📅 2025-yil 2-dekabr · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 2-dekabr · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 2 декабрь · Марказий банк ҳужжатлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 2 декабря 2025 г. · Документы Центрального банка
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 2 December 2025 · Central Bank documents
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
қарори
НИЗОМ
Кредит ташкилотларида истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан «сирли мижоз» усулидаги назорат тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Марказий банк бошқаруви қарор қилади:
1. Кредит ташкилотларида истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан «сирли мижоз» усулидаги назорат тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 2 декабрдаги 31/2-сон қарорига ИЛОВА
Кредит ташкилотларида истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан «сирли мижоз» усулидаги назорат тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги
Ушбу Низом кредит ташкилотлари томонидан молиявий хизматлар истеъмолчилари (бундан буён матнда истеъмолчи деб юритилади) билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш чоғида уларнинг фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этилишини текшириш мақсадида «сирли мижоз» усулидаги назорат тадбирларини ўтказиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом мақсадида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
кредит ташкилотлари — банклар, микромолия ташкилотлари ва ломбардлар ёки уларнинг ҳудудий хизмат кўрсатиш бўлинмаси (филиал, банк хизматлари кўрсатиш маркази ва бошқалар);
«сирли мижоз» — кредит ташкилотлари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш чоғида уларнинг фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этилишини текшириш мақсадида кредит ташкилотининг фаолияти доирасида битимлар тузиш ёки операцияларни бажариш бўйича ҳаракатларни амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) ёки унинг ҳудудий бошқармасининг масъул ходимлари;
«сирли мижоз» усулидаги назорат тадбирлари (бундан буён матнда назорат тадбири деб юритилади) — кредит ташкилотлари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш чоғида уларнинг фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этилишини текшириш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар.
2. Назорат тадбири бевосита жойига чиққан ҳолда ёки масофадан туриб амалга оширилади.
3. Назорат тадбири қонунийлик, тадбир ўтказилаётганлигининг сир сақланиши, беғаразлик ва холислик, кредит ташкилотининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаслик, коррупцияга ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик принципларига асосланган ҳолда «сирли мижоз» томонидан амалга оширилади.
4. Назорат тадбири кредит ташкилотини олдиндан хабардор қилмаган ҳолда амалга оширилади.
5. Назорат тадбирининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
кредит ташкилотлари фаолиятида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
кредит ташкилотлари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда уларнинг фаолиятига қўйиладиган қонунчилик талабларига риоя қилинишини ўрганиш ва ушбу талаблар бузилишининг олдини олиш;
кредит ташкилотларининг молиявий хизматлар кўрсатиш жараёнларидаги мавжуд тизимли камчиликларини ва уларни келтириб чиқараётган сабабларни таҳлил қилиш;
истеъмолчиларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқлардаги материалларда баён этилган ҳолатларга ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш натижасида юзага келган масалаларга аниқлик киритиш;
ўтказилган назорат тадбири натижалари асосида амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
назорат тадбири натижаларига кўра, камчиликка йўл қўйган кредит ташкилотларига мавжуд муаммони бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар, шунингдек, хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар бериш;
аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари бўйича кредит ташкилотларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўриш.
6. Назорат тадбирини ўтказишда кредит ташкилотининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашиш, истеъмолчи сифатида танишиш мумкин бўлмаган ҳужжатларни сўраш ва талаб қилишга йўл қўйилмайди.
2-боб. Назорат тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш
7. Назорат тадбири қуйидаги маълумотлар асосида ташкил этилади:
истеъмолчиларнинг кўрсатилаётган молиявий хизматлар билан боғлиқ мурожаатларида қайд этилган асосли эътироз ва камчиликлар;
оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига оид материаллар;
кредит ташкилотлари фаолиятида қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари мавжудлиги юзасидан жамоатчилик фикри;
амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг кредит ташкилотлари амалиётида қўлланилаётганлигини (ижросини) ўрганиш бўйича таҳлиллар;
истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишини олдини олишга қаратилган назорат чораларини қўллаш бўйича маълумотлар.
8. Назорат тадбири мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган маълумотлар асосида ва (ёки) истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш талабларига риоя этилиши ва қоидабузарликларни олдини олиш мақсадида Марказий банк раисининг ўринбосари ёки Марказий банк ҳудудий бош бошқармаси бошлиғининг назорат тадбирини ўтказиш тўғрисидаги фармойишига (бундан буён матнда фармойиш деб юритилади) мувофиқ амалга оширилади.
