UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 24-noyabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 24 ноябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 ноября 2025 г. · Документы министерств и ведомств · Комитет по развитию конкуренции и защите прав потребителей

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 November 2025 · Ministry and agency documents · Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РАҚОБАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ҚЎМИТАСИНИНГ

ҚАРОРИ

НИЗОМ

«Сирли мижоз» ва назорат хариди тадбирларини ўтказиш учун нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимларини ўқитиш ва уларга махсус сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 октябрдаги ПҚ-296-сон «Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қарор қилади:

1. «Сирли мижоз» ва назорат хариди тадбирларини ўтказиш учун нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимларини ўқитиш ва уларга махсус сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган.

3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 2025 йил 24 ноябрдаги 05/32-05/01-сон қарорига ИЛОВА

«Сирли мижоз» ва назорат хариди тадбирларини ўтказиш учун нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимларини ўқитиш ва уларга махсус сертификат бериш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги мурожаатларини кўриб чиқиш, «сирли мижоз» ва назорат хариди тадбирларини ўтказиш учун нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимларини Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари марказида (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) ташкил этиладиган ўқув курсида ўқитиш ва уларга махсус сертификат бериш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ўқув курси — истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, «сирли мижоз» ва назорат хариди тадбирларини ўтказиш учун нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимларида зарур билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган ўқув шакли;

талабгор — ўқув курсларида ўз ходимларини ўқитиш хоҳишини билдирган нодавлат нотижорат ташкилотлари;

тингловчи — истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, «сирли мижоз» ва назорат хариди тадбирларини ўтказиш юзасидан зарур билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш учун Марказ томонидан ташкил этилган ўқув курсига қабул қилинган нодавлат нотижорат ташкилотининг ходими;

ўқув дастури — Марказ томонидан ташкил этилган ўқув курсининг асосий мазмуни ва методик тузилишини аниқлаб берувчи ҳужжат.

2. Тингловчилар ўқув курсларида Марказ билан ўзаро тузилган шартномага мувофиқ ўқитилади. Ўқув курслари якуни бўйича тест синовини муваффақиятли топширган тақдирда тингловчиларга ўқув курсини тамомлаганлиги ҳақида махсус сертификат (бундан буён матнда сертификат деб юритилади) берилади.

3. Тингловчилар учун ўқув курсларининг давомийлиги 18 соатни ташкил этади. Бунда, талабгорнинг буюртмасига асосан ўқув курслари 30 соатгача узайтирилиши мумкин.

4. Тингловчилар учун ўқув курслари Марказда ёки масофавий таълим шаклида ташкил этилади.

2-боб. Ўқув курсларини ташкил этиш

5. Ўқув курслари тўғрисидаги маълумотлар Марказнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

6. Талабгор ўз ходимларини ўқитиш юзасидан Марказга электрон ёки ёзма шаклда мурожаат қилади. Бунда, Марказга календарь йил давомида узлуксиз мурожаат қилиниши мумкин.

7. Марказ томонидан талабгорнинг мурожаати кўриб чиқилиб, ўқув курсини ташкил этиш учун шартнома тузиш мумкинлиги ҳақида уч иш кунида мурожаатда кўрсатилган электрон почта ёки юридик манзилга тегишли хабарнома юборилади.

Агар нодавлат нотижорат ташкилотларининг уставида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш асосий мақсад ва вазифа сифатида назарда тутилмаганлиги аниқланса, Марказ томонидан мурожаат рад этилади ва бу ҳақда талабгорга асослантирилган ҳолда талабгорга электрон почта ёки юридик манзилга тегишли хабарнома юборилади.

8. Тингловчилар ўқув курсларига Марказ директорининг буйруғи билан қабул қилинади.

9. Марказ талабгор томонидан ўқув курсида ўқиш учун тавсия этилган ходимлар сонидан келиб чиқиб ўқув гуруҳларини шакллантиради.

Ўқув гуруҳлари, қоида тариқасида, 5 нафардан кам бўлмаган ва 30 нафардан кўп бўлмаган тингловчилардан иборат гуруҳларда ташкил қилинади.

