UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 10-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 10 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 10 декабря 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 10 December 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

НИЗОМ

НИЗОМ

НИЗОМ

НИЗОМ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

НИЗОМ

НИЗОМ

НИЗОМ

Давлат сирлари соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш, шунингдек, давлат сирлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда давлат сирларини сақлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Давлат сирлари соҳасида экспертлар ва махсус комиссияларни шакллантириш ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Давлат сирларининг ошкор этилиши ёки йўқотилиши оқибатида Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигига ёхуд давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар манфаатларига етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарар миқдорини аниқлаш тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Маълумотлар ва уларни ташувчилар махфийлаштирилиши натижасида маълумотларни ташувчиларнинг мулкдорига етказилган зарарнинг миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

Чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани бериш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ;

Давлат сирларини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга бериш тартиби тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ;

Давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатноманинг амал қилиши тугатилгандан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишга доир чеклов белгилаш тартиби тўғрисидаги низом 6-иловага мувофиқ;

Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг биргаликдаги ва бошқа фаолиятини амалга ошириш доирасида давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни юбориш тартиби тўғрисидаги низом 7-иловага мувофиқ;

Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг мулкчилик шакли ва фаолияти йўналишлари ўзгарганда давлат сирларини ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги низом 8-иловаг а мувофиқ тасдиқлансин.

2. Манфаатдор вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрдаги 777-сон қарорига 1-ИЛОВА

Давлат сирлари соҳасида экспертлар ва махсус комиссияларни шакллантириш ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом давлат сирлари соҳасида экспертлар ва махсус комиссияларни шакллантириш ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

давлат аҳамиятига эга бўлган сир — ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятига, давлат хавфсизлигига, иқтисодий ва сиёсий манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маълумотлар;

давлат сирлари — ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган давлат аҳамиятига эга сирни ва (ёки) хизмат сирини ташкил этадиган, давлат томонидан ҳимоя қилинадиган ва махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотлар;

давлат сирларини ташувчилар — давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни аниқлаш ва идентификациялаш имконини берадиган рамзлар, белгилар, тасвирлар, сигналлар, техник ечимлар ва жараёнлар тарзида акс эттирилган моддий объектлар, шу жумладан, физик майдон;

давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар — давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга доир рухсатга, шунингдек, давлат сирларини сақлаш ва улардан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларга эга бўлган ҳамда давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ давлат сирларидан фойдаланадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар;

махсус комиссия — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ўз тасарруфидаги давлат сирларини кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага ҳамда зарур билим ва тажрибага эга бўлган ходимларидан ташкил топган гуруҳ;

махфий-режим органи — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотнинг махфий иш юритилиши устидан назоратни ва махфийлик режимининг таъминланишини амалга оширувчи таркибий бўлинмаси ёки мансабдор шахси;

экспертлар комиссияси — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага эга бўлган ҳамда давлат сирларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича тегишли хулосалар бериш ҳуқуқига ҳамда зарур билим ва тажрибага эга бўлган ходимларидан ташкил топган гуруҳ.

3. Экспертлар ва махсус комиссиялар (кейинги ўринларда — комиссиялар) давлат сирлари билан боғлиқ масалалар бўйича хулоса бериш ҳамда зарур тавсияларни ишлаб чиқиш учун тузиладиган коллегиал маслаҳат органи ҳисобланади.

4. Экспертлар комиссияси мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида, махсус комиссия эса ташкилотларда ўз ваколатлари доирасидаги масалаларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун ташкил этилади.

5. Комиссиялар доимий асосда фаолият юритади.

6. Комиссиялар фаолияти ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари асосида ташкил этилади.

2-боб. Комиссияларни шакллантириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби

7. Экспертлар комиссияси Ҳукуматнинг қарори асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этилади.

Экспертлар комиссияси таркибига давлат сирларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича хулосалар бериш ҳуқуқига ҳамда зарур билим ва тажрибага эга бўлган тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари (қўшимча ҳақ тўланмаган ҳолда) киритилади.

Вазирлар Маҳкамасининг махфий-режим органи экспертлар комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади.

8. Махсус комиссия давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг раҳбарлари қарори билан ташкил этилади ҳамда унга ташкилотнинг давлат сирларига доир рухсатномага эга малакали мутахассислари жалб этилади. Махсус комиссияга ушбу ташкилотнинг раҳбари ёки унинг ўринбосарларидан бири раислик қилади.

Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг махфий-режим органи махсус комиссияларнинг ишчи органи ҳисобланади.

9. Комиссиялар комиссия раиси, унинг ўринбосари, котиби ва бошқа аъзоларидан тоқ сондан иборат таркибда ташкил топади.

Заруратга кўра комиссиялар фаолиятига уларнинг тегишли қарорига мувофиқ бошқа ташкилотларнинг давлат сирларига доир рухсатномага эга малакали мутахассислари жалб этилиши мумкин.

10. Комиссиялар аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, уларнинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

3-боб. Комиссияларнинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

11. Қуйидагилар экспертлар комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

махсус комиссияларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат сирлари ва уларнинг ташувчиларини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга бериш (таништириш) бўйича таклифларни кўриб чиқиш ва хулоса бериш;

давлат аҳамиятига эга бўлган сирни махфийлаштириш муддатларини узайтириш бўйича таклифларини кўриб чиқиш ва хулоса бериш;

давлат аҳамиятига эга бўлган сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ошкор этилиши ёки йўқотилиши натижасида Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлиги ва миллий манфаатларига етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарарнинг миқдорини аниқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларидаги ҳамда давлат аҳамиятига эга маълумотларнинг махфийлик даражасини аниқлаш бўйича экспертизалар ўтказиш.

Экспертлар комиссияси давлат сирлари билан боғлиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариш ваколатига эга бўлиши мумкин.

12. Қуйидагилар махсус комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

маълумотларнинг махфийлик даражасини аниқлаш бўйича экспертизалар ўтказиш;

ташкилотларда махфийлик режимини таъминлаш ва махфий иш юритиш талабларини такомиллаштириш ҳамда соҳага рақамли технологияларни жорий этиш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ички идоравий фаолиятга оид маълумотларни давлат сирлари жумласига киритиш ёки махфийликдан чиқариш масаласини кўриб чиқиш;

давлат сирларини ташкил этувчи фаолиятга оид маълумотларни махфийлаштириш муддатларини узайтиришга (махфийликдан чиқаришга) оид масалаларни кўриб чиқиш;

давлат сирларини ташкил этувчи фаолиятга оид маълумотларнинг ошкор этилиши ёки йўқотилиши натижасида ташкилотнинг манфаатларига етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарар миқдорини аниқлаш;

маълумотларни давлат сирлари жумласига киритиш ёки махфийликдан чиқариш масаласини кўриб чиқиш;

маълумотлар ва уларни ташувчилар махфийлаштирилиши натижасида маълумотларни ташувчиларнинг мулкдорига етказилган зарарнинг миқдорини аниқлаш;

давлат сирлари ва уларнинг ташувчиларини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга бериш (таништириш) бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

архивда сақланаётган давлат сирларини ташкил қилувчи материалларни сақлаш муддатларини белгилаш, ўзгартириш ёки йўқ қилиш масалаларини кўриб чиқиш;

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштириш масаласини кўриб чиқиш;

давлат сирларидан хабардор бўлган шахсларнинг улардан фойдаланишга доир рухсатномаларининг амал қилиши тугатилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишга доир чекловларни белгилаш ва уларга бериладиган истисноларни кўриб чиқиш.

Махсус комиссия давлат сирлари билан боғлиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.

13. Махсус комиссия давлат сирлари соҳасидаги айрим масалалар юзасидан экспертлар комиссиясига таклифлар киритиши мумкин.

14. Экспертлар комиссияси ўзига юкланган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат сирлари билан боғлиқ масалалар юзасидан ташкилотлардан зарур ҳужжатларни сўраб олиш, кўрсатмалар бериш;

давлат сирлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун тегишли таклифларни ишлаб чиқиш;

давлат сирлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун ташкилотлардан зарур билим ва кўникмаларга эга малакали мутахассисларни жалб этиш.

15. Махсус комиссия ўзига юкланган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат сирлари билан боғлиқ масалалар юзасидан ташкилотнинг тегишли бўлинмаларидан зарур ҳужжатларни сўраб олиш;

давлат сирлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун тегишли таклифларни ишлаб чиқиш ва ташкилот раҳбарига киритиш;

давлат сирлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун зарур бино ва иншоотлар, автотранспорт, техника ва алоқа воситаларидан фойдаланиш;

фаолиятида бошқа давлат ташкилотлари имкониятларидан фойдаланиш бўйича сўровномалар чиқариш ва уларнинг мутахассислари ҳамда махсус техник воситаларини жалб этиш.

4-боб. Комиссиялар йиғилишларини расмийлаштириш ва қарорини қабул қилиш тартиби

16. Давлат сирлари билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишга эҳтиёж пайдо бўлганда, комиссияларнинг йиғилиши ташкил этилади.

17. Комиссиялар таркибининг учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, уларнинг қарори қабул қилинган ҳисобланади.

18. Комиссиялар қарорлари берилган овозларнинг кўпчилиги билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

19. Комиссияларнинг қарорлари далолатнома, баённома, хулоса ва бошқа шаклларда расмийлаштирилади ҳамда комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.

Комиссиялар фаолияти натижалари масъул котиб томонидан расмийлаштирилади ва комиссия раислари томонидан тасдиқланади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

20. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар ўз фаолиятида мазкур Низом ва давлат сирлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилишлари лозим.

21. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрдаги 777-сон қарорига 2-ИЛОВА

Давлат сирларининг ошкор этилиши ёки йўқотилиши оқибатида Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигига ёхуд давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар манфаатларига етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарар миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом давлат сирларининг ошкор этилиши ёки йўқотилиши оқибатида Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигига ёхуд давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар манфаатларига етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарар миқдорини аниқлаш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

давлат аҳамиятига эга бўлган сир — ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилиятига, давлат хавфсизлигига, иқтисодий ва сиёсий манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маълумотлар;

давлат сирлари — ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган давлат аҳамиятига эга сирни ва (ёки) хизмат сирини ташкил этадиган, давлат томонидан ҳимоя қилинадиган ва махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотлар;

давлат сирларининг йўқотилиши — давлат аҳамиятига эга бўлган сирни ёки хизмат сирини ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатлардан, буюмлардан ёки воситалардан қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этмаган ҳолда фойдаланиш натижасида давлат сирларини ташувчиларнинг ўз қонуний эгалари тасарруфидан чиқиб кетиши;

давлат сирларини ошкор этиш — хизмат ёки касбий фаолияти муносабати билан давлат сирлари ўзига ишониб топширилган ёки давлат сирлари ўзига маълум бўлиб қолган шахс томонидан давлат сирларини белгиланган тартибни бузган ҳолда ўзга шахсга бериш, эълон қилиш ёки бошқача тарзда тарқатиш ҳамда бунинг оқибатида ушбу давлат сирлари уларнинг қонуний эгалари бўлмаган шахсларга маълум бўлиб қолиши;

давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар — давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга доир рухсатга, шунингдек, давлат сирларини сақлаш ва улардан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларга эга бўлган ҳамда давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ давлат сирларидан фойдаланадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар;

махсус комиссия — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ўз тасарруфидаги давлат сирларини кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага ҳамда зарур билим ва тажрибага эга бўлган ходимларидан ташкил топган гуруҳ;

экспертлар комиссияси — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага эга бўлган ҳамда давлат сирларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича тегишли хулосалар бериш ҳуқуқига ҳамда зарур билим ва тажрибага эга бўлган ходимларидан ташкил топган гуруҳ.

3. Давлат сирларининг ошкор этилиши ёки йўқотилиши оқибатида Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигига ёхуд давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар манфаатларига етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарар миқдори махсус комиссиялар томонидан аниқланади.

4. Давлат аҳамиятига эга бўлган сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ошкор этилиши ёки йўқотилиши натижасида Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлиги ва миллий манфаатларига етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарарнинг миқдорини аниқлаш алоҳида ҳолларда экспертлар комиссияси томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

2-боб. Етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарар миқдорини аниқлаш тартиби

5. Махсус комиссия зарар миқдорини аниқлашда давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг ошкор этилиши ёки йўқотилиши оқибатлари ва уларни ошкор бўлишига замин яратган омиллар ўрганилади.

Ўрганишлар натижаси қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказилган хизмат текшируви материаллари билан тасдиқланади.

6. Давлат сирларининг ошкор этилиши ёки йўқотилиши оқибатида Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигига ёхуд давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар манфаатларига етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарар миқдорини аниқлашда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари иштирок этиши мумкин.

7. Моддий зарар миқдорини аниқлашда қуйидаги кўрсаткичлар ҳисобга олинади:

тўғридан-тўғри етказилган моддий зарар;

етказилган зарар оқибатларини бартараф этиш харажатлари;

ишлаб чиқарилмаган товарларнинг миқдори;

илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг қиймати;

илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилмагани натижасининг салбий таъсири;

ишлаб чиқариш технологиялари таннархи ва уларнинг мамлакат иқтисодиёти тармоқларида қўлланилган иқтисодий самараси;

ишлаб чиқарилиши режалаштирилган маҳсулотларнинг эҳтимолий нархи ва ташқи бозорда сотилиш ҳажми;

Ўзбекистон Республикасининг бажарилмаган давлат вазифаларини қоплаш учун товарлар, маҳсулотлар ва хомашё нархларининг ва (ёки) харидлар ҳажмининг ошиши билан боғлиқ қўшимча харажатлар;

товарлар, маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш ускуналарини чет элдан сотиб олишнинг иложи бўлмаган тақдирда, ишлаб чиқаришни ташкил этиш харажатлари;

хорижий давлатлар билан илмий-техник ҳамкорлик тўхтатилганда, илмий-тадқиқот ишлари ва ишланмалар харажатлари;

эҳтимолий зарарни тавсифловчи бошқа кўрсаткичлар;

зарар миқдорини аниқлашга жалб қилинган мутахассисларга сарфланган харажатлар;

давлат мудофаа қобилияти, ҳудудий дахлсизлигига путур етказувчи омиллар.

8. Зарар миқдорини аниқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда бошқа ташкилотларнинг зарур билим ва кўникмаларга эга малакали мутахассислари жалб қилинади.

Экспертлар комиссияси ёки махсус комиссия (кейинги ўринларда — комиссиялар) ва бошқа ташкилотларнинг малакали мутахассислари томонидан зарар миқдорини аниқлаш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, зарар миқдори қуйидаги кўрсаткичлар бўйича аниқланишига йўл қўйилади:

«Алоҳида аҳамиятли» махфийлик даражаси тасдиқланган тақдирда — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдордаги зарар;

«Мутлақо махфий» махфийлик даражаси тасдиқланган тақдирда — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдордаги зарар;

«Махфий» махфийлик даражаси тасдиқланган тақдирда — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдордаги зарар.

3-боб. Етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарарни расмийлаштириш тартиби

9. Комиссиялар зарар миқдорини аниқлаш бўйича иш натижалари хулоса билан расмийлаштирилади ва унда қуйидагилар кўрсатилади:

хулоса қилиш жойи ва вақти;

комиссия таркиби;

зарар миқдорини аниқлаш учун асос;

йўқотилган ёки ошкор қилинган давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг мазмуни ва махфийлик даражаси;

давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг ошкор қилиниши ёки йўқотилиши содир бўлган ҳолатлар;

зарар миқдорини аниқлашда ҳисобга олинган кўрсаткичлар (шу жумладан, пул кўринишида);

етказилган зарарнинг якуний миқдори (эҳтимолий етказилиши мумкин бўлган зарар миқдори);

етказилган зарарларни аниқлашда фойдаланилган ҳужжатлар рўйхати;

зарар миқдорини аниқлаш билан боғлиқ бўлган бошқа масалалар.

Хулоса комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

10. Комиссияларнинг етказилган зарар миқдори тўғрисидаги хулосаси ва хизмат текшируви материаллари нусхалари Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига юборилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

11. Етказилган зарар оқибатида жисмоний шахсларга етказилган маънавий зарар қонунчиликда белгиланган тартибда ундирилади.

12. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар ўз фаолиятида мазкур Низом ва давлат сирлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилишлари лозим.

13. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрдаги 777-сон қарорига 3-ИЛОВА

Маълумотлар ва уларни ташувчилар махфийлаштирилиши натижасида маълумотларни ташувчиларнинг мулкдорига етказилган зарарнинг миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом маълумотлар ва уларни ташувчилар махфийлаштирилиши натижасида маълумотларни ташувчиларнинг мулкдорига етказилган зарарнинг миқдорини аниқлаш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

баҳоловчи ташкилот — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ баҳолаш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс;

давлат сирлари — ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган давлат аҳамиятига эга сирни ва (ёки) хизмат сирини ташкил этадиган, давлат томонидан ҳимоя қилинадиган ва махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотлар;

давлат сирларининг йўқотилиши — давлат аҳамиятига эга бўлган сирни ёки хизмат сирини ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатлардан, буюмлардан ёки воситалардан қонунчиликда белгиланган талабларга риоя этмаган ҳолда фойдаланиш натижасида давлат сирларини ташувчиларнинг ўз қонуний эгалари тасарруфидан чиқиб кетиши;

давлат сирларини ошкор этиш — хизмат ёки касбий фаолияти муносабати билан давлат сирлари ўзига ишониб топширилган ёки давлат сирлари ўзига маълум бўлиб қолган шахс томонидан давлат сирларини белгиланган тартибни бузган ҳолда ўзга шахсга бериш, эълон қилиш ёки бошқача тарзда тарқатиш ҳамда бунинг оқибатида ушбу давлат сирлари уларнинг қонуний эгалари бўлмаган шахсларга маълум бўлиб қолиши;

давлат сирларини ташувчилар — давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни аниқлаш ва идентификациялаш имконини берадиган рамзлар, белгилар, тасвирлар, сигналлар, техник ечимлар ва жараёнлар тарзида акс эттирилган моддий объектлар, шу жумладан, физик майдон;

давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар — давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга доир рухсатга, шунингдек, давлат сирларини сақлаш ва улардан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларга эга бўлган ҳамда давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ давлат сирларидан фойдаланадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар;

махсус комиссия — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ўз тасарруфидаги давлат сирларини кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага ҳамда зарур билим ва тажрибага эга бўлган ходимларидан ташкил топган гуруҳ;

мулкдор — илмий-ижодий иш, техник ихтиро маҳсулотларини ишлаб чиққан (кашф этган) жисмоний шахс ёки ташкилот.

3. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар фаолияти давомида махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар махфий-режим органи мавжуд бўлмаган бошқа ташкилотларда аниқланган тақдирда, ташкилот раҳбари Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати билан келишилган ҳолда ушбу маълумотларни махфий-режим органи мавжуд бўлган бошқа ташкилотга сақлаш учун ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади. Қабул қилинган қарор юзасидан мулкдор хабардор қилинади.