9. Назорат тадбири фармойишда кўрсатилган «сирли мижоз» томонидан амалга оширилади. Бунда бевосита жойига чиққан ҳолда назорат тадбири камида 2 нафар «сирли мижоз» иштирокида ўтказилиши талаб этилади.
10. Фармойишда кўрсатилган «сирли мижоз»ни ўзгартириш зарурати юзага келса, фармойишга тегишли ўзгартириш киритилади ва ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган Марказий банк ёки унинг ҳудудий бош бошқармасининг мансабдор шахсларидан бири томонидан имзоланади.
11. Фармойишда бир кредит ташкилотида назорат тадбирини ўтказиш учун уч иш кунигача, давомли операциялар (ҳаракатлар) учун ушбу операциянинг (ҳаракатнинг) охирги кунигача бўлган муддат белгиланиши мумкин.
12. Фармойишда қуйидаги маълумотлар акс эттирилган бўлиши лозим:
назорат тадбири ўтказиладиган кредит ташкилоти номи;
назорат тадбири ўтказилиши лозим бўлган муддат;
ўтказиладиган назорат тадбирининг тури (бевосита жойига чиққан ҳолда ёки масофадан туриб);
назорат тадбири давомида амалга оширилиши лозим бўлган операциялар (ҳаракатлар);
назорат тадбирини амалга ошириш учун зарур бўлган пул маблағлари (зарур бўлганда);
«сирли мижоз»ларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;
назорат тадбири натижаларини расмийлаштириш;
назорат тадбири давомида фото, аудио ва видеотасвирларнинг зарурлиги тўғрисида маълумот.
13. Назорат тадбири пул маблағларидан фойдаланган ҳолда ёки улардан фойдаланмасдан туриб амалга оширилиши мумкин.
14. Назорат тадбирини бевосита жойига чиққан ҳолда ўтказиш жараёнида кредит ташкилоти ходимини ҳуқуқбузарлик содир этишга ундаш тақиқланади.
15. «Сирли мижоз» кредит ташкилотига истеъмолчи сифатида боради ва фармойишда кўрсатилган операцияларни (ҳаракатларни) амалга оширади.
16. Назорат тадбири масофадан туриб амалга оширилганда кредит ташкилотининг расмий веб-сайти, масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари ва бошқа ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланилади.
17. Назорат тадбири давомида яширин аудио ёки видео кузатув мосламаларидан фойдаланилиши мумкин.
Масофадан туриб амалга ошириладиган назорат тадбири дастурий-техник воситалар ёки компьютер, планшет ва смартфон экранида намоён бўладиган тасвирларни техник воситалар ёрдамида видеоёзиш орқали амалга оширилиши лозим.
18. Назорат тадбири давомида ёзиб олинган аудио ёки видео кузатув мосламаларидаги маълумотлардан фақат мазкур Низом доирасида Марказий банк томонидан назорат чораларини амалга оширишда ҳамда ўтказилган назорат тадбирлари бўйича низоли вазиятларга аниқлик киритиш мақсадида фойдаланилади.
Назорат тадбири натижалари, уни ўтказиш давомида тўпланган фото ва видео материаллар шахсга доир маълумотлар бўйича амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда истеъмолчиларнинг хабардорлигини ошириш учун Марказий банкнинг расмий веб-сайтида ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилиниши мумкин.
19. Назорат тадбири якунлангандан сўнг, «сирли мижоз» томонидан мазкур Низомнинг иловасида келтирилган шаклда далолатнома тузилади.
20. Далолатномада қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:
назорат тадбири амалга оширилган сана;
фармойишнинг рақами ва санаси;
назорат тадбири ўтказилган кредит ташкилотининг номи;
назорат тадбири бевосита жойига чиққан ҳолда ёки масофадан туриб ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот;
«сирли мижоз» томонидан назорат тадбири давомида амалга оширилган операциялар (ҳаракатлар);
назорат тадбири давомида амалга оширилган нақд ёки нақд пулсиз тўловлар тўғрисида маълумот (агар шундай тўловлар амалга оширилган бўлса);
«сирли мижоз» томонидан кредит ташкилоти фаолиятида аниқланган хато ва камчиликлар (ёки уларнинг мавжуд эмаслиги) тўғрисида маълумот;
назорат тадбирини амалга оширган «сирли мижоз»нинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
қўшимча маълумотлар (агар мавжуд бўлса).
