UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 4-dekabr · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 4 декабрь · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 4 декабря 2025 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 4 December 2025 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ

ҚАРОРИ

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Банклар томонидан синдикатлашган кредитларни ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Марказий банк бошқаруви қарор қилади:

1. Банклар томонидан синдикатлашган кредитларни ажратиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 4 декабрдаги 29/2-сон қарорига 1-ИЛОВА

Банклар томонидан синдикатлашган кредитларни ажратиш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом банклар томонидан синдикатлашган кредитларни ажратиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

агент — банк синдикати иштирокчилари ва қарз олувчи ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, ҳужжатларни бошқариш, тўловларни тақсимлаш ва банк синдикати келишувига асосан бошқа вазифаларни бажарувчи шахс;

банк синдикати — қарз олувчини биргаликда молиялаштириш мақсадида икки ёки ундан ортиқ банк синдикати иштирокчилари томонидан, агент иштирокида ёки агентсиз, юридик шахс тузмасдан ташкил этилган вақтинчалик бирлашма;

банк синдикати иштирокчиси — банк синдикатида иштирок этувчи банк, хорижий банк, халқаро молия ташкилоти ёки рўйхатдан ўтказган давлат қонунчилигига мувофиқ кредит ажратишга ҳақли бўлган чет эл юридик шахси;

қарз олувчи — етакчи иштирокчига синдикатлашган кредит олиш учун мурожаат қилган Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахс (шахслар);

синдикатлашган кредит — қарз олувчини биргаликда молиялаштириш учун банк синдикати иштирокчилари томонидан ажратиладиган кредит;

етакчи иштирокчи — синдикатлашган кредит ажратиш ташаббуси билан чиққан банк синдикати иштирокчиси.

2-боб. Банк синдикатини ташкил этиш ва синдикатлашган кредит ажратиш тартиби

2. Қарз олувчи банкка синдикатлашган кредит олиш ҳақида ариза билан мурожаат қилади.

Аризага қарз олувчи ва банк томонидан келишилган ҳужжатлар илова қилинади.

3. Банк тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилгандан сўнг синдикатлашган кредит ажратиш мумкинлиги ва банк синдикатини шакллантириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда, у қарз олувчи билан синдикатлашган кредитнинг дастлабки шартларини ҳамда банк сири, тижорат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилиш тартибини келишиб олади.

4. Етакчи иштирокчи банк синдикатида иштирок этиши мумкин бўлган потенциал иштирокчиларга қарз олувчи тўғрисида ўзига маълум бўлган маълумотларни ўз ичига олган банк синдикатида иштирок этиш ва синдикатлашган кредит ажратиш бўйича таклифни юборади.

5. Банк синдикатида иштирок этиш ва синдикатлашган кредит ажратиш бўйича таклиф олган потенциал иштирокчилар қарз олувчи тўғрисидаги тегишли маълумотларни ўрганади.

Бунда ҳар бир потенциал иштирокчи қарз олувчининг тўловга қобилиятини ва молиялаш объектини ўрганиш бўйича етакчи иштирокчидан, етакчи иштирокчи эса қарз олувчидан қўшимча маълумотлар талаб қилишга ҳақли.

6. Потенциал иштирокчи қарз олувчига доир ҳужжатларни мустақил баҳолаш асосида банк синдикатида иштирок этиш ва синдикатлашган кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилса, бу ҳақда етакчи иштирокчини хабардор қилади.

7. Етакчи иштирокчи потенциал иштирокчиларнинг жавоблари асосида банк синдикати иштирокчиларининг синдикатлашган кредитдаги улушини аниқлаши ва потенциал иштирокчилар билан келишиши лозим.

8. Банк синдикати синдикат иштирокчилари ўртасидаги ёзма келишув асосида тузилади ва мазкур келишувда синдикат иштирокчилари ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланади. Ушбу келишув тузилмаган тақдирда, бу шартлар синдикатлашган кредит шартномасига киритилиши лозим.

