📅 2025-yil 11-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 11-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 11 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 11 ноября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 11 November 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида пулли хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 5 сентябрдаги ПҚ-311-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда тиббиёт муассасаларида пулли тиббий хизмат кўрсатишни тартибга солиш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, муассасаларнинг ўз маблағлари ҳисобидан аҳолига сифатли пулли тиббий хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги ПҚ-311-сон қарорига мувофиқ аҳолининг кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиши, оилавий шифокорнинг электрон йўлланмаси асосида текширувлардан ўтказилиши ва даволаниши, ушбу тартибга риоя этилмаган ҳолларда, тиббий хизматлар пулли асосда кўрсатилиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида пулли хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
тиббиёт муассасаларида пулли хизматларни ташкил этиш ва тиббий хизматлар кўрсатиш тарифларини шакллантириш тартиби;
пулли асосда кўрсатилган тиббий хизматлардан келиб тушган маблағларни сарфлаш тартиби;
мижозларни қабул қилиш, улар билан шартномалар тузиш, шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга пулли хизмат кўрсатиш тартиби.
3. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда:
пулли тиббий хизмат кўрсатиш учун сарфланадиган вақт ва унда бевосита қатнашадиган ходимлар сонини, пулли тиббий хизмат нархларини, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун пулли тиббий хизматларга қўлланиладиган устама миқдорлари, қўшимча хизмат турлари ва нархларини, шунингдек, пулли тиббий хизмат ва бир кунлик шифо ўрни нархини аниқлаш калькуляциясининг намунавий шаклларини тасдиқласин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.А. Худаяров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 ноябрдаги 718-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида пулли хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) тизимидаги тиббий хизмат кўрсатадиган давлат тиббиёт муассасаларида (кейинги ўринларда — тиббиёт муассасалари) пулли тиббий ва қўшимча хизматлар кўрсатиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом:
Вазирлик тизимидаги нотиббий фаолият билан шуғулланувчи давлат муассасалари, нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳамда Вазирлик тизимида бўлмаган тиббиёт ташкилотлари учун тавсиявий тусга эга ҳисобланади;
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 октябрдаги 826-сон қарори билан тасдиқланган Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказининг намунавий уставига мувофиқ фаолият юритувчи тиббиёт марказларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
бевосита харажатлар — хизмат кўрсатиш жараёнида сарфланадиган ва хизмат бирлиги таннархига бевосита тегишли ишлаб чиқариш ресурслари;
билвосита харажатлар — хизмат кўрсатиш вақтида билвосита сарфланадиган, хизмат турлари қийматини ҳисоблаб чиқаришда бевосита қўллаш имкони бўлмаган ресурслар;
калькуляция — кўрсатиладиган хизматларга сарфланадиган харажатларнинг пулдаги қийматини аниқлаш мақсадида бир ёки бир неча хизматлар учун тузиладиган ҳисоб-китоб ҳужжати;
мижоз — касаллиги бор ёки йўқлигидан ва соғлиғининг ҳолатидан қатъи назар, унга ёрдам кўрсатилаётган ёхуд тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган жисмоний шахс;
нархнома — калькуляция асосида амалдаги тартибда ҳисоб-китоб қилиниб, тиббиёт муассасаси раҳбарияти томонидан тасдиқланган тиббий хизматлар нархлари акс эттирилган тизимли ҳужжат;
рентабеллик (фойда) — соф фойда суммасини хизматлар таннархига бўлиш орқали ҳисоблаб чиқиладиган фойдалилик нисбий кўрсаткичи;
тариф (нарх) — тиббий хизматлар бирлигининг пул кўринишидаги қиймати;
таннарх — маҳсулот ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш)да фойдаланиладиган моддий ресурсларнинг, асосий фондларнинг, меҳнат ресурсларининг, шунингдек, товарлар ишлаб чиқариш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) жараёнини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа турдаги харажатларнинг қиймати;
хронометраж — қонунчилик ҳужжатлари билан тасдиқланган миқдорларда ёки бундай ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, тиббиёт муассасасидаги юқори малакали мутахассислардан иборат ишчи комиссия ёки таклиф этилган тегишли мутахассислар томонидан аниқланган тиббий хизмат кўрсатишда қатнашадиган мутахассисларнинг сони ва унга сарфланадиган вақтни белгиловчи ҳужжат;
қўшимча хизматлар — тиббиёт муассасалари томонидан асосий тиббий хизматлар таркибига киритилмаган, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган, мижознинг хоҳишига кўра унга кўрсатиладиган қўшимча пулли хизматлар.
3. Тиббиёт муассасасига мижоз режали тиббий ёрдам олиш учун тегишли йўлланмасиз, бевосита ўз ихтиёри билан мурожаат қилган тақдирда, тиббий ёрдам белгиланган тартибда пулли асосда кўрсатилади (шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам бундан мустасно).
4. Давлат томонидан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида кафолатланган пакет доирасида бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлардан ташқари хизматлар қўшимча ҳисобланади ва пулли асосда кўрсатилади.
Бунда давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда тегишли бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига бириктирилмаган ва (ёки) оилавий шифокорнинг электрон йўлланмаси асосида мурожаат этмаган шахсларга тиббий хизматлар пулли асосда кўрсатилади.
2-боб. Тиббиёт муассасаларида пулли хизматларни ташкил этиш ва тиббий хизматлар кўрсатиш тарифларини шакллантириш тартиби
5. Тиббиёт муассасаларида асосий иш вақти ва ундан ташқари вақтда кафолатланган пакет доирасида бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар иш ҳажми, сони ва сифатига таъсир этмаган ҳамда доимий равишда муассасада мавжуд тиббий жиҳозларидан фойдаланган ҳолда, бепул ва пулли асосда куну-тун тиббий хизмат кўрсатилади.
Бунда тиббиёт муассасаларида бюджет маблағлари ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан қабул қилинган тиббий жиҳозларидан пулли хизмат асосида фойдаланишга рухсат берилади.
6. Кафолатланган пакет доирасида бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар иш ҳажми, сони ва сифатига салбий таъсир этмаган, шунингдек, ушбу хизматни кўрсатишнинг устуворлиги сақланган ҳолда, пулли хизматлар муассаса биносида, жойларга чиққан ҳолда бошқа муассасаларда шартнома асосида, ходимни жалб қилиш ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа шаклларда кўрсатилиши мумкин.
7. Пулли хизматларни ташкил этишда кўрсатилган хизматлардан тушган маблағлар ҳисобини алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағида юритиш, биноларнинг кириш қисмларида пулли хизматлар бўйича ахборот бурчаклари, қулай жойлашувда жойлашган тўлов кассалари ҳамда хизмат нархлари юзасидан тасдиқланган калькуляциялар мавжуд бўлиши лозим.
