📅 2025-yil 14-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 14-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 14 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 ноября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 November 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
ҚОИДАЛАРИ
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасига кириш ва унинг хизматларидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги Қонуни 7 ва 12-моддаларига , Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 10 октябрдаги ПҚ-329-сон қарорига мувофиқ темир йўл транспортида ташишларни амалга оширувчи юридик шахсларнинг умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси хизматларидан тенг фойдаланиш шарт-шароитларини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасига кириш ва унинг хизматларидан фойдаланиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ташувчиларга инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этиш принциплари ва тартиби;
инфратузилма оператори томонидан ташувчиларга кўрсатиладиган хизматлар;
поездлар ҳаракати меъёрий графигини шакллантириш тартиби;
инфратузилмага киришни таъминлаш бўйича буюртманомаларни кафолатлаш;
инфратузилма хизматларини кўрсатиш тартиби ва шартномаси;
инфратузилма оператори ташувчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари.
2. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
3. Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарор кучга кирган кундан бошлаб, ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда транспорт вазири И.Р. Махкамов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 ноябрдаги 723-сон қарорига ИЛОВА
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасига кириш ва унинг хизматларидан фойдаланиш
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Қоидалар мулк ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосларда ҳаракатдаги таркибга (локомотивлардан ташқари) эга бўлган умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспорти ташувчиларининг (кейинги ўринларда — ташувчилар) ички ва халқаро йўналишларда юк ҳамда йўловчи ташишни амалга ошириш учун умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасига (кейинги ўринларда — инфратузилма) кириш ҳуқуқини таъминлашнинг умумий принциплари ва тартибини, шунингдек, кириш ҳуқуқини тақдим этиш ва инфратузилма хизматларидан фойдаланиш соҳасида ташувчилар томонидан инфратузилма оператори билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
график йўналиши — жўнаб кетиш, етиб келиш, оралиқда тўхташ манзили, жўнаб кетиш ва етиб келиш вақти, технологик тўхташ жойлари, ўртача юриш вақтлари, шунингдек, поезднинг бошқа техник ва технологик кўрсаткичлари кўрсатилган ҳолда поезд ҳаракати йўналишининг поездлар ҳаракати графигидаги чизиқли тасвири;
ёрдамчи поездлар — йўловчиларни поездга чиқариш пунктларига, техник станцияларга ва тўхташ жойларига олиб бораётган якка локомотивлар ёки локомотивлар гуруҳи (бирикмалар), йўловчи вагонларидан, дизель ва электр секцияларидан ташкил топган поездлар, шунингдек, инфратузилма операторининг ўз эҳтиёжлари учун ҳаракатланадиган, поездлар ҳаракати графигида кўзда тутилмаган поездлар;
инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи — ташувчилар томонидан йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш учун инфратузилма хизматларидан фойдаланиш имконияти;
инфратузилма хизматлари — йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташишни ташкил этиш ва амалга ошириш учун умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасидан ва локомотивларидан фойдаланган ҳолда кўрсатиладиган умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти хизматлари ҳамда темир йўл транспортида ташиш жараёни билан боғлиқ бошқа инфратузилма хизматлари;
инфратузилма хизматларини кўрсатиш бўйича узоқ муддатли шартнома — инфратузилма хизматларини кўрсатиш учун инфратузилма оператори билан ташувчи ўртасида камида беш йил муддатга тузилган шартнома;
инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун буюртманома (кейинги ўринларда — буюртманома) — поездлар ҳаракати меъёрий графиги амал қиладиган даврда йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш, шунингдек, ташиш жараёни билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш учун ташувчи томонидан инфратузилма операторига тақдим этиладиган ҳужжат;
инфратузилма участкаси — инфратузилма оператори томонидан белгиланган локомотив айланиш участкаси доирасидаги темир йўл транспорти инфратузилмасининг бир қисми;
инфратузилманинг ўтказувчанлик қобилияти — турли тоифадаги поездларнинг ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда ушбу инфратузилманинг техник ва технологик имкониятлари, ҳаракатдаги таркиб ва поездлар ҳаракатини ташкил этиш усулларига қараб, ҳисоб-китоб даври (сутка) учун инфратузилма участкаси бўйлаб ўтказилиши мумкин бўлган поездлар (поездлар жуфтлиги) ҳаракатининг ўлчамлари;
махсус поездлар — йўловчиларни ва (ёки) ўта муҳим ҳарбий ёки стратегик юкларни ташиш учун мўлжалланган, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ махсус талабларга асосан ажратиладиган поездлар;
моторвагонли ҳаракатдаги таркиб — йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш учун мўлжалланган моторвагонли йўловчи ташиш поездлари (электропоездлар, дизелли поездлар, дизелли электропоездлар ва автомотрисалар (рельсли автобуслар)) тузиладиган, секцияларга бирлаштирилган моторли ва моторсиз вагонлар;
навбатдан ташқари поездлар — поездлар ҳаракатига тўсқинлик қилаётган ҳолатларни бартараф этиш, режалаштирилмаган ишларни бажариш ва транспорт воситаларининг жойлашган жойини тегишли равишда ўзгартириш учун мўлжалланган, ҳаракат графигида кўрсатилмаган поездлар (тиклаш ва ўт ўчириш поездлари, қор тозалаш поездлари, вагонларсиз локомотивлар, махсус ўзиюрар ҳаракатдаги таркиб);
поездлар ҳаракати графиги — инфратузилма участкаларида барча тоифадаги поездлар ҳаракати ташкил этилишини белгилайдиган, поездлар ҳаракатини шартли суткаларда масштаб сеткасида график тарзда акс эттирадиган ва поездлар ҳаракати меъёрий (режалаштирилган йил учун), вариантли (вақтнинг алоҳида даврлари учун) ва поездлар ҳаракатининг бажарилган графикларига бўлинадиган, инфратузилма операторига тегишли бўлган норматив-техник ҳужжат;
поезд тоифаси — ташиш тури, қатнов масофаси, таркибдаги вагонлар, айланиш мунтазамлиги ва ҳаракат тезлигига қараб поездларнинг шартли равишда гуруҳларга бўлиниши. Ташиш турига кўра поездлар йўловчи поезди, юк поезди ва махсус мақсадлар учун мўлжалланган (махсус, ҳарбий, ёрдамчи, навбатдан ташқари) поездларга бўлинади;
поездлар ҳаракати жадвали — поездлар ҳаракати графиги асосида муайян календарь саналарда поездлар ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжат;
ташиш жараёнининг диспетчерлик бошқаруви — реал вақт режимида тезкор шароитларда поездлар ҳаракати ва манёвр ишларини назорат қилиш, бошқариш жараёни;
ташишларни режалаштириш — умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси объектларида (участкаларида ва темир йўл станцияларида) белгиланган давр мобайнида (йил, ой, сутка) хизматларни кўрсатиш тўғрисида тузилган шартномалар асосида ташиш режасини ишлаб чиқиш;
ташишларни тезкор режалаштириш — маълум вақт оралиғида техник меъёрлар, поездлар ҳаракати графиги ва поездларни шакллантириш режаси бажарилишида, ҳаракатдаги таркиб ҳамда темир йўл участкалари ва станцияларининг ўтказувчанлик қобилиятидан самарали фойдаланишда қўл келадиган режалаштириш тури;
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасининг оператори (кейинги ўринларда — инфратузилма оператори) — умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти соҳасидаги ваколатли ташкилотга тегишли бўлган, умумий фойдаланишдаги темир йўлларнинг ва умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси бошқа объектларининг фойдаланилишини, жорий сақланишини ва модернизациясини, қурилишини амалга оширадиган, шунингдек, инфратузилмадан фойдаланиш хизматларини, шу жумладан, ҳаракатдаги таркибни ўтказиш ва олиб ўтиш учун умумий фойдаланишдаги темир йўллардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган хизматларни кўрсатадиган юридик шахс;
юк поездларини шакллантириш режаси — ташувчиларнинг поездларни шакллантириш режаси лойиҳалари асосида инфратузилма оператори томонидан тасдиқланадиган, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси участкаларининг ўтказувчанлик қобилияти ҳамда темир йўл станцияларининг қайта ишлаш қобилиятини ҳисобга олган ҳолда темир йўл станцияларида шакллантириладиган поездларнинг тоифалари ҳамда вазифаларини белгилайдиган норматив-техник ҳужжат;
қўшимча буюртманома — поездлар ҳаракати меъёрий графиги амал қилаётган даврда қўшимча ташишларни амалга ошириш учун ташувчининг инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун берган буюртманомаси;
қўшимча ташишлар — поездлар ҳаракати меъёрий графигида кўзда тутилмаган, графикнинг қўшимча йўналишлари ажратилишини талаб этадиган, банд бўлмаган ёки белгиланган тартибда бўшатилган инфратузилманинг ўтказувчанлик қобилияти ҳисобидан амалга оширилиши мумкин бўлган ташишлар.
3. Ташувчиларга инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи инфратузилма оператори томонидан белгиланадиган инфратузилма участкаларида шартномалар асосида, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кучга кирган халқаро шартномаларга мувофиқ тақдим этилади.
Инфратузилмадан шартнома тузмасдан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Инфратузилма хизматлари учун ташувчи томонидан тўлов қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган коллегиал орган тасдиқлаган тарифлар асосида амалга оширилади.
2-боб. Ташувчиларга инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш принциплари
4. Инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи ташувчиларга қуйидаги принциплар асосида берилади:
инфратузилма участкаларининг ўтказувчанлик қобилияти доирасида техник ва технологик имкониятларни ҳисобга олган ҳолда ташувчиларнинг тенг ҳуқуқлилиги;
ташувчиларга нисбатан инфратузилма хизматлари соҳасида ягона нарх (тариф) сиёсатини юритиш;
инфратузилма хизматлари рўйхати, инфратузилманинг техник ва технологик имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу хизматларни кўрсатиш тартиби ҳамда инфратузилма хизматлари тарифлари ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш имконияти;
ташиш фаолиятини режалаштириш, ташкил этиш ва инфратузилма хизматларини кўрсатиш жараёнида маълум бўлиб қолган тижорат ёки давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни ҳимоя қилиш;
ташувчилар томонидан инфратузилма участкаларида фойдаланиладиган ҳаракатдаги таркибга нисбатан қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларининг бажарилиши;
инфратузилманинг ўтказувчанлик қобилиятидан самарали фойдаланиш ва ташиш жараёнининг узлуксизлигини, технологик жараёнларнинг яхлитлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида инфратузилмани таъмирлаш, сақлаш ва унга хизмат кўрсатиш ишларини оқилона режалаштириш;
поездлар ҳаракати меъёрий графигига мувофиқ инфратузилманинг ўтказувчанлик қобилияти чекланган шароитларда ташувчиларга инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишда навбатма-навбат бериш.
3-боб. Инфратузилма оператори томонидан ташувчига кўрсатиладиган хизматлар
5. Инфратузилма оператори шартномага мувофиқ ташувчига қуйидаги хизматларни кўрсатади:
а) инфратузилма локомотивлари ва локомотив бригадаларини тақдим этиш, шунингдек, поездлар харакатини (ўтишини) таъминлаш, шу жумладан, қуйидаги ишларни (операцияни) амалга ошириш:
ташувчининг ҳаракатдаги таркибини умумий фойдаланишдаги темир йўлларга қабул қилиш ва топшириш;
умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти локомотивларидан ва темир йўл станцияларининг техник воситаларидан фойдаланган ҳолда, инфратузилма операторига тегишли бўлган умумий фойдаланишдаги темир йўлларда ташувчининг ҳаракатдаги таркибидан поездни шакллантириш;
б) поездлар ҳаракатини бошқариш, шу жумладан, қуйидаги ишларни (операцияни) бажариш:
хорижий давлатларнинг темир йўллари ва бошқа транспорт турлари ташкилотлари билан ташишлар бўйича техник ва технологик имкониятларни келишиш;
инфратузилма операторига тегишли бўлган умумий фойдаланишдаги темир йўлларда кўзда тутилган муайян ташишларни амалга ошириш учун ташувчининг ҳаракатдаги таркиби шартномада назарда тутилган шартларга мувофиқ ҳаракатланишини ташкил этиш;
ташишни диспетчер томонидан бошқариш;
ташувчининг ҳаракатдаги таркиби техник ҳолатини назорат қилиш (техник кўрик);
ташувчида ҳаракатдаги таркибни мустақил равишда таъмирлаш имконияти бўлмаса, қатнов давомида ташувчининг ҳаракатдаги таркибига хизмат кўрсатиш (ажратмасдан таъмирлаш);
ташувчининг мурожаатига асосан унинг ҳаракатдаги таркиби ҳаракати ёки жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотни тақдим этиш;
ташиш жараёнида инфратузилма участкаларида ҳаракатдаги таркибни электр энергияси билан таъминлаш;
ташиш жараёнида темир йўл станцияларида саралаш ва манёвр ишларини амалга ошириш;
в) ташувчига тегишли бўлган ёки у томонидан ташиш учун жалб қилинган, ташиш жараёни билан боғлиқ бўлмаган бўш вагонларни сақлаш имкониятини бериш;
г) инфратузилма оператори томонидан ташувчи номидан умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллардан фойдаланиш шартномасини, шунингдек, умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўлларда вагонларни бериш ва қайтариб олиш шартномасини тузиш.
