича раҳбарлар ва мутахассисларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлайди.

12. Фойдаланишга қабул қилинаётган барча объектлар ускуна ва механизмларга хизмат кўрсатиш хавфсизлиги бўйича йўриқномалар, технологик жараённи юритиш хавфсизлиги бўйича технологик хариталар (йўриқномалар), шунингдек, тегишли малакага эга ва ишларни бажариш хавфсизлиги бўйича ўқитилган ишчи-хизматчилар билан таъминланган бўлиши керак.

13. Фабрикага ишга кираётган (ишга қабул қилинаётган) ва бир ишдан бошқа ишга ўтказилаётган барча ходимлар, хизматчилар ва муҳандис-техник ходимлар (кейинги ўринларда — МТХ) дастлабки ва даврий равишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тиббий текширувдан ўтишлари керак.

Тасдиқланган рўйхатга биноан ходимларнинг алоҳида тоифалари иш шароитининг таъсир қилишини кўриб чиқиш бўйича соғлиқни сақлаш органлари белгилаган тартибда даврий тиббий кўрикдан ўтадилар.

14. Фабриканинг барча ишчи-ходимлари, шунингдек, раҳбарлари ишга қабул қилинаётганда меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитилиши, йўл-йўриқдан ўтиши ва билимлари текширилиши керак, шунингдек, белгиланган тартибда мутахассисликлари ва иш турлари бўйича давлат назорати органлари томонидан ўрнатилган муддатларда қайта текширилиши лозим.

Қамбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат инспекциясининг ҳудудий органлари ва тегишли касаба уюшмаси билан келишган ҳолда фабрикаларда ишчиларнинг лавозим ва меҳнат муҳофазаси юзасидан билимлари текшириладиган рўйхати бўйича низом ишлаб чиқилиши ва корхона раҳбари томонидан тасдиқланиши лозим.

15. Ходимларни хавфсиз ишлаш услублари бўйича ўқитишни тўғри ташкил этиш ва уни умумий бошқариш жавобгарлиги фабрикалар раҳбарлари ва бошқарув органларига юклатилади. Бўлимларда (цехларда) ходимлар ва усталарни хавфсиз ишлаш услублари билан ўқитиш ушбу бўлинмаларнинг раҳбарларига юклатилади.

Ходимларни хавфсиз ишлаш услублари билан ўз вақтида ва сифатли ўқитишни назорат қилиш меҳнатни муҳофаза қилиш хизматига юклатилади.

16. Ишга кираётган ёки бир ишдан бошқа ишга ўтказилган ходимларнинг мустақил ишлашига, улар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтказилиб, зарур малакавий тажрибага эга бўлганларидан ва билимлари текширилгандан сўнг рухсат берилади.

Ўта хавфли ишларга ҳамда буғ ва сув иситиш қозонларига, кўтариш иншоотларига, босим остида ишлайдиган идишларга, электр қурилмаларига, махсус механизм ва машиналарга хизмат кўрсатишга ушбу йўналишлар бўйича махсус ўқитилиб, тегишли ҳужжатга эга бўлган ходимлар қабул қилинади.

17. Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг тоғ-кон техника йўналиши талабалари биринчи ишлаб чиқариш амалиётини ўташдан олдин икки кун ўқитилишлари ва хавфсизлик техникаси бўйича фабрика бўлимларининг имтиҳон комиссиясига имтиҳон топширишлари керак. Кейинги амалиётни ўташларидан олдин улар йўл-йўриқ олишлари ва хавфсизлик техникаси бўйича фабрика бўлимларининг имтиҳон комиссияси томонидан уларнинг билимлари текширилиши керак.

18. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар дастлабки, даврий ва навбатдан ташқари турларига бўлинади.

Ҳар бир ходим йўл-йўриқдан ўтказилишида улар, хавфсиз услуб ва усуллар билан тўғри иш бажаришига ўқитилади, жиҳозлар, механизмлар, мосламаларнинг тавсифлари ва конструктив ўзига хос хусусиятлари, рўй бериши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олишга ҳамда хавфсиз услуб ва усуллар билан иш жойини тайёрлашга ўқитилади.

Бўлиманинг масъул устасига ўзига бевосита бириктирилган ходимларни иш жойида йўл-йўриқдан ўтказиш бевосита юклатилади. Баъзи ҳолларда йўриқнома мазкур керакли йўналишдаги мутахассис иштирокида ўтказилади (механик, энергетик, технолог ходимлар, конструктор-навбатчилар ва бошқалар).

Электр-энергияси хавфсизлиги бўйича электротехник ходимларга йўриқнома ва малака гуруҳи бош энергетик хизмати ходимлари томонидан берилади.

Иш жойидаги йўриқнома бевосита цех бошлиғи томонидан корхона бош муҳандиси тасдиқлаган амалдаги қоидалар ва меҳнат хавфсизлиги йўриқномаларига асосланиб ишлаб чиқилган дастурга биноан ўтказилади.

19. Ходимларга иш жойида амалиёт ўтаб, тажриба орттирганидан сўнг бирламчи йўриқнома бевосита мустақил иш бошлашидан олдин ўтказилиши шарт, бошқа ишга ёки участкага ўтказилганда иш хусусиятлари ўқитилади (ишлаб чиқариш меҳнат шароитлари ўзгарганда).

Ташкилотга ишга кираётган ходимлар учун амалиёт тажрибали малакали ходимлар томонидан ўтказилиши керак. Ходимларни амалиёт ўташга бириктириш цех бошлиғининг ёзма фармойиши билан ўқитиш даври ва масъул шахснинг (уста) доимий назорат олиб борилиши кўрсатилиб расмийлаштирилади.

20. Ҳар бир ишчи ишни бошлашдан олдин сақловчи қурилмалар, иш учун зарур бўлган асбоблар, механизм ва мосламаларнинг борлиги ва созлигини текшириши керак. Агар ишчи ўзи бартараф эта олмайдиган нуқсонларни аниқласа, у ишга киришмасдан бу ҳақда ўзининг бевосита раҳбарига хабар бериши керак.

Ходимлар касби бўйича меҳнат стажи ва малакасидан қатъи назар, 6 ойда камида бир марта меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича даврий йўл-йўриқдан ўтишлари шарт.

21. Барча ходимлар, раҳбарлар ва мутахассислар бахтсиз ҳодисалардан жабр кўрганларга шифокор қабулигача, шу жумладан, касбий заҳарланишларда ва электр токи орқали шикастланишларда ёрдам кўрсатиш бўйича малакага эга бўлишлари керак.

Зарарли ва токсинли моддалар мавжуд цех ва бўлинмаларда ишлайдиган ходимлар заҳарли моддалардан фойдаланиш қоидалари бўйича ўқитиш курсларига боришлари ва имтиҳон топширишлари керак.

22. Барча ходимларнинг мустақил иш бошлашидан олдин ёки бир ишдан бошқа ишга ўтказилганда, йўриқнома ва амалиётдан ўтгандан сўнг меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва йўриқномалар бўйича билимлари текширилиши шарт.

Ҳар йили жадвалга асосан, ходимларнинг билимлари даврий текширилиши керак.

Раҳбарлар ва мутахассисларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимлари бошқарув органининг доимий фаолият кўрсатувчи имтиҳон комиссияси томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда текширилади.

Раҳбарлар ва мутахассислар лавозимга тайинлангандан кейин бир ой ўтмасдан меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги соҳасидаги малака ошириш курсларини ўқишлари ҳамда бирламчи билимлари имтиҳон комиссияларида текширилиши керак.

23. Ишлаб чиқаришнинг мураккаблиги ва технологик жараённинг хавфлилиги, фабрикада ишлаётган ходимларнинг сони ва касбга доир хавф-хатар даражасидан келиб чиқиб, раҳбарлар ва мутахассисларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ва ушбу Қоидаларни билишлари бўйича билимлари уч йилда камида бир марта текширилади.

Билимларни текшириш натижалари бўйича далолатнома расмийлаштирилади ҳамда имтиҳон комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзо қўйилиб тасдиқланади.

Билимларни текшириш баённомалари олти йилдан кам бўлмаган муддатда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматида ёки кадрлар бўлимида сақланади.

24. Меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги бўйича ўзгартириш киритилган ёки янги қабул қилинган норматив ҳужжатлар амалга киритилса, янги технологик жараёнлар ишга туширилса, ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги бўйича қўшимча билимлар талаб этиладиган бошқа лавозимга тайинланса, шунингдек, бахтсиз ҳодиса, авария, портлаш, ёнғин ёки заҳарланишга йўл қўйилса, иш стажида бир йилдан кўп узилишлар бўлса ёки назорат қилувчи органларнинг талаблари бўйича раҳбар ва мутахассис ходимлар навбатдан ташқари меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги талаблари бўйича билимлари имтиҳон комиссияси томонидан қайта текширилиши керак.

25. Фабрика раҳбари ходимларни ўз вақтида махсус кийим ва пойабзал, алоҳида ҳимоя воситалари, гигиеник ва бошқа воситалар билан ўрнатилган меъёрлар бўйича таъминлаши керак.

Фабрикада газ ниқоблари, респираторлар, шунингдек, бошқа алоҳида ҳимоя воситаларидан фойдаланиш вақтини ҳисобга олиб ташкил қилинган бўлиши ва уларни даврий текшириш, кейинги фойдаланиш учун яроқсиз воситаларни истеъмолдан чиқариш, ўрнатилган ресурснинг ишлатилган қисми алмаштирилиши керак.

Ходимларнинг индивидуал ҳимоя воситаларини сотиб олиш, сақлаш, ювиш, тозалаш, тузатиш, дизенфекция ва зарарсизлантириш иш берувчининг ҳисобидан амалга оширилади.

26. Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ меҳнат шароитлари, бинолар, иншоотлар, жиҳозларни ишлатишда ходимларнинг хавфсизлиги, технологик жараёнларни амалга оширишда, ишлаб чиқаришда хомашё ва материалларни қўллаганда, ишни бажаришда ва хизмат кўрсатишда, иш жойларида меҳнат шароитларини назорат қилишда, айниқса зарарли ва хавфли ишлаб чиқаришда таъсир этувчи омиллардан ҳар бир иш жойи ҳимояланиши керак.

Иш жойларининг ҳолатини ишлаб чиқариш назоратчиларининг текшириш даврийлигини фабрика раҳбари белгилайди (сменада камида бир марта).

27. Меҳнат қилиш хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ва ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган иш жойларида ходимларнинг ишлаши тақиқланади. Ушбу иш жойларида ишларни фақат ходимларнинг ҳаёти ва соғлигига хавф туғдирувчи зарарлар бартараф этилганидан сўнг ёки қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилганда бажариш мумкин.

28. Ходимларга меҳнат шароитлари бўйича белгиланган кафолатлар ва имтиёзлар тегишли иш жойлари бўйича меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги бўйича ўтказилган аттестация натижалари асосида белгиланади. Бунда фабриканинг иш жойлари меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан камида беш йилда бир марта ўтказилиши керак.

Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларга иш жойида ишлаш муҳити бўйича кўзда тутилган имтиёзлар ва компенсациялар, нафақани имтиёзли шартларда берадиган ишлаб чиқариш, ташкилот, ишлар, мутахассисликлар, лавозимлар ва кўрсатмалар рўйхатларида белгиланган ногиронлар ишлаган ҳамда хавфли ишлаб чиқариш объектларида иш жойлари меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси камида беш йилда бир марта ўтказилиши керак.

29. Механизмларга электр-энергияси хавфсизлиги бўйича ўқитилган ва камида электр-энергияси хавфсизлиги бўйича II-малака гуруҳига эга ходимлар (шахслар) томонидан хизмат кўрсатилади ва улар таъмирланади.

30. Ҳар бир ходим иш бошланиши олдидан иш учун зарур бўлган сақлаш қурилмалари, асбоблар, механизм ва мосламаларнинг мавжудлиги ва созлигини текшириши лозим. Ўзи томонидан бартараф этиб бўлмайдиган камчиликлар аниқланган тақдирда, ходим ишга киришмасдан улар ҳақида ўзининг бевосита раҳбарига хабар бериши шарт.

31. Ишчиларнинг бир йўла бир неча касбда ишлашига, агар улар тегишли малакага эга ва ишламоқчи бўлган барча касблар бўйича йўл-йўриқ олган бўлсагина рухсат этилади.

32. Фабрикадаги ишларнинг техник раҳбарлигига тегишли ихтисослик бўйича олий ва профессионал таълим ташкилотларини тугатган шахслар қўйилади.

Чиқинди хўжалиги объектлари устидан, қоидага кўра, гидротехник ихтисослиги бўйича олий ва техник профессионал касбий таълим ташкилотларида махсус тайёргарликдан ўтган шахслар томонидан техник раҳбарлик қилинади.

33. Барча иш жойлари ва уларга бориш йўллари тоза сақланиши керак.

Материаллар, эҳтиёт қисмлар, жиҳозлар, ишлаб чиқариш чиқиндиларини сақлаш учун махсус жойлар ташкил қилинган бўлиши керак. Иш жойлари ва уларга бориш йўлларини банд қилишига йўл қўйилмайди.

Ходимларга наряд — топшириқ бериладиган хоналарда, иш жойларида ишга вазифалар бериладиган, агрегатларнинг ёнида ва одамлар ҳаракатланадиган йўлакларда меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўйича плакатлар, йўриқномалар ва белгилар осилган бўлиши керак.

34. Бевосита иш жойида чекиш ва овқатланиш, шунингдек, техник ёки ишлаб чиқариш сув қувурларидан сув ичиш тақиқланади.

Чекиш ва овқатланиш учун махсус бинолар (жойлар) жиҳозланган бўлиши керак. Ичимлик суви таъминоти бочкаларда, фавворали жўмракларда ёки махсус флягаларда фабрика раҳбарияти томонидан таъминланиши керак. Иссиқ цехларда ишлайдиганлар газланган салқин ичимлик суви билан таъминланиши лозим.

35. Барча хизмат кўрсатиш майдончалари, ўтиш кўприкчалари ва зиналар мустаҳкам, пишиқ бўлиши ҳамда остидан 0,14 метр баландликда яхлит қоплама ўрнатилган камида 1 метр баландликдаги тўсиқлар билан жиҳозланган бўлиши керак.

36. Иш майдонлари ва механизмларнинг зиналари қуйидагича қиялик бурчагига эга бўлишлари керак:

доимий эксплуатация қилинадиганлари кўпи билан 45°;

зумпфлар ва қудуқлардагилари 90°;

сменада 1-2 марта ўтиладиганлари кўпи билан 60°гача.

Зинанинг кенглиги камида 0,6 метр, поғоналар баландлиги кўпи билан 0,3 метр, поғоналар кенглиги камида 0,25 метр бўлиши керак. Зумпфлар ва қудуқларга тутқичлар (скобалар) ўрнатишга йўл қўйилади.

37. Бинода ва фабрика ҳудудида жойлашган барча монтаж тешиклари, ёнбош чуқурлар, зумпфлар, қудуқлар, ариқ ва бошқалар баландлиги 1 метр, пасти бўйлаб 0,14 метр баландликда яхлит қопламаси бўлган тўсиқлар билан ўралган ёки бутун юза бўйлаб тўшамалар (панжаралар) билан тўсилган, керакли жойларда эса баландлиги камида 1 метр бўлган ўтиш кўприкчалари билан жиҳозланган бўлиши керак.

38. Қувурлар, новлар ва бошқа коммуникациялар иш майдонларини банд қилмаслиги керак, улар йўлаклар ва иш майдончаларини кесиб ўтадиган бўлса, пол сатҳидан 2 метр баландликда жойлаштирилиши керак.

Реагент ўтказгичлар, ўтиш йўллари ва иш майдончалари тагликлар билан жиҳозланган бўлиши, йўлак (иш майдончаси) сатҳидан тагликнинг чиқиб турадиган қисмигача баландлиги камида 1,8 метр бўлиши керак.

39. Масофали бошқаришга эга бўлмаган бекитиш арматурасига ва пол сатҳидан 1,5 метр дан баландроқда жойлашган назорат-ўлчов асбобларидан фойдаланишга хизмат кўрсатиш учун эни камида 0,8 метр ва суянчиғининг баландлиги камида 1 метр бўлган тўсиқлар билан чегараланган кўчмас майдонлар қурилган бўлиши керак.

40. Машиналар ва аппаратларнинг оралиғидаги ва девордан жиҳозлар габаритларигача бўлган минимал масофа қўйидагича бўлиши керак:

асосий йўлакларда камида 1,5 метр;

девор ва машиналар орасидаги иш йўлакларида камида 0,7 метр;

машиналар орасидаги иш йўлаклари ёнида камида 1 метр;

машиналар ҳамда девор (қурилиш конструкцияси) ва машиналар орасидаги нормал иш йўлакларига риоя қилган ҳолда торайган жойлар камида 0,7 метр;

хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун бакларга, чанларга, резервуарларга бориш йулаклари камида 0,6 метр.

Энг кам миқдор масофа деганда машиналар, пойдеворлар чиқиш қисмларининг, бино тўсиқлари ва деворларининг оралиғидаги уларга маҳкамланган қувур йўллари, аппаратуралар ва шу кабиларни ҳисобга олган ҳолда ёруғликдаги ўлчовлар тушунилади.

41. Жиҳозни таъмирлаш вақтида йирик алмашинадиган механизм қисмларини ва деталларни транспортлаш учун мўлжалланган йўлакларнинг минимал кенглиги томонларига 0,6 метр қўшиш билан тугунлар ва деталларнинг энг кўндаланг тушган ўлчовлари орқали аниқланади.

42. Ҳар бир бахтсиз ҳодиса тўғрисида жабрланувчи ёки ушбу ҳодисанинг гувоҳи бўлган шахс зудлик билан бўлим, фабрика раҳбарига хабар бериши керак.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва меҳнатга оид ходимларнинг иш мажбуриятларини бажаришидаги соғлиқларининг турли шикастланишлари, шунингдек, касб касалликлари ҳамда фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар муносабатида иш бажараётган шахслар билан ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва меҳнатга оид турли шикастланишлари, касб касалликлари қонунчиликда белгиланган тартибда текширилади, рўйхатга ва ҳисобга олинади.

Хавфли ишлаб чиқариш объектларида юз берган аварияларнинг техник сабаблари қонунчиликда белгиланган тартибда текширилади.

43. Мўрилар (туйник) соҳага оид норматив ҳужжатларда ўрнатилган тартибда фойдаланишга қабул қилинади.

44. Пудратчи ташкилотлар корхонадаги ишларни ушбу Қоидалар талабларига қатъий амал қилган ҳолда бажариши керак.

Ёзма буйруқ-рухсатномага кўра берилган цех, корхона майдонида ушбу Қоидаларни бажариш учун жавобгарлик шу майдонда ишлар бажараётган бошқа ташкилот раҳбарига юклатилади.

3-§. Жиҳозлардан фойдаланиш

45. Фабрикаларда компрессор станциялари, юк кўтариш машиналари ва лифтлар, газ хўжалиги, босим остида ишлайдиган идишлар ва қувур йўллари соҳага оид норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилиниши шарт.

46. Машиналар ва механизмларнинг барча ҳаракатланадиган ва айланадиган қисмлари, юритма ва узатманинг худди шундай элементлари, уларга яқин боришга имкон бермайдиган, ишончли маҳкамланган тўсиқларга эга бўлиши керак.

47. Айланадиган қисмлари (валлар, муфталар, барабанлар ва бошқалар) яхлит ёки катакларининг ўлчамлари кўпи билан 25х25 миллиметр бўлган тўрсимон тўсиқларга эга бўлиши шарт.

Конвейерлар барабанлари тўрсимон тўсиғи катакларининг ўлчамлари кўпи билан 40х40 миллиметр бўлишига йўл қўйилади. Жойлашган баландлиги ва ҳаракатланиш тезлигидан қатъи назар, тишли ва занжирли узатмалар яхлит тўсиқларга эга бўлиши керак.

48. Машиналарни ишга туширишда хизмат кўрсатувчи ходимнинг хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш лозим. Жиҳозларни ишга туширишдан олдин огоҳлантирувчи ёруғлик ёки товушли сигнал берилиши шарт.

Кўриниш ҳудудида ташқарида турган жиҳозларни ишга туширишдан олдин ишга тушириладиган барча механизмларнинг ёнида эшитилиши фарқ қиладиган, давомийлик вақти камида 10 сония бўлган огоҳлантирувчи сигнал берилиши шарт.

Биринчи сигнал берилгандан кейин камида 30 сония танаффус кўзда тутилиши шарт, шундан кейин жиҳозларни ишга туширишдан олдин давомийлиги 30 сония бўлган огоҳлантирувчи сигнал берилиши шарт. Механизмлар ва жиҳозларни ишга тушириш ишга туширишдан олдинги сигнализацияни таъминловчи қурилмалар билан бирлаштирилган бўлиши шарт.

Шу билан бирга, жиҳозларнинг ишга туширилиши радиокарнайли алоқа орқали ишга туширилаётган жиҳознинг номи ва технологик рақами айтилиши билан билдирилади. Шовқин даражаси юқори бўлган жойларда такрорланувчи ёруғлик сигнализацияси кўзда тутилиши шарт. Жиҳозни ишга туширишдан олдин бериладиган сигнал тартиби билан хизмат кўрсатиш ва уни фойдаланишга қабул қилишга алоқадор корхона ходимларининг ҳаммаси таништирилиши шарт. Бериладиган сигналларнинг шартли белгиланишлари иш жойларига осиб қўйилади.

49. Фабрика раҳбари томонидан тайинланган комиссия жиҳозни фойдаланишга қабул қилиши шарт.

Жиҳоз тўхтатиб қўйиш ва монтаж ёки таъмирдан кейин ишга тушириш ёрлиқ тизими қоидаларига риоя қилган ҳолда ва фақат техника назорати ходими ёки таъмирлаш-монтаж ишларини ўтказган бригадир иштирокида, хавфли ҳудудда одамлар йўқлиги текширилгандан кейин ишга туширилиши керак.

50. Ишлаётганда жиҳознинг ҳаракатланувчи қисмлари ва тўсиқларини таъмирлаш, уларга хизмат кўрсатиш, механизмларни мойлаш ёки қўл билан йиғиштириш тақиқланади.

51. Электр энергиясининг берилиши, узатилиши тўхтаганда ёки бирор сабаб билан тўхтатилганда жиҳоз юритмасининг ўз-ўзидан ишлаб кетишига йўл қўйиб бўлмайдиган барча электр моторлари уланишини чеклайдиган (автомат тарзда ўчувчи) қурилмага эга бўлиши керак.

52. Фабрикада сменани қабул қилиш ва топшириш, агрегатларни кўздан кечириш тартиби ишлаб чиқилган ва раҳбар (бош муҳандис — раҳбар ўринбосари) томонидан тасдиқланган, уларни бажаришнинг белгиланган тартибига риоя этилишини участка (цех, бўлинма ва фабрика) назорати томонидан текшириш даврийлиги белгиланган бўлиши шарт.

53. Жиҳоз паспортлари, технологик карталари ва фойдаланиш қоидаларида ёки махсус йўриқномаларда белгиланган техник идора усулларига риоя этилган ҳолда фойдаланишга қабул қилиниши зарур.

54. Жиҳоз, асбоб ва мосламаларни кўздан кечириш, синаш ҳамда даврий текшириш амалдаги йўриқномалар ва фойдаланиш қоидаларига тегишли равишда ўтказилиши шарт. Носоз жиҳозда ишлаш, носоз мосламалар ва асбоблардан фойдаланиш тақиқланади.

4-§. Ёнғин хавфсизлиги

55. Ишлаб чиқариш бино (хона)лари ва ёнғинга қарши инвентарлар соҳага оид норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда сақланиши ҳамда улардан фойдаланилиши шарт.

5-§. Ишлаб чиқариш маҳсулотларини жойлаштириш ва синаб кўриш

56. Ишлаб чиқариш маҳсулотлари, қоидага кўра, автоматик идора усулида ёки масофадан бошқариладиган механик намуна олгичлар билан синаб кўрилиши шарт.

Қўлда синаб кўриш фақат технолгик схемада белгиланган, фабрика раҳбари (унинг ўринбосари) томонидан белгиланган нуқталарда амалга оширилиши мумкин. Намуна (проба)ларни олиш учун қулай ва хавфсиз, маҳаллий ёритиш ва тўсиққа эга бўлган жой (майдонча)лар жиҳозланган бўлиши шарт. Тасодифий, жиҳозланмаган нуқталардан намуналар олиш тақиқланади.

57. Қадоқлаш-жойлаш автоматлари ва қадоқлаш линияси машинистининг иш жойи ҳудудида тайёр маҳсулотларни пакетлар, қутилар ва халталарга шу иш жойи учун ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган паспортга мувофиқ жойлаштирилиши зарур.

58. Қадоқлаш машиналарининг хонаси тайёр маҳсулот омборидан конвейер ленталари ўтадиган тешиклар бўлган девор билан ҳимояланган бўлиши шарт. Тешиклар конвейерда маҳсулот ўтишига тўсиқлик қилмайдиган, махсус этаклар ёки пардалар кўринишидаги шиббалагичлар билан ёпилган бўлиши керак.

59. Қадоқлаш машинаси машинстининг иш жойига тайёр маҳсулот жойланадиган қоғоз, қоп, қутилар ва шу кабилар механизациялаштирилган усулда етказиб берилиши шарт.

Тайёр маҳсулотлар солинган халталарни йўналтириш учун пресс-конвейерлар олдига махсус йўналтиргич ўрнатиш лозим.

60. Хоналарда жойлаштирилган шнекли юк туширгичларга хизмат кўрсатувчи ходимларнинг эркин ўтиши учун юк туширадиган тешиклари бекитиладиган кўчма қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши шарт.

Шнекли юк туширгичлар аравача юриш йўлини чегараловчи қурилмага эга бўлиши шарт.

2-боб. Материалларни майдалаш ва янчиш

1-§. Рудани етказиб бериш, қабул қилувчи ва оралиқ бункерлар

61. Рудани қабул қилиш биноси (бўлинмаси) олдига таркибларнинг юк ортилган вагонларининг (поездлар, ағдарма машиналар, скиплар, арқон йўллар ва бошқалар) бункерлар майдончасига киришларига рухсат берувчи ёки киришларини тақиқловчи йўлчироқ (светофор) ўрнатилган бўлиши керак. Айрим ҳолатларда юклар бункер олдига ўрнатилган ва кўтарма ғов билан тўсилган йўлчироқлар(светофор)нинг рухсат бериш сигналларида туширилиши мумкин.

Юкларни қабул қилиш ва тушириш мосламалари ҳамда бункерларнинг ишчи майдончалари хизмат кўрсатувчи ходимларни темирйўл таркибларининг келгани тўғрисида хабардор қилувчи товушли ва ёруғлик сигнализациялари билан жиҳозланган бўлиши керак. Сигналлар таркибларнинг келиши ва скипли кўтаргичлар ҳамда арқон йўлларнинг ишга тушишидан 1,5 — 2 дақиқа олдин берилади.

62. Қабул қилиш мосламаларининг ишчи майдончаларида, темирйўл рельсларининг каллаклари сатҳида ҳаракатдаги таркибларга хизмат кўрсатиш учун ўтиш жойлари кўзда тутилган бўлиши керак. Ушбу мақсадларда рельслар орасига ва каллакларининг сатҳида бир текисда тўшамалар ўрнатилган бўлиши керак.

63. Темирйўл изларининг габаритлари ҳар доим рудаларнинг тўкилмалари ва бегона нарсалардан тоза бўлиши керак.

64. Бункерларнинг қабул қилиш воронкаларида таъмирлаш ишлари амалга оширилаётганда, қабул қилиш қурилмаларига олиб борадиган йўллар кўтарма ғовлар билан тўсилган ёки транспорт ходимларини огоҳлантириш учун бошқа усуллар билан ёпилган бўлиши керак. Поездларнинг таркиблари қабул қилиш қурилмалари ҳудудидан чиқарилган бўлиши лозим. Икки ва ундан ортиқ қабул қилиш қурилмалари бўлганда, уларнинг биттасида таъмирлаш ишларини таъминлаш учун маҳаллий шароитларга боғлиқ ҳолда корхона раҳбари (раҳбар ўринбосари — бош муҳандис) томонидан тасдиқланган хавфсизликнинг махсус чоралари ишлаб чиқилган бўлиши керак.

65. Бункернинг қабул қилиш жойи ва таъминлагич ҳамда йирик майдалайдиган майдалагичнинг майдончалари ўртасида алоқа ўрнатилган бўлиши керак (телефон, радиокарнай, ёруғлик ва шу кабилар).

66. Қабул қилиш мосламаларининг юклаш тешикларининг ён томонлари ва юкларни тушириш томонининг қарама-қарши томонидан мустаҳкам панжаралар билан тўсилган бўлиши керак. Тушириш икки томонлама бўлганда, тўсиқлар ён томонлардан ўрнатилади.

67. Бункерларнинг қабул қилиш майдончалари ва маҳсулотларни юклаб бериш майдончалари чанг ҳосил бўладиган ҳолатларда самарали чанг тўсиш (чанг тутқич) воситалари билан жиҳозланган бўлиши керак.

68. Қабул қилувчи бункерларнинг юкларни тушириш туйнуклари очиқ бўлганда, бункерлардан юкларни туширишда эса — юкларни тушириш ҳудудида хизмат кўрсатувчи ходимларнинг бўлиши тақиқланади.

69. Бункерлардаги тўпланиб қолган нарсалар, осилиб қолган рудаларни бартараф этиш ва уларни ковлашни фақат махсус мосламалар ҳамда воситалар (электр титраткичлар, пневматик мосламалар, сув билан ювиш ва бошқалар) ёрдамида амалга оширишга рухсат берилади. Ушбу мақсадлар учун бункерга одамларни тушириш тақиқланади.

70. Оралиқ бункерлар, агар улар ўз юкларини ўзлари туширадиган аравачалардан тўлдирилаётган бўлмаса, тўшамалар билан жиҳозланган бўлиши керак. Ўз юкларини ўзлари туширадиган аравачалар ёки реверсивли конвейерлар қўлланганда, юклаш тешиклари тешигининг эни 200х200 миллиметрдан катта бўлмаган панжаралар билан ёпиб қўйилиши ёки улар баландлиги 1 метрдан кам бўлмаган тўсиққа эга бўлишлари керак. Худди шундай тўсиқлар ёки панжаралар конвейер транспортларини қайта юклаш жойларидаги бункерларга ҳам ўрнатилиши керак.

71. Бункерларнинг қабул қилиш воронкаларига, уларни кўздан кечириш ёки таъмирлаш ишларини ўтказиш учун одамларнинг тушиши билан боғлиқ бўлган ишларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ёзма кўрсатма-рухсатнома ва ишларни ташкиллаштиришнинг лойиҳаси тузилади, шунингдек, албатта қуйидаги талаблар бажарилади:

бункер, унинг конструкциялари, бункерусти майдончалари ва шу участкадаги темирйўл излари материаллардан тўлиқ тозаланган ҳамда шамоллатилган бўлиши керак. Бунда бункердаги ҳаво албатта назорат қилиниши керак;

бункерда ишлар бажарилаётганда ундаги бригада уч кишидан кам бўлмаслиги ва уларнинг иккитаси бункернинг уст қисмида туриши керак;

бункерларда ишлаётган одамларга хавф пайдо бўлганда, уларни зудлик билан таъмирлаш ишлари ўтказилаётган ҳудуддан олиб чиқиб кетиш керак;

бункер ичини ёритиш учун кучланиши 12 вольт (ток кучидан)дан юқори бўлмаган кўчма лампалардан фодаланиш керак;

ишлар бажарилаётган бункерга нарсаларнинг тушиб кетишининг олдини олиш имконияти бўлмаганда, бункерда ишлаётган одамларнинг жароҳатланишларига йўл қўймайдиган ишончли тўсиқлар қўйилиши керак;

оралиқ бункерларнинг қабул қилиш ва транспорт мосламалари ишчи майдончалари ҳамда бункер тамбалари механизмлари олдида бункерлар ичида ишлар бажарилаётганини кўрсатувчи огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилган бўлиши керак;

таъмирлаш ишларини бажараётган ходимлар сақловчи камарларни тақишлари ва мустаҳкам таянчга боғланишлари керак. Ишлар бажарилаётган вақтда трос ёки арқонни бункернинг устки қисмида турган ёрдамчи(дублёр) ушлаб туриши керак. Сақловчи камарлар ва хавфсизликни таъминловчи арқонлар улардан фойдаланиш жараёнида 6 ойда камида бир марта 5 дақиқа давомида 2250 кН статик юкламада синовдан ўтказилиши ҳамда охирги марта синовдан ўтказилган сана тамғасига эга бўлиши керак;

техник назорат ходимларининг доимий назорати бўлиши ва ходимларга, албатта, бункерлардаги ишларни хавфсиз ўтказиш бўйича корхона томонидан ишлаб чиқилган йўриқномалар кўрсатмалари берилиши зарур;

трос ёки сақловчи камарнинг арқонини темирйўлларнинг рельсларига, мокисимон конвейерлар ва юк тушириш аравачаларининг рамаларига, шунингдек, бошқа жиҳозларга боғлаш тақиқланади;

ходимларни бункерга туширишдан олдин юкларни ортиш ва тушириш таъминлагичларини тўхтатиш, уларни ўчириш ҳамда «Қўшилмасин! Одамлар ишлаяпти!» плакатларини осиб қўйиш, шунингдек, электр схемаларини узиб қўйиш ва бункердан олдинги ҳамда кейинги технологик жиҳозларнинг узатмаларини ёрлиқ тизими талабларини ҳисобга олган ҳолда токдан узиб қўйиш керак.

72. Қабул қилувчи, оралиқ ва тўпловчи бункерларда портлатиш ишларини амалга оширишга фақат қонунчиликда белгиланган тартибда рухсат этилади.

2-§. Майдалаш

73. Майдалагичнинг иши ва унга руданинг берилишини назорат қилувчи операторнинг ишчи майдончаси майдалагичлардан майдончага тушиши мумкин бўлган руданинг бўлакларидан сақлаш учун панжарасимон металл тўсиқларга эга бўлиши керак.

74. Майдалагичларнинг ишчи бўшлиғида руданинг катта бўлаклари қадалиб қолганда, уларни майдалагичлардан махсус мосламали кўтариш воситалари билан олиб ташлаш зарур. Майдалагичнинг ишчи бўшлиғида қадалиб қолган руда бўлакларини қўлда олиб ташлаш ва уларни болғалар ёки босқонлар билан майдалаш тақиқланади.

Майдалагичга тушиб қолган металл техникавий назорати ходими назоратида наряд-рухсатнома бўйича кесиб олиниши керак.

75. Одамлар майдалагичнинг ишчи бўшлиғига туширилганда, ушбу Қоидаларнинг 442-банди талабларига риоя этилиши шарт.

76. Майдалагичлар авария ҳолатида тўла юки билан тўхтатилганда, уларнинг юкларини тушириш ва ишга тушириш фабрика раҳбари (раҳбар ўринбосари — бош муҳандис) томонидан тасдиқланган, махсус ишлаб чиқилган йўриқномалар бўйича амалга оширилиши керак.

77. Тебранма ғалвирлар жойлаштириладиган ёпиб қўйилган томлар ва майдончалар жиҳозлар ишлаганда пайдо бўладиган титрашга чидамлиликка ҳамда титрашни сингдиришга мўлжалланган бўлиши керак.

78. Ғалвирлар ва майдалагичларда одамларни руда бўлакларининг тасодифий отилиб чиқишидан сақлайдиган қуйидаги ҳимоя мосламалари назарда тутилган бўлиши керак:

конуссимон майдалагичлар учун ҳамма томони олинадиган тўсиқлар, I босқичдаги йирик майдалайдиган «уюм остида» ишлайдиган майдалагичлардан ташқари;

ясси юзали майдалагичлар учун — баландлиги 1 метрдан кам бўлмаган соябонли, ён томондан ҳамма томони берк тўсиқлар.

79. Таъминлагичларнинг рудани ғалвирларга узатадиган чиқариш тешигини, таъминлагичлар ва ғалвирлар ишлаб турганда юкларни ортиш ҳамда тушириш воронкаларини ковлаш фақатгина махсус мосламалар ва қурилмалар мавжуд бўлгандагина мумкин.

80. Ғалвирларнинг юк тушириш воронкаларини қўлда тозалашга ва уларга одамларни туширишга фақатгина ушбу Қоидаларнинг 70-бандига риоя этилгандагина рухсат берилади. Бунда ғалвирларнинг электр моторлари ёрлиқ тизими талабларига мувофиқ ўчирилган бўлиши ва ишга тушириш мосламаларига «Қўшилмасин! Одамлар ишлаяпти!» огоҳлантирувчи плакатлари осиб қўйилган бўлиши керак.

81. Электр тебранма таъминлагичнинг новларини улар ишлаб турганда тозалаш, таъминлагичнинг бортида туриш, уларга тегиниш, шунингдек, тебранма узатманинг тиқишларини тозалаш тақиқланади.

82. Кулачокли, горизонталь ва вертикал болғачали майдалагичлар, уларнинг корпуси қопқоғи очиқ бўлганда, уларни ишга тушириш имкониятини бартараф этадиган автоматик қурилмага эга бўлишлари керак. Қопқоғининг оғирлиги эллик килограммдан ортиқ бўлган кулачокли ва горизонталь болғачали майдалагичларнинг қобиқларини очиш ва ёпиш механизациялашган усулда бўлиши лозим.

83. Майдаланганда портлаш хавфи бўлган чанг ҳосил қиладиган рудаларни чангнинг портлашини бартараф этадиган чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда майдалаш керак.

84. Ўрта ва майда майдалаш майдалагичларига металл тушиб қолишининг олдини олиш учун уларни руда билан таъминлайдиган тасмали конвейерлар металл қидиргичлар, чиқариб олгичлар, магнитли шайбалар ва бошқа махсус мосламалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

Конвейернинг ишчи майдонидан чиқмаган тасмаси ва магнитли чиқариб олгичдан металлни олишга фақат конвейер тўхтатилгандан ҳамда магнитли тизим ўчирилгандан кейин рухсат этилади.

3-§. Янчиш ва таснифлаш

85. Маҳаллий бошқаришда тегирмон ва таснифлагичларнинг ишга тушириш мосламалари шундай жойлаштирилиши керакки, тегирмон ҳамда таснифлагични қўшаётган ходим уларнинг ишларини назорат қила олиши керак.

86. Тегирмоннинг ичида ишлашга фақатгина мазкур Қоидаларнинг 432-банди талаблари бажарилгандан кейин техника назорати ходими ёки бригадирнинг назоратида наряд-рухсатнома бўйича рухсат берилади.

87. Тегирмоннинг қопқоқли туйнуги пастга бўлган ҳолатда унинг туйнуги қопқоғи гайкаларини ечиб олиш ёки уларни бўшатиш, шунингдек, тегирмоннинг ҳаракати вақтида чиғаноқли таъминлагичнинг ғилофи болтларини маҳкамлаш тақиқланади.

88. Шарларни контейнерларга юклаётганда юклаш жойи тўсилган бўлиши ва «Хавфли» плакати осиб қўйилган бўлиши керак. Контейнер кўтарилаётганда одамлар ундан хавфсиз масофада бўлишлари керак. Контейнерлар шарлар билан бортларидан 100 миллиметргача паст бўлган сатҳда тўлдирилади.

89. Стерженларни юклаш бўйича шарли таъминлагичлар ва механизмлардан фойдаланилган ҳолда, уларнинг хавфсиз ишлаши тартибини белгилайдиган махсус йўриқномалар ишлаб чиқилиши керак.

90. Таснифлагичларга хизмат кўрсатиш учун ишчи майдончалар таснифлагич ваннаси бортидан лоти 100 миллиметрдан кам бўлмаган пастлик сатҳида жойлаштирилиши керак. Таснифлагичлар ваннасининг қарама-қарши томонидан ишчи майдончалар баландлиги 1000 миллиметрдан кам бўлмаган металл тўсиқлар билан жиҳозланади.

Таснифлагичларда айланадиган механизмларга хизмат кўрсатиш ва спираллар ёки рейкаларни кўтариш учун тўсиқли кўприкчалар (майдончалар), шунингдек, ушбу Қоидалар талабларига мувофиқ узатиш элементларининг тўсиқлари бўлиши керак.

3-боб. Флотация бўлими, магнитли сепарациялаш бўлими, бойитишнинг электрик ва радиометрик усуллари

1-§. Флотация бўлими

91. Сарфлаш майдончасидаги оралиқ бочкалар (кичик идишлар) ва таъминлагичларга суюқ реагентлар ва реагентлар эритмалари қувурлар орқали насос ёрдамида узатилиши шарт. Қуруқ ҳолатдаги цианидларни ва натрий сульфидни бевосита жараённи таъминлаш нуқтасига узатиш тақиқланади.

Кам миқдордаги реагентларни флотация бўлимига фақат махсус ёпиқ идишларда олиб келишга рухсат этилади.

92. Реагентлардан механизациялаштирилган мосламалар ёрдамида намуна олиниши керак. Қўл билан намуна олишда ходимлар дастасининг узунлиги камида 200 миллиметр бўлган намуна олгичлардан фойдаланишлари шарт.

93. Цианидларни сарфлаш бочкалари реагентлар майдончасида маҳаллий сўрувчи вентиляцияли алоҳида хонада туриши ва хона қулфланган бўлиши зарур.

94. Узатиш нуқталарига цианидларнинг реагент-қувурининг кириш қисми цианид эритмасига эркин боришни истисно этадиган қилиб жойлаштирилади. Реагентлар узатиладиган нуқтада уларнинг миқдорини ўлчаш тақиқланади.

95. Реагентлар чанлари, оралиқ ва сарфлаш бочкалари ҳамда улар билан боғланган коммуникациялар авариявий сиғимга эга бўлиши шарт, зарур бўлганда унга реагентларни тўлиқ тўкиш лозим бўлади.

Реагентлар майдончасининг оқова сувлари махсус қувур йўллари орқали, флотация бўлимининг дренаж қурилмаларини четлаб ўтган ҳолда оқизилиши керак.

Кислоталарнинг цианидлар, ксантогенатлар, аэрофлотлар, натрий сульфид ва гидросульфид эритмалари билан аралашишига йўл қўйилмайди.

Мис, рух ва темир купорослари эритмаларининг, хлорли рух ва хлорли кальций эритмаларининг натрий сульфид, гидросульфид ва цианид эритмалари билан аралашишига йўл қўйилмайди. Бунда водород сульфид ва цианид кислотанинг юқори токсинли газлари чиқиши, шунингдек, қувур йўлларига тиқилувчи эримайдиган чўкиндилар ажралиши мумкин.

96. Смена бошлиғи (устаси) тасдиқланган йўриқномаларга асосан реагентлар майдончасига хизмат кўрсатувчи ходимларда ўзига тегишли ҳимоя воситаларининг мавжудлигини ва созлигини текшириши мажбурийдир.

97. Камераларни шламлашда флотацион машина импеллери шпиндель блокини қўл билан фақат кўпик ҳайдагич тўхтатилганда, йиғма ёғоч минбарда туриб бурашга рухсат этилади.

98. Флотацион машинани авариявий бўшатиш ва ювувчи сувларни йиғиш учун насослар билан зумпфлар (ёшдош чуқурчалар) кўзда тутилган бўлиши керак.

99. Пневматик флотацион машиналарда аэрофлот найчаларини тозалашда ходимлар ҳимоя кўзойнагини тақишлари шарт.

100. Пульпанинг технологик намуналарини бевосита ишлаётган флотокамерадан олишга фақат шунга мўлжалланган текширгичлар билан кўпик ҳайдагич тўхтатилгандагина рухсат этилади.

101. Пневмомеханик ва пнематик флотомашиналарнинг камерларига ҳаво узатадиган ҳаво пуркагичлар товушдан изоляцияланган ва шовқин ютадиган махсус хоналарга жойлаштирилиши лозим.

2-§. Магнитли сепарациялаш бўлими ва бойитишнинг электрли усуллари

102. Электромагнитли ва магнитли сепараторларни эксплуатация қилишда магнит тизимига металл буюмларни олиб кириш тақиқланади. Электромагнитли сепараторлар тўхтатилганда магнит тизими чулғамларидаги кучланиш ўчирилган бўлиши шарт.

103. Қуруқ ҳолда магнитли ва электромагнитли сепарациялашда аппаратура герметик сўрувчи вентиляция тизимига уланадиган қисқа қувурлари бўлган ғилофга жойланиши шарт. Носоз ёки ўчирилган вентиляция билан сепараторларни эксплуатация қилишга йўл қўйилмайди.

104. Новлар ва сепараторларнинг кузатиш ва ковлаш люклари ишлаётган пайтида ёпиқ бўлиши шарт. Таъминлагич куракларидан майда тараша ва бошқа нарсаларни қўлда териб олиш тақиқланади.

105. Сепаратор тасмасининг тагига бегона предметларни қўйиб, унинг оралиғини (зазорини) ва тўғри юришини ростлаш тақиқланади.

106. Электрсепараторлар хонасига бегона шахсларнинг кириши тақиқланади.

107. Электрсепараторнинг корпуси чанг-нам ўтмайдиган бўлиши керак. Агар корпус ва барча люклар (кузатиш тешиклари) унинг қопламаси ва бошқа зичлагичлар ногерметик бўлса, сепараторни ишга туширишга йўл қўйилмайди.

108. Сепараторнинг ички электр қисмларига боришни таъминлайдиган эшикчалари сепаратор ишлаётганда уларни очишни истисно этадиган электр блокировкалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

109. Юқори кучланишли тармоқдан ўчирилган электрсепараторнинг ток ўтказиш қисмларига улар электрсизлангунча ва индикатор билан текширилгунча тегиш тақиқланади.

110. Иккинчи шахснинг иштирокисиз электрсепараторнинг қопламаси эшикчаларини очиш ва жиҳозни жорий таъмирлашга рухсат этилмайди (аппаратуранинг паст кучланишли томонидаги контактларни артиш ва тортиш,сақлагичларни алмаштириш бундан мустасно). Бунда ушбу аппаратдан кучланиш олиниши зарур.

Электромагнитли сепараторларнинг барабанларини алмаштириш ва жиҳозларни жорий таъмирлашда электр схемасидан узиб олингандан сўнг, бажаришга рухсат этилади.

Ишлаётган электромагнит сепараторларнинг резина қопламаларини кесиш ва тегиш тақиқланади.

111. Электрсепаратор машинисти ва тўғрилагичли қурилма операторининг иш жойлари махсус диэлектризоляторлар билан жиҳозланган бўлиши шарт.

3-§. Сульфидли рудаларни бойитишда қўшимча талаблар

112. Ёнғин ва портлаш хавфи бўйича А ва Б тоифаларга киритилган, портловчи ёки заҳарли буғлар ва газлар катта миқдорда ажралиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш хоналари учун, шунингдек, майдалагичларда чанг портлаганда олтингугуртли газлар ажраладиган босқонли майдалагичлар бўлинмаларида авариявий сўрувчи вентиляция қурилмаси кўзда тутилган бўлиши шарт.

113. Сульфидли руда портлашларининг олдини олиш учун босқонли майдалагичлар ишлайдиган майдонда қуйидагилар таъминланиши лозим:

майдалагичлар ишлаётган майдалаш майдонига ишлатилиб бўлган буғлар ва майда пуркалган сувни (туман ҳосил қилгичлар, форсункалар билан) доимий узатиш;

майдалаш бўлинмасидаги барча электр-техник қурилма, қувур йўллари, металл ҳаво-пуркагичлар, конвейер ромлари, металл конструкцияларни ерга улаш (заминлаш) занжири узлуксизлигини таъминлаш орқали майдалагичларда статик электр тўпланишидан ҳимоялаш.

114. Майдалагичнинг ичидаги «қарсиллашлар»дан ҳосил бўладиган олтингугуртли газлардан ҳимоялаш учун босқонли майдалагичлар бўлинмалари ходимларига изоляцияловчи газниқоб берилиши шарт.

115. Сульфидли рудаларни ўртача майдалашга оид майдалагичларни ер юзасининг ноль белгисидан пастга жойлаштириш тақиқланади.

§ 4. Рудаларни бойитишнинг радиометрик усуллари ва уларни қайта ишлаш жараёнини назорат қилиш

116. Радиометрик бойитиш ҳамда радиоактив ва ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан(гамма ва бета нурланишлар, нейтронлар манбалари изотоплари, рентген найчалари ва бошқалардан) фойдаланган ҳолда назорат қилиш усуллари қўлланадиган бойитиш фабрикаларида амалдаги Радиациявий хавфсизлик бўйича санитария меъёрлари ва қоидалари талабларига риоя этилиши зарур.

117. Нурланиш манбаларидан, шунингдек, уларни қўллашга асосланган сепарация, назорат ва таҳлил усуллари ҳамда тегишли қурилмалар, сепараторлар, приборлар ва шу кабилардан фойдаланиладиган ишлар ва жараёнлар радиациявий хавфсизлик бўйича йўриқномалар талабларига қатъий амал қилинган ҳолда амалга оширилиши шарт.

118. Мазкур Қоидаларнинг 116-бандида кўрсатилган йўриқномалар корхона томонидан Радиациявий хавфсизлик бўйича санитария меъёрлари ва қоидалари асосида ишлаб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий органлари билан келишилиши шарт.

119. Нурланиш манбалари қўлланадиган бойитиш фабрикаларида, радиоактив ва ионлаштирувчи нурланишнинг манбалари билан ишлаётганда одамга нурли таъсирнинг барча турларини ҳисобга оладиган тадбирлар ҳамда ички ва ташқи нурланишни юзага келтирадиган барча манбаларнинг жамланган дозаси, ходимларнинг тегишли тоифалари учун чегаравий рухсат этилган дозалардан ошмайдиган даражагача камайтирилишини таъминлайдиган ҳимоя тадбирларини кўзда тутувчи комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши шарт.

120. Радиоактив препаратлар қўйилган жойлардаги ташқи радиоактив нурланишнинг барча мумкин бўлган турлари тегишли дозиметрик приборлар билан назорат қилиниши шарт.

121. Иш жойларидаги радиация даражаси радиациявий хавфсизлик меъёрларида кўзда тутилган чегаравий рухсат этилган миқдордан ортиқ бўлмаслиги шарт. Радиоактив изотопларни иш жойларида сақлаш тақиқланади.

122. Радиоактив изотоплар билан ишлайдиган ходимлар махсус ўқитилгандан кейин ишга қўйиладилар.

4-боб. Гравитацион бойитиш

123. Ювиш барабанлари, оғир суспензияларда бойитиш аппаратлари ва гравитацион бойитиш аппаратлари ичига одамларни аппаратлар ички юзасини кўрикдан ўтказиш, таъмирлаш ҳамда шламлар ва қолдиқ материалдан тозалаш учун киритиш соҳага оид норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда амалга оширилади.

124. Гравитацион бойитиш аппаратлари ишлаётган пайтда унинг ҳаракатланувчи ва айланувчи қисмларига тегиш, подшипникларни мойлаш, аппаратдан бегона нарсаларни олиб ташлаш тақиқланади.

125. Гравитацион бойитишнинг ювилган рудаси ва маҳсулотидан қўлда намуналар олишга аппаратлар ва ёрдамчи жиҳозларнинг фақат шунга мўлжалланган махсус жойларида рухсат этилади.

Бевосита ҳаракатланаётган механизмлардан бойитиш маҳсулотлари намуналарини қўл билан олиш тақиқланади.

126. Ҳимоя кўзойнагисиз золотникларни (буғ, суюқлик ва газ тақсимловчи клапан) ростлаш, авторостлагични созлаш ва пневматик узатмали поршенсиз чўктириш машиналари механизмларини кўрикдан ўтказишга йўл қўйилмайди.

127. Ротор типидаги қурилмаларни эксплуатация қилишда атмосферага чиқариладиган ҳавога мўлжаллланган дарчалар металл тўрлар билан қопланган бўлиши шарт.

128. Шиберли қурилма элакларини таъмирлаш ёки алмаштиришни, чўктириш машинаси ички танасини тозалаш ва таъмирлашни бир вақтда сувсизлантирувчи элеваторнинг бошмоғини тозалаш ва таъмирлаш билан қўшиб бажариш тақиқланади. Кўрсатилган ишлар машина танасида бажарилаётганда элеваторларнинг электрик схемаси қисмларга ажратилиши ва огоҳлантирувчи плакат осиб қўйилиши шарт.

129. Оғир суспензияларда бойитишга мўлжаллланган аппаратлардан, қотиб қолган ферросилиций, бошқа оғирлатгичларни ва жиҳознинг металл қисмларидан рудани ҳимоя кўзойнагисиз парчалаб олишга йўл қўйилмайди.

130. Аппаратга материал етказувчи ва бойитиш маҳсулотини олиб кетувчи новлар қиялиги 45° дан ортиқ бўлганда, руда ва пульпа отилиб чиқишига йўл қўймаслик учун тепалари ёпилган бўлиши шарт.

5-боб. Қуюлтириш, сувсизлантириш ва қуритиш

1-§. Қуюлтириш

131. Радиал қуюлтиргич, пирамидасимон ва тоғорасимон тиндиргичлар, агар улар бортларининг юқори қирраси иш майдончалари сатҳидан камида 1000 миллиметр баландликда бўлса, тўсилган бўлиши лозим. Пирамидасимон тиндиргичларни борти бўйлаб тепасини ёпиб тўсмаслик ҳам мумкин, аммо барча тешиклари, таъмирлаш туйнуклари ва люклари металл қопқоқлар билан беркитилган бўлиши шарт.

132. Радиал қуюлтиргич, пирамидасимон ва тоғорасимон тиндиргичларнинг бортлари бўйлаб юришга йўл қўйилмайди.

133. Пульпа зичлигини ўлчаш ва намуналар танлаб олишда доиравий новнинг устида туриш ва ферма майдончаси тўсиғининг орқасига кириш тақиқланади. Қуюлтиргичлар кўчма фермаси габаритларини доиравий нов ортига хизмат кўрсатиш (ўтиш) майдончаларига чиқариш тақиқланади. Қуюлтиргич кўчма фермасининг тепасига чиқиш суянчиғи бўлган махсус зина бўйлаб амалга оширилади. Фақат кўчма рама юритмаси узилгандан кейин қуюлтиргичнинг доиравий новини тозалаш мумкин.

Қуюлтиргич юритмаси хизмат кўрсатиш майдончаларининг нам ва сирпанчиқ юзалари бўйлаб ҳаракатланиш тақиқланади.

134. Сувсизлантириш ғалвирларининг эни бўйича материалларнинг бир текис тақсимланишини таъминлайдиган қурилмалар конструкциялари, сувсизлантирилган материаллар отилиб чиқиши ва пульпа сачраши имкониятини истисно этиши шарт.

135. Чалкаш йўлакларни шламдан тозалашга оид ишлар бажарилаётганда ғалвир тўхтатилган, ғалвир ёки ёйсимон элак таъминлагичи узилган, ишга тушириш қурилмаларига «Ишга туширилмасин! Одамлар ишлаяпти!» деб ёзилган плакатлар осиб қўйилиши лозим.

2-§. Фильтрловчи аппаратлар

136. Барабанли ва дискли вакуум-фильтрлар ишлаётганда секторларни тортиб боғлаш тақиқланади.

137. Фильтрловчи аппаратларни эксплуатация қилишда рамаларни ва полотноларни кекдан тозалаш учун махсус кураклардан фойдаланиш керак.

138. Фильтр-пресснинг қисувчи қурилмаси ишлаётган вақтда рамалар, плиталар ва фильтрловчи салфеткаларни тузатиш тақиқланади.

139. Фильтр-прессни юксизлантиришдан олдин, уни сиқилган ҳаво билан суюқлик максимал кетказилишига қадар пуфлатиш лозим, юксизлантиришга оид иш камида иккита ходим томонидан бир вақтда бажарилиши шарт.

140. Пуфлатиш пайтида эритма сачрашининг олдини олиш учун фильтр-прессни мато билан ёпиш лозим.

141. Вакуум-фильтр барабани уланганида, тортувчи симнинг узилган жойини тиклаш тақиқланади.

142. Фильтрловчи аппаратлар зарарли ажралиб чиқувчилар билан ишлаётган вақтда сўрувчи вентиляция узлуксиз ишлаши шарт. Нутч-фильтрлар қопқоқлари ёпилган бўлиши шарт.

143. Чўкиндини ювишга мўлжалланган ботирилган қурилмалар билан жиҳозланган барабанли фильтрлар, хизмат кўрсатучи ходимларни сачрайдиган томчидан ҳимоялаш учун тўсиққа эга бўлиши шарт.

144. Сурилувчи рамалари бўлган япроқли фильтрлар, чўкиндини ювишга қулай бўлиши учун стационар майдончалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

145. Марказдан қочирма куч таъсирида қоришмани механик равишда ажратувчи аппарат (центрифуга) қопқоғи очиқ, титраши баланд бўлганда, ортиқча юкланганда ва нотекис таъминланганда, унинг ишлашини истисно этадиган блокировка билан жиҳозланиши шарт.

§ 3. Буғлатувчи аппаратлар

146. Буғлатувчи аппаратларнинг бекитиш арматураси, сақловчи клапанлари ва манометрлари носоз бўлганда, шунингдек, сўрувчи шамоллатиш ўчган, аппарат очиқ бўлганда, ҳимоя кўзойнагисиз ва қараш ойнаси носоз бўлганда, аппаратда ишлаш тақиқланади.