2-боб. Мулкдорнинг маълумотларини махфийлаштириш тартиби

4. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари қонунчиликка мувофиқ ўзига тегишли соҳа бўйича мулкдорнинг маълумотлари ва уларнинг ташувчиларини махфийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Бунда давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот ва мулкдор ўртасида тегишли шартнома тузилади.

5. Шартномада қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

шартноманинг мақсади ва предмети;

томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

шартноманинг амал қилиш муддати;

шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби;

томонлар муносабатларига нисбатан қўлланадиган ҳуқуқ ва низоларни ҳал қилиш тартиби;

маълумотлар ва уларни ташувчилар махфийлаштирилиши муносабати билан маълумотларни ташувчиларнинг мулкдорига тўланадиган компенсация миқдори;

маълумотларни ташувчилар мулкдорининг ушбу маълумотларни ошкор этмаслик бўйича мажбуриятлари;

тарафларнинг реквизитлари, шартнома тузилган сана ва жойи.

Мулкдор махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотларни давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларга беришни рад этган тақдирда, ушбу маълумотлар суднинг қарорига кўра давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотга берилаётган маълумотларнинг қиймати мулкдорга қопланган ҳолда мажбурий равишда махфийлаштирилади.

Бунда мулкдор давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этганлиги учун қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилади.

6. Чет эл фуқаролари, хорижий ва халқаро ташкилотларга тегишли бўлган маълумотларга ва уларни ташувчиларга бўлган мулк ҳуқуқи, агар ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонуни талабларини бузмаган ҳолда олинган (ишлаб чиқилган) бўлса, чекланиши мумкин эмас.

3-боб. Мулкдорга етказилган зарар миқдорини аниқлаш ва қоплаш тартиби

7. Мулкдорга етказилган зарар миқдори давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотнинг махсус комиссияси томонидан аниқланади.

Мулкдорга етказилган зарар миқдори давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан улар фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

8. Мулкдор ўзига етказилган зарар миқдорини аниқлаш бўйича махсус комиссиянинг йиғилишларида қатнашиш ҳуқуқига эга.

9. Махсус комиссия аъзолари ва унинг йиғилишларга жалб қилинган мутахассислар тегишли шаклдаги давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага эга бўлиши лозим.

10. Моддий зарар миқдорини аниқлашда қуйидаги кўрсаткичлар ҳисобга олинади:

тўғридан-тўғри етказилган моддий зарар;

етказилган зарар оқибатларини бартараф этиш харажатлари;

ишлаб чиқарилмаган товарларнинг миқдори;

илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг қиймати;

илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилмагани натижасининг салбий таъсири;

ишлаб чиқариш технологиялари таннархи ва уларнинг мамлакат иқтисодиёти тармоқларида қўлланилган иқтисодий самараси;

ишлаб чиқарилиши режалаштирилган маҳсулотларнинг эҳтимолий нархи ва ташқи бозорда сотилиш ҳажми;

Ўзбекистон Республикасининг бажарилмаган давлат вазифаларини қоплаш учун товарлар, маҳсулотлар ва хомашё нархларининг ва (ёки) харидлар ҳажмининг ошиши билан боғлиқ қўшимча харажатлар;

товарлар, маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш ускуналарини чет элдан сотиб олишнинг иложи бўлмаган тақдирда, ишлаб чиқаришни ташкил этиш харажатлари;

хорижий давлатлар билан илмий-техник ҳамкорлик тўхтатилганда, илмий-тадқиқот ишлари ва ишланмалар харажатлари;

эҳтимолий зарарни тавсифловчи бошқа кўрсаткичлар;

зарар миқдорини аниқлашга жалб қилинган мутахассисларга сарфланган харажатлар.

11. Зарар миқдорини аниқлашда мол-мулкларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати инобатга олинади. Бунда мол-мулкларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати қуйидаги ҳужжатлар билан тасдиқланиши шарт:

юклаб жўнатиш, етказиб бериш ёки топширишга доир ҳужжатлар;

маҳсулот етказиб берувчиларнинг нархга доир маълумотлари (прайс-варақлар);

оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;

биржа хабарлари;

давлат статистика органларининг маълумотлари.

12. Махсус комиссия томонидан зарар миқдорини аниқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда, бошқа ташкилотларнинг зарур билим ва кўникмаларга эга малакали мутахассислари жалб қилинади.

Махсус комиссия ва бошқа ташкилотларнинг малакали мутахассислари томонидан зарар миқдорини аниқлаш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, зарар миқдори қуйидаги кўрсаткичлар бўйича аниқланишига йўл қўйилади:

«Алоҳида аҳамиятли» махфийлик даражаси тасдиқланган тақдирда — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдордаги зарар;

«Мутлақо махфий» махфийлик даражаси тасдиқланган тақдирда — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдордаги зарар;

«Махфий» махфийлик даражаси тасдиқланган тақдирда — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдордаги зарар.

4-боб. Зарар миқдорини аниқлаш бўйича махсус комиссия фаолияти

13. Махсус комиссиянинг зарар миқдорини аниқлаш бўйича иш натижалари хулоса билан расмийлаштирилади ва унда қуйидагилар кўрсатилади:

хулоса қилиш жойи ва вақти;

комиссия таркиби;

зарар миқдорини аниқлаш учун асос;

йўқотилган ёки ошкор қилинган давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг мазмуни ва махфийлик даражаси;

давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг ошкор қилиниши ёки йўқотилиши содир бўлган ҳолатлар;

зарар миқдорини аниқлашда ҳисобга олинган кўрсаткичлар (шу жумладан, пул кўринишида);

етказилган зарарнинг якуний миқдори (эҳтимолий етказилиши мумкин бўлган зарар миқдори);

етказилган зарарларни аниқлашда фойдаланилган ҳужжатлар рўйхати;

зарар миқдорини аниқлаш билан боғлиқ бўлган бошқа масалалар.

Хулоса махсус комиссиянинг аъзолари томонидан имзоланади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

14. Махсус комиссия хулосаси зарур нусхаларда тайёрланади. Бунда унинг бир нусхаси давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни бошқа шахсга ўтказиш ташаббуси билан чиққан ташкилотда сақланади, қолган нусхалари эса келишув бўйича ташкилотларга юборилади.

15. Махсус комиссия фаолияти натижалари тўғрисидаги якуний хулоса тасдиқлангандан кейин комиссияни ташкил этган ташкилот уч иш куни давомида белгиланган тартибда мулкдор манзилига шартнома юборади.

16. Мулкдор шартномани олган кундан бошлаб уч иш куни ичида имзолайди ёки рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда имзолаш рад этилгани тўғрисида жавоб юборади.

17. Мулкдор шартномани имзолаган тақдирда, комиссияни тузган ташкилот томонидан белгиланган зарар миқдорини қоплаш бўйича чоралар кўради.

18. Маълумотлар ва уларни ташувчилар махфийлаштирилиши натижасида мулкдорга етказилган зарар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ёки ушбу маълумотлар ва уларни ташувчилар ўз тасарруфига ўтаётган ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.

19. Мулкдор шартнома тузишни рад этган тақдирда, махсус комиссия маълумотларни мажбурий тарзда бошқа жисмоний шахсга ёки ташкилотга ўтказиш чораларини кўриш учун материалларни судга юбориш тўғрисида қарор қабул қилади.

5-боб. Мулкдорнинг ҳуқуқлари

20. Мулкдор қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маълумотларни махфийлаштириш натижасида унга етказилган зарар миқдорини аниқлаш масаласи кўриб чиқилаётганда махсус комиссия мажлисларида иштирок этиш;

махсус комиссияга зарар миқдори бўйича ўз ҳисоб-китобларини ёки тегишли шаклда давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага эга бўлган баҳоловчи ташкилотлар ходимларини жалб этган ҳолда тайёрланган ҳисоб-китобларни тақдим этиш;

махсус комиссия хулосаси билан танишиш.

21. Мулкдор маълумотлар ва уларни ташувчилар махфийлаштирилиши муносабати билан унинг мулк ҳуқуқини чеклаш ҳамда аниқланган зарар миқдори бўйича қарорлар юзасидан судга шикоят қилиши мумкин.

6-боб. Якунловчи қоидалар

22. Мулкдор маълумотларнинг махфийлаштирилиши муносабати билан уларни сир сақлашга мажбур.

23. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар ўз фаолиятида мазкур Низом ва давлат сирлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилишлари лозим.

24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрдаги 777-сон қарорига 4-ИЛОВА

Чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани бериш ва бекор қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштириш ва бекор қилиш ҳамда ушбу шахсларга давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

давлат сирлари — ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган давлат аҳамиятига эга сирни ва (ёки) хизмат сирини ташкил этадиган, давлат томонидан ҳимоя қилинадиган ва махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотлар;

давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг раҳбари томонидан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга хизмат ваколатларига мувофиқ бериладиган муайян махфий маълумотлар билан танишиш ва (ёки) давлат сирларидан фойдаланган ҳолда фаолиятни амалга ошириш имконияти;

давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома — давлат сирлари соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи томонидан шахсга давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилганлигини тасдиқлайдиган, белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат;

давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар — давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга доир рухсатга, шунингдек, давлат сирларини сақлаш ва улардан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларга эга бўлган ҳамда давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ давлат сирларидан фойдаланадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар;

махсус комиссия — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ўз тасарруфидаги давлат сирларини кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага ҳамда зарур билим ва тажрибага эга бўлган ходимларидан ташкил топган гуруҳ.

3. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи улар давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи талаб этиладиган лавозимларга тайинланаётганда ва давлат сирлари билан боғлиқ ишларни бажаришга жалб этилган ҳолларда берилади.

2-боб. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг давлат сирларидан фойдаланиш тартиби

4. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи хорижий давлат ёки халқаро ташкилотларнинг давлат сирларини ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларини назарда тутувчи халқаро шартнома асосида берилади.

Бунда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот ўртасида тегишли шартнома имзоланиши лозим.

5. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш масаласи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ташаббуси асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда — махсус ваколатли давлат органи) билан келишган ҳолда ҳал этилади.

6. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга фақат «Махфий» грифли маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга «Мутлақо махфий» ва (ёки) «Алоҳида аҳамиятли» грифли маълумотлар билан ишлашга рухсат берилмайди.

Бунда ушбу чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга «Мутлақо махфий» ва (ёки) «Алоҳида аҳамиятли» грифли маълумотлар билан танишиш зарурати туғилган тақдирда, давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотнинг махсус комиссиясининг қарори асосида ушбу маълумотларнинг тегишли махфий қисми таништирилиши мумкин.

7. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга фақат улар танишиши мумкин бўлган махфий маълумотлар билан ишлаш ҳуқуқи берилади.

3-боб. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштириш тартиби

8. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштиришда улар томонидан давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларга қуйидагилар тақдим этилади:

шахсга доир маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, миллати, фуқаролиги, сўнгги хорижий давлатдаги яшаган манзили ва бошқалар);

маълумоти ва мутахассислиги, меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумот (ишлаган жойлари ва лавозимлари);

Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган ва яшаш жойи (вақтинча ёки доимий);

чет элга чиқиш ҳужжати нусхаси;

давлат сирлари билан ишлаши учун тўсқинлик қилувчи ҳолатлар (соғлиғи ва бошқалар) мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотлар;

Ўзбекистон Республикасида ва бошқа давлатларда жиноий жавобгарликка тортилганлиги ҳақидаги маълумотлар (қачон ва нима учун) мавжуд бўлса;

шахснинг ўзига ишониб топширилган давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмаслик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси олдида ёзма мажбурияти;

шахснинг Ўзбекистон Республикасининг «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ айрим ҳуқуқлари чекланишига ёзма розилик хати;

шахс томонидан давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома берилишидан олдин махсус ваколатли давлат органининг ушбу шахсга нисбатан текширув тадбирларини ўтказишига ёзма розилик хати;

давлат сирлари тўғрисидаги қонунчилик билан, шу жумладан, уни бузганлик учун жавобгарликка оид қисми билан танишганлигини тасдиқловчи тилхат.

9. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштириш масаласи давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотнинг махсус комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

10. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар махсус ваколатли давлат органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган маълумотлар ҳамда давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар махсус комиссиясининг хулосаси;

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштириш бўйича махсус ваколатли давлат органига мурожаати.

11. Махсус ваколатли давлат органи томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш вақтида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштириш учун уларга нисбатан текширув тадбирлари ўтказилади ҳамда рухсатномани бериш (бермаслик) мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинади.

12. Махсус ваколатли давлат органи мурожаатларни кўриб чиқишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мурожаатларни кўриб чиқиш учун керак бўлган қўшимча маълумотларни давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан сўраб олиш;

тақдим этилган маълумотларга ҳамда хулоса қабул қилиш учун керак бўлган бошқа масалаларга аниқлик киритиш мақсадида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар билан суҳбат ўтказиш;

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларини бузиш ҳолатлари аниқланганда, давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома беришни рад этиш (бекор қилиш).

13. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан тақдим этилган материаллар тўлиқ эмаслиги, нотўғри маълумот тақдим этилиши ёки тақдим этилмаслиги мурожаатни кўриб чиқмаслик учун асос бўлади.

4-боб. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тартиби

14. Махсус ваколатли давлат органи томонидан берилган рухсатнома асосида давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот раҳбарининг чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш бўйича тегишли буйруғи (қарори, фармойиши) қабул қилинади.

Буйруқда (қарорда, фармойишда) давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома шакли, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўз хизмат мажбуриятларини бажариши ва функционал мажбурияти давомида танишиши мумкин бўлган махфий маълумотлар рўйхати кўрсатилади.

15. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштиришдан аввал давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тақиқланади.

16. Алоҳида ҳолларда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома ва давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Президенти рухсати билан берилиши мумкин.

5-боб. Якунловчи қоидалар

17. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот раҳбари чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг давлат сирларидан тўғри фойдаланиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

18. Ўзбекистон Республикаси давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат сирларини ошкор қилганда ёки йўқотганда ёхуд Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зид ҳаракатлар содир этганда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрдаги 777-сон қарорига 5-ИЛОВА

Давлат сирларини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга бериш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ давлат сирларини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга бериш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

давлат сирлари — ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган давлат аҳамиятига эга сирни ва (ёки) хизмат сирини ташкил этадиган, давлат томонидан ҳимоя қилинадиган ва махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотлар;

давлат сирларини ташувчилар — давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни аниқлаш ва идентификациялаш имконини берадиган рамзлар, белгилар, тасвирлар, сигналлар, техник ечимлар ва жараёнлар тарзида акс эттирилган моддий объектлар, шу жумладан физик майдон;

давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш — давлат сирларини хорижий давлатга ёки халқаро ташкилотга халқаро шартномаларга мувофиқ дипломатик каналлар, махсус курьерлик хизмати ва бошқа ҳимояланган алоқа каналлари орқали юбориш (жўнатиш);

давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар — давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга доир рухсатга, шунингдек, давлат сирларини сақлаш ва улардан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларга эга бўлган ҳамда давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ давлат сирларидан фойдаланадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар;

махсус комиссия — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ўз тасарруфидаги давлат сирларини кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага ҳамда зарур билим ва тажрибага эга бўлган ходимлардан ташкил топган гуруҳ;

экспертлар комиссияси — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага эга бўлган ҳамда давлат сирларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича тегишли хулосалар бериш ҳуқуқига ҳамда зарур билим ва тажрибага эга бўлган ходимларидан ташкил топган гуруҳ.

3. Давлат сирлари ва уларни ташувчилар хорижий давлат ва халқаро ташкилотларга ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ тартибда берилади.

2-боб. Давлат сирлари ва уларни ташувчиларни хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга бериш шартлари

4. Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга давлат сирлари ва уларни ташувчилар уларнинг давлат сирларини ҳимоя қилиш бўйича кафолатларини ва мажбуриятларини назарда тутувчи халқаро шартнома (кейинги ўринларда — халқаро шартнома) асосида берилади.

Ушбу халқаро шартномаларда қуйидаги шартлар инобатга олинади:

томонларнинг давлат сирлари ва уларни ташувчиларни қабул қилиш (бериш), сақлаш ва улардан фойдаланувчи ваколатли органлари, уларнинг давлат сирларидан фойдаланган ҳолда ишларни амалга ошириш ҳуқуқига эгалиги;

томонларга берилган давлат сирлари ва уларни ташувчиларнинг махфийлик грифининг ўзаро мутаносиблиги, тақдим этилган давлат сирларининг махфийлик грифини ўзгартириш ёки олиб ташлаш тартиби;

қабул қилувчи томоннинг ваколатли органлари томонидан, шунингдек, таржима қилинганда, кўчирилганда ёки кўпайтирилганда махфийлик грифлари билан таққосланадиган давлат сирларини белгилашга қўйиладиган талаблар;

давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш тартиби, манзилга жўнатиш (юбориш) усуллари, заруратга кўра кузатиб бориш шакли;

тақдим этилган давлат сирларини ташкил этувчи материаллардан нусха олиш ёки уларни кўпайтириш, йўқ қилиш ва қайтариш тартиби;

тақдим этилган давлат сирлари ва уларни ташувчиларни қабул қилувчи томоннинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳимоя қилиш мажбуриятлари;

тузилган шартнома ўз кучини йўқотган (бекор бўлган) ҳолларда, тақдим этилган ёки ўзаро ҳамкорлик жараёнида ҳосил бўлган махфий маълумотлар рухсатсиз тарқатилишининг олдини олиш бўйича мажбуриятлар;

берилган давлат сирлари ва уларни ташувчиларни топширувчининг ёзма розилигисиз учинчи шахсга (томонга) тақдим этмаслик мажбуриятлари;

зиддиятли вазиятларни ҳал қилиш ва берилган давлат сирларини рухсатсиз тарқатиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган зарарни қоплаш тартиби;

йўлга қўйилган алоқаларни жаҳон ҳамжамиятида эълон қилиш тартиби.

Халқаро шартномада томонларнинг манфаатлари ва талаблари ҳам ифода этилиши мумкин.

5. Халқаро шартномада ушбу Низомнинг 4-бандидаги талаблар ва мажбуриятлар кўрсатилмаган ҳолларда, давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот томонидан ушбу соҳага доир халқаро шартномани тузиш зарурати мавжудлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига (кейинги ўринларда — махсус ваколатли давлат органи) таклиф киритилади.

Давлат сирларини ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятларни назарда тутувчи халқаро шартнома лойиҳаси белгиланган тартибда келишиш ва имзоланиш учун хориж томонига юборилади.

Давлат сирлари ёки уларни ташувчи воситалар хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган талаблар ва мажбуриятларга мос халқаро шартномалар тузилгандан сўнг берилади.

6. Давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш мақсадга мувофиқлиги махсус ваколатли давлат органи томонидан кўриб чиқилади.

7. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, давлат сирлари ва уларни ташувчиларни хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга бериш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинади.

3-боб. Давлат сирлари ва уларни ташувчиларни беришни махсус комиссия ва махсус ваколатли давлат органи билан келишиш тартиби

8. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш бўйича таклифни ушбу ташкилотда ташкил этилган махсус комиссияга тақдим этади.

