📅 2025-yil 24-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 24-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 24 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 24 декабря 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 24 December 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТУЗИЛМАСИ *
МИҚДОРЛАРИ
Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга сифатли таълим олиш имкониятини яратиш, уларни жамиятга интеграция қилиш ва индивидуал ривожланишини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги), Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимликларининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
Тошкент шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги Кўп функционал инклюзив-ресурс маркази (кейинги ўринларда — Инклюзив марказ) ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда биттадан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ёки мактаб-интернатлар (кейинги ўринларда — махсус мактаблар) негизида Кўп функционал инклюзив-ресурс мактаблари (кейинги ўринларда — Инклюзив мактаблар) ташкил этиш;
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги махсус мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларининг раҳбар, педагог ва мутахассис ходимларини Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ёки лицензияга эга нодавлат таълим ташкилотларида малакасини ошириш тартибини йўлга қўйиш.
2. Қуйидагилар:
а) Инклюзив марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг имкониятлари ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ўқитиш ва касбга ўргатиш, уларни инклюзив таълим муҳитига тайёрлаш ва ижтимоий мослаштириш;
алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг индивидуал таълим режалари ҳамда индивидуал ривожланиш хариталари бўйича талабларни ишлаб чиқиш, тажрибадан ўтказиш ва жойларда татбиқ этилишини мониторинг қилиб бориш;
давлат таълим ташкилотларида, шу жумладан, инклюзив таълим йўлга қўйилган мактабларда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар билан ишлайдиган педагогларга (кейинги ўринларда — махсус педагоглар) жойига чиқиб амалий ёрдам кўрсатиш ва сайёр ўқув-семинарлар ўтказиш;
махсус педагоглар учун амалий стажировка ва ўқув-семинарларни ташкил этиш;
махсус педагоглар фаолиятига доир талабларни белгилаш, уларнинг билим ва кўникмасини баҳолаш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда касбий сертификатлаш;
алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар таълими учун замонавий методикалар, ўқув-дидактик материаллар ва ассистив воситаларни тажриба-синовдан ўтказиш ва амалиётга жорий этиш;
алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга реабилитация, коррекцион ва психологик-педагогик хизматларни кўрсатиш;
б) Инклюзив мактабларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг имкониятлари ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ўқитиш ва касбга ўргатиш, уларни инклюзив таълим муҳитига тайёрлаш ва ижтимоий мослаштириш;
махсус педагогларга жойига чиқиб амалий ёрдам кўрсатиш ва сайёр ўқув-семинарлар ўтказиш;
махсус педагоглар учун амалий стажировка ва ўқув-семинарларни ташкил этиш;
алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида коррекцион ва психологик-педагогик хизматларни кўрсатиш;
алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг ота-оналари учун педагогик ва психологик кўникмаларни оширишга қаратилган махсус курсларни ташкил этиш.
3. Белгилансинки:
а) 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Инклюзив марказ таркибида тажриба-синов тариқасида инклюзив-коррекцион мактаб (кейинги ўринларда — инклюзив-коррекцион мактаб) фаолияти йўлга қўйилади ва унда таълим жараёни қуйидаги тартибда ташкил этилади:
бошланғич синфлар учун ўқувчиларни мослаштириш, таълим ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш ҳамда ривожлантириш, шунингдек, индивидуал таълим режаси асосида коррекцион ва қўшимча машғулотларни ўз ичига олган инклюзив синфлар фаолияти йўлга қўйилади;
ўрта ва юқори синфларда индивидуал таълим режаси асосида фан, касб ва коррекцион машғулотлар ўтказилади;
инклюзив-коррекцион мактабнинг ўрта ва юқори синфларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган 8 нафар ўқувчи учун 1,0 бирлик ҳисобидан педагог лавозими, бошланғич инклюзив синфларда 14 нафар ўқувчи учун 1,0 бирлик ҳисобидан педагог лавозими, ўрта ва юқори синфларда 20 нафар алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган ўқувчилар учун 1,0 бирлик ҳисобидан ёрдамчи педагог лавозими штат бирликлари ажратилади.
