📅 2025-yil 27-noyabr · Qonunlar va kodekslar
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 27-noyabr · Qonunlar va kodekslar
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 27 ноябрь · Қонунлар ва кодекслар
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 27 ноября 2025 г. · Законы и кодексы
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 27 November 2025 · Laws and codes
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 13 майда қабул қилинган Сенат томонидан 2025 йил 25 июнда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда корпоратив муносабатларни ривожлантириш ҳамда замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, шунингдек тадбиркорлик фаолияти амалга оширилишини енгиллаштириш ва рағбатлантириш мақсадида соҳага оид бир қатор тартиб-таомиллар танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабларига жавоб бермайдиган бюрократик ғовлар ва тўсиқлар бекор қилинди, республикада ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ҳамда хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди.
Шу билан бирга акциядорлик жамиятларининг ижро органлари, кузатув кенгашлари аъзоларининг фидуциар мажбуриятлари, мажоритар акциядорларининг умумий мажбуриятлари ҳамда ушбу мажбуриятлар бўйича жавобгарлик белгиланишини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, қонунчиликни халқаро нормаларга, шу жумладан Жаҳон савдо ташкилотининг битимларига уйғунлаштириш орқали ташки савдони янада либераллаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига акциядорлик жамиятлари ижро органлари кузатув кенгаши аъзоларининг фидуциар мажбуриятларини, мажоритар акциядорларининг умумий мажбуриятларини хамда уларнинг жавобгарлигини аниқлаштиришга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартириш киритилмоқда.
Бундан ташқари ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига энг кўп қулайлик бериш режимига эга бўлмаган мамлакатлардан Ўзбекистонга келтирилаётган товарлар учун товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатлар мавжуд бўлмаганда импорт божини икки карра ошириб кўллаш амалиёти бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу Қонун акциядорлик жамиятлари бошқарув органларининг ҳамда мажоритар акциядорининг жамият ва бошқа акциядорлар манфаатларини кўзлаб, ҳалол ва оқилона иш олиб боришига, уларнинг масъулиятини оширишга, шунингдек миллий қонунчилик нормаларини Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштириш ҳисобидан савдони адолатли қоидалар асосида амалга оширишга, импорт ва экспорт кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 223-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 6 майда қабул қилинган ЎРҚ-370-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, № 5, 128-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда, № 9, 276-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4-моддалар, № 4, 224-модда; 2019 йил, № 3, 166-модда, № 12, 880, 886, 891-моддалар; 2020 йил, № 1, 4-модда, № 7, 449-модда, № 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 973-модда; 2022 йил, № 3, 216, 217-моддалар; 2023 йил, № 1, 1-модда; 2024 йил, № 2, 110, 111-моддалар; 2025 йил, № 2, 188-модда, № 4, 519-модда) қуйидаги қўшимчалар ва ўзгартириш киритилсин:
1) қуйидаги мазмундаги 28 1 -модда билан тўлдирилсин:
«28 1 -модда. Жамиятнинг мажоритар акциядори ва унинг мажбуриятлари
Жамият овоз берувчи акцияларининг эллик фоизидан ортиғига эгалик қилувчи ёхуд овоз берувчи акциялари миқдори жамиятнинг бошқа ҳар бир акциядори улушига нисбатан кўп бўлган ҳамда овози қарор натижасига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиши мумкин бўлган акциядор мажоритар акциядор деб эътироф этилади.
Агар мажоритар акциядорга қарорлар жамиятнинг ва бошқа акциядорларнинг манфаатларига зарар келтириши олдиндан аён бўлса, у мазкур қарорларни шахсий манфаатларини ҳисобга олиб қабул қилмаслиги, жамият бошқарув органларининг йиғилиши кун тартибига жамиятнинг ва бошқа акциядорларнинг манфаатларига мос келмайдиган масалаларни ёки ҳал этилиши жамиятнинг ва бошқа акциядорларнинг манфаатларига зарар етказиши олдиндан маълум бўлган масалаларни киритмаслиги шарт.