Махсус комиссия давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш бўйича таклифини беш иш кун ичида кўриб чиқади ҳамда тегишли хулоса қабул қилади.

Давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш тўғрисидаги таклиф махсус ваколатли давлат органига ташкилотнинг махсус комиссияси хулосаси асосида киритилади.

9. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш бўйича таклифни келишиш мақсадида махсус ваколатли давлат органига қуйидаги маълумотларни тақдим этади:

давлат сирлари ва уларни ташувчилар қайси хорижий давлат ёки халқаро ташкилотга берилаётгани;

давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш мақсади;

берилиши режалаштирилган давлат сирлари ва уларни ташувчилар рўйхати, уларнинг махфийлик грифи, ким томонидан ва қандай асосда махфийлаштирилгани;

давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш муддати;

давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш орқали эришиладиган иқтисодий самара ва (ёки) улар ошкор бўлган ҳолларда келиб чиқиши мумкин бўлган зарарни баҳолаш;

ташкилот махсус комиссиясининг давлат сирлари ва уларни ташувчиларни хорижий давлат ёки халқаро ташкилотга бериш мумкинлиги тўғрисидаги хулосаси;

тақдим этилган давлат сирлари ва уларни ташувчиларни ҳимоя қилиш чоралари;

қабул қилувчи томон ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, етказилган зарарни қоплаш тартиби.

10. Махсус ваколатли давлат органи давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш мақсадга мувофиқлиги ёки уни рад этиш (рад этиш сабаблари ошкор этилмайди) тўғрисида қарор қабул қилади.

11. Махсус ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги қарорни ушбу Низомнинг 9-бандида назарда тутилган маълумотлар олинган кундан бошлаб ўттиз иш куни ичида мурожаат қилган ташкилотга юборади.

Қўшимча ўрганиш талаб этилганда, ушбу муддат ўн беш иш кунигача узайтирилиши мумкин. Бундай ҳолларда махсус ваколатли давлат органи мурожаат қилган давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотни хабардор қилади.

4-боб. Экспертлар комиссияси томонидан давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш тартиби

12. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар экспертлар комиссиясига кўриб чиқиш учун қуйидагиларни тақдим этадилар:

махсус ваколатли давлат органининг давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;

хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга берилиши назарда тутилган давлат сирлари ва уларнинг ташувчилари тўғрисида маълумот;

давлат сирлари ва уларни ташувчилар берилаётган хорижий давлат ёки халқаро ташкилот билан давлат сирларини ҳимоя қилиш бўйича томонларнинг мажбуриятлари белгиланган халқаро шартнома нусхаси;

давлат сирлари ва уларни ташувчиларни хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга беришни назарда тутувчи манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши лойиҳаси.

13. Экспертлар комиссияси давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш бўйича таклифларни кўриб чиқади ва хулоса қабул қилади.

14. Экспертлар комиссиясининг хулосаси асосида давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши белгиланган тартибда қабул қилинади.

15. Давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши махсус ваколатли давлат органи ҳамда манфаатдор давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларга юборилади.

5-боб. Давлат сирлари ва уларни ташувчиларни хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга бериш тартиби

16. Давлат сирлари ва уларни ташувчилар хорижий давлат ва халқаро ташкилотларга Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида берилади.

Бунда давлат сирлари ва уларни ташувчилар халқаро шартномаларга мувофиқ дипломатик каналлар, махсус курьерлик хизмати ва бошқа ҳимояланган алоқа каналлари орқали юборилади (жўнатилади).

Давлат сирлари ва уларни ташувчиларни юборган ташкилот қабул қилувчи томоннинг тегишли ваколатли органлари давлат сирлари ва уларни ташувчиларни олганлиги тўғрисидаги тасдиғини олади.

17. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса, давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар давлат сирлари ва уларни ташувчиларни етказиш усуллари, йўналишлари, кузатиб бориш шакллари ҳамда махфий ҳужжатларни юбориш тартибини белгилайди.

18. Берилаётган давлат сирлари ва уларни ташувчиларни ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар давлат сирлари ва уларни ташувчиларни қабул қилиш (бериш), сақлаш ва улардан фойдаланиш ваколатига эга ташкилотлар томонидан тузиладиган халқаро шартномаларда назарда тутилиши мумкин.

19. Алоҳида ҳолларда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга давлат сирлари ва уларни ташувчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти рухсати билан берилиши мумкин.

6-боб. Якунловчи қоидалар

20. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар ўз фаолиятида мазкур Низом ва давлат сирлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилишлари лозим.

21. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Давлат сирларини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга бериш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Давлат сирларини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларга бериш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот Давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш бўйича таклифни кўриб чиқиш учун ушбу ташкилотда ташкил этилган махсус комиссияга тақдим этади. Заруратга кўра 2-босқич Махсус комиссия Давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш бўйича таклифни кўриб чиқади ва хулоса қабул қилади. 5 кун 3-босқич Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот Давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш бўйича таклифни махсус ваколатли давлат органига тақдим этади. Заруратга кўра 4-босқич Махсус ваколатли давлат органи (Давлат хавфсизлик хизмати) 1. Давлат сирлари ва уларни ташувчилар берилиши мақсадга мувофиқлиги бўйича келишади ёки рад этиш бўйича қарор қабул қилади. 30 иш кунида 2. Қўшимча ўрганиш талаб этилганда, мурожаат қилган давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотни хабардор қилади. қўшимча 15 кун 5-босқич Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот Давлат сирлари ва уларни ташувчиларни бериш бўйича таклифларни белгиланган тартибда экспертлар комиссиясига тақдим этади. Белгиланган тартибда 6-босқич Экспертлар комиссияси 1. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот томонидан тақдим этилган маълумотларни кўриб чиқади ва хулоса қабул қилади. 2. Хулосага асосан Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши тасдиқланади. Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ 7-босқич Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан Давлат сирлари ва уларни ташувчиларни дипломатик каналлар, махсус курьерлик хизмати ва бошқа ҳимояланган алоқа каналлари орқали юборади. Белгиланган тартибда

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрдаги 777-сон қарорига 6-ИЛОВА

Давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатноманинг амал қилиши тугатилгандан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишга доир чеклов белгилаш ва белгиланган чекловга истиснолар бериш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатноманинг амал қилиши тугатилгандан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишга доир чекловларни белгилаш ва уларга бериладиган истиснолар тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

давлат сирлари — ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган давлат аҳамиятига эга сирни ва (ёки) хизмат сирини ташкил этадиган, давлат томонидан ҳимоя қилинадиган ва махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотлар;

давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома — давлат сирлари соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи томонидан шахсга давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилганлигини тасдиқлайдиган, белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат;

давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар — давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга доир рухсатга, шунингдек, давлат сирларини сақлаш ва улардан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларга эга бўлган ҳамда давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ давлат сирларидан фойдаланадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар;

махсус комиссия — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ўз тасарруфидаги давлат сирларини кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага ҳамда зарур билим ва тажрибага эга бўлган ходимларидан ташкил топган гуруҳ;

махфийлик даражаси — давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг муҳимлигини ифодаловчи ҳамда уларни ҳимоя қилиш чоралари ва воситаларини белгиловчи тоифа.

2-боб. Давлат сирларидан хабардор бўлган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишига доир чеклов белгилаш тартиби

3. Давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатноманинг амал қилиши тугатилгандан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишга доир чекловнинг амал қилиш муддати ҳар бир ҳолда шахсга маълум бўлган махфий маълумотларнинг махфийлик даражасига қараб қуйидаги тарзда белгиланади:

«Алоҳида аҳамиятли» грифли махфий маълумотлар учун — кўпи билан уч йил;

«Мутлақо махфий» грифли махфий маълумотлар учун — кўпи билан икки йил;

«Махфий» грифли махфий маълумотлар учун — кўпи билан бир йил.

4. Давлат сирларидан хабардор бўлган шахсларнинг давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатноманинг амал қилиши тугатилиши ёки бекор қилиниши муносабати билан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишга доир чекловлар муддати давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг махсус комиссия томонидан белгиланади.

5. Махсус комиссия давлат сирларидан хабардор бўлган шахснинг давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотдаги фаолияти давомида унга маълум бўлган махфий маълумотларнинг махфийлик даражасига қараб, қонунчиликда белгиланганидан кўп бўлмаган муддатга Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишга доир чекловлар муддати юзасидан хулоса беради.

Хулосада қуйидагилар кўрсатилади:

чеклов белгиланаётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

мазкур ташкилотдаги меҳнат фаолияти давомида эгаллаган лавозимлари;

давлат сирларига доир рухсатнома шакли;

қайси даражадаги махфийлаштирилган маълумотлар билан танишганлиги;

махсус комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳуқуқига доир чеклов муддати (муддатнинг бошланиш ва тугаш санаси);

махфийлаштирилган маълумотларнинг эҳтимолий ошкор бўлиши оқибатлари ва етказилиши мумкин бўлган зарар миқдори.

Хулосани махсус комиссиянинг барча аъзолари имзолайди ва ташкилот раҳбари тасдиқлайди.

6. Давлат сирларидан хабардор бўлган шахс хулоса билан таништирилади унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқи чеклангани, чеклов муддатлари ва чекловга амал қилиши лозимлиги тўғрисида огоҳлантирилади ва бу тўғрисида тилхат олинади.

Давлат сирларидан хабардор бўлган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқи чеклангани ҳақидаги хулоса нусхаси давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига (кейинги ўринларда — махсус ваколатли давлат органи) уч иш кунида тақдим этилади.

7. Хулоса асосида махсус ваколатли давлат органи давлат сирларидан хабардор бўлган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш бўйича масъул давлат органларига ва бошқа ташкилотларга уч иш кунида кўрсатмалар киритади (чеклов муддатини кўрсатган ҳолда).

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланган давлат сирларидан хабардор бўлган шахсларга белгиланган чеклов муддатлари тугагандан сўнг реал вақт режимида автоматик тарзда чекловлар бекор қилинади.

3-боб. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишга доир чекловларга бериладиган истиснолар

8. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишга доир чекловларга қуйидаги истиснолар берилиши мумкин:

хорижий хизмат сафарига чиқиш;

хорижий давлатларда таълим олиш ёки малака ошириш;

ўзи ёки яқин қариндошининг даволанишга муҳтожлиги ёки яқин қариндошини тиббий муолажа олиш учун бошқа яқин қариндошлари ҳамроҳлик қилиш имкони бўлмаган ҳолларда ҳамроҳ сифатида бориш зарурати ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар;

хорижий давлатда доимий ёки вақтинча яшовчи яқин қариндошининг вафоти ёки оғир касаллиги ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлар.

9. Чеклов белгиланган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш бўйича мурожаатларини чеклов муддатини белгилаган давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотга тақдим этади.

Махсус комиссия ҳар бир мурожаат бўйича алоҳида қарор қабул қилади.

10. Мурожаатда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

мурожаат қилувчининг фамилияси, исми, отасининг исми;

чиқиш режалаштирилаётган давлат номи;

хорижга чиқиш сабаби, вақти ва бўлиш муддати;

мурожаат қилувчи билан боғланиш маълумотлари (телефон рақами) ва бошқалар.

11. Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишга доир тақдим этилган ҳужжатларни уч кун ичида ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига вақтинча чиқишга рухсат бериш ёки рад этиш тўғрисида хулоса қабул қилади.

Хулосада қуйидагилар кўрсатилади:

мурожаат қилувчининг фамилияси, исми, отасининг исми;

давлат сирларига доир рухсатнома шакли;

махсус комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳуқуқига доир чеклов муддати (муддатнинг бошланиш ва тугаш санаси);

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига вақтинча чиқишига рухсат берилган муддат.

Хулосани махсус комиссиянинг барча аъзолари имзолайди ва ташкилот раҳбари тасдиқлайди.

12. Мурожаат қилувчи хулоса билан таништирилади унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқи чекланганлиги, чеклов муддатлари ва чекловга амал қилиши лозимлиги тўғрисида огоҳлантирилади ва бу тўғрисида тилхат олинади.

13. Махсус комиссия уч иш кунида чеклов белгиланган шахсларнинг мурожаати бўйича қабул қилинган хулоса нусхасини махсус ваколатли давлат органига тақдим этади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

14. Давлат сирларидан хабардор бўлган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳуқуқига доир чекловлар белгиланишига давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар раҳбарлари шахсан жавобгардирлар.

15. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат сирлари тўғрисида»ги Қонуни кучга киргунга қадар давлат сирларидан хабардор бўлган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқишга доир чеклов муддати тугамаган бўлса, мазкур муддат ушбу шахсларнинг мурожаатига асосан махсус комиссия томонидан белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилади.

16. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар ўз фаолиятида мазкур Низом ва давлат сирлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилишлари лозим.

17. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрдаги 777-сон қарорига 7-ИЛОВА

Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг биргаликдаги ва бошқа фаолиятини амалга ошириш доирасида давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни юбориш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг биргаликдаги ва бошқа фаолияти амалга оширилиши доирасида давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни юбориш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

биргаликда юритиладиган фаолият — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг шартнома асосида хизмат кўрсатувчи, ишларни бажарувчи ҳамда товарларни етказиб берувчи ташкилотлар (юридик шахслар) билан шартномавий муносабатга киришиши;

буюртмачи — давлат сирларидан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиш, ишларни бажариш ҳамда товарларни етказиб бериш бўйича буюртма берувчи ташкилотлар (юридик шахслар);

буюртма ижрочиси — давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмаслик тўғрисида битим (шартнома) асосида мажбурият олган хизмат кўрсатувчи, ишларни бажарувчи ҳамда товарларни етказиб берувчи ташкилотлар (юридик шахслар);

давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома — давлат сирлари соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи томонидан шахсга давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилганлигини тасдиқлайдиган, белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат;

давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар — давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга доир рухсатга, шунингдек, давлат сирларини сақлаш ва улардан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларга эга бўлган ҳамда давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ давлат сирларидан фойдаланадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар.

2-боб. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг биргаликдаги фаолияти асослари

3. Буюртмачи шартнома асосида буюртма ижрочиси билан шартномавий муносабатга киришиш учун қуйидаги шартларни бажариши лозим:

буюртма ижрочиси тўғрисида тўлиқ маълумотларни ташкилот номи, почта манзили, давлат рўйхатидан ўтган рақами, раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи, лавозими, яшаш манзили, шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотга (юқори турувчи ташкилотга) тақдим этиб, ундан давлат сирларини фақат зарур бўлган ҳажмда буюртма ижрочисига бериш тўғрисида ёзма рухсат олиш;

буюртма ижрочиси билан давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмаслик тўғрисида битим (шартнома) тузиш;

давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар буюртма ижрочисига шартнома доирасида тақдим этилишини ёзма равишда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда — махсус ваколатли давлат органи) билан келишиш.

4. Давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни буюртма ижрочисига бериш тўғрисида рухсат олиш учун буюртмачи давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотга (юқори турувчи ташкилотга) ёзма сўровнома юборади.

5. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотга (юқори турувчи ташкилотга) юбориладиган сўровномага қуйидагилар илова қилинади:

буюртма ижрочиси тўғрисида тўлиқ маълумотлар (ташкилот номи, почта манзили, давлат рўйхатидан ўтган рақами, раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи, лавозими, яшаш манзили, шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси);

шартнома асосида тақдим этилиши режалаштирилаётган давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар (ахборот ташувчилар номлари, махфийлик даражаси, ҳисобга олиш рақами, нусхалар рақами, варақлар сони);

давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни буюртма ижрочисига тақдим этиш заруратини асослантирувчи хулоса;

махсус ваколатли давлат органи томонидан берилган давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнинг мавжудлиги ва (ёки) буюртма ижрочиси мансабдор шахсининг давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномаси мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар (рақами ва санаси);

буюртма ижрочиси билан давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмаслик тўғрисида тузиладиган битим (шартнома) нусхаси;

буюртмачи ва буюртма ижрочиси ўртасида тузиладиган шартнома лойиҳаси.

6. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот (юқори турувчи ташкилот) буюртмачининг сўровномаси келиб тушган кундан бошлаб ўн иш кунида кўриб чиқиб, раҳбар имзоси билан буюртма ижрочисига давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни бериш ёки бермаслик тўғрисидаги асослантирилган ёзма жавобни тақдим этади.

3-боб. Биргаликдаги ва бошқа фаолиятни амалга ошириш тартиби

7. Буюртмачи ва буюртма ижрочиси ўртасида тузиладиган шартномада Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ қуйидаги масалалар тартибга солиниши зарур:

ишларни бажариш жараёнида ва улар якунлангандан сўнг давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг сақланишини таъминлаш бўйича буюртмачининг назорат функцияси ҳамда буюртма ижрочисининг мажбурияти ва жавобгарлиги;

махсус ваколатли давлат органи томонидан берилган давлат сирларининг ташкил этувчи маълумотлар билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнинг мавжудлиги ва (ёки) буюртма ижрочиси мансабдор шахсининг давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномаси мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар (рақами ва санаси).

Шартномага тақдим этилиши режалаштирилаётган давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар рўйхати (ҳужжат ва унинг ташувчилари номланиши, махфийлик даражаси, нусхалар рақами, варақлар сони) илова қилинади.

8. Буюртмачига тегишли бўлган ва давлат сирлари жумласига киритилган ҳимояланган ахборот тизимларига хизмат кўрсатиш шартнома предметини ташкил этган тақдирда, хизмат кўрсатиладиган ахборот тизимларида давлат сирларига тааллуқли айланма маълумотларнинг қисқача тавсифи кўрсатилган маълумотнома тузилади.

Шартнома тузиш ва унинг бажарилишини назорат қилиш буюртмачи ва буюртма ижрочиси раҳбарлари томонидан амалга оширилади.

9. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот (юқори турувчи ташкилот) ва махсус ваколатли давлат органидан ёзма рухсатнома олмасдан шартнома тузиш ва давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни тақдим этиш тақиқланади.

4-боб. Биргаликдаги ва бошқа фаолиятни амалга ошириш давомида буюртмачи ва буюртма ижрочисига қўйиладиган талаблар

10. Биргаликда юритиладиган фаолиятни амалга оширишда давлат сирларининг муҳофаза қилиниши устидан назоратни ташкил этиш тарафлар томонидан тузилган шартнома талабларига мувофиқ ушбу ишлар буюртмачисига юкланади.

11. Буюртма ижрочиси биргаликда юритиладиган фаолиятни амалга оширишда даврида давлат сирларини ҳимоя қилиш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни бузган тақдирда, буюртмачи ушбу қоидабузарликлар бартараф этилгунга қадар буюртма бажарилишини тўхтатиши ҳамда айбдор шахсларни қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш бўйича мурожаат қилиши шарт.

Бунда буюртмачи буюртма ижрочисидан етказилган моддий зарарни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ундиради.

12. Буюртмачининг функциялари ва мулкчилик шакли ўзгарганда (қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда), унинг ҳуқуқий вориси давлат сирларидан фойдаланган ҳолда ишларни амалга ошириш ваколатига эга бўлса, буюртмачининг ҳуқуқий вориси ва буюртма ижрочиси ўртасида қўшимча шартнома тузилади.

