UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 11-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 11 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 11 декабря 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 11 December 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

Тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни тақдим этиш тартибларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 24 майдаги ПҚ-193-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун тақдим этилган субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялардан янада самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПҚ-193-сон қарорида :

тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар (кейинги ўринларда — қўллаб-қувватлаш чоралари) тақдим этилишини тизимли мониторинг қилиш ҳамда уларнинг самарадорлигини баҳолаш тартибини;

тадбиркорлик субъектлари томонидан мақсадсиз фойдаланилган ва асоссиз олинган субсидияларни қайтариб олиш тартибини ишлаб чиқиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни мақбуллаштириш ҳамда уларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича республика комиссиясининг (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чоралари натижасида эришилиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаган ҳолда уларнинг самарадорлигини баҳолаш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

3. Қуйидагилар:

Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда асоссиз олинган ва мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини мониторинг қилиш ҳамда уларнинг самарадорлигини баҳолаш учун масъул вазирликлар ва идоралар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилансинки, ушбу қарорга 2-иловада кўрсатилган масъул вазирлик ва идоралар:

тегишли соҳалардаги тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолашнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ушбу қарорга 1-иловага мувофиқ тасдиқланган Низомнинг қоидалари асосида алоҳида методологияларни ишлаб чиқади;

методологияларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда тасдиқлайди;

методологияларни ўзларининг идоравий, шунингдек, Савдо-саноат палатаси ҳамда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг расмий веб-саҳифаларига жойлаштиради.

Бунда қуйидагилар назарда тутилади:

тадбиркорлик субъектларига қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилишида уларнинг ҳар бири томонидан эришилиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаш;

тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларидан тадбиркорлик субъектлари мақсадли фойдаланиши ҳамда мақсадли кўрсаткичларга эришишини мониторинг қилиш;

тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларидан тадбиркорлик субъектлари самарали фойдаланишини таҳлил қилиш ва самарадорликни дастлабки баҳолаш;

қўллаб-қувватлаш чораларидан самарасиз ҳамда мақсадсиз фойдаланган тадбиркорлик субъектларининг рўйхатини шакллантириш;

асоссиз олинган ҳамда мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни тегишли манбаларга қайтариш тартиби.

5. Мазкур қарорга 2-иловада кўрсатилган масъул вазирлик ва идоралар:

2026 йил 1 мартга қадар барча қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақидаги маълумотларни «subsidiya.mf.uz» платформасидаги реестрга киритсин;

2026 йил 1 июнга қадар ўзлари масъул бўлган қўллаб-қувватлаш чораларининг тақдим этилиши, тадбиркорлик субъектлари томонидан эришилиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичлар ахборот тизимларида белгиланиши, уларнинг мониторинг қилиниши ва самарадорлиги баҳоланишига боғлиқ барча жараёнларни тегишли вазирлик ва идоралар билан идоралараро ахборот алмашинуви (ахборот тизимларини интеграция қилиш) орқали рақамлаштирсин;

қўллаб-қувватлаш чораларининг тақдим этилишини мониторинг қилиш ҳамда уларнинг самарадорлигини баҳолашда тадбиркорлик субъектлари томонидан эришилиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилиши таҳлилини манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари орқали идоралараро ахборот алмашинуви орқали амалга оширсин;

2026 йил 1 июлга қадар ўзларининг қўллаб-қувватлаш чораларига оид ахборот тизимларини «subsidiya.mf.uz» платформаси билан тўлиқ интеграция қилиш чораларини кўрсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмуни ва аҳамияти тадбиркорлик субъектлари ўртасида кенг тушунтирилишини таъминласин.

7. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 декабрдаги 784-сон қарорига 1-ИЛОВА

Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда асоссиз олинган ва мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариб олиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини тизимли мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариб олиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

асоссиз олинган субсидия — субсидия олиш учун сохта маълумот ва ҳужжатлар тақдим этиш орқали ёки мазкур субсидияни қонунчиликда белгиланганидан бошқа йўналишларда фойдаланиш учун олиш;

ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;

имтиёз — давлат томонидан муайян сабабларга кўра тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун уларга бериладиган афзаллик;

ижтимоий самарадорлик — ижтимоий инфратузилма ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, унинг ижтимоий ҳимояси ва бандлигини таъминлаш учун қулай шароитлар яратилишини тасдиқловчи имтиёзлар самарадорлиги кўрсаткичлари;

иқтисодий самарадорлик — тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган субсидия, имтиёз ва преференцияларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига (ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши ва маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) сотилиши, таннарх пасайиши, маҳсулот (иш, хизмат) турлари кенгайиши, даромаднинг ошиши ва бошқалар) таъсирини баҳолаш;

махсус ваколатли органлар — енгиб бўлмайдиган кучларнинг (форс-мажор ҳолатларининг) бартараф этилиши ва тегишли хулоса тақдим этиш учун қонунчилик ҳужжатлари билан ваколат берилган давлат органлари;

мақсадсиз фойдаланилган субсидиялар — қонунчилик ҳужжатлари ҳамда тузилган шартномаларга (битимларга) мувофиқ тақдим этилган субсидияни белгиланганидан бошқа мақсадлар учун сарфлаш;

молиявий (бюджет) самарадорлик — тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган субсидия, имтиёз ва преференцияларнинг тадбиркорлик субъектининг молиявий барқарорлиги, сармояларни жалб қилиш имконияти ошиши ҳамда бюджетга тушган солиқ ва божхона тўловлари ҳажмининг ошишига таъсирини баҳолаш;

мониторинг қилиш — тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган субсидия, имтиёз ва преференциялардан фойдаланишни кузатиш ҳамда таҳлил қилиш жараёни;

преференция — тадбиркорлик субъектларининг бирор бир фаолият турини қўллаб-қувватлаш учун бериладиган айрим турдаги афзаллик;

Республика комиссияси — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПҚ-193-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни мақбуллаштириш ҳамда уларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси ;

самарадорлик кўрсаткичи — тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган субсидия, имтиёз ва преференциялар натижасида эришиладиган ижтимоий-иқтисодий ва молиявий кўрсаткичлар;

самарадорликни баҳолаш — иқтисодий, молиявий (бюджет) ва ижтимоий самарадорлик кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда, тадбиркорлик субъектларини уларга тақдим этиладиган субсидия, имтиёз ва преференциялар натижаларини таққослаш тартиб-таомиллари;

самарадорликни дастлабки баҳолаш — тадбиркорлик субъектларига субсидия, имтиёз ва преференцияларни тақдим этадиган ташкилот томонидан эришилган натижаларни ўз ваколати доирасида тадбиркорлик субъектлари кесимида баҳолаш;

самарадорликни якуний баҳолаш — тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган субсидия, имтиёз ва преференцияларни ваколатли орган томонидан самарадорликни дастлабки баҳолаш натижалари асосида ушбу Низом талаблари асосида баҳолаш;

субсидия — товарларни ишлаб чиқариш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва уларни реализация қилишни молиялаштириш ёки биргаликда молиялаштириш ёхуд мақсадли харажатларнинг ўрнини қисман қоплаш учун бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан юридик ва жисмоний шахсларга бериладиган маблағлар;

қўллаб-қувватлаш чоралари — тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар;

қўллаб-қувватлаш чораларининг самарадорлиги — қўллаб-қувватлаш чораларидан кўзланган мақсадга эришишнинг миқдорий баҳоси;

қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилот — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш бўйича ижобий ёки салбий хулосани бериш ҳамда уларнинг мониторингини юритиш ва самарадорлигини дастлабки баҳолаш ваколатига эга бўлган давлат органи.

3. Ушбу Низомнинг амал қилиши фавқулодда ҳолатларда давлат ва жамият эҳтиёжларини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида, шунингдек, халқаро шартномалар асосида тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларига нисбатан татбиқ этилмайди.

4. Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда асоссиз олинган ва мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариб олиш ушбу Низомга иловада келтирилган схема асосида амалга оширилади.

Мақсадли йўналтириш шартлари билан тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларининг самарадорлиги тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда тадбиркорлик субъекти томонидан эришилиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичларга эришишни аниқлаш учун баҳоланади.

5. Асоссиз олинган ва мақсадсиз фойдаланилган субсидиялар тақдим этилган манбага қайтариб олинади.

6. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этишда уларни тақдим этадиган ташкилот томонидан тадбиркорлик субъекти эришиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланади.

Шартномада (битимда) субсидиядан мақсадсиз, самарасиз ёки ноқонуний фойдаланганлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, берилган субсидия тегишли бюджетга қайтариб олиниши ҳамда субсидия олувчи тадбиркорлик субъектига келгусида субсидиядан фойдаланиш ҳуқуқи берилмаслиги ҳақидаги маълумотлар ҳам акс эттирилади.

7. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилот ушбу қўллаб-қувватлаш чораларининг ҳар бир тури бўйича тизимли мониторинг қилади ҳамда самарадорликни дастлабки баҳолаш ишларини амалга оширади.

2-боб. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилотнинг асосий вазифа ва мажбуриятлари

8. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилот қуйидагилар учун масъул ва жавобгар ҳисобланади:

қўллаб-қувватлаш чораларининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мақсадли тақдим этилиши;

ушбу Низомга мувофиқ тадбиркорлик субъекти томонидан эришилиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилаш;

қўллаб-қувватлаш чоралари мониторингини юритиш ва самарадорлигини дастлабки баҳолаш;

асоссиз олинган ва мақсадсиз, самарасиз ёки ноқонуний фойдаланилган субсидияни мажбурий тартибда тегишли бюджетга қайтарилишини ташкил қилиш.

9. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилотнинг асосий мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

қўллаб-қувватлаш чораларининг тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган барча талаб ва шартларга мос келувчи тадбиркорлик субъектларига тақдим этилишини ташкил этиш;

тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларидан тадбиркорлик субъектлари мақсадли фойдаланиши ҳамда бунинг натижасида лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичларга эришишини мониторинг қилиш;

тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларидан тадбиркорлик субъектлари самарали фойдаланишини таҳлил қилиш ва самарадорликни дастлабки баҳолаш;

қўллаб-қувватлаш чораларидан самарасиз ҳамда мақсадсиз фойдаланган тадбиркорлик субъектларининг рўйхатини шакллантириш;

асоссиз олинган ҳамда мақсадсиз фойдаланилган субсидияни мажбурий тартибда тегишли бюджетга қайтариш чораларини кўриш;

иқтисодиётга ижобий таъсири кузатилмаётган ҳамда самарадорлиги паст ва самарасиз қўллаб-қувватлаш чораларининг тақдим этилишини тўхтатиш ёки бекор қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

ҳар йили 1 июлга қадар тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чоралари ва уларнинг самарадорлигини дастлабки баҳолаш натижалари асосида ҳисобот тайёрлаш ҳамда ваколатли органга тақдим этиш.

3-боб. Қўллаб-қувватлаш чораларини олувчи тадбиркорлик субъектининг мажбуриятлари

10. Қўллаб-қувватлаш чораларини олувчи тадбиркорлик субъектининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

қўллаб-қувватлаш чораларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши;

тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чоралари натижасида тегишли қонунчилик ҳужжатлари ҳамда субсидия шартномасига (битимига) мувофиқ аниқ мақсадли кўрсаткичларга эришилишини таъминлаши;

тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдаланиш жараёнида қонунчиликда белгиланган меъёрларга тўлиқ амал қилиши шарт.

4-боб. Мониторинг қилиш тартиби

11. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилот тадбиркорлик субъектларига тақдим этган қўллаб-қувватлаш чоралари самарадорлигини дастлабки баҳолаш ишларини уларга қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этишда белгиланган, тадбиркорлик субъектлари томонидан эришилиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилишини мониторинг қилиш орқали амалга оширади.

12. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилот қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиши, улардан тадбиркорлик субъектлари тегишли қонунчилик ҳужжатлари ҳамда субсидия шартномасига (битимига) мувофиқ мақсадли ва самарали фойдаланишини ўзининг электрон тизимлари орқали мониторинг қилади.

Бунда тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш идоралараро ахборот алмашинуви орқали мониторинг қилинади.

Заруратга кўра, тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларидан мақсадли фойдаланиш ҳолати жойига чиққан ҳолда ўрганилиши мумкин. Бунда жойига чиққан ҳолда ўрганиш учун тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тартиби доирасида ўн кундан ошмаган муддатда ўтказишга ташаббус билдирилади ва ўрганиш ишлари амалга оширилади.

13. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилот тадбиркорлик субъектларига субсидиялар ажратиш бўйича ахборот тизимларини ваколатли органнинг «subsidiya.mf.uz» платформасига интеграция қилади.

14. Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар ажратилиши «subsidiya.mf.uz» платформаси орқали мониторинг қилинади.

Бунда қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилотларнинг ахборот тизими орқали ёки белгиланган тартибда жойига чиққан ҳолда ўтказилган мониторинг натижалари «subsidiya.mf.uz» платформасига ўзаро ахборот алмашинуви орқали тақдим этилади.

15. Тадбиркорлик субъектларига қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этишга асос бўладиган ҳужжатларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, жумладан, солиқ ва божхона имтиёзларини бериш учун асос бўладиган ҳужжатларнинг (лицензия, гувоҳнома ва бошқалар) тўғрилиги ва ҳаққонийлиги Солиқ қўмитаси ҳамда Божхона қўмитаси билан ўзаро идоралараро ахборот алмашинуви орқали тасдиқланади.

16. Ҳар бир тадбиркорлик субъектига қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этишда, шу жумладан, субсидия шартномасида (битимида) самарадорлик мезонларига мувофиқ аниқ мақсадли кўрсаткичлар қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилотнинг ахборот тизимига киритилади.

17. Тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган субсидиялар қонуний олингани, улардан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилот томонидан доимий мониторинг йўлга қўйилиб, субсидия шартномасига (битимига) асосан эришилиши лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичларга эришиш назорат қилиб борилади.

5-боб. Самарадорликни баҳолаш мезонлари

18. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилот қўллаб-қувватлаш чоралари самарадорлигини баҳолашда қуйидаги мезонлардан фойдаланади:

а) иқтисодий самарадорлик:

умумий маҳсулот (иш, хизмат) ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши;

янги турдаги маҳсулот (иш, хизмат) ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши;

маҳсулотни (ишни, хизматни) реализация қилиш бўйича айланманинг ўсиш суръати;

маҳсулот (иш, хизмат) турининг кенгайиши;

янги кашфиёт, патент ва саноат намуналарини миқдорий кўрсаткичларда жорий этиш;

янги технологиялар, ускуналар ва ишлаб чиқариш қувватларини (ишлаб чиқариш корхоналари учун) миқдорий кўрсаткичларда жорий этиш;

тадбиркорлик субъектларининг даромадининг (фойдасининг) ошиши;

маҳсулот (иш, хизмат) таннархининг пасайиши;

экспорт ҳажмининг ошиши;

шартномага (битимга) асосан ёрдам берилишида мақсад қилинган бошқа иқтисодий кўрсаткичларнинг ошиши;

б) молиявий (бюджет) самарадорлик:

тадбиркорлик субъектининг молиявий барқарорлиги;

сармояларни жалб қилиш имкониятининг ошиши;

инвестициялар ҳажмининг ошиши;

бюджетга тушган солиқ ва божхона тўловлари ҳажмининг ошиши;

в) ижтимоий самарадорлик:

яратилган янги иш ўринлари сони;

иш ҳақини ошириш, қўшимча маблағларнинг йўналтирилиши;

ижтимоий ёрдамга муҳтож шахсларни иш билан таъминлаш;

меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазасини яхшилаш;

шартномага асосан ёрдам берилишида мақсад қилинган бошқа ижтимоий кўрсаткичлар.

19. Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси қўллаб-қувватлаш чораларини қуйидаги мезонлар асосида баҳолайди:

товар ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар (кейинги ўринларда — етказиб берувчилар) доирасининг ва сонининг чекланиши;

етказиб берувчиларнинг ўзаро рақобатлашиш имконияти чегараланиши;

етказиб берувчиларнинг бозор муносабатларида ўзаро рақобатлашишга қизиқишининг пасайиши;

етказиб берувчиларнинг янги технологиялар, маҳсулотлар ёки бизнес моделларини амалиётга жорий этишининг чекланиши;

истеъмолчилар учун керакли ахборотни танлаш имкониятининг чегараланиши.

6-боб. Самарадорликни баҳолаш тартиби

20. Самарадорлик қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилгунга қадар ўтган уч йиллик даврни қўллаб-қувватлаш чораларининг амал қилиш муддатига (агар қўллаб-қувватлаш чораси жорий этилганига уч йил бўлмаган бўлса, ўтган йилга нисбатан) таққослаш орқали баҳоланади.

21. Самарадорликни баҳолашда манбалардан қуйидаги кетма-кетликда фойдаланилади:

тадбиркорлик субъектларининг молиявий, солиқ ҳисоботлари;

соҳавий идоралар ёки статистика идоралари маълумотлари;

қўллаб-қувватлаш чоралари натижалари юзасидан тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим этилган маълумотлар.

22. Самарадорлик ҳар бир тадбиркорлик субъекти учун иқтисодий, молиявий (бюджет) ва ижтимоий мезонлар бўйича алоҳида баҳоланади.

23. Битта тадбиркорлик субъекти учун қўллаб-қувватлаш чораларининг иқтисодий самарадорлиги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатан эришилган иқтисодий кўрсаткичнинг қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилишида режа қилинган иқтисодий кўрсаткичга (мақсадли кўрсаткич) нисбатини ҳисоблаш орқали баҳоланади:

С иқт = , бу ерда:

Крежа 1 , Крежа 2 , Крежа 3 , … Крежа н — қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилишида режа қилинган иқтисодий кўрсаткич;

Кфакт 1 , Кфакт 2 , Кфакт 3 , … Кфакт н — қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатан эришилган иқтисодий кўрсаткич;

Н — қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиши натижасида эришилиши режалаштирилган иқтисодий кўрсаткичлар сони.

С иқт ≥ 1 ҳолатларда С иқт = 1 сифатида қабул қилинади.

Агар:

С иқт = 1 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари юқори иқтисодий самарали;

0,7 ≤ С иқт < 1 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари иқтисодий самарали;

0,5 ≤ С иқт < 0,7 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари ўртача иқтисодий самарали;

С иқт < 0,5 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари иқтисодий самарасиз.

24. Битта тадбиркорлик субъекти учун қўллаб-қувватлаш чораларининг молиявий (бюджет) самарадорлиги кўрсаткичи охирги ҳисобот йили ва олдинги ҳисобот йили учун Давлат бюджетига ва мақсадли жамғармаларга тушган солиқ, божхона ва бошқа тўловларнинг умумий суммаси фарқининг охирги ҳисобот йили учун тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларининг умумий миқдорига нисбатини ҳисоблаш орқали баҳоланади:

С б =(Б т — Б т-1 )/Қ, бу ерда:

С б — молиявий (бюджет) самарадорлик кўрсаткичи;

Қ — охирги ҳисобот йили учун тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларининг умумий миқдори;

Б т — охирги ҳисобот йили учун Давлат бюджетига ва мақсадли жамғармаларга тушган солиқ, божхона ва бошқа тўловларнинг умумий суммаси;

Б т-1 — охирги ҳисобот йилидан олдинги ҳисобот йили учун Давлат бюджетига ва мақсадли жамғармаларга тушган солиқ, божхона ва бошқа тўловларнинг умумий суммаси.

