UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 22-oktabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Oʻzbekiston badiiy akademiyasi raisi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 22 октябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Ўзбекистон бадиий академияси раиси

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 22 октября 2025 г. · Документы министерств и ведомств · Председатель Академии художеств Узбекистана

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 22 October 2025 · Ministry and agency documents · Oʻzbekiston badiiy akademiyasi raisi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН БАДИИЙ АКАДЕМИЯСИ РАИСИНИНГ

БУЙРУҒИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Туркум ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 июлдаги ПҚ-212-сон «Тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Туркум ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Фанлар академияси билан келишилган.

3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг 2025 йил 22 октябрдаги I-108-сон буйруғига ИЛОВА

Туркум ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратиш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом «Янги Ўзбекистон манзаралари», «Буюк алломалар» ва «Замон қаҳрамонлари» каби туркум ижодий асарларни (бундан буён матнда ижодий асарлар деб юритилади) давлат буюртмаси асосида яратиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Бадиий кенгаш — юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари, шунингдек бошқа маданий бойликларнинг баҳосини уларнинг ижодий ва моддий қийматидан келиб чиққан ҳолда белгилайдиган ҳамда хулоса берадиган давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳузуридаги коллегиал маслаҳат органи;

ижодий асарлар — инсон тафаккури ва ижодий фаолияти маҳсули бўлган, бадиий, эстетик ва маънавий қийматга эга бўлган, шунингдек композицион пухта ўйланган ва руҳий ҳолат билан билимларнинг чамбарчас узвийлиги орқали яратилган ижод намунаси (рангтасвир, графика, миниатюра, ҳайкалтарошлик ва амалий санъатнинг турли йўналишлари);

ижодкор — тасвирий ва амалий санъат соҳасида ўз интеллектуал салоҳияти, эстетик диди, образли тафаккури ва техник маҳорати асосида инсон, жамият ва табиат ҳақидаги фикр ва туйғуларни бадиий шаклларда ифода этадиган, миллий ва умуминсоний қадриятларни юксак маҳорат билан тарғиб қилувчи ижодий асарлар муаллифи.

Мазкур Низом мақсадлари учун давлат буюртмаси деганда маданият ва санъатни ривожлантириш, миллий маданий меросни асраш, маънавий тараққиётни рағбатлантириш ҳамда жамият ҳаётининг турли жабҳаларини бадиий ифода этиш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академиясига (бундан буён матнда Бадиий академия деб юритилади) маънавий-маърифий, бадиий, тарихий ва илмий қийматга эга ижодий асарларни яратиш учун ижодкорлар томонидан тақдим этиладиган ҳамда Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ижодий лойиҳалар тўплами тушунилади.

2. Ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратиш мазкур Низомнинг иловасидаги Туркум ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратиш схемасига асосан амалга оширилади.

3. Бадиий академия ижодий асарларни яратиш бўйича устувор мавзу ва йўналишларни қуйидаги туркумлар асосида белгилайди :

«Янги Ўзбекистон манзаралари» — мамлакатдаги ижтимоий, иқтисодий, шаҳарсозлик ва маданий ўзгаришлар, Ўзбекистон табиати ва меъморчилиги, шаҳар ва қишлоқларда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари ҳамда экологик мавзулар;

«Буюк алломалар» — миллий ва дунё тамаддунида улкан из қолдирган буюк аллома ва мутафаккирлар ҳаёти, бой ва бебаҳо мероси, тарихий шахслар, уларнинг илмий ва маънавий мероси, тарихий воқеалар ҳамда маданий даврлар;

«Замон қаҳрамонлари» — мамлакатнинг замонавий тараққиёти ва жамиятнинг турли соҳаларида фаоллик кўрсатган, даврнинг бор фазилатини ва қиёфасини мужассам этган инсонлар, ҳақиқий қаҳрамонлар ва оддий халқ орасидаги кўз илғамас фидойилар.

4. Туркум ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратишда Бадиий академиянинг Бадиий кўргазмалар дирекцияси (бундан буён матнда Бадиий кўргазмалар дирекцияси деб юритилади) буюртмачи ҳисобланади.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси (бундан буён матнда Ишчи орган деб юритилади) ижодий асарларни яратиш бўйича давлат буюртмасининг лойиҳасини шакллантирувчи ишчи орган ҳисобланади.

2-боб. Давлат буюртмаси бўйича лойиҳа таклифларини тақдим этиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби

5. Келгуси йил учун ижодий асарларни яратиш бўйича мавзу ва йўналишлар рўйхати ҳар йили ноябр ойида Бадиий академиянинг Бошқарув кенгаши (бундан буён матнда Бошқарув кенгаши деб юритилади) қарори билан тасдиқланади.

Мавзу ва йўналишлар рўйхатини тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг таклифлари, шунингдек санъатшунослар, жамоат арбоблари ва ижодкорларнинг фикрлари ҳисобга олиниши мумкин.

6. Давлат буюртмаси бўйича ижодий асарларнинг мавзу ва йўналишлар доирасидаги сони ва тақсимоти Бадиий академияга Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар доирасида Бошқарув кенгашининг қарорига мувофиқ ижодий асарларнинг ҳажми ва ўлчами кўрсатилган ҳолда белгиланади.

7. Бадиий академия келгуси йилнинг январь ойи 10-санасига қадар тасдиқланган мавзу ва йўналишлар рўйхати тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон беради.

8. Эълон қилинган мавзу ва йўналишлар бўйича ижодкорларнинг лойиҳа таклифлари Ишчи орган томонидан феврал ойининг 5-санасига қадар қабул қилинади.