Мазкур қўшимча шартнома тузилиши давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилот (юқори турувчи ташкилот) ва махсус ваколатли давлат органи билан келишилиши лозим.

13. Буюртма ижрочисининг функциялари ва мулкчилик шакли ўзгарганда, буюртмачи буюртма ижрочиси билан ҳамкорликда давлат сирлари ва уларни ташувчилар ҳимоя қилинишини таъминлаш чораларини кўрадилар.

Бунда биргаликдаги махфий ишларни амалга ошириш шартномаси доирасида буюртма ижрочисига берилган давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар буюртмачига қайтарилади.

14. Махсус ваколатли давлат органи томонидан берилган давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш учун рухсат ва (ёки) мансабдор шахсга давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномани расмийлаштирилмасдан буюртма ижрочисига давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни бериш тақиқланади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

15. Буюртмачи ва буюртма ижрочиси ўз фаолиятида мазкур Низом ва давлат сирлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилишлари лозим.

16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 декабрдаги 777-сон қарорига 8-ИЛОВА

Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг мулкчилик шакли ва фаолияти йўналишлари ўзгарганда давлат сирларини ҳимоя қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг мулкчилик шакли ва фаолияти йўналишлари ўзгарганда давлат сирларини ҳимоя қилиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

давлат сирлари — ошкор этилиши Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган давлат аҳамиятига эга сирни ва (ёки) хизмат сирини ташкил этадиган, давлат томонидан ҳимоя қилинадиган ва махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотлар;

давлат сирларини ташувчилар — давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни аниқлаш ва идентификациялаш имконини берадиган рамзлар, белгилар, тасвирлар, сигналлар, техник ечимлар ва жараёнлар тарзида акс эттирилган моддий объектлар, шу жумладан, физик майдон;

давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатнома — давлат сирлари соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи томонидан шахсга давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилганлигини тасдиқлайдиган, белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат;

давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар — давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширишга доир рухсатга, шунингдек, давлат сирларини сақлаш ва улардан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитларга эга бўлган ҳамда давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ давлат сирларидан фойдаланадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар;

махсус комиссия — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг ўз тасарруфидаги давлат сирларини кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага ҳамда зарур билим ва тажрибага эга бўлган ходимларидан ташкил топган гуруҳ;

махфий-режим органи — давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотнинг махфий иш юритилиши устидан назоратни ва махфийлик режимининг таъминланишини амалга оширувчи таркибий бўлинмаси ёки мансабдор шахси.

2-боб. Давлат сирлари ва уларни ташувчиларнинг мавжудлигини текшириш тартиби

3. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар мулкчилик шакли ва фаолият йўналишлари ўзгарганда (давлат сирларидан фойдаланиш билан боғлиқ ишлар тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда), юқори турувчи ташкилот раҳбарининг буйруғи (топшириғи) билан махфийлик режими ва махфий ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича тегишли шаклдаги давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномага эга бўлган, уч кишидан кам бўлмаган таркибда комиссия аъзолари тайинланади.

Комиссия таркибига ташкилотнинг давлат сирини ташкил этувчи ҳужжатларнинг илмий-тарихий ва амалий аҳамиятини баҳолай оладиган ходимлар киритилади.

Комиссия давлат сирини ташкил этувчи ҳужжатларнинг мавжудлигини текшириш, махфий ҳужжатларни тартибга келтириш, йўқ қилиш, иш юритилишини якунлаш ва махфийликдан чиқариш режасини тайёрлайди.

Режани комиссия раиси имзолайди ва ташкилот раҳбари тасдиқлайди.

Давлат сирини ташкил этувчи ҳужжатларни текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.

4. Давлат сирини ташкил этувчи ҳужжатларнинг мавжудлигини текшириш ва махфий ёзишмаларни тугатиш далолатномасида қуйидагилар кўрсатилади:

комиссия таркиби;

текширишни ўтказиш учун асослар (комиссияни тайинлаш тўғрисидаги буйруқ) ва текширишни ўтказиш муддати;

давлат сирлари ва уларни ташувчиларни топшираётган ва қабул қилаётган ташкилот номи;

махфий иш юритиш ва махфийлик режимини таъминлаш ҳолатининг қисқача тавсифи, шу жумладан, давлат сирини ташкил этувчи ҳужжатлар билан ишлаш тартиби;

текшириш даврида ҳисобга олинган давлат сирлари ва уларни ташувчиларнинг рўйхатдан ўтган ҳисоби;

текширув давомида тақдим этилмаган давлат сирлари ва уларни ташувчилар сони ва рўйхатга олиш рақамлари, уларнинг йўқлиги сабаблари, уларни текширувга қадар олган ходимлар тўғрисида маълумот;

текширув натижалари бўйича хулосалар, таклифлар ва аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш чоралари.

5. Давлат сирлари ва уларни ташувчиларнинг мавжудлигини текшириш тўғрисидаги далолатномани комиссия аъзолари имзолайди ва ташкилот раҳбари тасдиқлайди.

6. Давлат сирлари ва уларни ташувчилар йўқолганлиги (етишмаслиги) аниқланса, дарҳол ташкилот раҳбарига хабар берилади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига (кейинги ўринларда — махсус ваколатли давлат органи) ёзма равишда хабардор қилинади.

Ташкилот раҳбари текширув давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун ўз ваколати доирасида чора-тадбирларни ишлаб чиқиши шарт.

3-боб. Давлат сирлари ва уларни ташувчиларни топшириш ҳамда қабул қилиш тартиби

7. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар мулкчилик шакли ёки фаолияти йўналишлари ўзгарганда (давлат сирларидан фойдаланиш билан боғлиқ ишлар тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда), давлат сирлари ва уларни ташувчиларни белгиланган тартибда ҳимоя қилиш ва топшириш бўйича чоралар кўриши лозим.

8. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан мулкчилик шакли ва фаолияти йўналишлари ўзгарган (давлат сирларидан фойдаланиш билан боғлиқ ишлар тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда) тақдирда, ташкилот раҳбари давлат сирлари ва уларни ташувчилардан кейинчалик фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда уларнинг сақланишига (ҳимоясига) шахсан жавобгар бўлади.

9. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар қайта ташкил этилаётганда, ташкилотларнинг махфийлаштирилган ҳужжатлари тегишли давлат архивлари билан келишилган ҳолда, уларнинг ушбу ваколатни бажариш ҳуқуқига эга бўлган ҳуқуқий ворисларига топширилади.

10. Давлат сирлари ва уларни ташувчиларнинг белгиланган тартибда топширилгани ҳақидаги рўйхатлар давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни қабул қилиш ва топшириш далолатномасига илова қилинади.

11. Тарихий ва илмий аҳамиятга эга бўлмаган, шунингдек, амалий заруратни йўқотган ҳамда сақлаш муддати тугаган давлат сирлари ва уларни ташувчилар белгиланган тартибда йўқ қилиниши мумкин.

12. Давлат сирлари ва уларни ташувчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ топширилади, қабул қилинади ва йўқ қилинади.

13. Давлат сирлари ва уларни ташувчиларни саралаб олиш, доимий сақлаш учун топширишга тайёрлаш ва топшириш, шунингдек, уларни тартибга келтириш ва ташиш билан боғлиқ барча ишлар ушбу ҳужжатларни топширувчи ташкилотнинг ҳисобидан амалга оширилади.

14. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар ўз тасарруфидаги давлат сирлари ва уларни ташувчилар йўқ қилингани (сақлаш учун архивга ёки ҳуқуқий ворисига ёхуд тегишли ахборотни тасарруф этувчи ташкилотга топширилгани) тўғрисида махсус ваколатли давлат органи беш иш кунида хабар бериши лозим.

4-боб. Ташкилотни тугатиш пайтида давлат сирлари ва уларни ташувчиларни сақлашга бериш (йўқ қилиш) тартиби

15. Ташкилот раҳбари ташкилотнинг тугатилиши тўғрисида қарор қабул қилгандан сўнг махфий-режим органи ходими ўзидан юқори турувчи органга (мавжуд бўлса) ва махсус ваколатли давлат органига ёзма хабарнома киритади.

16. Тугатилаётган ташкилот махфий-режим органи юқори турувчи ташкилотнинг махфий-режим органи билан келишилган ҳолда, ушбу ташкилотда мавжуд давлат сирлари ва уларни ташувчиларни текшириш тадбирларини ўтказади.

Текширув тадбирлари қонунчиликда ва ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.

Давлат сирлари ва уларни ташувчиларнинг мавжудлигини текшириш ҳужжатлари йиғмажилдларга махфийлик грифларини ҳисобга олган ҳолда тикилади ва давлат архивига топширилади.

Текшириш натижалари бўйича тузилган далолатномага давлат сирлари ва уларни ташувчиларнинг топширилгани ҳақидаги давлат архиви томонидан берилган маълумотнома илова қилинади.

17. Ташкилот тугатилаётганда унинг функциялари тўлиқ ёки қисман бошқа ташкилотга ўтказилганда, давлат сирлари ва уларни ташувчилар ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланган далолатномага мувофиқ қабул қилувчи ташкилотга ўтказилади.

18. Тугатилаётган ташкилотнинг функциялари бир нечта ташкилотларга топширилаётган бўлса, давлат сирлари ва уларни ташувчилар белгиланган тартибда йўналиши бўйича ўтказилади.

5-боб. Ташкилотларнинг мулкчилик шакли ўзгарганда, давлат сирлари ва уларни ташувчиларни сақлашга топшириш (йўқ қилиш) тартиби

19. Мулкчилик шакли ўзгарган ташкилот раҳбари етти иш кунида давлат сирлари ва уларни ташувчилардан фойдаланиш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш учун махсус ваколатли давлат органини хабардор қилиши лозим.

20. Тўловга қобилиятсиз деб топилган ташкилот фаолияти тўхтатилаётганда ёки тугатилаётганда, давлат сирлари ва уларни ташувчиларнинг мавжудлигини тўлиқ текшириш ва қонунчиликда белгиланган тартибда махфий-режим органини тугатиш чораларини кўради.

21. Ташкилот давлат тасарруфидан чиқарилган ва хусусийлаштирилган тақдирда, уларнинг архив ҳужжатлари давлат мулки эгалигида қолади ва белгиланган тартибда давлат архивларига топширилади.

22. Мулкчилик шакли ўзгарган ташкилот раҳбари (ҳуқуқий вориси) давлат сирлари ва уларни ташувчилар тегишлилиги бўйича юқори турувчи ташкилотлар ва давлат архивига топширилиши учун жавобгар ҳисобланади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

23. Давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар ўз фаолиятида мазкур Низом ва давлат сирлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилишлари лозим.

24. Ушбу Низом қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 10 декабрь,

777 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2025 й., 09/25/777/1155-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING

QARORI

NIZOM

NIZOM

NIZOM

NIZOM

NIZOM

SXEMASI

NIZOM

NIZOM

NIZOM

Davlat sirlari sohasidagi ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat sirlari toʻgʻrisida”gi Qonuni ijrosini taʼminlash, shuningdek, davlat sirlari sohasidagi munosabatlarni tartibga solish hamda davlat sirlarini saqlashning huquqiy asoslarini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Davlat sirlari sohasida ekspertlar va maxsus komissiyalarni shakllantirish hamda ularning faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Davlat sirlarining oshkor etilishi yoki yoʻqotilishi oqibatida Oʻzbekiston Respublikasi xavfsizligiga yoxud davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar manfaatlariga yetkazilgan yoki yetkazilishi mumkin boʻlgan zarar miqdorini aniqlash toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq;

Maʼlumotlar va ularni tashuvchilar maxfiylashtirilishi natijasida maʼlumotlarni tashuvchilarning mulkdoriga yetkazilgan zararning miqdorini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 3-ilovaga muvofiq;

Chet el fuqarolariga va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga Oʻzbekiston Respublikasi davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomani berish va bekor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 4-ilovaga muvofiq;

Davlat sirlarini xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 5-ilovaga muvofiq;

Davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaning amal qilishi tugatilgandan keyin Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqishga doir cheklov belgilash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 6-ilovaga muvofiq;

Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning birgalikdagi va boshqa faoliyatini amalga oshirish doirasida davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni yuborish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 7-ilovaga muvofiq;

Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning mulkchilik shakli va faoliyati yoʻnalishlari oʻzgarganda davlat sirlarini himoya qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 8-ilovag a muvofiq tasdiqlansin.

2. Manfaatdor vazirlik va idoralar oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar rahbarlari zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 10-dekabrdagi 777-son qaroriga 1-ILOVA

Davlat sirlari sohasida ekspertlar va maxsus komissiyalarni shakllantirish hamda ularning faoliyatini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom davlat sirlari sohasida ekspertlar va maxsus komissiyalarni shakllantirish hamda ularning faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:

davlat ahamiyatiga ega boʻlgan sir — oshkor etilishi Oʻzbekiston Respublikasining mudofaa qobiliyatiga, davlat xavfsizligiga, iqtisodiy va siyosiy manfaatlariga salbiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan maʼlumotlar;

davlat sirlari — oshkor etilishi Oʻzbekiston Respublikasining xavfsizligiga zarar yetkazishi mumkin boʻlgan davlat ahamiyatiga ega sirni va (yoki) xizmat sirini tashkil etadigan, davlat tomonidan himoya qilinadigan va maxfiylashtirilishi lozim boʻlgan maʼlumotlar roʻyxatiga kiritilgan maʼlumotlar;

davlat sirlarini tashuvchilar — davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni aniqlash va identifikatsiyalash imkonini beradigan ramzlar, belgilar, tasvirlar, signallar, texnik yechimlar va jarayonlar tarzida aks ettirilgan moddiy obyektlar, shu jumladan, fizik maydon;

davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar — davlat sirlari bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirishga doir ruxsatga, shuningdek, davlat sirlarini saqlash va ulardan foydalanish uchun zarur shart-sharoitlarga ega boʻlgan hamda davlat sirlari toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq davlat sirlaridan foydalanadigan davlat organlari va boshqa tashkilotlar;

maxsus komissiya — davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning oʻz tasarrufidagi davlat sirlarini koʻrib chiqish va xulosa berish uchun davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaga hamda zarur bilim va tajribaga ega boʻlgan xodimlaridan tashkil topgan guruh;

maxfiy-rejim organi — davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotning maxfiy ish yuritilishi ustidan nazoratni va maxfiylik rejimining taʼminlanishini amalga oshiruvchi tarkibiy boʻlinmasi yoki mansabdor shaxsi;

ekspertlar komissiyasi — davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaga ega boʻlgan hamda davlat sirlarini himoya qilish masalalari boʻyicha tegishli xulosalar berish huquqiga hamda zarur bilim va tajribaga ega boʻlgan xodimlaridan tashkil topgan guruh.

3. Ekspertlar va maxsus komissiyalar (keyingi oʻrinlarda — komissiyalar) davlat sirlari bilan bogʻliq masalalar boʻyicha xulosa berish hamda zarur tavsiyalarni ishlab chiqish uchun tuziladigan kollegial maslahat organi hisoblanadi.

4. Ekspertlar komissiyasi muvofiqlashtiruvchi organ hisoblanib, Vazirlar Mahkamasi huzurida, maxsus komissiya esa tashkilotlarda oʻz vakolatlari doirasidagi masalalarni koʻrib chiqish va hal etish uchun tashkil etiladi.

5. Komissiyalar doimiy asosda faoliyat yuritadi.

6. Komissiyalar faoliyati ushbu Nizom va boshqa qonunchilik hujjatlari asosida tashkil etiladi.

2-bob. Komissiyalarni shakllantirish va ularning faoliyatini tashkil etish tartibi

7. Ekspertlar komissiyasi Hukumatning qarori asosida Vazirlar Mahkamasi huzurida tashkil etiladi.

Ekspertlar komissiyasi tarkibiga davlat sirlarini himoya qilish masalalari boʻyicha xulosalar berish huquqiga hamda zarur bilim va tajribaga ega boʻlgan tegishli vazirlik va idoralarning rahbarlari (qoʻshimcha haq toʻlanmagan holda) kiritiladi.

Vazirlar Mahkamasining maxfiy-rejim organi ekspertlar komissiyasining ishchi organi hisoblanadi.

8. Maxsus komissiya davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning rahbarlari qarori bilan tashkil etiladi hamda unga tashkilotning davlat sirlariga doir ruxsatnomaga ega malakali mutaxassislari jalb etiladi. Maxsus komissiyaga ushbu tashkilotning rahbari yoki uning oʻrinbosarlaridan biri raislik qiladi.

Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning maxfiy-rejim organi maxsus komissiyalarning ishchi organi hisoblanadi.

9. Komissiyalar komissiya raisi, uning oʻrinbosari, kotibi va boshqa aʼzolaridan toq sondan iborat tarkibda tashkil topadi.

Zaruratga koʻra komissiyalar faoliyatiga ularning tegishli qaroriga muvofiq boshqa tashkilotlarning davlat sirlariga doir ruxsatnomaga ega malakali mutaxassislari jalb etilishi mumkin.

10. Komissiyalar aʼzolari boshqa ishga oʻtgan taqdirda, ularning tarkibiga ushbu lavozimga yangi tayinlangan yoki zimmasiga tegishli funksiyalarni bajarish yuklangan shaxslar kiritiladi.

3-bob. Komissiyalarning asosiy vazifalari, huquqlari va majburiyatlari

11. Quyidagilar ekspertlar komissiyasining asosiy vazifalari hisoblanadi:

maxsus komissiyalarning faoliyatini muvofiqlashtirish;

davlat sirlari va ularning tashuvchilarini xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga berish (tanishtirish) boʻyicha takliflarni koʻrib chiqish va xulosa berish;

davlat ahamiyatiga ega boʻlgan sirni maxfiylashtirish muddatlarini uzaytirish boʻyicha takliflarini koʻrib chiqish va xulosa berish;

davlat ahamiyatiga ega boʻlgan sirni tashkil etuvchi maʼlumotlarning oshkor etilishi yoki yoʻqotilishi natijasida Oʻzbekiston Respublikasining xavfsizligi va milliy manfaatlariga yetkazilgan yoki yetkazilishi mumkin boʻlgan zararning miqdorini aniqlash;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining hujjatlaridagi hamda davlat ahamiyatiga ega maʼlumotlarning maxfiylik darajasini aniqlash boʻyicha ekspertizalar oʻtkazish.

Ekspertlar komissiyasi davlat sirlari bilan bogʻliq boshqa vazifalarni ham bajarish vakolatiga ega boʻlishi mumkin.

