UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 9-dekabr · Qonunlar va kodekslar

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 9 декабрь · Қонунлар ва кодекслар

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 декабря 2025 г. · Законы и кодексы

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 December 2025 · Laws and codes

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 14 октябрда қабул қилинган Сенат томонидан 2025 йил 31 октябрда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади давлат ижтимоий суғуртаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши суғурта ва давлат тиббий суғуртаси, шунингдек ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

2-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги қонунчилик

Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат ижтимоий суғуртаси — суғурта ҳодисалари юзага келганда суғурталанган шахсларнинг даромадлари йўқолишининг олдини олишга қаратилган давлат кафолатлари тизими;

давлат ижтимоий суғуртаси субъектлари — суғурталовчи, суғурта қилдирувчилар ва суғурталанган шахслар;

давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар — суғурта ҳодисаси юзага келганда суғурталанган шахсга жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган нафақалар тарзидаги тўловлар;

жамғарма — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг (бундан буён матнда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги деб юритилади) Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари, суғурта бадаллари ва бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади, юридик шахс мақомига эга бўлади, суғурталанган шахсга суғурта ҳодисаси юзага келганда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни молиялаштириш учун мўлжалланган бўлади;

суғурталовчи — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг жамғармаси;

суғурта стажи — суғурталанган шахс учун суғурта бадалларини тўлаш амалга оширилган давр;

суғурталанган шахс — суғурта ҳодисаларидан давлат ижтимоий суғуртаси орқали ҳимояланган жисмоний шахс;

суғурта қилдирувчи — суғурта ҳодисалари юзага келганда суғурталанган шахснинг ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ижтимоий солиқ ва (ёки) суғурта бадаллари тўлайдиган шахс.

4-модда. Давлат ижтимоий суғуртасининг асосий принциплари

Давлат ижтимоий суғуртасининг асосий принциплари қонунийлик, умуминсонийлик, тенглик, молиявий барқарорлик ва ҳисобдорликдан иборатдир.

2-боб. Давлат ижтимоий суғуртасига доир ҳуқуқий муносабатлар

5-модда. Давлат ижтимоий суғуртасининг амал қилиши

Фуқароларга нисбатан давлат ижтимоий суғуртасининг амал қилиши мажбурий ёки ихтиёрий асосда амалга оширилади.

Давлат ижтимоий суғуртаси қуйидагиларга нисбатан мажбурий асосда амалга оширилади:

меҳнат фаолиятини меҳнат шартномалари асосида амалга оширадиган фуқароларга (бундан деҳқон хўжалигининг ихтисослашувига қараб, муайян ишни бажариш учун меҳнат шартномаси шартлари асосида вақтинчалик (мавсумий) асосда жалб этиладиган бошқа шахслар мустасно), юридик шахсларнинг раҳбарлари сифатида фаолиятни амалга оширадиган фуқароларга;

юридик ёки жисмоний шахслар билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш ёки интеллектуал мулк объектларини яратиш бўйича ишларни бажарадиган фуқароларга.

Давлат ижтимоий суғуртаси қуйидагиларга нисбатан ихтиёрий асосда амалга оширилади:

ўзини ўзи банд қилган шахсларга;

деҳқон хўжалигининг аъзоларига ва деҳқон хўжалигининг ихтисослашувига қараб, муайян ишни бажариш учун меҳнат шартномаси шартлари асосида вақтинчалик (мавсумий) асосда жалб этиладиган бошқа шахсларга;

шахсий томорқа ер участкаларида банд бўлган ёки мазкур майдонда чорвачилик (қорамол, қўйлар, эчкилар, отлар ва бошқалар), иссиқхона хўжалиги, паррандачилик (товуқлар, беданалар, куркалар, ғозлар, ўрдаклар), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик билан шуғулланадиган шахсий томорқа ер участкаларининг эгалари ёки уларнинг оила аъзолари бўлган фуқароларга (уларга тегишли бўлган томорқа ер участкасининг майдонидан ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар);

Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлари томонидан чет давлатларда ташкил этилган (очилган) савдо уйларида, ваколатхоналарда (шу жумладан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда), ташкилотларда ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;

чет элда ёлланиб ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида даромад келтирадиган фаолиятни амалга оширадиган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга;

ишламайдиган фуқароларга, улар учун суғурта бадали эри (хотини) томонидан тўланганда;

юридик шахсларнинг муассислари (иштирокчилари) сифатида даромадлар оладиган фуқароларга;

якка тартибдаги тадбиркорларга, шу жумладан «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари бўлган ҳунармандчилик фаолияти субъектларига;

фаолиятни юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширадиган оила аъзоларига;

деҳқон хўжалигининг бошлиғига;

қонунчиликка мувофиқ солиқни ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш мажбурияти зиммасига юклатилмаган иш берувчидан даромадлар оладиган фуқароларга.

Мажбурий ёки ихтиёрий асосда давлат ижтимоий суғуртаси билан суғурталанган шахслар тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади.

Ҳарбий хизматчиларнинг, ички ишлар органларининг, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг бошлиқлар ва оддий аскарлар таркибидан бўлган шахсларнинг, судьяларнинг ва прокуратура органларининг мартаба даражаларига (ҳарбий унвонларга) эга бўлган ходимларининг ижтимоий суғурта таъминоти алоҳида қонунчилик билан белгиланади.

