UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 27-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 27 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 27 ноября 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 27 November 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида фаолият юритаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида фаолият юритаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибани қўллаган ҳолда ўқув жараёнларига янги таълим услублари ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, фойдали қазилмалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида фаолият юритаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларининг мақсади ҳамда вазифалари;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларини аттестациядан ўтказиш тартиби.

2. Белгилаб қўйилсинки, «Тоғ-кон ва геология соҳаси ходимлари малакасини ошириш институти» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Институт) тоғ-кон ва геология соҳасида фаолият юритаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича масъул ҳисобланади ҳамда шартнома асосида хизматлар кўрсатади.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда унинг тизимига кирувчи ташкилотлар, шунингдек, «Навоий КМК» АЖ, «Олмалиқ КМК» АЖ, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» АЖ, «Ўзбеккўмир» АЖ, «Шарғункўмир» АЖга ўз ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича Институт билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш ҳуқуқи берилсин.

3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири Б.Ф. Исламов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 ноябрдаги 748-сон қарорига ИЛОВА

Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида фаолият юритаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом тоғ-кон тармоғи, геология, ер қаъридан фойдаланиш ҳамда кончилик, портлатиш ишлари, портловчи материалларнинг айланмаси соҳасида фаолият юритувчи ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини (кейинги ўринларда — ўқув курслари) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

буюртмачи — тоғ-кон саноати ва геология соҳасида фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш — касбий билим ва кўникмаларни янгилаш ҳамда чуқурлаштиришга йўналтирилган фаолият;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари — тингловчи (ходим)ларга давлат таълим стандартларига мувофиқ таълим беришни назарда тутадиган олий, ўрта-махсус ва ўрта таълимдан кейинги ўқитиш шакли;

тингловчи — ўқув курсларига жалб этилган ва белгиланган тартибда тингловчилар сафига қабул қилинган ҳамда соҳавий тегишлилигидан қатъи назар, барча муҳандис-техник ва ишчи ходимлар;

«Тоғ-кон ва геология соҳаси ходимлари малакасини ошириш институти» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Институт) тоғ-кон тармоғи, геология, ер қаъридан фойдаланиш ҳамда кончилик, портлатиш ишлари, портловчи материалларнинг айланмаси соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича фаолият юритадиган давлат муассасаси.

3. Ўқув курсларида ходимлар малакаси қуйидагилар орқали оширилади ва қайта тайёрланади:

ходимларнинг касбий ва малака даражасини мунтазам ошириш асосида қонунчилик нормалари, назарий, амалий, илмий тадқиқотлар натижалари, технологик тараққиёт ва ўқитилаётган фанлар бўйича инновациялар, шунингдек, тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги сўнгги замонавий техник ва технологик ютуқларни чуқур ўрганиш;

юқори самарали замонавий ва инновацион технологияларни, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда, ходимлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш услубларини янгилаш;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув жараёнларига замонавий ахборот технологияларини ва сунъий интеллектни жорий этиш.

4. Мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш буюртмачининг буюртмасига биноан ўзаро хўжалик шартномаси асосида мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

5. Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги (кейинги ўринларда — вазирлик) тизимидаги ташкилотларнинг барча раҳбар ва муҳандис-техник ходимлари ҳар 3 (уч) йилда бир маротаба малака ошириш курсига жалб қилинади.

6. Институт қуйидагиларни:

малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари режасига мувофиқ ўқув курслари ташкил этилиши, сифат назоратини амалга оширади, ўқув курслари якунлари бўйича ягона тизимда баённомаларни расмийлаштиради;

ўқув курслари битирувчиларига Тоғ-кон саноати ва геология соҳаси ходимлари малакасини оширганлик тўғрисидаги сертификат ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда — Инспекция) томонидан назорат остидаги касблар, мутахассисликлар бўйича махсус гувоҳномалар беради;

Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида Бурғилаш қурилмалари машинистини қайта тайёрлаш ўқув курси гувоҳномаларини тасдиқлайди ва уларнинг ягона реестрни юритади.

7. Институт Инспекция назорати остидаги мутахассисликлар бўйича муҳандис-техник ва ишчи ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ўқув курсларини марказлашган ҳолда ташкил этади.