Буғлатувчи аппаратларда қопқоқли тешиклар елвизакли шамоллатишни таъминлайдиган, чиқариш қувурлари эса сақловчи клапанлардан ташқарига чиқарилган ҳолда жойлаштириган бўлиши шарт.

147. Буғлатувчи аппаратни ишлаётган вақтда фақат кузатиш ойнаси орқали кўрикдан ўтказишга рухсат этилади.

Аппаратнинг пайванд чокларини кўрикдан ўтказиш учун кўчувчи қурилма кўзда тутилган бўлиши шарт.

148. Буғлатувчи аппаратларни иш шароитидан чиқариб, уларнинг ичига одамларни хавфсиз киритиш учун буғлатувчи аппаратдан таъминловчи (буғ ва эритма) магистралларини ишончли узиш, аппаратдаги босимни атмосфера босимига тенглаштириш ва ундаги температурани + 40°С гача камайтириш кўзда тутиладиган тартиб ҳар бир фабрикада унинг раҳбари томонидан тасдиқланган бўлиши шарт. Буғлатувчи аппаратдаги ишлар техник назорат ходими иштирокида бажарилиши керак.

149. Ишлаётган буғлатувчи аппаратларда сатҳи, зичлиги ўлчаниши ва намуна олиниши зарур бўлса, улар ушбу операцияларни бажаришнинг хавфсиз тизими билан жиҳозланган ёки уларни бажариш учун ўчирилиши керак.

4-§. Печлар

150. Печларни ишга тушириш ва тўхтатиш, форсункаларни бошқариш, фабрика бош муҳандиси тасдиқлаган печларга хизмат кўрсатишга оид йўриқномаларга мувофиқ амалга оширилиши керак.

151. Температруа +60°С дан юқори бўлганда тозалаш ва таъмирлаш учун печнинг ичига одамларни киритиш тақиқланади.

152. Печ уланган бўлганда, печнинг эшикчаларини очиб қўйиш, полини тозалаш ва кекларни уриб тушириш тақиқланади.

153. Печнинг ёнига тўкилган мазутларга зудлик билан қум сепилиши ва йиғиштириб олиниши шарт.

154. Сарфлаш бакидаги суюқ ёқилғи ёнганида, зудлик билан суюқ ёқилғи авария бакига оқизилиши, махсус воситалар билан ёнғинни ўчириш чораларини кўрилиши ва ёнғиндан сақлаш гуруҳи чақирилиши керак.

6-боб. Гидрометаллургик жараёнлар

1-§. Паст босимли ускуналар

155. Реакторлар ва эритмага ўтказгичлар, уларни эритмалар билан тўлдириш сатҳини назорат қилишнинг техник воситалари, сигналлар ва белгиланган сатҳдан ортиб кетишини истисно этадиган бошқариш тизими билан билан жиҳозланган бўлиши шарт.

Эритма компонентларини дозалаш ва уларни аралаштиришда қайноқ моддалар таъсирини, газлар ажралиши ва аралашмаларни отилишини истисно этган ҳолда автоматик усуллар билан амалга оширилиши керак.

156. Реакторни туширувчи штуцерларни тозалаш фақат аралаштиргич тўлиқ тўхтатилган, реакторда эритма йўқ бўлганда ва таъминловчи қувур йўллар ёпилгандан кейин бажарилади.

Эритмаларни авариявий тўкиш учун реактор конструкциясида тегишли коммуникациялар ёки сиғимлар билан махсус чиқариш кўзда тутилган бўлиши керак.

157. Реакторлар ишлаётганда, улардаги қопқоқлар зич ёпилган ва мустаҳкамланган бўлиши керак.

Реакторни ишга туширишдан аввал сўрувчи ва умумий алмаштирувчи шамоллатиш тизимини ишга тушириш лозим. Реакторни шамоллатиш тизимини улашдан олдин ишга тушиш имкониятини истисно қилиш учун тегишли блокировка ва сигнализация ўрнатилиши шарт.

158. Агрессив муҳитларда ишлаганда хизмат кўрсатувчи ходимлар шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши ва тегишли реактивлар билан ишлаш бўйича йўл-йўриқдан ўтиши керак.

2-§. Юқори босимли ускуналар

159. Юқори босимли аппаратларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва эксплуатация қилиш соҳага оид норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилиши керак.

160. Барча юқори босимли аппаратлар назорат-ўлчаш асбоблари ва аппаратнинг ишлаш (босим, температура ва бошқалар) тартибини рухсат этилган миқдорлардан четга чиқишини истисно этадиган сақловчи қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

161. Юқори босимли аппаратларни юклаш ва юксизлантириш механизациялаштирилган бўлиши шарт. Юқори босимли аппаратларни қўл билан юксизлантиришга фақат авария вазиятларида йўл қўйилади ва маҳсулотлардан бўшатишни тегишли магистраль қувур йўллари орқали камида икки ходим бажаради.

162. Атмосферасида инсоннинг соғлиғига зарар етказадиган газлар, аэрозоллар ва бошқа аралашмалар пайдо бўлиши мумкин бўлган барча хоналар сўрувчи шамоллатиш тизими билан жиҳозланган, зарарли моддаларнинг чегаравий рухсат этилган концентрациялар (кейинги ўринларда — ЧРЭК) ошганлиги ҳақида сигналлаш тизимлари бўлган тегишли назорат-ўлчаш асбоблари билан жиҳозланган бўлиши шарт.

Иш зонаси ҳавосида зарарли моддаларнинг ЧРЭК миқдорлари мазкур Қоидаларга 1-иловага , Хўжалик-ичимлик ва маданий-маиший йўналишдаги сув объектларидаги сувда зарарли моддаларнинг чегаравий рухсат этилган концентрацияси ва тахминий рухсат этилган сатҳи 2-иловага мувофиқ белгиланади.

Хоналар атмосферасидаги зарарли моддалар концентрацияси ЧРЭКдан ортиқ бўлганда, шунингдек, индивидуал ҳимоя воситаларидан фойдалниш, шу жумладан, авариявий отқинларда одамларнинг ўзини тутиш учун фабрика бошлиғи томонидан тасдиқланган тегишли йўриқнома билан белгиланади. Йўриқнома талабларида одамларни бинолардан тезда олиб чиқиш ва иш жойидаги зарарли газларнинг концентрациясини санитария меъёрларига етказишдан кейин ишни қайта тиклашни ҳам назарда тутиши керак.

163. Юқори босимли аппаратлардаги ишлар завод бошлиғи томонидан тасдиқланган махсус кўрсатма асосида амалга оширилади, унда:

аппаратни ишга тушириш тартиби;

аппаратда бажариладиган ишларнинг хавфсизлиги ва сифатини назорат қилиш тартиби;

аппаратни таъмирлаш ёки унга хизмат кўрсатиш бўйича ишларни ташкил этиш;

одамларни аппаратда ишлашга қабул қилиш тартиби ва уларнинг хавфсизлиги чоралари;

транспорт воситасини тўхтатиб туриш учун унинг нотўғри бошланишига тўсқинлик қиладиган тадбирларни тақдим қилиш;

ускунанинг фавқулодда тўхташи ҳолатида техник ходимларни тайёрлаш тартиби.

§ 3. Маргимушли ангидрид ишлаб чиқаришда қўшимча талаблар

164. Маргимушли ангидрид ишлаб чиқаришда барча технологик операциялар индивидуал ҳимоя воситалари ёрдамида герметик тизимларда бажарилиши керак.

7-боб. Олтин рудалари ва қумларга ишлов бериш.

1-§. Умумий талаблар

165. Олтин ажратиб оладиган янги фабрикаларни лойиҳалаштириш, мавжуд фабрикаларни тиклаш ва амалдаги фабрикаларда амальгамалаш (қоплаш) жараёнларини қўллашга йўл қўйилмайди.

166. Ўта заҳарли реагентлар (цианидлар ва бошқалар) қўлланадиган олтин ажратиб олувчи фабрикаларнинг поллари, деворлари, шифтлари ҳамда цехлар ва бўлинмаларнинг қурилиш конструкциялари эритмаларни ютмайдиган ҳамда осон ювиладиган зич, силлиқ бўлиши ва намланмайдиган қопламаларга эга бўлиши керак.

Қаватлар ўртасидаги яхлит бўлмаган тўсиқларнинг эркин четлари, панжаралардан ташқари, нам ўтказмайдиган баландлиги 20 сантиметрдан кам бўлмаган тўсиқлар билан жиҳозланади.

167. Олтин ажратиб олувчи фабрикаларнинг поллари (шу жумладан сиғимлар ва жиҳозларнинг остидаги) сизот каналлари ва зумпфлар томонга, эритмалар ёки пульпаларнинг йиғилиб қолишига йўл қўймайдиган нишабликда бўлиши керак.

Майдончалар ва қаватлар ўртасидаги тўсиқларга ўрнатиладиган жиҳозларнинг остида оқоваси пастда жойлашган зумпфлар ёки сиғимларга тушадиган сизот тизими қурилиши керак.

Полларнинг насослари бўлган каналлар ва зумпфлардан иборат сизот тизими, барча оқоваларнинг тўпланишини ҳамда технологик жараёнга қайтишини таъминлаши керак.

168. Цианлаш билан нордон муҳитда кечадиган жараёнларни битта хонада ўтказишга рухсат этилмайди. Агар ҳар иккала жараён ягона технологик занжирни ташкил этса, истисно тариқасида, рухсат этилади. Бундай ҳолатларда эҳтиёткорликнинг алоҳида чоралари (барча аппаратларнинг вакуум остида ишлаши, иш жойларидаги ҳаво таркибини узлуксиз назорат қилиш ва бошқалар) кўрилиши керак.

169. Технологик жараёнлар нордон муҳитда ўтадиган бўлинмалар фабриканинг қолган қисмидан сизот тизимлари билан ажратиб қўйилиши керак: нордон сизот сувлари чиқариб ташланишидан олдин нейтралланиши керак.

Бу бўлинмаларнинг поллари, деворлари, қурилиш конструкциялари ва жиҳозлари нордонликка чидамли қопламаларга эга бўлиши керак.

170. Қуйидаги бўлинмаларда ҳавони маҳаллий сўриб олиш кўзда тутилиши керак:

реагент бўлинмасида — заҳарли реагентли идишларни очиш ва бўшатиш камераларидан, реагентларнинг таъминловчиларидан, лойқалатгичлар ва терма чанлардан;

рухли чўкмаларни қуритиш бўлинмасида — қуритиш шкафларининг (печкалар) юклаш қопқоқли туйнукларида;

саноат оқоваларини зарарсизлантириш бўлинмасида — зарарсизлантириш аппаратурасидан;

тиклаш бўлинмасида — тиклаш колонкалари ва реагент сиғимлардан;

фабриканинг эзиш бўлинмасида — тегирмоннинг юклаш ва юксизлантириш бўғизидан, цианли муҳитда ҳосил бўлаётган эзилма;

концентратни қуритиш бўлинмасида — қуритиш печларининг (барабанлар) юклаш ва юксизлантириш туйнукларида;

электролиз бўлинмасида — электролизерлар ва графитланган ватинни куйдириш учун мўлжалланган печлардан;

ютилиш бўлинмасида — мумни ажратиш учун пачуклар ва элаклардан.

171. Кетаётган газларни чиқариб ташлаш шартлари (миқдори, жойи, баландлиги ва бошқалар) давлат санитария назорати органлари билан келишилган бўлиши керак.

172. Юқори концентрацияли портлаш ва ёнғин хавфи бўлган моддалар (водород, углерод сульфид, цианид водород ва бошқалар) ажралиб чиқиши мумкин бўлган аппаратлардаги сўрувчи вентиляция тизимлари портлаш хавфи бўлмаган тарзда бажарилиши керак.

2-§. Цианлаш бўлинмалари

173. Хизмат кўрсатувчи ходимларнинг цианли эритмалар (пульпа) билан бевосита ишлашига йўл қўймаслик ва иш зоналарида заҳарли ажралмаларни камайтириш учун цианлаш бўлинмасининг жиҳозлари ҳамда сиғимлари имкон қадар маҳкам зичланиши ёки маҳаллий ҳаво сўриш мосламалари бўлган тўсиқлар билан жиҳозланган бўлиши керак.

Технологик жараённи назорат қилиш ва жиҳозларни бошқариш тўлиқ автоматлашган бўлиши ёки масофадан туриб бошқарилиши керак.

174. Цианли жараённинг жиҳози ва сиғимлари эритмаларнинг (пульпа) бехосдан тўкилиб кетиши олдини оладиган автоматик мосламалар ва қуйишга мўлжалланган қувур йўллар билан жиҳозланган бўлиши керак.

175. Жиҳозлар деталлари, қувур йўллар, арматура ва цианли эритмаларга (пульпа) ёки уларнинг буғларига тегадиган бошқа мосламалар цианларга чидамли материаллардан тайёрланган бўлиши керак; электр симлар ва рангли металлар ҳамда уларнинг қотишмаларидан (мисли, мисрухли, алюминийли ва бошқа) тайёрланган деталлар цианидлар билан контактда бўлишдан изоляцияланган бўлиши керак.

176. Ёпилмаган ва аспирация қилинмайдиган жиҳозлар ҳамда сиғимлардаги цианли эритмаларидаги (пульпа) ҳимояловчи ишқорларининг концентрацияси СаО бўйича доимо 0,01-0,025% дан кам бўлмаган даражасида тутиб турилиши керак.

177. Цианлаш ва цианли эритмаларни тайёрлаш бўлинмаларида сўрувчи вентиляция билан чиқариб ташланаётган ҳаво хонанинг юқориги қисмидан олиниши керак.

Оқимли вентиляция тизимлари бераётган ҳаво ишчи ҳудудининг белгиланган иш жойлари ва ўтиш йўлакларига берилиши керак.

178. Вакуум-насослар сўриб оладиган газ-ҳаво аралашмаси атмосферага чиқариб ташланишидан олдин зарарли компонентлар ва мойлардан тозаланиши ҳамда оқимли вентиляция тизимининг ҳаво йиғадиган мосламасига тушмаслиги керак.

Вакуум-насосларнинг ҳавони чиқариб ташлайдиган ва ҳаво йиғадиган мосламалар нуқталарининг ўзаро жойлашиши амалдаги қурилиш меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ танланиши керак.

179. Тиндирувчи ва чўктирувчи қурилмаларнинг фильтрларидан фильтрловчи жилдларни (полотноларни) олишдан аввал цианидлар тўлиқ кетгунга қадар сув билан ювилиши керак.

180. Фильтрловчи матоларни (ғилофлар, полотнолар ва бошқалар) кислота билан ювишга фақат умумий алмашинув вентиляцияси билан жиҳозланган, алоҳида қилинган хоналарда рухсат этилади.

181. Фильтр матоларни тиклаш бўйича барча ишлар (кислота билан ишлов бериш, ювиш, қуритиш) имкон қадар механизациялаштирилган бўлиши керак.

182. Фильтрловчи матоларни бевосита фильтрнинг ўзида кислоталар билан ювишга, айрим ҳолларда, фильтрни пульпадан тозалагандан ва у сув билан цианидлар тўлиқ кетгунича ювиб ташлангандан кейин рухсат этилади.

183. Рух чўкмаларини қуритиш, янчиш, синаб кўриш ва қадоқлаш учун мўлжалланган хоналар, цианлаш бўлинмаларидан ажратилган ва чиқиндиларни технологик ва санитария тозалаш кўзда тутилган умумий алмашинув вентиляцияси билан жиҳозланган бўлиши керак.

184. Рух чўкмаларини қуритиш зичланган қуритиш шкафларида (печлар) вакуум остида амалга оширилади. Рух чўкмаларини очиқ плиталарда қуритиш тақиқланади.

185. Қуритилган рух чўкмали противналар зичланган шкафларда вакуум остида совитилиши керак.

186. Таркибида циан бўлган саноат оқоваларини зарарсизлантириш учун мўлжалланган хоналар, фабриканинг бошқа хоналаридан изоляцияланган бўлиши ва масофадан бошқариладиган умумий алмашинувли ҳамда аварияли вентиляциялар билан жиҳозланган бўлиши керак.

187. Таркибида циан мавжуд бўлган саноат оқоваларини хлор маҳсулотлари ва бошқа реагентларни (водород пероксиди, ва бошқалар) қўллаб зарарсизлантиришни, фақат ҳавони сўрғичлар, назорат ҳамда масофадан бошқариш асбоблари билан жиҳозланган зич ёпилган жиҳозларда амалга оширишга рухсат этилади.

188. Заҳарли моддалардан зарарсизлантирилмаган махсус кийимни фабрика ҳудудидан олиб кетиш ва махсус кийимда унинг ҳудудидан ташқарига чиқиш тақиқланади.

Махсус кийимлар олдиндан зарарсизлантирилиб, кейин марказлашган ҳолда ювилади ва таъмирланади.

189. Цианли эритмалар (пульпа) билан ишлашга фақат резина қўлқоплар, фартук ва этикларда рухсат этилади. Шим почалари этикнинг устига туширилади. Цианли эритмалар билан ишланадиган жойлар маҳаллий ҳаво сўрувчи вентиляция билан жиҳозланган бўлиши керак.

190. Цианлаш бўлинмасининг барча ҳудудида шошилинч ёрдам кўрсатиш учун барча ишчи майдончаларида, улардан циани бўлган ҳар қандай жиҳозгача бўлган масофа 25 метрдан ошмайдиган ҳисоб-китоб билан жойлаштириладиган, профилактика пунктлари қурилган бўлиши керак.

Пунктларга бориш йўллари ёритилган, осон бориладиган ҳамда жиҳозлар ва коммуникациялар билан банд қилиб ташланмаслиги керак.

191. Профилактика пункти заҳарга қарши воситалар, медикаментлар ва боғлаш воситаларига эга бўлган биринчи ёрдам аптечкалари, шунингдек, керакли идишлар, заҳарга қарши воситаларни қўллаш бўйича йўриқномалар билан таъминланган бўлиши керак.

Профилактика пунктига, сув аралаштиргич орқали полдан 2 метр баландликда ўрнатилган сарфлаш патрубкасига бериладиган совуқ ва иссиқ сув келтирилган бўлиши ва узатилиши керак.

Сарфлаш патрубкаларига сув сачратгичларни ўрнатишга рухсат этилмайди.

3-§. Ютилиш, ажралиш, тикланиш ва электролиз бўлинмалари

192. Ишчи хоналар атмосферасига ўта заҳарли моддаларнинг тушиши олдини олиш учун бўлинманинг жиҳозлари (пачуклар, колонкалар, ғалвирлар) тўлиқ герметизацияланган, газларни сўриш эса бевосита қобиқларнинг ичидан амалга оширилиши керак.

193. Ажралиш ва тикланиш жараёнларини назорат қилиш ва бошқариш автоматлашган бўлиши керак.

194. Ютилиш, ажралиш, тикланиш, реагентларни тайёрлаш ва сақлаш хоналари ҳаво муҳитини назорат қиладиган, узлуксиз ишлайдиган, сигнализация (товушли, ёруғликли) тизими билан блокланган, иш жойларида цианид кислотаси буғларининг РЭЧК миқдоридан ошганлиги тўғрисида хабар берувчи автоматик асбоблар билан жиҳозланган бўлиши керак.

195. Ажралиш, тикланиш ва электролиз хоналарида ишлашга умумий алмашинув вентиляцияси узлуксиз амалда бўлгандагина рухсат этилади. Вентиляция тизими ишдан чиққан ҳолларда хизмат кўрсатувчи ходимлар зудлик билан хонани тарк этишлари керак. Хонага киришга умумий алмашинув вентиляцияси ишга тушгандан кейин ва хонанинг ҳавосидаги зарарли аралашмалар (цианид кислотаси ва бошқалар) миқдори РЭЧК даражасигача камайгандан сўнг рухсат этилади.

196. Мумлар колонкалар бўйлаб силжиганда колонкаларнинг кузатиш ойналари ва қопқоқлари зич ёпилган бўлиши керак.

197. Мумларни бошқа муҳитли таркибдаги колонкага (ишқорлидан нордонлигига ва тескарисига) ташишда эритмалар тўлиқ ажратилиши керак. Эритмаларни мумлар билан бирга ташиш тақиқланади.

198. Колонкалардан мум ва эритмалар намуналарини фақат уларнинг қопқоқларидаги туйнуклари ёки колонка ёнбошидаги эшикчалардан олишга рухсат этилади. Намуна олиш учун колонкалар қопқоқларини очиш тақиқланади.

199. Ажралиш ва тикланишнинг нордон ювиш эритмаларини цианли жараёнга қайтаришга, уларни аввал ишқорлар (оҳак, ўювчи натрий) ёрдамида нейтраллагандан кейингина рухсат этилади.

200. Товар регенератининг электролизи хонаси умумий алмашинув ва авария вентиляция тизимлари билан жиҳозланган ҳамда ҳавода концентрацияси РЭЧК дан ошган кислота буғлари ва водород мавжудлиги тўғрисида сигнал берадиган асбоблар билан бутланган бўлиши керак.

201. Электролизерларда катод блокларини алмаштириш вақтида ходимлар резинали махсус кийимлар, резинали этиклар, этак, қўлқоп кийишлари ва ҳимоя кўзойнакларидан фойдаланишлари керак.

4-§. Қумларни бойитиш

202. Конвейер-скрубберли ювиш асбобларида ишлаётганда хизмат кўрсатувчи ходимлар (оператор, бункерчи ва насос станцияси машинисти) ўртасидаги алоқа икки томонлама ва захирали бўлиши керак.

203. Ювиш асбобининг конвейер тасмасидан тош бўлакларини ташлаб юбориш учун махсус новлар қурилган бўлиши керак.

Тош бўлаклари тўпланадиган жой тўсилган бўлиши керак.

204. Саноат асбобларининг бункерларидаги ёпишмаларни босим остидаги сув оқими ёки махсус мосламалар билан бартараф этишга рухсат этилади.

Бункердан тош бўлакларини олиб ташлашни фақат таъминловчи ва конвейер тўхтатилгандан кейин кран ёки махсус мосламалар (блоклар, трослар ва ҳоказолар) ёрдамида амалга оширишга рухсат этилади.

205. Гидромониторчининг иш жойи қумларни парчалаш, гидровашгерт новлари ва шағал уюмлари жойлари, шунингдек, гидроэлеватор яқинида жойлашган бошқа асбоблар яққол кўринадиган ҳолда жойлашган бўлиши керак.

206. Қиш мавсумида ишлаш учун мўлжалланган иситиладиган саноат асбоблари учун ҳар бир алоҳида ҳолатда, ходимларнинг хавфсизлиги ва жиҳозларнинг ишончли ишлашини таъминлайдиган чора-тадбирлар кўзда тутилган бўлиши керак.

8-боб. Реагент бўлинмалари ва реагентлар омборлари

1-§. Умумий талаблар

207. Реагентларни қўллайдиган барча корхоналар, реагентларнинг (уларнинг технологик аралашмалари) хавфлилик классини, санитария талаблари ва мазкур Қоидаларни ҳисобга олган ҳолда, уларни хавфсиз сақлаш ва реагент режимини юритиш бўйича раҳбар (раҳбар ўринбосари) томонидан тасдиқланган йўриқномага эга бўлишлари керак.

208. Реагентлар сақланадиган ёки улар билан ишланадиган хоналар, уларнинг ҳавосидаги зарарли моддаларнинг миқдорини РЭЧКдан юқори бўлмаган даражада бўлишини таъминлайдиган вентиляция билан жиҳозланган бўлиши керак. Реагент хоналаридан чиқариб юбориладиган ҳаво атмосферага чиқарилишидан олдин тозаланиши ва нейтралланиши керак.

209. Реагент бўлинмасида вентиляторлар тўхтаб қолгани тўғрисида хабар берувчи товушли ёки ёруғлик сигнализацияси кўзда тутилган бўлиши керак.

Вентиляция қурилмаси тўхтаб қолганда ёки хона ҳавосидаги зарарли моддалар миқдори рухсат этилган чегаравий концентрациялардан ошиб кетганда хонадаги ишлар зудлик билан тўхтатилади ва ходимлар тоза ҳавога олиб чиқилади.

Хонага киришга фақат умумий алмашинув вентиляциясининг ишлаши тиклангандан кейин ва хонанинг ҳавосидаги зарарли моддалар миқдори РЭЧК даражасигача камайтирилгандан сўнг рухсат этилади.

210. Реагентлар тушириладиган, таралар ва идишлар очиладиган жойлар, эритмали чанлар, тиндиргичлар ва бошқа зарарли моддалар ажралиб чиқиши мумкин бўлган жойлар умумий вентиляция тизимидан ташқари зичлагичли ва насосли қобиқ билан ўралган маҳаллий ҳаво сўриш мосламамалари билан жиҳозланган бўлиши керак.

211. Реагентлар билан ишлаётганда уларни тупроққа, полга, жиҳозга, идишга ва кийимга сачраши, сочилиши ва тўкилишларининг олдини оладиган чоралар кўрилиши керак.

Пол ёки аппаратурага тушган реагентлар амалдаги йўриқномаларга мувофиқ йиғиштириб олиниши, нейтралланиши ва сув билан яхшилаб ювилиши керак.

Реагентлар сақланадиган, ортиладиган ва тушириладиган жойларда тўкилган ёки сочилган реагентларни зарарсизлантириш учун етарли миқдорда тегишли воситалар бўлиши керак.

212. Реагент бўлинмаларида тери юзасидан химикатларни тез кетказиш учун авария души ёки ванналар ўрнатиш, шунингдек, кўзларни ювиш учун фавворачалар қуриш кўзда тутилган бўлиши керак. Кўрсатилган мосламалардан фақат белгиланган мақсадлар учун фойдаланилиши керак.

213. Реагентлар сақланадиган ёки улар билан ишланаётган хоналарга бегоналарнинг кириши тақиқланади.

214. Реагентлар бўлинмаларидаги, шунингдек, омборлардаги вентиляция тизимлари ва реагент ўтказгичларни таъмирлаш, тозалаш ишлари, сиғимларни кўздан кечириш, тозалаш ҳамда зарарсизлантириш ишларига қўйилган шахслар ишларнинг раҳбаридан дастлабки кўрсатмаларни олиши, ишларнинг ҳажми ва хавфсизлик чоралари кўрсатилган махсус наряд-рухсатномага эга бўлиши керак.

215. Ишлатилган артиш материалларини ҳар томонга ташлаш, шунингдек, чан (идиш, сиғим) ва аппаратларнинг ичида қолдириш тақиқланади. Барча ишлатилган артиш материаллари бир жойга йиғилади ва йўқ қилинади.

216. Реагентлар мавжуд бўлган хоналарда шахсий кийимлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, шунингдек, ходимларнинг чекиши ва овқатланиши тақиқланади.

217. Флотореагентларни сақлаш, уларнинг эритмаларини тайёрлаш, уларни транспортлаш ва улардан фойдаланиш корхонада ҳар қайси реагент учун ишлаб чиқилган ва фабрика раҳбари (раҳбарнинг ўринбосари) томонидан тасдиқланган технологик режим ҳариталарига мувофиқ амалга оширилиши керак.

218. Фойдаланиш учун яроқсиз бўлган, ифлосланган реагент қолдиқлари ва реагент бўлинмасидан чиқадиган оқоваларни кимёвий тозалаш ёки зарарсизлантириш ишлари бошқа технологик цикл хоналаридан ажратилган хонада амалга оширилади. Бу хоналарда бегона шахсларнинг бўлиши тақиқланади.

Бирлашганда заҳарли моддалар (водород сульфид, цианли водород, маргимушли водород ва бошқалар) ёки қувурларни ифлослантирувчи эримайдиган чўкмалар ҳосил қиладиган оқоваларнинг қўшилишига йўл қўйилмайди.

2-§. Реагентлар омборлари

219. Реагентлар махсус йўриқномаларга мувофиқ ёпиқ омборхоналарда ёки бостирмалар остида сақланиши керак. Аэрофлотлар, мойлар, хлорид кислотаси, натрий сульфогидрати, керосин, оксалларни (Т-80) ўралган реагент омборлари ҳудудида қуёш нурлари ва ёғингарчиликдан ҳимояловчи бостирма остига жойлаштирилган металл резервуарлар ва цистерналарда сақлашга рухсат этилади.

Хлорид кислотасини очиқ омборхоналарда шиша идишларда (бутилда) ва силикат-палахсаларда сақлашга рухсат этилади.

Ўзаро таъсирга киришадиган реагентларни битта омборхонада биргаликда сақлашга йўл қўйилмайди.

Омборларда идиши шикастланган реагентларни сақлашга ҳам йўл қўйилмайди. Реагентларни қайта қадоқлаш, қабул қилиш ва бериш махсус ажратилган майдончаларда ўтказилиши керак.

220. Суюқ реагентларни сақлаш учун мўлжалланган сиғимлар ва улар билан боғлиқ коммуникациялар реагентларнинг тўлиқ тушишини таъминлайдиган мосламалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

Агрессив (кислоталар, ишқорлар) ва заҳарли реагентларни транспортлашга мўлжалланган қувур йўллари ходимлар ўтиш йўлаклари ва иш жойлари устида жойлашган бўлмаслиги керак.

221. Ксантогенатлар, натрий сульфид ва цианидлар омборлари учун хоналарда ҳавонинг ҳарорати 25° С дан ошмаслиги керак. Кучли таъсир қилувчи заҳарли моддалар махсус алоҳида хоналарда сақланиши лозим. Заҳарли реагентлар ва сўндирилмаган оҳакни бошқа реагентлар билан бирга сақлаш тақиқланади. Сўндирилмаган оҳакни сақлаш учун уни сув билан қўшилишига йўл қўймайдиган ёнмайдиган хоналар ажратилган бўлиши керак.

222. Портлаш хавфи бўлган буғлар ва заҳарли таъсир этадиган ёки қўланса ҳидли газлар ажратиб чиқарадиган реагентларни сақлаш учун мўлжалланган хоналарда ҳавоси ўзгармайдиган турғун зоналар юзага келмаслиги учун ҳаво хонанинг пастки ва тепа зоналаридан сўриб олиниши керак.

223. Реагентлар омборлари ва реагент хўжалиги барча хоналарининг поллари, деворлари ва тутиб турувчи қурилиш конструкциялари тегишли кимёвий ҳимояга эга бўлиши керак.

Деворлар ва шифтлар шундай қурилган бўлиши керакки, уларда чанглар ва буғлар тўпланмаслиги ҳамда ютилмаслиги керак ва уларнинг юзасини тозалаш ҳамда ювиш мумкин бўлсин. Поллар сувларнинг, нейтралловчи эритмалар келиб тушадиган сизот зумпфларига оқиши ва четлатилиши учун мўлжалланган ариқчаларга, шунингдек, етарли даражадаги нишабликка эга бўлиши керак.

224. Аэрофлот, натрий сульфогидрат, аммиак ва бошқа кучли ҳид чиқарадиган реагентлар, фақат яхши ҳолатдаги цистерналар ёки металл тиқинлар билан зич ёпиладиган металл бочкаларда ташилиши ва сақланиши керак.

225. Суюқ, агрессив ва ўта заҳарли реагентларни корхона ҳудуди бўйлаб махсус жиҳозланган транспортларда ва химикатларнинг тўкилишига йўл қўймайдиган идишларда ташилади.

Бўтиллар сақланадиган идишларнинг сомонлари, пайраҳалар ва ёғочлари хлорли рух ёки натрий сульфид шимдирилган бўлиши керак. Суюқ реагент солинган бўтилларнинг тиқини зич, лекин герметикланмаган бўлиши керак.

226. Реагентлар сақланадиган омборга киришга ҳаво сўрувчи вентиляция олдиндан 10 дақиқа давомида узлуксиз ишлагандан кейин рухсат этилади. Вентилятор тўхтаб қолганда, реагентларнинг ёпиқ омборларида ишлаш тақиқланади. Вентиляторнинг ишга туширгичи омборнинг ташқи эшиги ёнида бўлиши керак.

Вентилятор носоз бўлган ҳолларда, уни таъмирлаш учун омборга бир вақтнинг ўзида камида икки нафар киши противогазда киришлари керак.

227. Ҳар бир реагентнинг тахланадиган жойи сақланаётган реагентнинг номи кўрсатилган ёзув билан аниқлаган бўлиши керак. Реагентларни турлари бўйича сараланмаган кўринишда сақлаш тақиқланади.

228. Кислоталар, аммиакли сувлар, аэрофлотлар, натрий сульфгидрат ва бошқа суюқ флотореагентларни транспорт воситасидан тушириш механизациялаштирилган усулда амалга оширилиши керак.

Цистерналардаги суюқ реагентлар тўкиб бўлингандан сўнг уларнинг шланги ечиб олинади ва реагент қолдиқлари сув билан ювиб ташланади.

Цистерналардан ёнувчи реагентлар тўкиб олинаётганда, қувур йўллари ва цистерналар заминланган (ерга уланган) бўлиши керак.

Флотореагентлар ва химикатларни бошқа идишларга қуйиб олишдан аввал сиғимларнинг тўлиши сатҳини назорат қиладиган тизимнинг ишончлилигини текшириб кўриш керак.

229. Омборда, шунингдек, портлаш хавфи бўлган реагентлар мавжуд омбор яқинида ва насослар жойлашган хонада ўтказиладиган пайвандлаш ишларини фақат фабрика раҳбариятининг хавфсизлик чоралари кўрсатилган махсус (ёзма) рухсатномаси ҳамда корхонанинг ёнғиндан муҳофаза қилиш хизматининг оловли ишларни ўтказишга берган рухсатномаси бўйича бажариш мумкин. Бунда барча енгил учадиган химикатлар омбордан олдиндан чиқарилган бўлиши керак.

230. Реагент омборларида қуйидагилар бўлиши керак:

суюқ реагентлар сақланадиган стационар сиғимлардаги сатҳ ўлчагичлар;

умумий алмашинув ва маҳаллий сўрувчи вентиляцияларининг ишлаши тўхтаганлиги тўғрисида хабар берадиган товушли ва ёруғлик сигнализацияси. Бундай сигнализацияларнинг заҳарли бўлмаган ва портлаш хавфи бўлган буғларни ажратиб чиқармайдиган реагентлар омборларида бўлиши шарт эмас;

фабрика раҳбарияти, ёнғиндан муҳофаза қилиш хизмати ва тиббий пункт билан бевосита ёки фабрика диспетчери (оператор) орқали телефон алоқаси.

Цианидли банкаларни очиш жараёнлари, шунингдек, кучли таъсир қилувчи заҳарли моддалар билан боғлиқ барча ишлар, шу жумладан, эритмалар тайёрлашлар механизациялашган бўлиши керак.

3-§. Реагентларни тайёрлаш бўлинмалари

231. Суюқ ва қаттиқ кимёвий маҳсулотлар сувда ҳамда бошқа эритувчиларда эритиладиган, тайёрланган эритмалар тиндириладиган ва бакларга қуйиладиган реагент бўлинмалари фабриканинг бошқа объектларидан (бўлинмалари) изоляцияланган бўлиши керак.

232. Реагентларни тайёрлаш бўлинмалари ва уларнинг алоҳида хоналаридаги ҳарорат режими ушбу хоналарда тайёрланадиган реагентларнинг физик-кимёвий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

233. Тўсатдан катта миқдорда зарарли газлар ажралиши мумкин бўлган реагент бўлинмаларида аварияли ҳаво сўриш вентиляцияси кўзда тутилган бўлиши керак. Захирадаги газниқоблар, уларнинг сони сменада ишлаётган рўйхатдаги ходимларнинг энг кўп таркибидан 50 фоизга кўп бўлиши ва маълум жойда сақланиши керак.

234. Эритмали чанлар ва тиндиргичлар, шунингдек, улар билан боғлиқ бўлган коммуникациялар шундай ўрнатилган бўлиши керакки, лозим бўлган ҳолатда улардаги реагентларни эритмалар бўлинмаларида кўзда тутилган аварияли сиғимларга тўлиқ чиқариб ташлаш мумкин бўлсин.

Реагент бўлинмаларида эритмали чанларнинг тўлиши сатҳини товушли ёки ёруғлик сигнализацияси билан автоматик тарзда назорат қилиш кўзда тутилган бўлиши керак.

235. Органик ҳамда бошқа ёнғин ва портлаш хавфи бўлган моддаларни эритиш учун мўлжалланган аппаратура, учқун чиқишига йўл қўймайдиган ижрода бўлиши керак.

236. Цианли эритмаларни тайёрлаш учун мўлжалланган хона реагент бўлинмасидаги бошқа хоналардан изоляцияланган бўлиши ва доимо ёпиқ туриши, ундан чиқаётган оқова сувлар сизоти ҳамда чиқиндилар бошқа реагентлар бўлинмалари сизотларидан ажратилган бўлиши керак.

Кўрсатилган бўлинмада ишлашга қўйилган шахслар, ишларни хавфсиз бажариш услублари бўйича ўқитилган ва махсус гувоҳномаларга эга бўлишлари керак.

Цианидли банкаларни очиш, уларни бункер ва чан-эритгичларга тушириш, шунингдек, тайёр эритмаларни сақлаш ҳамда эритиш учун мўлжалланган барча аппаратура ва қурилмалар яхши бекитилган ҳамда зичланган бўлиши ва захира вентиляция қурилмаси билан блокировка қилинган тортиш вентиляциясининг маҳаллий сўришларига эга бўлиши керак.

237. Ҳар бир реагент учун чанлар ва тиндиргичлар қуйиш найлари ва сатҳ ўлчагичлар, шунингдек, реагент номи аниқ кўрсатилган ёзув билан жиҳозланган бўлиши керак.

238. Сигналлар ранглари ва хавфсизлик белгилари талабларига риоя қилган ҳолда барча қувур йўллари ва сиғимлар амалдаги соҳа стандартларига мувофиқ хавфсизлик белгиларидаги рамзий тасвирлар ва тушунтириш ёзувлари бўлган шартли рангларга бўялиши керак.

239. Барабанларни очиш, йирик бўлакларни майдалаш, уларни эритиш бакларига тўкишда кўриладиган хавфсизлик чоралари ишчи йўриқномаларда кўрсатилган бўлиши керак.

240. Флотореагентлар эритмаларини тайёрлашда маҳаллий ёритиш учун кучланиши кўпи билан 12 вольт бўлган кўчма ёриткичлардан фойдаланиш рухсат этилади.

241. Реагент бўлинмасининг ишчи хоналарида идишларни сақлаш тақиқланади. Идишларни зарарсизлантириш ва омборга топшириш тартиби фабриканинг бош муҳандиси томонидан тасдиқланган йўриқномада белгилаб берилади.

Цианли бирикмалар ташилган идишлар зудлик билан зарарсизлантирилиши ва омборга бошқа идишлардан алоҳида топширилиши керак.

9-боб. Чиқинди хўжалиги

242. Чиқинди омборлари, қуйқа омборлари ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш жараёни билан боғлиқ бўлган гидротехник иншоотлар, белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ бўлиши керак.

243. Чиқинди омборларидан фойдаланиш, уларни лойиҳалаштириш ва қуриш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

244. Чиқинди сувларини, уларни сув ҳавзасига чиқаришдан олдин тозалаш усули лойиҳа ва техник ҳужжатларда кўрсатилган бўлиши керак. Чиқинди омборлари сувларини очиқ сув ҳавзаларига (дарёлар, кўллар, ирмоқлар), уларни балиқ хўжалиги сув ҳавзалари учун мўлжалланган санитария меъёрларигача, тегишли тозаламасдан чиқариш тақиқланади.

245. Чиқинди омборининг сув ювиб кетган участкалари тўсилган ва уларга огоҳлантирувчи плакатлар ва белгилар ўрнатилган бўлиши керак. Чиқинди омборининг ювилмаларига хизмат кўрсатиш учун панжарали кўприкчалар қурилади. Чиқинди омборида пайдо бўлган тиндириш ирмоғининг сувларига, ўприндилар, жарликлар ёки воронкаларга бориш, шунингдек, тиндириш ирмоғининг музликлари бўйлаб юриш тақиқланади.

246. Сув ташланадиган иншоотларни кўздан кечириш ва уларда таъмирлашларни амалга ошириш махсус наряд-рухсатнома бўйича амалга оширилади. Қудуқлар, сиғимлар ва коллекторларда одамларнинг борлиги тўғрисида плакатлар билан хабардор қилиниши керак.

247. Ҳар бир фабрикада, корхона раҳбари (раҳбар ўринбосари — бош муҳандис) тасдиқлайдиган, чиқиндилар омбори тўғонини сув ювиб кетиши ва бошқа аварияли вазиятларда юз бериши мумкин бўлган аварияларни бартараф этиш режаси сўзсиз ишлаб чиқилади.

Захира чиқишлари, одамлар ҳаракатланадиган йўллар, ишларнинг технологиялари ўзгарганда, уч кун муддатда аварияларни бартараф этиш режасига тегишли ўзгартиришлар киритилиши ва бу ҳақда ходимлар ҳамда мутахассисларга имзо қўйдириб таништирилиши керак.

Корхонанинг мутахассисларини аварияли ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишларни ташкиллаштириш ва унга раҳбарлик қилиш ҳамда уларда шахсан иштирок этишнинг тартиби билан фабрика раҳбари (унинг ўринбосари — бош муҳандис), ходимларни эса тегишли бўлим (цех, участка, бўлинма) раҳбари таништиради.

Таништириш режа амалга киритилишидан камида 15 кун олдин, аварияларни бартараф этиш бўйича режанинг охирги варағига, шунингдек, аварияларни бартараф этиш режаси далолатномаларига имзо қўйдириб ўтказилади. Қайта таништириш ҳар йили ўтказилади.

Аварияларни бартараф этиш режасининг ўзи бажарадиган ишларга тааллуқли қисми билан танишиб чиқмаган шахсларни ишга қўйиш тақиқланади.

248. Чиқинди омбори юқори қатламини чанг босишининг олдини олиш учун уни маҳкамлаш (ўт экиш, дарахтлар ўтқазиш ва бошқалар) бўйича чоралар амалга оширилиши керак.

10-боб. Минералларнинг бир-бирига ёпишиши ва ғўлаклаш, оҳактошни пишириш, қуритиш бўлинмалари

1-§. Минералларни бир-бирига ёпишиши ва ғўлаклаш

249. Ҳар бир фабрикада ўрнатилган тартибда минералларни бир-бирига ёпишиши ва ғўлаклаш жараёнларини олиб бориш технологияси бўйича, энергия ташувчилар (газ ва бошқалар), юқори ҳароратли операцияларнинг қўлланиши, газ ҳамда чанг ажралишлари ва омилларининг хавфсизлиги бўйича бошқа ноқулайликларнинг мавжудлиги билан боғлиқ ҳолда, аниқ шароитлар учун рудалар ҳамда концентратларни ғўлаклаш услублари аниқлаштирилган йўриқномалар ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.

250. Бункерлардаги дастлабки хомашё, аралаштириш, қайтариш ва тўшамалар, шунингдек, бункерлар юкланадиган жойлар чанг, буғ ва газ ажралиб чиқишига йўл қўймайдиган аспирация қурилмалари билан жиҳозланиши керак.

251. Бункерларнинг туйнуклари катаклари ўлчамлари 200 х 200 миллиметр бўлган панжаралар билан ёпилган ва баландлиги 1 метрдан кам бўлмаган тўсиқлар билан тўсилган бўлиши керак.

252. Чанг ўтказадиган мосламалардан чангни йиғиштириб олиш гидро, пневмотранспорт билан ёки бошқа усулда амалга оширилади. Чангни ўтказадиган мосламалардан чангни гидро ёки пневмотранспорт тизимига тушириш усули, уни атроф-муҳитга чиқиб кетиши ва тарқалиши имкониятини қолдирмаслиги керак.

253. Аралаштирувчи барабанлар ва барабан-совиткичларга, уларни тозалаш ва таъмирлашда одам кириши учун мўлжалланган туйнукнинг эшиклари маҳаллий бошқаришда ҳам, худди, шунингдек, масофадан бошқаришда ҳам барабаннинг эшиклари очиқ бўлганда, унинг ишга тушиши имкониятига йўл бермайдиган блокировка билан жиҳозланган бўлиши керак.

Аралаштиргич ишлаб турганда бевосита барабандан намуналарни олиш тақиқланади. Барабандан чиққан шихтадан намуна олиш автоматлаштирилган намуна олгичлар ёрдамида, айрим ҳолларда эса қўлда амалга оширилиши керак.

254. Бўлаклаш ва ғўлаклаш машиналарининг ўчоғи горелкаларига газ ҳамда буғни қабул қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши керак.

Ўчоқнинг газ горелкаларини ёқиш ва ўчириш тартиби, назорат жойлари ва параметрлари, хавфсизликнинг керакли чоралари корхона бош муҳандиси томонидан тасдиқланган махсус йўриқномада келтирилган бўлиши керак.

255. Бўлаклаш машиналари (минералларни бир-бирида ёпишиши ва қиздирилган бўлакларни пишириш машиналари) фавқулодда ва режали тўхтатилганда, уларга шихта, газ ва ҳаво беришни тўхтатиш керак. Бунда газ горелкалари газ келишини тўхтатадиган автоматик блокировка билан таъминланган бўлиши керак.

Тортиш-пуфлаш машиналарини (эксгаустерлар, вентиляторлар, тутун сўрувчилар) тўхтатиш, машинадаги ёнилғи тўлиқ ёниб бўлгандан кейин амалга оширилиши керак.

256. Коллекторлар ва горелкаларнинг сурилма қопқоқларига хизмат кўрсатиш учун уларга боришга қулайлик яратилган бўлиши керак. Магистраль шиберлар масофадан туриб, оператор хонасидан бошқарилади. Бундан ташқари уларни қулай ҳолда қўлда бошқариш имконияти ҳам кўзда тутилган бўлиши керак.

257. Пишириш машиналарининг ёндирувчи ўчоқларининг деворлари ва гумбазлари иссиқликдан изоляцияланган бўлиши керак. Ташқи юзасидаги ҳарорат 45° С дан юқори бўлган ўчоқлар устида бинонинг энг юқори қисмидан 1-2 метр баландликка чиқарилган ҳаво тортиш қувурлари ва дефлекторлар билан жиҳозланган соябонлар ўрнатилган бўлиши керак.

Минералларни бир-бирига ёпишиши машинаси бўйлаб ёндирувчи ўчоқларга зич туташадиган пана жой бўлмаган ҳолларда қизиб турган шихта юзасини тўлиқ экранланишини таъминлайдиган совитиш пардалари ўрнатилган бўлиши керак.

258. Фабриканинг газ хўжалигига хизмат кўрсатадиган шахслар, газдан ҳимоялайдиган, иш жойларига яқин бўлган махсус ажратилган жойларда сақланиши ва мунтазам текширилиши керак бўлган зарур аппаратура билан таъминланган бўлиши керак.

259. Шихтани ёндириш учун суюқ ёнилғида ишлайдиган бўлаклаш қурилмаларидан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

260. Минералларни бир-бирига ёпишиши ва пишириш машиналарининг ишчи майдончалари зонасининг аравачаларга ётқизиш тушамалари ва шихталарни юклаш жойларида, шунингдек, ғилдиракларни ётқизгичнинг ғилдираклари узатмалари ва машиналарнинг ён қисмларида, машина ишлаб турганда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг аравачалар панжараларини алмаштириш учун ишчи тармоққа чиқадиган жойига кириб қолишларига йўл қўймайдиган тўсиқлар бўлиши керак.

Бу жойларга кириш пишириш машинаси тўхтатилгандан ва тегишли блокировка ўрнатилгандан кейин таъминланиши керак.

261. Фабрикаларнинг барча бўлаклаш амалга ошириладиган иш жойларида ёруғлик-товуш сигнализацияси ва телефон алоқаси бўлиши керак.

262. Амалдаги фабрикаларда шихтани қиздириш учун қайноқ қайтмадан фойдаланишга, ихтисослашган ташкилот томонидан бажарилган лойиҳа бўйича амалдаги санитария меъёрларига мувофиқ меҳнатнинг санитария-гигиена шароитлари таъминланган ҳолатда йўл қўйилади.

Янги фабрикалар лойиҳалаштирилаётганда технологик жараёнда қайноқ қайтмадан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

263. Қайтариш тугуни фабриканинг бошқа участкаларидан изоляцияланган бўлиши керак.

Пишириш (қиздириб бириктириш) бўлинмаси ва қайтариш тугуни ўртасида тўғридан-тўғри телефон алоқаси йўлга қўйилган бўлиши керак.

264. Минералларнинг бир-бирига ёпишишини қиздириб бириктириш технологияси қайтма бункерида осилиб қолишлар ҳосил бўлишига йўл қўймайдиган қайтмани олишни таъминлаши керак.

Қайноқ қайтмалар бункерга ёпишиб қолган ҳолда, унинг ўпирилишини махсус воситалар (пневмокўчиргич ва бошқалар) билан амалга ошириш керак.

Бункердаги қайтма материални сув билан совитиш қатъий тақиқланади.

Бункерлар ва ғалвирлар конструкцияларини сув билан совитиш фақат бункер қайтмадан тозалангандан ва хавфсизликнинг қўшимча чоралари кўрилгандан кейин мумкин бўлади. Қайноқ қайтма бункерлари иссиқликдан изоляцияланган бўлиши керак.

265. Буғ ҳосил бўлишини камайтириш мақсадида қайноқ қайтма ташиладиган галереялар оқимли-сўрувчи вентиляция билан жиҳозланган, йилнинг совуқ вақтида бериладиган ҳаво эса олдиндан иситилган бўлиши керак.

266. Барабан-совиткичда қайтмани совитиш пайтида буғ ҳосил бўлишига йўл қўймаслик учун барабан-совиткичлар материални ортиш ва тушириш жойларида аспирация тизимлари билан жиҳозланган бўлиши керак.

267. Машинанинг қайтма бункерлари остидаги тарновларни фақат махсус майдончалардан туриб, мосламалар ёрдамида тозалашга рухсат этилади.

268. Қайноқ қайтмани тасмали конвейерда ташиганда, уни конвейер тасмасига олдиндан ётқизилган шихта устига жойлаштириш керак.

Қайтмани бериш ва конвейерда совуқ шихтанинг бўлиши автоматлаштиришнинг махсус тизими билан таъминланиши керак.

269. Қиздирилган бўлакларни (агломерат) вагонларга юклаш учун мўлжалланган темир йўллар излари чодирлар (зонт) билан ёпилган бўлиши керак, унинг остидаги чангланган ҳаво махсус вентилятор ёрдамида сўриб олинади, чиқиндиларни тозалаш эса махсус мосламалар билан амалга оширилади.

270. Юкларни ортишни кузатиш учун телевизион ёки бошқа автоматик мосламалар ўрнатилган бўлиши керак. Юклаш ишлаш учун нормал санитария-гигиена шароитлари таъминланган махсус изоляцияланган хонадан бошқарилиши лозим.

271. Қиздирилган бўлакларни (агломерат) юклаш жойларидаги темир йўл изларини тозалаш, одатда механизациялаштирилган усулда амалга оширилади. Қиздирилган бўлакларни (агломерат) ташиш учун уларнинг тўкилишига йўл қўймайдиган махсус вагонлардан фойдаланиш керак.

272. Қиздирилган бўлаклардан намуналар олиш автоматик намуна олгичлар билан махсус жойлардан, қиздирилган бўлакларни конвейерда узатиш мавжуд бўлмаган ҳолларда эса кўприкли кран грейфери билан темир йўл вагонларидан амалга оширилади.

273. Қиздирилган бўлакларни (агломерат) совитиш жараёни уларнинг калориметрик усул билан аниқланадиган ҳароратини 140° С дан кам бўлмаган ҳароратгача тушишини таъминлаши керак.

274. Тайёр қиздирилган бўлакларни ғалвирдан ўтказиш хоналари пишириш корпусидан бинонинг бутун баландлиги бўйича ажратилган бўлиши керак. Ғалвирдан ўтказиш бўлинмасига ва юкларни тушириш майдончаларига кириш эшиклари тешикни зич бекитиши керак.

275. Сульфидли рудалардан қиздирилган бўлакларни (агломерат) ишлаб чиқаришда бўлаклаш фабрикалари олтингугуртни тутиб қолувчи қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

276. Кетаётган газлар, рециркуляция ва рекуперация тизимларининг газ-ҳаво коллекторлари, мос равишда уларнинг пишириш корпуси, хом-ашёни тайёрлаш бўлинмаси ва бошқа хоналарда жойлашган чанг йиғиш бункерлари иссиқликдан изоляцияланган бўлиши керак.

Иссиқлик изоляциясининг юзасини мунтазам чангдан тозалаб туриш керак.

277. Пиширишнинг янгидан лойиҳалаштирилаётган корпусларида пишириш машиналарининг тортиш-пуфлаш қурилмалари алоҳида корпусга (оралиқ) ёки пишириш корпуси таркибига кирувчи, яхлит деворлар билан изоляцияланган хонага жойлаштирилган бўлиши керак.

Тортиш-пуфлаш қурилмаларининг хонаси пишириш бўлинмаси билан ёруғлик-товуш сигнализацияси ва товушни изоляциялайдиган кабинага ўрнатилган телефон алоқаси билан боғланган бўлиши керак.

278. Кетаётган газлар ва рекуперация газлари коллекторларида тортиш -пуфлаш жиҳозигача ёки ундан кейин ўрнатилган сурилма қопқоқларни бошқариш механизациялаштирилган ва электрлаштирилган бўлиши керак.

279. Пишириш машиналарининг конструкцияси билан хонада фойдаланиш жараёнида газларнинг чиқиши ва қиздирилган бўлакларнинг қизиб турган қатламидан иссиқликнинг чиқишига йўл қўймаслик мақсадида «кон-пишириш аравачалари» тугунида самарали зичлик таъминланиши керак.

280. Тутун сўрғич ёки пишириш машинасининг вентилятори авариявий тўхтаган ҳолларда:

ёнилғи берилиши автоматик тарзда дарҳол тўхтайди ва свечанинг сурилма қопқоғи очилади;

пишириш машинаси автоматик тарзда тўхтайди. Ишлаб турган тортиш-пуфлаш қурилмаларининг ишлаши ёнилғи тўлиқ ёниб тугагунча давом этади.

2-§. Оҳактошни пишириш

281. Оҳактошни пишириш ва оҳак тайёрлаш учун мўлжалланган қурилмаларга мазкур Қоидаларнинг 249 , 250 , 254 , 261-бандларида кўрсатилган минералларнинг бир-бирига ёпишиши (агломерация қилиш) машиналаридан фойдаланишда қўйиладиган хавфсизлик талаблари татбиқ этилади.

282. Оҳактошни пишириш ва оҳак тайёрлаш учун мўлжалланган қурилмаларда чанг бостиришнинг амалдаги санитария нормаларига мувофиқ нормал санитария-гигиена меҳнат шароитларини таъминлайдиган самарали воситалар қўлланиши керак.

283. Оҳакни парчалаш учун сувдан фойдаланиш хавфсизликнинг қўшимча чоралари кўрилган шароитларда рухсат этилади.

284. Оҳак унинг чангишига йўл қўйилмайдиган шароитларда ўтказилиши ташилиши керак.

Оҳакни пишириш бўлинмаларида шамоллатиш етарли бўлмаганда ёки у носоз бўлганда ишлаш тақиқланади.

3-§. Қуритиш бўлинмалари

285. Қуритиш қурилмалари ва улардан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш керак.

286. Қуритиш қурилмасининг юқори ҳароратларгача қизийдиган барча юзалари иссиқликдан изоляцияланган ёки тўсилган бўлиши, иш жойлари эса ҳаво душлари билан жиҳозланган бўлиши керак.

287. Қуритиш печларига материал бериладиган тарновлар ва қувурлар ёпиқ ва чанг ҳосил бўлишига йўл қўймаслиги учун зич бекитилган бўлиши керак.

Айланадиган барабанларнинг ўтхона ва юк тушириладиган камералар билан туташган жойлари зич бекитилган бўлиши керак.

288. Қуритиш қурилмалари ва печлар газларни чанг ва зарарли аралашмалардан санитария меъёрларигача тозаланишини таъминлайдиган газни тортиш тизими билан жиҳозланиши керак.

289. Ҳавони тортиш-пуфлаш тизими ўчирилган ҳолатда қуритиш қурилмасининг (печлар) ишлаши тақиқланади. Ҳавони тортиш-пуфлаш қурилмалари ишлаганда, ишчи хонага газлар кирмаслиги керак.

290. Қуритиш қурилмасини технологик йўриқнома талабларига мувофиқ ишга туширилиши ва тўхтатилиши керак.

291. Мазутни тўкиш учун мўлжалланган авариявий бак носоз ёки тўла бўлган ҳолларда ёқиш мосламаларини ишлатиш тақиқланади.

292. Ишлаб чиқариш хоналаридаги қуритиш қурилмасини ёқиш учун мазут захираси бир кунлик эҳтиёждан кўп бўлмаганда рухсат берилади.

11-боб. Руда, концентратлар ва норуда материаллар омборхоналари

293. Экскаватор (ағдармалар) омборхоналари ва улардан фойдаланиш амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак.

294. Штабель устидаги галереялар иситиш, дренаж ва чанг тутадиган аспирация тизимларига эга бўлиши керак.

295. Штабель тахлагичлар ёрдамида чўққили омборхоналар қуришда рельсли из ва сув йиғиш ариқчаларининг ҳолати, уларнинг кўмилиб қолмаслиги, шунингдек, ишчи майдончалар, траплар, зиналарни кўкаламзорлаштирилгани назорат қилиниши керак.

