📅 2025-yil 8-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 8-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 8 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 8 ноября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 8 November 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
«Келажак мероси» халқаро мукофоти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Келажак мероси» халқаро мукофотини таъсис этиш тўғрисида»ги 2025 йил 3 ноябрдаги ПҚ-330-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги ПҚ-330-сон қарорига мувофиқ:
«Келажак мероси» халқаро мукофоти (кейинги ўринларда — Халқаро мукофот) таъсис этилгани;
«Келажак мероси» халқаро мукофоти кенгаши таркиби тасдиқлангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Келажак мероси» халқаро мукофоти тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Халқаро мукофотга ҳужжатларни тақдим этиш, уларни кўриб чиқиш ва талабгорларни танлаб олиш тартиби;
Халқаро мукофот танловини ташкил этиш ва ўтказиш, мукофот ғолибларини тақдирлаш тартиби.
3. Белгилансинки:
Халқаро мукофотнинг статуэткаси ва дипломини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Маданият вазирлигига Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади;
2025 йилда Халқаро мукофот танловини ташкил этиш ва уни ўтказиш ҳамда расмий веб-саҳифасини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш харажатлари Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.
4. Маданият вазирлиги бир ҳафта муддатда:
Халқаро мукофотнинг статуэткаси ва диплом лойиҳаларини тасдиқлаш учун «Келажак мероси» халқаро мукофоти кенгашига киритсин;
Рақамли технологиялар вазирлиги, «Киберхавфсизлик» ДУК, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Халқаро мукофотнинг расмий веб-сайтини ишлаб чиқсин ва уни ишга туширсин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ҳамда маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 ноябрдаги 711-сон қарорига ИЛОВА
«Келажак мероси» халқаро мукофоти тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Келажак мероси» халқаро мукофоти (кейинги ўринларда — Халқаро мукофот)га номзодларни кўрсатиш, уларни танлаб олиш мезонлари ҳамда ғолибларни аниқлаш ва тақдирлаш тартибини белгилайди.
2. Халқаро мукофот адабиёт, маданият, санъат, илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар соҳаларида юксак натижаларга эришиб, миллий ва жаҳон тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган ҳамда хорижий фуқароларга берилади.
3. Халқаро мукофот бўйича танлов қуйидаги йўналишлар бўйича ташкил этилади:
адабиёт;
маданий мерос;
театр ва кино;
мусиқа ва рақс;
тасвирий ва амалий санъат;
мода ва дизайн;
илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар.
4. Халқаро мукофот учун номзодларни танлаб олиш ва тақдирлаш «Келажак мероси» халқаро мукофоти кенгаши (кейинги ўринларда — Кенгаш) томонидан амалга оширилади.
Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Кенгашнинг ишчи органи (кейинги ўринларда — Ишчи орган) ҳисобланади.
6. Халқаро мукофотнинг статуэткаси ва диплом намуналари Кенгаш томонидан тасдиқланади.
2-боб. Халқаро мукофотга номзодларнинг ҳужжатларини тақдим этиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби
7. Халқаро мукофотга номзодларнинг ҳужжатларини тақдим этиш ва уларни кўриб чиқиш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
8. Халқаро мукофот танловига ҳужжатларни тақдим этиш тартиби Кенгаш томонидан белгиланади.
9. Халқаро мукофот билан тақдирлаш учун тавсия этилаётган номзодлар қуйидаги мезонлар асосида танлаб олинади:
миллий ва жаҳон тараққиётига, шу жумладан, адабиёт, маданият, санъат, илм-фан, таълим ва рақамли технологиялар ривожига қўшган ҳиссасининг аҳамияти;
амалга оширилган лойиҳа, яратилган ёки ижро этилган асарнинг оригиналлиги ва инновационлиги;
лойиҳа ва асарнинг профессионал мутахассислар ва кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилганлиги;
халқаро тадбирлар, шу жумладан, конференция, кўргазма, фестиваль, форум ва танловларда иштирок этганлиги.
