UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 18-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 18 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 18 декабря 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 18 December 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш орқали Ижтимоий реестрга киритилган аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 17 январдаги ПҚ-12-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш орқали камбағал аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги ПҚ-12-сон қарорига мувофиқ:

камбағал оила аъзоларини жалб этган ҳолда 20 минг гектар ўрмон фонди ерларида саноатбоп, манзарали ва мевали дарахт турларидан иборат ўрмонлар барпо этиш, кўчатхоналар ташкил этиш ва доривор ўсимликлар етиштириш лойиҳаларини амалга ошириш, бунда камбағал оила аъзоларига мазкур ер участкаларида ўз эҳтиёжлари учун сабзавот, полиз ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга рухсат этилгани;

«Экофаол фуқаро» платформасига ўзи эккан дарахти тўғрисида маълумотлар киритган камбағал оилалар аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган ҳар 100 та дарахт учун «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида субсидия ажратиш тартибини жорий этиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

ҳудудларда «маҳалла еттилиги» томонидан ўрмон фонди ерларида саноатбоп, манзарали ва мевали дарахт турларидан иборат ўрмонлар барпо этиш, кўчатхоналар ташкил этиш ва доривор ўсимликлар етиштириш лойиҳаларини (кейинги ўринларда — лойиҳалар) амалга ошириш орқали даромад топиш истагини билдирган Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзолари аниқланади;

ўрмон фонди ерларида лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдирган Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзолари оилавий пудрат шартномаси асосида жалб этилади. Бунда оилавий пудрат шартномасида белгиланган миқдорда экиладиган дарахт кўчатлари сони субсидия тўлаш учун асос бўлган миқдордан кам экилганда ёки кўчатлар экилгандан кейин уларнинг 50 фоизидан ками кўкариб чиқмаганда, Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоси томонидан дарахт кўчатлари қайтадан экилади;

лойиҳалар доирасида экиладиган кўчатлар давлат ўрмон хўжаликлари ташкилотлари томонидан Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоларига бепул етказиб берилади.

3. Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган дарахтлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда «маҳалла еттилиги» томонидан ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромад топиш истагини билдирган Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзолари рўйхати ҳар йили январь ва август ойларида шакллантирилиши ҳамда тегишли давлат ўрмон хўжалиги ташкилотларига тақдим этиб борилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда шакллантирилган рўйхатга мувофиқ Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоларини ўрмон фонди ерларида лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда дарахт кўчатларини экиш ва парваришлаш ишларига жалб этиш чораларини кўрсин;

ушбу қарорга иловага мувофиқ тартибда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги маблағлар ҳисобидан Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоларига субсидиялар ажратилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда ўрмон фонди ерларида ўрмонлар барпо этиш, кўчатхоналар ташкил этиш ва доривор ўсимликлар етиштириш лойиҳаларини амалга оширишда камбағал оила аъзоларини жалб этиш тўғрисида намунавий оилавий пудрат шартномаси лойиҳасини ишлаб чиқсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ушбу қарорнинг моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида кенг тушунтирилишини ташкил этсин.

8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Э. Захидов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 декабрдаги 798-сон қарорига ИЛОВА

Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган дарахтлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган ва парваришланган ҳар 100 та дарахт учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида субсидия ажратиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

кўчат экиш мавсумлари — дарахт-буталар кўчатларини уларнинг биологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда баҳор ёки куз мавсумларида экиш вақти;

кўчатларни парваришлаш даври — кўчатлар экилгандан кейин уларнинг кўкариб чиқишини таъминлаш бўйича агротехник тадбирлар мажмуи;

талабгор — ўрмон фонди ерларида кўчатлар экиш ва парваришлаш истагини билдирган Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзолари;

«Экофаол фуқаро» платформаси — аҳолининг кундалик ҳаётига экологик тамойилларни сингдириш орқали мамлакатда «Экофаол фуқаро» ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган электрон тизим.

3. Субсидия Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига (кейинги ўринларда — Экология қўмитаси) «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан йил давомида иккига бўлиниб, кўчатлар экилган вақтда (баҳор ва куз мавсумларида) ҳамда уларни парваришлаш давридан кейин тенг улушларда тўланади.

2-боб. Субсидияни ажратиш тартиби

4. Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоларига субсидия ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ ажратилади.