Штабель тахлагичларнинг ҳаракат ҳудуди қоронғи пайтда ёритилиши керак.

296. Қувур йўллари орқали сочилувчан материаллар омборхонага ташилаётганда қувурлар бирлашган жойларининг герметиклиги ва юк солинадиган жойларнинг зич ёпилган таъминланган бўлиши лозим. Технологик шароитлар зич бекитиш имконини бермайдиган жойларда аспирация тизими сўргичлари ўрнатилган бўлиши керак.

297. Товар каолин хомашёси ва тальк рудасини кўмир, цемент ва оҳак уюмлари яқинида сақлаш тақиқланади.

Тальк, каолин ва графитни сочилган ҳолда вагонларга ортиш чоғида чангни босиш воситалари қўлланиши лозим.

298. Сутканинг қоронғи пайтида омборхоналардаги темир йўл излари ёритилган бўлиши керак, ёритилмаган темир йўл изларида ишлаш тақиқланади.

299. Экскаватор ишлаётган пайтда унинг ковши, троси, блоклари, скреперининг ҳаракат ҳудудида одамлар (шу жумладан, хизмат кўрсатувчи ходимлар)нинг бўлиши тақиқланади. Ковш (ротор)ни тозалаш экскаватор тўхтаган пайтда ва экскаватор машинистининг рухсати билан амалга оширилади. Бундай вазиятда ковш (ротор) ерга туширилган бўлиши керак.

Материалларни экскаваторлар ёки кўприкли ортиш қурилмалари билан темирйўл вагонларига ортиш чоғида бригада экскаватор ёки кўприкли ортиш қурилмаси машинистининг қонунчиликда ўрнатилган тартибда берадиган сигналларига бўйсуниши керак.

Ишдан холи вақтда экскаваторнинг ковши (ортгичнинг ротори) ерга туширилган, кабина ёпилган, электр энергияси узилган бўлиши керак.

300. Кўп чўмичли экскаваторлар ёки кўприкли юклаш қурилмалари ишлаётган пайтда юк ортилаётган вагон яқинида, юкларни ортиш, тушириш люклари, конвейерлар ва юклаш қурилмалари остида одамлар бўлмаслиги керак.

301. Экскаваторлар ёрдамида юк ортиладиган омборхоналарда штабелларнинг баландлиги амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ қабул қилиниши керак.

302. Материалларни ортиш ва тушириш пайтида иш ҳудуди ҳавосидаги чангни санитария нормалари даражасида бўлишини таъминлайдиган чанг босиш ёки чанг тутиш чоралари кўрилиши лозим.

Иш ҳудуди ҳавосидаги чангни санитария нормалари даражасида бўлишини таъминлаш имконияти бўлмаган ҳолларда ходимлар респираторлардан фойдаланишлари керак.

303. Омборхоналарда бульдозерларни мотори ишлаётган ва пичоғи кўтарилган ҳолатда қаровсиз қолдириш, иш пайтида эса тросни йўналтириш, осма рама ва пичоқда туриш мумкин эмас. Узатмалар қутиси қўшилган ҳолатда моторни ишга тушиб кетишига йўл қўймайдиган блокировка ёки моторни кабинадан туриб юргизиш қурилмаси бўлмаган бульдозерда ишлаш тақиқланади.

304. Тахланадиган материалнинг максимал қиялик бурчаги бульдозер кўтарилишда ишлаётганда 25 градусдан, пастликка (юк билан тушаётганда) ишлаётганда эса 30 градусдан ошмаслиги керак. Материал ортилаётганда бункерларга бориш йўлларининг қиялиги 6 градусдан ошмаслиги керак.

305. Пиёдалар учун мўлжалланган ва шоссе йўллар руда бўлаклари омборхонаси томонидан бруствер ёки тўсиқлар билан тўсилиши керак.

306. Тасмали конвейерлар, ўзиюрар бункерлар ёки роторли экскаваторлар ёрдамида юк тушириладиган омборхоналарда галереяларнинг юк тушириладиган бўйлама туйнуклари доимий тўсиқлар билан ўралган ёки катакларининг ўлчами 200 х 200 миллиметр бўлган панжара билан бекитилган бўлиши керак.

12-боб. Электротехник қурилмалар

307. Фабрикаларда электр қурилмалари ва уларга келаётган тармоқлар, электр қурилмалар қоидалари талабларига мувофиқ бажарилиши керак, уларни ишлатиш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидаларига ва Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларига мувофиқ амалга ошириш керак.

308. Бинолар ва иншоотлар қонунчиликда белгиланган тартибда яшиндан ҳимоялагич билан таъминланган бўлиши керак. Яшин қайтаргичларни кўздан кечириш ва уларнинг ҳолатини ҳамда заминловчи мосламанинг қаршилигини текшириш ҳар бир чақмоқлар мавсумидан олдин натижаларни мувофиқ равишда журналга қайд этган ҳолда ўтказилиши керак.

309. Электромеханик жиҳозни таъмирлаш, уни ишга тушириш ва тўхтатиш тартибини корхона бош муҳандиси томонидан тасдиқланган йўриқномага қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш керак.

Портлашдан ҳимояланган электр жиҳозлари қонунчиликда белгиланган тартибда таъмирланади.

310. Ҳар бир электр қурилмаси учун улардан нормал ва авариявий тартибларда фойдаланиш схемалари тузилган бўлиши керак. Электр уланиш схемаларига киритилаётган барча ўзгаришлар, шунингдек, заминлагичлар ўрнатилган жойларнинг ўзгариши схемада белгиланиши керак. Фойдаланиш электр схемалари ва уларга киритилаётган ўзгаришлар фабриканинг электр хўжалигига масъул бўлган ходим томонидан тасдиқланиши керак.

311. Электр схемаларда истеъмолчиларни ортиқча кучланиш ва қисқа туташувлардан ҳимоя қилиш кўзда тутилган бўлиши керак.

312. Портлаш-ёнғинга хавфли ва ёнғинга хавфли бўлган материаллар ишлаб чиқариладиган, қайта ишланадиган ёки сақланадиган бинолар ҳамда ташқи қурилмалар қонунчиликда белгиланган тартибда портлаш-ёнғинга ва ёнғинга хавфи бўйича таснифланган бўлиши керак.

13-боб. Кучланиши 1000 вольтгача бўлган электр қурилмалари

1-§. Электр қурилмаларини кўздан кечириш

313. Электр қурилмаларини кўздан кечириш жараёнида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидаларига ва Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларига мувофиқ битта шахс томонидан бартараф этиш мумкин бўлмаган носозликлар аниқланганда, у бу ҳақда зудлик билан ўзининг бевосита бошлиғига хабар бериши ва фойдаланиш журналига тегишли ёзувни киритиши керак.

Бу хилдаги носозликлар юқори турувчи бошлиқнинг кўрсатмаси бўйича иккинчи шахснинг назорати остида кўрсатилган қоидаларда кўзда тутилган, ишларни хавфсиз бажаришни таъминлайдиган чораларга риоя қилган ва ҳимоялаш воситаларини қўллаган ҳолда бартараф этилади.

314. Ҳимоялаш воситаларидан фойдаланишдан олдин улар диққат билан кўздан кечирилади ва тозаланади. Уларда ташқи шикастланишларнинг бор ёки йўқлигини, шунингдек, тамғаси бўйича уларнинг мазкур қурилма кучланишига мувофиқлигини ва уларни даврий синовдан ўтказишнинг муддати ўтиб кетмаганлигини текшириш керак.

Носоз ҳимоялаш воситалари ёки синовдан ўтказиш муддати ўтиб кетган тамға аниқланганда, уларни зудлик билан қўллашдан олиш керак.

Ҳимоялаш воситаларининг номенклатурасини, уларни сақлаш жойлари ва тегишлилигини электр қурилмаларидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахс белгилайди ҳамда фабрика раҳбари тасдиқлайди.

2-§. Электр қурилмаларида иш бажараётганда ва уларга хизмат кўрсатаётганда қўшимча хавфсизлик чоралари

315. Тақсимлаш қурилмалари хонасига узун нарсаларни (қувурлар, нарвонлар ва шу кабилар) олиб кириш ва кучланиш остида бўлган барча қисмлари, тасодифан тегиб кетиш имкониятини бартараф этадиган тўсиқлар билан тўлиқ ёпилмаган электр қурилмалари яқинида улар билан ишлаш, ишларни бажарувчи ёки ажратилган кузатувчининг узлуксиз назорати остида ўта эҳтиёткорлик билан амалга оширилиши керак.

316. Таъмирлаш ишлари учун қўлланадиган ҳавозалар ва нарвонлар мустаҳкам ҳамда ишончли бўлиши, силлиқ юзаларга ўрнатилаётган нарвонларнинг остида қоқилган резина асоси, ерга ўрнатилаётганларида эса ўткир металл учликлари бўлиши керак.

Нарвонлар юқориги учлари билан мустаҳкам таянчга ишончли таянган ҳолда туриши керак. Боғланган нарвонларни қўллашга йўл қўйилмайди.

Тираб қўйиладиган нарвонларни краности балкалари баландлигига, металл конструкцияларнинг элементларига ва бошқаларга ўрнатишда нарвоннинг юқориси ва пастки конструкцияларига ишончли қилиб маҳкамланиши керак. Электр қурилмаларга хизмат кўрсатишда, шунингдек, уларни таъмирлашда металл нарвонларни қўллаш тақиқланади. Тираб қўйиладиган нарвонлар синовдан ўтказилган бўлиши ва синовдан ўтказилгани тўғрисидаги тегишли ёрлиққа эга бўлиши керак.

317. Айрим ишлаб чиқариш машиналари ва механизмларни, ушбу машиналар ҳамда механизмларга хизмат кўрсатишга рухсат олган, тегишли кўрсатмалардан ўтган ва уларга мустақил хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ишга тушириш аппаратуралари ёрдамида қўшишлари ҳамда ўчиришлари мумкин. Таъмирлаш учун ўчирилган вақтда уларнинг ишга тушириш мосламаларига «Қўшилмасин! Одамлар ишлаяпти!» плакати осиб қўйилади.

318. Вақтинча ўчириб қўйилган жиҳозни ишга туширишдан олдин уни кўздан кечириш, унинг кучланишни қабул қилишга тайёр эканлигига ишонч ҳосил қилиш ва унда ишлайдиган ходимни уни қўшилаётганлиги тўғрисида огоҳлантириш керак.

319. Вақтинча тўсиқларга «Тўхта! Кучланиш. «Ҳаёт учун хавфли!» огоҳлантирувчи плакатлар осиб қўйилиши керак.

320. Фабрикаларда давлат стандартлари талабларига ёки белгиланган тартибда тасдиқланган техникавий шартларга жавоб берадиган электромеханик жиҳозлар, электр моторлар, трансформаторлар, аппаратлар, ўлчов асбоблари, ҳимоя аппаратлари, кабеллар, симлар ва шу кабиларни қўллашга рухсат берилади.

321. Ғилоф билан ёпилган ёки шчит орқасига ўрнатилган коммутация аппаратлари узатмаларида қўшиш ва ўчириш ҳолатлари аниқ кўрсатилган бўлиши керак.

3-§. Электр ёритиш

322. Чироқлар уларга электр жиҳозлардан кучланишни узмасдан туриб хизмат кўрсатиш мумкин бўлган ҳолда жойлаштирилган бўлиши керак.

323. Умумий ёритишдаги чироқларни ток билан таъминлаш учун 220 вольтдан юқори бўлмаган кучланиш қўлланиши керак.

324. Юқори хавфли ва ўта хавфли хоналарга чўғланма лампали чироқларни полдан 2,5 метрдан паст баландликка ўрнатишда махсус конструкцияли чироқларни қўллаш ёки 42 вольтдан юқори бўлмаган кучланишдан фойдаланиш керак. Бу талаблар малакали ходимлар томонидан кранда ёки майдончаларда туриб хизмат кўрсатиладиган чироқларга қўлланмайди.

Агар чироқлар цехларда юқорида баландликда жойлашган бўлса, уларга кранлар ёрдамида хизмат кўрсатилиши мумкин, ишлар диэлектрик қўлқопларда иккинчи шахснинг иштирокида бажарилиши керак. 127 — 220 вольтга мўлжалланган люминесцент лампали чироқларни, уларнинг контактли қисмларини тасодифий тегиб кетишлар имконияти мавжуд бўлмаганда, 2,5 метрдан кам бўлмаган баландликка ўрнатишга рухсат этилади.

325. Маҳаллий стационар ёритиш чўғланма лампали чироқларини ток билан таъминлаш учун:

юқори даражадаги хавф бўлмаган хоналарда — 220 вольтдан юқори бўлмаган;

юқори даражадаги хавф ҳамда ўта хавфли хоналарда — 42 вольтдан юқори бўлмаган кучланишларни қўллаш керак.

Истисно тариқасида, қуйидаги махсус конструкцияли чироқларда 220 вольт ва унгача бўлган кучланишларни қўллашга рухсат берилади:

мустақил ток манбаидан ток оладиган аварияли ёритишнинг таркибий қисми бўлган;

юқори хавфли хоналарга ўрнатиладиган (лекин ўта хавфли хоналарга эмас).

42 вольтдан ортиқ кучланишдаги чироқларнинг металл арматуралари ишончли заминланиши керак.

326. Нам, ўта нам, иссиқ ва кимёвий фаол муҳитли хоналарда маҳаллий ёритиш учун люминесцент лампаларни фақат махсус конструкцияли арматурадагиларни қўллашга йўл қўйилади.

327. 42 вольт ва ундан паст кучланишли чироқлар бирламчи ва иккиламчи кучланишлари алоҳида чулғамли электр трансформаторларидан ток билан таъминланиши керак.

328. Ишлаб чиқариш хоналарида очиқ (ҳимояланмаган) люминесцент лампаларни одамларнинг узоқ вақт бўлишига мўлжалланмаган хоналарда қўллашга йўл қўйилади.

4-§. Кўчма электр асбоблар ва қўл чироқлари

329. Электр асбоблар (электр дреллар, электр гайка бурагичлар, электр шпилька бурагичлар, силлиқлаш ва сайқаллаш машиналари, электр пайвандлагичлар, резьба қирққичлар, титраткичлар ва бошқалар) қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

ишда хавфсиз бўлиши ва ток ўтказувчи қисмларига тасодифий тегиб кетиш имкониятларининг бўлмаслиги;

электр тармоғига тез қўшилиши ва тармоқдан тез узилиши, ўз-ўзидан қўшилмаслиги ва узилмаслиги.

330. Кўчма электр асбобларининг кучланиши қуйидагича бўлиши керак:

хавф юқори бўлмаган хоналарда ва хоналардан ташқарида 220 вольтдан юқори эмас;

хавф юқори бўлган хоналарда 42 вольтдан юқори эмас.

Хавф юқори бўлган хоналарда қўл чироқларини ток билан таъминлаш учун 42 вольтдан юқори бўлмаган кучланиш қўлланиши керак.

331. 42 вольтдан юқори кучланишга мўлжалланган электр асбобларининг корпуси заминловчи сим уланадиган «З» ёки «Замин» деб ёзилган фарқловчи белгиси бўлган махсус қисқичга эга бўлиши керак.

332. Ўта хавфли хоналарда, шунингдек, ўта ноқулай шароитларда, яъни электр токидан шикастланиш хавфини оширадиган тирбандлик, ишловчининг яхши заминланган катта металл юзаларга (қозонларда, баклар, цистерналар ва бошқа шу кабиларда ишлаш) тегиши каби ноқулай ҳолатларда қўл ва кўчма чироқларни ток билан таъминлаш 12 вольтдан ортиқ бўлмаган кучланишда қўлланиши керак.

333. Электр асбобини масофадан бошқаришни ва унда корпусга туташиш ёки заминловчи симнинг узилиши бўлганда автоматик тарзда - зудлик билан ўчиришни таъминлайдиган ҳимояловчи ишга туширгич мавжуд бўлганда, хонанинг тоифасидан қатъи назар, шунингдек, хонадан ташқарида 220 вольт кучланишли электр асбобидан фойдаланишга рухсат этилади. Электр асбобининг 42 вольтда ишлашини таъминлашнинг имконияти бўлмаганда, фақат, ҳимоя воситаларини (қўлқоплар) қўллаган ҳолда ва электр асбобнинг корпуси ишончли заминланган бўлганда 220 вольт кучланишли электр асбоблардан фойдаланишга рухсат берилади.

334. Электр асбобларнинг уланиши учун мўлжалланган штепселли улагичнинг ток ўтказувчи қисмларига тегинишнинг имконияти бўлмаслиги ва у қўшимча заминловчи контактга эга бўлиши керак.

335. 12 ва 42 вольтли кучланишларда қўлланадиган штепселли улагичлар (розеткалар, вилкалар) ўзларининг конструктив ижроси бўйича 127 ҳамда 220 вольт кучланишга мўлжалланган оддий штепселли улагичлардан фарқ қилиши керак ҳамда 12 ва 42 вольт кучланишларга мўлжалланган вилкаларнинг 127 ва 220 вольтга мўлжалланган штепселли розеткаларга улаш имкониятлари бўлмаслиги керак. 12 ва 42 вольт кучланишларга мўлжалланган штепселли улагичлар 127 ва 220 вольт кучланишга мўлжалланган штепселли улагичларнинг рангидан кескин фарқ қиладиган рангга эга бўлишлари керак.

336. Ходимнинг қўлига электр асбобини беришдан аввал уни корпусида туташувнинг йўқлиги, заминловчи томирнинг (симнинг) узилмаганлиги ва симлар изоляциясининг ҳолатини текшириб кўриш керак.

337. Электр асбобини токка улаш учун шлангли сим қўлланиши керак, изоляцияси 500 вольтдан кам бўлмаган кучланишга мўлжалланган, резина шлангга солинган кўп томирли эгилувчан (ПРГ типидаги) симларни қўллашга рухсат берилади.

338. Электр асбоб билан ишлаётганда ток узилиб қолганда ёки ишдаги танаффуслар вақтида электр асбоби электр тармоғидан узиб қўйилиши керак.

14-боб. Кучланиши 1000 вольтдан юқори бўлган электр қурилмалари

339. Кучланиши 1000 вольтдан юқори бўлган электр қурилмаларини кўздан кечиришда бир нафар шахс томонидан қандай бўлмасин ишларни бажариш, шунингдек, тўсиқ орқасига ўтиш, тақсимлаш мосламаси камералари ва мойли узгичнинг портлаш камераларига кириш тақиқланади. Жиҳозлар, аппаратуралар ва ошиновкаларни кўздан кечиришни камера остонасидан ёки тўсиқ олдида туриб амалга оширишга рухсат берилади.

340. Электр қурилмасининг қандайдир ток ўтказувчи қисми ерга тегиб тургани аниқланганда, уни узиб қўйгунча бундай шикастланиш жойларига ёпиқ тақсимлаш мосламаларида 4-5 метрдан яқин масофага ва очиқ подстанцияларда 8 — 10 метрдан яқин масофага яқинлашиш тақиқланади.

Бундан яқинроқ масофаларга яқинлашишга, фақат улаш аппаратурасида ерга бўлган уланишни бартараф этишга имкон берадиган операцияларни бажариш учун, шунингдек, жабрланганларга керакли ёрдамларни кўрсатишда рухсат берилади. Бундай ҳолатларда албатта ўзини қадам кучланиши таъсиридан хавфсизлантириши керак: диэлектрик ботинкалар кийилади, гиламчалар ёки ердан ишончли изоляция қиладиган бошқа нарсалар тўшалади. Барча операциялар диэлектрик қўлқопларда ёки изоляцияловчи штангаларда бажарилиши керак.

341. Вақтинча тўсиқларда электр токи билан шикастланиш хавфи борлиги тўғрисидаги огоҳлантирувчи плакатлар осиб қўйилган бўлиши керак.

342. Кучланиши 1000 вольтдан юқори бўлган электр қурилмаларидаги таъмирлаш ишларини Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидаларида ва Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларида кўзда тутилган ташкилий ва техникавий чора-тадбирлар амалга оширилгандан кейин ўтказиш керак.

343. Ишларни бажарувчи (кузатувчи), назоратни амалга оширувчи доимо иш жойида бўлиши керак. Кучланиши 1000 вольтдан ортиқ бўлган қурилмалар хонасида ёки очиқ подстанцияда таъмирлаш бригадасидан бир кишининг, шу жумладан, иш бажарувчининг (кузатувчининг) ёлғиз қолишига рухсат берилмайди. Мабодо ишни бажарувчида (кузатувчида) бу ердан чиқиш зарурати бўлса ва бу вақтда масъул раҳбар унинг ўрнида туролмаса, у ўзи бўлмайдиган вақтга бригадани хонадан ташқарига чиқариши ва эшикни ташқаридан қулфлаб қўйиши керак.

344. Иш куни давомида ишдаги танаффуслар (тушлик ёки ишлаб чиқариш меҳнат шароитлари бўйича) вақтида бригада электр қурилмалари хонасидан ёки очиқ подстанциядан чиқиши керак. Плакатлар, тўсиқлар ва заминлашлар ўз жойида қолади. Танаффусдан кейин ишларни бажарувчи ёки кузатувчи бўлмаганда, ишловчилардан ҳеч бирининг кучланиши 1000 вольтдан ортиқ бўлган қурилмалар хонасига ёки очиқ подстанцияга киришга ҳаққи йўқ.

Бундай танаффуслардан кейин тезкор ходимлар бригадага рухсат бериш билан шуғулланмайди. Ишларни бажарувчининг (кузатувчининг) ўзи бригадага иш жойларини кўрсатади.

345. Ишлар тўлиқ тугаганидан кейин бригада иш жойларини йиғиштиради ва шундан кейин уни масъул раҳбари кўриб чиқади.

346. Кўчма тўсиқлар (катак ёки шчит) ишловчиларнинг тасодифан ёки хато қилиб кучланиш остида қолган ток ўтказувчи қисмларга тегиб кетишига йўл қўймайдиган конструкцияга ва тўсиқларнинг ўзи билан ток ўтказувчи қисмларни ёпиб туришига эга бўлиши керак. Шунингдек, тўсиқларни хавфсиз ўрнатиш имконияти кўзда тутилган бўлиши ва тўсиқларнинг барқарорлиги бўлиши керак.

15-боб. Электр моторлар

347. Ушбу Қоидалар кучланиши 1000 вольтгача ва 1000 вольтдан юқори бўлган электр моторларга нисбатан татбиқ этилади.

348. Электр моторларга ва улар ҳаракатга келтирадиган механизмларга электр мотори ҳамда механизмларнинг айланиш йўналишини кўрсатадиган стрелкалар чизиб кўрсатилган бўлиши керак.

349. Электр узатманинг одатдаги иш режими бузилган ҳолатларда улар зудлик билан (авариявий) электр тармоғидан узилиши керак.

Фабриканинг бош муҳандиси томонидан тасдиқланган маҳаллий йўриқномада қайси ҳолатларда электр моторини авариявий ўчириш кераклиги, шунингдек, авария ҳолатини бартараф этиш ва электр моторини ишга туширишнинг тартиби кўрсатилган бўлиши керак.

350. Электр машиналар статор чулғамларининг чиқишлари ва кабель воронкаларини маҳкамлаш ҳамда машина ишлаётган вақтда олиш тақиқланадиган тўсиқлар билан ҳимояланиши керак.

Электр машиналари ҳамда ишга тушириш-ростлаш аппаратуралари чиқишларининг коробкалари уни махсус асбобларсиз очиш мумкин бўлмаган ҳолда зичланган ва қопқоқ билан ёпилган бўлиши керак.

351. Статор, якорь ва қутбий токлар чулғамларининг чиқишлари белгиларга эга бўлиши керак. Ишга тушириш-ростлаш мосламаларида «пуск» (ишга тушириш) ва «стоп» (тўхтатиш) ҳолатлари белгиланган бўлиши керак.

352. Гуруҳли шчитларга монтаж қилинган узгичлар, контакторлар, магнитли ишга туширгичлар, бириктиргич-ажраткичлар ва бошқа шу кабиларда, шунингдек, сақлагичларда уларнинг қайси моторга тегишлилигини кўрсатадиган ёзувлари бўлиши керак.

353. Электр моторни таъмирлаш учун тўхтатгандан кейин шчитдан ёки йиғилган жойдан унга ток етказиб берадиган кабелдан кучланишни узиш, ўчиргичнинг узатмасига эса «Қўшилмасин! Одамлар ишлаяпти!» плакатини осиб қўйиш керак.

«Қўшилмасин! Одамлар ишлаяпти!» плакатини олиш ва машинани қўшиш фақат ишларни бажараётган шахс ишларни тугатгани тўғрисида журналга ёзув киритгандан кейингина мумкин, ишни қабул қилиб олган шахс эса электр моторни қўшишга рухсат берилгани тўғрисида ёзув киритади.

16-боб. Махсус электр қурилмалари

1-§. Электр пайвандлаш

354. Бинолардаги доимий электр пайвандлаш ишлари бунинг учун махсус ажратилган шамоллатиладиган, ўт ўчириш воситалари билан жиҳозланган хоналарда бажарилиши керак.

Пайвандлаш учун мўлжалланган хоналарда енгил алангаланадиган воситалар ва материалларни сақлаш тақиқланади.

355. Электр пайвандлаш қурилмаларини фабриканинг бўлинмалари ва цехларида фақат доимо қулф билан ёпилган ҳолатда бўладиган махсус коммутацион аппаратураларга (бириктиргич-ажраткичлар) улаш мумкин. Аппаратларга бошқа ток қабул қилгичларни улаш тақиқланади.

356. Электр пайвандлаш қурилмасининг корпуси, шунингдек, пайвандлаш трансформаторининг буюмга кетадиган сим уланадиган (қайтиш сими) иккиламчи чулғами қисқичи, ҳар бири алоҳида заминлашнинг умумий контурига заминланган бўлиши керак.

357. Туташтирилган ва бориш қийин бўлган бўшлиқларда, хавфли шароитларда (баландликда), сиғимларнинг ичларида, нам хоналарда ва шу кабилардаги пайвандлашларни, одатда доимий токдан фойдаланган ҳолда ўта хавфли ишлар учун олинадиган наряд-рухсатнома бўйича амалга ошириш керак. Пайвандлаш аппаратлари пайвандлаш занжири узилганда, салт юриш кучланишини чеклайдиган ёки автоматик тарзда узиладиган мосламага эга бўлиши керак.

Ёпиқ сиғимлар ичидаги пайвандлаш ишларини махсус наряд бўйича электр хавфсизлиги бўйича аттестациядан ўтган иккитадан кам бўлмаган шахслар бажаради. Бунда уларнинг биттаси, электр хавфсизлиги бўйича III-малака гуруҳига эга бўлгани, пайвандланаётган сиғимнинг ташқарисида туриши керак ва ишларни хавфсиз ўтказилиши бўйича назоратни амалга оширади.

Сиғимнинг ичида ишлаётган шахс, албатта арқоннинг бир учи боғланган сақловчи камар билан таъминланиши, арқоннинг иккинчи учи эса сиғимдан ташқарида турган иккинчи шахсда бўлиши керак.

358. Пайвандлаш қурилмасини ҳар қандай таъмирлашни у кучланиш остида бўлганда бажариш тақиқланади.

359. Пайвандлаш электрод тутгичнинг конструкцияси миллий стандартларига мувофиқ бўлиши керак.

360. Электр ёйи ёрдамида пайвандлашда ишлар тугагандан кейин ток манбаи электр тармоғидан узилади, электрод тутгичнинг сими ток манбаидан узилади ва йиғиштириб ёпиладиган қутига (хонага) солинади.

361. Устахоналарда, кабиналарда, пайвандлашнинг иш жойларида огоҳлантириш плакатлари осиб қўйилиши керак. Электр пайвандлаш ишлари бажариладиган жойларни ёруғлик ўтказмайдиган шчитлар ёки ёнмайдиган материаллардан тайёрланган пардалар билан тўсилиши керак.

362. Босим остида бўлган (қозонлар, баллонлар, узатувчи қувурлар ва шу кабилар) ёпиқ идишларда ёки алангаланиб кетадиган ёки портлаш хавфи бўлган моддалари мавжуд идишларда пайвандлаш ишларини бажариш тақиқланади.

Цистерналар, баклар, бочкалар, резервуарлар ва бошқа ёнилғи ҳамда енгил алангаланадиган суюқликлар, шунингдек ёнувчи ҳамда портлаш хавфи бўлган газлар остида бўлган сиғимларни, олдиндан диққат билан тозаламасдан, бу сиғимларни яхшилаб буғламасдан ва шамоллатиб газларини кетказмасдан электр пайвандлашга ва кесишга йўл қўйилмайди.

2-§. Газ тозаловчи электр қурилмалари

363. Газларни электр тозалаш ва чанг тутиш бўйича қурилмалар амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ бажарилган бўлиши керак.

364. Кучайтириш-тўғрилаш агрегатларининг катакчалари ва 1000 вольтдан юқори кучланиш остида бўлган бошқа қисмларнинг жойлашган жойлари калитларидан, бир вақтнинг ўзида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидаларида ва Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларида назарда тутилган талабларга мувофиқ малака гуруҳига эга бўлган икки кишидан кам бўлмаган шахслар фойдаланишлари мумкин.

365. Газ тозалаш қурилмаси бўйича бир нафар навбатчига, электр фильтрларга хизмат кўрсатиш бўйича маҳаллий йўриқномаларда бажарилиши кўзда тутилган ишлардан ташқари қандайдир ишларни бажаришга рухсат берилмайди.

366. Электр агрегатлар ҳамда тўғриланган кучланиш линияларини қўшиш ва ўчириш бўйича, шунингдек, захира агрегатларга ўтиш операцияларни тезкор ходимларнинг бир нафар шахси амалга ошириши мумкин. Газ тозалаш қурилмаси бўйича навбатчини бригада аъзоси (иккинчи шахс) сифатида жалб этиш керак.

367. Электр фильтри ёки унинг секцияларини ички кўздан кечириш ҳамда таъмирлаш, электр фильтри ҳар иккала томонидан зич ва соз шиберлар ёки тиқинлар билан газдан узилган, кучланиш олинган, назорат тизимлари заминланган, корпус қолдиқ газлардан тўлиқ тозалангунча шамоллатилган ҳамда электр фильтрида заҳарли газларнинг йўқлиги таҳлили ўтказилгандан кейин, фақат электр фильтри учун масъул бўлган шахснинг бевосита кузатувида ёки иштирокида ўтказилиши керак.

368. Электр фильтрлари, чанг туткичларнинг юқориги қисмида ишлаганда, фақат юқориги қопқоқли туйнукларини очиши керак. Электр фильтрлари, чанг тутгичларнинг пастки қисмида ишларни бошлашдан олдин электродларни қоқиш ва бункерларни чангдан тўлиқ тозалаш керак.

3-§. Электр печлар

369. Электр энергиясидан технологик мақсадлар учун электр иситиш мақсадида қўллаш масаласини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси билан келишиш учун, унинг энергия элтувчи сифатида қўлланишини ва иситишнинг бошқа усулларига (ёқилғи ўти печлари, буғ билан қиздириш, иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланиб) алмаштиришнинг имконияти мавжуд эмаслиги асослаб берилиши керак.

370. Электротермик қурилмаларнинг (печлар) тузилиши ва жойлашиши амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак.

371. Электротермик қурилмалардан (печлар) фойдаланишни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириш керак.

372. Фабрикаларда электр иситиш асбоблари ва ўрнатилиши ҳамда ишлаши амалдаги хавфсизлик қоидалари ва меъёрларига мос келмайдиган, серияли ишлаб чиқарилмаган электр жиҳозларни қўллаш тақиқланади.

4-§. Алоқа, сигнализация ва автоматика

373. Алоқа, сигнализация ва автоматика мосламаларини ток билан таъминлаш 220 вольтдан ортиқ бўлмаган кучланишли куч тармоғидан, аккумулятор батареяларидан ёки тўғрилаш қурилмаларидан амалга оширилиши керак. Барча телефон линиялари икки симдан кам бўлмаслиги керак.

374. Алоқа, сигнализация ва автоматика қурилмаларини юқори кучланишли линия, яшин разрядлари ҳамда адашган токлар таъсиридан ҳимоя қилиш таъминланиши керак.

375. Алоқа, сигнализация ва автоматика мосламалари занжирларидаги ишлар ижро схемалари бўйича амалга оширилиши керак.

17-боб. Транспорт

1-§. Темирйўл ва автомобиль транспорти

376. Корхона ихтиёридаги темир йўллар ва иншоотлар, кўчма таркиб, алоқа, сигнализация ва блокировка, шунингдек, поездлар ҳаракатини ташкил этиш ва юклаш-тушириш ишларини бажариш соҳага оид норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда амалга оширилиши шарт.

377. Юклаш-тушириш участкаларига вагонларни узатиш ва олиб чиқиш механизациясининг жиҳозлари ва иншоотлари иҳоталарга ҳамда ҳаракатланвучи ва айланувчи қисмлар ёки уларнинг таъсир зоналари ишларнинг хавфсиз бажарилишини таъминлайдиган тўсиқларга эга бўлиши шарт.

378. Темирйўллар яқинига жойлашган бинолардан чиқиш йўлаклари, темирйўлларга параллель қилиб қурилиши керак. Агар чиқиш йўлаклари бевосита фабрика темирйўл транспорти кўтармаси томонга йўналтирган бўлса, унда рельс йўли пиёдаларнинг ҳаракатланиш йўналиши бўйлаб бинонинг бутун узунлигида жиҳозланган ўтиш жойигача ёки яқин йўлгача панжаралар билан тўсилган бўлиши керак.

Яқинлашаётган поездни нормал кўришни тўсувчи бинолар ва иншоотлардан темирйўлларига чиқиш жойларида ҳам тўсувчи ғовлар ўрнатилиши лозим.

Фабрикаларга темирйўлларини кесиб ўтиш жойларида ўтиш кўприкчалари ёки тоннеллар кўзда тутилган бўлиши шарт. Агар буларни қуришнинг иложи бўлмаса, унда ҳаракатланвучи таркиб яқинлашаётгани ҳақида хабар берувчи ёруғлик ва товушли сигнализация ўрнатилиши лозим.

379. Юкни тушириш учун темирйўл вагонларини фабрика корпусига киритиш корпуснинг хизмат кўрсатувчи персонали томонидан рухсат берувчи ёруғлик сигнали (светофор) улангандан кейин амалга оширилиши керак.

380. Темирйўл таркиблари яқинлашаётганда қабул қилувчи қурилмалар (бункерлар) яқинида одамлар хавфсиз турадиган жойлар кўзда тутилган бўлиши шарт. Узатиш ва тўкиш пайтида қабул қилувчи бункернинг тўкиш томонида одамларнинг туриши тақиқланади. Вагонлардан юкни фақат руда қабул қилувчининг кўрсатмаси ва сигнали бўйича тушириш керак.Тўкиш ишларини бажараётганда бункерларнинг лозим саҳтгача тўлишини назорат қилишни таъминлаш зарур.

381. Бункерларнинг қабул майдончаларида рудаларни ярим вагонларга узатишда одамларнинг хавфсиз ва қулай ҳаракатланишлари учун (темир йўл излари бўйлаб) юриш майдончалари қурилиши керак. Майдончаларни ўз вақтида тўкилмалардан тозалаш зарур. Ярим вагонларнинг қопқоқли туйнукларини очиш учун вагонлардан юкларнинг хавфсиз туширилишини таъминлайдиган, рельсларнинг каллакларидан баланд бўлган траплар қуриш керак.

382. Қабул қилувчи мосламаларнинг ишчи майдончаларида жойлашган вагон ағдаргичлар мустаҳкам панжарали тўсиқ билан тўсилиши керак. Вагон ағдаргичлар ушбу мақсадлар учун махсус жиҳозланган, юкларни тушириш майдончаларида яхши кўринадиган хонадан бошқарилади.

383. Рудалар контактли электровозларда олиб келинганда, уларни тушириш жойларига электр токидан шикастланишнинг хавфи тўғрисидаги огоҳлантирувчи плакатлар осиб қўйилиши керак.

384. Электровозда фойдали қазилмани ташишда қабул қилиш бункерлари устидаги хонага кирадиган контакт симлари, секцияли заминловчи пичоқли ажраткичлар билан жиҳозланган бўлиши керак.

Бункерусти хонасида жойлашган контакт тармоғидан кучланишни узмасдан туриб, вагонлардаги юкларни тушириш тақиқланади. Контакт тармоғида кучланишнинг йўқлигини ёруғлик сигнали билан тасдиқлаш керак.

Контакт тармоғидаги кучланиш узилмаган бўлса, электровоз вагонларининг устига чиқиш тақиқланади.

385. Носоз вагонлардан юкларни тушириш, шунингдек, қабул қилиш мосламаларининг юкларни тушириш майдончасида таъмирлаш тақиқланади.

386. Вагонлардан юкларни тушириш, уни ёпишиб қолган рудалар ва бошқа материаллардан механизациялашган усулда (ағдариш, сурадиган ва текислайдиган машина билан, гидроювиш ва бошқалар) ёки бу ишларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган механизмлар ва мосламалар ёрдамида тозаланиши керак. Юклар тушириладиган зонада одамларнинг бўлиши тақиқланади.

387. Темирйўл излари, қабул қилиш мосламаларини тозалашда ишлар бажариладиган жой транспорт воситасининг тўхташ сигналлари билан тормоз йўлидан кам бўлмаган масофада тўсилган бўлиши, станция бўйича навбатчи эса бажариладиган ишлар тўғрисида олдиндан огоҳлантирилган бўлиши керак. Турган таркибнинг вагонларидан юклар туширилаётган вақтда йўлларни тозалаш тақиқланади.

388. Металлургиянинг қайта ишлаш чиқиндилари (домна печларининг ёқилғи ташланадиган юқори қисми чангларини, агломерат фракциясининг майда чиқитлари ва бошқалар) махсус ўз юкларини ўзлари туширадиган вагонлар ёки автоағдаргичларда фабрикага олиб келиниши керак.

389. Чангиб кетадиган махсулотларни ортиш ва туширишда чангни бостириш бўйича чоралар кўрилиши ва чангдан ҳимоялайдиган шахсий ҳимоя воситалари қўлланиши керак.

390. Фабрикаларда автомобиль транспортидан фойдаланиш Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидалари талабларига мувофиқ бўлиши керак.

391. Фабрика ҳудудида автомашиналар ва поездларнинг ҳаракатланиш тезлиги ҳамда тартибини маҳаллий шароитни ҳисобга олга ҳолда корхона белгилайди ва тегишли йўриқнома билан тартибга солинади.

392. Руда автотранспорт воситаси билан берилганда қабул қилиш бункерининг юкларни тушириш майдончасида қуйидагилар амалга оширилиши керак:

автомашинанинг бункерга қулаб тушишига йўл қўймайдиган тиргакларни ўрнатиш;

техник носозлик оқибатида автомобиль кўтарилиш ёки нишабликда тўхтаганда, унинг ўз-ўзидан юриб кетишини бартараф этадиган (машинани тормозлаш, моторни ўчириш, ғилдираклар остига тиргаклар қўйиш ва шу кабилар) ва носозликни бартараф этгунга қадар участкада хавфсизликни таъминлайдиган чораларни кўриш керак;

юкларни тушириш жойига орқага тисланиш ҳаракатини 30 метрдан ортиқ бўлмаган масофага мўлжаллаш.

393. Автоағдаргичларнинг юкларни тушириб бўлгандан кейин кузови кўтарилган ҳолда ҳаракатланишига, шунингдек, узлуксиз товушли сигнал бермасдан туриб орқага ҳаракатланишига йўл қўйилмайди,

2-§. Осма пўлат арқонли йўллар

394. Осма пўлат арқонли йўлларни қуриш ва улардан фойдаланишни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириш керак.

395. Рудалар осма пўлат арқон йўллар орқали етказиб берилганда, қабул қилиш бункерларининг юкларни тушириш воронкаси катакчалари ўлчами 400х400 миллиметрдан кам бўлмаган панжаралар билан ёпилган бўлиши керак.

396. Станциядан пўлат арқонларнинг чиқиш зонасида юкларни тушириш воронкаси олдидаги иш жойлари, вагонетка ўз-ўзидан уни тортиб турадиган пўлат арқондан узилиб кетган ҳолатда ишларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган тўсиқларга эга бўлиши керак. Контрюклар остидаги жойлар 2 метрдан кам бўлмаган баландликда тўсилган бўлиши, контрюкларнинг қудуқлари эса тўшамалар билан ёпилган бўлиши керак.

397. Юкларни тушириш воронкалари олдидаги ишчи майдончалари ва пўлат арқон йўллар ўзаро тўғридан-тўғри телефон алоқаси ҳамда сигнализация билан таъминланган бўлиши, шунингдек, пўлат арқон йўлининг узатмасини машинистга сигнал бериш билан аварияли тўхтатиш имкониятига эга бўлиши керак.

Пўлат арқон йўли тўсатдан тўхтаб қолганда, тўхташнинг сабаблари аниқланиши ва носозлик бартараф этилгунга қадар уни ишга тушириш тақиқланади.

3-§. Узлуксиз транспорт

398. Корхона маъмурияти томонидан фабрикада конвейерлар ва узлуксиз транспортнинг бошқа турларининг ҳолати ҳамда улардан хавфсиз фойдаланишни назорат қиладиган шахслар доираси аниқлаб олиниши керак.

399. Тасмали конвейерларда тасмалар жойидан жилмай айланганда ва узилганда, шунингдек, юк туширадиган воронка ҳамда новлар тиқилганда узатмани ўчирадиган мослама кўзда тутилган бўлиши керак.

400. Тасмали конвейерларда тасмалар ва барабанларни ёпишиб қолган материаллардан механик тозалайдиган мосламалар бўлиши керак.

401. Конвейерлардаги юклар тушириладиган аравачалар учун сўнги тўхтаткич, рельсли йўлларда эса махсус тиргаклар керак.

Юкларни автоматик тарзда туширадиган аравачалар ва кўчма мокидек қатнаб бориб келувчи конвейерларнинг электр моторларига электр токини олиб бориш осма шлангли кабелларда бажарилиши керак. Юкларни автоматик тарзда туширадиган аравачалар ва кўчма мокидек қатнаб бориб келувчи конвейерларнинг электр моторларини электр токи билан полдан ёки хизмат кўрсатадиган майдончадан 3,5 метрдан кам бўлмаган баландликда жойлашган контактли симлар бўйича таъминлашга рухсат берилади. Троллей симининг илгаги бундан кам баландликда (3,5 метрдан 2,2 метргача) бўлса, махсус тўсиқлар қурилиши керак.

Юк туширадиган аравачалар, уларнинг ўз-ўзидан ҳаракатланиб кетишини бартараф этадиган мосламалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

402. Тасмали конвейерлар остига тўкилган материалларни йиғиштириш механизациялашган (гидравлик йиғиштириш ва бошқалар) бўлиши керак. Бош, охирги ва оғишдан четга чиқиш барабанлари остидаги матералларни қўлда йиғиштиришга фақат конвейер тўхтатилганда, узатманинг электр схемаси ажратилганда, ишга тушириш мосламаларида «Қўшилмасин! Одамлар ишлаяпти!» огоҳлантирувчи плакати осиб қўйилганда рухсат берилади. Конвейернинг моторини ишга тушириш тизими бош ва охирги барабанларнинг тўсиқлари олинганда, моторнинг ишлашига йўл қўймайдиган блокировкага эга бўлиши керак.

403. Конвейернинг тасмаси ҳаракатланганда ён томонга силжимаслиги, барабанлар ва ролик таянчларининг четлари чегарасидан чиқиб кетмаслиги керак.

Конвейер тасмасининг ҳаракати йўналишини тартибга солувчи махсус марказлаштирувчи қурилмалар ва мосламалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

Конвейер ишлаб турганда қўл билан тасманинг ҳаракатини йўналтириш, шунингдек, ён томон зичликларини тузатиш тақиқланади.

404. Конвейер тасмасининг жойидан жилмай айланишини барабанлар ва тасмалар тозалангандан ҳамда тасмани тортиш мосламалари билан тегишли даражада тортгандан кейин бартараф этиш керак. Конвейернинг ҳаракатланадиган ва айланадиган қисмларига (тасма, барабанлар, роликлар) ташилаётган материаллар тўкилиб қолганда, уларни қўшиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.

Конвейерлар узатиш барабанларининг ўқлари полнинг сатҳидан 1,5 метрдан баландда жойлашганда, узатмаларга хизмат кўрсатиш учун тўсиқлар ва нарвонлар билан жиҳозланган майдончалар қурилиши керак.

405. Полнинг сатҳидан галерея ва эстакада конструкцияларининг пастки қисмигача бўлган баландлик 2 метрдан кам бўлмаслиги керак. Галерея ва эстакадаларнинг эни ўтишни таъминлайдиган шароитларга мувофиқ бўлиши керак, яъни конвейернинг бир томонидан 800 миллиметрдан кам бўлмаслиги (одамларнинг ўтиши учун); бошқа томонидан тасманинг эни 1400 миллиметргача бўлганда, 700 миллиметрдан ва тасманинг эни 1400 миллиметрдан ортиқ бўлганда, конвейернинг ҳар иккала томонидан 800 миллиметрдан, икки ва ундан ортиқ параллел конвейерларнинг оралиғи 1000 миллиметрдан, галереянинг девори ҳамда конвейернинг станинаси оралиғи тасманинг эни 1400 миллиметргача бўлганда, 700 миллиметрдан ва тасманинг эни 1400 миллиметрдан ортиқ бўлганда, 800 миллиметрдан кам бўлмаслиги керак.

406. Пластинкасимон конвейерларни ўрнатишда, уларга ҳар икки томондан хизмат кўрсатиш имконияти кўзда тутилиши керак. Конвейерлар ўртасидаги эркин ўтиш йўлагининг энини 1,2 метрдан, бино деворлари ва конвейер ўртасида йўлакнинг энини эса 1 метрдан кам бўлмайдиган қилиб қабул қилиш керак.

407. Нишаб ҳолатда ўрнатилган пластикасимон ва куракли конвейерларнинг ташувчи бўлимлари конвейер тасмаси узилганда, унинг қочиб кетишининг олдини олиш учун тутгичлар билан жиҳозланган бўлиши керак.

408. Шнеклар ва куракли конвейерларни ўрнатишда, уларга эни 0,8 метрдан кам бўлмаган эркин ўтиш йўлагидан бир томонлама хизмат кўрсатишга йўл қўйилади.

Шнеклар ва куракли конвейерларнинг қопламалари қопқоқларини (махсус кузатиш дарчалари ва туйнукчаларидан ташқари), шнеклар ҳамда куракли конвейерлар ишлаётганда, уларнинг айланаётган ва ҳаракатланаётган қисмларига тегишга йўл қўймайдиган блокировка билан жиҳозлаш керак.

409. Тасмали конвейерда барабанли ағдарадиган аравачалар ёки ҳаракатланувчи таъминлагични ўрнатишда, мазкур Қоидаларнинг 404-банди талабларига мувофиқ конвейернинг ҳар иккала томонидан ўтиш йўлаклари кўзда тутилиши керак.

410. Ерости-ерусти конвейер галереялари ер устига чиққанда, уларда ташқи киришлар кўзда тутилган ва конвейер устидан ўтиш йўллари ўрнатилган бўлиши керак.

411. Галерея ва эстакадалардан авариявий ҳолатларда чиқиш йўллари ҳамда ўтиш кўприкчаларини камида ҳар 100 метрда жойлаштириш керак. Кўприкчалар тўшамалари яхлит бўлиши ва пастдан 0,14 метр баландликка ёнлари қопланган, баландлиги 1 метрдан кам бўлмаган панжаралар билан тўсилиши керак.

412. Конвейер галереясининг 7 градусдан ортиқ қияликдаги ўтиш йўлакларида поғоналар ёки ёғоч траплар қурилган бўлиши керак.

413. Чанг-газ ажратадиган материаллар ташиладиган конвейер галереяларида, уларнинг биноларга тўташган жойларида ўз-ўзидан ёпиладиган эшиклар билан тўсиқлар қурилиши керак.

414. 6 градусдан ортиқ нишабликдаги барча тасмали ва пластинкасимон конвейерлар, конвейерлар тўхтаганда тасманинг юкланган тармоғи тескари йўналишга силжиб кетишига тўсқинлик қиладиган тўхтатадиган мосламалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

415. Конвейер тасмасининг ҳаракатланиш тезлиги рудаларни қўлда ажратишда 0,5 метр/сониядан ортиқ бўлмаслиги керак. Рудаларни ажратиш жойларида тасмани тўсиб қўйиш керак.

416. Конвейерлар ўтиш жойлари ва жиҳозларнинг устида жойлашганда, уларнинг пастки қисми тўкилаётган материалларнинг тушишига йўл қўймайдиган яхлит қопламалар билан қопланиши керак.

417. Тасмали конвейерлар билан қуруқ ва чангийдиган, юқори ҳароратли ҳамда буғ ажратадиган материаллар ташилганда, юкларни тушириш ва ортиш жойларини ёпиб қўйишни кўзда тутиш, шунингдек, ушбу ажралиб чиқувчилар билан курашишнинг қўшимча чора-тадбирлари аспирация суғориш мосламалари, полларнинг ювилиши ва бошқалар кўзда тутилиб, ҳавода чегаравий рухсат этилган концентрациялар миқдорларини таъминланиши керак.

Қуруқ кукунсимон чангийдиган материалларни ташиганда, уларнинг кўчиш зоналари герметизацияланиши керак.

418. Юк ташувчи транспортерлар (элеваторлар), куракли конвейерлар ва шнекларда қуруқ ва чангийдиган материаллар ташилганда бутун узунлиги бўйича зич қопламалар билан ёпиш, юкларни тушириш ва ортиш жойлари ҳам зич ёпгичлар билан жиҳозланган бўлиши керак. Механизмларнинг ишчи органларини даврий назорат қилиш учун қопламаларда кўз билан кўриб кузатадиган, эшиклари зич ёпиладиган кузатув дарчалари (туйнукчалар) қурилиши керак.

419. Юк ташувчи транспортерларда ҳўл маҳсулотлар ташилганда (элеваторлар) қуйқаларнинг сачраб кетишига йўл қўймаслик учун бутун узунлиги бўйича сақловчи шчитлар ёки қопламалар билан ёпилиши керак. Юк ташиш транспортерларининг (элеватор) юкларни ортиш ва тушириш жойларида аварияли ўчиргичлар ўрнатилган бўлиши керак.

420. Материалларни кетма-кет ташиётган бир нечта конвейерлар технологик секциянинг (занжирнинг) бошқа жиҳозлари билан бир вақтда ишлаганда, айрим аппаратлар ва машиналарнинг электр узатмалари блокировка қилиб қўйилиши керак. Бунда:

ишга тушириш ва тўхтатиш, аппаратлар занжирлари схемаси ва фабрика технологиясига мувофиқ кетма-кетликда кўзда тутилиши керак;

қандайдир жиҳоз ёки конвейер тўсатдан тўхтаб қолган ҳолатда, схема бўйича олдинги конвейерлар ва қурилмалар автоматик тарзда тўхташи керак;

конвейер ёки машинани масофадан бошқариш пульти билан ишга туширишни бартараф этадиган маҳаллий блокировка қурилиши керак.

421. Барча конвейерлар, конвейернинг бутун узунлиги бўйича асосий ўтиш йўлаги томонида узатмани авариявий тўхтатишни таъминлайдиган мосламаларга эга бўлиши керак.

Механизмлардаги блокировка ва авариявий тўхтатиш мосламаларидан, уларни ишга туширишни бошқариш аппаратлари сифатида фойдаланиш тақиқланади.

422. Барча юк ташувчи транспортерлар (элеваторлар) ковшли занжирнинг орқага қайтишига йўл қўймайдиган тормоз мосламалари ва у узилганда тутгичлар билан жиҳозланган бўлиши керак.

423. Ишчи тармоғидан материалларнинг думалаб тушиши мумкин бўлган конвейерларда сақловчи зичлашлар ўрнатилиши керак.

424. Ўз юкини ўзи туширадиган аравачалар ва ўзи юрар конвейерларнинг скатлари (юриш ғилдираклари) тўсилган бўлиши керак. Тўсиқ ва рельснинг каллаги ўртасидаги тирқиш 10 миллиметрдан ортиқ бўлмаслиги керак.

425. Конвейерлар тортувчи мосламаларининг юклари, шунингдек тортувчи барабанлар тўсилган бўлиши ва улар шундай жойлашган бўлиши керакки, тасма ёки арқон узилганда юк ёки барабаннинг одамлар ёки пастдаги қаватларда жойлашган жиҳозлар устига тушиши имконияти бўлмаслиги керак.

18-боб. Таъмирлаш-монтаж ва такелаж ишлари

1-§. Умумий талаблар

426. Фабрикаларда, корхона раҳбари томонидан тасдиқланган жадвалда кўзда тутилган муддатларда жиҳозлар мунтазам профилактик кўриклардан ва таъмирлашлардан ўтказилиши керак.

427. Фабрикаларда жиҳозларни капитал ва жорий таъмирлашларни ташкиллаштириш, ўтказиш корхоналар механик жиҳозларига техникавий хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш тўғрисидаги низомга ҳамда жиҳозлар ва транспорт воситаларини режали-олдини олиш таъмирлашлар тўғрисидаги низомлар талабларига мувофиқ бўлиши керак.

428. Асосий жиҳозларни капитал ва жорий таъмирлашлар ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ишларни ташкиллаштириш лойиҳалари (кейинги ўринларда — ИТЛ) бўйича ўтказилади. ИТЛда хавфсизлик талабларининг бажарилишига масъул шахслар ва таъмирлашларни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш бўйича чоралар, шунингдек, таъмирлаш ишларини бажаришнинг тартиблари ҳамда кетма-кетлиги кўрсатилиши керак.

429. Ҳар бир фабрикада объектлар ва жиҳозларни таъмирлаш рўйхатлари тузилган, ёрлиқ тизими, наряд-рухсатномалар, ИТЛ расмийлаштирилиб, фабриканинг бош муҳандиси томонидан тасдиқланган бўлиши керак.

430. Ишларни механизациялаш учун оғир жиҳозлар, узеллар ва деталларни кўтариш ҳамда ечиш имкониятини берадиган керакли юк кўтариш воситалари ва мосламалари кўзда тутилиши керак.

Юк кўтариш мосламаларидан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилиши керак.

431. Жиҳозлар, агрегатлар, аппаратлар ва коммуникацияларни ички кўздан кечириш, тозалаш ҳамда таъмирлаш учун тўхтатиш, шунингдек, уларни ишга тушириш фабрика бош муҳандиси томонидан тасдиқланган йўриқнома талабларига мувофиқ амалга оширилади.

432. Ички кўздан кечириш, тозалаш ёки таъмирлаш учун тўхтатилган жиҳоз, агрегатлар, аппаратуралар ва коммуникацияларни буғли, сувли ва технологик қувур йўлларидан, газ йўллари ва электр энергияси билан таъминлаш манбаларидан узиш керак; барча қувур йўлларига тиқинлар қўйилиши керак; жиҳозлар, агрегатлар, аппаратлар ва коммуникацияларни технологик материаллардан озод қилиш керак. Иш режимидаги заҳарли ёки портлаш хавфи бўлган газлар, буғлар ёки чанглар аппаратларда мавжуд бўлганда, улар пуфлаб тозаланиши ва шундан кейин ҳаво муҳити заҳарли ҳамда хавфли моддаларнинг мавжудлигига таҳлил қилиниши керак. Таъмирлаш жараёнида даврий ҳавонинг назорат таҳлилини ўтказиб туриш керак.

Узатмаларнинг электр схемалари бўлакларга ажратилиши, ишга тушириш мосламаларига эса «Қўшилмасин! Одамлар ишлаяпти!» плакатлари осиб қўйилиши, шунингдек, мосламаларнинг хатолик билан ёки ўз-ўзидан қўшилиб кетишининг олдини оладиган чоралар кўрилиши керак.

433. Таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган ҳудудни амалдаги жиҳозлар ва коммуникациялардан тўсиб қўйиш керак. Ҳудудга хавфсизлик белгилари, плакатлар, сигнал воситалари осиб қўйилади ва улар санитария меъёрлари талабларига мувофиқ ёритилади.

2-§. Таъмирлаш ишлари

434. Барча таъмирлаш ишлари фабрика, цех маъмурияти томонидан тайинланган муҳандис-техник ходимлар раҳбарлиги остида бажарилиши керак. Таъмирлашни амалга ошириш билан банд бўлган шахслар тегишли махсус кийимлар ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлиши керак.

435. Таъмирлаш-монтаж майдончасининг ўлчамлари, уларга машиналар, мосламаларнинг йирик узеллари ва деталларини ҳамда асбобларни, шунингдек, таъмирлаш ишларини бажариш учун керакли бўлган материалларни жойлаштиришни таъминлайдиган бўлиши керак. Машиналарнинг узеллари ва деталларини таъмирлаш-монтаж майдончасига жойлаштиришда, уларнинг орасида меъёрларга мувофиқ ўтиш йўлаклари бўлиши керак. Майдончани тиқиштириб ташлаш мумкин эмас, унга жойлаштириладиган юкларнинг массаси ҳисоб-китоб бўйича мумкин бўлганидан ортиқ бўлмаслиги керак.