12. Quyidagilar maxsus komissiyaning asosiy vazifalari hisoblanadi:

maʼlumotlarning maxfiylik darajasini aniqlash boʻyicha ekspertizalar oʻtkazish;

tashkilotlarda maxfiylik rejimini taʼminlash va maxfiy ish yuritish talablarini takomillashtirish hamda sohaga raqamli texnologiyalarni joriy etish va xavfsizlikni taʼminlash boʻyicha takliflar ishlab chiqish;

ichki idoraviy faoliyatga oid maʼlumotlarni davlat sirlari jumlasiga kiritish yoki maxfiylikdan chiqarish masalasini koʻrib chiqish;

davlat sirlarini tashkil etuvchi faoliyatga oid maʼlumotlarni maxfiylashtirish muddatlarini uzaytirishga (maxfiylikdan chiqarishga) oid masalalarni koʻrib chiqish;

davlat sirlarini tashkil etuvchi faoliyatga oid maʼlumotlarning oshkor etilishi yoki yoʻqotilishi natijasida tashkilotning manfaatlariga yetkazilgan yoki yetkazilishi mumkin boʻlgan zarar miqdorini aniqlash;

maʼlumotlarni davlat sirlari jumlasiga kiritish yoki maxfiylikdan chiqarish masalasini koʻrib chiqish;

maʼlumotlar va ularni tashuvchilar maxfiylashtirilishi natijasida maʼlumotlarni tashuvchilarning mulkdoriga yetkazilgan zararning miqdorini aniqlash;

davlat sirlari va ularning tashuvchilarini xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga berish (tanishtirish) boʻyicha takliflar ishlab chiqish;

arxivda saqlanayotgan davlat sirlarini tashkil qiluvchi materiallarni saqlash muddatlarini belgilash, oʻzgartirish yoki yoʻq qilish masalalarini koʻrib chiqish;

chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomani rasmiylashtirish masalasini koʻrib chiqish;

davlat sirlaridan xabardor boʻlgan shaxslarning ulardan foydalanishga doir ruxsatnomalarining amal qilishi tugatilganidan keyin Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqishga doir cheklovlarni belgilash va ularga beriladigan istisnolarni koʻrib chiqish.

Maxsus komissiya davlat sirlari bilan bogʻliq boshqa vazifalarni ham bajarishi mumkin.

13. Maxsus komissiya davlat sirlari sohasidagi ayrim masalalar yuzasidan ekspertlar komissiyasiga takliflar kiritishi mumkin.

14. Ekspertlar komissiyasi oʻziga yuklangan vazifalarni amalga oshirishda quyidagi huquqlarga ega:

davlat sirlari bilan bogʻliq masalalar yuzasidan tashkilotlardan zarur hujjatlarni soʻrab olish, koʻrsatmalar berish;

davlat sirlari bilan bogʻliq masalalarni hal etish uchun tegishli takliflarni ishlab chiqish;

davlat sirlari bilan bogʻliq masalalarni hal etish uchun tashkilotlardan zarur bilim va koʻnikmalarga ega malakali mutaxassislarni jalb etish.

15. Maxsus komissiya oʻziga yuklangan vazifalarni amalga oshirishda quyidagi huquqlarga ega:

davlat sirlari bilan bogʻliq masalalar yuzasidan tashkilotning tegishli boʻlinmalaridan zarur hujjatlarni soʻrab olish;

davlat sirlari bilan bogʻliq masalalarni hal etish uchun tegishli takliflarni ishlab chiqish va tashkilot rahbariga kiritish;

davlat sirlari bilan bogʻliq masalalarni hal etish uchun zarur bino va inshootlar, avtotransport, texnika va aloqa vositalaridan foydalanish;

faoliyatida boshqa davlat tashkilotlari imkoniyatlaridan foydalanish boʻyicha soʻrovnomalar chiqarish va ularning mutaxassislari hamda maxsus texnik vositalarini jalb etish.

4-bob. Komissiyalar yigʻilishlarini rasmiylashtirish va qarorini qabul qilish tartibi

16. Davlat sirlari bilan bogʻliq masalalarni koʻrib chiqishga ehtiyoj paydo boʻlganda, komissiyalarning yigʻilishi tashkil etiladi.

17. Komissiyalar tarkibining uchdan ikki qismi ishtirok etgan taqdirda, ularning qarori qabul qilingan hisoblanadi.

18. Komissiyalar qarorlari berilgan ovozlarning koʻpchiligi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlganda, komissiya raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

19. Komissiyalarning qarorlari dalolatnoma, bayonnoma, xulosa va boshqa shakllarda rasmiylashtiriladi hamda komissiya raisi va aʼzolari tomonidan imzolanadi.

Komissiyalar faoliyati natijalari masʼul kotib tomonidan rasmiylashtiriladi va komissiya raislari tomonidan tasdiqlanadi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

20. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar oʻz faoliyatida mazkur Nizom va davlat sirlari sohasidagi boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga qatʼiy amal qilishlari lozim.

21. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 10-dekabrdagi 777-son qaroriga 2-ILOVA

Davlat sirlarining oshkor etilishi yoki yoʻqotilishi oqibatida Oʻzbekiston Respublikasi xavfsizligiga yoxud davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar manfaatlariga yetkazilgan yoki yetkazilishi mumkin boʻlgan zarar miqdorini aniqlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom davlat sirlarining oshkor etilishi yoki yoʻqotilishi oqibatida Oʻzbekiston Respublikasi xavfsizligiga yoxud davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar manfaatlariga yetkazilgan yoki yetkazilishi mumkin boʻlgan zarar miqdorini aniqlash tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

davlat ahamiyatiga ega boʻlgan sir — oshkor etilishi Oʻzbekiston Respublikasining mudofaa qobiliyatiga, davlat xavfsizligiga, iqtisodiy va siyosiy manfaatlariga salbiy taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan maʼlumotlar;

davlat sirlari — oshkor etilishi Oʻzbekiston Respublikasining xavfsizligiga zarar yetkazishi mumkin boʻlgan davlat ahamiyatiga ega sirni va (yoki) xizmat sirini tashkil etadigan, davlat tomonidan himoya qilinadigan va maxfiylashtirilishi lozim boʻlgan maʼlumotlar roʻyxatiga kiritilgan maʼlumotlar;

davlat sirlarining yoʻqotilishi — davlat ahamiyatiga ega boʻlgan sirni yoki xizmat sirini tashkil etuvchi maʼlumotlar mavjud boʻlgan hujjatlardan, buyumlardan yoki vositalardan qonunchilikda belgilangan talablarga rioya etmagan holda foydalanish natijasida davlat sirlarini tashuvchilarning oʻz qonuniy egalari tasarrufidan chiqib ketishi;

davlat sirlarini oshkor etish — xizmat yoki kasbiy faoliyati munosabati bilan davlat sirlari oʻziga ishonib topshirilgan yoki davlat sirlari oʻziga maʼlum boʻlib qolgan shaxs tomonidan davlat sirlarini belgilangan tartibni buzgan holda oʻzga shaxsga berish, eʼlon qilish yoki boshqacha tarzda tarqatish hamda buning oqibatida ushbu davlat sirlari ularning qonuniy egalari boʻlmagan shaxslarga maʼlum boʻlib qolishi;

davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar — davlat sirlari bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirishga doir ruxsatga, shuningdek, davlat sirlarini saqlash va ulardan foydalanish uchun zarur shart-sharoitlarga ega boʻlgan hamda davlat sirlari toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq davlat sirlaridan foydalanadigan davlat organlari va boshqa tashkilotlar;

maxsus komissiya — davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning oʻz tasarrufidagi davlat sirlarini koʻrib chiqish va xulosa berish uchun davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaga hamda zarur bilim va tajribaga ega boʻlgan xodimlaridan tashkil topgan guruh;

ekspertlar komissiyasi — davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaga ega boʻlgan hamda davlat sirlarini himoya qilish masalalari boʻyicha tegishli xulosalar berish huquqiga hamda zarur bilim va tajribaga ega boʻlgan xodimlaridan tashkil topgan guruh.

3. Davlat sirlarining oshkor etilishi yoki yoʻqotilishi oqibatida Oʻzbekiston Respublikasi xavfsizligiga yoxud davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar manfaatlariga yetkazilgan yoki yetkazilishi mumkin boʻlgan zarar miqdori maxsus komissiyalar tomonidan aniqlanadi.

4. Davlat ahamiyatiga ega boʻlgan sirni tashkil etuvchi maʼlumotlarning oshkor etilishi yoki yoʻqotilishi natijasida Oʻzbekiston Respublikasining xavfsizligi va milliy manfaatlariga yetkazilgan yoki yetkazilishi mumkin boʻlgan zararning miqdorini aniqlash alohida hollarda ekspertlar komissiyasi tomonidan koʻrib chiqilishi mumkin.

2-bob. Yetkazilgan yoki yetkazilishi mumkin boʻlgan zarar miqdorini aniqlash tartibi

5. Maxsus komissiya zarar miqdorini aniqlashda davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarning oshkor etilishi yoki yoʻqotilishi oqibatlari va ularni oshkor boʻlishiga zamin yaratgan omillar oʻrganiladi.

Oʻrganishlar natijasi qonunchilikda belgilangan tartibda oʻtkazilgan xizmat tekshiruvi materiallari bilan tasdiqlanadi.

6. Davlat sirlarining oshkor etilishi yoki yoʻqotilishi oqibatida Oʻzbekiston Respublikasi xavfsizligiga yoxud davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar manfaatlariga yetkazilgan yoki yetkazilishi mumkin boʻlgan zarar miqdorini aniqlashda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati vakillari ishtirok etishi mumkin.

7. Moddiy zarar miqdorini aniqlashda quyidagi koʻrsatkichlar hisobga olinadi:

toʻgʻridan-toʻgʻri yetkazilgan moddiy zarar;

yetkazilgan zarar oqibatlarini bartaraf etish xarajatlari;

ishlab chiqarilmagan tovarlarning miqdori;

ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlarining qiymati;

ilmiy-tadqiqot ishlari amalga oshirilmagani natijasining salbiy taʼsiri;

ishlab chiqarish texnologiyalari tannarxi va ularning mamlakat iqtisodiyoti tarmoqlarida qoʻllanilgan iqtisodiy samarasi;

ishlab chiqarilishi rejalashtirilgan mahsulotlarning ehtimoliy narxi va tashqi bozorda sotilish hajmi;

Oʻzbekiston Respublikasining bajarilmagan davlat vazifalarini qoplash uchun tovarlar, mahsulotlar va xomashyo narxlarining va (yoki) xaridlar hajmining oshishi bilan bogʻliq qoʻshimcha xarajatlar;

tovarlar, mahsulotlar va ishlab chiqarish uskunalarini chet eldan sotib olishning iloji boʻlmagan taqdirda, ishlab chiqarishni tashkil etish xarajatlari;

xorijiy davlatlar bilan ilmiy-texnik hamkorlik toʻxtatilganda, ilmiy-tadqiqot ishlari va ishlanmalar xarajatlari;

ehtimoliy zararni tavsiflovchi boshqa koʻrsatkichlar;

zarar miqdorini aniqlashga jalb qilingan mutaxassislarga sarflangan xarajatlar;

davlat mudofaa qobiliyati, hududiy daxlsizligiga putur yetkazuvchi omillar.

8. Zarar miqdorini aniqlash imkoniyati boʻlmagan hollarda boshqa tashkilotlarning zarur bilim va koʻnikmalarga ega malakali mutaxassislari jalb qilinadi.

Ekspertlar komissiyasi yoki maxsus komissiya (keyingi oʻrinlarda — komissiyalar) va boshqa tashkilotlarning malakali mutaxassislari tomonidan zarar miqdorini aniqlash imkoni boʻlmagan alohida hollarda, zarar miqdori quyidagi koʻrsatkichlar boʻyicha aniqlanishiga yoʻl qoʻyiladi:

“Alohida ahamiyatli” maxfiylik darajasi tasdiqlangan taqdirda — bazaviy hisoblash miqdorining besh yuz baravari va undan ortiq boʻlgan miqdordagi zarar;

“Mutlaqo maxfiy” maxfiylik darajasi tasdiqlangan taqdirda — bazaviy hisoblash miqdorining uch yuz baravaridan besh yuz baravarigacha boʻlgan miqdordagi zarar;

“Maxfiy” maxfiylik darajasi tasdiqlangan taqdirda — bazaviy hisoblash miqdorining yuz baravaridan uch yuz baravarigacha boʻlgan miqdordagi zarar.

3-bob. Yetkazilgan yoki yetkazilishi mumkin boʻlgan zararni rasmiylashtirish tartibi

9. Komissiyalar zarar miqdorini aniqlash boʻyicha ish natijalari xulosa bilan rasmiylashtiriladi va unda quyidagilar koʻrsatiladi:

xulosa qilish joyi va vaqti;

komissiya tarkibi;

zarar miqdorini aniqlash uchun asos;

yoʻqotilgan yoki oshkor qilingan davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarning mazmuni va maxfiylik darajasi;

davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarning oshkor qilinishi yoki yoʻqotilishi sodir boʻlgan holatlar;

zarar miqdorini aniqlashda hisobga olingan koʻrsatkichlar (shu jumladan, pul koʻrinishida);

yetkazilgan zararning yakuniy miqdori (ehtimoliy yetkazilishi mumkin boʻlgan zarar miqdori);

yetkazilgan zararlarni aniqlashda foydalanilgan hujjatlar roʻyxati;

zarar miqdorini aniqlash bilan bogʻliq boʻlgan boshqa masalalar.

Xulosa komissiya aʼzolari tomonidan imzolanadi va komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadi.

10. Komissiyalarning yetkazilgan zarar miqdori toʻgʻrisidagi xulosasi va xizmat tekshiruvi materiallari nusxalari Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmatiga yuboriladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

11. Yetkazilgan zarar oqibatida jismoniy shaxslarga yetkazilgan maʼnaviy zarar qonunchilikda belgilangan tartibda undiriladi.

12. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar oʻz faoliyatida mazkur Nizom va davlat sirlari sohasidagi boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga qatʼiy amal qilishlari lozim.

13. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 10-dekabrdagi 777-son qaroriga 3-ILOVA

Maʼlumotlar va ularni tashuvchilar maxfiylashtirilishi natijasida maʼlumotlarni tashuvchilarning mulkdoriga yetkazilgan zararning miqdorini aniqlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom maʼlumotlar va ularni tashuvchilar maxfiylashtirilishi natijasida maʼlumotlarni tashuvchilarning mulkdoriga yetkazilgan zararning miqdorini aniqlash tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

baholovchi tashkilot — qonunchilik hujjatlariga muvofiq baholash faoliyatini amalga oshiruvchi yuridik shaxs;

davlat sirlari — oshkor etilishi Oʻzbekiston Respublikasining xavfsizligiga zarar yetkazishi mumkin boʻlgan davlat ahamiyatiga ega sirni va (yoki) xizmat sirini tashkil etadigan, davlat tomonidan himoya qilinadigan va maxfiylashtirilishi lozim boʻlgan maʼlumotlar roʻyxatiga kiritilgan maʼlumotlar;

davlat sirlarining yoʻqotilishi — davlat ahamiyatiga ega boʻlgan sirni yoki xizmat sirini tashkil etuvchi maʼlumotlar mavjud boʻlgan hujjatlardan, buyumlardan yoki vositalardan qonunchilikda belgilangan talablarga rioya etmagan holda foydalanish natijasida davlat sirlarini tashuvchilarning oʻz qonuniy egalari tasarrufidan chiqib ketishi;

davlat sirlarini oshkor etish — xizmat yoki kasbiy faoliyati munosabati bilan davlat sirlari oʻziga ishonib topshirilgan yoki davlat sirlari oʻziga maʼlum boʻlib qolgan shaxs tomonidan davlat sirlarini belgilangan tartibni buzgan holda oʻzga shaxsga berish, eʼlon qilish yoki boshqacha tarzda tarqatish hamda buning oqibatida ushbu davlat sirlari ularning qonuniy egalari boʻlmagan shaxslarga maʼlum boʻlib qolishi;

davlat sirlarini tashuvchilar — davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni aniqlash va identifikatsiyalash imkonini beradigan ramzlar, belgilar, tasvirlar, signallar, texnik yechimlar va jarayonlar tarzida aks ettirilgan moddiy obyektlar, shu jumladan, fizik maydon;

davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar — davlat sirlari bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirishga doir ruxsatga, shuningdek, davlat sirlarini saqlash va ulardan foydalanish uchun zarur shart-sharoitlarga ega boʻlgan hamda davlat sirlari toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq davlat sirlaridan foydalanadigan davlat organlari va boshqa tashkilotlar;

maxsus komissiya — davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning oʻz tasarrufidagi davlat sirlarini koʻrib chiqish va xulosa berish uchun davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaga hamda zarur bilim va tajribaga ega boʻlgan xodimlaridan tashkil topgan guruh;

mulkdor — ilmiy-ijodiy ish, texnik ixtiro mahsulotlarini ishlab chiqqan (kashf etgan) jismoniy shaxs yoki tashkilot.

3. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar faoliyati davomida maxfiylashtirilishi lozim boʻlgan maʼlumotlar maxfiy-rejim organi mavjud boʻlmagan boshqa tashkilotlarda aniqlangan taqdirda, tashkilot rahbari Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati bilan kelishilgan holda ushbu maʼlumotlarni maxfiy-rejim organi mavjud boʻlgan boshqa tashkilotga saqlash uchun oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Qabul qilingan qaror yuzasidan mulkdor xabardor qilinadi.

2-bob. Mulkdorning maʼlumotlarini maxfiylashtirish tartibi

4. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar rahbarlari qonunchilikka muvofiq oʻziga tegishli soha boʻyicha mulkdorning maʼlumotlari va ularning tashuvchilarini maxfiylashtirish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Bunda davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilot va mulkdor oʻrtasida tegishli shartnoma tuziladi.

5. Shartnomada quyidagilar aks ettirilishi lozim:

shartnomaning maqsadi va predmeti;

tomonlarning huquq va majburiyatlari;

shartnomaning amal qilish muddati;

shartnomani oʻzgartirish va bekor qilish tartibi;

tomonlar munosabatlariga nisbatan qoʻllanadigan huquq va nizolarni hal qilish tartibi;

maʼlumotlar va ularni tashuvchilar maxfiylashtirilishi munosabati bilan maʼlumotlarni tashuvchilarning mulkdoriga toʻlanadigan kompensatsiya miqdori;

maʼlumotlarni tashuvchilar mulkdorining ushbu maʼlumotlarni oshkor etmaslik boʻyicha majburiyatlari;

taraflarning rekvizitlari, shartnoma tuzilgan sana va joyi.

Mulkdor maxfiylashtirilishi lozim boʻlgan maʼlumotlarni davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarga berishni rad etgan taqdirda, ushbu maʼlumotlar sudning qaroriga koʻra davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotga berilayotgan maʼlumotlarning qiymati mulkdorga qoplangan holda majburiy ravishda maxfiylashtiriladi.

Bunda mulkdor davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni oshkor etganligi uchun qonunchilikka muvofiq javobgarlikka tortilishi toʻgʻrisida ogohlantiriladi.

6. Chet el fuqarolari, xorijiy va xalqaro tashkilotlarga tegishli boʻlgan maʼlumotlarga va ularni tashuvchilarga boʻlgan mulk huquqi, agar ushbu maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat sirlari toʻgʻrisida”gi Qonuni talablarini buzmagan holda olingan (ishlab chiqilgan) boʻlsa, cheklanishi mumkin emas.