8. Ушбу Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг фуқаролари ва ташкилотлари ходимлари Институтда ташкил этиладиган ўқув курсларида ҳақ эвазига шартнома асосида ихтиёрий равишда таълим олишлари мумкин.

2-боб. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларининг мақсади ва вазифалари

9. Тоғ-кон саноати ва геология соҳасида фаолият юритиб келаётган барча муҳандис-техник ва ишчи ходимларнинг касбий билимлари, кўникмалари ва маҳоратларини мунтазам равишда ошириб бориш ўқув курсларининг мақсади ҳисобланади.

10. Ўқув курсларининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

тингловчиларнинг касбий билимлари, кўникмалари ва маҳоратини узлуксиз ошириб бориш механизмларини жорий этиш, замонавий талабларга мувофиқ тоғ-кон саноати ва геология соҳаси учун касбий тайёргарликни зарур даражада таъминлаш;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларининг назарий шаклларини тўғридан-тўғри ва бевосита амалиётга жорий этиш;

ўқув курсларининг фан ва ишлаб чиқариш билан узвий боғлиқлигини, уйғунлигини таъминлаш, тингловчилар (ходимлар) малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини босқичма-босқич ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш.

3-боб. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларидан ўтиш тартиби

11. Вазирлик томонидан ҳар йили тасдиқланадиган ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш режа-жадвалига мувофиқ вазирлик тизимидаги ташкилотлари ҳамда ўқув йўналишлари кесимида тингловчилар контингенти шакллантирилади ҳамда малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари ташкил этилади.

Буюртмачилар вазирлик томонидан тасдиқланган ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш режа-жадвалига мувофиқ ходимлар (тингловчилар)ни қонунчиликда белгиланган тартибда Институтга малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларига юборади.

12. Тингловчилар малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларида асосий иш жойидан ажралган ҳолда офлайн (off-line), асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда онлайн (on-line) ҳамда буюртмачининг талаб ва таклифига мувофиқ бевосита буюртмачининг ишлаб чиқариш ҳудудларида (базаларида) ўқитилади.

13. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларига жалб этилган тингловчи (ходим)ларнинг ҳамда профессор-ўқитувчилар ва юқори малакали амалиёт мутахассисларининг доимий иш жойидаги лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади.

14. Институтда тоғ-кон саноати, геология ва турдош тармоқ эҳтиёжлари учун муҳандис-техник ходимларнинг қуйидаги йўналишларда малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ишлари ташкил этилади:

фойдали қазилма конлари геологияси ва қидирув ишлари;

фойдали қазилма конлари техника ва технологияси;

фойдали қазилмаларни қазиб олиш;

фойдали қазилмаларни бойитиш геотехнологияси;

металлургия;

уран конлари геологияси ва қидирув ишлари;

уран конлари техника ва технологияси;

уран конлари бойитиш геотехнологияси;

тоғ-кон ишлари механикаси;

тоғ-кон ишлари электоромеханикаси.

Институт барча муҳандис-техник ходимларнинг ўз мутахассисликлари доирасида малакасини ошириш ва касбий доиралари бўйича ишчи ходимларни қайта тайёрлаш, тоғ-кон ва геология соҳаларига хорижий стандартларни жорий этиш мақсадида хорижий компанияларни ҳамда хорижий юқори малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларини ташкил этади.

Инспекция назорати остидаги мутахассисликлар бўйича муҳандис-техник ходимлар малакасини ошириш ва ишчи ходимларни қайта тайёрлаш бўйича мақсадли ўқитиш бўйича ташкил этиладиган ўқув курслари Инспекция билан келишилган ҳолда ташкил этилади.

4-боб. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари ташкилотчиларининг вазифалари

15. Институт қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларининг ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги ўқитишнинг замонавий шакллари ва услублари, илғор педагогик, ахборот-коммуникация ва инновация технологияларидан фойдаланган ҳолда тайёрланган ўқув режалари ҳамда дастурларини қўллаб, ўқув жараёнларини ташкил этади;

назарий ўқишни бошқарув фаолияти амалиёти билан мустаҳкам боғлаш мақсадида вазирликнинг тегишли таркибий бўлинмаларида амалиёт ишларининг ташкил этилишини таъминлайди;

ривожланган давлатларнинг малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларида тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги ютуқларини таҳлил қилади, тингловчиларга ушбу тажрибаларни республиканинг иқтисодиёт тармоқларида жорий этиш юзасидан маълумотлар беради;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларининг тўлов миқдорини тасдиқлайди;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари тингловчиларини якуний синов имтиҳонларидан ўтказади.