436. Юкларни кўчириш бўйича барча ишлар, ишларни бажариш ва юкларни кўчириш хавфсизлиги учун масъул бўлган шахснинг кўрсатмаси ҳамда рухсати билан бажарилиши керак. Йирик габаритли ва оғир юкларни кўтариш, силжитиш ҳамда тушириш, таъмирлашларни ўтказиш учун масъул бўлган шахснинг иштирокида бўлиши керак.

437. Ҳавозалар, тахта тўшамалар ва нарвонлардан фойдаланган ҳолда бажариладиган ишлар — амалдаги миллий стандартлар талабларига жавоб бериши керак.

438. Тўшамалар ва тахта тўшамалар қуришнинг имконияти бўлмаганда, ҳавозалардан туриб 1,3 метрдан баландликда ишлар бажарилганда, ходимлар хавфсизликни сақловчи арқонли камарлардан фойдаланишлари керак. Баландликда ишлар бажарилганда, сақловчи камарларни маҳкамлайдиган жойлар конструкцияларда белгиланган ва нарядда кўрсатилган бўлиши керак.

439. Баландликда икки ва ундан ортиқ қаватда таъмирлаш ишлари бажарилганда, улар ўртасида материаллар ҳамда бошқа нарсалар ишлаётганларнинг устига тушишига йўл қўймайдиган мустаҳкам бостирма қурилиши ёки тўр тортиб қўйилиши керак.

440. Таъмирлаш-монтаж ва такелаж ишларини фабриканинг бош муҳандиси томонидан тасдиқланган, ишларни амалга ошириш бўйича айрим операцияларни бажаришда хавфсизлик чоралари кўзда тутилиши керак бўлган технологик харита бўйича бажариш керак. Кўрсатилган хариталар мавжуд бўлмаганда, таъмирлаш ишлари ёзма наряд-топшириқлар бўйича, зарур бўлган ҳолларда эса хавфсизликнинг аниқ чоралари кўрсатилган наряд-рухсатномалар бўйича ўтказилади.

441. Таъмирлаш-монтаж ишларини фабриканинг амалдаги цехлари ва бўлимларида бажарилганда, таъмирлаш ишларининг раҳбари цех ёки бўлинма маъмурияти билан биргаликда, ушбу ишларнинг хавфсизлигини, шунингдек, ишлайдиган жиҳозларнинг техник созлиги ҳамда улардан хавфсиз фойдаланишни таъминлайдиган чора-тадбирларни ишлаб чиқишлари шарт.

Таъмирлаш ишлари пудрат ташкилотлари томонидан амалга оширилганда ишларни ташкиллаштириш лойиҳасига мувофиқ ишларни бажариш учун наряд-рухсатнома бўйича ёки таъмирлаш ишларини участкани топшириш далолатномаси бўйича бажариш керак.

Таъмирлаш ишларини олиб бораётган ташкилот раҳбари далолатнома орқали қабул қилиб олган участкадаги таъмирлаш ишларида хавфсизлик қоидаларига риоя қилинишига, таъмирлаш ишлари наряд-рухсатнома бўйича амалга оширилганда эса фабрика раҳбари билан биргаликда (наряд-рухсатномада кўрсатиб ўтилган, келишилган шароитларни таъминлаш қисми бўйича) жавобгар бўлади.

442. Майдалагичларда таъмирлаш ишларини бажараётганда одамларни кўтариш ва туширишни нарвонлардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш керак, одамларни ишчи ҳудудга сақловчи камарларсиз ҳамда хавфсизликни таъминловчи арқонларсиз тушириш тақиқланади.

443. Роторлари ва деталлари (болғачали, кулачокли, зарбали-қайтарувчи майдалагичлар, барабанли ғалвирлар ва шу кабилар) айланадиган ва ҳаракатланадиган жиҳозларда маълум бир ишни бажаришга фақат механизмларнинг ҳаракатланадиган қисмлари, шунингдек, ушбу жиҳозлар корпусларининг (қопламаларининг) очиқ қопқоқлари, уларнинг мажбурий ва ўз-ўзидан ҳаракатланиши имкониятини бартараф этадиган ҳолатда ишончли маҳкамлаганда, шунингдек, наряд-рухсатнома расмийлаштирилгандан кейин рухсат берилади.

444. Эритилган рух билан футеровкалар махсус ўқитилган, кўрсатмалардан ўтган ва худди шундай ишларни бажаришда тажрибага эга бўлган, махсус кийимлар ҳамда шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган шахслар томонидан қўйилиши керак. Қуйишда, албатта, уста ёки бригадир иштирок этиши керак.

445. Бункерлардаги футеровкаларни таъмирлаш ва алмаштириш учун бункернинг нишаб деворларида хавфсиз ишлашни таъминлайдиган мосламаларни қўллаш керак.

446. Бункерларни таъмирлаш ишлари зонасида юклаш тақиқланади. Таъмирланаётган участка устида жойлашган юқориги юклаш тирқишлари майдончаси, таъмирлаш ишларини бажаришнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ёпилган бўлиши керак.

447. Юк ташувчи транспортёрларнинг (элеваторлар) занжирларини алмаштириш, уларнинг учларини улаш ва конвейер тасмаларини ямашни тегишли юк кўтаришга эга бўлган такелаж мосламалари ёрдамида, завод йўриқномасига мувофиқ корхонанинг техник бошлиғи томонидан ишлаб чиқилган ҳамда тасдиқланган йўриқномалар талабларига мувофиқ амалга ошириш керак.

448. Тегирмонларни шарлар ва стерженлар билан юклаш, шунингдек, тегирмонлардан шарларни тушириш механизациялаштирилган бўлиши керак.

449. Тегирмон барабанларини буриш, шунингдек, тегирмоннинг барабанида янги футеровка ўрнатиш, футеровка болтларини уриб чиқариш унинг ичида одамлар бўлганда тақиқланади.

450. Тегирмонлар барабанларининг ичида футеровка плиталарини силжитиш ва ўрнатиш учун механизмлар мавжуд бўлмаганда, бу ишлар хавфсизликнинг керакли чораларини аниқлаб берадиган махсус йўриқномаларга мувофиқ бажарилиши керак.

451. Футеровка плиталарини тегирмон барабанининг ичида пайвандлаш ва кесиш газ хавфи бўлган ишларни хавфсиз ўтказиш бўйича йўриқномаларга мувофиқ амалга оширилиши керак.

452. Заҳарли реагентлар (цианидлар ва шу кабилар) муҳитида ишлайдиган жиҳозни таъмирлашдан олдин диққат билан тозалаш ва ушбу реагентлардан зарарсизлантириш керак.

453. Пиширадиган қурилмалар ишлаганда, газ коммуникациялари ва назорат-ўлчов аппаратураларида таъмирлаш ишларини бажариш тақиқланади.

454. Пиширадиган машиналар ўчоғи тахламини таъмирлашга наряд-рухсатнома бўйича уни табиий совитилгандан ва машина ҳамда тортиш-пуфлаш воситалари узатмаларининг электр схемаси узилгандан, шунингдек, совуқ ҳаво бериш учун кўчма шамоллатиш ускунаси ўрнатилгандан кейин рухсат берилади.

Пишириш машиналарининг ўчоғидаги ишларда кучланиши 12 вольтдан ортиқ бўлмаган, сақловчи тўрли, ишга яроқли кўчма электр чироқлардан фойдаланиш керак.

3-§. Газ алангали ишлар

455. Газ алангали ишларни қонунчиликда белгиланган тартибда ва фабриканинг бош муҳандиси томонидан тасдиқланган йўриқнома асосида амалга ошириш керак.

456. Портлаш ва ёнғин хавфи бўлган ишлаб чиқариш хоналарида очиқ олов қўлланадиган таъмирлаш ишларини қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказиш керак.

457. Барча алангаланадиган материалларни (мой, артиш материаллари ва шу кабилар) пайвандлаш ва оловли ишлар амалга ошириладиган жойдан 10 метрдан кам бўлмаган масофага йиғиштириб қўйиш керак.

458. Пайвандлаш вақтида иншоотларнинг пайвандлаш жойидан 2 метрдан кам масофадаги барча ёғочли ёки бошқа ёнадиган қисмларини асбестли ёки пўлат варақлар билан ҳимоялаш керак.

459. Пайвандлаш ва газ алангали ишларни амалга ошириш жойларида ўт ўчиргич, яқиндаги ўт ўчириш қувур йўлларига уланган ўт ўчириш стволи шланги билан ёки 0,2 куб метрдан кам бўлмаган сув захираси бўлган бочка ва қум солинган қути бўлиши керак.

460. Пайвандлаш бўлинмасида енгил алангаланадиган ёнувчи моддаларни сақлаш тақиқланади.

461. Газ алангали ишларни бажаришга мўлжалланган горелкалар ва кескичлар тескари клапанлар билан жиҳозланган бўлиши керак.

19-боб. Ишлаб чиқариш санитарияси

1-§. Санитария талаблари

462. Фабрикаларни лойиҳалаштириш, қуриш, қайта қуриш ва улардан фойдаланишни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириш керак.

463. Фабрикаларнинг барча янгидан ишга туширилаётган ва қайта қурилаётган объектларида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш жойларида санитария шароитларини таъминлайдиган шамоллатиш, газни тозалаш, чангларни тутиш ва сунъий иқлим ҳосил қилишнинг самарали тизимлари бўлиши керак.

Ҳар бир фабрикада санитария-техник тизимлардан фойдаланиш ва уларни назорат қилиш бўйича хизматлар (участкалар, бригадалар, цехлар) ташкиллаштирилган ҳамда масъул шахслар тайинланган бўлиши керак.

Амалдаги фабрикаларда иш жойларидаги меҳнат шароитларини мунтазам яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиши керак. Барча иш жойларини амалдаги меъёрларга мувофиқ ҳолатга келтиришнинг муддатлари санитария назорати органлари билан келишиш бўйича белгиланади.

464. Иш жойларини ёритиш Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (Табиий ва сунъий ёритиш қоидалари) талабларига мувофиқ бўлиши керак.

465. Ишлаб чиқариш хоналаридаги, иш ўринларидаги шовқин ва титраш даражаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ рухсат этилган шовқин ва титраш даражасидан ортиқ бўлмаслиги керак.

466. Ходимлар амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ санитария-маиший хоналар билан таъминланган бўлиши керак.

Фойдали қазилмаларни бойитиш билан банд бўлган ходимлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ махсус кийим, махсус пойабзал ва шахсий ҳимоя воситалари (кейинги ўринларда — ШҲВ) билан таъминланиши керак.

467. Ишлаб чиқариш корхоналарида ишловчилар умумий овқатланиш билан «Зарарли ва ноқулай меҳнат шароитларида ишлаётганлар учун даволаш-профилактик овқатланишни қўллаш ҳамда бериш тартибига кўрсатмалар»га мувофиқ, лозим бўлганда, даволаш-профилактик овқатланиш билан таъминланиши керак.

468. Таркибида юқори табиий радиоактивли компонентлари бўлган рудаларни қайта ишлаш ва бойитишда ШҲВ амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак.

ШҲВ бериладиган барча ходим ва хизматчилар, улардан фойдаланиш бўйича кўрсатмалардан ўтиши керак.

469. Ишлаб чиқариш биноларининг шамоллатиш тизимлари ва уларнинг иситиш тизими амалдаги Қурилиш меъёрий қоидалари талабларига мувофиқ лойиҳалаштирилади.

Бойитиш фабрикаларининг одамлар доимий ёки узоқ вақт (2 соатдан ортиқ) бўладиган барча ишлаб чиқариш хоналаридаги ҳаво муҳитининг параметрлари «Ишчи зонаси ҳавосидаги зарарли моддаларнинг чегаравий рухсат этилган концентрацияси (ЧРЭК)» ва ушбу Қоидаларга 1-иловага мувофиқ бўлиши керак. Иш жараёни белгиланган гигиеник талаблар хавфсизлигига риоя қилган ҳолда олиб борилади.

Шамоллатиш ва аспирацион қурилмалар билан чиқарилаётган ҳаво атмосферага чиқарилишидан олдин ундаги чангнинг концентрацияси санитария меъёрларида кўзда тутилганидан кам бўлгунига қадар тозаланиши керак. Тозалаш мосламаларини (скрубберларда, циклон-ювгичларда, электр фильтрларда, енгли фильтрлар ва бошқаларда тозалаш) чангнинг физик-кимёвий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда танлаш керак.

470. Биноларнинг деворлари, шифтлари ва ички конструкциялари енгил йиғиштирилишни таъминлайдиган ҳамда цианидлар ва бошқа моддаларнинг йиғилиши, ютилишига йўл қўймайдиган юзалар ҳамда қопламаларга эга бўлиши керак.

Технологик операциялар кислотали муҳитда амалга ошириладиган хоналарнинг деворлари, поллари, панеллари ва қаватлараро тўсиқларининг қопламалари амалдаги қонунчиликка мувофиқ бўлиши керак.

471. Фабриканинг барча хоналарида чангларни йиғиштириш сўрувчи пневматик мосламалар ёрдамида механизациялашган усулда ёки гидроювиш билан амалга оширилиши керак.

Полларни сув билан ювиш кўзда тутилган цехларда, шунингдек, нам технологик жараёнли барча цехларда поллар сув ўтказмайдиган қопламали бўлиши керак. Сувнинг оқиб кетиши учун полларнинг нишаблиги 0,02 (1,8 градус) дан кам бўлмаслиги керак. Асосий ўтиш йўлакларида полларнинг нишаблиги 0,04 (2,6 градус)дан ва хизмат йўлакларида 0,1 (6 градус) дан ортиқ бўлмаслиги керак.

472. Фабрика ҳудудидаги оқар сувлар ва полларнинг ювилишидан чиққан сувлар сув ҳавзасига ташланишидан олдин Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари («Сув билан таъминлаш ва канализациянинг ташқи тармоқлари ҳамда иншоотлари») талабларига мувофиқ маҳаллий тозаланиши ёки умумий тозалаш иншоотларига йўналтирилиши керак.

Таркибида циан бўлган саноат оқоваларини хлор маҳсулотлари ва бошқа реагентларни қўллаб зарарсизлантиришни аспирация, назорат асбоблари ҳамда масофадан бошқариш билан таъминланган герметизацияланган жиҳозларда амалга ошириш керак.

Очилаётган тешикларнинг майдони, шунингдек, уларнинг жойлашиши амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак.

473. Кўп миқдорда иссиқлик ажралиб чиқадиган хоналарда томнинг тузилиши ифлосланган ҳавонинг тескари оқимларини пайдо бўлишига йўл қўймаслиги керак. Ортиқча иссиқлик (20 ккал/куб. метрдан ортиқ) ажралиб чиққанда, корпусларда ёруғ аэрацияли шамолдан ҳимоялайдиган панелли фонарларни лойиҳалаштириш керак.

474. Катта миқдордаги иссиқлик ажратиб чиқариш манбаи бўлган ишлаб чиқариш жиҳозларининг (қуритиш, пишириш печлари ва бошқалар) юзаси юзанинг ҳароратини санитария меъёрлари талабларига мувофиқ бўлишини таъминлайдиган термоизоляцияга эга бўлиши керак.

475. Қуруқ маҳсулотлар ва концентратларни ортиш ва тушириш, тайёр концентратларни шихталаш ва қадоқлаш ишлари механизациялаштирилган ва герметикланган бўлиши керак.

476. Рудани қабул қиладиган бункерлар руданинг ёпишиб, осилиб ва яхлаб қолиши олдини оладиган мосламалар билан жиҳозланиши керак. Ишчи ҳудудга чанг киришининг олдини олиш мақсадида бункерларга юкларни ортиш ва тушириш учун, материалнинг нотекис тушишига йўл қўймайдиган дозалаш мосламалари қўлланиши керак. Қуруқ руда учун мўлжалланган бункер-тўплагичлар ва сиғимлар уларнинг тўлиб кетиши ҳамда тўлиқ бўшашига йўл қўймайдиган автоматик мосламалар билан жиҳозланган бўлиши, бункердаги қолдиқ материал қатламининг баландлиги 1 метрдан кам бўлмаслиги керак.

477. Майдалагичлар, руда ва оралиқ маҳсулотларни етказиш учун мўлжалланган транспортёр тасмалари, уларни жиҳозларга (таъминлагичлар, қуритиш агрегатлари, электростатик ва электромагнит сепараторлар, флотомашиналарнинг кўпик қабул қилувчи тарновлари, реагент эритмалари солинган идишлар ва бошқалар) тўкиш ва юклаш жойлари ишлари ишлаб чиқариш жиҳозлари билан блокировка қилинадиган аспирацион тизимлар ёки сув билан чангсизлантириш тизимларига эга бўлган бостирмалар билан жиҳозланган бўлиши керак. Тизим мосламалари блокировкаси уларнинг иш бошланишидан 3-5 дақиқа олдин қўшилишини ва жиҳоз тўхтагандан сўнг камида 5 дақиқа ўтгандан кейин ёки жиҳоз юксиз ишлаганда ўчирилишини таъминлаши керак.

478. Дозировка майдончаларида жойлашган сарфлаш сиғимларидан контактли чанлар, флотацион машиналари ва бошқа агрегатларга реагентларни етказиб бериш ёпиқ коммуникациялар орқали герметикланган автоматик дозаторлар ёрдамида амалга оширилади.

479. Ишловчиларнинг флотореагентлар билан алоқада бўлиши мумкин бўлган бўлинмаларда, совуқ ва иссиқ сувли ювингичлар ўрнатилган, терига тушган моддаларни сув оқими билан ювиш орқали тез кеткизишга мўлжалланган мосламалар, кўзларни ювиш учун фонтанчалар кўзда тутилган бўлиши керак.

480. Концентратларни қуритиш ва донадорлаштириш, уларни ортиш учун етказиб беришни бошқариш, шунингдек, шамоллатиш ва чанг-газдан тозалаш тизимлари ишларини бошқариш оператор хонасида ўрнатилган пультлардан амалга оширилиши керак. Қуритиш қурилмаларига хизмат кўрсатиладиган жойларда бериладиган ҳаво ҳароратини автоматик тарзда тартибга солувчи ҳавони хушбўйлаштирувчи мосламалар кўзда тутилган бўлиши керак.

2-§. Шамоллатиш қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишга қўйиладиган умумий талаблар

481. Фабриканинг цехлари, омборхоналари ва бошқа хоналарини шамоллатиш лойиҳага мувофиқ бўлиши керак.

482. Янги ўрнатилган ва қайта тикланган шамоллатиш қурилмаларини фойдаланишга фабрика (корхона) раҳбарияти томонидан тайинлаган комиссия қабул қилиши керак.

Чала бажарилган ишлари бўлган ва самарали ишламаган шамоллатиш қурилмаларини фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.

483. Вентиляция қурилмаларидан фойдаланиш ва уларга қараш тартиби фабрика раҳбарияти томонидан тасдиқланган алоҳида йўриқномаларда белгиланган бўлиши керак.

484. Технологик жиҳозлар ишлаётган вақтда фабриканинг барча асосий оқимли-сўрувчи шамоллатишлари ва аспирация қурилмалари узлуксиз ишлаши керак.

Ишлаганда чанг ва газ ажратадиган шамоллатиш тизимлари носоз бўлган ҳолатларда технологик жиҳозлардан фойдаланиш тақиқланади.

Шамоллатиш қурилмаси тўхтаб қолганда ёки хонадаги зарарли моддалар концентрацияси санитария меъёрларидан ортиқ бўлганда, хонадаги ишларни зудлик билан тўхтатиш, одамларни эса тоза ҳавога олиб чиқиш керак.

485. Шамоллатиш ва аспирация қурилмаларининг ишлаши асосий ва ёрдамчи жиҳозлар билан блокировка қилинганда, бевосита шамоллатиш ва аспирация жиҳозлари олдида қўшимча ишга тушириш мосламалари кўзда тутилган бўлиши керак.

Технологик жиҳозни у билан блокировка қилинган шамоллатиш тизимисиз ишга тушириш тақиқланади.

486. Шамоллатиш қурилмалари ҳаво узатгичлари ва мосламаларида назорат қилиш ва ҳаво йўлларида ҳавонинг тезлиги, босими, ҳароратини ўлчаш, ҳаракатланаётган ҳаво ҳажмларини тартибга солиш учун мосламалар (туйнукчалар, штуцерлар) билан жиҳозланган бўлиши керак.

487. Иш жойларидаги ҳавонинг таркибидаги газ, чанг миқдорини аниқлаш, шунингдек, ҳароратини, намлигини ва ҳаракатланиш тезлигини текшириш учун ҳаводан намуналар олиш, улардан нормал фойдаланиш меҳнат шароитларида, шунингдек, вентиляция ва аспирация қурилмалари қайта тикланган ҳамда капитал таъмирлангандан сўнг технологик режими ўзгарган ҳолларда ҳам мунтазам равишда, 6 ойда камида бир марта ўтказилиши керак.

Ҳаводан намуналар олиш жойлари ва даврийлиги фабрика раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан тасдиқланган режа ёки жадвал асосида 6 ойда камида бир марта этиб белгиланади.

20-боб. Рудаларни қайта ишлашда радиация хавфсизлигининг қўшимча талаблари

488. Фойдали қазилмаларни майдалаш, саралаш, бойитиш ҳамда руда ва концентратларни бўлаклаш ишлари амалга оширилганда, атроф табиий муҳитни радиоактив ифлосланишдан ҳимоялаш таъминланиши керак.

Ишлаб чиқаришнинг радиация хавфи омиллари мавжуд бўлган рудани қайта ишлаш корхоналарида, ҳар йили «Радиация хавфсизлигининг санитария меъёрлари» талабларининг бажарилишини таъминлайдиган ташкилий-техникавий чора-тадбирлар комплекси амалга оширилиши лозим.

Рудаларни қайта ишлаш корхоналарини радиация хавфи бўлган ишлаб чиқариш тоифасига киритиш, шунингдек, кўрсатилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни корхона маъмурияти давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ҳамда ихтисослаштирилган ташкилотларни жалб этиб амалга оширади.

Корхоналарнинг радиация билан ифлосланганлик даражасини белгилаш учун радиация ҳолати текшируви Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги худудий бошқармаси билан келишилган муддатларда, лекин уч йилда камида бир марта ўтказилиши керак.

489. Радиация хавфи бўлган корхоналар тоифасига киритилган корхоналар, радиация назоратини махсус ташкил этилган меҳнат шароитларини назорат қилиш хизмати кучлари билан амалга оширишлари керак.

Радиация фони иш жойларида ва корхона раҳбари томонидан тасдиқлаган рўйхат бўйича бошқа ҳудудларда назорат натижаларини махсус журналга қайд этган ҳолда текшириш керак.

490. Радиацион назоратда қуйидагилар аниқланиши керак:

иш жойларида ва ишлар олиб борилаётган туташ ҳудудларда радиация хавфи омилларининг даражаси;

радиацион ҳолатнинг радиация хавфсизлигининг рухсат этилган меъёрларига мувофиқлиги;

радиацион хавфли омиллар комплексининг ишловчиларга кўрсатадиган таъсири даражаси;

ташқи муҳитнинг радиоактив моддалар билан ифлосланганлик даражаси ва радиацион омилларнинг ходимларга ва рудаларни қайта ишлаш корхоналари жойлашган ҳудудда яшайдиган аҳолига таъсири даражасини баҳолаш;

юқори радиация хавфининг асосий манбаларини аниқлаш ва баҳолаш.

491. Радиактив нурланиш манбалари мавжуд бўлган корхоналарга ишга кираётган ходимлар, албатта, радиация хавфсизлиги бўйича ўқитилади ва уларнинг бу борадаги билимлари текширилади. Такрорий ўқув машғулотларини уч йилда камида бир марта ўтказиш керак.

492. Радиацион ҳолати юқори бўлган рудани қайта ишлаш корхоналарини лойиҳалаштиришда ва улардан фойдаланишда ишловчиларни ионловчи нурланиш таъсиридан ҳимоялаш бўйича, ҳавога чиқарилаётган радиоактив ва бошқа зарарли моддалар ҳамда корхонанинг саноат оқова сувларини тозалаш бўйича қўшимча чоралар кўзда тутилиши керак.

493. Корхонанинг саноат майдончалари атрофида санитар-ҳимоялаш ҳудудлари ўрнатилади, ўлчамлари лойиҳада аниқланади.

Корхонанинг санитария-ҳимоялаш ҳудудида ёрдамчи ва қўшимча объектларни жойлаштиришга, шунингдек, магистраль автомобиль йўлларини ўтказишга рухсат этилади. Кўрсатилган объектларни радиация чиқарувчининг асосий манбаларидан ёки радиоактив аэрозолларнинг ташкиллаштирилмаган кириб келишидан хавфсиз масофаларга жойлаштирилиш керак.

Санитария-ҳимоялаш ҳудудидаги ерлардан қишлоқ хўжалиги экинлари учун фойдаланишга давлат санитария назорати органлари билан келишув бўйича рухсат этилади.

494. Рудаларни узоқ муддатга сақлаш учун мўлжалланган омборхоналарни махсус майдончаларга жойлаштиришда, уларнинг ҳудуди ўралган бўлиши керак. Руда омборхоналарини жойлаштиришни уларни шамоллатишнинг энг яхши шароитларини яратишни ҳисобга олган ҳолда кўзда тутиш керак. Омборхоналарнинг алоҳида хоналари ўртасидаги бўшлиқ камида 20 — 25 метр бўлиши керак.

Саноат майдончаси ҳудудидаги руда сақланадиган омборхоналар асосий цехлар биноларидан камида 50 метр ва маъмурий-хўжалик ҳамда ёрдамчи бинолар ва иншоотлардан камида 100 метр масофада жойлашган бўлиши керак.

495. Технологик жараённи бошқаришни механизациялаш, тартибга олиш ёки созлашда хизмат кўрсатувчи ходимларга ионловчи нурланиш даражаси юқори бўлган ёки юзаси ва ҳавоси радиоактив ифлосланган жойларга кириши талаб этилмайдиган ҳолда лойиҳалаштирилиши керак.

496. Ҳар бир бўлинмада ажаралиб чиқаётган чанг, радиоактив аэрозоллар ва радоннинг миқдори белгиланган услублар бўйича ёки бошқа ишлаб чиқаришлардаги сингари ҳисоб-китоблар ёрдамида аниқланиши керак.

497. Ўзининг хусусиятига кўра тўлиқ герметикланмайдиган ва ўз навбатида ишлаб чиқариш хоналарининг радиоактив газлар ва аэрозоллар билан ифлосланиши сабабчиси бўлиши мумкин бўлган технологик операциялар алоҳида хоналарга ажратилиши керак.

498. Фильтрлаш жараёнлари учун чўкмаларни олиш ва тозалаш бўйича қўлда бажариладиган операцияларга йўл қўймайдиган, узлуксиз ишлайдиган аппаратлар қўлланиши лозим.

499. Чанг ва радон (торон) ажралиб чиқиши манбаи бўлган барча аппаратлар қопламалар билан жиҳозланган, уларнинг ишчи туйнуклари махсус услуб бўйича ҳисобланадиган энг кам керакли ўлчамларга эга бўлиши керак.

500. Таркибида катта миқдорда радиоактив моддалар бўлган тузларни қуритиш ва қиздириш бўлимларида юкларни механизациялашган ва автоматлашган ҳолда ортадиган ва туширадиган узлуксиз ишлайдиган печлар қўлланиши лозим.

Қуритиш ва қиздириш бўлинмаларидаги барча аппаратлар тайёр маҳсулотлардан чангларни тутиб қолиш ва кейин бу чангларни яна жараёнга қайтариш тизими билан таъминланган бўлиши керак.

501. Урандан бошқа фойдали қазилма конларининг шахта (карьер) сувлари, агар улар техник шартлар талабларига жавоб берса, рудаларни қайта ишлаш корхоналарининг асосий технологиялари учун ишлатилади. Шахта сувларини, узоқ муддат сақланувчи альфа-активлик йиғиндиси бўйича ўртача йиллик концентрация 3-109 Кюри/л бўлишига риоя қилган ҳолда, назорат қилинаётган ҳудудда ишлаётган транспортларни ювиш учун ҳам қўллаш мумкин.

502. Табиий радионуклидларнинг сувдаги миқдори рухсат этилган концентрациялардан ошмаслиги керак.

Ичида, таркибида радиоактив моддалари мавжуд оқовалар бўлган қувур йўллари аҳоли яшайдиган ҳудуддан камида 200 метр масофада жойлашган бўлиши керак.

503. Хўжалик-ичимлик суви ўтказиш трассасининг суюқ радиоактив чиқиндиларни транспортда ташиш ва сақлашга мўлжалланган коммуникацияларга нисбатан жойлашиши ва қувур йўлларини ётқизиш тизими радиоактив моддаларнинг ҳар қандай вазиятларда ҳам сув қувурларига тушишига йўл қўймаслиги керак.

504. Корхона ҳудуди ташқарисидан ўтган махсус канализация линиялари трассаси ўзларини танитувчи белгиларга эга бўлиши керак. Ушбу трассаларда тупроқнинг бузилиши билан боғлиқ бўлган бирорта қурилиш ишларини бажариш тақиқланади.

505. Таркибида радиоактив изотоплар бўлган оқова сувлар, одатда, технологик жараёнга қайтарилиши, улар очиқ сув ҳавзаларига ташланадиган ҳолатда, аввал сув учун рухсат этилган концентрация даражасигача тозаланиши керак. Технологик жараёнда ифлосланмайдиган оқова сувлар техник сув таъминоти тизимида ишлатилиши керак. Саноат объектларининг суюқ технологик радиоактив чиқиндилари чиқинди омборларидан алоҳида канализация тизими (махсус канализация) бўйича чиқарилади.

506. Рудаларни қайта ишлаш объектларининг барча корпусларида механик қўзғатишли оқимли-сўрувчи шамоллатиш кўзда тутилган бўлиши керак, зарарли ажралмалар бўлмаган ҳолларда айрим хоналарни табиий шамоллатишга рухсат этилади.

Таркибида катта миқдорда радиоактив моддалар бўлган рудалар бункерларда сақланганда, уларда енгиллашиш пайдо қилиш учун ҳавони сўриб олувчи механик шамоллатиш кўзда тутилган бўлиши керак. Ҳавони сўриш тезлиги очиқ қопқоқли туйнукларда 1 м/с бўлиши керак.

Чанг чиқарадиган жиҳоз қопламаси остидан сўриб олинаётган ҳавонинг миқдори ҳисоблаш орқали аниқланади, бунда ҳавони сўриб олиш тезлиги 1,5 — 2,0 м/с деб қабул қилиниши керак.

507. Ишлаб чиқариш хоналарини шамоллатиш учун керак бўлган ҳаво миқдори, зарарли ажралмаларнинг аралашиши радиоактив моддалар бўйича рухсат этилган концентрациялар даражасигача ва умумий заҳарли моддалар бўйича рухсат этилган чегаравий концентрациялар даражасигача ҳамда бошқа параметрлар (ҳавонинг ҳарорати, намлиги ва бошқалар) бўйича талаб этиладиган нормативларнинг таъминланишлари шартларидан келиб чиқиб, ҳисоблаш орқали аниқланади. Кўрсатилган ҳисоблашларда ишловчиларнинг ташқи нурланиш омиллари ҳам инобатга олиниши керак.

508. Оқимли шамоллатиш тизимлари учун ҳавони олиш, атмосфера ҳавосида радиоактив ва заҳарли моддалар миқдори 0,1 рухсат этилган концентрациялардан ҳамда ишчи хоналар учун 0,3 рухсат этилган чегаравий концентрациялардан ошмайдиган ҳудудларда амалга оширилиши керак. Кўрсатилган катталиклардан юқори бўлган ҳолларда оқимли ҳаво тозаланиши шарт.

Маҳаллий сўриш қурилмалари ёрдамида сўриб олинаётган ва таркибида чанг, радиоактив, кимёвий ва бадбўй моддалар бўлган ҳаво чиқариб ташланишидан олдин тозаланиши керак.

509. Барча технологик жиҳозлар металлоломга топширилишидан олдин тозаланиши, радиоактив моддалардан холи қилиниши, ифлослангани кўрсаткичи 30 мкР/ч га тенг гамма-нурланишнинг экспозицион дозаси қуввати даражасигача туширилиши керак. Таъмирлаш учун жўнатилаётган жиҳозлар ҳам худди шундай гамма-нурланиш дозаси ва юза ифлосланиш даражасига эга бўлиши керак.

Рухсат этиладиган чегаравий даражагача тозалаш имкони бўлмаган жиҳозлар радиоактив чиқинди сифатида кўрилиши керак. Уларни кўмиш масаласини давлат санитария назорати органлари билан ҳал қилиш керак.

510. Рудаларни қайта ишлаш объектларидан фойдаланишда амалдаги меъёрларга мувофиқ ишловчиларнинг шахсий ҳимоя ва гигиенаси бўйича чора-тадбирлар кўзда тутиш керак.

Аэрозоллар ажралиб чиқадиган хоналарда ишлайдиган ишловчилар индивидуал ҳимоя воситалари (махсус кийим, респираторлар ва ҳоказолар) билан таъминланади.

511. Санитария-ҳимоялаш ҳудудига туташ бўлган, одамлар яшайдиган массивлар томонидан чиқиндилар омбори тўсиғидан камида 200 метр масофада эни 15 — 20 метр бўладиган иҳота дарахтзорлари барпо этилиши керак.

Гидрометаллургия ишлаб чиқариш чиқиндилари пўлат қувурлар ёки ёпиқ темирбетон новлар орқали гидротранспортда ташилиши керак.

Чанг ҳосил бўлишининг ва ювиладиган ўтириндили қияликларнинг юзасидан радиоактив аэрозолларни учириб кетишининг олдини олиш учун ўтириндили қияликлар устига ўтиринди ўлчами бўйича лойиҳа белгисига қадар тоза тупроқ сепиш керак. Сепилма қатламининг қалинлиги 0,5 метрдан кам бўлмаслиги керак. Сепилган юзага ўт экиш керак.

512. Сизот сувларининг радиоактивлик даражасини назорат қилиш учун чиқинди омборлари периметри ва сизот сувлари оқими йўналиши бўйича намуна олиш (кузатиш) қудуқлари кўзда тутилган бўлиши керак.

Қудуқларнинг жойлашиши ва сони гидрогеолигик шароитларига боғлиқ ҳолда шундай ҳисоб-китоб билан аниқланадики, бунда қудуқлар орасидаги масофа 300 метрдан кам бўлмаслиги керак. Бунда бир-иккита қудуқ санитария-ҳимоялаш ҳудудидан ташқарида бўлиши керак.

513. Чиқинди омборини консервация қилиш ишларини лойиҳага мувофиқ амалга ошириш ва ювилган материаллар фильтрланиш ва суюқ фракцияларнинг белгиланган миқдорга қадар буғланиши натижасида ер ишлари учун керакли техникалардан фойдаланишга имкон берадиган даражада табиий зичлангандан кейин бошлаш керак.

21-боб. Атроф табиий муҳитнинг муҳофазаси

514. Фойдали қазилмаларни майдалаш, саралаш, бойитиш ва руда ҳамда концентратларни бўлаклаш жараёни ишларининг барча босқичларида табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари амалга оширилиши, шунингдек, табиат атроф-муҳити радиоактив, заҳарловчи ва бошқа зарарли моддалар билан ифлосланишларидан ҳимояланиши керак.

Одамнинг атроф табиий муҳитга техноген таъсири билан боғлиқ бўлган, фойдали қазилмаларни майдалаш, саралаш, бойитиш ва руда ҳамда концентратларни бўлаклаш жараёнларини ҳам ҳисобга олган ҳолдаги фаолияти бундай ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш босқичида давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши керак.

Кўриб чиқилаётган фаолиятни амалга ошириш жараёнида, атроф муҳитни ифлослантирадиган манбалар ва уларнинг зарарли таъсирларининг ҳисоби юритилади, атроф-муҳитга ифлослантирадиган моддалар отқинлари ҳамда ташланмаларининг экологик меъёрлари ишлаб чиқилади, саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларни жойлаштириш ҳамда фойдаланишга тиклаш масалалари ҳал этилади.

Амалга оширилаётган фаолиятнинг ерости бойликлари, тупроқлар, ерости ва юза сувлари, атмосфера ҳавоси, аҳоли соғлиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига салбий таъсирларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

Ишлаб чиқариш фаолиятининг таъсири бўлиши мумкин бўлган ҳудудларда атроф табиий муҳитнинг мониторинги ўтказилади.

22-боб. Хавфсизлик қоидалари бузилиши юзасидан жавобгарлик

515. Ушбу Қоидаларни бузишда айбдор бўлган мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Фойдали қазилмаларни майдалаш, саралаш, бойитиш, ҳамда руда ва концентратларни бўлаклашда ишларнинг хавфсизлиги қоидаларига 1-ИЛОВА

Иш зонаси ҳавосида зарарли моддаларнинг чегаравий рухсат этилган концентрацияси (ЧРЭК) *

Т/р Модданинг номи ЧРЭК миқдори, мг/куб.м 1. Таркибий қисмларга ажраладиган аэрозол кўринишдаги алюминий оксиди (тупроқ, электрокорунд, монокорунд) 6 2. Амилацетат 100 3. Алифатик аминлар * С7 — С9 1 4. C15 — С20 1 5. Аммиак 20 6. Ацетон 200 7. Бензин (эритувчи, ёнилғи) 100 8. Дихлорэтан * 10 9. Диэтил эфир 300 10. Доломит 6 11. Оҳактош 6 12. Керосин (С га ҳисобланган) 300 13. Чанг (кварцит, динас ва бошқалар) таркибида 70 фоиз бўлган кристалл кремний 4 оксиди (кварц, крис-тобелит, тридимит) 1 ** 14. Чанг таркибида 10 дан 70 фоизгача бўлган кристалл кремний 4 оксиди (гранит, шамот, слюда-хомашё, углерод чанги ва бошқалар 2 ** 15. Чанг таркибида 2 дан 10 фоизгача бўлган кристалл кремний 4 оксиди (ёнувчи кукерсит сланцлар, мис-сульфид рудалар ва бошқалар) 4 ** 16. Карбид кремний (карборунд) 6 17. Магнезит 10 18. Акрил кислотасини метил эфири (метил-акрилат) 5 19. Роданид натрий (техник) 10 20. Озон 0,1 21. Металл симоб 0,01//0,005 *** 22. Қўрғошин ва унинг ноорганик бирикмалари (қўрғошин бўйича) 0,01//0,005 *** 23. Водород сульфиди * 10 24. Углерод сульфиди 1 25. Таркибида силикат бўлган чанглар, силикатлар, алюмосиликатлар: табиий ва сунъий асбест, таркибида 10 фоиздан ортиқ асбест бўлган аралаш асбестли чанглар 2 26. Таркибида 10 фоизгача асбест бўлган асбестли чанглар 4 27 Таркибида 5 фоизгача марганец 4 оксиди, 7 фоизгача хром оксиди, 10 фоизгача темир оксиди бўлган бўялмаган ва рангли асбест-цемент 6 28. Асбест-бакелит, асбест-резина 8 29. Слюдалар (флагопит, мусковит), тальк, таркибида 10 фоизгача эркин кремний 4 оксиди бўлган тальк чанги (талькнинг тремолит, актинолит, антофиллит ва бошқа минераллар билан табиий аралашмаси). 4 30. Силикатли ва алюмосиликатли шишасимон структурали (тузилмали) сунъий минерал толалар (шиша-тола, шиша-момиқ (вата), минерал ва шлак момиқ, таркибида 5 фоизгача хром ва 3 фоизгача бошқа минераллар бўлган ва бўлмаган муллит-қум тупроқ тола) * 2 31. Цемент, оливин, апатит, форстерит, гил, каолин шамот 6 32. Вулқон отилганда пайдо бўлган шишасимон силикатлар (туфлар, пемза, перлит) 4 ** 33. Цеолитлар (табиий ва сунъий) 2 34. Скипидар (С га ҳисобланган) 300 35. Сольвент-нафта (С га ҳисобланган) 100 36. Амил спирт * 10 37. Бутил спирт, иккиламчи ва учламчи бутил спирт 10 38. Н-гептил спирт * 10 39. Изоактил спирт 50 40. Метил спирт * 5 41. Н-октил спирт 10 42. Пропил спирт 10 43. Этил спирт 1000 44. Ci - Сю чегаравий алифатик углеводородлар (С га ҳисобланган) 300 45. Углерод оксиди **** 20 46. Углерод хлор 4 20 47. Фенол * 0,3 48. Формальдегид * 05 49. Сариқ элементар фосфор 0,03 50. Фосфорит 6 51. Водород-фтор кислоталари тузлари (F бўйича) : натрий, калий, аммоний, рух, қалай, кумуш, литий ва барий фторидлар, криолит, аммоний гидрофторид 1/02 *** 52. Алюминий, магний, кальций, стронций, мис, хром фторидлари. 2,5/0,5 *** 53. Хлор * 1 54. Магний рух (Цинка магнид) 6 55. Металл цирконий 6 56. Этилацетат 200 57. Водород циан, синиль кислотаси тузлари (CN га ҳисобланган) 0,3

Фойдали қазилмаларни майдалаш, саралаш, бойитиш, ҳамда руда ва концентратларни бўлаклашда ишларнинг хавфсизлиги қоидаларига 2-ИЛОВА

Хўжалик-ичимлик суви ва маданий-маиший йўналишдаги сув объектларидаги сувда зарарли моддаларнинг чегаравий рухсат этилган концентрацияси (ЧРЭК) ва тахминий рухсат этилган сатҳи (ТРЭС)

Т/р Реагент номи ЧРЭК ёки ТРЭС Чегаравий рухсат этилган концентрация, мг/л Модданинг хавфлилик синфи (сув бўйича) * 1. Алкилсульфатлар ЧРЭК 0,5 4 2. Алкилсульфонатлар (сульфоноллар) ЧРЭК 0,5 3 3. Аммиак (азот бўйича) ЧРЭК 2,0 4. Сульфат аммоний (азот бўйича) ЧРЭК 1,0 3 5. АНП-2 (флотореагент) ЧРЭК 0,05 3 6. ВА-2 (флокулят) ЧРЭК 0,5 7. Гексаметилентетрамин (уротропин) ЧРЭК 0,5 8. Гидролизланган бутил аэрофлот ЧРЭК 0,001 9. Диалкилдиметиламмоний хлорид 10. C17 - С20 (флотореагент ДМ-2) ЧРЭК 0,1 11. Бутил аэрофлот > ЧРЭК 0,2 12. Изобутил аэрофлот ЧРЭК 0,2 13. Изопропил аэрофлот ЧРЭК 0,02 14. Этил аэрофлот ЧРЭК 0,5 15. Хлорли темир (Fe бўйича) ЧРЭК 0,3 16. Изоамил калий ксантогенат ЧРЭК 0,005 17. Изобутил калий ксантогенат ЧРЭК 0,005 4 18. Изопропил калий ксантогенат ЧРЭК 0,05 19. Флотореагент ИТК ЧРЭК ОуОб 20. Флотореагент ИМ-50 ЧРЭК 0,1 21. ИОМС-1 ЧРЭК 4,0 22. КМЦ, натрий тузи ЧРЭК 5,0 3 23. Оксидланган керосин ЧРЭК 0,01 24. Ёритувчи керосин ЧРЭК 0,05 25. Сульфидланган керосин ЧРЭК 0,1 26. Техник керосин ЧРЭК 0,01 27. Трактор керосини ЧРЭК 0,01 28. Олеин кислотаси ЧРЭК 0,5 29. Сирка кислотаси ЧРЭК 1,0 4 30. Шовул кислотаси ЧРЭК 0,5 31. С17-С20 фракцияни дихлоркарбон кислотаси ЧРЭК 1,0 4 32. C5 - С20 синтетик ёғли кислоталар МИБК кўпик ҳосил қилгич ЧРЭК ТРЭС 0,1 0,15 4 2 33. Мочевина ЧРЭК - 4 34. Метафосфат натрий ЧРЭК 3,5 4 35. Пирофосфат натрий ЧРЭК 3,5 4 36. Уч алмашган фосфат натрий ЧРЭК 3,5 4 37. Полифосфатлар ЧРЭК 3,5 3 38. ОПСБ кўпик ҳосил қилгич ЧРЭК 2.0 3 39. ВПК-402 (флокулянт) ЧРЭК 0,1 3 40. ППС (флокулянт) ЧРЭК 0,08 2 41. Қўрғошин ЧРЭК 0,03 2 42. ДС-10 Синтанол ЧРЭК 0,1 4 43. Скипидар ЧРЭК 0,2 4 44. Гексил спирт (кўпик ҳосил қилгич) Т-66 (кўпик ҳосил қилгич) ЧРЭК 0,01 0,2 2 2 45. Оксаль (Т-80) кўпик ҳосил қилгич ЧРЭК 0,2 2 46. СФК (кўпик ҳосил қилгич) ЧРЭК 0,02 2 47. Тиомочевина ЧРЭК 0,03 2 48. Натрий тиосульфат ЧРЭК 2,5 3 49. Цианидлар ЧРЭК 0,1 2 50. Циклогексанол (кўпик ҳосил қилгич) ЧРЭК 0,5 2 51. Рух ЧРЭК 1,0 3 52. Этил калий ксантогенат ЧРЭК 0,1 4 53. Мис ЧРЭК 1,0 3 54. Молибден ЧРЭК 0,25 2 55. Мишьяк ЧРЭК 0,05 2 56. Нитратлар (МОз бўйича) ЧРЭК 45,0 3 57. Никель ЧРЭК 0,1 3 58. Сульфидлар ЧРЭК 3 59. Фенол ЧРЭК 0,001 4 60. Хлоридлар (С1-иони бўйича) ЧРЭК 350,0 4 61. Углерод хлор 4 ТРЭС 0,006 2 62. Этилацетат ЧРЭК 0,2 2

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 7 ноябрь,

705-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.11.2025 й., 09/25/705/1025-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

QOIDALARI

Foydali qazilmalarni maydalash, saralash, boyitish hamda ruda va konsentratlarni boʻlaklashda ishlarning xavfsizligi qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Yer qaʼri toʻgʻrisida ”gi, “ Xavfli ishlab chiqarish obyektlarining sanoat xavfsizligi toʻgʻrisida ”gi hamda “ Mehnatni muhofaza qilish toʻgʻrisida ”gi qonunlari ijrosini taʼminlash, shuningdek, foydali qazilmalarni maydalash, saralash, boyitish hamda ruda va konsentratlarni boʻlaklashda sanoat xavfsizligi talablari bajarilishi, ishchilarning sogʻligʻi va hayotiga boʻlgan zarar hamda xavfning oldini olishga qaratilgan xavfsizlik talablarini belgilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Foydali qazilmalarni maydalash, saralash, boyitish hamda ruda va konsentratlarni boʻlaklashda ishlarning xavfsizligi qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

foydali qazilmalarni maydalash, saralash, boyitish hamda ruda va konsentratlarni boʻlaklashda ishlarning xavfsizligini belgilash;

foydali qazilmalarni boyitish fabrikalarida kompressor stansiyalari, yuk koʻtarish mashinalari va liftlarni, gaz xoʻjaligi, bosim ostida ishlaydigan idishlar va quvur yoʻllarni foydalanishga qabul qilish;

ishlab chiqarish mahsulotlarini sinab koʻrish.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni uch oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi togʻ-kon sanoati va geologiya vaziri B.F. Islamov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 7-noyabrdagi 705-son qaroriga ILOVA

Foydali qazilmalarni maydalash, saralash, boyitish hamda ruda va konsentratlarni boʻlaklashda ishlarning xavfsizligi

1-bob. Asosiy qoidalar

1. Ushbu Qoidalar Oʻzbekiston Respublikasining “ Xavfli ishlab chiqarish obyektlarining sanoat xavfsizligi toʻgʻrisida ”gi, “ Yer qaʼri toʻgʻrisida ”gi va “ Mehnatni muhofaza qilish toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq ishlab chiqilgan boʻlib, foydali qazilmalarni maydalash, saralash, boyitish, hamda ruda va konsentratlarni boʻlaklashda ishlarning xavfsizlik tartibini belgilaydi.

1-§. Atamalar va taʼriflar

2. Ushbu Qoidalarda quyidagi atamalar va taʼriflar qoʻllanadi:

aylanma suv taʼminoti — suvdan bir xil isteʼmolchilar doimiy foydalanishi shartlarida, suvni tozalash zarurligini koʻzda tutgan retsirkulyatsiyalashga ega boʻlgan sanoat suv taʼminoti tizimi;

boyitish — mineral xomashyodan foydali komponentlarini tarkib jihatidan dastlabki xomashyodagidan ortiq konsentratsiyalari bilan ajratish maqsadida uni qayta ishlash jarayonlari majmui;

boyitish mahsulotlari — foydali qazilmalarni boyitish jarayonida olinadigan mahsulotlar (konsentrat, oraliq mahsuloti, uning chiqindilari);

konsentrat — mineral xomashyoni boyitish mahsuloti boʻlib, unda qimmatli komponentlar dastlabki material (ruda)dagiga nisbatan yuqori boʻladi;

maydalash — boʻlaklangan, mineral xomashyoni tashqi mexanik kuchlar taʼsirida boʻshatish jarayoni boʻlib, maydalash agregatlarida amalga oshiriladi;

mineral xomashyoni boyitish jarayonida quritish — materiallarni, shu jumladan, boyitish mahsulotlarini suvsizlantirish jarayoni boʻlib, qizdirish paytida namni bugʻlantirishga asoslanadi;

oqova suvlar — odamlar tomonidan maishiy va ishlab chiqarish faoliyatida foydalanilgandan keyin chiqariladigan suvlar. Oqova suvlar keyinchalik foydalanishni hisobga olgan holda belgilangan meʼyorlarda tozalanishi shart;

tasniflash — xomashyoning donodorlik va yarim disperslik oʻlchami boʻyicha bir jinsli boʻlmagan zarralarini har xil yiriklik turlariga ajratish jarayoni boʻlib, gʻalvirlash, gidravlik (pnevmatik) tasniflash yordamida yoki markazdan qochma maydonda amalga oshiriladi;

flotatsiya — foydali qazilmalarni oʻziga xos sirt energiyalari farqi tufayli fazalararo, shu jumladan, suvli muhitdagi sirtda qolish qobiliyatining farqiga asoslangan foydali qazilmalarni boyitishning bir turi;

gʻalvirlash — materialni yiriklik turlariga ajratish jarayoni boʻlib, elaydigan yuzalari boʻlgan qurilmalar (gʻalvirlarda) amalga oshiriladi;

quyultirish — pulpani quyultirilgan mahsulotga va toʻkish orqali suyuq fazaga ajratish jarayoni boʻlib, qattiq zarralarni ogʻirlik kuchi va markazdan qochirma kuchlar taʼsirida pulpaga choʻktirish (oʻtkazish) natijasida sodir boʻladi;

chiqindilar — tarkibi asosan jins hosil qiluvchi minerallar va tarkibida foydali komponentlari miqdori ozgina boʻlgan boyitish jarayoni chiqitlari, ularni toʻliq ajratish uchun ayrim hollarda texnologik jihatidan qayta ishlash mumkin;

shlam toʻplagich (chiqindi ombori) — qayta ishlangan xomashyoning agʻdarma mahsulotlarini (boyitish chiqindilarini) gidravlik yotqizish, ularni choʻktirish, aylanma suv taʼminoti uchun foydalaniladigan texnik suvning chiqindi pulpalaridan ajratishga moʻljallangan gidravlik inshoot.

2-§. Umumiy talablar

3. Yerosti sharoitlarida va konlarda foydali qazilmalarni qayta ishlash mazkur qoidalar talablarini hisobga olgan holda va sohaga oid normativ hujjatlarda belgilangan tartibda oʻtkazilishi kerak.

4. Foydali qazilmalarni boyitish fabrikasi, zavodi, sexi va boshqa ishlab chiqarish obyektini (keyingi oʻrinlarda — fabrika) qurish, qayta taʼmirlash va foydalanishga topshirish ushbu qoidalar hamda qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan talablariga muvofiq amalga oshiriladi.

5. Yangi va qayta taʼmirlangan fabrikalar, shuningdek, ishlab turgan fabrikalardagi obyektlar qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq foydalanishga qabul qilinadi.

Xavfli ishlab chiqarish obyektlarini foydalanishga qabul qilib, ishga tushirish jarayonida xavfli ishlab chiqarish obyektining loyiha hujjatlariga muvofiqligi tekshiriladi, xavfli ishlab chiqarish obyektini ishga tushirayotgan korxonaning tayyorligi va xavfli ishlab chiqarish obyektida avariyalar oqibatining oldini olish va bartaraf etishga tayyorligi koʻrib chiqiladi.

6. Qurilishi tugallanmagan, mehnatni muhofaza qilish, xavfsizlik texnikasi, ishlab chiqarish sanitariyasi holati talab doirasida boʻlmagan va atrof-muhitga salbiy taʼsir koʻrsatadigan xavfli ishlab chiqarish obyektlarini foydalanishga topshirish taqiqlanadi.

7. Fabrikaning xavfli ishlab chiqarish obyektlarining har bitta maydoni (obyekt, boʻlinma) uchun yongʻin va portlash xavfi toifasi belgilangan boʻlishi va tegishli xavfsizlik choralari koʻrilgan boʻlishi shart.

8. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda fabrikalarda mehnatni muhofaza qilish va yoʻl harakati xavfsizligi xizmatlari tashkil etiladi.

Tashkilot rahbari fabrikadagi ishlayotgan xodimlar soni, ish sharoiti, kasbga oid xavf-xatar darajasi va boshqa omillarni hisobga olgan holda xizmat tuzilmasi va xizmatdagi xodimlar sonini belgilaydi.

Mehnatni muhofaza qilish va yoʻl harakati xavfsizligi xizmati fabrikaning texnik rahbariga toʻgʻridan-toʻgʻri boʻysunadi.

9. Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 27-apreldagi 246-son qarori bilan tasdiqlangan Mehnatni muhofaza qilish sohasida qayta tayyorlash va malaka oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq mehnatni muhofaza qilish xizmatlari rahbarlari va mutaxassislari mehnatni muhofaza qilish sohasida 72 akademik soatdan kam boʻlmagan malaka oshirish kurslarini oʻtishlari kerak.

10. Har bir fabrikadagi mexanizm, jihoz, aloqa yoʻllari, bino va inshootlarning xavfsiz holati va ularni toʻgʻri foydalanishga topshirish yuzasidan tizimli nazorat oʻrnatilgan boʻlishi kerak. Xavfi yuqori boʻlgan barcha ishlar naryad-ruxsatnomalar boʻyicha bajarilishi lozim.

11. Fabrika rahbari (uning oʻrinbosari) nazoratni amalga oshirish tartibini belgilaydi va xavfi yuqori boʻlgan ishlar roʻyxatini tasdiqlaydi.

Fabrika rahbariyati barcha uchastkalarda (sexlar, boʻlimlarda) mehnatni muhofaza qilish va xavfsizlik texnikasi holati boʻyicha rahbarlar va mutaxassislarning huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlaydi.

12. Foydalanishga qabul qilinayotgan barcha obyektlar uskuna va mexanizmlarga xizmat koʻrsatish xavfsizligi boʻyicha yoʻriqnomalar, texnologik jarayonni yuritish xavfsizligi boʻyicha texnologik xaritalar (yoʻriqnomalar), shuningdek, tegishli malakaga ega va ishlarni bajarish xavfsizligi boʻyicha oʻqitilgan ishchi-xizmatchilar bilan taʼminlangan boʻlishi kerak.

13. Fabrikaga ishga kirayotgan (ishga qabul qilinayotgan) va bir ishdan boshqa ishga oʻtkazilayotgan barcha xodimlar, xizmatchilar va muhandis-texnik xodimlar (keyingi oʻrinlarda — MTX) dastlabki va davriy ravishda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tibbiy tekshiruvdan oʻtishlari kerak.

Tasdiqlangan roʻyxatga binoan xodimlarning alohida toifalari ish sharoitining taʼsir qilishini koʻrib chiqish boʻyicha sogʻliqni saqlash organlari belgilagan tartibda davriy tibbiy koʻrikdan oʻtadilar.

14. Fabrikaning barcha ishchi-xodimlari, shuningdek, rahbarlari ishga qabul qilinayotganda mehnat xavfsizligi boʻyicha oʻqitilishi, yoʻl-yoʻriqdan oʻtishi va bilimlari tekshirilishi kerak, shuningdek, belgilangan tartibda mutaxassisliklari va ish turlari boʻyicha davlat nazorati organlari tomonidan oʻrnatilgan muddatlarda qayta tekshirilishi lozim.

Qambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining Davlat mehnat inspeksiyasining hududiy organlari va tegishli kasaba uyushmasi bilan kelishgan holda fabrikalarda ishchilarning lavozim va mehnat muhofazasi yuzasidan bilimlari tekshiriladigan roʻyxati boʻyicha nizom ishlab chiqilishi va korxona rahbari tomonidan tasdiqlanishi lozim.

15. Xodimlarni xavfsiz ishlash uslublari boʻyicha oʻqitishni toʻgʻri tashkil etish va uni umumiy boshqarish javobgarligi fabrikalar rahbarlari va boshqaruv organlariga yuklatiladi. Boʻlimlarda (sexlarda) xodimlar va ustalarni xavfsiz ishlash uslublari bilan oʻqitish ushbu boʻlinmalarning rahbarlariga yuklatiladi.

Xodimlarni xavfsiz ishlash uslublari bilan oʻz vaqtida va sifatli oʻqitishni nazorat qilish mehnatni muhofaza qilish xizmatiga yuklatiladi.