5 «Маҳалла еттилиги» томонидан ўрмон фонди ерларида дарахт кўчатларини экиш истагини билдирган Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоларининг рўйхати шакллантирилиб, ўрмон хўжалиги ташкилотига тақдим этилади.

6. Ўрмон хўжалиги ташкилоти томонидан:

кўчатлар экиладиган ер майдони танланади;

танланган ер майдонининг тупроқ-иқлим шароитига мос дарахт-буталар турлари аниқланади, уларнинг рўйхати шакллантирилади;

рўйхат асосида дарахт кўчатлари талабгорга бепул етказиб берилади;

дарахт кўчатларини экиш учун ерни ҳар хил чиқиндилардан тозалаш, текислаш, шудгорлаш, суғориш ариқларини қазиш, экиш учун жўяк олиш тадбирлари талабгор билан биргаликда амалга оширилади;

мавсумнинг бошланиш ва тугаш саналари тўғрисидаги маълумотлар, дарахт кўчатларини парваришлаш бўйича тавсиялар бериб борилади ҳамда яқиндан услубий ёрдам кўрсатилади.

7. Талабгор ўрмон хўжалиги ташкилоти томонидан тайинланган масъул ходим (кейинги ўринларда — мураббий) тавсия ва кўрсатмаларига асосан танланган майдонда ерни тайёрлайди, дарахт кўчатларини бир мавсум давомида экади ва парваришлайди.

8. Мураббий туман (шаҳар) экология бўлими билан биргаликда талабгор томонидан экилган дарахт кўчатларини жойига чиққан ҳолда далолатнома ва фотоҳисобот асосида қабул қилиб олади.

9. Туман (шаҳар) экология бўлими томонидан «Экофаол фуқаро» платформасида ҳар бир талабгор учун шахсий кабинет очилади ва унга экилган дарахт кўчатлари тўғрисидаги маълумотлар талабгор томонидан мустақил равишда, зарур ҳолларда «маҳалла еттилиги» кўмагида киритиб борилади. Киритилган маълумотлар туман (шаҳар) экология бўлими томонидан беш иш куни ичида тасдиқланади ёки тасдиқланиши рад этилади.

10. Туман (шаҳар) экология бўлими экилган дарахт кўчатлари сонига мутаносиб равишда субсидиянинг 50 фоизини талабгорга тўлаб бериш учун «Экофаол фуқаро» платформасига далолатномани юклаган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаларига (кейинги ўринларда — Экология бошқармалари) талабнома юборади.

11. Экология бошқармалари «Экофаол фуқаро» платформасидаги талабномалар асосида субсидия маблағларини беш иш куни мобайнида талабгорнинг тижорат банкида очилган банк картасига ўтказиб беради.

12. Субсидия экилган ва парваришланган ҳар 100 та дарахт кўчатлари учун тўланади.

13. Дарахт кўчатлари 100 тадан кўп миқдорда экилган тақдирда, талабгорга ажратиладиган субсидия миқдори ҳақиқатда экилган дарахт кўчатлари сонига мутаносиб равишда қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

х = a*b/100;

a — экилган кўчатлар сони;

b — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдори.

3-боб. Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзолари томонидан ўрмон фонди ерларида экилган дарахт кўчатларини мониторинг қилиш тартиби

14. Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзолари ўрмон фонди ерларида эккан дарахт кўчатларининг мониторинги туман (шаҳар) экология бўлими, камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда тегишли ўрмон хўжалиги (мураббий) ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

Зарур ҳолларда ишчи гуруҳ таркибига Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти, «Яшиллойиҳа» лойиҳалаш институти ёки бошқа илмий ташкилотларнинг ходимлари ва экофаоллар жалб этилиши мумкин.

15. Ўрмон фонди ерларида экилган дарахт кўчатларининг мониторинги ишчи гуруҳ аъзоларининг ўзаро келишуви асосида ҳар мавсум давомида ва экилган дарахт кўчатларини парваришлаш даврида амалга оширилади.