Бунда педагог ва ёрдамчи педагог ходимлар иш режаси ҳафтасига 36 соатлик иш режимидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади ҳамда ўқув дарс соатларидан бошқа вақтларда Инклюзив марказ директорининг иш тақсимотига асосан фаолият олиб боради;
б) Инклюзив марказда фаолият кўрсатувчи техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг лавозим маошларига 50 фоиз, қолган барча ходимларнинг лавозим маошларига 100 фоиз миқдорида бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик устамалар тўланади;
в) Инклюзив марказ алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг индивидуал таълим режалари ва индивидуал ривожланиш хариталарини махсус мактабларда жорий этилиши ва юритилишини таҳлил қилиб боради ҳамда жойига чиққан ҳолда ўрганиб боради;
г) Инклюзив марказда:
умумтаълим мактабларининг инклюзив синфларида таълим олувчи ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун асосий мактабдаги дарсларига қўшимча фан, касб ва коррекцион машғулотлар йўлга қўйилади;
2026 йил 1 октябрдан бошлаб давлат таълим ташкилотларининг махсус педагоглари учун амалий стажировкалар ташкил этилади;
д) 2027 йил 1 январдан бошлаб Инклюзив марказда давлат таълим ташкилотлари махсус педагогларининг билим ва кўникмасини баҳолаш учун махсус педагогларни касбий сертификатлаш тизими жорий қилинади. Бунда 2028/2029 ўқув йилидан бошлаб фақат мазкур кичик бандда назарда тутилган сертификат олган махсус педагоглар билан белгиланган тартибда ўқитувчи сифатида меҳнат шартномаси тузилади;
е) Инклюзив марказ ўқувчилари алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар учун озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилишнинг ўртача суткалик нормалари бўйича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат билан таъминланади;
ж) 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб ҳудудларда босқичма-босқич Инклюзив мактаблар фаолияти йўлга қўйилади ҳамда улардаги педагоглар сони мазкур банднинг «а» кичик бандида инклюзив-коррекцион мактаб учун белгиланган меъёрлар асосида белгиланади.
з) 2026 йил 15 майдан бошлаб махсус мактабларнинг, 2026 йил 2 октябрдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги мактабгача таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — мактабгача таълим ташкилотлари)нинг раҳбар, педагог ва мутахассис ходимлари учун беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда ўтказиладиган малака ошириш курслари жорий қилинади. Бунда:
махсус мактаблар ҳамда мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ва мутахассис ходимлари учун малака ошириш курсининг давомийлиги камида 100 соат, раҳбар ходимлари учун камида 144 соат этиб белгиланади;
малака ошириш курсларидаги ўқув жараёни гуруҳларнинг тўлдирилишига боғлиқ ҳолда, тингловчилар сони 25 нафардан кам бўлмаган ва 30 нафардан кўп бўлмаган академик гуруҳларда ташкил этилади;
малака ошириш курслари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг буюртмасига биноан Мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланадиган касбий ривожлантириш таълим ташкилотлари реестрига киритилган нодавлат таълим ташкилотлари ёки педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари (кейинги ўринларда — малака ошириш ташкилотлари) томонидан амалга оширилади;
малака ошириш курслари учун тўловлар малака ошириш ташкилотлари ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўртасида тўғридан-тўғри тузиладиган шартномалар асосида (тузилган шартнома суммасининг 30 фоизини олдиндан тўлашни назарда тутган ҳолда) ҳар бир тингловчи учун белгиланган миқдордан келиб чиқиб Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
бир нафар тингловчи учун тўланадиган маблағ миқдори Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва малака ошириш ташкилоти томонидан белгиланади. Бунда бир нафар раҳбар тингловчи учун тўланадиган маблағ миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан, педагог ва мутахассис ходимлар учун уч бараваридан ошмаслиги лозим;
малака ошириш курслари малака ошириш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган ўқув режа ва дастурлари бўйича онлайн ёки офлайн шаклда амалга оширилади;
малака ошириш даврида тингловчиларнинг асосий иш жойи бўйича лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади, ўқув юкламалари эса бошқа педагог ходимлар ўртасида тақсимланади.
