📅 2025-yil 3-noyabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 3-noyabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 3 ноябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Соғлиқни сақлаш вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 3 ноября 2025 г. · Документы министерств и ведомств · Министр здравоохранения
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 3 November 2025 · Ministry and agency documents · Sogʻliqni saqlash vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг
буйруғи
НИЗОМ
Давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасаларида реципиент ҳамда тирик донорни трансплантация амалиётига тайёрлаш ва уларнинг амалиётдан кейинги реабилитацияси ва кузатувда бўлиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПФ-161-сон «Ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда вазирлик ва идораларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги 333-сон «Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасаларида реципиент ҳамда тирик донорни трансплантация амалиётига тайёрлаш ва уларнинг амалиётдан кейинги реабилитацияси ва кузатувда бўлиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 3 ноябрдаги 15-сон буйруғига ИЛОВА
Давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасаларида реципиент ҳамда тирик донорни трансплантация амалиётига тайёрлаш ва уларнинг амалиётдан кейинги реабилитацияси ва кузатувда бўлиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасаларида реципиент ҳамда тирик донорни трансплантация амалиётига тайёрлаш ва уларнинг амалиётдан кейинги реабилитацияси ва кузатувда бўлиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоида
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
реципиент — ўзига нисбатан инсон аъзосининг ва (ёки) тўқимасининг трансплантацияси бажариладиган инсон;
тирик донор — ўзидан аъзоларнинг ва (ёки) тўқималарнинг трансплантация учун олинишига ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган инсон;
трансплантация — реципиентда мавжуд бўлмаган ёхуд шикастланган, ўзининг муҳим ҳаётий вазифаларини бажаришга қодир бўлмаган аъзоларни ва (ёки) тўқималарни тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинган аъзоларга ва (ёки) тўқималарга жарроҳлик амалиёти ёки муолажа ўтказиш йўли билан алмаштириш.
2-боб. Реципиент ва тирик донорни трансплантация амалиётига тайёрлаш
2. Реципиент ва тирик донорни трансплантация амалиётига тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги 333-сон қарори билан тасдиқланган Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини оладиган ҳамда трансплантация қиладиган давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасалари рўйхатида келтирилган давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасалари (бундан буён матнда тиббиёт муассасалари деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
3. Реципиент ва тирик донор трансплантация амалиётига тайёрланишидан олдин Реципиент ва тирик донорни ҳар тарафлама тиббий текширувдан ўтказиш, реципиентга инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги ҳамда тирик донорга трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисидаги хулосаларни бериш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3706, 2025 йил 21 ноябрь) асосан ҳар тарафлама тиббий текширувдан ўтишлари ҳамда тиббиёт муассасаларининг тиббий консилиумидан реципиентга инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги, тирик донорга эса трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида тиббий хулоса (бундан буён матнда тиббий хулоса деб юритилади) олишлари зарур.
4. Реципиент ва тирик донор тиббиёт муассасаларининг тиббий консилиумидан тиббий хулосани олган кундан бошлаб ўн кун ичида уни нотариал идорага тақдим қилади.
5. Нотариал идора реципиент ва тирик донор мурожаат қилган куни тирик донорнинг нотариал тартибда розилигини тасдиқлайди.
6. Реципиент ва тирик донор нотариал тасдиқланган розилик олингандан сўнг ўн иш куни ичида тиббиёт муассасасига ҳар тарафлама тиббий текширувлар натижаларини, тиббий хулосани ҳамда тирик донорнинг нотариал тартибда тасдиқланган розилигини тақдим қилади.
7. Тиббиёт муассасаси реципиент ва тирик донор мурожаат қилган куни:
реципиент ва тирик донор ҳақидаги маълумотларни «Донорлар, реципиентлар, шунингдек, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестри» ахборот тизимига (бундан буён матнда Ягона давлат реестри деб юритилади) киритади;
реципиент ва тирик донор жуфтлиги мавжуд ҳолларда реципиент ва тирик донорни тиббиёт муассасасига жойлаштиради;
инсон мурдаси аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантация амалиёти учун олинишида донорни Ягона давлат реестри орқали аниқлайди.