16. Ishga kirayotgan yoki bir ishdan boshqa ishga oʻtkazilgan xodimlarning mustaqil ishlashiga, ular mehnatni muhofaza qilish boʻyicha yoʻl-yoʻriqdan oʻtkazilib, zarur malakaviy tajribaga ega boʻlganlaridan va bilimlari tekshirilgandan soʻng ruxsat beriladi.

Oʻta xavfli ishlarga hamda bugʻ va suv isitish qozonlariga, koʻtarish inshootlariga, bosim ostida ishlaydigan idishlarga, elektr qurilmalariga, maxsus mexanizm va mashinalarga xizmat koʻrsatishga ushbu yoʻnalishlar boʻyicha maxsus oʻqitilib, tegishli hujjatga ega boʻlgan xodimlar qabul qilinadi.

17. Oliy, oʻrta maxsus va professional taʼlim tashkilotlarining togʻ-kon texnika yoʻnalishi talabalari birinchi ishlab chiqarish amaliyotini oʻtashdan oldin ikki kun oʻqitilishlari va xavfsizlik texnikasi boʻyicha fabrika boʻlimlarining imtihon komissiyasiga imtihon topshirishlari kerak. Keyingi amaliyotni oʻtashlaridan oldin ular yoʻl-yoʻriq olishlari va xavfsizlik texnikasi boʻyicha fabrika boʻlimlarining imtihon komissiyasi tomonidan ularning bilimlari tekshirilishi kerak.

18. Mehnatni muhofaza qilish boʻyicha yoʻl-yoʻriqlar dastlabki, davriy va navbatdan tashqari turlariga boʻlinadi.

Har bir xodim yoʻl-yoʻriqdan oʻtkazilishida ular, xavfsiz uslub va usullar bilan toʻgʻri ish bajarishiga oʻqitiladi, jihozlar, mexanizmlar, moslamalarning tavsiflari va konstruktiv oʻziga xos xususiyatlari, roʻy berishi mumkin boʻlgan xavflarning oldini olishga hamda xavfsiz uslub va usullar bilan ish joyini tayyorlashga oʻqitiladi.

Boʻlimaning masʼul ustasiga oʻziga bevosita biriktirilgan xodimlarni ish joyida yoʻl-yoʻriqdan oʻtkazish bevosita yuklatiladi. Baʼzi hollarda yoʻriqnoma mazkur kerakli yoʻnalishdagi mutaxassis ishtirokida oʻtkaziladi (mexanik, energetik, texnolog xodimlar, konstruktor-navbatchilar va boshqalar).

Elektr-energiyasi xavfsizligi boʻyicha elektrotexnik xodimlarga yoʻriqnoma va malaka guruhi bosh energetik xizmati xodimlari tomonidan beriladi.

Ish joyidagi yoʻriqnoma bevosita sex boshligʻi tomonidan korxona bosh muhandisi tasdiqlagan amaldagi qoidalar va mehnat xavfsizligi yoʻriqnomalariga asoslanib ishlab chiqilgan dasturga binoan oʻtkaziladi.

19. Xodimlarga ish joyida amaliyot oʻtab, tajriba orttirganidan soʻng birlamchi yoʻriqnoma bevosita mustaqil ish boshlashidan oldin oʻtkazilishi shart, boshqa ishga yoki uchastkaga oʻtkazilganda ish xususiyatlari oʻqitiladi (ishlab chiqarish mehnat sharoitlari oʻzgarganda).

Tashkilotga ishga kirayotgan xodimlar uchun amaliyot tajribali malakali xodimlar tomonidan oʻtkazilishi kerak. Xodimlarni amaliyot oʻtashga biriktirish sex boshligʻining yozma farmoyishi bilan oʻqitish davri va masʼul shaxsning (usta) doimiy nazorat olib borilishi koʻrsatilib rasmiylashtiriladi.

20. Har bir ishchi ishni boshlashdan oldin saqlovchi qurilmalar, ish uchun zarur boʻlgan asboblar, mexanizm va moslamalarning borligi va sozligini tekshirishi kerak. Agar ishchi oʻzi bartaraf eta olmaydigan nuqsonlarni aniqlasa, u ishga kirishmasdan bu haqda oʻzining bevosita rahbariga xabar berishi kerak.

Xodimlar kasbi boʻyicha mehnat staji va malakasidan qatʼi nazar, 6 oyda kamida bir marta mehnatni muhofaza qilish boʻyicha davriy yoʻl-yoʻriqdan oʻtishlari shart.

21. Barcha xodimlar, rahbarlar va mutaxassislar baxtsiz hodisalardan jabr koʻrganlarga shifokor qabuligacha, shu jumladan, kasbiy zaharlanishlarda va elektr toki orqali shikastlanishlarda yordam koʻrsatish boʻyicha malakaga ega boʻlishlari kerak.

Zararli va toksinli moddalar mavjud sex va boʻlinmalarda ishlaydigan xodimlar zaharli moddalardan foydalanish qoidalari boʻyicha oʻqitish kurslariga borishlari va imtihon topshirishlari kerak.

22. Barcha xodimlarning mustaqil ish boshlashidan oldin yoki bir ishdan boshqa ishga oʻtkazilganda, yoʻriqnoma va amaliyotdan oʻtgandan soʻng mehnatni muhofaza qilish qoidalari va yoʻriqnomalar boʻyicha bilimlari tekshirilishi shart.

Har yili jadvalga asosan, xodimlarning bilimlari davriy tekshirilishi kerak.

Rahbarlar va mutaxassislarning mehnatni muhofaza qilish boʻyicha bilimlari boshqaruv organining doimiy faoliyat koʻrsatuvchi imtihon komissiyasi tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tekshiriladi.

Rahbarlar va mutaxassislar lavozimga tayinlangandan keyin bir oy oʻtmasdan mehnatni muhofaza qilish va sanoat xavfsizligi sohasidagi malaka oshirish kurslarini oʻqishlari hamda birlamchi bilimlari imtihon komissiyalarida tekshirilishi kerak.

23. Ishlab chiqarishning murakkabligi va texnologik jarayonning xavfliligi, fabrikada ishlayotgan xodimlarning soni va kasbga doir xavf-xatar darajasidan kelib chiqib, rahbarlar va mutaxassislarning mehnatni muhofaza qilish sohasida va ushbu Qoidalarni bilishlari boʻyicha bilimlari uch yilda kamida bir marta tekshiriladi.

Bilimlarni tekshirish natijalari boʻyicha dalolatnoma rasmiylashtiriladi hamda imtihon komissiyasi raisi va aʼzolari tomonidan imzo qoʻyilib tasdiqlanadi.

Bilimlarni tekshirish bayonnomalari olti yildan kam boʻlmagan muddatda mehnatni muhofaza qilish xizmatida yoki kadrlar boʻlimida saqlanadi.

24. Mehnatni muhofaza qilish va sanoat xavfsizligi boʻyicha oʻzgartirish kiritilgan yoki yangi qabul qilingan normativ hujjatlar amalga kiritilsa, yangi texnologik jarayonlar ishga tushirilsa, xodimlar mehnatni muhofaza qilish va sanoat xavfsizligi boʻyicha qoʻshimcha bilimlar talab etiladigan boshqa lavozimga tayinlansa, shuningdek, baxtsiz hodisa, avariya, portlash, yongʻin yoki zaharlanishga yoʻl qoʻyilsa, ish stajida bir yildan koʻp uzilishlar boʻlsa yoki nazorat qiluvchi organlarning talablari boʻyicha rahbar va mutaxassis xodimlar navbatdan tashqari mehnatni muhofaza qilish va sanoat xavfsizligi talablari boʻyicha bilimlari imtihon komissiyasi tomonidan qayta tekshirilishi kerak.

25. Fabrika rahbari xodimlarni oʻz vaqtida maxsus kiyim va poyabzal, alohida himoya vositalari, gigiyenik va boshqa vositalar bilan oʻrnatilgan meʼyorlar boʻyicha taʼminlashi kerak.

Fabrikada gaz niqoblari, respiratorlar, shuningdek, boshqa alohida himoya vositalaridan foydalanish vaqtini hisobga olib tashkil qilingan boʻlishi va ularni davriy tekshirish, keyingi foydalanish uchun yaroqsiz vositalarni isteʼmoldan chiqarish, oʻrnatilgan resursning ishlatilgan qismi almashtirilishi kerak.

Xodimlarning individual himoya vositalarini sotib olish, saqlash, yuvish, tozalash, tuzatish, dizenfeksiya va zararsizlantirish ish beruvchining hisobidan amalga oshiriladi.

26. Mehnatni muhofaza qilish talablariga muvofiq mehnat sharoitlari, binolar, inshootlar, jihozlarni ishlatishda xodimlarning xavfsizligi, texnologik jarayonlarni amalga oshirishda, ishlab chiqarishda xomashyo va materiallarni qoʻllaganda, ishni bajarishda va xizmat koʻrsatishda, ish joylarida mehnat sharoitlarini nazorat qilishda, ayniqsa zararli va xavfli ishlab chiqarishda taʼsir etuvchi omillardan har bir ish joyi himoyalanishi kerak.

Ish joylarining holatini ishlab chiqarish nazoratchilarining tekshirish davriyligini fabrika rahbari belgilaydi (smenada kamida bir marta).

27. Mehnat qilish xavfsizligi talablariga javob bermaydigan va hayoti yoki sogʻligʻiga xavf tugʻdiradigan ish joylarida xodimlarning ishlashi taqiqlanadi. Ushbu ish joylarida ishlarni faqat xodimlarning hayoti va sogʻligiga xavf tugʻdiruvchi zararlar bartaraf etilganidan soʻng yoki qoʻshimcha xavfsizlik choralari koʻrilganda bajarish mumkin.

28. Xodimlarga mehnat sharoitlari boʻyicha belgilangan kafolatlar va imtiyozlar tegishli ish joylari boʻyicha mehnat sharoitlari va asbob-uskunalarning jarohatlash xavfliligi boʻyicha oʻtkazilgan attestatsiya natijalari asosida belgilanadi. Bunda fabrikaning ish joylari mehnat sharoitlari boʻyicha attestatsiyadan kamida besh yilda bir marta oʻtkazilishi kerak.

Qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda xodimlarga ish joyida ishlash muhiti boʻyicha koʻzda tutilgan imtiyozlar va kompensatsiyalar, nafaqani imtiyozli shartlarda beradigan ishlab chiqarish, tashkilot, ishlar, mutaxassisliklar, lavozimlar va koʻrsatmalar roʻyxatlarida belgilangan nogironlar ishlagan hamda xavfli ishlab chiqarish obyektlarida ish joylari mehnat sharoitlari boʻyicha attestatsiyasi kamida besh yilda bir marta oʻtkazilishi kerak.

29. Mexanizmlarga elektr-energiyasi xavfsizligi boʻyicha oʻqitilgan va kamida elektr-energiyasi xavfsizligi boʻyicha II-malaka guruhiga ega xodimlar (shaxslar) tomonidan xizmat koʻrsatiladi va ular taʼmirlanadi.

30. Har bir xodim ish boshlanishi oldidan ish uchun zarur boʻlgan saqlash qurilmalari, asboblar, mexanizm va moslamalarning mavjudligi va sozligini tekshirishi lozim. Oʻzi tomonidan bartaraf etib boʻlmaydigan kamchiliklar aniqlangan taqdirda, xodim ishga kirishmasdan ular haqida oʻzining bevosita rahbariga xabar berishi shart.

31. Ishchilarning bir yoʻla bir necha kasbda ishlashiga, agar ular tegishli malakaga ega va ishlamoqchi boʻlgan barcha kasblar boʻyicha yoʻl-yoʻriq olgan boʻlsagina ruxsat etiladi.

32. Fabrikadagi ishlarning texnik rahbarligiga tegishli ixtisoslik boʻyicha oliy va professional taʼlim tashkilotlarini tugatgan shaxslar qoʻyiladi.

Chiqindi xoʻjaligi obyektlari ustidan, qoidaga koʻra, gidrotexnik ixtisosligi boʻyicha oliy va texnik professional kasbiy taʼlim tashkilotlarida maxsus tayyorgarlikdan oʻtgan shaxslar tomonidan texnik rahbarlik qilinadi.

33. Barcha ish joylari va ularga borish yoʻllari toza saqlanishi kerak.

Materiallar, ehtiyot qismlar, jihozlar, ishlab chiqarish chiqindilarini saqlash uchun maxsus joylar tashkil qilingan boʻlishi kerak. Ish joylari va ularga borish yoʻllarini band qilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Xodimlarga naryad — topshiriq beriladigan xonalarda, ish joylarida ishga vazifalar beriladigan, agregatlarning yonida va odamlar harakatlanadigan yoʻlaklarda mehnatni muhofaza qilish va xavfsizlik texnikasi boʻyicha plakatlar, yoʻriqnomalar va belgilar osilgan boʻlishi kerak.

34. Bevosita ish joyida chekish va ovqatlanish, shuningdek, texnik yoki ishlab chiqarish suv quvurlaridan suv ichish taqiqlanadi.

Chekish va ovqatlanish uchun maxsus binolar (joylar) jihozlangan boʻlishi kerak. Ichimlik suvi taʼminoti bochkalarda, favvorali joʻmraklarda yoki maxsus flyagalarda fabrika rahbariyati tomonidan taʼminlanishi kerak. Issiq sexlarda ishlaydiganlar gazlangan salqin ichimlik suvi bilan taʼminlanishi lozim.

35. Barcha xizmat koʻrsatish maydonchalari, oʻtish koʻprikchalari va zinalar mustahkam, pishiq boʻlishi hamda ostidan 0,14 metr balandlikda yaxlit qoplama oʻrnatilgan kamida 1 metr balandlikdagi toʻsiqlar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

36. Ish maydonlari va mexanizmlarning zinalari quyidagicha qiyalik burchagiga ega boʻlishlari kerak:

doimiy ekspluatatsiya qilinadiganlari koʻpi bilan 45°;

zumpflar va quduqlardagilari 90°;

smenada 1-2-marta oʻtiladiganlari koʻpi bilan 60°gacha.

Zinaning kengligi kamida 0,6 metr, pogʻonalar balandligi koʻpi bilan 0,3 metr, pogʻonalar kengligi kamida 0,25 metr boʻlishi kerak. Zumpflar va quduqlarga tutqichlar (skobalar) oʻrnatishga yoʻl qoʻyiladi.

37. Binoda va fabrika hududida joylashgan barcha montaj teshiklari, yonbosh chuqurlar, zumpflar, quduqlar, ariq va boshqalar balandligi 1 metr, pasti boʻylab 0,14 metr balandlikda yaxlit qoplamasi boʻlgan toʻsiqlar bilan oʻralgan yoki butun yuza boʻylab toʻshamalar (panjaralar) bilan toʻsilgan, kerakli joylarda esa balandligi kamida 1 metr boʻlgan oʻtish koʻprikchalari bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

38. Quvurlar, novlar va boshqa kommunikatsiyalar ish maydonlarini band qilmasligi kerak, ular yoʻlaklar va ish maydonchalarini kesib oʻtadigan boʻlsa, pol sathidan 2 metr balandlikda joylashtirilishi kerak.

Reagent oʻtkazgichlar, oʻtish yoʻllari va ish maydonchalari tagliklar bilan jihozlangan boʻlishi, yoʻlak (ish maydonchasi) sathidan taglikning chiqib turadigan qismigacha balandligi kamida 1,8 metr boʻlishi kerak.

39. Masofali boshqarishga ega boʻlmagan bekitish armaturasiga va pol sathidan 1,5 metr dan balandroqda joylashgan nazorat-oʻlchov asboblaridan foydalanishga xizmat koʻrsatish uchun eni kamida 0,8 metr va suyanchigʻining balandligi kamida 1 metr boʻlgan toʻsiqlar bilan chegaralangan koʻchmas maydonlar qurilgan boʻlishi kerak.

40. Mashinalar va apparatlarning oraligʻidagi va devordan jihozlar gabaritlarigacha boʻlgan minimal masofa qoʻyidagicha boʻlishi kerak:

asosiy yoʻlaklarda kamida 1,5 metr;

devor va mashinalar orasidagi ish yoʻlaklarida kamida 0,7 metr;

mashinalar orasidagi ish yoʻlaklari yonida kamida 1 metr;

mashinalar hamda devor (qurilish konstruksiyasi) va mashinalar orasidagi normal ish yoʻlaklariga rioya qilgan holda toraygan joylar kamida 0,7 metr;

xizmat koʻrsatish va taʼmirlash uchun baklarga, chanlarga, rezervuarlarga borish yulaklari kamida 0,6 metr.

Eng kam miqdor masofa deganda mashinalar, poydevorlar chiqish qismlarining, bino toʻsiqlari va devorlarining oraligʻidagi ularga mahkamlangan quvur yoʻllari, apparaturalar va shu kabilarni hisobga olgan holda yorugʻlikdagi oʻlchovlar tushuniladi.

41. Jihozni taʼmirlash vaqtida yirik almashinadigan mexanizm qismlarini va detallarni transportlash uchun moʻljallangan yoʻlaklarning minimal kengligi tomonlariga 0,6 metr qoʻshish bilan tugunlar va detallarning eng koʻndalang tushgan oʻlchovlari orqali aniqlanadi.

42. Har bir baxtsiz hodisa toʻgʻrisida jabrlanuvchi yoki ushbu hodisaning guvohi boʻlgan shaxs zudlik bilan boʻlim, fabrika rahbariga xabar berishi kerak.

Ishlab chiqarishdagi baxtsiz hodisalar va mehnatga oid xodimlarning ish majburiyatlarini bajarishidagi sogʻliqlarining turli shikastlanishlari, shuningdek, kasb kasalliklari hamda fuqarolik-huquqiy shartnomalar munosabatida ish bajarayotgan shaxslar bilan ishlab chiqarishdagi baxtsiz hodisalar va mehnatga oid turli shikastlanishlari, kasb kasalliklari qonunchilikda belgilangan tartibda tekshiriladi, roʻyxatga va hisobga olinadi.

Xavfli ishlab chiqarish obyektlarida yuz bergan avariyalarning texnik sabablari qonunchilikda belgilangan tartibda tekshiriladi.

43. Moʻrilar (tuynik) sohaga oid normativ hujjatlarda oʻrnatilgan tartibda foydalanishga qabul qilinadi.

44. Pudratchi tashkilotlar korxonadagi ishlarni ushbu Qoidalar talablariga qatʼiy amal qilgan holda bajarishi kerak.

Yozma buyruq-ruxsatnomaga koʻra berilgan sex, korxona maydonida ushbu Qoidalarni bajarish uchun javobgarlik shu maydonda ishlar bajarayotgan boshqa tashkilot rahbariga yuklatiladi.

3-§. Jihozlardan foydalanish

45. Fabrikalarda kompressor stansiyalari, yuk koʻtarish mashinalari va liftlar, gaz xoʻjaligi, bosim ostida ishlaydigan idishlar va quvur yoʻllari sohaga oid normativ hujjatlarda belgilangan tartibda foydalanishga qabul qilinishi shart.

46. Mashinalar va mexanizmlarning barcha harakatlanadigan va aylanadigan qismlari, yuritma va uzatmaning xuddi shunday elementlari, ularga yaqin borishga imkon bermaydigan, ishonchli mahkamlangan toʻsiqlarga ega boʻlishi kerak.

47. Aylanadigan qismlari (vallar, muftalar, barabanlar va boshqalar) yaxlit yoki kataklarining oʻlchamlari koʻpi bilan 25x25 millimetr boʻlgan toʻrsimon toʻsiqlarga ega boʻlishi shart.

Konveyerlar barabanlari toʻrsimon toʻsigʻi kataklarining oʻlchamlari koʻpi bilan 40x40 millimetr boʻlishiga yoʻl qoʻyiladi. Joylashgan balandligi va harakatlanish tezligidan qatʼi nazar, tishli va zanjirli uzatmalar yaxlit toʻsiqlarga ega boʻlishi kerak.

48. Mashinalarni ishga tushirishda xizmat koʻrsatuvchi xodimning xavfsizligini toʻliq taʼminlash lozim. Jihozlarni ishga tushirishdan oldin ogohlantiruvchi yorugʻlik yoki tovushli signal berilishi shart.

Koʻrinish hududida tashqarida turgan jihozlarni ishga tushirishdan oldin ishga tushiriladigan barcha mexanizmlarning yonida eshitilishi farq qiladigan, davomiylik vaqti kamida 10 soniya boʻlgan ogohlantiruvchi signal berilishi shart.

Birinchi signal berilgandan keyin kamida 30 soniya tanaffus koʻzda tutilishi shart, shundan keyin jihozlarni ishga tushirishdan oldin davomiyligi 30 soniya boʻlgan ogohlantiruvchi signal berilishi shart. Mexanizmlar va jihozlarni ishga tushirish ishga tushirishdan oldingi signalizatsiyani taʼminlovchi qurilmalar bilan birlashtirilgan boʻlishi shart.

Shu bilan birga, jihozlarning ishga tushirilishi radiokarnayli aloqa orqali ishga tushirilayotgan jihozning nomi va texnologik raqami aytilishi bilan bildiriladi. Shovqin darajasi yuqori boʻlgan joylarda takrorlanuvchi yorugʻlik signalizatsiyasi koʻzda tutilishi shart. Jihozni ishga tushirishdan oldin beriladigan signal tartibi bilan xizmat koʻrsatish va uni foydalanishga qabul qilishga aloqador korxona xodimlarining hammasi tanishtirilishi shart. Beriladigan signallarning shartli belgilanishlari ish joylariga osib qoʻyiladi.

49. Fabrika rahbari tomonidan tayinlangan komissiya jihozni foydalanishga qabul qilishi shart.

Jihoz toʻxtatib qoʻyish va montaj yoki taʼmirdan keyin ishga tushirish yorliq tizimi qoidalariga rioya qilgan holda va faqat texnika nazorati xodimi yoki taʼmirlash-montaj ishlarini oʻtkazgan brigadir ishtirokida, xavfli hududda odamlar yoʻqligi tekshirilgandan keyin ishga tushirilishi kerak.

50. Ishlayotganda jihozning harakatlanuvchi qismlari va toʻsiqlarini taʼmirlash, ularga xizmat koʻrsatish, mexanizmlarni moylash yoki qoʻl bilan yigʻishtirish taqiqlanadi.

51. Elektr energiyasining berilishi, uzatilishi toʻxtaganda yoki biror sabab bilan toʻxtatilganda jihoz yuritmasining oʻz-oʻzidan ishlab ketishiga yoʻl qoʻyib boʻlmaydigan barcha elektr motorlari ulanishini cheklaydigan (avtomat tarzda oʻchuvchi) qurilmaga ega boʻlishi kerak.

52. Fabrikada smenani qabul qilish va topshirish, agregatlarni koʻzdan kechirish tartibi ishlab chiqilgan va rahbar (bosh muhandis — rahbar oʻrinbosari) tomonidan tasdiqlangan, ularni bajarishning belgilangan tartibiga rioya etilishini uchastka (sex, boʻlinma va fabrika) nazorati tomonidan tekshirish davriyligi belgilangan boʻlishi shart.

53. Jihoz pasportlari, texnologik kartalari va foydalanish qoidalarida yoki maxsus yoʻriqnomalarda belgilangan texnik idora usullariga rioya etilgan holda foydalanishga qabul qilinishi zarur.

54. Jihoz, asbob va moslamalarni koʻzdan kechirish, sinash hamda davriy tekshirish amaldagi yoʻriqnomalar va foydalanish qoidalariga tegishli ravishda oʻtkazilishi shart. Nosoz jihozda ishlash, nosoz moslamalar va asboblardan foydalanish taqiqlanadi.

4-§. Yongʻin xavfsizligi

55. Ishlab chiqarish bino (xona)lari va yongʻinga qarshi inventarlar sohaga oid normativ hujjatlarda belgilangan tartibda saqlanishi hamda ulardan foydalanilishi shart.

5-§. Ishlab chiqarish mahsulotlarini joylashtirish va sinab koʻrish

56. Ishlab chiqarish mahsulotlari, qoidaga koʻra, avtomatik idora usulida yoki masofadan boshqariladigan mexanik namuna olgichlar bilan sinab koʻrilishi shart.

Qoʻlda sinab koʻrish faqat texnolgik sxemada belgilangan, fabrika rahbari (uning oʻrinbosari) tomonidan belgilangan nuqtalarda amalga oshirilishi mumkin. Namuna (proba)larni olish uchun qulay va xavfsiz, mahalliy yoritish va toʻsiqqa ega boʻlgan joy (maydoncha)lar jihozlangan boʻlishi shart. Tasodifiy, jihozlanmagan nuqtalardan namunalar olish taqiqlanadi.

57. Qadoqlash-joylash avtomatlari va qadoqlash liniyasi mashinistining ish joyi hududida tayyor mahsulotlarni paketlar, qutilar va xaltalarga shu ish joyi uchun ishlab chiqilgan va belgilangan tartibda tasdiqlangan pasportga muvofiq joylashtirilishi zarur.

58. Qadoqlash mashinalarining xonasi tayyor mahsulot omboridan konveyer lentalari oʻtadigan teshiklar boʻlgan devor bilan himoyalangan boʻlishi shart. Teshiklar konveyerda mahsulot oʻtishiga toʻsiqlik qilmaydigan, maxsus etaklar yoki pardalar koʻrinishidagi shibbalagichlar bilan yopilgan boʻlishi kerak.

59. Qadoqlash mashinasi mashinstining ish joyiga tayyor mahsulot joylanadigan qogʻoz, qop, qutilar va shu kabilar mexanizatsiyalashtirilgan usulda yetkazib berilishi shart.

Tayyor mahsulotlar solingan xaltalarni yoʻnaltirish uchun press-konveyerlar oldiga maxsus yoʻnaltirgich oʻrnatish lozim.

60. Xonalarda joylashtirilgan shnekli yuk tushirgichlarga xizmat koʻrsatuvchi xodimlarning erkin oʻtishi uchun yuk tushiradigan teshiklari bekitiladigan koʻchma qurilmalar bilan jihozlangan boʻlishi shart.

Shnekli yuk tushirgichlar aravacha yurish yoʻlini chegaralovchi qurilmaga ega boʻlishi shart.

2-bob. Materiallarni maydalash va yanchish

1-§. Rudani yetkazib berish, qabul qiluvchi va oraliq bunkerlar

61. Rudani qabul qilish binosi (boʻlinmasi) oldiga tarkiblarning yuk ortilgan vagonlarining (poyezdlar, agʻdarma mashinalar, skiplar, arqon yoʻllar va boshqalar) bunkerlar maydonchasiga kirishlariga ruxsat beruvchi yoki kirishlarini taqiqlovchi yoʻlchiroq (svetofor) oʻrnatilgan boʻlishi kerak. Ayrim holatlarda yuklar bunker oldiga oʻrnatilgan va koʻtarma gʻov bilan toʻsilgan yoʻlchiroqlar(svetofor)ning ruxsat berish signallarida tushirilishi mumkin.

Yuklarni qabul qilish va tushirish moslamalari hamda bunkerlarning ishchi maydonchalari xizmat koʻrsatuvchi xodimlarni temiryoʻl tarkiblarining kelgani toʻgʻrisida xabardor qiluvchi tovushli va yorugʻlik signalizatsiyalari bilan jihozlangan boʻlishi kerak. Signallar tarkiblarning kelishi va skipli koʻtargichlar hamda arqon yoʻllarning ishga tushishidan 1,5 — 2 daqiqa oldin beriladi.

62. Qabul qilish moslamalarining ishchi maydonchalarida, temiryoʻl relslarining kallaklari sathida harakatdagi tarkiblarga xizmat koʻrsatish uchun oʻtish joylari koʻzda tutilgan boʻlishi kerak. Ushbu maqsadlarda relslar orasiga va kallaklarining sathida bir tekisda toʻshamalar oʻrnatilgan boʻlishi kerak.

63. Temiryoʻl izlarining gabaritlari har doim rudalarning toʻkilmalari va begona narsalardan toza boʻlishi kerak.

64. Bunkerlarning qabul qilish voronkalarida taʼmirlash ishlari amalga oshirilayotganda, qabul qilish qurilmalariga olib boradigan yoʻllar koʻtarma gʻovlar bilan toʻsilgan yoki transport xodimlarini ogohlantirish uchun boshqa usullar bilan yopilgan boʻlishi kerak. Poyezdlarning tarkiblari qabul qilish qurilmalari hududidan chiqarilgan boʻlishi lozim. Ikki va undan ortiq qabul qilish qurilmalari boʻlganda, ularning bittasida taʼmirlash ishlarini taʼminlash uchun mahalliy sharoitlarga bogʻliq holda korxona rahbari (rahbar oʻrinbosari — bosh muhandis) tomonidan tasdiqlangan xavfsizlikning maxsus choralari ishlab chiqilgan boʻlishi kerak.

65. Bunkerning qabul qilish joyi va taʼminlagich hamda yirik maydalaydigan maydalagichning maydonchalari oʻrtasida aloqa oʻrnatilgan boʻlishi kerak (telefon, radiokarnay, yorugʻlik va shu kabilar).

66. Qabul qilish moslamalarining yuklash teshiklarining yon tomonlari va yuklarni tushirish tomonining qarama-qarshi tomonidan mustahkam panjaralar bilan toʻsilgan boʻlishi kerak. Tushirish ikki tomonlama boʻlganda, toʻsiqlar yon tomonlardan oʻrnatiladi.

67. Bunkerlarning qabul qilish maydonchalari va mahsulotlarni yuklab berish maydonchalari chang hosil boʻladigan holatlarda samarali chang toʻsish (chang tutqich) vositalari bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

68. Qabul qiluvchi bunkerlarning yuklarni tushirish tuynuklari ochiq boʻlganda, bunkerlardan yuklarni tushirishda esa — yuklarni tushirish hududida xizmat koʻrsatuvchi xodimlarning boʻlishi taqiqlanadi.

69. Bunkerlardagi toʻplanib qolgan narsalar, osilib qolgan rudalarni bartaraf etish va ularni kovlashni faqat maxsus moslamalar hamda vositalar (elektr titratkichlar, pnevmatik moslamalar, suv bilan yuvish va boshqalar) yordamida amalga oshirishga ruxsat beriladi. Ushbu maqsadlar uchun bunkerga odamlarni tushirish taqiqlanadi.

70. Oraliq bunkerlar, agar ular oʻz yuklarini oʻzlari tushiradigan aravachalardan toʻldirilayotgan boʻlmasa, toʻshamalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak. Oʻz yuklarini oʻzlari tushiradigan aravachalar yoki reversivli konveyerlar qoʻllanganda, yuklash teshiklari teshigining eni 200x200 millimetrdan katta boʻlmagan panjaralar bilan yopib qoʻyilishi yoki ular balandligi 1 metrdan kam boʻlmagan toʻsiqqa ega boʻlishlari kerak. Xuddi shunday toʻsiqlar yoki panjaralar konveyer transportlarini qayta yuklash joylaridagi bunkerlarga ham oʻrnatilishi kerak.

71. Bunkerlarning qabul qilish voronkalariga, ularni koʻzdan kechirish yoki taʼmirlash ishlarini oʻtkazish uchun odamlarning tushishi bilan bogʻliq boʻlgan ishlarning xavfsizligini taʼminlash maqsadida yozma koʻrsatma-ruxsatnoma va ishlarni tashkillashtirishning loyihasi tuziladi, shuningdek, albatta quyidagi talablar bajariladi:

bunker, uning konstruksiyalari, bunkerusti maydonchalari va shu uchastkadagi temiryoʻl izlari materiallardan toʻliq tozalangan hamda shamollatilgan boʻlishi kerak. Bunda bunkerdagi havo albatta nazorat qilinishi kerak;

bunkerda ishlar bajarilayotganda undagi brigada uch kishidan kam boʻlmasligi va ularning ikkitasi bunkerning ust qismida turishi kerak;

bunkerlarda ishlayotgan odamlarga xavf paydo boʻlganda, ularni zudlik bilan taʼmirlash ishlari oʻtkazilayotgan hududdan olib chiqib ketish kerak;

bunker ichini yoritish uchun kuchlanishi 12 volt (tok kuchidan)dan yuqori boʻlmagan koʻchma lampalardan fodalanish kerak;

ishlar bajarilayotgan bunkerga narsalarning tushib ketishining oldini olish imkoniyati boʻlmaganda, bunkerda ishlayotgan odamlarning jarohatlanishlariga yoʻl qoʻymaydigan ishonchli toʻsiqlar qoʻyilishi kerak;

oraliq bunkerlarning qabul qilish va transport moslamalari ishchi maydonchalari hamda bunker tambalari mexanizmlari oldida bunkerlar ichida ishlar bajarilayotganini koʻrsatuvchi ogohlantiruvchi belgilar oʻrnatilgan boʻlishi kerak;

taʼmirlash ishlarini bajarayotgan xodimlar saqlovchi kamarlarni taqishlari va mustahkam tayanchga bogʻlanishlari kerak. Ishlar bajarilayotgan vaqtda tros yoki arqonni bunkerning ustki qismida turgan yordamchi(dublyor) ushlab turishi kerak. Saqlovchi kamarlar va xavfsizlikni taʼminlovchi arqonlar ulardan foydalanish jarayonida 6 oyda kamida bir marta 5 daqiqa davomida 2250 kN statik yuklamada sinovdan oʻtkazilishi hamda oxirgi marta sinovdan oʻtkazilgan sana tamgʻasiga ega boʻlishi kerak;

texnik nazorat xodimlarining doimiy nazorati boʻlishi va xodimlarga, albatta, bunkerlardagi ishlarni xavfsiz oʻtkazish boʻyicha korxona tomonidan ishlab chiqilgan yoʻriqnomalar koʻrsatmalari berilishi zarur;

tros yoki saqlovchi kamarning arqonini temiryoʻllarning relslariga, mokisimon konveyerlar va yuk tushirish aravachalarining ramalariga, shuningdek, boshqa jihozlarga bogʻlash taqiqlanadi;

xodimlarni bunkerga tushirishdan oldin yuklarni ortish va tushirish taʼminlagichlarini toʻxtatish, ularni oʻchirish hamda “Qoʻshilmasin! Odamlar ishlayapti!” plakatlarini osib qoʻyish, shuningdek, elektr sxemalarini uzib qoʻyish va bunkerdan oldingi hamda keyingi texnologik jihozlarning uzatmalarini yorliq tizimi talablarini hisobga olgan holda tokdan uzib qoʻyish kerak.

72. Qabul qiluvchi, oraliq va toʻplovchi bunkerlarda portlatish ishlarini amalga oshirishga faqat qonunchilikda belgilangan tartibda ruxsat etiladi.

2-§. Maydalash

73. Maydalagichning ishi va unga rudaning berilishini nazorat qiluvchi operatorning ishchi maydonchasi maydalagichlardan maydonchaga tushishi mumkin boʻlgan rudaning boʻlaklaridan saqlash uchun panjarasimon metall toʻsiqlarga ega boʻlishi kerak.

74. Maydalagichlarning ishchi boʻshligʻida rudaning katta boʻlaklari qadalib qolganda, ularni maydalagichlardan maxsus moslamali koʻtarish vositalari bilan olib tashlash zarur. Maydalagichning ishchi boʻshligʻida qadalib qolgan ruda boʻlaklarini qoʻlda olib tashlash va ularni bolgʻalar yoki bosqonlar bilan maydalash taqiqlanadi.

Maydalagichga tushib qolgan metall texnikaviy nazorati xodimi nazoratida naryad-ruxsatnoma boʻyicha kesib olinishi kerak.

75. Odamlar maydalagichning ishchi boʻshligʻiga tushirilganda, ushbu Qoidalarning 442-bandi talablariga rioya etilishi shart.

76. Maydalagichlar avariya holatida toʻla yuki bilan toʻxtatilganda, ularning yuklarini tushirish va ishga tushirish fabrika rahbari (rahbar oʻrinbosari — bosh muhandis) tomonidan tasdiqlangan, maxsus ishlab chiqilgan yoʻriqnomalar boʻyicha amalga oshirilishi kerak.

77. Tebranma gʻalvirlar joylashtiriladigan yopib qoʻyilgan tomlar va maydonchalar jihozlar ishlaganda paydo boʻladigan titrashga chidamlilikka hamda titrashni singdirishga moʻljallangan boʻlishi kerak.

78. Gʻalvirlar va maydalagichlarda odamlarni ruda boʻlaklarining tasodifiy otilib chiqishidan saqlaydigan quyidagi himoya moslamalari nazarda tutilgan boʻlishi kerak:

konussimon maydalagichlar uchun hamma tomoni olinadigan toʻsiqlar, I bosqichdagi yirik maydalaydigan “uyum ostida” ishlaydigan maydalagichlardan tashqari;

yassi yuzali maydalagichlar uchun — balandligi 1 metrdan kam boʻlmagan soyabonli, yon tomondan hamma tomoni berk toʻsiqlar.

79. Taʼminlagichlarning rudani gʻalvirlarga uzatadigan chiqarish teshigini, taʼminlagichlar va gʻalvirlar ishlab turganda yuklarni ortish hamda tushirish voronkalarini kovlash faqatgina maxsus moslamalar va qurilmalar mavjud boʻlgandagina mumkin.

80. Gʻalvirlarning yuk tushirish voronkalarini qoʻlda tozalashga va ularga odamlarni tushirishga faqatgina ushbu Qoidalarning 70-bandiga rioya etilgandagina ruxsat beriladi. Bunda gʻalvirlarning elektr motorlari yorliq tizimi talablariga muvofiq oʻchirilgan boʻlishi va ishga tushirish moslamalariga “Qoʻshilmasin! Odamlar ishlayapti!” ogohlantiruvchi plakatlari osib qoʻyilgan boʻlishi kerak.

81. Elektr tebranma taʼminlagichning novlarini ular ishlab turganda tozalash, taʼminlagichning bortida turish, ularga teginish, shuningdek, tebranma uzatmaning tiqishlarini tozalash taqiqlanadi.

82. Kulachokli, gorizontal va vertikal bolgʻachali maydalagichlar, ularning korpusi qopqogʻi ochiq boʻlganda, ularni ishga tushirish imkoniyatini bartaraf etadigan avtomatik qurilmaga ega boʻlishlari kerak. Qopqogʻining ogʻirligi ellik kilogrammdan ortiq boʻlgan kulachokli va gorizontal bolgʻachali maydalagichlarning qobiqlarini ochish va yopish mexanizatsiyalashgan usulda boʻlishi lozim.

83. Maydalanganda portlash xavfi boʻlgan chang hosil qiladigan rudalarni changning portlashini bartaraf etadigan chora-tadbirlarni amalga oshirgan holda maydalash kerak.

84. Oʻrta va mayda maydalash maydalagichlariga metall tushib qolishining oldini olish uchun ularni ruda bilan taʼminlaydigan tasmali konveyerlar metall qidirgichlar, chiqarib olgichlar, magnitli shaybalar va boshqa maxsus moslamalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

Konveyerning ishchi maydonidan chiqmagan tasmasi va magnitli chiqarib olgichdan metallni olishga faqat konveyer toʻxtatilgandan hamda magnitli tizim oʻchirilgandan keyin ruxsat etiladi.

3-§. Yanchish va tasniflash

85. Mahalliy boshqarishda tegirmon va tasniflagichlarning ishga tushirish moslamalari shunday joylashtirilishi kerakki, tegirmon hamda tasniflagichni qoʻshayotgan xodim ularning ishlarini nazorat qila olishi kerak.

86. Tegirmonning ichida ishlashga faqatgina mazkur Qoidalarning 432-bandi talablari bajarilgandan keyin texnika nazorati xodimi yoki brigadirning nazoratida naryad-ruxsatnoma boʻyicha ruxsat beriladi.

87. Tegirmonning qopqoqli tuynugi pastga boʻlgan holatda uning tuynugi qopqogʻi gaykalarini yechib olish yoki ularni boʻshatish, shuningdek, tegirmonning harakati vaqtida chigʻanoqli taʼminlagichning gʻilofi boltlarini mahkamlash taqiqlanadi.

88. Sharlarni konteynerlarga yuklayotganda yuklash joyi toʻsilgan boʻlishi va “Xavfli” plakati osib qoʻyilgan boʻlishi kerak. Konteyner koʻtarilayotganda odamlar undan xavfsiz masofada boʻlishlari kerak. Konteynerlar sharlar bilan bortlaridan 100 millimetrgacha past boʻlgan sathda toʻldiriladi.

89. Sterjenlarni yuklash boʻyicha sharli taʼminlagichlar va mexanizmlardan foydalanilgan holda, ularning xavfsiz ishlashi tartibini belgilaydigan maxsus yoʻriqnomalar ishlab chiqilishi kerak.

90. Tasniflagichlarga xizmat koʻrsatish uchun ishchi maydonchalar tasniflagich vannasi bortidan loti 100 millimetrdan kam boʻlmagan pastlik sathida joylashtirilishi kerak. Tasniflagichlar vannasining qarama-qarshi tomonidan ishchi maydonchalar balandligi 1000 millimetrdan kam boʻlmagan metall toʻsiqlar bilan jihozlanadi.

Tasniflagichlarda aylanadigan mexanizmlarga xizmat koʻrsatish va spirallar yoki reykalarni koʻtarish uchun toʻsiqli koʻprikchalar (maydonchalar), shuningdek, ushbu Qoidalar talablariga muvofiq uzatish elementlarining toʻsiqlari boʻlishi kerak.

3-bob. Flotatsiya boʻlimi, magnitli separatsiyalash boʻlimi, boyitishning elektrik va radiometrik usullari

1-§. Flotatsiya boʻlimi

91. Sarflash maydonchasidagi oraliq bochkalar (kichik idishlar) va taʼminlagichlarga suyuq reagentlar va reagentlar eritmalari quvurlar orqali nasos yordamida uzatilishi shart. Quruq holatdagi sianidlarni va natriy sulfidni bevosita jarayonni taʼminlash nuqtasiga uzatish taqiqlanadi.

Kam miqdordagi reagentlarni flotatsiya boʻlimiga faqat maxsus yopiq idishlarda olib kelishga ruxsat etiladi.

92. Reagentlardan mexanizatsiyalashtirilgan moslamalar yordamida namuna olinishi kerak. Qoʻl bilan namuna olishda xodimlar dastasining uzunligi kamida 200 millimetr boʻlgan namuna olgichlardan foydalanishlari shart.

93. Sianidlarni sarflash bochkalari reagentlar maydonchasida mahalliy soʻruvchi ventilyatsiyali alohida xonada turishi va xona qulflangan boʻlishi zarur.

94. Uzatish nuqtalariga sianidlarning reagent-quvurining kirish qismi sianid eritmasiga erkin borishni istisno etadigan qilib joylashtiriladi. Reagentlar uzatiladigan nuqtada ularning miqdorini oʻlchash taqiqlanadi.

95. Reagentlar chanlari, oraliq va sarflash bochkalari hamda ular bilan bogʻlangan kommunikatsiyalar avariyaviy sigʻimga ega boʻlishi shart, zarur boʻlganda unga reagentlarni toʻliq toʻkish lozim boʻladi.

Reagentlar maydonchasining oqova suvlari maxsus quvur yoʻllari orqali, flotatsiya boʻlimining drenaj qurilmalarini chetlab oʻtgan holda oqizilishi kerak.

Kislotalarning sianidlar, ksantogenatlar, aeroflotlar, natriy sulfid va gidrosulfid eritmalari bilan aralashishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Mis, rux va temir kuporoslari eritmalarining, xlorli rux va xlorli kalsiy eritmalarining natriy sulfid, gidrosulfid va sianid eritmalari bilan aralashishiga yoʻl qoʻyilmaydi. Bunda vodorod sulfid va sianid kislotaning yuqori toksinli gazlari chiqishi, shuningdek, quvur yoʻllariga tiqiluvchi erimaydigan choʻkindilar ajralishi mumkin.

96. Smena boshligʻi (ustasi) tasdiqlangan yoʻriqnomalarga asosan reagentlar maydonchasiga xizmat koʻrsatuvchi xodimlarda oʻziga tegishli himoya vositalarining mavjudligini va sozligini tekshirishi majburiydir.

97. Kameralarni shlamlashda flotatsion mashina impelleri shpindel blokini qoʻl bilan faqat koʻpik haydagich toʻxtatilganda, yigʻma yogʻoch minbarda turib burashga ruxsat etiladi.

98. Flotatsion mashinani avariyaviy boʻshatish va yuvuvchi suvlarni yigʻish uchun nasoslar bilan zumpflar (yoshdosh chuqurchalar) koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

99. Pnevmatik flotatsion mashinalarda aeroflot naychalarini tozalashda xodimlar himoya koʻzoynagini taqishlari shart.

100. Pulpaning texnologik namunalarini bevosita ishlayotgan flotokameradan olishga faqat shunga moʻljallangan tekshirgichlar bilan koʻpik haydagich toʻxtatilgandagina ruxsat etiladi.

101. Pnevmomexanik va pnematik flotomashinalarning kamerlariga havo uzatadigan havo purkagichlar tovushdan izolyatsiyalangan va shovqin yutadigan maxsus xonalarga joylashtirilishi lozim.

2-§. Magnitli separatsiyalash boʻlimi va boyitishning elektrli usullari

102. Elektromagnitli va magnitli separatorlarni ekspluatatsiya qilishda magnit tizimiga metall buyumlarni olib kirish taqiqlanadi. Elektromagnitli separatorlar toʻxtatilganda magnit tizimi chulgʻamlaridagi kuchlanish oʻchirilgan boʻlishi shart.

103. Quruq holda magnitli va elektromagnitli separatsiyalashda apparatura germetik soʻruvchi ventilyatsiya tizimiga ulanadigan qisqa quvurlari boʻlgan gʻilofga joylanishi shart. Nosoz yoki oʻchirilgan ventilyatsiya bilan separatorlarni ekspluatatsiya qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

104. Novlar va separatorlarning kuzatish va kovlash lyuklari ishlayotgan paytida yopiq boʻlishi shart. Taʼminlagich kuraklaridan mayda tarasha va boshqa narsalarni qoʻlda terib olish taqiqlanadi.

105. Separator tasmasining tagiga begona predmetlarni qoʻyib, uning oraligʻini (zazorini) va toʻgʻri yurishini rostlash taqiqlanadi.

106. Elektrseparatorlar xonasiga begona shaxslarning kirishi taqiqlanadi.

107. Elektrseparatorning korpusi chang-nam oʻtmaydigan boʻlishi kerak. Agar korpus va barcha lyuklar (kuzatish teshiklari) uning qoplamasi va boshqa zichlagichlar nogermetik boʻlsa, separatorni ishga tushirishga yoʻl qoʻyilmaydi.

108. Separatorning ichki elektr qismlariga borishni taʼminlaydigan eshikchalari separator ishlayotganda ularni ochishni istisno etadigan elektr blokirovkalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

109. Yuqori kuchlanishli tarmoqdan oʻchirilgan elektrseparatorning tok oʻtkazish qismlariga ular elektrsizlanguncha va indikator bilan tekshirilguncha tegish taqiqlanadi.

110. Ikkinchi shaxsning ishtirokisiz elektrseparatorning qoplamasi eshikchalarini ochish va jihozni joriy taʼmirlashga ruxsat etilmaydi (apparaturaning past kuchlanishli tomonidagi kontaktlarni artish va tortish,saqlagichlarni almashtirish bundan mustasno). Bunda ushbu apparatdan kuchlanish olinishi zarur.

Elektromagnitli separatorlarning barabanlarini almashtirish va jihozlarni joriy taʼmirlashda elektr sxemasidan uzib olingandan soʻng, bajarishga ruxsat etiladi.

Ishlayotgan elektromagnit separatorlarning rezina qoplamalarini kesish va tegish taqiqlanadi.

111. Elektrseparator mashinisti va toʻgʻrilagichli qurilma operatorining ish joylari maxsus dielektrizolyatorlar bilan jihozlangan boʻlishi shart.

3-§. Sulfidli rudalarni boyitishda qoʻshimcha talablar

112. Yongʻin va portlash xavfi boʻyicha A va B toifalarga kiritilgan, portlovchi yoki zaharli bugʻlar va gazlar katta miqdorda ajralishi mumkin boʻlgan ishlab chiqarish xonalari uchun, shuningdek, maydalagichlarda chang portlaganda oltingugurtli gazlar ajraladigan bosqonli maydalagichlar boʻlinmalarida avariyaviy soʻruvchi ventilyatsiya qurilmasi koʻzda tutilgan boʻlishi shart.

113. Sulfidli ruda portlashlarining oldini olish uchun bosqonli maydalagichlar ishlaydigan maydonda quyidagilar taʼminlanishi lozim:

maydalagichlar ishlayotgan maydalash maydoniga ishlatilib boʻlgan bugʻlar va mayda purkalgan suvni (tuman hosil qilgichlar, forsunkalar bilan) doimiy uzatish;

maydalash boʻlinmasidagi barcha elektr-texnik qurilma, quvur yoʻllari, metall havo-purkagichlar, konveyer romlari, metall konstruksiyalarni yerga ulash (zaminlash) zanjiri uzluksizligini taʼminlash orqali maydalagichlarda statik elektr toʻplanishidan himoyalash.

114. Maydalagichning ichidagi “qarsillashlar”dan hosil boʻladigan oltingugurtli gazlardan himoyalash uchun bosqonli maydalagichlar boʻlinmalari xodimlariga izolyatsiyalovchi gazniqob berilishi shart.

115. Sulfidli rudalarni oʻrtacha maydalashga oid maydalagichlarni yer yuzasining nol belgisidan pastga joylashtirish taqiqlanadi.

§ 4. Rudalarni boyitishning radiometrik usullari va ularni qayta ishlash jarayonini nazorat qilish

116. Radiometrik boyitish hamda radioaktiv va ionlashtiruvchi nurlanish manbalaridan(gamma va beta nurlanishlar, neytronlar manbalari izotoplari, rentgen naychalari va boshqalardan) foydalangan holda nazorat qilish usullari qoʻllanadigan boyitish fabrikalarida amaldagi Radiatsiyaviy xavfsizlik boʻyicha sanitariya meʼyorlari va qoidalari talablariga rioya etilishi zarur.

117. Nurlanish manbalaridan, shuningdek, ularni qoʻllashga asoslangan separatsiya, nazorat va tahlil usullari hamda tegishli qurilmalar, separatorlar, priborlar va shu kabilardan foydalaniladigan ishlar va jarayonlar radiatsiyaviy xavfsizlik boʻyicha yoʻriqnomalar talablariga qatʼiy amal qilingan holda amalga oshirilishi shart.

118. Mazkur Qoidalarning 116-bandida koʻrsatilgan yoʻriqnomalar korxona tomonidan Radiatsiyaviy xavfsizlik boʻyicha sanitariya meʼyorlari va qoidalari asosida ishlab chiqilishi va Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologiya osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining hududiy organlari bilan kelishilishi shart.

119. Nurlanish manbalari qoʻllanadigan boyitish fabrikalarida, radioaktiv va ionlashtiruvchi nurlanishning manbalari bilan ishlayotganda odamga nurli taʼsirning barcha turlarini hisobga oladigan tadbirlar hamda ichki va tashqi nurlanishni yuzaga keltiradigan barcha manbalarning jamlangan dozasi, xodimlarning tegishli toifalari uchun chegaraviy ruxsat etilgan dozalardan oshmaydigan darajagacha kamaytirilishini taʼminlaydigan himoya tadbirlarini koʻzda tutuvchi kompleks chora-tadbirlar ishlab chiqilishi va amalga oshirilishi shart.

120. Radioaktiv preparatlar qoʻyilgan joylardagi tashqi radioaktiv nurlanishning barcha mumkin boʻlgan turlari tegishli dozimetrik priborlar bilan nazorat qilinishi shart.

121. Ish joylaridagi radiatsiya darajasi radiatsiyaviy xavfsizlik meʼyorlarida koʻzda tutilgan chegaraviy ruxsat etilgan miqdordan ortiq boʻlmasligi shart. Radioaktiv izotoplarni ish joylarida saqlash taqiqlanadi.

122. Radioaktiv izotoplar bilan ishlaydigan xodimlar maxsus oʻqitilgandan keyin ishga qoʻyiladilar.

4-bob. Gravitatsion boyitish

123. Yuvish barabanlari, ogʻir suspenziyalarda boyitish apparatlari va gravitatsion boyitish apparatlari ichiga odamlarni apparatlar ichki yuzasini koʻrikdan oʻtkazish, taʼmirlash hamda shlamlar va qoldiq materialdan tozalash uchun kiritish sohaga oid normativ hujjatlarda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

124. Gravitatsion boyitish apparatlari ishlayotgan paytda uning harakatlanuvchi va aylanuvchi qismlariga tegish, podshipniklarni moylash, apparatdan begona narsalarni olib tashlash taqiqlanadi.

125. Gravitatsion boyitishning yuvilgan rudasi va mahsulotidan qoʻlda namunalar olishga apparatlar va yordamchi jihozlarning faqat shunga moʻljallangan maxsus joylarida ruxsat etiladi.

Bevosita harakatlanayotgan mexanizmlardan boyitish mahsulotlari namunalarini qoʻl bilan olish taqiqlanadi.

126. Himoya koʻzoynagisiz zolotniklarni (bugʻ, suyuqlik va gaz taqsimlovchi klapan) rostlash, avtorostlagichni sozlash va pnevmatik uzatmali porshensiz choʻktirish mashinalari mexanizmlarini koʻrikdan oʻtkazishga yoʻl qoʻyilmaydi.

127. Rotor tipidagi qurilmalarni ekspluatatsiya qilishda atmosferaga chiqariladigan havoga moʻljalllangan darchalar metall toʻrlar bilan qoplangan boʻlishi shart.

128. Shiberli qurilma elaklarini taʼmirlash yoki almashtirishni, choʻktirish mashinasi ichki tanasini tozalash va taʼmirlashni bir vaqtda suvsizlantiruvchi elevatorning boshmogʻini tozalash va taʼmirlash bilan qoʻshib bajarish taqiqlanadi. Koʻrsatilgan ishlar mashina tanasida bajarilayotganda elevatorlarning elektrik sxemasi qismlarga ajratilishi va ogohlantiruvchi plakat osib qoʻyilishi shart.

129. Ogʻir suspenziyalarda boyitishga moʻljalllangan apparatlardan, qotib qolgan ferrosilitsiy, boshqa ogʻirlatgichlarni va jihozning metall qismlaridan rudani himoya koʻzoynagisiz parchalab olishga yoʻl qoʻyilmaydi.

130. Apparatga material yetkazuvchi va boyitish mahsulotini olib ketuvchi novlar qiyaligi 45° dan ortiq boʻlganda, ruda va pulpa otilib chiqishiga yoʻl qoʻymaslik uchun tepalari yopilgan boʻlishi shart.

5-bob. Quyultirish, suvsizlantirish va quritish

1-§. Quyultirish

131. Radial quyultirgich, piramidasimon va togʻorasimon tindirgichlar, agar ular bortlarining yuqori qirrasi ish maydonchalari sathidan kamida 1000 millimetr balandlikda boʻlsa, toʻsilgan boʻlishi lozim. Piramidasimon tindirgichlarni borti boʻylab tepasini yopib toʻsmaslik ham mumkin, ammo barcha teshiklari, taʼmirlash tuynuklari va lyuklari metall qopqoqlar bilan berkitilgan boʻlishi shart.

132. Radial quyultirgich, piramidasimon va togʻorasimon tindirgichlarning bortlari boʻylab yurishga yoʻl qoʻyilmaydi.

133. Pulpa zichligini oʻlchash va namunalar tanlab olishda doiraviy novning ustida turish va ferma maydonchasi toʻsigʻining orqasiga kirish taqiqlanadi. Quyultirgichlar koʻchma fermasi gabaritlarini doiraviy nov ortiga xizmat koʻrsatish (oʻtish) maydonchalariga chiqarish taqiqlanadi. Quyultirgich koʻchma fermasining tepasiga chiqish suyanchigʻi boʻlgan maxsus zina boʻylab amalga oshiriladi. Faqat koʻchma rama yuritmasi uzilgandan keyin quyultirgichning doiraviy novini tozalash mumkin.

Quyultirgich yuritmasi xizmat koʻrsatish maydonchalarining nam va sirpanchiq yuzalari boʻylab harakatlanish taqiqlanadi.

134. Suvsizlantirish gʻalvirlarining eni boʻyicha materiallarning bir tekis taqsimlanishini taʼminlaydigan qurilmalar konstruksiyalari, suvsizlantirilgan materiallar otilib chiqishi va pulpa sachrashi imkoniyatini istisno etishi shart.

135. Chalkash yoʻlaklarni shlamdan tozalashga oid ishlar bajarilayotganda gʻalvir toʻxtatilgan, gʻalvir yoki yoysimon elak taʼminlagichi uzilgan, ishga tushirish qurilmalariga “Ishga tushirilmasin! Odamlar ishlayapti!” deb yozilgan plakatlar osib qoʻyilishi lozim.

2-§. Filtrlovchi apparatlar

136. Barabanli va diskli vakuum-filtrlar ishlayotganda sektorlarni tortib bogʻlash taqiqlanadi.

137. Filtrlovchi apparatlarni ekspluatatsiya qilishda ramalarni va polotnolarni kekdan tozalash uchun maxsus kuraklardan foydalanish kerak.

138. Filtr-pressning qisuvchi qurilmasi ishlayotgan vaqtda ramalar, plitalar va filtrlovchi salfetkalarni tuzatish taqiqlanadi.