6. Инфратузилма оператори ва ташувчи ушбу Қоидаларнинг 5-бандида кўрсатилмаган хизматларни кўрсатиш тўғрисида шартномалар тузиш ҳуқуқига эга. Бундай ишлар (хизматлар) рўйхатини инфратузилма оператори мустақил равишда белгилайди.
7. Инфратузилма оператори томонидан кўрсатиладиган хизматлар, уларнинг нархи, шунингдек, поездлар ҳаракати графигига мувофиқ инфратузилманинг мавжуд техник ва технологик имкониятлари ҳақидаги маълумот инфратузилма оператори томонидан ташувчиларга инфратузилмадан фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги буюртманомаларни қабул қилиш жойларида мунтазам хабарлар тарзида тақдим этилади. Ушбу маълумот қўшимча равишда электрон ёки почта алоқаси орқали ёхуд томонларнинг келишувида назарда тутилган бошқа усул билан ҳам берилади.
4-боб. Ташувчиларга инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тартиби
8. Инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи инфратузилма оператори томонидан қуйидаги шартлар асосида берилади:
ташувчи томонидан темир йўл транспортининг авариясиз ишлашини, ҳаракат хавфсизлигини, меҳнатни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизлик талабларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларига ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ ташиш жараёни хавфсизлигини таъминлаш соҳасида белгиланган талабларга риоя этилиши;
ташувчига тегишли бўлган ҳаракатдаги таркиб ҳаракатдаги таркибнинг авариясиз ишлашини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларининг ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг белгиланган талабларига мувофиқ бўлиши.
9. Инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидагилар асосида берилади:
поездлар ҳаракатини ташкил этиш учун инфратузилманинг техник ва технологик имкониятлари;
инфратузилманинг ўтказувчанлик қобилияти ва ташувчиларнинг инфратузилма участкаларидан фойдаланиш тўғрисидаги таклифлари мавжудлиги;
поездларни шакллантириш режаси ва поездлар ҳаракати графиги;
инфратузилманинг ўтказувчанлик қобилияти чекланган шароитда ташувчиларга инфратузилма хизматларидан меъёрий графикка мувофиқ навбатма-навбат фойдаланиш ҳуқуқини бериш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ темир йўл орқали ташишни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи тақиқ ва чекловларнинг мавжуд эмаслиги.
10. Ташувчиларга инфратузилма хизматларидан фойдаланиш навбати (устуворлиги) инфратузилма оператори томонидан қуйидаги мезонлар:
а) поезд тоифаси;
б) агар поезд тоифалари бир хил бўлса:
ташувчи томонидан ташиш қобилиятидан фойдаланиш интенсивлиги;
шартноманинг мавжудлиги ёки муддати узайтирилгани;
в) ушбу банднинг «а» ва «б» кичик бандларида кўрсатилган мезонлар бир хил бўлса, буюртманома берилган сана бўйича тақдим этилади.
11. Поездлар ҳаракати меъёрий графигига мувофиқ графикнинг муайян йўналишлари бўйича ташишларни амалга ошириш учун инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи ташувчиларга поездлар ҳаракати жадвали амал қилиши давомида фақат бир муддатга берилади, узоқ муддатли шартномалар бундан мустасно.
12. Ташувчига инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
ташувчи томонидан инфратузилма операторига инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш бўйича буюртманомани ушбу Қоидаларга иловада кўрсатилган шаклга асосан тақдим этиш;
инфратузилма оператори томонидан ташувчининг буюртманомасини кўриб чиқиш ва инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш (беришни рад этиш) тўғрисида қарор қабул қилиш;
поездлар ҳаракати графигини ва поездлар ҳаракати жадвалини тасдиқлаш;
ташишларни амалга ошириш учун инфратузилма хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома тузиш.
Ташувчи бир вақтнинг ўзида фойдаланиш режалаштирилган инфратузилма оператори ҳам бўлса, буюртманома бериш ва шартнома тузиш талаб этилмайди.
13. Инфратузилма хизматларини кўрсатиш шартномаси инфратузилма оператори томонидан ташувчига инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин, бироқ поездлар ҳаракати меъёрий графиги кучга кириш санасидан камида ўн календарь кун олдин тузилади.
Ташувчининг қўшимча буюртманомаси бўйича инфратузилма хизматларини кўрсатиш шартномаси ташишлар амалга ошириладиган календарь ой бошланишидан камида бир ой олдин тузилиши керак.
14. Инфратузилма оператори ташувчида кўрсатилган инфратузилма хизматлари учун ҳақ тўлаш бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда, шунингдек, темир йўл транспорти соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилмаган тақдирда, ташувчига инфратузилма хизматларини кўрсатиш юзасидан шартнома тузишни рад этишга ҳақли.
5-боб. Буюртманомаларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби
15. Инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун ташувчи инфратузилма операторига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда буюртманома тақдим этади:
режалаштирилаётган график йўналишлари лойиҳаси;
ташишларнинг режалаштирилаётган йиллик ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлар (чораклар ва ойлар бўйича тақсимланган ҳолда);
ташувчи томонидан ташишларни таъминлаш учун назарда тутилган вагонлар, моторвагонли ҳаракатдаги таркибнинг турлари (типлари), мансублиги, сони ва тавсифлари тўғрисидаги маълумотлар;
вагонларга бўлган мулк ёки эгалик ҳуқуқини, шунингдек, уларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилганини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
темир йўл транспортининг авариясиз ишлашини, транспорт воситаларининг ва ташиш жараёни билан боғлиқ бўлган бошқа техник воситаларнинг ҳаракати ва улардан фойдаланиш хавфсизлигини, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизлик талабларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ташувчининг ҳаракатдаги таркибини кўрикдан ўтказиш далолатномасининг нусхаси;
ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия нусхаси;
қарздорлик мавжуд эмаслиги (мавжудлиги) тўғрисида маълумот кўрсатилган тақдирда, ушбу қарздорликнинг шаклланиш муддатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;
суғурта ташкилоти билан ҳаракатдаги таркибни суғурталаш бўйича қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилган шартномалар;
буюртманоманинг режалаштирилаётган хизматлар ҳажми қийматининг 0,1 фоизига тенг миқдордаги пул таъминоти ёки банк кафолати;
юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ваколатли шахсига муайян шартномани имзолаш ҳуқуқини берувчи ишончнома.
16. Ташувчи томонидан инфратузилма операторига қоғоз шаклида тақдим этиладиган буюртманома қуйидаги талабларга мос бўлиши керак:
буюртманома ва унга илова қилинган ҳужжатлар тикилади, рақамланади ва ташувчининг муҳри ҳамда имзоси (ёки унинг ваколатли шахсининг имзоси) билан тасдиқланади;
илова қилинган ҳужжатлар асл ёки нусха кўринишида бўлиши керак, нусхалар тақдим этилган бўлса, буюртманомани имзолаётган раҳбар ёки унинг ваколатли шахси уларнинг ҳаққонийлиги ва тўлиқлигини ёзма равишда тасдиқлаши керак;
буюртманомада ҳамда унга илова қилинган ҳужжатларда, маълумотларда ҳеч қандай тузатиш ёки қўшимчалар бўлмаслиги лозим.
17. Буюртманома ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар ташувчи томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилади.
18. Инфратузилма оператори ташишларни ташкил этиш учун буюртманомаларни қуйидагича қабул қилади:
халқаро қатновларда — ташиш режалаштирилган йилдан олдинги йилнинг 10 январидан 25 февралигача бўлган даврда;
ички қатновларда — ташиш режалаштирилган йилдан олдинги йилнинг 10 июнидан 25 июлигача бўлган даврда.
19. Буюртманома инфратузилма оператори томонидан рўйхатга олинади ва ташувчига буюртманоманинг қабул қилинган санаси, рўйхатга олиш тартиб рақами ва қабул қилинган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган маълумотнома берилади.
20. Инфратузилма оператори келиб тушган буюртманома ушбу Қоидаларда белгиланган талабларга мувофиқлигини текширади.
Буюртманома ушбу Қоидаларга номувофиқ бўлса ёки ташувчи томонидан нотўғри маълумотлар тақдим этилган бўлса, инфратузилма оператори буюртманома келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда буюртманомани кўриб чиқишни рад этиш ҳақида ташувчини ёзма ёки электрон равишда хабардор қилади.
21. Инфратузилма оператори томонидан буюртманомаларни кўриб чиқиш ва поездлар ҳаракати меъёрий графигининг лойиҳасини шакллантириш муддати ташиш режалаштирилган йилдан олдинги йилнинг 25 сентябрида тугайди.
22. Поездлар ҳаракати меъёрий графигини шакллантириш учун тақдим этилган буюртманомадаги маълумотлар буюртманомаларни кўриб чиқиш даврида ўзгарса (лекин буюртманомаларни кўриб чиқиш муддати тугашидан камида бир ой олдин), ташувчи бу ҳақида инфратузилма операторини ёзма равишда хабардор қилади.
23. Буюртманомаларни кўриб чиқиш даврида (лекин буюртманомаларни кўриб чиқиш муддати тугашидан камида бир ой олдин) инфратузилма оператори буюртманома бериш талабларига риоя этилишини ҳисобга олган ҳолда, сўровнома келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида ташувчи томонидан тақдим этилиши керак бўлган поездлар ҳаракати меъёрий графигини шакллантириш учун зарур бўлган қўшимча ахборотларни (маълумотларни) ташувчилардан сўраб олиш ҳуқуқига эга.
24. Ташувчилар буюртманомани кўриб чиқишнинг дастлабки натижасидан норози бўлган тақдирда, инфратузилма оператори манфаатдор ташувчилар ўртасидаги келишмовчиликларни (зиддиятларни) музокаралар ўтказиш орқали ҳал этишга қаратилган келишиш тартиб-таомилларини ташкил этади, бу жараёнда инфратузилма оператори ташувчига графикнинг бошқа йўналишларини таклиф қилишга ҳақли.
25. Инфратузилма оператори ушбу бобда назарда тутилган барча тартиб-таомиллар ўтказилгандан кейин инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш (рад этиш) тўғрисида қарор қабул қилади ва ташувчини буюртманомани кўриб чиқиш натижалари тўғрисида (унга киритилган тузатишларни (мавжуд бўлса) ҳисобга олган ҳолда) хабардор қилади.
26. Ташувчининг белгиланган муддатдан кейин келиб тушган буюртманомалари поездлар ҳаракати меъёрий графигини тузишда инфратузилма оператори томонидан инобатга олинмайди ва қўшимча буюртманомалар сифатида кўриб чиқилади.
Ташувчининг қўшимча буюртманомаси ушбу Қоидаларнинг 15 — 19-бандларида белгиланган талабларга мувофиқ расмийлаштирилади ва рўйхатдан ўтказилади.
27. Ташувчининг қўшимча буюртманомаси ташишлар амалга ошириладиган календарь ой бошланишидан камида икки ой олдин берилади ва у келиб тушган кундан бошлаб бир ой давомида ушбу Қоидаларда белгиланган талабларга мувофиқлиги кўриб чиқилади.
28. Ташувчининг қўшимча буюртманомаси асосида инфратузилма оператори графикнинг қўшимча йўналишларини ажратиш ва ташишларни амалга ошириш учун инфратузилма хизматларини кўрсатишга шартнома ёки тузилган шартномага қўшимча келишув тузиш имконияти тўғрисидаги масалани кўриб чиқади.
Талабномада тақдим этиладиган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги учун ташувчи жавобгар бўлади.
6-боб. Поездлар ҳаракати меъёрий графигини шакллантириш тартиби
29. Поездлар ҳаракати меъёрий графиги лойиҳаси ташувчиларнинг кўриб чиқиш учун қабул қилинган буюртманомаларини ва инфратузилма участкаларининг ўтказувчанлик қобилиятидан максимал даражада фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда инфратузилма оператори томонидан тузилади.
