📅 2025-yil 18-noyabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 18-noyabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Sogʻliqni saqlash vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 18 ноябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Соғлиқни сақлаш вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 18 ноября 2025 г. · Документы министерств и ведомств · Министр здравоохранения
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 18 November 2025 · Ministry and agency documents · Sogʻliqni saqlash vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг
буйруғи
НИЗОМ
Стационар тиббиёт муассасаларидаги беморларни тиббий кўрсатмага мувофиқ бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПФ-161-сон «Ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда вазирлик ва идораларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва 2023 йил 8 сентябрдаги ПҚ-296-сон «Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Стационар тиббиёт муассасаларидаги беморларни тиббий кўрсатмага мувофиқ бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 18 ноябрдаги 11-сон буйруғига ИЛОВА
Стационар тиббиёт муассасаларидаги беморларни тиббий кўрсатмага мувофиқ бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги стационар тиббиёт муассасаларидаги (бундан буён матнда тиббиёт муассасалари деб юритилади) беморларни тиббий кўрсатмага мувофиқ бошқа тиббиёт муассасаларига ўтказиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишга нисбатан татбиқ этилмайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Беморларнинг соғлиғи ҳолатидан келиб чиқиб, уларга зарур бўлган малакали ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатишни таъминлаш мақсадида беморлар бир тиббиёт муассасасидан бошқа тиббиёт муассасасига ўтказилади.
2. Беморларни бир тиббиёт муассасасидан бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш жараёнида улар тиббиёт муассасасини зарур тиббий ёрдамни кўрсатиш имконияти мавжуд бўлган тиббиёт муассасалари орасидан эркин танлаш ҳуқуқига эга.
2-боб. Беморларга бир тиббиёт муассасасидан бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш учун тиббий кўрсатма бериш
3. Беморларни бир тиббиёт муассасасидан бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш беморнинг даволовчи шифокори ёки бемор даволанаётган тиббиёт муассасасининг навбатчи шифокори (бундан буён матнда шифокор деб юритилади) томонидан мазкур Низомнинг иловасидаги шаклга мувофиқ берилган беморни бир тиббиёт муассасасидан бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш тўғрисидаги тиббий кўрсатмага (бундан буён матнда тиббий кўрсатма деб юритилади) асосан тиббиёт муассасасининг раҳбариятини хабардор қилган ҳолда амалга оширилади.
4. Шифокор беморларга қуйидаги ҳолатларда тиббий кўрсатма беради:
беморни ташхислаш учун тиббиёт муассасасида зарур бўлган тиббий ускуналар мавжуд бўлмаганда ёки мавжуд бўлган тиббий ускуналар техник носоз ҳолатда бўлиб, улардан фойдаланишнинг имкони бўлмаганда;
беморни даволаш учун зарур ихтисосликдаги мутахассис-шифокорлар мавжуд бўлмаганда;
бемор учун зарур бўлган ихтисослаштирилган тиббий ёрдам фақат бошқа тиббиёт муассасасида кўрсатилиши мумкин бўлган ҳолларда.
5. Беморни бир тиббиёт муассасасидан бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш, унинг ҳаётига бевосита хавф туғдирса ёки умумий аҳволининг кескин ёмонлашувига олиб келса, шифокор томонидан беморга тиббий кўрсатма бериш рад этилади.
6. Шифокор беморга тиббий кўрсатма беришдан олдин, бемор ўтказилиши режалаштирилаётган тиббиёт муассасасининг тегишли ихтисосликдаги мутахассис-шифокори ёки бошқа шифокори билан масофадан боғланиш имкониятини бера оладиган телетиббиёт (бундан буён матнда телетиббиёт деб юритилади) орқали боғланади.
Боғланиш жараёнида шифокор бемор ўтказилиши режалаштирилаётган тиббиёт муассасасининг тегишли ихтисосликдаги мутахассис-шифокорига ёки бошқа шифокорига бемор ҳақидаги қуйидаги маълумотлар тўғрисида ахборот беради:
фамилияси, исми, отасининг исми, ёши ва жинси;
асосий ташхис ва қўшимча ташхислар;
умумий аҳволи ва ҳаётий кўрсаткичлари (артериал босим, нафас олиш тезлиги, юрак уриши, тана ҳарорати ва бошқалар);
кўрсатилган даволаш чоралари ҳамда ўтказилган лаборатор ва инструментал текширувлар натижалари;
тиббий кўрсатмани бериш учун мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ҳолатлар мавжудлиги.