6-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича муносабатлар

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича муносабатлар қуйидаги ҳолларда юзага келади:

а) суғурта қилдирувчиларда:

ижтимоий солиқни тўловчилар учун — ижтимоий солиқни тўлаш бўйича мажбурият юзага келган пайтдан эътиборан;

давлат ижтимоий суғуртаси мажбурий қилиниши лозим бўлган шахслар учун — даромад ҳисобланган пайтдан эътиборан;

давлат ижтимоий суғуртаси ихтиёрий қилиниши мумкин бўлган шахслар учун — суғурта бадаллари тўланган пайтдан эътиборан.

Бунда, агар суғурта қилдирувчи ўзи учун суғурта бадалини тўласа, у давлат ижтимоий суғуртаси бўйича суғурталанган шахс сифатида муносабатларга киришади.

б) суғурталовчида — суғурта қилдирувчи рўйхатга олинган пайтдан эътиборан;

в) суғурталанган шахсларда:

мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси билан суғурталанган шахслар учун — даромад ҳисобланган пайтдан эътиборан;

ихтиёрий давлат ижтимоий суғуртаси билан суғурталанган шахслар учун — суғурта бадаллари тўланган пайтдан эътиборан.

7-модда. Суғурта ҳодисалари

Суғурталовчининг суғурталанган шахсга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни амалга ошириш мажбуриятининг юзага келиши суғурта ҳодисаси деб ҳисобланади.

Суғурта ҳодисалари жумласига қуйидагилар киради:

касаллик муносабати билан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик;

ҳомиладорлик ва туғиш;

ишни ёки даромадни йўқотиш.

Суғурта ҳодисалари юзага келганда суғурталанган шахсларга ва (ёки) уларнинг оила аъзоларига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича қуйидаги тўловлар амалга оширилади:

вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси;

ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси;

ишдан бўшатиш нафақаси.

3-боб. Давлат ижтимоий суғуртаси субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

8-модда. Суғурталанган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Суғурталанган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни ўз вақтида олиш;

ўз ҳуқуқларини шахсан, ўзининг вакили орқали ёки суд тартибида ҳимоя қилиш;

суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи тўғрисида маълумотлар олиш;

суғурталовчидан давлат ижтимоий суғуртаси масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва суғурталанган шахсларга тўланадиган давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар миқдорлари тўғрисида ахборотни бепул олиш.

Суғурталанган шахслар суғурта ҳодисасидан келиб чиққан ҳолда, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловни тайинлаш ва амалга ошириш учун асос бўладиган тегишли ишончли маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатларни суғурталовчига ўз вақтида тақдим этиши шарт.

9-модда. Суғурталовчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурта ҳодисаси юзага келганда, заруратга қараб, суғурта ҳодисаси юзага келганлигини текшириш;

суғурта бадалларини ҳисобга олиш ва тўлаш бўйича ҳужжатларни (ёки электрон маълумотларни), шунингдек давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳужжатларни текшириш;

суғурталанган шахсни идентификация қилиш, суғурта стажини ва суғурта бадалининг миқдорини аниқлаш, суғурта ҳодисаси юзага келганлигини тасдиқлаш учун зарур бўлган суғурталанган шахс тўғрисидаги маълумотларни олиш, шу жумладан бошқа давлат органлари билан электрон ахборот алмашинуви орқали олиш;

ушбу Қонуннинг 18 ва 19-моддаларида белгиланган ҳолларда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ва тугатиш;

ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар, шу жумладан суғурталанган шахс томонидан тақдим этилган ишончсиз ёки сохта ҳужжатлар (маълумотлар) асосида давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар тайинланганлиги муносабати билан қилинган харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъволар билан судга мурожаат қилиш.

Суғурталовчи:

давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар учун суғурта бадалларини жамғариб бориши;

фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириши;

давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларнинг ўз вақтида тайинланишини ва белгиланган миқдорларда тўланишини таъминлаши;

суғурта бадаллари ва тўловларининг ҳисобини юритиши;

суғурта бадалларини тўлаган шахсларнинг давлат ижтимоий суғуртасини амалга ошириши;

суғурта қилдирувчиларни рўйхатдан ўтказишни ва ҳисобдан чиқаришни амалга ошириши;

суғурта қилдирувчиларнинг ва суғурталанган шахсларнинг, жамғарма тушумлари ва харажатларининг ягона ҳисобини юритиши, шунингдек суғурталанган шахсларнинг персоналлаштирилган ҳисоби учун тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилигини бошқа давлат органлари билан электрон ахборот алмашинуви орқали текшириши;

суғурта қилдирувчилар ва суғурталанган шахслар учун давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тушунтириш ишларини олиб бориши, шу жумладан суғурта бадалларининг ва давлат ижтимоий суғуртаси бўйича амалга оширилган тўловларнинг ҳисоби юзасидан шахсга доир маълумотларни, мазкур тўловлар бўйича мурожаат қилиш ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши шарт.

10-модда. Суғурта қилдирувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Суғурта қилдирувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурталовчидан давлат ижтимоий суғуртаси масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва суғурталанган шахсларга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича амалга ошириладиган тўловлар миқдорлари тўғрисидаги ахборотни бепул олиш;

ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ёхуд давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўлов тайинланишининг тўғрилигини қайта кўриб чиқиш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ёки судга мурожаат қилиш.