9. Ижодий асарларни яратиш учун давлат буюртмасини шакллантириш мақсадида Ишчи органга эълонда кўрсатилган манзил бўйича ижодкорлар томонидан лойиҳа таклифи сифатида қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ижодкор ҳақида маълумот;

ижодий портфолио;

ижодий асарнинг рангли эскиз лойиҳаси (ижодий лойиҳа) — бир нусхадан қоғоз ва электрон шаклда;

мустақил санъатшунос, Бадиий академиянинг ҳақиқий аъзолари, Ўзбекистон Республикаси халқ рассомлари ва бошқа ижодкорларнинг ижодий лойиҳанинг ғоявий-бадиий савияси ҳамда маънавий-мафкуравий жиҳатлари борасидаги хулосалари (тавсиялари) — эркин шаклда;

ижодий концепция ва ғоя (ижодий лойиҳанинг қисқача мазмуни ва асарни яратишнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича асосланган таклиф) — ёзма шаклда;

ижодий лойиҳанинг формати ва ишланиш усули ҳақида маълумот (ишлатиладиган материаллар, ижодий лойиҳанинг ўлчами ва миқдори) — ёзма шаклда;

Бадиий кенгашнинг ижодий лойиҳани баҳолаш бўйича ижобий хулосаси — ёзма шаклда;

молиявий ҳисоб-китоб ва бюджет режаси (ижодий лойиҳани яратиш учун тасдиқланган муқобил равишда харид қилиниши мумкин бўлган зарур материаллар, ускуналар сони, миқдори, қиймати ва асар баҳоси кўрсатилган харажатлар сметаси лойиҳаси) — ёзма шаклда.

Ижодкор ижодий лойиҳага алоқадор қўшимча ҳужжатларни тақдим қилиши мумкин.

10. Ишчи орган лойиҳа таклифларининг эълонда кўрсатилган мавзу ва йўналишларга мослиги ҳамда тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлигини лойиҳа таклифи топширилган кундан бошлаб уч иш куни ичида текширади.

Лойиҳа таклифи бўйича талаб этиладиган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган тақдирда, Ишчи орган етишмаётган ҳужжатларни беш иш куни ичида тақдим этиш учун лойиҳа таклифини ижодкорга қайтаради.

3-боб. Ижодий лойиҳаларга қўйиладиган мезонлар

11. Ишчи орган томонидан қабул қилинган ижодий лойиҳалар қуйидаги мезонлар асосида йигирма кун ичида кўриб чиқилади.

давлат буюртмасининг устувор мавзу ва йўналишлари ғояси очиб берилганлиги, ўзига хослиги, шунингдек ижодий асар ғоясининг томошабин ҳамда асар олдига қўйилган вазифаларга мослиги ва ижтимоий аҳамияти;

миллий руҳ ва ранг-баранглик, сюжет ва композицион қурилишда мувозанат сақланганлиги;

ижодий ғоянинг янгилиги ва эстетик юксаклиги;

ижодкорнинг юксак маҳорати, ижодий йўналишининг пластик ва бадиий ечими;

техник ечим, асар шакли ва амалга ошириш имконияти;

ижодкор йўналишининг ўзига хос услуб ёки мактабга эгалиги;

ижодий лойиҳанинг ижро режаси ва муддатга мослиги;

бюджетнинг асослилиги ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги.

Мазкур мезонларга жавоб бермайдиган ижодий лойиҳалар Ишчи орган томонидан рад этилади ҳамда ижодкорга ушбу бандда назарда тутилган ҳар бир мезон бўйича мавжуд эътирозлар асослантирилган жавоб хати берилади.

12. Тақдим этилган ижодий лойиҳаларда муаллифлик ҳуқуқига оид қонунчилик талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланганда, бундай ижодий лойиҳалар Ишчи орган томонидан кўриб чиқилмайди.

4-боб. Давлат буюртмасини шакллантириш, ижодий жараёнларни амалга ошириш ва ижодий асарларни қабул қилиш

13. Ишчи орган шакллантирилган давлат буюртмасининг лойиҳасини ҳар йили март ойининг 5-санасига қадар Бошқарув кенгашига тавсия этади.

Ишчи орган тавсиялари асосида кўриб чиқилган ҳамда Бошқарув кенгаши қарори билан тасдиқланган ижодий лойиҳалар Бадиий академия раисининг буйруғи асосида давлат буюртмаси мақомига эга бўлади.

14. Бадиий академия раисининг буйруғи асосида давлат буюртмаси этиб тасдиқланган ижодий лойиҳаларнинг муаллифлари ва Бадиий кўргазмалар дирекцияси ўртасида беш иш куни ичида шартнома тузилади.

Шартномада давлат буюртмаси асосида яратиладиган ижодий асарларнинг муаллифлик ҳуқуқлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади ҳамда ижодий асарларни яратиш муддатлари ва босқичлари, шунингдек ижодий жараённи назорат қилиш ва ижодий жараён тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш тартиби кўрсатилади.

15. Ижодкорлар билан шартнома имзоланганидан сўнг, тасдиқланган ижодий лойиҳалар асосида ижодий асарларни яратиш жараёни бошланади.

16. Ижодий жараённинг ҳар бир босқичи бўйича ижодкорлар Ишчи органга ҳисобот, шунингдек ижодий лойиҳанинг бажарилишига доир фотосуратлар, видеоёзувлар ёки лойиҳанинг бажарилишини тасдиқловчи бошқа материалларни тақдим этади.

17. Ишчи орган томонидан ижодий жараённинг сифат ва муддатларга мувофиқлигини таъминлаш учун мунтазам назорат олиб борилади.

18. Ижодий асарни такомиллаштириш мақсадида Ишчи орган томонидан ижодкорларга тавсиялар берилиши мумкин.

Бунда, Бадиий кўргазмалар дирекцияси ва ижодкор томонидан ўзаро келишувга асосан шартномада кўрсатилган муддатларга тузатишлар киритилиши мумкин.

