UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 28-noyabr · Prezident qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 28 ноябрь · Президент қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 28 ноября 2025 г. · Постановления Президента

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 28 November 2025 · Presidential resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

РЎЙХАТИ

Ички ишлар органларининг қўриқлаш соҳасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

[Кўчирма]

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида қўриқлаш фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-42-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:

I. Мақсадлар

1. Қуйидагилар ушбу қарорнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:

(а) давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, таълим муассасаларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини замонавий усуллар ҳамда рақамли технологиялар имкониятлари орқали қўриқлаш тизимини йўлга қўйиш;

(б) ички ишлар органларининг қўриқлаш соҳасидаги фаолиятини жамоат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллалардаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш йўналишларидаги вазифалари билан узвий равишда ягона ёндашувда амалга ошириш учун самарали механизмларни жорий этиш.

II. Устувор вазифалар

2. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти (кейинги ўринларда — Департамент) этиб қайта ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.

3. Белгилансинки, Департамент ва унинг бўлинмалар зиммасига «Сифат, ишонч, хавфсизлик» тамойилига мувофиқ қуйидаги асосий вазифалар юклатилади:

(а) шартнома асосида давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, таълим муассасаларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини, савдо, хизмат кўрсатиш, кўнгилочар ва қурилиш объектларини замонавий усуллар орқали қўриқлаш;

(б) жамоат жойларида жамоат хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш, юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида жамоат тартибини сақлаш бўйича қўриқлаш-патруллик хизматларини кўрсатиш;

(в) қўриқланаётган объектларда ички тартиб ва назорат-ўтказиш режимларини таъминлаш, шунингдек, уларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятлар содир этилишига чек қўйиш бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш;

(г) жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда ички ишлар органлари соҳавий хизматларига ҳар томонлама кўмаклашиш;

(д) қўриқлашнинг техник воситалари ва тизимларини қўллаш соҳасида ягона техник сиёсатни юритиш, қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш.

III. Ташкилий-ҳуқуқий масалалар

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти тўғрисидаги низом 1-иловага * мувофиқ тасдиқлансин.

5. Белгилансинки:

(а) Департамент Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси, унинг ҳудудий ва тармоқ бўлинмаларининг, Ички ишлар вазирлиги эса Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Жиззах ва Фарғона вилоятлари минтақавий ўқув марказларининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

(б) Департаментга қўшимча штат бирликларини киритмасдан шартнома асосида объектларни мавсумий жисмоний қўриқлаш, хавфли юкларни автомобиль транспортида ташиш жараёнида қўриқлаш-кузатиш хизматини кўрсатишга рухсат берилади.

IV. Хизмат фаолиятини ташкил этиш

6. Ички ишлар вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

(а) Департаментга қўриқланадиган объектларга ўрнатилган қўриқлашнинг техник воситалари ва тизимларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқини бериш;

(б) Департаментга қўриқлаш хизматини ташкил этишда қўриқловдаги объектларнинг маъмурияти билан келишилган ҳолда уларнинг видеокузатув камераларини Департаментнинг ахборот тизимларига интеграция қилиш;

(в) маҳаллаларда қўриқлаш бўлинмаларига юклатилган вазифаларни самарали ташкил этиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятига манзилли кўмаклашиш мақсадида криминоген вазият оғир ҳудудлардаги маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари тузилмасига қўриқлаш хизмати инспектори лавозимини киритиш;

(г) криминоген вазияти оғир ҳудудларда, туристик инфратузилма объектларида ҳамда оммавий дам олиш жойларида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Департаментнинг қўриқлаш-патруль хизмати нарядларини ташкил этиш.

7. Белгилаб қўйилсинки:

(а) 2026 йил 1 январдан бошлаб қўриқловга олинган банклар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа объектларнинг фуқаролар кириш ва чиқиш жойларига уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан Ички ишлар вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» тизимларини ривожлантириш маркази» давлат муассасаси томонидан босқичма-босқич шахснинг юзини таниб олиш имкониятига эга техник воситалар ўрнатилиб, тегишли ахборот базалари билан интеграция қилинади;

(б) қўриқланаётган объект ва хонадонлардан тушаётган ташвиш хабарлари бир вақтнинг ўзида ички ишлар органларининг ягона тезкор бошқарув марказларига, тегишли ҳудуд профилактика инспекторлари ва патруль-пост хизмати нарядларининг планшетларига юборилади;

(в) Миллий гвардия таркибидаги Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Жиззах ва Фарғона вилоятлари минтақавий ўқув марказлари мавжуд штат бирликлари, асосий воситалари, жиҳозлари ҳамда улар фаолиятини молиялаштиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда Ички ишлар вазирлигига, Миллий гвардия балансида бўлган Хоразм вилояти қўриқлаш бошқармасининг биноси Департаментга ўтказилади.

8. Ички ишлар вазирига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

(а) жисмоний ва юридик шахслар билан қўриқлаш хизматини кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар асосида Департаментнинг ташкилий-штат тузилмасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

(б) Департамент ва унинг бўлинмаларига хизматга (ишга) номзодларни танлов асосида саралаб олиш бўйича алоҳида тартибни белгилаш;

(в) қўриқлаш хизматларининг тарифларини (нархларини) Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда, бошқа юридик ва жисмоний шахслар учун эса мустақил белгилаш.