16. Буюртмачилар қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

вазирлик томонидан тасдиқланган малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларининг тасдиқланган ўқув режаси-жадвали асосида ходимларининг тегишли курсларга белгиланган муддатларда ўз вақтида келишларини таъминлайди;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари учун белгиланган тўловларни шартнома асосида тўлайди;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари натижаларини муҳокама қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этади.

5-боб. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларида ўқув жараёнини ташкил этиш

17. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари тасдиқланган давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари бўйича тартибга солинади.

18. Институтда Инспекция назорати остидаги мутахассисликлар бўйича муҳандис-техник ва ишчи ходимларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари марказлашган ҳолда ташкил этилади.

19. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларининг ўқув режалари ва дастурлари тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги устувор йўналишлар асосида ҳар йили такомиллаштириб борилади.

20. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларида назарий ва амалий ўқув машғулотларининг маъруза, интерактив семинарлар, амалий машғулотлар, сайёр ўқув машғулотлари, тажриба алмашиш, мустақил таълим, малака амалиёти, лойиҳа ишини ҳимоя қилиш, брифинглар, тим-билдинг каби асосий турлари қўлланади.

21. Малака ошириш ўқув курслари жалб этилган тингловчилар сони ўн икки нафардан, қайта тайёрлаш ўқув курслари жалб этилган тингловчилар сони беш нафардан кам бўлмаганда ташкил этилади.

22. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларининг амалий машғулотлари Институт ҳудудида ташкил этилган амалиёт хоналарида, вазирлик тизимидаги ташкилотлар ишлаб чиқариш ҳудудларида (базаларида) ташкил этилади.

23. Айрим малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсининг назарий ва амалий машғулотлари хорижий илғор таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар негизида ташкил этилиши мумкин.

24. Тингловчиларнинг ўзлаштириши қуйидаги тизим асосида баҳоланади:

жорий ва якуний назорат натижалари;

малака амалиёти якунлари;

лойиҳа ишини ҳимоя қилиш натижалари.

Ушбу баҳолаш натижалари ходимларнинг якуний аттестация синовларини топшириш жараёнида баҳолаш мезонлари сифатида инобатга олинади.

25. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларига жалб қилинган маҳаллий ва хорижий давлатларнинг олий таълим ташкилотлари, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда ташкилот ва илғор компанияларнинг профессор-ўқитувчилари ва юқори малакали амалиёт мутахассислари меҳнатига улар ўртасида имзоланган ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси (жисмоний шахслар)га ва хўжалик шартномаси (юридик шахслар)га мувофиқ ҳақ тўланади.

26. Малака ошириш ўқув курси дастурларини ўзлаштириш муддати ўн саккиз соат (уч кун)дан кам бўлмаган ҳажмда белгиланади. Малака ошириш ўқув курсининг юкламаси энг юқори ҳажми бир юз саксон соат (ўттиз кун)ни ташкил этади.

27. Қайта тайёрлаш дастурларини ўзлаштириш муддати тўқсон соат (ўн беш кун)дан кам бўлмаган ҳажмда белгиланади. Қайта тайёрлаш ўқув курсининг юкламаси энг юқори ҳажми беш юз тўрт соат (саксон тўрт кун)ни ташкил этади.

28. Алоҳида ҳолларда буюртмачининг якка тартибдаги буюртмаси асосида малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари давлат таълим талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган дастурлар доирасида ташкил этилади.

6-боб. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларини якуний имтиҳонлардан ўтказиш

29. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари тингловчилари ўқишни тугатгандан сўнг якуний имтиҳон топширади.

Якуний имтиҳонлар Институт раҳбари томонидан ҳар бир малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари учун алоҳида тасдиқланадиган якуний синов имтиҳони комиссияси томонидан ўтказилади.

Якуний имтиҳон комиссияси таркибига Институт, вазирлик марказий аппаратининг раҳбар (бошқарма, бўлинма бошлиқлари, бош мутахассислари) ходимлари, шунингдек, келишувга кўра Инспекция, илмий ва олий таълим муассасалари ва бошқа буюртмачиларнинг вакиллари киритилиши мумкин.

