📅 2025-yil 17-noyabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Qishloq xoʻjaligi vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 17-noyabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Qishloq xoʻjaligi vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 17 ноябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Қишлоқ хўжалиги вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 ноября 2025 г. · Документы министерств и ведомств · Министр сельского хозяйства
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 November 2025 · Ministry and agency documents · Qishloq xoʻjaligi vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
ТАЛАБЛАР
Картошканинг « in-vitro » ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини тайёрлаш ҳамда юқори авлодли уруғлик картошка етиштириладиган ҳудудлар ва етиштирувчи субъектларга қўйиладиган талабларни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-269-сон «Республикада картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Картошканинг « in-vitro » ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини тайёрлаш ҳамда юқори авлодли уруғлик картошка етиштириладиган ҳудудлар ва етиштирувчи субъектларга қўйиладиган талаблар иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгаши билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг 2025 йил 17 ноябрдаги 39-сон буйруғига ИЛОВА
Картошканинг « in-vitro » ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини тайёрлаш ҳамда юқори авлодли уруғлик картошка етиштириладиган ҳудудлар ва етиштирувчи субъектларга қўйиладиган
Ушбу ҳужжат картошканинг « in-vitro » ўсимлиги (бундан буён матнда « in-vitro » ўсимлиги деб юритилади), микро ва мини-туганакларини тайёрловчи илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектларига (бундан буён матнда илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектлари деб юритилади), шунингдек юқори авлодли уруғлик картошка етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига (бундан буён матнда картошка етиштирувчи субъектлар деб юритилади) ҳамда ушбу картошка етиштирувчи субъектларнинг ҳудудларига қўйиладиган талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоида
1. Мазкур ҳужжатда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ихтисослашган туманлар — юқори авлодли уруғлик картошка етиштиришга ихтисослашган Булунғур, Зомин, Бахмал, Бўстонлиқ, Шаҳрисабз, Китоб, Қўрғонтепа, Янгиқўрғон ва Сўх туманлари;
картошка етиштирувчи субъектлар — ихтисослашган туманларда юқори авлодли уруғлик картошка етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари;
илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектлари — « in-vitro » ўсимлиги ёки микротуганакларини тайёрловчи ва улардан мини-туганакларини етиштирувчи, ўзининг ёки ижара шартномаси асосида фойдаланадиган « in-vitro » лабораторияси, маскет тўр билан ўралган иссиқхона ёки ҳимояланган иншооти (бундан буён матнда иссиқхона ёки ҳимояланган иншоот деб юритилади) мавжуд бўлган илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектлари;
« in-vitro » лабораторияси — ўсимликнинг турли қисмларини (меристема тўқималари, ўсув нуқталари, ён куртаклари) махсус идишларда, сунъий озуқа муҳитида янги ўсимликни стерил шароитда кўпайтиришга мўлжалланган, махсус жиҳозланган лаборатория;
« in-vitro » ўсимлиги — картошканинг тўқималаридан стерил шароитда кўпайтирилган, вируслардан холи, генетик соф, соғлом ўсимлик;
микротуганак — « in-vitro » лабораториясида микроклонлаш усули билан олинган ва стерил муҳитда етиштирилган, оғирлиги 0,10 — 0,15 граммни ташкил этувчи картошка туганаклари;
мини-туганак — « in-vitro » лабораториясида, иссиқхона ёки ҳимояланган иншоотда етиштирилган, Potato spindle tuber viroid (PSTV), Potato leaf roll virus (PLRV), Potato Virus Y (PVY), Potato Virus X (PVX), Potato Virus S (PVS) va Potato Virus M (PVM) картошка вируслари ва бактериал касалликлардан (қора сон, ҳалқали чириш ва бошқалардан) холи бўлган, оғирлиги 5,0 граммдан кам бўлмаган картошканинг бирламчи соғлом уруғлик материали;
апробация — ўсимликларнинг генетик (нав) жиҳатдан софлигини, зараркунандалар билан зарарланган-зарарланмаганлигини, касалликларга чалинган-чалинмаганлигини ва экиш учун мўлжалланган уруғликларнинг умумий ҳолатини аниқлаш учун далада ўтказиладиган текширув.