3-bob. Mulkdorga yetkazilgan zarar miqdorini aniqlash va qoplash tartibi

7. Mulkdorga yetkazilgan zarar miqdori davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotning maxsus komissiyasi tomonidan aniqlanadi.

Mulkdorga yetkazilgan zarar miqdori davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar tomonidan ular faoliyatining oʻziga xos xususiyatlarini hisobga olgan holda aniqlanadi.

8. Mulkdor oʻziga yetkazilgan zarar miqdorini aniqlash boʻyicha maxsus komissiyaning yigʻilishlarida qatnashish huquqiga ega.

9. Maxsus komissiya aʼzolari va uning yigʻilishlarga jalb qilingan mutaxassislar tegishli shakldagi davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaga ega boʻlishi lozim.

10. Moddiy zarar miqdorini aniqlashda quyidagi koʻrsatkichlar hisobga olinadi:

toʻgʻridan-toʻgʻri yetkazilgan moddiy zarar;

yetkazilgan zarar oqibatlarini bartaraf etish xarajatlari;

ishlab chiqarilmagan tovarlarning miqdori;

ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlarining qiymati;

ilmiy-tadqiqot ishlari amalga oshirilmagani natijasining salbiy taʼsiri;

ishlab chiqarish texnologiyalari tannarxi va ularning mamlakat iqtisodiyoti tarmoqlarida qoʻllanilgan iqtisodiy samarasi;

ishlab chiqarilishi rejalashtirilgan mahsulotlarning ehtimoliy narxi va tashqi bozorda sotilish hajmi;

Oʻzbekiston Respublikasining bajarilmagan davlat vazifalarini qoplash uchun tovarlar, mahsulotlar va xomashyo narxlarining va (yoki) xaridlar hajmining oshishi bilan bogʻliq qoʻshimcha xarajatlar;

tovarlar, mahsulotlar va ishlab chiqarish uskunalarini chet eldan sotib olishning iloji boʻlmagan taqdirda, ishlab chiqarishni tashkil etish xarajatlari;

xorijiy davlatlar bilan ilmiy-texnik hamkorlik toʻxtatilganda, ilmiy-tadqiqot ishlari va ishlanmalar xarajatlari;

ehtimoliy zararni tavsiflovchi boshqa koʻrsatkichlar;

zarar miqdorini aniqlashga jalb qilingan mutaxassislarga sarflangan xarajatlar.

11. Zarar miqdorini aniqlashda mol-mulklarning (xizmatlarning) bozor qiymati inobatga olinadi. Bunda mol-mulklarning (xizmatlarning) bozor qiymati quyidagi hujjatlar bilan tasdiqlanishi shart:

yuklab joʻnatish, yetkazib berish yoki topshirishga doir hujjatlar;

mahsulot yetkazib beruvchilarning narxga doir maʼlumotlari (prays-varaqlar);

ommaviy axborot vositalaridan olingan maʼlumotlar;

birja xabarlari;

davlat statistika organlarining maʼlumotlari.

12. Maxsus komissiya tomonidan zarar miqdorini aniqlash imkoniyati boʻlmagan hollarda, boshqa tashkilotlarning zarur bilim va koʻnikmalarga ega malakali mutaxassislari jalb qilinadi.

Maxsus komissiya va boshqa tashkilotlarning malakali mutaxassislari tomonidan zarar miqdorini aniqlash imkoni boʻlmagan alohida hollarda, zarar miqdori quyidagi koʻrsatkichlar boʻyicha aniqlanishiga yoʻl qoʻyiladi:

“Alohida ahamiyatli” maxfiylik darajasi tasdiqlangan taqdirda — bazaviy hisoblash miqdorining besh yuz baravari va undan ortiq boʻlgan miqdordagi zarar;

“Mutlaqo maxfiy” maxfiylik darajasi tasdiqlangan taqdirda — bazaviy hisoblash miqdorining uch yuz baravaridan besh yuz baravarigacha boʻlgan miqdordagi zarar;

“Maxfiy” maxfiylik darajasi tasdiqlangan taqdirda — bazaviy hisoblash miqdorining yuz baravaridan uch yuz baravarigacha boʻlgan miqdordagi zarar.

4-bob. Zarar miqdorini aniqlash boʻyicha maxsus komissiya faoliyati

13. Maxsus komissiyaning zarar miqdorini aniqlash boʻyicha ish natijalari xulosa bilan rasmiylashtiriladi va unda quyidagilar koʻrsatiladi:

xulosa qilish joyi va vaqti;

komissiya tarkibi;

zarar miqdorini aniqlash uchun asos;

yoʻqotilgan yoki oshkor qilingan davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarning mazmuni va maxfiylik darajasi;

davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarning oshkor qilinishi yoki yoʻqotilishi sodir boʻlgan holatlar;

zarar miqdorini aniqlashda hisobga olingan koʻrsatkichlar (shu jumladan, pul koʻrinishida);

yetkazilgan zararning yakuniy miqdori (ehtimoliy yetkazilishi mumkin boʻlgan zarar miqdori);

yetkazilgan zararlarni aniqlashda foydalanilgan hujjatlar roʻyxati;

zarar miqdorini aniqlash bilan bogʻliq boʻlgan boshqa masalalar.

Xulosa maxsus komissiyaning aʼzolari tomonidan imzolanadi va komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadi.

14. Maxsus komissiya xulosasi zarur nusxalarda tayyorlanadi. Bunda uning bir nusxasi davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni boshqa shaxsga oʻtkazish tashabbusi bilan chiqqan tashkilotda saqlanadi, qolgan nusxalari esa kelishuv boʻyicha tashkilotlarga yuboriladi.

15. Maxsus komissiya faoliyati natijalari toʻgʻrisidagi yakuniy xulosa tasdiqlangandan keyin komissiyani tashkil etgan tashkilot uch ish kuni davomida belgilangan tartibda mulkdor manziliga shartnoma yuboradi.

16. Mulkdor shartnomani olgan kundan boshlab uch ish kuni ichida imzolaydi yoki rad etish asoslarini koʻrsatgan holda imzolash rad etilgani toʻgʻrisida javob yuboradi.

17. Mulkdor shartnomani imzolagan taqdirda, komissiyani tuzgan tashkilot tomonidan belgilangan zarar miqdorini qoplash boʻyicha choralar koʻradi.

18. Maʼlumotlar va ularni tashuvchilar maxfiylashtirilishi natijasida mulkdorga yetkazilgan zarar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari yoki ushbu maʼlumotlar va ularni tashuvchilar oʻz tasarrufiga oʻtayotgan tashkilotlarning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

19. Mulkdor shartnoma tuzishni rad etgan taqdirda, maxsus komissiya maʼlumotlarni majburiy tarzda boshqa jismoniy shaxsga yoki tashkilotga oʻtkazish choralarini koʻrish uchun materiallarni sudga yuborish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

5-bob. Mulkdorning huquqlari

20. Mulkdor quyidagi huquqlarga ega:

maʼlumotlarni maxfiylashtirish natijasida unga yetkazilgan zarar miqdorini aniqlash masalasi koʻrib chiqilayotganda maxsus komissiya majlislarida ishtirok etish;

maxsus komissiyaga zarar miqdori boʻyicha oʻz hisob-kitoblarini yoki tegishli shaklda davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaga ega boʻlgan baholovchi tashkilotlar xodimlarini jalb etgan holda tayyorlangan hisob-kitoblarni taqdim etish;

maxsus komissiya xulosasi bilan tanishish.

21. Mulkdor maʼlumotlar va ularni tashuvchilar maxfiylashtirilishi munosabati bilan uning mulk huquqini cheklash hamda aniqlangan zarar miqdori boʻyicha qarorlar yuzasidan sudga shikoyat qilishi mumkin.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

22. Mulkdor maʼlumotlarning maxfiylashtirilishi munosabati bilan ularni sir saqlashga majbur.

23. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar oʻz faoliyatida mazkur Nizom va davlat sirlari sohasidagi boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga qatʼiy amal qilishlari lozim.

24. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 10-dekabrdagi 777-son qaroriga 4-ILOVA

Chet el fuqarolariga va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga Oʻzbekiston Respublikasi davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomani berish va bekor qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga Oʻzbekiston Respublikasi davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomani rasmiylashtirish va bekor qilish hamda ushbu shaxslarga davlat sirlaridan foydalanish huquqini berish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

davlat sirlari — oshkor etilishi Oʻzbekiston Respublikasining xavfsizligiga zarar yetkazishi mumkin boʻlgan davlat ahamiyatiga ega sirni va (yoki) xizmat sirini tashkil etadigan, davlat tomonidan himoya qilinadigan va maxfiylashtirilishi lozim boʻlgan maʼlumotlar roʻyxatiga kiritilgan maʼlumotlar;

davlat sirlaridan foydalanish huquqi — davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning rahbari tomonidan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga xizmat vakolatlariga muvofiq beriladigan muayyan maxfiy maʼlumotlar bilan tanishish va (yoki) davlat sirlaridan foydalangan holda faoliyatni amalga oshirish imkoniyati;

davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnoma — davlat sirlari sohasidagi maxsus vakolatli davlat organi tomonidan shaxsga davlat sirlaridan foydalanish huquqi berilganligini tasdiqlaydigan, belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan hujjat;

davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar — davlat sirlari bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirishga doir ruxsatga, shuningdek, davlat sirlarini saqlash va ulardan foydalanish uchun zarur shart-sharoitlarga ega boʻlgan hamda davlat sirlari toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq davlat sirlaridan foydalanadigan davlat organlari va boshqa tashkilotlar;

maxsus komissiya — davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning oʻz tasarrufidagi davlat sirlarini koʻrib chiqish va xulosa berish uchun davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaga hamda zarur bilim va tajribaga ega boʻlgan xodimlaridan tashkil topgan guruh.

3. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga davlat sirlaridan foydalanish huquqi ular davlat organlari va boshqa tashkilotlarning davlat sirlaridan foydalanish huquqi talab etiladigan lavozimlarga tayinlanayotganda va davlat sirlari bilan bogʻliq ishlarni bajarishga jalb etilgan hollarda beriladi.

2-bob. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning davlat sirlaridan foydalanish tartibi

4. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga davlat sirlaridan foydalanish huquqi xorijiy davlat yoki xalqaro tashkilotlarning davlat sirlarini himoya qilish boʻyicha majburiyatlarini nazarda tutuvchi xalqaro shartnoma asosida beriladi.

Bunda chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar hamda davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilot oʻrtasida tegishli shartnoma imzolanishi lozim.

5. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga davlat sirlaridan foydalanish huquqini berish masalasi davlat organlari va boshqa tashkilotlar tashabbusi asosida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati (keyingi oʻrinlarda — maxsus vakolatli davlat organi) bilan kelishgan holda hal etiladi.

6. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga faqat “Maxfiy” grifli maʼlumotlardan foydalanish huquqi beriladi.

Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga “Mutlaqo maxfiy” va (yoki) “Alohida ahamiyatli” grifli maʼlumotlar bilan ishlashga ruxsat berilmaydi.

Bunda ushbu chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga “Mutlaqo maxfiy” va (yoki) “Alohida ahamiyatli” grifli maʼlumotlar bilan tanishish zarurati tugʻilgan taqdirda, davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotning maxsus komissiyasining qarori asosida ushbu maʼlumotlarning tegishli maxfiy qismi tanishtirilishi mumkin.

7. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga faqat ular tanishishi mumkin boʻlgan maxfiy maʼlumotlar bilan ishlash huquqi beriladi.

3-bob. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomani rasmiylashtirish tartibi

8. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomani rasmiylashtirishda ular tomonidan davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarga quyidagilar taqdim etiladi:

shaxsga doir maʼlumotlar (familiyasi, ismi, otasining ismi, tugʻilgan sanasi va joyi, millati, fuqaroligi, soʻnggi xorijiy davlatdagi yashagan manzili va boshqalar);

maʼlumoti va mutaxassisligi, mehnat faoliyati haqidagi maʼlumot (ishlagan joylari va lavozimlari);

Oʻzbekiston Respublikasida roʻyxatdan oʻtgan va yashash joyi (vaqtincha yoki doimiy);

chet elga chiqish hujjati nusxasi;

davlat sirlari bilan ishlashi uchun toʻsqinlik qiluvchi holatlar (sogʻligʻi va boshqalar) mavjud emasligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

Oʻzbekiston Respublikasida va boshqa davlatlarda jinoiy javobgarlikka tortilganligi haqidagi maʼlumotlar (qachon va nima uchun) mavjud boʻlsa;

shaxsning oʻziga ishonib topshirilgan davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni oshkor etmaslik toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi oldida yozma majburiyati;

shaxsning Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat sirlari toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq ayrim huquqlari cheklanishiga yozma rozilik xati;

shaxs tomonidan davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnoma berilishidan oldin maxsus vakolatli davlat organining ushbu shaxsga nisbatan tekshiruv tadbirlarini oʻtkazishiga yozma rozilik xati;

davlat sirlari toʻgʻrisidagi qonunchilik bilan, shu jumladan, uni buzganlik uchun javobgarlikka oid qismi bilan tanishganligini tasdiqlovchi tilxat.

9. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomani rasmiylashtirish masalasi davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotning maxsus komissiyasi tomonidan koʻrib chiqiladi.

10. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar maxsus vakolatli davlat organiga quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:

ushbu Nizomning 8-bandida koʻrsatilgan maʼlumotlar hamda davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar maxsus komissiyasining xulosasi;

chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomani rasmiylashtirish boʻyicha maxsus vakolatli davlat organiga murojaati.

11. Maxsus vakolatli davlat organi tomonidan murojaatlarni koʻrib chiqish vaqtida chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomani rasmiylashtirish uchun ularga nisbatan tekshiruv tadbirlari oʻtkaziladi hamda ruxsatnomani berish (bermaslik) maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.

12. Maxsus vakolatli davlat organi murojaatlarni koʻrib chiqishda quyidagi huquqlarga ega:

murojaatlarni koʻrib chiqish uchun kerak boʻlgan qoʻshimcha maʼlumotlarni davlat organlari va boshqa tashkilotlardan soʻrab olish;

taqdim etilgan maʼlumotlarga hamda xulosa qabul qilish uchun kerak boʻlgan boshqa masalalarga aniqlik kiritish maqsadida chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar bilan suhbat oʻtkazish;

chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligi talablarini buzish holatlari aniqlanganda, davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnoma berishni rad etish (bekor qilish).

13. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar tomonidan taqdim etilgan materiallar toʻliq emasligi, notoʻgʻri maʼlumot taqdim etilishi yoki taqdim etilmasligi murojaatni koʻrib chiqmaslik uchun asos boʻladi.

4-bob. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga davlat sirlaridan foydalanish huquqini berish tartibi

14. Maxsus vakolatli davlat organi tomonidan berilgan ruxsatnoma asosida davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilot rahbarining chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga davlat sirlaridan foydalanish huquqini berish boʻyicha tegishli buyrugʻi (qarori, farmoyishi) qabul qilinadi.

Buyruqda (qarorda, farmoyishda) davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnoma shakli, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning oʻz xizmat majburiyatlarini bajarishi va funksional majburiyati davomida tanishishi mumkin boʻlgan maxfiy maʼlumotlar roʻyxati koʻrsatiladi.

15. Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomani rasmiylashtirishdan avval davlat sirlaridan foydalanish huquqini berish taqiqlanadi.

16. Alohida hollarda chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnoma va davlat sirlaridan foydalanish huquqi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti ruxsati bilan berilishi mumkin.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

17. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilot rahbari chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning davlat sirlaridan toʻgʻri foydalanishi uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.

18. Oʻzbekiston Respublikasi davlat sirlaridan foydalanish huquqi berilgan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar davlat sirlarini oshkor qilganda yoki yoʻqotganda yoxud Oʻzbekiston Respublikasi manfaatlariga zid harakatlar sodir etganda, qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 10-dekabrdagi 777-son qaroriga 5-ILOVA

Davlat sirlarini xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga berish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat sirlari toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq davlat sirlarini xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga berish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

davlat sirlari — oshkor etilishi Oʻzbekiston Respublikasining xavfsizligiga zarar yetkazishi mumkin boʻlgan davlat ahamiyatiga ega sirni va (yoki) xizmat sirini tashkil etadigan, davlat tomonidan himoya qilinadigan va maxfiylashtirilishi lozim boʻlgan maʼlumotlar roʻyxatiga kiritilgan maʼlumotlar;

davlat sirlarini tashuvchilar — davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni aniqlash va identifikatsiyalash imkonini beradigan ramzlar, belgilar, tasvirlar, signallar, texnik yechimlar va jarayonlar tarzida aks ettirilgan moddiy obyektlar, shu jumladan fizik maydon;

davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish — davlat sirlarini xorijiy davlatga yoki xalqaro tashkilotga xalqaro shartnomalarga muvofiq diplomatik kanallar, maxsus kuryerlik xizmati va boshqa himoyalangan aloqa kanallari orqali yuborish (joʻnatish);

davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar — davlat sirlari bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirishga doir ruxsatga, shuningdek, davlat sirlarini saqlash va ulardan foydalanish uchun zarur shart-sharoitlarga ega boʻlgan hamda davlat sirlari toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq davlat sirlaridan foydalanadigan davlat organlari va boshqa tashkilotlar;

maxsus komissiya — davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning oʻz tasarrufidagi davlat sirlarini koʻrib chiqish va xulosa berish uchun davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaga hamda zarur bilim va tajribaga ega boʻlgan xodimlardan tashkil topgan guruh;

ekspertlar komissiyasi — davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaga ega boʻlgan hamda davlat sirlarini himoya qilish masalalari boʻyicha tegishli xulosalar berish huquqiga hamda zarur bilim va tajribaga ega boʻlgan xodimlaridan tashkil topgan guruh.

3. Davlat sirlari va ularni tashuvchilar xorijiy davlat va xalqaro tashkilotlarga ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq tartibda beriladi.

2-bob. Davlat sirlari va ularni tashuvchilarni xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga berish shartlari

4. Xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga davlat sirlari va ularni tashuvchilar ularning davlat sirlarini himoya qilish boʻyicha kafolatlarini va majburiyatlarini nazarda tutuvchi xalqaro shartnoma (keyingi oʻrinlarda — xalqaro shartnoma) asosida beriladi.

