📅 2025-yil 24-noyabr · Prezident farmonlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 24-noyabr · Prezident farmonlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 24 ноябрь · Президент фармонлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 24 ноября 2025 г. · Указы Президента
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 24 November 2025 · Presidential decrees
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ТАРКИБИ
Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида
Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини ифлосланишини олдини олиш мақсадида назоратни кучайтириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш мақсадида қарор қиламан:
1. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг (кейинги ўринларда — Экология қўмитаси) 2026 йил 1 мартга қадар:
(а) Тошкент шаҳрида экологик вазиятни (кейинги ўринларда — экологик вазият) яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш;
(б) мазкур Фармонга иловага мувофиқ таркибда қуйидаги вазифаларни юклаган ҳолда Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия (кейинги ўринларда — Махсус комиссия)ни тузиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:
(i) Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни доимий таҳлил ва мониторинг қилиш, экологик вазиятнинг ёмонлашиши тенденцияларини прогноз қилиш;
(ii) экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳамда улар ўртасида зарур ҳамкорликни ва маълумот алмашишни ташкил этиш;
(iii) экологик муаммолар бўйича тадқиқотларни мувофиқлаштириш, ушбу муаммоларнинг олдини олиш бўйича, шу жумладан, илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида ҳамда хорижий ва маҳаллий олим ва экспертларни жалб этган ҳолда замонавий ва самарали усулларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
(iv) Тошкент шаҳрида экологик вазият мураккаблашган ҳолларда унинг оқибатларини юмшатишга қаратилган чора-тадбирларни аниқ молиялаштириш манбаларини белгилаган ҳолда, шу жумладан, Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан молиялаштиришни таъминлаш;
(v) оммавий ахборот воситаларини (телевидение, радио, интернет, ижтимоий тармоқлар, мобил алоқа операторлари ва бошқаларни) жалб қилган ҳолда мавжуд экологик ҳолат, унинг аҳоли саломатлигига таъсири ва профилактика қилиш усуллари бўйича тушунтириш ишларини самарали ташкил этиш;
(vi) Тошкент шаҳрида экологик вазият мураккаблашган ҳолларда уни яхшилашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш бўйича таклифлар тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентига киритиш.
2. Махсус комиссияга қуйидаги ваколатлар берилсин:
(а) табиий чангланиш кучайган пайтда саноат корхоналари, транспорт, иссиқлик таъминоти ва бошқа соҳаларда чекловларни жорий қилиш;
(б) транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш, жумладан:
(i) Тошкент шаҳрида юк ташиш автотранспорт воситалари ҳаракатини вақтинча чеклаш амалиётини йўлга қўйиш;
(ii) автотранспорт воситаларининг, шу жумладан давлат рақамига мос равишда тоқ ва жуфт саналарда ҳаракатланишни чеклаш амалиётини жорий қилиш (электромобиллар бундан мустасно);
(iii) ҳаракатланиши вақтинчалик чекланадиган автотранспорт воситалари турлари, кўчалар ва бошқа ҳудудларни белгилаш;
(в) атмосфера ҳавоси сифатига салбий таъсир қилувчи моддалар ёққан иссиқхоналар ва бошқа объектлар фаолиятини вақтинча ёки тўлиқ тўхтатиш;
(г) Тошкент шаҳридан бошқа ҳудудларга кўчирилиши мажбурий бўлган саноат корхоналари ва саноат зоналарини белгилаш;
(д) саноат корхоналари учун ташланмаларнинг рухсат этилган миқдорини белгилаш ва ушбу талабни бузган саноат корхоналари фаолиятини тўхтатиш бўйича белгиланган тартибда чора кўриш;
(ж) қурилиш ишларини амалга оширишга чеклов ва уларга талаблар жорий қилиш, шу жумладан қурилиш вақтида чангни бартараф этувчи ускуналарни ўрнатиш ва бошқа талаблар;
(з) давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини экологик талабларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида мувофиқлаштириш;
(и) оқар сув (дарё, канал, ариқ) объектларида сув объектлари қирғоқ муҳофаза минтақа зоналарида қурилишни тақиқлаш ва экологик вазиятни яхшилаш билан боғлиқ бошқа ваколатлар.
3. Белгилансинки, Махсус комиссиянинг унга юклатилган вазифалар ва берилган ваколатлар доирасида қабул қилинган қарорлари, кўрсатмалари барча давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.