8. Реципиент ва тирик донор тиббиёт муассасасига жойлаштирилганидан сўнг, мазкур муассасанинг даволовчи шифокори томонидан уларга трансплантация амалиётини ўтказиш учун зарур бўлган тиббий тавсиялар берилади ҳамда уларнинг саломатлик ҳолатини барқарорлаштириш ва трансплантация амалиётига тайёрлаш мақсадида тегишли тиббий муолажалар амалга оширилади.
9. Тиббиёт муассасасининг даволовчи шифокори трансплантация амалиётидан бир кун олдин ёки трансплантация амалиёти куни реципиент ва тирик донордан бўлажак трансплантация амалиёти ёки муолажа амалга оширилиши муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида ва трансплантация амалиётига мажбурланмаётганлиги тўғрисида яна бир маротаба ёзма шаклда розилик олади ҳамда уни видеоёзувга қайд этади.
3-боб. Трансплантация амалиётидан сўнг реципиент ҳамда тирик донорнинг реабилитацияси ва кузатувда бўлиши
10. Реципиент ва тирик донор трансплантация амалиёти амалга оширилганидан сўнг, ушбу амалиётни амалга оширган тиббиёт муассасасида уларнинг соғлиғи ҳолатини инобатга олиб, йигирма бир кунгача реабилитацияда бўлиши лозим.
11. Реципиент ва тирик донорнинг реабилитация давридаги умумий аҳволи тиббиёт муассасасининг даволовчи шифокори ёки масъул шифокорлар гуруҳи томонидан қуйидаги чора-тадбирлар бажарилиши бўйича мунтазам назорат қилиб борилади:
жисмоний ҳаракатларнинг чекланишига риоя этилиши;
овқатланиш режимининг тўғри ташкил этилиши;
дори воситаларини қабул қилиш тартибига амал қилиниши;
тиббий кузатувга риоя этилиши;
гигиена ва соғлом ҳаёт тарзига амал қилиниши;
инфекцион хавфсизлик чораларига қатъий риоя этилиши.
12. Реабилитация якунланганидан сўнг, тиббиёт муассасаси реципиент ва тирик донорни зарур тиббий тавсиялар билан ҳудудий тиббиёт муассасаларига диспансер назоратига юборади.
13. Диспансер назоратида бўлган реципиентга мутахассис-шифокорлар (трансплантолог, нефролог, гепатолог, гематолог, офталмолог) томонидан унинг соғлиғи ҳолатидан келиб чиқиб, рецептга мувофиқ иммуносупрессив дори воситалари бепул берилади.
14. Реципиент ва (ёки) тирик донорда трансплантация амалиёти билан боғлиқ асоратлар юзага келган тақдирда реципиент ёки тирик донор трансплантация амалиётини амалга оширган тиббиёт муассасаларига ёки ҳудудий тиббиёт муассасаларига мурожаат қилади ва реципиент ва (ёки) тирик донорга ушбу тиббиёт муассасалари томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланади.