Жамиятнинг мажоритар акциядори ушбу моддада назарда тутилган мажбуриятларни бажармаслик натижасида жамиятга ва бошқа акциядорларга етказилган зарар учун жавобгар бўлади»;
2) 81-модда :
олтинчи қисми қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«фидуциар мажбуриятларни бажармаслик»;
қуйидаги мазмундаги еттинчи ва саккизинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«Жамият кузатув кенгаши аъзоларининг, жамият директорининг, бошқарув аъзоларининг ҳамда ишончли бошқарувчининг фидуциар мажбуриятлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
вазифа ва мажбуриятларини амалга оширишда виждонан ҳаракат қилиб, жамият ва акциядорлар манфаатларини энг кўп акс эттирувчи усуллардан фойдаланишни;
жамият мол-мулкидан жамиятнинг уставига ва ички ҳужжатларига зид равишда ва (ёки) акциядорлар умумий йиғилишининг ва (ёки) кузатув кенгашининг қарорларисиз, шахсий манфаатларини кўзлаб фойдаланмасликни ҳамда ундан бошқа шахслар томонидан шу тарзда фойдаланилишига йўл қўймасликни;
жамиятнинг бизнес имкониятларидан ёки жамият учун манфаатли бўлган объектлардан ўз вазифаларини бажариши муносабати билан ёки ўз мавқеидан келиб чиққан ҳолда, жамиятнинг тегишли бошқарув органлари розилигисиз, шахсий наф олиш мақсадида ёки бошқа шахслар манфаатларини кўзлаб, шундай наф олишга кўмаклашиш мақсадида фойдаланмасликни;
жамиятнинг асосий фаолияти йўналишларига хос бўлган соҳадаги тадбиркорлик фаолиятини жамиятнинг тегишли бошқарув органлари розилигисиз амалга оширмасликни;
қонунчиликка, жамиятнинг ички ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ жамият фаолияти тўғрисидаги махфий ахборотни ошкор қилмасликни;
ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш эвазига моддий қимматликлар олмасликни ёки бундан манфаатдор бўлган шахслардан мулкий манфаатдор бўлмасликни.
Қонунчиликда, жамият уставида ва ички ҳужжатларида жамият кузатув кенгаши аъзоларининг, жамият директорининг, бошқарув аъзоларининг ҳамда ишончли бошқарувчининг бошқа фидуциар мажбуриятлари белгиланиши мумкин»;
еттинчи қисми тўққизинчи қисм деб ҳисоблансин.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 20 январда қабул қилинган ЎРҚ-400-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, 1-сонга илова; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 4, 224-модда, № 7, 433-модда, № 10, 670-модда; 2019 йил, № 1, 5-модда, № 2, 47-модда, № 5, 267-модда, № 9, 589-модда, № 10, 671-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 969-модда; 2022 йил, № 2, 75-модда, № 7, 666-модда, № 12, 1190-модда; 2023 йил, № 12, 1010, 1011-моддалар; 2024 йил, № 1, 5-модда, № 2, 111, 113-моддалар, № 10, 1073-модда, № 11, 1190-модда) қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин:
1) 300-модданинг :
тўртинчи , бешинчи ва олтинчи қисмлари чиқариб ташлансин;
еттинчи қисми тўртинчи қисм деб ҳисоблансин;
2) 43-боб қуйидаги мазмундаги 300 1 -модда билан тўлдирилсин:
«300 1 -модда. Савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режимини қўллаш
Бож тарифи билан белгиланган ставкалар миқдоридаги божхона божлари, товарни жўнатувчи ва экспорт қилувчи мамлакатдан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси савдо-иқтисодий муносабатларида энг кўп қулайлик бериш режимини қўллаётган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан қўлланилади.
Савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёхуд ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан бож тарифидан ташқари қуйидаги миқдорларда қўшимча божхона божи ундирилади:
божхона божининг адвалор ставкаси тури ўн фоизгача бўлган товарларга нисбатан — беш фоиз;
божхона божининг адвалор ставкаси ўн фоиздан йигирма фоизгача бўлган товарларга нисбатан — ўн фоиз;
божхона божининг адвалор ставкаси йигирма фоиздан ўттиз фоизгача бўлган товарларга нисбатан — ўн беш фоиз;
божхона божининг адвалор ставкаси ўттиз фоиз ва ундан юқори бўлган товарларга нисбатан — йигирма фоиз»;
3) 328-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Божхона тўловлари божхона органларининг қонунчиликка мувофиқ шу мақсадлар учун очилган шахсий ғазна ҳисобварақларига тўловчи томонидан тўланади.
Божхона органлари тўланган ва ундирилган божхона тўловларининг, шунингдек пенялар ва жарималарнинг ҳисобини божхона органларининг ахборот тизимидаги тўловчининг шахсий ҳисобварағида акс эттириш орқали юритади. Тўловчининг шахсий ҳисобварағини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси томонидан белгиланади.
