UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 9-dekabr · Prezident qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 9 декабрь · Президент қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 9 декабря 2025 г. · Постановления Президента

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 9 December 2025 · Presidential resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

ДАСТУР

Пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорликни ошириш учун юқори самарадор интенсив агротехнологияларни қўллашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

Республикада пахта ва ғалла етиштиришда илғор хорижий тажрибалар асосида замонавий интенсив агротехнологияларни кенг жорий этиш, соҳани давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кенгайтириш, шунингдек, пахта ҳосилдорлигини оширишда илм-фан ва инновацияларга асосланган янги ёндашувларни қўллаш мақсадида қарор қиламан:

I . Мақсадлар

1. Қуйидагилар 2026 йил учун асосий мақсадли кўрсаткичлар этиб белгилансин:

(а) замонавий интенсив агротехнологияларни кенг жорий этиш натижасида ҳосилдорликни пахтачиликда 50 центнердан ошириш, ғаллачиликда 100 центнерга етказиш;

(б) пахта етиштириладиган майдонларда тўлиқ 76 см кенгликда якка ва қўшқатор схемада уруғлик чигит экилишини ташкил этиш, шунингдек, ғалла экиладиган майдонларда фақат яровизация қилинган уруғлик дон экилишини таъминлаш;

(в) илм-фан ютуқлари ва устоз-шогирд анъаналарига асосланган янги тизимни жорий этиш орқали пахтачиликда ҳосилдорликни ошириш.

II. Молиявий ресурслар ва имтиёзлар

2. Белгилансинки, 2026 йил ҳосилидан бошлаб:

(а) тупроқнинг бир бонитет балига нисбатан норматив ҳосилдорликка (центнер/гектар) 0,7 коэффициентни қўллаган ҳолда пахта хомашёсини етиштириш учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Бунда имтиёзли кредитларнинг 0,6 коэффициентдан ошган қисми учун ликвидли гаров таъминоти тақдим этилади;

(б) пахта етиштиришда агротехник тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан, плёнка ва томизғичли шлангларни харид қилиш харажатлари имтиёзли кредитлар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда:

(i) имтиёзли кредитлар Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ресурслари ҳисобидан тижорат банклари орқали ҳар йили январь — август ойларида ажратилади;

(ii) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар йили 1 октябрга қадар (2026 йил учун 2026 йил 15 январга қадар) келгуси ҳосил йили учун ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити ва агротехник тадбирларнинг муддатларини ҳисобга олган ҳолда харажатларнинг меъёрлари бўйича агротехник хариталарни тасдиқлайди;

(в) йил давомида имтиёзли кредит лимитининг 50 фоизгача қисмидан фойдаланган пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига белгиланган тартибда сотилган пахта қийматининг 5 фоизи миқдорида субсидия ажратиш тизими жорий қилинади. Бунда фермер хўжаликлари минимал ҳосилдорлик бўйича талабларни бажариши шарт.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2026 йил учун пахта ва ғалла ҳосилидан бошлаб камида 10 йилдан буён фаолият юритиб, мурожаат қилган пайтда имтиёзли кредитдан муддати ўтган қарзи ва солиқ тўловларидан қарздорлиги бўлмаган тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидаги қишлоқ хўжалиги корхоналарига имтиёзли кредитлар қуйидаги пасайтирилган фоиз ставкаларида ажратилади:

(а) «А» ва ундан юқори бўлган тоифаларга кирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарига — амалдаги фоиз ставкаларидан 2 фоизлик пунктга;

(б) «В» ва ундан юқори бўлган тоифаларга кирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарига — амалдаги фоиз ставкаларидан 1 фоизлик пунктга.

4. Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2026 йил ҳосилидан бошлаб ғаллани ўз маблағлари ёки тижорат кредитлари ҳисобидан етиштириб, уни белгиланган тартибда биржа савдолари ёки давлат ресурси учун реализация қилган қишлоқ хўжалиги корхоналарига маҳсулот қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратиш тизими жорий этилсин.