С б ≥ 1 ҳолатларда С б = 1 сифатида, С б ≤ 0 ҳолатларда С б = 0 сифатида қабул қилинади.

Агар:

С б = 1 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари юқори молиявий самарали;

0,7 ≤ С б < 1 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари молиявий самарали;

0,5 ≤ С б < 0,7 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари ўртача молиявий самарали;

С б < 0,5 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари молиявий самарасиз.

25. Битта тадбиркорлик субъекти учун қўллаб-қувватлаш чораларининг ижтимоий самарадорлиги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатан эришилган ижтимоий кўрсаткичнинг қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилишида режа қилинган ижтимоий кўрсаткичига нисбатини ҳисоблаш орқали баҳоланади:

С ижт = , бу ерда:

Крежа 1 , Крежа 2 , Крежа 3 , … Крежа н — қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилишида режа қилинган ижтимоий кўрсаткич;

Кфакт 1 , Кфакт 2 , Кфакт 3 , … Кфакт н — қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатан эришилган ижтимоий кўрсаткич;

Н — қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилиши натижасида эришилиши режалаштирилган ижтимоий кўрсаткичлар сони.

С ижт ≥1 ҳолатларда С ижт = 1 сифатида қабул қилинади.

Агар:

С ижт = 1 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари юқори ижтимоий самарали;

0,7 ≤ С ижт < 1 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари ижтимоий самарали;

0,5 ≤ С ижт < 0,7 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари ўртача ижтимоий самарали;

С ижт < 0,5 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари ижтимоий самарасиз.

26. Битта тадбиркорлик субъекти учун қўллаб-қувватлаш чораларининг самарадорлигини баҳолаш таҳлил қилинган давр учун иқтисодий, бюджет (молиявий) ва ижтимоий мезонлари бўйича баллар йиғиндисининг ўртача кўрсаткичи сифатида ҳисобланади:

К с = (С иқт +С б +С ижт )/3, бу ерда:

К с — самарадорлик кўрсаткичи;

С иқт — иқтисодий самарадорлик;

С б — молиявий (бюджет) самарадорлик;

С ижт — ижтимоий самарадорлик.

Қўллаб-қувватлаш чораларининг самарадорлиги максимал 1 балли шкалада баҳоланади:

К с = 1 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари юқори самарали;

0,7 ≤ К с < 1 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари самарали;

0,5 ≤ К с < 0,7 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари ўрта самарали;

К с < 0,5 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари самарасиз.

27. Тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларининг умумий самарадорлиги барча тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чоралари самарадорлигининг тадбиркорлик субъектлари сонига нисбатини ҳисоблаш орқали баҳоланади:

К с.ум. = , бу ерда:

К с.ум. — қўллаб-қувватлаш чораларининг умумий самарадорлик кўрсаткичи;

К си — қўллаб-қувватлаш чораларининг н-корхона учун самарадорлик кўрсаткичи;

М — қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдаланган тадбиркорлик субъектлари сони.

К си ≥ 1 ҳолатларда К си = 1 сифатида қабул қилинади.

Агар:

К си = 1 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари юқори самарали;

0,7 ≤ К си <1 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари самарали;

0,5 ≤ К си < 0,7 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари ўртача самарали;

К си < 0,5 бўлса, қўллаб-қувватлаш чоралари самарасиз.

28. Имзоланган субсидия шартномаларида (битимида) белгиланган самарадорлик кўрсаткичларининг ижро даражаси 1 балли шкалада бўлганда 100 фоиз ҳисобланади.

Тадбиркорлик субъектининг умумий самарадорлик кўрсаткичи 50 фоиздан кам бўлиши қўллаб-қувватлаш чораларидан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланган деб хулоса беришга асос бўлади.

29. Тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларидан тадбиркорлик субъектларининг 50 фоизидан ортиқ қисми самарасиз ёки мақсадсиз фойдалангани аниқланиши мазкур қўллаб-қувватлаш чорасини бекор қилиш юзасидан таклиф тайёрлашга асос бўлади.

30. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этувчи ташкилот ўзи масъул бўлган ҳар бир турдаги субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялардан тадбиркорлик субъектлари кесимида белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришилганини, самарали фойдаланилганини таҳлил қилади ҳамда самарадорлигини дастлабки баҳолайди;

Бунда қўллаб-қувватлаш чоралари самарасиз деб топилганда, уларни бекор қилиш юзасидан таклиф тайёрлайди.

Қўллаб-қувватлаш чораларининг самарадорлигини дастлабки баҳолаш натижалари бўйича ҳисоботни ҳар йили 1 июлга қадар ваколатли органга тақдим этади.

Ваколатли орган ҳар йили 1 августга қадар қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этувчи ташкилот томонидан дастлабки баҳолаш натижаларига мувофиқ тақдим этилган ҳисоботлар асосида қўллаб-қувватлаш чораларининг самарадорлигини баҳолаш якунлари бўйича ахборотни Ҳисоб палатаси билан келишган ҳолда Республика комиссиясига киритади.

Бунда натижалар асосида самарасиз деб топилган қўллаб-қувватлаш чоралари бўйича уларни бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш юзасидан таклиф тайёрланади.

Республика комиссияси ҳар йили 1 октябрга қадар қўллаб-қувватлаш чораларининг самарадорлигини баҳолаш якунлари бўйича маълумотномани ҳамда ушбу чораларнинг амал қилишини давом эттириш, бекор қилиш ёки уларни тақдим этиш тартибини такомиллаштириш ҳақидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади.

31. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилот самарадорликни дастлабки баҳолаш мақсадида зарур ҳолларда вазирликлар ва идоралар, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларнинг мутахассислари, шунингдек, экспертларни жалб қилиши мумкин.

7-боб. Асоссиз олинган ва мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариб олиш тартиби

32. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилот тадбиркорлик субъектига тақдим этилган субсидиялардан мақсадли фойдалангани ҳамда уларнинг асосли олингани юзасидан мониторинг олиб боради.

33. Тадбиркорлик субъектига тақдим этилган субсидиялар қуйидаги ҳолларда қайтарилади:

субсидия шартномаси (битим) бўйича тадбиркорлик субъекти томонидан эришиш лозим бўлган аниқ мақсадли кўрсаткичлар бажарилмаганда;

Бунда субсидиялар шартнома шартларининг бажарилмаган қисмига мутаносиб тарзда қайтарилади.

маблағлардан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланилгани аниқланганда;

субсидия олувчи тадбиркорлик субъекти томонидан тегишли ҳужжатлар ёки маълумотларни нотўғри ёхуд бузиб кўрсатиш ва асоссиз олингани ҳолатлари аниқланганда.

34. Асоссиз олингани ёки мақсадсиз фойдаланилгани аниқланган субсидиялар қуйидаги тартибда қайтарилади:

қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилот тадбиркорлик субъектига ажратилган субсидияни ихтиёрий равишда қайтариш тўғрисида талабнома юборади.

Талабномада қуйидаги маълумотлар бўлиши зарур:

субсидиянинг асоссиз олингани ёки ундан мақсадсиз фойдаланилганини асослантирувчи маълумотлар ва ҳужжатлар;

субсидиянинг қайтариб олинадиган суммаси;

субсидияни қайтариш муддати. Бунда субсидияни ихтиёрий равишда қайтаришнинг минимал муддати ўн иш куни этиб белгиланади.

Тадбиркорлик субъекти белгиланган муддатда талабномада кўрсатилган субсидияни қайтармаса, субсидия тақдим этган ташкилот ажратилган субсидияни қайтариш тўғрисида судга даъво аризасини киритади.

35. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилот томонидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ субсидияларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижасида субсидия олувчи тадбиркорлик субъекти мансабдор шахсларининг ҳаракатларида жиноят, шу жумладан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланганда, тўпланган ҳужжатларни белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этади.

36. Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор ҳолатлари) юзага келиб, белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришилмаганда, тақдим этилган субсидиялар қайтариб олинмайди.

Бунда енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор ҳолатлари) юзага келган тадбиркорлик субъекти фаолияти ушбу ҳолатларнинг бартараф этилиши билан боғлиқ махсус ваколатли органларнинг тегишли хулосасини тақдим этиши лозим.

37. Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар асоссиз берилиши юзасидан қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилотнинг мансабдор шахсларига нисбатан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўрилади.

8-боб. Қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдаланиш натижадорлиги тўғрисидаги маълумотларни очиқ эълон қилиб бориш

38. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилот тақдим этилган қўллаб-қувватлаш чораларидан фойдаланиш натижадорлиги тўғрисида қўллаб-қувватлаш чоралари тури, тадбиркорлик соҳалари каби маълумотларни расмий веб-саҳифалари ҳамда очиқ ахборот тизимлари орқали эълон қилиб боради.

39. «subsidiya.mf.uz» платформасида қўллаб-қувватлаш чораларидан мақсадсиз фойдаланган тадбиркорлик субъектлари, тадбиркорлик соҳалари, қўллаб-қувватлаш чоралари тури, Давлат бюджетига қайтарилган субсидия миқдори каби маълумотлар очиқ эълон қилиб борилади.

Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилотлар ушбу маълумотларни «subsidiya.mf.uz» платформасига электрон тарзда киритиб боради.

9-боб. Якунловчи қоидалар

40. Қўллаб-қувватлаш чораларини олувчи тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилотга ўз вақтида маълумотларни тақдим этмаслиги ёки ишончсиз ва ёлғон маълумотларни тақдим этганлиги учун амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

41. Қўллаб-қувватлаш чораларини олувчи тадбиркорлик субъектларига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чоралари қўлланиши уларни қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилотга маълумот тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.

42. Қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этадиган ташкилот ўзига берилган ваколатларни амалга ошириши муносабати билан маълум бўлган тижорат сири ёки қонунчилик билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.

43. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини мониторинг қилиш, уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда асоссиз олинган ва мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини мониторинг қилиш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда асоссиз олинган ва мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариб олиш

Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Масъул вазирлик ва идоралар 1. Ҳар бир турдаги субсидия, имтиёз ва преференциялар (кейинги ўринларда — қўллаб-қувватлаш чоралари) тақдим этилишини алоҳида мониторинг қилиш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш ҳамда асоссиз олинган ва мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариб олиш тартибини ишлаб чиқади. 2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда тартибни тасдиқлайди, расмий веб-саҳифасига жойлаштиради. 2026 йил 1 март (янги турдаги қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилганда) 2-босқич Масъул вазирлик ва идоралар Барча қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақидаги маълумотларни «subsidiya.mf.uz» платформасидаги реестрга киритади . 2026 йил 1 март 3-босқич Масъул вазирлик ва идоралар 1. Қўллаб-қувватлаш чораларининг ҳар бир тури бўйича тизимли мониторинг қилиш ва самарадорлигини дастлабки баҳолаш ишларини амалга оширади. Ҳар йили 20 июнга қадар 2. Қўллаб-қувватлаш чораларининг ҳар бир тури бўйича самарадорликни дастлабки баҳолаш натижасида тайёрланган ҳисоботни Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритади . Ҳар йили 1 июлга қадар 4-босқич Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 1. Қўллаб-қувватлаш чораларининг соғлом рақобат муҳитига таъсирини баҳолайди. Ҳар йили 20 июнга қадар 2. Баҳолаш натижасида тайёрланган ҳисоботни Иқтисодиёт ва молия вазирлигига киритади. Ҳар йили 1 июлга қадар 5-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси 1. Масъул вазирлик ва идоралар томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари самарадорлигини дастлабки ҳамда рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш натижалари бўйича тақдим этилган ҳисоботларга асосан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва бюджетга таъсирини таҳлил қилади ҳамда якуний баҳолайди. 2. Қўллаб-қувватлаш чораларининг самарадорлигини баҳолаш якунлари бўйича Тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни мақбуллаштириш ҳамда уларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича республика комиссиясига ахборот киритади . Ҳар йили 1 августга қадар 6-босқич Тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни мақбуллаштириш ҳамда уларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича республика комиссияси Қўллаб-қувватлаш чораларининг самарадорлигини баҳолаш якунлари бўйича маълумотномани ҳамда ушбу чораларнинг амал қилишини давом эттириш, бекор қилиш ёки уларни тақдим этиш тартибини такомиллаштириш ҳақидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади. Ҳар йили 1 октябрга қадар 7-босқич Масъул вазирлик ва идоралар Тадбиркорлик субъектларига тақдим этилган субсидияларнинг мақсадли фойдаланилиши ҳамда асосли олиниши юзасидан мониторинг олиб боради. Доимий равишда 8-босқич Масъул вазирлик ва идоралар Тадбиркорлик субъектига ажратилган субсидияни ихтиёрий равишда қайтариш тўғрисида талабнома юборади . Субсидиядан мақсадсиз фойдаланилгани ёки асоссиз олингани аниқланган тақдирда 9-босқич Тадбиркорлик субъекти Мақсадсиз фойдаланилган ёки асоссиз олинган субсидияни қайтаради. Талабномада кўрсатилган муддатда 10-босқич Масъул вазирлик ва идоралар Тадбиркорлик субъекти белгиланган муддатда талабномада кўрсатилган субсидияни қайтармаганда, ажратилган субсидияни қайтариш тўғрисида судга даъво аризасини киритади. Талабномада кўрсатилган муддатда қайтарилмаган тақдирда

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 декабрдаги 784-сон қарорига 2-ИЛОВА

Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилишини мониторинг қилиш ҳамда уларнинг самарадорлигини баҳолаш учун масъул вазирликлар ва идоралар

Т/р Субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар Масъул вазирлик ва идоралар 1. Аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича субсидиялар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 2. Экспорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 3. Қишлоқ хўжалиги соҳасига оид субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 4. Сув хўжалиги соҳасига оид субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар Сув хўжалиги вазирлиги 5. Саноат ва ишлаб чиқариш соҳасига оид субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 6. Энергетика соҳасига оид субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар Энергетика вазирлиги 7. Транспорт соҳасига оид субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар Транспорт вазирлиги 8. Таълим соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 9. Соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар Соғлиқни сақлаш вазирлиги 10. Туризм соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар Туризм қўмитаси 11. Солиқ соҳасига оид имтиёзлар ва преференциялар Солиқ қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар 12. Божхона соҳасига оид имтиёзлар ва преференциялар Божхона қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар 13. Давлат кўчмас мулки объектлари билан боғлиқ имтиёзлар ва преференциялар Давлат активларини бошқариш агентлиги 14. Ер ва ер ажратиш билан боғлиқ имтиёзлар ва преференциялар Кадастр агентлиги 15. Томорқа ерларидан самарали фойдаланиш тизимини яхшилаш билан боғлиқ субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши 16. Ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш билан боғлиқ субсидия, имтиёз ва преференциялар Ёшлар ишлари агентлиги 17. Тадбиркорлик субъектлари учун банк кредитлари бўйича имтиёзлар Тижорат банклари

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 11 декабрь,

784 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.12.2025 й., 09/25/784/1158-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

ROʻYXATI

Tadbirkorlik subyektlariga taqdim etilgan subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalardan foydalanish samaradorligini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik subyektlariga subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalarni taqdim etish tartiblarini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 24-maydagi PQ-193-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, tadbirkorlik faoliyatini qoʻllab-quvvatlash uchun taqdim etilgan subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalardan yanada samarali foydalanishni taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 24-maydagi PQ-193-son qarorida :

tadbirkorlik subyektlariga subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar (keyingi oʻrinlarda — qoʻllab-quvvatlash choralari) taqdim etilishini tizimli monitoring qilish hamda ularning samaradorligini baholash tartibini;

tadbirkorlik subyektlari tomonidan maqsadsiz foydalanilgan va asossiz olingan subsidiyalarni qaytarib olish tartibini ishlab chiqish belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Tadbirkorlik subyektlariga taqdim etiladigan subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalarni maqbullashtirish hamda ularning samaradorligini taʼminlash boʻyicha respublika komissiyasining (keyingi oʻrinlarda — Respublika komissiyasi) tadbirkorlik subyektlariga taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralari natijasida erishilishi lozim boʻlgan aniq maqsadli koʻrsatkichlarni belgilagan holda ularning samaradorligini baholash tartibini joriy etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

3. Quyidagilar:

Tadbirkorlik subyektlariga subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar taqdim etilishini monitoring qilish, ularning samaradorligini baholash hamda asossiz olingan va maqsadsiz foydalanilgan subsidiyalarni qaytarib olish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Tadbirkorlik subyektlariga subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar taqdim etilishini monitoring qilish hamda ularning samaradorligini baholash uchun masʼul vazirliklar va idoralar roʻyxati 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

4. Belgilansinki, ushbu qarorga 2-ilovada koʻrsatilgan masʼul vazirlik va idoralar:

tegishli sohalardagi tadbirkorlik subyektlariga taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralaridan foydalanish samaradorligini baholashning oʻziga xos xususiyatlaridan kelib chiqib, ushbu qarorga 1-ilovaga muvofiq tasdiqlangan Nizomning qoidalari asosida alohida metodologiyalarni ishlab chiqadi;

metodologiyalarni Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Savdo-sanoat palatasi hamda Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil bilan kelishgan holda tasdiqlaydi;

metodologiyalarni oʻzlarining idoraviy, shuningdek, Savdo-sanoat palatasi hamda Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakilning rasmiy veb-sahifalariga joylashtiradi.

Bunda quyidagilar nazarda tutiladi:

tadbirkorlik subyektlariga qoʻllab-quvvatlash choralari taqdim etilishida ularning har biri tomonidan erishilishi lozim boʻlgan aniq maqsadli koʻrsatkichlarni belgilash;

taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralaridan tadbirkorlik subyektlari maqsadli foydalanishi hamda maqsadli koʻrsatkichlarga erishishini monitoring qilish;

taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralaridan tadbirkorlik subyektlari samarali foydalanishini tahlil qilish va samaradorlikni dastlabki baholash;

qoʻllab-quvvatlash choralaridan samarasiz hamda maqsadsiz foydalangan tadbirkorlik subyektlarining roʻyxatini shakllantirish;

asossiz olingan hamda maqsadsiz foydalanilgan subsidiyalarni tegishli manbalarga qaytarish tartibi.