Суғурта қилдирувчилар:

суғурталовчидан рўйхатдан ўтиши ва ҳисобдан чиқиши;

суғурта бадалларини ўз вақтида ва белгиланган ставкалар бўйича тўлаши;

давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларга тааллуқли бўлган ҳужжатларни текшириш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига тақдим этиши шарт.

4-боб. Давлат ижтимоий суғуртасининг молиявий тизими

11-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари

Давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари суғурталовчи томонидан қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:

ижтимоий солиқнинг бир қисми;

суғурта бадаллари;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари;

жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари жамғармада жамланади.

12-модда. Суғурта бадали

Суғурта бадали суғурталанган шахс учун жамғармага амалга ошириладиган ажратма ёки тўлов ҳисобланади.

Суғурта бадали мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси билан қамраб олинадиган фуқаролар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган миқдорларда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг бир қисми ҳисобидан, ихтиёрий давлат ижтимоий суғуртаси билан қамраб олинадиган фуқаролар учун минимал миқдори қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланадиган тўлов ҳисобидан шакллантирилади.

Жисмоний шахсларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар суғурта бадалларини ҳисоблаш объектидир.

Суғурта бадали ставкаси суғурта бадалларини ҳисоблаш объектининг суммасига нисбатан фоизли нисбатда ҳисобланади.

Суғурта бадаллари ҳисобини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

13-модда. Суғурта бадалларини тўловчилар

Суғурта бадалларини тўловчилар деб қуйидагилар эътироф этилади:

мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси билан суғурталанган шахслар;

ихтиёрий давлат ижтимоий суғуртаси билан суғурталанган шахслар.

Қонунчилик ҳужжатлари билан айрим шахсларни ёки шахслар тоифаларини суғурта бадалларини тўлашдан озод этиш ёки уларга имтиёзлар бериш тақиқланади.

14-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси молиявий барқарорлигининг давлат кафолатлари

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари прогнозини тузишда ҳамда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни ўз вақтида амалга ошириш учун жамғарма бюджети тақчиллигининг прогноз хавфлари юзага келганда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги суғурталовчининг асосланган талабномаси асосида навбатдаги молия йили учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда, давлат бюджети тақчиллигининг чекланган миқдорини ҳисобга олган ҳолда, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни таъминлаш имконини берадиган, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан жамғармага бюджетлараро трансфертлар ажратилишини назарда тутади.

15-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси маблағларини бюджетлаштириш ва харажат қилиш ҳамда уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар

Жамғарма бюджети суғурталовчи томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланади.

Жамғарма маблағлари давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни, шу жумладан мазкур тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга сарфланади.

Тасдиқланган бюджет кўрсаткичларининг бажарилиши суғурталовчи ва унинг ҳудудий бўлинмалари, туман (шаҳар) «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан таъминланади.

Жамғарма бюджетининг муайян молия йилидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилади.

Жамғарманинг жорий ҳисобот йилида фойдаланилмай қолган маблағлари олиб қўйилмайди ва кейинги йилга ўтказилади.

5-боб. Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар

16-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни олишга бўлган ҳуқуқ суғурта бадалларининг тўланишига қараб юзага келади.

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда ва тегишли даврлар учун тайинланади.

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартиби, шу жумладан давлат ижтимоий суғуртаси бўйича энг кам суғурта стажи ҳамда тўловларни амалга ошириш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

17-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш учун мурожаат қилиш ва ҳужжатларни кўриб чиқиш

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни ишдан бўшатиш нафақаси тарзида тайинлаш суғурталанган шахснинг мурожаати асосида, вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тарзида эса суғурталанган шахснинг мурожаати талаб этилмаган ҳолда (проактив шаклда) амалга оширилади.

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш учун мурожаат суғурталанган шахс томонидан қуйидагича амалга оширилади:

суғурталовчига бевосита ёки иш берувчи орқали;

махсус давлат ахборот тизимлари орқали электрон тарзда.

Суғурталанган шахснинг мурожаати талаб этилмаган ҳолда (проактив шаклда) тайинланадиган давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар юзасидан суғурта ҳодисаси юзага келганда суғурталанган шахс тўғрисидаги маълумотлар суғурталовчига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизими орқали тақдим этилади.

18-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар қуйидаги ҳолларда кейинги ойнинг биринчи санасидан эътиборан тўхтатиб турилади:

суғурталанган шахс ёки унинг қонуний вакили давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тўхтатиб туриш ҳақида мурожаат қилганда;

суғурталанган шахс қонунда белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилганда;

қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда.

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўлов суғурта ҳодисаси тасдиқланган тақдирда, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловнинг тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ахборот тизимларидан олинган ҳужжатларга ва (ёки) маълумотларга асосан қайта тикланади.