10. Ўқув курсларининг ўқув дастурлари Марказ томонидан ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан тасдиқланади.

11. Ўқув дастурида қуйидаги масалалар қамраб олинади:

истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби;

«сирли мижоз», назорат хариди тадбирларини ўтказиш асослари ва тартиби ҳамда ушбу тадбирлар натижаларини расмийлаштириш;

савдо, хизмат кўрсатиш ва реклама соҳаларида амалдаги қонунчилик талабларига риоя этиш;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асослари ва тартиби;

ахборот махфийлигига риоя этиш.

12. Ўқув курсларида ўқув машғулотлари маъруза, семинар ва амалий машғулотлар шаклида ўтказилади.

Ўқув машғулотларини ўтказиш учун Марказ, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, шунингдек бошқа давлат органлари ва ташкилотлари мутахассислари, илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари (экспертлари), олий таълим ташкилотлари профессор ва ўқитувчилари, хорижий мутахассислар шартнома асосида жалб этилиши мумкин.

13. Ўқув курсларини бевосита Марказда ўқиш истагини билдирган тингловчилар учун ўқув машғулотлари Марказ ўқув аудиториясида ёки у томонидан танланган бошқа ўқув аудиторияларида, масофавий таълим шаклида ўқийдиган тингловчилар учун махсус электрон платформалардан фойдаланган ҳолда ўтказилади.

14. Барча турдаги ўқув машғулотларининг давомийлиги 80 дақиқани, ўқув машғулотлари ўртасидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.

15. Тингловчилар ўқув курсларни ташкил этиш ва ўтказиш режасига, ўқиш давомийлигига амал қилиши, шунингдек ўқув жараёнида шахсан ўзи иштирок этиши талаб этилади.

3-боб. Ўқув курслари якуни бўйича тест синовларини ташкил этиш

16. Ўқув курсларининг якуни бўйича тингловчиларнинг билими ва ўзлаштиришини баҳолаш мақсадида Марказ томонидан тест синовлари ўтказилади.

17. Тест синовлари қоғоз шаклида ёки тегишли дастурий таъминот асосида компьютерлар орқали ўтказилади.

18. Тест синовларини ўтказиш учун Марказ директорининг буйруғига асосан 5 нафардан иборат имтиҳон комиссияси тузилади (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) ва унинг таркибига Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Марказ ходимлари ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотлари мутахассислари, илмий муассасаларнинг профессор ва ўқитувчилари киритилади.

Комиссия ишида аъзоларидан 3 нафари иштирок этганда, ушбу комиссия ваколатли (кворумга эга) ҳисобланади.

19. Комиссия таркибидан комиссия раиси ва масъул котиб тайинланади.

20. Комиссия ҳужжатлари комиссиянинг масъул котиби томонидан юритилади.

21. Тест синовлари қоғоз шаклида ўтказилганда, тингловчилар махсус видеокузатув билан жиҳозланган аудиторияда бир-бирларига халақит қилмайдиган тарзда, алоҳида столларга жойлаштирилиб, тест варақалари тарқатилади.

22. Тест синовлари тегишли дастурий таъминот асосида компьютерлар орқали ўтказилганда, тингловчилар махсус жиҳозланган компьютер хоналарида Марказнинг масъул ходими ва комиссия аъзоларининг кузатувида, тегишли дастурий таъминот орқали электрон тарзда рўйхатдан ўтган ҳолда тест синовларини топширишади.

Агар тингловчи тест синовларини масофавий тарзда (онлайн) тегишли дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда компьютер орқали топширса, ушбу тингловчи «ZOOM» платформаси орқали Марказ масъул ходимининг ва комиссия аъзоларининг видеокузатуви остида бўлади.

23. Тест синовлари пайтида ҳар бир тингловчига 25 та саволдан иборат тест саволлари қоғоз шаклида ёки тегишли дастурий таъминот орқали электрон шаклда тақдим этилади ва тўғри жавобларни белгилаш учун жами 60 дақиқа вақт белгиланади.