5. Mazkur qarorga 2-ilovada koʻrsatilgan masʼul vazirlik va idoralar:

2026-yil 1-martga qadar barcha qoʻllab-quvvatlash choralari haqidagi maʼlumotlarni “subsidiya.mf.uz” platformasidagi reyestrga kiritsin;

2026-yil 1-iyunga qadar oʻzlari masʼul boʻlgan qoʻllab-quvvatlash choralarining taqdim etilishi, tadbirkorlik subyektlari tomonidan erishilishi lozim boʻlgan aniq maqsadli koʻrsatkichlar axborot tizimlarida belgilanishi, ularning monitoring qilinishi va samaradorligi baholanishiga bogʻliq barcha jarayonlarni tegishli vazirlik va idoralar bilan idoralararo axborot almashinuvi (axborot tizimlarini integratsiya qilish) orqali raqamlashtirsin;

qoʻllab-quvvatlash choralarining taqdim etilishini monitoring qilish hamda ularning samaradorligini baholashda tadbirkorlik subyektlari tomonidan erishilishi lozim boʻlgan aniq maqsadli koʻrsatkichlarning bajarilishi tahlilini manfaatdor vazirlik va idoralarning axborot tizimlari orqali idoralararo axborot almashinuvi orqali amalga oshirsin;

2026-yil 1-iyulga qadar oʻzlarining qoʻllab-quvvatlash choralariga oid axborot tizimlarini “subsidiya.mf.uz” platformasi bilan toʻliq integratsiya qilish choralarini koʻrsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi masʼul vazirlik va idoralar bilan birgalikda ushbu qarorning mazmuni va ahamiyati tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida keng tushuntirilishini taʼminlasin.

7. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

8. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 11-dekabrdagi 784-son qaroriga 1-ILOVA

Tadbirkorlik subyektlariga subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar taqdim etilishini monitoring qilish, ularning samaradorligini baholash hamda asossiz olingan va maqsadsiz foydalanilgan subsidiyalarni qaytarib olish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom tadbirkorlik subyektlariga subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar taqdim etilishini tizimli monitoring qilish, ularning samaradorligini baholash hamda maqsadsiz foydalanilgan subsidiyalarni qaytarib olish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

asossiz olingan subsidiya — subsidiya olish uchun soxta maʼlumot va hujjatlar taqdim etish orqali yoki mazkur subsidiyani qonunchilikda belgilanganidan boshqa yoʻnalishlarda foydalanish uchun olish;

vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi;

imtiyoz — davlat tomonidan muayyan sabablarga koʻra tadbirkorlik subyektlarini qoʻllab-quvvatlash uchun ularga beriladigan afzallik;

ijtimoiy samaradorlik — ijtimoiy infratuzilma va tadbirkorlikni rivojlantirish, aholi turmush darajasini oshirish, uning ijtimoiy himoyasi va bandligini taʼminlash uchun qulay sharoitlar yaratilishini tasdiqlovchi imtiyozlar samaradorligi koʻrsatkichlari;

iqtisodiy samaradorlik — tadbirkorlik subyektlariga taqdim etiladigan subsidiya, imtiyoz va preferensiyalarning tadbirkorlik subyektlari faoliyatiga (ishlab chiqarish hajmining oʻsishi va mahsulotlar (ishlar, xizmatlar) sotilishi, tannarx pasayishi, mahsulot (ish, xizmat) turlari kengayishi, daromadning oshishi va boshqalar) taʼsirini baholash;

maxsus vakolatli organlar — yengib boʻlmaydigan kuchlarning (fors-major holatlarining) bartaraf etilishi va tegishli xulosa taqdim etish uchun qonunchilik hujjatlari bilan vakolat berilgan davlat organlari;

maqsadsiz foydalanilgan subsidiyalar — qonunchilik hujjatlari hamda tuzilgan shartnomalarga (bitimlarga) muvofiq taqdim etilgan subsidiyani belgilanganidan boshqa maqsadlar uchun sarflash;

moliyaviy (budjet) samaradorlik — tadbirkorlik subyektlariga taqdim etiladigan subsidiya, imtiyoz va preferensiyalarning tadbirkorlik subyektining moliyaviy barqarorligi, sarmoyalarni jalb qilish imkoniyati oshishi hamda budjetga tushgan soliq va bojxona toʻlovlari hajmining oshishiga taʼsirini baholash;

monitoring qilish — tadbirkorlik subyektlariga taqdim etiladigan subsidiya, imtiyoz va preferensiyalardan foydalanishni kuzatish hamda tahlil qilish jarayoni;

preferensiya — tadbirkorlik subyektlarining biror bir faoliyat turini qoʻllab-quvvatlash uchun beriladigan ayrim turdagi afzallik;

Respublika komissiyasi — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 24-maydagi PQ-193-son qarori bilan tasdiqlangan Tadbirkorlik subyektlariga taqdim etiladigan subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalarni maqbullashtirish hamda ularning samaradorligini taʼminlash boʻyicha respublika komissiyasi ;

samaradorlik koʻrsatkichi — tadbirkorlik subyektlariga taqdim etiladigan subsidiya, imtiyoz va preferensiyalar natijasida erishiladigan ijtimoiy-iqtisodiy va moliyaviy koʻrsatkichlar;

samaradorlikni baholash — iqtisodiy, moliyaviy (budjet) va ijtimoiy samaradorlik koʻrsatkichlarini hisobga olgan holda, tadbirkorlik subyektlarini ularga taqdim etiladigan subsidiya, imtiyoz va preferensiyalar natijalarini taqqoslash tartib-taomillari;

samaradorlikni dastlabki baholash — tadbirkorlik subyektlariga subsidiya, imtiyoz va preferensiyalarni taqdim etadigan tashkilot tomonidan erishilgan natijalarni oʻz vakolati doirasida tadbirkorlik subyektlari kesimida baholash;

samaradorlikni yakuniy baholash — tadbirkorlik subyektlariga taqdim etiladigan subsidiya, imtiyoz va preferensiyalarni vakolatli organ tomonidan samaradorlikni dastlabki baholash natijalari asosida ushbu Nizom talablari asosida baholash;

subsidiya — tovarlarni ishlab chiqarish, ishlarni bajarish, xizmatlar koʻrsatish va ularni realizatsiya qilishni moliyalashtirish yoki birgalikda moliyalashtirish yoxud maqsadli xarajatlarning oʻrnini qisman qoplash uchun budjet tizimi budjetlari hisobidan yuridik va jismoniy shaxslarga beriladigan mablagʻlar;

qoʻllab-quvvatlash choralari — tadbirkorlik subyektlariga taqdim etiladigan subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar;

qoʻllab-quvvatlash choralarining samaradorligi — qoʻllab-quvvatlash choralaridan koʻzlangan maqsadga erishishning miqdoriy bahosi;

qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilot — qonunchilik hujjatlariga muvofiq tadbirkorlik subyektlariga qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etish boʻyicha ijobiy yoki salbiy xulosani berish hamda ularning monitoringini yuritish va samaradorligini dastlabki baholash vakolatiga ega boʻlgan davlat organi.

3. Ushbu Nizomning amal qilishi favqulodda holatlarda davlat va jamiyat ehtiyojlarini taʼminlash, aholini ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash maqsadida, shuningdek, xalqaro shartnomalar asosida tadbirkorlik subyektlariga taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralariga nisbatan tatbiq etilmaydi.

4. Tadbirkorlik subyektlariga subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar taqdim etilishini monitoring qilish, ularning samaradorligini baholash hamda asossiz olingan va maqsadsiz foydalanilgan subsidiyalarni qaytarib olish ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxema asosida amalga oshiriladi.

Maqsadli yoʻnaltirish shartlari bilan taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralarining samaradorligi tegishli normativ-huquqiy hujjatlar hamda tadbirkorlik subyekti tomonidan erishilishi lozim boʻlgan aniq maqsadli koʻrsatkichlarga erishishni aniqlash uchun baholanadi.

5. Asossiz olingan va maqsadsiz foydalanilgan subsidiyalar taqdim etilgan manbaga qaytarib olinadi.

6. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etishda ularni taqdim etadigan tashkilot tomonidan tadbirkorlik subyekti erishishi lozim boʻlgan aniq maqsadli koʻrsatkichlar belgilanadi.

Shartnomada (bitimda) subsidiyadan maqsadsiz, samarasiz yoki noqonuniy foydalanganlik holatlari aniqlangan taqdirda, berilgan subsidiya tegishli budjetga qaytarib olinishi hamda subsidiya oluvchi tadbirkorlik subyektiga kelgusida subsidiyadan foydalanish huquqi berilmasligi haqidagi maʼlumotlar ham aks ettiriladi.

7. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilot ushbu qoʻllab-quvvatlash choralarining har bir turi boʻyicha tizimli monitoring qiladi hamda samaradorlikni dastlabki baholash ishlarini amalga oshiradi.

2-bob. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilotning asosiy vazifa va majburiyatlari

8. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilot quyidagilar uchun masʼul va javobgar hisoblanadi:

qoʻllab-quvvatlash choralarining qonunchilik hujjatlariga muvofiq maqsadli taqdim etilishi;

ushbu Nizomga muvofiq tadbirkorlik subyekti tomonidan erishilishi lozim boʻlgan aniq maqsadli koʻrsatkichlarni belgilash;

qoʻllab-quvvatlash choralari monitoringini yuritish va samaradorligini dastlabki baholash;

asossiz olingan va maqsadsiz, samarasiz yoki noqonuniy foydalanilgan subsidiyani majburiy tartibda tegishli budjetga qaytarilishini tashkil qilish.

9. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilotning asosiy majburiyatlari quyidagilardan iborat:

qoʻllab-quvvatlash choralarining tegishli qonunchilik hujjatlarida belgilangan barcha talab va shartlarga mos keluvchi tadbirkorlik subyektlariga taqdim etilishini tashkil etish;

taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralaridan tadbirkorlik subyektlari maqsadli foydalanishi hamda buning natijasida lozim boʻlgan aniq maqsadli koʻrsatkichlarga erishishini monitoring qilish;

taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralaridan tadbirkorlik subyektlari samarali foydalanishini tahlil qilish va samaradorlikni dastlabki baholash;

qoʻllab-quvvatlash choralaridan samarasiz hamda maqsadsiz foydalangan tadbirkorlik subyektlarining roʻyxatini shakllantirish;

asossiz olingan hamda maqsadsiz foydalanilgan subsidiyani majburiy tartibda tegishli budjetga qaytarish choralarini koʻrish;

iqtisodiyotga ijobiy taʼsiri kuzatilmayotgan hamda samaradorligi past va samarasiz qoʻllab-quvvatlash choralarining taqdim etilishini toʻxtatish yoki bekor qilish yuzasidan takliflar tayyorlash;

har yili 1-iyulga qadar tadbirkorlik subyektlariga taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralari va ularning samaradorligini dastlabki baholash natijalari asosida hisobot tayyorlash hamda vakolatli organga taqdim etish.