2-боб. « In-vitro » ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини тайёрловчи илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектларига қўйиладиган талаблар
2. Илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектлари « in-vitro » ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини етиштиришда қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
« in-vitro » ўсимлигини генетик соф ва вируслардан холи ҳолда, соғлом картошка тўқималаридан стерил шароитда ўстириш имкониятига эга бўлиши;
микротуганакларни « in-vitro » лабораториясида генетик соф ва вируслардан холи ҳолда, соғлом картошка тўқималаридан микроклонлаш усули билан стерил шароитда ўстириш ёки « in-vitro » ўсимлигидан иссиқхона ёхуд ҳимояланган иншоотда махсус субстратларда (торф, вермикулит, перлит) кўпайтириш (оғирлиги 0,10 — 0,15 грамм) имкониятига эга бўлиши;
мини-туганакларни « in-vitro » ўсимлиги ёки микротуганакларни иссиқхона ёхуд ҳимояланган иншоотларда вируслардан холи ҳолда, махсус субстратларда (торф, вермикулит, перлит) ёки аэропоника шароитида экиш орқали етиштириш (оғирлиги камида 5,0 грамм) имкониятига эга бўлиши.
3. Илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектларининг иссиқхона ёки ҳимояланган иншоотлари мини-туганакларни етиштириш (тайёрлаш) учун қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
иссиқхона ёки ҳимояланган иншоотларни ҳашорат ва зараркунандалардан маскетли тўр билан ҳимоялаш, микроиқлим шароитларини (ҳарорат, намлик, ёруғликни) таъминлаш;
вегетация даврида турли вирусли касаллик тарқатувчилар (ҳашоратлар ва вирус сақловчи резерватор бегона ўтлар) ва зараркунандаларга қарши доимий равишда профилактик кураш чораларини олиб бориш.
4. Илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан « in-vitro » ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини етиштиришнинг ҳар бир босқичи лаборатория синовлари орқали назорат қилинади.
5. Илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектларида « in-vitro » ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини етиштиришда (тайёрлашда) уларнинг ўсиши (вегетация) ва туганак тугишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан қуйидагича амалга оширилади:
иссиқхона ёки ҳимояланган иншоотларда махсус субстратлар (торф, вермикулит, перлит) ҳамда « in-vitro » ўсимлиги, микро ва мини-туганаклари PSTV, PVX, PVS, PVM, PVY ва PLRV картошка вируслари ва бактериал касалликлардан (қора сон, ҳалқали чириш ва бошқалардан) холи эканлиги аниқланади;
уруғлик туганакларининг экинбоплик сифатлари лабораторияларда текшириш орқали баҳоланади ҳамда экинбоплик хулосаси расмийлаштирилади.
6. Илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан етиштирилган, рақамли QR -кодли ёрлиқланган ва экинбоплик хулосаси мавжуд картошканинг мини-туганаклари зарарсизлантирилган (фумигация ўтказилган) совуткичли омборхоналарда 2 — 4 0 C ҳароратда сақланади.
3-боб. Картошканинг мини туганагидан юқори авлодли уруғлик картошка етиштирувчи субъектларга ва уларнинг ҳудудларига қўйиладиган талаблар
7. Картошканинг мини туганагидан юқори авлодли уруғлик картошка етиштирувчи субъектларга қуйидаги талаблар белгиланади:
юқори авлодли уруғлик картошкани сақлаш учун ўзининг ёки ижара шартномаси асосидаги совуткичли омборларига эга бўлиш;
юқори авлодли уруғлик картошкани етиштиришда навларнинг вегетация давридан келиб чиқиб, 3 — 5 мартагача PSTV, PVX, PVS, PVM, PVY ва PLRV картошка вируслари ва бактериал касалликларга (қора сон, ҳалқали чириш ва бошқалардан) қарши профилактик тадбирлари олиб борилишини таъминлаш;
юқори авлодли уруғлик картошкани экишдан олдин фунгицид ва ўстирувчи моддалар билан ишлов берилишини таъминлаш;
юқори авлодли уруғлик картошкани совуткичли омборларга сақлашга киритишдан олдин зарарсизлантирилишини (фумигация) таъминлаш.