8. Тиббиёт муассасалари раҳбарлари пулли хизматларни ташкил этишда қуйидаги ваколатлардан фойдаланади:
а) ҳар йили Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотларининг харажатлар сметаларини тузиш бўйича белгиланган тартибга ўхшаш тартибда даромадлар ва харажатлар сметасини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;
б) пулли тиббий хизмат кўрсатишга сарфланадиган вақт ва унда бевосита қатнашадиган ходимлар сонини, пулли тиббий хизмат нархларини (давлат томонидан нархлари тартибга солинадиган, базавий ҳисоблаш миқдорига боғланган тиббий хизматлар бундан мустасно), бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун пулли тиббий хизматларга қўлланиладиган устама миқдорлари, қўшимча хизмат турлари ва нархларини Вазирлик томонидан тасдиқланадиган намунавий шакллар асосида белгилайди;
в) ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартибини тасдиқлайди;
г) муассасанинг қуввати доирасида бўлинмалар ихтисослашувини, даво ўринлари ҳамда ходимлар сонини иш ҳажмига мувофиқ белгилайди;
д) штатлар жадвалини тасдиқлайди ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси (тиббиёт ходимлари учун давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тариф сеткаси) бўйича базавий лавозим маошларидан, миқдори чекланмайдиган устама, мукофот, рағбатлантириш ва бошқа ички ҳужжатларда назарда тутилган тўловлардан келиб чиққан ҳолда, ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш (кейинги ўринларда — меҳнатга ҳақ тўлаш) миқдорларини белгилайди.
Бунда қўшимча хизматларнинг турлари ва нархлари ички баённома расмийлаштирилган ҳолда, шунингдек, бажарилган ишлар ҳажми, сифати, мураккаблик даражасига кўра меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари табақалаштирилган ҳолда тиббиёт муассасаси томонидан тасдиқланади.
9. Ходимлар асосий иш жойи ёки ўриндошлик асосида ишга қабул қилинади ёки иш ҳажми инобатга олинган ҳолда, фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида хизматлар кўрсатилиши мумкин.
Бунда қонунчилик ҳужжатларида соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасалар учун ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари ва миқдорлари бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда тасдиқланган штат меъёрлари тавсиявий ҳисобланади.
10. Тиббий хизмат бирлиги тарифи (шифокор маслаҳати, муолажалар, текширувлар, хирургик амалиёт ва бошқалар)ни аниқлаш бўйича пулли хизмат калькуляцияси Вазирлик томонидан тасдиқланадиган намунавий шакллар асосида ҳисобланади.
11. Пулли хизмат кўрсатиш жараёнидаги иштирокидан келиб чиқиб, хизмат таннархидаги харажатлар бевосита ва билвосита турларга ажратилади.
12. Бевосита харажатлар қуйидагилар ҳисобланади:
а) бевосита меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари — хизмат кўрсатиш жараёнида бевосита қатнашадиган шифокор ва ўрта тиббий ходимларнинг, шунингдек, стационар шифо ўрни нархини ҳисоблашда тегишли йўналиш бўйича (жарроҳлик, терапия, реанимация) стационар бўлимдаги бевосита хизмат кўрсатувчи асосий тиббиёт ходимлари — шифокор, ўрта ва кичик тиббий ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича тўловлари киритилади. Бунда асосий тиббиёт ходимлари таркиби ҳар бир бўлим бўйича хронометражда алоҳида белгиланади;
б) бевосита меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда ижтимоий солиқ тўловлари;
в) бевосита материал харажатлари — хизмат кўрсатиш жараёнида бўлинган ҳолда ёки доимий қўлланадиган кам қийматли дори воситалари, сарфлаш материаллари ва бошқа ашёлар.
13. Билвосита харажатлар қуйидагилар ҳисобланади:
а) билвосита харажатларни ҳисоблашда пулли хизмат билан боғлиқ қуйидагилар харажатлар киритилади:
маъмурий-бошқарув, хўжалик, техник, бевосита меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларида кўзда тутилмаган ходимлар ҳамда бошқа ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда ижтимоий солиқ бўйича тўловлари;
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига асосан байрам кунлари ҳамда «Тиббиёт ходимлари куни» муносабати билан барча ходимларга бериладиган мукофотлар, ижтимоий нафақалар ва бошқа бир марталик ҳамда бевосита меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларида кўзда тутилмаган тўловлар;
хизмат сафари харажатлари;
коммунал хизматлар харажатлари;
сақлаб туриш, жорий таъмирлаш ва ижара бўйича харажатлар, шу жумладан, молиявий манбаидан қатъи назар, хизмат кўрсатишда фойдаланиладиган ер майдони, бино, транспорт, мебель, жиҳоз, техника ва шу кабиларни сақлаб туриш, жорий таъмирлаш харажатлари;
товар-моддий айланма воситаларининг захиралари харажатлари, шу жумладан, товар-моддий захиралар, қоғоз ва бошқа матбаа маҳсулотлари, кийим-кечак, чойшаб ва бошқалар;
товар ва хизматлар сотиб олиш учун бошқа харажатлар, жумладан, асосий воситаларни ижарага олиш, ўқитиш, телефон, телекоммуникация, ахборот хизматлари ва бошқалар;
бошқа турли харажатлар пулли хизмат кўрсатиш жараёнига боғлиқлигидан келиб чиқиб киритилади. Бунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда соғлиқни сақлашнинг янги модели жорий этилган тажриба-синов ҳудудларидаги соғлиқни сақлаш бўлимларига йўналтириладиган мажбурий тусдаги ажратмалар, озиқ-овқат, муассаса томонидан беморларни таъминлаш учун пулли асосда шифохонага кирим қилинган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар шунингдек, асосий воситалар бўйича харажатлар киритилмайди;
асосий воситаларнинг эскириш харажатлари. Бунда асосий воситаларнинг эскириш харажатларини ҳисоблашда пулли хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар ҳамда бюджетдан ташқари бошқа манбалар ёки қайтариш манбаи бюджетдан ташқари маблағлар бўлган ссуда асосида харид қилинган, Давлат бюджети, беғараз, мурувват, ҳомийлик ёрдами ҳисобига қабул қилинган асосий воситаларнинг калькуляцияси ишлаб чиқиладиган давридаги йиллик эскириш харажатлари киритилади;
б) билвосита харажатлар улуши — жами билвосита харажатлар хизмат кўрсатишдаги жами бевосита меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларига тақсимлаш орқали фоиз ҳисобида аниқланади.
Бунда билвосита харажатлар бевосита меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари ва улар бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда ижтимоий солиқ тўловлари йиғиндисига нисбатан 200 фоиздан ошмаган ҳолда киритилади.
14. Пулли хизмат жойларга чиқиб, бошқа муассасаларда шартнома асосида, ходимни жалб қилиш ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа шаклларда кўрсатилган ҳолларда, жойига чиқиш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан, транспорт, овқатланиш, сафар харажатлари хизмат таннархига киритилади.
15. Даромад манбалари икки ва ундан ортиқ муассасаларнинг билвосита харажатларини ҳисоблашда имтиёзли ва пулли асосдаги беморларга умумий сарфланадиган харажатлар, масалан, умумий фойдаланадиган коммунал хизмат харажатларини алоҳида ҳисоблаш имкони бўлмаса, умумий ҳажмдаги улушдан келиб чиқиб, пропорциялаш орқали (ушбу турдаги фаолиятни амалга оширишда фойдаланиладиган ҳажм кўрсаткичлари, ташрифлар сони, эгалланган майдон, даромад ҳажми ва бошқалар) аниқланади. Харажатларни бундай тақсимлаш тартиби тиббиёт муассасасининг ички ҳужжатлари билан белгиланади.