3-bob. Qoʻllab-quvvatlash choralarini oluvchi tadbirkorlik subyektining majburiyatlari

10. Qoʻllab-quvvatlash choralarini oluvchi tadbirkorlik subyektining majburiyatlari quyidagilardan iborat:

qoʻllab-quvvatlash choralaridan maqsadli va samarali foydalanishi;

taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralari natijasida tegishli qonunchilik hujjatlari hamda subsidiya shartnomasiga (bitimiga) muvofiq aniq maqsadli koʻrsatkichlarga erishilishini taʼminlashi;

taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralaridan foydalanish jarayonida qonunchilikda belgilangan meʼyorlarga toʻliq amal qilishi shart.

4-bob. Monitoring qilish tartibi

11. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilot tadbirkorlik subyektlariga taqdim etgan qoʻllab-quvvatlash choralari samaradorligini dastlabki baholash ishlarini ularga qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etishda belgilangan, tadbirkorlik subyektlari tomonidan erishilishi lozim boʻlgan aniq maqsadli koʻrsatkichlarning bajarilishini monitoring qilish orqali amalga oshiradi.

12. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilot qoʻllab-quvvatlash choralari taqdim etilishi, ulardan tadbirkorlik subyektlari tegishli qonunchilik hujjatlari hamda subsidiya shartnomasiga (bitimiga) muvofiq maqsadli va samarali foydalanishini oʻzining elektron tizimlari orqali monitoring qiladi.

Bunda tadbirkorlik subyektlariga taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralaridan maqsadli va samarali foydalanish idoralararo axborot almashinuvi orqali monitoring qilinadi.

Zaruratga koʻra, taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralaridan maqsadli foydalanish holati joyiga chiqqan holda oʻrganilishi mumkin. Bunda joyiga chiqqan holda oʻrganish uchun tadbirkorlik subyektlari faoliyatini tekshirish tartibi doirasida oʻn kundan oshmagan muddatda oʻtkazishga tashabbus bildiriladi va oʻrganish ishlari amalga oshiriladi.

13. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilot tadbirkorlik subyektlariga subsidiyalar ajratish boʻyicha axborot tizimlarini vakolatli organning “subsidiya.mf.uz” platformasiga integratsiya qiladi.

14. Tadbirkorlik subyektlariga subsidiyalar ajratilishi “subsidiya.mf.uz” platformasi orqali monitoring qilinadi.

Bunda qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilotlarning axborot tizimi orqali yoki belgilangan tartibda joyiga chiqqan holda oʻtkazilgan monitoring natijalari “subsidiya.mf.uz” platformasiga oʻzaro axborot almashinuvi orqali taqdim etiladi.

15. Tadbirkorlik subyektlariga qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etishga asos boʻladigan hujjatlarning toʻgʻriligi va haqqoniyligi, manfaatdor vazirlik va idoralar, jumladan, soliq va bojxona imtiyozlarini berish uchun asos boʻladigan hujjatlarning (litsenziya, guvohnoma va boshqalar) toʻgʻriligi va haqqoniyligi Soliq qoʻmitasi hamda Bojxona qoʻmitasi bilan oʻzaro idoralararo axborot almashinuvi orqali tasdiqlanadi.

16. Har bir tadbirkorlik subyektiga qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etishda, shu jumladan, subsidiya shartnomasida (bitimida) samaradorlik mezonlariga muvofiq aniq maqsadli koʻrsatkichlar qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilotning axborot tizimiga kiritiladi.

17. Tadbirkorlik subyektlariga taqdim etilgan subsidiyalar qonuniy olingani, ulardan maqsadli va samarali foydalanish boʻyicha qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilot tomonidan doimiy monitoring yoʻlga qoʻyilib, subsidiya shartnomasiga (bitimiga) asosan erishilishi lozim boʻlgan aniq maqsadli koʻrsatkichlarga erishish nazorat qilib boriladi.

5-bob. Samaradorlikni baholash mezonlari

18. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilot qoʻllab-quvvatlash choralari samaradorligini baholashda quyidagi mezonlardan foydalanadi:

a) iqtisodiy samaradorlik:

umumiy mahsulot (ish, xizmat) ishlab chiqarish hajmining oshishi;

yangi turdagi mahsulot (ish, xizmat) ishlab chiqarish hajmining oshishi;

mahsulotni (ishni, xizmatni) realizatsiya qilish boʻyicha aylanmaning oʻsish surʼati;

mahsulot (ish, xizmat) turining kengayishi;

yangi kashfiyot, patent va sanoat namunalarini miqdoriy koʻrsatkichlarda joriy etish;

yangi texnologiyalar, uskunalar va ishlab chiqarish quvvatlarini (ishlab chiqarish korxonalari uchun) miqdoriy koʻrsatkichlarda joriy etish;

tadbirkorlik subyektlarining daromadining (foydasining) oshishi;

mahsulot (ish, xizmat) tannarxining pasayishi;

eksport hajmining oshishi;

shartnomaga (bitimga) asosan yordam berilishida maqsad qilingan boshqa iqtisodiy koʻrsatkichlarning oshishi;

b) moliyaviy (budjet) samaradorlik:

tadbirkorlik subyektining moliyaviy barqarorligi;

sarmoyalarni jalb qilish imkoniyatining oshishi;

investitsiyalar hajmining oshishi;

budjetga tushgan soliq va bojxona toʻlovlari hajmining oshishi;

v) ijtimoiy samaradorlik:

yaratilgan yangi ish oʻrinlari soni;

ish haqini oshirish, qoʻshimcha mablagʻlarning yoʻnaltirilishi;

ijtimoiy yordamga muhtoj shaxslarni ish bilan taʼminlash;

mehnat sharoitlari va mehnat muhofazasini yaxshilash;

shartnomaga asosan yordam berilishida maqsad qilingan boshqa ijtimoiy koʻrsatkichlar.

19. Oʻzbekiston Respublikasi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi qoʻllab-quvvatlash choralarini quyidagi mezonlar asosida baholaydi:

tovar ishlab chiqaruvchi yoki xizmat koʻrsatuvchi xoʻjalik yurituvchi subyektlar (keyingi oʻrinlarda — yetkazib beruvchilar) doirasining va sonining cheklanishi;

yetkazib beruvchilarning oʻzaro raqobatlashish imkoniyati chegaralanishi;

yetkazib beruvchilarning bozor munosabatlarida oʻzaro raqobatlashishga qiziqishining pasayishi;

yetkazib beruvchilarning yangi texnologiyalar, mahsulotlar yoki biznes modellarini amaliyotga joriy etishining cheklanishi;

isteʼmolchilar uchun kerakli axborotni tanlash imkoniyatining chegaralanishi.

6-bob. Samaradorlikni baholash tartibi

20. Samaradorlik qoʻllab-quvvatlash choralari taqdim etilgunga qadar oʻtgan uch yillik davrni qoʻllab-quvvatlash choralarining amal qilish muddatiga (agar qoʻllab-quvvatlash chorasi joriy etilganiga uch yil boʻlmagan boʻlsa, oʻtgan yilga nisbatan) taqqoslash orqali baholanadi.

21. Samaradorlikni baholashda manbalardan quyidagi ketma-ketlikda foydalaniladi:

tadbirkorlik subyektlarining moliyaviy, soliq hisobotlari;

sohaviy idoralar yoki statistika idoralari maʼlumotlari;

qoʻllab-quvvatlash choralari natijalari yuzasidan tadbirkorlik subyekti tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlar.

22. Samaradorlik har bir tadbirkorlik subyekti uchun iqtisodiy, moliyaviy (budjet) va ijtimoiy mezonlar boʻyicha alohida baholanadi.

23. Bitta tadbirkorlik subyekti uchun qoʻllab-quvvatlash choralarining iqtisodiy samaradorligi qoʻllab-quvvatlash choralari taqdim etilishi natijasida haqiqatan erishilgan iqtisodiy koʻrsatkichning qoʻllab-quvvatlash choralari taqdim etilishida reja qilingan iqtisodiy koʻrsatkichga (maqsadli koʻrsatkich) nisbatini hisoblash orqali baholanadi:

S iqt = , bu yerda:

Kreja 1 , Kreja 2 , Kreja 3 , … Kreja n — qoʻllab-quvvatlash choralari taqdim etilishida reja qilingan iqtisodiy koʻrsatkich;

Kfakt 1 , Kfakt 2 , Kfakt 3 , … Kfakt n — qoʻllab-quvvatlash choralari taqdim etilishi natijasida haqiqatan erishilgan iqtisodiy koʻrsatkich;

N — qoʻllab-quvvatlash choralari taqdim etilishi natijasida erishilishi rejalashtirilgan iqtisodiy koʻrsatkichlar soni.

S iqt ≥ 1 holatlarda S iqt = 1 sifatida qabul qilinadi.

Agar:

S iqt = 1 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari yuqori iqtisodiy samarali;

0,7 ≤ S iqt < 1 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari iqtisodiy samarali;

0,5 ≤ S iqt < 0,7 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari oʻrtacha iqtisodiy samarali;

S iqt < 0,5 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari iqtisodiy samarasiz.