24. Тест синовлари ўтказилаётган вақтда алоқа ва телекоммуникация воситалари (телефон, компьютер, планшет ва бошқалар), китоб ҳамда шпаргалкалардан фойдаланиши ҳамда бошқа шахслар билан суҳбатлашиш тақиқланади.

Ушбу талабларга риоя қилмаган тингловчи комиссия аъзолари томонидан тузилган далолатнома асосида тест синовидан четлаштирилади. Далолатнома тингловчи иштирокида расмийлаштирилади. Агар тингловчи далолатномага имзо қўйишдан бош тортса, бу ҳолат ҳақида далолатномага тегишли ёзув киритилади.

Тест синовларини масофавий (онлайн) тарзда, тегишли дастурий таъминот орқали компьютерда топшириш жараёнида мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган ҳаракатлар содир этилганлиги видеокузатув орқали аниқланган тақдирда, тингловчи тест синовидан четлаштирилади. Бунда, комиссия аъзолари томонидан далолатнома расмийлаштирилади ва видеотасвирлар унга илова қилинади.

Четлаштириш тўғрисидаги далолатномалар тест натижаларини ҳисобга олмаслик учун асос ҳисобланади.

25. Тингловчининг билими ва ўзлаштириши тўғри жавоблар сонига кўра қуйидагича баҳоланади:

21 та ва ундан ортиқ тўғри жавоб — «аъло»;

16 тадан 21 тагача тўғри жавоб — «яхши»;

12 тадан 16 тагача тўғри жавоб — «қониқарли»;

12 тагача тўғри жавоб — «қониқарсиз».

26. Тест синовлари тегишли дастурий таъминот асосида компьютерлар орқали ўтказилганда, тест натижаси барча саволлар юзасидан жавоблар белгилаб бўлингач ёки жавобларни белгилаш учун ажратилган 60 дақиқа вақт тугагач, шу заҳоти автоматик тарзда тегишли дастурий таъминот томонидан эълон қилинади.

27. Тест синовлари қоғоз шаклида ўтказилганда тест натижаси барча саволлар юзасидан жавоблар белгилаб бўлингач ёки жавобларни белгилаш учун ажратилган 60 дақиқа вақт тугагач, комиссия аъзолари томонидан кўпи билан 30 минут вақт ичида эълон қилинади.

28. Тест синовлари натижалари юзасидан комиссия томонидан умумий баённома расмийлаштирилади ва Марказда доимий сақланади.

29. Тест синовлари натижаларига кўра, «аъло», «яхши» ва «қониқарли» баҳоларни олган тингловчилар тест синовидан муваффақиятли ўтган ҳисобланади ва уларга тест натижалари эълон қилинган куннинг ўзидан кечиктирмай сертификат тақдим этилади.

30. Тест синовлари натижаларига кўра, «қониқарсиз» баҳо олган тингловчилар қайта тест синовларини топшириш учун навбатдаги тест синовларида иштирок этиши мумкин.

Бунда, тест синовини қайта топшириш учун тўлов ундирилмайди.

31. Тингловчи қайта тест синови натижасида ҳам «қониқарсиз» баҳо олган тақдирда, сертификат тақдим этилмайди.

32. Тест синовлари натижалари акс эттирилган видеоёзувлар бир йил давомида сақланади.

33. Тингловчиларга берилган сертификатлар Марказ томонидан юритиладиган ягона электрон реестрда рўйхатга олинади.

4-боб. Тест синовлари натижалари юзасидан апелляция бериш ва уни кўриб чиқиш

34. Тингловчи тест синовлари натижасидан норози бўлган тақдирда, у натижалар эълон қилинган кундан бошлаб беш иш куни ичида апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

35. Апелляция комиссияси Марказ директорининг буйруғи асосида беш нафардан иборат таркибда тузилади.

Апелляция комиссияси таркибидан комиссияси раиси ва масъул котиб тайинланади.

Апелляция комиссиясига бошқа ташкилотлардан ҳам мутахассислар жалб этилиши мумкин.