Ushbu xalqaro shartnomalarda quyidagi shartlar inobatga olinadi:

tomonlarning davlat sirlari va ularni tashuvchilarni qabul qilish (berish), saqlash va ulardan foydalanuvchi vakolatli organlari, ularning davlat sirlaridan foydalangan holda ishlarni amalga oshirish huquqiga egaligi;

tomonlarga berilgan davlat sirlari va ularni tashuvchilarning maxfiylik grifining oʻzaro mutanosibligi, taqdim etilgan davlat sirlarining maxfiylik grifini oʻzgartirish yoki olib tashlash tartibi;

qabul qiluvchi tomonning vakolatli organlari tomonidan, shuningdek, tarjima qilinganda, koʻchirilganda yoki koʻpaytirilganda maxfiylik griflari bilan taqqoslanadigan davlat sirlarini belgilashga qoʻyiladigan talablar;

davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish tartibi, manzilga joʻnatish (yuborish) usullari, zaruratga koʻra kuzatib borish shakli;

taqdim etilgan davlat sirlarini tashkil etuvchi materiallardan nusxa olish yoki ularni koʻpaytirish, yoʻq qilish va qaytarish tartibi;

taqdim etilgan davlat sirlari va ularni tashuvchilarni qabul qiluvchi tomonning qonunchilik hujjatlariga muvofiq himoya qilish majburiyatlari;

tuzilgan shartnoma oʻz kuchini yoʻqotgan (bekor boʻlgan) hollarda, taqdim etilgan yoki oʻzaro hamkorlik jarayonida hosil boʻlgan maxfiy maʼlumotlar ruxsatsiz tarqatilishining oldini olish boʻyicha majburiyatlar;

berilgan davlat sirlari va ularni tashuvchilarni topshiruvchining yozma roziligisiz uchinchi shaxsga (tomonga) taqdim etmaslik majburiyatlari;

ziddiyatli vaziyatlarni hal qilish va berilgan davlat sirlarini ruxsatsiz tarqatish natijasida yuzaga kelishi mumkin boʻlgan zararni qoplash tartibi;

yoʻlga qoʻyilgan aloqalarni jahon hamjamiyatida eʼlon qilish tartibi.

Xalqaro shartnomada tomonlarning manfaatlari va talablari ham ifoda etilishi mumkin.

5. Xalqaro shartnomada ushbu Nizomning 4-bandidagi talablar va majburiyatlar koʻrsatilmagan hollarda, davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilot tomonidan ushbu sohaga doir xalqaro shartnomani tuzish zarurati mavjudligi toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmatiga (keyingi oʻrinlarda — maxsus vakolatli davlat organi) taklif kiritiladi.

Davlat sirlarini himoya qilish boʻyicha majburiyatlarni nazarda tutuvchi xalqaro shartnoma loyihasi belgilangan tartibda kelishish va imzolanish uchun xorij tomoniga yuboriladi.

Davlat sirlari yoki ularni tashuvchi vositalar xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga mazkur Nizomning 4-bandida koʻrsatilgan talablar va majburiyatlarga mos xalqaro shartnomalar tuzilgandan soʻng beriladi.

6. Davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish maqsadga muvofiqligi maxsus vakolatli davlat organi tomonidan koʻrib chiqiladi.

7. Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalarida boshqacha qoidalar nazarda tutilmagan boʻlsa, davlat sirlari va ularni tashuvchilarni xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga berish boʻyicha Vazirlar Mahkamasining farmoyishi qabul qilinadi.

3-bob. Davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berishni maxsus komissiya va maxsus vakolatli davlat organi bilan kelishish tartibi

8. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish boʻyicha taklifni ushbu tashkilotda tashkil etilgan maxsus komissiyaga taqdim etadi.

Maxsus komissiya davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish boʻyicha taklifini besh ish kun ichida koʻrib chiqadi hamda tegishli xulosa qabul qiladi.

Davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish toʻgʻrisidagi taklif maxsus vakolatli davlat organiga tashkilotning maxsus komissiyasi xulosasi asosida kiritiladi.

9. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish boʻyicha taklifni kelishish maqsadida maxsus vakolatli davlat organiga quyidagi maʼlumotlarni taqdim etadi:

davlat sirlari va ularni tashuvchilar qaysi xorijiy davlat yoki xalqaro tashkilotga berilayotgani;

davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish maqsadi;

berilishi rejalashtirilgan davlat sirlari va ularni tashuvchilar roʻyxati, ularning maxfiylik grifi, kim tomonidan va qanday asosda maxfiylashtirilgani;

davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish muddati;

davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish orqali erishiladigan iqtisodiy samara va (yoki) ular oshkor boʻlgan hollarda kelib chiqishi mumkin boʻlgan zararni baholash;

tashkilot maxsus komissiyasining davlat sirlari va ularni tashuvchilarni xorijiy davlat yoki xalqaro tashkilotga berish mumkinligi toʻgʻrisidagi xulosasi;

taqdim etilgan davlat sirlari va ularni tashuvchilarni himoya qilish choralari;

qabul qiluvchi tomon oʻz majburiyatlarini bajarmagan taqdirda, yetkazilgan zararni qoplash tartibi.

10. Maxsus vakolatli davlat organi davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish maqsadga muvofiqligi yoki uni rad etish (rad etish sabablari oshkor etilmaydi) toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

11. Maxsus vakolatli davlat organi Oʻzbekiston Respublikasi manfaatlarini hisobga olgan holda, davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish maqsadga muvofiqligi yoki muvofiq emasligi toʻgʻrisidagi qarorni ushbu Nizomning 9-bandida nazarda tutilgan maʼlumotlar olingan kundan boshlab oʻttiz ish kuni ichida murojaat qilgan tashkilotga yuboradi.

Qoʻshimcha oʻrganish talab etilganda, ushbu muddat oʻn besh ish kunigacha uzaytirilishi mumkin. Bunday hollarda maxsus vakolatli davlat organi murojaat qilgan davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotni xabardor qiladi.

4-bob. Ekspertlar komissiyasi tomonidan davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish toʻgʻrisidagi taklifni koʻrib chiqish tartibi

12. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar ekspertlar komissiyasiga koʻrib chiqish uchun quyidagilarni taqdim etadilar:

maxsus vakolatli davlat organining davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisidagi xulosasi;

xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga berilishi nazarda tutilgan davlat sirlari va ularning tashuvchilari toʻgʻrisida maʼlumot;

davlat sirlari va ularni tashuvchilar berilayotgan xorijiy davlat yoki xalqaro tashkilot bilan davlat sirlarini himoya qilish boʻyicha tomonlarning majburiyatlari belgilangan xalqaro shartnoma nusxasi;

davlat sirlari va ularni tashuvchilarni xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga berishni nazarda tutuvchi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan kelishilgan Vazirlar Mahkamasining farmoyishi loyihasi.

13. Ekspertlar komissiyasi davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish boʻyicha takliflarni koʻrib chiqadi va xulosa qabul qiladi.

14. Ekspertlar komissiyasining xulosasi asosida davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish toʻgʻrisidagi Vazirlar Mahkamasining farmoyishi belgilangan tartibda qabul qilinadi.

15. Davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish toʻgʻrisidagi Vazirlar Mahkamasining farmoyishi maxsus vakolatli davlat organi hamda manfaatdor davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarga yuboriladi.

5-bob. Davlat sirlari va ularni tashuvchilarni xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga berish tartibi

16. Davlat sirlari va ularni tashuvchilar xorijiy davlat va xalqaro tashkilotlarga Vazirlar Mahkamasining farmoyishi asosida beriladi.

Bunda davlat sirlari va ularni tashuvchilar xalqaro shartnomalarga muvofiq diplomatik kanallar, maxsus kuryerlik xizmati va boshqa himoyalangan aloqa kanallari orqali yuboriladi (joʻnatiladi).

Davlat sirlari va ularni tashuvchilarni yuborgan tashkilot qabul qiluvchi tomonning tegishli vakolatli organlari davlat sirlari va ularni tashuvchilarni olganligi toʻgʻrisidagi tasdigʻini oladi.

17. Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalarida boshqa tartib nazarda tutilmagan boʻlsa, davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar davlat sirlari va ularni tashuvchilarni yetkazish usullari, yoʻnalishlari, kuzatib borish shakllari hamda maxfiy hujjatlarni yuborish tartibini belgilaydi.

18. Berilayotgan davlat sirlari va ularni tashuvchilarni himoya qilish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar davlat sirlari va ularni tashuvchilarni qabul qilish (berish), saqlash va ulardan foydalanish vakolatiga ega tashkilotlar tomonidan tuziladigan xalqaro shartnomalarda nazarda tutilishi mumkin.

19. Alohida hollarda xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga davlat sirlari va ularni tashuvchilar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti ruxsati bilan berilishi mumkin.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

20. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar oʻz faoliyatida mazkur Nizom va davlat sirlari sohasidagi boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga qatʼiy amal qilishlari lozim.

21. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Davlat sirlarini xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Davlat sirlarini xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlarga berish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilot Davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish boʻyicha taklifni koʻrib chiqish uchun ushbu tashkilotda tashkil etilgan maxsus komissiyaga taqdim etadi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Maxsus komissiya Davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish boʻyicha taklifni koʻrib chiqadi va xulosa qabul qiladi. 5 kun 3-bosqich Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilot Davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish boʻyicha taklifni maxsus vakolatli davlat organiga taqdim etadi. Zaruratga koʻra 4-bosqich Maxsus vakolatli davlat organi (Davlat xavfsizlik xizmati) 1. Davlat sirlari va ularni tashuvchilar berilishi maqsadga muvofiqligi boʻyicha kelishadi yoki rad etish boʻyicha qaror qabul qiladi. 30 ish kunida 2. Qoʻshimcha oʻrganish talab etilganda, murojaat qilgan davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotni xabardor qiladi. qoʻshimcha 15 kun 5-bosqich Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilot Davlat sirlari va ularni tashuvchilarni berish boʻyicha takliflarni belgilangan tartibda ekspertlar komissiyasiga taqdim etadi. Belgilangan tartibda 6-bosqich Ekspertlar komissiyasi 1. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilot tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni koʻrib chiqadi va xulosa qabul qiladi. 2. Xulosaga asosan Vazirlar Mahkamasining farmoyishi tasdiqlanadi. Vazirlar Mahkamasi Reglamentiga muvofiq 7-bosqich Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilot Vazirlar Mahkamasining farmoyishiga asosan Davlat sirlari va ularni tashuvchilarni diplomatik kanallar, maxsus kuryerlik xizmati va boshqa himoyalangan aloqa kanallari orqali yuboradi. Belgilangan tartibda

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 10-dekabrdagi 777-son qaroriga 6-ILOVA

Davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaning amal qilishi tugatilgandan keyin Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqishga doir cheklov belgilash va belgilangan cheklovga istisnolar berish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaning amal qilishi tugatilgandan keyin Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqishga doir cheklovlarni belgilash va ularga beriladigan istisnolar tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

davlat sirlari — oshkor etilishi Oʻzbekiston Respublikasining xavfsizligiga zarar yetkazishi mumkin boʻlgan davlat ahamiyatiga ega sirni va (yoki) xizmat sirini tashkil etadigan, davlat tomonidan himoya qilinadigan va maxfiylashtirilishi lozim boʻlgan maʼlumotlar roʻyxatiga kiritilgan maʼlumotlar;

davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnoma — davlat sirlari sohasidagi maxsus vakolatli davlat organi tomonidan shaxsga davlat sirlaridan foydalanish huquqi berilganligini tasdiqlaydigan, belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan hujjat;

davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar — davlat sirlari bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirishga doir ruxsatga, shuningdek, davlat sirlarini saqlash va ulardan foydalanish uchun zarur shart-sharoitlarga ega boʻlgan hamda davlat sirlari toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq davlat sirlaridan foydalanadigan davlat organlari va boshqa tashkilotlar;

maxsus komissiya — davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning oʻz tasarrufidagi davlat sirlarini koʻrib chiqish va xulosa berish uchun davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaga hamda zarur bilim va tajribaga ega boʻlgan xodimlaridan tashkil topgan guruh;

maxfiylik darajasi — davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarning muhimligini ifodalovchi hamda ularni himoya qilish choralari va vositalarini belgilovchi toifa.

2-bob. Davlat sirlaridan xabardor boʻlgan shaxslarning Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqishiga doir cheklov belgilash tartibi

3. Davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaning amal qilishi tugatilgandan keyin Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqishga doir cheklovning amal qilish muddati har bir holda shaxsga maʼlum boʻlgan maxfiy maʼlumotlarning maxfiylik darajasiga qarab quyidagi tarzda belgilanadi:

“Alohida ahamiyatli” grifli maxfiy maʼlumotlar uchun — koʻpi bilan uch yil;

“Mutlaqo maxfiy” grifli maxfiy maʼlumotlar uchun — koʻpi bilan ikki yil;

“Maxfiy” grifli maxfiy maʼlumotlar uchun — koʻpi bilan bir yil.

4. Davlat sirlaridan xabardor boʻlgan shaxslarning davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaning amal qilishi tugatilishi yoki bekor qilinishi munosabati bilan ushbu shaxslarga nisbatan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqishga doir cheklovlar muddati davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning maxsus komissiya tomonidan belgilanadi.

5. Maxsus komissiya davlat sirlaridan xabardor boʻlgan shaxsning davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotdagi faoliyati davomida unga maʼlum boʻlgan maxfiy maʼlumotlarning maxfiylik darajasiga qarab, qonunchilikda belgilanganidan koʻp boʻlmagan muddatga Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqishga doir cheklovlar muddati yuzasidan xulosa beradi.

Xulosada quyidagilar koʻrsatiladi:

cheklov belgilanayotgan shaxsning familiyasi, ismi, otasining ismi;

mazkur tashkilotdagi mehnat faoliyati davomida egallagan lavozimlari;

davlat sirlariga doir ruxsatnoma shakli;

qaysi darajadagi maxfiylashtirilgan maʼlumotlar bilan tanishganligi;

maxsus komissiya tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqish huquqiga doir cheklov muddati (muddatning boshlanish va tugash sanasi);

maxfiylashtirilgan maʼlumotlarning ehtimoliy oshkor boʻlishi oqibatlari va yetkazilishi mumkin boʻlgan zarar miqdori.

Xulosani maxsus komissiyaning barcha aʼzolari imzolaydi va tashkilot rahbari tasdiqlaydi.

6. Davlat sirlaridan xabardor boʻlgan shaxs xulosa bilan tanishtiriladi uning Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqish huquqi cheklangani, cheklov muddatlari va cheklovga amal qilishi lozimligi toʻgʻrisida ogohlantiriladi va bu toʻgʻrisida tilxat olinadi.

Davlat sirlaridan xabardor boʻlgan shaxsga nisbatan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqish huquqi cheklangani haqidagi xulosa nusxasi davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmatiga (keyingi oʻrinlarda — maxsus vakolatli davlat organi) uch ish kunida taqdim etiladi.

7. Xulosa asosida maxsus vakolatli davlat organi davlat sirlaridan xabardor boʻlgan shaxslarning Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqish huquqini vaqtincha cheklash boʻyicha masʼul davlat organlariga va boshqa tashkilotlarga uch ish kunida koʻrsatmalar kiritadi (cheklov muddatini koʻrsatgan holda).

Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqish huquqi vaqtincha cheklangan davlat sirlaridan xabardor boʻlgan shaxslarga belgilangan cheklov muddatlari tugagandan soʻng real vaqt rejimida avtomatik tarzda cheklovlar bekor qilinadi.

3-bob. Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqishga doir cheklovlarga beriladigan istisnolar

8. Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqishga doir cheklovlarga quyidagi istisnolar berilishi mumkin:

xorijiy xizmat safariga chiqish;

xorijiy davlatlarda taʼlim olish yoki malaka oshirish;

oʻzi yoki yaqin qarindoshining davolanishga muhtojligi yoki yaqin qarindoshini tibbiy muolaja olish uchun boshqa yaqin qarindoshlari hamrohlik qilish imkoni boʻlmagan hollarda hamroh sifatida borish zarurati va boshqa kechiktirib boʻlmaydigan holatlar;

xorijiy davlatda doimiy yoki vaqtincha yashovchi yaqin qarindoshining vafoti yoki ogʻir kasalligi va boshqa kechiktirib boʻlmaydigan holatlar.

9. Cheklov belgilangan shaxslar Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqish boʻyicha murojaatlarini cheklov muddatini belgilagan davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotga taqdim etadi.

Maxsus komissiya har bir murojaat boʻyicha alohida qaror qabul qiladi.

10. Murojaatda quyidagilar koʻrsatilishi lozim:

murojaat qiluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi;

chiqish rejalashtirilayotgan davlat nomi;

xorijga chiqish sababi, vaqti va boʻlish muddati;

murojaat qiluvchi bilan bogʻlanish maʼlumotlari (telefon raqami) va boshqalar.

11. Maxsus komissiya Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqishga doir taqdim etilgan hujjatlarni uch kun ichida oʻrganib chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga vaqtincha chiqishga ruxsat berish yoki rad etish toʻgʻrisida xulosa qabul qiladi.

Xulosada quyidagilar koʻrsatiladi:

murojaat qiluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi;

davlat sirlariga doir ruxsatnoma shakli;

maxsus komissiya tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqish huquqiga doir cheklov muddati (muddatning boshlanish va tugash sanasi);

Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga vaqtincha chiqishiga ruxsat berilgan muddat.

Xulosani maxsus komissiyaning barcha aʼzolari imzolaydi va tashkilot rahbari tasdiqlaydi.

12. Murojaat qiluvchi xulosa bilan tanishtiriladi uning Oʻzbekiston Respublikasi hududidan chiqish huquqi cheklanganligi, cheklov muddatlari va cheklovga amal qilishi lozimligi toʻgʻrisida ogohlantiriladi va bu toʻgʻrisida tilxat olinadi.

13. Maxsus komissiya uch ish kunida cheklov belgilangan shaxslarning murojaati boʻyicha qabul qilingan xulosa nusxasini maxsus vakolatli davlat organiga taqdim etadi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

14. Davlat sirlaridan xabardor boʻlgan shaxslarga nisbatan Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqish huquqiga doir cheklovlar belgilanishiga davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar rahbarlari shaxsan javobgardirlar.

15. Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat sirlari toʻgʻrisida”gi Qonuni kuchga kirgunga qadar davlat sirlaridan xabardor boʻlgan shaxslarning Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqariga chiqishga doir cheklov muddati tugamagan boʻlsa, mazkur muddat ushbu shaxslarning murojaatiga asosan maxsus komissiya tomonidan belgilangan tartibda qayta koʻrib chiqiladi.

16. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar oʻz faoliyatida mazkur Nizom va davlat sirlari sohasidagi boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga qatʼiy amal qilishlari lozim.

17. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 10-dekabrdagi 777-son qaroriga 7-ILOVA

Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning birgalikdagi va boshqa faoliyatini amalga oshirish doirasida davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni yuborish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning birgalikdagi va boshqa faoliyati amalga oshirilishi doirasida davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni yuborish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

birgalikda yuritiladigan faoliyat — davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning shartnoma asosida xizmat koʻrsatuvchi, ishlarni bajaruvchi hamda tovarlarni yetkazib beruvchi tashkilotlar (yuridik shaxslar) bilan shartnomaviy munosabatga kirishishi;

buyurtmachi — davlat sirlaridan foydalangan holda xizmat koʻrsatish, ishlarni bajarish hamda tovarlarni yetkazib berish boʻyicha buyurtma beruvchi tashkilotlar (yuridik shaxslar);

buyurtma ijrochisi — davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni oshkor etmaslik toʻgʻrisida bitim (shartnoma) asosida majburiyat olgan xizmat koʻrsatuvchi, ishlarni bajaruvchi hamda tovarlarni yetkazib beruvchi tashkilotlar (yuridik shaxslar);

davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnoma — davlat sirlari sohasidagi maxsus vakolatli davlat organi tomonidan shaxsga davlat sirlaridan foydalanish huquqi berilganligini tasdiqlaydigan, belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan hujjat;

davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar — davlat sirlari bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirishga doir ruxsatga, shuningdek, davlat sirlarini saqlash va ulardan foydalanish uchun zarur shart-sharoitlarga ega boʻlgan hamda davlat sirlari toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq davlat sirlaridan foydalanadigan davlat organlari va boshqa tashkilotlar.