19. Ишчи орган ижодий лойиҳаларнинг натижаларини таҳлил қилади ва ижодий жараёнда аниқланган муаммоларни кўриб чиқади.

Яратилган ижодий асарлар Ишчи орган томонидан Бошқарув кенгаши муҳокамасига тақдим этилади ҳамда Бошқарув кенгаши қарори асосида тасдиқланади.

20. Давлат буюртмаси асосида яратилган ижодий асарлар Бадиий академия раисининг буйруғи асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондига тақдим қилинади.

5-боб. Давлат буюртмаси асосида янги ижодий асарларни яратиш учун маблағлар ажратиш тартиби

21. Давлат буюртмаси асосида ижодий асарларни яратиш билан боғлиқ харажатлар Бадиий академияга Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар доирасида молиялаштирилади.

22. Ижодкорларга тўланадиган тўловлар (муаллифлик ҳақи) миқдори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги ПҚ-3201-сон «Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган муаллифлик ҳақи ставкаларидан келиб чиққан ҳолда Бадиий кенгаш хулосасида кўрсатилади.

23. Ижодий асар Бошқарув кенгашининг қарори билан тасдиқланганидан сўнг, уч иш куни ичида ижодкор Бадиий кўргазмалар дирекциясига ижодий асарга сарфланган маблағлар юзасидан ҳисобот тақдим этади.

Ҳисоботга унда кўрсатилган барча харажатлар бўйича дастлабки ҳужжатларнинг нусхалари илова қилиниши лозим.

Ҳисоботлар тақдим этилганидан сўнг, ўн беш иш куни ичида Бадиий кўргазмалар дирекцияси томонидан ижодкорларга маблағлар (муаллифлик ҳақи) тўлиқ тўлаб берилади.

24. Харажатлар сметасида кўзда тутилмаган сарф-харажатлар ҳисоботга киритилмайди ва ижодий асар муаллифларининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.

6-боб. Ишчи орган фаолиятини ташкил этиш

25. Ишчи органнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

халқимизнинг бой маданий мероси, миллий ва умумбашарий қадриятларига ҳурмат туйғуларини мадҳ этувчи ва истиқлолни улуғловчи ижодий асарларни яратишга кўмаклашиш;

ўзбек тасвирий ва амалий санъатини ривожлантириш йўналишларида фаолият олиб бораётган ижодкорларнинг ижодий имкониятларидан унумли фойдаланиш;

тасвирий ва амалий санъат соҳасидаги ижодкорларнинг ҳаракатларини рағбатлантирувчи муҳит яратиш ва бунинг учун ташкилий ишларни амалга ошириш;

ижодкорларнинг ижодий асарларни яратиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб- қувватлаш, рағбатлантириш ва тарғиб қилиш мақсадида давлат буюртмаларини шакллантириш.

26. Ишчи орган ўзига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тақдим этилган ижодий лойиҳаларни ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган мезонлар доирасида чуқур таҳлил қилиш, долзарблигини баҳолаш, танқидий фикр-мулоҳазалар билдириш ёки қайта ишлашга тавсия этиш;

яратилган ижодий асарларнинг Бошқарув кенгашидаги муҳокамасида иштирок этиб, тасвирий ва амалий санъатнинг етакчи мутахассислари билан бир қаторда янги асарнинг ижобий ютуқлари билан бирга йўл қўйилган камчиликларига холисона муносабатда бўлиш ва тавсиялар бериш;

ижодий асарлар муҳокамасига ёки таҳлилига бошқа соҳа мутахассисларини эксперт сифатида жалб этиш.

27. Ишчи органнинг мажбуриятлари:

ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда давлат буюртмасини амалга ошириш бўйича юклатилган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

давлат буюртмасини шакллантириш ва ижодкорлар томонидан ижодий асарларнинг яратилишини таъминлаш бўйича Бошқарув кенгашининг ишини ташкил этишга кўмаклашиш;

тақдим этилган ижодий лойиҳаларни холислик, шаффофлик ва натижаларнинг асосланганлиги тамойиллари асосида кўриб чиқиш;

ижодкорлар томонидан давлат буюртмаси асосида яратишга тақдим этилган ҳамда тасдиқланган ижодий лойиҳаларни яратиш бўйича зарур ижодий муҳитни шакллантириш;

давлат буюртмаси асосида ижодий асарларни яратиш учун топширилган лойиҳа таклифларини ҳамда бошқа ҳужжатларни қабул қилиш ва ҳисобга олиш;

давлат буюртмасига даъвогар ижодий лойиҳаларнинг рўйхатини мазкур Низом талабларига асосан шакллантириш;

ижодий лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти ва ғояси ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган мезонларга мувофиқ эмас деб топилишини асослантириш;

ижодий асар савиясини янада ошириш юзасидан муаллифларга ёзма ёки оғзаки тавсиялар бериш ва ғоявий-бадиий жиҳатдан ижобий баҳоланган ёки тавсиялар асосида қайта ишланган ижодий лойиҳаларни кўриб чиқиш;

давлат буюртмаси асосида яратиладиган ижодий асарлар йиллик режасининг лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш учун Бадиий академия раҳбариятига киритиш.

7-боб. Апелляция шикоятларини кўриб чиқиш тартиби

28. Ижодкорларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун Бадиий академия раисининг буйруғи билан камида уч нафар мутахассислардан иборат тоқ сондаги таркибда Апелляция комиссияси ташкил этилади.

Апелляция комиссиясига бошқа ташкилотлардан ҳам мутахассислар жалб этилиши мумкин.

Бошқарув кенгаши ва Ишчи орган фаолиятида иштирок этган шахсларнинг Апелляция комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.

29. Бошқарув кенгаши ёки Ишчи органнинг қарорларидан норози бўлган ижодкорлар қарорлар қабул қилинган кундан бошлаб бир ой ичида Апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикояти беришлари мумкин.

30. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини у келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни муддат ичида кўриб чиқади.

Ижодкор апелляция шикоятини кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Апелляция комиссияси апелляция шикояти кўриб чиқилишидан икки кун олдин апелляция шикоятини кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида ижодкорни огоҳлантиради.

31. Апелляция комиссияси унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.

Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

Берилган овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, Апелляция комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

32. Апелляция комиссияси ижодкорнинг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижаси бўйича апелляция шикоятини қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

33. Апелляция комиссиясининг қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

8-боб. Якуний қоидалар

34. Ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратиш жараёнида қабул қилинган қарорларнинг адолатлилиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш, шунингдек Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши бўйича шахсий жавобгарлик Бадиий академия раиси зиммасига юкланади.

35. Давлат буюртмасини шакллантиришнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида Бадиий академия томонидан ўзининг расмий веб-сайтида ижодкорлар тақдим этган барча лойиҳа таклифлари, ушбу лойиҳа таклифларини кўриб чиқиш ҳолати ва натижалари (улар юзасидан қабул қилинган қарорлар), шунингдек лойиҳа таклифларини мазкур Низомнинг 11-бандида белгиланган мезонларга мувофиқ эмас деб топиш асослари очиқ эълон қилиб борилади.

36. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Туркум ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Туркум ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ўзбекистон Бадиий академияси Тасдиқланган мавзу ва йўналишлар бўйича ижодий асарларни давлат буюртмаси асосида яратиш юзасидан оммавий ахборот воситаларида эълон берилади. январь ойининг 10-санасига қадар 2-босқич Ижодкорлар Лойиҳа таклифлари Ишчи органга тақдим этилади. феврал ойининг 5-санасига қадар 3-босқич Ишчи орган Лойиҳа таклифларининг эълонда кўрсатилган мавзу ва йўналишларга мослиги ҳамда тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги текширилади. уч иш куни мобайнида Лойиҳа таклифлари кўриб чиқилади ва давлат буюртмаси лойиҳаси шакллантирилади. 20 кун мобайнида 4-босқич Ишчи орган Лойиҳа таклифларини тақдим этган ижодкорлар натижалар тўғрисида хабардор қилинади. давлат буюртмаси лойиҳаси шакллантирилган кунда Давлат буюртмасининг лойиҳаси Бошқарув кенгашига тавсия этилади. март ойининг 5-санасига қадар 5-босқич Бошқарув кенгаши Давлат буюртмасининг лойиҳасини тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилинади. Бунда, ижодий лойиҳалар Бадиий академия раисининг буйруғи асосида давлат буюртмаси мақомига эга бўлади. беш иш куни мобайнида 6-босқич Бадиий кўргазмалар дирекцияси Бадиий академия раисининг буйруғи асосида давлат буюртмаси этиб тасдиқланган ижодий лойиҳаларнинг муаллифлари билан шартнома тузилади. беш иш куни мобайнида 7-босқич Ишчи орган Ижодий жараённинг сифат ва муддатларга мувофиқлигини таъминлаш учун мунтазам назорат олиб борилади. шартномада кўрсатилган муддатларда 8-босқич Бадиий кўргазмалар дирекцияси Бошқарув кенгаши қарори асосида тасдиқланган ижодий асарлар бўйича маблағлар тўлиқ ажратилади ва ижодкорларга тўлаб берилади. ўн беш иш куни мобайнида 9-босқич Апелляция комиссияси Апелляция шикоятлари кўриб чиқилади ва кўриб чиқиш натижасига кўра апелляция шикоятларини қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. беш иш куни мобайнида

Раис А. НУРИДИНОВ

Иқтисодиёт ва молия вазири Ж. КУЧКАРОВ

Фанлар академияси президенти Ш. АЮПОВ

Маданият вазири О. НАЗАРБЕКОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 22 октябрь,

2025 йил 21 октябрь

2025 йил 18 август

2025 йил 15 август

I-108-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.11.2025 й., 10/25/3699/1034-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON BADIIY AKADEMIYASI RAISINING

BUYRUGʻI

NIZOM

SXEMASI

Turkum ijodiy asarlarni davlat buyurtmasi asosida yaratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 1-iyuldagi PQ-212-son “Tasviriy va amaliy sanʼat sohasini yanada rivojlantirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Turkum ijodiy asarlarni davlat buyurtmasi asosida yaratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Madaniyat vazirligi va Fanlar akademiyasi bilan kelishilgan.

3. Ushbu buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi raisining 2025-yil 22-oktabrdagi I-108-son buyrugʻiga ILOVA

Turkum ijodiy asarlarni davlat buyurtmasi asosida yaratish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom “Yangi Oʻzbekiston manzaralari”, “Buyuk allomalar” va “Zamon qahramonlari” kabi turkum ijodiy asarlarni (bundan buyon matnda ijodiy asarlar deb yuritiladi) davlat buyurtmasi asosida yaratish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

Badiiy kengash — yuksak badiiy qiymatga ega boʻlgan tasviriy va amaliy sanʼat asarlari, shuningdek boshqa madaniy boyliklarning bahosini ularning ijodiy va moddiy qiymatidan kelib chiqqan holda belgilaydigan hamda xulosa beradigan davlat va nodavlat tashkilotlar huzuridagi kollegial maslahat organi;

ijodiy asarlar — inson tafakkuri va ijodiy faoliyati mahsuli boʻlgan, badiiy, estetik va maʼnaviy qiymatga ega boʻlgan, shuningdek kompozitsion puxta oʻylangan va ruhiy holat bilan bilimlarning chambarchas uzviyligi orqali yaratilgan ijod namunasi (rangtasvir, grafika, miniatura, haykaltaroshlik va amaliy sanʼatning turli yoʻnalishlari);

ijodkor — tasviriy va amaliy sanʼat sohasida oʻz intellektual salohiyati, estetik didi, obrazli tafakkuri va texnik mahorati asosida inson, jamiyat va tabiat haqidagi fikr va tuygʻularni badiiy shakllarda ifoda etadigan, milliy va umuminsoniy qadriyatlarni yuksak mahorat bilan targʻib qiluvchi ijodiy asarlar muallifi.