30. Поездлар ҳаракати меъёрий графиги ва поездлар ҳаракати жадвали инфратузилма оператори томонидан ушбу Қоидалар ҳамда инфратузилма операторининг локал ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ йиллик давр учун шакллантирилади, ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
31. Поездлар ҳаракати меъёрий графиги инфратузилма оператори томонидан қуйидагиларни инобатга олган ҳолда тузилади:
поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;
инфратузилма участкаларининг ўтказувчанлик ва юк кўтариш қобилияти ҳамда темир йўл станцияларининг қайта ишлаш қобилиятидан самарали фойдаланиш;
инфратузилма участкаларини сақлаш ва таъмирлаш бўйича ишларни амалга ошириш имкониятини бериш.
32. Поездлар ҳаракати графигида поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва инфратузилма объектларини соз ҳолатда сақлаш учун вақт захираси назарда тутилади.
33. Поездлар ҳаракати меъёрий графигини ишлаб чиқиш жараёнида ташувчиларга инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини беришда навбатма-навбат принципи ҳисобга олинади.
34. Инфратузилма оператори поездлар ҳаракати графигини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар ва меъёрлар асосида (ташувчиларнинг буюртманомаларини инобатга олган ҳолда) поездлар ҳаракати меъёрий графигини тайёрлайди.
35. Поездлар ҳаракати меъёрий графиги қуйидаги бошланғич маълумотлар асосида шакллантирилади:
инфратузилма оператори ва ташувчилар томонидан поездлар ҳаракати амалдаги графигининг бажарилишини таҳлил қилиш натижалари;
инфратузилма операторининг инфратузилма объектларидан техник фойдаланиш хусусиятлари, инфратузилма участкаларининг техник хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар;
ташувчиларнинг буюртманомаларида, шунингдек, поездлар ҳаракати графигини ишлаб чиқишга доир топшириқлар ва меъёрларда мавжуд бўлган маълумотлар.
36. Поездлар ҳаракати меъёрий графиги якунланаётган декабрь ойининг иккинчи якшанбасида соат 00:00 да кучга киради ва кейинги йил декабрь ойининг иккинчи шанбасида соат 24:00 да ўз кучини йўқотади.
Поездлар ҳаракати меъёрий графиги тасдиқлангандан сўнг ташувчи ва инфратузилма оператори ўртасида ушбу Қоидаларга мувофиқ белгиланган тартибда шартнома тузилади.
37. Поездлар ҳаракати меъёрий графиги асосида поездлар ҳаракати жадвали тузилади.
38. Инфратузилма оператори поездлар ҳаракатининг норматив графигига ва поездлар ҳаракати жадвалига уларнинг амал қилиш даврида қуйидаги ҳолларда тузатишлар киритишга ҳақли:
ташувчи инфратузилма участкасининг ўтказиш қобилиятининг ажратилган улушидан (график йўналишидан) поездлар ҳаракати белгиланган жадвали ва шартномага нисбатан кам ҳажмда фойдаланганда;
ташувчининг қўшимча буюртманомаси бўйича инфратузилма оператори томонидан қўшимча поездлар ҳаракати ёки поезд узунлигини узайтириш ташкил этилганда;
инфратузилманинг техник ва технологик имкониятлари мавжуд бўлмаган ёки ўзгарганда;
инфратузилма оператори томонидан янги темир йўлларни ва сунъий иншоотларни таъмирлаш ёки қуриш сабабли поездлар ҳаракати чекланганда;
тортувчи ҳаракатдаги таркиб тури ўзгарган тақдирда;
ташувчи томонидан умумий фойдаланишдаги темир йўлларда ҳаракатдаги таркибдан техник фойдаланишга қўйиладиган талаблар поездларнинг ҳаракат графиги ва жадвалига ўзгартиришлар киритган ҳолда қатновдан олинишига олиб келадиган тарзда бузилганда;
темир йўл транспортида ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талаблари бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар юз берганда, тақсимланган график йўналишлари бекор қилиниб, инфратузилмани тиклаш учун зарур бўлган муддатга;
инфратузилмада табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар юзага келганда, шунингдек, фавқулодда ҳолат жорий этилганда ва ташишга тўсқинлик қиладиган, оқибатларни ва поездлар ҳаракатига тўсиқларни бартараф этиш, инфратузилмани тиклаш бўйича кўзда тутилмаган ишларни бажариш учун узоқ вақт талаб қиладиган бошқа ҳолатларда.
7-боб. Инфратузилмага киришни таъминлаш бўйича буюртманомаларни кафолатлаш
39. Инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун буюртманома мажбуриятларини таъминлаш мақсадида ташувчи ушбу Қоидаларнинг 15-банди ўнинчи хатбошисига мувофиқ буюртманома учун пул таъминоти ёки банк кафолатини киритади.
40. Инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун буюртманоманинг пул таъминоти қуйидаги ҳолларда инфратузилма оператори томонидан тўлиқ ҳажмда қайтарилади:
буюртманома ушбу Қоидаларда белгиланган талабларга жавоб бермагани сабабли рад этилганда;
буюртманомани киритиш муддатлари бузилгани сабабли буюртманома қабул қилинмаганда;
инфратузилма оператори томонидан ушбу Қоидалар талабларига мувофиқ шартнома тузиш рад этилганда;
шартнома кучга кирганда ва ташувчи томонидан умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси хизматларини кўрсатишга доир шартнома бажарилиши бўйича таъминоти киритилганда.
41. Ушбу Қоидаларнинг 40-бандида назарда тутилган ҳолларда инфратузилма оператори уч иш куни ичида умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун буюртманоманинг пул таъминотини қайтаради.
42. Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун буюртманома бўйича пул таъминоти қуйидаги ҳолларда инфратузилма оператори томонидан қайтарилмайди (ушбу Қоидаларнинг 40-бандида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно):
ташувчи томонидан ушбу Қоидаларнинг 15-бандида назарда тутилган ҳужжатлардаги маълумотлар нотўғри ёки бузиб кўрсатилгани сабабли инфратузилма оператори шартнома тузишдан бош тортганда;
ташувчининг буюртманомасини меъёрий ва (ёки) аниқлаштирилган поездлар ҳаракати графигига киритиш шарти билан ташувчи шартнома тузишдан бош тортганда.
8-боб. Инфратузилма хизматларини кўрсатиш тартиби
43. Ташишларда инфратузилма хизматларини кўрсатиш ташишларни ташкил этиш ва амалга оширишнинг қуйидаги жараёнлари доирасида инфратузилма оператори ва ташувчининг ўзаро ҳамкорлигини назарда тутади:
ташишларни режалаштириш ва меъёрлаштириш;
ташишларни ойма-ой ва тезкор режалаштириш;
шартнома доирасида ташишларни амалга ошириш;
ташиш жараёнини амалга оширишда маълумот (ахборот) алмашиш.
44. Ташишларни режалаштириш ва меъёрлаштириш, ташиш ҳажмларига ва поездлар ҳаракат графигига ушбу Қоидалар ва қонунчиликда белгиланган тартибда кучга кирган халқаро шартномалар билан белгиланган тартибда тузатиш киритилади.
45. Ташишларни тезкор режалаштиришда инфратузилма оператори ва ташувчилар поездлар ҳаракатининг тасдиқланган суткалик режасини (поездлар ҳаракати графигини) ва келишилган техник режани, шу жумладан, қонунчиликда белгиланган тартибда кучга кирган халқаро шартномаларда белгиланган давлатлараро туташув пунктлари бўйича поездларни, вагонларни алмаштириш режасини бажаради.
46. Инфратузилма оператори ташувчи билан эксплуатация ишларини, шу жумладан, поездларни қабул қилиш ва жўнатиш, инфратузилма участкалари бўйлаб ўтказиш технологиясини, манёвр ишларини ташкил этиш технологиясини, темир йўл станциясида поездларни тарқатиш ҳамда шакллантиришни ва вагонлар оқимини ташкил этишда инфратузилма оператори ҳамда ташувчининг ўзаро ҳамкорлиги технологиясини белгилайди.
47. Қуйидагилар ташиш жараёнини диспетчер томонидан бошқариш ва инфратузилманинг ўтказувчанлик қобилиятини тақсимлашнинг ягона принциплари ҳисобланади:
инфратузилманинг хизмат кўрсатиладиган участкаларида поездлар ҳаракатини битта диспетчер томонидан бошқариш;
поездлар ҳаракати графигида мавжуд нормалар ва меъёрларни, эксплуатация ишининг технологик жараёнлари ва техник нормаларини бажариш;
поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва ходимларнинг меҳнат муҳофазасини кафолатлаш;
диспетчер томонидан ҳаракатланиш кетма-кетлиги берилиши.
48. Ташиш жараёнининг диспетчерлик бошқаруви поездларнинг суткалик ҳаракат режаси билан тасдиқланган поездлар ҳаракати графигига мувофиқ инфратузилма участкаларида поездларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаш мақсадида инфратузилма оператори томонидан амалга оширилади.
49. Поездларни қабул қилиш, жўнатиш ва ўтказиб юбориш, ҳаракатдаги таркибнинг манёвр ҳаракати жараёнлари инфратузилма оператори томонидан тартибга солинади.
Инфратузилма операторининг (умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти ташувчисининг) кўрсатиб ўтилган жараёнларга, шу жумладан, поездлар ҳаракати хавфсизлиги талабларини, поездлар ҳаракати графиги меъёрларини, инфратузилма оператори бўлинмалари ишининг технологик жараёнларини таъминлашга тааллуқли бўлган фармойишлари (кўрсатмалари) ташиш жараёнининг барча иштирокчилари учун мажбурийдир.
50. Ташиш жараёнини амалга ошириш мақсадида инфратузилма оператори ва ташувчилар ахборот алмашиш учун инфратузилма операторининг ахборот тизимларидан фойдаланади.
Асосий маълумотларга нисбатан қўшимча маълумотлар инфратузилма оператори томонидан ташувчига алоҳида шартномалар асосида тақдим этилади.
51. Тузилган шартнома мавжуд бўлганда, инфратузилма оператори ташувчига инфратузилма хизматлари кўрсатилишини қуйидаги ҳолларда рад этади:
темир йўл транспорти соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини ташиш тўхтатилганда ёки чекланганда, шу жумладан, олиб кириш ва (ёки) олиб чиқиш чекланганда;
фавқулодда вазиятлар (инфратузилма объектларининг носозлиги натижасида ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки поездларни ўтказишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар) юзага келиши оқибатида инфратузилма хизматларини кўрсатиш имконияти йўқлигида;
ташишлар навбатдан ташқари поездларда амалга оширилганда.
52. Инфратузилма оператори миллий хавфсизликка таҳдид юзага келганда ёки фавқулодда ҳолат жорий этилганда, инфратузилма оператори ва ташувчиларга боғлиқ бўлмаган ҳамда шартномага мувофиқ мажбуриятларни бажаришга тўсқинлик қиладиган табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келганда темир йўл қатновининг муайян йўналишларида ташиш билан боғлиқ хизматлар кўрсатишни вақтинча тўхтатиш ёки чеклаш тўғрисида қарор қабул қилади.
Инфратузилма оператори бундай қарорнинг амал қилиш муддатини белгилаши, шунингдек, ваколатли органларни, ташувчиларни ва бошқа манфаатдор шахсларни дарҳол хабардор қилиши шарт.
53. Ушбу Қоидаларнинг 51 ва 52-бандларига мувофиқ инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи чекланган тақдирда, инфратузилма оператори шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш имкони мавжуд эмаслиги тўғрисида ташувчини дарҳол хабардор қилади.
54. Инфратузилма оператори поездлар ҳаракати графигидан четга чиққан ҳолда ҳаракатланаётган поездларни ўтказиб юборишни ташкил этиш бўйича зарур чораларни кўради.
9-боб. Инфратузилма хизматларини кўрсатиш шартномаси
55. Инфратузилма хизматларини кўрсатиш шартномаси поездлар ҳаракати меъёрий графиги ва йиғма жадвали тасдиқлангандан кейин ҳаракатнинг меъёрий графиги амалга киритилишидан камида икки ой олдин ёзма шаклда тузилади. Шартноманинг амал қилиш муддати (узоқ муддатли шартномалардан ташқари) поездлар ҳаракати меъёрий графигининг амал қилиш даврини ташкил этади.
56. Қўшимча буюртманомалар бўйича шартнома ташишлар амалга ошириладиган календарь ой бошланишидан камида бир ой олдин поездлар ҳаракати меъёрий графигининг амал қилиш давридан ошмайдиган муддатга тузилади.
10-боб. Инфратузилма оператори ташувчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
57. Ташувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) ташишларни ташкил этиш, ташиш жараёни билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш учун ахборотни ушбу Қоидалар талабларига мувофиқ олиш, бунда тарқатилиши ва (ёки) тақдим этилиши чекланган ахборотга нисбатан белгиланган чекловларни ҳисобга олиш;
б) инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш ва ушбу хизматлардан поезд ҳаракати давомида ҳам фойдаланиш.
58. Ташувчининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
а) инфратузилма операторларига инфратузилма хизматларини кўрсатиш учун маълумотлар ва ҳужжатларни ушбу Қоидалар талабларига мувофиқ тақдим этиш;
б) ташиш жараёни билан боғлиқ бўлган транспорт воситалари ва бошқа техник воситаларнинг ҳаракати ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги талаблари бузилишига олиб келадиган (олиб келиши мумкин бўлган) ҳодисалар ва ҳолатлар тўғрисида инфратузилма операторига хабар бериш, шунингдек, уларни бартараф этиш (олдини олиш) чораларини кўриш;
в) инфратузилма операторининг ташувчига маълум бўлган тижорат сирини ташкил этувчи миллий хавфсизликка тааллуқли маълумотларнинг белгиланган тартибда ҳимоя қилинишини таъминлаш;
г) инфратузилма хизматлари учун тўловларни амалга ошириш;
д) вагонларнинг (поездларнинг) жойлашган жойи ўзгартирилиши (кўчирилиши) ва (ёки) ташувчилар ҳаракатдаги таркибининг темир йўл станцияларида тўхтаб туриши муносабати билан инфратузилма оператори томонидан сарфланган харажатларни қоплаш;
е) инфратузилма операторини инфратузилма хизматларидан фойдаланиш рад этилгани тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилиш;
ж) инфратузилма операторига ва (ёки) учинчи шахсларга етказилган зарарни қоплаш;
з) инфратузилма хизматларидан фойдаланишда қуйидагиларни таъминлаш:
ташиш жараёни ва инфратузилма операторининг локал ҳужжатлари билан боғлиқ бўлган транспорт воситалари ва бошқа техник воситалар ҳаракати ҳамда улардан фойдаланиш хавфсизлиги талабларига риоя қилиш;
юкларни, шу жумладан, ногабарит юкларни темир йўлда ташиш шартларига риоя этиш;
ташишларни келишилган ҳажмда амалга ошириш ва темир йўлда ташишнинг бошқа параметрлари (шароитлари) юкнинг йўналиши бўйича темир йўл транспорти инфратузилмаси участкаларининг ўтказувчанлик қобилиятига ва (ёки) темир йўл станцияларининг қайта ишлаш қобилиятига мувофиқлигини таъминлаш;
шартномада белгиланган бошқа мажбуриятларни бажариш.
59. Инфратузилма оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш бўйича:
инфратузилма участкаларида поездлар ҳаракати тезлигига чекловлар ўрнатиш;
поезд ҳаракатланиши вақтида ҳаракатдаги таркибнинг ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи техник ва тижорат носозликлари автоматик ҳамда визуал назорат воситалари билан аниқланган тақдирда, темир йўл станциясида, перегонда поезд ҳаракатини тўхтатиш;
темир йўл транспортида ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талаблари бузилиши билан боғлиқ бўлган, поездлар ҳаракатига тўсқинлик қиладиган ҳодисалар юзага келганда инфратузилма ишини тиклаш учун ташувчининг ресурсларидан (ҳаракатдаги таркиб, ходимлар) фойдаланиш;
ташувчига поездлар ҳаракати хавфсизлиги талабларини, поездлар ҳаракати графиги меъёрларини, поездларни шакллантириш режаси ва тартибини, инфратузилма оператори линия бўлинмалари ишининг технологик жараёнларини таъминлашга тааллуқли фармойишлар бериш;
б) ушбу Қоидаларда белгиланган талабларга мувофиқ юк поездларининг меъёрий ҳаракат графиги ва ҳаракат жадвалига тузатишлар киритиш;
в) ташишларни амалга ошириш учун инфратузилма хизматларини кўрсатиш юзасидан шартнома тузиш босқичида ташувчидан ҳаракатдаги таркибни кўрикдан ўтказиш далолатномаларини талаб қилиш;
г) ташувчи томонидан инфратузилма участкаси ўтказувчанлик қобилиятининг ажратилган улушидан поездлар ҳаракати графиги ва шартномага нисбатан кам ҳажмда фойдаланилган тақдирда, инфратузилма хизматларини кўрсатиш шартномасига инфратузилма участкалари ўтказувчанлик қобилиятининг ажратилган улушига (график йўналишига) тузатиш киритиш бўйича ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш тўғрисида хабарнома юбориш (уч иш куни мобайнида);
д) ташувчи инфратузилмадан шартнома шартларини бузган ҳолда фойдаланган тақдирда, ташувчиларнинг ҳаракатдаги таркиби жойлашган жойини ўзгартириш (кўчириш) ва бўш йўл имкониятлари мавжуд бўлган темир йўл станциясида унинг тўхтаб туришини таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилиш;
е) инфратузилма операторига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра (учинчи шахсларнинг, шу жумладан, қўшни (чегарадош) темир йўл маъмуриятлари ва (ёки) тегишли инфратузилмалар эгаларининг айби билан) ташувчига инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини рад этиш, бунда бу каби ҳолатларни шартнома шартларининг бузилиши деб тан олмаслик;
ж) табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар юзага келганда, шунингдек, фавқулодда ҳолат жорий этилганда ва ташишга тўсқинлик қилувчи бошқа ҳолатларда ташиш билан боғлиқ хизматлар кўрсатишни вақтинча тўхтатиш ёки тўлиқ бўлмаган ҳажмда хизматлар кўрсатиш тўғрисида билдиришнома юбориш орқали қарор қабул қилиш;
з) темир йўл транспортида ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талаблари бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар юзага келган тақдирда, тақсимланган график йўналишларини бекор қилган ҳолда инфратузилмани тиклаш учун зарур бўлган муддатга инфратузилмага киришни чеклаш.
60. Инфратузилма операторининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
а) ушбу Қоидалар талабларига мувофиқ маълумотлар ва ҳужжатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш;
б) тарқатилиши ва (ёки) тақдим этилиши чекланган ахборотга нисбатан белгиланган чекловларни инобатга олган ҳолда, ушбу Қоидаларга мувофиқ ташувчиларга маълумотларни тақдим этиш;
в) инфратузилма участкаларининг ўтказувчанлик қобилиятини ушбу Қоидаларга мувофиқ инфратузилма участкаларининг техник ва технологик имкониятлари доирасида тақсимлаш;
г) ташувчини поездлар ҳаракати графигида хизматлар кўрсатишнинг муддатлари ва шартлари ўзгаришига сабаб бўладиган ўзгаришлар ҳақида шартномада назарда тутилган тартибда хабардор қилиш.
11-боб. Якунловчи қоидалар
61. Ушбу Қоидаларда белгиланган талабларнинг бажарилиши устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Транспорт вазирлиги томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.
62. Ушбу Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасига кириш ва унинг хизматларидан фойдаланиш қоидаларига ИЛОВА
Шакл намунаси Инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун БУЮРТМАНОМА 20___ йил «____» _____________ ______-сон 20___ йил «____» __________дан 20___ йил «____» ____________гача бўлган даврга Инфратузилма оператори ________________________________________________________ ____________________________________________________________________________________ (номи, юридик ва почта манзили, банк реквизитлари) ____________________________________________________________________________________ Ташувчи ___________________________________________________________________________ __________________________________________________________________________________ (номи, юридик манзили, банк реквизитлари ёки Ф.И.Ш.) Тўловчи __________________________________________________________________________ ____________________________________________________________________________________ (номи, юридик манзили, банк реквизитлари) Инфраратузилма хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг рақами ва санаси (мавжуд бўлса) ___________________________________________________ Тўловчининг коди _____________________________________________________ Қатнов тури __________________________________________________________ Мазкур инфратузилма хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун буюртманома билан буюртманома берувчи: 1) қонунчиликда назарда тутилган талабларга жавоб беришини; 2) қонунчилик талабларига риоя қилиш мажбуриятини зиммасига олишини; 3) инфратузилма хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг шартларини ва инфратузилма участкаларининг техник хусусиятлари талабларини қабул қилишини; 4) ўтказувчанлик қобилиятининг ўзига ажратилган қисмидан Умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти инфратузилмасига кириш ва унинг хизматларидан фойдаланиш қоидалари талабларига мувофиқ фойдаланишини; 5) хавфли юклар ташувларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан келиб чиқадиган талаблар билан танишганини ва хавфли юкларни ташиш учун ўтказувчанлик қобилиятидан фойдаланишда (ўтказувчанлик қобилиятидан хавфли юкларни ташиш учун фойдаланмоқчи бўлганда) уларга риоя қилиш мажбуриятини зиммасига олганини; 6) банкрот эмаслигини; 7) ўтказувчанлик қобилиятининг улушини ажратиш учун унда ҳуқуқий тўсиқлар мавжуд эмаслигини; 8) инфратузилма хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартнома бўйича мажбуриятларни таъминлаши юзасидан кафолат беришини, хусусан: ташиш жараёнини ташкил этишда ташувчи томонидан ҳаракат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши таъминланишини; ташувчи томонидан қонунчилик ҳужжатларида ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган, темир йўл транспортининг авариясиз ишлашини, ҳаракат хавфсизлигини, меҳнатни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизлик талабларини тартибга соладиган талабларга риоя этилиши таъминланишини; инфратузилма хизматларидан фойдаланишнинг устуворлигини тасдиқлайди. Буюртманомага илова қилинган __ варақда, ___ нусхада бўлган ҳужжатларнинг (маълумотларнинг) тўлиқлиги ва ишончлилигини тасдиқлайман: 1. ________________________________________________________. 2. ________________________________________________________. Ташувчи ___________________________________________________________________________ (Ф.И.Ш. ваколатли вакил имзоси) М.Ў. 20 __ йил «____» ________________
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 14 ноябрь,
723 -сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING
QARORI
QOIDALARI
Umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasiga kirish va uning xizmatlaridan foydalanish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining “Temir yoʻl transporti toʻgʻrisida”gi Qonuni 7 va 12-moddalariga , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining temir yoʻl transporti sohasini tubdan isloh qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 10-oktabrdagi PQ-329-son qaroriga muvofiq temir yoʻl transportida tashishlarni amalga oshiruvchi yuridik shaxslarning umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasi xizmatlaridan teng foydalanish shart-sharoitlarini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasiga kirish va uning xizmatlaridan foydalanish qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
tashuvchilarga infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqini taqdim etish prinsiplari va tartibi;
infratuzilma operatori tomonidan tashuvchilarga koʻrsatiladigan xizmatlar;
poyezdlar harakati meʼyoriy grafigini shakllantirish tartibi;
infratuzilmaga kirishni taʼminlash boʻyicha buyurtmanomalarni kafolatlash;
infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish tartibi va shartnomasi;
infratuzilma operatori tashuvchisining huquq va majburiyatlari.
2. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
3. Transport vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda ushbu qaror kuchga kirgan kundan boshlab, oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni uch oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda transport vaziri I.R. Maxkamov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 14-noyabrdagi 723-son qaroriga ILOVA
Umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasiga kirish va uning xizmatlaridan foydalanish
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Qoidalar mulk huquqi yoki boshqa qonuniy asoslarda harakatdagi tarkibga (lokomotivlardan tashqari) ega boʻlgan umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻl transporti tashuvchilarining (keyingi oʻrinlarda — tashuvchilar) ichki va xalqaro yoʻnalishlarda yuk hamda yoʻlovchi tashishni amalga oshirish uchun umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasiga (keyingi oʻrinlarda — infratuzilma) kirish huquqini taʼminlashning umumiy prinsiplari va tartibini, shuningdek, kirish huquqini taqdim etish va infratuzilma xizmatlaridan foydalanish sohasida tashuvchilar tomonidan infratuzilma operatori bilan oʻzaro hamkorlik qilish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
grafik yoʻnalishi — joʻnab ketish, yetib kelish, oraliqda toʻxtash manzili, joʻnab ketish va yetib kelish vaqti, texnologik toʻxtash joylari, oʻrtacha yurish vaqtlari, shuningdek, poyezdning boshqa texnik va texnologik koʻrsatkichlari koʻrsatilgan holda poyezd harakati yoʻnalishining poyezdlar harakati grafigidagi chiziqli tasviri;
yordamchi poyezdlar — yoʻlovchilarni poyezdga chiqarish punktlariga, texnik stansiyalarga va toʻxtash joylariga olib borayotgan yakka lokomotivlar yoki lokomotivlar guruhi (birikmalar), yoʻlovchi vagonlaridan, dizel va elektr seksiyalaridan tashkil topgan poyezdlar, shuningdek, infratuzilma operatorining oʻz ehtiyojlari uchun harakatlanadigan, poyezdlar harakati grafigida koʻzda tutilmagan poyezdlar;
infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqi — tashuvchilar tomonidan yoʻlovchilarni, bagajni, yuk bagajini, yuklarni, pochta va kuryerlik joʻnatmalarini tashish uchun infratuzilma xizmatlaridan foydalanish imkoniyati;
infratuzilma xizmatlari — yoʻlovchilarni, bagajni, yuk bagajini, yuklarni, pochta va kuryerlik joʻnatmalarini tashishni tashkil etish va amalga oshirish uchun umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasidan va lokomotivlaridan foydalangan holda koʻrsatiladigan umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti xizmatlari hamda temir yoʻl transportida tashish jarayoni bilan bogʻliq boshqa infratuzilma xizmatlari;
infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha uzoq muddatli shartnoma — infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish uchun infratuzilma operatori bilan tashuvchi oʻrtasida kamida besh yil muddatga tuzilgan shartnoma;
infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqi uchun buyurtmanoma (keyingi oʻrinlarda — buyurtmanoma) — poyezdlar harakati meʼyoriy grafigi amal qiladigan davrda yoʻlovchilarni, bagajni, yuk bagajini, yuklarni, pochta va kuryerlik joʻnatmalarini tashish, shuningdek, tashish jarayoni bilan bogʻliq xizmatlarni koʻrsatish uchun tashuvchi tomonidan infratuzilma operatoriga taqdim etiladigan hujjat;
infratuzilma uchastkasi — infratuzilma operatori tomonidan belgilangan lokomotiv aylanish uchastkasi doirasidagi temir yoʻl transporti infratuzilmasining bir qismi;
infratuzilmaning oʻtkazuvchanlik qobiliyati — turli toifadagi poyezdlarning oʻtkazilishini hisobga olgan holda ushbu infratuzilmaning texnik va texnologik imkoniyatlari, harakatdagi tarkib va poyezdlar harakatini tashkil etish usullariga qarab, hisob-kitob davri (sutka) uchun infratuzilma uchastkasi boʻylab oʻtkazilishi mumkin boʻlgan poyezdlar (poyezdlar juftligi) harakatining oʻlchamlari;
maxsus poyezdlar — yoʻlovchilarni va (yoki) oʻta muhim harbiy yoki strategik yuklarni tashish uchun moʻljallangan, qonunchilik hujjatlariga muvofiq maxsus talablarga asosan ajratiladigan poyezdlar;
motorvagonli harakatdagi tarkib — yoʻlovchilarni, bagajni, yuk bagajini, yuklarni, pochta va kuryerlik joʻnatmalarini tashish uchun moʻljallangan motorvagonli yoʻlovchi tashish poyezdlari (elektropoyezdlar, dizelli poyezdlar, dizelli elektropoyezdlar va avtomotrisalar (relsli avtobuslar)) tuziladigan, seksiyalarga birlashtirilgan motorli va motorsiz vagonlar;
navbatdan tashqari poyezdlar — poyezdlar harakatiga toʻsqinlik qilayotgan holatlarni bartaraf etish, rejalashtirilmagan ishlarni bajarish va transport vositalarining joylashgan joyini tegishli ravishda oʻzgartirish uchun moʻljallangan, harakat grafigida koʻrsatilmagan poyezdlar (tiklash va oʻt oʻchirish poyezdlari, qor tozalash poyezdlari, vagonlarsiz lokomotivlar, maxsus oʻziyurar harakatdagi tarkib);
poyezdlar harakati grafigi — infratuzilma uchastkalarida barcha toifadagi poyezdlar harakati tashkil etilishini belgilaydigan, poyezdlar harakatini shartli sutkalarda masshtab setkasida grafik tarzda aks ettiradigan va poyezdlar harakati meʼyoriy (rejalashtirilgan yil uchun), variantli (vaqtning alohida davrlari uchun) va poyezdlar harakatining bajarilgan grafiklariga boʻlinadigan, infratuzilma operatoriga tegishli boʻlgan normativ-texnik hujjat;
poyezd toifasi — tashish turi, qatnov masofasi, tarkibdagi vagonlar, aylanish muntazamligi va harakat tezligiga qarab poyezdlarning shartli ravishda guruhlarga boʻlinishi. Tashish turiga koʻra poyezdlar yoʻlovchi poyezdi, yuk poyezdi va maxsus maqsadlar uchun moʻljallangan (maxsus, harbiy, yordamchi, navbatdan tashqari) poyezdlarga boʻlinadi;
poyezdlar harakati jadvali — poyezdlar harakati grafigi asosida muayyan kalendar sanalarda poyezdlar harakati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan hujjat;
tashish jarayonining dispetcherlik boshqaruvi — real vaqt rejimida tezkor sharoitlarda poyezdlar harakati va manyovr ishlarini nazorat qilish, boshqarish jarayoni;
tashishlarni rejalashtirish — umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasi obyektlarida (uchastkalarida va temir yoʻl stansiyalarida) belgilangan davr mobaynida (yil, oy, sutka) xizmatlarni koʻrsatish toʻgʻrisida tuzilgan shartnomalar asosida tashish rejasini ishlab chiqish;
tashishlarni tezkor rejalashtirish — maʼlum vaqt oraligʻida texnik meʼyorlar, poyezdlar harakati grafigi va poyezdlarni shakllantirish rejasi bajarilishida, harakatdagi tarkib hamda temir yoʻl uchastkalari va stansiyalarining oʻtkazuvchanlik qobiliyatidan samarali foydalanishda qoʻl keladigan rejalashtirish turi;
umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasining operatori (keyingi oʻrinlarda — infratuzilma operatori) — umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti sohasidagi vakolatli tashkilotga tegishli boʻlgan, umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarning va umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasi boshqa obyektlarining foydalanilishini, joriy saqlanishini va modernizatsiyasini, qurilishini amalga oshiradigan, shuningdek, infratuzilmadan foydalanish xizmatlarini, shu jumladan, harakatdagi tarkibni oʻtkazish va olib oʻtish uchun umumiy foydalanishdagi temir yoʻllardan foydalanish bilan bogʻliq boʻlgan xizmatlarni koʻrsatadigan yuridik shaxs;
yuk poyezdlarini shakllantirish rejasi — tashuvchilarning poyezdlarni shakllantirish rejasi loyihalari asosida infratuzilma operatori tomonidan tasdiqlanadigan, umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasi uchastkalarining oʻtkazuvchanlik qobiliyati hamda temir yoʻl stansiyalarining qayta ishlash qobiliyatini hisobga olgan holda temir yoʻl stansiyalarida shakllantiriladigan poyezdlarning toifalari hamda vazifalarini belgilaydigan normativ-texnik hujjat;
qoʻshimcha buyurtmanoma — poyezdlar harakati meʼyoriy grafigi amal qilayotgan davrda qoʻshimcha tashishlarni amalga oshirish uchun tashuvchining infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqi uchun bergan buyurtmanomasi;
qoʻshimcha tashishlar — poyezdlar harakati meʼyoriy grafigida koʻzda tutilmagan, grafikning qoʻshimcha yoʻnalishlari ajratilishini talab etadigan, band boʻlmagan yoki belgilangan tartibda boʻshatilgan infratuzilmaning oʻtkazuvchanlik qobiliyati hisobidan amalga oshirilishi mumkin boʻlgan tashishlar.
3. Tashuvchilarga infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqi infratuzilma operatori tomonidan belgilanadigan infratuzilma uchastkalarida shartnomalar asosida, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda kuchga kirgan xalqaro shartnomalarga muvofiq taqdim etiladi.
Infratuzilmadan shartnoma tuzmasdan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
Infratuzilma xizmatlari uchun tashuvchi tomonidan toʻlov qonunchilik hujjatlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi vakolat bergan kollegial organ tasdiqlagan tariflar asosida amalga oshiriladi.
2-bob. Tashuvchilarga infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqini berish prinsiplari
4. Infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqi tashuvchilarga quyidagi prinsiplar asosida beriladi:
infratuzilma uchastkalarining oʻtkazuvchanlik qobiliyati doirasida texnik va texnologik imkoniyatlarni hisobga olgan holda tashuvchilarning teng huquqliligi;
tashuvchilarga nisbatan infratuzilma xizmatlari sohasida yagona narx (tarif) siyosatini yuritish;
infratuzilma xizmatlari roʻyxati, infratuzilmaning texnik va texnologik imkoniyatlaridan kelib chiqqan holda, ushbu xizmatlarni koʻrsatish tartibi hamda infratuzilma xizmatlari tariflari haqidagi maʼlumotlardan foydalanish imkoniyati;
tashish faoliyatini rejalashtirish, tashkil etish va infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish jarayonida maʼlum boʻlib qolgan tijorat yoki davlat sirini tashkil etuvchi maʼlumotlarni himoya qilish;
tashuvchilar tomonidan infratuzilma uchastkalarida foydalaniladigan harakatdagi tarkibga nisbatan qonunchilik hujjatlari va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablarining bajarilishi;
infratuzilmaning oʻtkazuvchanlik qobiliyatidan samarali foydalanish va tashish jarayonining uzluksizligini, texnologik jarayonlarning yaxlitligi va xavfsizligini taʼminlash maqsadida infratuzilmani taʼmirlash, saqlash va unga xizmat koʻrsatish ishlarini oqilona rejalashtirish;
poyezdlar harakati meʼyoriy grafigiga muvofiq infratuzilmaning oʻtkazuvchanlik qobiliyati cheklangan sharoitlarda tashuvchilarga infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqini taqdim etishda navbatma-navbat berish.
3-bob. Infratuzilma operatori tomonidan tashuvchiga koʻrsatiladigan xizmatlar
5. Infratuzilma operatori shartnomaga muvofiq tashuvchiga quyidagi xizmatlarni koʻrsatadi:
a) infratuzilma lokomotivlari va lokomotiv brigadalarini taqdim etish, shuningdek, poyezdlar xarakatini (oʻtishini) taʼminlash, shu jumladan, quyidagi ishlarni (operatsiyani) amalga oshirish:
tashuvchining harakatdagi tarkibini umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarga qabul qilish va topshirish;
umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti lokomotivlaridan va temir yoʻl stansiyalarining texnik vositalaridan foydalangan holda, infratuzilma operatoriga tegishli boʻlgan umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarda tashuvchining harakatdagi tarkibidan poyezdni shakllantirish;
b) poyezdlar harakatini boshqarish, shu jumladan, quyidagi ishlarni (operatsiyani) bajarish:
xorijiy davlatlarning temir yoʻllari va boshqa transport turlari tashkilotlari bilan tashishlar boʻyicha texnik va texnologik imkoniyatlarni kelishish;
infratuzilma operatoriga tegishli boʻlgan umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarda koʻzda tutilgan muayyan tashishlarni amalga oshirish uchun tashuvchining harakatdagi tarkibi shartnomada nazarda tutilgan shartlarga muvofiq harakatlanishini tashkil etish;
tashishni dispetcher tomonidan boshqarish;
tashuvchining harakatdagi tarkibi texnik holatini nazorat qilish (texnik koʻrik);
tashuvchida harakatdagi tarkibni mustaqil ravishda taʼmirlash imkoniyati boʻlmasa, qatnov davomida tashuvchining harakatdagi tarkibiga xizmat koʻrsatish (ajratmasdan taʼmirlash);
tashuvchining murojaatiga asosan uning harakatdagi tarkibi harakati yoki joylashgan joyi toʻgʻrisidagi maʼlumotni taqdim etish;
tashish jarayonida infratuzilma uchastkalarida harakatdagi tarkibni elektr energiyasi bilan taʼminlash;
tashish jarayonida temir yoʻl stansiyalarida saralash va manyovr ishlarini amalga oshirish;
v) tashuvchiga tegishli boʻlgan yoki u tomonidan tashish uchun jalb qilingan, tashish jarayoni bilan bogʻliq boʻlmagan boʻsh vagonlarni saqlash imkoniyatini berish;
g) infratuzilma operatori tomonidan tashuvchi nomidan umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻllardan foydalanish shartnomasini, shuningdek, umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻllarda vagonlarni berish va qaytarib olish shartnomasini tuzish.
6. Infratuzilma operatori va tashuvchi ushbu Qoidalarning 5-bandida koʻrsatilmagan xizmatlarni koʻrsatish toʻgʻrisida shartnomalar tuzish huquqiga ega. Bunday ishlar (xizmatlar) roʻyxatini infratuzilma operatori mustaqil ravishda belgilaydi.