16. Мониторинг ўтказиш давомида ишчи гуруҳ томонидан қуйидагилар жойига чиққан ҳолда ўрганилади:

талабгор томонидан тупроқ-иқлим шароитга мос дарахт кўчатлари экилгани;

белгиланган миқдорда кўчатлар экилгани ҳамда дарахт турига боғлиқ ҳолда кўчатларнинг кўкариб чиққани;

бир мавсум давомида экилган дарахт кўчатларини парваришлаш ва суғориш ишлари ўз вақтида бажарилаётгани;

талабгорга субсидия маблағлари ўз вақтида тўлаб берилиши.

17. Мониторинг якунлари бўйича экилган дарахт кўчатлари ва уларни парвариш қилиш тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда далолатнома расмийлаштирилади.

Бунда оилавий пудрат шартномасида белгиланган миқдорда экиладиган дарахт кўчатлари сони субсидия тўлаш учун асос бўлган миқдордан кам экилганда ёки кўчатлар экилгандан кейин уларнинг 50 фоизидан ками кўкариб чиқмаганда, талабгор томонидан дарахт кўчатлари қайтадан экилади.

18. Талабгор экилган кўчатларни парваришлашдан воз кечгани ёки парваришлаш бўйича тавсияларга амал қилинмаётгани юзасидан ўрмон хўжалиги ташкилотининг мурожаати келиб тушганда, туман (шаҳар) экология бўлими томонидан мурожаат ўрганилади ҳамда ушбу кўчатларни парваришлаш мажбуриятини ўрмон хўжалиги ташкилотининг тавсиясига кўра бошқа талабгорга ўтказишга рухсат бериш тўғрисида хулоса тақдим этилади.

Ушбу хулоса ва ўрмон хўжалиги ташкилотининг тавсияси асосида туман (шаҳар) экология бўлими томонидан уч кун муддатда кўчатларни парваришлаш мажбурияти «Экофаол фуқаро» платформасида янги талабгор номига расмийлаштирилади.

Мазкур ўзгаришлар субсидия тўловларининг парваришлаш бўйича иккинчи қисмини кейинчалик янги талабгорга тўлаш учун асос бўлади.

Туман (шаҳар) экология бўлими хулосасидан норози бўлган дастлабки талабгор Экология бошқармаларига, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига ёки суд тартибида мурожаат қилиши мумкин.

19. Ишчи гуруҳ томонидан расмийлаштирилган далолатнома кўчатлар экилган вақтда (баҳор ва куз мавсумларида) ҳамда уларни парваришлаш давридан кейин тенг улушларда тўловларни амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

20. Туман (шаҳар) экология бўлимлари томонидан субсидиянинг қолган 50 фоизи тўлаб берилиши бўйича «Экофаол фуқаро» платформаси орқали талабнома юборилади.

21. Экология бошқармалари томонидан ушбу маблағлар беш иш куни мобайнида белгиланган тартибда тўлаб берилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

22. Экология бошқармалари субсидия бериш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш, мониторинг қилиш ва ажратилган маблағларнинг талабгорларга етказилиши учун масъул ҳисобланади.

23. Мазкур Низом талабларига мувофиқ субсидия ажратиб берилган Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоси бир вақтнинг ўзида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа турдаги субсидияларни олишга ҳақли.

24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган дарахтлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган дарахтлар учун субсидия ажратиш тартиби