Mazkur Nizom maqsadlari uchun davlat buyurtmasi deganda madaniyat va sanʼatni rivojlantirish, milliy madaniy merosni asrash, maʼnaviy taraqqiyotni ragʻbatlantirish hamda jamiyat hayotining turli jabhalarini badiiy ifoda etish maqsadida Oʻzbekiston Badiiy akademiyasiga (bundan buyon matnda Badiiy akademiya deb yuritiladi) maʼnaviy-maʼrifiy, badiiy, tarixiy va ilmiy qiymatga ega ijodiy asarlarni yaratish uchun ijodkorlar tomonidan taqdim etiladigan hamda Davlat budjetidan moliyalashtiriladigan ijodiy loyihalar toʻplami tushuniladi.

2. Ijodiy asarlarni davlat buyurtmasi asosida yaratish mazkur Nizomning ilovasidagi Turkum ijodiy asarlarni davlat buyurtmasi asosida yaratish sxemasiga asosan amalga oshiriladi.

3. Badiiy akademiya ijodiy asarlarni yaratish boʻyicha ustuvor mavzu va yoʻnalishlarni quyidagi turkumlar asosida belgilaydi :

“Yangi Oʻzbekiston manzaralari” — mamlakatdagi ijtimoiy, iqtisodiy, shaharsozlik va madaniy oʻzgarishlar, Oʻzbekiston tabiati va meʼmorchiligi, shahar va qishloqlarda amalga oshirilayotgan obodonlashtirish ishlari hamda ekologik mavzular;

“Buyuk allomalar” — milliy va dunyo tamaddunida ulkan iz qoldirgan buyuk alloma va mutafakkirlar hayoti, boy va bebaho merosi, tarixiy shaxslar, ularning ilmiy va maʼnaviy merosi, tarixiy voqealar hamda madaniy davrlar;

“Zamon qahramonlari” — mamlakatning zamonaviy taraqqiyoti va jamiyatning turli sohalarida faollik koʻrsatgan, davrning bor fazilatini va qiyofasini mujassam etgan insonlar, haqiqiy qahramonlar va oddiy xalq orasidagi koʻz ilgʻamas fidoyilar.

4. Turkum ijodiy asarlarni davlat buyurtmasi asosida yaratishda Badiiy akademiyaning Badiiy koʻrgazmalar direksiyasi (bundan buyon matnda Badiiy koʻrgazmalar direksiyasi deb yuritiladi) buyurtmachi hisoblanadi.

Oʻzbekiston Badiiy ijodkorlar uyushmasi (bundan buyon matnda Ishchi organ deb yuritiladi) ijodiy asarlarni yaratish boʻyicha davlat buyurtmasining loyihasini shakllantiruvchi ishchi organ hisoblanadi.

2-bob. Davlat buyurtmasi boʻyicha loyiha takliflarini taqdim etish va ularni koʻrib chiqish tartibi

5. Kelgusi yil uchun ijodiy asarlarni yaratish boʻyicha mavzu va yoʻnalishlar roʻyxati har yili noyabr oyida Badiiy akademiyaning Boshqaruv kengashi (bundan buyon matnda Boshqaruv kengashi deb yuritiladi) qarori bilan tasdiqlanadi.

Mavzu va yoʻnalishlar roʻyxatini tasdiqlashda Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi, Fanlar akademiyasi, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazining takliflari, shuningdek sanʼatshunoslar, jamoat arboblari va ijodkorlarning fikrlari hisobga olinishi mumkin.

6. Davlat buyurtmasi boʻyicha ijodiy asarlarning mavzu va yoʻnalishlar doirasidagi soni va taqsimoti Badiiy akademiyaga Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar doirasida Boshqaruv kengashining qaroriga muvofiq ijodiy asarlarning hajmi va oʻlchami koʻrsatilgan holda belgilanadi.

7. Badiiy akademiya kelgusi yilning yanvar oyi 10-sanasiga qadar tasdiqlangan mavzu va yoʻnalishlar roʻyxati toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalarida eʼlon beradi.

8. Eʼlon qilingan mavzu va yoʻnalishlar boʻyicha ijodkorlarning loyiha takliflari Ishchi organ tomonidan fevral oyining 5-sanasiga qadar qabul qilinadi.

9. Ijodiy asarlarni yaratish uchun davlat buyurtmasini shakllantirish maqsadida Ishchi organga eʼlonda koʻrsatilgan manzil boʻyicha ijodkorlar tomonidan loyiha taklifi sifatida quyidagi hujjatlar taqdim etiladi:

ijodkor haqida maʼlumot;

ijodiy portfolio;

ijodiy asarning rangli eskiz loyihasi (ijodiy loyiha) — bir nusxadan qogʻoz va elektron shaklda;

mustaqil sanʼatshunos, Badiiy akademiyaning haqiqiy aʼzolari, Oʻzbekiston Respublikasi xalq rassomlari va boshqa ijodkorlarning ijodiy loyihaning gʻoyaviy-badiiy saviyasi hamda maʼnaviy-mafkuraviy jihatlari borasidagi xulosalari (tavsiyalari) — erkin shaklda;

ijodiy konsepsiya va gʻoya (ijodiy loyihaning qisqacha mazmuni va asarni yaratishning maqsadga muvofiqligi boʻyicha asoslangan taklif) — yozma shaklda;

ijodiy loyihaning formati va ishlanish usuli haqida maʼlumot (ishlatiladigan materiallar, ijodiy loyihaning oʻlchami va miqdori) — yozma shaklda;

Badiiy kengashning ijodiy loyihani baholash boʻyicha ijobiy xulosasi — yozma shaklda;

moliyaviy hisob-kitob va budjet rejasi (ijodiy loyihani yaratish uchun tasdiqlangan muqobil ravishda xarid qilinishi mumkin boʻlgan zarur materiallar, uskunalar soni, miqdori, qiymati va asar bahosi koʻrsatilgan xarajatlar smetasi loyihasi) — yozma shaklda.