16. Солиқ тўловларидан озод этилган тиббиёт муассасалари маҳсулот (ишлар, хизматлар) харид қилишдаги солиқ (ҚҚС ва бошқалар) миқдори пулли тиббий хизмат таннархи таркибига киритилади.
17. Пулли тиббий хизматларга тарифларни шакллантиришда рентабеллик (фойда) қўлланади.
Беғараз ёрдам доирасида балансга олинган тиббий жиҳозлардан пулли хизмат кўрсатишда фойдаланиш донорлар билан ҳамкорлик тўғрисидаги битим, келишув, шартнома ёки дастур шартларига мувофиқ амалга оширилади. Бунда беғараз ёрдам доирасида балансга олинган тиббий жиҳозлардан пулли хизмат кўрсатишда фойдаланилганда рентабеллик (фойда) қўлланилмайди.
18. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган солиқлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда соғлиқни сақлашнинг янги модели жорий этилган тажриба-синов ҳудудларидаги соғлиқни сақлаш бўлимларига йўналтириладиган юқори турувчига ажратмалар калькуляцияларда алоҳида киритилади.
19. Пулли хизмат тарифлари иш ҳақи миқдори, коммунал хизматлар, материал харажатларнинг ортиши, асосий воситаларнинг эскириш харажатлари ва қонунчиликдаги ўзгаришлар муносабати билан ёки бозор конъюнктурасидан ҳамда аҳолининг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, даромадлар ва харажатлар сметасини ўзгартирган ҳолда қайта тасдиқланади.
Тиббиёт муассасалари томонидан пулли хизматлар тарифлари қайта тасдиқланган тақдирда, юқори турувчи соғлиқни сақлаш бошқарув органлари хабардор қилинади ҳамда Вазирлик ёки муассасанинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
20. Хирургик амалиёт калькуляцияси вақтбай тарификация қилинган ҳолларда, бажарилган ишлар далолатномасини тузиш жараёнида хирургик амалиёт учун ҳақиқатда сарфланган вақтдан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинади.
21. Ғазна операциялари бўйича ҳисоботларнинг ҳамда мижозлар билан ҳисоб-китобларнинг тўғри юритилиши учун ишлаб чиқилган нархлар вергулга қадар бўлган икки хонали сон аниқликда беморлар фойдасига яхлитланади.
3-боб. Пулли хизматлардан тушган маблағларни сарфлаш тартиби
22. Пулли хизмат кўрсатиш билан боғлиқ сарф-харажатлар кўрсатилган пулли хизматлардан тушган маблағлар ҳисобидан даромадлар ва харажатлар сметаси доирасида амалга оширилади.
23. Ходимларга меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тўловлар Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари ҳамда муассасанинг ички ҳужжатлари (мазкур Низом доирасида жамоа шартномаларида, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда қабул қилинган ҳужжатлари) асосида иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ тиббиёт муассасаларининг даромадлари доирасида тўланади.
Бунда асосий иш вақти ва ундан ташқари куну-тун тиббий хизмат кўрсатиш ташкил этилган тиббиёт муассасаларида пулли хизмат бўйича иш ҳақи тўловлари ушбу Низомга асосан тўланади. Шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тўловлар тасдиқланган калькуляцияларда ушбу мақсадлар учун кўзда тутилган миқдорларга мувофиқ тўланади.
24. Ходимларга вақтбай, ишбай ёки меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган бошқа мезонларга кўра ҳақ тўланади.
25. Тиббиёт муассасасида раҳбар ва ходимларга меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тўловларни тўлаш шартлари ва миқдорлари, шунингдек, ходимларни ишга жалб этиш мезонлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муассасанинг ички ҳужжатларида акс эттирилади.
Бунда пулли хизматлар кўрсатиш прогноз параметрларининг бажарилиши, турдош функцияларнинг ўзлаштирилиши ёки янги турдаги хизматларнинг жорий этилиши, инновацион иш услуби ва ижро интизомига қатъий риоя қилиниши, юқори самарадорлик ва натижадорликка эришилиши, «устоз-шогирд» анъаналарининг амалиётга татбиқ этилиши каби асосий мезонлар инобатга олинади.
26. Пулли хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар (иш ҳақи, қўшимча ва устамалар, дори ва сарфлов воситалари, коммунал хизматлар ҳамда улар учун тўловлар, сақлаб туриш, жорий таъмирлаш ва бошқа харажатлар) олинган даромадлар ҳисобидан қопланади.
27. Тиббиёт муассасаларининг товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлари товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумлар ва уларни ишлаб чиқариш бўйича ҳисобот даври (чорак) якуни бўйича харажатлар ўртасидаги ижобий фарқи тегишлилиги бўйича Тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасининг ҳисобварағига ўтказилади (бюджет маблағлари олувчи тиббиёт муассасалари бундан мустасно).
4-боб. Мижозларни қабул қилиш, улар билан шартномалар тузиш, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга пулли хизмат кўрсатиш тартиби
28. Мижоз тиббиёт муассасаларининг рўйхатга олиш бўлимлари томонидан қабул қилинади ва рўйхатга олинади ҳамда ҳар бир мижознинг тиббий картасига унинг шахсини тасдиқловчи маълумотлари асосида пулли хизмат кўрсатилиши белгиланади.
29. Мижозлар тиббиёт муассасасига тўловни олдиндан тўлиқ тўлаш шартларида қабул қилинади. Ҳақ тўлаш банк шохобчаси ёки тиббиёт муассасаларининг назорат-касса (терминал) аппаратлари қўлланган ва қатъий ҳисобот ҳужжатлари ҳисобланадиган бланкалардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, электрон тўлов тизимлари орқали тўланади. Мижоз нақд пул ёки банк пластик картаси орқали тўловни тўлаган тақдирда, банк томонидан тасдиқланган тўлов топшириқномаси нусхасини ёки кассир томонидан мижознинг ҳақ тўлаганлигини тасдиқловчи тўлов қоғозини рўйхатга олиш бўлимига топширади, касса изи туширилган чек мижознинг ўзида қолади, электрон тўловда эса фискал белгили чек тақдим этилади.
30. Кўрсатилган пулли хизматлар учун нақд ва банк пластик карталари орқали тўловларни тиббиёт муассасаси раҳбарининг буйруғи билан тайинланган алоҳида ходим (моддий жавобгар шахс, ғазначи) ёки банк тўлов кассалари қабул қилади. Ушбу ходимлардан ташқари бошқа ходимларнинг тўловларни қабул қилишига йўл қўйилмайди.
31. Тиббиёт муассасаларига келган шахслар тасдиқланган нархнома бўйича ҳақ тўлагандан сўнг маслаҳат олиш учун мутахассис шифокорга ва (ёки) инструментал-лаборатор ташхис қўйишга юборилади ва текширув натижаларига кўра тор соҳа мутахассиси кўригига юбориш ва (ёки) мижозга амбулатор ёки стационар шароитда даволаниш чораси белгиланади.