8. Картошканинг мини туганагидан юқори авлодли уруғлик картошка етиштирувчи субъектларнинг ҳудудлари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
юқори авлодли уруғлик картошка етиштириладиган ер майдонлари денгиз сатҳидан мини-туганак экишда камида 1000 метр ҳамда мини-туганаклардан саралаб олинган оригинал ( SSE, SE ) уруғлар экишда эса 800 метрдан баландликда жойлашган бўлиши;
тупроқ шароити унумдор, гумус миқдори 1,0 фоиздан юқори ҳамда тупроқ эритмаси таркибидаги pH қиймати 5,5 дан 6,5 гача бўлиши;
суғориш учун сув билан доимий таъминланган бўлиши;
ер майдонида алмашлаб экиш қоидаларига риоя этилиши;
юқори авлодли уруғлик картошка етиштириладиган ер майдонлари тупроқ таҳлили лабораториялар томонидан ўтказилганлиги.
9. Юқори авлодли уруғлик картошкани етиштиришда ер майдони туман апробация комиссияси томонидан ҳар йили камида икки марта апробациядан ўтказилади.
Бунда, апробациянинг биринчи кўриги юқори авлодли уруғлик картошканинг гуллаш даврида, иккинчиси эса туганаклар шаклланган даврда амалга оширилади.
10. Апробацияни ўтказиш натижаларига кўра туман апробация комиссияси томонидан картошка етиштирувчи субъектларга апробация далолатномаси берилади.
11. Картошка етиштирувчи субъектлар томонидан етиштирилган юқори авлодли картошка уруғликларини кейинги йил ҳосили учун сақлаш, бунда омборхоналарда сақланган уруғлик туганакларни экиш олдидан саралаш, фракцияларга ажратиб колибрлаш, қадоқлаш ҳамда рақамли QR -кодли ёрлиқларни ёпиштириш ва экинбоплик хулосасини олиш ишлари ташкил этилади.
4-боб. Якунловчи қоида
12. Ушбу ҳужжат бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Вазир И. АБДУРАХМОНОВ
Иқтисодиёт ва молия вазири Ж. КУЧКАРОВ
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳ. ТУРАХУЖАЕВ
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ў ринбосари Ж. УРУНОВ
Савдо-саноат палатаси р аиси Д. ВАХАБОВ
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошли ғ и А. ВАХАБОВ
Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси А. ХАИТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 17 ноябрь,
2025 йил 17 ноябрь
2025 йил 29 октябрь
2025 йил 24 октябрь
2025 йил 16 октябрь
2025 йил 16 октябрь
2025 йил 16 октябрь
39 сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI QISHLOQ XOʻJALIGI VAZIRINING
BUYRUGʻI
TALABLAR
Kartoshkaning “ in-vitro ” oʻsimligi, mikro va mini-tuganaklarini tayyorlash hamda yuqori avlodli urugʻlik kartoshka yetishtiriladigan hududlar va yetishtiruvchi subyektlarga qoʻyiladigan talablarni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 8-sentabrdagi PQ-269-son “Respublikada kartoshka yetishtirishni koʻpaytirish va urugʻchiligini yanada rivojlantirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:
1. Kartoshkaning “ in-vitro ” oʻsimligi, mikro va mini-tuganaklarini tayyorlash hamda yuqori avlodli urugʻlik kartoshka yetishtiriladigan hududlar va yetishtiruvchi subyektlarga qoʻyiladigan talablar ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi, Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi, Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi hamda Oʻzbekiston fermerlari kengashi bilan kelishilgan.