Далолатнома «сирли мижоз» томонидан имзоланади.
21. Далолатнома расмийлаштирилган куннинг ўзида унинг нусхаси назорат тадбири ўтказилган кредит ташкилотининг раҳбари ёки унинг ўринбосарига «сирли мижоз» томонидан қоғоз шаклида топширилади ва бу ҳақда далолатномага белги (далолатнома нусхасини қабул қилиб олган кредит ташкилотининг раҳбари ёки унинг ўринбосари имзоси, лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми) қўйилади.
Кредит ташкилотининг раҳбари ёки унинг ўринбосари далолатнома нусхасини олишдан бош тортган тақдирда, «сирли мижоз» далолатномага унинг нусхасини олишдан бош тортганлиги тўғрисида белги (кредит ташкилотининг раҳбари ёки унинг ўринбосари далолатнома нусхасини олишдан бош тортди деб ёзади ва имзоси билан тасдиқлайди) қўйилади.
Бунда кредит ташкилотининг раҳбари ёки унинг ўринбосари далолатнома нусхасини олишдан бош тортганда ёки назорат тадбири якунида кредит ташкилотининг раҳбари ёки унинг ўринбосарини топишнинг имкони бўлмаганда, далолатнома нусхаси мазкур далолатнома тузилган санадан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай назорат тадбири ўтказилган кредит ташкилотига юборилади.
22. Назорат тадбири натижасига асосан кредит ташкилоти томонидан қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда, далолатнома нусхаси мазкур далолатнома тузилган санадан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай назорат тадбири ўтказилган кредит ташкилотининг бош офисига юборилади.
23. Агар кредит ташкилотида ўтказилган назорат тадбири юзасидан эътирозлар (фикр-мулоҳазалар) мавжуд бўлса, бу тўғрисида далолатнома нусхасини олган кундан бошлаб ўн иш кунидан кечиктирмай Марказий банк ёки унинг ҳудудий бошқармасига асослантирилган тушунтириш юбориши лозим.
24. Агар назорат тадбири кредит ташкилотида ўтказилаётган инспекция текшируви давомида амалга оширилган бўлса, далолатнома нусхаси кредит ташкилотида ўтказилган инспекция ҳисоботига илова қилинади.
25. Далолатнома кредит ташкилоти томонидан қабул қилинган кундан бошлаб:
уч кундан кечиктирмай Шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг намунавий тартибига (рўйхат рақами 3478, 2023 йил 15 ноябрь) мувофиқ, назорат тадбири пайтида олинган шахсий маълумотларни қайта ишлашни тўхтатади ёки унинг тугатилишини таъминлайди ва йўқ қилади ёки уларнинг йўқ қилинишини таъминлайди;
ўттиз иш кунидан кечиктирмай «сирли мижоз» томонидан олинган Марказий банкнинг маблағларини ушбу «сирли мижоз»нинг сўровига асосан қайтариш чораларини кўради.
26. Кредит ташкилоти назорат тадбирини ўтказиш давомида тадбирда иштирок этган «сирли мижоз» билан амалга оширилган ҳаракатлар бўйича маълумотларни кредит бюроларига юборган тақдирда, кредит ташкилоти далолатнома нусхасини олган кундан кейинги ўн иш кунидан кечиктирмай кредит тарихи ёзувларини ва (ёки) бошқа маълумотларни бекор қилиш ёхуд кредит ҳисоботларига киритиладиган маълумотлардан чиқариш бўйича зарурий чора-тадбирларни амалга ошириши лозим.
27. Далолатноманинг қоғоз шакли ва сканер қилинган пдф формати ҳамда аудио ва видеоёзувлар бир йил муддат давомида Марказий банк ёки унинг ҳудудий бошқармасида сақланади.