5. 2026 йилда пахта ва ғалла етиштиришда сув тежовчи технологияларни жорий этиш харажатларини молиялаштиришда қуйидагилар белгилансин:

(а) АТБ «Агробанк» томонидан сув тежовчи технологияларни жорий қилишни молиялаштириш учун 2,6 триллион сўм миқдоридаги имтиёзли ресурслар йўналтирилади. Бунда:

(i) ушбу маблағлар оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратилган кредитларнинг 2026 йилда сўндириладиган ресурсларидан 800 млрд сўм, АТБ «Агробанк» томонидан маҳаллий ва хорижий молия институтларидан ресурслар жалб қилиш орқали 900 млрд сўм ҳамда банк устав капиталида давлат улушини ошириш учун Давлат бюджетидан 900 млрд сўм йўналтириш ҳисобидан шакллантирилади;

(ii) қишлоқ хўжалиги корхоналарига сув тежовчи технологияларни жорий қилишни молиялаштириш учун ажратиладиган кредитлар АТБ «Агробанк» томонидан Марказий банк асосий ставкасида ажратилади;

(б) тижорат банклари томонидан бошқа манбалардан ресурслар жалб қилиш орқали сув тежовчи технологияларни жорий қилишни молиялаштириш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг Марказий банк асосий ставкасидан юқори, бироқ 10 фоизлик пунктидан ошмаган қисми қишлоқ хўжалиги корхоналарига Давлат бюджетидан қоплаб берилади;

(в) тижорат банклари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун пудратчилар билан якуний тўловлар назорат ўлчовларини ўтказувчи мустақил корхоналар, шу жумладан, халқаро компанияларнинг хулосаларига асосан амалга оширилади. Бунда назорат ўлчовларини ўтказиш сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун ажратиладиган кредит маблағлари доирасида молиялаштирилади.

III. Илм-фан ютуқлари ва устоз-шогирд анъаналари асосида пахтачиликда ҳосилдорликни ошириш чоралари

6. 2026 йилда устоз-шогирд тизими асосида пахта етиштириш амалиёти тажрибадан ўтказилсин. Бунда мазкур тизим доирасида қуйидагилар назарда тутилсин:

(а) ўтган ҳосил йилида 60 центнердан юқори ҳосил олиб, устозлик қилиш ташаббусини билдирган тажрибали ва фидойи кластер ва фермер хўжаликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан танлаб олинади;

(б) ҳар бир «устоз» кластер ва фермер хўжалигига ҳосилдорлиги 30 центнердан паст бўлган камида 20 та фермер хўжалиги уларнинг ўзаро келишувига асосан «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформасида бириктирилади;

(в) «шогирд» бўлган фермер хўжаликлари томонидан ҳар бир агротехник тадбир «устоз» кластер ва фермер хўжалиги билан келишилган ҳолда бажарилади ҳамда бунинг назорати «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформасида юритилади;

(г) ҳосил йили якунида юқори натижаларга эришиб, шогирди 50 центнердан юқори ҳосил олган «устоз» кластер ва фермер хўжаликларига ҳар бир шогирди учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида 5 миллион сўмдан мукофот пули тўланади;

(д) «устоз» кластер ва фермер хўжаликлари ва уларга бириктирилган «шогирд» фермер хўжаликларининг реестри Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

7. Белгилансинки, 2026 йилдан бошлаб янги агротехнологиялар асосида пахта ва ғалла етиштириш кўникмасига эга бўлган «янги агроном» тайёрлаш тизими жорий этилади. Бунда:

(а) республика бўйича «устоз» кластер ва фермер хўжаликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан танлаб олинади;

(б) «устоз» кластер ва фермер хўжаликлари томонидан Тошкент давлат аграр университети ва қишлоқ хўжалиги соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган бошқа олийгоҳлардаги 2 ва 3-курс талабалари орасидан камида 10 нафар иқтидорли талабалар танлаб олинади;

(в) «устоз» кластер ва фермер хўжаликлари талабаларга 2 йил мавсум давомида янги агротехнологиялар асосида пахта ва ғалла етиштириш ҳамда уларда агротехник тадбирларни ўтказиш, шу жумладан, сув тежовчи технологияларни, қишлоқ хўжалиги техникаларини бошқариш, дронлардан фойдаланиш усулларини ўргатиб боради;

(г) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Тошкент давлат аграр университети ва қишлоқ хўжалиги соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган бошқа олийгоҳлар, «устоз» кластер ва фермер хўжаликлари билан биргаликда уларга бириктирилган талабаларни қишлоқ хўжалиги ривожланган хорижий давлатларга тажриба ошириш учун юборади;

(д) мазкур тадбирларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида қуйидаги тўловларни амалга ошириб боради:

(i) «устоз» кластер ва фермер хўжаликларига ҳар бир талаба учун — йилига 5 млн сўмдан;

(ii) ҳар бир талабага жорий харажатлари учун — ойига 1,5 млн сўмдан;

(ж) «янги агроном» тайёрлаш тизими асосида ўқишни тамомлаган битирувчилар туман қишлоқ хўжалиги бўлимларига ишга қабул қилинади ва уларга 3 йил давомида 2 минг АҚШ доллари эквивалентида кафолатли ойлик иш ҳақи тўлаб борилади. Уларнинг зиммасига тегишли ҳудудда пахтачилик ва ғаллачиликда юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича амалий чораларни кўриш вазифаси юклатилади;

(з) битирувчиларнинг хоҳишига кўра уларнинг ўзига пахта ва ғалла етиштириш учун 100 гектаргача ер майдони аукцион орқали ажратилади.