7. Infratuzilma operatori tomonidan koʻrsatiladigan xizmatlar, ularning narxi, shuningdek, poyezdlar harakati grafigiga muvofiq infratuzilmaning mavjud texnik va texnologik imkoniyatlari haqidagi maʼlumot infratuzilma operatori tomonidan tashuvchilarga infratuzilmadan foydalanish boʻyicha xizmatlar koʻrsatish toʻgʻrisidagi buyurtmanomalarni qabul qilish joylarida muntazam xabarlar tarzida taqdim etiladi. Ushbu maʼlumot qoʻshimcha ravishda elektron yoki pochta aloqasi orqali yoxud tomonlarning kelishuvida nazarda tutilgan boshqa usul bilan ham beriladi.
4-bob. Tashuvchilarga infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqini berish tartibi
8. Infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqi infratuzilma operatori tomonidan quyidagi shartlar asosida beriladi:
tashuvchi tomonidan temir yoʻl transportining avariyasiz ishlashini, harakat xavfsizligini, mehnatni muhofaza qilish va ekologik xavfsizlik talablarini tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlariga va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga muvofiq tashish jarayoni xavfsizligini taʼminlash sohasida belgilangan talablarga rioya etilishi;
tashuvchiga tegishli boʻlgan harakatdagi tarkib harakatdagi tarkibning avariyasiz ishlashini tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlarining va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarning belgilangan talablariga muvofiq boʻlishi.
9. Infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqi quyidagilar asosida beriladi:
poyezdlar harakatini tashkil etish uchun infratuzilmaning texnik va texnologik imkoniyatlari;
infratuzilmaning oʻtkazuvchanlik qobiliyati va tashuvchilarning infratuzilma uchastkalaridan foydalanish toʻgʻrisidagi takliflari mavjudligi;
poyezdlarni shakllantirish rejasi va poyezdlar harakati grafigi;
infratuzilmaning oʻtkazuvchanlik qobiliyati cheklangan sharoitda tashuvchilarga infratuzilma xizmatlaridan meʼyoriy grafikka muvofiq navbatma-navbat foydalanish huquqini berish;
qonunchilik hujjatlariga muvofiq temir yoʻl orqali tashishni amalga oshirishga toʻsqinlik qiluvchi taqiq va cheklovlarning mavjud emasligi.
10. Tashuvchilarga infratuzilma xizmatlaridan foydalanish navbati (ustuvorligi) infratuzilma operatori tomonidan quyidagi mezonlar:
a) poyezd toifasi;
b) agar poyezd toifalari bir xil boʻlsa:
tashuvchi tomonidan tashish qobiliyatidan foydalanish intensivligi;
shartnomaning mavjudligi yoki muddati uzaytirilgani;
v) ushbu bandning “a” va “b” kichik bandlarida koʻrsatilgan mezonlar bir xil boʻlsa, buyurtmanoma berilgan sana boʻyicha taqdim etiladi.
11. Poyezdlar harakati meʼyoriy grafigiga muvofiq grafikning muayyan yoʻnalishlari boʻyicha tashishlarni amalga oshirish uchun infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqi tashuvchilarga poyezdlar harakati jadvali amal qilishi davomida faqat bir muddatga beriladi, uzoq muddatli shartnomalar bundan mustasno.
12. Tashuvchiga infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqini berish quyidagi bosqichlarni oʻz ichiga oladi:
tashuvchi tomonidan infratuzilma operatoriga infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqini berish boʻyicha buyurtmanomani ushbu Qoidalarga ilovada koʻrsatilgan shaklga asosan taqdim etish;
infratuzilma operatori tomonidan tashuvchining buyurtmanomasini koʻrib chiqish va infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqini berish (berishni rad etish) toʻgʻrisida qaror qabul qilish;
poyezdlar harakati grafigini va poyezdlar harakati jadvalini tasdiqlash;
tashishlarni amalga oshirish uchun infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha shartnoma tuzish.
Tashuvchi bir vaqtning oʻzida foydalanish rejalashtirilgan infratuzilma operatori ham boʻlsa, buyurtmanoma berish va shartnoma tuzish talab etilmaydi.
13. Infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi infratuzilma operatori tomonidan tashuvchiga infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqini berish toʻgʻrisida qaror qabul qilingandan keyin, biroq poyezdlar harakati meʼyoriy grafigi kuchga kirish sanasidan kamida oʻn kalendar kun oldin tuziladi.
Tashuvchining qoʻshimcha buyurtmanomasi boʻyicha infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi tashishlar amalga oshiriladigan kalendar oy boshlanishidan kamida bir oy oldin tuzilishi kerak.
14. Infratuzilma operatori tashuvchida koʻrsatilgan infratuzilma xizmatlari uchun haq toʻlash boʻyicha qarzdorlik mavjud boʻlganda, shuningdek, temir yoʻl transporti sohasidagi qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etilmagan taqdirda, tashuvchiga infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish yuzasidan shartnoma tuzishni rad etishga haqli.
5-bob. Buyurtmanomalarni taqdim etish va koʻrib chiqish tartibi
15. Infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqini olish uchun tashuvchi infratuzilma operatoriga quyidagi hujjatlarni ilova qilgan holda buyurtmanoma taqdim etadi:
rejalashtirilayotgan grafik yoʻnalishlari loyihasi;
tashishlarning rejalashtirilayotgan yillik hajmlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (choraklar va oylar boʻyicha taqsimlangan holda);
tashuvchi tomonidan tashishlarni taʼminlash uchun nazarda tutilgan vagonlar, motorvagonli harakatdagi tarkibning turlari (tiplari), mansubligi, soni va tavsiflari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
vagonlarga boʻlgan mulk yoki egalik huquqini, shuningdek, ularning qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat roʻyxatidan oʻtkazilganini tasdiqlovchi hujjat nusxasi;
temir yoʻl transportining avariyasiz ishlashini, transport vositalarining va tashish jarayoni bilan bogʻliq boʻlgan boshqa texnik vositalarning harakati va ulardan foydalanish xavfsizligini, shuningdek, mehnatni muhofaza qilish va ekologik xavfsizlik talablarini tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlari va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga muvofiq tashuvchining harakatdagi tarkibini koʻrikdan oʻtkazish dalolatnomasining nusxasi;
tashish faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya nusxasi;
qarzdorlik mavjud emasligi (mavjudligi) toʻgʻrisida maʼlumot koʻrsatilgan taqdirda, ushbu qarzdorlikning shakllanish muddatlarini tasdiqlovchi hujjatlar;
sugʻurta tashkiloti bilan harakatdagi tarkibni sugʻurtalash boʻyicha qonunchilik hujjatlariga muvofiq tuzilgan shartnomalar;
buyurtmanomaning rejalashtirilayotgan xizmatlar hajmi qiymatining 0,1 foiziga teng miqdordagi pul taʼminoti yoki bank kafolati;
yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkor vakolatli shaxsiga muayyan shartnomani imzolash huquqini beruvchi ishonchnoma.
16. Tashuvchi tomonidan infratuzilma operatoriga qogʻoz shaklida taqdim etiladigan buyurtmanoma quyidagi talablarga mos boʻlishi kerak:
buyurtmanoma va unga ilova qilingan hujjatlar tikiladi, raqamlanadi va tashuvchining muhri hamda imzosi (yoki uning vakolatli shaxsining imzosi) bilan tasdiqlanadi;
ilova qilingan hujjatlar asl yoki nusxa koʻrinishida boʻlishi kerak, nusxalar taqdim etilgan boʻlsa, buyurtmanomani imzolayotgan rahbar yoki uning vakolatli shaxsi ularning haqqoniyligi va toʻliqligini yozma ravishda tasdiqlashi kerak;
buyurtmanomada hamda unga ilova qilingan hujjatlarda, maʼlumotlarda hech qanday tuzatish yoki qoʻshimchalar boʻlmasligi lozim.
17. Buyurtmanoma va unga ilova qilinadigan hujjatlar tashuvchi tomonidan elektron raqamli imzo bilan tasdiqlangan holda elektron shaklda rasmiylashtiriladi.
18. Infratuzilma operatori tashishlarni tashkil etish uchun buyurtmanomalarni quyidagicha qabul qiladi:
xalqaro qatnovlarda — tashish rejalashtirilgan yildan oldingi yilning 10-yanvaridan 25-fevraligacha boʻlgan davrda;
ichki qatnovlarda — tashish rejalashtirilgan yildan oldingi yilning 10-iyunidan 25-iyuligacha boʻlgan davrda.
19. Buyurtmanoma infratuzilma operatori tomonidan roʻyxatga olinadi va tashuvchiga buyurtmanomaning qabul qilingan sanasi, roʻyxatga olish tartib raqami va qabul qilingan hujjatlar roʻyxati koʻrsatilgan maʼlumotnoma beriladi.
20. Infratuzilma operatori kelib tushgan buyurtmanoma ushbu Qoidalarda belgilangan talablarga muvofiqligini tekshiradi.
Buyurtmanoma ushbu Qoidalarga nomuvofiq boʻlsa yoki tashuvchi tomonidan notoʻgʻri maʼlumotlar taqdim etilgan boʻlsa, infratuzilma operatori buyurtmanoma kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni ichida rad etish sabablari koʻrsatilgan holda buyurtmanomani koʻrib chiqishni rad etish haqida tashuvchini yozma yoki elektron ravishda xabardor qiladi.
21. Infratuzilma operatori tomonidan buyurtmanomalarni koʻrib chiqish va poyezdlar harakati meʼyoriy grafigining loyihasini shakllantirish muddati tashish rejalashtirilgan yildan oldingi yilning 25-sentabrida tugaydi.
22. Poyezdlar harakati meʼyoriy grafigini shakllantirish uchun taqdim etilgan buyurtmanomadagi maʼlumotlar buyurtmanomalarni koʻrib chiqish davrida oʻzgarsa (lekin buyurtmanomalarni koʻrib chiqish muddati tugashidan kamida bir oy oldin), tashuvchi bu haqida infratuzilma operatorini yozma ravishda xabardor qiladi.
23. Buyurtmanomalarni koʻrib chiqish davrida (lekin buyurtmanomalarni koʻrib chiqish muddati tugashidan kamida bir oy oldin) infratuzilma operatori buyurtmanoma berish talablariga rioya etilishini hisobga olgan holda, soʻrovnoma kelib tushgan kundan boshlab besh ish kuni mobaynida tashuvchi tomonidan taqdim etilishi kerak boʻlgan poyezdlar harakati meʼyoriy grafigini shakllantirish uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha axborotlarni (maʼlumotlarni) tashuvchilardan soʻrab olish huquqiga ega.
24. Tashuvchilar buyurtmanomani koʻrib chiqishning dastlabki natijasidan norozi boʻlgan taqdirda, infratuzilma operatori manfaatdor tashuvchilar oʻrtasidagi kelishmovchiliklarni (ziddiyatlarni) muzokaralar oʻtkazish orqali hal etishga qaratilgan kelishish tartib-taomillarini tashkil etadi, bu jarayonda infratuzilma operatori tashuvchiga grafikning boshqa yoʻnalishlarini taklif qilishga haqli.
25. Infratuzilma operatori ushbu bobda nazarda tutilgan barcha tartib-taomillar oʻtkazilgandan keyin infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqini berish (rad etish) toʻgʻrisida qaror qabul qiladi va tashuvchini buyurtmanomani koʻrib chiqish natijalari toʻgʻrisida (unga kiritilgan tuzatishlarni (mavjud boʻlsa) hisobga olgan holda) xabardor qiladi.
26. Tashuvchining belgilangan muddatdan keyin kelib tushgan buyurtmanomalari poyezdlar harakati meʼyoriy grafigini tuzishda infratuzilma operatori tomonidan inobatga olinmaydi va qoʻshimcha buyurtmanomalar sifatida koʻrib chiqiladi.
Tashuvchining qoʻshimcha buyurtmanomasi ushbu Qoidalarning 15 — 19-bandlarida belgilangan talablarga muvofiq rasmiylashtiriladi va roʻyxatdan oʻtkaziladi.
27. Tashuvchining qoʻshimcha buyurtmanomasi tashishlar amalga oshiriladigan kalendar oy boshlanishidan kamida ikki oy oldin beriladi va u kelib tushgan kundan boshlab bir oy davomida ushbu Qoidalarda belgilangan talablarga muvofiqligi koʻrib chiqiladi.
28. Tashuvchining qoʻshimcha buyurtmanomasi asosida infratuzilma operatori grafikning qoʻshimcha yoʻnalishlarini ajratish va tashishlarni amalga oshirish uchun infratuzilma xizmatlarini koʻrsatishga shartnoma yoki tuzilgan shartnomaga qoʻshimcha kelishuv tuzish imkoniyati toʻgʻrisidagi masalani koʻrib chiqadi.
Talabnomada taqdim etiladigan maʼlumotlarning toʻliqligi va ishonchliligi uchun tashuvchi javobgar boʻladi.
