UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 3-noyabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 3 ноябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Соғлиқни сақлаш вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 3 ноября 2025 г. · Документы министерств и ведомств · Министр здравоохранения

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 3 November 2025 · Ministry and agency documents · Sogʻliqni saqlash vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг

Буйруғи

НИЗОМ

Хорижий давлатлардан олиб келинадиган «донор кўз шох пардаси ва унинг қисмлари» биопротезларини давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасаларида қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПФ-161-сон «Ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда вазирлик ва идораларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги 333-сон «Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Хорижий давлатлардан олиб келинадиган «донор кўз шох пардаси ва унинг қисмлари» биопротезларини давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасаларида қўллаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 3 ноябрдаги 16-сон буйруғига ИЛОВА

Хорижий давлатлардан олиб келинадиган «донор кўз шох пардаси ва унинг қисмлари» биопротезларини давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасаларида қўллаш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом трансплантация (кератопластика) амалиёти бажарилишини янада кўпайтириш ва реципиент хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хорижий давлатлардан олиб келинадиган «донор кўз шох пардаси ва унинг қисмлари» биопротезларини давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасаларида қўллаш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

«донор кўз шох пардаси ва унинг қисмлари» биопротези (бундан буён матнда «кўз шох пардаси» деб юритилади) — инсон мурдасининг кўз тўқимасидан олиниб, консервация қилинган ҳамда трансплантация (кератопластика) амалиётида фойдаланишга мўлжалланган ҳужайралар ва ҳужайралараро моддалар мажмуи;

реципиент — ўзига нисбатан «кўз шох пардаси» биопротезининг трансплантация (кератопластика) амалиёти бажариладиган инсон;

трансплантация (кератопластика) — реципиентда мавжуд бўлмаган ёки шикастланган, ўзининг муҳим ҳаётий вазифаларини бажаришга қодир бўлмаган кўз шох пардасини инсон мурдасидан олинган «кўз шох пардаси» биопротезига жарроҳлик амалиёти йўли билан алмаштириш.

2. Трансплантация (кератопластика) амалиётида фойдаланишга мўлжалланган «кўз шох пардаси» биопротезлари хорижий давлатлардан олиб келинади.

3. «Кўз шох пардаси» биопротезларининг трансплантация (кератопластика) амалиёти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 июндаги 333-сон қарори билан тасдиқланган Инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини оладиган ҳамда трансплантация қиладиган давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасалари рўйхатида келтирилган давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббиёт муассасаларида (бундан буён матнда тиббиёт муассасалари деб юритилади) амалга оширилади.

2-боб. «Кўз шох пардаси» биопротезларини ташиш жараёнига қўйиладиган талаблар

4. «Кўз шох пардаси» биопротезлари уларни трансплантация (кератопластика) амалиётини ўтказувчи тиббиёт муассасалари ўртасида тақсимлаш ва трансплантация (кератопластика) амалиётини ўтказиш мақсадлари учун ташиш орқали етказиб берилади.

5. «Кўз шох пардаси» биопротезларини ташиш жараёнларида иштирок этиш учун тиббиёт муассасаларида бир нафар тиббиёт ходими масъул этиб белгиланади.

6. «Кўз шох пардаси» биопротезларини ташишда қуйидагиларга риоя этилиши лозим:

«кўз шох пардаси» биопротезларини махсус изоляция пакетларига жойлаган ҳолда совутиш ва термоизоляция ускуналарида (контейнерларда) стерил шароитда ташиш;

совутиш ва термоизоляция ускуналарида (контейнерларда) +2°C дан +8°C гача бўлган ҳароратни таъминлаш;

бир нечта «кўз шох пардаси» биопротезлари бўлганда, уларни совутиш ҳамда термоизоляция ускуналарида (контейнерларда) алоҳида-алоҳида ташиш.

7. «Кўз шох пардаси» биопротезлари хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинганидан сўнг, улар масъул тиббиёт ходими кузатувида 12 соат ичида тиббий муассасаларига етказиб берилиши лозим.