8. Пахта ҳосилдорлигини оширишда интенсив агротехнологияларни қўллаш ва дронлар ёрдамида мониторинг қилишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш бўйича мақсадли илмий дастур иловага мувофиқ тасдиқлансин.

9. «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси оператори — «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» масъулияти чекланган жамиятига хизмат ва сервислар билан боғлиқ тўловларни ўтказиш учун тўлов ташкилотларининг фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилсин. Белгилансинки:

(а) «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» масъулияти чекланган жамиятига фаолиятини акциядорлик жамияти шаклида ташкил этиш ва устав капиталининг энг кам миқдорига доир талаблар татбиқ этилмайди;

(б) ариза, шартнома ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ маълумотлар алмашинуви мижознинг розилиги асосида банк сири билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатларига риоя қилган ҳолда «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси ва тижорат банклари ахборот тизимлари ўртасидаги тўғридан-тўғри интеграциялар асосида амалга оширилади;

(в) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан боғлиқ агротехник тадбирларни амалга оширишда «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси орқали расмийлаштирилган тўлов топшириқномаларига мувофиқ имтиёзли кредитлардан фойдаланиш имкониятлари яратилади.

IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

10. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши билан келишган ҳолда 2026 йил 1 январдан бошлаб мазкур қарорга иловада белгиланган илмий лойиҳаларни Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мақсадли молиялаштириш чораларини кўрсин.

11. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:

(а) Марказий банк билан биргаликда икки ой муддатда АТБ «Агробанк»нинг қишлоқ хўжалигини молиялаштириш билан боғлиқ фаолиятини такомиллаштириш, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда қишлоқ хўжалиги корхоналари ходимларининг молиявий саводхонлигини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини жорий қилишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

(б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти ҳамда Геномика ва биоинформатика марказига фитотрон ва репродукцион иссиқхона мажмуаларини қуриш учун зарур бўлган маблағларни 2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритсин;

(в) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Марказий банк билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарорнинг 3-бандига мувофиқ фермер хўжаликлари учун тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингидаги баҳолаш мезонларини соҳага мослаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

12. Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ипакчилик соҳасига берилган қуйидаги имтиёзларнинг амал қилиш муддатини 2029 йил 1 январга қадар узайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

(а) уй шароитида тирик пилла етиштириш билан шуғулланувчи (касаначи)ларни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиш;

(б) касаначилар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағларни, бўшаган маблағларни уларни моддий рағбатлантиришга йўналтириш шарти билан ижтимоий солиқдан озод қилиш;

(в) ипакчилик соҳасида озуқа базаси сифатида фойдаланиладиган тутзорлар билан банд бўлган ер участкалари учун ер солиғини халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан белгиланган солиқ ставкаларига 0,1 коэффициент қўллаган ҳолда тўлаш.

13. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда:

(а) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил учун янги пахта териш машиналари, кўп функцияли сеялкалар, плёнка йиғиб оладиган агрегатлар ва бошқа зарур техникаларни етказиб бериш прогноз кўрсаткичларини ҳамда молиялаштириш манбаларини аниқ белгилаш, шунингдек, пахта ва ғалла комбайнлари лизинг тўловларини пахта ва ғалла йиғим мавсумларидаги тушумларга мувофиқ ундиришни белгилаш бўйича қарор лойиҳасини;

(б) 2026 йилдан бошлаб янги агротехнологиялар асосида пахта ва ғалла етиштириш кўникмасига эга бўлган «янги агроном» тайёрлаш тизими ва уни молиялаштириш бўйича низом лойиҳасини;

(в) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг 2-банди «в» кичик банди ва 4-бандида назарда тутилган субсидияларни ажратиш тартибини;

(г) қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

14. «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси ва унинг таркибига кирувчи ахборот тизимлари, соҳадаги рақамли хизмат ва сервисларнинг ўз вақтида ишга туширилиши ва узлуксиз ишлашини, «Агромониторинг» ахборот тизимига масъуллар томонидан маълумотлар тўғри киритилишини ва доимий таҳлил қилиб борилишини, шунингдек, мазкур қарорнинг 6 ва 7-бандларида назарда тутилган тартибларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш Бош прокурор ўринбосари Ш.Ж. Тўхтабоев зиммасига юклатилсин.

15. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва Ж.А. Ходжаев ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдурахмонов белгилансин.

16. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 9 декабрдаги ПҚ-370-сон қарорига ИЛОВА

Пахта ҳосилдорлигини оширишда интенсив агротехнологияларни қўллаш ва дронлар ёрдамида мониторинг қилишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш бўйича мақсадли илмий

Т/р Лойиҳа йўналиши номи Технология маҳсулоти номи Муддати 1. Хорижий ғўза навларидаги кўсак қурти ( Bt ) ва ( Gt ) глифосатга бардошли генларни маҳаллий навларга ўтказиш орқали республиканинг турли тупроқ-иқлим шароитида етиштиришга мос, тезпишар, тола чиқими ва сифати юқори ғўза навларини яратиш ҳамда уруғчилигини ташкил этиш. Янги авлод ғўза навларининг супер элита ва элита уруғлари 2026 — 2029 йиллар 2. «Шинжон» тажрибаси (76х10 см қўшқатор схемада, плёнка остида, 220 — 240 минг/га кўчат сони) асосида интенсив агротехнологияни қўллаган ҳолда пахта етиштириш бўйича илмий асосланган агротехнология ишлаб чиқиш. Интенсив агротехнология 2026 — 2029 йиллар 3. Маҳаллий ва хорижий ғўза навларини турли тупроқ-иқлим шароитларида «Шинжон» тажрибаси асосида етиштиришда этефон таркибли препаратларни қўллаш ва дефолиация (десикация) ишларини амалга оширишнинг ҳосилдорлик, тола ва чигит сифати, мойдорлигига таъсирини аниқлаш ҳамда мақбул меъёр ва муддатларини ишлаб чиқиш. Янги препаратларни қўллаш муддати ва меъёрлари 2026 — 2029 йиллар 4. Плазма технологиялари асосида ғўзанинг биотик ва абиотик омилларга бардошлилигини ошириш орқали пахта ҳосилдорлигини ошириш агротехнологиясини ишлаб чиқиш. Интенсив агротехнология 2026-2027 йиллар 5. Интенсив усулда етиштириладиган пахта майдонларида дронлар ёрдамида агротехник тадбирларни амалга ошириш бўйича илмий асосланган таҳлилий материаллар, хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш. Интенсив агротехнология 2026 — 2029 йиллар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2025 йил 9 декабрь,

ПҚ- 370 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.12.2025 й., 07/25/370/1140-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI PREZIDENTINING

QARORI

DASTUR

Paxtachilik va gʻallachilikda hosildorlikni oshirish uchun yuqori samarador intensiv agrotexnologiyalarni qoʻllashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Respublikada paxta va gʻalla yetishtirishda ilgʻor xorijiy tajribalar asosida zamonaviy intensiv agrotexnologiyalarni keng joriy etish, sohani davlat tomonidan moliyaviy qoʻllab-quvvatlash mexanizmlarini yanada kengaytirish, shuningdek, paxta hosildorligini oshirishda ilm-fan va innovatsiyalarga asoslangan yangi yondashuvlarni qoʻllash maqsadida qaror qilaman:

I . Maqsadlar

1. Quyidagilar 2026-yil uchun asosiy maqsadli koʻrsatkichlar etib belgilansin:

(a) zamonaviy intensiv agrotexnologiyalarni keng joriy etish natijasida hosildorlikni paxtachilikda 50 sentnerdan oshirish, gʻallachilikda 100 sentnerga yetkazish;

(b) paxta yetishtiriladigan maydonlarda toʻliq 76 sm kenglikda yakka va qoʻshqator sxemada urugʻlik chigit ekilishini tashkil etish, shuningdek, gʻalla ekiladigan maydonlarda faqat yarovizatsiya qilingan urugʻlik don ekilishini taʼminlash;

(v) ilm-fan yutuqlari va ustoz-shogird anʼanalariga asoslangan yangi tizimni joriy etish orqali paxtachilikda hosildorlikni oshirish.