36. Апелляция комиссияси унда аъзоларнинг камида уч нафари қатнашса, ваколатли (кворумга эга) ҳисобланади.

37. Бир шахс бир вақтнинг ўзида имтиҳон комиссияси ва апелляция комиссияси аъзоси бўлиши мумкин эмас.

38. Тест синови натижаларидан норози бўлган тингловчи апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикояти бериши мумкин.

39. Келиб тушган апелляция шикояти шу куннинг ўзида кирим қилиниб, апелляция комиссияси масъул котибига берилади.

Апелляция комиссияси апелляция шикоятини, у келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида кўриб чиқади.

40. Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган тингловчини шикоятни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида огоҳлантиради.

41. Апелляция шикояти билан мурожаат қилган тингловчи мазкур шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

42. Апелляция шикоятини кўриб чиқишда апелляция комиссияси тест синовини ўтказиш билан боғлиқ материалларни ҳар томонлама ўрганади. Апелляция комиссияси томонидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш давомида тингловчига уни қайта баҳолашга қаратилган саволлар берилишига йўл қўйилмайди.

43. Шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

тест синови натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;

тест синови натижаларига ўзгартириш киритиш ва қайта баҳолаш.

44. Апелляция шикоятини кўришда тингловчининг тест синови натижасини пасайтиришга йўл қўйилмайди.

45. Апелляция комиссиясининг кўриб чиқилиши натижаси комиссияда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

46. Тингловчи апелляция комиссияси йиғилишида бевосита иштирок этган тақдирда комиссия қарори шикоят кўриб чиқилган куннинг ўзида эълон қилинади.

Тингловчи апелляция комиссияси йиғилишида иштирок этмаган тақдирда комиссия қароридан кўчирма бир иш куни ичида тингловчига юборилади.

47. Апелляция комиссияси томонидан тест синови натижаларига ўзгартириш киритилганда ҳамда тингловчи тест синовини муваффақиятли топширган деб топилганда, унга сертификат берилади.

48. Апелляция комиссияси қарори устидан тингловчи юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.

5-боб. Якуний қоидалар

49. Тингловчилар қуйидаги ҳолатларда ўқув курсидан четлаштирилади:

ўқув интизомини ва ички тартиб-қоидаларни бузганлиги учун;

ўқув машғулотларини узрли (касаллиги, хизмат вазифаларини бажарганлиги, яқин қариндошининг вафоти) сабабларсиз 9 академик соат ва ундан ортиқ қолдирганлиги учун.

50. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Раис Ҳ. ТУРАХУЖАЕВ

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. ШАРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 24 ноябрь,

2025 йил 10 ноябрь

05/32-05/01-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2025 й., 10/25/3722/1148-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI RAQOBATNI RIVOJLANTIRISH VA ISTEʼMOLCHILAR HUQUQLARINI HIMOYA QILISH QOʻMITASINING

QARORI

NIZOM

“Sirli mijoz” va nazorat xaridi tadbirlarini oʻtkazish uchun nodavlat notijorat tashkilotlarining xodimlarini oʻqitish va ularga maxsus sertifikat berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 6-oktabrdagi PQ-296-son “Isteʼmolchilar huquqlarini samarali himoya qilishni tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi qaror qiladi:

1. “Sirli mijoz” va nazorat xaridi tadbirlarini oʻtkazish uchun nodavlat notijorat tashkilotlarining xodimlarini oʻqitish va ularga maxsus sertifikat berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan.

3. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasining 2025-yil 24-noyabrdagi 05/32-05/01-son qaroriga ILOVA

“Sirli mijoz” va nazorat xaridi tadbirlarini oʻtkazish uchun nodavlat notijorat tashkilotlarining xodimlarini oʻqitish va ularga maxsus sertifikat berish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom isteʼmolchilarning huquqlarini himoya qilish sohasidagi murojaatlarini koʻrib chiqish, “sirli mijoz” va nazorat xaridi tadbirlarini oʻtkazish uchun nodavlat notijorat tashkilotlarining xodimlarini Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi huzuridagi Raqobat siyosati va isteʼmolchilar huquqlari tadqiqotlari markazida (bundan buyon matnda Markaz deb yuritiladi) tashkil etiladigan oʻquv kursida oʻqitish va ularga maxsus sertifikat berish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

oʻquv kursi — isteʼmolchilarning murojaatlarini koʻrib chiqish, “sirli mijoz” va nazorat xaridi tadbirlarini oʻtkazish uchun nodavlat notijorat tashkilotlari xodimlarida zarur bilim, koʻnikma va malakalarni shakllantirishga qaratilgan oʻquv shakli;

talabgor — oʻquv kurslarida oʻz xodimlarini oʻqitish xohishini bildirgan nodavlat notijorat tashkilotlari;

tinglovchi — isteʼmolchilarning murojaatlarini koʻrib chiqish, “sirli mijoz” va nazorat xaridi tadbirlarini oʻtkazish yuzasidan zarur bilim, koʻnikma va malakalarni shakllantirish uchun Markaz tomonidan tashkil etilgan oʻquv kursiga qabul qilingan nodavlat notijorat tashkilotining xodimi;

oʻquv dasturi — Markaz tomonidan tashkil etilgan oʻquv kursining asosiy mazmuni va metodik tuzilishini aniqlab beruvchi hujjat.

2. Tinglovchilar oʻquv kurslarida Markaz bilan oʻzaro tuzilgan shartnomaga muvofiq oʻqitiladi. Oʻquv kurslari yakuni boʻyicha test sinovini muvaffaqiyatli topshirgan taqdirda tinglovchilarga oʻquv kursini tamomlaganligi haqida maxsus sertifikat (bundan buyon matnda sertifikat deb yuritiladi) beriladi.

3. Tinglovchilar uchun oʻquv kurslarining davomiyligi 18 soatni tashkil etadi. Bunda, talabgorning buyurtmasiga asosan oʻquv kurslari 30 soatgacha uzaytirilishi mumkin.

4. Tinglovchilar uchun oʻquv kurslari Markazda yoki masofaviy taʼlim shaklida tashkil etiladi.

2-bob. Oʻquv kurslarini tashkil etish

5. Oʻquv kurslari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Markazning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.

6. Talabgor oʻz xodimlarini oʻqitish yuzasidan Markazga elektron yoki yozma shaklda murojaat qiladi. Bunda, Markazga kalendar yil davomida uzluksiz murojaat qilinishi mumkin.

7. Markaz tomonidan talabgorning murojaati koʻrib chiqilib, oʻquv kursini tashkil etish uchun shartnoma tuzish mumkinligi haqida uch ish kunida murojaatda koʻrsatilgan elektron pochta yoki yuridik manzilga tegishli xabarnoma yuboriladi.

Agar nodavlat notijorat tashkilotlarining ustavida isteʼmolchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish asosiy maqsad va vazifa sifatida nazarda tutilmaganligi aniqlansa, Markaz tomonidan murojaat rad etiladi va bu haqda talabgorga asoslantirilgan holda talabgorga elektron pochta yoki yuridik manzilga tegishli xabarnoma yuboriladi.

8. Tinglovchilar oʻquv kurslariga Markaz direktorining buyrugʻi bilan qabul qilinadi.

9. Markaz talabgor tomonidan oʻquv kursida oʻqish uchun tavsiya etilgan xodimlar sonidan kelib chiqib oʻquv guruhlarini shakllantiradi.

Oʻquv guruhlari, qoida tariqasida, 5 nafardan kam boʻlmagan va 30 nafardan koʻp boʻlmagan tinglovchilardan iborat guruhlarda tashkil qilinadi.

10. Oʻquv kurslarining oʻquv dasturlari Markaz tomonidan ishlab chiqilib, Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi tomonidan tasdiqlanadi.