Шифокор томонидан берилган ахборотдан келиб чиқиб, шу вақтнинг озида бемор ўтказилиши режалаштирилаётган тиббиёт муассасасининг тегишли ихтисосликдаги мутахассис-шифокори ёки бошқа шифокори томонидан беморни қабул қилиш имконияти мавжуд бўлса, қуйидагилар ҳақида маълумот берилади:
беморни қабул қилиш учун мавжуд бўш ўрин ҳамда зарур тиббий ускуналарнинг мавжудлиги;
беморни даволовчи тегишли ихтисосликдаги мутахассис-шифокорларнинг мавжудлиги;
беморни қабул қилиш вақти ва санаси.
7. Бемор ўтказилиши режалаштирилаётган тиббиёт муассасасининг тегишли ихтисосликдаги мутахассис-шифокори ёки бошқа шифокори қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлганда тақдирда, беморни тиббиёт муассасасига қабул қилишни рад этади:
беморни қабул қилиш учун мавжуд бўш ўрин ҳамда зарур тиббий ускуналарнинг мавжуд эмаслиги;
беморни даволовчи тегишли ихтисосликдаги мутахассис-шифокорларнинг мавжуд эмаслиги;
бемор учун зарур бўлган ихтисослаштирилган тиббий ёрдам тиббиёт муассасасида кўрсатилмаслиги.
8. Бемор ўтказилиши режалаштирилаётган тиббиёт муассасасининг тегишли ихтисосликдаги мутахассис-шифокори ёки бошқа шифокори томонидан беморни тиббиёт муассасасига қабул қилиш рад этилган тақдирда, шу вақтнинг ўзида шифокор бошқа тиббиёт муассасалари билан телетиббиёт орқали боғланади ва беморни қабул қила оладиган тиббиёт муассасасини аниқлагунча жараённи давом эттиради.
9. Шифокор беморни даволаш учун қабул қила оладиган тиббиёт муассасасини аниқлаганда шу заҳоти беморга электрон ёки қоғоз шаклдаги тиббий кўрсатмани беради.
10. Шифокор томонидан беморга тиббий кўрсатма берилганидан сўнг, унга бир тиббиёт муассасасидан бошқа тиббиёт муассасасига ўтказишнинг мақсади, шарт-шароитлари ва эҳтимолий оқибатлари тушунтирилади ҳамда бемордан бошқа тиббиёт муассасасига ўтказишга розилиги ёзма равишда олинади.
3-боб. Беморларни бир тиббиёт муассасасидан бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш ва қабул қилиш
11. Шифокор томонидан беморга тиббий кўрсатманинг берилганлиги, беморнинг бошқа тиббиёт муассасасига ўтказилишига ёзма розилиги олинганлиги ҳамда қабул қилувчи тиббиёт муассасасининг беморни қабул қилишга тайёрлиги тасдиқланганидан сўнг, шу куннинг ўзида ёки қабул қилувчи тиббиёт муассасасининг тегишли ихтисосликдаги мутахассис-шифокори ёки бошқа шифокори билан телетиббиёт орқали келишилган вақтда беморни бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш жараёни ташкил этилади.
Бунда беморни даволанаётган тиббиёт муассасасидан бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш унинг ҳаётий кўрсаткичларининг (артериал босим, нафас олиш тезлиги, юрак уриши, тана ҳарорати ва бошқалар) барқарорлигини таъминлаган ҳолда тез тиббий ёрдам автотранспорт воситалари ёрдамида тез тиббий ёрдам шифокори кузатувида бепул амалга оширилади.
12. Шифокор томонидан бир тиббиёт муассасасидан бошқа тиббиёт муассасасига ўтказилаётган бемор билан бирга унинг ёзма розилиги ва касаллик тарихидан кўчирмаси ҳамда тиббий кўрсатмаси қабул қилувчи тиббиёт муассасасига юборилади.
13. Бемор қабул қилувчи тиббиёт муассасасига етказилгач, уни қабул қилиб олувчи шифокор томонидан беморнинг ҳаётий кўрсаткичлари (артериал босим, нафас олиш тезлиги, юрак уриши, тана ҳарорати ва бошқалар) қайд этилади ва даволаш учун тиббиёт муассасасининг тегишли бўлимига жойлаштирилади.
14. Тиббиёт муассасасига беморни қабул қилиб олган шифокор бемор билан бирга тақдим этилган мазкур Низомнинг 12-бандида келтирилган ҳужжатларни кўздан кечиради, улардаги маълумотларни беморнинг жорий аҳволи билан таққослайди ҳамда бемор даволаш учун тиббиёт муассасасига қабул қилинганлиги ҳақида ўзининг раҳбариятини ва беморни юборган тиббиёт муассасасини шу заҳоти хабардор қилади.