II. Moliyaviy resurslar va imtiyozlar

2. Belgilansinki, 2026-yil hosilidan boshlab:

(a) tuproqning bir bonitet baliga nisbatan normativ hosildorlikka (sentner/gektar) 0,7 koeffitsiyentni qoʻllagan holda paxta xomashyosini yetishtirish uchun imtiyozli kreditlar ajratiladi. Bunda imtiyozli kreditlarning 0,6 koeffitsiyentdan oshgan qismi uchun likvidli garov taʼminoti taqdim etiladi;

(b) paxta yetishtirishda agrotexnik tadbirlarni amalga oshirish, shu jumladan, plyonka va tomizgʻichli shlanglarni xarid qilish xarajatlari imtiyozli kreditlar hisobidan amalga oshiriladi. Bunda:

(i) imtiyozli kreditlar Qishloq xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasining resurslari hisobidan tijorat banklari orqali har yili yanvar — avgust oylarida ajratiladi;

(ii) Qishloq xoʻjaligi vazirligi har yili 1-oktabrga qadar (2026-yil uchun 2026-yil 15-yanvarga qadar) kelgusi hosil yili uchun hududlarning tuproq-iqlim sharoiti va agrotexnik tadbirlarning muddatlarini hisobga olgan holda xarajatlarning meʼyorlari boʻyicha agrotexnik xaritalarni tasdiqlaydi;

(v) yil davomida imtiyozli kredit limitining 50 foizgacha qismidan foydalangan paxta yetishtiruvchi fermer xoʻjaliklariga belgilangan tartibda sotilgan paxta qiymatining 5 foizi miqdorida subsidiya ajratish tizimi joriy qilinadi. Bunda fermer xoʻjaliklari minimal hosildorlik boʻyicha talablarni bajarishi shart.

3. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga koʻra 2026-yil uchun paxta va gʻalla hosilidan boshlab kamida 10 yildan buyon faoliyat yuritib, murojaat qilgan paytda imtiyozli kreditdan muddati oʻtgan qarzi va soliq toʻlovlaridan qarzdorligi boʻlmagan tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingidagi qishloq xoʻjaligi korxonalariga imtiyozli kreditlar quyidagi pasaytirilgan foiz stavkalarida ajratiladi:

(a) “A” va undan yuqori boʻlgan toifalarga kiruvchi qishloq xoʻjaligi korxonalariga — amaldagi foiz stavkalaridan 2 foizlik punktga;

(b) “V” va undan yuqori boʻlgan toifalarga kiruvchi qishloq xoʻjaligi korxonalariga — amaldagi foiz stavkalaridan 1 foizlik punktga.

4. Gʻalla yetishtiruvchi fermer xoʻjaliklarini moliyaviy qoʻllab-quvvatlash maqsadida 2026-yil hosilidan boshlab gʻallani oʻz mablagʻlari yoki tijorat kreditlari hisobidan yetishtirib, uni belgilangan tartibda birja savdolari yoki davlat resursi uchun realizatsiya qilgan qishloq xoʻjaligi korxonalariga mahsulot qiymatining 10 foizi miqdorida subsidiya ajratish tizimi joriy etilsin.

5. 2026-yilda paxta va gʻalla yetishtirishda suv tejovchi texnologiyalarni joriy etish xarajatlarini moliyalashtirishda quyidagilar belgilansin:

(a) ATB “Agrobank” tomonidan suv tejovchi texnologiyalarni joriy qilishni moliyalashtirish uchun 2,6 trillion soʻm miqdoridagi imtiyozli resurslar yoʻnaltiriladi. Bunda:

(i) ushbu mablagʻlar oilaviy tadbirkorlik dasturlari doirasida ajratilgan kreditlarning 2026-yilda soʻndiriladigan resurslaridan 800 mlrd soʻm, ATB “Agrobank” tomonidan mahalliy va xorijiy moliya institutlaridan resurslar jalb qilish orqali 900 mlrd soʻm hamda bank ustav kapitalida davlat ulushini oshirish uchun Davlat budjetidan 900 mlrd soʻm yoʻnaltirish hisobidan shakllantiriladi;

(ii) qishloq xoʻjaligi korxonalariga suv tejovchi texnologiyalarni joriy qilishni moliyalashtirish uchun ajratiladigan kreditlar ATB “Agrobank” tomonidan Markaziy bank asosiy stavkasida ajratiladi;

(b) tijorat banklari tomonidan boshqa manbalardan resurslar jalb qilish orqali suv tejovchi texnologiyalarni joriy qilishni moliyalashtirish uchun ajratiladigan kreditlar boʻyicha foiz stavkalarining Markaziy bank asosiy stavkasidan yuqori, biroq 10 foizlik punktidan oshmagan qismi qishloq xoʻjaligi korxonalariga Davlat budjetidan qoplab beriladi;

(v) tijorat banklari tomonidan qishloq xoʻjaligi mahsulotlari ishlab chiqaruvchilarga suv tejovchi texnologiyalarni joriy etish uchun pudratchilar bilan yakuniy toʻlovlar nazorat oʻlchovlarini oʻtkazuvchi mustaqil korxonalar, shu jumladan, xalqaro kompaniyalarning xulosalariga asosan amalga oshiriladi. Bunda nazorat oʻlchovlarini oʻtkazish suv tejovchi texnologiyalarni joriy etish uchun ajratiladigan kredit mablagʻlari doirasida moliyalashtiriladi.