Якуний имтиҳон комиссияси камида беш кишидан иборат бўлган таркибда шакллантирилади.

30. Якуний имтиҳон ёзма иш шаклида ўтказилади ва оғзаки шаклда ҳимоя қилинади.

Якуний имтиҳон юз балли тизим бўйича баҳоланади ва якуний имтиҳонда эллик беш баллдан юқори балл тўплаган тингловчилар имтиҳондан ўтган ҳисобланади. Эллик олти баллдан кам балл тўплаган тингловчиларга иккинчи марта якуний синов имтиҳон топшириш ҳуқуқи берилади.

Якуний синов имтиҳонларини иккинчи марта топшира олмаган тингловчи (ходим)лар алоҳида тўлов асосида топшириши мумкин.

31. Якуний синов имтиҳони натижаларидан норози бўлган малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари тингловчилари натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч кун ичида Апелляция комиссиясига ёзма равишда аппеляция бериши мумкин.

32. Апелляция комиссияси ўн кун ичида Институт директорининг буйруғига кўра ҳар бир малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари бўйича тажрибали юқори малакали профессор-ўқитувчилар ҳамда юқори амалий кўникмага эга соҳа мутахассислари орасидан беш кишидан иборат таркибда тузилади.

Апелляция комиссияси муаммоли ҳолатларга аниқлик киритиш учун жамоатчилик асосида малакали мутахассисларни жалб этиши мумкин.

Апелляция комиссиясининг таркиби ва иш тартиби Институтнинг Апелляция комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги буйруғида белгиланади.

33. Ариза (шикоят) рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда кўриб чиқилади.

Мурожаат этувчи тингловчилар Апелляция комиссияси томонидан мурожаати кўриб чиқилиши жараёнида бевосита иштирок этиши мумкин.

34. Апелляция комиссияси йиғилишида комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этса, унинг қабул қилган қарори қонуний кучга эга ҳисобланади.

35. Апелляция комиссияси қарорининг нусхаси мурожаат этувчиларга ушбу комиссия қарори чиққан кундан эътиборан беш кун ичида тақдим этилади.

7-боб. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларини молиялаштириш

36. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари молиялаштириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;

Институт томонидан шартнома асосида хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари учун жалб этиладиган грантлар, шу жумладан, халқаро грантлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

37. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари фаолиятига оид молиявий ҳисоботлар қонунчилик асосида юритилади.

8-боб. Якунловчи қоида

38. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари бўйича низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 27 ноябрь,

748-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.11.2025 й., 09/25/748/1107)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasida faoliyat yuritayotgan xodimlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasida faoliyat yuritayotgan xodimlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini takomillashtirish, ilgʻor xorijiy tajribani qoʻllagan holda oʻquv jarayonlariga yangi taʼlim uslublari va zamonaviy axborot texnologiyalarini keng joriy etish, foydali qazilmalardan foydalanish samaradorligini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasida faoliyat yuritayotgan xodimlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarining maqsadi hamda vazifalari;

qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari tinglovchilarini attestatsiyadan oʻtkazish tartibi.

2. Belgilab qoʻyilsinki, “Togʻ-kon va geologiya sohasi xodimlari malakasini oshirish instituti” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Institut) togʻ-kon va geologiya sohasida faoliyat yuritayotgan xodimlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha masʼul hisoblanadi hamda shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatadi.

Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi hamda uning tizimiga kiruvchi tashkilotlar, shuningdek, “Navoiy KMK” AJ, “Olmaliq KMK” AJ, “Oʻzmetkombinat” AJ, “Oʻzbekiston texnologik metallar kombinati” AJ, “Oʻzbekkoʻmir” AJ, “Shargʻunkoʻmir” AJga oʻz xodimlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha Institut bilan toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma tuzish huquqi berilsin.

3. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi togʻ-kon sanoati va geologiya vaziri B.F. Islamov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 27-noyabrdagi 748-son qaroriga ILOVA

Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasida faoliyat yuritayotgan xodimlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom togʻ-kon tarmogʻi, geologiya, yer qaʼridan foydalanish hamda konchilik, portlatish ishlari, portlovchi materiallarning aylanmasi sohasida faoliyat yurituvchi xodimlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish kurslarini (keyingi oʻrinlarda — oʻquv kurslari) tashkil etish va oʻtkazish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

buyurtmachi — togʻ-kon sanoati va geologiya sohasida faoliyat yurituvchi respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalari;

malaka oshirish va qayta tayyorlash — kasbiy bilim va koʻnikmalarni yangilash hamda chuqurlashtirishga yoʻnaltirilgan faoliyat;

malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari — tinglovchi (xodim)larga davlat taʼlim standartlariga muvofiq taʼlim berishni nazarda tutadigan oliy, oʻrta-maxsus va oʻrta taʼlimdan keyingi oʻqitish shakli;

tinglovchi — oʻquv kurslariga jalb etilgan va belgilangan tartibda tinglovchilar safiga qabul qilingan hamda sohaviy tegishliligidan qatʼi nazar, barcha muhandis-texnik va ishchi xodimlar;

“Togʻ-kon va geologiya sohasi xodimlari malakasini oshirish instituti” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Institut) togʻ-kon tarmogʻi, geologiya, yer qaʼridan foydalanish hamda konchilik, portlatish ishlari, portlovchi materiallarning aylanmasi sohasida faoliyat yurituvchi mutaxassislarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha faoliyat yuritadigan davlat muassasasi.

3. Oʻquv kurslarida xodimlar malakasi quyidagilar orqali oshiriladi va qayta tayyorlanadi:

xodimlarning kasbiy va malaka darajasini muntazam oshirish asosida qonunchilik normalari, nazariy, amaliy, ilmiy tadqiqotlar natijalari, texnologik taraqqiyot va oʻqitilayotgan fanlar boʻyicha innovatsiyalar, shuningdek, togʻ-kon sanoati va geologiya sohasidagi soʻnggi zamonaviy texnik va texnologik yutuqlarni chuqur oʻrganish;

yuqori samarali zamonaviy va innovatsion texnologiyalarni, ilgʻor xorijiy tajribani keng joriy etgan holda, xodimlar malakasini oshirish va ularni qayta tayyorlash uslublarini yangilash;

malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv jarayonlariga zamonaviy axborot texnologiyalarini va sunʼiy intellektni joriy etish.

4. Mutaxassislarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish buyurtmachining buyurtmasiga binoan oʻzaro xoʻjalik shartnomasi asosida mazkur Nizomda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

5. Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi (keyingi oʻrinlarda — vazirlik) tizimidagi tashkilotlarning barcha rahbar va muhandis-texnik xodimlari har 3 (uch) yilda bir marotaba malaka oshirish kursiga jalb qilinadi.

6. Institut quyidagilarni:

malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari rejasiga muvofiq oʻquv kurslari tashkil etilishi, sifat nazoratini amalga oshiradi, oʻquv kurslari yakunlari boʻyicha yagona tizimda bayonnomalarni rasmiylashtiradi;

oʻquv kurslari bitiruvchilariga Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasi xodimlari malakasini oshirganlik toʻgʻrisidagi sertifikat hamda Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi huzuridagi Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasini nazorat qilish inspeksiyasi (keyingi oʻrinlarda — Inspeksiya) tomonidan nazorat ostidagi kasblar, mutaxassisliklar boʻyicha maxsus guvohnomalar beradi;

Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasida Burgʻilash qurilmalari mashinistini qayta tayyorlash oʻquv kursi guvohnomalarini tasdiqlaydi va ularning yagona reyestrni yuritadi.

7. Institut Inspeksiya nazorati ostidagi mutaxassisliklar boʻyicha muhandis-texnik va ishchi xodimlarning malakasini oshirish va ularni qayta tayyorlash oʻquv kurslarini markazlashgan holda tashkil etadi.

8. Ushbu Nizomga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi va xorijiy davlatlarning fuqarolari va tashkilotlari xodimlari Institutda tashkil etiladigan oʻquv kurslarida haq evaziga shartnoma asosida ixtiyoriy ravishda taʼlim olishlari mumkin.

2-bob. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarining maqsadi va vazifalari

9. Togʻ-kon sanoati va geologiya sohasida faoliyat yuritib kelayotgan barcha muhandis-texnik va ishchi xodimlarning kasbiy bilimlari, koʻnikmalari va mahoratlarini muntazam ravishda oshirib borish oʻquv kurslarining maqsadi hisoblanadi.