2-bob. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning birgalikdagi faoliyati asoslari

3. Buyurtmachi shartnoma asosida buyurtma ijrochisi bilan shartnomaviy munosabatga kirishish uchun quyidagi shartlarni bajarishi lozim:

buyurtma ijrochisi toʻgʻrisida toʻliq maʼlumotlarni tashkilot nomi, pochta manzili, davlat roʻyxatidan oʻtgan raqami, rahbarining familiyasi, ismi, otasining ismi, ish joyi, lavozimi, yashash manzili, shaxsini tasdiqlovchi hujjat nusxasi davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotga (yuqori turuvchi tashkilotga) taqdim etib, undan davlat sirlarini faqat zarur boʻlgan hajmda buyurtma ijrochisiga berish toʻgʻrisida yozma ruxsat olish;

buyurtma ijrochisi bilan davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni oshkor etmaslik toʻgʻrisida bitim (shartnoma) tuzish;

davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlar buyurtma ijrochisiga shartnoma doirasida taqdim etilishini yozma ravishda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati (keyingi oʻrinlarda — maxsus vakolatli davlat organi) bilan kelishish.

4. Davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni buyurtma ijrochisiga berish toʻgʻrisida ruxsat olish uchun buyurtmachi davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotga (yuqori turuvchi tashkilotga) yozma soʻrovnoma yuboradi.

5. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotga (yuqori turuvchi tashkilotga) yuboriladigan soʻrovnomaga quyidagilar ilova qilinadi:

buyurtma ijrochisi toʻgʻrisida toʻliq maʼlumotlar (tashkilot nomi, pochta manzili, davlat roʻyxatidan oʻtgan raqami, rahbarining familiyasi, ismi, otasining ismi, ish joyi, lavozimi, yashash manzili, shaxsini tasdiqlovchi hujjat nusxasi);

shartnoma asosida taqdim etilishi rejalashtirilayotgan davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlar (axborot tashuvchilar nomlari, maxfiylik darajasi, hisobga olish raqami, nusxalar raqami, varaqlar soni);

davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni buyurtma ijrochisiga taqdim etish zaruratini asoslantiruvchi xulosa;

maxsus vakolatli davlat organi tomonidan berilgan davlat sirlari bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirish uchun ruxsatning mavjudligi va (yoki) buyurtma ijrochisi mansabdor shaxsining davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomasi mavjudligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (raqami va sanasi);

buyurtma ijrochisi bilan davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni oshkor etmaslik toʻgʻrisida tuziladigan bitim (shartnoma) nusxasi;

buyurtmachi va buyurtma ijrochisi oʻrtasida tuziladigan shartnoma loyihasi.

6. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilot (yuqori turuvchi tashkilot) buyurtmachining soʻrovnomasi kelib tushgan kundan boshlab oʻn ish kunida koʻrib chiqib, rahbar imzosi bilan buyurtma ijrochisiga davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni berish yoki bermaslik toʻgʻrisidagi asoslantirilgan yozma javobni taqdim etadi.

3-bob. Birgalikdagi va boshqa faoliyatni amalga oshirish tartibi

7. Buyurtmachi va buyurtma ijrochisi oʻrtasida tuziladigan shartnomada Oʻzbekiston Respublikasining qonunchiligiga muvofiq quyidagi masalalar tartibga solinishi zarur:

ishlarni bajarish jarayonida va ular yakunlangandan soʻng davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarning saqlanishini taʼminlash boʻyicha buyurtmachining nazorat funksiyasi hamda buyurtma ijrochisining majburiyati va javobgarligi;

maxsus vakolatli davlat organi tomonidan berilgan davlat sirlarining tashkil etuvchi maʼlumotlar bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirish uchun ruxsatning mavjudligi va (yoki) buyurtma ijrochisi mansabdor shaxsining davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomasi mavjudligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (raqami va sanasi).

Shartnomaga taqdim etilishi rejalashtirilayotgan davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlar roʻyxati (hujjat va uning tashuvchilari nomlanishi, maxfiylik darajasi, nusxalar raqami, varaqlar soni) ilova qilinadi.

8. Buyurtmachiga tegishli boʻlgan va davlat sirlari jumlasiga kiritilgan himoyalangan axborot tizimlariga xizmat koʻrsatish shartnoma predmetini tashkil etgan taqdirda, xizmat koʻrsatiladigan axborot tizimlarida davlat sirlariga taalluqli aylanma maʼlumotlarning qisqacha tavsifi koʻrsatilgan maʼlumotnoma tuziladi.

Shartnoma tuzish va uning bajarilishini nazorat qilish buyurtmachi va buyurtma ijrochisi rahbarlari tomonidan amalga oshiriladi.

9. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilot (yuqori turuvchi tashkilot) va maxsus vakolatli davlat organidan yozma ruxsatnoma olmasdan shartnoma tuzish va davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni taqdim etish taqiqlanadi.

4-bob. Birgalikdagi va boshqa faoliyatni amalga oshirish davomida buyurtmachi va buyurtma ijrochisiga qoʻyiladigan talablar

10. Birgalikda yuritiladigan faoliyatni amalga oshirishda davlat sirlarining muhofaza qilinishi ustidan nazoratni tashkil etish taraflar tomonidan tuzilgan shartnoma talablariga muvofiq ushbu ishlar buyurtmachisiga yuklanadi.

11. Buyurtma ijrochisi birgalikda yuritiladigan faoliyatni amalga oshirishda davrida davlat sirlarini himoya qilish boʻyicha oʻz zimmasiga olgan majburiyatlarni buzgan taqdirda, buyurtmachi ushbu qoidabuzarliklar bartaraf etilgunga qadar buyurtma bajarilishini toʻxtatishi hamda aybdor shaxslarni qonunchilikda belgilangan tartibda javobgarlikka tortish boʻyicha murojaat qilishi shart.

Bunda buyurtmachi buyurtma ijrochisidan yetkazilgan moddiy zararni qonunchilik hujjatlariga muvofiq undiradi.

12. Buyurtmachining funksiyalari va mulkchilik shakli oʻzgarganda (qayta tashkil etilganda yoki tugatilganda), uning huquqiy vorisi davlat sirlaridan foydalangan holda ishlarni amalga oshirish vakolatiga ega boʻlsa, buyurtmachining huquqiy vorisi va buyurtma ijrochisi oʻrtasida qoʻshimcha shartnoma tuziladi.

Mazkur qoʻshimcha shartnoma tuzilishi davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilot (yuqori turuvchi tashkilot) va maxsus vakolatli davlat organi bilan kelishilishi lozim.

13. Buyurtma ijrochisining funksiyalari va mulkchilik shakli oʻzgarganda, buyurtmachi buyurtma ijrochisi bilan hamkorlikda davlat sirlari va ularni tashuvchilar himoya qilinishini taʼminlash choralarini koʻradilar.

Bunda birgalikdagi maxfiy ishlarni amalga oshirish shartnomasi doirasida buyurtma ijrochisiga berilgan davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlar buyurtmachiga qaytariladi.

14. Maxsus vakolatli davlat organi tomonidan berilgan davlat sirlari bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirish uchun ruxsat va (yoki) mansabdor shaxsga davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomani rasmiylashtirilmasdan buyurtma ijrochisiga davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni berish taqiqlanadi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

15. Buyurtmachi va buyurtma ijrochisi oʻz faoliyatida mazkur Nizom va davlat sirlari sohasidagi boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga qatʼiy amal qilishlari lozim.

16. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 10-dekabrdagi 777-son qaroriga 8-ILOVA

Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning mulkchilik shakli va faoliyati yoʻnalishlari oʻzgarganda davlat sirlarini himoya qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning mulkchilik shakli va faoliyati yoʻnalishlari oʻzgarganda davlat sirlarini himoya qilish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

davlat sirlari — oshkor etilishi Oʻzbekiston Respublikasining xavfsizligiga zarar yetkazishi mumkin boʻlgan davlat ahamiyatiga ega sirni va (yoki) xizmat sirini tashkil etadigan, davlat tomonidan himoya qilinadigan va maxfiylashtirilishi lozim boʻlgan maʼlumotlar roʻyxatiga kiritilgan maʼlumotlar;

davlat sirlarini tashuvchilar — davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni aniqlash va identifikatsiyalash imkonini beradigan ramzlar, belgilar, tasvirlar, signallar, texnik yechimlar va jarayonlar tarzida aks ettirilgan moddiy obyektlar, shu jumladan, fizik maydon;

davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnoma — davlat sirlari sohasidagi maxsus vakolatli davlat organi tomonidan shaxsga davlat sirlaridan foydalanish huquqi berilganligini tasdiqlaydigan, belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan hujjat;

davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar — davlat sirlari bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirishga doir ruxsatga, shuningdek, davlat sirlarini saqlash va ulardan foydalanish uchun zarur shart-sharoitlarga ega boʻlgan hamda davlat sirlari toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq davlat sirlaridan foydalanadigan davlat organlari va boshqa tashkilotlar;

maxsus komissiya — davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlarning oʻz tasarrufidagi davlat sirlarini koʻrib chiqish va xulosa berish uchun davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaga hamda zarur bilim va tajribaga ega boʻlgan xodimlaridan tashkil topgan guruh;

maxfiy-rejim organi — davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotning maxfiy ish yuritilishi ustidan nazoratni va maxfiylik rejimining taʼminlanishini amalga oshiruvchi tarkibiy boʻlinmasi yoki mansabdor shaxsi.

2-bob. Davlat sirlari va ularni tashuvchilarning mavjudligini tekshirish tartibi

3. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar mulkchilik shakli va faoliyat yoʻnalishlari oʻzgarganda (davlat sirlaridan foydalanish bilan bogʻliq ishlar toʻxtatib turilganda yoki tugatilganda), yuqori turuvchi tashkilot rahbarining buyrugʻi (topshirigʻi) bilan maxfiylik rejimi va maxfiy ishlarning holatini oʻrganish boʻyicha tegishli shakldagi davlat sirlaridan foydalanishga doir ruxsatnomaga ega boʻlgan, uch kishidan kam boʻlmagan tarkibda komissiya aʼzolari tayinlanadi.

Komissiya tarkibiga tashkilotning davlat sirini tashkil etuvchi hujjatlarning ilmiy-tarixiy va amaliy ahamiyatini baholay oladigan xodimlar kiritiladi.

Komissiya davlat sirini tashkil etuvchi hujjatlarning mavjudligini tekshirish, maxfiy hujjatlarni tartibga keltirish, yoʻq qilish, ish yuritilishini yakunlash va maxfiylikdan chiqarish rejasini tayyorlaydi.

Rejani komissiya raisi imzolaydi va tashkilot rahbari tasdiqlaydi.

Davlat sirini tashkil etuvchi hujjatlarni tekshirish natijalari dalolatnoma bilan rasmiylashtiriladi.

4. Davlat sirini tashkil etuvchi hujjatlarning mavjudligini tekshirish va maxfiy yozishmalarni tugatish dalolatnomasida quyidagilar koʻrsatiladi:

komissiya tarkibi;

tekshirishni oʻtkazish uchun asoslar (komissiyani tayinlash toʻgʻrisidagi buyruq) va tekshirishni oʻtkazish muddati;

davlat sirlari va ularni tashuvchilarni topshirayotgan va qabul qilayotgan tashkilot nomi;

maxfiy ish yuritish va maxfiylik rejimini taʼminlash holatining qisqacha tavsifi, shu jumladan, davlat sirini tashkil etuvchi hujjatlar bilan ishlash tartibi;

tekshirish davrida hisobga olingan davlat sirlari va ularni tashuvchilarning roʻyxatdan oʻtgan hisobi;

tekshiruv davomida taqdim etilmagan davlat sirlari va ularni tashuvchilar soni va roʻyxatga olish raqamlari, ularning yoʻqligi sabablari, ularni tekshiruvga qadar olgan xodimlar toʻgʻrisida maʼlumot;

tekshiruv natijalari boʻyicha xulosalar, takliflar va aniqlangan qoidabuzarliklarni bartaraf etish choralari.

5. Davlat sirlari va ularni tashuvchilarning mavjudligini tekshirish toʻgʻrisidagi dalolatnomani komissiya aʼzolari imzolaydi va tashkilot rahbari tasdiqlaydi.

6. Davlat sirlari va ularni tashuvchilar yoʻqolganligi (yetishmasligi) aniqlansa, darhol tashkilot rahbariga xabar beriladi va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmatiga (keyingi oʻrinlarda — maxsus vakolatli davlat organi) yozma ravishda xabardor qilinadi.

Tashkilot rahbari tekshiruv davomida aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish uchun oʻz vakolati doirasida chora-tadbirlarni ishlab chiqishi shart.

3-bob. Davlat sirlari va ularni tashuvchilarni topshirish hamda qabul qilish tartibi

7. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar mulkchilik shakli yoki faoliyati yoʻnalishlari oʻzgarganda (davlat sirlaridan foydalanish bilan bogʻliq ishlar toʻxtatib turilganda yoki tugatilganda), davlat sirlari va ularni tashuvchilarni belgilangan tartibda himoya qilish va topshirish boʻyicha choralar koʻrishi lozim.

8. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar tomonidan mulkchilik shakli va faoliyati yoʻnalishlari oʻzgargan (davlat sirlaridan foydalanish bilan bogʻliq ishlar toʻxtatib turilganda yoki tugatilganda) taqdirda, tashkilot rahbari davlat sirlari va ularni tashuvchilardan keyinchalik foydalanish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi hamda ularning saqlanishiga (himoyasiga) shaxsan javobgar boʻladi.

9. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar qayta tashkil etilayotganda, tashkilotlarning maxfiylashtirilgan hujjatlari tegishli davlat arxivlari bilan kelishilgan holda, ularning ushbu vakolatni bajarish huquqiga ega boʻlgan huquqiy vorislariga topshiriladi.

10. Davlat sirlari va ularni tashuvchilarning belgilangan tartibda topshirilgani haqidagi roʻyxatlar davlat sirlarini tashkil etuvchi maʼlumotlarni qabul qilish va topshirish dalolatnomasiga ilova qilinadi.

11. Tarixiy va ilmiy ahamiyatga ega boʻlmagan, shuningdek, amaliy zaruratni yoʻqotgan hamda saqlash muddati tugagan davlat sirlari va ularni tashuvchilar belgilangan tartibda yoʻq qilinishi mumkin.

12. Davlat sirlari va ularni tashuvchilar qonunchilik hujjatlariga muvofiq topshiriladi, qabul qilinadi va yoʻq qilinadi.

13. Davlat sirlari va ularni tashuvchilarni saralab olish, doimiy saqlash uchun topshirishga tayyorlash va topshirish, shuningdek, ularni tartibga keltirish va tashish bilan bogʻliq barcha ishlar ushbu hujjatlarni topshiruvchi tashkilotning hisobidan amalga oshiriladi.

14. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar oʻz tasarrufidagi davlat sirlari va ularni tashuvchilar yoʻq qilingani (saqlash uchun arxivga yoki huquqiy vorisiga yoxud tegishli axborotni tasarruf etuvchi tashkilotga topshirilgani) toʻgʻrisida maxsus vakolatli davlat organi besh ish kunida xabar berishi lozim.

4-bob. Tashkilotni tugatish paytida davlat sirlari va ularni tashuvchilarni saqlashga berish (yoʻq qilish) tartibi

15. Tashkilot rahbari tashkilotning tugatilishi toʻgʻrisida qaror qabul qilgandan soʻng maxfiy-rejim organi xodimi oʻzidan yuqori turuvchi organga (mavjud boʻlsa) va maxsus vakolatli davlat organiga yozma xabarnoma kiritadi.

16. Tugatilayotgan tashkilot maxfiy-rejim organi yuqori turuvchi tashkilotning maxfiy-rejim organi bilan kelishilgan holda, ushbu tashkilotda mavjud davlat sirlari va ularni tashuvchilarni tekshirish tadbirlarini oʻtkazadi.

Tekshiruv tadbirlari qonunchilikda va ushbu Nizomda belgilangan talablarga muvofiq oʻtkaziladi.

Davlat sirlari va ularni tashuvchilarning mavjudligini tekshirish hujjatlari yigʻmajildlarga maxfiylik griflarini hisobga olgan holda tikiladi va davlat arxiviga topshiriladi.

Tekshirish natijalari boʻyicha tuzilgan dalolatnomaga davlat sirlari va ularni tashuvchilarning topshirilgani haqidagi davlat arxivi tomonidan berilgan maʼlumotnoma ilova qilinadi.

17. Tashkilot tugatilayotganda uning funksiyalari toʻliq yoki qisman boshqa tashkilotga oʻtkazilganda, davlat sirlari va ularni tashuvchilar tashkilot rahbari tomonidan tasdiqlangan dalolatnomaga muvofiq qabul qiluvchi tashkilotga oʻtkaziladi.

18. Tugatilayotgan tashkilotning funksiyalari bir nechta tashkilotlarga topshirilayotgan boʻlsa, davlat sirlari va ularni tashuvchilar belgilangan tartibda yoʻnalishi boʻyicha oʻtkaziladi.

5-bob. Tashkilotlarning mulkchilik shakli oʻzgarganda, davlat sirlari va ularni tashuvchilarni saqlashga topshirish (yoʻq qilish) tartibi

19. Mulkchilik shakli oʻzgargan tashkilot rahbari yetti ish kunida davlat sirlari va ularni tashuvchilardan foydalanish bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish uchun maxsus vakolatli davlat organini xabardor qilishi lozim.

20. Toʻlovga qobiliyatsiz deb topilgan tashkilot faoliyati toʻxtatilayotganda yoki tugatilayotganda, davlat sirlari va ularni tashuvchilarning mavjudligini toʻliq tekshirish va qonunchilikda belgilangan tartibda maxfiy-rejim organini tugatish choralarini koʻradi.

21. Tashkilot davlat tasarrufidan chiqarilgan va xususiylashtirilgan taqdirda, ularning arxiv hujjatlari davlat mulki egaligida qoladi va belgilangan tartibda davlat arxivlariga topshiriladi.

22. Mulkchilik shakli oʻzgargan tashkilot rahbari (huquqiy vorisi) davlat sirlari va ularni tashuvchilar tegishliligi boʻyicha yuqori turuvchi tashkilotlar va davlat arxiviga topshirilishi uchun javobgar hisoblanadi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

23. Davlat sirlaridan foydalanuvchi tashkilotlar oʻz faoliyatida mazkur Nizom va davlat sirlari sohasidagi boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga qatʼiy amal qilishlari lozim.

24. Ushbu Nizom qoidalari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 10-dekabr,

777 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 11.12.2025-y., 09/25/777/1155-son)

lex.uz