9. Банк синдикати келишувида камида қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

банк синдикати иштирокчилари томонидан ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ёки муайян ҳуқуқлардан воз кечилиши;

банк синдикати иштирокчиси синдикатлашган кредит ажратиш бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ёки қисман бажармаслиги оқибатида банк синдикатининг бошқа иштирокчилари олдидаги жавобгарлиги;

банк синдикати иштирокчисининг қарз олувчига нисбатан талаб қилиш ҳуқуқларидан синдикатнинг бошқа иштирокчиси ёки банк синдикати иштирокчиси бўлишга ҳақли бўлган бошқа шахс фойдасига воз кечиш тартиби;

синдикатлашган кредит бўйича мажбуриятларни бажармаслик хавфи юзага келган тақдирда, синдикат иштирокчиларини хабардор қилиш тартиби ва хабардор қилишга масъул бўлган синдикат иштирокчиси;

синдикатлашган кредит шартномасида белгиланган тартибда кредитни ёки унинг бир қисмини фоиз ва бошқа тўловлар билан бирга қарз олувчидан муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш ҳақида қарор қабул қилиш тартиби;

ундирувни таъминотга қаратиш шартлари;

синдикатлашган кредит шартномаси бўйича қарздорликни судга мурожаат қилмасдан ундириш ёки қарздорликни ундириш тўғрисида судга даъво киритиш шартлари;

қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилини қўллаш ёхуд қонун ҳужжатларига мувофиқ қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилиш шартлари;

синдикат иштирокчилари ўртасида маълумот алмашинуви тартиби.

10. Банк синдикати иштирокчилари ўртасида банк синдикати келишувига эришилганда, банк синдикати иштирокчилари ва қарз олувчи ўртасида синдикатлашган кредит шартномаси (бундан буён матнда кредит шартномаси деб юритилади) имзоланади.

11. Кредит шартномасида банк синдикати иштирокчиларининг функциялари, синдикатлашган кредитдаги улушлари тўғрисидаги маълумот, синдикатлашган кредит шартлари, шу жумладан амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳа тавсифи, қарз олувчини молиялаштириш тартиби, таъминот тури, кредит миқдори, муддати ва уни қайтариш усули, тўлов графиги, фоиз ставкаси, молиявий ҳисоботларни тақдим этиш шартлари ва мажбуриятлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги ва бошқа шартлар белгиланади.

12. Кредит шартномасида қарз олувчи ва (ёки) кафил томонидан даврий молиявий ҳисоботларнинг агентга тақдим этиб борилиши шартлари, муддатлари, шунингдек, ҳисоботлар тақдим этилмаганлиги учун кўриладиган чоралар кўрсатилиши мумкин.

13. Кредит шартномасида назарда тутилган ҳолларда банк синдикатининг иштирокчилари, шу жумладан етакчи иштирокчи ва агент синдикатлашган кредитни ташкил этиш, кредит таваккалчиликларини баҳолаш, гаровни бошқариш, кредит ҳужжатларини юритиш ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатганликлари учун қарз олувчидан қўшимча ҳақ олишлари мумкин.

Бунда, қўшимча ҳақ фақатгина қарздорга тегишли хизмат турини кўрсатган банк синдикати иштирокчиси томонидан олинади.

14. Кредит шартномасида назарда тутилган ҳолларда қарз олувчи томонидан синдикатлашган кредит бўйича мажбуриятлар муддатидан олдин бажарилганлиги учун синдикат иштирокчилари фойдасига тегишли ҳақ (компенсация) тўланиши мумкин.

15. Кредит шартномаси тузилгандан кейин банк синдикатининг иштирокчилари кредит суммасини шартномада белгиланган тартибда ва муддатда етакчи иштирокчига, агентга, қарз олувчига ёки қарз олувчи кўрсатган бошқа шахсга ўтказиш мажбуриятини олади.

3-боб. Синдикатлашган кредитни қайтариш ва мониторинг қилиш тартиби

16. Синдикатлашган кредит кредит шартномасида белгиланган тартиб ва муддатларда қайтарилади.

17. Банк синдикати тўғрисидаги келишувда белгиланган синдикат иштирокчиси (иштирокчилари) томонидан синдикатлашган кредитнинг бутун муддати давомида қарз олувчининг молиявий ҳолати, кредитдан мақсадли фойдаланилганлиги, гаров ҳолати ва (ёки) кафилнинг (кафолат берувчининг) молиявий ҳолати устидан мониторинг амалга оширилади.

18. Агар мониторингни амалга оширувчи синдикат иштирокчиси (иштирокчилари) синдикатлашган кредит бўйича муаммоли қарздорлик юзага келганлиги ёки юзага келиш эҳтимоллиги мавжудлигини аниқласа, бу ҳақда банк синдикатининг қолган иштирокчиларини беш иш кунидан кечиктирмай хабардор қилиши шарт.