28. Назорат тадбирлари давомида аниқланган қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатлари бўйича кредит ташкилотларига нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш масаласи Марказий банк томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
3-боб. Якуний қоида
29. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Кредит ташкилотларида истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан «сирли мижоз» усулидаги назорат тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Назорат тадбири амалга оширилганлиги тўғрисидаги далолатнома №__________ Назорат тадбири ўтказилган ҳудуд ва сана:____________________________ «___» «___________» 20___ йил Мазкур далолатнома ________________________________ да (назорат тадбири ўтказилган кредит ташкилотининг қисқартирилган ёки тўлиқ номи) ўтказилган назорат тадбири натижалари бўйича тузилди. Назорат тадбирини ўтказиш тўғрисидаги фармойишнинг рақами ва санаси: № _______, «____» __________ 20___ йил. Назорат тадбирини амалга ошириш шакли: _________________________. (бевосита жойига чиққан ҳолда ёки масофадан туриб кўрсатилади) Назорат тадбири давомида амалга оширилган операциялар (ҳаракатлар): _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________ Назорат тадбири давомида амалга оширилган нақд ёки нақд пулсиз тўловлар ҳақида маълумот (агар амалга оширилган бўлса): _______________________________________________________________. Назорат тадбирини ўтказиш жараёнида: 1. Сарфланган пул маблағлари суммаси (агар сарфланган бўлса): ___________ 2. Марказий банкнинг фойдаланилган бошқа мол-мулки (агар фойдаланилган бўлса): ____________________________________________________________ 3. Масофадан туриб назорат тадбирини ўтказишда фойдаланилган ахборот-коммуникация технологиялари тўғрисида маълумот: ___________________________________________________________________ 4. Аниқланган ҳолатлар (кредит ташкилотлари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш чоғида уларнинг фаолиятига қўйиладиган талабларга доир амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилиши аниқланганлиги тўғрисидаги маълумотлар (қонунчилик ҳужжатининг номи ва тегишли моддаси/банди кўрсатилади) ________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________ 5. Яширин аудио ёки видео техник мосламаларидан фойдаланган ёки фойдаланмаган ҳолда амалга оширилганлиги кўрсатилади: ________________________________________________________________________________________ 6. Далолатномага илова қилинадиган ҳужжатлар (агар мавжуд бўлса): ________________________________________________________________________________________ 7. Қўшимча маълумотлар: _________________________________________________ Мазкур далолатноманинг нусхаси «___» ___________ 20__ йил соат __:__ да назорат тадбири ўтказилган кредит ташкилотига тақдим этилди: Топширди: (Ф.И.О ва имзоси) _________________________________________________ Қабул қилди: (Ф.И.О ва имзоси) ________________________________________________ Далолатнома нусхасини олишдан бош тортди: (бош тортган шахс ва «сирли мижоз»нинг Ф.И.О ва имзоси) ________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________ «Сирли мижоз»нинг Ф.И.О ва имзоси
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 2 декабрь,
31/2-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining
qarori
NIZOM
Kredit tashkilotlarida isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish talablariga rioya etilishini taʼminlash yuzasidan “sirli mijoz” usulidagi nazorat tadbirlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq Markaziy bank boshqaruvi qaror qiladi:
1. Kredit tashkilotlarida isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish talablariga rioya etilishini taʼminlash yuzasidan “sirli mijoz” usulidagi nazorat tadbirlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2025-yil 2-dekabrdagi 31/2-son qaroriga ILOVA
Kredit tashkilotlarida isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish talablariga rioya etilishini taʼminlash yuzasidan “sirli mijoz” usulidagi nazorat tadbirlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi
Ushbu Nizom kredit tashkilotlari tomonidan moliyaviy xizmatlar isteʼmolchilari (bundan buyon matnda isteʼmolchi deb yuritiladi) bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirish chogʻida ularning faoliyatiga qoʻyiladigan talablarga rioya etilishini tekshirish maqsadida “sirli mijoz” usulidagi nazorat tadbirlarini oʻtkazish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom maqsadida quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
kredit tashkilotlari — banklar, mikromoliya tashkilotlari va lombardlar yoki ularning hududiy xizmat koʻrsatish boʻlinmasi (filial, bank xizmatlari koʻrsatish markazi va boshqalar);
“sirli mijoz” — kredit tashkilotlari tomonidan isteʼmolchilar bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirish chogʻida ularning faoliyatiga qoʻyiladigan talablarga rioya etilishini tekshirish maqsadida kredit tashkilotining faoliyati doirasida bitimlar tuzish yoki operatsiyalarni bajarish boʻyicha harakatlarni amalga oshiradigan Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) yoki uning hududiy boshqarmasining masʼul xodimlari;
“sirli mijoz” usulidagi nazorat tadbirlari (bundan buyon matnda nazorat tadbiri deb yuritiladi) — kredit tashkilotlari tomonidan isteʼmolchilar bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirish chogʻida ularning faoliyatiga qoʻyiladigan talablarga rioya etilishini tekshirish boʻyicha amalga oshiriladigan tadbirlar.