10. Ишчи орган томонидан ҳар йили 5 январда оммавий ахборот воситалари ҳамда Халқаро мукофот веб-сайти орқали танлов эълон қилинади.
11. Номзодларнинг илмий ва ижодий фаолиятига оид маълумотлари ҳамда лойиҳалари, ишлари ва ижод намуналари ҳар йили 5 январдан 5 февралга қадар Ишчи орган томонидан Халқаро мукофот веб-сайти орқали қабул қилинади.
12. Ишчи орган Халқаро мукофотга тавсия этилган номзодлар томонидан тақдим этилган илмий ва ижодий фаолиятига оид маълумотлар ҳамда лойиҳалар, ишлар ва ижод намуналарини ҳар йили 1 мартга қадар шакллантиради.
13. Номзодлар томонидан тақдим этилган илмий ва ижодий фаолиятига оид маълумотлар ҳамда лойиҳалар, ишлар ва ижод намуналарини кўриб чиқиш бўйича малакали мутахассис ва ижодкорлардан иборат таркибда ушбу Низомнинг 3-бандида назарда тутилган йўналишлар бўйича ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилади.
Ишчи гуруҳлар таркиби Кенгаш томонидан тасдиқланади.
14. Ишчи гуруҳлар аъзолари Кенгаш томонидан белгиланган тартибда ва миқдорда моддий рағбатлантирилиши мумкин.
15. Ишчи гуруҳлар аъзоларини моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар Халқаро мукофотнинг харажатлар сметасида назарда тутилади.
16. Ишчи орган ҳар йили 10 мартга қадар ишчи гуруҳларга Халқаро мукофотга тавсия этилган номзодларнинг илмий ва ижодий фаолиятига оид маълумотларни, ишлари ва ижод намуналарини ўрганиб чиқиш учун тақдим этади.
17. Ишчи гуруҳлар ҳар йили 1 апрелга қадар Халқаро мукофотга номзодлар томонидан тақдим этилган уларнинг илмий ва ижодий фаолиятига оид маълумотларини ҳамда лойиҳалари, ишлари ва ижод намуналарини кўриб чиқиб, хулосалар тайёрлайди ҳамда Ишчи органга тақдим этади.
18. Ишчи орган ҳар йили 10 апрелга қадар ишчи гуруҳлар хулосалари асосида ҳужжатларни расмийлаштиради, Кенгаш йиғилишининг баёни лойиҳасини тайёрлайди ҳамда кўриб чиқиш учун Кенгашга киритади.
19. Ишчи гуруҳларнинг хулосалари ошкор этилмайди.
20. Кенгаш ҳар йили 20 апрелга қадар Ишчи орган томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, Халқаро мукофот ғолибларини аниқлаш бўйича Кенгаш йиғилишида қарор қабул қилади.
21. Кенгаш қарорлари Кенгаш йиғилишининг баёни билан расмийлаштирилади ва Кенгаш раиси ёки йиғилишга раислик қилган Кенгаш раисининг ўринбосари томонидан имзоланади.
22. Ишчи орган томонидан Халқаро мукофот ғолиблари рўйхати оммавий ахборот воситаларида ҳамда Халқаро мукофот веб-сайтида эълон қилинади.
23. Кенгаш номзодлар орасида қайси йўналиш бўйича Халқаро мукофот талабларига мос келувчи номзодлар мавжуд эмас деб топса, ушбу йўналишда Халқаро мукофот топширилмайди.
24. Кенгаш ёки ишчи гуруҳлар аъзолари Халқаро мукофотни олиш учун танловга ўз номзодини тақдим этган йилда Кенгаш ёки ишчи гуруҳларидаги фаолиятини тўхтатиб туради.
3-боб. Халқаро мукофотни топшириш тартиби
25. Халқаро мукофот ғолибларга тантанали равишда топширилади.
26. Халқаро мукофотни тантанали равишда топшириш жойи ва вақти Кенгаш томонидан белгиланади.