Ijodkor ijodiy loyihaga aloqador qoʻshimcha hujjatlarni taqdim qilishi mumkin.

10. Ishchi organ loyiha takliflarining eʼlonda koʻrsatilgan mavzu va yoʻnalishlarga mosligi hamda taqdim etilgan hujjatlarning toʻliqligini loyiha taklifi topshirilgan kundan boshlab uch ish kuni ichida tekshiradi.

Loyiha taklifi boʻyicha talab etiladigan hujjatlar toʻliq boʻlmagan taqdirda, Ishchi organ yetishmayotgan hujjatlarni besh ish kuni ichida taqdim etish uchun loyiha taklifini ijodkorga qaytaradi.

3-bob. Ijodiy loyihalarga qoʻyiladigan mezonlar

11. Ishchi organ tomonidan qabul qilingan ijodiy loyihalar quyidagi mezonlar asosida yigirma kun ichida koʻrib chiqiladi.

davlat buyurtmasining ustuvor mavzu va yoʻnalishlari gʻoyasi ochib berilganligi, oʻziga xosligi, shuningdek ijodiy asar gʻoyasining tomoshabin hamda asar oldiga qoʻyilgan vazifalarga mosligi va ijtimoiy ahamiyati;

milliy ruh va rang-baranglik, syujet va kompozitsion qurilishda muvozanat saqlanganligi;

ijodiy gʻoyaning yangiligi va estetik yuksakligi;

ijodkorning yuksak mahorati, ijodiy yoʻnalishining plastik va badiiy yechimi;

texnik yechim, asar shakli va amalga oshirish imkoniyati;

ijodkor yoʻnalishining oʻziga xos uslub yoki maktabga egaligi;

ijodiy loyihaning ijro rejasi va muddatga mosligi;

budjetning asosliligi va iqtisodiy jihatdan maqsadga muvofiqligi.

Mazkur mezonlarga javob bermaydigan ijodiy loyihalar Ishchi organ tomonidan rad etiladi hamda ijodkorga ushbu bandda nazarda tutilgan har bir mezon boʻyicha mavjud eʼtirozlar asoslantirilgan javob xati beriladi.

12. Taqdim etilgan ijodiy loyihalarda mualliflik huquqiga oid qonunchilik talablari buzilganlik holatlari aniqlanganda, bunday ijodiy loyihalar Ishchi organ tomonidan koʻrib chiqilmaydi.

4-bob. Davlat buyurtmasini shakllantirish, ijodiy jarayonlarni amalga oshirish va ijodiy asarlarni qabul qilish

13. Ishchi organ shakllantirilgan davlat buyurtmasining loyihasini har yili mart oyining 5-sanasiga qadar Boshqaruv kengashiga tavsiya etadi.

Ishchi organ tavsiyalari asosida koʻrib chiqilgan hamda Boshqaruv kengashi qarori bilan tasdiqlangan ijodiy loyihalar Badiiy akademiya raisining buyrugʻi asosida davlat buyurtmasi maqomiga ega boʻladi.

14. Badiiy akademiya raisining buyrugʻi asosida davlat buyurtmasi etib tasdiqlangan ijodiy loyihalarning mualliflari va Badiiy koʻrgazmalar direksiyasi oʻrtasida besh ish kuni ichida shartnoma tuziladi.

Shartnomada davlat buyurtmasi asosida yaratiladigan ijodiy asarlarning mualliflik huquqlari qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi hamda ijodiy asarlarni yaratish muddatlari va bosqichlari, shuningdek ijodiy jarayonni nazorat qilish va ijodiy jarayon toʻgʻrisida hisobotlar taqdim etish tartibi koʻrsatiladi.

15. Ijodkorlar bilan shartnoma imzolanganidan soʻng, tasdiqlangan ijodiy loyihalar asosida ijodiy asarlarni yaratish jarayoni boshlanadi.

16. Ijodiy jarayonning har bir bosqichi boʻyicha ijodkorlar Ishchi organga hisobot, shuningdek ijodiy loyihaning bajarilishiga doir fotosuratlar, videoyozuvlar yoki loyihaning bajarilishini tasdiqlovchi boshqa materiallarni taqdim etadi.

17. Ishchi organ tomonidan ijodiy jarayonning sifat va muddatlarga muvofiqligini taʼminlash uchun muntazam nazorat olib boriladi.

18. Ijodiy asarni takomillashtirish maqsadida Ishchi organ tomonidan ijodkorlarga tavsiyalar berilishi mumkin.

Bunda, Badiiy koʻrgazmalar direksiyasi va ijodkor tomonidan oʻzaro kelishuvga asosan shartnomada koʻrsatilgan muddatlarga tuzatishlar kiritilishi mumkin.

19. Ishchi organ ijodiy loyihalarning natijalarini tahlil qiladi va ijodiy jarayonda aniqlangan muammolarni koʻrib chiqadi.

Yaratilgan ijodiy asarlar Ishchi organ tomonidan Boshqaruv kengashi muhokamasiga taqdim etiladi hamda Boshqaruv kengashi qarori asosida tasdiqlanadi.