9. Тасарруфида идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар:

(а) уч ой муддатда идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари нарядларининг хизмат ўташ қоидалари, уларнинг ишчи ва хизматчилари кийим-бошлари ва фарқловчи белгиларининг намуналарини ишлаб чиқиб, келишиш учун Ички ишлар вазирлигига киритсин;

(б) икки томонлама тузилган режаларга мувофиқ, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ходимларини Ички ишлар вазирлигининг минтақавий ўқув марказларида ва Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида шартнома асосида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этсин.

10. Тизимида ўта муҳим ва тоифаланган объектлар бўлган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар қўриқланадиган объектларини босқичма-босқич 2026 йил якунига қадар учувчисиз учадиган аппаратларга қарши қурилмалар ҳамда учувчисиз учадиган аппаратлар билан жиҳозлаш чораларини кўрсин.

11. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Хавфсиз таълим» концепцияси жорий этилсин:

(а) давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим ташкилотлари (мактабгача таълим ташкилотлари бундан мустасно) ва хорижий давлатлар таълим ташкилотлари филиалларининг (кейинги ўринларда — таълим муассасалари) хавфсизлигини шартнома асосида жисмоний ва техник қўриқлаш тизимлари орқали таъминлаш;

(б) Департамент томонидан шартнома асосида таълим муассасаларига қўриқлаш сигнализациялари, ташвиш тугмалари, видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ва уларга техник хизматлар кўрсатиш.

12. Ички ишлар вазирлиги (А. Ташпулатов) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К. Шарипов), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Э. Каримова), таркибида таълим муассасаси бўлган вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда:

(а) бир ой муддатда «Хавфсиз таълим» концепциясини 2026-2027 йиллар мобайнида амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ҳамда таълим муассасаларида қўриқлаш-қоровуллик фаолиятини тартибга солувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

(б) 2026 йил 1 январдан бошлаб таълим муассасаларининг идоравий қоровуллик бўлинмалари ишчи ва хизматчиларини минтақавий ўқув марказларида шартнома асосида Давлат бюджети, олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаси ошириш тизимини йўлга қўйсин.

V. Моддий-техник таъминот ва ижтимоий ҳимоя масалалари

13. Ички ишлар вазирлиги (А. Ташпулатов):

(а) 2026 йил 1 майга қадар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни жалб қилган ҳолда республикада жорий қилинган техник қўриқлаш тизимларига қўриқлашнинг муқобил замонавий аппарат-дастурий комплексларини жорий этиш чораларини кўрсин;

(б) Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш. Шерматов) билан биргаликда 2026 йил 1 мартга қадар Департамент маблағлари ҳисобидан «E-QOʻRIQLASH» электрон платформасини ишга туширсин, шунингдек, «Хавфсиз таълим» концепцияси доирасида ягона ахборот тизимини ишлаб чиқиб, давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминласин;

(в) уч ой муддатда ички ишлар органлари қўриқлаш хизмати инспекторларига айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва бу борада ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича тегишли ваколат беришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

(г) икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мавсумий қўриқлаш, хавфли юкларни автомобиль транспортида ташиш жараёнида қўриқлаш-кузатиш хизматларини ташкил этиш, шунингдек, қўшимча хизматга жалб этилган қўриқлаш ходимларига иш ҳақи тўлаш тартибларини белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

(д) 2026 йил 1 мартга қадар қўриқлаш бўлинмалари тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларининг хизмат фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва назорат қилиш тизимларини рақамлаштириш чораларини кўрсин;

(ж) Транспорт вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда йўналишли автобуслар ва тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларига босқичма-босқич ташвиш тугмаларини ўрнатиб, уларга жамоат тартибини сақлаш, тиббий ёрдам ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича шартнома асосида қўриқлаш хизматлари кўрсатишни йўлга қўйсин;

(з) 2026 йил 1 январдан бошлаб техник қўриқловга олинган объектларни алоҳида гуруҳларга ажратган ҳолда кўрсатилган қўриқлаш хизматлари учун дифференциал тўлов тизимини жорий этсин.

14. Ички ишлар вазирлиги (А. Ташпулатов), Миллий гвардия (Р. Джураев) уч ой муддатда ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига олий таълим муассасаларига кириш учун ажратиладиган қабул квоталарини кўриб чиқиб, уларни шахсий таркиб сонидан келиб чиққан ҳолда қайта тақсимлаш юзасидан таклифлар киритсин.

VI. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

15. Жисмоний ва юридик шахсларга қўриқлаш хизматининг афзалликлари ҳақида маълумот бериш мақсадида Департамент маблағлари ҳисобидан интернет ва ижтимоий тармоқларда таргет рекламасидан фойдаланишга рухсат берилсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

17. Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департамент бошлиғи Д.Б. Кадиров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 ноябрдаги ПҚ-360-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3216-сон қарорининг 6-банди ўн иккинчи хатбошисидаги «, Миллий гвардиянинг қўриқлаш хизматига» сўзлари чиқариб ташлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сон қарори билан тасдиқланган Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомда :

(а) 3-банднинг ўн иккинчи хатбошисидан «халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари ва» сўзлари чиқариб ташлансин;

(б) 19-банднинг тўртинчи хатбошиси «ҳарбий-академик лицейлар битирувчилари,» сўзларидан кейин «ички ишлар органларининг ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг камида бир йил амалий иш стажига эга ишчилари,» сўзлари билан тўлдирилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахслар мулкининг қўриқланишини таъминлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4060-сон қарорида :