2. Nazorat tadbiri bevosita joyiga chiqqan holda yoki masofadan turib amalga oshiriladi.
3. Nazorat tadbiri qonuniylik, tadbir oʻtkazilayotganligining sir saqlanishi, begʻarazlik va xolislik, kredit tashkilotining moliyaviy-xoʻjalik faoliyatiga aralashmaslik, korrupsiyaga va manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻymaslik prinsiplariga asoslangan holda “sirli mijoz” tomonidan amalga oshiriladi.
4. Nazorat tadbiri kredit tashkilotini oldindan xabardor qilmagan holda amalga oshiriladi.
5. Nazorat tadbirining vazifalari quyidagilardan iborat:
kredit tashkilotlari faoliyatida isteʼmolchilarning huquqlari himoya qilinishini taʼminlash;
kredit tashkilotlari tomonidan isteʼmolchilar bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirishda ularning faoliyatiga qoʻyiladigan qonunchilik talablariga rioya qilinishini oʻrganish va ushbu talablar buzilishining oldini olish;
kredit tashkilotlarining moliyaviy xizmatlar koʻrsatish jarayonlaridagi mavjud tizimli kamchiliklarini va ularni keltirib chiqarayotgan sabablarni tahlil qilish;
isteʼmolchilarning murojaatlari, ommaviy axborot vositalari, Internet jahon axborot tarmogʻi va ijtimoiy tarmoqlardagi materiallarda bayon etilgan holatlarga hamda jamoatchilik fikrini oʻrganish natijasida yuzaga kelgan masalalarga aniqlik kiritish;
oʻtkazilgan nazorat tadbiri natijalari asosida amaldagi qonunchilik hujjatlari talablarini takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;
nazorat tadbiri natijalariga koʻra, kamchilikka yoʻl qoʻygan kredit tashkilotlariga mavjud muammoni bartaraf etish yuzasidan koʻrsatmalar, shuningdek, xizmatlar koʻrsatish sifatini yaxshilash boʻyicha tavsiyalar berish;
aniqlangan qoidabuzarlik holatlari boʻyicha kredit tashkilotlariga nisbatan qonunchilikka muvofiq tegishli choralar koʻrish.
6. Nazorat tadbirini oʻtkazishda kredit tashkilotining moliyaviy-xoʻjalik faoliyatiga aralashish, isteʼmolchi sifatida tanishish mumkin boʻlmagan hujjatlarni soʻrash va talab qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.
2-bob. Nazorat tadbirini tashkil etish va oʻtkazish
7. Nazorat tadbiri quyidagi maʼlumotlar asosida tashkil etiladi:
isteʼmolchilarning koʻrsatilayotgan moliyaviy xizmatlar bilan bogʻliq murojaatlarida qayd etilgan asosli eʼtiroz va kamchiliklar;
ommaviy axborot vositalari, Internet jahon axborot tarmogʻi va ijtimoiy tarmoqlarda isteʼmolchilarning huquqlari buzilishiga oid materiallar;
kredit tashkilotlari faoliyatida qonunchilik talablari buzilishi alomatlari mavjudligi yuzasidan jamoatchilik fikri;
amaldagi qonunchilik hujjatlari talablarining kredit tashkilotlari amaliyotida qoʻllanilayotganligini (ijrosini) oʻrganish boʻyicha tahlillar;
isteʼmolchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlari buzilishini oldini olishga qaratilgan nazorat choralarini qoʻllash boʻyicha maʼlumotlar.
8. Nazorat tadbiri mazkur Nizomning 7-bandida nazarda tutilgan maʼlumotlar asosida va (yoki) isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish talablariga rioya etilishi va qoidabuzarliklarni oldini olish maqsadida Markaziy bank raisining oʻrinbosari yoki Markaziy bank hududiy bosh boshqarmasi boshligʻining nazorat tadbirini oʻtkazish toʻgʻrisidagi farmoyishiga (bundan buyon matnda farmoyish deb yuritiladi) muvofiq amalga oshiriladi.