20. Davlat buyurtmasi asosida yaratilgan ijodiy asarlar Badiiy akademiya raisining buyrugʻi asosida Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazi hamda Badiiy koʻrgazmalar direksiyasi fondiga taqdim qilinadi.

5-bob. Davlat buyurtmasi asosida yangi ijodiy asarlarni yaratish uchun mablagʻlar ajratish tartibi

21. Davlat buyurtmasi asosida ijodiy asarlarni yaratish bilan bogʻliq xarajatlar Badiiy akademiyaga Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar doirasida moliyalashtiriladi.

22. Ijodkorlarga toʻlanadigan toʻlovlar (mualliflik haqi) miqdori Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 14-avgustdagi PQ-3201-son “Madaniyat va sanʼat tashkilotlari, ijodiy uyushmalar va ommaviy axborot vositalari faoliyatini yanada rivojlantirish, soha xodimlari mehnatini ragʻbatlantirish boʻyicha qoʻshimcha sharoitlar yaratishga doir chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qarorida nazarda tutilgan mualliflik haqi stavkalaridan kelib chiqqan holda Badiiy kengash xulosasida koʻrsatiladi.

23. Ijodiy asar Boshqaruv kengashining qarori bilan tasdiqlanganidan soʻng, uch ish kuni ichida ijodkor Badiiy koʻrgazmalar direksiyasiga ijodiy asarga sarflangan mablagʻlar yuzasidan hisobot taqdim etadi.

Hisobotga unda koʻrsatilgan barcha xarajatlar boʻyicha dastlabki hujjatlarning nusxalari ilova qilinishi lozim.

Hisobotlar taqdim etilganidan soʻng, oʻn besh ish kuni ichida Badiiy koʻrgazmalar direksiyasi tomonidan ijodkorlarga mablagʻlar (mualliflik haqi) toʻliq toʻlab beriladi.

24. Xarajatlar smetasida koʻzda tutilmagan sarf-xarajatlar hisobotga kiritilmaydi va ijodiy asar mualliflarining oʻz mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

6-bob. Ishchi organ faoliyatini tashkil etish

25. Ishchi organning vazifalari quyidagilardan iborat:

xalqimizning boy madaniy merosi, milliy va umumbashariy qadriyatlariga hurmat tuygʻularini madh etuvchi va istiqlolni ulugʻlovchi ijodiy asarlarni yaratishga koʻmaklashish;

oʻzbek tasviriy va amaliy sanʼatini rivojlantirish yoʻnalishlarida faoliyat olib borayotgan ijodkorlarning ijodiy imkoniyatlaridan unumli foydalanish;

tasviriy va amaliy sanʼat sohasidagi ijodkorlarning harakatlarini ragʻbatlantiruvchi muhit yaratish va buning uchun tashkiliy ishlarni amalga oshirish;

ijodkorlarning ijodiy asarlarni yaratish boʻyicha saʼy-harakatlarini qoʻllab- quvvatlash, ragʻbatlantirish va targʻib qilish maqsadida davlat buyurtmalarini shakllantirish.

26. Ishchi organ oʻziga yuklatilgan vazifalarni amalga oshirish uchun quyidagi huquqlarga ega:

taqdim etilgan ijodiy loyihalarni ushbu Nizomning 11-bandida belgilangan mezonlar doirasida chuqur tahlil qilish, dolzarbligini baholash, tanqidiy fikr-mulohazalar bildirish yoki qayta ishlashga tavsiya etish;

yaratilgan ijodiy asarlarning Boshqaruv kengashidagi muhokamasida ishtirok etib, tasviriy va amaliy sanʼatning yetakchi mutaxassislari bilan bir qatorda yangi asarning ijobiy yutuqlari bilan birga yoʻl qoʻyilgan kamchiliklariga xolisona munosabatda boʻlish va tavsiyalar berish;

ijodiy asarlar muhokamasiga yoki tahliliga boshqa soha mutaxassislarini ekspert sifatida jalb etish.

27. Ishchi organning majburiyatlari:

hududiy boʻlinmalari bilan birgalikda davlat buyurtmasini amalga oshirish boʻyicha yuklatilgan vazifalarning sifatli va oʻz vaqtida bajarilishini taʼminlash;

davlat buyurtmasini shakllantirish va ijodkorlar tomonidan ijodiy asarlarning yaratilishini taʼminlash boʻyicha Boshqaruv kengashining ishini tashkil etishga koʻmaklashish;

taqdim etilgan ijodiy loyihalarni xolislik, shaffoflik va natijalarning asoslanganligi tamoyillari asosida koʻrib chiqish;

ijodkorlar tomonidan davlat buyurtmasi asosida yaratishga taqdim etilgan hamda tasdiqlangan ijodiy loyihalarni yaratish boʻyicha zarur ijodiy muhitni shakllantirish;

davlat buyurtmasi asosida ijodiy asarlarni yaratish uchun topshirilgan loyiha takliflarini hamda boshqa hujjatlarni qabul qilish va hisobga olish;

davlat buyurtmasiga daʼvogar ijodiy loyihalarning roʻyxatini mazkur Nizom talablariga asosan shakllantirish;

ijodiy loyihalarning mazmun-mohiyati va gʻoyasi ushbu Nizomning 11-bandida belgilangan mezonlarga muvofiq emas deb topilishini asoslantirish;

ijodiy asar saviyasini yanada oshirish yuzasidan mualliflarga yozma yoki ogʻzaki tavsiyalar berish va gʻoyaviy-badiiy jihatdan ijobiy baholangan yoki tavsiyalar asosida qayta ishlangan ijodiy loyihalarni koʻrib chiqish;

davlat buyurtmasi asosida yaratiladigan ijodiy asarlar yillik rejasining loyihasini ishlab chiqish hamda tasdiqlash uchun Badiiy akademiya rahbariyatiga kiritish.