27. Халқаро мукофотнинг йўналишлар бўйича ғолибларининг ҳар бири статуэтка, диплом ва 10 минг АҚШ доллари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
28. Халқаро мукофот ғолибларини тантанали тақдирлаш маросимини ташкил этиш, ўтказиш, ғолиблар учун пул мукофотлари, чет эллик ғолибларнинг хориждан келиб-кетиш ҳамда меҳмонхонада яшаш билан боғлиқ барча харажатлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.
29. Бир шахс халқаро мукофот билан бир марта тақдирланади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
30. Халқаро мукофотга тақдим этилган ҳужжатлар Ишчи органда сақланади ва қайтарилмайди.
31. Халқаро танловнинг чет эллик ғолибларига пул мукофотлари мукофот жамғармасига тенг эквивалентда хорижий валютада тўланиши мумкин.
32. Халқаро мукофотнинг харажатлар сметаси Кенгаш томонидан тасдиқланади.
33. Халқаро мукофот ғолибларининг илмий ва ижодий фаолиятига оид маълумотлари, лойиҳалари, ишлари ва ижод намуналарини оммалаштириш ҳамда улар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш чора-тадбирлари кўрилади.
«Келажак мероси» халқаро мукофоти тўғрисидаги низомга ИЛОВА
«Келажак мероси» халқаро мукофоти учун номзодларни танлаб олиш ва уларни тақдирлаш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар * 1-босқич Ишчи орган (Маданият вазирлиги) Халқаро мукофот танловини ўтказиш тўғрисида оммавий ахборот воситалари ҳамда Халқаро мукофот веб-сайти орқали эълон беради Ҳар йили 5 январда 2-босқич Ишчи орган Талабгорларнинг ҳужжатларини Халқаро мукофот веб-сайти орқали қабул қилади Ҳар йили 5 январдан 5 февралгача 3-босқич Ишчи орган Халқаро мукофотга талабгорлар томонидан тақдим этилган ишлар ва ижод намуналарини шакллантиради Ҳар йили 1 мартгача 4-босқич Ишчи орган Номзодларнинг ишлари ва ижод намуналарини ўрганиб чиқиш учун Ишчи гуруҳларга тақдим этади Ҳар йили 10 мартгача 5-босқич Ишчи гуруҳлар Номзодларнинг ишлари ва ижод намуналарини ўрганиб чиқиб, тегишли хулосаларни Ишчи органга тақдим этади Ҳар йили 1 апрелгача 6-босқич Ишчи орган Ишчи гуруҳлар хулосалари асосида тегишли ҳужжатларни расмийлаштиради, «Келажак мероси» халқаро мукофоти бўйича кенгаш (кейинги ўринларда — Кенгаш) йиғилишининг баёни лойиҳасини тайёрлайди ҳамда кўриб чиқиш учун Кенгашга киритади Ҳар йили 10 апрелгача 7-босқич Кенгаш Ишчи орган томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, Халқаро мукофот ғолибларини аниқлаш бўйича Кенгаш йиғилишида қарор қабул қилади Ҳар йили 20 апрелгача 8-босқич Ишчи орган Халқаро мукофот ғолибларини танлов натижалари тўғрисида хабардор қилади Ҳар йили 25 апрелгача 9-босқич Кенгаш Халқаро мукофот ғолибларини ҳар йили Кенгаш қарори асосида халқаро миқёсда ўтказиладиган сиёсий, маданий-гуманитар ва бошқа тадбирлар доирасида тантанали равишда тақдирлайди Тадбирлар режасига кўра
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 8 ноябрь,
711 -сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING
QARORI
NIZOM
SXEMASI
“Kelajak merosi” xalqaro mukofoti toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Kelajak merosi” xalqaro mukofotini taʼsis etish toʻgʻrisida”gi 2025-yil 3-noyabrdagi PQ-330-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 3-noyabrdagi PQ-330-son qaroriga muvofiq:
“Kelajak merosi” xalqaro mukofoti (keyingi oʻrinlarda — Xalqaro mukofot) taʼsis etilgani;
“Kelajak merosi” xalqaro mukofoti kengashi tarkibi tasdiqlangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi “Kelajak merosi” xalqaro mukofoti toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
Xalqaro mukofotga hujjatlarni taqdim etish, ularni koʻrib chiqish va talabgorlarni tanlab olish tartibi;
Xalqaro mukofot tanlovini tashkil etish va oʻtkazish, mukofot gʻoliblarini taqdirlash tartibi.