(а) муқаддиманинг учинчи хатбошисидаги «Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг» сўзлари «Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг» сўзлари билан алмаштирилсин;

(б) 1-бандда :

учинчи хатбошидаги «Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси қўриқлаш бўлинмаларининг» сўзлари «Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ҳудудий бўлинмаларининг» сўзлари билан алмаштирилсин;

бешинчи хатбошидаги «Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси» сўзлари «Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти» сўзлари билан алмаштирилсин;

(в) 2-бандда :

биринчи хатбошидаги «Миллий гвардиянинг Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси (кейинги ўринларда — Қўриқлаш бош бошқармаси)» сўзлари «Ички ишлар вазирлигининг Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти (кейинги ўринларда — Қўриқлаш департаменти)» сўзлари билан алмаштирилсин;

«а» кичик банддаги «Qoʻriqlash Servis» давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда — «Qoʻriqlash Servis» ДУК)» сўзлари «Қўриқлашнинг техник воситаларини жорий қилиш илмий-тадқиқот маркази» давлат муассасасини (кейинги ўринларда — Илмий-тадқиқот маркази)» сўзлари билан алмаштирилсин;

«б» кичик бандда :

биринчи хатбошидаги «бош бошқармасининг» сўзлари «департаментининг» сўзи билан алмаштирилсин;

иккинчи ва учинчи хатбошилардаги «Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг» сўзлари «Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг» сўзлари билан алмаштирилсин;

(г) 3-банднинг иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Илмий-тадқиқот маркази ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти бўлинмалари билан қўриқланадиган объектларда ўрнатилган қўриқлашнинг техник воситалари ва тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар асосида амалга оширади;

қўриқланадиган объектларда ўрнатилган қўриқлашнинг техник воситалари ва тизимларига, шу жумладан автоматлаштирилган тизимнинг техник инфратузилма объектларига хизмат кўрсатиш фақат Илмий-тадқиқот маркази томонидан амалга оширилади»;

(д) 6-бандда :

иккинчи хатбошидаги «Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси» сўзлари «Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти» сўзлари билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошидаги «Қўриқлаш бош бошқармасига» сўзлари «Қўриқлаш департаментига» сўзлари билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

бешинчи хатбоши тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

тўртинчи хатбошидаги «Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг» сўзлари «Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг» сўзлари билан алмаштирилсин;

(ж) 8-банднинг олтинчи хатбошисидаги «Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси» сўзлари «Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти» сўзлари билан алмаштирилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4075-сон қарори 6-бандининг «в» кичик банди қўйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«профилактика инспекторларига ажратилган хизмат уй-жойларини капитал таъмирлаш»;

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ўқув марказлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5016-сон қарорида :

(а) номидаги «Миллий гвардиясининг» сўзлари «Ички ишлар вазирлигининг» сўзлари билан алмаштирилсин;

(б) 1-бандда :

иккинчи хатбошидаги «Миллий гвардиясининг» сўзлари «Ички ишлар вазирлигининг» сўзлари билан алмаштирилсин;

учинчи , тўртинчи ва бешинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги А. Қодирий кўчаси 43-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси балансидаги Автохўжалик ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тошкент минтақавий ўқув марказини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Фарғона ўқув марказини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Фарғона минтақавий ўқув марказига айлантириш;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Жиззах ўқув марказини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жиззах минтақавий ўқув марказига айлантириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин»;

(в) 2-бандда :

биринчи ва иккинчи хатбошилардаги «Миллий гвардиясининг» сўзлари «Ички ишлар вазирлигининг» сўзлари билан алмаштирилсин;

(г) 4-банднинг «а» , «б» ва «в» кичик бандларидаги тегишли келишикдаги «Миллий гвардия» сўзлари тегишли келишикдаги «Ички ишлар вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

(д) 5-бандда :

биринчи хатбошидаги «Миллий гвардияси қўмондонига» сўзлари «ички ишлар вазирига» сўзлари билан алмаштирилсин;

иккинчи хатбошидаги «Миллий гвардиясининг» сўзлари «Ички ишлар вазирлигининг» сўзлари билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошидаги «Миллий гвардиясининг Қўриқлаш бош бошқармаси» сўзлари «Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти» сўзлари билан алмаштирилсин;

(ж) 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

минтақавий ўқув марказларининг раҳбар ва педагоглар таркибини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида ҳамда вазирлик ва идораларнинг олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларида амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти минтақавий ўқув марказларининг раҳбарлари ва педагогларининг илмий-педагогик фаолиятини умумий мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ихтисослашган ўқув маркази Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси оддий аскар ва сержантлар таркибига мансуб ҳарбий хизматчилар ва ходимларни тайёрлаш бўйича таянч бўлинма ҳисобланади»;

(з) 7-банднинг учинчи хатбошидаги «Миллий гвардиясининг Қўриқлаш бош бошқармаси» сўзлари «Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти» сўзлари билан алмаштирилсин;

(и) 8-бандда :

учинчи хатбошидаги «Миллий гвардиясининг» сўзлари «Ички ишлар вазирлигининг» сўзлари билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбошидаги «Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасига» сўзлари «Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментига» сўзлари билан алмаштирилсин;