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич «Маҳалла еттилиги» 1. Ўрмон фонди ерларида дарахт кўчатларини экиш истагини билдирган Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоларининг (кейинги ўринларда — талабгор) рўйхатини шакллантиради. 2. Шакллантирилган рўйхатни тегишли ўрмон хўжалиги ташкилотига тақдим этади. Ҳар йили январь ва август ойларида 2-босқич Ўрмон хўжалиги ташкилоти 1. Кўчатлар экиладиган ер майдонини танлайди. 2. Танланган ер майдонининг тупроқ-иқлим шароитига мос дарахт-буталар турларини аниқлайди, уларнинг рўйхатини шакллантиради. 3. . Рўйхатга кўра дарахт кўчатларини талабгорга бепул етказиб беради. 4. Дарахт кўчатларини экиш учун ерни ҳар хил чиқиндилардан тозалаш, текислаш, шудгорлаш, суғориш ариқларини қазиш, экиш учун жўяк олиш тадбирларини талабгор билан биргаликда амалга оширади. 5. Дарахт кўчатларини парваришлаш бўйича тавсиялар бериб боради ҳамда яқиндан услубий кўмаклашади. Ҳар йили февраль, март, сентябрь ойларида 3-босқич Талабгор 1. Етказиб берилган кўчатларни тайёрланган ер майдонига экади. 2. Экилган дарахт кўчатларини бир мавсум давомида парваришлайди. 3. . Экилган кўчатларни ўрмон хўжалиги ташкилоти томонидан тайинланган масъул ходимга топширади. 4. . «Экофаол фуқаро» платформасига экилган дарахт кўчатлари тўғрисида маълумотларни киритади. Ҳар йили февраль, март, сентябрь ойларида 4-босқич Ўрмон хўжалиги ташкилоти, Туман (шаҳар) экология бўлими Талабгор томонидан экилган дарахт кўчатларини жойига чиққан ҳолда, далолатнома ва фотоҳисобот асосида қабул қилиб олади. Ҳар йили май ва ноябрь ойларида 5-босқич Туман (шаҳар) экология бўлими 1. Экилган дарахт кўчатларини қабул қилиб олгандан кейин «Экофаол фуқаро» платформасида талабгор учун шахсий кабинет очади. 2. Талабгор томонидан экилган дарахт кўчатлари тўғрисида «Экофаол фуқаро» платформасига киритилган маълумотларни тасдиқлайди ёки тасдиқлашни рад этади. 5 иш кунида 3. Экилган дарахт кўчатлари сонига мутаносиб равишда субсидиянинг 50 фоизи тўлаб берилиши учун «Экофаол фуқаро» платформасига далолатномани юклаган ҳолда ҳудудий экология бошқармасига юборади. Ҳар йили май ва ноябрь ойларида 6-босқич Ҳудудий экология бошқармаси «Экофаол фуқаро» платформасидаги талабномалар асосида субсидиянинг 50 фоизини талабгорнинг банк картасига тўлаб беради. 5 иш кунида 7-босқич Ишчи гуруҳ 1. Талабгор томонидан ўрмон фонди ерларида экилган дарахт кўчатларини мониторинг қилади. 2. . Мониторинг якунлари бўйича экилган дарахт кўчатлари ва уларни парвариш қилиш тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда далолатнома расмийлаштиради. Ҳар йили май ва ноябрь ойларида Туман (шаҳар) экология бўлими 3. . Субсидиянинг қолган 50 фоизини тўлаб бериш бўйича «Экофаол фуқаро» платформаси орқали ҳудудий экология бошқармасига талабнома юборади. 8-босқич Ҳудудий экология бошқармаси Субсидия маблағларини белгиланган тартибда талабгорга тўлаб беради. 5 иш кунида

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 18 декабрь,

798 -сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.12.2025 й., 09/25/798/1182-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING

QARORI

NIZOM

SXEMASI

Oʻrmon fondi yerlaridan samarali foydalanish orqali Ijtimoiy reyestrga kiritilgan aholi bandligini taʼminlash va ularning daromadini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2025-yilda aholi bandligini taʼminlash va kambagʻallikni qisqartirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 17-yanvardagi PQ-12-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, oʻrmon fondi yerlaridan samarali foydalanish orqali kambagʻal aholi bandligini taʼminlash va ularning daromadini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 17-yanvardagi PQ-12-son qaroriga muvofiq:

kambagʻal oila aʼzolarini jalb etgan holda 20 ming gektar oʻrmon fondi yerlarida sanoatbop, manzarali va mevali daraxt turlaridan iborat oʻrmonlar barpo etish, koʻchatxonalar tashkil etish va dorivor oʻsimliklar yetishtirish loyihalarini amalga oshirish, bunda kambagʻal oila aʼzolariga mazkur yer uchastkalarida oʻz ehtiyojlari uchun sabzavot, poliz va boshqa qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirishga ruxsat etilgani;