3. Belgilansinki:
Xalqaro mukofotning statuetkasi va diplomini tayyorlash hamda mukofotlanganlarni taqdirlash bilan bogʻliq xarajatlar Madaniyat vazirligiga Davlat budjetidan ushbu maqsadlar uchun ajratiladigan mablagʻlar hisobidan amalga oshiriladi;
2025-yilda Xalqaro mukofot tanlovini tashkil etish va uni oʻtkazish hamda rasmiy veb-sahifasini ishlab chiqish va ishga tushirish xarajatlari Vazirlar Mahkamasining zaxira jamgʻarmasi hisobidan moliyalashtiriladi.
4. Madaniyat vazirligi bir hafta muddatda:
Xalqaro mukofotning statuetkasi va diplom loyihalarini tasdiqlash uchun “Kelajak merosi” xalqaro mukofoti kengashiga kiritsin;
Raqamli texnologiyalar vazirligi, “Kiberxavfsizlik” DUK, Tashqi ishlar vazirligi bilan birgalikda Xalqaro mukofotning rasmiy veb-saytini ishlab chiqsin va uni ishga tushirsin.
5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev hamda madaniyat vaziri O.A. Nazarbekov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 8-noyabrdagi 711-son qaroriga ILOVA
“Kelajak merosi” xalqaro mukofoti toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom “Kelajak merosi” xalqaro mukofoti (keyingi oʻrinlarda — Xalqaro mukofot)ga nomzodlarni koʻrsatish, ularni tanlab olish mezonlari hamda gʻoliblarni aniqlash va taqdirlash tartibini belgilaydi.
2. Xalqaro mukofot adabiyot, madaniyat, sanʼat, ilm-fan, taʼlim va raqamli texnologiyalar sohalarida yuksak natijalarga erishib, milliy va jahon taraqqiyotiga munosib hissa qoʻshayotgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, fuqaroligi boʻlmagan hamda xorijiy fuqarolarga beriladi.
3. Xalqaro mukofot boʻyicha tanlov quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha tashkil etiladi:
adabiyot;
madaniy meros;
teatr va kino;
musiqa va raqs;
tasviriy va amaliy sanʼat;
moda va dizayn;
ilm-fan, taʼlim va raqamli texnologiyalar.
4. Xalqaro mukofot uchun nomzodlarni tanlab olish va taqdirlash “Kelajak merosi” xalqaro mukofoti kengashi (keyingi oʻrinlarda — Kengash) tomonidan amalga oshiriladi.
Kengash tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining qarori bilan tasdiqlanadi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi Kengashning ishchi organi (keyingi oʻrinlarda — Ishchi organ) hisoblanadi.
6. Xalqaro mukofotning statuetkasi va diplom namunalari Kengash tomonidan tasdiqlanadi.
2-bob. Xalqaro mukofotga nomzodlarning hujjatlarini taqdim etish va ularni koʻrib chiqish tartibi
7. Xalqaro mukofotga nomzodlarning hujjatlarini taqdim etish va ularni koʻrib chiqish ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
8. Xalqaro mukofot tanloviga hujjatlarni taqdim etish tartibi Kengash tomonidan belgilanadi.
9. Xalqaro mukofot bilan taqdirlash uchun tavsiya etilayotgan nomzodlar quyidagi mezonlar asosida tanlab olinadi:
milliy va jahon taraqqiyotiga, shu jumladan, adabiyot, madaniyat, sanʼat, ilm-fan, taʼlim va raqamli texnologiyalar rivojiga qoʻshgan hissasining ahamiyati;
amalga oshirilgan loyiha, yaratilgan yoki ijro etilgan asarning originalligi va innovatsionligi;
loyiha va asarning professional mutaxassislar va keng jamoatchilik tomonidan eʼtirof etilganligi;
xalqaro tadbirlar, shu jumladan, konferensiya, koʻrgazma, festival, forum va tanlovlarda ishtirok etganligi.