10. Oʻquv kurslarining vazifalari quyidagilardan iborat:

tinglovchilarning kasbiy bilimlari, koʻnikmalari va mahoratini uzluksiz oshirib borish mexanizmlarini joriy etish, zamonaviy talablarga muvofiq togʻ-kon sanoati va geologiya sohasi uchun kasbiy tayyorgarlikni zarur darajada taʼminlash;

malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarining nazariy shakllarini toʻgʻridan-toʻgʻri va bevosita amaliyotga joriy etish;

oʻquv kurslarining fan va ishlab chiqarish bilan uzviy bogʻliqligini, uygʻunligini taʼminlash, tinglovchilar (xodimlar) malakasini oshirish va qayta tayyorlash tizimini bosqichma-bosqich rivojlantirish hamda modernizatsiya qilish.

3-bob. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslaridan oʻtish tartibi

11. Vazirlik tomonidan har yili tasdiqlanadigan xodimlarning malakasini oshirish va qayta tayyorlash reja-jadvaliga muvofiq vazirlik tizimidagi tashkilotlari hamda oʻquv yoʻnalishlari kesimida tinglovchilar kontingenti shakllantiriladi hamda malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari tashkil etiladi.

Buyurtmachilar vazirlik tomonidan tasdiqlangan xodimlarning malakasini oshirish va qayta tayyorlash reja-jadvaliga muvofiq xodimlar (tinglovchilar)ni qonunchilikda belgilangan tartibda Institutga malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslariga yuboradi.

12. Tinglovchilar malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarida asosiy ish joyidan ajralgan holda oflayn (off-line), asosiy ish joyidan ajralmagan holda onlayn (on-line) hamda buyurtmachining talab va taklifiga muvofiq bevosita buyurtmachining ishlab chiqarish hududlarida (bazalarida) oʻqitiladi.

13. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslariga jalb etilgan tinglovchi (xodim)larning hamda professor-oʻqituvchilar va yuqori malakali amaliyot mutaxassislarining doimiy ish joyidagi lavozimi va oʻrtacha ish haqi saqlanadi.

14. Institutda togʻ-kon sanoati, geologiya va turdosh tarmoq ehtiyojlari uchun muhandis-texnik xodimlarning quyidagi yoʻnalishlarda malakasini oshirish va qayta tayyorlash ishlari tashkil etiladi:

foydali qazilma konlari geologiyasi va qidiruv ishlari;

foydali qazilma konlari texnika va texnologiyasi;

foydali qazilmalarni qazib olish;

foydali qazilmalarni boyitish geotexnologiyasi;

metallurgiya;

uran konlari geologiyasi va qidiruv ishlari;

uran konlari texnika va texnologiyasi;

uran konlari boyitish geotexnologiyasi;

togʻ-kon ishlari mexanikasi;

togʻ-kon ishlari elektoromexanikasi.

Institut barcha muhandis-texnik xodimlarning oʻz mutaxassisliklari doirasida malakasini oshirish va kasbiy doiralari boʻyicha ishchi xodimlarni qayta tayyorlash, togʻ-kon va geologiya sohalariga xorijiy standartlarni joriy etish maqsadida xorijiy kompaniyalarni hamda xorijiy yuqori malakali mutaxassislarni jalb etgan holda malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarini tashkil etadi.

Inspeksiya nazorati ostidagi mutaxassisliklar boʻyicha muhandis-texnik xodimlar malakasini oshirish va ishchi xodimlarni qayta tayyorlash boʻyicha maqsadli oʻqitish boʻyicha tashkil etiladigan oʻquv kurslari Inspeksiya bilan kelishilgan holda tashkil etiladi.