(к) 8 1 -банддаги «Миллий гвардиясига» сўзлари «Ички ишлар вазирлигига» сўзлари билан алмаштирилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4997-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 апрелдаги «Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5076-сон қарорида :

(а) 4-банднинг тўртинчи хатбошисидаги «300» рақами «400» рақами билан алмаштирилсин;

(б) 2-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 апрелдаги ПҚ-5076-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг касбий тайёргарлик факультетидаги таълим мутахассисликлари

Т/р Мутахассислик номи Бериладиган малака Таълим шакли Таълим муддати 1. Йўл-патруль фаолияти мутахассис кундузги 5 ой 2. Паспорт тизимини таъминлаш мутахассис кундузги 5 ой 3. Жамоат тартибини сақлаш фаолияти мутахассис кундузги 5 ой 4. Жазони ижро этиш фаолияти мутахассис кундузги 5 ой 5. Тарбиявий фаолият мутахассис кундузги 5 ой 6. Махсус операцияларни амалга ошириш фаолияти мутахассис кундузги 5 ой 7. Маъмурий-хўжалик таъминоти мутахассис кундузги 5 ой 8. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти* мутахассис кундузги 3 ой 9. Қўриқлаш фаолияти** мутахассис кундузги 3 ой

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1-сон қарорининг 6-банди «д» кичик бандининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани ташкилий-штат тузилмасига, қоида тариқасида, микроҳудудга хизмат кўрсатувчи профилактика (катта, кичик) инспекторлари, хотин-қизлар масалалари бўйича, пробация, йўл ҳаракати хавфсизлиги, қўриқлаш ва патруль-пост хизматлари инспекторлари ҳамда тезкор-қидирув хизмати ходими киритилиб, туман (шаҳар) ички ишлар органлари қўриқлаш бўлинмаларининг нарядлари доимий равишда хизмат олиб бориши ташкил этилади».

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2025 йил 28 ноябрь,

ПҚ-360-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.11.2025 й., 07/25/360/1110-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining

Qarori

ROʻYXATI

Ichki ishlar organlarining qoʻriqlash sohasidagi faoliyatini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

[Koʻchirma]

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 4-martdagi “Oʻzbekiston Respublikasida qoʻriqlash faoliyatini yanada takomillashtirish boʻyicha chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PF-42-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida qaror qilaman:

I. Maqsadlar

1. Quyidagilar ushbu qarorning asosiy maqsadlari etib belgilansin:

(a) davlat, oʻta muhim, toifalangan va boshqa obyektlarni, taʼlim muassasalarini, jismoniy va yuridik shaxslarning mol-mulkini zamonaviy usullar hamda raqamli texnologiyalar imkoniyatlari orqali qoʻriqlash tizimini yoʻlga qoʻyish;

(b) ichki ishlar organlarining qoʻriqlash sohasidagi faoliyatini jamoat xavfsizligini taʼminlash, mahallalardagi huquqbuzarliklarning oldini olish va jinoyatchilikka qarshi kurashish yoʻnalishlaridagi vazifalari bilan uzviy ravishda yagona yondashuvda amalga oshirish uchun samarali mexanizmlarni joriy etish.

II. Ustuvor vazifalar

2. Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi Qoʻriqlash bosh boshqarmasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamenti (keyingi oʻrinlarda — Departament) etib qayta tashkil etilgani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

3. Belgilansinki, Departament va uning boʻlinmalar zimmasiga “Sifat, ishonch, xavfsizlik” tamoyiliga muvofiq quyidagi asosiy vazifalar yuklatiladi:

(a) shartnoma asosida davlat, oʻta muhim, toifalangan va boshqa obyektlarni, taʼlim muassasalarini, jismoniy va yuridik shaxslarning mol-mulkini, savdo, xizmat koʻrsatish, koʻngilochar va qurilish obyektlarini zamonaviy usullar orqali qoʻriqlash;

(b) jamoat joylarida jamoat xavfsizligini taʼminlashda ishtirok etish, yuridik va jismoniy shaxslarga shartnoma asosida jamoat tartibini saqlash boʻyicha qoʻriqlash-patrullik xizmatlarini koʻrsatish;

(v) qoʻriqlanayotgan obyektlarda ichki tartib va nazorat-oʻtkazish rejimlarini taʼminlash, shuningdek, ularda jamoat tartibini saqlash, huquqbuzarliklarning oldini olish va jinoyatlar sodir etilishiga chek qoʻyish boʻyicha chora-tadbirlarni tashkil etish;

(g) jamoat xavfsizligini taʼminlash, huquqbuzarliklarning oldini olish va jinoyatchilikka qarshi kurashishda ichki ishlar organlari sohaviy xizmatlariga har tomonlama koʻmaklashish;

(d) qoʻriqlashning texnik vositalari va tizimlarini qoʻllash sohasida yagona texnik siyosatni yuritish, qoʻriqlash faoliyatiga zamonaviy axborot-kommunikatsiya va sunʼiy intellekt texnologiyalarini keng joriy etish.

III. Tashkiliy-huquqiy masalalar

4. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamenti toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga * muvofiq tasdiqlansin.