4-боб. Якунловчи қоида
15. Мазкур Низомнинг талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Стационар тиббиёт муассасаларидаги беморларни тиббий кўрсатмага мувофиқ бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Беморни бир тиббиёт муассасасидан бошқа тиббиёт муассасасига ўтказиш тўғрисидаги ТИББИЙ КЎРСАТМА ____-сон __________________________________________________________ (тиббиёт муассасасининг номи) Беморнинг фамилияси, исми ва отасининг исми: __________________________________________ Беморнинг туғилган йили, ойи ва санаси: ____________________ Беморнинг жинси: ____________ Беморга қўйилган ташхис (асосий ва қўшимча ташхислар) : __________________________________ _____________________________________________________________________________________ Тиббий кўрсатмани бериш учун асослар: __________________________________________________ _____________________________________________________________________________________ _____________________________________________________________________________________ _____________________________________________________________________________________ _____________________________________________________________________________________ Тиббий кўрсатмани берувчи шифокорнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими: _____________________________________________________________________________________ Тез тиббий ёрдам бригадаси: ____________________________________________________________ _______________________________________ (шифокорнинг Ф.И.О ва бригада рақами кўрсатилади) Беморни қабул қилувчи тиббиёт муассасаси _______________________________________________________ (тиббиёт муассасасининг номи) Беморни қабул қилиб олувчи бўлимнинг номи: ____________________________________________ Беморни қабул қилиб олувчи шифокорнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозими: _____________________________________________________________________________________ _______________________ ________________ ______________________ (тиббий кўрсатмани берувчи шифокорнинг лавозими) (имзо) (Ф.И.О ) Сана ва вақти _____________
Вазир А. ХУДАЯРОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 18 ноябрь,
11-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirining
buyrugʻi
NIZOM
Statsionar tibbiyot muassasalaridagi bemorlarni tibbiy koʻrsatmaga muvofiq boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 8-sentabrdagi PF-161-son “Islohotlarni huquqiy jihatdan taʼminlash samaradorligini oshirish hamda ijtimoiy munosabatlarni tartibga solishda vazirlik va idoralarning masʼuliyati va tashabbuskorligini kuchaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi Farmoni va 2023-yil 8-sentabrdagi PQ-296-son “Onalar va bolalar salomatligini muhofaza qilish, aholining reproduktiv salomatligini mustahkamlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq buyuraman:
1. Statsionar tibbiyot muassasalaridagi bemorlarni tibbiy koʻrsatmaga muvofiq boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vazirining 2025-yil 18-noyabrdagi 11-son buyrugʻiga ILOVA
Statsionar tibbiyot muassasalaridagi bemorlarni tibbiy koʻrsatmaga muvofiq boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tizimidagi statsionar tibbiyot muassasalaridagi (bundan buyon matnda tibbiyot muassasalari deb yuritiladi) bemorlarni tibbiy koʻrsatmaga muvofiq boshqa tibbiyot muassasalariga oʻtkazish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizom shoshilinch va kechiktirib boʻlmaydigan tibbiy yordam koʻrsatishga nisbatan tatbiq etilmaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Bemorlarning sogʻligʻi holatidan kelib chiqib, ularga zarur boʻlgan malakali va ixtisoslashtirilgan tibbiy yordamni oʻz vaqtida va toʻliq koʻrsatishni taʼminlash maqsadida bemorlar bir tibbiyot muassasasidan boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkaziladi.
2. Bemorlarni bir tibbiyot muassasasidan boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazish jarayonida ular tibbiyot muassasasini zarur tibbiy yordamni koʻrsatish imkoniyati mavjud boʻlgan tibbiyot muassasalari orasidan erkin tanlash huquqiga ega.
2-bob. Bemorlarga bir tibbiyot muassasasidan boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazish uchun tibbiy koʻrsatma berish
3. Bemorlarni bir tibbiyot muassasasidan boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazish bemorning davolovchi shifokori yoki bemor davolanayotgan tibbiyot muassasasining navbatchi shifokori (bundan buyon matnda shifokor deb yuritiladi) tomonidan mazkur Nizomning ilovasidagi shaklga muvofiq berilgan bemorni bir tibbiyot muassasasidan boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazish toʻgʻrisidagi tibbiy koʻrsatmaga (bundan buyon matnda tibbiy koʻrsatma deb yuritiladi) asosan tibbiyot muassasasining rahbariyatini xabardor qilgan holda amalga oshiriladi.