III. Ilm-fan yutuqlari va ustoz-shogird anʼanalari asosida paxtachilikda hosildorlikni oshirish choralari

6. 2026-yilda ustoz-shogird tizimi asosida paxta yetishtirish amaliyoti tajribadan oʻtkazilsin. Bunda mazkur tizim doirasida quyidagilar nazarda tutilsin:

(a) oʻtgan hosil yilida 60 sentnerdan yuqori hosil olib, ustozlik qilish tashabbusini bildirgan tajribali va fidoyi klaster va fermer xoʻjaliklari Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari tomonidan tanlab olinadi;

(b) har bir “ustoz” klaster va fermer xoʻjaligiga hosildorligi 30 sentnerdan past boʻlgan kamida 20 ta fermer xoʻjaligi ularning oʻzaro kelishuviga asosan “Raqamli qishloq xoʻjaligi” yagona integratsion platformasida biriktiriladi;

(v) “shogird” boʻlgan fermer xoʻjaliklari tomonidan har bir agrotexnik tadbir “ustoz” klaster va fermer xoʻjaligi bilan kelishilgan holda bajariladi hamda buning nazorati “Raqamli qishloq xoʻjaligi” yagona integratsion platformasida yuritiladi;

(g) hosil yili yakunida yuqori natijalarga erishib, shogirdi 50 sentnerdan yuqori hosil olgan “ustoz” klaster va fermer xoʻjaliklariga har bir shogirdi uchun Qishloq xoʻjaligi vazirligi tomonidan Davlat budjetidan ajratilgan mablagʻlar doirasida 5 million soʻmdan mukofot puli toʻlanadi;

(d) “ustoz” klaster va fermer xoʻjaliklari va ularga biriktirilgan “shogird” fermer xoʻjaliklarining reyestri Qishloq xoʻjaligi vazirligining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

7. Belgilansinki, 2026-yildan boshlab yangi agrotexnologiyalar asosida paxta va gʻalla yetishtirish koʻnikmasiga ega boʻlgan “yangi agronom” tayyorlash tizimi joriy etiladi. Bunda:

(a) respublika boʻyicha “ustoz” klaster va fermer xoʻjaliklari Qishloq xoʻjaligi vazirligi tomonidan tanlab olinadi;

(b) “ustoz” klaster va fermer xoʻjaliklari tomonidan Toshkent davlat agrar universiteti va qishloq xoʻjaligi sohasida mutaxassislar tayyorlaydigan boshqa oliygohlardagi 2 va 3-kurs talabalari orasidan kamida 10 nafar iqtidorli talabalar tanlab olinadi;

(v) “ustoz” klaster va fermer xoʻjaliklari talabalarga 2 yil mavsum davomida yangi agrotexnologiyalar asosida paxta va gʻalla yetishtirish hamda ularda agrotexnik tadbirlarni oʻtkazish, shu jumladan, suv tejovchi texnologiyalarni, qishloq xoʻjaligi texnikalarini boshqarish, dronlardan foydalanish usullarini oʻrgatib boradi;

(g) Qishloq xoʻjaligi vazirligi Toshkent davlat agrar universiteti va qishloq xoʻjaligi sohasida mutaxassislar tayyorlaydigan boshqa oliygohlar, “ustoz” klaster va fermer xoʻjaliklari bilan birgalikda ularga biriktirilgan talabalarni qishloq xoʻjaligi rivojlangan xorijiy davlatlarga tajriba oshirish uchun yuboradi;

(d) mazkur tadbirlarni moliyaviy qoʻllab-quvvatlash uchun Qishloq xoʻjaligi vazirligi Davlat budjetidan ajratilgan mablagʻlar doirasida quyidagi toʻlovlarni amalga oshirib boradi:

(i) “ustoz” klaster va fermer xoʻjaliklariga har bir talaba uchun — yiliga 5 mln soʻmdan;

(ii) har bir talabaga joriy xarajatlari uchun — oyiga 1,5 mln soʻmdan;

(j) “yangi agronom” tayyorlash tizimi asosida oʻqishni tamomlagan bitiruvchilar tuman qishloq xoʻjaligi boʻlimlariga ishga qabul qilinadi va ularga 3 yil davomida 2 ming AQSH dollari ekvivalentida kafolatli oylik ish haqi toʻlab boriladi. Ularning zimmasiga tegishli hududda paxtachilik va gʻallachilikda yuqori hosildorlikka erishish boʻyicha amaliy choralarni koʻrish vazifasi yuklatiladi;

(z) bitiruvchilarning xohishiga koʻra ularning oʻziga paxta va gʻalla yetishtirish uchun 100 gektargacha yer maydoni auksion orqali ajratiladi.