3. Ushbu buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vazirining 2025-yil 17-noyabrdagi 39-son buyrugʻiga ILOVA
Kartoshkaning “ in-vitro ” oʻsimligi, mikro va mini-tuganaklarini tayyorlash hamda yuqori avlodli urugʻlik kartoshka yetishtiriladigan hududlar va yetishtiruvchi subyektlarga qoʻyiladigan
Ushbu hujjat kartoshkaning “ in-vitro ” oʻsimligi (bundan buyon matnda “ in-vitro ” oʻsimligi deb yuritiladi), mikro va mini-tuganaklarini tayyorlovchi ilmiy muassasalar va tadbirkorlik subyektlariga (bundan buyon matnda ilmiy muassasalar va tadbirkorlik subyektlari deb yuritiladi), shuningdek yuqori avlodli urugʻlik kartoshka yetishtiruvchi fermer xoʻjaliklari va boshqa qishloq xoʻjaligi korxonalariga (bundan buyon matnda kartoshka yetishtiruvchi subyektlar deb yuritiladi) hamda ushbu kartoshka yetishtiruvchi subyektlarning hududlariga qoʻyiladigan talablarni belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoida
1. Mazkur hujjatda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ixtisoslashgan tumanlar — yuqori avlodli urugʻlik kartoshka yetishtirishga ixtisoslashgan Bulungʻur, Zomin, Baxmal, Boʻstonliq, Shahrisabz, Kitob, Qoʻrgʻontepa, Yangiqoʻrgʻon va Soʻx tumanlari;
kartoshka yetishtiruvchi subyektlar — ixtisoslashgan tumanlarda yuqori avlodli urugʻlik kartoshka yetishtiruvchi fermer xoʻjaliklari va boshqa qishloq xoʻjaligi korxonalari;
ilmiy muassasalar va tadbirkorlik subyektlari — “ in-vitro ” oʻsimligi yoki mikrotuganaklarini tayyorlovchi va ulardan mini-tuganaklarini yetishtiruvchi, oʻzining yoki ijara shartnomasi asosida foydalanadigan “ in-vitro ” laboratoriyasi, masket toʻr bilan oʻralgan issiqxona yoki himoyalangan inshooti (bundan buyon matnda issiqxona yoki himoyalangan inshoot deb yuritiladi) mavjud boʻlgan ilmiy muassasalar va tadbirkorlik subyektlari;
“ in-vitro ” laboratoriyasi — oʻsimlikning turli qismlarini (meristema toʻqimalari, oʻsuv nuqtalari, yon kurtaklari) maxsus idishlarda, sunʼiy ozuqa muhitida yangi oʻsimlikni steril sharoitda koʻpaytirishga moʻljallangan, maxsus jihozlangan laboratoriya;
“ in-vitro ” oʻsimligi — kartoshkaning toʻqimalaridan steril sharoitda koʻpaytirilgan, viruslardan xoli, genetik sof, sogʻlom oʻsimlik;
mikrotuganak — “ in-vitro ” laboratoriyasida mikroklonlash usuli bilan olingan va steril muhitda yetishtirilgan, ogʻirligi 0,10 — 0,15 grammni tashkil etuvchi kartoshka tuganaklari;
mini-tuganak — “ in-vitro ” laboratoriyasida, issiqxona yoki himoyalangan inshootda yetishtirilgan, Potato spindle tuber viroid (PSTV), Potato leaf roll virus (PLRV), Potato Virus Y (PVY), Potato Virus X (PVX), Potato Virus S (PVS) va Potato Virus M (PVM) kartoshka viruslari va bakterial kasalliklardan (qora son, halqali chirish va boshqalardan) xoli boʻlgan, ogʻirligi 5,0 grammdan kam boʻlmagan kartoshkaning birlamchi sogʻlom urugʻlik materiali;
aprobatsiya — oʻsimliklarning genetik (nav) jihatdan sofligini, zararkunandalar bilan zararlangan-zararlanmaganligini, kasalliklarga chalingan-chalinmaganligini va ekish uchun moʻljallangan urugʻliklarning umumiy holatini aniqlash uchun dalada oʻtkaziladigan tekshiruv.