6-bob. Poyezdlar harakati meʼyoriy grafigini shakllantirish tartibi
29. Poyezdlar harakati meʼyoriy grafigi loyihasi tashuvchilarning koʻrib chiqish uchun qabul qilingan buyurtmanomalarini va infratuzilma uchastkalarining oʻtkazuvchanlik qobiliyatidan maksimal darajada foydalanishni hisobga olgan holda infratuzilma operatori tomonidan tuziladi.
30. Poyezdlar harakati meʼyoriy grafigi va poyezdlar harakati jadvali infratuzilma operatori tomonidan ushbu Qoidalar hamda infratuzilma operatorining lokal hujjatlarida belgilangan talablarga muvofiq yillik davr uchun shakllantiriladi, ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.
31. Poyezdlar harakati meʼyoriy grafigi infratuzilma operatori tomonidan quyidagilarni inobatga olgan holda tuziladi:
poyezdlar harakati xavfsizligini taʼminlash;
infratuzilma uchastkalarining oʻtkazuvchanlik va yuk koʻtarish qobiliyati hamda temir yoʻl stansiyalarining qayta ishlash qobiliyatidan samarali foydalanish;
infratuzilma uchastkalarini saqlash va taʼmirlash boʻyicha ishlarni amalga oshirish imkoniyatini berish.
32. Poyezdlar harakati grafigida poyezdlar harakati xavfsizligini taʼminlash va infratuzilma obyektlarini soz holatda saqlash uchun vaqt zaxirasi nazarda tutiladi.
33. Poyezdlar harakati meʼyoriy grafigini ishlab chiqish jarayonida tashuvchilarga infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqini berishda navbatma-navbat prinsipi hisobga olinadi.
34. Infratuzilma operatori poyezdlar harakati grafigini ishlab chiqish boʻyicha topshiriqlar va meʼyorlar asosida (tashuvchilarning buyurtmanomalarini inobatga olgan holda) poyezdlar harakati meʼyoriy grafigini tayyorlaydi.
35. Poyezdlar harakati meʼyoriy grafigi quyidagi boshlangʻich maʼlumotlar asosida shakllantiriladi:
infratuzilma operatori va tashuvchilar tomonidan poyezdlar harakati amaldagi grafigining bajarilishini tahlil qilish natijalari;
infratuzilma operatorining infratuzilma obyektlaridan texnik foydalanish xususiyatlari, infratuzilma uchastkalarining texnik xususiyatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
tashuvchilarning buyurtmanomalarida, shuningdek, poyezdlar harakati grafigini ishlab chiqishga doir topshiriqlar va meʼyorlarda mavjud boʻlgan maʼlumotlar.
36. Poyezdlar harakati meʼyoriy grafigi yakunlanayotgan dekabr oyining ikkinchi yakshanbasida soat 00:00 da kuchga kiradi va keyingi yil dekabr oyining ikkinchi shanbasida soat 24:00 da oʻz kuchini yoʻqotadi.
Poyezdlar harakati meʼyoriy grafigi tasdiqlangandan soʻng tashuvchi va infratuzilma operatori oʻrtasida ushbu Qoidalarga muvofiq belgilangan tartibda shartnoma tuziladi.
37. Poyezdlar harakati meʼyoriy grafigi asosida poyezdlar harakati jadvali tuziladi.
38. Infratuzilma operatori poyezdlar harakatining normativ grafigiga va poyezdlar harakati jadvaliga ularning amal qilish davrida quyidagi hollarda tuzatishlar kiritishga haqli:
tashuvchi infratuzilma uchastkasining oʻtkazish qobiliyatining ajratilgan ulushidan (grafik yoʻnalishidan) poyezdlar harakati belgilangan jadvali va shartnomaga nisbatan kam hajmda foydalanganda;
tashuvchining qoʻshimcha buyurtmanomasi boʻyicha infratuzilma operatori tomonidan qoʻshimcha poyezdlar harakati yoki poyezd uzunligini uzaytirish tashkil etilganda;
infratuzilmaning texnik va texnologik imkoniyatlari mavjud boʻlmagan yoki oʻzgarganda;
infratuzilma operatori tomonidan yangi temir yoʻllarni va sunʼiy inshootlarni taʼmirlash yoki qurish sababli poyezdlar harakati cheklanganda;
tortuvchi harakatdagi tarkib turi oʻzgargan taqdirda;
tashuvchi tomonidan umumiy foydalanishdagi temir yoʻllarda harakatdagi tarkibdan texnik foydalanishga qoʻyiladigan talablar poyezdlarning harakat grafigi va jadvaliga oʻzgartirishlar kiritgan holda qatnovdan olinishiga olib keladigan tarzda buzilganda;
temir yoʻl transportida harakat va tashish xavfsizligi talablari buzilishi bilan bogʻliq hodisalar yuz berganda, taqsimlangan grafik yoʻnalishlari bekor qilinib, infratuzilmani tiklash uchun zarur boʻlgan muddatga;
infratuzilmada tabiiy va texnogen tusdagi favqulodda vaziyatlar yuzaga kelganda, shuningdek, favqulodda holat joriy etilganda va tashishga toʻsqinlik qiladigan, oqibatlarni va poyezdlar harakatiga toʻsiqlarni bartaraf etish, infratuzilmani tiklash boʻyicha koʻzda tutilmagan ishlarni bajarish uchun uzoq vaqt talab qiladigan boshqa holatlarda.
7-bob. Infratuzilmaga kirishni taʼminlash boʻyicha buyurtmanomalarni kafolatlash
39. Infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqi uchun buyurtmanoma majburiyatlarini taʼminlash maqsadida tashuvchi ushbu Qoidalarning 15-bandi oʻninchi xatboshisiga muvofiq buyurtmanoma uchun pul taʼminoti yoki bank kafolatini kiritadi.
40. Infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqi uchun buyurtmanomaning pul taʼminoti quyidagi hollarda infratuzilma operatori tomonidan toʻliq hajmda qaytariladi:
buyurtmanoma ushbu Qoidalarda belgilangan talablarga javob bermagani sababli rad etilganda;
buyurtmanomani kiritish muddatlari buzilgani sababli buyurtmanoma qabul qilinmaganda;
infratuzilma operatori tomonidan ushbu Qoidalar talablariga muvofiq shartnoma tuzish rad etilganda;
shartnoma kuchga kirganda va tashuvchi tomonidan umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasi xizmatlarini koʻrsatishga doir shartnoma bajarilishi boʻyicha taʼminoti kiritilganda.
41. Ushbu Qoidalarning 40-bandida nazarda tutilgan hollarda infratuzilma operatori uch ish kuni ichida umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasi xizmatlaridan foydalanish huquqi uchun buyurtmanomaning pul taʼminotini qaytaradi.
42. Umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasi xizmatlaridan foydalanish huquqi uchun buyurtmanoma boʻyicha pul taʼminoti quyidagi hollarda infratuzilma operatori tomonidan qaytarilmaydi (ushbu Qoidalarning 40-bandida koʻzda tutilgan holatlar bundan mustasno):
tashuvchi tomonidan ushbu Qoidalarning 15-bandida nazarda tutilgan hujjatlardagi maʼlumotlar notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgani sababli infratuzilma operatori shartnoma tuzishdan bosh tortganda;
tashuvchining buyurtmanomasini meʼyoriy va (yoki) aniqlashtirilgan poyezdlar harakati grafigiga kiritish sharti bilan tashuvchi shartnoma tuzishdan bosh tortganda.
8-bob. Infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish tartibi
43. Tashishlarda infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish tashishlarni tashkil etish va amalga oshirishning quyidagi jarayonlari doirasida infratuzilma operatori va tashuvchining oʻzaro hamkorligini nazarda tutadi:
tashishlarni rejalashtirish va meʼyorlashtirish;
tashishlarni oyma-oy va tezkor rejalashtirish;
shartnoma doirasida tashishlarni amalga oshirish;
tashish jarayonini amalga oshirishda maʼlumot (axborot) almashish.
44. Tashishlarni rejalashtirish va meʼyorlashtirish, tashish hajmlariga va poyezdlar harakat grafigiga ushbu Qoidalar va qonunchilikda belgilangan tartibda kuchga kirgan xalqaro shartnomalar bilan belgilangan tartibda tuzatish kiritiladi.
45. Tashishlarni tezkor rejalashtirishda infratuzilma operatori va tashuvchilar poyezdlar harakatining tasdiqlangan sutkalik rejasini (poyezdlar harakati grafigini) va kelishilgan texnik rejani, shu jumladan, qonunchilikda belgilangan tartibda kuchga kirgan xalqaro shartnomalarda belgilangan davlatlararo tutashuv punktlari boʻyicha poyezdlarni, vagonlarni almashtirish rejasini bajaradi.
46. Infratuzilma operatori tashuvchi bilan ekspluatatsiya ishlarini, shu jumladan, poyezdlarni qabul qilish va joʻnatish, infratuzilma uchastkalari boʻylab oʻtkazish texnologiyasini, manyovr ishlarini tashkil etish texnologiyasini, temir yoʻl stansiyasida poyezdlarni tarqatish hamda shakllantirishni va vagonlar oqimini tashkil etishda infratuzilma operatori hamda tashuvchining oʻzaro hamkorligi texnologiyasini belgilaydi.
47. Quyidagilar tashish jarayonini dispetcher tomonidan boshqarish va infratuzilmaning oʻtkazuvchanlik qobiliyatini taqsimlashning yagona prinsiplari hisoblanadi:
infratuzilmaning xizmat koʻrsatiladigan uchastkalarida poyezdlar harakatini bitta dispetcher tomonidan boshqarish;
poyezdlar harakati grafigida mavjud normalar va meʼyorlarni, ekspluatatsiya ishining texnologik jarayonlari va texnik normalarini bajarish;
poyezdlar harakat xavfsizligini taʼminlash va xodimlarning mehnat muhofazasini kafolatlash;
dispetcher tomonidan harakatlanish ketma-ketligi berilishi.
48. Tashish jarayonining dispetcherlik boshqaruvi poyezdlarning sutkalik harakat rejasi bilan tasdiqlangan poyezdlar harakati grafigiga muvofiq infratuzilma uchastkalarida poyezdlarning xavfsiz oʻtishini taʼminlash maqsadida infratuzilma operatori tomonidan amalga oshiriladi.
49. Poyezdlarni qabul qilish, joʻnatish va oʻtkazib yuborish, harakatdagi tarkibning manyovr harakati jarayonlari infratuzilma operatori tomonidan tartibga solinadi.
Infratuzilma operatorining (umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti tashuvchisining) koʻrsatib oʻtilgan jarayonlarga, shu jumladan, poyezdlar harakati xavfsizligi talablarini, poyezdlar harakati grafigi meʼyorlarini, infratuzilma operatori boʻlinmalari ishining texnologik jarayonlarini taʼminlashga taalluqli boʻlgan farmoyishlari (koʻrsatmalari) tashish jarayonining barcha ishtirokchilari uchun majburiydir.
50. Tashish jarayonini amalga oshirish maqsadida infratuzilma operatori va tashuvchilar axborot almashish uchun infratuzilma operatorining axborot tizimlaridan foydalanadi.
Asosiy maʼlumotlarga nisbatan qoʻshimcha maʼlumotlar infratuzilma operatori tomonidan tashuvchiga alohida shartnomalar asosida taqdim etiladi.
51. Tuzilgan shartnoma mavjud boʻlganda, infratuzilma operatori tashuvchiga infratuzilma xizmatlari koʻrsatilishini quyidagi hollarda rad etadi:
temir yoʻl transporti sohasidagi qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq bagajni, yuk bagajini, yuklarni, pochta va kuryerlik joʻnatmalarini tashish toʻxtatilganda yoki cheklanganda, shu jumladan, olib kirish va (yoki) olib chiqish cheklanganda;
favqulodda vaziyatlar (infratuzilma obyektlarining nosozligi natijasida harakat xavfsizligiga tahdid soluvchi yoki poyezdlarni oʻtkazishga toʻsqinlik qiluvchi holatlar) yuzaga kelishi oqibatida infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish imkoniyati yoʻqligida;
tashishlar navbatdan tashqari poyezdlarda amalga oshirilganda.
52. Infratuzilma operatori milliy xavfsizlikka tahdid yuzaga kelganda yoki favqulodda holat joriy etilganda, infratuzilma operatori va tashuvchilarga bogʻliq boʻlmagan hamda shartnomaga muvofiq majburiyatlarni bajarishga toʻsqinlik qiladigan tabiiy va texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlar yuzaga kelganda temir yoʻl qatnovining muayyan yoʻnalishlarida tashish bilan bogʻliq xizmatlar koʻrsatishni vaqtincha toʻxtatish yoki cheklash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
Infratuzilma operatori bunday qarorning amal qilish muddatini belgilashi, shuningdek, vakolatli organlarni, tashuvchilarni va boshqa manfaatdor shaxslarni darhol xabardor qilishi shart.