Тўланган божхона тўловларидан олинган маблағлар товарлар чиқариб юборилган кундан ёки тўланиши божхона расмийлаштирувига боғлиқ бўлмаган божхона тўловлари учун божхона органи томонидан ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар бажарилган кундан эътиборан уч иш куни ичида автоматик равишда божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.
Божхона тўловлари, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, миллий валютада тўланади»;
4) 366-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлмаганда ёки ушбу сертификатнинг ва (ёки) унда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа туғилганда товарга нисбатан ушбу Кодекснинг 300 1 -моддасида белгиланган қўшимча божхона божи қўлланилади, бундан ушбу Кодекснинг 365-моддасида назарда тутилган ҳол мустасно».
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро ҳокимияти органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2025 йил 27 ноябрь,
ЎРҚ-1097-сон
Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni
Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga qoʻshimcha va oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida
Qonunchilik palatasi tomonidan 2025-yil 13-mayda qabul qilingan Senat tomonidan 2025-yil 25-iyunda maʼqullangan
Keyingi yillarda mamlakatimizda korporativ munosabatlarni rivojlantirish hamda zamonaviy korporativ boshqaruv usullarini joriy etish boʻyicha keng koʻlamli ishlar olib borilmoqda, shuningdek tadbirkorlik faoliyati amalga oshirilishini yengillashtirish va ragʻbatlantirish maqsadida sohaga oid bir qator tartib-taomillar tanqidiy jihatdan qayta koʻrib chiqilib, eskirgan, zamon talablariga javob bermaydigan byurokratik gʻovlar va toʻsiqlar bekor qilindi, respublikada ishbilarmonlik muhiti yaxshilandi, tadbirkorlik subyektlari hamda xususiy investorlar uchun keng imkoniyatlar yaratildi.
Shu bilan birga aksiyadorlik jamiyatlarining ijro organlari, kuzatuv kengashlari aʼzolarining fidutsiar majburiyatlari, majoritar aksiyadorlarining umumiy majburiyatlari hamda ushbu majburiyatlar boʻyicha javobgarlik belgilanishini huquqiy jihatdan tartibga solish, qonunchilikni xalqaro normalarga, shu jumladan Jahon savdo tashkilotining bitimlariga uygʻunlashtirish orqali tashki savdoni yanada liberallashtirish zaruriyati yuzaga kelmoqda.
Mazkur Qonun bilan “Aksiyadorlik jamiyatlari va aksiyadorlarning huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga aksiyadorlik jamiyatlari ijro organlari kuzatuv kengashi aʼzolarining fidutsiar majburiyatlarini, majoritar aksiyadorlarining umumiy majburiyatlarini xamda ularning javobgarligini aniqlashtirishga qaratilgan qoʻshimchalar va oʻzgartirish kiritilmoqda.
Bundan tashqari ushbu Qonun bilan Oʻzbekiston Respublikasining Bojxona kodeksiga eng koʻp qulaylik berish rejimiga ega boʻlmagan mamlakatlardan Oʻzbekistonga keltirilayotgan tovarlar uchun tovarning kelib chiqishi toʻgʻrisidagi sertifikatlar mavjud boʻlmaganda import bojini ikki karra oshirib koʻllash amaliyoti bekor qilinishini nazarda tutuvchi oʻzgartirishlar kiritilmoqda.
Ushbu Qonun aksiyadorlik jamiyatlari boshqaruv organlarining hamda majoritar aksiyadorining jamiyat va boshqa aksiyadorlar manfaatlarini koʻzlab, halol va oqilona ish olib borishiga, ularning masʼuliyatini oshirishga, shuningdek milliy qonunchilik normalarini Jahon savdo tashkiloti qoidalariga muvofiqlashtirish hisobidan savdoni adolatli qoidalar asosida amalga oshirishga, import va eksport koʻlamini kengaytirishga xizmat qiladi.