32. Тиббиёт муассасасида амбулатор тиббий ёрдам кўрсатишда тарафлардан бирининг оферта (шартнома тузиш ҳақида таклиф) йўллаши ва иккинчи тараф уни акцептлаши (таклифни қабул қилиши) йўли билан тузилади. Бунда мижоз томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар учун олдиндан тўланган тўлов мижоз томонидан шартларга розилигини ҳамда келишув амалга оширилганлигини билдиради.
Стационар тиббий ёрдам кўрсатишда пулли тиббий хизмат кўрсатиш юзасидан шартнома икки ёки уч нусхада тузилади, уларни мижоз, унинг ҳомийси (тўловчи бўлганда) ва тиббиёт муассасаси раҳбари ёхуд мазкур функциялар меҳнат вазифаларига мувофиқ зиммасига юкланган ваколатли шахс имзолайди, шартномалар бир нусхадан мижозга ёки унинг ҳомийсига, шунингдек, тиббиёт муассасасининг ҳужжатлар йиғмажилдларида сақлаш учун берилади. Пулли асосда стационар хизматларни кўрсатиш учун хоналар (палаталар) алоҳида ташкил этилади.
33. Тиббиёт муассасасида овқатлантириш, дори воситалари ва тиббий жиҳозлар мижозга ҳақиқатда фойдаланилган ҳажмларда тўлов учун тақдим этилади.
34. Ташхислаш ва даволаш стандартларида назарда тутилмаган ташхислаш, даволаш амалиётлари:
мижозда қўшимча касалликлар аниқланганда, уларнинг ташхислаш ва даволаш харажатлари мижоз ёки унинг ҳомийси ҳисобидан;
кўрсатилган тиббий хизмат натижасида ёки мутахассисларнинг нотўғри ташхиси ва ҳаракатлари туфайли юзага келган асоратларни даволаш харажатлари тиббиёт муассасасининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.
35. Мижоз билан тиббиёт муассасасидан чиқиш вақтида шартнома бўйича бажарилган ишлар далолатномасига асосан якуний ҳисоб-китоблар ўтказилади ва мижозга далолатномадан нусха берилади, шунингдек, тўловлар юзасидан ўзаро ҳисоб-китоблар амалга оширилади.
36. Тиббиёт муассасаси билан мижоз ёки юридик шахслар ўртасида юзага келадиган эътирозлар, тортишувлар муассасанинг раҳбари ёки тегишли мансабдор шахси иштирокидаги ўзаро келишувга асосан, бундай келишувга эришилмаса суд органларида ҳал этилади.
37. Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кўрсатиладиган тиббий хизматлар учун амалдаги тарифларга нисбатан устама қўлланади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни тиббиёт муассасасига жалб қилишда воситачилик хизматларини кўрсатган юридик шахсларни шартномага мувофиқ оширилган тарифлар бўйича тиббий хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар ҳисобидан рағбатлантириш мумкин.
38. Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар соғлиқни сақлашга бўлган ҳуқуқдан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари билан тенг равишда фойдаланади ва уларга оширилган тарифлар қўлланилмайди.
5-боб. Якунловчи қоидалар
39. Тиббиёт муассасаларида пулли ва қўшимча хизматлар ташкил қилиниши, улар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кўрсатилиши учун ушбу муассаса раҳбарлари шахсан масъул ҳисобланади.
40. Вазирлик тизимидаги муассасалар ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар тегишлилиги бўйича юқори турувчи органларга кўрсатилган хизматлар тўғрисида маълумотларни тақдим этади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлаш сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 7 ноябрдаги ПҚ-4007-сон қарорига асосан кўрсатилган пулли хизмат бўйича ажратмаларни бухгалтерия ҳисоботларида акс эттирган ҳолда ўтказиб боради.
41. Тиббиёт муассасаси томонидан пулли хизматлар бўйича статистика, мониторинг, бухгалтерия ҳисоботлари юритилади, улар белгиланган тартибда ҳамда муддатларда статистика ва бошқа тегишли органларга белгиланган шаклларда топширилади.
42. Вазирлик тиббиёт муассасаларида пулли хизматлар ташкил этилиши юзасидан доимий мониторинг юритади. Йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилмаган тақдирда, пулли хизмат кўрсатишни камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатиш бўйича қарор қабул қилади.
43. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 ноябрь,
718 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tizimidagi tibbiyot muassasalarida pulli xizmat koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlarini joriy etishga oid chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 5-sentabrdagi PQ-311-son qarori ijrosini taʼminlash hamda tibbiyot muassasalarida pulli tibbiy xizmat koʻrsatishni tartibga solish, mavjud resurslardan samarali foydalanish, muassasalarning oʻz mablagʻlari hisobidan aholiga sifatli pulli tibbiy xizmatlar koʻrsatilishini tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 5-sentabrdagi PQ-311-son qaroriga muvofiq aholining kafolatlangan paketga kiritilgan tibbiy xizmatlardan bepul foydalanishi, oilaviy shifokorning elektron yoʻllanmasi asosida tekshiruvlardan oʻtkazilishi va davolanishi, ushbu tartibga rioya etilmagan hollarda, tibbiy xizmatlar pulli asosda koʻrsatilishi belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tizimidagi tibbiyot muassasalarida pulli xizmat koʻrsatish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
tibbiyot muassasalarida pulli xizmatlarni tashkil etish va tibbiy xizmatlar koʻrsatish tariflarini shakllantirish tartibi;
pulli asosda koʻrsatilgan tibbiy xizmatlardan kelib tushgan mablagʻlarni sarflash tartibi;
mijozlarni qabul qilish, ular bilan shartnomalar tuzish, shuningdek, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga pulli xizmat koʻrsatish tartibi.
3. Sogʻliqni saqlash vazirligi bir oy muddatda:
pulli tibbiy xizmat koʻrsatish uchun sarflanadigan vaqt va unda bevosita qatnashadigan xodimlar sonini, pulli tibbiy xizmat narxlarini, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar uchun pulli tibbiy xizmatlarga qoʻllaniladigan ustama miqdorlari, qoʻshimcha xizmat turlari va narxlarini, shuningdek, pulli tibbiy xizmat va bir kunlik shifo oʻrni narxini aniqlash kalkulyatsiyasining namunaviy shakllarini tasdiqlasin;
manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.A. Xudayarov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 11-noyabrdagi 718-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tizimidagi tibbiyot muassasalarida pulli xizmat koʻrsatish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tizimidagi tibbiy xizmat koʻrsatadigan davlat tibbiyot muassasalarida (keyingi oʻrinlarda — tibbiyot muassasalari) pulli tibbiy va qoʻshimcha xizmatlar koʻrsatish tartibini belgilaydi.