139. Filtr-pressni yuksizlantirishdan oldin, uni siqilgan havo bilan suyuqlik maksimal ketkazilishiga qadar puflatish lozim, yuksizlantirishga oid ish kamida ikkita xodim tomonidan bir vaqtda bajarilishi shart.

140. Puflatish paytida eritma sachrashining oldini olish uchun filtr-pressni mato bilan yopish lozim.

141. Vakuum-filtr barabani ulanganida, tortuvchi simning uzilgan joyini tiklash taqiqlanadi.

142. Filtrlovchi apparatlar zararli ajralib chiquvchilar bilan ishlayotgan vaqtda soʻruvchi ventilyatsiya uzluksiz ishlashi shart. Nutch-filtrlar qopqoqlari yopilgan boʻlishi shart.

143. Choʻkindini yuvishga moʻljallangan botirilgan qurilmalar bilan jihozlangan barabanli filtrlar, xizmat koʻrsatuchi xodimlarni sachraydigan tomchidan himoyalash uchun toʻsiqqa ega boʻlishi shart.

144. Suriluvchi ramalari boʻlgan yaproqli filtrlar, choʻkindini yuvishga qulay boʻlishi uchun statsionar maydonchalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

145. Markazdan qochirma kuch taʼsirida qorishmani mexanik ravishda ajratuvchi apparat (sentrifuga) qopqogʻi ochiq, titrashi baland boʻlganda, ortiqcha yuklanganda va notekis taʼminlanganda, uning ishlashini istisno etadigan blokirovka bilan jihozlanishi shart.

§ 3. Bugʻlatuvchi apparatlar

146. Bugʻlatuvchi apparatlarning bekitish armaturasi, saqlovchi klapanlari va manometrlari nosoz boʻlganda, shuningdek, soʻruvchi shamollatish oʻchgan, apparat ochiq boʻlganda, himoya koʻzoynagisiz va qarash oynasi nosoz boʻlganda, apparatda ishlash taqiqlanadi.

Bugʻlatuvchi apparatlarda qopqoqli teshiklar yelvizakli shamollatishni taʼminlaydigan, chiqarish quvurlari esa saqlovchi klapanlardan tashqariga chiqarilgan holda joylashtirigan boʻlishi shart.

147. Bugʻlatuvchi apparatni ishlayotgan vaqtda faqat kuzatish oynasi orqali koʻrikdan oʻtkazishga ruxsat etiladi.

Apparatning payvand choklarini koʻrikdan oʻtkazish uchun koʻchuvchi qurilma koʻzda tutilgan boʻlishi shart.

148. Bugʻlatuvchi apparatlarni ish sharoitidan chiqarib, ularning ichiga odamlarni xavfsiz kiritish uchun bugʻlatuvchi apparatdan taʼminlovchi (bugʻ va eritma) magistrallarini ishonchli uzish, apparatdagi bosimni atmosfera bosimiga tenglashtirish va undagi temperaturani + 40°S gacha kamaytirish koʻzda tutiladigan tartib har bir fabrikada uning rahbari tomonidan tasdiqlangan boʻlishi shart. Bugʻlatuvchi apparatdagi ishlar texnik nazorat xodimi ishtirokida bajarilishi kerak.

149. Ishlayotgan bugʻlatuvchi apparatlarda sathi, zichligi oʻlchanishi va namuna olinishi zarur boʻlsa, ular ushbu operatsiyalarni bajarishning xavfsiz tizimi bilan jihozlangan yoki ularni bajarish uchun oʻchirilishi kerak.

4-§. Pechlar

150. Pechlarni ishga tushirish va toʻxtatish, forsunkalarni boshqarish, fabrika bosh muhandisi tasdiqlagan pechlarga xizmat koʻrsatishga oid yoʻriqnomalarga muvofiq amalga oshirilishi kerak.

151. Temperatrua +60°S dan yuqori boʻlganda tozalash va taʼmirlash uchun pechning ichiga odamlarni kiritish taqiqlanadi.

152. Pech ulangan boʻlganda, pechning eshikchalarini ochib qoʻyish, polini tozalash va keklarni urib tushirish taqiqlanadi.

153. Pechning yoniga toʻkilgan mazutlarga zudlik bilan qum sepilishi va yigʻishtirib olinishi shart.

154. Sarflash bakidagi suyuq yoqilgʻi yonganida, zudlik bilan suyuq yoqilgʻi avariya bakiga oqizilishi, maxsus vositalar bilan yongʻinni oʻchirish choralarini koʻrilishi va yongʻindan saqlash guruhi chaqirilishi kerak.

6-bob. Gidrometallurgik jarayonlar

1-§. Past bosimli uskunalar

155. Reaktorlar va eritmaga oʻtkazgichlar, ularni eritmalar bilan toʻldirish sathini nazorat qilishning texnik vositalari, signallar va belgilangan sathdan ortib ketishini istisno etadigan boshqarish tizimi bilan bilan jihozlangan boʻlishi shart.

Eritma komponentlarini dozalash va ularni aralashtirishda qaynoq moddalar taʼsirini, gazlar ajralishi va aralashmalarni otilishini istisno etgan holda avtomatik usullar bilan amalga oshirilishi kerak.

156. Reaktorni tushiruvchi shtutserlarni tozalash faqat aralashtirgich toʻliq toʻxtatilgan, reaktorda eritma yoʻq boʻlganda va taʼminlovchi quvur yoʻllar yopilgandan keyin bajariladi.

Eritmalarni avariyaviy toʻkish uchun reaktor konstruksiyasida tegishli kommunikatsiyalar yoki sigʻimlar bilan maxsus chiqarish koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

157. Reaktorlar ishlayotganda, ulardagi qopqoqlar zich yopilgan va mustahkamlangan boʻlishi kerak.

Reaktorni ishga tushirishdan avval soʻruvchi va umumiy almashtiruvchi shamollatish tizimini ishga tushirish lozim. Reaktorni shamollatish tizimini ulashdan oldin ishga tushish imkoniyatini istisno qilish uchun tegishli blokirovka va signalizatsiya oʻrnatilishi shart.

158. Agressiv muhitlarda ishlaganda xizmat koʻrsatuvchi xodimlar shaxsiy himoya vositalari bilan taʼminlanishi va tegishli reaktivlar bilan ishlash boʻyicha yoʻl-yoʻriqdan oʻtishi kerak.

2-§. Yuqori bosimli uskunalar

159. Yuqori bosimli apparatlarni loyihalash, ishlab chiqarish va ekspluatatsiya qilish sohaga oid normativ hujjatlarga muvofiq amalga oshirilishi kerak.

160. Barcha yuqori bosimli apparatlar nazorat-oʻlchash asboblari va apparatning ishlash (bosim, temperatura va boshqalar) tartibini ruxsat etilgan miqdorlardan chetga chiqishini istisno etadigan saqlovchi qurilmalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

161. Yuqori bosimli apparatlarni yuklash va yuksizlantirish mexanizatsiyalashtirilgan boʻlishi shart. Yuqori bosimli apparatlarni qoʻl bilan yuksizlantirishga faqat avariya vaziyatlarida yoʻl qoʻyiladi va mahsulotlardan boʻshatishni tegishli magistral quvur yoʻllari orqali kamida ikki xodim bajaradi.

162. Atmosferasida insonning sogʻligʻiga zarar yetkazadigan gazlar, aerozollar va boshqa aralashmalar paydo boʻlishi mumkin boʻlgan barcha xonalar soʻruvchi shamollatish tizimi bilan jihozlangan, zararli moddalarning chegaraviy ruxsat etilgan konsentratsiyalar (keyingi oʻrinlarda — CHREK) oshganligi haqida signallash tizimlari boʻlgan tegishli nazorat-oʻlchash asboblari bilan jihozlangan boʻlishi shart.

Ish zonasi havosida zararli moddalarning CHREK miqdorlari mazkur Qoidalarga 1-ilovaga , Xoʻjalik-ichimlik va madaniy-maishiy yoʻnalishdagi suv obyektlaridagi suvda zararli moddalarning chegaraviy ruxsat etilgan konsentratsiyasi va taxminiy ruxsat etilgan sathi 2-ilovaga muvofiq belgilanadi.

Xonalar atmosferasidagi zararli moddalar konsentratsiyasi CHREKdan ortiq boʻlganda, shuningdek, individual himoya vositalaridan foydalnish, shu jumladan, avariyaviy otqinlarda odamlarning oʻzini tutish uchun fabrika boshligʻi tomonidan tasdiqlangan tegishli yoʻriqnoma bilan belgilanadi. Yoʻriqnoma talablarida odamlarni binolardan tezda olib chiqish va ish joyidagi zararli gazlarning konsentratsiyasini sanitariya meʼyorlariga yetkazishdan keyin ishni qayta tiklashni ham nazarda tutishi kerak.

163. Yuqori bosimli apparatlardagi ishlar zavod boshligʻi tomonidan tasdiqlangan maxsus koʻrsatma asosida amalga oshiriladi, unda:

apparatni ishga tushirish tartibi;

apparatda bajariladigan ishlarning xavfsizligi va sifatini nazorat qilish tartibi;

apparatni taʼmirlash yoki unga xizmat koʻrsatish boʻyicha ishlarni tashkil etish;

odamlarni apparatda ishlashga qabul qilish tartibi va ularning xavfsizligi choralari;

transport vositasini toʻxtatib turish uchun uning notoʻgʻri boshlanishiga toʻsqinlik qiladigan tadbirlarni taqdim qilish;

uskunaning favqulodda toʻxtashi holatida texnik xodimlarni tayyorlash tartibi.

§ 3. Margimushli angidrid ishlab chiqarishda qoʻshimcha talablar

164. Margimushli angidrid ishlab chiqarishda barcha texnologik operatsiyalar individual himoya vositalari yordamida germetik tizimlarda bajarilishi kerak.

7-bob. Oltin rudalari va qumlarga ishlov berish.

1-§. Umumiy talablar

165. Oltin ajratib oladigan yangi fabrikalarni loyihalashtirish, mavjud fabrikalarni tiklash va amaldagi fabrikalarda amalgamalash (qoplash) jarayonlarini qoʻllashga yoʻl qoʻyilmaydi.

166. Oʻta zaharli reagentlar (sianidlar va boshqalar) qoʻllanadigan oltin ajratib oluvchi fabrikalarning pollari, devorlari, shiftlari hamda sexlar va boʻlinmalarning qurilish konstruksiyalari eritmalarni yutmaydigan hamda oson yuviladigan zich, silliq boʻlishi va namlanmaydigan qoplamalarga ega boʻlishi kerak.

Qavatlar oʻrtasidagi yaxlit boʻlmagan toʻsiqlarning erkin chetlari, panjaralardan tashqari, nam oʻtkazmaydigan balandligi 20 santimetrdan kam boʻlmagan toʻsiqlar bilan jihozlanadi.

167. Oltin ajratib oluvchi fabrikalarning pollari (shu jumladan sigʻimlar va jihozlarning ostidagi) sizot kanallari va zumpflar tomonga, eritmalar yoki pulpalarning yigʻilib qolishiga yoʻl qoʻymaydigan nishablikda boʻlishi kerak.

Maydonchalar va qavatlar oʻrtasidagi toʻsiqlarga oʻrnatiladigan jihozlarning ostida oqovasi pastda joylashgan zumpflar yoki sigʻimlarga tushadigan sizot tizimi qurilishi kerak.

Pollarning nasoslari boʻlgan kanallar va zumpflardan iborat sizot tizimi, barcha oqovalarning toʻplanishini hamda texnologik jarayonga qaytishini taʼminlashi kerak.

168. Sianlash bilan nordon muhitda kechadigan jarayonlarni bitta xonada oʻtkazishga ruxsat etilmaydi. Agar har ikkala jarayon yagona texnologik zanjirni tashkil etsa, istisno tariqasida, ruxsat etiladi. Bunday holatlarda ehtiyotkorlikning alohida choralari (barcha apparatlarning vakuum ostida ishlashi, ish joylaridagi havo tarkibini uzluksiz nazorat qilish va boshqalar) koʻrilishi kerak.

169. Texnologik jarayonlar nordon muhitda oʻtadigan boʻlinmalar fabrikaning qolgan qismidan sizot tizimlari bilan ajratib qoʻyilishi kerak: nordon sizot suvlari chiqarib tashlanishidan oldin neytrallanishi kerak.

Bu boʻlinmalarning pollari, devorlari, qurilish konstruksiyalari va jihozlari nordonlikka chidamli qoplamalarga ega boʻlishi kerak.

170. Quyidagi boʻlinmalarda havoni mahalliy soʻrib olish koʻzda tutilishi kerak:

reagent boʻlinmasida — zaharli reagentli idishlarni ochish va boʻshatish kameralaridan, reagentlarning taʼminlovchilaridan, loyqalatgichlar va terma chanlardan;

ruxli choʻkmalarni quritish boʻlinmasida — quritish shkaflarining (pechkalar) yuklash qopqoqli tuynuklarida;

sanoat oqovalarini zararsizlantirish boʻlinmasida — zararsizlantirish apparaturasidan;

tiklash boʻlinmasida — tiklash kolonkalari va reagent sigʻimlardan;

fabrikaning ezish boʻlinmasida — tegirmonning yuklash va yuksizlantirish boʻgʻizidan, sianli muhitda hosil boʻlayotgan ezilma;

konsentratni quritish boʻlinmasida — quritish pechlarining (barabanlar) yuklash va yuksizlantirish tuynuklarida;

elektroliz boʻlinmasida — elektrolizerlar va grafitlangan vatinni kuydirish uchun moʻljallangan pechlardan;

yutilish boʻlinmasida — mumni ajratish uchun pachuklar va elaklardan.

171. Ketayotgan gazlarni chiqarib tashlash shartlari (miqdori, joyi, balandligi va boshqalar) davlat sanitariya nazorati organlari bilan kelishilgan boʻlishi kerak.

172. Yuqori konsentratsiyali portlash va yongʻin xavfi boʻlgan moddalar (vodorod, uglerod sulfid, sianid vodorod va boshqalar) ajralib chiqishi mumkin boʻlgan apparatlardagi soʻruvchi ventilyatsiya tizimlari portlash xavfi boʻlmagan tarzda bajarilishi kerak.

2-§. Sianlash boʻlinmalari

173. Xizmat koʻrsatuvchi xodimlarning sianli eritmalar (pulpa) bilan bevosita ishlashiga yoʻl qoʻymaslik va ish zonalarida zaharli ajralmalarni kamaytirish uchun sianlash boʻlinmasining jihozlari hamda sigʻimlari imkon qadar mahkam zichlanishi yoki mahalliy havo soʻrish moslamalari boʻlgan toʻsiqlar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

Texnologik jarayonni nazorat qilish va jihozlarni boshqarish toʻliq avtomatlashgan boʻlishi yoki masofadan turib boshqarilishi kerak.

174. Sianli jarayonning jihozi va sigʻimlari eritmalarning (pulpa) bexosdan toʻkilib ketishi oldini oladigan avtomatik moslamalar va quyishga moʻljallangan quvur yoʻllar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

175. Jihozlar detallari, quvur yoʻllar, armatura va sianli eritmalarga (pulpa) yoki ularning bugʻlariga tegadigan boshqa moslamalar sianlarga chidamli materiallardan tayyorlangan boʻlishi kerak; elektr simlar va rangli metallar hamda ularning qotishmalaridan (misli, misruxli, aluminiyli va boshqa) tayyorlangan detallar sianidlar bilan kontaktda boʻlishdan izolyatsiyalangan boʻlishi kerak.

176. Yopilmagan va aspiratsiya qilinmaydigan jihozlar hamda sigʻimlardagi sianli eritmalaridagi (pulpa) himoyalovchi ishqorlarining konsentratsiyasi SaO boʻyicha doimo 0,01-0,025% dan kam boʻlmagan darajasida tutib turilishi kerak.

177. Sianlash va sianli eritmalarni tayyorlash boʻlinmalarida soʻruvchi ventilyatsiya bilan chiqarib tashlanayotgan havo xonaning yuqorigi qismidan olinishi kerak.

Oqimli ventilyatsiya tizimlari berayotgan havo ishchi hududining belgilangan ish joylari va oʻtish yoʻlaklariga berilishi kerak.

178. Vakuum-nasoslar soʻrib oladigan gaz-havo aralashmasi atmosferaga chiqarib tashlanishidan oldin zararli komponentlar va moylardan tozalanishi hamda oqimli ventilyatsiya tizimining havo yigʻadigan moslamasiga tushmasligi kerak.

Vakuum-nasoslarning havoni chiqarib tashlaydigan va havo yigʻadigan moslamalar nuqtalarining oʻzaro joylashishi amaldagi qurilish meʼyorlari va qoidalariga muvofiq tanlanishi kerak.

179. Tindiruvchi va choʻktiruvchi qurilmalarning filtrlaridan filtrlovchi jildlarni (polotnolarni) olishdan avval sianidlar toʻliq ketgunga qadar suv bilan yuvilishi kerak.

180. Filtrlovchi matolarni (gʻiloflar, polotnolar va boshqalar) kislota bilan yuvishga faqat umumiy almashinuv ventilyatsiyasi bilan jihozlangan, alohida qilingan xonalarda ruxsat etiladi.

181. Filtr matolarni tiklash boʻyicha barcha ishlar (kislota bilan ishlov berish, yuvish, quritish) imkon qadar mexanizatsiyalashtirilgan boʻlishi kerak.

182. Filtrlovchi matolarni bevosita filtrning oʻzida kislotalar bilan yuvishga, ayrim hollarda, filtrni pulpadan tozalagandan va u suv bilan sianidlar toʻliq ketgunicha yuvib tashlangandan keyin ruxsat etiladi.

183. Rux choʻkmalarini quritish, yanchish, sinab koʻrish va qadoqlash uchun moʻljallangan xonalar, sianlash boʻlinmalaridan ajratilgan va chiqindilarni texnologik va sanitariya tozalash koʻzda tutilgan umumiy almashinuv ventilyatsiyasi bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

184. Rux choʻkmalarini quritish zichlangan quritish shkaflarida (pechlar) vakuum ostida amalga oshiriladi. Rux choʻkmalarini ochiq plitalarda quritish taqiqlanadi.

185. Quritilgan rux choʻkmali protivnalar zichlangan shkaflarda vakuum ostida sovitilishi kerak.

186. Tarkibida sian boʻlgan sanoat oqovalarini zararsizlantirish uchun moʻljallangan xonalar, fabrikaning boshqa xonalaridan izolyatsiyalangan boʻlishi va masofadan boshqariladigan umumiy almashinuvli hamda avariyali ventilyatsiyalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

187. Tarkibida sian mavjud boʻlgan sanoat oqovalarini xlor mahsulotlari va boshqa reagentlarni (vodorod peroksidi, va boshqalar) qoʻllab zararsizlantirishni, faqat havoni soʻrgʻichlar, nazorat hamda masofadan boshqarish asboblari bilan jihozlangan zich yopilgan jihozlarda amalga oshirishga ruxsat etiladi.

188. Zaharli moddalardan zararsizlantirilmagan maxsus kiyimni fabrika hududidan olib ketish va maxsus kiyimda uning hududidan tashqariga chiqish taqiqlanadi.

Maxsus kiyimlar oldindan zararsizlantirilib, keyin markazlashgan holda yuviladi va taʼmirlanadi.

189. Sianli eritmalar (pulpa) bilan ishlashga faqat rezina qoʻlqoplar, fartuk va etiklarda ruxsat etiladi. Shim pochalari etikning ustiga tushiriladi. Sianli eritmalar bilan ishlanadigan joylar mahalliy havo soʻruvchi ventilyatsiya bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

190. Sianlash boʻlinmasining barcha hududida shoshilinch yordam koʻrsatish uchun barcha ishchi maydonchalarida, ulardan siani boʻlgan har qanday jihozgacha boʻlgan masofa 25 metrdan oshmaydigan hisob-kitob bilan joylashtiriladigan, profilaktika punktlari qurilgan boʻlishi kerak.

Punktlarga borish yoʻllari yoritilgan, oson boriladigan hamda jihozlar va kommunikatsiyalar bilan band qilib tashlanmasligi kerak.

191. Profilaktika punkti zaharga qarshi vositalar, medikamentlar va bogʻlash vositalariga ega boʻlgan birinchi yordam aptechkalari, shuningdek, kerakli idishlar, zaharga qarshi vositalarni qoʻllash boʻyicha yoʻriqnomalar bilan taʼminlangan boʻlishi kerak.

Profilaktika punktiga, suv aralashtirgich orqali poldan 2 metr balandlikda oʻrnatilgan sarflash patrubkasiga beriladigan sovuq va issiq suv keltirilgan boʻlishi va uzatilishi kerak.

Sarflash patrubkalariga suv sachratgichlarni oʻrnatishga ruxsat etilmaydi.

3-§. Yutilish, ajralish, tiklanish va elektroliz boʻlinmalari

192. Ishchi xonalar atmosferasiga oʻta zaharli moddalarning tushishi oldini olish uchun boʻlinmaning jihozlari (pachuklar, kolonkalar, gʻalvirlar) toʻliq germetizatsiyalangan, gazlarni soʻrish esa bevosita qobiqlarning ichidan amalga oshirilishi kerak.

193. Ajralish va tiklanish jarayonlarini nazorat qilish va boshqarish avtomatlashgan boʻlishi kerak.

194. Yutilish, ajralish, tiklanish, reagentlarni tayyorlash va saqlash xonalari havo muhitini nazorat qiladigan, uzluksiz ishlaydigan, signalizatsiya (tovushli, yorugʻlikli) tizimi bilan bloklangan, ish joylarida sianid kislotasi bugʻlarining RECHK miqdoridan oshganligi toʻgʻrisida xabar beruvchi avtomatik asboblar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

195. Ajralish, tiklanish va elektroliz xonalarida ishlashga umumiy almashinuv ventilyatsiyasi uzluksiz amalda boʻlgandagina ruxsat etiladi. Ventilyatsiya tizimi ishdan chiqqan hollarda xizmat koʻrsatuvchi xodimlar zudlik bilan xonani tark etishlari kerak. Xonaga kirishga umumiy almashinuv ventilyatsiyasi ishga tushgandan keyin va xonaning havosidagi zararli aralashmalar (sianid kislotasi va boshqalar) miqdori RECHK darajasigacha kamaygandan soʻng ruxsat etiladi.

196. Mumlar kolonkalar boʻylab siljiganda kolonkalarning kuzatish oynalari va qopqoqlari zich yopilgan boʻlishi kerak.

197. Mumlarni boshqa muhitli tarkibdagi kolonkaga (ishqorlidan nordonligiga va teskarisiga) tashishda eritmalar toʻliq ajratilishi kerak. Eritmalarni mumlar bilan birga tashish taqiqlanadi.

198. Kolonkalardan mum va eritmalar namunalarini faqat ularning qopqoqlaridagi tuynuklari yoki kolonka yonboshidagi eshikchalardan olishga ruxsat etiladi. Namuna olish uchun kolonkalar qopqoqlarini ochish taqiqlanadi.

199. Ajralish va tiklanishning nordon yuvish eritmalarini sianli jarayonga qaytarishga, ularni avval ishqorlar (ohak, oʻyuvchi natriy) yordamida neytrallagandan keyingina ruxsat etiladi.

200. Tovar regeneratining elektrolizi xonasi umumiy almashinuv va avariya ventilyatsiya tizimlari bilan jihozlangan hamda havoda konsentratsiyasi RECHK dan oshgan kislota bugʻlari va vodorod mavjudligi toʻgʻrisida signal beradigan asboblar bilan butlangan boʻlishi kerak.

201. Elektrolizerlarda katod bloklarini almashtirish vaqtida xodimlar rezinali maxsus kiyimlar, rezinali etiklar, etak, qoʻlqop kiyishlari va himoya koʻzoynaklaridan foydalanishlari kerak.

4-§. Qumlarni boyitish

202. Konveyer-skrubberli yuvish asboblarida ishlayotganda xizmat koʻrsatuvchi xodimlar (operator, bunkerchi va nasos stansiyasi mashinisti) oʻrtasidagi aloqa ikki tomonlama va zaxirali boʻlishi kerak.

203. Yuvish asbobining konveyer tasmasidan tosh boʻlaklarini tashlab yuborish uchun maxsus novlar qurilgan boʻlishi kerak.

Tosh boʻlaklari toʻplanadigan joy toʻsilgan boʻlishi kerak.

204. Sanoat asboblarining bunkerlaridagi yopishmalarni bosim ostidagi suv oqimi yoki maxsus moslamalar bilan bartaraf etishga ruxsat etiladi.

Bunkerdan tosh boʻlaklarini olib tashlashni faqat taʼminlovchi va konveyer toʻxtatilgandan keyin kran yoki maxsus moslamalar (bloklar, troslar va hokazolar) yordamida amalga oshirishga ruxsat etiladi.

205. Gidromonitorchining ish joyi qumlarni parchalash, gidrovashgert novlari va shagʻal uyumlari joylari, shuningdek, gidroelevator yaqinida joylashgan boshqa asboblar yaqqol koʻrinadigan holda joylashgan boʻlishi kerak.

206. Qish mavsumida ishlash uchun moʻljallangan isitiladigan sanoat asboblari uchun har bir alohida holatda, xodimlarning xavfsizligi va jihozlarning ishonchli ishlashini taʼminlaydigan chora-tadbirlar koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

8-bob. Reagent boʻlinmalari va reagentlar omborlari

1-§. Umumiy talablar

207. Reagentlarni qoʻllaydigan barcha korxonalar, reagentlarning (ularning texnologik aralashmalari) xavflilik klassini, sanitariya talablari va mazkur Qoidalarni hisobga olgan holda, ularni xavfsiz saqlash va reagent rejimini yuritish boʻyicha rahbar (rahbar oʻrinbosari) tomonidan tasdiqlangan yoʻriqnomaga ega boʻlishlari kerak.

208. Reagentlar saqlanadigan yoki ular bilan ishlanadigan xonalar, ularning havosidagi zararli moddalarning miqdorini RECHKdan yuqori boʻlmagan darajada boʻlishini taʼminlaydigan ventilyatsiya bilan jihozlangan boʻlishi kerak. Reagent xonalaridan chiqarib yuboriladigan havo atmosferaga chiqarilishidan oldin tozalanishi va neytrallanishi kerak.

209. Reagent boʻlinmasida ventilyatorlar toʻxtab qolgani toʻgʻrisida xabar beruvchi tovushli yoki yorugʻlik signalizatsiyasi koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

Ventilyatsiya qurilmasi toʻxtab qolganda yoki xona havosidagi zararli moddalar miqdori ruxsat etilgan chegaraviy konsentratsiyalardan oshib ketganda xonadagi ishlar zudlik bilan toʻxtatiladi va xodimlar toza havoga olib chiqiladi.

Xonaga kirishga faqat umumiy almashinuv ventilyatsiyasining ishlashi tiklangandan keyin va xonaning havosidagi zararli moddalar miqdori RECHK darajasigacha kamaytirilgandan soʻng ruxsat etiladi.

210. Reagentlar tushiriladigan, taralar va idishlar ochiladigan joylar, eritmali chanlar, tindirgichlar va boshqa zararli moddalar ajralib chiqishi mumkin boʻlgan joylar umumiy ventilyatsiya tizimidan tashqari zichlagichli va nasosli qobiq bilan oʻralgan mahalliy havo soʻrish moslamamalari bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

211. Reagentlar bilan ishlayotganda ularni tuproqqa, polga, jihozga, idishga va kiyimga sachrashi, sochilishi va toʻkilishlarining oldini oladigan choralar koʻrilishi kerak.

Pol yoki apparaturaga tushgan reagentlar amaldagi yoʻriqnomalarga muvofiq yigʻishtirib olinishi, neytrallanishi va suv bilan yaxshilab yuvilishi kerak.

Reagentlar saqlanadigan, ortiladigan va tushiriladigan joylarda toʻkilgan yoki sochilgan reagentlarni zararsizlantirish uchun yetarli miqdorda tegishli vositalar boʻlishi kerak.

212. Reagent boʻlinmalarida teri yuzasidan ximikatlarni tez ketkazish uchun avariya dushi yoki vannalar oʻrnatish, shuningdek, koʻzlarni yuvish uchun favvorachalar qurish koʻzda tutilgan boʻlishi kerak. Koʻrsatilgan moslamalardan faqat belgilangan maqsadlar uchun foydalanilishi kerak.

213. Reagentlar saqlanadigan yoki ular bilan ishlanayotgan xonalarga begonalarning kirishi taqiqlanadi.

214. Reagentlar boʻlinmalaridagi, shuningdek, omborlardagi ventilyatsiya tizimlari va reagent oʻtkazgichlarni taʼmirlash, tozalash ishlari, sigʻimlarni koʻzdan kechirish, tozalash hamda zararsizlantirish ishlariga qoʻyilgan shaxslar ishlarning rahbaridan dastlabki koʻrsatmalarni olishi, ishlarning hajmi va xavfsizlik choralari koʻrsatilgan maxsus naryad-ruxsatnomaga ega boʻlishi kerak.

215. Ishlatilgan artish materiallarini har tomonga tashlash, shuningdek, chan (idish, sigʻim) va apparatlarning ichida qoldirish taqiqlanadi. Barcha ishlatilgan artish materiallari bir joyga yigʻiladi va yoʻq qilinadi.

216. Reagentlar mavjud boʻlgan xonalarda shaxsiy kiyimlar va oziq-ovqat mahsulotlarini saqlash, shuningdek, xodimlarning chekishi va ovqatlanishi taqiqlanadi.

217. Flotoreagentlarni saqlash, ularning eritmalarini tayyorlash, ularni transportlash va ulardan foydalanish korxonada har qaysi reagent uchun ishlab chiqilgan va fabrika rahbari (rahbarning oʻrinbosari) tomonidan tasdiqlangan texnologik rejim haritalariga muvofiq amalga oshirilishi kerak.

218. Foydalanish uchun yaroqsiz boʻlgan, ifloslangan reagent qoldiqlari va reagent boʻlinmasidan chiqadigan oqovalarni kimyoviy tozalash yoki zararsizlantirish ishlari boshqa texnologik sikl xonalaridan ajratilgan xonada amalga oshiriladi. Bu xonalarda begona shaxslarning boʻlishi taqiqlanadi.

Birlashganda zaharli moddalar (vodorod sulfid, sianli vodorod, margimushli vodorod va boshqalar) yoki quvurlarni ifloslantiruvchi erimaydigan choʻkmalar hosil qiladigan oqovalarning qoʻshilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

2-§. Reagentlar omborlari

219. Reagentlar maxsus yoʻriqnomalarga muvofiq yopiq omborxonalarda yoki bostirmalar ostida saqlanishi kerak. Aeroflotlar, moylar, xlorid kislotasi, natriy sulfogidrati, kerosin, oksallarni (T-80) oʻralgan reagent omborlari hududida quyosh nurlari va yogʻingarchilikdan himoyalovchi bostirma ostiga joylashtirilgan metall rezervuarlar va sisternalarda saqlashga ruxsat etiladi.

Xlorid kislotasini ochiq omborxonalarda shisha idishlarda (butilda) va silikat-palaxsalarda saqlashga ruxsat etiladi.

Oʻzaro taʼsirga kirishadigan reagentlarni bitta omborxonada birgalikda saqlashga yoʻl qoʻyilmaydi.

Omborlarda idishi shikastlangan reagentlarni saqlashga ham yoʻl qoʻyilmaydi. Reagentlarni qayta qadoqlash, qabul qilish va berish maxsus ajratilgan maydonchalarda oʻtkazilishi kerak.

220. Suyuq reagentlarni saqlash uchun moʻljallangan sigʻimlar va ular bilan bogʻliq kommunikatsiyalar reagentlarning toʻliq tushishini taʼminlaydigan moslamalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

Agressiv (kislotalar, ishqorlar) va zaharli reagentlarni transportlashga moʻljallangan quvur yoʻllari xodimlar oʻtish yoʻlaklari va ish joylari ustida joylashgan boʻlmasligi kerak.

221. Ksantogenatlar, natriy sulfid va sianidlar omborlari uchun xonalarda havoning harorati 25° S dan oshmasligi kerak. Kuchli taʼsir qiluvchi zaharli moddalar maxsus alohida xonalarda saqlanishi lozim. Zaharli reagentlar va soʻndirilmagan ohakni boshqa reagentlar bilan birga saqlash taqiqlanadi. Soʻndirilmagan ohakni saqlash uchun uni suv bilan qoʻshilishiga yoʻl qoʻymaydigan yonmaydigan xonalar ajratilgan boʻlishi kerak.

222. Portlash xavfi boʻlgan bugʻlar va zaharli taʼsir etadigan yoki qoʻlansa hidli gazlar ajratib chiqaradigan reagentlarni saqlash uchun moʻljallangan xonalarda havosi oʻzgarmaydigan turgʻun zonalar yuzaga kelmasligi uchun havo xonaning pastki va tepa zonalaridan soʻrib olinishi kerak.

223. Reagentlar omborlari va reagent xoʻjaligi barcha xonalarining pollari, devorlari va tutib turuvchi qurilish konstruksiyalari tegishli kimyoviy himoyaga ega boʻlishi kerak.

Devorlar va shiftlar shunday qurilgan boʻlishi kerakki, ularda changlar va bugʻlar toʻplanmasligi hamda yutilmasligi kerak va ularning yuzasini tozalash hamda yuvish mumkin boʻlsin. Pollar suvlarning, neytrallovchi eritmalar kelib tushadigan sizot zumpflariga oqishi va chetlatilishi uchun moʻljallangan ariqchalarga, shuningdek, yetarli darajadagi nishablikka ega boʻlishi kerak.

224. Aeroflot, natriy sulfogidrat, ammiak va boshqa kuchli hid chiqaradigan reagentlar, faqat yaxshi holatdagi sisternalar yoki metall tiqinlar bilan zich yopiladigan metall bochkalarda tashilishi va saqlanishi kerak.

225. Suyuq, agressiv va oʻta zaharli reagentlarni korxona hududi boʻylab maxsus jihozlangan transportlarda va ximikatlarning toʻkilishiga yoʻl qoʻymaydigan idishlarda tashiladi.

Boʻtillar saqlanadigan idishlarning somonlari, payrahalar va yogʻochlari xlorli rux yoki natriy sulfid shimdirilgan boʻlishi kerak. Suyuq reagent solingan boʻtillarning tiqini zich, lekin germetiklanmagan boʻlishi kerak.

226. Reagentlar saqlanadigan omborga kirishga havo soʻruvchi ventilyatsiya oldindan 10 daqiqa davomida uzluksiz ishlagandan keyin ruxsat etiladi. Ventilyator toʻxtab qolganda, reagentlarning yopiq omborlarida ishlash taqiqlanadi. Ventilyatorning ishga tushirgichi omborning tashqi eshigi yonida boʻlishi kerak.

Ventilyator nosoz boʻlgan hollarda, uni taʼmirlash uchun omborga bir vaqtning oʻzida kamida ikki nafar kishi protivogazda kirishlari kerak.

227. Har bir reagentning taxlanadigan joyi saqlanayotgan reagentning nomi koʻrsatilgan yozuv bilan aniqlagan boʻlishi kerak. Reagentlarni turlari boʻyicha saralanmagan koʻrinishda saqlash taqiqlanadi.

228. Kislotalar, ammiakli suvlar, aeroflotlar, natriy sulfgidrat va boshqa suyuq flotoreagentlarni transport vositasidan tushirish mexanizatsiyalashtirilgan usulda amalga oshirilishi kerak.

Sisternalardagi suyuq reagentlar toʻkib boʻlingandan soʻng ularning shlangi yechib olinadi va reagent qoldiqlari suv bilan yuvib tashlanadi.

Sisternalardan yonuvchi reagentlar toʻkib olinayotganda, quvur yoʻllari va sisternalar zaminlangan (yerga ulangan) boʻlishi kerak.

Flotoreagentlar va ximikatlarni boshqa idishlarga quyib olishdan avval sigʻimlarning toʻlishi sathini nazorat qiladigan tizimning ishonchliligini tekshirib koʻrish kerak.

229. Omborda, shuningdek, portlash xavfi boʻlgan reagentlar mavjud ombor yaqinida va nasoslar joylashgan xonada oʻtkaziladigan payvandlash ishlarini faqat fabrika rahbariyatining xavfsizlik choralari koʻrsatilgan maxsus (yozma) ruxsatnomasi hamda korxonaning yongʻindan muhofaza qilish xizmatining olovli ishlarni oʻtkazishga bergan ruxsatnomasi boʻyicha bajarish mumkin. Bunda barcha yengil uchadigan ximikatlar ombordan oldindan chiqarilgan boʻlishi kerak.

230. Reagent omborlarida quyidagilar boʻlishi kerak:

suyuq reagentlar saqlanadigan statsionar sigʻimlardagi sath oʻlchagichlar;

umumiy almashinuv va mahalliy soʻruvchi ventilyatsiyalarining ishlashi toʻxtaganligi toʻgʻrisida xabar beradigan tovushli va yorugʻlik signalizatsiyasi. Bunday signalizatsiyalarning zaharli boʻlmagan va portlash xavfi boʻlgan bugʻlarni ajratib chiqarmaydigan reagentlar omborlarida boʻlishi shart emas;

fabrika rahbariyati, yongʻindan muhofaza qilish xizmati va tibbiy punkt bilan bevosita yoki fabrika dispetcheri (operator) orqali telefon aloqasi.

Sianidli bankalarni ochish jarayonlari, shuningdek, kuchli taʼsir qiluvchi zaharli moddalar bilan bogʻliq barcha ishlar, shu jumladan, eritmalar tayyorlashlar mexanizatsiyalashgan boʻlishi kerak.

3-§. Reagentlarni tayyorlash boʻlinmalari

231. Suyuq va qattiq kimyoviy mahsulotlar suvda hamda boshqa erituvchilarda eritiladigan, tayyorlangan eritmalar tindiriladigan va baklarga quyiladigan reagent boʻlinmalari fabrikaning boshqa obyektlaridan (boʻlinmalari) izolyatsiyalangan boʻlishi kerak.

232. Reagentlarni tayyorlash boʻlinmalari va ularning alohida xonalaridagi harorat rejimi ushbu xonalarda tayyorlanadigan reagentlarning fizik-kimyoviy xususiyatlarini hisobga olgan holda belgilanadi.

233. Toʻsatdan katta miqdorda zararli gazlar ajralishi mumkin boʻlgan reagent boʻlinmalarida avariyali havo soʻrish ventilyatsiyasi koʻzda tutilgan boʻlishi kerak. Zaxiradagi gazniqoblar, ularning soni smenada ishlayotgan roʻyxatdagi xodimlarning eng koʻp tarkibidan 50 foizga koʻp boʻlishi va maʼlum joyda saqlanishi kerak.

234. Eritmali chanlar va tindirgichlar, shuningdek, ular bilan bogʻliq boʻlgan kommunikatsiyalar shunday oʻrnatilgan boʻlishi kerakki, lozim boʻlgan holatda ulardagi reagentlarni eritmalar boʻlinmalarida koʻzda tutilgan avariyali sigʻimlarga toʻliq chiqarib tashlash mumkin boʻlsin.

Reagent boʻlinmalarida eritmali chanlarning toʻlishi sathini tovushli yoki yorugʻlik signalizatsiyasi bilan avtomatik tarzda nazorat qilish koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

235. Organik hamda boshqa yongʻin va portlash xavfi boʻlgan moddalarni eritish uchun moʻljallangan apparatura, uchqun chiqishiga yoʻl qoʻymaydigan ijroda boʻlishi kerak.

236. Sianli eritmalarni tayyorlash uchun moʻljallangan xona reagent boʻlinmasidagi boshqa xonalardan izolyatsiyalangan boʻlishi va doimo yopiq turishi, undan chiqayotgan oqova suvlar sizoti hamda chiqindilar boshqa reagentlar boʻlinmalari sizotlaridan ajratilgan boʻlishi kerak.

Koʻrsatilgan boʻlinmada ishlashga qoʻyilgan shaxslar, ishlarni xavfsiz bajarish uslublari boʻyicha oʻqitilgan va maxsus guvohnomalarga ega boʻlishlari kerak.

Sianidli bankalarni ochish, ularni bunker va chan-eritgichlarga tushirish, shuningdek, tayyor eritmalarni saqlash hamda eritish uchun moʻljallangan barcha apparatura va qurilmalar yaxshi bekitilgan hamda zichlangan boʻlishi va zaxira ventilyatsiya qurilmasi bilan blokirovka qilingan tortish ventilyatsiyasining mahalliy soʻrishlariga ega boʻlishi kerak.

237. Har bir reagent uchun chanlar va tindirgichlar quyish naylari va sath oʻlchagichlar, shuningdek, reagent nomi aniq koʻrsatilgan yozuv bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

238. Signallar ranglari va xavfsizlik belgilari talablariga rioya qilgan holda barcha quvur yoʻllari va sigʻimlar amaldagi soha standartlariga muvofiq xavfsizlik belgilaridagi ramziy tasvirlar va tushuntirish yozuvlari boʻlgan shartli ranglarga boʻyalishi kerak.

239. Barabanlarni ochish, yirik boʻlaklarni maydalash, ularni eritish baklariga toʻkishda koʻriladigan xavfsizlik choralari ishchi yoʻriqnomalarda koʻrsatilgan boʻlishi kerak.

240. Flotoreagentlar eritmalarini tayyorlashda mahalliy yoritish uchun kuchlanishi koʻpi bilan 12 volt boʻlgan koʻchma yoritkichlardan foydalanish ruxsat etiladi.

241. Reagent boʻlinmasining ishchi xonalarida idishlarni saqlash taqiqlanadi. Idishlarni zararsizlantirish va omborga topshirish tartibi fabrikaning bosh muhandisi tomonidan tasdiqlangan yoʻriqnomada belgilab beriladi.

Sianli birikmalar tashilgan idishlar zudlik bilan zararsizlantirilishi va omborga boshqa idishlardan alohida topshirilishi kerak.

9-bob. Chiqindi xoʻjaligi

242. Chiqindi omborlari, quyqa omborlari va boshqa foydali qazilmalarni qazib olish hamda qayta ishlash jarayoni bilan bogʻliq boʻlgan gidrotexnik inshootlar, belgilangan tartibda tasdiqlangan loyihalarga muvofiq boʻlishi kerak.

243. Chiqindi omborlaridan foydalanish, ularni loyihalashtirish va qurish qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

244. Chiqindi suvlarini, ularni suv havzasiga chiqarishdan oldin tozalash usuli loyiha va texnik hujjatlarda koʻrsatilgan boʻlishi kerak. Chiqindi omborlari suvlarini ochiq suv havzalariga (daryolar, koʻllar, irmoqlar), ularni baliq xoʻjaligi suv havzalari uchun moʻljallangan sanitariya meʼyorlarigacha, tegishli tozalamasdan chiqarish taqiqlanadi.

245. Chiqindi omborining suv yuvib ketgan uchastkalari toʻsilgan va ularga ogohlantiruvchi plakatlar va belgilar oʻrnatilgan boʻlishi kerak. Chiqindi omborining yuvilmalariga xizmat koʻrsatish uchun panjarali koʻprikchalar quriladi. Chiqindi omborida paydo boʻlgan tindirish irmogʻining suvlariga, oʻprindilar, jarliklar yoki voronkalarga borish, shuningdek, tindirish irmogʻining muzliklari boʻylab yurish taqiqlanadi.

246. Suv tashlanadigan inshootlarni koʻzdan kechirish va ularda taʼmirlashlarni amalga oshirish maxsus naryad-ruxsatnoma boʻyicha amalga oshiriladi. Quduqlar, sigʻimlar va kollektorlarda odamlarning borligi toʻgʻrisida plakatlar bilan xabardor qilinishi kerak.

247. Har bir fabrikada, korxona rahbari (rahbar oʻrinbosari — bosh muhandis) tasdiqlaydigan, chiqindilar ombori toʻgʻonini suv yuvib ketishi va boshqa avariyali vaziyatlarda yuz berishi mumkin boʻlgan avariyalarni bartaraf etish rejasi soʻzsiz ishlab chiqiladi.

Zaxira chiqishlari, odamlar harakatlanadigan yoʻllar, ishlarning texnologiyalari oʻzgarganda, uch kun muddatda avariyalarni bartaraf etish rejasiga tegishli oʻzgartirishlar kiritilishi va bu haqda xodimlar hamda mutaxassislarga imzo qoʻydirib tanishtirilishi kerak.

Korxonaning mutaxassislarini avariyali holatlarni bartaraf etish boʻyicha ishlarni tashkillashtirish va unga rahbarlik qilish hamda ularda shaxsan ishtirok etishning tartibi bilan fabrika rahbari (uning oʻrinbosari — bosh muhandis), xodimlarni esa tegishli boʻlim (sex, uchastka, boʻlinma) rahbari tanishtiradi.

Tanishtirish reja amalga kiritilishidan kamida 15 kun oldin, avariyalarni bartaraf etish boʻyicha rejaning oxirgi varagʻiga, shuningdek, avariyalarni bartaraf etish rejasi dalolatnomalariga imzo qoʻydirib oʻtkaziladi. Qayta tanishtirish har yili oʻtkaziladi.

Avariyalarni bartaraf etish rejasining oʻzi bajaradigan ishlarga taalluqli qismi bilan tanishib chiqmagan shaxslarni ishga qoʻyish taqiqlanadi.

248. Chiqindi ombori yuqori qatlamini chang bosishining oldini olish uchun uni mahkamlash (oʻt ekish, daraxtlar oʻtqazish va boshqalar) boʻyicha choralar amalga oshirilishi kerak.

10-bob. Minerallarning bir-biriga yopishishi va gʻoʻlaklash, ohaktoshni pishirish, quritish boʻlinmalari

1-§. Minerallarni bir-biriga yopishishi va gʻoʻlaklash

249. Har bir fabrikada oʻrnatilgan tartibda minerallarni bir-biriga yopishishi va gʻoʻlaklash jarayonlarini olib borish texnologiyasi boʻyicha, energiya tashuvchilar (gaz va boshqalar), yuqori haroratli operatsiyalarning qoʻllanishi, gaz hamda chang ajralishlari va omillarining xavfsizligi boʻyicha boshqa noqulayliklarning mavjudligi bilan bogʻliq holda, aniq sharoitlar uchun rudalar hamda konsentratlarni gʻoʻlaklash uslublari aniqlashtirilgan yoʻriqnomalar ishlab chiqilgan va tasdiqlangan boʻlishi kerak.

250. Bunkerlardagi dastlabki xomashyo, aralashtirish, qaytarish va toʻshamalar, shuningdek, bunkerlar yuklanadigan joylar chang, bugʻ va gaz ajralib chiqishiga yoʻl qoʻymaydigan aspiratsiya qurilmalari bilan jihozlanishi kerak.

251. Bunkerlarning tuynuklari kataklari oʻlchamlari 200 x 200 millimetr boʻlgan panjaralar bilan yopilgan va balandligi 1 metrdan kam boʻlmagan toʻsiqlar bilan toʻsilgan boʻlishi kerak.

252. Chang oʻtkazadigan moslamalardan changni yigʻishtirib olish gidro, pnevmotransport bilan yoki boshqa usulda amalga oshiriladi. Changni oʻtkazadigan moslamalardan changni gidro yoki pnevmotransport tizimiga tushirish usuli, uni atrof-muhitga chiqib ketishi va tarqalishi imkoniyatini qoldirmasligi kerak.

253. Aralashtiruvchi barabanlar va baraban-sovitkichlarga, ularni tozalash va taʼmirlashda odam kirishi uchun moʻljallangan tuynukning eshiklari mahalliy boshqarishda ham, xuddi, shuningdek, masofadan boshqarishda ham barabanning eshiklari ochiq boʻlganda, uning ishga tushishi imkoniyatiga yoʻl bermaydigan blokirovka bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

Aralashtirgich ishlab turganda bevosita barabandan namunalarni olish taqiqlanadi. Barabandan chiqqan shixtadan namuna olish avtomatlashtirilgan namuna olgichlar yordamida, ayrim hollarda esa qoʻlda amalga oshirilishi kerak.

254. Boʻlaklash va gʻoʻlaklash mashinalarining oʻchogʻi gorelkalariga gaz hamda bugʻni qabul qilish qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshirilishi kerak.

Oʻchoqning gaz gorelkalarini yoqish va oʻchirish tartibi, nazorat joylari va parametrlari, xavfsizlikning kerakli choralari korxona bosh muhandisi tomonidan tasdiqlangan maxsus yoʻriqnomada keltirilgan boʻlishi kerak.

255. Boʻlaklash mashinalari (minerallarni bir-birida yopishishi va qizdirilgan boʻlaklarni pishirish mashinalari) favqulodda va rejali toʻxtatilganda, ularga shixta, gaz va havo berishni toʻxtatish kerak. Bunda gaz gorelkalari gaz kelishini toʻxtatadigan avtomatik blokirovka bilan taʼminlangan boʻlishi kerak.

Tortish-puflash mashinalarini (eksgausterlar, ventilyatorlar, tutun soʻruvchilar) toʻxtatish, mashinadagi yonilgʻi toʻliq yonib boʻlgandan keyin amalga oshirilishi kerak.

256. Kollektorlar va gorelkalarning surilma qopqoqlariga xizmat koʻrsatish uchun ularga borishga qulaylik yaratilgan boʻlishi kerak. Magistral shiberlar masofadan turib, operator xonasidan boshqariladi. Bundan tashqari ularni qulay holda qoʻlda boshqarish imkoniyati ham koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

257. Pishirish mashinalarining yondiruvchi oʻchoqlarining devorlari va gumbazlari issiqlikdan izolyatsiyalangan boʻlishi kerak. Tashqi yuzasidagi harorat 45° S dan yuqori boʻlgan oʻchoqlar ustida binoning eng yuqori qismidan 1-2 metr balandlikka chiqarilgan havo tortish quvurlari va deflektorlar bilan jihozlangan soyabonlar oʻrnatilgan boʻlishi kerak.

Minerallarni bir-biriga yopishishi mashinasi boʻylab yondiruvchi oʻchoqlarga zich tutashadigan pana joy boʻlmagan hollarda qizib turgan shixta yuzasini toʻliq ekranlanishini taʼminlaydigan sovitish pardalari oʻrnatilgan boʻlishi kerak.

258. Fabrikaning gaz xoʻjaligiga xizmat koʻrsatadigan shaxslar, gazdan himoyalaydigan, ish joylariga yaqin boʻlgan maxsus ajratilgan joylarda saqlanishi va muntazam tekshirilishi kerak boʻlgan zarur apparatura bilan taʼminlangan boʻlishi kerak.

259. Shixtani yondirish uchun suyuq yonilgʻida ishlaydigan boʻlaklash qurilmalaridan foydalanish qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

260. Minerallarni bir-biriga yopishishi va pishirish mashinalarining ishchi maydonchalari zonasining aravachalarga yotqizish tushamalari va shixtalarni yuklash joylarida, shuningdek, gʻildiraklarni yotqizgichning gʻildiraklari uzatmalari va mashinalarning yon qismlarida, mashina ishlab turganda xizmat koʻrsatuvchi xodimlarning aravachalar panjaralarini almashtirish uchun ishchi tarmoqqa chiqadigan joyiga kirib qolishlariga yoʻl qoʻymaydigan toʻsiqlar boʻlishi kerak.

Bu joylarga kirish pishirish mashinasi toʻxtatilgandan va tegishli blokirovka oʻrnatilgandan keyin taʼminlanishi kerak.

261. Fabrikalarning barcha boʻlaklash amalga oshiriladigan ish joylarida yorugʻlik-tovush signalizatsiyasi va telefon aloqasi boʻlishi kerak.

262. Amaldagi fabrikalarda shixtani qizdirish uchun qaynoq qaytmadan foydalanishga, ixtisoslashgan tashkilot tomonidan bajarilgan loyiha boʻyicha amaldagi sanitariya meʼyorlariga muvofiq mehnatning sanitariya-gigiyena sharoitlari taʼminlangan holatda yoʻl qoʻyiladi.

Yangi fabrikalar loyihalashtirilayotganda texnologik jarayonda qaynoq qaytmadan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.

263. Qaytarish tuguni fabrikaning boshqa uchastkalaridan izolyatsiyalangan boʻlishi kerak.

Pishirish (qizdirib biriktirish) boʻlinmasi va qaytarish tuguni oʻrtasida toʻgʻridan-toʻgʻri telefon aloqasi yoʻlga qoʻyilgan boʻlishi kerak.

264. Minerallarning bir-biriga yopishishini qizdirib biriktirish texnologiyasi qaytma bunkerida osilib qolishlar hosil boʻlishiga yoʻl qoʻymaydigan qaytmani olishni taʼminlashi kerak.

Qaynoq qaytmalar bunkerga yopishib qolgan holda, uning oʻpirilishini maxsus vositalar (pnevmokoʻchirgich va boshqalar) bilan amalga oshirish kerak.

Bunkerdagi qaytma materialni suv bilan sovitish qatʼiy taqiqlanadi.

Bunkerlar va gʻalvirlar konstruksiyalarini suv bilan sovitish faqat bunker qaytmadan tozalangandan va xavfsizlikning qoʻshimcha choralari koʻrilgandan keyin mumkin boʻladi. Qaynoq qaytma bunkerlari issiqlikdan izolyatsiyalangan boʻlishi kerak.

265. Bugʻ hosil boʻlishini kamaytirish maqsadida qaynoq qaytma tashiladigan galereyalar oqimli-soʻruvchi ventilyatsiya bilan jihozlangan, yilning sovuq vaqtida beriladigan havo esa oldindan isitilgan boʻlishi kerak.

266. Baraban-sovitkichda qaytmani sovitish paytida bugʻ hosil boʻlishiga yoʻl qoʻymaslik uchun baraban-sovitkichlar materialni ortish va tushirish joylarida aspiratsiya tizimlari bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

267. Mashinaning qaytma bunkerlari ostidagi tarnovlarni faqat maxsus maydonchalardan turib, moslamalar yordamida tozalashga ruxsat etiladi.

268. Qaynoq qaytmani tasmali konveyerda tashiganda, uni konveyer tasmasiga oldindan yotqizilgan shixta ustiga joylashtirish kerak.

Qaytmani berish va konveyerda sovuq shixtaning boʻlishi avtomatlashtirishning maxsus tizimi bilan taʼminlanishi kerak.

269. Qizdirilgan boʻlaklarni (aglomerat) vagonlarga yuklash uchun moʻljallangan temir yoʻllar izlari chodirlar (zont) bilan yopilgan boʻlishi kerak, uning ostidagi changlangan havo maxsus ventilyator yordamida soʻrib olinadi, chiqindilarni tozalash esa maxsus moslamalar bilan amalga oshiriladi.

270. Yuklarni ortishni kuzatish uchun televizion yoki boshqa avtomatik moslamalar oʻrnatilgan boʻlishi kerak. Yuklash ishlash uchun normal sanitariya-gigiyena sharoitlari taʼminlangan maxsus izolyatsiyalangan xonadan boshqarilishi lozim.

271. Qizdirilgan boʻlaklarni (aglomerat) yuklash joylaridagi temir yoʻl izlarini tozalash, odatda mexanizatsiyalashtirilgan usulda amalga oshiriladi. Qizdirilgan boʻlaklarni (aglomerat) tashish uchun ularning toʻkilishiga yoʻl qoʻymaydigan maxsus vagonlardan foydalanish kerak.

272. Qizdirilgan boʻlaklardan namunalar olish avtomatik namuna olgichlar bilan maxsus joylardan, qizdirilgan boʻlaklarni konveyerda uzatish mavjud boʻlmagan hollarda esa koʻprikli kran greyferi bilan temir yoʻl vagonlaridan amalga oshiriladi.

273. Qizdirilgan boʻlaklarni (aglomerat) sovitish jarayoni ularning kalorimetrik usul bilan aniqlanadigan haroratini 140° S dan kam boʻlmagan haroratgacha tushishini taʼminlashi kerak.

274. Tayyor qizdirilgan boʻlaklarni gʻalvirdan oʻtkazish xonalari pishirish korpusidan binoning butun balandligi boʻyicha ajratilgan boʻlishi kerak. Gʻalvirdan oʻtkazish boʻlinmasiga va yuklarni tushirish maydonchalariga kirish eshiklari teshikni zich bekitishi kerak.

275. Sulfidli rudalardan qizdirilgan boʻlaklarni (aglomerat) ishlab chiqarishda boʻlaklash fabrikalari oltingugurtni tutib qoluvchi qurilmalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

276. Ketayotgan gazlar, retsirkulyatsiya va rekuperatsiya tizimlarining gaz-havo kollektorlari, mos ravishda ularning pishirish korpusi, xom-ashyoni tayyorlash boʻlinmasi va boshqa xonalarda joylashgan chang yigʻish bunkerlari issiqlikdan izolyatsiyalangan boʻlishi kerak.

Issiqlik izolyatsiyasining yuzasini muntazam changdan tozalab turish kerak.

277. Pishirishning yangidan loyihalashtirilayotgan korpuslarida pishirish mashinalarining tortish-puflash qurilmalari alohida korpusga (oraliq) yoki pishirish korpusi tarkibiga kiruvchi, yaxlit devorlar bilan izolyatsiyalangan xonaga joylashtirilgan boʻlishi kerak.

Tortish-puflash qurilmalarining xonasi pishirish boʻlinmasi bilan yorugʻlik-tovush signalizatsiyasi va tovushni izolyatsiyalaydigan kabinaga oʻrnatilgan telefon aloqasi bilan bogʻlangan boʻlishi kerak.