24. Bitta tadbirkorlik subyekti uchun qoʻllab-quvvatlash choralarining moliyaviy (budjet) samaradorligi koʻrsatkichi oxirgi hisobot yili va oldingi hisobot yili uchun Davlat budjetiga va maqsadli jamgʻarmalarga tushgan soliq, bojxona va boshqa toʻlovlarning umumiy summasi farqining oxirgi hisobot yili uchun taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralarining umumiy miqdoriga nisbatini hisoblash orqali baholanadi:

S b =(B t — B t-1 )/Q, bu yerda:

S b — moliyaviy (budjet) samaradorlik koʻrsatkichi;

Q — oxirgi hisobot yili uchun taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralarining umumiy miqdori;

B t — oxirgi hisobot yili uchun Davlat budjetiga va maqsadli jamgʻarmalarga tushgan soliq, bojxona va boshqa toʻlovlarning umumiy summasi;

B t-1 — oxirgi hisobot yilidan oldingi hisobot yili uchun Davlat budjetiga va maqsadli jamgʻarmalarga tushgan soliq, bojxona va boshqa toʻlovlarning umumiy summasi.

S b ≥ 1 holatlarda S b = 1 sifatida, S b ≤ 0 holatlarda S b = 0 sifatida qabul qilinadi.

Agar:

S b = 1 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari yuqori moliyaviy samarali;

0,7 ≤ S b < 1 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari moliyaviy samarali;

0,5 ≤ S b < 0,7 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari oʻrtacha moliyaviy samarali;

S b < 0,5 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari moliyaviy samarasiz.

25. Bitta tadbirkorlik subyekti uchun qoʻllab-quvvatlash choralarining ijtimoiy samaradorligi qoʻllab-quvvatlash choralari taqdim etilishi natijasida haqiqatan erishilgan ijtimoiy koʻrsatkichning qoʻllab-quvvatlash choralari taqdim etilishida reja qilingan ijtimoiy koʻrsatkichiga nisbatini hisoblash orqali baholanadi:

S ijt = , bu yerda:

Kreja 1 , Kreja 2 , Kreja 3 , … Kreja n — qoʻllab-quvvatlash choralari taqdim etilishida reja qilingan ijtimoiy koʻrsatkich;

Kfakt 1 , Kfakt 2 , Kfakt 3 , … Kfakt n — qoʻllab-quvvatlash choralari taqdim etilishi natijasida haqiqatan erishilgan ijtimoiy koʻrsatkich;

N — qoʻllab-quvvatlash choralari taqdim etilishi natijasida erishilishi rejalashtirilgan ijtimoiy koʻrsatkichlar soni.

S ijt ≥1 holatlarda S ijt = 1 sifatida qabul qilinadi.

Agar:

S ijt = 1 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari yuqori ijtimoiy samarali;

0,7 ≤ S ijt < 1 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari ijtimoiy samarali;

0,5 ≤ S ijt < 0,7 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari oʻrtacha ijtimoiy samarali;

S ijt < 0,5 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari ijtimoiy samarasiz.

26. Bitta tadbirkorlik subyekti uchun qoʻllab-quvvatlash choralarining samaradorligini baholash tahlil qilingan davr uchun iqtisodiy, budjet (moliyaviy) va ijtimoiy mezonlari boʻyicha ballar yigʻindisining oʻrtacha koʻrsatkichi sifatida hisoblanadi:

K s = (S iqt +S b +S ijt )/3, bu yerda:

K s — samaradorlik koʻrsatkichi;

S iqt — iqtisodiy samaradorlik;

S b — moliyaviy (budjet) samaradorlik;

S ijt — ijtimoiy samaradorlik.

Qoʻllab-quvvatlash choralarining samaradorligi maksimal 1 balli shkalada baholanadi:

K s = 1 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari yuqori samarali;

0,7 ≤ K s < 1 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari samarali;

0,5 ≤ K s < 0,7 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari oʻrta samarali;

K s < 0,5 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari samarasiz.

27. Tadbirkorlik subyektlariga taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralarining umumiy samaradorligi barcha tadbirkorlik subyektlariga taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralari samaradorligining tadbirkorlik subyektlari soniga nisbatini hisoblash orqali baholanadi:

K s.um. = , bu yerda:

K s.um. — qoʻllab-quvvatlash choralarining umumiy samaradorlik koʻrsatkichi;

K si — qoʻllab-quvvatlash choralarining n-korxona uchun samaradorlik koʻrsatkichi;

M — qoʻllab-quvvatlash choralaridan foydalangan tadbirkorlik subyektlari soni.

K si ≥ 1 holatlarda K si = 1 sifatida qabul qilinadi.

Agar:

K si = 1 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari yuqori samarali;

0,7 ≤ K si <1 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari samarali;

0,5 ≤ K si < 0,7 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari oʻrtacha samarali;

K si < 0,5 boʻlsa, qoʻllab-quvvatlash choralari samarasiz.

28. Imzolangan subsidiya shartnomalarida (bitimida) belgilangan samaradorlik koʻrsatkichlarining ijro darajasi 1 balli shkalada boʻlganda 100 foiz hisoblanadi.

Tadbirkorlik subyektining umumiy samaradorlik koʻrsatkichi 50 foizdan kam boʻlishi qoʻllab-quvvatlash choralaridan samarasiz va maqsadsiz foydalangan deb xulosa berishga asos boʻladi.

29. Taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralaridan tadbirkorlik subyektlarining 50 foizidan ortiq qismi samarasiz yoki maqsadsiz foydalangani aniqlanishi mazkur qoʻllab-quvvatlash chorasini bekor qilish yuzasidan taklif tayyorlashga asos boʻladi.

30. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etuvchi tashkilot oʻzi masʼul boʻlgan har bir turdagi subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalardan tadbirkorlik subyektlari kesimida belgilangan maqsadli koʻrsatkichlarga erishilganini, samarali foydalanilganini tahlil qiladi hamda samaradorligini dastlabki baholaydi;

Bunda qoʻllab-quvvatlash choralari samarasiz deb topilganda, ularni bekor qilish yuzasidan taklif tayyorlaydi.

Qoʻllab-quvvatlash choralarining samaradorligini dastlabki baholash natijalari boʻyicha hisobotni har yili 1-iyulga qadar vakolatli organga taqdim etadi.

Vakolatli organ har yili 1-avgustga qadar qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etuvchi tashkilot tomonidan dastlabki baholash natijalariga muvofiq taqdim etilgan hisobotlar asosida qoʻllab-quvvatlash choralarining samaradorligini baholash yakunlari boʻyicha axborotni Hisob palatasi bilan kelishgan holda Respublika komissiyasiga kiritadi.

Bunda natijalar asosida samarasiz deb topilgan qoʻllab-quvvatlash choralari boʻyicha ularni bekor qilish yoki qayta koʻrib chiqish yuzasidan taklif tayyorlanadi.

Respublika komissiyasi har yili 1-oktabrga qadar qoʻllab-quvvatlash choralarining samaradorligini baholash yakunlari boʻyicha maʼlumotnomani hamda ushbu choralarning amal qilishini davom ettirish, bekor qilish yoki ularni taqdim etish tartibini takomillashtirish haqidagi takliflarni Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga kiritadi.

31. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilot samaradorlikni dastlabki baholash maqsadida zarur hollarda vazirliklar va idoralar, korxonalar, muassasalar hamda tashkilotlarning mutaxassislari, shuningdek, ekspertlarni jalb qilishi mumkin.

7-bob. Asossiz olingan va maqsadsiz foydalanilgan subsidiyalarni qaytarib olish tartibi

32. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilot tadbirkorlik subyektiga taqdim etilgan subsidiyalardan maqsadli foydalangani hamda ularning asosli olingani yuzasidan monitoring olib boradi.

33. Tadbirkorlik subyektiga taqdim etilgan subsidiyalar quyidagi hollarda qaytariladi:

subsidiya shartnomasi (bitim) boʻyicha tadbirkorlik subyekti tomonidan erishish lozim boʻlgan aniq maqsadli koʻrsatkichlar bajarilmaganda;

Bunda subsidiyalar shartnoma shartlarining bajarilmagan qismiga mutanosib tarzda qaytariladi.

mablagʻlardan maqsadsiz va samarasiz foydalanilgani aniqlanganda;

subsidiya oluvchi tadbirkorlik subyekti tomonidan tegishli hujjatlar yoki maʼlumotlarni notoʻgʻri yoxud buzib koʻrsatish va asossiz olingani holatlari aniqlanganda.

34. Asossiz olingani yoki maqsadsiz foydalanilgani aniqlangan subsidiyalar quyidagi tartibda qaytariladi:

qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilot tadbirkorlik subyektiga ajratilgan subsidiyani ixtiyoriy ravishda qaytarish toʻgʻrisida talabnoma yuboradi.

Talabnomada quyidagi maʼlumotlar boʻlishi zarur:

subsidiyaning asossiz olingani yoki undan maqsadsiz foydalanilganini asoslantiruvchi maʼlumotlar va hujjatlar;

subsidiyaning qaytarib olinadigan summasi;

subsidiyani qaytarish muddati. Bunda subsidiyani ixtiyoriy ravishda qaytarishning minimal muddati oʻn ish kuni etib belgilanadi.

Tadbirkorlik subyekti belgilangan muddatda talabnomada koʻrsatilgan subsidiyani qaytarmasa, subsidiya taqdim etgan tashkilot ajratilgan subsidiyani qaytarish toʻgʻrisida sudga daʼvo arizasini kiritadi.

35. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilot tomonidan amaldagi qonunchilikka muvofiq subsidiyalarning maqsadli sarflanishi yuzasidan oʻtkazilgan oʻrganish va tahlillar natijasida subsidiya oluvchi tadbirkorlik subyekti mansabdor shaxslarining harakatlarida jinoyat, shu jumladan, korrupsiyaga oid huquqbuzarlik alomatlari aniqlanganda, toʻplangan hujjatlarni belgilangan tartibda huquqni muhofaza qiluvchi organlarga taqdim etadi.

36. Yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major holatlari) yuzaga kelib, belgilangan maqsadli koʻrsatkichlarga erishilmaganda, taqdim etilgan subsidiyalar qaytarib olinmaydi.

Bunda yengib boʻlmaydigan kuchlar (fors-major holatlari) yuzaga kelgan tadbirkorlik subyekti faoliyati ushbu holatlarning bartaraf etilishi bilan bogʻliq maxsus vakolatli organlarning tegishli xulosasini taqdim etishi lozim.

37. Tadbirkorlik subyektlariga subsidiyalar asossiz berilishi yuzasidan qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilotning mansabdor shaxslariga nisbatan qonunchilik hujjatlariga muvofiq choralar koʻriladi.

8-bob. Qoʻllab-quvvatlash choralaridan foydalanish natijadorligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni ochiq eʼlon qilib borish

38. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilot taqdim etilgan qoʻllab-quvvatlash choralaridan foydalanish natijadorligi toʻgʻrisida qoʻllab-quvvatlash choralari turi, tadbirkorlik sohalari kabi maʼlumotlarni rasmiy veb-sahifalari hamda ochiq axborot tizimlari orqali eʼlon qilib boradi.

39. “subsidiya.mf.uz” platformasida qoʻllab-quvvatlash choralaridan maqsadsiz foydalangan tadbirkorlik subyektlari, tadbirkorlik sohalari, qoʻllab-quvvatlash choralari turi, Davlat budjetiga qaytarilgan subsidiya miqdori kabi maʼlumotlar ochiq eʼlon qilib boriladi.

Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilotlar ushbu maʼlumotlarni “subsidiya.mf.uz” platformasiga elektron tarzda kiritib boradi.

9-bob. Yakunlovchi qoidalar

40. Qoʻllab-quvvatlash choralarini oluvchi tadbirkorlik subyektlari qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilotga oʻz vaqtida maʼlumotlarni taqdim etmasligi yoki ishonchsiz va yolgʻon maʼlumotlarni taqdim etganligi uchun amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

41. Qoʻllab-quvvatlash choralarini oluvchi tadbirkorlik subyektlariga qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgarlik choralari qoʻllanishi ularni qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilotga maʼlumot taqdim etish majburiyatidan ozod qilmaydi.

42. Qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etadigan tashkilot oʻziga berilgan vakolatlarni amalga oshirishi munosabati bilan maʼlum boʻlgan tijorat siri yoki qonunchilik bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirlarni tashkil etuvchi maʼlumotlarni oshkor qilishga haqli emas.

43. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

Tadbirkorlik subyektlariga subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar taqdim etilishini monitoring qilish, ularning samaradorligini baholash hamda asossiz olingan va maqsadsiz foydalanilgan subsidiyalarni qaytarib olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Tadbirkorlik subyektlariga subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar taqdim etilishini monitoring qilish va ularning samaradorligini baholash hamda asossiz olingan va maqsadsiz foydalanilgan subsidiyalarni qaytarib olish

Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Masʼul vazirlik va idoralar 1. Har bir turdagi subsidiya, imtiyoz va preferensiyalar (keyingi oʻrinlarda — qoʻllab-quvvatlash choralari) taqdim etilishini alohida monitoring qilish va ularning samaradorligini baholash hamda asossiz olingan va maqsadsiz foydalanilgan subsidiyalarni qaytarib olish tartibini ishlab chiqadi. 2. Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Savdo-sanoat palatasi hamda Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil bilan kelishgan holda tartibni tasdiqlaydi, rasmiy veb-sahifasiga joylashtiradi. 2026-yil 1-mart (yangi turdagi qoʻllab-quvvatlash choralari joriy etilganda) 2-bosqich Masʼul vazirlik va idoralar Barcha qoʻllab-quvvatlash choralari haqidagi maʼlumotlarni “subsidiya.mf.uz” platformasidagi reyestrga kiritadi . 2026-yil 1-mart 3-bosqich Masʼul vazirlik va idoralar 1. Qoʻllab-quvvatlash choralarining har bir turi boʻyicha tizimli monitoring qilish va samaradorligini dastlabki baholash ishlarini amalga oshiradi. Har yili 20-iyunga qadar 2. Qoʻllab-quvvatlash choralarining har bir turi boʻyicha samaradorlikni dastlabki baholash natijasida tayyorlangan hisobotni Iqtisodiyot va moliya vazirligiga kiritadi . Har yili 1-iyulga qadar 4-bosqich Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi 1. Qoʻllab-quvvatlash choralarining sogʻlom raqobat muhitiga taʼsirini baholaydi. Har yili 20-iyunga qadar 2. Baholash natijasida tayyorlangan hisobotni Iqtisodiyot va moliya vazirligiga kiritadi. Har yili 1-iyulga qadar 5-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Hisob palatasi 1. Masʼul vazirlik va idoralar tomonidan qoʻllab-quvvatlash choralari samaradorligini dastlabki hamda raqobat muhitiga taʼsirini baholash natijalari boʻyicha taqdim etilgan hisobotlarga asosan ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanish va budjetga taʼsirini tahlil qiladi hamda yakuniy baholaydi. 2. Qoʻllab-quvvatlash choralarining samaradorligini baholash yakunlari boʻyicha Tadbirkorlik subyektlariga taqdim etiladigan subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalarni maqbullashtirish hamda ularning samaradorligini taʼminlash boʻyicha respublika komissiyasiga axborot kiritadi . Har yili 1-avgustga qadar 6-bosqich Tadbirkorlik subyektlariga taqdim etiladigan subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalarni maqbullashtirish hamda ularning samaradorligini taʼminlash boʻyicha respublika komissiyasi Qoʻllab-quvvatlash choralarining samaradorligini baholash yakunlari boʻyicha maʼlumotnomani hamda ushbu choralarning amal qilishini davom ettirish, bekor qilish yoki ularni taqdim etish tartibini takomillashtirish haqidagi takliflarni Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga kiritadi. Har yili 1-oktabrga qadar 7-bosqich Masʼul vazirlik va idoralar Tadbirkorlik subyektlariga taqdim etilgan subsidiyalarning maqsadli foydalanilishi hamda asosli olinishi yuzasidan monitoring olib boradi. Doimiy ravishda 8-bosqich Masʼul vazirlik va idoralar Tadbirkorlik subyektiga ajratilgan subsidiyani ixtiyoriy ravishda qaytarish toʻgʻrisida talabnoma yuboradi . Subsidiyadan maqsadsiz foydalanilgani yoki asossiz olingani aniqlangan taqdirda 9-bosqich Tadbirkorlik subyekti Maqsadsiz foydalanilgan yoki asossiz olingan subsidiyani qaytaradi. Talabnomada koʻrsatilgan muddatda 10-bosqich Masʼul vazirlik va idoralar Tadbirkorlik subyekti belgilangan muddatda talabnomada koʻrsatilgan subsidiyani qaytarmaganda, ajratilgan subsidiyani qaytarish toʻgʻrisida sudga daʼvo arizasini kiritadi. Talabnomada koʻrsatilgan muddatda qaytarilmagan taqdirda

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 11-dekabrdagi 784-son qaroriga 2-ILOVA

Tadbirkorlik subyektlariga subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar taqdim etilishini monitoring qilish hamda ularning samaradorligini baholash uchun masʼul vazirliklar va idoralar

T/r Subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar Masʼul vazirlik va idoralar 1. Aholining tadbirkorlik tashabbuslarini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha subsidiyalar Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi 2. Eksport faoliyati bilan shugʻullanuvchi tadbirkorlik subyektlarini qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 3. Qishloq xoʻjaligi sohasiga oid subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar Qishloq xoʻjaligi vazirligi 4. Suv xoʻjaligi sohasiga oid subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar Suv xoʻjaligi vazirligi 5. Sanoat va ishlab chiqarish sohasiga oid subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 6. Energetika sohasiga oid subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar Energetika vazirligi 7. Transport sohasiga oid subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar Transport vazirligi 8. Taʼlim sohasini rivojlantirish bilan bogʻliq subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi 9. Sogʻliqni saqlash sohasini rivojlantirish bilan bogʻliq subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar Sogʻliqni saqlash vazirligi 10. Turizm sohasini rivojlantirish bilan bogʻliq subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar Turizm qoʻmitasi 11. Soliq sohasiga oid imtiyozlar va preferensiyalar Soliq qoʻmitasi, manfaatdor vazirlik va idoralar 12. Bojxona sohasiga oid imtiyozlar va preferensiyalar Bojxona qoʻmitasi, manfaatdor vazirlik va idoralar 13. Davlat koʻchmas mulki obyektlari bilan bogʻliq imtiyozlar va preferensiyalar Davlat aktivlarini boshqarish agentligi 14. Yer va yer ajratish bilan bogʻliq imtiyozlar va preferensiyalar Kadastr agentligi 15. Tomorqa yerlaridan samarali foydalanish tizimini yaxshilash bilan bogʻliq subsidiyalar, imtiyozlar va preferensiyalar Fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi 16. Yoshlarni qoʻllab-quvvatlash hamda ragʻbatlantirish bilan bogʻliq subsidiya, imtiyoz va preferensiyalar Yoshlar ishlari agentligi 17. Tadbirkorlik subyektlari uchun bank kreditlari boʻyicha imtiyozlar Tijorat banklari

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 11-dekabr,

784 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 12.12.2025-y., 09/25/784/1158-son)

lex.uz