4. Махсус комиссия бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳрида қурилиш учун ажратилган 500 м 2 ва ундан ортиқ майдонларда қуйидаги талаблар асосида комплекс текширув ишларини амалга оширсин:
(а) умумий майдонининг 25 фоизи кўкаламзорлаштирилгани;
(б) қурилиш майдонларида сув пуркагичлар ўрнатилгани;
(в) қурилиш майдонларининг кириш-чиқиш йўлакларида автотранспорт воситалари ғилдиракларини ювиш ҳовузларининг барпо этилгани;
(г) қурилиш материаллари ва маиший чиқиндиларни ташишда транспорт воситаларининг брезент ёки ПВХ қопламали материаллардан тайёрланган тент билан ёпилган тарзда ҳаракатланиши;
(д) қурилиш майдонининг чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйилмаётгани.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
(а) майдони 1 000 квадрат метрдан кўп бўлган қурилиш участкаларида фон мониторинг станцияларини ўрнатиш ва уни Экология қўмитасига интеграция қилиш қурилишни давом эттиришнинг энг асосий шарти этиб белгиланади;
(б) Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ёз-куз мавсумида асосий йўл четларида мавжуд бўлган дарахт ва буталарни куннинг биринчи ярмида ҳамда ҳафтада камида 3 марта ювиш ишлари ва тегишли хулосага асосан биотехник тадбирлар амалга оширилади;
(в) жисмоний ва юридик шахслар ўзлари эгалик қилиб турган ер майдони ҳудудидаги дов-дарахтларни суғориш мақсадида ичимлик сувидан фойдаланиш вақтига қўйилган чеклов (соат 00:00 дан бошлаб, 05-00 гача) баҳор ва ёз фаслларида бекор қилинади. Бунда:
(i) ичимлик сувидан бошқа мақсадларда фойдаланиш бўйича чеклов ўз кучида қолади;
(ii) кўп квартирали уйларга суғориш учун сув резервуарларини ўрнатиш чоралари кўрилади.
6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тошкент шаҳри ҳудудида атмосфера ҳавосининг сифатига ижобий таъсир кўрсатадиган микроиқлим барқарорлигини таъминлаш мақсадида:
(а) Сув хўжалиги вазирлиги ва «Ўзсувтаъминот» АЖ билан биргаликда уч ой муддатда пойтахтнинг 4та йўналишида (шарқ, ғарб, шимол ва жануб қисмларида) камида 3 тадан сунъий кўл ва сув ҳавзаларини ташкил этсин;
(б) Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳри ҳудудидаги фавворалар сонини камида 2 бараварга кўпайтириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
7. Энергетика вазирлиги бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳри ва унга туташ бўлган ҳудудлардаги барча иссиқхона объектларига табиий газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузилишини ташкил этсин ва узлуксиз табиий газ етказиб берилишини таъминласин.
8. Экология қўмитаси бир ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритсин:
(а) майдони 200 м 2 ва ундан юқори бўлган иссиқхоналарда чанг-газ тозалаш ускуналари носоз ишлаши ёки мавжуд бўлмаганлиги учун маъмурий жарималар миқдорларини юридик шахсларнинг мансабдор шахсларига 5 бараварга ва жисмоний шахсларга 3 бараварга ошириш;
(б) майдони 200 м 2 ва ундан юқори бўлган иссиқхоналарда ёқилғи моддалар, материал ва чиқиндилар (шина, битум, мазут, ишлатилган автомобиль мойи плёнка, резина, жун толаси ва бошқалар) ёқилгани аниқланганда иситиш қозонхонасини давлат фойдасига мусодара қилишни назарда тутувчи жиноий жавобгарликни жорий этиш.
9. Белгилансинки, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши бўйича экологик мониторинг тизими 2025 йил якунига қадар қуйидагиларни назарда тутган ҳолда такомиллаштирилади:
(а) 2025 йил якунига қадар атмосфера ҳавоси ифлосланишининг фон мониторинги учун 347 та автоматлаштирилган станция тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиб олинади;
(б) «Air Monitoring Tashkent» платформаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли 10 та автоматик мониторинг станцияси Экология қўмитаси бошқарувига ўтказилади ва Экология қўмитаси томонидан мазкур платформа негизида «Air Monitoring Uzbekistan» платформаси ишга туширилади;
(в) Экология қўмитаси томонидан «Air Monitoring Uzbekistan» платформасига харид қилиниши режалаштирилган 347 та станция, Гидрометеорология хизмати агентлиги тизимидаги барча кузатув станциялари, шу жумладан, «Замин» фонди кўмагида ўрнатилган 23 та автоматик станция уланади.