10. Ishchi organ tomonidan har yili 5-yanvarda ommaviy axborot vositalari hamda Xalqaro mukofot veb-sayti orqali tanlov eʼlon qilinadi.
11. Nomzodlarning ilmiy va ijodiy faoliyatiga oid maʼlumotlari hamda loyihalari, ishlari va ijod namunalari har yili 5-yanvardan 5-fevralga qadar Ishchi organ tomonidan Xalqaro mukofot veb-sayti orqali qabul qilinadi.
12. Ishchi organ Xalqaro mukofotga tavsiya etilgan nomzodlar tomonidan taqdim etilgan ilmiy va ijodiy faoliyatiga oid maʼlumotlar hamda loyihalar, ishlar va ijod namunalarini har yili 1-martga qadar shakllantiradi.
13. Nomzodlar tomonidan taqdim etilgan ilmiy va ijodiy faoliyatiga oid maʼlumotlar hamda loyihalar, ishlar va ijod namunalarini koʻrib chiqish boʻyicha malakali mutaxassis va ijodkorlardan iborat tarkibda ushbu Nizomning 3-bandida nazarda tutilgan yoʻnalishlar boʻyicha ishchi guruhlar faoliyati yoʻlga qoʻyiladi.
Ishchi guruhlar tarkibi Kengash tomonidan tasdiqlanadi.
14. Ishchi guruhlar aʼzolari Kengash tomonidan belgilangan tartibda va miqdorda moddiy ragʻbatlantirilishi mumkin.
15. Ishchi guruhlar aʼzolarini moddiy ragʻbatlantirish bilan bogʻliq xarajatlar Xalqaro mukofotning xarajatlar smetasida nazarda tutiladi.
16. Ishchi organ har yili 10-martga qadar ishchi guruhlarga Xalqaro mukofotga tavsiya etilgan nomzodlarning ilmiy va ijodiy faoliyatiga oid maʼlumotlarni, ishlari va ijod namunalarini oʻrganib chiqish uchun taqdim etadi.
17. Ishchi guruhlar har yili 1-aprelga qadar Xalqaro mukofotga nomzodlar tomonidan taqdim etilgan ularning ilmiy va ijodiy faoliyatiga oid maʼlumotlarini hamda loyihalari, ishlari va ijod namunalarini koʻrib chiqib, xulosalar tayyorlaydi hamda Ishchi organga taqdim etadi.
18. Ishchi organ har yili 10-aprelga qadar ishchi guruhlar xulosalari asosida hujjatlarni rasmiylashtiradi, Kengash yigʻilishining bayoni loyihasini tayyorlaydi hamda koʻrib chiqish uchun Kengashga kiritadi.
19. Ishchi guruhlarning xulosalari oshkor etilmaydi.
20. Kengash har yili 20-aprelga qadar Ishchi organ tomonidan taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqib, Xalqaro mukofot gʻoliblarini aniqlash boʻyicha Kengash yigʻilishida qaror qabul qiladi.
21. Kengash qarorlari Kengash yigʻilishining bayoni bilan rasmiylashtiriladi va Kengash raisi yoki yigʻilishga raislik qilgan Kengash raisining oʻrinbosari tomonidan imzolanadi.
22. Ishchi organ tomonidan Xalqaro mukofot gʻoliblari roʻyxati ommaviy axborot vositalarida hamda Xalqaro mukofot veb-saytida eʼlon qilinadi.
23. Kengash nomzodlar orasida qaysi yoʻnalish boʻyicha Xalqaro mukofot talablariga mos keluvchi nomzodlar mavjud emas deb topsa, ushbu yoʻnalishda Xalqaro mukofot topshirilmaydi.
24. Kengash yoki ishchi guruhlar aʼzolari Xalqaro mukofotni olish uchun tanlovga oʻz nomzodini taqdim etgan yilda Kengash yoki ishchi guruhlaridagi faoliyatini toʻxtatib turadi.