11. Oʻquv dasturida quyidagi masalalar qamrab olinadi:

isteʼmolchilarning huquqlarini himoya qilish sohasidagi murojaatlarni koʻrib chiqish tartibi;

“sirli mijoz”, nazorat xaridi tadbirlarini oʻtkazish asoslari va tartibi hamda ushbu tadbirlar natijalarini rasmiylashtirish;

savdo, xizmat koʻrsatish va reklama sohalarida amaldagi qonunchilik talablariga rioya etish;

isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish asoslari va tartibi;

axborot maxfiyligiga rioya etish.

12. Oʻquv kurslarida oʻquv mashgʻulotlari maʼruza, seminar va amaliy mashgʻulotlar shaklida oʻtkaziladi.

Oʻquv mashgʻulotlarini oʻtkazish uchun Markaz, Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi, shuningdek boshqa davlat organlari va tashkilotlari mutaxassislari, ilmiy-tadqiqot muassasalari xodimlari (ekspertlari), oliy taʼlim tashkilotlari professor va oʻqituvchilari, xorijiy mutaxassislar shartnoma asosida jalb etilishi mumkin.

13. Oʻquv kurslarini bevosita Markazda oʻqish istagini bildirgan tinglovchilar uchun oʻquv mashgʻulotlari Markaz oʻquv auditoriyasida yoki u tomonidan tanlangan boshqa oʻquv auditoriyalarida, masofaviy taʼlim shaklida oʻqiydigan tinglovchilar uchun maxsus elektron platformalardan foydalangan holda oʻtkaziladi.

14. Barcha turdagi oʻquv mashgʻulotlarining davomiyligi 80 daqiqani, oʻquv mashgʻulotlari oʻrtasidagi tanaffus kamida 10 daqiqani tashkil etadi.

15. Tinglovchilar oʻquv kurslarni tashkil etish va oʻtkazish rejasiga, oʻqish davomiyligiga amal qilishi, shuningdek oʻquv jarayonida shaxsan oʻzi ishtirok etishi talab etiladi.

3-bob. Oʻquv kurslari yakuni boʻyicha test sinovlarini tashkil etish

16. Oʻquv kurslarining yakuni boʻyicha tinglovchilarning bilimi va oʻzlashtirishini baholash maqsadida Markaz tomonidan test sinovlari oʻtkaziladi.

17. Test sinovlari qogʻoz shaklida yoki tegishli dasturiy taʼminot asosida kompyuterlar orqali oʻtkaziladi.

18. Test sinovlarini oʻtkazish uchun Markaz direktorining buyrugʻiga asosan 5 nafardan iborat imtihon komissiyasi tuziladi (bundan buyon matnda komissiya deb yuritiladi) va uning tarkibiga Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi va Markaz xodimlari hamda boshqa davlat organlari va tashkilotlari mutaxassislari, ilmiy muassasalarning professor va oʻqituvchilari kiritiladi.

Komissiya ishida aʼzolaridan 3 nafari ishtirok etganda, ushbu komissiya vakolatli (kvorumga ega) hisoblanadi.

19. Komissiya tarkibidan komissiya raisi va masʼul kotib tayinlanadi.

20. Komissiya hujjatlari komissiyaning masʼul kotibi tomonidan yuritiladi.

21. Test sinovlari qogʻoz shaklida oʻtkazilganda, tinglovchilar maxsus videokuzatuv bilan jihozlangan auditoriyada bir-birlariga xalaqit qilmaydigan tarzda, alohida stollarga joylashtirilib, test varaqalari tarqatiladi.

22. Test sinovlari tegishli dasturiy taʼminot asosida kompyuterlar orqali oʻtkazilganda, tinglovchilar maxsus jihozlangan kompyuter xonalarida Markazning masʼul xodimi va komissiya aʼzolarining kuzatuvida, tegishli dasturiy taʼminot orqali elektron tarzda roʻyxatdan oʻtgan holda test sinovlarini topshirishadi.

Agar tinglovchi test sinovlarini masofaviy tarzda (onlayn) tegishli dasturiy taʼminotdan foydalangan holda kompyuter orqali topshirsa, ushbu tinglovchi “ZOOM” platformasi orqali Markaz masʼul xodimining va komissiya aʼzolarining videokuzatuvi ostida boʻladi.