10. Белгилансинки:
(а) атмосфера ҳавосининг РМ 2.5 зарралари билан ифлосланиш манбаларини аниқлаш учун Экология қўмитаси ҳузурида Атмосфера ҳавосини чуқур ўрганишга қаратилган махсус лаборатория (кейинги ўринларда — махсус лаборатория) ташкил қилинади;
(б) махсус лабораторияга ускуналар ва унга зарур бўлган жиҳозлар, жумладан термик оптик таҳлилларни олиб бориш учун термо-оптик анализатор ускунаси ҳамда атмосфера ҳавоси намуналарини йиғиб олиш учун 5 000 дона кварц фильтрлар энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан тўғридан-тўғри харид қилинади;
(в) махсус лаборатория учун ускуналар ва бошқа жиҳозлар, автоматлашган кичик станциялар (ТИФ ТН коди 9027), ташламаларнинг автоматик мониторинг станциялари (ТИФ ТН коди 9027), автоматик кузатув постлари (ТИФ ТН коди 9027), чанг-газ тозалаш ускуналари (ТИФ ТН коди 8421), локал сув тозалаш иншоотлари (ТИФ ТН коди 8421) ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари (ТИФ ТН код 8509 80) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда божхона божидан озод этилади.
11. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Ўзавтосаноат» АЖ билан биргаликда автотранспорт воситаларининг атмосфера ифлосланишига таъсирини камайтириш мақсадида бир ой муддатда Тошкент шаҳрида «Евро-4» экологик стандартига жавоб бермайдиган «М» ва «N» тоифасига мансуб, 2010 йилгача бўлган даврда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаларини «trade-in» тизими орқали харид қилиш тартибини ишлаб чиқсин.
12. Тошкент шаҳар ҳокимлиги:
(а) 2026 йил баҳор ҳамда куз мавсумларида Тошкент шаҳри маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳрининг 33 км узунлигидаги кичик ҳалқа йўли бўйлаб «Яшил коридор» лойиҳасини амалга оширсин;
(б) 2026 йил 1 апрелга қадар хорижий компания ва илмий-тадқиқот институтларини жалб қилган ҳолда «Яшил Тошкент» мастер режасини ишлаб чиқсин;
(в) Тошкент шаҳрининг 700 та чорраҳасида замонавий, сунъий интеллект ёрдамида ҳаракат оқимини бошқариш имкониятига эга интеллектуал светофор тизимини жорий қилсин.
13. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Экология қўмитаси, Фанлар академияси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда Тошкент шаҳрининг барча туманларида «яшиллик» даражаси паст бўлган 3 тадан узунлиги 5 кмдан кам бўлмаган кўчаларни танлаб олиш орқали «Сояли сайр кўча»сини ташкил қилсин.
14. Қуйидагилар:
(а) Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги Экология қўмитаси билан биргаликда бепул асосда атмосфера ҳавоси сифатининг бузилиши, табиий ва антропоген манбаларни аниқлаш бўйича доимий мониторингни йўлга қўйсин;
(б) Кадастр агентлиги Экология қўмитаси билан биргаликда учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида бепул асосда Тошкент шаҳар ва унга туташ ҳудудлардаги қурилиш майдонларида экологик талабларга риоя қилиниши бўйича доимий мониторингни йўлга қўйсин.
15. Ички ишлар вазирлиги 2026 йил якунига қадар республикадаги барча тоифага кирувчи транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш чораларини кўрсин.
16. Бош прокуратура 2025 йил 25 ноябрдан бошлаб 2026 йил 25 мартга қадар мазут, ишлатилган автомобиль мойи ва шинасининг ноқонуний айланмасини олдини олиш бўйича кескин чора-тадбирларни амалга оширсин ҳамда унинг натижаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритсин.
17. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Экология қўмитаси билан биргаликда 2025 йил 1 декабрга қадар:
(а) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида ҳаво сифати кўрсаткичлари миллий тавсиявий индексациясини ишлаб чиқиш (яшил, сариқ, қизил, жигарранг) ва тасдиқлаш;
(б) тавсиявий индексация асосида ифлосланган ҳавонинг одам организмига таъсирини камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш (маска кийиш ва бошқалар);
(в) ҳаво сифати кескин бузилиши ҳолатларида аҳолини Санитария хизмати томонидан эрта огоҳлантириш тизимини жорий қилиш чораларини кўрсин.