2-bob. “ In-vitro ” oʻsimligi, mikro va mini-tuganaklarini tayyorlovchi ilmiy muassasalar va tadbirkorlik subyektlariga qoʻyiladigan talablar
2. Ilmiy muassasalar va tadbirkorlik subyektlari “ in-vitro ” oʻsimligi, mikro va mini-tuganaklarini yetishtirishda quyidagi talablarga javob berishi lozim:
“ in-vitro ” oʻsimligini genetik sof va viruslardan xoli holda, sogʻlom kartoshka toʻqimalaridan steril sharoitda oʻstirish imkoniyatiga ega boʻlishi;
mikrotuganaklarni “ in-vitro ” laboratoriyasida genetik sof va viruslardan xoli holda, sogʻlom kartoshka toʻqimalaridan mikroklonlash usuli bilan steril sharoitda oʻstirish yoki “ in-vitro ” oʻsimligidan issiqxona yoxud himoyalangan inshootda maxsus substratlarda (torf, vermikulit, perlit) koʻpaytirish (ogʻirligi 0,10 — 0,15 gramm) imkoniyatiga ega boʻlishi;
mini-tuganaklarni “ in-vitro ” oʻsimligi yoki mikrotuganaklarni issiqxona yoxud himoyalangan inshootlarda viruslardan xoli holda, maxsus substratlarda (torf, vermikulit, perlit) yoki aeroponika sharoitida ekish orqali yetishtirish (ogʻirligi kamida 5,0 gramm) imkoniyatiga ega boʻlishi.
3. Ilmiy muassasalar va tadbirkorlik subyektlarining issiqxona yoki himoyalangan inshootlari mini-tuganaklarni yetishtirish (tayyorlash) uchun quyidagi talablarga javob berishi lozim:
issiqxona yoki himoyalangan inshootlarni hashorat va zararkunandalardan masketli toʻr bilan himoyalash, mikroiqlim sharoitlarini (harorat, namlik, yorugʻlikni) taʼminlash;
vegetatsiya davrida turli virusli kasallik tarqatuvchilar (hashoratlar va virus saqlovchi rezervator begona oʻtlar) va zararkunandalarga qarshi doimiy ravishda profilaktik kurash choralarini olib borish.
4. Ilmiy muassasalar va tadbirkorlik subyektlari tomonidan “ in-vitro ” oʻsimligi, mikro va mini-tuganaklarini yetishtirishning har bir bosqichi laboratoriya sinovlari orqali nazorat qilinadi.
5. Ilmiy muassasalar va tadbirkorlik subyektlarida “ in-vitro ” oʻsimligi, mikro va mini-tuganaklarini yetishtirishda (tayyorlashda) ularning oʻsishi (vegetatsiya) va tuganak tugishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi tomonidan quyidagicha amalga oshiriladi:
issiqxona yoki himoyalangan inshootlarda maxsus substratlar (torf, vermikulit, perlit) hamda “ in-vitro ” oʻsimligi, mikro va mini-tuganaklari PSTV, PVX, PVS, PVM, PVY va PLRV kartoshka viruslari va bakterial kasalliklardan (qora son, halqali chirish va boshqalardan) xoli ekanligi aniqlanadi;
urugʻlik tuganaklarining ekinboplik sifatlari laboratoriyalarda tekshirish orqali baholanadi hamda ekinboplik xulosasi rasmiylashtiriladi.
6. Ilmiy muassasalar va tadbirkorlik subyektlari tomonidan yetishtirilgan, raqamli QR -kodli yorliqlangan va ekinboplik xulosasi mavjud kartoshkaning mini-tuganaklari zararsizlantirilgan (fumigatsiya oʻtkazilgan) sovutkichli omborxonalarda 2 — 4 0 C haroratda saqlanadi.