1-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 1996-yil 26-aprelda qabul qilingan “Aksiyadorlik jamiyatlari va aksiyadorlarning huquqlarini himoya qilish toʻgʻrisida”gi 223-I-sonli Qonuniga (Oʻzbekiston Respublikasining 2014-yil 6-mayda qabul qilingan OʻRQ-370-sonli Qonuni tahririda) (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2014-yil, № 5, 128-modda; 2015-yil, № 8, 312-modda, № 12, 452-modda; 2016-yil, № 4, 125-modda, № 9, 276-modda; 2018-yil, № 1, 1, 4-moddalar, № 4, 224-modda; 2019-yil, № 3, 166-modda, № 12, 880, 886, 891-moddalar; 2020-yil, № 1, 4-modda, № 7, 449-modda, № 10, 593-modda; 2021-yil, 4-songa ilova, № 10, 973-modda; 2022-yil, № 3, 216, 217-moddalar; 2023-yil, № 1, 1-modda; 2024-yil, № 2, 110, 111-moddalar; 2025-yil, № 2, 188-modda, № 4, 519-modda) quyidagi qoʻshimchalar va oʻzgartirish kiritilsin:
1) quyidagi mazmundagi 28 1 -modda bilan toʻldirilsin:
“28 1 -modda. Jamiyatning majoritar aksiyadori va uning majburiyatlari
Jamiyat ovoz beruvchi aksiyalarining ellik foizidan ortigʻiga egalik qiluvchi yoxud ovoz beruvchi aksiyalari miqdori jamiyatning boshqa har bir aksiyadori ulushiga nisbatan koʻp boʻlgan hamda ovozi qaror natijasiga hal qiluvchi taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan aksiyador majoritar aksiyador deb eʼtirof etiladi.
Agar majoritar aksiyadorga qarorlar jamiyatning va boshqa aksiyadorlarning manfaatlariga zarar keltirishi oldindan ayon boʻlsa, u mazkur qarorlarni shaxsiy manfaatlarini hisobga olib qabul qilmasligi, jamiyat boshqaruv organlarining yigʻilishi kun tartibiga jamiyatning va boshqa aksiyadorlarning manfaatlariga mos kelmaydigan masalalarni yoki hal etilishi jamiyatning va boshqa aksiyadorlarning manfaatlariga zarar yetkazishi oldindan maʼlum boʻlgan masalalarni kiritmasligi shart.
Jamiyatning majoritar aksiyadori ushbu moddada nazarda tutilgan majburiyatlarni bajarmaslik natijasida jamiyatga va boshqa aksiyadorlarga yetkazilgan zarar uchun javobgar boʻladi”;
2) 81-modda :
oltinchi qismi quyidagi mazmundagi beshinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“fidutsiar majburiyatlarni bajarmaslik”;
quyidagi mazmundagi yettinchi va sakkizinchi qismlar bilan toʻldirilsin:
“Jamiyat kuzatuv kengashi aʼzolarining, jamiyat direktorining, boshqaruv aʼzolarining hamda ishonchli boshqaruvchining fidutsiar majburiyatlari quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
vazifa va majburiyatlarini amalga oshirishda vijdonan harakat qilib, jamiyat va aksiyadorlar manfaatlarini eng koʻp aks ettiruvchi usullardan foydalanishni;
jamiyat mol-mulkidan jamiyatning ustaviga va ichki hujjatlariga zid ravishda va (yoki) aksiyadorlar umumiy yigʻilishining va (yoki) kuzatuv kengashining qarorlarisiz, shaxsiy manfaatlarini koʻzlab foydalanmaslikni hamda undan boshqa shaxslar tomonidan shu tarzda foydalanilishiga yoʻl qoʻymaslikni;
jamiyatning biznes imkoniyatlaridan yoki jamiyat uchun manfaatli boʻlgan obyektlardan oʻz vazifalarini bajarishi munosabati bilan yoki oʻz mavqeyidan kelib chiqqan holda, jamiyatning tegishli boshqaruv organlari roziligisiz, shaxsiy naf olish maqsadida yoki boshqa shaxslar manfaatlarini koʻzlab, shunday naf olishga koʻmaklashish maqsadida foydalanmaslikni;
jamiyatning asosiy faoliyati yoʻnalishlariga xos boʻlgan sohadagi tadbirkorlik faoliyatini jamiyatning tegishli boshqaruv organlari roziligisiz amalga oshirmaslikni;
qonunchilikka, jamiyatning ichki hujjatlariga va shartnomaga muvofiq jamiyat faoliyati toʻgʻrisidagi maxfiy axborotni oshkor qilmaslikni;
oʻz vazifalarini bajarish bilan bogʻliq qarorlar qabul qilish evaziga moddiy qimmatliklar olmaslikni yoki bundan manfaatdor boʻlgan shaxslardan mulkiy manfaatdor boʻlmaslikni.
Qonunchilikda, jamiyat ustavida va ichki hujjatlarida jamiyat kuzatuv kengashi aʼzolarining, jamiyat direktorining, boshqaruv aʼzolarining hamda ishonchli boshqaruvchining boshqa fidutsiar majburiyatlari belgilanishi mumkin”;
yettinchi qismi toʻqqizinchi qism deb hisoblansin.