Mazkur Nizom:
Vazirlik tizimidagi notibbiy faoliyat bilan shugʻullanuvchi davlat muassasalari, nodavlat tibbiyot tashkilotlari hamda Vazirlik tizimida boʻlmagan tibbiyot tashkilotlari uchun tavsiyaviy tusga ega hisoblanadi;
Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 14-oktabrdagi 826-son qarori bilan tasdiqlangan Respublika ixtisoslashtirilgan ilmiy-amaliy tibbiyot markazining namunaviy ustaviga muvofiq faoliyat yurituvchi tibbiyot markazlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
bevosita xarajatlar — xizmat koʻrsatish jarayonida sarflanadigan va xizmat birligi tannarxiga bevosita tegishli ishlab chiqarish resurslari;
bilvosita xarajatlar — xizmat koʻrsatish vaqtida bilvosita sarflanadigan, xizmat turlari qiymatini hisoblab chiqarishda bevosita qoʻllash imkoni boʻlmagan resurslar;
kalkulyatsiya — koʻrsatiladigan xizmatlarga sarflanadigan xarajatlarning puldagi qiymatini aniqlash maqsadida bir yoki bir necha xizmatlar uchun tuziladigan hisob-kitob hujjati;
mijoz — kasalligi bor yoki yoʻqligidan va sogʻligʻining holatidan qatʼi nazar, unga yordam koʻrsatilayotgan yoxud tibbiy yordam soʻrab murojaat qilgan jismoniy shaxs;
narxnoma — kalkulyatsiya asosida amaldagi tartibda hisob-kitob qilinib, tibbiyot muassasasi rahbariyati tomonidan tasdiqlangan tibbiy xizmatlar narxlari aks ettirilgan tizimli hujjat;
rentabellik (foyda) — sof foyda summasini xizmatlar tannarxiga boʻlish orqali hisoblab chiqiladigan foydalilik nisbiy koʻrsatkichi;
tarif (narx) — tibbiy xizmatlar birligining pul koʻrinishidagi qiymati;
tannarx — mahsulot ishlab chiqarish (ishlarni bajarish, xizmatlar koʻrsatish)da foydalaniladigan moddiy resurslarning, asosiy fondlarning, mehnat resurslarining, shuningdek, tovarlar ishlab chiqarish (ishlarni bajarish, xizmatlar koʻrsatish) jarayonini amalga oshirish uchun zarur boʻlgan boshqa turdagi xarajatlarning qiymati;
xronometraj — qonunchilik hujjatlari bilan tasdiqlangan miqdorlarda yoki bunday hujjatlar mavjud boʻlmagan hollarda, tibbiyot muassasasidagi yuqori malakali mutaxassislardan iborat ishchi komissiya yoki taklif etilgan tegishli mutaxassislar tomonidan aniqlangan tibbiy xizmat koʻrsatishda qatnashadigan mutaxassislarning soni va unga sarflanadigan vaqtni belgilovchi hujjat;
qoʻshimcha xizmatlar — tibbiyot muassasalari tomonidan asosiy tibbiy xizmatlar tarkibiga kiritilmagan, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan, mijozning xohishiga koʻra unga koʻrsatiladigan qoʻshimcha pulli xizmatlar.
3. Tibbiyot muassasasiga mijoz rejali tibbiy yordam olish uchun tegishli yoʻllanmasiz, bevosita oʻz ixtiyori bilan murojaat qilgan taqdirda, tibbiy yordam belgilangan tartibda pulli asosda koʻrsatiladi (shoshilinch va kechiktirib boʻlmaydigan tez tibbiy yordam bundan mustasno).
4. Davlat tomonidan birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalarida kafolatlangan paket doirasida bepul koʻrsatiladigan tibbiy xizmatlardan tashqari xizmatlar qoʻshimcha hisoblanadi va pulli asosda koʻrsatiladi.
Bunda davlat tibbiy sugʻurtasi mexanizmlari joriy etilgan hududlarda tegishli birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasasiga biriktirilmagan va (yoki) oilaviy shifokorning elektron yoʻllanmasi asosida murojaat etmagan shaxslarga tibbiy xizmatlar pulli asosda koʻrsatiladi.
2-bob. Tibbiyot muassasalarida pulli xizmatlarni tashkil etish va tibbiy xizmatlar koʻrsatish tariflarini shakllantirish tartibi
5. Tibbiyot muassasalarida asosiy ish vaqti va undan tashqari vaqtda kafolatlangan paket doirasida bepul koʻrsatiladigan tibbiy xizmatlar ish hajmi, soni va sifatiga taʼsir etmagan hamda doimiy ravishda muassasada mavjud tibbiy jihozlaridan foydalangan holda, bepul va pulli asosda kunu-tun tibbiy xizmat koʻrsatiladi.
Bunda tibbiyot muassasalarida budjet mablagʻlari hamda boshqa manbalar hisobidan qabul qilingan tibbiy jihozlaridan pulli xizmat asosida foydalanishga ruxsat beriladi.
6. Kafolatlangan paket doirasida bepul koʻrsatiladigan tibbiy xizmatlar ish hajmi, soni va sifatiga salbiy taʼsir etmagan, shuningdek, ushbu xizmatni koʻrsatishning ustuvorligi saqlangan holda, pulli xizmatlar muassasa binosida, joylarga chiqqan holda boshqa muassasalarda shartnoma asosida, xodimni jalb qilish yoki qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa shakllarda koʻrsatilishi mumkin.
7. Pulli xizmatlarni tashkil etishda koʻrsatilgan xizmatlardan tushgan mablagʻlar hisobini alohida shaxsiy gʻazna hisobvaragʻida yuritish, binolarning kirish qismlarida pulli xizmatlar boʻyicha axborot burchaklari, qulay joylashuvda joylashgan toʻlov kassalari hamda xizmat narxlari yuzasidan tasdiqlangan kalkulyatsiyalar mavjud boʻlishi lozim.
8. Tibbiyot muassasalari rahbarlari pulli xizmatlarni tashkil etishda quyidagi vakolatlardan foydalanadi:
a) har yili Davlat budjetidan moliyalashtiriladigan budjet tashkilotlarining xarajatlar smetalarini tuzish boʻyicha belgilangan tartibga oʻxshash tartibda daromadlar va xarajatlar smetasini ishlab chiqadi hamda tasdiqlaydi;
b) pulli tibbiy xizmat koʻrsatishga sarflanadigan vaqt va unda bevosita qatnashadigan xodimlar sonini, pulli tibbiy xizmat narxlarini (davlat tomonidan narxlari tartibga solinadigan, bazaviy hisoblash miqdoriga bogʻlangan tibbiy xizmatlar bundan mustasno), boshqa davlatlar hududida doimiy yashaydigan, Oʻzbekiston Respublikasi hududida turgan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar uchun pulli tibbiy xizmatlarga qoʻllaniladigan ustama miqdorlari, qoʻshimcha xizmat turlari va narxlarini Vazirlik tomonidan tasdiqlanadigan namunaviy shakllar asosida belgilaydi;
v) xodimlar mehnatiga haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirish tartibini tasdiqlaydi;
g) muassasaning quvvati doirasida boʻlinmalar ixtisoslashuvini, davo oʻrinlari hamda xodimlar sonini ish hajmiga muvofiq belgilaydi;
d) shtatlar jadvalini tasdiqlaydi hamda mehnatga haq toʻlashning yagona tarif setkasi (tibbiyot xodimlari uchun davlat muassasalari tibbiyot va farmatsevtika xodimlari mehnatiga haq toʻlash tarif setkasi) boʻyicha bazaviy lavozim maoshlaridan, miqdori cheklanmaydigan ustama, mukofot, ragʻbatlantirish va boshqa ichki hujjatlarda nazarda tutilgan toʻlovlardan kelib chiqqan holda, oylik mehnatga haq toʻlash (keyingi oʻrinlarda — mehnatga haq toʻlash) miqdorlarini belgilaydi.