4-bob. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari tashkilotchilarining vazifalari

15. Institut quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:

Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarining oʻquv rejalari va dasturlarini ishlab chiqadi va tasdiqlaydi;

togʻ-kon sanoati va geologiya sohasidagi oʻqitishning zamonaviy shakllari va uslublari, ilgʻor pedagogik, axborot-kommunikatsiya va innovatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda tayyorlangan oʻquv rejalari hamda dasturlarini qoʻllab, oʻquv jarayonlarini tashkil etadi;

nazariy oʻqishni boshqaruv faoliyati amaliyoti bilan mustahkam bogʻlash maqsadida vazirlikning tegishli tarkibiy boʻlinmalarida amaliyot ishlarining tashkil etilishini taʼminlaydi;

rivojlangan davlatlarning malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarida togʻ-kon sanoati va geologiya sohasidagi yutuqlarini tahlil qiladi, tinglovchilarga ushbu tajribalarni respublikaning iqtisodiyot tarmoqlarida joriy etish yuzasidan maʼlumotlar beradi;

malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarining toʻlov miqdorini tasdiqlaydi;

malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari tinglovchilarini yakuniy sinov imtihonlaridan oʻtkazadi.

16. Buyurtmachilar quyidagi vazifalarni amalga oshiradi:

vazirlik tomonidan tasdiqlangan malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarining tasdiqlangan oʻquv rejasi-jadvali asosida xodimlarining tegishli kurslarga belgilangan muddatlarda oʻz vaqtida kelishlarini taʼminlaydi;

malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari uchun belgilangan toʻlovlarni shartnoma asosida toʻlaydi;

malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari natijalarini muhokama qilish boʻyicha tizimli ishlarni tashkil etadi.

5-bob. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarida oʻquv jarayonini tashkil etish

17. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari tasdiqlangan davlat taʼlim standartlari, oʻquv rejalari va dasturlari boʻyicha tartibga solinadi.

18. Institutda Inspeksiya nazorati ostidagi mutaxassisliklar boʻyicha muhandis-texnik va ishchi xodimlarni malakasini oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari markazlashgan holda tashkil etiladi.

19. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarining oʻquv rejalari va dasturlari togʻ-kon sanoati va geologiya sohasidagi ustuvor yoʻnalishlar asosida har yili takomillashtirib boriladi.

20. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarida nazariy va amaliy oʻquv mashgʻulotlarining maʼruza, interaktiv seminarlar, amaliy mashgʻulotlar, sayyor oʻquv mashgʻulotlari, tajriba almashish, mustaqil taʼlim, malaka amaliyoti, loyiha ishini himoya qilish, brifinglar, tim-bilding kabi asosiy turlari qoʻllanadi.

21. Malaka oshirish oʻquv kurslari jalb etilgan tinglovchilar soni oʻn ikki nafardan, qayta tayyorlash oʻquv kurslari jalb etilgan tinglovchilar soni besh nafardan kam boʻlmaganda tashkil etiladi.

22. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarining amaliy mashgʻulotlari Institut hududida tashkil etilgan amaliyot xonalarida, vazirlik tizimidagi tashkilotlar ishlab chiqarish hududlarida (bazalarida) tashkil etiladi.

23. Ayrim malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kursining nazariy va amaliy mashgʻulotlari xorijiy ilgʻor taʼlim muassasalari va boshqa tashkilotlar negizida tashkil etilishi mumkin.

24. Tinglovchilarning oʻzlashtirishi quyidagi tizim asosida baholanadi:

joriy va yakuniy nazorat natijalari;

malaka amaliyoti yakunlari;

loyiha ishini himoya qilish natijalari.

Ushbu baholash natijalari xodimlarning yakuniy attestatsiya sinovlarini topshirish jarayonida baholash mezonlari sifatida inobatga olinadi.

25. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslariga jalb qilingan mahalliy va xorijiy davlatlarning oliy taʼlim tashkilotlari, ilmiy-tadqiqot institutlari hamda tashkilot va ilgʻor kompaniyalarning professor-oʻqituvchilari va yuqori malakali amaliyot mutaxassislari mehnatiga ular oʻrtasida imzolangan haq evaziga xizmat koʻrsatish shartnomasi (jismoniy shaxslar)ga va xoʻjalik shartnomasi (yuridik shaxslar)ga muvofiq haq toʻlanadi.

26. Malaka oshirish oʻquv kursi dasturlarini oʻzlashtirish muddati oʻn sakkiz soat (uch kun)dan kam boʻlmagan hajmda belgilanadi. Malaka oshirish oʻquv kursining yuklamasi eng yuqori hajmi bir yuz sakson soat (oʻttiz kun)ni tashkil etadi.