8. Paxta hosildorligini oshirishda intensiv agrotexnologiyalarni qoʻllash va dronlar yordamida monitoring qilishning ilmiy asoslarini ishlab chiqish boʻyicha maqsadli ilmiy dastur ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

9. “Raqamli qishloq xoʻjaligi” yagona integratsion platformasi operatori — “Agrosanoatni raqamlashtirish markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyatiga xizmat va servislar bilan bogʻliq toʻlovlarni oʻtkazish uchun toʻlov tashkilotlarining faoliyatini amalga oshirish huquqi berilsin. Belgilansinki:

(a) “Agrosanoatni raqamlashtirish markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyatiga faoliyatini aksiyadorlik jamiyati shaklida tashkil etish va ustav kapitalining eng kam miqdoriga doir talablar tatbiq etilmaydi;

(b) ariza, shartnoma va xizmat koʻrsatish bilan bogʻliq maʼlumotlar almashinuvi mijozning roziligi asosida bank siri bilan bogʻliq qonunchilik hujjatlariga rioya qilgan holda “Raqamli qishloq xoʻjaligi” yagona integratsion platformasi va tijorat banklari axborot tizimlari oʻrtasidagi toʻgʻridan-toʻgʻri integratsiyalar asosida amalga oshiriladi;

(v) qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish bilan bogʻliq agrotexnik tadbirlarni amalga oshirishda “Raqamli qishloq xoʻjaligi” yagona integratsion platformasi orqali rasmiylashtirilgan toʻlov topshiriqnomalariga muvofiq imtiyozli kreditlardan foydalanish imkoniyatlari yaratiladi.

IV. Qaror ijrosini tashkil etish, taʼminlash va nazorat

10. Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Paxtachilik kengashi bilan kelishgan holda 2026-yil 1-yanvardan boshlab mazkur qarorga ilovada belgilangan ilmiy loyihalarni Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan maqsadli moliyalashtirish choralarini koʻrsin.

11. Iqtisodiyot va moliya vazirligi:

(a) Markaziy bank bilan birgalikda ikki oy muddatda ATB “Agrobank”ning qishloq xoʻjaligini moliyalashtirish bilan bogʻliq faoliyatini takomillashtirish, xorijiy davlatlar tajribasini oʻrgangan holda qishloq xoʻjaligi korxonalari xodimlarining moliyaviy savodxonligini oshirish va ularni qoʻllab-quvvatlashning yangi mexanizmlarini joriy qilishni nazarda tutuvchi qaror loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

(b) Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda Paxta seleksiyasi, urugʻchiligi va yetishtirish agrotexnologiyalari ilmiy-tadqiqot instituti hamda Genomika va bioinformatika markaziga fitotron va reproduksion issiqxona majmualarini qurish uchun zarur boʻlgan mablagʻlarni 2026-yil uchun Oʻzbekiston Respublikasining ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturiga kiritsin;

(v) Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Markaziy bank bilan birgalikda bir oy muddatda mazkur qarorning 3-bandiga muvofiq fermer xoʻjaliklari uchun tadbirkorlarning barqarorlik reytingidagi baholash mezonlarini sohaga moslashtirish yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.

12. Yengil sanoatni rivojlantirish agentligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda ipakchilik sohasiga berilgan quyidagi imtiyozlarning amal qilish muddatini 2029-yil 1-yanvarga qadar uzaytirishni nazarda tutuvchi qonun loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin:

(a) uy sharoitida tirik pilla yetishtirish bilan shugʻullanuvchi (kasanachi)larni jismoniy shaxslardan olinadigan daromad soligʻidan ozod qilish;

(b) kasanachilar mehnatiga haq toʻlashga yoʻnaltiriladigan mablagʻlarni, boʻshagan mablagʻlarni ularni moddiy ragʻbatlantirishga yoʻnaltirish sharti bilan ijtimoiy soliqdan ozod qilish;

(v) ipakchilik sohasida ozuqa bazasi sifatida foydalaniladigan tutzorlar bilan band boʻlgan yer uchastkalari uchun yer soligʻini xalq deputatlari tuman (shahar) kengashlari tomonidan belgilangan soliq stavkalariga 0,1 koeffitsiyent qoʻllagan holda toʻlash.