9. Nazorat tadbiri farmoyishda koʻrsatilgan “sirli mijoz” tomonidan amalga oshiriladi. Bunda bevosita joyiga chiqqan holda nazorat tadbiri kamida 2 nafar “sirli mijoz” ishtirokida oʻtkazilishi talab etiladi.
10. Farmoyishda koʻrsatilgan “sirli mijoz”ni oʻzgartirish zarurati yuzaga kelsa, farmoyishga tegishli oʻzgartirish kiritiladi va ushbu Nizomning 8-bandida koʻrsatilgan Markaziy bank yoki uning hududiy bosh boshqarmasining mansabdor shaxslaridan biri tomonidan imzolanadi.
11. Farmoyishda bir kredit tashkilotida nazorat tadbirini oʻtkazish uchun uch ish kunigacha, davomli operatsiyalar (harakatlar) uchun ushbu operatsiyaning (harakatning) oxirgi kunigacha boʻlgan muddat belgilanishi mumkin.
12. Farmoyishda quyidagi maʼlumotlar aks ettirilgan boʻlishi lozim:
nazorat tadbiri oʻtkaziladigan kredit tashkiloti nomi;
nazorat tadbiri oʻtkazilishi lozim boʻlgan muddat;
oʻtkaziladigan nazorat tadbirining turi (bevosita joyiga chiqqan holda yoki masofadan turib);
nazorat tadbiri davomida amalga oshirilishi lozim boʻlgan operatsiyalar (harakatlar);
nazorat tadbirini amalga oshirish uchun zarur boʻlgan pul mablagʻlari (zarur boʻlganda);
“sirli mijoz”larning familiyasi, ismi, otasining ismi va lavozimi;
nazorat tadbiri natijalarini rasmiylashtirish;
nazorat tadbiri davomida foto, audio va videotasvirlarning zarurligi toʻgʻrisida maʼlumot.
13. Nazorat tadbiri pul mablagʻlaridan foydalangan holda yoki ulardan foydalanmasdan turib amalga oshirilishi mumkin.
14. Nazorat tadbirini bevosita joyiga chiqqan holda oʻtkazish jarayonida kredit tashkiloti xodimini huquqbuzarlik sodir etishga undash taqiqlanadi.
15. “Sirli mijoz” kredit tashkilotiga isteʼmolchi sifatida boradi va farmoyishda koʻrsatilgan operatsiyalarni (harakatlarni) amalga oshiradi.
16. Nazorat tadbiri masofadan turib amalga oshirilganda kredit tashkilotining rasmiy veb-sayti, masofaviy xizmat koʻrsatish tizimlari va boshqa axborot-kommunikatsiya vositalaridan foydalaniladi.
17. Nazorat tadbiri davomida yashirin audio yoki video kuzatuv moslamalaridan foydalanilishi mumkin.
Masofadan turib amalga oshiriladigan nazorat tadbiri dasturiy-texnik vositalar yoki kompyuter, planshet va smartfon ekranida namoyon boʻladigan tasvirlarni texnik vositalar yordamida videoyozish orqali amalga oshirilishi lozim.
18. Nazorat tadbiri davomida yozib olingan audio yoki video kuzatuv moslamalaridagi maʼlumotlardan faqat mazkur Nizom doirasida Markaziy bank tomonidan nazorat choralarini amalga oshirishda hamda oʻtkazilgan nazorat tadbirlari boʻyicha nizoli vaziyatlarga aniqlik kiritish maqsadida foydalaniladi.
Nazorat tadbiri natijalari, uni oʻtkazish davomida toʻplangan foto va video materiallar shaxsga doir maʼlumotlar boʻyicha amaldagi qonunchilik talablariga rioya qilgan holda isteʼmolchilarning xabardorligini oshirish uchun Markaziy bankning rasmiy veb-saytida yoki ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida eʼlon qilinishi mumkin.
19. Nazorat tadbiri yakunlangandan soʻng, “sirli mijoz” tomonidan mazkur Nizomning ilovasida keltirilgan shaklda dalolatnoma tuziladi.