278. Ketayotgan gazlar va rekuperatsiya gazlari kollektorlarida tortish -puflash jihozigacha yoki undan keyin oʻrnatilgan surilma qopqoqlarni boshqarish mexanizatsiyalashtirilgan va elektrlashtirilgan boʻlishi kerak.

279. Pishirish mashinalarining konstruksiyasi bilan xonada foydalanish jarayonida gazlarning chiqishi va qizdirilgan boʻlaklarning qizib turgan qatlamidan issiqlikning chiqishiga yoʻl qoʻymaslik maqsadida “kon-pishirish aravachalari” tugunida samarali zichlik taʼminlanishi kerak.

280. Tutun soʻrgʻich yoki pishirish mashinasining ventilyatori avariyaviy toʻxtagan hollarda:

yonilgʻi berilishi avtomatik tarzda darhol toʻxtaydi va svechaning surilma qopqogʻi ochiladi;

pishirish mashinasi avtomatik tarzda toʻxtaydi. Ishlab turgan tortish-puflash qurilmalarining ishlashi yonilgʻi toʻliq yonib tugaguncha davom etadi.

2-§. Ohaktoshni pishirish

281. Ohaktoshni pishirish va ohak tayyorlash uchun moʻljallangan qurilmalarga mazkur Qoidalarning 249 , 250 , 254 , 261-bandlarida koʻrsatilgan minerallarning bir-biriga yopishishi (aglomeratsiya qilish) mashinalaridan foydalanishda qoʻyiladigan xavfsizlik talablari tatbiq etiladi.

282. Ohaktoshni pishirish va ohak tayyorlash uchun moʻljallangan qurilmalarda chang bostirishning amaldagi sanitariya normalariga muvofiq normal sanitariya-gigiyena mehnat sharoitlarini taʼminlaydigan samarali vositalar qoʻllanishi kerak.

283. Ohakni parchalash uchun suvdan foydalanish xavfsizlikning qoʻshimcha choralari koʻrilgan sharoitlarda ruxsat etiladi.

284. Ohak uning changishiga yoʻl qoʻyilmaydigan sharoitlarda oʻtkazilishi tashilishi kerak.

Ohakni pishirish boʻlinmalarida shamollatish yetarli boʻlmaganda yoki u nosoz boʻlganda ishlash taqiqlanadi.

3-§. Quritish boʻlinmalari

285. Quritish qurilmalari va ulardan qonunchilikda belgilangan tartibda foydalanish kerak.

286. Quritish qurilmasining yuqori haroratlargacha qiziydigan barcha yuzalari issiqlikdan izolyatsiyalangan yoki toʻsilgan boʻlishi, ish joylari esa havo dushlari bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

287. Quritish pechlariga material beriladigan tarnovlar va quvurlar yopiq va chang hosil boʻlishiga yoʻl qoʻymasligi uchun zich bekitilgan boʻlishi kerak.

Aylanadigan barabanlarning oʻtxona va yuk tushiriladigan kameralar bilan tutashgan joylari zich bekitilgan boʻlishi kerak.

288. Quritish qurilmalari va pechlar gazlarni chang va zararli aralashmalardan sanitariya meʼyorlarigacha tozalanishini taʼminlaydigan gazni tortish tizimi bilan jihozlanishi kerak.

289. Havoni tortish-puflash tizimi oʻchirilgan holatda quritish qurilmasining (pechlar) ishlashi taqiqlanadi. Havoni tortish-puflash qurilmalari ishlaganda, ishchi xonaga gazlar kirmasligi kerak.

290. Quritish qurilmasini texnologik yoʻriqnoma talablariga muvofiq ishga tushirilishi va toʻxtatilishi kerak.

291. Mazutni toʻkish uchun moʻljallangan avariyaviy bak nosoz yoki toʻla boʻlgan hollarda yoqish moslamalarini ishlatish taqiqlanadi.

292. Ishlab chiqarish xonalaridagi quritish qurilmasini yoqish uchun mazut zaxirasi bir kunlik ehtiyojdan koʻp boʻlmaganda ruxsat beriladi.

11-bob. Ruda, konsentratlar va noruda materiallar omborxonalari

293. Ekskavator (agʻdarmalar) omborxonalari va ulardan foydalanish amaldagi qonunchilik talablariga muvofiq boʻlishi kerak.

294. Shtabel ustidagi galereyalar isitish, drenaj va chang tutadigan aspiratsiya tizimlariga ega boʻlishi kerak.

295. Shtabel taxlagichlar yordamida choʻqqili omborxonalar qurishda relsli iz va suv yigʻish ariqchalarining holati, ularning koʻmilib qolmasligi, shuningdek, ishchi maydonchalar, traplar, zinalarni koʻkalamzorlashtirilgani nazorat qilinishi kerak.

Shtabel taxlagichlarning harakat hududi qorongʻi paytda yoritilishi kerak.

296. Quvur yoʻllari orqali sochiluvchan materiallar omborxonaga tashilayotganda quvurlar birlashgan joylarining germetikligi va yuk solinadigan joylarning zich yopilgan taʼminlangan boʻlishi lozim. Texnologik sharoitlar zich bekitish imkonini bermaydigan joylarda aspiratsiya tizimi soʻrgichlari oʻrnatilgan boʻlishi kerak.

297. Tovar kaolin xomashyosi va talk rudasini koʻmir, sement va ohak uyumlari yaqinida saqlash taqiqlanadi.

Talk, kaolin va grafitni sochilgan holda vagonlarga ortish chogʻida changni bosish vositalari qoʻllanishi lozim.

298. Sutkaning qorongʻi paytida omborxonalardagi temir yoʻl izlari yoritilgan boʻlishi kerak, yoritilmagan temir yoʻl izlarida ishlash taqiqlanadi.

299. Ekskavator ishlayotgan paytda uning kovshi, trosi, bloklari, skreperining harakat hududida odamlar (shu jumladan, xizmat koʻrsatuvchi xodimlar)ning boʻlishi taqiqlanadi. Kovsh (rotor)ni tozalash ekskavator toʻxtagan paytda va ekskavator mashinistining ruxsati bilan amalga oshiriladi. Bunday vaziyatda kovsh (rotor) yerga tushirilgan boʻlishi kerak.

Materiallarni ekskavatorlar yoki koʻprikli ortish qurilmalari bilan temiryoʻl vagonlariga ortish chogʻida brigada ekskavator yoki koʻprikli ortish qurilmasi mashinistining qonunchilikda oʻrnatilgan tartibda beradigan signallariga boʻysunishi kerak.

Ishdan xoli vaqtda ekskavatorning kovshi (ortgichning rotori) yerga tushirilgan, kabina yopilgan, elektr energiyasi uzilgan boʻlishi kerak.

300. Koʻp choʻmichli ekskavatorlar yoki koʻprikli yuklash qurilmalari ishlayotgan paytda yuk ortilayotgan vagon yaqinida, yuklarni ortish, tushirish lyuklari, konveyerlar va yuklash qurilmalari ostida odamlar boʻlmasligi kerak.

301. Ekskavatorlar yordamida yuk ortiladigan omborxonalarda shtabellarning balandligi amaldagi qonunchilik talablariga muvofiq qabul qilinishi kerak.

302. Materiallarni ortish va tushirish paytida ish hududi havosidagi changni sanitariya normalari darajasida boʻlishini taʼminlaydigan chang bosish yoki chang tutish choralari koʻrilishi lozim.

Ish hududi havosidagi changni sanitariya normalari darajasida boʻlishini taʼminlash imkoniyati boʻlmagan hollarda xodimlar respiratorlardan foydalanishlari kerak.

303. Omborxonalarda buldozerlarni motori ishlayotgan va pichogʻi koʻtarilgan holatda qarovsiz qoldirish, ish paytida esa trosni yoʻnaltirish, osma rama va pichoqda turish mumkin emas. Uzatmalar qutisi qoʻshilgan holatda motorni ishga tushib ketishiga yoʻl qoʻymaydigan blokirovka yoki motorni kabinadan turib yurgizish qurilmasi boʻlmagan buldozerda ishlash taqiqlanadi.

304. Taxlanadigan materialning maksimal qiyalik burchagi buldozer koʻtarilishda ishlayotganda 25 gradusdan, pastlikka (yuk bilan tushayotganda) ishlayotganda esa 30 gradusdan oshmasligi kerak. Material ortilayotganda bunkerlarga borish yoʻllarining qiyaligi 6 gradusdan oshmasligi kerak.

305. Piyodalar uchun moʻljallangan va shosse yoʻllar ruda boʻlaklari omborxonasi tomonidan brustver yoki toʻsiqlar bilan toʻsilishi kerak.

306. Tasmali konveyerlar, oʻziyurar bunkerlar yoki rotorli ekskavatorlar yordamida yuk tushiriladigan omborxonalarda galereyalarning yuk tushiriladigan boʻylama tuynuklari doimiy toʻsiqlar bilan oʻralgan yoki kataklarining oʻlchami 200 x 200 millimetr boʻlgan panjara bilan bekitilgan boʻlishi kerak.

12-bob. Elektrotexnik qurilmalar

307. Fabrikalarda elektr qurilmalari va ularga kelayotgan tarmoqlar, elektr qurilmalar qoidalari talablariga muvofiq bajarilishi kerak, ularni ishlatish Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 11-noyabrdagi 712-son qarori bilan tasdiqlangan Isteʼmolchilar elektr qurilmalarini texnik ekspluatatsiya qilish qoidalariga va Isteʼmolchilar elektr qurilmalarini ekspluatatsiya qilishda xavfsizlik texnikasi qoidalariga muvofiq amalga oshirish kerak.

308. Binolar va inshootlar qonunchilikda belgilangan tartibda yashindan himoyalagich bilan taʼminlangan boʻlishi kerak. Yashin qaytargichlarni koʻzdan kechirish va ularning holatini hamda zaminlovchi moslamaning qarshiligini tekshirish har bir chaqmoqlar mavsumidan oldin natijalarni muvofiq ravishda jurnalga qayd etgan holda oʻtkazilishi kerak.

309. Elektromexanik jihozni taʼmirlash, uni ishga tushirish va toʻxtatish tartibini korxona bosh muhandisi tomonidan tasdiqlangan yoʻriqnomaga qatʼiy rioya qilgan holda amalga oshirish kerak.

Portlashdan himoyalangan elektr jihozlari qonunchilikda belgilangan tartibda taʼmirlanadi.

310. Har bir elektr qurilmasi uchun ulardan normal va avariyaviy tartiblarda foydalanish sxemalari tuzilgan boʻlishi kerak. Elektr ulanish sxemalariga kiritilayotgan barcha oʻzgarishlar, shuningdek, zaminlagichlar oʻrnatilgan joylarning oʻzgarishi sxemada belgilanishi kerak. Foydalanish elektr sxemalari va ularga kiritilayotgan oʻzgarishlar fabrikaning elektr xoʻjaligiga masʼul boʻlgan xodim tomonidan tasdiqlanishi kerak.

311. Elektr sxemalarda isteʼmolchilarni ortiqcha kuchlanish va qisqa tutashuvlardan himoya qilish koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

312. Portlash-yongʻinga xavfli va yongʻinga xavfli boʻlgan materiallar ishlab chiqariladigan, qayta ishlanadigan yoki saqlanadigan binolar hamda tashqi qurilmalar qonunchilikda belgilangan tartibda portlash-yongʻinga va yongʻinga xavfi boʻyicha tasniflangan boʻlishi kerak.

13-bob. Kuchlanishi 1000 voltgacha boʻlgan elektr qurilmalari

1-§. Elektr qurilmalarini koʻzdan kechirish

313. Elektr qurilmalarini koʻzdan kechirish jarayonida Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 11-noyabrdagi 712-son qarori bilan tasdiqlangan Isteʼmolchilar elektr qurilmalarini texnik ekspluatatsiya qilish qoidalariga va Isteʼmolchilar elektr qurilmalarini ekspluatatsiya qilishda xavfsizlik texnikasi qoidalariga muvofiq bitta shaxs tomonidan bartaraf etish mumkin boʻlmagan nosozliklar aniqlanganda, u bu haqda zudlik bilan oʻzining bevosita boshligʻiga xabar berishi va foydalanish jurnaliga tegishli yozuvni kiritishi kerak.

Bu xildagi nosozliklar yuqori turuvchi boshliqning koʻrsatmasi boʻyicha ikkinchi shaxsning nazorati ostida koʻrsatilgan qoidalarda koʻzda tutilgan, ishlarni xavfsiz bajarishni taʼminlaydigan choralarga rioya qilgan va himoyalash vositalarini qoʻllagan holda bartaraf etiladi.

314. Himoyalash vositalaridan foydalanishdan oldin ular diqqat bilan koʻzdan kechiriladi va tozalanadi. Ularda tashqi shikastlanishlarning bor yoki yoʻqligini, shuningdek, tamgʻasi boʻyicha ularning mazkur qurilma kuchlanishiga muvofiqligini va ularni davriy sinovdan oʻtkazishning muddati oʻtib ketmaganligini tekshirish kerak.

Nosoz himoyalash vositalari yoki sinovdan oʻtkazish muddati oʻtib ketgan tamgʻa aniqlanganda, ularni zudlik bilan qoʻllashdan olish kerak.

Himoyalash vositalarining nomenklaturasini, ularni saqlash joylari va tegishliligini elektr qurilmalaridan foydalanish uchun masʼul boʻlgan shaxs belgilaydi hamda fabrika rahbari tasdiqlaydi.

2-§. Elektr qurilmalarida ish bajarayotganda va ularga xizmat koʻrsatayotganda qoʻshimcha xavfsizlik choralari

315. Taqsimlash qurilmalari xonasiga uzun narsalarni (quvurlar, narvonlar va shu kabilar) olib kirish va kuchlanish ostida boʻlgan barcha qismlari, tasodifan tegib ketish imkoniyatini bartaraf etadigan toʻsiqlar bilan toʻliq yopilmagan elektr qurilmalari yaqinida ular bilan ishlash, ishlarni bajaruvchi yoki ajratilgan kuzatuvchining uzluksiz nazorati ostida oʻta ehtiyotkorlik bilan amalga oshirilishi kerak.

316. Taʼmirlash ishlari uchun qoʻllanadigan havozalar va narvonlar mustahkam hamda ishonchli boʻlishi, silliq yuzalarga oʻrnatilayotgan narvonlarning ostida qoqilgan rezina asosi, yerga oʻrnatilayotganlarida esa oʻtkir metall uchliklari boʻlishi kerak.

Narvonlar yuqorigi uchlari bilan mustahkam tayanchga ishonchli tayangan holda turishi kerak. Bogʻlangan narvonlarni qoʻllashga yoʻl qoʻyilmaydi.

Tirab qoʻyiladigan narvonlarni kranosti balkalari balandligiga, metall konstruksiyalarning elementlariga va boshqalarga oʻrnatishda narvonning yuqorisi va pastki konstruksiyalariga ishonchli qilib mahkamlanishi kerak. Elektr qurilmalarga xizmat koʻrsatishda, shuningdek, ularni taʼmirlashda metall narvonlarni qoʻllash taqiqlanadi. Tirab qoʻyiladigan narvonlar sinovdan oʻtkazilgan boʻlishi va sinovdan oʻtkazilgani toʻgʻrisidagi tegishli yorliqqa ega boʻlishi kerak.

317. Ayrim ishlab chiqarish mashinalari va mexanizmlarni, ushbu mashinalar hamda mexanizmlarga xizmat koʻrsatishga ruxsat olgan, tegishli koʻrsatmalardan oʻtgan va ularga mustaqil xizmat koʻrsatish huquqiga ega boʻlgan shaxslar ishga tushirish apparaturalari yordamida qoʻshishlari hamda oʻchirishlari mumkin. Taʼmirlash uchun oʻchirilgan vaqtda ularning ishga tushirish moslamalariga “Qoʻshilmasin! Odamlar ishlayapti!” plakati osib qoʻyiladi.

318. Vaqtincha oʻchirib qoʻyilgan jihozni ishga tushirishdan oldin uni koʻzdan kechirish, uning kuchlanishni qabul qilishga tayyor ekanligiga ishonch hosil qilish va unda ishlaydigan xodimni uni qoʻshilayotganligi toʻgʻrisida ogohlantirish kerak.

319. Vaqtincha toʻsiqlarga “Toʻxta! Kuchlanish. “Hayot uchun xavfli!” ogohlantiruvchi plakatlar osib qoʻyilishi kerak.

320. Fabrikalarda davlat standartlari talablariga yoki belgilangan tartibda tasdiqlangan texnikaviy shartlarga javob beradigan elektromexanik jihozlar, elektr motorlar, transformatorlar, apparatlar, oʻlchov asboblari, himoya apparatlari, kabellar, simlar va shu kabilarni qoʻllashga ruxsat beriladi.

321. Gʻilof bilan yopilgan yoki shchit orqasiga oʻrnatilgan kommutatsiya apparatlari uzatmalarida qoʻshish va oʻchirish holatlari aniq koʻrsatilgan boʻlishi kerak.

3-§. Elektr yoritish

322. Chiroqlar ularga elektr jihozlardan kuchlanishni uzmasdan turib xizmat koʻrsatish mumkin boʻlgan holda joylashtirilgan boʻlishi kerak.

323. Umumiy yoritishdagi chiroqlarni tok bilan taʼminlash uchun 220 voltdan yuqori boʻlmagan kuchlanish qoʻllanishi kerak.

324. Yuqori xavfli va oʻta xavfli xonalarga choʻgʻlanma lampali chiroqlarni poldan 2,5 metrdan past balandlikka oʻrnatishda maxsus konstruksiyali chiroqlarni qoʻllash yoki 42 voltdan yuqori boʻlmagan kuchlanishdan foydalanish kerak. Bu talablar malakali xodimlar tomonidan kranda yoki maydonchalarda turib xizmat koʻrsatiladigan chiroqlarga qoʻllanmaydi.

Agar chiroqlar sexlarda yuqorida balandlikda joylashgan boʻlsa, ularga kranlar yordamida xizmat koʻrsatilishi mumkin, ishlar dielektrik qoʻlqoplarda ikkinchi shaxsning ishtirokida bajarilishi kerak. 127 — 220 voltga moʻljallangan lyuminessent lampali chiroqlarni, ularning kontaktli qismlarini tasodifiy tegib ketishlar imkoniyati mavjud boʻlmaganda, 2,5 metrdan kam boʻlmagan balandlikka oʻrnatishga ruxsat etiladi.

325. Mahalliy statsionar yoritish choʻgʻlanma lampali chiroqlarini tok bilan taʼminlash uchun:

yuqori darajadagi xavf boʻlmagan xonalarda — 220 voltdan yuqori boʻlmagan;

yuqori darajadagi xavf hamda oʻta xavfli xonalarda — 42 voltdan yuqori boʻlmagan kuchlanishlarni qoʻllash kerak.

Istisno tariqasida, quyidagi maxsus konstruksiyali chiroqlarda 220 volt va ungacha boʻlgan kuchlanishlarni qoʻllashga ruxsat beriladi:

mustaqil tok manbaidan tok oladigan avariyali yoritishning tarkibiy qismi boʻlgan;

yuqori xavfli xonalarga oʻrnatiladigan (lekin oʻta xavfli xonalarga emas).

42 voltdan ortiq kuchlanishdagi chiroqlarning metall armaturalari ishonchli zaminlanishi kerak.

326. Nam, oʻta nam, issiq va kimyoviy faol muhitli xonalarda mahalliy yoritish uchun lyuminessent lampalarni faqat maxsus konstruksiyali armaturadagilarni qoʻllashga yoʻl qoʻyiladi.

327. 42 volt va undan past kuchlanishli chiroqlar birlamchi va ikkilamchi kuchlanishlari alohida chulgʻamli elektr transformatorlaridan tok bilan taʼminlanishi kerak.

328. Ishlab chiqarish xonalarida ochiq (himoyalanmagan) lyuminessent lampalarni odamlarning uzoq vaqt boʻlishiga moʻljallanmagan xonalarda qoʻllashga yoʻl qoʻyiladi.

4-§. Koʻchma elektr asboblar va qoʻl chiroqlari

329. Elektr asboblar (elektr drellar, elektr gayka buragichlar, elektr shpilka buragichlar, silliqlash va sayqallash mashinalari, elektr payvandlagichlar, rezba qirqqichlar, titratkichlar va boshqalar) quyidagi talablarga javob berishi kerak:

ishda xavfsiz boʻlishi va tok oʻtkazuvchi qismlariga tasodifiy tegib ketish imkoniyatlarining boʻlmasligi;

elektr tarmogʻiga tez qoʻshilishi va tarmoqdan tez uzilishi, oʻz-oʻzidan qoʻshilmasligi va uzilmasligi.

330. Koʻchma elektr asboblarining kuchlanishi quyidagicha boʻlishi kerak:

xavf yuqori boʻlmagan xonalarda va xonalardan tashqarida 220 voltdan yuqori emas;

xavf yuqori boʻlgan xonalarda 42 voltdan yuqori emas.

Xavf yuqori boʻlgan xonalarda qoʻl chiroqlarini tok bilan taʼminlash uchun 42 voltdan yuqori boʻlmagan kuchlanish qoʻllanishi kerak.

331. 42 voltdan yuqori kuchlanishga moʻljallangan elektr asboblarining korpusi zaminlovchi sim ulanadigan “Z” yoki “Zamin” deb yozilgan farqlovchi belgisi boʻlgan maxsus qisqichga ega boʻlishi kerak.

332. Oʻta xavfli xonalarda, shuningdek, oʻta noqulay sharoitlarda, yaʼni elektr tokidan shikastlanish xavfini oshiradigan tirbandlik, ishlovchining yaxshi zaminlangan katta metall yuzalarga (qozonlarda, baklar, sisternalar va boshqa shu kabilarda ishlash) tegishi kabi noqulay holatlarda qoʻl va koʻchma chiroqlarni tok bilan taʼminlash 12 voltdan ortiq boʻlmagan kuchlanishda qoʻllanishi kerak.

333. Elektr asbobini masofadan boshqarishni va unda korpusga tutashish yoki zaminlovchi simning uzilishi boʻlganda avtomatik tarzda - zudlik bilan oʻchirishni taʼminlaydigan himoyalovchi ishga tushirgich mavjud boʻlganda, xonaning toifasidan qatʼi nazar, shuningdek, xonadan tashqarida 220 volt kuchlanishli elektr asbobidan foydalanishga ruxsat etiladi. Elektr asbobining 42 voltda ishlashini taʼminlashning imkoniyati boʻlmaganda, faqat, himoya vositalarini (qoʻlqoplar) qoʻllagan holda va elektr asbobning korpusi ishonchli zaminlangan boʻlganda 220 volt kuchlanishli elektr asboblardan foydalanishga ruxsat beriladi.

334. Elektr asboblarning ulanishi uchun moʻljallangan shtepselli ulagichning tok oʻtkazuvchi qismlariga teginishning imkoniyati boʻlmasligi va u qoʻshimcha zaminlovchi kontaktga ega boʻlishi kerak.

335. 12 va 42 voltli kuchlanishlarda qoʻllanadigan shtepselli ulagichlar (rozetkalar, vilkalar) oʻzlarining konstruktiv ijrosi boʻyicha 127 hamda 220 volt kuchlanishga moʻljallangan oddiy shtepselli ulagichlardan farq qilishi kerak hamda 12 va 42 volt kuchlanishlarga moʻljallangan vilkalarning 127 va 220 voltga moʻljallangan shtepselli rozetkalarga ulash imkoniyatlari boʻlmasligi kerak. 12 va 42 volt kuchlanishlarga moʻljallangan shtepselli ulagichlar 127 va 220 volt kuchlanishga moʻljallangan shtepselli ulagichlarning rangidan keskin farq qiladigan rangga ega boʻlishlari kerak.

336. Xodimning qoʻliga elektr asbobini berishdan avval uni korpusida tutashuvning yoʻqligi, zaminlovchi tomirning (simning) uzilmaganligi va simlar izolyatsiyasining holatini tekshirib koʻrish kerak.

337. Elektr asbobini tokka ulash uchun shlangli sim qoʻllanishi kerak, izolyatsiyasi 500 voltdan kam boʻlmagan kuchlanishga moʻljallangan, rezina shlangga solingan koʻp tomirli egiluvchan (PRG tipidagi) simlarni qoʻllashga ruxsat beriladi.

338. Elektr asbob bilan ishlayotganda tok uzilib qolganda yoki ishdagi tanaffuslar vaqtida elektr asbobi elektr tarmogʻidan uzib qoʻyilishi kerak.

14-bob. Kuchlanishi 1000 voltdan yuqori boʻlgan elektr qurilmalari

339. Kuchlanishi 1000 voltdan yuqori boʻlgan elektr qurilmalarini koʻzdan kechirishda bir nafar shaxs tomonidan qanday boʻlmasin ishlarni bajarish, shuningdek, toʻsiq orqasiga oʻtish, taqsimlash moslamasi kameralari va moyli uzgichning portlash kameralariga kirish taqiqlanadi. Jihozlar, apparaturalar va oshinovkalarni koʻzdan kechirishni kamera ostonasidan yoki toʻsiq oldida turib amalga oshirishga ruxsat beriladi.

340. Elektr qurilmasining qandaydir tok oʻtkazuvchi qismi yerga tegib turgani aniqlanganda, uni uzib qoʻyguncha bunday shikastlanish joylariga yopiq taqsimlash moslamalarida 4-5 metrdan yaqin masofaga va ochiq podstansiyalarda 8 — 10 metrdan yaqin masofaga yaqinlashish taqiqlanadi.

Bundan yaqinroq masofalarga yaqinlashishga, faqat ulash apparaturasida yerga boʻlgan ulanishni bartaraf etishga imkon beradigan operatsiyalarni bajarish uchun, shuningdek, jabrlanganlarga kerakli yordamlarni koʻrsatishda ruxsat beriladi. Bunday holatlarda albatta oʻzini qadam kuchlanishi taʼsiridan xavfsizlantirishi kerak: dielektrik botinkalar kiyiladi, gilamchalar yoki yerdan ishonchli izolyatsiya qiladigan boshqa narsalar toʻshaladi. Barcha operatsiyalar dielektrik qoʻlqoplarda yoki izolyatsiyalovchi shtangalarda bajarilishi kerak.

341. Vaqtincha toʻsiqlarda elektr toki bilan shikastlanish xavfi borligi toʻgʻrisidagi ogohlantiruvchi plakatlar osib qoʻyilgan boʻlishi kerak.

342. Kuchlanishi 1000 voltdan yuqori boʻlgan elektr qurilmalaridagi taʼmirlash ishlarini Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 11-noyabrdagi 712-son qarori bilan tasdiqlangan Isteʼmolchilar elektr qurilmalarini texnik ekspluatatsiya qilish qoidalarida va Isteʼmolchilar elektr qurilmalarini ekspluatatsiya qilishda xavfsizlik texnikasi qoidalarida koʻzda tutilgan tashkiliy va texnikaviy chora-tadbirlar amalga oshirilgandan keyin oʻtkazish kerak.

343. Ishlarni bajaruvchi (kuzatuvchi), nazoratni amalga oshiruvchi doimo ish joyida boʻlishi kerak. Kuchlanishi 1000 voltdan ortiq boʻlgan qurilmalar xonasida yoki ochiq podstansiyada taʼmirlash brigadasidan bir kishining, shu jumladan, ish bajaruvchining (kuzatuvchining) yolgʻiz qolishiga ruxsat berilmaydi. Mabodo ishni bajaruvchida (kuzatuvchida) bu yerdan chiqish zarurati boʻlsa va bu vaqtda masʼul rahbar uning oʻrnida turolmasa, u oʻzi boʻlmaydigan vaqtga brigadani xonadan tashqariga chiqarishi va eshikni tashqaridan qulflab qoʻyishi kerak.

344. Ish kuni davomida ishdagi tanaffuslar (tushlik yoki ishlab chiqarish mehnat sharoitlari boʻyicha) vaqtida brigada elektr qurilmalari xonasidan yoki ochiq podstansiyadan chiqishi kerak. Plakatlar, toʻsiqlar va zaminlashlar oʻz joyida qoladi. Tanaffusdan keyin ishlarni bajaruvchi yoki kuzatuvchi boʻlmaganda, ishlovchilardan hech birining kuchlanishi 1000 voltdan ortiq boʻlgan qurilmalar xonasiga yoki ochiq podstansiyaga kirishga haqqi yoʻq.

Bunday tanaffuslardan keyin tezkor xodimlar brigadaga ruxsat berish bilan shugʻullanmaydi. Ishlarni bajaruvchining (kuzatuvchining) oʻzi brigadaga ish joylarini koʻrsatadi.

345. Ishlar toʻliq tugaganidan keyin brigada ish joylarini yigʻishtiradi va shundan keyin uni masʼul rahbari koʻrib chiqadi.

346. Koʻchma toʻsiqlar (katak yoki shchit) ishlovchilarning tasodifan yoki xato qilib kuchlanish ostida qolgan tok oʻtkazuvchi qismlarga tegib ketishiga yoʻl qoʻymaydigan konstruksiyaga va toʻsiqlarning oʻzi bilan tok oʻtkazuvchi qismlarni yopib turishiga ega boʻlishi kerak. Shuningdek, toʻsiqlarni xavfsiz oʻrnatish imkoniyati koʻzda tutilgan boʻlishi va toʻsiqlarning barqarorligi boʻlishi kerak.

15-bob. Elektr motorlar

347. Ushbu Qoidalar kuchlanishi 1000 voltgacha va 1000 voltdan yuqori boʻlgan elektr motorlarga nisbatan tatbiq etiladi.

348. Elektr motorlarga va ular harakatga keltiradigan mexanizmlarga elektr motori hamda mexanizmlarning aylanish yoʻnalishini koʻrsatadigan strelkalar chizib koʻrsatilgan boʻlishi kerak.

349. Elektr uzatmaning odatdagi ish rejimi buzilgan holatlarda ular zudlik bilan (avariyaviy) elektr tarmogʻidan uzilishi kerak.

Fabrikaning bosh muhandisi tomonidan tasdiqlangan mahalliy yoʻriqnomada qaysi holatlarda elektr motorini avariyaviy oʻchirish kerakligi, shuningdek, avariya holatini bartaraf etish va elektr motorini ishga tushirishning tartibi koʻrsatilgan boʻlishi kerak.

350. Elektr mashinalar stator chulgʻamlarining chiqishlari va kabel voronkalarini mahkamlash hamda mashina ishlayotgan vaqtda olish taqiqlanadigan toʻsiqlar bilan himoyalanishi kerak.

Elektr mashinalari hamda ishga tushirish-rostlash apparaturalari chiqishlarining korobkalari uni maxsus asboblarsiz ochish mumkin boʻlmagan holda zichlangan va qopqoq bilan yopilgan boʻlishi kerak.

351. Stator, yakor va qutbiy toklar chulgʻamlarining chiqishlari belgilarga ega boʻlishi kerak. Ishga tushirish-rostlash moslamalarida “pusk” (ishga tushirish) va “stop” (toʻxtatish) holatlari belgilangan boʻlishi kerak.

352. Guruhli shchitlarga montaj qilingan uzgichlar, kontaktorlar, magnitli ishga tushirgichlar, biriktirgich-ajratkichlar va boshqa shu kabilarda, shuningdek, saqlagichlarda ularning qaysi motorga tegishliligini koʻrsatadigan yozuvlari boʻlishi kerak.

353. Elektr motorni taʼmirlash uchun toʻxtatgandan keyin shchitdan yoki yigʻilgan joydan unga tok yetkazib beradigan kabeldan kuchlanishni uzish, oʻchirgichning uzatmasiga esa “Qoʻshilmasin! Odamlar ishlayapti!” plakatini osib qoʻyish kerak.

“Qoʻshilmasin! Odamlar ishlayapti!” plakatini olish va mashinani qoʻshish faqat ishlarni bajarayotgan shaxs ishlarni tugatgani toʻgʻrisida jurnalga yozuv kiritgandan keyingina mumkin, ishni qabul qilib olgan shaxs esa elektr motorni qoʻshishga ruxsat berilgani toʻgʻrisida yozuv kiritadi.

16-bob. Maxsus elektr qurilmalari

1-§. Elektr payvandlash

354. Binolardagi doimiy elektr payvandlash ishlari buning uchun maxsus ajratilgan shamollatiladigan, oʻt oʻchirish vositalari bilan jihozlangan xonalarda bajarilishi kerak.

Payvandlash uchun moʻljallangan xonalarda yengil alangalanadigan vositalar va materiallarni saqlash taqiqlanadi.

355. Elektr payvandlash qurilmalarini fabrikaning boʻlinmalari va sexlarida faqat doimo qulf bilan yopilgan holatda boʻladigan maxsus kommutatsion apparaturalarga (biriktirgich-ajratkichlar) ulash mumkin. Apparatlarga boshqa tok qabul qilgichlarni ulash taqiqlanadi.

356. Elektr payvandlash qurilmasining korpusi, shuningdek, payvandlash transformatorining buyumga ketadigan sim ulanadigan (qaytish simi) ikkilamchi chulgʻami qisqichi, har biri alohida zaminlashning umumiy konturiga zaminlangan boʻlishi kerak.

357. Tutashtirilgan va borish qiyin boʻlgan boʻshliqlarda, xavfli sharoitlarda (balandlikda), sigʻimlarning ichlarida, nam xonalarda va shu kabilardagi payvandlashlarni, odatda doimiy tokdan foydalangan holda oʻta xavfli ishlar uchun olinadigan naryad-ruxsatnoma boʻyicha amalga oshirish kerak. Payvandlash apparatlari payvandlash zanjiri uzilganda, salt yurish kuchlanishini cheklaydigan yoki avtomatik tarzda uziladigan moslamaga ega boʻlishi kerak.

Yopiq sigʻimlar ichidagi payvandlash ishlarini maxsus naryad boʻyicha elektr xavfsizligi boʻyicha attestatsiyadan oʻtgan ikkitadan kam boʻlmagan shaxslar bajaradi. Bunda ularning bittasi, elektr xavfsizligi boʻyicha III-malaka guruhiga ega boʻlgani, payvandlanayotgan sigʻimning tashqarisida turishi kerak va ishlarni xavfsiz oʻtkazilishi boʻyicha nazoratni amalga oshiradi.

Sigʻimning ichida ishlayotgan shaxs, albatta arqonning bir uchi bogʻlangan saqlovchi kamar bilan taʼminlanishi, arqonning ikkinchi uchi esa sigʻimdan tashqarida turgan ikkinchi shaxsda boʻlishi kerak.

358. Payvandlash qurilmasini har qanday taʼmirlashni u kuchlanish ostida boʻlganda bajarish taqiqlanadi.

359. Payvandlash elektrod tutgichning konstruksiyasi milliy standartlariga muvofiq boʻlishi kerak.

360. Elektr yoyi yordamida payvandlashda ishlar tugagandan keyin tok manbai elektr tarmogʻidan uziladi, elektrod tutgichning simi tok manbaidan uziladi va yigʻishtirib yopiladigan qutiga (xonaga) solinadi.

361. Ustaxonalarda, kabinalarda, payvandlashning ish joylarida ogohlantirish plakatlari osib qoʻyilishi kerak. Elektr payvandlash ishlari bajariladigan joylarni yorugʻlik oʻtkazmaydigan shchitlar yoki yonmaydigan materiallardan tayyorlangan pardalar bilan toʻsilishi kerak.

362. Bosim ostida boʻlgan (qozonlar, ballonlar, uzatuvchi quvurlar va shu kabilar) yopiq idishlarda yoki alangalanib ketadigan yoki portlash xavfi boʻlgan moddalari mavjud idishlarda payvandlash ishlarini bajarish taqiqlanadi.

Sisternalar, baklar, bochkalar, rezervuarlar va boshqa yonilgʻi hamda yengil alangalanadigan suyuqliklar, shuningdek yonuvchi hamda portlash xavfi boʻlgan gazlar ostida boʻlgan sigʻimlarni, oldindan diqqat bilan tozalamasdan, bu sigʻimlarni yaxshilab bugʻlamasdan va shamollatib gazlarini ketkazmasdan elektr payvandlashga va kesishga yoʻl qoʻyilmaydi.

2-§. Gaz tozalovchi elektr qurilmalari

363. Gazlarni elektr tozalash va chang tutish boʻyicha qurilmalar amaldagi texnik jihatdan tartibga solish toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq bajarilgan boʻlishi kerak.

364. Kuchaytirish-toʻgʻrilash agregatlarining katakchalari va 1000 voltdan yuqori kuchlanish ostida boʻlgan boshqa qismlarning joylashgan joylari kalitlaridan, bir vaqtning oʻzida Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 11-noyabrdagi 712-son qarori bilan tasdiqlangan Isteʼmolchilar elektr qurilmalarini texnik ekspluatatsiya qilish qoidalarida va Isteʼmolchilar elektr qurilmalarini ekspluatatsiya qilishda xavfsizlik texnikasi qoidalarida nazarda tutilgan talablarga muvofiq malaka guruhiga ega boʻlgan ikki kishidan kam boʻlmagan shaxslar foydalanishlari mumkin.

365. Gaz tozalash qurilmasi boʻyicha bir nafar navbatchiga, elektr filtrlarga xizmat koʻrsatish boʻyicha mahalliy yoʻriqnomalarda bajarilishi koʻzda tutilgan ishlardan tashqari qandaydir ishlarni bajarishga ruxsat berilmaydi.

366. Elektr agregatlar hamda toʻgʻrilangan kuchlanish liniyalarini qoʻshish va oʻchirish boʻyicha, shuningdek, zaxira agregatlarga oʻtish operatsiyalarni tezkor xodimlarning bir nafar shaxsi amalga oshirishi mumkin. Gaz tozalash qurilmasi boʻyicha navbatchini brigada aʼzosi (ikkinchi shaxs) sifatida jalb etish kerak.

367. Elektr filtri yoki uning seksiyalarini ichki koʻzdan kechirish hamda taʼmirlash, elektr filtri har ikkala tomonidan zich va soz shiberlar yoki tiqinlar bilan gazdan uzilgan, kuchlanish olingan, nazorat tizimlari zaminlangan, korpus qoldiq gazlardan toʻliq tozalanguncha shamollatilgan hamda elektr filtrida zaharli gazlarning yoʻqligi tahlili oʻtkazilgandan keyin, faqat elektr filtri uchun masʼul boʻlgan shaxsning bevosita kuzatuvida yoki ishtirokida oʻtkazilishi kerak.

368. Elektr filtrlari, chang tutkichlarning yuqorigi qismida ishlaganda, faqat yuqorigi qopqoqli tuynuklarini ochishi kerak. Elektr filtrlari, chang tutgichlarning pastki qismida ishlarni boshlashdan oldin elektrodlarni qoqish va bunkerlarni changdan toʻliq tozalash kerak.

3-§. Elektr pechlar

369. Elektr energiyasidan texnologik maqsadlar uchun elektr isitish maqsadida qoʻllash masalasini Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi bilan kelishish uchun, uning energiya eltuvchi sifatida qoʻllanishini va isitishning boshqa usullariga (yoqilgʻi oʻti pechlari, bugʻ bilan qizdirish, ikkilamchi energiya resurslaridan foydalanib) almashtirishning imkoniyati mavjud emasligi asoslab berilishi kerak.

370. Elektrotermik qurilmalarning (pechlar) tuzilishi va joylashishi amaldagi qonunchilik talablariga muvofiq boʻlishi kerak.

371. Elektrotermik qurilmalardan (pechlar) foydalanishni qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshirish kerak.

372. Fabrikalarda elektr isitish asboblari va oʻrnatilishi hamda ishlashi amaldagi xavfsizlik qoidalari va meʼyorlariga mos kelmaydigan, seriyali ishlab chiqarilmagan elektr jihozlarni qoʻllash taqiqlanadi.

4-§. Aloqa, signalizatsiya va avtomatika

373. Aloqa, signalizatsiya va avtomatika moslamalarini tok bilan taʼminlash 220 voltdan ortiq boʻlmagan kuchlanishli kuch tarmogʻidan, akkumulyator batareyalaridan yoki toʻgʻrilash qurilmalaridan amalga oshirilishi kerak. Barcha telefon liniyalari ikki simdan kam boʻlmasligi kerak.

374. Aloqa, signalizatsiya va avtomatika qurilmalarini yuqori kuchlanishli liniya, yashin razryadlari hamda adashgan toklar taʼsiridan himoya qilish taʼminlanishi kerak.

375. Aloqa, signalizatsiya va avtomatika moslamalari zanjirlaridagi ishlar ijro sxemalari boʻyicha amalga oshirilishi kerak.

17-bob. Transport

1-§. Temiryoʻl va avtomobil transporti

376. Korxona ixtiyoridagi temir yoʻllar va inshootlar, koʻchma tarkib, aloqa, signalizatsiya va blokirovka, shuningdek, poyezdlar harakatini tashkil etish va yuklash-tushirish ishlarini bajarish sohaga oid normativ hujjatlarda belgilangan tartibda amalga oshirilishi shart.

377. Yuklash-tushirish uchastkalariga vagonlarni uzatish va olib chiqish mexanizatsiyasining jihozlari va inshootlari ihotalarga hamda harakatlanvuchi va aylanuvchi qismlar yoki ularning taʼsir zonalari ishlarning xavfsiz bajarilishini taʼminlaydigan toʻsiqlarga ega boʻlishi shart.

378. Temiryoʻllar yaqiniga joylashgan binolardan chiqish yoʻlaklari, temiryoʻllarga parallel qilib qurilishi kerak. Agar chiqish yoʻlaklari bevosita fabrika temiryoʻl transporti koʻtarmasi tomonga yoʻnaltirgan boʻlsa, unda rels yoʻli piyodalarning harakatlanish yoʻnalishi boʻylab binoning butun uzunligida jihozlangan oʻtish joyigacha yoki yaqin yoʻlgacha panjaralar bilan toʻsilgan boʻlishi kerak.

Yaqinlashayotgan poyezdni normal koʻrishni toʻsuvchi binolar va inshootlardan temiryoʻllariga chiqish joylarida ham toʻsuvchi gʻovlar oʻrnatilishi lozim.

Fabrikalarga temiryoʻllarini kesib oʻtish joylarida oʻtish koʻprikchalari yoki tonnellar koʻzda tutilgan boʻlishi shart. Agar bularni qurishning iloji boʻlmasa, unda harakatlanvuchi tarkib yaqinlashayotgani haqida xabar beruvchi yorugʻlik va tovushli signalizatsiya oʻrnatilishi lozim.

379. Yukni tushirish uchun temiryoʻl vagonlarini fabrika korpusiga kiritish korpusning xizmat koʻrsatuvchi personali tomonidan ruxsat beruvchi yorugʻlik signali (svetofor) ulangandan keyin amalga oshirilishi kerak.

380. Temiryoʻl tarkiblari yaqinlashayotganda qabul qiluvchi qurilmalar (bunkerlar) yaqinida odamlar xavfsiz turadigan joylar koʻzda tutilgan boʻlishi shart. Uzatish va toʻkish paytida qabul qiluvchi bunkerning toʻkish tomonida odamlarning turishi taqiqlanadi. Vagonlardan yukni faqat ruda qabul qiluvchining koʻrsatmasi va signali boʻyicha tushirish kerak.Toʻkish ishlarini bajarayotganda bunkerlarning lozim sahtgacha toʻlishini nazorat qilishni taʼminlash zarur.

381. Bunkerlarning qabul maydonchalarida rudalarni yarim vagonlarga uzatishda odamlarning xavfsiz va qulay harakatlanishlari uchun (temir yoʻl izlari boʻylab) yurish maydonchalari qurilishi kerak. Maydonchalarni oʻz vaqtida toʻkilmalardan tozalash zarur. Yarim vagonlarning qopqoqli tuynuklarini ochish uchun vagonlardan yuklarning xavfsiz tushirilishini taʼminlaydigan, relslarning kallaklaridan baland boʻlgan traplar qurish kerak.

382. Qabul qiluvchi moslamalarning ishchi maydonchalarida joylashgan vagon agʻdargichlar mustahkam panjarali toʻsiq bilan toʻsilishi kerak. Vagon agʻdargichlar ushbu maqsadlar uchun maxsus jihozlangan, yuklarni tushirish maydonchalarida yaxshi koʻrinadigan xonadan boshqariladi.

383. Rudalar kontaktli elektrovozlarda olib kelinganda, ularni tushirish joylariga elektr tokidan shikastlanishning xavfi toʻgʻrisidagi ogohlantiruvchi plakatlar osib qoʻyilishi kerak.

384. Elektrovozda foydali qazilmani tashishda qabul qilish bunkerlari ustidagi xonaga kiradigan kontakt simlari, seksiyali zaminlovchi pichoqli ajratkichlar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

Bunkerusti xonasida joylashgan kontakt tarmogʻidan kuchlanishni uzmasdan turib, vagonlardagi yuklarni tushirish taqiqlanadi. Kontakt tarmogʻida kuchlanishning yoʻqligini yorugʻlik signali bilan tasdiqlash kerak.

Kontakt tarmogʻidagi kuchlanish uzilmagan boʻlsa, elektrovoz vagonlarining ustiga chiqish taqiqlanadi.

385. Nosoz vagonlardan yuklarni tushirish, shuningdek, qabul qilish moslamalarining yuklarni tushirish maydonchasida taʼmirlash taqiqlanadi.

386. Vagonlardan yuklarni tushirish, uni yopishib qolgan rudalar va boshqa materiallardan mexanizatsiyalashgan usulda (agʻdarish, suradigan va tekislaydigan mashina bilan, gidroyuvish va boshqalar) yoki bu ishlarning xavfsizligini taʼminlaydigan mexanizmlar va moslamalar yordamida tozalanishi kerak. Yuklar tushiriladigan zonada odamlarning boʻlishi taqiqlanadi.

387. Temiryoʻl izlari, qabul qilish moslamalarini tozalashda ishlar bajariladigan joy transport vositasining toʻxtash signallari bilan tormoz yoʻlidan kam boʻlmagan masofada toʻsilgan boʻlishi, stansiya boʻyicha navbatchi esa bajariladigan ishlar toʻgʻrisida oldindan ogohlantirilgan boʻlishi kerak. Turgan tarkibning vagonlaridan yuklar tushirilayotgan vaqtda yoʻllarni tozalash taqiqlanadi.

388. Metallurgiyaning qayta ishlash chiqindilari (domna pechlarining yoqilgʻi tashlanadigan yuqori qismi changlarini, aglomerat fraksiyasining mayda chiqitlari va boshqalar) maxsus oʻz yuklarini oʻzlari tushiradigan vagonlar yoki avtoagʻdargichlarda fabrikaga olib kelinishi kerak.

389. Changib ketadigan maxsulotlarni ortish va tushirishda changni bostirish boʻyicha choralar koʻrilishi va changdan himoyalaydigan shaxsiy himoya vositalari qoʻllanishi kerak.

390. Fabrikalarda avtomobil transportidan foydalanish Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-apreldagi 172-son qarori bilan tasdiqlangan Yoʻl harakati qoidalari talablariga muvofiq boʻlishi kerak.

391. Fabrika hududida avtomashinalar va poyezdlarning harakatlanish tezligi hamda tartibini mahalliy sharoitni hisobga olga holda korxona belgilaydi va tegishli yoʻriqnoma bilan tartibga solinadi.

392. Ruda avtotransport vositasi bilan berilganda qabul qilish bunkerining yuklarni tushirish maydonchasida quyidagilar amalga oshirilishi kerak:

avtomashinaning bunkerga qulab tushishiga yoʻl qoʻymaydigan tirgaklarni oʻrnatish;

texnik nosozlik oqibatida avtomobil koʻtarilish yoki nishablikda toʻxtaganda, uning oʻz-oʻzidan yurib ketishini bartaraf etadigan (mashinani tormozlash, motorni oʻchirish, gʻildiraklar ostiga tirgaklar qoʻyish va shu kabilar) va nosozlikni bartaraf etgunga qadar uchastkada xavfsizlikni taʼminlaydigan choralarni koʻrish kerak;

yuklarni tushirish joyiga orqaga tislanish harakatini 30 metrdan ortiq boʻlmagan masofaga moʻljallash.

393. Avtoagʻdargichlarning yuklarni tushirib boʻlgandan keyin kuzovi koʻtarilgan holda harakatlanishiga, shuningdek, uzluksiz tovushli signal bermasdan turib orqaga harakatlanishiga yoʻl qoʻyilmaydi,

2-§. Osma poʻlat arqonli yoʻllar

394. Osma poʻlat arqonli yoʻllarni qurish va ulardan foydalanishni qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshirish kerak.

395. Rudalar osma poʻlat arqon yoʻllar orqali yetkazib berilganda, qabul qilish bunkerlarining yuklarni tushirish voronkasi katakchalari oʻlchami 400x400 millimetrdan kam boʻlmagan panjaralar bilan yopilgan boʻlishi kerak.

396. Stansiyadan poʻlat arqonlarning chiqish zonasida yuklarni tushirish voronkasi oldidagi ish joylari, vagonetka oʻz-oʻzidan uni tortib turadigan poʻlat arqondan uzilib ketgan holatda ishlarning xavfsizligini taʼminlaydigan toʻsiqlarga ega boʻlishi kerak. Kontryuklar ostidagi joylar 2 metrdan kam boʻlmagan balandlikda toʻsilgan boʻlishi, kontryuklarning quduqlari esa toʻshamalar bilan yopilgan boʻlishi kerak.

397. Yuklarni tushirish voronkalari oldidagi ishchi maydonchalari va poʻlat arqon yoʻllar oʻzaro toʻgʻridan-toʻgʻri telefon aloqasi hamda signalizatsiya bilan taʼminlangan boʻlishi, shuningdek, poʻlat arqon yoʻlining uzatmasini mashinistga signal berish bilan avariyali toʻxtatish imkoniyatiga ega boʻlishi kerak.

Poʻlat arqon yoʻli toʻsatdan toʻxtab qolganda, toʻxtashning sabablari aniqlanishi va nosozlik bartaraf etilgunga qadar uni ishga tushirish taqiqlanadi.

3-§. Uzluksiz transport

398. Korxona maʼmuriyati tomonidan fabrikada konveyerlar va uzluksiz transportning boshqa turlarining holati hamda ulardan xavfsiz foydalanishni nazorat qiladigan shaxslar doirasi aniqlab olinishi kerak.

399. Tasmali konveyerlarda tasmalar joyidan jilmay aylanganda va uzilganda, shuningdek, yuk tushiradigan voronka hamda novlar tiqilganda uzatmani oʻchiradigan moslama koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

400. Tasmali konveyerlarda tasmalar va barabanlarni yopishib qolgan materiallardan mexanik tozalaydigan moslamalar boʻlishi kerak.

401. Konveyerlardagi yuklar tushiriladigan aravachalar uchun soʻngi toʻxtatkich, relsli yoʻllarda esa maxsus tirgaklar kerak.

Yuklarni avtomatik tarzda tushiradigan aravachalar va koʻchma mokidek qatnab borib keluvchi konveyerlarning elektr motorlariga elektr tokini olib borish osma shlangli kabellarda bajarilishi kerak. Yuklarni avtomatik tarzda tushiradigan aravachalar va koʻchma mokidek qatnab borib keluvchi konveyerlarning elektr motorlarini elektr toki bilan poldan yoki xizmat koʻrsatadigan maydonchadan 3,5 metrdan kam boʻlmagan balandlikda joylashgan kontaktli simlar boʻyicha taʼminlashga ruxsat beriladi. Trolley simining ilgagi bundan kam balandlikda (3,5 metrdan 2,2 metrgacha) boʻlsa, maxsus toʻsiqlar qurilishi kerak.

Yuk tushiradigan aravachalar, ularning oʻz-oʻzidan harakatlanib ketishini bartaraf etadigan moslamalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

402. Tasmali konveyerlar ostiga toʻkilgan materiallarni yigʻishtirish mexanizatsiyalashgan (gidravlik yigʻishtirish va boshqalar) boʻlishi kerak. Bosh, oxirgi va ogʻishdan chetga chiqish barabanlari ostidagi materallarni qoʻlda yigʻishtirishga faqat konveyer toʻxtatilganda, uzatmaning elektr sxemasi ajratilganda, ishga tushirish moslamalarida “Qoʻshilmasin! Odamlar ishlayapti!” ogohlantiruvchi plakati osib qoʻyilganda ruxsat beriladi. Konveyerning motorini ishga tushirish tizimi bosh va oxirgi barabanlarning toʻsiqlari olinganda, motorning ishlashiga yoʻl qoʻymaydigan blokirovkaga ega boʻlishi kerak.

403. Konveyerning tasmasi harakatlanganda yon tomonga siljimasligi, barabanlar va rolik tayanchlarining chetlari chegarasidan chiqib ketmasligi kerak.

Konveyer tasmasining harakati yoʻnalishini tartibga soluvchi maxsus markazlashtiruvchi qurilmalar va moslamalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

Konveyer ishlab turganda qoʻl bilan tasmaning harakatini yoʻnaltirish, shuningdek, yon tomon zichliklarini tuzatish taqiqlanadi.

404. Konveyer tasmasining joyidan jilmay aylanishini barabanlar va tasmalar tozalangandan hamda tasmani tortish moslamalari bilan tegishli darajada tortgandan keyin bartaraf etish kerak. Konveyerning harakatlanadigan va aylanadigan qismlariga (tasma, barabanlar, roliklar) tashilayotgan materiallar toʻkilib qolganda, ularni qoʻshish hamda ulardan foydalanish taqiqlanadi.

Konveyerlar uzatish barabanlarining oʻqlari polning sathidan 1,5 metrdan balandda joylashganda, uzatmalarga xizmat koʻrsatish uchun toʻsiqlar va narvonlar bilan jihozlangan maydonchalar qurilishi kerak.

405. Polning sathidan galereya va estakada konstruksiyalarining pastki qismigacha boʻlgan balandlik 2 metrdan kam boʻlmasligi kerak. Galereya va estakadalarning eni oʻtishni taʼminlaydigan sharoitlarga muvofiq boʻlishi kerak, yaʼni konveyerning bir tomonidan 800 millimetrdan kam boʻlmasligi (odamlarning oʻtishi uchun); boshqa tomonidan tasmaning eni 1400 millimetrgacha boʻlganda, 700 millimetrdan va tasmaning eni 1400 millimetrdan ortiq boʻlganda, konveyerning har ikkala tomonidan 800 millimetrdan, ikki va undan ortiq parallel konveyerlarning oraligʻi 1000 millimetrdan, galereyaning devori hamda konveyerning staninasi oraligʻi tasmaning eni 1400 millimetrgacha boʻlganda, 700 millimetrdan va tasmaning eni 1400 millimetrdan ortiq boʻlganda, 800 millimetrdan kam boʻlmasligi kerak.

406. Plastinkasimon konveyerlarni oʻrnatishda, ularga har ikki tomondan xizmat koʻrsatish imkoniyati koʻzda tutilishi kerak. Konveyerlar oʻrtasidagi erkin oʻtish yoʻlagining enini 1,2 metrdan, bino devorlari va konveyer oʻrtasida yoʻlakning enini esa 1 metrdan kam boʻlmaydigan qilib qabul qilish kerak.

407. Nishab holatda oʻrnatilgan plastikasimon va kurakli konveyerlarning tashuvchi boʻlimlari konveyer tasmasi uzilganda, uning qochib ketishining oldini olish uchun tutgichlar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

408. Shneklar va kurakli konveyerlarni oʻrnatishda, ularga eni 0,8 metrdan kam boʻlmagan erkin oʻtish yoʻlagidan bir tomonlama xizmat koʻrsatishga yoʻl qoʻyiladi.

Shneklar va kurakli konveyerlarning qoplamalari qopqoqlarini (maxsus kuzatish darchalari va tuynukchalaridan tashqari), shneklar hamda kurakli konveyerlar ishlayotganda, ularning aylanayotgan va harakatlanayotgan qismlariga tegishga yoʻl qoʻymaydigan blokirovka bilan jihozlash kerak.

409. Tasmali konveyerda barabanli agʻdaradigan aravachalar yoki harakatlanuvchi taʼminlagichni oʻrnatishda, mazkur Qoidalarning 404-bandi talablariga muvofiq konveyerning har ikkala tomonidan oʻtish yoʻlaklari koʻzda tutilishi kerak.

410. Yerosti-yerusti konveyer galereyalari yer ustiga chiqqanda, ularda tashqi kirishlar koʻzda tutilgan va konveyer ustidan oʻtish yoʻllari oʻrnatilgan boʻlishi kerak.

411. Galereya va estakadalardan avariyaviy holatlarda chiqish yoʻllari hamda oʻtish koʻprikchalarini kamida har 100 metrda joylashtirish kerak. Koʻprikchalar toʻshamalari yaxlit boʻlishi va pastdan 0,14 metr balandlikka yonlari qoplangan, balandligi 1 metrdan kam boʻlmagan panjaralar bilan toʻsilishi kerak.

412. Konveyer galereyasining 7 gradusdan ortiq qiyalikdagi oʻtish yoʻlaklarida pogʻonalar yoki yogʻoch traplar qurilgan boʻlishi kerak.

413. Chang-gaz ajratadigan materiallar tashiladigan konveyer galereyalarida, ularning binolarga toʻtashgan joylarida oʻz-oʻzidan yopiladigan eshiklar bilan toʻsiqlar qurilishi kerak.