19-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тугатиш

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар қуйидаги ҳолларда тугатилади:

суғурталанган шахс вафот этганда ёки суд қарори билан вафот этган деб эълон қилинганда. Бунда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўлов суғурталанган шахс вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан эътиборан тугатилади;

суғурталанган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан чиққанда ёки Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотганда;

суғурталанган шахс ёки унинг қонуний вакили давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловни тугатиш тўғрисида мурожаат қилганда. Бунда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўлов мурожаат берилган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан эътиборан тугатилади;

давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловни тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳужжатларнинг (маълумотларнинг) ишончсизлиги ёки сохта эканлиги аниқланганда. Бунда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўлов тайинланган кундан эътиборан тугатилган ҳисобланади ва тўланган маблағлар суғурталанган шахс томонидан қайтарилади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

20-модда. Низоларни ҳал этиш

Давлат ижтимоий суғуртаси соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

21-модда. Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

22-модда. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 399-моддасига ўзгартириш киритиш

Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрда қабул қилинган ЎРҚ-798-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2022 йил, 10-сонга илова; 2023 йил, № 4, 265-модда, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда, № 7, 627-модда, № 9, 964-модда; 2025 йил № 2, 193-модда, № 6, 730-модда) 399-моддасининг матнидаги «давлат ижтимоий суғурта» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

23-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

24-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ушбу Қонун 12-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган суғурта бадаллари ҳисобини юритиш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида белгиласин;

ушбу Қонун 16-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартибини, шу жумладан давлат ижтимоий суғуртаси бўйича энг кам суғурта стажини ҳамда тўловларни амалга ошириш муддатларини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида белгиласин;

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

25-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун 2026 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2025 йил 9 декабрь,

ЎРҚ-1101-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.12.2025 й., 03/25/1101/1135-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi toʻgʻrisida

Qonunchilik palatasi tomonidan 2025-yil 14-oktabrda qabul qilingan Senat tomonidan 2025-yil 31-oktabrda maʼqullangan

1-bob. Umumiy qoidalar

1-modda. Ushbu Qonunning maqsadi

Ushbu Qonunning maqsadi davlat ijtimoiy sugʻurtasi sohasidagi munosabatlarni tartibga solishdan iborat.

Ushbu Qonunning amal qilishi sugʻurta va davlat tibbiy sugʻurtasi, shuningdek ishlab chiqarishdagi baxtsiz hodisalardan va kasb kasalliklaridan majburiy davlat ijtimoiy sugʻurtasi bilan bogʻliq munosabatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

2-modda. Davlat ijtimoiy sugʻurtasi toʻgʻrisidagi qonunchilik

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi toʻgʻrisidagi qonunchilik ushbu Qonun va boshqa qonunchilik hujjatlaridan iboratdir.

Agar Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida Oʻzbekiston Respublikasining davlat ijtimoiy sugʻurtasi toʻgʻrisidagi qonunchiligida nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, xalqaro shartnoma qoidalari qoʻllaniladi.

3-modda. Asosiy tushunchalar

Ushbu Qonunda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

davlat ijtimoiy sugʻurtasi — sugʻurta hodisalari yuzaga kelganda sugʻurtalangan shaxslarning daromadlari yoʻqolishining oldini olishga qaratilgan davlat kafolatlari tizimi;

davlat ijtimoiy sugʻurtasi subyektlari — sugʻurtalovchi, sugʻurta qildiruvchilar va sugʻurtalangan shaxslar;

davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlar — sugʻurta hodisasi yuzaga kelganda sugʻurtalangan shaxsga jamgʻarma mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladigan nafaqalar tarzidagi toʻlovlar;

jamgʻarma — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining (bundan buyon matnda Ijtimoiy himoya milliy agentligi deb yuritiladi) Davlat ijtimoiy sugʻurta jamgʻarmasi boʻlib, u Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti mablagʻlari, sugʻurta badallari va boshqa manbalar hisobidan shakllantiriladi, yuridik shaxs maqomiga ega boʻladi, sugʻurtalangan shaxsga sugʻurta hodisasi yuzaga kelganda davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni moliyalashtirish uchun moʻljallangan boʻladi;

sugʻurtalovchi — Ijtimoiy himoya milliy agentligining jamgʻarmasi;

sugʻurta staji — sugʻurtalangan shaxs uchun sugʻurta badallarini toʻlash amalga oshirilgan davr;

sugʻurtalangan shaxs — sugʻurta hodisalaridan davlat ijtimoiy sugʻurtasi orqali himoyalangan jismoniy shaxs;

sugʻurta qildiruvchi — sugʻurta hodisalari yuzaga kelganda sugʻurtalangan shaxsning himoya qilinishini taʼminlash maqsadida ijtimoiy soliq va (yoki) sugʻurta badallari toʻlaydigan shaxs.

4-modda. Davlat ijtimoiy sugʻurtasining asosiy prinsiplari

Davlat ijtimoiy sugʻurtasining asosiy prinsiplari qonuniylik, umuminsoniylik, tenglik, moliyaviy barqarorlik va hisobdorlikdan iboratdir.

2-bob. Davlat ijtimoiy sugʻurtasiga doir huquqiy munosabatlar

5-modda. Davlat ijtimoiy sugʻurtasining amal qilishi

Fuqarolarga nisbatan davlat ijtimoiy sugʻurtasining amal qilishi majburiy yoki ixtiyoriy asosda amalga oshiriladi.