“Ekofaol fuqaro” platformasiga oʻzi ekkan daraxti toʻgʻrisida maʼlumotlar kiritgan kambagʻal oilalar aʼzolariga oʻrmon fondi yerlarida ekilgan har 100 ta daraxt uchun “Yashil makon” umummilliy loyihasi doirasidagi mablagʻlar hisobidan bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida subsidiya ajratish tartibini joriy etish belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:

hududlarda “mahalla yettiligi” tomonidan oʻrmon fondi yerlarida sanoatbop, manzarali va mevali daraxt turlaridan iborat oʻrmonlar barpo etish, koʻchatxonalar tashkil etish va dorivor oʻsimliklar yetishtirish loyihalarini (keyingi oʻrinlarda — loyihalar) amalga oshirish orqali daromad topish istagini bildirgan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolari aniqlanadi;

oʻrmon fondi yerlarida loyihalarni amalga oshirish istagini bildirgan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolari oilaviy pudrat shartnomasi asosida jalb etiladi. Bunda oilaviy pudrat shartnomasida belgilangan miqdorda ekiladigan daraxt koʻchatlari soni subsidiya toʻlash uchun asos boʻlgan miqdordan kam ekilganda yoki koʻchatlar ekilgandan keyin ularning 50 foizidan kami koʻkarib chiqmaganda, Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzosi tomonidan daraxt koʻchatlari qaytadan ekiladi;

loyihalar doirasida ekiladigan koʻchatlar davlat oʻrmon xoʻjaliklari tashkilotlari tomonidan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolariga bepul yetkazib beriladi.

3. Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolariga oʻrmon fondi yerlarida ekilgan daraxtlar uchun subsidiya ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi Oʻzbekiston mahallalari uyushmasi bilan birgalikda “mahalla yettiligi” tomonidan oʻrmon fondi yerlaridan samarali foydalanish orqali daromad topish istagini bildirgan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolari roʻyxati har yili yanvar va avgust oylarida shakllantirilishi hamda tegishli davlat oʻrmon xoʻjaligi tashkilotlariga taqdim etib borilishini taʼminlasin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi:

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari bilan birgalikda shakllantirilgan roʻyxatga muvofiq Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolarini oʻrmon fondi yerlarida loyihalarni amalga oshirish hamda daraxt koʻchatlarini ekish va parvarishlash ishlariga jalb etish choralarini koʻrsin;

ushbu qarorga ilovaga muvofiq tartibda “Yashil makon” umummilliy loyihasi doirasidagi mablagʻlar hisobidan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolariga subsidiyalar ajratilishini taʼminlasin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi bilan birgalikda ikki hafta muddatda oʻrmon fondi yerlarida oʻrmonlar barpo etish, koʻchatxonalar tashkil etish va dorivor oʻsimliklar yetishtirish loyihalarini amalga oshirishda kambagʻal oila aʼzolarini jalb etish toʻgʻrisida namunaviy oilaviy pudrat shartnomasi loyihasini ishlab chiqsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ushbu qarorning mohiyati va ahamiyati aholi oʻrtasida keng tushuntirilishini tashkil etsin.

8. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B.E. Zaxidov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 18-dekabrdagi 798-son qaroriga ILOVA

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolariga oʻrmon fondi yerlarida ekilgan daraxtlar uchun subsidiya ajratish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolariga oʻrmon fondi yerlarida ekilgan va parvarishlangan har 100 ta daraxt uchun bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdorida subsidiya ajratish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

koʻchat ekish mavsumlari — daraxt-butalar koʻchatlarini ularning biologik xususiyatlaridan kelib chiqqan holda bahor yoki kuz mavsumlarida ekish vaqti;

koʻchatlarni parvarishlash davri — koʻchatlar ekilgandan keyin ularning koʻkarib chiqishini taʼminlash boʻyicha agrotexnik tadbirlar majmui;

talabgor — oʻrmon fondi yerlarida koʻchatlar ekish va parvarishlash istagini bildirgan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolari;

“Ekofaol fuqaro” platformasi — aholining kundalik hayotiga ekologik tamoyillarni singdirish orqali mamlakatda “Ekofaol fuqaro” hayot tarzini keng targʻib qilishga qaratilgan elektron tizim.

3. Subsidiya Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasiga (keyingi oʻrinlarda — Ekologiya qoʻmitasi) “Yashil makon” umummilliy loyihasi doirasida ajratiladigan mablagʻlar hisobidan yil davomida ikkiga boʻlinib, koʻchatlar ekilgan vaqtda (bahor va kuz mavsumlarida) hamda ularni parvarishlash davridan keyin teng ulushlarda toʻlanadi.

2-bob. Subsidiyani ajratish tartibi

4. Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolariga subsidiya ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq ajratiladi.