23. Test sinovlari paytida har bir tinglovchiga 25 ta savoldan iborat test savollari qogʻoz shaklida yoki tegishli dasturiy taʼminot orqali elektron shaklda taqdim etiladi va toʻgʻri javoblarni belgilash uchun jami 60 daqiqa vaqt belgilanadi.

24. Test sinovlari oʻtkazilayotgan vaqtda aloqa va telekommunikatsiya vositalari (telefon, kompyuter, planshet va boshqalar), kitob hamda shpargalkalardan foydalanishi hamda boshqa shaxslar bilan suhbatlashish taqiqlanadi.

Ushbu talablarga rioya qilmagan tinglovchi komissiya aʼzolari tomonidan tuzilgan dalolatnoma asosida test sinovidan chetlashtiriladi. Dalolatnoma tinglovchi ishtirokida rasmiylashtiriladi. Agar tinglovchi dalolatnomaga imzo qoʻyishdan bosh tortsa, bu holat haqida dalolatnomaga tegishli yozuv kiritiladi.

Test sinovlarini masofaviy (onlayn) tarzda, tegishli dasturiy taʼminot orqali kompyuterda topshirish jarayonida mazkur bandning birinchi xatboshisida belgilangan harakatlar sodir etilganligi videokuzatuv orqali aniqlangan taqdirda, tinglovchi test sinovidan chetlashtiriladi. Bunda, komissiya aʼzolari tomonidan dalolatnoma rasmiylashtiriladi va videotasvirlar unga ilova qilinadi.

Chetlashtirish toʻgʻrisidagi dalolatnomalar test natijalarini hisobga olmaslik uchun asos hisoblanadi.

25. Tinglovchining bilimi va oʻzlashtirishi toʻgʻri javoblar soniga koʻra quyidagicha baholanadi:

21 ta va undan ortiq toʻgʻri javob — “aʼlo”;

16 tadan 21 tagacha toʻgʻri javob — “yaxshi”;

12 tadan 16 tagacha toʻgʻri javob — “qoniqarli”;

12 tagacha toʻgʻri javob — “qoniqarsiz”.

26. Test sinovlari tegishli dasturiy taʼminot asosida kompyuterlar orqali oʻtkazilganda, test natijasi barcha savollar yuzasidan javoblar belgilab boʻlingach yoki javoblarni belgilash uchun ajratilgan 60 daqiqa vaqt tugagach, shu zahoti avtomatik tarzda tegishli dasturiy taʼminot tomonidan eʼlon qilinadi.

27. Test sinovlari qogʻoz shaklida oʻtkazilganda test natijasi barcha savollar yuzasidan javoblar belgilab boʻlingach yoki javoblarni belgilash uchun ajratilgan 60 daqiqa vaqt tugagach, komissiya aʼzolari tomonidan koʻpi bilan 30 minut vaqt ichida eʼlon qilinadi.

28. Test sinovlari natijalari yuzasidan komissiya tomonidan umumiy bayonnoma rasmiylashtiriladi va Markazda doimiy saqlanadi.

29. Test sinovlari natijalariga koʻra, “aʼlo”, “yaxshi” va “qoniqarli” baholarni olgan tinglovchilar test sinovidan muvaffaqiyatli oʻtgan hisoblanadi va ularga test natijalari eʼlon qilingan kunning oʻzidan kechiktirmay sertifikat taqdim etiladi.

30. Test sinovlari natijalariga koʻra, “qoniqarsiz” baho olgan tinglovchilar qayta test sinovlarini topshirish uchun navbatdagi test sinovlarida ishtirok etishi mumkin.

Bunda, test sinovini qayta topshirish uchun toʻlov undirilmaydi.