7-bob. Apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish tartibi

28. Ijodkorlarning apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish uchun Badiiy akademiya raisining buyrugʻi bilan kamida uch nafar mutaxassislardan iborat toq sondagi tarkibda Apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi.

Apellyatsiya komissiyasiga boshqa tashkilotlardan ham mutaxassislar jalb etilishi mumkin.

Boshqaruv kengashi va Ishchi organ faoliyatida ishtirok etgan shaxslarning Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

29. Boshqaruv kengashi yoki Ishchi organning qarorlaridan norozi boʻlgan ijodkorlar qarorlar qabul qilingan kundan boshlab bir oy ichida Apellyatsiya komissiyasiga yozma yoki elektron shaklda apellyatsiya shikoyati berishlari mumkin.

30. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyatini u kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni muddat ichida koʻrib chiqadi.

Ijodkor apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqishda ishtirok etish huquqiga ega.

Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyati koʻrib chiqilishidan ikki kun oldin apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish vaqti va joyi haqida ijodkorni ogohlantiradi.

31. Apellyatsiya komissiyasi unda aʼzolarning kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi.

Apellyatsiya komissiyasining qarori oddiy koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi va majlisda ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan tasdiqlanadigan bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.

Berilgan ovozlar soni teng boʻlib qolgan taqdirda, Apellyatsiya komissiyasi raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

32. Apellyatsiya komissiyasi ijodkorning apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish natijasi boʻyicha apellyatsiya shikoyatini qanoatlantirish yoki qanoatlantirishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

33. Apellyatsiya komissiyasining qarori ustidan sudga shikoyat qilinishi mumkin.

8-bob. Yakuniy qoidalar

34. Ijodiy asarlarni davlat buyurtmasi asosida yaratish jarayonida qabul qilingan qarorlarning adolatliligi va haqqoniyligini taʼminlash, shuningdek Davlat budjetidan ajratilgan mablagʻlarning toʻgʻri sarflanishi boʻyicha shaxsiy javobgarlik Badiiy akademiya raisi zimmasiga yuklanadi.

35. Davlat buyurtmasini shakllantirishning ochiqligi va shaffofligini taʼminlash maqsadida Badiiy akademiya tomonidan oʻzining rasmiy veb-saytida ijodkorlar taqdim etgan barcha loyiha takliflari, ushbu loyiha takliflarini koʻrib chiqish holati va natijalari (ular yuzasidan qabul qilingan qarorlar), shuningdek loyiha takliflarini mazkur Nizomning 11-bandida belgilangan mezonlarga muvofiq emas deb topish asoslari ochiq eʼlon qilib boriladi.

36. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Turkum ijodiy asarlarni davlat buyurtmasi asosida yaratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Turkum ijodiy asarlarni davlat buyurtmasi asosida yaratish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi Tasdiqlangan mavzu va yoʻnalishlar boʻyicha ijodiy asarlarni davlat buyurtmasi asosida yaratish yuzasidan ommaviy axborot vositalarida eʼlon beriladi. yanvar oyining 10-sanasiga qadar 2-bosqich Ijodkorlar Loyiha takliflari Ishchi organga taqdim etiladi. fevral oyining 5-sanasiga qadar 3-bosqich Ishchi organ Loyiha takliflarining eʼlonda koʻrsatilgan mavzu va yoʻnalishlarga mosligi hamda taqdim etilgan hujjatlarning toʻliqligi tekshiriladi. uch ish kuni mobaynida Loyiha takliflari koʻrib chiqiladi va davlat buyurtmasi loyihasi shakllantiriladi. 20 kun mobaynida 4-bosqich Ishchi organ Loyiha takliflarini taqdim etgan ijodkorlar natijalar toʻgʻrisida xabardor qilinadi. davlat buyurtmasi loyihasi shakllantirilgan kunda Davlat buyurtmasining loyihasi Boshqaruv kengashiga tavsiya etiladi. mart oyining 5-sanasiga qadar 5-bosqich Boshqaruv kengashi Davlat buyurtmasining loyihasini tasdiqlash boʻyicha qaror qabul qilinadi. Bunda, ijodiy loyihalar Badiiy akademiya raisining buyrugʻi asosida davlat buyurtmasi maqomiga ega boʻladi. besh ish kuni mobaynida 6-bosqich Badiiy koʻrgazmalar direksiyasi Badiiy akademiya raisining buyrugʻi asosida davlat buyurtmasi etib tasdiqlangan ijodiy loyihalarning mualliflari bilan shartnoma tuziladi. besh ish kuni mobaynida 7-bosqich Ishchi organ Ijodiy jarayonning sifat va muddatlarga muvofiqligini taʼminlash uchun muntazam nazorat olib boriladi. shartnomada koʻrsatilgan muddatlarda 8-bosqich Badiiy koʻrgazmalar direksiyasi Boshqaruv kengashi qarori asosida tasdiqlangan ijodiy asarlar boʻyicha mablagʻlar toʻliq ajratiladi va ijodkorlarga toʻlab beriladi. oʻn besh ish kuni mobaynida 9-bosqich Apellyatsiya komissiyasi Apellyatsiya shikoyatlari koʻrib chiqiladi va koʻrib chiqish natijasiga koʻra apellyatsiya shikoyatlarini qanoatlantirish yoki qanoatlantirishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi. besh ish kuni mobaynida

Rais A. NURIDINOV

Iqtisodiyot va moliya vaziri J. KUCHKAROV

Fanlar akademiyasi prezidenti Sh. AYUPOV

Madaniyat vaziri O. NAZARBEKOV

Toshkent sh.,

2025-yil 22-oktabr,

2025-yil 21-oktabr

2025-yil 18-avgust

2025-yil 15-avgust

I-108-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 12.11.2025-y., 10/25/3699/1034-son)

lex.uz