3-bob. Xalqaro mukofotni topshirish tartibi
25. Xalqaro mukofot gʻoliblarga tantanali ravishda topshiriladi.
26. Xalqaro mukofotni tantanali ravishda topshirish joyi va vaqti Kengash tomonidan belgilanadi.
27. Xalqaro mukofotning yoʻnalishlar boʻyicha gʻoliblarining har biri statuetka, diplom va 10 ming AQSH dollari miqdorida bir martalik pul mukofoti bilan taqdirlanadi.
28. Xalqaro mukofot gʻoliblarini tantanali taqdirlash marosimini tashkil etish, oʻtkazish, gʻoliblar uchun pul mukofotlari, chet ellik gʻoliblarning xorijdan kelib-ketish hamda mehmonxonada yashash bilan bogʻliq barcha xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti hisobidan amalga oshiriladi.
29. Bir shaxs xalqaro mukofot bilan bir marta taqdirlanadi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
30. Xalqaro mukofotga taqdim etilgan hujjatlar Ishchi organda saqlanadi va qaytarilmaydi.
31. Xalqaro tanlovning chet ellik gʻoliblariga pul mukofotlari mukofot jamgʻarmasiga teng ekvivalentda xorijiy valyutada toʻlanishi mumkin.
32. Xalqaro mukofotning xarajatlar smetasi Kengash tomonidan tasdiqlanadi.
33. Xalqaro mukofot gʻoliblarining ilmiy va ijodiy faoliyatiga oid maʼlumotlari, loyihalari, ishlari va ijod namunalarini ommalashtirish hamda ular bilan faol hamkorlikni yoʻlga qoʻyish chora-tadbirlari koʻriladi.
“Kelajak merosi” xalqaro mukofoti toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
“Kelajak merosi” xalqaro mukofoti uchun nomzodlarni tanlab olish va ularni taqdirlash
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar * 1-bosqich Ishchi organ (Madaniyat vazirligi) Xalqaro mukofot tanlovini oʻtkazish toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalari hamda Xalqaro mukofot veb-sayti orqali eʼlon beradi Har yili 5-yanvarda 2-bosqich Ishchi organ Talabgorlarning hujjatlarini Xalqaro mukofot veb-sayti orqali qabul qiladi Har yili 5-yanvardan 5-fevralgacha 3-bosqich Ishchi organ Xalqaro mukofotga talabgorlar tomonidan taqdim etilgan ishlar va ijod namunalarini shakllantiradi Har yili 1-martgacha 4-bosqich Ishchi organ Nomzodlarning ishlari va ijod namunalarini oʻrganib chiqish uchun Ishchi guruhlarga taqdim etadi Har yili 10-martgacha 5-bosqich Ishchi guruhlar Nomzodlarning ishlari va ijod namunalarini oʻrganib chiqib, tegishli xulosalarni Ishchi organga taqdim etadi Har yili 1-aprelgacha 6-bosqich Ishchi organ Ishchi guruhlar xulosalari asosida tegishli hujjatlarni rasmiylashtiradi, “Kelajak merosi” xalqaro mukofoti boʻyicha kengash (keyingi oʻrinlarda — Kengash) yigʻilishining bayoni loyihasini tayyorlaydi hamda koʻrib chiqish uchun Kengashga kiritadi Har yili 10-aprelgacha 7-bosqich Kengash Ishchi organ tomonidan taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqib, Xalqaro mukofot gʻoliblarini aniqlash boʻyicha Kengash yigʻilishida qaror qabul qiladi Har yili 20-aprelgacha 8-bosqich Ishchi organ Xalqaro mukofot gʻoliblarini tanlov natijalari toʻgʻrisida xabardor qiladi Har yili 25-aprelgacha 9-bosqich Kengash Xalqaro mukofot gʻoliblarini har yili Kengash qarori asosida xalqaro miqyosda oʻtkaziladigan siyosiy, madaniy-gumanitar va boshqa tadbirlar doirasida tantanali ravishda taqdirlaydi Tadbirlar rejasiga koʻra
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 8-noyabr,
711 -son