5 “Mahalla yettiligi” tomonidan oʻrmon fondi yerlarida daraxt koʻchatlarini ekish istagini bildirgan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolarining roʻyxati shakllantirilib, oʻrmon xoʻjaligi tashkilotiga taqdim etiladi.

6. Oʻrmon xoʻjaligi tashkiloti tomonidan:

koʻchatlar ekiladigan yer maydoni tanlanadi;

tanlangan yer maydonining tuproq-iqlim sharoitiga mos daraxt-butalar turlari aniqlanadi, ularning roʻyxati shakllantiriladi;

roʻyxat asosida daraxt koʻchatlari talabgorga bepul yetkazib beriladi;

daraxt koʻchatlarini ekish uchun yerni har xil chiqindilardan tozalash, tekislash, shudgorlash, sugʻorish ariqlarini qazish, ekish uchun joʻyak olish tadbirlari talabgor bilan birgalikda amalga oshiriladi;

mavsumning boshlanish va tugash sanalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, daraxt koʻchatlarini parvarishlash boʻyicha tavsiyalar berib boriladi hamda yaqindan uslubiy yordam koʻrsatiladi.

7. Talabgor oʻrmon xoʻjaligi tashkiloti tomonidan tayinlangan masʼul xodim (keyingi oʻrinlarda — murabbiy) tavsiya va koʻrsatmalariga asosan tanlangan maydonda yerni tayyorlaydi, daraxt koʻchatlarini bir mavsum davomida ekadi va parvarishlaydi.

8. Murabbiy tuman (shahar) ekologiya boʻlimi bilan birgalikda talabgor tomonidan ekilgan daraxt koʻchatlarini joyiga chiqqan holda dalolatnoma va fotohisobot asosida qabul qilib oladi.

9. Tuman (shahar) ekologiya boʻlimi tomonidan “Ekofaol fuqaro” platformasida har bir talabgor uchun shaxsiy kabinet ochiladi va unga ekilgan daraxt koʻchatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar talabgor tomonidan mustaqil ravishda, zarur hollarda “mahalla yettiligi” koʻmagida kiritib boriladi. Kiritilgan maʼlumotlar tuman (shahar) ekologiya boʻlimi tomonidan besh ish kuni ichida tasdiqlanadi yoki tasdiqlanishi rad etiladi.

10. Tuman (shahar) ekologiya boʻlimi ekilgan daraxt koʻchatlari soniga mutanosib ravishda subsidiyaning 50 foizini talabgorga toʻlab berish uchun “Ekofaol fuqaro” platformasiga dalolatnomani yuklagan holda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ekologiya va iqlim oʻzgarishi qoʻmitasi, viloyatlar va Toshkent shahar Ekologiya va iqlim oʻzgarishi bosh boshqarmalariga (keyingi oʻrinlarda — Ekologiya boshqarmalari) talabnoma yuboradi.

11. Ekologiya boshqarmalari “Ekofaol fuqaro” platformasidagi talabnomalar asosida subsidiya mablagʻlarini besh ish kuni mobaynida talabgorning tijorat bankida ochilgan bank kartasiga oʻtkazib beradi.

12. Subsidiya ekilgan va parvarishlangan har 100 ta daraxt koʻchatlari uchun toʻlanadi.

13. Daraxt koʻchatlari 100 tadan koʻp miqdorda ekilgan taqdirda, talabgorga ajratiladigan subsidiya miqdori haqiqatda ekilgan daraxt koʻchatlari soniga mutanosib ravishda quyidagi formula asosida hisoblanadi:

x = a*b/100;

a — ekilgan koʻchatlar soni;

b — bazaviy hisoblash miqdorining bir baravari miqdori.

3-bob. Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolari tomonidan oʻrmon fondi yerlarida ekilgan daraxt koʻchatlarini monitoring qilish tartibi

14. Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolari oʻrmon fondi yerlarida ekkan daraxt koʻchatlarining monitoringi tuman (shahar) ekologiya boʻlimi, kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimi hamda tegishli oʻrmon xoʻjaligi (murabbiy) xodimlaridan iborat ishchi guruh tomonidan amalga oshiriladi.

Zarur hollarda ishchi guruh tarkibiga Oʻrmon xoʻjaligi ilmiy-tadqiqot instituti, “Yashilloyiha” loyihalash instituti yoki boshqa ilmiy tashkilotlarning xodimlari va ekofaollar jalb etilishi mumkin.