19. Агар банк синдикатининг иштирокчиси банк синдикати манфаатларига зарар етказувчи муаммони аниқласа, бу ҳақда дарҳол етакчи иштирокчини, етакчи иштирокчи эса банк синдикатининг бошқа иштирокчиларини беш иш кунидан кечиктирмай хабардор қилиши шарт.

4-боб. Якуний қоида

20. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 4 декабрдаги 29/2-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўз кучини йўқотган деб топилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2005 йил 16 июлдаги 15/4-сон «Тижорат банклари томонидан йирик инвестиция лойиҳаларини синдициялаштирилган кредитлашни амалга ошириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 1509, 2005 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 34-36-сон, 265-модда).

2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2010 йил 23 октябрдаги 34/3-сон «Тижорат банклари томонидан йирик инвестиция лойиҳаларини синдициялаштирилган кредитлашни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 1509-1, 2010 йил 6 ноябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 44-45-сон, 399-модда).

3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2016 йил 26 ноябрдаги 38/4-сон «Тижорат банклари томонидан йирик инвестиция лойиҳаларини синдициялаштирилган кредитлашни амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 1509-2, 2016 йил 6 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 49-сон, 564-модда).

Раис Т. ИШМЕТОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 4 декабрь,

29/2-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.12.2025 й., 10/25/3730/1189-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI BOSHQARUVINING

QARORI

NIZOM

ROʻYXATI

Banklar tomonidan sindikatlashgan kreditlarni ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq Markaziy bank boshqaruvi qaror qiladi:

1. Banklar tomonidan sindikatlashgan kreditlarni ajratish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.

3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2025-yil 4-dekabrdagi 29/2-son qaroriga 1-ILOVA

Banklar tomonidan sindikatlashgan kreditlarni ajratish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom banklar tomonidan sindikatlashgan kreditlarni ajratish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

agent — bank sindikati ishtirokchilari va qarz oluvchi oʻrtasida oʻzaro hamkorlikni taʼminlash, hujjatlarni boshqarish, toʻlovlarni taqsimlash va bank sindikati kelishuviga asosan boshqa vazifalarni bajaruvchi shaxs;

bank sindikati — qarz oluvchini birgalikda moliyalashtirish maqsadida ikki yoki undan ortiq bank sindikati ishtirokchilari tomonidan, agent ishtirokida yoki agentsiz, yuridik shaxs tuzmasdan tashkil etilgan vaqtinchalik birlashma;

bank sindikati ishtirokchisi — bank sindikatida ishtirok etuvchi bank, xorijiy bank, xalqaro moliya tashkiloti yoki roʻyxatdan oʻtkazgan davlat qonunchiligiga muvofiq kredit ajratishga haqli boʻlgan chet el yuridik shaxsi;

qarz oluvchi — yetakchi ishtirokchiga sindikatlashgan kredit olish uchun murojaat qilgan Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti boʻlgan yuridik shaxs (shaxslar);

sindikatlashgan kredit — qarz oluvchini birgalikda moliyalashtirish uchun bank sindikati ishtirokchilari tomonidan ajratiladigan kredit;

yetakchi ishtirokchi — sindikatlashgan kredit ajratish tashabbusi bilan chiqqan bank sindikati ishtirokchisi.

2-bob. Bank sindikatini tashkil etish va sindikatlashgan kredit ajratish tartibi

2. Qarz oluvchi bankka sindikatlashgan kredit olish haqida ariza bilan murojaat qiladi.

Arizaga qarz oluvchi va bank tomonidan kelishilgan hujjatlar ilova qilinadi.

3. Bank taqdim etilgan hujjatlarni tahlil qilgandan soʻng sindikatlashgan kredit ajratish mumkinligi va bank sindikatini shakllantirish maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida qaror qabul qilgan taqdirda, u qarz oluvchi bilan sindikatlashgan kreditning dastlabki shartlarini hamda bank siri, tijorat siri yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirlarni tashkil etuvchi maʼlumotlarni oshkor qilish tartibini kelishib oladi.

4. Yetakchi ishtirokchi bank sindikatida ishtirok etishi mumkin boʻlgan potensial ishtirokchilarga qarz oluvchi toʻgʻrisida oʻziga maʼlum boʻlgan maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan bank sindikatida ishtirok etish va sindikatlashgan kredit ajratish boʻyicha taklifni yuboradi.