20. Dalolatnomada quyidagi maʼlumotlar aks ettiriladi:
nazorat tadbiri amalga oshirilgan sana;
farmoyishning raqami va sanasi;
nazorat tadbiri oʻtkazilgan kredit tashkilotining nomi;
nazorat tadbiri bevosita joyiga chiqqan holda yoki masofadan turib oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumot;
“sirli mijoz” tomonidan nazorat tadbiri davomida amalga oshirilgan operatsiyalar (harakatlar);
nazorat tadbiri davomida amalga oshirilgan naqd yoki naqd pulsiz toʻlovlar toʻgʻrisida maʼlumot (agar shunday toʻlovlar amalga oshirilgan boʻlsa);
“sirli mijoz” tomonidan kredit tashkiloti faoliyatida aniqlangan xato va kamchiliklar (yoki ularning mavjud emasligi) toʻgʻrisida maʼlumot;
nazorat tadbirini amalga oshirgan “sirli mijoz”ning familiyasi, ismi va otasining ismi;
qoʻshimcha maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa).
Dalolatnoma “sirli mijoz” tomonidan imzolanadi.
21. Dalolatnoma rasmiylashtirilgan kunning oʻzida uning nusxasi nazorat tadbiri oʻtkazilgan kredit tashkilotining rahbari yoki uning oʻrinbosariga “sirli mijoz” tomonidan qogʻoz shaklida topshiriladi va bu haqda dalolatnomaga belgi (dalolatnoma nusxasini qabul qilib olgan kredit tashkilotining rahbari yoki uning oʻrinbosari imzosi, lavozimi, familiyasi, ismi, otasining ismi) qoʻyiladi.
Kredit tashkilotining rahbari yoki uning oʻrinbosari dalolatnoma nusxasini olishdan bosh tortgan taqdirda, “sirli mijoz” dalolatnomaga uning nusxasini olishdan bosh tortganligi toʻgʻrisida belgi (kredit tashkilotining rahbari yoki uning oʻrinbosari dalolatnoma nusxasini olishdan bosh tortdi deb yozadi va imzosi bilan tasdiqlaydi) qoʻyiladi.
Bunda kredit tashkilotining rahbari yoki uning oʻrinbosari dalolatnoma nusxasini olishdan bosh tortganda yoki nazorat tadbiri yakunida kredit tashkilotining rahbari yoki uning oʻrinbosarini topishning imkoni boʻlmaganda, dalolatnoma nusxasi mazkur dalolatnoma tuzilgan sanadan boshlab besh ish kunidan kechiktirmay nazorat tadbiri oʻtkazilgan kredit tashkilotiga yuboriladi.
22. Nazorat tadbiri natijasiga asosan kredit tashkiloti tomonidan qonunchilik hujjatlari talablari buzilganligi holatlari aniqlangan taqdirda, dalolatnoma nusxasi mazkur dalolatnoma tuzilgan sanadan boshlab besh ish kunidan kechiktirmay nazorat tadbiri oʻtkazilgan kredit tashkilotining bosh ofisiga yuboriladi.
23. Agar kredit tashkilotida oʻtkazilgan nazorat tadbiri yuzasidan eʼtirozlar (fikr-mulohazalar) mavjud boʻlsa, bu toʻgʻrisida dalolatnoma nusxasini olgan kundan boshlab oʻn ish kunidan kechiktirmay Markaziy bank yoki uning hududiy boshqarmasiga asoslantirilgan tushuntirish yuborishi lozim.
24. Agar nazorat tadbiri kredit tashkilotida oʻtkazilayotgan inspeksiya tekshiruvi davomida amalga oshirilgan boʻlsa, dalolatnoma nusxasi kredit tashkilotida oʻtkazilgan inspeksiya hisobotiga ilova qilinadi.
25. Dalolatnoma kredit tashkiloti tomonidan qabul qilingan kundan boshlab:
uch kundan kechiktirmay Shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishning namunaviy tartibiga (roʻyxat raqami 3478, 2023-yil 15-noyabr) muvofiq, nazorat tadbiri paytida olingan shaxsiy maʼlumotlarni qayta ishlashni toʻxtatadi yoki uning tugatilishini taʼminlaydi va yoʻq qiladi yoki ularning yoʻq qilinishini taʼminlaydi;
oʻttiz ish kunidan kechiktirmay “sirli mijoz” tomonidan olingan Markaziy bankning mablagʻlarini ushbu “sirli mijoz”ning soʻroviga asosan qaytarish choralarini koʻradi.