15. Oʻrmon fondi yerlarida ekilgan daraxt koʻchatlarining monitoringi ishchi guruh aʼzolarining oʻzaro kelishuvi asosida har mavsum davomida va ekilgan daraxt koʻchatlarini parvarishlash davrida amalga oshiriladi.

16. Monitoring oʻtkazish davomida ishchi guruh tomonidan quyidagilar joyiga chiqqan holda oʻrganiladi:

talabgor tomonidan tuproq-iqlim sharoitga mos daraxt koʻchatlari ekilgani;

belgilangan miqdorda koʻchatlar ekilgani hamda daraxt turiga bogʻliq holda koʻchatlarning koʻkarib chiqqani;

bir mavsum davomida ekilgan daraxt koʻchatlarini parvarishlash va sugʻorish ishlari oʻz vaqtida bajarilayotgani;

talabgorga subsidiya mablagʻlari oʻz vaqtida toʻlab berilishi.

17. Monitoring yakunlari boʻyicha ekilgan daraxt koʻchatlari va ularni parvarish qilish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatilgan holda dalolatnoma rasmiylashtiriladi.

Bunda oilaviy pudrat shartnomasida belgilangan miqdorda ekiladigan daraxt koʻchatlari soni subsidiya toʻlash uchun asos boʻlgan miqdordan kam ekilganda yoki koʻchatlar ekilgandan keyin ularning 50 foizidan kami koʻkarib chiqmaganda, talabgor tomonidan daraxt koʻchatlari qaytadan ekiladi.

18. Talabgor ekilgan koʻchatlarni parvarishlashdan voz kechgani yoki parvarishlash boʻyicha tavsiyalarga amal qilinmayotgani yuzasidan oʻrmon xoʻjaligi tashkilotining murojaati kelib tushganda, tuman (shahar) ekologiya boʻlimi tomonidan murojaat oʻrganiladi hamda ushbu koʻchatlarni parvarishlash majburiyatini oʻrmon xoʻjaligi tashkilotining tavsiyasiga koʻra boshqa talabgorga oʻtkazishga ruxsat berish toʻgʻrisida xulosa taqdim etiladi.

Ushbu xulosa va oʻrmon xoʻjaligi tashkilotining tavsiyasi asosida tuman (shahar) ekologiya boʻlimi tomonidan uch kun muddatda koʻchatlarni parvarishlash majburiyati “Ekofaol fuqaro” platformasida yangi talabgor nomiga rasmiylashtiriladi.

Mazkur oʻzgarishlar subsidiya toʻlovlarining parvarishlash boʻyicha ikkinchi qismini keyinchalik yangi talabgorga toʻlash uchun asos boʻladi.

Tuman (shahar) ekologiya boʻlimi xulosasidan norozi boʻlgan dastlabki talabgor Ekologiya boshqarmalariga, Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasiga yoki sud tartibida murojaat qilishi mumkin.

19. Ishchi guruh tomonidan rasmiylashtirilgan dalolatnoma koʻchatlar ekilgan vaqtda (bahor va kuz mavsumlarida) hamda ularni parvarishlash davridan keyin teng ulushlarda toʻlovlarni amalga oshirish uchun asos boʻlib xizmat qiladi.

20. Tuman (shahar) ekologiya boʻlimlari tomonidan subsidiyaning qolgan 50 foizi toʻlab berilishi boʻyicha “Ekofaol fuqaro” platformasi orqali talabnoma yuboriladi.

21. Ekologiya boshqarmalari tomonidan ushbu mablagʻlar besh ish kuni mobaynida belgilangan tartibda toʻlab beriladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

22. Ekologiya boshqarmalari subsidiya berish ishlarini tashkil etish, muvofiqlashtirish, monitoring qilish va ajratilgan mablagʻlarning talabgorlarga yetkazilishi uchun masʼul hisoblanadi.

23. Mazkur Nizom talablariga muvofiq subsidiya ajratib berilgan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzosi bir vaqtning oʻzida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda boshqa turdagi subsidiyalarni olishga haqli.

24. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolariga oʻrmon fondi yerlarida ekilgan daraxtlar uchun subsidiya ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolariga oʻrmon fondi yerlarida ekilgan daraxtlar uchun subsidiya ajratish tartibi

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich “Mahalla yettiligi” 1. Oʻrmon fondi yerlarida daraxt koʻchatlarini ekish istagini bildirgan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oila aʼzolarining (keyingi oʻrinlarda — talabgor) roʻyxatini shakllantiradi. 2. Shakllantirilgan roʻyxatni tegishli oʻrmon xoʻjaligi tashkilotiga taqdim etadi. Har yili yanvar va avgust oylarida 2-bosqich Oʻrmon xoʻjaligi tashkiloti 1. Koʻchatlar ekiladigan yer maydonini tanlaydi. 2. Tanlangan yer maydonining tuproq-iqlim sharoitiga mos daraxt-butalar turlarini aniqlaydi, ularning roʻyxatini shakllantiradi. 3. . Roʻyxatga koʻra daraxt koʻchatlarini talabgorga bepul yetkazib beradi. 4. Daraxt koʻchatlarini ekish uchun yerni har xil chiqindilardan tozalash, tekislash, shudgorlash, sugʻorish ariqlarini qazish, ekish uchun joʻyak olish tadbirlarini talabgor bilan birgalikda amalga oshiradi. 5. Daraxt koʻchatlarini parvarishlash boʻyicha tavsiyalar berib boradi hamda yaqindan uslubiy koʻmaklashadi. Har yili fevral, mart, sentabr oylarida 3-bosqich Talabgor 1. Yetkazib berilgan koʻchatlarni tayyorlangan yer maydoniga ekadi. 2. Ekilgan daraxt koʻchatlarini bir mavsum davomida parvarishlaydi. 3. . Ekilgan koʻchatlarni oʻrmon xoʻjaligi tashkiloti tomonidan tayinlangan masʼul xodimga topshiradi. 4. . “Ekofaol fuqaro” platformasiga ekilgan daraxt koʻchatlari toʻgʻrisida maʼlumotlarni kiritadi. Har yili fevral, mart, sentabr oylarida 4-bosqich Oʻrmon xoʻjaligi tashkiloti, Tuman (shahar) ekologiya boʻlimi Talabgor tomonidan ekilgan daraxt koʻchatlarini joyiga chiqqan holda, dalolatnoma va fotohisobot asosida qabul qilib oladi. Har yili may va noyabr oylarida 5-bosqich Tuman (shahar) ekologiya boʻlimi 1. Ekilgan daraxt koʻchatlarini qabul qilib olgandan keyin “Ekofaol fuqaro” platformasida talabgor uchun shaxsiy kabinet ochadi. 2. Talabgor tomonidan ekilgan daraxt koʻchatlari toʻgʻrisida “Ekofaol fuqaro” platformasiga kiritilgan maʼlumotlarni tasdiqlaydi yoki tasdiqlashni rad etadi. 5 ish kunida 3. Ekilgan daraxt koʻchatlari soniga mutanosib ravishda subsidiyaning 50 foizi toʻlab berilishi uchun “Ekofaol fuqaro” platformasiga dalolatnomani yuklagan holda hududiy ekologiya boshqarmasiga yuboradi. Har yili may va noyabr oylarida 6-bosqich Hududiy ekologiya boshqarmasi “Ekofaol fuqaro” platformasidagi talabnomalar asosida subsidiyaning 50 foizini talabgorning bank kartasiga toʻlab beradi. 5 ish kunida 7-bosqich Ishchi guruh 1. Talabgor tomonidan oʻrmon fondi yerlarida ekilgan daraxt koʻchatlarini monitoring qiladi. 2. . Monitoring yakunlari boʻyicha ekilgan daraxt koʻchatlari va ularni parvarish qilish toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatilgan holda dalolatnoma rasmiylashtiradi. Har yili may va noyabr oylarida Tuman (shahar) ekologiya boʻlimi 3. . Subsidiyaning qolgan 50 foizini toʻlab berish boʻyicha “Ekofaol fuqaro” platformasi orqali hududiy ekologiya boshqarmasiga talabnoma yuboradi. 8-bosqich Hududiy ekologiya boshqarmasi Subsidiya mablagʻlarini belgilangan tartibda talabgorga toʻlab beradi. 5 ish kunida

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 18-dekabr,

798 -son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 19.12.2025-y., 09/25/798/1182-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son)

lex.uz