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi quyidagilarga nisbatan majburiy asosda amalga oshiriladi:

mehnat faoliyatini mehnat shartnomalari asosida amalga oshiradigan fuqarolarga (bundan dehqon xoʻjaligining ixtisoslashuviga qarab, muayyan ishni bajarish uchun mehnat shartnomasi shartlari asosida vaqtinchalik (mavsumiy) asosda jalb etiladigan boshqa shaxslar mustasno), yuridik shaxslarning rahbarlari sifatida faoliyatni amalga oshiradigan fuqarolarga;

yuridik yoki jismoniy shaxslar bilan tuzilgan fuqarolik-huquqiy xususiyatga ega shartnomalar asosida xizmatlar koʻrsatish, ishlarni bajarish yoki intellektual mulk obyektlarini yaratish boʻyicha ishlarni bajaradigan fuqarolarga.

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi quyidagilarga nisbatan ixtiyoriy asosda amalga oshiriladi:

oʻzini oʻzi band qilgan shaxslarga;

dehqon xoʻjaligining aʼzolariga va dehqon xoʻjaligining ixtisoslashuviga qarab, muayyan ishni bajarish uchun mehnat shartnomasi shartlari asosida vaqtinchalik (mavsumiy) asosda jalb etiladigan boshqa shaxslarga;

shaxsiy tomorqa yer uchastkalarida band boʻlgan yoki mazkur maydonda chorvachilik (qoramol, qoʻylar, echkilar, otlar va boshqalar), issiqxona xoʻjaligi, parrandachilik (tovuqlar, bedanalar, kurkalar, gʻozlar, oʻrdaklar), quyonchilik, asalarichilik, baliqchilik, bogʻdorchilik, limonchilik, gulchilik bilan shugʻullanadigan shaxsiy tomorqa yer uchastkalarining egalari yoki ularning oila aʼzolari boʻlgan fuqarolarga (ularga tegishli boʻlgan tomorqa yer uchastkasining maydonidan yoki ular tomonidan parvarish qilinayotgan uy hayvonlari va parrandalarning sonidan qatʼi nazar);

Oʻzbekiston Respublikasining davlat organlari va boshqa tashkilotlari tomonidan chet davlatlarda tashkil etilgan (ochilgan) savdo uylarida, vakolatxonalarda (shu jumladan yuridik shaxs tashkil etmagan holda), tashkilotlarda ishlaydigan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolariga;

chet elda yollanib ishlaydigan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolariga;

Oʻzbekiston Respublikasi hududida doimiy yashovchi hamda Oʻzbekiston Respublikasi hududida daromad keltiradigan faoliyatni amalga oshiradigan chet el fuqarolariga va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga;

ishlamaydigan fuqarolarga, ular uchun sugʻurta badali eri (xotini) tomonidan toʻlanganda;

yuridik shaxslarning muassislari (ishtirokchilari) sifatida daromadlar oladigan fuqarolarga;

yakka tartibdagi tadbirkorlarga, shu jumladan “Hunarmand” uyushmasining aʼzolari boʻlgan hunarmandchilik faoliyati subyektlariga;

faoliyatni yuridik shaxs tashkil etmagan holda, oilaviy tadbirkorlik shaklida amalga oshiradigan oila aʼzolariga;

dehqon xoʻjaligining boshligʻiga;

qonunchilikka muvofiq soliqni hisoblab chiqarish va ushlab qolish majburiyati zimmasiga yuklatilmagan ish beruvchidan daromadlar oladigan fuqarolarga.

Majburiy yoki ixtiyoriy asosda davlat ijtimoiy sugʻurtasi bilan sugʻurtalangan shaxslar teng huquq va majburiyatlarga ega boʻladi.

Harbiy xizmatchilarning, ichki ishlar organlarining, Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasining boshliqlar va oddiy askarlar tarkibidan boʻlgan shaxslarning, sudyalarning va prokuratura organlarining martaba darajalariga (harbiy unvonlarga) ega boʻlgan xodimlarining ijtimoiy sugʻurta taʼminoti alohida qonunchilik bilan belgilanadi.

6-modda. Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha munosabatlar

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha munosabatlar quyidagi hollarda yuzaga keladi:

a) sugʻurta qildiruvchilarda:

ijtimoiy soliqni toʻlovchilar uchun — ijtimoiy soliqni toʻlash boʻyicha majburiyat yuzaga kelgan paytdan eʼtiboran;

davlat ijtimoiy sugʻurtasi majburiy qilinishi lozim boʻlgan shaxslar uchun — daromad hisoblangan paytdan eʼtiboran;

davlat ijtimoiy sugʻurtasi ixtiyoriy qilinishi mumkin boʻlgan shaxslar uchun — sugʻurta badallari toʻlangan paytdan eʼtiboran.

Bunda, agar sugʻurta qildiruvchi oʻzi uchun sugʻurta badalini toʻlasa, u davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha sugʻurtalangan shaxs sifatida munosabatlarga kirishadi.

b) sugʻurtalovchida — sugʻurta qildiruvchi roʻyxatga olingan paytdan eʼtiboran;

v) sugʻurtalangan shaxslarda:

majburiy davlat ijtimoiy sugʻurtasi bilan sugʻurtalangan shaxslar uchun — daromad hisoblangan paytdan eʼtiboran;

ixtiyoriy davlat ijtimoiy sugʻurtasi bilan sugʻurtalangan shaxslar uchun — sugʻurta badallari toʻlangan paytdan eʼtiboran.