3-боб. «Кўз шох пардаси» биопротезларини тиббиёт муассасаларига қабул қилиш, сақлаш ва утилизация қилиш

8. Тиббиёт муассасаларига етказилган «кўз шох пардаси» биопротезлари тиббиёт муассасаларининг бунга масъул бўлган тиббиёт ходимлари томонидан қабул қилиб олиниши керак.

9. «Кўз шох пардаси» биопротезлари тиббиёт муассасаларига қабул қилиб олинганидан сўнг, шу куннинг ўзида уларнинг мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар масъул тиббиёт ходими томонидан «Донорлар, реципиентлар, шунингдек, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестри» ахборот тизимига киритилади.

10. «Кўз шох пардаси» биопротезлари тиббиёт муассасасида +2°C дан +8°C гача бўлган ҳароратни доимий таъминлай оладиган махсус музлаткичларда сақланади. Бунда сақлаш муддати «кўз шох пардаси» биопротезлари хорижий давлатда консервация қилинган санадан бошлаб ўн тўрт кундан ошмаслиги лозим.

11. «Кўз шох пардаси» биопротезлари яроқсиз деб топилганда («Кўз шох пардаси» биопротезлари шикастланганда, уларда ёт жисмлар аниқланганда ёки ранги ўзгарганда) ёхуд уларнинг мазкур Низомнинг 10-бандида белгиланган сақлаш муддати тугаган тақдирда, тиббиёт муассасаси томонидан утилизация қилиниши керак.

12. «Кўз шох пардаси» биопротезларининг утилизацияси Даволаш-профилактика муассасаларида чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва йўқ қилишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0317-15-сон СанҚваН) бўйича амалга оширилади ҳамда утилизация якунланганидан сўнг бу ҳақда масъул тиббиёт ходими томонидан «Донорлар, реципиентлар, шунингдек, инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг ягона давлат реестри» ахборот тизимига маълумотлар киритилади.

4-боб. «Кўз шох пардаси» биопротезларини тиббиёт муассасаларида қўллаш

13. Реципиент трансплантация (кератопластика) амалиётидан олдин Реципиент ва тирик донорни ҳар тарафлама тиббий текширувдан ўтказиш, реципиентга инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги ҳамда тирик донорга трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисидаги хулосаларни бериш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3706, 2025 йил 21 ноябрь) мувофиқ ҳар тарафлама тиббий текширувдан ўтказилиши ҳамда унга тиббиёт муассасаларининг тиббий консилиуми томонидан инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги тўғрисида тиббий хулоса берилиши лозим.

14. Реципиентни трансплантация (кератопластика) амалиётига тайёрлаш ва унинг амалиётдан кейинги реабилитацияси ва кузатувда бўлиши Давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасаларида реципиент ҳамда тирик донорни трансплантация амалиётига тайёрлаш ва уларнинг амалиётдан кейинги реабилитацияси ва кузатувда бўлиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3708, 2025 йил 21 ноябрь) асосида амалга оширилади.

15. «Кўз шох пардаси» биопротезлари трансплантация (кератопластика) амалиётидан бир соат олдин махсус музлаткичлардан олиниб, +18°C дан +25°C гача бўлган ҳарорат таъминланган хонада сақланиши ва шундан кейин трансплантация (кератопластика) амалиётида қўлланилиши лозим.

5-боб. Якунловчи қоида

16. Мазкур Низомнинг талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Вазир А. ХУДАЯРОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 3 ноябрь,

16-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.11.2025 й., 10/25/3710/1088-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining

Buyrugʻi

NIZOM

Xorijiy davlatlardan olib kelinadigan “donor koʻz shox pardasi va uning qismlari” bioprotezlarini davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasalarida qoʻllash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Inson aʼzolari va toʻqimalarining transplantatsiyasi toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 8-sentabrdagi PF-161-son “Islohotlarni huquqiy jihatdan taʼminlash samaradorligini oshirish hamda ijtimoiy munosabatlarni tartibga solishda vazirlik va idoralarning masʼuliyati va tashabbuskorligini kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi Farmoni va Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 13-iyundagi 333-son “Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini transplantatsiya qilishni tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:

1. Xorijiy davlatlardan olib kelinadigan “donor koʻz shox pardasi va uning qismlari” bioprotezlarini davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasalarida qoʻllash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining 2025-yil 3-noyabrdagi 16-son buyrugʻiga ILOVA

Xorijiy davlatlardan olib kelinadigan “donor koʻz shox pardasi va uning qismlari” bioprotezlarini davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasalarida qoʻllash tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom transplantatsiya (keratoplastika) amaliyoti bajarilishini yanada koʻpaytirish va retsipiyent xavfsizligini taʼminlash maqsadida xorijiy davlatlardan olib kelinadigan “donor koʻz shox pardasi va uning qismlari” bioprotezlarini davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasalarida qoʻllash tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

“donor koʻz shox pardasi va uning qismlari” bioprotezi (bundan buyon matnda “koʻz shox pardasi” deb yuritiladi) — inson murdasining koʻz toʻqimasidan olinib, konservatsiya qilingan hamda transplantatsiya (keratoplastika) amaliyotida foydalanishga moʻljallangan hujayralar va hujayralararo moddalar majmui;

retsipiyent — oʻziga nisbatan “koʻz shox pardasi” bioprotezining transplantatsiya (keratoplastika) amaliyoti bajariladigan inson;

transplantatsiya (keratoplastika) — retsipiyentda mavjud boʻlmagan yoki shikastlangan, oʻzining muhim hayotiy vazifalarini bajarishga qodir boʻlmagan koʻz shox pardasini inson murdasidan olingan “koʻz shox pardasi” bioproteziga jarrohlik amaliyoti yoʻli bilan almashtirish.

2. Transplantatsiya (keratoplastika) amaliyotida foydalanishga moʻljallangan “koʻz shox pardasi” bioprotezlari xorijiy davlatlardan olib kelinadi.

3. “Koʻz shox pardasi” bioprotezlarining transplantatsiya (keratoplastika) amaliyoti Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 13-iyundagi 333-son qarori bilan tasdiqlangan Inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarini oladigan hamda transplantatsiya qiladigan davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasalari roʻyxatida keltirilgan davlat sogʻliqni saqlash tizimining tibbiyot muassasalarida (bundan buyon matnda tibbiyot muassasalari deb yuritiladi) amalga oshiriladi.

2-bob. “Koʻz shox pardasi” bioprotezlarini tashish jarayoniga qoʻyiladigan talablar

4. “Koʻz shox pardasi” bioprotezlari ularni transplantatsiya (keratoplastika) amaliyotini oʻtkazuvchi tibbiyot muassasalari oʻrtasida taqsimlash va transplantatsiya (keratoplastika) amaliyotini oʻtkazish maqsadlari uchun tashish orqali yetkazib beriladi.

5. “Koʻz shox pardasi” bioprotezlarini tashish jarayonlarida ishtirok etish uchun tibbiyot muassasalarida bir nafar tibbiyot xodimi masʼul etib belgilanadi.

6. “Koʻz shox pardasi” bioprotezlarini tashishda quyidagilarga rioya etilishi lozim:

“koʻz shox pardasi” bioprotezlarini maxsus izolyatsiya paketlariga joylagan holda sovutish va termoizolyatsiya uskunalarida (konteynerlarda) steril sharoitda tashish;

sovutish va termoizolyatsiya uskunalarida (konteynerlarda) +2°C dan +8°C gacha boʻlgan haroratni taʼminlash;

bir nechta “koʻz shox pardasi” bioprotezlari boʻlganda, ularni sovutish hamda termoizolyatsiya uskunalarida (konteynerlarda) alohida-alohida tashish.

7. “Koʻz shox pardasi” bioprotezlari xorijiy davlatlardan Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kelinganidan soʻng, ular masʼul tibbiyot xodimi kuzatuvida 12 soat ichida tibbiy muassasalariga yetkazib berilishi lozim.

3-bob. “Koʻz shox pardasi” bioprotezlarini tibbiyot muassasalariga qabul qilish, saqlash va utilizatsiya qilish

8. Tibbiyot muassasalariga yetkazilgan “koʻz shox pardasi” bioprotezlari tibbiyot muassasalarining bunga masʼul boʻlgan tibbiyot xodimlari tomonidan qabul qilib olinishi kerak.