Bunda qoʻshimcha xizmatlarning turlari va narxlari ichki bayonnoma rasmiylashtirilgan holda, shuningdek, bajarilgan ishlar hajmi, sifati, murakkablik darajasiga koʻra mehnatga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish shartlari tabaqalashtirilgan holda tibbiyot muassasasi tomonidan tasdiqlanadi.
9. Xodimlar asosiy ish joyi yoki oʻrindoshlik asosida ishga qabul qilinadi yoki ish hajmi inobatga olingan holda, fuqarolik-huquqiy xususiyatga ega shartnomalar asosida xizmatlar koʻrsatilishi mumkin.
Bunda qonunchilik hujjatlarida sogʻliqni saqlash tizimidagi muassasalar uchun xodimlarning mehnatiga haq toʻlash shartlari va miqdorlari boʻyicha qabul qilingan normativ-huquqiy hujjatlar hamda tasdiqlangan shtat meʼyorlari tavsiyaviy hisoblanadi.
10. Tibbiy xizmat birligi tarifi (shifokor maslahati, muolajalar, tekshiruvlar, xirurgik amaliyot va boshqalar)ni aniqlash boʻyicha pulli xizmat kalkulyatsiyasi Vazirlik tomonidan tasdiqlanadigan namunaviy shakllar asosida hisoblanadi.
11. Pulli xizmat koʻrsatish jarayonidagi ishtirokidan kelib chiqib, xizmat tannarxidagi xarajatlar bevosita va bilvosita turlarga ajratiladi.
12. Bevosita xarajatlar quyidagilar hisoblanadi:
a) bevosita mehnatga haq toʻlash xarajatlari — xizmat koʻrsatish jarayonida bevosita qatnashadigan shifokor va oʻrta tibbiy xodimlarning, shuningdek, statsionar shifo oʻrni narxini hisoblashda tegishli yoʻnalish boʻyicha (jarrohlik, terapiya, reanimatsiya) statsionar boʻlimdagi bevosita xizmat koʻrsatuvchi asosiy tibbiyot xodimlari — shifokor, oʻrta va kichik tibbiy xodimlarning mehnatiga haq toʻlash boʻyicha toʻlovlari kiritiladi. Bunda asosiy tibbiyot xodimlari tarkibi har bir boʻlim boʻyicha xronometrajda alohida belgilanadi;
b) bevosita mehnatga haq toʻlash xarajatlari boʻyicha qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorlarda ijtimoiy soliq toʻlovlari;
v) bevosita material xarajatlari — xizmat koʻrsatish jarayonida boʻlingan holda yoki doimiy qoʻllanadigan kam qiymatli dori vositalari, sarflash materiallari va boshqa ashyolar.
13. Bilvosita xarajatlar quyidagilar hisoblanadi:
a) bilvosita xarajatlarni hisoblashda pulli xizmat bilan bogʻliq quyidagilar xarajatlar kiritiladi:
maʼmuriy-boshqaruv, xoʻjalik, texnik, bevosita mehnatga haq toʻlash xarajatlarida koʻzda tutilmagan xodimlar hamda boshqa xodimlarning mehnatga haq toʻlash hamda ijtimoiy soliq boʻyicha toʻlovlari;
Oʻzbekiston Respublikasi Mehnat kodeksining 208-moddasiga asosan bayram kunlari hamda “Tibbiyot xodimlari kuni” munosabati bilan barcha xodimlarga beriladigan mukofotlar, ijtimoiy nafaqalar va boshqa bir martalik hamda bevosita mehnatga haq toʻlash xarajatlarida koʻzda tutilmagan toʻlovlar;
xizmat safari xarajatlari;
kommunal xizmatlar xarajatlari;
saqlab turish, joriy taʼmirlash va ijara boʻyicha xarajatlar, shu jumladan, moliyaviy manbaidan qatʼi nazar, xizmat koʻrsatishda foydalaniladigan yer maydoni, bino, transport, mebel, jihoz, texnika va shu kabilarni saqlab turish, joriy taʼmirlash xarajatlari;
tovar-moddiy aylanma vositalarining zaxiralari xarajatlari, shu jumladan, tovar-moddiy zaxiralar, qogʻoz va boshqa matbaa mahsulotlari, kiyim-kechak, choyshab va boshqalar;
tovar va xizmatlar sotib olish uchun boshqa xarajatlar, jumladan, asosiy vositalarni ijaraga olish, oʻqitish, telefon, telekommunikatsiya, axborot xizmatlari va boshqalar;
boshqa turli xarajatlar pulli xizmat koʻrsatish jarayoniga bogʻliqligidan kelib chiqib kiritiladi. Bunda Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Rivojlantirish va sogʻliqni saqlashni boshqarish organlari xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish jamgʻarmasi hamda sogʻliqni saqlashning yangi modeli joriy etilgan tajriba-sinov hududlaridagi sogʻliqni saqlash boʻlimlariga yoʻnaltiriladigan majburiy tusdagi ajratmalar, oziq-ovqat, muassasa tomonidan bemorlarni taʼminlash uchun pulli asosda shifoxonaga kirim qilingan dori vositalari va tibbiy jihozlar shuningdek, asosiy vositalar boʻyicha xarajatlar kiritilmaydi;
asosiy vositalarning eskirish xarajatlari. Bunda asosiy vositalarning eskirish xarajatlarini hisoblashda pulli xizmat koʻrsatishdan tushgan mablagʻlar hamda budjetdan tashqari boshqa manbalar yoki qaytarish manbai budjetdan tashqari mablagʻlar boʻlgan ssuda asosida xarid qilingan, Davlat budjeti, begʻaraz, muruvvat, homiylik yordami hisobiga qabul qilingan asosiy vositalarning kalkulyatsiyasi ishlab chiqiladigan davridagi yillik eskirish xarajatlari kiritiladi;
b) bilvosita xarajatlar ulushi — jami bilvosita xarajatlar xizmat koʻrsatishdagi jami bevosita mehnatga haq toʻlash xarajatlariga taqsimlash orqali foiz hisobida aniqlanadi.
Bunda bilvosita xarajatlar bevosita mehnatga haq toʻlash xarajatlari va ular boʻyicha qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorlarda ijtimoiy soliq toʻlovlari yigʻindisiga nisbatan 200 foizdan oshmagan holda kiritiladi.
14. Pulli xizmat joylarga chiqib, boshqa muassasalarda shartnoma asosida, xodimni jalb qilish yoki qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa shakllarda koʻrsatilgan hollarda, joyiga chiqish bilan bogʻliq xarajatlar, shu jumladan, transport, ovqatlanish, safar xarajatlari xizmat tannarxiga kiritiladi.