18. Экология қўмитаси икки ҳафта муддатда:
(а) атмосфера ҳавосидаги майда дисперс заррачалар таркибидаги зарарли моддаларни аниқлаш ва уларнинг манбаларини хариталаш ишларини амалга ошириш учун лаборатория ташкил этсин ва замонавий таҳлил жиҳозларини харид қилсин;
(б) маҳаллий ва хорижий илмий-тадқиқот институтлари ҳамда малакали мутахассисларга республикамиздаги ҳаво ифлосланиш даражаси юқори бўлган ҳудудларда ўрганиш ўтказиш (таҳлил қилиш) бўйича давлат буюртмасини берсин;
(в) шамол тезлигини ошириш учун конвекция (атмосферада ҳаво оқимларининг ҳаракати) усулларини қўллаш бўйича тажриба ўтказсин;
(г) конвергент усули ва вентури эффекти (ҳаво оқимининг тор йўлакка кириши натижасида тезлигининг ошиши) орқали шамол тезлигини кучайтириш бўйича илмий, амалий ва инновацион тадқиқот лойиҳаларини бажариш учун давлат буюртмасини берсин.
19. Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.Ш. Мирзиёева зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 ноябрдаги ПФ-229-сон Фармонига ИЛОВА
Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия
1. А.А. Абдухакимов — Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси, Махсус комиссия раҳбари 2. Д.Б. Кадиров — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти бошлиғи, Махсус комиссия раҳбари ўринбосари 3. Ш.Б. Умурзаков — Тошкент шаҳар ҳокими 4. З.Т. Мирзаев — Тошкент вилояти ҳокими 5. И.М. Адхамов — Бош прокурор ўринбосари 6. А.А Ташпулатов — ички ишлар вазири 7. И.Р. Махкамов — транспорт вазири 8. Ж.Т. Мирзамаҳмудов — энергетика вазири 9. Ш.С. Хидоятов — қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири 10. И.Ю. Абдураҳмонов — қишлоқ хўжалиги вазири 11. Ш.Р. Ҳамроев — сув хўжалиги вазири 12. Б.Б. Кудратходжаев — фавқулодда вазиятлар вазири 13. З.Б. Бадриддинов — Энергия самарадорлиги миллий агентлиги директори 14. С.Қ. Эшқувватов — Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғи 15. Х.М. Эшқўзиев — Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи в.в.б. 16. Лавозимга кўра — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Махсус комиссия котиби
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 24 ноябрь,
ПФ- 229 -сон
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining
Farmoni
TARKIBI
Toshkent shahrida ekologik vaziyatni yaxshilash boʻyicha kechiktirib boʻlmaydigan chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Toshkent shahrida atmosfera havosini ifloslanishini oldini olish maqsadida nazoratni kuchaytirish va iqlim oʻzgarishi oqibatlarini yumshatish maqsadida qaror qilaman:
1. Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Ekologiya qoʻmitasi) 2026-yil 1-martga qadar:
(a) Toshkent shahrida ekologik vaziyatni (keyingi oʻrinlarda — ekologik vaziyat) yaxshilash boʻyicha kechiktirib boʻlmaydigan tadbirlarni amalga oshirish;
(b) mazkur Farmonga ilovaga muvofiq tarkibda quyidagi vazifalarni yuklagan holda Toshkent shahrida ekologik vaziyatni yaxshilash yuzasidan kechiktirib boʻlmaydigan chora-tadbirlarni amalga oshirish boʻyicha maxsus komissiya (keyingi oʻrinlarda — Maxsus komissiya)ni tuzish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin:
(i) Toshkent shahridagi ekologik vaziyatni doimiy tahlil va monitoring qilish, ekologik vaziyatning yomonlashishi tendensiyalarini prognoz qilish;
(ii) ekologik vaziyatni barqarorlashtirish boʻyicha davlat organlari, shu jumladan, huquqni muhofaza qiluvchi va nazorat organlarining harakatlarini muvofiqlashtirish hamda ular oʻrtasida zarur hamkorlikni va maʼlumot almashishni tashkil etish;
(iii) ekologik muammolar boʻyicha tadqiqotlarni muvofiqlashtirish, ushbu muammolarning oldini olish boʻyicha, shu jumladan, ilgʻor xorijiy tajribani oʻrganish asosida hamda xorijiy va mahalliy olim va ekspertlarni jalb etgan holda zamonaviy va samarali usullarni ishlab chiqish va joriy etish;
(iv) Toshkent shahrida ekologik vaziyat murakkablashgan hollarda uning oqibatlarini yumshatishga qaratilgan chora-tadbirlarni aniq moliyalashtirish manbalarini belgilagan holda, shu jumladan, Umummilliy ekologik muammolarni bartaraf etish davlat maqsadli jamgʻarmasi hisobidan moliyalashtirishni taʼminlash;
(v) ommaviy axborot vositalarini (televideniye, radio, internet, ijtimoiy tarmoqlar, mobil aloqa operatorlari va boshqalarni) jalb qilgan holda mavjud ekologik holat, uning aholi salomatligiga taʼsiri va profilaktika qilish usullari boʻyicha tushuntirish ishlarini samarali tashkil etish;
(vi) Toshkent shahrida ekologik vaziyat murakkablashgan hollarda uni yaxshilashga qaratilgan kechiktirib boʻlmaydigan choralar koʻrish boʻyicha takliflar tayyorlash va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga kiritish.