5. Belgilansinki:

(a) Departament Milliy gvardiya Qoʻriqlash bosh boshqarmasi, uning hududiy va tarmoq boʻlinmalarining, Ichki ishlar vazirligi esa Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahri, Jizzax va Fargʻona viloyatlari mintaqaviy oʻquv markazlarining barcha huquqlari, majburiyatlari va shartnomalari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanadi;

(b) Departamentga qoʻshimcha shtat birliklarini kiritmasdan shartnoma asosida obyektlarni mavsumiy jismoniy qoʻriqlash, xavfli yuklarni avtomobil transportida tashish jarayonida qoʻriqlash-kuzatish xizmatini koʻrsatishga ruxsat beriladi.

IV. Xizmat faoliyatini tashkil etish

6. Ichki ishlar vazirligining quyidagi takliflariga rozilik berilsin:

(a) Departamentga qoʻriqlanadigan obyektlarga oʻrnatilgan qoʻriqlashning texnik vositalari va tizimlariga xizmat koʻrsatish huquqini berish;

(b) Departamentga qoʻriqlash xizmatini tashkil etishda qoʻriqlovdagi obyektlarning maʼmuriyati bilan kelishilgan holda ularning videokuzatuv kameralarini Departamentning axborot tizimlariga integratsiya qilish;

(v) mahallalarda qoʻriqlash boʻlinmalariga yuklatilgan vazifalarni samarali tashkil etish va jamoat xavfsizligini taʼminlash faoliyatiga manzilli koʻmaklashish maqsadida kriminogen vaziyat ogʻir hududlardagi mahalla huquq-tartibot maskanlari tuzilmasiga qoʻriqlash xizmati inspektori lavozimini kiritish;

(g) kriminogen vaziyati ogʻir hududlarda, turistik infratuzilma obyektlarida hamda ommaviy dam olish joylarida mahalliy budjet mablagʻlari hisobidan Departamentning qoʻriqlash-patrul xizmati naryadlarini tashkil etish.

7. Belgilab qoʻyilsinki:

(a) 2026-yil 1-yanvardan boshlab qoʻriqlovga olingan banklar, yirik ishlab chiqarish korxonalari, mahalliy hokimliklar va boshqa obyektlarning fuqarolar kirish va chiqish joylariga ularning oʻz mablagʻlari hisobidan Ichki ishlar vazirligining “Xavfsiz shahar” tizimlarini rivojlantirish markazi” davlat muassasasi tomonidan bosqichma-bosqich shaxsning yuzini tanib olish imkoniyatiga ega texnik vositalar oʻrnatilib, tegishli axborot bazalari bilan integratsiya qilinadi;

(b) qoʻriqlanayotgan obyekt va xonadonlardan tushayotgan tashvish xabarlari bir vaqtning oʻzida ichki ishlar organlarining yagona tezkor boshqaruv markazlariga, tegishli hudud profilaktika inspektorlari va patrul-post xizmati naryadlarining planshetlariga yuboriladi;

(v) Milliy gvardiya tarkibidagi Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahri, Jizzax va Fargʻona viloyatlari mintaqaviy oʻquv markazlari mavjud shtat birliklari, asosiy vositalari, jihozlari hamda ular faoliyatini moliyalashtirishning amaldagi tartibini saqlab qolgan holda Ichki ishlar vazirligiga, Milliy gvardiya balansida boʻlgan Xorazm viloyati qoʻriqlash boshqarmasining binosi Departamentga oʻtkaziladi.

8. Ichki ishlar vaziriga quyidagi huquqlar berilsin:

(a) jismoniy va yuridik shaxslar bilan qoʻriqlash xizmatini koʻrsatish boʻyicha tuzilgan shartnomalar asosida Departamentning tashkiliy-shtat tuzilmasiga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish;

(b) Departament va uning boʻlinmalariga xizmatga (ishga) nomzodlarni tanlov asosida saralab olish boʻyicha alohida tartibni belgilash;

(v) qoʻriqlash xizmatlarining tariflarini (narxlarini) Davlat budjeti hisobidan moliyalashtiriladigan budjet tashkilotlari uchun Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishgan holda, boshqa yuridik va jismoniy shaxslar uchun esa mustaqil belgilash.

9. Tasarrufida idoraviy harbiylashtirilgan qoʻriqlash boʻlinmalari boʻlgan davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari hamda boshqa tashkilotlar:

(a) uch oy muddatda idoraviy harbiylashtirilgan qoʻriqlash boʻlinmalari naryadlarining xizmat oʻtash qoidalari, ularning ishchi va xizmatchilari kiyim-boshlari va farqlovchi belgilarining namunalarini ishlab chiqib, kelishish uchun Ichki ishlar vazirligiga kiritsin;

(b) ikki tomonlama tuzilgan rejalarga muvofiq, idoraviy harbiylashtirilgan qoʻriqlash boʻlinmalari xodimlarini Ichki ishlar vazirligining mintaqaviy oʻquv markazlarida va Ichki ishlar vazirligi Malaka oshirish institutida shartnoma asosida tayyorlash, qayta tayyorlash va malakasini oshirishni tashkil etsin.

10. Tizimida oʻta muhim va toifalangan obyektlar boʻlgan vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar qoʻriqlanadigan obyektlarini bosqichma-bosqich 2026-yil yakuniga qadar uchuvchisiz uchadigan apparatlarga qarshi qurilmalar hamda uchuvchisiz uchadigan apparatlar bilan jihozlash choralarini koʻrsin.