5. Bank sindikatida ishtirok etish va sindikatlashgan kredit ajratish boʻyicha taklif olgan potensial ishtirokchilar qarz oluvchi toʻgʻrisidagi tegishli maʼlumotlarni oʻrganadi.

Bunda har bir potensial ishtirokchi qarz oluvchining toʻlovga qobiliyatini va moliyalash obyektini oʻrganish boʻyicha yetakchi ishtirokchidan, yetakchi ishtirokchi esa qarz oluvchidan qoʻshimcha maʼlumotlar talab qilishga haqli.

6. Potensial ishtirokchi qarz oluvchiga doir hujjatlarni mustaqil baholash asosida bank sindikatida ishtirok etish va sindikatlashgan kredit ajratish toʻgʻrisida qaror qabul qilsa, bu haqda yetakchi ishtirokchini xabardor qiladi.

7. Yetakchi ishtirokchi potensial ishtirokchilarning javoblari asosida bank sindikati ishtirokchilarining sindikatlashgan kreditdagi ulushini aniqlashi va potensial ishtirokchilar bilan kelishishi lozim.

8. Bank sindikati sindikat ishtirokchilari oʻrtasidagi yozma kelishuv asosida tuziladi va mazkur kelishuvda sindikat ishtirokchilari oʻrtasidagi oʻzaro munosabatlar, huquq va majburiyatlar belgilanadi. Ushbu kelishuv tuzilmagan taqdirda, bu shartlar sindikatlashgan kredit shartnomasiga kiritilishi lozim.

9. Bank sindikati kelishuvida kamida quyidagilar nazarda tutilishi lozim:

bank sindikati ishtirokchilari tomonidan huquqlarning amalga oshirilishi yoki muayyan huquqlardan voz kechilishi;

bank sindikati ishtirokchisi sindikatlashgan kredit ajratish boʻyicha oʻz majburiyatini toʻliq yoki qisman bajarmasligi oqibatida bank sindikatining boshqa ishtirokchilari oldidagi javobgarligi;

bank sindikati ishtirokchisining qarz oluvchiga nisbatan talab qilish huquqlaridan sindikatning boshqa ishtirokchisi yoki bank sindikati ishtirokchisi boʻlishga haqli boʻlgan boshqa shaxs foydasiga voz kechish tartibi;

sindikatlashgan kredit boʻyicha majburiyatlarni bajarmaslik xavfi yuzaga kelgan taqdirda, sindikat ishtirokchilarini xabardor qilish tartibi va xabardor qilishga masʼul boʻlgan sindikat ishtirokchisi;

sindikatlashgan kredit shartnomasida belgilangan tartibda kreditni yoki uning bir qismini foiz va boshqa toʻlovlar bilan birga qarz oluvchidan muddatidan oldin qaytarishni talab qilish haqida qaror qabul qilish tartibi;

undiruvni taʼminotga qaratish shartlari;

sindikatlashgan kredit shartnomasi boʻyicha qarzdorlikni sudga murojaat qilmasdan undirish yoki qarzdorlikni undirish toʻgʻrisida sudga daʼvo kiritish shartlari;

qarzdorga nisbatan toʻlovga qobiliyatsizlik tartib-taomilini qoʻllash yoxud qonun hujjatlariga muvofiq qarzdorni bankrot deb topish toʻgʻrisida sudga ariza bilan murojaat qilish shartlari;

sindikat ishtirokchilari oʻrtasida maʼlumot almashinuvi tartibi.

10. Bank sindikati ishtirokchilari oʻrtasida bank sindikati kelishuviga erishilganda, bank sindikati ishtirokchilari va qarz oluvchi oʻrtasida sindikatlashgan kredit shartnomasi (bundan buyon matnda kredit shartnomasi deb yuritiladi) imzolanadi.

11. Kredit shartnomasida bank sindikati ishtirokchilarining funksiyalari, sindikatlashgan kreditdagi ulushlari toʻgʻrisidagi maʼlumot, sindikatlashgan kredit shartlari, shu jumladan amalga oshirilishi koʻzda tutilgan loyiha tavsifi, qarz oluvchini moliyalashtirish tartibi, taʼminot turi, kredit miqdori, muddati va uni qaytarish usuli, toʻlov grafigi, foiz stavkasi, moliyaviy hisobotlarni taqdim etish shartlari va majburiyatlari, tomonlarning huquq va majburiyatlari, javobgarligi va boshqa shartlar belgilanadi.