2. Maxsus komissiyaga quyidagi vakolatlar berilsin:
(a) tabiiy changlanish kuchaygan paytda sanoat korxonalari, transport, issiqlik taʼminoti va boshqa sohalarda cheklovlarni joriy qilish;
(b) transport vositalari harakatini cheklash, jumladan:
(i) Toshkent shahrida yuk tashish avtotransport vositalari harakatini vaqtincha cheklash amaliyotini yoʻlga qoʻyish;
(ii) avtotransport vositalarining, shu jumladan davlat raqamiga mos ravishda toq va juft sanalarda harakatlanishni cheklash amaliyotini joriy qilish (elektromobillar bundan mustasno);
(iii) harakatlanishi vaqtinchalik cheklanadigan avtotransport vositalari turlari, koʻchalar va boshqa hududlarni belgilash;
(v) atmosfera havosi sifatiga salbiy taʼsir qiluvchi moddalar yoqqan issiqxonalar va boshqa obyektlar faoliyatini vaqtincha yoki toʻliq toʻxtatish;
(g) Toshkent shahridan boshqa hududlarga koʻchirilishi majburiy boʻlgan sanoat korxonalari va sanoat zonalarini belgilash;
(d) sanoat korxonalari uchun tashlanmalarning ruxsat etilgan miqdorini belgilash va ushbu talabni buzgan sanoat korxonalari faoliyatini toʻxtatish boʻyicha belgilangan tartibda chora koʻrish;
(j) qurilish ishlarini amalga oshirishga cheklov va ularga talablar joriy qilish, shu jumladan qurilish vaqtida changni bartaraf etuvchi uskunalarni oʻrnatish va boshqa talablar;
(z) davlat organlari va tashkilotlari hamda huquqni muhofaza qiluvchi va nazorat organlari faoliyatini ekologik talablarning amalga oshirilishini taʼminlash maqsadida muvofiqlashtirish;
(i) oqar suv (daryo, kanal, ariq) obyektlarida suv obyektlari qirgʻoq muhofaza mintaqa zonalarida qurilishni taqiqlash va ekologik vaziyatni yaxshilash bilan bogʻliq boshqa vakolatlar.
3. Belgilansinki, Maxsus komissiyaning unga yuklatilgan vazifalar va berilgan vakolatlar doirasida qabul qilingan qarorlari, koʻrsatmalari barcha davlat organlari va tashkilotlari, huquqni muhofaza qiluvchi va nazorat organlari, yuridik va jismoniy shaxslar uchun majburiy hisoblanadi.
4. Maxsus komissiya bir hafta muddatda Toshkent shahrida qurilish uchun ajratilgan 500 m 2 va undan ortiq maydonlarda quyidagi talablar asosida kompleks tekshiruv ishlarini amalga oshirsin:
(a) umumiy maydonining 25 foizi koʻkalamzorlashtirilgani;
(b) qurilish maydonlarida suv purkagichlar oʻrnatilgani;
(v) qurilish maydonlarining kirish-chiqish yoʻlaklarida avtotransport vositalari gʻildiraklarini yuvish hovuzlarining barpo etilgani;
(g) qurilish materiallari va maishiy chiqindilarni tashishda transport vositalarining brezent yoki PVX qoplamali materiallardan tayyorlangan tent bilan yopilgan tarzda harakatlanishi;
(d) qurilish maydonining chiqish yoʻllarida chang va qum zarrachalarining havoga koʻtarilishini bartaraf etishga doir majburiy talablarni buzish yoxud ushbu hududlarda ifloslantiruvchi moddalarning yoʻl qoʻyiladigan doiradagi normativlardan ortiq darajada atmosfera havosiga chiqarilishiga yoʻl qoʻyilmayotgani.
5. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:
(a) maydoni 1 000 kvadrat metrdan koʻp boʻlgan qurilish uchastkalarida fon monitoring stansiyalarini oʻrnatish va uni Ekologiya qoʻmitasiga integratsiya qilish qurilishni davom ettirishning eng asosiy sharti etib belgilanadi;
(b) Toshkent shahar hokimligi tomonidan yoz-kuz mavsumida asosiy yoʻl chetlarida mavjud boʻlgan daraxt va butalarni kunning birinchi yarmida hamda haftada kamida 3-marta yuvish ishlari va tegishli xulosaga asosan biotexnik tadbirlar amalga oshiriladi;
(v) jismoniy va yuridik shaxslar oʻzlari egalik qilib turgan yer maydoni hududidagi dov-daraxtlarni sugʻorish maqsadida ichimlik suvidan foydalanish vaqtiga qoʻyilgan cheklov (soat 00:00 dan boshlab, 05-00 gacha) bahor va yoz fasllarida bekor qilinadi. Bunda:
(i) ichimlik suvidan boshqa maqsadlarda foydalanish boʻyicha cheklov oʻz kuchida qoladi;
(ii) koʻp kvartirali uylarga sugʻorish uchun suv rezervuarlarini oʻrnatish choralari koʻriladi.
6. Toshkent shahar hokimligi Toshkent shahri hududida atmosfera havosining sifatiga ijobiy taʼsir koʻrsatadigan mikroiqlim barqarorligini taʼminlash maqsadida:
(a) Suv xoʻjaligi vazirligi va “Oʻzsuvtaʼminot” AJ bilan birgalikda uch oy muddatda poytaxtning 4ta yoʻnalishida (sharq, gʻarb, shimol va janub qismlarida) kamida 3 tadan sunʼiy koʻl va suv havzalarini tashkil etsin;
(b) Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda ikki hafta muddatda Umummilliy ekologik muammolarni bartaraf etish davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan Toshkent shahri hududidagi favvoralar sonini kamida 2 baravarga koʻpaytirish boʻyicha alohida dastur tayyorlab, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga kiritsin.
7. Energetika vazirligi bir hafta muddatda Toshkent shahri va unga tutash boʻlgan hududlardagi barcha issiqxona obyektlariga tabiiy gaz yetkazib berish boʻyicha shartnomalar tuzilishini tashkil etsin va uzluksiz tabiiy gaz yetkazib berilishini taʼminlasin.
8. Ekologiya qoʻmitasi bir hafta muddatda quyidagilarni nazarda tutuvchi qonun loyihasini kiritsin:
(a) maydoni 200 m 2 va undan yuqori boʻlgan issiqxonalarda chang-gaz tozalash uskunalari nosoz ishlashi yoki mavjud boʻlmaganligi uchun maʼmuriy jarimalar miqdorlarini yuridik shaxslarning mansabdor shaxslariga 5 baravarga va jismoniy shaxslarga 3 baravarga oshirish;
(b) maydoni 200 m 2 va undan yuqori boʻlgan issiqxonalarda yoqilgʻi moddalar, material va chiqindilar (shina, bitum, mazut, ishlatilgan avtomobil moyi plyonka, rezina, jun tolasi va boshqalar) yoqilgani aniqlanganda isitish qozonxonasini davlat foydasiga musodara qilishni nazarda tutuvchi jinoiy javobgarlikni joriy etish.