414. 6 gradusdan ortiq nishablikdagi barcha tasmali va plastinkasimon konveyerlar, konveyerlar toʻxtaganda tasmaning yuklangan tarmogʻi teskari yoʻnalishga siljib ketishiga toʻsqinlik qiladigan toʻxtatadigan moslamalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

415. Konveyer tasmasining harakatlanish tezligi rudalarni qoʻlda ajratishda 0,5 metr/soniyadan ortiq boʻlmasligi kerak. Rudalarni ajratish joylarida tasmani toʻsib qoʻyish kerak.

416. Konveyerlar oʻtish joylari va jihozlarning ustida joylashganda, ularning pastki qismi toʻkilayotgan materiallarning tushishiga yoʻl qoʻymaydigan yaxlit qoplamalar bilan qoplanishi kerak.

417. Tasmali konveyerlar bilan quruq va changiydigan, yuqori haroratli hamda bugʻ ajratadigan materiallar tashilganda, yuklarni tushirish va ortish joylarini yopib qoʻyishni koʻzda tutish, shuningdek, ushbu ajralib chiquvchilar bilan kurashishning qoʻshimcha chora-tadbirlari aspiratsiya sugʻorish moslamalari, pollarning yuvilishi va boshqalar koʻzda tutilib, havoda chegaraviy ruxsat etilgan konsentratsiyalar miqdorlarini taʼminlanishi kerak.

Quruq kukunsimon changiydigan materiallarni tashiganda, ularning koʻchish zonalari germetizatsiyalanishi kerak.

418. Yuk tashuvchi transporterlar (elevatorlar), kurakli konveyerlar va shneklarda quruq va changiydigan materiallar tashilganda butun uzunligi boʻyicha zich qoplamalar bilan yopish, yuklarni tushirish va ortish joylari ham zich yopgichlar bilan jihozlangan boʻlishi kerak. Mexanizmlarning ishchi organlarini davriy nazorat qilish uchun qoplamalarda koʻz bilan koʻrib kuzatadigan, eshiklari zich yopiladigan kuzatuv darchalari (tuynukchalar) qurilishi kerak.

419. Yuk tashuvchi transporterlarda hoʻl mahsulotlar tashilganda (elevatorlar) quyqalarning sachrab ketishiga yoʻl qoʻymaslik uchun butun uzunligi boʻyicha saqlovchi shchitlar yoki qoplamalar bilan yopilishi kerak. Yuk tashish transporterlarining (elevator) yuklarni ortish va tushirish joylarida avariyali oʻchirgichlar oʻrnatilgan boʻlishi kerak.

420. Materiallarni ketma-ket tashiyotgan bir nechta konveyerlar texnologik seksiyaning (zanjirning) boshqa jihozlari bilan bir vaqtda ishlaganda, ayrim apparatlar va mashinalarning elektr uzatmalari blokirovka qilib qoʻyilishi kerak. Bunda:

ishga tushirish va toʻxtatish, apparatlar zanjirlari sxemasi va fabrika texnologiyasiga muvofiq ketma-ketlikda koʻzda tutilishi kerak;

qandaydir jihoz yoki konveyer toʻsatdan toʻxtab qolgan holatda, sxema boʻyicha oldingi konveyerlar va qurilmalar avtomatik tarzda toʻxtashi kerak;

konveyer yoki mashinani masofadan boshqarish pulti bilan ishga tushirishni bartaraf etadigan mahalliy blokirovka qurilishi kerak.

421. Barcha konveyerlar, konveyerning butun uzunligi boʻyicha asosiy oʻtish yoʻlagi tomonida uzatmani avariyaviy toʻxtatishni taʼminlaydigan moslamalarga ega boʻlishi kerak.

Mexanizmlardagi blokirovka va avariyaviy toʻxtatish moslamalaridan, ularni ishga tushirishni boshqarish apparatlari sifatida foydalanish taqiqlanadi.

422. Barcha yuk tashuvchi transporterlar (elevatorlar) kovshli zanjirning orqaga qaytishiga yoʻl qoʻymaydigan tormoz moslamalari va u uzilganda tutgichlar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

423. Ishchi tarmogʻidan materiallarning dumalab tushishi mumkin boʻlgan konveyerlarda saqlovchi zichlashlar oʻrnatilishi kerak.

424. Oʻz yukini oʻzi tushiradigan aravachalar va oʻzi yurar konveyerlarning skatlari (yurish gʻildiraklari) toʻsilgan boʻlishi kerak. Toʻsiq va relsning kallagi oʻrtasidagi tirqish 10 millimetrdan ortiq boʻlmasligi kerak.

425. Konveyerlar tortuvchi moslamalarining yuklari, shuningdek tortuvchi barabanlar toʻsilgan boʻlishi va ular shunday joylashgan boʻlishi kerakki, tasma yoki arqon uzilganda yuk yoki barabanning odamlar yoki pastdagi qavatlarda joylashgan jihozlar ustiga tushishi imkoniyati boʻlmasligi kerak.

18-bob. Taʼmirlash-montaj va takelaj ishlari

1-§. Umumiy talablar

426. Fabrikalarda, korxona rahbari tomonidan tasdiqlangan jadvalda koʻzda tutilgan muddatlarda jihozlar muntazam profilaktik koʻriklardan va taʼmirlashlardan oʻtkazilishi kerak.

427. Fabrikalarda jihozlarni kapital va joriy taʼmirlashlarni tashkillashtirish, oʻtkazish korxonalar mexanik jihozlariga texnikaviy xizmat koʻrsatish va ularni taʼmirlash toʻgʻrisidagi nizomga hamda jihozlar va transport vositalarini rejali-oldini olish taʼmirlashlar toʻgʻrisidagi nizomlar talablariga muvofiq boʻlishi kerak.

428. Asosiy jihozlarni kapital va joriy taʼmirlashlar ishlab chiqilgan va tasdiqlangan ishlarni tashkillashtirish loyihalari (keyingi oʻrinlarda — ITL) boʻyicha oʻtkaziladi. ITLda xavfsizlik talablarining bajarilishiga masʼul shaxslar va taʼmirlashlarni oʻtkazishda xavfsizlikni taʼminlash boʻyicha choralar, shuningdek, taʼmirlash ishlarini bajarishning tartiblari hamda ketma-ketligi koʻrsatilishi kerak.

429. Har bir fabrikada obyektlar va jihozlarni taʼmirlash roʻyxatlari tuzilgan, yorliq tizimi, naryad-ruxsatnomalar, ITL rasmiylashtirilib, fabrikaning bosh muhandisi tomonidan tasdiqlangan boʻlishi kerak.

430. Ishlarni mexanizatsiyalash uchun ogʻir jihozlar, uzellar va detallarni koʻtarish hamda yechish imkoniyatini beradigan kerakli yuk koʻtarish vositalari va moslamalari koʻzda tutilishi kerak.

Yuk koʻtarish moslamalaridan foydalanish qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshirilishi kerak.

431. Jihozlar, agregatlar, apparatlar va kommunikatsiyalarni ichki koʻzdan kechirish, tozalash hamda taʼmirlash uchun toʻxtatish, shuningdek, ularni ishga tushirish fabrika bosh muhandisi tomonidan tasdiqlangan yoʻriqnoma talablariga muvofiq amalga oshiriladi.

432. Ichki koʻzdan kechirish, tozalash yoki taʼmirlash uchun toʻxtatilgan jihoz, agregatlar, apparaturalar va kommunikatsiyalarni bugʻli, suvli va texnologik quvur yoʻllaridan, gaz yoʻllari va elektr energiyasi bilan taʼminlash manbalaridan uzish kerak; barcha quvur yoʻllariga tiqinlar qoʻyilishi kerak; jihozlar, agregatlar, apparatlar va kommunikatsiyalarni texnologik materiallardan ozod qilish kerak. Ish rejimidagi zaharli yoki portlash xavfi boʻlgan gazlar, bugʻlar yoki changlar apparatlarda mavjud boʻlganda, ular puflab tozalanishi va shundan keyin havo muhiti zaharli hamda xavfli moddalarning mavjudligiga tahlil qilinishi kerak. Taʼmirlash jarayonida davriy havoning nazorat tahlilini oʻtkazib turish kerak.

Uzatmalarning elektr sxemalari boʻlaklarga ajratilishi, ishga tushirish moslamalariga esa “Qoʻshilmasin! Odamlar ishlayapti!” plakatlari osib qoʻyilishi, shuningdek, moslamalarning xatolik bilan yoki oʻz-oʻzidan qoʻshilib ketishining oldini oladigan choralar koʻrilishi kerak.

433. Taʼmirlash ishlari amalga oshirilayotgan hududni amaldagi jihozlar va kommunikatsiyalardan toʻsib qoʻyish kerak. Hududga xavfsizlik belgilari, plakatlar, signal vositalari osib qoʻyiladi va ular sanitariya meʼyorlari talablariga muvofiq yoritiladi.

2-§. Taʼmirlash ishlari

434. Barcha taʼmirlash ishlari fabrika, sex maʼmuriyati tomonidan tayinlangan muhandis-texnik xodimlar rahbarligi ostida bajarilishi kerak. Taʼmirlashni amalga oshirish bilan band boʻlgan shaxslar tegishli maxsus kiyimlar va shaxsiy himoya vositalari bilan taʼminlangan boʻlishi kerak.

435. Taʼmirlash-montaj maydonchasining oʻlchamlari, ularga mashinalar, moslamalarning yirik uzellari va detallarini hamda asboblarni, shuningdek, taʼmirlash ishlarini bajarish uchun kerakli boʻlgan materiallarni joylashtirishni taʼminlaydigan boʻlishi kerak. Mashinalarning uzellari va detallarini taʼmirlash-montaj maydonchasiga joylashtirishda, ularning orasida meʼyorlarga muvofiq oʻtish yoʻlaklari boʻlishi kerak. Maydonchani tiqishtirib tashlash mumkin emas, unga joylashtiriladigan yuklarning massasi hisob-kitob boʻyicha mumkin boʻlganidan ortiq boʻlmasligi kerak.

436. Yuklarni koʻchirish boʻyicha barcha ishlar, ishlarni bajarish va yuklarni koʻchirish xavfsizligi uchun masʼul boʻlgan shaxsning koʻrsatmasi hamda ruxsati bilan bajarilishi kerak. Yirik gabaritli va ogʻir yuklarni koʻtarish, siljitish hamda tushirish, taʼmirlashlarni oʻtkazish uchun masʼul boʻlgan shaxsning ishtirokida boʻlishi kerak.

437. Havozalar, taxta toʻshamalar va narvonlardan foydalangan holda bajariladigan ishlar — amaldagi milliy standartlar talablariga javob berishi kerak.

438. Toʻshamalar va taxta toʻshamalar qurishning imkoniyati boʻlmaganda, havozalardan turib 1,3 metrdan balandlikda ishlar bajarilganda, xodimlar xavfsizlikni saqlovchi arqonli kamarlardan foydalanishlari kerak. Balandlikda ishlar bajarilganda, saqlovchi kamarlarni mahkamlaydigan joylar konstruksiyalarda belgilangan va naryadda koʻrsatilgan boʻlishi kerak.

439. Balandlikda ikki va undan ortiq qavatda taʼmirlash ishlari bajarilganda, ular oʻrtasida materiallar hamda boshqa narsalar ishlayotganlarning ustiga tushishiga yoʻl qoʻymaydigan mustahkam bostirma qurilishi yoki toʻr tortib qoʻyilishi kerak.

440. Taʼmirlash-montaj va takelaj ishlarini fabrikaning bosh muhandisi tomonidan tasdiqlangan, ishlarni amalga oshirish boʻyicha ayrim operatsiyalarni bajarishda xavfsizlik choralari koʻzda tutilishi kerak boʻlgan texnologik xarita boʻyicha bajarish kerak. Koʻrsatilgan xaritalar mavjud boʻlmaganda, taʼmirlash ishlari yozma naryad-topshiriqlar boʻyicha, zarur boʻlgan hollarda esa xavfsizlikning aniq choralari koʻrsatilgan naryad-ruxsatnomalar boʻyicha oʻtkaziladi.

441. Taʼmirlash-montaj ishlarini fabrikaning amaldagi sexlari va boʻlimlarida bajarilganda, taʼmirlash ishlarining rahbari sex yoki boʻlinma maʼmuriyati bilan birgalikda, ushbu ishlarning xavfsizligini, shuningdek, ishlaydigan jihozlarning texnik sozligi hamda ulardan xavfsiz foydalanishni taʼminlaydigan chora-tadbirlarni ishlab chiqishlari shart.

Taʼmirlash ishlari pudrat tashkilotlari tomonidan amalga oshirilganda ishlarni tashkillashtirish loyihasiga muvofiq ishlarni bajarish uchun naryad-ruxsatnoma boʻyicha yoki taʼmirlash ishlarini uchastkani topshirish dalolatnomasi boʻyicha bajarish kerak.

Taʼmirlash ishlarini olib borayotgan tashkilot rahbari dalolatnoma orqali qabul qilib olgan uchastkadagi taʼmirlash ishlarida xavfsizlik qoidalariga rioya qilinishiga, taʼmirlash ishlari naryad-ruxsatnoma boʻyicha amalga oshirilganda esa fabrika rahbari bilan birgalikda (naryad-ruxsatnomada koʻrsatib oʻtilgan, kelishilgan sharoitlarni taʼminlash qismi boʻyicha) javobgar boʻladi.

442. Maydalagichlarda taʼmirlash ishlarini bajarayotganda odamlarni koʻtarish va tushirishni narvonlardan foydalangan holda amalga oshirish kerak, odamlarni ishchi hududga saqlovchi kamarlarsiz hamda xavfsizlikni taʼminlovchi arqonlarsiz tushirish taqiqlanadi.

443. Rotorlari va detallari (bolgʻachali, kulachokli, zarbali-qaytaruvchi maydalagichlar, barabanli gʻalvirlar va shu kabilar) aylanadigan va harakatlanadigan jihozlarda maʼlum bir ishni bajarishga faqat mexanizmlarning harakatlanadigan qismlari, shuningdek, ushbu jihozlar korpuslarining (qoplamalarining) ochiq qopqoqlari, ularning majburiy va oʻz-oʻzidan harakatlanishi imkoniyatini bartaraf etadigan holatda ishonchli mahkamlaganda, shuningdek, naryad-ruxsatnoma rasmiylashtirilgandan keyin ruxsat beriladi.

444. Eritilgan rux bilan futerovkalar maxsus oʻqitilgan, koʻrsatmalardan oʻtgan va xuddi shunday ishlarni bajarishda tajribaga ega boʻlgan, maxsus kiyimlar hamda shaxsiy himoya vositalari bilan taʼminlangan shaxslar tomonidan qoʻyilishi kerak. Quyishda, albatta, usta yoki brigadir ishtirok etishi kerak.

445. Bunkerlardagi futerovkalarni taʼmirlash va almashtirish uchun bunkerning nishab devorlarida xavfsiz ishlashni taʼminlaydigan moslamalarni qoʻllash kerak.

446. Bunkerlarni taʼmirlash ishlari zonasida yuklash taqiqlanadi. Taʼmirlanayotgan uchastka ustida joylashgan yuqorigi yuklash tirqishlari maydonchasi, taʼmirlash ishlarini bajarishning xavfsizligini taʼminlash uchun yopilgan boʻlishi kerak.

447. Yuk tashuvchi transportyorlarning (elevatorlar) zanjirlarini almashtirish, ularning uchlarini ulash va konveyer tasmalarini yamashni tegishli yuk koʻtarishga ega boʻlgan takelaj moslamalari yordamida, zavod yoʻriqnomasiga muvofiq korxonaning texnik boshligʻi tomonidan ishlab chiqilgan hamda tasdiqlangan yoʻriqnomalar talablariga muvofiq amalga oshirish kerak.

448. Tegirmonlarni sharlar va sterjenlar bilan yuklash, shuningdek, tegirmonlardan sharlarni tushirish mexanizatsiyalashtirilgan boʻlishi kerak.

449. Tegirmon barabanlarini burish, shuningdek, tegirmonning barabanida yangi futerovka oʻrnatish, futerovka boltlarini urib chiqarish uning ichida odamlar boʻlganda taqiqlanadi.

450. Tegirmonlar barabanlarining ichida futerovka plitalarini siljitish va oʻrnatish uchun mexanizmlar mavjud boʻlmaganda, bu ishlar xavfsizlikning kerakli choralarini aniqlab beradigan maxsus yoʻriqnomalarga muvofiq bajarilishi kerak.

451. Futerovka plitalarini tegirmon barabanining ichida payvandlash va kesish gaz xavfi boʻlgan ishlarni xavfsiz oʻtkazish boʻyicha yoʻriqnomalarga muvofiq amalga oshirilishi kerak.

452. Zaharli reagentlar (sianidlar va shu kabilar) muhitida ishlaydigan jihozni taʼmirlashdan oldin diqqat bilan tozalash va ushbu reagentlardan zararsizlantirish kerak.

453. Pishiradigan qurilmalar ishlaganda, gaz kommunikatsiyalari va nazorat-oʻlchov apparaturalarida taʼmirlash ishlarini bajarish taqiqlanadi.

454. Pishiradigan mashinalar oʻchogʻi taxlamini taʼmirlashga naryad-ruxsatnoma boʻyicha uni tabiiy sovitilgandan va mashina hamda tortish-puflash vositalari uzatmalarining elektr sxemasi uzilgandan, shuningdek, sovuq havo berish uchun koʻchma shamollatish uskunasi oʻrnatilgandan keyin ruxsat beriladi.

Pishirish mashinalarining oʻchogʻidagi ishlarda kuchlanishi 12 voltdan ortiq boʻlmagan, saqlovchi toʻrli, ishga yaroqli koʻchma elektr chiroqlardan foydalanish kerak.

3-§. Gaz alangali ishlar

455. Gaz alangali ishlarni qonunchilikda belgilangan tartibda va fabrikaning bosh muhandisi tomonidan tasdiqlangan yoʻriqnoma asosida amalga oshirish kerak.

456. Portlash va yongʻin xavfi boʻlgan ishlab chiqarish xonalarida ochiq olov qoʻllanadigan taʼmirlash ishlarini qonunchilikda belgilangan tartibda oʻtkazish kerak.

457. Barcha alangalanadigan materiallarni (moy, artish materiallari va shu kabilar) payvandlash va olovli ishlar amalga oshiriladigan joydan 10 metrdan kam boʻlmagan masofaga yigʻishtirib qoʻyish kerak.

458. Payvandlash vaqtida inshootlarning payvandlash joyidan 2 metrdan kam masofadagi barcha yogʻochli yoki boshqa yonadigan qismlarini asbestli yoki poʻlat varaqlar bilan himoyalash kerak.

459. Payvandlash va gaz alangali ishlarni amalga oshirish joylarida oʻt oʻchirgich, yaqindagi oʻt oʻchirish quvur yoʻllariga ulangan oʻt oʻchirish stvoli shlangi bilan yoki 0,2 kub metrdan kam boʻlmagan suv zaxirasi boʻlgan bochka va qum solingan quti boʻlishi kerak.

460. Payvandlash boʻlinmasida yengil alangalanadigan yonuvchi moddalarni saqlash taqiqlanadi.

461. Gaz alangali ishlarni bajarishga moʻljallangan gorelkalar va keskichlar teskari klapanlar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

19-bob. Ishlab chiqarish sanitariyasi

1-§. Sanitariya talablari

462. Fabrikalarni loyihalashtirish, qurish, qayta qurish va ulardan foydalanishni qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshirish kerak.

463. Fabrikalarning barcha yangidan ishga tushirilayotgan va qayta qurilayotgan obyektlarida qonunchilik hujjatlariga muvofiq ish joylarida sanitariya sharoitlarini taʼminlaydigan shamollatish, gazni tozalash, changlarni tutish va sunʼiy iqlim hosil qilishning samarali tizimlari boʻlishi kerak.

Har bir fabrikada sanitariya-texnik tizimlardan foydalanish va ularni nazorat qilish boʻyicha xizmatlar (uchastkalar, brigadalar, sexlar) tashkillashtirilgan hamda masʼul shaxslar tayinlangan boʻlishi kerak.

Amaldagi fabrikalarda ish joylaridagi mehnat sharoitlarini muntazam yaxshilash boʻyicha chora-tadbirlar ishlab chiqilgan boʻlishi kerak. Barcha ish joylarini amaldagi meʼyorlarga muvofiq holatga keltirishning muddatlari sanitariya nazorati organlari bilan kelishish boʻyicha belgilanadi.

464. Ish joylarini yoritish Shaharsozlik normalari va qoidalari (Tabiiy va sunʼiy yoritish qoidalari) talablariga muvofiq boʻlishi kerak.

465. Ishlab chiqarish xonalaridagi, ish oʻrinlaridagi shovqin va titrash darajasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq ruxsat etilgan shovqin va titrash darajasidan ortiq boʻlmasligi kerak.

466. Xodimlar amaldagi qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq sanitariya-maishiy xonalar bilan taʼminlangan boʻlishi kerak.

Foydali qazilmalarni boyitish bilan band boʻlgan xodimlar amaldagi qonunchilikka muvofiq maxsus kiyim, maxsus poyabzal va shaxsiy himoya vositalari (keyingi oʻrinlarda — SHHV) bilan taʼminlanishi kerak.

467. Ishlab chiqarish korxonalarida ishlovchilar umumiy ovqatlanish bilan “Zararli va noqulay mehnat sharoitlarida ishlayotganlar uchun davolash-profilaktik ovqatlanishni qoʻllash hamda berish tartibiga koʻrsatmalar”ga muvofiq, lozim boʻlganda, davolash-profilaktik ovqatlanish bilan taʼminlanishi kerak.

468. Tarkibida yuqori tabiiy radioaktivli komponentlari boʻlgan rudalarni qayta ishlash va boyitishda SHHV amaldagi qonunchilik talablariga muvofiq boʻlishi kerak.

SHHV beriladigan barcha xodim va xizmatchilar, ulardan foydalanish boʻyicha koʻrsatmalardan oʻtishi kerak.

469. Ishlab chiqarish binolarining shamollatish tizimlari va ularning isitish tizimi amaldagi Qurilish meʼyoriy qoidalari talablariga muvofiq loyihalashtiriladi.

Boyitish fabrikalarining odamlar doimiy yoki uzoq vaqt (2 soatdan ortiq) boʻladigan barcha ishlab chiqarish xonalaridagi havo muhitining parametrlari “Ishchi zonasi havosidagi zararli moddalarning chegaraviy ruxsat etilgan konsentratsiyasi (CHREK)” va ushbu Qoidalarga 1-ilovaga muvofiq boʻlishi kerak. Ish jarayoni belgilangan gigiyenik talablar xavfsizligiga rioya qilgan holda olib boriladi.

Shamollatish va aspiratsion qurilmalar bilan chiqarilayotgan havo atmosferaga chiqarilishidan oldin undagi changning konsentratsiyasi sanitariya meʼyorlarida koʻzda tutilganidan kam boʻlguniga qadar tozalanishi kerak. Tozalash moslamalarini (skrubberlarda, siklon-yuvgichlarda, elektr filtrlarda, yengli filtrlar va boshqalarda tozalash) changning fizik-kimyoviy xususiyatlarini hisobga olgan holda tanlash kerak.

470. Binolarning devorlari, shiftlari va ichki konstruksiyalari yengil yigʻishtirilishni taʼminlaydigan hamda sianidlar va boshqa moddalarning yigʻilishi, yutilishiga yoʻl qoʻymaydigan yuzalar hamda qoplamalarga ega boʻlishi kerak.

Texnologik operatsiyalar kislotali muhitda amalga oshiriladigan xonalarning devorlari, pollari, panellari va qavatlararo toʻsiqlarining qoplamalari amaldagi qonunchilikka muvofiq boʻlishi kerak.

471. Fabrikaning barcha xonalarida changlarni yigʻishtirish soʻruvchi pnevmatik moslamalar yordamida mexanizatsiyalashgan usulda yoki gidroyuvish bilan amalga oshirilishi kerak.

Pollarni suv bilan yuvish koʻzda tutilgan sexlarda, shuningdek, nam texnologik jarayonli barcha sexlarda pollar suv oʻtkazmaydigan qoplamali boʻlishi kerak. Suvning oqib ketishi uchun pollarning nishabligi 0,02 (1,8 gradus) dan kam boʻlmasligi kerak. Asosiy oʻtish yoʻlaklarida pollarning nishabligi 0,04 (2,6 gradus)dan va xizmat yoʻlaklarida 0,1 (6 gradus) dan ortiq boʻlmasligi kerak.

472. Fabrika hududidagi oqar suvlar va pollarning yuvilishidan chiqqan suvlar suv havzasiga tashlanishidan oldin Shaharsozlik normalari va qoidalari (“Suv bilan taʼminlash va kanalizatsiyaning tashqi tarmoqlari hamda inshootlari”) talablariga muvofiq mahalliy tozalanishi yoki umumiy tozalash inshootlariga yoʻnaltirilishi kerak.

Tarkibida sian boʻlgan sanoat oqovalarini xlor mahsulotlari va boshqa reagentlarni qoʻllab zararsizlantirishni aspiratsiya, nazorat asboblari hamda masofadan boshqarish bilan taʼminlangan germetizatsiyalangan jihozlarda amalga oshirish kerak.

Ochilayotgan teshiklarning maydoni, shuningdek, ularning joylashishi amaldagi qonunchilik talablariga muvofiq boʻlishi kerak.

473. Koʻp miqdorda issiqlik ajralib chiqadigan xonalarda tomning tuzilishi ifloslangan havoning teskari oqimlarini paydo boʻlishiga yoʻl qoʻymasligi kerak. Ortiqcha issiqlik (20 kkal/kub. metrdan ortiq) ajralib chiqqanda, korpuslarda yorugʻ aeratsiyali shamoldan himoyalaydigan panelli fonarlarni loyihalashtirish kerak.

474. Katta miqdordagi issiqlik ajratib chiqarish manbai boʻlgan ishlab chiqarish jihozlarining (quritish, pishirish pechlari va boshqalar) yuzasi yuzaning haroratini sanitariya meʼyorlari talablariga muvofiq boʻlishini taʼminlaydigan termoizolyatsiyaga ega boʻlishi kerak.

475. Quruq mahsulotlar va konsentratlarni ortish va tushirish, tayyor konsentratlarni shixtalash va qadoqlash ishlari mexanizatsiyalashtirilgan va germetiklangan boʻlishi kerak.

476. Rudani qabul qiladigan bunkerlar rudaning yopishib, osilib va yaxlab qolishi oldini oladigan moslamalar bilan jihozlanishi kerak. Ishchi hududga chang kirishining oldini olish maqsadida bunkerlarga yuklarni ortish va tushirish uchun, materialning notekis tushishiga yoʻl qoʻymaydigan dozalash moslamalari qoʻllanishi kerak. Quruq ruda uchun moʻljallangan bunker-toʻplagichlar va sigʻimlar ularning toʻlib ketishi hamda toʻliq boʻshashiga yoʻl qoʻymaydigan avtomatik moslamalar bilan jihozlangan boʻlishi, bunkerdagi qoldiq material qatlamining balandligi 1 metrdan kam boʻlmasligi kerak.

477. Maydalagichlar, ruda va oraliq mahsulotlarni yetkazish uchun moʻljallangan transportyor tasmalari, ularni jihozlarga (taʼminlagichlar, quritish agregatlari, elektrostatik va elektromagnit separatorlar, flotomashinalarning koʻpik qabul qiluvchi tarnovlari, reagent eritmalari solingan idishlar va boshqalar) toʻkish va yuklash joylari ishlari ishlab chiqarish jihozlari bilan blokirovka qilinadigan aspiratsion tizimlar yoki suv bilan changsizlantirish tizimlariga ega boʻlgan bostirmalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak. Tizim moslamalari blokirovkasi ularning ish boshlanishidan 3-5 daqiqa oldin qoʻshilishini va jihoz toʻxtagandan soʻng kamida 5 daqiqa oʻtgandan keyin yoki jihoz yuksiz ishlaganda oʻchirilishini taʼminlashi kerak.

478. Dozirovka maydonchalarida joylashgan sarflash sigʻimlaridan kontaktli chanlar, flotatsion mashinalari va boshqa agregatlarga reagentlarni yetkazib berish yopiq kommunikatsiyalar orqali germetiklangan avtomatik dozatorlar yordamida amalga oshiriladi.

479. Ishlovchilarning flotoreagentlar bilan aloqada boʻlishi mumkin boʻlgan boʻlinmalarda, sovuq va issiq suvli yuvingichlar oʻrnatilgan, teriga tushgan moddalarni suv oqimi bilan yuvish orqali tez ketkizishga moʻljallangan moslamalar, koʻzlarni yuvish uchun fontanchalar koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

480. Konsentratlarni quritish va donadorlashtirish, ularni ortish uchun yetkazib berishni boshqarish, shuningdek, shamollatish va chang-gazdan tozalash tizimlari ishlarini boshqarish operator xonasida oʻrnatilgan pultlardan amalga oshirilishi kerak. Quritish qurilmalariga xizmat koʻrsatiladigan joylarda beriladigan havo haroratini avtomatik tarzda tartibga soluvchi havoni xushboʻylashtiruvchi moslamalar koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

2-§. Shamollatish qurilmalarini oʻrnatish va ulardan foydalanishga qoʻyiladigan umumiy talablar

481. Fabrikaning sexlari, omborxonalari va boshqa xonalarini shamollatish loyihaga muvofiq boʻlishi kerak.

482. Yangi oʻrnatilgan va qayta tiklangan shamollatish qurilmalarini foydalanishga fabrika (korxona) rahbariyati tomonidan tayinlagan komissiya qabul qilishi kerak.

Chala bajarilgan ishlari boʻlgan va samarali ishlamagan shamollatish qurilmalarini foydalanishga qabul qilish taqiqlanadi.

483. Ventilyatsiya qurilmalaridan foydalanish va ularga qarash tartibi fabrika rahbariyati tomonidan tasdiqlangan alohida yoʻriqnomalarda belgilangan boʻlishi kerak.

484. Texnologik jihozlar ishlayotgan vaqtda fabrikaning barcha asosiy oqimli-soʻruvchi shamollatishlari va aspiratsiya qurilmalari uzluksiz ishlashi kerak.

Ishlaganda chang va gaz ajratadigan shamollatish tizimlari nosoz boʻlgan holatlarda texnologik jihozlardan foydalanish taqiqlanadi.

Shamollatish qurilmasi toʻxtab qolganda yoki xonadagi zararli moddalar konsentratsiyasi sanitariya meʼyorlaridan ortiq boʻlganda, xonadagi ishlarni zudlik bilan toʻxtatish, odamlarni esa toza havoga olib chiqish kerak.

485. Shamollatish va aspiratsiya qurilmalarining ishlashi asosiy va yordamchi jihozlar bilan blokirovka qilinganda, bevosita shamollatish va aspiratsiya jihozlari oldida qoʻshimcha ishga tushirish moslamalari koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

Texnologik jihozni u bilan blokirovka qilingan shamollatish tizimisiz ishga tushirish taqiqlanadi.

486. Shamollatish qurilmalari havo uzatgichlari va moslamalarida nazorat qilish va havo yoʻllarida havoning tezligi, bosimi, haroratini oʻlchash, harakatlanayotgan havo hajmlarini tartibga solish uchun moslamalar (tuynukchalar, shtutserlar) bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

487. Ish joylaridagi havoning tarkibidagi gaz, chang miqdorini aniqlash, shuningdek, haroratini, namligini va harakatlanish tezligini tekshirish uchun havodan namunalar olish, ulardan normal foydalanish mehnat sharoitlarida, shuningdek, ventilyatsiya va aspiratsiya qurilmalari qayta tiklangan hamda kapital taʼmirlangandan soʻng texnologik rejimi oʻzgargan hollarda ham muntazam ravishda, 6 oyda kamida bir marta oʻtkazilishi kerak.

Havodan namunalar olish joylari va davriyligi fabrika rahbari (rahbar oʻrinbosari) tomonidan tasdiqlangan reja yoki jadval asosida 6 oyda kamida bir marta etib belgilanadi.

20-bob. Rudalarni qayta ishlashda radiatsiya xavfsizligining qoʻshimcha talablari

488. Foydali qazilmalarni maydalash, saralash, boyitish hamda ruda va konsentratlarni boʻlaklash ishlari amalga oshirilganda, atrof tabiiy muhitni radioaktiv ifloslanishdan himoyalash taʼminlanishi kerak.

Ishlab chiqarishning radiatsiya xavfi omillari mavjud boʻlgan rudani qayta ishlash korxonalarida, har yili “Radiatsiya xavfsizligining sanitariya meʼyorlari” talablarining bajarilishini taʼminlaydigan tashkiliy-texnikaviy chora-tadbirlar kompleksi amalga oshirilishi lozim.

Rudalarni qayta ishlash korxonalarini radiatsiya xavfi boʻlgan ishlab chiqarish toifasiga kiritish, shuningdek, koʻrsatilgan chora-tadbirlarni ishlab chiqish va tasdiqlashni korxona maʼmuriyati davlat sanitariya nazorati organlari bilan kelishilgan holda hamda ixtisoslashtirilgan tashkilotlarni jalb etib amalga oshiradi.

Korxonalarning radiatsiya bilan ifloslanganlik darajasini belgilash uchun radiatsiya holati tekshiruvi Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologiya osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi va Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi xududiy boshqarmasi bilan kelishilgan muddatlarda, lekin uch yilda kamida bir marta oʻtkazilishi kerak.

489. Radiatsiya xavfi boʻlgan korxonalar toifasiga kiritilgan korxonalar, radiatsiya nazoratini maxsus tashkil etilgan mehnat sharoitlarini nazorat qilish xizmati kuchlari bilan amalga oshirishlari kerak.

Radiatsiya foni ish joylarida va korxona rahbari tomonidan tasdiqlagan roʻyxat boʻyicha boshqa hududlarda nazorat natijalarini maxsus jurnalga qayd etgan holda tekshirish kerak.

490. Radiatsion nazoratda quyidagilar aniqlanishi kerak:

ish joylarida va ishlar olib borilayotgan tutash hududlarda radiatsiya xavfi omillarining darajasi;

radiatsion holatning radiatsiya xavfsizligining ruxsat etilgan meʼyorlariga muvofiqligi;

radiatsion xavfli omillar kompleksining ishlovchilarga koʻrsatadigan taʼsiri darajasi;

tashqi muhitning radioaktiv moddalar bilan ifloslanganlik darajasi va radiatsion omillarning xodimlarga va rudalarni qayta ishlash korxonalari joylashgan hududda yashaydigan aholiga taʼsiri darajasini baholash;

yuqori radiatsiya xavfining asosiy manbalarini aniqlash va baholash.

491. Radiaktiv nurlanish manbalari mavjud boʻlgan korxonalarga ishga kirayotgan xodimlar, albatta, radiatsiya xavfsizligi boʻyicha oʻqitiladi va ularning bu boradagi bilimlari tekshiriladi. Takroriy oʻquv mashgʻulotlarini uch yilda kamida bir marta oʻtkazish kerak.

492. Radiatsion holati yuqori boʻlgan rudani qayta ishlash korxonalarini loyihalashtirishda va ulardan foydalanishda ishlovchilarni ionlovchi nurlanish taʼsiridan himoyalash boʻyicha, havoga chiqarilayotgan radioaktiv va boshqa zararli moddalar hamda korxonaning sanoat oqova suvlarini tozalash boʻyicha qoʻshimcha choralar koʻzda tutilishi kerak.

493. Korxonaning sanoat maydonchalari atrofida sanitar-himoyalash hududlari oʻrnatiladi, oʻlchamlari loyihada aniqlanadi.

Korxonaning sanitariya-himoyalash hududida yordamchi va qoʻshimcha obyektlarni joylashtirishga, shuningdek, magistral avtomobil yoʻllarini oʻtkazishga ruxsat etiladi. Koʻrsatilgan obyektlarni radiatsiya chiqaruvchining asosiy manbalaridan yoki radioaktiv aerozollarning tashkillashtirilmagan kirib kelishidan xavfsiz masofalarga joylashtirilish kerak.

Sanitariya-himoyalash hududidagi yerlardan qishloq xoʻjaligi ekinlari uchun foydalanishga davlat sanitariya nazorati organlari bilan kelishuv boʻyicha ruxsat etiladi.

494. Rudalarni uzoq muddatga saqlash uchun moʻljallangan omborxonalarni maxsus maydonchalarga joylashtirishda, ularning hududi oʻralgan boʻlishi kerak. Ruda omborxonalarini joylashtirishni ularni shamollatishning eng yaxshi sharoitlarini yaratishni hisobga olgan holda koʻzda tutish kerak. Omborxonalarning alohida xonalari oʻrtasidagi boʻshliq kamida 20 — 25 metr boʻlishi kerak.

Sanoat maydonchasi hududidagi ruda saqlanadigan omborxonalar asosiy sexlar binolaridan kamida 50 metr va maʼmuriy-xoʻjalik hamda yordamchi binolar va inshootlardan kamida 100 metr masofada joylashgan boʻlishi kerak.

495. Texnologik jarayonni boshqarishni mexanizatsiyalash, tartibga olish yoki sozlashda xizmat koʻrsatuvchi xodimlarga ionlovchi nurlanish darajasi yuqori boʻlgan yoki yuzasi va havosi radioaktiv ifloslangan joylarga kirishi talab etilmaydigan holda loyihalashtirilishi kerak.

496. Har bir boʻlinmada ajaralib chiqayotgan chang, radioaktiv aerozollar va radonning miqdori belgilangan uslublar boʻyicha yoki boshqa ishlab chiqarishlardagi singari hisob-kitoblar yordamida aniqlanishi kerak.

497. Oʻzining xususiyatiga koʻra toʻliq germetiklanmaydigan va oʻz navbatida ishlab chiqarish xonalarining radioaktiv gazlar va aerozollar bilan ifloslanishi sababchisi boʻlishi mumkin boʻlgan texnologik operatsiyalar alohida xonalarga ajratilishi kerak.

498. Filtrlash jarayonlari uchun choʻkmalarni olish va tozalash boʻyicha qoʻlda bajariladigan operatsiyalarga yoʻl qoʻymaydigan, uzluksiz ishlaydigan apparatlar qoʻllanishi lozim.

499. Chang va radon (toron) ajralib chiqishi manbai boʻlgan barcha apparatlar qoplamalar bilan jihozlangan, ularning ishchi tuynuklari maxsus uslub boʻyicha hisoblanadigan eng kam kerakli oʻlchamlarga ega boʻlishi kerak.

500. Tarkibida katta miqdorda radioaktiv moddalar boʻlgan tuzlarni quritish va qizdirish boʻlimlarida yuklarni mexanizatsiyalashgan va avtomatlashgan holda ortadigan va tushiradigan uzluksiz ishlaydigan pechlar qoʻllanishi lozim.

Quritish va qizdirish boʻlinmalaridagi barcha apparatlar tayyor mahsulotlardan changlarni tutib qolish va keyin bu changlarni yana jarayonga qaytarish tizimi bilan taʼminlangan boʻlishi kerak.

501. Urandan boshqa foydali qazilma konlarining shaxta (karyer) suvlari, agar ular texnik shartlar talablariga javob bersa, rudalarni qayta ishlash korxonalarining asosiy texnologiyalari uchun ishlatiladi. Shaxta suvlarini, uzoq muddat saqlanuvchi alfa-aktivlik yigʻindisi boʻyicha oʻrtacha yillik konsentratsiya 3-109 Kyuri/l boʻlishiga rioya qilgan holda, nazorat qilinayotgan hududda ishlayotgan transportlarni yuvish uchun ham qoʻllash mumkin.

502. Tabiiy radionuklidlarning suvdagi miqdori ruxsat etilgan konsentratsiyalardan oshmasligi kerak.

Ichida, tarkibida radioaktiv moddalari mavjud oqovalar boʻlgan quvur yoʻllari aholi yashaydigan hududdan kamida 200 metr masofada joylashgan boʻlishi kerak.

503. Xoʻjalik-ichimlik suvi oʻtkazish trassasining suyuq radioaktiv chiqindilarni transportda tashish va saqlashga moʻljallangan kommunikatsiyalarga nisbatan joylashishi va quvur yoʻllarini yotqizish tizimi radioaktiv moddalarning har qanday vaziyatlarda ham suv quvurlariga tushishiga yoʻl qoʻymasligi kerak.

504. Korxona hududi tashqarisidan oʻtgan maxsus kanalizatsiya liniyalari trassasi oʻzlarini tanituvchi belgilarga ega boʻlishi kerak. Ushbu trassalarda tuproqning buzilishi bilan bogʻliq boʻlgan birorta qurilish ishlarini bajarish taqiqlanadi.

505. Tarkibida radioaktiv izotoplar boʻlgan oqova suvlar, odatda, texnologik jarayonga qaytarilishi, ular ochiq suv havzalariga tashlanadigan holatda, avval suv uchun ruxsat etilgan konsentratsiya darajasigacha tozalanishi kerak. Texnologik jarayonda ifloslanmaydigan oqova suvlar texnik suv taʼminoti tizimida ishlatilishi kerak. Sanoat obyektlarining suyuq texnologik radioaktiv chiqindilari chiqindi omborlaridan alohida kanalizatsiya tizimi (maxsus kanalizatsiya) boʻyicha chiqariladi.

506. Rudalarni qayta ishlash obyektlarining barcha korpuslarida mexanik qoʻzgʻatishli oqimli-soʻruvchi shamollatish koʻzda tutilgan boʻlishi kerak, zararli ajralmalar boʻlmagan hollarda ayrim xonalarni tabiiy shamollatishga ruxsat etiladi.

Tarkibida katta miqdorda radioaktiv moddalar boʻlgan rudalar bunkerlarda saqlanganda, ularda yengillashish paydo qilish uchun havoni soʻrib oluvchi mexanik shamollatish koʻzda tutilgan boʻlishi kerak. Havoni soʻrish tezligi ochiq qopqoqli tuynuklarda 1 m/s boʻlishi kerak.

Chang chiqaradigan jihoz qoplamasi ostidan soʻrib olinayotgan havoning miqdori hisoblash orqali aniqlanadi, bunda havoni soʻrib olish tezligi 1,5 — 2,0 m/s deb qabul qilinishi kerak.

507. Ishlab chiqarish xonalarini shamollatish uchun kerak boʻlgan havo miqdori, zararli ajralmalarning aralashishi radioaktiv moddalar boʻyicha ruxsat etilgan konsentratsiyalar darajasigacha va umumiy zaharli moddalar boʻyicha ruxsat etilgan chegaraviy konsentratsiyalar darajasigacha hamda boshqa parametrlar (havoning harorati, namligi va boshqalar) boʻyicha talab etiladigan normativlarning taʼminlanishlari shartlaridan kelib chiqib, hisoblash orqali aniqlanadi. Koʻrsatilgan hisoblashlarda ishlovchilarning tashqi nurlanish omillari ham inobatga olinishi kerak.

508. Oqimli shamollatish tizimlari uchun havoni olish, atmosfera havosida radioaktiv va zaharli moddalar miqdori 0,1 ruxsat etilgan konsentratsiyalardan hamda ishchi xonalar uchun 0,3 ruxsat etilgan chegaraviy konsentratsiyalardan oshmaydigan hududlarda amalga oshirilishi kerak. Koʻrsatilgan kattaliklardan yuqori boʻlgan hollarda oqimli havo tozalanishi shart.

Mahalliy soʻrish qurilmalari yordamida soʻrib olinayotgan va tarkibida chang, radioaktiv, kimyoviy va badboʻy moddalar boʻlgan havo chiqarib tashlanishidan oldin tozalanishi kerak.

509. Barcha texnologik jihozlar metallolomga topshirilishidan oldin tozalanishi, radioaktiv moddalardan xoli qilinishi, ifloslangani koʻrsatkichi 30 mkR/ch ga teng gamma-nurlanishning ekspozitsion dozasi quvvati darajasigacha tushirilishi kerak. Taʼmirlash uchun joʻnatilayotgan jihozlar ham xuddi shunday gamma-nurlanish dozasi va yuza ifloslanish darajasiga ega boʻlishi kerak.

Ruxsat etiladigan chegaraviy darajagacha tozalash imkoni boʻlmagan jihozlar radioaktiv chiqindi sifatida koʻrilishi kerak. Ularni koʻmish masalasini davlat sanitariya nazorati organlari bilan hal qilish kerak.

510. Rudalarni qayta ishlash obyektlaridan foydalanishda amaldagi meʼyorlarga muvofiq ishlovchilarning shaxsiy himoya va gigiyenasi boʻyicha chora-tadbirlar koʻzda tutish kerak.

Aerozollar ajralib chiqadigan xonalarda ishlaydigan ishlovchilar individual himoya vositalari (maxsus kiyim, respiratorlar va hokazolar) bilan taʼminlanadi.

511. Sanitariya-himoyalash hududiga tutash boʻlgan, odamlar yashaydigan massivlar tomonidan chiqindilar ombori toʻsigʻidan kamida 200 metr masofada eni 15 — 20 metr boʻladigan ihota daraxtzorlari barpo etilishi kerak.

Gidrometallurgiya ishlab chiqarish chiqindilari poʻlat quvurlar yoki yopiq temirbeton novlar orqali gidrotransportda tashilishi kerak.

Chang hosil boʻlishining va yuviladigan oʻtirindili qiyaliklarning yuzasidan radioaktiv aerozollarni uchirib ketishining oldini olish uchun oʻtirindili qiyaliklar ustiga oʻtirindi oʻlchami boʻyicha loyiha belgisiga qadar toza tuproq sepish kerak. Sepilma qatlamining qalinligi 0,5 metrdan kam boʻlmasligi kerak. Sepilgan yuzaga oʻt ekish kerak.

512. Sizot suvlarining radioaktivlik darajasini nazorat qilish uchun chiqindi omborlari perimetri va sizot suvlari oqimi yoʻnalishi boʻyicha namuna olish (kuzatish) quduqlari koʻzda tutilgan boʻlishi kerak.

Quduqlarning joylashishi va soni gidrogeoligik sharoitlariga bogʻliq holda shunday hisob-kitob bilan aniqlanadiki, bunda quduqlar orasidagi masofa 300 metrdan kam boʻlmasligi kerak. Bunda bir-ikkita quduq sanitariya-himoyalash hududidan tashqarida boʻlishi kerak.

513. Chiqindi omborini konservatsiya qilish ishlarini loyihaga muvofiq amalga oshirish va yuvilgan materiallar filtrlanish va suyuq fraksiyalarning belgilangan miqdorga qadar bugʻlanishi natijasida yer ishlari uchun kerakli texnikalardan foydalanishga imkon beradigan darajada tabiiy zichlangandan keyin boshlash kerak.

21-bob. Atrof tabiiy muhitning muhofazasi

514. Foydali qazilmalarni maydalash, saralash, boyitish va ruda hamda konsentratlarni boʻlaklash jarayoni ishlarining barcha bosqichlarida tabiatni muhofaza qilish chora-tadbirlari amalga oshirilishi, shuningdek, tabiat atrof-muhiti radioaktiv, zaharlovchi va boshqa zararli moddalar bilan ifloslanishlaridan himoyalanishi kerak.

Odamning atrof tabiiy muhitga texnogen taʼsiri bilan bogʻliq boʻlgan, foydali qazilmalarni maydalash, saralash, boyitish va ruda hamda konsentratlarni boʻlaklash jarayonlarini ham hisobga olgan holdagi faoliyati bunday ishlab chiqarishni tashkil etish toʻgʻrisidagi qarorni qabul qilish bosqichida davlat ekologik ekspertizasidan oʻtkazilishi kerak.

Koʻrib chiqilayotgan faoliyatni amalga oshirish jarayonida, atrof muhitni ifloslantiradigan manbalar va ularning zararli taʼsirlarining hisobi yuritiladi, atrof-muhitga ifloslantiradigan moddalar otqinlari hamda tashlanmalarining ekologik meʼyorlari ishlab chiqiladi, sanoat, maishiy va boshqa chiqindilarni joylashtirish hamda foydalanishga tiklash masalalari hal etiladi.

Amalga oshirilayotgan faoliyatning yerosti boyliklari, tuproqlar, yerosti va yuza suvlari, atmosfera havosi, aholi sogʻligi, oʻsimlik va hayvonot dunyosiga salbiy taʼsirlarini bartaraf etish boʻyicha chora-tadbirlar ishlab chiqiladi va amalga oshiriladi.

Ishlab chiqarish faoliyatining taʼsiri boʻlishi mumkin boʻlgan hududlarda atrof tabiiy muhitning monitoringi oʻtkaziladi.

22-bob. Xavfsizlik qoidalari buzilishi yuzasidan javobgarlik

515. Ushbu Qoidalarni buzishda aybdor boʻlgan mansabdor shaxslar Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.

Foydali qazilmalarni maydalash, saralash, boyitish, hamda ruda va konsentratlarni boʻlaklashda ishlarning xavfsizligi qoidalariga 1-ILOVA

Ish zonasi havosida zararli moddalarning chegaraviy ruxsat etilgan konsentratsiyasi (CHREK) *

T/r Moddaning nomi CHREK miqdori, mg/kub.m 1. Tarkibiy qismlarga ajraladigan aerozol koʻrinishdagi aluminiy oksidi (tuproq, elektrokorund, monokorund) 6 2. Amilatsetat 100 3. Alifatik aminlar * S7 — S9 1 4. C15 — S20 1 5. Ammiak 20 6. Atseton 200 7. Benzin (erituvchi, yonilgʻi) 100 8. Dixloretan * 10 9. Dietil efir 300 10. Dolomit 6 11. Ohaktosh 6 12. Kerosin (S ga hisoblangan) 300 13. Chang (kvarsit, dinas va boshqalar) tarkibida 70 foiz boʻlgan kristall kremniy 4 oksidi (kvars, kris-tobelit, tridimit) 1 ** 14. Chang tarkibida 10 dan 70 foizgacha boʻlgan kristall kremniy 4 oksidi (granit, shamot, slyuda-xomashyo, uglerod changi va boshqalar 2 ** 15. Chang tarkibida 2 dan 10 foizgacha boʻlgan kristall kremniy 4 oksidi (yonuvchi kukersit slanslar, mis-sulfid rudalar va boshqalar) 4 ** 16. Karbid kremniy (karborund) 6 17. Magnezit 10 18. Akril kislotasini metil efiri (metil-akrilat) 5 19. Rodanid natriy (texnik) 10 20. Ozon 0,1 21. Metall simob 0,01//0,005 *** 22. Qoʻrgʻoshin va uning noorganik birikmalari (qoʻrgʻoshin boʻyicha) 0,01//0,005 *** 23. Vodorod sulfidi * 10 24. Uglerod sulfidi 1 25. Tarkibida silikat boʻlgan changlar, silikatlar, alyumosilikatlar: tabiiy va sunʼiy asbest, tarkibida 10 foizdan ortiq asbest boʻlgan aralash asbestli changlar 2 26. Tarkibida 10 foizgacha asbest boʻlgan asbestli changlar 4 27 Tarkibida 5 foizgacha marganets 4 oksidi, 7 foizgacha xrom oksidi, 10 foizgacha temir oksidi boʻlgan boʻyalmagan va rangli asbest-sement 6 28. Asbest-bakelit, asbest-rezina 8 29. Slyudalar (flagopit, muskovit), talk, tarkibida 10 foizgacha erkin kremniy 4 oksidi boʻlgan talk changi (talkning tremolit, aktinolit, antofillit va boshqa minerallar bilan tabiiy aralashmasi). 4 30. Silikatli va alyumosilikatli shishasimon strukturali (tuzilmali) sunʼiy mineral tolalar (shisha-tola, shisha-momiq (vata), mineral va shlak momiq, tarkibida 5 foizgacha xrom va 3 foizgacha boshqa minerallar boʻlgan va boʻlmagan mullit-qum tuproq tola) * 2 31. Sement, olivin, apatit, forsterit, gil, kaolin shamot 6 32. Vulqon otilganda paydo boʻlgan shishasimon silikatlar (tuflar, pemza, perlit) 4 ** 33. Seolitlar (tabiiy va sunʼiy) 2 34. Skipidar (S ga hisoblangan) 300 35. Solvent-nafta (S ga hisoblangan) 100 36. Amil spirt * 10 37. Butil spirt, ikkilamchi va uchlamchi butil spirt 10 38. N-geptil spirt * 10 39. Izoaktil spirt 50 40. Metil spirt * 5 41. N-oktil spirt 10 42. Propil spirt 10 43. Etil spirt 1000 44. Ci - Syu chegaraviy alifatik uglevodorodlar (S ga hisoblangan) 300 45. Uglerod oksidi **** 20 46. Uglerod xlor 4 20 47. Fenol * 0,3 48. Formaldegid * 05 49. Sariq elementar fosfor 0,03 50. Fosforit 6 51. Vodorod-ftor kislotalari tuzlari (F boʻyicha) : natriy, kaliy, ammoniy, rux, qalay, kumush, litiy va bariy ftoridlar, kriolit, ammoniy gidroftorid 1/02 *** 52. Aluminiy, magniy, kalsiy, stronsiy, mis, xrom ftoridlari. 2,5/0,5 *** 53. Xlor * 1 54. Magniy rux (Sinka magnid) 6 55. Metall sirkoniy 6 56. Etilatsetat 200 57. Vodorod sian, sinil kislotasi tuzlari (CN ga hisoblangan) 0,3

Foydali qazilmalarni maydalash, saralash, boyitish, hamda ruda va konsentratlarni boʻlaklashda ishlarning xavfsizligi qoidalariga 2-ILOVA

Xoʻjalik-ichimlik suvi va madaniy-maishiy yoʻnalishdagi suv obyektlaridagi suvda zararli moddalarning chegaraviy ruxsat etilgan konsentratsiyasi (CHREK) va taxminiy ruxsat etilgan sathi (TRES)

T/r Reagent nomi CHREK yoki TRES Chegaraviy ruxsat etilgan konsentratsiya, mg/l Moddaning xavflilik sinfi (suv boʻyicha) * 1. Alkilsulfatlar CHREK 0,5 4 2. Alkilsulfonatlar (sulfonollar) CHREK 0,5 3 3. Ammiak (azot boʻyicha) CHREK 2,0 4. Sulfat ammoniy (azot boʻyicha) CHREK 1,0 3 5. ANP-2 (flotoreagent) CHREK 0,05 3 6. VA-2 (flokulyat) CHREK 0,5 7. Geksametilentetramin (urotropin) CHREK 0,5 8. Gidrolizlangan butil aeroflot CHREK 0,001 9. Dialkildimetilammoniy xlorid 10. C17 - S20 (flotoreagent DM-2) CHREK 0,1 11. Butil aeroflot > CHREK 0,2 12. Izobutil aeroflot CHREK 0,2 13. Izopropil aeroflot CHREK 0,02 14. Etil aeroflot CHREK 0,5 15. Xlorli temir (Fe boʻyicha) CHREK 0,3 16. Izoamil kaliy ksantogenat CHREK 0,005 17. Izobutil kaliy ksantogenat CHREK 0,005 4 18. Izopropil kaliy ksantogenat CHREK 0,05 19. Flotoreagent ITK CHREK OuOb 20. Flotoreagent IM-50 CHREK 0,1 21. IOMS-1 CHREK 4,0 22. KMS, natriy tuzi CHREK 5,0 3 23. Oksidlangan kerosin CHREK 0,01 24. Yorituvchi kerosin CHREK 0,05 25. Sulfidlangan kerosin CHREK 0,1 26. Texnik kerosin CHREK 0,01 27. Traktor kerosini CHREK 0,01 28. Olein kislotasi CHREK 0,5 29. Sirka kislotasi CHREK 1,0 4 30. Shovul kislotasi CHREK 0,5 31. S17-S20 fraksiyani dixlorkarbon kislotasi CHREK 1,0 4 32. C5 - S20 sintetik yogʻli kislotalar MIBK koʻpik hosil qilgich CHREK TRES 0,1 0,15 4 2 33. Mochevina CHREK - 4 34. Metafosfat natriy CHREK 3,5 4 35. Pirofosfat natriy CHREK 3,5 4 36. Uch almashgan fosfat natriy CHREK 3,5 4 37. Polifosfatlar CHREK 3,5 3 38. OPSB koʻpik hosil qilgich CHREK 2.0 3 39. VPK-402 (flokulyant) CHREK 0,1 3 40. PPS (flokulyant) CHREK 0,08 2 41. Qoʻrgʻoshin CHREK 0,03 2 42. DS-10 Sintanol CHREK 0,1 4 43. Skipidar CHREK 0,2 4 44. Geksil spirt (koʻpik hosil qilgich) T-66 (koʻpik hosil qilgich) CHREK 0,01 0,2 2 2 45. Oksal (T-80) koʻpik hosil qilgich CHREK 0,2 2 46. SFK (koʻpik hosil qilgich) CHREK 0,02 2 47. Tiomochevina CHREK 0,03 2 48. Natriy tiosulfat CHREK 2,5 3 49. Sianidlar CHREK 0,1 2 50. Siklogeksanol (koʻpik hosil qilgich) CHREK 0,5 2 51. Rux CHREK 1,0 3 52. Etil kaliy ksantogenat CHREK 0,1 4 53. Mis CHREK 1,0 3 54. Molibden CHREK 0,25 2 55. Mishyak CHREK 0,05 2 56. Nitratlar (MOz boʻyicha) CHREK 45,0 3 57. Nikel CHREK 0,1 3 58. Sulfidlar CHREK 3 59. Fenol CHREK 0,001 4 60. Xloridlar (S1-ioni boʻyicha) CHREK 350,0 4 61. Uglerod xlor 4 TRES 0,006 2 62. Etilatsetat CHREK 0,2 2

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 7-noyabr,

705-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 08.11.2025-y., 09/25/705/1025-son)

lex.uz