3-bob. Kartoshkaning mini tuganagidan yuqori avlodli urugʻlik kartoshka yetishtiruvchi subyektlarga va ularning hududlariga qoʻyiladigan talablar
7. Kartoshkaning mini tuganagidan yuqori avlodli urugʻlik kartoshka yetishtiruvchi subyektlarga quyidagi talablar belgilanadi:
yuqori avlodli urugʻlik kartoshkani saqlash uchun oʻzining yoki ijara shartnomasi asosidagi sovutkichli omborlariga ega boʻlish;
yuqori avlodli urugʻlik kartoshkani yetishtirishda navlarning vegetatsiya davridan kelib chiqib, 3 — 5 martagacha PSTV, PVX, PVS, PVM, PVY va PLRV kartoshka viruslari va bakterial kasalliklarga (qora son, halqali chirish va boshqalardan) qarshi profilaktik tadbirlari olib borilishini taʼminlash;
yuqori avlodli urugʻlik kartoshkani ekishdan oldin fungitsid va oʻstiruvchi moddalar bilan ishlov berilishini taʼminlash;
yuqori avlodli urugʻlik kartoshkani sovutkichli omborlarga saqlashga kiritishdan oldin zararsizlantirilishini (fumigatsiya) taʼminlash.
8. Kartoshkaning mini tuganagidan yuqori avlodli urugʻlik kartoshka yetishtiruvchi subyektlarning hududlari quyidagi talablarga javob berishi kerak:
yuqori avlodli urugʻlik kartoshka yetishtiriladigan yer maydonlari dengiz sathidan mini-tuganak ekishda kamida 1000 metr hamda mini-tuganaklardan saralab olingan original ( SSE, SE ) urugʻlar ekishda esa 800 metrdan balandlikda joylashgan boʻlishi;
tuproq sharoiti unumdor, gumus miqdori 1,0 foizdan yuqori hamda tuproq eritmasi tarkibidagi pH qiymati 5,5 dan 6,5 gacha boʻlishi;
sugʻorish uchun suv bilan doimiy taʼminlangan boʻlishi;
yer maydonida almashlab ekish qoidalariga rioya etilishi;
yuqori avlodli urugʻlik kartoshka yetishtiriladigan yer maydonlari tuproq tahlili laboratoriyalar tomonidan oʻtkazilganligi.
9. Yuqori avlodli urugʻlik kartoshkani yetishtirishda yer maydoni tuman aprobatsiya komissiyasi tomonidan har yili kamida ikki marta aprobatsiyadan oʻtkaziladi.
Bunda, aprobatsiyaning birinchi koʻrigi yuqori avlodli urugʻlik kartoshkaning gullash davrida, ikkinchisi esa tuganaklar shakllangan davrda amalga oshiriladi.
10. Aprobatsiyani oʻtkazish natijalariga koʻra tuman aprobatsiya komissiyasi tomonidan kartoshka yetishtiruvchi subyektlarga aprobatsiya dalolatnomasi beriladi.
11. Kartoshka yetishtiruvchi subyektlar tomonidan yetishtirilgan yuqori avlodli kartoshka urugʻliklarini keyingi yil hosili uchun saqlash, bunda omborxonalarda saqlangan urugʻlik tuganaklarni ekish oldidan saralash, fraksiyalarga ajratib kolibrlash, qadoqlash hamda raqamli QR -kodli yorliqlarni yopishtirish va ekinboplik xulosasini olish ishlari tashkil etiladi.
4-bob. Yakunlovchi qoida
12. Ushbu hujjat buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Vazir I. ABDURAXMONOV
Iqtisodiyot va moliya vaziri J. KUCHKAROV
Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi raisi H. TURAXUJAYEV
Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil oʻ rinbosari J. URUNOV
Savdo-sanoat palatasi r aisi D. VAXABOV
Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi boshli gʻ i A. VAXABOV
Oʻzbekiston fermerlari kengashi raisi A. XAITOV
Toshkent sh.,
2025-yil 17-noyabr,
2025-yil 17-noyabr
2025-yil 29-oktabr
2025-yil 24-oktabr
2025-yil 16-oktabr
2025-yil 16-oktabr
2025-yil 16-oktabr
39 son