9. Belgilansinki, atmosfera havosining ifloslanishi boʻyicha ekologik monitoring tizimi 2025-yil yakuniga qadar quyidagilarni nazarda tutgan holda takomillashtiriladi:
(a) 2025-yil yakuniga qadar atmosfera havosi ifloslanishining fon monitoringi uchun 347 ta avtomatlashtirilgan stansiya toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar asosida sotib olinadi;
(b) “Air Monitoring Tashkent” platformasi va Toshkent shahar hokimligiga tegishli 10 ta avtomatik monitoring stansiyasi Ekologiya qoʻmitasi boshqaruviga oʻtkaziladi va Ekologiya qoʻmitasi tomonidan mazkur platforma negizida “Air Monitoring Uzbekistan” platformasi ishga tushiriladi;
(v) Ekologiya qoʻmitasi tomonidan “Air Monitoring Uzbekistan” platformasiga xarid qilinishi rejalashtirilgan 347 ta stansiya, Gidrometeorologiya xizmati agentligi tizimidagi barcha kuzatuv stansiyalari, shu jumladan, “Zamin” fondi koʻmagida oʻrnatilgan 23 ta avtomatik stansiya ulanadi.
10. Belgilansinki:
(a) atmosfera havosining RM 2.5 zarralari bilan ifloslanish manbalarini aniqlash uchun Ekologiya qoʻmitasi huzurida Atmosfera havosini chuqur oʻrganishga qaratilgan maxsus laboratoriya (keyingi oʻrinlarda — maxsus laboratoriya) tashkil qilinadi;
(b) maxsus laboratoriyaga uskunalar va unga zarur boʻlgan jihozlar, jumladan termik optik tahlillarni olib borish uchun termo-optik analizator uskunasi hamda atmosfera havosi namunalarini yigʻib olish uchun 5 000 dona kvars filtrlar eng yaxshi takliflarni tanlab olish yoʻli bilan toʻgʻridan-toʻgʻri xarid qilinadi;
(v) maxsus laboratoriya uchun uskunalar va boshqa jihozlar, avtomatlashgan kichik stansiyalar (TIF TN kodi 9027), tashlamalarning avtomatik monitoring stansiyalari (TIF TN kodi 9027), avtomatik kuzatuv postlari (TIF TN kodi 9027), chang-gaz tozalash uskunalari (TIF TN kodi 8421), lokal suv tozalash inshootlari (TIF TN kodi 8421) hamda tadbirkorlik subyektlari va fuqarolar tomonidan maishiy havo tozalash uskunalari (TIF TN kod 8509 80) Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilganda bojxona bojidan ozod etiladi.
11. Iqtisodiyot va moliya vazirligi “Oʻzavtosanoat” AJ bilan birgalikda avtotransport vositalarining atmosfera ifloslanishiga taʼsirini kamaytirish maqsadida bir oy muddatda Toshkent shahrida “Yevro-4” ekologik standartiga javob bermaydigan “M” va “N” toifasiga mansub, 2010-yilgacha boʻlgan davrda ishlab chiqarilgan avtotransport vositalarini “trade-in” tizimi orqali xarid qilish tartibini ishlab chiqsin.
12. Toshkent shahar hokimligi:
(a) 2026-yil bahor hamda kuz mavsumlarida Toshkent shahri mahalliy budjeti mablagʻlari hisobidan Toshkent shahrining 33 km uzunligidagi kichik halqa yoʻli boʻylab “Yashil koridor” loyihasini amalga oshirsin;
(b) 2026-yil 1-aprelga qadar xorijiy kompaniya va ilmiy-tadqiqot institutlarini jalb qilgan holda “Yashil Toshkent” master rejasini ishlab chiqsin;
(v) Toshkent shahrining 700 ta chorrahasida zamonaviy, sunʼiy intellekt yordamida harakat oqimini boshqarish imkoniyatiga ega intellektual svetofor tizimini joriy qilsin.
13. Toshkent shahar hokimligi Ekologiya qoʻmitasi, Fanlar akademiyasi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi hamda Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi bilan birgalikda Toshkent shahrining barcha tumanlarida “yashillik” darajasi past boʻlgan 3 tadan uzunligi 5 kmdan kam boʻlmagan koʻchalarni tanlab olish orqali “Soyali sayr koʻcha”sini tashkil qilsin.
14. Quyidagilar:
(a) Kosmik tadqiqotlar va texnologiyalar agentligi Ekologiya qoʻmitasi bilan birgalikda bepul asosda atmosfera havosi sifatining buzilishi, tabiiy va antropogen manbalarni aniqlash boʻyicha doimiy monitoringni yoʻlga qoʻysin;
(b) Kadastr agentligi Ekologiya qoʻmitasi bilan birgalikda uchuvchisiz uchish apparatlari yordamida bepul asosda Toshkent shahar va unga tutash hududlardagi qurilish maydonlarida ekologik talablarga rioya qilinishi boʻyicha doimiy monitoringni yoʻlga qoʻysin.