4. Shifokor bemorlarga quyidagi holatlarda tibbiy koʻrsatma beradi:
bemorni tashxislash uchun tibbiyot muassasasida zarur boʻlgan tibbiy uskunalar mavjud boʻlmaganda yoki mavjud boʻlgan tibbiy uskunalar texnik nosoz holatda boʻlib, ulardan foydalanishning imkoni boʻlmaganda;
bemorni davolash uchun zarur ixtisoslikdagi mutaxassis-shifokorlar mavjud boʻlmaganda;
bemor uchun zarur boʻlgan ixtisoslashtirilgan tibbiy yordam faqat boshqa tibbiyot muassasasida koʻrsatilishi mumkin boʻlgan hollarda.
5. Bemorni bir tibbiyot muassasasidan boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazish, uning hayotiga bevosita xavf tugʻdirsa yoki umumiy ahvolining keskin yomonlashuviga olib kelsa, shifokor tomonidan bemorga tibbiy koʻrsatma berish rad etiladi.
6. Shifokor bemorga tibbiy koʻrsatma berishdan oldin, bemor oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tibbiyot muassasasining tegishli ixtisoslikdagi mutaxassis-shifokori yoki boshqa shifokori bilan masofadan bogʻlanish imkoniyatini bera oladigan teletibbiyot (bundan buyon matnda teletibbiyot deb yuritiladi) orqali bogʻlanadi.
Bogʻlanish jarayonida shifokor bemor oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tibbiyot muassasasining tegishli ixtisoslikdagi mutaxassis-shifokoriga yoki boshqa shifokoriga bemor haqidagi quyidagi maʼlumotlar toʻgʻrisida axborot beradi:
familiyasi, ismi, otasining ismi, yoshi va jinsi;
asosiy tashxis va qoʻshimcha tashxislar;
umumiy ahvoli va hayotiy koʻrsatkichlari (arterial bosim, nafas olish tezligi, yurak urishi, tana harorati va boshqalar);
koʻrsatilgan davolash choralari hamda oʻtkazilgan laborator va instrumental tekshiruvlar natijalari;
tibbiy koʻrsatmani berish uchun mazkur Nizomning 4-bandida koʻrsatilgan holatlar mavjudligi.
Shifokor tomonidan berilgan axborotdan kelib chiqib, shu vaqtning ozida bemor oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tibbiyot muassasasining tegishli ixtisoslikdagi mutaxassis-shifokori yoki boshqa shifokori tomonidan bemorni qabul qilish imkoniyati mavjud boʻlsa, quyidagilar haqida maʼlumot beriladi:
bemorni qabul qilish uchun mavjud boʻsh oʻrin hamda zarur tibbiy uskunalarning mavjudligi;
bemorni davolovchi tegishli ixtisoslikdagi mutaxassis-shifokorlarning mavjudligi;
bemorni qabul qilish vaqti va sanasi.
7. Bemor oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tibbiyot muassasasining tegishli ixtisoslikdagi mutaxassis-shifokori yoki boshqa shifokori quyidagi holatlar mavjud boʻlganda taqdirda, bemorni tibbiyot muassasasiga qabul qilishni rad etadi:
bemorni qabul qilish uchun mavjud boʻsh oʻrin hamda zarur tibbiy uskunalarning mavjud emasligi;
bemorni davolovchi tegishli ixtisoslikdagi mutaxassis-shifokorlarning mavjud emasligi;
bemor uchun zarur boʻlgan ixtisoslashtirilgan tibbiy yordam tibbiyot muassasasida koʻrsatilmasligi.
8. Bemor oʻtkazilishi rejalashtirilayotgan tibbiyot muassasasining tegishli ixtisoslikdagi mutaxassis-shifokori yoki boshqa shifokori tomonidan bemorni tibbiyot muassasasiga qabul qilish rad etilgan taqdirda, shu vaqtning oʻzida shifokor boshqa tibbiyot muassasalari bilan teletibbiyot orqali bogʻlanadi va bemorni qabul qila oladigan tibbiyot muassasasini aniqlaguncha jarayonni davom ettiradi.
9. Shifokor bemorni davolash uchun qabul qila oladigan tibbiyot muassasasini aniqlaganda shu zahoti bemorga elektron yoki qogʻoz shakldagi tibbiy koʻrsatmani beradi.