2-modda. Oʻzbekiston Respublikasining 2016-yil 20-yanvarda qabul qilingan OʻRQ-400-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Bojxona kodeksiga (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2016-yil, 1-songa ilova; 2017-yil, № 9, 510-modda; 2018-yil, № 4, 224-modda, № 7, 433-modda, № 10, 670-modda; 2019-yil, № 1, 5-modda, № 2, 47-modda, № 5, 267-modda, № 9, 589-modda, № 10, 671-modda, № 12, 880-modda; 2020-yil, № 10, 593-modda; 2021-yil, 4-songa ilova, № 10, 969-modda; 2022-yil, № 2, 75-modda, № 7, 666-modda, № 12, 1190-modda; 2023-yil, № 12, 1010, 1011-moddalar; 2024-yil, № 1, 5-modda, № 2, 111, 113-moddalar, № 10, 1073-modda, № 11, 1190-modda) quyidagi oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritilsin:
1) 300-moddaning :
toʻrtinchi , beshinchi va oltinchi qismlari chiqarib tashlansin;
yettinchi qismi toʻrtinchi qism deb hisoblansin;
2) 43-bob quyidagi mazmundagi 300 1 -modda bilan toʻldirilsin:
“300 1 -modda. Savdo-iqtisodiy munosabatlarda eng koʻp qulaylik berish rejimini qoʻllash
Boj tarifi bilan belgilangan stavkalar miqdoridagi bojxona bojlari, tovarni joʻnatuvchi va eksport qiluvchi mamlakatdan qatʼi nazar, Oʻzbekiston Respublikasi savdo-iqtisodiy munosabatlarida eng koʻp qulaylik berish rejimini qoʻllayotgan mamlakatlarda ishlab chiqarilgan tovarlarga nisbatan qoʻllaniladi.
Savdo-iqtisodiy munosabatlarda eng koʻp qulaylik berish rejimi nazarda tutilmagan mamlakatlarda ishlab chiqarilgan yoxud ishlab chiqarilgan mamlakati aniqlanmagan tovarlarga nisbatan boj tarifidan tashqari quyidagi miqdorlarda qoʻshimcha bojxona boji undiriladi:
bojxona bojining advalor stavkasi turi oʻn foizgacha boʻlgan tovarlarga nisbatan — besh foiz;
bojxona bojining advalor stavkasi oʻn foizdan yigirma foizgacha boʻlgan tovarlarga nisbatan — oʻn foiz;
bojxona bojining advalor stavkasi yigirma foizdan oʻttiz foizgacha boʻlgan tovarlarga nisbatan — oʻn besh foiz;
bojxona bojining advalor stavkasi oʻttiz foiz va undan yuqori boʻlgan tovarlarga nisbatan — yigirma foiz”;
3) 328-moddaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Bojxona toʻlovlari bojxona organlarining qonunchilikka muvofiq shu maqsadlar uchun ochilgan shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga toʻlovchi tomonidan toʻlanadi.
Bojxona organlari toʻlangan va undirilgan bojxona toʻlovlarining, shuningdek penyalar va jarimalarning hisobini bojxona organlarining axborot tizimidagi toʻlovchining shaxsiy hisobvaragʻida aks ettirish orqali yuritadi. Toʻlovchining shaxsiy hisobvaragʻini yuritish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi tomonidan belgilanadi.
Toʻlangan bojxona toʻlovlaridan olingan mablagʻlar tovarlar chiqarib yuborilgan kundan yoki toʻlanishi bojxona rasmiylashtiruviga bogʻliq boʻlmagan bojxona toʻlovlari uchun bojxona organi tomonidan harakatlar yoki tartib-taomillar bajarilgan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida avtomatik ravishda bojxona organlari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetiga oʻtkaziladi.
Bojxona toʻlovlari, agar qonunchilikda boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, milliy valyutada toʻlanadi”;
4) 366-moddaning ikkinchi qismi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Tovarning kelib chiqishi toʻgʻrisidagi sertifikat mavjud boʻlmaganda yoki ushbu sertifikatning va (yoki) unda koʻrsatilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligiga shubha tugʻilganda tovarga nisbatan ushbu Kodeksning 300 1 -moddasida belgilangan qoʻshimcha bojxona boji qoʻllaniladi, bundan ushbu Kodeksning 365-moddasida nazarda tutilgan hol mustasno”.
3-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi va boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.
4-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:
hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;
respublika ijro hokimiyati organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.
5-modda. Ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent shahri,
2025-yil 27-noyabr,
OʻRQ-1097-son