15. Daromad manbalari ikki va undan ortiq muassasalarning bilvosita xarajatlarini hisoblashda imtiyozli va pulli asosdagi bemorlarga umumiy sarflanadigan xarajatlar, masalan, umumiy foydalanadigan kommunal xizmat xarajatlarini alohida hisoblash imkoni boʻlmasa, umumiy hajmdagi ulushdan kelib chiqib, proporsiyalash orqali (ushbu turdagi faoliyatni amalga oshirishda foydalaniladigan hajm koʻrsatkichlari, tashriflar soni, egallangan maydon, daromad hajmi va boshqalar) aniqlanadi. Xarajatlarni bunday taqsimlash tartibi tibbiyot muassasasining ichki hujjatlari bilan belgilanadi.
16. Soliq toʻlovlaridan ozod etilgan tibbiyot muassasalari mahsulot (ishlar, xizmatlar) xarid qilishdagi soliq (QQS va boshqalar) miqdori pulli tibbiy xizmat tannarxi tarkibiga kiritiladi.
17. Pulli tibbiy xizmatlarga tariflarni shakllantirishda rentabellik (foyda) qoʻllanadi.
Begʻaraz yordam doirasida balansga olingan tibbiy jihozlardan pulli xizmat koʻrsatishda foydalanish donorlar bilan hamkorlik toʻgʻrisidagi bitim, kelishuv, shartnoma yoki dastur shartlariga muvofiq amalga oshiriladi. Bunda begʻaraz yordam doirasida balansga olingan tibbiy jihozlardan pulli xizmat koʻrsatishda foydalanilganda rentabellik (foyda) qoʻllanilmaydi.
18. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan soliqlar va Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Rivojlantirish va sogʻliqni saqlashni boshqarish organlari xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish jamgʻarmasi hamda sogʻliqni saqlashning yangi modeli joriy etilgan tajriba-sinov hududlaridagi sogʻliqni saqlash boʻlimlariga yoʻnaltiriladigan yuqori turuvchiga ajratmalar kalkulyatsiyalarda alohida kiritiladi.
19. Pulli xizmat tariflari ish haqi miqdori, kommunal xizmatlar, material xarajatlarning ortishi, asosiy vositalarning eskirish xarajatlari va qonunchilikdagi oʻzgarishlar munosabati bilan yoki bozor konyunkturasidan hamda aholining talab va takliflaridan kelib chiqib, daromadlar va xarajatlar smetasini oʻzgartirgan holda qayta tasdiqlanadi.
Tibbiyot muassasalari tomonidan pulli xizmatlar tariflari qayta tasdiqlangan taqdirda, yuqori turuvchi sogʻliqni saqlash boshqaruv organlari xabardor qilinadi hamda Vazirlik yoki muassasaning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.
20. Xirurgik amaliyot kalkulyatsiyasi vaqtbay tarifikatsiya qilingan hollarda, bajarilgan ishlar dalolatnomasini tuzish jarayonida xirurgik amaliyot uchun haqiqatda sarflangan vaqtdan kelib chiqqan holda qayta hisob-kitob qilinadi.
21. Gʻazna operatsiyalari boʻyicha hisobotlarning hamda mijozlar bilan hisob-kitoblarning toʻgʻri yuritilishi uchun ishlab chiqilgan narxlar vergulga qadar boʻlgan ikki xonali son aniqlikda bemorlar foydasiga yaxlitlanadi.
3-bob. Pulli xizmatlardan tushgan mablagʻlarni sarflash tartibi
22. Pulli xizmat koʻrsatish bilan bogʻliq sarf-xarajatlar koʻrsatilgan pulli xizmatlardan tushgan mablagʻlar hisobidan daromadlar va xarajatlar smetasi doirasida amalga oshiriladi.
23. Xodimlarga mehnatga haq toʻlash boʻyicha toʻlovlar Oʻzbekiston Respublikasining Mehnat kodeksi va boshqa qonunchilik hujjatlari hamda muassasaning ichki hujjatlari (mazkur Nizom doirasida jamoa shartnomalarida, ish beruvchi tomonidan kasaba uyushmasi yoki xodimlarning boshqa vakillik organi bilan kelishilgan holda qabul qilingan hujjatlari) asosida ish beruvchi va xodim oʻrtasida tuzilgan mehnat shartnomasiga muvofiq tibbiyot muassasalarining daromadlari doirasida toʻlanadi.
Bunda asosiy ish vaqti va undan tashqari kunu-tun tibbiy xizmat koʻrsatish tashkil etilgan tibbiyot muassasalarida pulli xizmat boʻyicha ish haqi toʻlovlari ushbu Nizomga asosan toʻlanadi. Shuningdek, mehnatga haq toʻlash boʻyicha toʻlovlar tasdiqlangan kalkulyatsiyalarda ushbu maqsadlar uchun koʻzda tutilgan miqdorlarga muvofiq toʻlanadi.
24. Xodimlarga vaqtbay, ishbay yoki mehnatga haq toʻlash tizimida nazarda tutilgan boshqa mezonlarga koʻra haq toʻlanadi.
25. Tibbiyot muassasasida rahbar va xodimlarga mehnatga haq toʻlash boʻyicha toʻlovlarni toʻlash shartlari va miqdorlari, shuningdek, xodimlarni ishga jalb etish mezonlari qonunchilik hujjatlariga muvofiq muassasaning ichki hujjatlarida aks ettiriladi.
Bunda pulli xizmatlar koʻrsatish prognoz parametrlarining bajarilishi, turdosh funksiyalarning oʻzlashtirilishi yoki yangi turdagi xizmatlarning joriy etilishi, innovatsion ish uslubi va ijro intizomiga qatʼiy rioya qilinishi, yuqori samaradorlik va natijadorlikka erishilishi, “ustoz-shogird” anʼanalarining amaliyotga tatbiq etilishi kabi asosiy mezonlar inobatga olinadi.
26. Pulli xizmat koʻrsatish bilan bogʻliq xarajatlar (ish haqi, qoʻshimcha va ustamalar, dori va sarflov vositalari, kommunal xizmatlar hamda ular uchun toʻlovlar, saqlab turish, joriy taʼmirlash va boshqa xarajatlar) olingan daromadlar hisobidan qoplanadi.
27. Tibbiyot muassasalarining tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) realizatsiya qilishdan olingan daromadlari tovarlarni (ishlarni, xizmatlarni) realizatsiya qilishdan tushgan tushumlar va ularni ishlab chiqarish boʻyicha hisobot davri (chorak) yakuni boʻyicha xarajatlar oʻrtasidagi ijobiy farqi tegishliligi boʻyicha Tibbiyot muassasalarini moddiy ragʻbatlantirish va rivojlantirish jamgʻarmasining hisobvaragʻiga oʻtkaziladi (budjet mablagʻlari oluvchi tibbiyot muassasalari bundan mustasno).
4-bob. Mijozlarni qabul qilish, ular bilan shartnomalar tuzish, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga pulli xizmat koʻrsatish tartibi
28. Mijoz tibbiyot muassasalarining roʻyxatga olish boʻlimlari tomonidan qabul qilinadi va roʻyxatga olinadi hamda har bir mijozning tibbiy kartasiga uning shaxsini tasdiqlovchi maʼlumotlari asosida pulli xizmat koʻrsatilishi belgilanadi.