9. “Koʻz shox pardasi” bioprotezlari tibbiyot muassasalariga qabul qilib olinganidan soʻng, shu kunning oʻzida ularning mavjudligi haqidagi maʼlumotlar masʼul tibbiyot xodimi tomonidan “Donorlar, retsipiyentlar, shuningdek, inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining yagona davlat reyestri” axborot tizimiga kiritiladi.

10. “Koʻz shox pardasi” bioprotezlari tibbiyot muassasasida +2°C dan +8°C gacha boʻlgan haroratni doimiy taʼminlay oladigan maxsus muzlatkichlarda saqlanadi. Bunda saqlash muddati “koʻz shox pardasi” bioprotezlari xorijiy davlatda konservatsiya qilingan sanadan boshlab oʻn toʻrt kundan oshmasligi lozim.

11. “Koʻz shox pardasi” bioprotezlari yaroqsiz deb topilganda (“Koʻz shox pardasi” bioprotezlari shikastlanganda, ularda yot jismlar aniqlanganda yoki rangi oʻzgarganda) yoxud ularning mazkur Nizomning 10-bandida belgilangan saqlash muddati tugagan taqdirda, tibbiyot muassasasi tomonidan utilizatsiya qilinishi kerak.

12. “Koʻz shox pardasi” bioprotezlarining utilizatsiyasi Davolash-profilaktika muassasalarida chiqindilarni yigʻish, saqlash va yoʻq qilishning sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari (0317-15-son SanQvaN) boʻyicha amalga oshiriladi hamda utilizatsiya yakunlanganidan soʻng bu haqda masʼul tibbiyot xodimi tomonidan “Donorlar, retsipiyentlar, shuningdek, inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalarining yagona davlat reyestri” axborot tizimiga maʼlumotlar kiritiladi.

4-bob. “Koʻz shox pardasi” bioprotezlarini tibbiyot muassasalarida qoʻllash

13. Retsipiyent transplantatsiya (keratoplastika) amaliyotidan oldin Retsipiyent va tirik donorni har taraflama tibbiy tekshiruvdan oʻtkazish, retsipiyentga inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari transplantatsiyasi amaliyotiga muhtojligi hamda tirik donorga transplantatsiya amaliyotiga layoqatliligi toʻgʻrisidagi xulosalarni berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga (roʻyxat raqami 3706, 2025-yil 21-noyabr) muvofiq har taraflama tibbiy tekshiruvdan oʻtkazilishi hamda unga tibbiyot muassasalarining tibbiy konsiliumi tomonidan inson aʼzolari va (yoki) toʻqimalari transplantatsiyasi amaliyotiga muhtojligi toʻgʻrisida tibbiy xulosa berilishi lozim.

14. Retsipiyentni transplantatsiya (keratoplastika) amaliyotiga tayyorlash va uning amaliyotdan keyingi reabilitatsiyasi va kuzatuvda boʻlishi Davlat sogʻliqni saqlash tizimidagi tibbiyot muassasalarida retsipiyent hamda tirik donorni transplantatsiya amaliyotiga tayyorlash va ularning amaliyotdan keyingi reabilitatsiyasi va kuzatuvda boʻlish tartibi toʻgʻrisidagi nizom (roʻyxat raqami 3708, 2025-yil 21-noyabr) asosida amalga oshiriladi.

15. “Koʻz shox pardasi” bioprotezlari transplantatsiya (keratoplastika) amaliyotidan bir soat oldin maxsus muzlatkichlardan olinib, +18°C dan +25°C gacha boʻlgan harorat taʼminlangan xonada saqlanishi va shundan keyin transplantatsiya (keratoplastika) amaliyotida qoʻllanilishi lozim.

5-bob. Yakunlovchi qoida

16. Mazkur Nizomning talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

Vazir A. XUDAYAROV

Toshkent sh.,

2025-yil 3-noyabr,

16-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 25.11.2025-y., 10/25/3710/1088-son)

lex.uz