4-боб. Якунловчи қоида
15. Мазкур Низомнинг талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Вазир А. ХУДАЯРОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 3 ноябрь,
15-сон
Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining
buyrugʻi
NIZOM
Davlat sogʻliqni saqlash tizimidagi tibbiyot muassasalarida retsipiyent hamda tirik donorni transplantatsiya amaliyotiga tayyorlash va ularning amaliyotdan keyingi reabilitatsiyasi va kuzatuvda boʻlish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Inson aʼzolari va toʻqimalarining transplantatsiyasi toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 8-sentabrdagi PF-161-son “Islohotlarni huquqiy jihatdan taʼminlash samaradorligini oshirish hamda ijtimoiy munosabatlarni tartibga solishda vazirlik va idoralarning masʼuliyati va tashabbuskorligini kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi Farmoni va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 13-iyundagi 333-son “Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya qilishni tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:
1. Davlat sogʻliqni saqlash tizimidagi tibbiyot muassasalarida retsipiyent hamda tirik donorni transplantatsiya amaliyotiga tayyorlash va ularning amaliyotdan keyingi reabilitatsiyasi va kuzatuvda boʻlish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining 2025-yil 3-noyabrdagi 15-son buyrugʻiga ILOVA
Davlat sogʻliqni saqlash tizimidagi tibbiyot muassasalarida retsipiyent hamda tirik donorni transplantatsiya amaliyotiga tayyorlash va ularning amaliyotdan keyingi reabilitatsiyasi va kuzatuvda boʻlish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom davlat sogʻliqni saqlash tizimidagi tibbiyot muassasalarida retsipiyent hamda tirik donorni transplantatsiya amaliyotiga tayyorlash va ularning amaliyotdan keyingi reabilitatsiyasi va kuzatuvda boʻlish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoida
1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
retsipiyent — oʻziga nisbatan inson aʼzosining va (yoki) toʻqimasining transplantatsiyasi bajariladigan inson;
tirik donor — oʻzidan aʼzolarning va (yoki) toʻqimalarning transplantatsiya uchun olinishiga ixtiyoriy ravishda, bepul asosda, notarial tartibda tasdiqlangan yozma rozilik bergan inson;
transplantatsiya — retsipiyentda mavjud boʻlmagan yoxud shikastlangan, oʻzining muhim hayotiy vazifalarini bajarishga qodir boʻlmagan aʼzolarni va (yoki) toʻqimalarni tirik donordan yoki inson murdasidan olingan aʼzolarga va (yoki) toʻqimalarga jarrohlik amaliyoti yoki muolaja oʻtkazish yoʻli bilan almashtirish.
2-bob. Retsipiyent va tirik donorni transplantatsiya amaliyotiga tayyorlash
2. Retsipiyent va tirik donorni transplantatsiya amaliyotiga tayyorlash Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 13-iyundagi 333-son qarori bilan tasdiqlangan Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini oladigan hamda transplantatsiya qiladigan davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasalari roʻyxatida keltirilgan davlat sogʻliqni saqlash tizimidagi tibbiyot muassasalari (bundan buyon matnda tibbiyot muassasalari deb yuritiladi) tomonidan amalga oshiriladi.
3. Retsipiyent va tirik donor transplantatsiya amaliyotiga tayyorlanishidan oldin Retsipiyent va tirik donorni har taraflama tibbiy tekshiruvdan oʻtkazish, retsipiyentga inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari transplantatsiyasi amaliyotiga muhtojligi hamda tirik donorga transplantatsiya amaliyotiga layoqatliligi toʻgʻrisidagi xulosalarni berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga (roʻyxat raqami 3706, 2025-yil 21-noyabr) asosan har taraflama tibbiy tekshiruvdan oʻtishlari hamda tibbiyot muassasalarining tibbiy konsiliumidan retsipiyentga inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari transplantatsiyasi amaliyotiga muhtojligi, tirik donorga esa transplantatsiya amaliyotiga layoqatliligi toʻgʻrisida tibbiy xulosa (bundan buyon matnda tibbiy xulosa deb yuritiladi) olishlari zarur.
4. Retsipiyent va tirik donor tibbiyot muassasalarining tibbiy konsiliumidan tibbiy xulosani olgan kundan boshlab oʻn kun ichida uni notarial idoraga taqdim qiladi.
5. Notarial idora retsipiyent va tirik donor murojaat qilgan kuni tirik donorning notarial tartibda roziligini tasdiqlaydi.
6. Retsipiyent va tirik donor notarial tasdiqlangan rozilik olingandan soʻng oʻn ish kuni ichida tibbiyot muassasasiga har taraflama tibbiy tekshiruvlar natijalarini, tibbiy xulosani hamda tirik donorning notarial tartibda tasdiqlangan roziligini taqdim qiladi.