11. Quyidagilarni nazarda tutuvchi “Xavfsiz taʼlim” konsepsiyasi joriy etilsin:

(a) davlat taʼlim muassasalari, nodavlat taʼlim tashkilotlari (maktabgacha taʼlim tashkilotlari bundan mustasno) va xorijiy davlatlar taʼlim tashkilotlari filiallarining (keyingi oʻrinlarda — taʼlim muassasalari) xavfsizligini shartnoma asosida jismoniy va texnik qoʻriqlash tizimlari orqali taʼminlash;

(b) Departament tomonidan shartnoma asosida taʼlim muassasalariga qoʻriqlash signalizatsiyalari, tashvish tugmalari, videokuzatuv moslamalarini oʻrnatish va ularga texnik xizmatlar koʻrsatish.

12. Ichki ishlar vazirligi (A. Tashpulatov) Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi (K. Sharipov), Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi (E. Karimova), tarkibida taʼlim muassasasi boʻlgan vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari bilan birgalikda:

(a) bir oy muddatda “Xavfsiz taʼlim” konsepsiyasini 2026-2027-yillar mobaynida amalga oshirish boʻyicha chora-tadbirlar dasturini hamda taʼlim muassasalarida qoʻriqlash-qorovullik faoliyatini tartibga soluvchi Hukumat qarori loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

(b) 2026-yil 1-yanvardan boshlab taʼlim muassasalarining idoraviy qorovullik boʻlinmalari ishchi va xizmatchilarini mintaqaviy oʻquv markazlarida shartnoma asosida Davlat budjeti, oliy taʼlim muassasalarining budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan tayyorlash, qayta tayyorlash va malakasi oshirish tizimini yoʻlga qoʻysin.

V. Moddiy-texnik taʼminot va ijtimoiy himoya masalalari

13. Ichki ishlar vazirligi (A. Tashpulatov):

(a) 2026-yil 1-mayga qadar mahalliy ishlab chiqaruvchilarni jalb qilgan holda respublikada joriy qilingan texnik qoʻriqlash tizimlariga qoʻriqlashning muqobil zamonaviy apparat-dasturiy komplekslarini joriy etish choralarini koʻrsin;

(b) Raqamli texnologiyalar vazirligi (Sh. Shermatov) bilan birgalikda 2026-yil 1-martga qadar Departament mablagʻlari hisobidan “E-QOʻRIQLASH” elektron platformasini ishga tushirsin, shuningdek, “Xavfsiz taʼlim” konsepsiyasi doirasida yagona axborot tizimini ishlab chiqib, davlat organlarining axborot tizimlari bilan integratsiyasini taʼminlasin;

(v) uch oy muddatda ichki ishlar organlari qoʻriqlash xizmati inspektorlariga ayrim maʼmuriy huquqbuzarliklarni aniqlash va bu borada hujjatlarni rasmiylashtirish boʻyicha tegishli vakolat berishni nazarda tutuvchi qonun loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

(g) ikki oy muddatda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda mavsumiy qoʻriqlash, xavfli yuklarni avtomobil transportida tashish jarayonida qoʻriqlash-kuzatish xizmatlarini tashkil etish, shuningdek, qoʻshimcha xizmatga jalb etilgan qoʻriqlash xodimlariga ish haqi toʻlash tartiblarini belgilovchi Hukumat qarori loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

(d) 2026-yil 1-martga qadar qoʻriqlash boʻlinmalari tezkor harakatlanuvchi guruhlarining xizmat faoliyatini tashkil etish, boshqarish va nazorat qilish tizimlarini raqamlashtirish choralarini koʻrsin;

(j) Transport vazirligi va Sogʻliqni saqlash vazirligi bilan birgalikda yoʻnalishli avtobuslar va tez tibbiy yordam avtotransport vositalariga bosqichma-bosqich tashvish tugmalarini oʻrnatib, ularga jamoat tartibini saqlash, tibbiy yordam xodimlarining xavfsizligini taʼminlash boʻyicha shartnoma asosida qoʻriqlash xizmatlari koʻrsatishni yoʻlga qoʻysin;

(z) 2026-yil 1-yanvardan boshlab texnik qoʻriqlovga olingan obyektlarni alohida guruhlarga ajratgan holda koʻrsatilgan qoʻriqlash xizmatlari uchun differensial toʻlov tizimini joriy etsin.

14. Ichki ishlar vazirligi (A. Tashpulatov), Milliy gvardiya (R. Djurayev) uch oy muddatda ichki ishlar organlari xodimlarining farzandlariga oliy taʼlim muassasalariga kirish uchun ajratiladigan qabul kvotalarini koʻrib chiqib, ularni shaxsiy tarkib sonidan kelib chiqqan holda qayta taqsimlash yuzasidan takliflar kiritsin.

VI. Qaror ijrosini tashkil etish, taʼminlash va nazorat

15. Jismoniy va yuridik shaxslarga qoʻriqlash xizmatining afzalliklari haqida maʼlumot berish maqsadida Departament mablagʻlari hisobidan internet va ijtimoiy tarmoqlarda target reklamasidan foydalanishga ruxsat berilsin.

16. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining ayrim qarorlariga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

17. Ichki ishlar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda uch oy muddatda qonunchilik hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.