12. Kredit shartnomasida qarz oluvchi va (yoki) kafil tomonidan davriy moliyaviy hisobotlarning agentga taqdim etib borilishi shartlari, muddatlari, shuningdek, hisobotlar taqdim etilmaganligi uchun koʻriladigan choralar koʻrsatilishi mumkin.

13. Kredit shartnomasida nazarda tutilgan hollarda bank sindikatining ishtirokchilari, shu jumladan yetakchi ishtirokchi va agent sindikatlashgan kreditni tashkil etish, kredit tavakkalchiliklarini baholash, garovni boshqarish, kredit hujjatlarini yuritish va boshqa turdagi xizmatlarni koʻrsatganliklari uchun qarz oluvchidan qoʻshimcha haq olishlari mumkin.

Bunda, qoʻshimcha haq faqatgina qarzdorga tegishli xizmat turini koʻrsatgan bank sindikati ishtirokchisi tomonidan olinadi.

14. Kredit shartnomasida nazarda tutilgan hollarda qarz oluvchi tomonidan sindikatlashgan kredit boʻyicha majburiyatlar muddatidan oldin bajarilganligi uchun sindikat ishtirokchilari foydasiga tegishli haq (kompensatsiya) toʻlanishi mumkin.

15. Kredit shartnomasi tuzilgandan keyin bank sindikatining ishtirokchilari kredit summasini shartnomada belgilangan tartibda va muddatda yetakchi ishtirokchiga, agentga, qarz oluvchiga yoki qarz oluvchi koʻrsatgan boshqa shaxsga oʻtkazish majburiyatini oladi.

3-bob. Sindikatlashgan kreditni qaytarish va monitoring qilish tartibi

16. Sindikatlashgan kredit kredit shartnomasida belgilangan tartib va muddatlarda qaytariladi.

17. Bank sindikati toʻgʻrisidagi kelishuvda belgilangan sindikat ishtirokchisi (ishtirokchilari) tomonidan sindikatlashgan kreditning butun muddati davomida qarz oluvchining moliyaviy holati, kreditdan maqsadli foydalanilganligi, garov holati va (yoki) kafilning (kafolat beruvchining) moliyaviy holati ustidan monitoring amalga oshiriladi.

18. Agar monitoringni amalga oshiruvchi sindikat ishtirokchisi (ishtirokchilari) sindikatlashgan kredit boʻyicha muammoli qarzdorlik yuzaga kelganligi yoki yuzaga kelish ehtimolligi mavjudligini aniqlasa, bu haqda bank sindikatining qolgan ishtirokchilarini besh ish kunidan kechiktirmay хаbаrdоr qilishi shart.

19. Agar bank sindikatining ishtirokchisi bank sindikati manfaatlariga zarar yetkazuvchi muammoni aniqlasa, bu haqda darhol yetakchi ishtirokchini, yetakchi ishtirokchi esa bank sindikatining boshqa ishtirokchilarini besh ish kunidan kechiktirmay xabardor qilishi shart.

4-bob. Yakuniy qoida

20. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2025-yil 4-dekabrdagi 29/2-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan normativ-huquqiy hujjatlar

1. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2005-yil 16-iyuldagi 15/4-son “Tijorat banklari tomonidan yirik investitsiya loyihalarini sinditsiyalashtirilgan kreditlashni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida nizomni tasdiqlash haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 1509, 2005-yil 20-avgust) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2005-y., 34-36-son, 265-modda).

2. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2010-yil 23-oktabrdagi 34/3-son “Tijorat banklari tomonidan yirik investitsiya loyihalarini sinditsiyalashtirilgan kreditlashni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida”gi nizomga oʻzgartirishlar kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 1509-1, 2010-yil 6-noyabr) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2010-y., 44-45-son, 399-modda).

3. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2016-yil 26-noyabrdagi 38/4-son “Tijorat banklari tomonidan yirik investitsiya loyihalarini sinditsiyalashtirilgan kreditlashni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida nizomga oʻzgartirishlar kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 1509-2, 2016-yil 6-dekabr) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2016-y., 49-son, 564-modda).

Rais T. ISHMETOV

Toshkent sh.,

2025-yil 4-dekabr,

29/2-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 20.12.2025 y., 10/25/3730/1189-son)

lex.uz