7-modda. Sugʻurta hodisalari

Sugʻurtalovchining sugʻurtalangan shaxsga davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni amalga oshirish majburiyatining yuzaga kelishi sugʻurta hodisasi deb hisoblanadi.

Sugʻurta hodisalari jumlasiga quyidagilar kiradi:

kasallik munosabati bilan vaqtincha mehnatga layoqatsizlik;

homiladorlik va tugʻish;

ishni yoki daromadni yoʻqotish.

Sugʻurta hodisalari yuzaga kelganda sugʻurtalangan shaxslarga va (yoki) ularning oila aʼzolariga davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha quyidagi toʻlovlar amalga oshiriladi:

vaqtincha mehnatga layoqatsizlik nafaqasi;

homiladorlik va tugʻish nafaqasi;

ishdan boʻshatish nafaqasi.

3-bob. Davlat ijtimoiy sugʻurtasi subyektlarining huquq va majburiyatlari

8-modda. Sugʻurtalangan shaxslarning huquq va majburiyatlari

Sugʻurtalangan shaxslar quyidagi huquqlarga ega:

davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni oʻz vaqtida olish;

oʻz huquqlarini shaxsan, oʻzining vakili orqali yoki sud tartibida himoya qilish;

sugʻurtalovchi va sugʻurta qildiruvchi toʻgʻrisida maʼlumotlar olish;

sugʻurtalovchidan davlat ijtimoiy sugʻurtasi masalalari boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar va sugʻurtalangan shaxslarga toʻlanadigan davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlar miqdorlari toʻgʻrisida axborotni bepul olish.

Sugʻurtalangan shaxslar sugʻurta hodisasidan kelib chiqqan holda, davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovni tayinlash va amalga oshirish uchun asos boʻladigan tegishli ishonchli maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan hujjatlarni sugʻurtalovchiga oʻz vaqtida taqdim etishi shart.

9-modda. Sugʻurtalovchining huquq va majburiyatlari

Sugʻurtalovchi quyidagi huquqlarga ega:

sugʻurta hodisasi yuzaga kelganda, zaruratga qarab, sugʻurta hodisasi yuzaga kelganligini tekshirish;

sugʻurta badallarini hisobga olish va toʻlash boʻyicha hujjatlarni (yoki elektron maʼlumotlarni), shuningdek davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni amalga oshirish bilan bogʻliq hujjatlarni tekshirish;

sugʻurtalangan shaxsni identifikatsiya qilish, sugʻurta stajini va sugʻurta badalining miqdorini aniqlash, sugʻurta hodisasi yuzaga kelganligini tasdiqlash uchun zarur boʻlgan sugʻurtalangan shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni olish, shu jumladan boshqa davlat organlari bilan elektron axborot almashinuvi orqali olish;

ushbu Qonunning 18 va 19-moddalarida belgilangan hollarda davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni toʻxtatib turish, qayta tiklash va tugatish;

oʻz huquqlarini himoya qilish va yetkazilgan zararning oʻrnini qoplash toʻgʻrisidagi daʼvolar, shu jumladan sugʻurtalangan shaxs tomonidan taqdim etilgan ishonchsiz yoki soxta hujjatlar (maʼlumotlar) asosida davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlar tayinlanganligi munosabati bilan qilingan xarajatlarning oʻrnini qoplash haqidagi daʼvolar bilan sudga murojaat qilish.

Sugʻurtalovchi:

davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlar uchun sugʻurta badallarini jamgʻarib borishi;

faoliyati toʻgʻrisidagi axborotni oʻzining rasmiy veb-saytida joylashtirishi;

davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarning oʻz vaqtida tayinlanishini va belgilangan miqdorlarda toʻlanishini taʼminlashi;

sugʻurta badallari va toʻlovlarining hisobini yuritishi;

sugʻurta badallarini toʻlagan shaxslarning davlat ijtimoiy sugʻurtasini amalga oshirishi;

sugʻurta qildiruvchilarni roʻyxatdan oʻtkazishni va hisobdan chiqarishni amalga oshirishi;

sugʻurta qildiruvchilarning va sugʻurtalangan shaxslarning, jamgʻarma tushumlari va xarajatlarining yagona hisobini yuritishi, shuningdek sugʻurtalangan shaxslarning personallashtirilgan hisobi uchun taqdim etilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligini boshqa davlat organlari bilan elektron axborot almashinuvi orqali tekshirishi;

sugʻurta qildiruvchilar va sugʻurtalangan shaxslar uchun davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha tushuntirish ishlarini olib borishi, shu jumladan sugʻurta badallarining va davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha amalga oshirilgan toʻlovlarning hisobi yuzasidan shaxsga doir maʼlumotlarni, mazkur toʻlovlar boʻyicha murojaat qilish va ularni tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni taqdim etishi shart.

10-modda. Sugʻurta qildiruvchilarning huquq va majburiyatlari

Sugʻurta qildiruvchilar quyidagi huquqlarga ega:

sugʻurtalovchidan davlat ijtimoiy sugʻurtasi masalalari boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar va sugʻurtalangan shaxslarga davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha amalga oshiriladigan toʻlovlar miqdorlari toʻgʻrisidagi axborotni bepul olish;

oʻz huquqlarini himoya qilish yoxud davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlov tayinlanishining toʻgʻriligini qayta koʻrib chiqish uchun Ijtimoiy himoya milliy agentligiga yoki sudga murojaat qilish.