29. Mijozlar tibbiyot muassasasiga toʻlovni oldindan toʻliq toʻlash shartlarida qabul qilinadi. Haq toʻlash bank shoxobchasi yoki tibbiyot muassasalarining nazorat-kassa (terminal) apparatlari qoʻllangan va qatʼiy hisobot hujjatlari hisoblanadigan blankalardan foydalangan holda, shuningdek, elektron toʻlov tizimlari orqali toʻlanadi. Mijoz naqd pul yoki bank plastik kartasi orqali toʻlovni toʻlagan taqdirda, bank tomonidan tasdiqlangan toʻlov topshiriqnomasi nusxasini yoki kassir tomonidan mijozning haq toʻlaganligini tasdiqlovchi toʻlov qogʻozini roʻyxatga olish boʻlimiga topshiradi, kassa izi tushirilgan chek mijozning oʻzida qoladi, elektron toʻlovda esa fiskal belgili chek taqdim etiladi.
30. Koʻrsatilgan pulli xizmatlar uchun naqd va bank plastik kartalari orqali toʻlovlarni tibbiyot muassasasi rahbarining buyrugʻi bilan tayinlangan alohida xodim (moddiy javobgar shaxs, gʻaznachi) yoki bank toʻlov kassalari qabul qiladi. Ushbu xodimlardan tashqari boshqa xodimlarning toʻlovlarni qabul qilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
31. Tibbiyot muassasalariga kelgan shaxslar tasdiqlangan narxnoma boʻyicha haq toʻlagandan soʻng maslahat olish uchun mutaxassis shifokorga va (yoki) instrumental-laborator tashxis qoʻyishga yuboriladi va tekshiruv natijalariga koʻra tor soha mutaxassisi koʻrigiga yuborish va (yoki) mijozga ambulator yoki statsionar sharoitda davolanish chorasi belgilanadi.
32. Tibbiyot muassasasida ambulator tibbiy yordam koʻrsatishda taraflardan birining oferta (shartnoma tuzish haqida taklif) yoʻllashi va ikkinchi taraf uni akseptlashi (taklifni qabul qilishi) yoʻli bilan tuziladi. Bunda mijoz tomonidan koʻrsatiladigan tibbiy xizmatlar uchun oldindan toʻlangan toʻlov mijoz tomonidan shartlarga roziligini hamda kelishuv amalga oshirilganligini bildiradi.
Statsionar tibbiy yordam koʻrsatishda pulli tibbiy xizmat koʻrsatish yuzasidan shartnoma ikki yoki uch nusxada tuziladi, ularni mijoz, uning homiysi (toʻlovchi boʻlganda) va tibbiyot muassasasi rahbari yoxud mazkur funksiyalar mehnat vazifalariga muvofiq zimmasiga yuklangan vakolatli shaxs imzolaydi, shartnomalar bir nusxadan mijozga yoki uning homiysiga, shuningdek, tibbiyot muassasasining hujjatlar yigʻmajildlarida saqlash uchun beriladi. Pulli asosda statsionar xizmatlarni koʻrsatish uchun xonalar (palatalar) alohida tashkil etiladi.
33. Tibbiyot muassasasida ovqatlantirish, dori vositalari va tibbiy jihozlar mijozga haqiqatda foydalanilgan hajmlarda toʻlov uchun taqdim etiladi.
34. Tashxislash va davolash standartlarida nazarda tutilmagan tashxislash, davolash amaliyotlari:
mijozda qoʻshimcha kasalliklar aniqlanganda, ularning tashxislash va davolash xarajatlari mijoz yoki uning homiysi hisobidan;
koʻrsatilgan tibbiy xizmat natijasida yoki mutaxassislarning notoʻgʻri tashxisi va harakatlari tufayli yuzaga kelgan asoratlarni davolash xarajatlari tibbiyot muassasasining oʻz mablagʻlari hisobidan qoplanadi.
35. Mijoz bilan tibbiyot muassasasidan chiqish vaqtida shartnoma boʻyicha bajarilgan ishlar dalolatnomasiga asosan yakuniy hisob-kitoblar oʻtkaziladi va mijozga dalolatnomadan nusxa beriladi, shuningdek, toʻlovlar yuzasidan oʻzaro hisob-kitoblar amalga oshiriladi.
36. Tibbiyot muassasasi bilan mijoz yoki yuridik shaxslar oʻrtasida yuzaga keladigan eʼtirozlar, tortishuvlar muassasaning rahbari yoki tegishli mansabdor shaxsi ishtirokidagi oʻzaro kelishuvga asosan, bunday kelishuvga erishilmasa sud organlarida hal etiladi.
37. Boshqa davlatlar hududida doimiy yashaydigan, Oʻzbekiston Respublikasi hududida turgan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga koʻrsatiladigan tibbiy xizmatlar uchun amaldagi tariflarga nisbatan ustama qoʻllanadi, Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.
Boshqa davlatlar hududida doimiy yashaydigan, Oʻzbekiston Respublikasi hududida turgan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni tibbiyot muassasasiga jalb qilishda vositachilik xizmatlarini koʻrsatgan yuridik shaxslarni shartnomaga muvofiq oshirilgan tariflar boʻyicha tibbiy xizmatlar koʻrsatishdan tushgan mablagʻlar hisobidan ragʻbatlantirish mumkin.
38. Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashaydigan fuqaroligi boʻlmagan shaxslar sogʻliqni saqlashga boʻlgan huquqdan Oʻzbekiston Respublikasining fuqarolari bilan teng ravishda foydalanadi va ularga oshirilgan tariflar qoʻllanilmaydi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
39. Tibbiyot muassasalarida pulli va qoʻshimcha xizmatlar tashkil qilinishi, ular qonunchilik hujjatlariga muvofiq koʻrsatilishi uchun ushbu muassasa rahbarlari shaxsan masʼul hisoblanadi.
40. Vazirlik tizimidagi muassasalar har oy yakuni boʻyicha keyingi oyning 5-sanasiga qadar tegishliligi boʻyicha yuqori turuvchi organlarga koʻrsatilgan xizmatlar toʻgʻrisida maʼlumotlarni taqdim etadi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat tibbiyot muassasalari va sogʻliqni saqlash saqlashni boshqarish organlari xodimlarini moddiy ragʻbatlantirishni kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 7-noyabrdagi PQ-4007-son qaroriga asosan koʻrsatilgan pulli xizmat boʻyicha ajratmalarni buxgalteriya hisobotlarida aks ettirgan holda oʻtkazib boradi.
41. Tibbiyot muassasasi tomonidan pulli xizmatlar boʻyicha statistika, monitoring, buxgalteriya hisobotlari yuritiladi, ular belgilangan tartibda hamda muddatlarda statistika va boshqa tegishli organlarga belgilangan shakllarda topshiriladi.
42. Vazirlik tibbiyot muassasalarida pulli xizmatlar tashkil etilishi yuzasidan doimiy monitoring yuritadi. Yoʻl qoʻyilgan kamchiliklar bartaraf etilmagan taqdirda, pulli xizmat koʻrsatishni kamchiliklar bartaraf etilgunga qadar vaqtincha toʻxtatish boʻyicha qaror qabul qiladi.
43. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 11-noyabr,
718 -son