27. Qayta tayyorlash dasturlarini oʻzlashtirish muddati toʻqson soat (oʻn besh kun)dan kam boʻlmagan hajmda belgilanadi. Qayta tayyorlash oʻquv kursining yuklamasi eng yuqori hajmi besh yuz toʻrt soat (sakson toʻrt kun)ni tashkil etadi.

28. Alohida hollarda buyurtmachining yakka tartibdagi buyurtmasi asosida malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari davlat taʼlim talablariga muvofiq ishlab chiqilgan dasturlar doirasida tashkil etiladi.

6-bob. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari tinglovchilarini yakuniy imtihonlardan oʻtkazish

29. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari tinglovchilari oʻqishni tugatgandan soʻng yakuniy imtihon topshiradi.

Yakuniy imtihonlar Institut rahbari tomonidan har bir malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari uchun alohida tasdiqlanadigan yakuniy sinov imtihoni komissiyasi tomonidan oʻtkaziladi.

Yakuniy imtihon komissiyasi tarkibiga Institut, vazirlik markaziy apparatining rahbar (boshqarma, boʻlinma boshliqlari, bosh mutaxassislari) xodimlari, shuningdek, kelishuvga koʻra Inspeksiya, ilmiy va oliy taʼlim muassasalari va boshqa buyurtmachilarning vakillari kiritilishi mumkin.

Yakuniy imtihon komissiyasi kamida besh kishidan iborat boʻlgan tarkibda shakllantiriladi.

30. Yakuniy imtihon yozma ish shaklida oʻtkaziladi va ogʻzaki shaklda himoya qilinadi.

Yakuniy imtihon yuz balli tizim boʻyicha baholanadi va yakuniy imtihonda ellik besh balldan yuqori ball toʻplagan tinglovchilar imtihondan oʻtgan hisoblanadi. Ellik olti balldan kam ball toʻplagan tinglovchilarga ikkinchi marta yakuniy sinov imtihon topshirish huquqi beriladi.

Yakuniy sinov imtihonlarini ikkinchi marta topshira olmagan tinglovchi (xodim)lar alohida toʻlov asosida topshirishi mumkin.

31. Yakuniy sinov imtihoni natijalaridan norozi boʻlgan malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari tinglovchilari natijalar eʼlon qilingan kundan boshlab uch kun ichida Apellyatsiya komissiyasiga yozma ravishda appelyatsiya berishi mumkin.

32. Apellyatsiya komissiyasi oʻn kun ichida Institut direktorining buyrugʻiga koʻra har bir malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari boʻyicha tajribali yuqori malakali professor-oʻqituvchilar hamda yuqori amaliy koʻnikmaga ega soha mutaxassislari orasidan besh kishidan iborat tarkibda tuziladi.

Apellyatsiya komissiyasi muammoli holatlarga aniqlik kiritish uchun jamoatchilik asosida malakali mutaxassislarni jalb etishi mumkin.

Apellyatsiya komissiyasining tarkibi va ish tartibi Institutning Apellyatsiya komissiyasini tashkil etish toʻgʻrisidagi buyrugʻida belgilanadi.

33. Ariza (shikoyat) roʻyxatga olingan kundan boshlab oʻn kun muddatda koʻrib chiqiladi.

Murojaat etuvchi tinglovchilar Apellyatsiya komissiyasi tomonidan murojaati koʻrib chiqilishi jarayonida bevosita ishtirok etishi mumkin.

34. Apellyatsiya komissiyasi yigʻilishida komissiya aʼzolarining yarmidan koʻpi ishtirok etsa, uning qabul qilgan qarori qonuniy kuchga ega hisoblanadi.

35. Apellyatsiya komissiyasi qarorining nusxasi murojaat etuvchilarga ushbu komissiya qarori chiqqan kundan eʼtiboran besh kun ichida taqdim etiladi.

7-bob. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarini moliyalashtirish

36. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari moliyalashtirish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligining budjetdan tashqari mablagʻlari;

Institut tomonidan shartnoma asosida xizmat koʻrsatishdan tushadigan mablagʻlar;

malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari uchun jalb etiladigan grantlar, shu jumladan, xalqaro grantlar;

yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.

37. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari faoliyatiga oid moliyaviy hisobotlar qonunchilik asosida yuritiladi.

8-bob. Yakunlovchi qoida

38. Malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari boʻyicha nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 27-noyabr,

748-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.11.2025-y., 09/25/748/1107)

lex.uz