13. Qishloq xoʻjaligi vazirligi bir oy muddatda:

(a) Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2026-yil uchun yangi paxta terish mashinalari, koʻp funksiyali seyalkalar, plyonka yigʻib oladigan agregatlar va boshqa zarur texnikalarni yetkazib berish prognoz koʻrsatkichlarini hamda moliyalashtirish manbalarini aniq belgilash, shuningdek, paxta va gʻalla kombaynlari lizing toʻlovlarini paxta va gʻalla yigʻim mavsumlaridagi tushumlarga muvofiq undirishni belgilash boʻyicha qaror loyihasini;

(b) 2026-yildan boshlab yangi agrotexnologiyalar asosida paxta va gʻalla yetishtirish koʻnikmasiga ega boʻlgan “yangi agronom” tayyorlash tizimi va uni moliyalashtirish boʻyicha nizom loyihasini;

(v) Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda mazkur qarorning 2-bandi “v” kichik bandi va 4-bandida nazarda tutilgan subsidiyalarni ajratish tartibini;

(g) qonunchilik hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar yuzasidan takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

14. “Raqamli qishloq xoʻjaligi” yagona integratsion platformasi va uning tarkibiga kiruvchi axborot tizimlari, sohadagi raqamli xizmat va servislarning oʻz vaqtida ishga tushirilishi va uzluksiz ishlashini, “Agromonitoring” axborot tizimiga masʼullar tomonidan maʼlumotlar toʻgʻri kiritilishini va doimiy tahlil qilib borilishini, shuningdek, mazkur qarorning 6 va 7-bandlarida nazarda tutilgan tartiblarning oʻz vaqtida va sifatli bajarilishini nazorat qilish Bosh prokuror oʻrinbosari Sh.J. Toʻxtaboyev zimmasiga yuklatilsin.

15. Mazkur qaror ijrosini samarali tashkil qilishga masʼul va shaxsiy javobgar etib Bosh vazir oʻrinbosarlari J.A. Qoʻchqorov va J.A. Xodjayev hamda qishloq xoʻjaligi vaziri I.Yu. Abduraxmonov belgilansin.

16. Qaror ijrosini muhokama qilib borish, ijro uchun masʼul idoralar faoliyatini muvofiqlashtirish va nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining agrar rivojlanish masalalari boʻyicha maslahatchisi Sh.M. Gʻaniyev zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 9-dekabrdagi PQ-370-son qaroriga ILOVA

Paxta hosildorligini oshirishda intensiv agrotexnologiyalarni qoʻllash va dronlar yordamida monitoring qilishning ilmiy asoslarini ishlab chiqish boʻyicha maqsadli ilmiy

T/r Loyiha yoʻnalishi nomi Texnologiya mahsuloti nomi Muddati 1. Xorijiy gʻoʻza navlaridagi koʻsak qurti ( Bt ) va ( Gt ) glifosatga bardoshli genlarni mahalliy navlarga oʻtkazish orqali respublikaning turli tuproq-iqlim sharoitida yetishtirishga mos, tezpishar, tola chiqimi va sifati yuqori gʻoʻza navlarini yaratish hamda urugʻchiligini tashkil etish. Yangi avlod gʻoʻza navlarining super elita va elita urugʻlari 2026 — 2029-yillar 2. “Shinjon” tajribasi (76x10 sm qoʻshqator sxemada, plyonka ostida, 220 — 240 ming/ga koʻchat soni) asosida intensiv agrotexnologiyani qoʻllagan holda paxta yetishtirish boʻyicha ilmiy asoslangan agrotexnologiya ishlab chiqish. Intensiv agrotexnologiya 2026 — 2029-yillar 3. Mahalliy va xorijiy gʻoʻza navlarini turli tuproq-iqlim sharoitlarida “Shinjon” tajribasi asosida yetishtirishda etefon tarkibli preparatlarni qoʻllash va defoliatsiya (desikatsiya) ishlarini amalga oshirishning hosildorlik, tola va chigit sifati, moydorligiga taʼsirini aniqlash hamda maqbul meʼyor va muddatlarini ishlab chiqish. Yangi preparatlarni qoʻllash muddati va meʼyorlari 2026 — 2029-yillar 4. Plazma texnologiyalari asosida gʻoʻzaning biotik va abiotik omillarga bardoshliligini oshirish orqali paxta hosildorligini oshirish agrotexnologiyasini ishlab chiqish. Intensiv agrotexnologiya 2026-2027-yillar 5. Intensiv usulda yetishtiriladigan paxta maydonlarida dronlar yordamida agrotexnik tadbirlarni amalga oshirish boʻyicha ilmiy asoslangan tahliliy materiallar, xulosa va tavsiyalar ishlab chiqish. Intensiv agrotexnologiya 2026 — 2029-yillar

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2025-yil 9-dekabr,

PQ- 370 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 10.12.2025-y., 07/25/370/1140-son)

lex.uz