Sugʻurta qildiruvchilar:

sugʻurtalovchidan roʻyxatdan oʻtishi va hisobdan chiqishi;

sugʻurta badallarini oʻz vaqtida va belgilangan stavkalar boʻyicha toʻlashi;

davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarga taalluqli boʻlgan hujjatlarni tekshirish uchun Ijtimoiy himoya milliy agentligiga taqdim etishi shart.

4-bob. Davlat ijtimoiy sugʻurtasining moliyaviy tizimi

11-modda. Davlat ijtimoiy sugʻurtasi mablagʻlari

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi mablagʻlari sugʻurtalovchi tomonidan quyidagilar hisobiga shakllantiriladi:

ijtimoiy soliqning bir qismi;

sugʻurta badallari;

Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti mablagʻlari;

jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarini depozitlarga joylashtirishdan olinadigan daromadlar;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa tushumlar.

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi mablagʻlari jamgʻarmada jamlanadi.

12-modda. Sugʻurta badali

Sugʻurta badali sugʻurtalangan shaxs uchun jamgʻarmaga amalga oshiriladigan ajratma yoki toʻlov hisoblanadi.

Sugʻurta badali majburiy davlat ijtimoiy sugʻurtasi bilan qamrab olinadigan fuqarolar uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti toʻgʻrisidagi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni bilan belgilangan miqdorlarda jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻining bir qismi hisobidan, ixtiyoriy davlat ijtimoiy sugʻurtasi bilan qamrab olinadigan fuqarolar uchun minimal miqdori qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadigan toʻlov hisobidan shakllantiriladi.

Jismoniy shaxslarga qonunchilik hujjatlariga muvofiq hisoblangan mehnatga haq toʻlash tarzidagi barcha daromadlar sugʻurta badallarini hisoblash obyektidir.

Sugʻurta badali stavkasi sugʻurta badallarini hisoblash obyektining summasiga nisbatan foizli nisbatda hisoblanadi.

Sugʻurta badallari hisobini yuritish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

13-modda. Sugʻurta badallarini toʻlovchilar

Sugʻurta badallarini toʻlovchilar deb quyidagilar eʼtirof etiladi:

majburiy davlat ijtimoiy sugʻurtasi bilan sugʻurtalangan shaxslar;

ixtiyoriy davlat ijtimoiy sugʻurtasi bilan sugʻurtalangan shaxslar.

Qonunchilik hujjatlari bilan ayrim shaxslarni yoki shaxslar toifalarini sugʻurta badallarini toʻlashdan ozod etish yoki ularga imtiyozlar berish taqiqlanadi.

14-modda. Davlat ijtimoiy sugʻurtasi moliyaviy barqarorligining davlat kafolatlari

Jamgʻarmaning daromadlari va xarajatlari prognozini tuzishda hamda davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni oʻz vaqtida amalga oshirish uchun jamgʻarma budjeti taqchilligining prognoz xavflari yuzaga kelganda, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi sugʻurtalovchining asoslangan talabnomasi asosida navbatdagi moliya yili uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti toʻgʻrisidagi qonun loyihasini ishlab chiqishda, davlat budjeti taqchilligining cheklangan miqdorini hisobga olgan holda, davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni taʼminlash imkonini beradigan, Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan jamgʻarmaga budjetlararo transfertlar ajratilishini nazarda tutadi.

15-modda. Davlat ijtimoiy sugʻurtasi mablagʻlarini budjetlashtirish va xarajat qilish hamda ularning ijrosi toʻgʻrisidagi hisobotlar

Jamgʻarma budjeti sugʻurtalovchi tomonidan ishlab chiqiladi va Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti toʻgʻrisidagi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni bilan tasdiqlanadi.

Jamgʻarma mablagʻlari davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni, shu jumladan mazkur toʻlovlarni amalga oshirish bilan bogʻliq xarajatlarni moliyalashtirishga sarflanadi.

Tasdiqlangan budjet koʻrsatkichlarining bajarilishi sugʻurtalovchi va uning hududiy boʻlinmalari, tuman (shahar) “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlari tomonidan taʼminlanadi.

Jamgʻarma budjetining muayyan moliya yilidagi ijrosi toʻgʻrisidagi hisobotlar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etiladi.

Jamgʻarmaning joriy hisobot yilida foydalanilmay qolgan mablagʻlari olib qoʻyilmaydi va keyingi yilga oʻtkaziladi.

5-bob. Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlar

16-modda. Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni tayinlash va amalga oshirish

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni olishga boʻlgan huquq sugʻurta badallarining toʻlanishiga qarab yuzaga keladi.

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorlarda va tegishli davrlar uchun tayinlanadi.

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni tayinlash va amalga oshirish tartibi, shu jumladan davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha eng kam sugʻurta staji hamda toʻlovlarni amalga oshirish muddatlari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

17-modda. Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni tayinlash uchun murojaat qilish va hujjatlarni koʻrib chiqish

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni ishdan boʻshatish nafaqasi tarzida tayinlash sugʻurtalangan shaxsning murojaati asosida, vaqtinchalik mehnatga layoqatsizlik nafaqalari hamda homiladorlik va tugʻish nafaqalari tarzida esa sugʻurtalangan shaxsning murojaati talab etilmagan holda (proaktiv shaklda) amalga oshiriladi.