10. Shifokor tomonidan bemorga tibbiy koʻrsatma berilganidan soʻng, unga bir tibbiyot muassasasidan boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazishning maqsadi, shart-sharoitlari va ehtimoliy oqibatlari tushuntiriladi hamda bemordan boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazishga roziligi yozma ravishda olinadi.
3-bob. Bemorlarni bir tibbiyot muassasasidan boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazish va qabul qilish
11. Shifokor tomonidan bemorga tibbiy koʻrsatmaning berilganligi, bemorning boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazilishiga yozma roziligi olinganligi hamda qabul qiluvchi tibbiyot muassasasining bemorni qabul qilishga tayyorligi tasdiqlanganidan soʻng, shu kunning oʻzida yoki qabul qiluvchi tibbiyot muassasasining tegishli ixtisoslikdagi mutaxassis-shifokori yoki boshqa shifokori bilan teletibbiyot orqali kelishilgan vaqtda bemorni boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazish jarayoni tashkil etiladi.
Bunda bemorni davolanayotgan tibbiyot muassasasidan boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazish uning hayotiy koʻrsatkichlarining (arterial bosim, nafas olish tezligi, yurak urishi, tana harorati va boshqalar) barqarorligini taʼminlagan holda tez tibbiy yordam avtotransport vositalari yordamida tez tibbiy yordam shifokori kuzatuvida bepul amalga oshiriladi.
12. Shifokor tomonidan bir tibbiyot muassasasidan boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazilayotgan bemor bilan birga uning yozma roziligi va kasallik tarixidan koʻchirmasi hamda tibbiy koʻrsatmasi qabul qiluvchi tibbiyot muassasasiga yuboriladi.
13. Bemor qabul qiluvchi tibbiyot muassasasiga yetkazilgach, uni qabul qilib oluvchi shifokor tomonidan bemorning hayotiy koʻrsatkichlari (arterial bosim, nafas olish tezligi, yurak urishi, tana harorati va boshqalar) qayd etiladi va davolash uchun tibbiyot muassasasining tegishli boʻlimiga joylashtiriladi.
14. Tibbiyot muassasasiga bemorni qabul qilib olgan shifokor bemor bilan birga taqdim etilgan mazkur Nizomning 12-bandida keltirilgan hujjatlarni koʻzdan kechiradi, ulardagi maʼlumotlarni bemorning joriy ahvoli bilan taqqoslaydi hamda bemor davolash uchun tibbiyot muassasasiga qabul qilinganligi haqida oʻzining rahbariyatini va bemorni yuborgan tibbiyot muassasasini shu zahoti xabardor qiladi.
4-bob. Yakunlovchi qoida
15. Mazkur Nizomning talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.
Statsionar tibbiyot muassasalaridagi bemorlarni tibbiy koʻrsatmaga muvofiq boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Bemorni bir tibbiyot muassasasidan boshqa tibbiyot muassasasiga oʻtkazish toʻgʻrisidagi TIBBIY KOʻRSATMA ____-son __________________________________________________________ (tibbiyot muassasasining nomi) Bemorning familiyasi, ismi va otasining ismi: __________________________________________ Bemorning tugʻilgan yili, oyi va sanasi: ____________________ Bemorning jinsi: ____________ Bemorga qoʻyilgan tashxis (asosiy va qoʻshimcha tashxislar) : __________________________________ _____________________________________________________________________________________ Tibbiy koʻrsatmani berish uchun asoslar: __________________________________________________ _____________________________________________________________________________________ _____________________________________________________________________________________ _____________________________________________________________________________________ _____________________________________________________________________________________ Tibbiy koʻrsatmani beruvchi shifokorning familiyasi, ismi, otasining ismi hamda lavozimi: _____________________________________________________________________________________ Tez tibbiy yordam brigadasi: ____________________________________________________________ _______________________________________ (shifokorning F.I.O va brigada raqami koʻrsatiladi) Bemorni qabul qiluvchi tibbiyot muassasasi _______________________________________________________ (tibbiyot muassasasining nomi) Bemorni qabul qilib oluvchi boʻlimning nomi: ____________________________________________ Bemorni qabul qilib oluvchi shifokorning familiyasi, ismi, otasining ismi hamda lavozimi: _____________________________________________________________________________________ _______________________ ________________ ______________________ (tibbiy koʻrsatmani beruvchi shifokorning lavozimi) (imzo) (F.I.O ) Sana va vaqti _____________
Vazir A. XUDAYAROV
Toshkent sh.,
2025-yil 18-noyabr,
11-son