31. Tinglovchi qayta test sinovi natijasida ham “qoniqarsiz” baho olgan taqdirda, sertifikat taqdim etilmaydi.

32. Test sinovlari natijalari aks ettirilgan videoyozuvlar bir yil davomida saqlanadi.

33. Tinglovchilarga berilgan sertifikatlar Markaz tomonidan yuritiladigan yagona elektron reyestrda roʻyxatga olinadi.

4-bob. Test sinovlari natijalari yuzasidan apellyatsiya berish va uni koʻrib chiqish

34. Tinglovchi test sinovlari natijasidan norozi boʻlgan taqdirda, u natijalar eʼlon qilingan kundan boshlab besh ish kuni ichida apellyatsiya komissiyasiga yozma yoki elektron shaklda apellyatsiya shikoyati berish huquqiga ega.

35. Apellyatsiya komissiyasi Markaz direktorining buyrugʻi asosida besh nafardan iborat tarkibda tuziladi.

Apellyatsiya komissiyasi tarkibidan komissiyasi raisi va masʼul kotib tayinlanadi.

Apellyatsiya komissiyasiga boshqa tashkilotlardan ham mutaxassislar jalb etilishi mumkin.

36. Apellyatsiya komissiyasi unda aʼzolarning kamida uch nafari qatnashsa, vakolatli (kvorumga ega) hisoblanadi.

37. Bir shaxs bir vaqtning oʻzida imtihon komissiyasi va apellyatsiya komissiyasi aʼzosi boʻlishi mumkin emas.

38. Test sinovi natijalaridan norozi boʻlgan tinglovchi apellyatsiya komissiyasiga yozma yoki elektron shaklda apellyatsiya shikoyati berishi mumkin.

39. Kelib tushgan apellyatsiya shikoyati shu kunning oʻzida kirim qilinib, apellyatsiya komissiyasi masʼul kotibiga beriladi.

Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyatini, u kelib tushgan kundan boshlab uch ish kuni ichida koʻrib chiqadi.

40. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan tinglovchini shikoyatni koʻrib chiqish vaqti va joyi haqida ogohlantiradi.

41. Apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan tinglovchi mazkur shikoyatni koʻrib chiqishda ishtirok etish huquqiga ega.

42. Apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqishda apellyatsiya komissiyasi test sinovini oʻtkazish bilan bogʻliq materiallarni har tomonlama oʻrganadi. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish davomida tinglovchiga uni qayta baholashga qaratilgan savollar berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

43. Shikoyatni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha apellyatsiya komissiyasi tomonidan quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:

test sinovi natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish;

test sinovi natijalariga oʻzgartirish kiritish va qayta baholash.

44. Apellyatsiya shikoyatini koʻrishda tinglovchining test sinovi natijasini pasaytirishga yoʻl qoʻyilmaydi.

45. Apellyatsiya komissiyasining koʻrib chiqilishi natijasi komissiyada ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan tasdiqlanadigan bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.

46. Tinglovchi apellyatsiya komissiyasi yigʻilishida bevosita ishtirok etgan taqdirda komissiya qarori shikoyat koʻrib chiqilgan kunning oʻzida eʼlon qilinadi.

Tinglovchi apellyatsiya komissiyasi yigʻilishida ishtirok etmagan taqdirda komissiya qaroridan koʻchirma bir ish kuni ichida tinglovchiga yuboriladi.

47. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan test sinovi natijalariga oʻzgartirish kiritilganda hamda tinglovchi test sinovini muvaffaqiyatli topshirgan deb topilganda, unga sertifikat beriladi.

48. Apellyatsiya komissiyasi qarori ustidan tinglovchi yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilishi mumkin.

5-bob. Yakuniy qoidalar

49. Tinglovchilar quyidagi holatlarda oʻquv kursidan chetlashtiriladi:

oʻquv intizomini va ichki tartib-qoidalarni buzganligi uchun;

oʻquv mashgʻulotlarini uzrli (kasalligi, xizmat vazifalarini bajarganligi, yaqin qarindoshining vafoti) sabablarsiz 9 akademik soat va undan ortiq qoldirganligi uchun.

50. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

Rais H. TURAXUJAYEV

Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K. SHARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 24-noyabr,

2025-yil 10-noyabr

05/32-05/01-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 11.12.2025-y., 10/25/3722/1148-son)

lex.uz