26. Kredit tashkiloti nazorat tadbirini oʻtkazish davomida tadbirda ishtirok etgan “sirli mijoz” bilan amalga oshirilgan harakatlar boʻyicha maʼlumotlarni kredit byurolariga yuborgan taqdirda, kredit tashkiloti dalolatnoma nusxasini olgan kundan keyingi oʻn ish kunidan kechiktirmay kredit tarixi yozuvlarini va (yoki) boshqa maʼlumotlarni bekor qilish yoxud kredit hisobotlariga kiritiladigan maʼlumotlardan chiqarish boʻyicha zaruriy chora-tadbirlarni amalga oshirishi lozim.
27. Dalolatnomaning qogʻoz shakli va skaner qilingan pdf formati hamda audio va videoyozuvlar bir yil muddat davomida Markaziy bank yoki uning hududiy boshqarmasida saqlanadi.
28. Nazorat tadbirlari davomida aniqlangan qonunchilik hujjatlari talablari buzilishi holatlari boʻyicha kredit tashkilotlariga nisbatan javobgarlik choralarini qoʻllash masalasi Markaziy bank tomonidan belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
3-bob. Yakuniy qoida
29. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.
Kredit tashkilotlarida isteʼmolchilarga xizmat koʻrsatish talablariga rioya etilishini taʼminlash yuzasidan “sirli mijoz” usulidagi nazorat tadbirlarini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Nazorat tadbiri amalga oshirilganligi toʻgʻrisidagi dalolatnoma №__________ Nazorat tadbiri oʻtkazilgan hudud va sana:____________________________ “___” “___________” 20___ yil Mazkur dalolatnoma ________________________________ da (nazorat tadbiri oʻtkazilgan kredit tashkilotining qisqartirilgan yoki toʻliq nomi) oʻtkazilgan nazorat tadbiri natijalari boʻyicha tuzildi. Nazorat tadbirini oʻtkazish toʻgʻrisidagi farmoyishning raqami va sanasi: № _______, “____” __________ 20___ yil. Nazorat tadbirini amalga oshirish shakli: _________________________. (bevosita joyiga chiqqan holda yoki masofadan turib koʻrsatiladi) Nazorat tadbiri davomida amalga oshirilgan operatsiyalar (harakatlar): _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________ _________________ Nazorat tadbiri davomida amalga oshirilgan naqd yoki naqd pulsiz toʻlovlar haqida maʼlumot (agar amalga oshirilgan boʻlsa): _______________________________________________________________. Nazorat tadbirini oʻtkazish jarayonida: 1. Sarflangan pul mablagʻlari summasi (agar sarflangan boʻlsa): ___________ 2. Markaziy bankning foydalanilgan boshqa mol-mulki (agar foydalanilgan boʻlsa): ____________________________________________________________ 3. Masofadan turib nazorat tadbirini oʻtkazishda foydalanilgan axborot-kommunikatsiya texnologiyalari toʻgʻrisida maʼlumot: ___________________________________________________________________ 4. Aniqlangan holatlar (kredit tashkilotlari tomonidan isteʼmolchilar bilan oʻzaro munosabatlarni amalga oshirish chogʻida ularning faoliyatiga qoʻyiladigan talablarga doir amaldagi qonunchilik hujjatlari talablarining buzilishi aniqlanganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (qonunchilik hujjatining nomi va tegishli moddasi/bandi koʻrsatiladi) ________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________ 5. Yashirin audio yoki video texnik moslamalaridan foydalangan yoki foydalanmagan holda amalga oshirilganligi koʻrsatiladi: ________________________________________________________________________________________ 6. Dalolatnomaga ilova qilinadigan hujjatlar (agar mavjud boʻlsa): ________________________________________________________________________________________ 7. Qoʻshimcha maʼlumotlar: _________________________________________________ Mazkur dalolatnomaning nusxasi “___” ___________ 20__ yil soat __:__ da nazorat tadbiri oʻtkazilgan kredit tashkilotiga taqdim etildi: Topshirdi: (F.I.O va imzosi) _________________________________________________ Qabul qildi: (F.I.O va imzosi) ________________________________________________ Dalolatnoma nusxasini olishdan bosh tortdi: (bosh tortgan shaxs va “sirli mijoz”ning F.I.O va imzosi) ________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________ “Sirli mijoz”ning F.I.O va imzosi
Rais T. ISHMETOV
Toshkent sh.,
2025-yil 2-dekabr,
31/2-son