15. Ichki ishlar vazirligi 2026-yil yakuniga qadar respublikadagi barcha toifaga kiruvchi transport vositalarini texnik koʻrikdan oʻtkazish choralarini koʻrsin.
16. Bosh prokuratura 2025-yil 25-noyabrdan boshlab 2026-yil 25-martga qadar mazut, ishlatilgan avtomobil moyi va shinasining noqonuniy aylanmasini oldini olish boʻyicha keskin chora-tadbirlarni amalga oshirsin hamda uning natijasi yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga axborot kiritsin.
17. Sogʻliqni saqlash vazirligi Ekologiya qoʻmitasi bilan birgalikda 2025-yil 1-dekabrga qadar:
(a) Jahon sogʻliqni saqlash tashkiloti tavsiyalari asosida havo sifati koʻrsatkichlari milliy tavsiyaviy indeksatsiyasini ishlab chiqish (yashil, sariq, qizil, jigarrang) va tasdiqlash;
(b) tavsiyaviy indeksatsiya asosida ifloslangan havoning odam organizmiga taʼsirini kamaytirish boʻyicha tavsiyalar ishlab chiqish (maska kiyish va boshqalar);
(v) havo sifati keskin buzilishi holatlarida aholini Sanitariya xizmati tomonidan erta ogohlantirish tizimini joriy qilish choralarini koʻrsin.
18. Ekologiya qoʻmitasi ikki hafta muddatda:
(a) atmosfera havosidagi mayda dispers zarrachalar tarkibidagi zararli moddalarni aniqlash va ularning manbalarini xaritalash ishlarini amalga oshirish uchun laboratoriya tashkil etsin va zamonaviy tahlil jihozlarini xarid qilsin;
(b) mahalliy va xorijiy ilmiy-tadqiqot institutlari hamda malakali mutaxassislarga respublikamizdagi havo ifloslanish darajasi yuqori boʻlgan hududlarda oʻrganish oʻtkazish (tahlil qilish) boʻyicha davlat buyurtmasini bersin;
(v) shamol tezligini oshirish uchun konveksiya (atmosferada havo oqimlarining harakati) usullarini qoʻllash boʻyicha tajriba oʻtkazsin;
(g) konvergent usuli va venturi effekti (havo oqimining tor yoʻlakka kirishi natijasida tezligining oshishi) orqali shamol tezligini kuchaytirish boʻyicha ilmiy, amaliy va innovatsion tadqiqot loyihalarini bajarish uchun davlat buyurtmasini bersin.
19. Farmon ijrosini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi rahbari S.Sh. Mirziyoyeva zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 24-noyabrdagi PF-229-son Farmoniga ILOVA
Toshkent shahrida ekologik vaziyatni yaxshilash yuzasidan kechiktirib boʻlmaydigan chora-tadbirlarni amalga oshirish boʻyicha maxsus komissiya
1. A.A. Abduxakimov — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining ekologiya masalalari boʻyicha maslahatchisi — Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi raisi, Maxsus komissiya rahbari 2. D.B. Kadirov — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi departamenti boshligʻi, Maxsus komissiya rahbari oʻrinbosari 3. Sh.B. Umurzakov — Toshkent shahar hokimi 4. Z.T. Mirzayev — Toshkent viloyati hokimi 5. I.M. Adxamov — Bosh prokuror oʻrinbosari 6. A.A Tashpulatov — ichki ishlar vaziri 7. I.R. Maxkamov — transport vaziri 8. J.T. Mirzamahmudov — energetika vaziri 9. Sh.S. Xidoyatov — qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri 10. I.Yu. Abdurahmonov — qishloq xoʻjaligi vaziri 11. Sh.R. Hamroyev — suv xoʻjaligi vaziri 12. B.B. Kudratxodjayev — favqulodda vaziyatlar vaziri 13. Z.B. Badriddinov — Energiya samaradorligi milliy agentligi direktori 14. S.Q. Eshquvvatov — Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish inspeksiyasi boshligʻi 15. X.M. Eshqoʻziyev — Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi boshligʻi v.v.b. 16. Lavozimga koʻra — Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi raisining birinchi oʻrinbosari, Maxsus komissiya kotibi
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2025-yil 24-noyabr,
PF- 229 -son