53. Ushbu Qoidalarning 51 va 52-bandlariga muvofiq infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqi cheklangan taqdirda, infratuzilma operatori shartnoma boʻyicha majburiyatlarni bajarish imkoni mavjud emasligi toʻgʻrisida tashuvchini darhol xabardor qiladi.
54. Infratuzilma operatori poyezdlar harakati grafigidan chetga chiqqan holda harakatlanayotgan poyezdlarni oʻtkazib yuborishni tashkil etish boʻyicha zarur choralarni koʻradi.
9-bob. Infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi
55. Infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish shartnomasi poyezdlar harakati meʼyoriy grafigi va yigʻma jadvali tasdiqlangandan keyin harakatning meʼyoriy grafigi amalga kiritilishidan kamida ikki oy oldin yozma shaklda tuziladi. Shartnomaning amal qilish muddati (uzoq muddatli shartnomalardan tashqari) poyezdlar harakati meʼyoriy grafigining amal qilish davrini tashkil etadi.
56. Qoʻshimcha buyurtmanomalar boʻyicha shartnoma tashishlar amalga oshiriladigan kalendar oy boshlanishidan kamida bir oy oldin poyezdlar harakati meʼyoriy grafigining amal qilish davridan oshmaydigan muddatga tuziladi.
10-bob. Infratuzilma operatori tashuvchisining huquq va majburiyatlari
57. Tashuvchi quyidagi huquqlarga ega:
a) tashishlarni tashkil etish, tashish jarayoni bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirish uchun axborotni ushbu Qoidalar talablariga muvofiq olish, bunda tarqatilishi va (yoki) taqdim etilishi cheklangan axborotga nisbatan belgilangan cheklovlarni hisobga olish;
b) infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqini olish va ushbu xizmatlardan poyezd harakati davomida ham foydalanish.
58. Tashuvchining majburiyatlari quyidagilardan iborat:
a) infratuzilma operatorlariga infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish uchun maʼlumotlar va hujjatlarni ushbu Qoidalar talablariga muvofiq taqdim etish;
b) tashish jarayoni bilan bogʻliq boʻlgan transport vositalari va boshqa texnik vositalarning harakati va ulardan foydalanish xavfsizligi talablari buzilishiga olib keladigan (olib kelishi mumkin boʻlgan) hodisalar va holatlar toʻgʻrisida infratuzilma operatoriga xabar berish, shuningdek, ularni bartaraf etish (oldini olish) choralarini koʻrish;
v) infratuzilma operatorining tashuvchiga maʼlum boʻlgan tijorat sirini tashkil etuvchi milliy xavfsizlikka taalluqli maʼlumotlarning belgilangan tartibda himoya qilinishini taʼminlash;
g) infratuzilma xizmatlari uchun toʻlovlarni amalga oshirish;
d) vagonlarning (poyezdlarning) joylashgan joyi oʻzgartirilishi (koʻchirilishi) va (yoki) tashuvchilar harakatdagi tarkibining temir yoʻl stansiyalarida toʻxtab turishi munosabati bilan infratuzilma operatori tomonidan sarflangan xarajatlarni qoplash;
e) infratuzilma operatorini infratuzilma xizmatlaridan foydalanish rad etilgani toʻgʻrisida yozma shaklda xabardor qilish;
j) infratuzilma operatoriga va (yoki) uchinchi shaxslarga yetkazilgan zararni qoplash;
z) infratuzilma xizmatlaridan foydalanishda quyidagilarni taʼminlash:
tashish jarayoni va infratuzilma operatorining lokal hujjatlari bilan bogʻliq boʻlgan transport vositalari va boshqa texnik vositalar harakati hamda ulardan foydalanish xavfsizligi talablariga rioya qilish;
yuklarni, shu jumladan, nogabarit yuklarni temir yoʻlda tashish shartlariga rioya etish;
tashishlarni kelishilgan hajmda amalga oshirish va temir yoʻlda tashishning boshqa parametrlari (sharoitlari) yukning yoʻnalishi boʻyicha temir yoʻl transporti infratuzilmasi uchastkalarining oʻtkazuvchanlik qobiliyatiga va (yoki) temir yoʻl stansiyalarining qayta ishlash qobiliyatiga muvofiqligini taʼminlash;
shartnomada belgilangan boshqa majburiyatlarni bajarish.
59. Infratuzilma operatori quyidagi huquqlarga ega:
a) harakat xavfsizligini taʼminlash choralarini koʻrish boʻyicha:
infratuzilma uchastkalarida poyezdlar harakati tezligiga cheklovlar oʻrnatish;
poyezd harakatlanishi vaqtida harakatdagi tarkibning harakat xavfsizligiga tahdid soluvchi texnik va tijorat nosozliklari avtomatik hamda vizual nazorat vositalari bilan aniqlangan taqdirda, temir yoʻl stansiyasida, peregonda poyezd harakatini toʻxtatish;
temir yoʻl transportida harakat va tashish xavfsizligi talablari buzilishi bilan bogʻliq boʻlgan, poyezdlar harakatiga toʻsqinlik qiladigan hodisalar yuzaga kelganda infratuzilma ishini tiklash uchun tashuvchining resurslaridan (harakatdagi tarkib, xodimlar) foydalanish;
tashuvchiga poyezdlar harakati xavfsizligi talablarini, poyezdlar harakati grafigi meʼyorlarini, poyezdlarni shakllantirish rejasi va tartibini, infratuzilma operatori liniya boʻlinmalari ishining texnologik jarayonlarini taʼminlashga taalluqli farmoyishlar berish;
b) ushbu Qoidalarda belgilangan talablarga muvofiq yuk poyezdlarining meʼyoriy harakat grafigi va harakat jadvaliga tuzatishlar kiritish;
v) tashishlarni amalga oshirish uchun infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish yuzasidan shartnoma tuzish bosqichida tashuvchidan harakatdagi tarkibni koʻrikdan oʻtkazish dalolatnomalarini talab qilish;
g) tashuvchi tomonidan infratuzilma uchastkasi oʻtkazuvchanlik qobiliyatining ajratilgan ulushidan poyezdlar harakati grafigi va shartnomaga nisbatan kam hajmda foydalanilgan taqdirda, infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish shartnomasiga infratuzilma uchastkalari oʻtkazuvchanlik qobiliyatining ajratilgan ulushiga (grafik yoʻnalishiga) tuzatish kiritish boʻyicha oʻzgartirish va qoʻshimchalarni kiritish toʻgʻrisida xabarnoma yuborish (uch ish kuni mobaynida);
d) tashuvchi infratuzilmadan shartnoma shartlarini buzgan holda foydalangan taqdirda, tashuvchilarning harakatdagi tarkibi joylashgan joyini oʻzgartirish (koʻchirish) va boʻsh yoʻl imkoniyatlari mavjud boʻlgan temir yoʻl stansiyasida uning toʻxtab turishini taʼminlash toʻgʻrisida qaror qabul qilish;
e) infratuzilma operatoriga bogʻliq boʻlmagan sabablarga koʻra (uchinchi shaxslarning, shu jumladan, qoʻshni (chegaradosh) temir yoʻl maʼmuriyatlari va (yoki) tegishli infratuzilmalar egalarining aybi bilan) tashuvchiga infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqini rad etish, bunda bu kabi holatlarni shartnoma shartlarining buzilishi deb tan olmaslik;
j) tabiiy va texnogen tusdagi favqulodda vaziyatlar yuzaga kelganda, shuningdek, favqulodda holat joriy etilganda va tashishga toʻsqinlik qiluvchi boshqa holatlarda tashish bilan bogʻliq xizmatlar koʻrsatishni vaqtincha toʻxtatish yoki toʻliq boʻlmagan hajmda xizmatlar koʻrsatish toʻgʻrisida bildirishnoma yuborish orqali qaror qabul qilish;
z) temir yoʻl transportida harakat va tashish xavfsizligi talablari buzilishi bilan bogʻliq hodisalar yuzaga kelgan taqdirda, taqsimlangan grafik yoʻnalishlarini bekor qilgan holda infratuzilmani tiklash uchun zarur boʻlgan muddatga infratuzilmaga kirishni cheklash.
60. Infratuzilma operatorining majburiyatlari quyidagilardan iborat:
a) ushbu Qoidalar talablariga muvofiq maʼlumotlar va hujjatlarni qabul qilish va koʻrib chiqish;
b) tarqatilishi va (yoki) taqdim etilishi cheklangan axborotga nisbatan belgilangan cheklovlarni inobatga olgan holda, ushbu Qoidalarga muvofiq tashuvchilarga maʼlumotlarni taqdim etish;
v) infratuzilma uchastkalarining oʻtkazuvchanlik qobiliyatini ushbu Qoidalarga muvofiq infratuzilma uchastkalarining texnik va texnologik imkoniyatlari doirasida taqsimlash;
g) tashuvchini poyezdlar harakati grafigida xizmatlar koʻrsatishning muddatlari va shartlari oʻzgarishiga sabab boʻladigan oʻzgarishlar haqida shartnomada nazarda tutilgan tartibda xabardor qilish.
11-bob. Yakunlovchi qoidalar
61. Ushbu Qoidalarda belgilangan talablarning bajarilishi ustidan davlat nazorati Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi hamda Transport vazirligi tomonidan ularning vakolatlari doirasida amalga oshiriladi.
62. Ushbu Qoidalar talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasiga kirish va uning xizmatlaridan foydalanish qoidalariga ILOVA
Shakl namunasi Infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqi uchun BUYURTMANOMA 20___ yil “____” _____________ ______-son 20___ yil “____” __________dan 20___ yil “____” ____________gacha boʻlgan davrga Infratuzilma operatori ________________________________________________________ ____________________________________________________________________________________ (nomi, yuridik va pochta manzili, bank rekvizitlari) ____________________________________________________________________________________ Tashuvchi ___________________________________________________________________________ __________________________________________________________________________________ (nomi, yuridik manzili, bank rekvizitlari yoki F.I.Sh.) Toʻlovchi __________________________________________________________________________ ____________________________________________________________________________________ (nomi, yuridik manzili, bank rekvizitlari) Infraratuzilma xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnomaning raqami va sanasi (mavjud boʻlsa) ___________________________________________________ Toʻlovchining kodi _____________________________________________________ Qatnov turi __________________________________________________________ Mazkur infratuzilma xizmatlaridan foydalanish huquqi uchun buyurtmanoma bilan buyurtmanoma beruvchi: 1) qonunchilikda nazarda tutilgan talablarga javob berishini; 2) qonunchilik talablariga rioya qilish majburiyatini zimmasiga olishini; 3) infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnomaning shartlarini va infratuzilma uchastkalarining texnik xususiyatlari talablarini qabul qilishini; 4) oʻtkazuvchanlik qobiliyatining oʻziga ajratilgan qismidan Umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti infratuzilmasiga kirish va uning xizmatlaridan foydalanish qoidalari talablariga muvofiq foydalanishini; 5) xavfli yuklar tashuvlarini tartibga soluvchi normativ-huquqiy hujjatlardan kelib chiqadigan talablar bilan tanishganini va xavfli yuklarni tashish uchun oʻtkazuvchanlik qobiliyatidan foydalanishda (oʻtkazuvchanlik qobiliyatidan xavfli yuklarni tashish uchun foydalanmoqchi boʻlganda) ularga rioya qilish majburiyatini zimmasiga olganini; 6) bankrot emasligini; 7) oʻtkazuvchanlik qobiliyatining ulushini ajratish uchun unda huquqiy toʻsiqlar mavjud emasligini; 8) infratuzilma xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnoma boʻyicha majburiyatlarni taʼminlashi yuzasidan kafolat berishini, xususan: tashish jarayonini tashkil etishda tashuvchi tomonidan harakat xavfsizligi talablariga rioya etilishi taʼminlanishini; tashuvchi tomonidan qonunchilik hujjatlarida va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan, temir yoʻl transportining avariyasiz ishlashini, harakat xavfsizligini, mehnatni muhofaza qilish va ekologik xavfsizlik talablarini tartibga soladigan talablarga rioya etilishi taʼminlanishini; infratuzilma xizmatlaridan foydalanishning ustuvorligini tasdiqlaydi. Buyurtmanomaga ilova qilingan __ varaqda, ___ nusxada boʻlgan hujjatlarning (maʼlumotlarning) toʻliqligi va ishonchliligini tasdiqlayman: 1. ________________________________________________________. 2. ________________________________________________________. Tashuvchi ___________________________________________________________________________ (F.I.Sh. vakolatli vakil imzosi) M.Oʻ. 20 __ yil “____” ________________
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 14-noyabr,
723 -son