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni tayinlash uchun murojaat sugʻurtalangan shaxs tomonidan quyidagicha amalga oshiriladi:

sugʻurtalovchiga bevosita yoki ish beruvchi orqali;

maxsus davlat axborot tizimlari orqali elektron tarzda.

Sugʻurtalangan shaxsning murojaati talab etilmagan holda (proaktiv shaklda) tayinlanadigan davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlar yuzasidan sugʻurta hodisasi yuzaga kelganda sugʻurtalangan shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlar sugʻurtalovchiga Ijtimoiy himoya milliy agentligining axborot tizimi orqali taqdim etiladi.

18-modda. Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni toʻxtatib turish va qayta tiklash

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlar quyidagi hollarda keyingi oyning birinchi sanasidan eʼtiboran toʻxtatib turiladi:

sugʻurtalangan shaxs yoki uning qonuniy vakili davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni toʻxtatib turish haqida murojaat qilganda;

sugʻurtalangan shaxs qonunda belgilangan tartibda bedarak yoʻqolgan deb topilganda;

qonunchilikda belgilangan boshqa hollarda.

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlov sugʻurta hodisasi tasdiqlangan taqdirda, davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovning toʻxtatib turilishiga sabab boʻlgan holatlar bartaraf etilganligini tasdiqlovchi axborot tizimlaridan olingan hujjatlarga va (yoki) maʼlumotlarga asosan qayta tiklanadi.

19-modda. Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni tugatish

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlar quyidagi hollarda tugatiladi:

sugʻurtalangan shaxs vafot etganda yoki sud qarori bilan vafot etgan deb eʼlon qilinganda. Bunda davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlov sugʻurtalangan shaxs vafot etgan yoki vafot etgan deb eʼlon qilingan oydan keyingi oyning birinchi sanasidan eʼtiboran tugatiladi;

sugʻurtalangan shaxs Oʻzbekiston Respublikasining fuqaroligidan chiqqanda yoki Oʻzbekiston Respublikasining fuqaroligini yoʻqotganda;

sugʻurtalangan shaxs yoki uning qonuniy vakili davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovni tugatish toʻgʻrisida murojaat qilganda. Bunda davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlov murojaat berilgan oydan keyingi oyning birinchi sanasidan eʼtiboran tugatiladi;

davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovni tayinlash toʻgʻrisida qaror qabul qilish uchun asos boʻlib xizmat qilgan hujjatlarning (maʼlumotlarning) ishonchsizligi yoki soxta ekanligi aniqlanganda. Bunda davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlov tayinlangan kundan eʼtiboran tugatilgan hisoblanadi va toʻlangan mablagʻlar sugʻurtalangan shaxs tomonidan qaytariladi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

20-modda. Nizolarni hal etish

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi sohasidagi nizolar qonunchilikda belgilangan tartibda hal etiladi.

21-modda. Davlat ijtimoiy sugʻurtasi toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlik uchun javobgarlik

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi toʻgʻrisidagi qonunchilikni buzganlikda aybdor shaxslar belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

22-modda. Oʻzbekiston Respublikasi Mehnat kodeksining 399-moddasiga oʻzgartirish kiritish

Oʻzbekiston Respublikasining 2022-yil 28-oktabrda qabul qilingan OʻRQ-798-sonli Qonuni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasining Mehnat kodeksi (Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining Axborotnomasi, 2022-yil, 10-songa ilova; 2023-yil, № 4, 265-modda, № 11, 923-modda; 2024-yil, № 2, 111-modda, № 7, 627-modda, № 9, 964-modda; 2025-yil № 2, 193-modda, № 6, 730-modda) 399-moddasining matnidagi “davlat ijtimoiy sugʻurta” degan soʻzlar “Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasi” degan soʻzlar bilan almashtirilsin.

23-modda. Ushbu Qonunning ijrosini, yetkazilishini, mohiyati va ahamiyati tushuntirilishini taʼminlash

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi va boshqa manfaatdor tashkilotlar ushbu Qonunning ijrosini, ijrochilarga yetkazilishini hamda mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida tushuntirilishini taʼminlasin.

24-modda. Qonunchilikni ushbu Qonunga muvofiqlashtirish

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi:

ushbu Qonun 12-moddasining beshinchi qismida nazarda tutilgan sugʻurta badallari hisobini yuritish tartibini ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy ichida belgilasin;

ushbu Qonun 16-moddasining uchinchi qismida nazarda tutilgan davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni tayinlash va amalga oshirish tartibini, shu jumladan davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha eng kam sugʻurta stajini hamda toʻlovlarni amalga oshirish muddatlarini ushbu Qonun rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy ichida belgilasin;

hukumat qarorlarini ushbu Qonunga muvofiqlashtirsin;

respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari ushbu Qonunga zid boʻlgan oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini qayta koʻrib chiqishlari va bekor qilishlarini taʼminlasin.

25-modda. Ushbu Qonunning kuchga kirishi

Ushbu Qonun 2026-yil 1-yanvardan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasining Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2025-yil 9-dekabr,

OʻRQ-1101-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 09.12.2025-y., 03/25/1101/1135-son)

lex.uz