7. Tibbiyot muassasasi retsipiyent va tirik donor murojaat qilgan kuni:
retsipiyent va tirik donor haqidagi maʼlumotlarni “Donorlar, retsipiyentlar, shuningdek, inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining yagona davlat reyestri” axborot tizimiga (bundan buyon matnda Yagona davlat reyestri deb yuritiladi) kiritadi;
retsipiyent va tirik donor juftligi mavjud hollarda retsipiyent va tirik donorni tibbiyot muassasasiga joylashtiradi;
inson murdasi aʼzolari va (yoki) toʻqimalari transplantatsiya amaliyoti uchun olinishida donorni Yagona davlat reyestri orqali aniqlaydi.
8. Retsipiyent va tirik donor tibbiyot muassasasiga joylashtirilganidan soʻng, mazkur muassasaning davolovchi shifokori tomonidan ularga transplantatsiya amaliyotini oʻtkazish uchun zarur boʻlgan tibbiy tavsiyalar beriladi hamda ularning salomatlik holatini barqarorlashtirish va transplantatsiya amaliyotiga tayyorlash maqsadida tegishli tibbiy muolajalar amalga oshiriladi.
9. Tibbiyot muassasasining davolovchi shifokori transplantatsiya amaliyotidan bir kun oldin yoki transplantatsiya amaliyoti kuni retsipiyent va tirik donordan boʻlajak transplantatsiya amaliyoti yoki muolaja amalga oshirilishi munosabati bilan oʻz sogʻligʻi uchun yuzaga kelishi mumkin boʻlgan asoratlar haqida va transplantatsiya amaliyotiga majburlanmayotganligi toʻgʻrisida yana bir marotaba yozma shaklda rozilik oladi hamda uni videoyozuvga qayd etadi.
3-bob. Transplantatsiya amaliyotidan soʻng retsipiyent hamda tirik donorning reabilitatsiyasi va kuzatuvda boʻlishi
10. Retsipiyent va tirik donor transplantatsiya amaliyoti amalga oshirilganidan soʻng, ushbu amaliyotni amalga oshirgan tibbiyot muassasasida ularning sogʻligʻi holatini inobatga olib, yigirma bir kungacha reabilitatsiyada boʻlishi lozim.
11. Retsipiyent va tirik donorning reabilitatsiya davridagi umumiy ahvoli tibbiyot muassasasining davolovchi shifokori yoki masʼul shifokorlar guruhi tomonidan quyidagi chora-tadbirlar bajarilishi boʻyicha muntazam nazorat qilib boriladi:
jismoniy harakatlarning cheklanishiga rioya etilishi;
ovqatlanish rejimining toʻgʻri tashkil etilishi;
dori vositalarini qabul qilish tartibiga amal qilinishi;
tibbiy kuzatuvga rioya etilishi;
gigiyena va sogʻlom hayot tarziga amal qilinishi;
infeksion xavfsizlik choralariga qatʼiy rioya etilishi.
12. Reabilitatsiya yakunlanganidan soʻng, tibbiyot muassasasi retsipiyent va tirik donorni zarur tibbiy tavsiyalar bilan hududiy tibbiyot muassasalariga dispanser nazoratiga yuboradi.
13. Dispanser nazoratida boʻlgan retsipiyentga mutaxassis-shifokorlar (transplantolog, nefrolog, gepatolog, gematolog, oftalmolog) tomonidan uning sogʻligʻi holatidan kelib chiqib, retseptga muvofiq immunosupressiv dori vositalari bepul beriladi.
14. Retsipiyent va (yoki) tirik donorda transplantatsiya amaliyoti bilan bogʻliq asoratlar yuzaga kelgan taqdirda retsipiyent yoki tirik donor transplantatsiya amaliyotini amalga oshirgan tibbiyot muassasalariga yoki hududiy tibbiyot muassasalariga murojaat qiladi va retsipiyent va (yoki) tirik donorga ushbu tibbiyot muassasalari tomonidan zarur tibbiy yordam koʻrsatilishi taʼminlanadi.
4-bob. Yakunlovchi qoida
15. Mazkur Nizomning talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Vazir A. XUDAYAROV
Toshkent sh.,
2025-yil 3-noyabr,
15-son