18. Qaror ijrosini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri A.N. Aripov va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi departament boshligʻi D.B. Kadirov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 28-noyabrdagi PQ-360-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 16-avgustdagi “Ichki ishlar organlari xodimlarini tayyorlash, qayta tayyorlash va malakasini oshirish tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-3216-son qarorining 6-bandi oʻn ikkinchi xatboshisidagi “, Milliy gvardiyaning qoʻriqlash xizmatiga” soʻzlari chiqarib tashlansin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 29-noyabrdagi PQ-3413-son qarori bilan tasdiqlangan Ichki ishlar organlarida xizmatni oʻtash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :

(a) 3-bandning oʻn ikkinchi xatboshisidan “xalqaro aeroportlarda xavfsizlikni taʼminlash qoʻshinlari va” soʻzlari chiqarib tashlansin;

(b) 19-bandning toʻrtinchi xatboshisi “harbiy-akademik litseylar bitiruvchilari,” soʻzlaridan keyin “ichki ishlar organlarining harbiylashtirilgan qoʻriqlash boʻlinmalarining kamida bir yil amaliy ish stajiga ega ishchilari,” soʻzlari bilan toʻldirilsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 12-dekabrdagi “Jismoniy va yuridik shaxslar mulkining qoʻriqlanishini taʼminlash samaradorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-4060-son qarorida :

(a) muqaddimaning uchinchi xatboshisidagi “Milliy gvardiyasi Qoʻriqlash bosh boshqarmasining” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamentining” soʻzlari bilan almashtirilsin;

(b) 1-bandda :

uchinchi xatboshidagi “Milliy gvardiyasi Qoʻriqlash bosh boshqarmasi qoʻriqlash boʻlinmalarining” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamenti hududiy boʻlinmalarining” soʻzlari bilan almashtirilsin;

beshinchi xatboshidagi “Milliy gvardiyasi Qoʻriqlash bosh boshqarmasi” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamenti” soʻzlari bilan almashtirilsin;

(v) 2-bandda :

birinchi xatboshidagi “Milliy gvardiyaning Milliy gvardiya Qoʻriqlash bosh boshqarmasi (keyingi oʻrinlarda — Qoʻriqlash bosh boshqarmasi)” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligining Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamenti (keyingi oʻrinlarda — Qoʻriqlash departamenti)” soʻzlari bilan almashtirilsin;

“a” kichik banddagi “Qoʻriqlash Servis” davlat unitar korxonasini (keyingi oʻrinlarda — “Qoʻriqlash Servis” DUK)” soʻzlari “Qoʻriqlashning texnik vositalarini joriy qilish ilmiy-tadqiqot markazi” davlat muassasasini (keyingi oʻrinlarda — Ilmiy-tadqiqot markazi)” soʻzlari bilan almashtirilsin;

“b” kichik bandda :

birinchi xatboshidagi “bosh boshqarmasining” soʻzlari “departamentining” soʻzi bilan almashtirilsin;

ikkinchi va uchinchi xatboshilardagi “Milliy gvardiyasi Qoʻriqlash bosh boshqarmasining” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamentining” soʻzlari bilan almashtirilsin;

(g) 3-bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilari quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Ilmiy-tadqiqot markazi oʻz faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamenti boʻlinmalari bilan qoʻriqlanadigan obyektlarda oʻrnatilgan qoʻriqlashning texnik vositalari va tizimlariga xizmat koʻrsatish boʻyicha tuzilgan shartnomalar asosida amalga oshiradi;

qoʻriqlanadigan obyektlarda oʻrnatilgan qoʻriqlashning texnik vositalari va tizimlariga, shu jumladan avtomatlashtirilgan tizimning texnik infratuzilma obyektlariga xizmat koʻrsatish faqat Ilmiy-tadqiqot markazi tomonidan amalga oshiriladi”;

(d) 6-bandda :

ikkinchi xatboshidagi “Milliy gvardiyasi Qoʻriqlash bosh boshqarmasi” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamenti” soʻzlari bilan almashtirilsin;

uchinchi xatboshidagi “Qoʻriqlash bosh boshqarmasiga” soʻzlari “Qoʻriqlash departamentiga” soʻzlari bilan almashtirilsin;

toʻrtinchi xatboshi chiqarib tashlansin;

beshinchi xatboshi toʻrtinchi xatboshi deb hisoblansin;

toʻrtinchi xatboshidagi “Milliy gvardiyasi Qoʻriqlash bosh boshqarmasining” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamentining” soʻzlari bilan almashtirilsin;

(j) 8-bandning oltinchi xatboshisidagi “Milliy gvardiyasi Qoʻriqlash bosh boshqarmasi” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamenti” soʻzlari bilan almashtirilsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 24-dekabrdagi “Jamoat xavfsizligini taʼminlash samaradorligini oshirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PQ-4075-son qarori 6-bandining “v” kichik bandi qoʻyidagi mazmundagi oltinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“profilaktika inspektorlariga ajratilgan xizmat uy-joylarini kapital taʼmirlash”;

5. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 3-martdagi “Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasining oʻquv markazlari faoliyatini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PQ-5016-son qarorida :

(a) nomidagi “Milliy gvardiyasining” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligining” soʻzlari bilan almashtirilsin;

(b) 1-bandda :

ikkinchi xatboshidagi “Milliy gvardiyasining” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligining” soʻzlari bilan almashtirilsin;

uchinchi , toʻrtinchi va beshinchi xatboshilar quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Toshkent shahrining Sergeli tumanidagi A. Qodiriy koʻchasi 43-uy manzilida joylashgan Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamentining Toshkent shahar Qoʻriqlash boshqarmasi balansidagi Avtoxoʻjalik hududida Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Toshkent mintaqaviy oʻquv markazini tashkil etish;

Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasining Fargʻona oʻquv markazini Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Fargʻona mintaqaviy oʻquv markaziga aylantirish;

Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasining Jizzax oʻquv markazini Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Jizzax mintaqaviy oʻquv markaziga aylantirish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin”;

(v) 2-bandda :

birinchi va ikkinchi xatboshilardagi “Milliy gvardiyasining” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligining” soʻzlari bilan almashtirilsin;

(g) 4-bandning “a” , “b” va “v” kichik bandlaridagi tegishli kelishikdagi “Milliy gvardiya” soʻzlari tegishli kelishikdagi “Ichki ishlar vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

(d) 5-bandda :

birinchi xatboshidagi “Milliy gvardiyasi qoʻmondoniga” soʻzlari “ichki ishlar vaziriga” soʻzlari bilan almashtirilsin;

ikkinchi xatboshidagi “Milliy gvardiyasining” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligining” soʻzlari bilan almashtirilsin;

uchinchi xatboshidagi “Milliy gvardiyasining Qoʻriqlash bosh boshqarmasi” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamenti” soʻzlari bilan almashtirilsin;

(j) 6-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“6. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:

mintaqaviy oʻquv markazlarining rahbar va pedagoglar tarkibini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Akademiyasi, Ichki ishlar vazirligi Malaka oshirish institutida hamda vazirlik va idoralarning oliy, oliy harbiy va ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarida amalga oshiriladi;

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Malaka oshirish instituti mintaqaviy oʻquv markazlarining rahbarlari va pedagoglarining ilmiy-pedagogik faoliyatini umumiy muvofiqlashtiradi;

Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi Ixtisoslashgan oʻquv markazi Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi oddiy askar va serjantlar tarkibiga mansub harbiy xizmatchilar va xodimlarni tayyorlash boʻyicha tayanch boʻlinma hisoblanadi”;

(z) 7-bandning uchinchi xatboshidagi “Milliy gvardiyasining Qoʻriqlash bosh boshqarmasi” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamenti” soʻzlari bilan almashtirilsin;

(i) 8-bandda :

uchinchi xatboshidagi “Milliy gvardiyasining” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligining” soʻzlari bilan almashtirilsin;

toʻrtinchi xatboshidagi “Milliy gvardiyasi Qoʻriqlash bosh boshqarmasiga” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Qoʻriqlash departamentiga” soʻzlari bilan almashtirilsin;

(k) 8 1 -banddagi “Milliy gvardiyasiga” soʻzlari “Ichki ishlar vazirligiga” soʻzlari bilan almashtirilsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 20-fevraldagi “Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi Qoʻriqlash bosh boshqarmasining faoliyatini sifat jihatidan yangi bosqichga koʻtarish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-4997-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 15-apreldagi “Ichki ishlar organlari uchun professional kadrlarni tayyorlashning sifat jihatidan yangi tizimini joriy etish boʻyicha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PQ-5076-son qarorida :

(a) 4-bandning toʻrtinchi xatboshisidagi “300” raqami “400” raqami bilan almashtirilsin;

(b) 2-ilova quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 15-apreldagi PQ-5076-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Malaka oshirish institutining kasbiy tayyorgarlik fakultetidagi taʼlim mutaxassisliklari

T/r Mutaxassislik nomi Beriladigan malaka Taʼlim shakli Taʼlim muddati 1. Yoʻl-patrul faoliyati mutaxassis kunduzgi 5 oy 2. Pasport tizimini taʼminlash mutaxassis kunduzgi 5 oy 3. Jamoat tartibini saqlash faoliyati mutaxassis kunduzgi 5 oy 4. Jazoni ijro etish faoliyati mutaxassis kunduzgi 5 oy 5. Tarbiyaviy faoliyat mutaxassis kunduzgi 5 oy 6. Maxsus operatsiyalarni amalga oshirish faoliyati mutaxassis kunduzgi 5 oy 7. Maʼmuriy-xoʻjalik taʼminoti mutaxassis kunduzgi 5 oy 8. Huquqbuzarliklar profilaktikasi faoliyati* mutaxassis kunduzgi 3 oy 9. Qoʻriqlash faoliyati** mutaxassis kunduzgi 3 oy

9. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 3-yanvardagi “2025-yilda respublika mahallalarida xavfsiz muhitni yaratish va huquqbuzarliklarning barvaqt oldini olish tizimi samaradorligini yanada oshirish boʻyicha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PQ-1-son qarorining 6-bandi “d” kichik bandining uchinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“mahalla huquq-tartibot maskani tashkiliy-shtat tuzilmasiga, qoida tariqasida, mikrohududga xizmat koʻrsatuvchi profilaktika (katta, kichik) inspektorlari, xotin-qizlar masalalari boʻyicha, probatsiya, yoʻl harakati xavfsizligi, qoʻriqlash va patrul-post xizmatlari inspektorlari hamda tezkor-qidiruv xizmati xodimi kiritilib, tuman (shahar) ichki ishlar organlari qoʻriqlash boʻlinmalarining naryadlari doimiy ravishda xizmat olib borishi tashkil etiladi”.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2025-yil 28-noyabr,

PQ-360-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.11.2025-y., 07/25/360/1110-son)

lex.uz