4. Қуйидагилар:
Кўп функционал инклюзив-ресурс марказининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Кўп функционал инклюзив-ресурс марказининг намунавий штат бирликлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда 2026 йилдан бошлаб алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни яшаш жойига яқин ҳудудда таълим олишини таъминлаш мақсадида Инклюзив мактаблар сифатида ташкил этилмайдиган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар негизида босқичма-босқич кўп тармоқли мактаблар фаолиятини йўлга қўйсин.
6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Инклюзив марказ штат бирликлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги муассасаларнинг 2025-2026 йилларда мақбуллаштирилган штатлари ҳамда қисқартирилган синфлар ҳисобига камайтирилган ўқув соатлари (педагогик ставкалар) ҳисобига иқтисод қилинган маблағлар ҳисобига шакллантирилади;
Инклюзив марказнинг умумий иш ҳақи фонди ҳисобига 25 фоиз, Инклюзив мактабларнинг умумий иш ҳақи фонди ҳисобига 15 фоиз миқдорда рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади;
Инклюзив марказ ходимлари фаолиятини Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тасдиқланадиган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, Инклюзив марказнинг моддий рағбатлантириш жамғармаси маблағлари доирасида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 бараваригача миқдорида бир марталик мукофот пули тўланиши мумкин.
7. Белгилаб қўйилсинки, ушбу қарор ижроси бўйича талаб этиладиган харажатлар 2026 йилда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиси сифатида ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2027 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
8. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги:
а) икки ой муддатда:
Инклюзив марказнинг устави тасдиқланишини ва давлат рўйхатидан ўтказилишини;
Инклюзив мактаблар ва кўп тармоқли мактабларнинг устави, тузилмаси тасдиқланишини ва давлат рўйхатидан ўтказилишини;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
б) 2026 йилдан бошлаб Инклюзив мактаблар учун бино-иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашни Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритиб борсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 818-сон қарорига 1-ИЛОВА
Кўп функционал инклюзив-ресурс марказининг
Директор Директор ўринбосари (ўқув ишлари, касбга йўналтириш бўйича) Директор ўринбосари (методик ишлар, мониторинг ва стажировкани мувофиқлаштириш бўйича) Реабилитация маркази **** 24 Директор ўринбосари (маъмурий-хўжалик ишлари бўйича) Ҳисобчи 2 Педагоглар (бошланғич инклюзив, фан ўқитувчилари) ** Техник ва хизмат кўрсатиш ходимлари *** Индивидуал ривожланиш жараёнларини мониторинг қилиш бўлими 17 Кадрлар билан ишлаш бўйича инспектор 1 Касбга ўргатиш мутахассислари 8 Стажировка ва сертификатлаш бўлими 5 Бошқа ходимлар 5 Ёрдамчи педагог ** Методика ва ассистив технологияларни татбиқ этиш бўлими 4
Ходимларнинг умумий чекланган сони (техник, хизмат кўрсатувчи, педагог ва ёрдамчи педагоглар таркибидан ташқари) — 70 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимлари сони — 7 нафар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 818-сон қарорига 2-ИЛОВА
Кўп функционал инклюзив-ресурс марказининг намунавий штат бирликлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш
Т/р Таркибий бўлинмалар ва лавозимлар номи Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори Тенглаштириладиган лавозимлар номи 1. Директор Базавий тариф ставкаси Умумий ўрта таълим ташкилоти директорининг 4-гуруҳи 2. Директор ўринбосари (ўқув ишлари, касбга йўналтириш бўйича) Базавий тариф ставкаси Умумий ўрта таълим ташкилоти директорининг ўринбосарининг 4-гуруҳи 3. Директор ўринбосари (методик ишлар, мониторинг ва стажировкани мувофиқлаштириш бўйича) Базавий тариф ставкаси Умумий ўрта таълим ташкилоти директорининг ўринбосарининг 4-гуруҳи 4. Директор ўринбосари (маъмурий-хўжалик ишлари бўйича) Базавий тариф ставкаси Умумий ўрта таълим ташкилоти директорининг ўринбосарининг 4-гуруҳи 5. Кадрлар билан ишлаш бўйича инспектор (олий маълумотли) 7 Ягона тариф сеткаси разряди асосида 6. Бош ҳисобчи 12 Ягона тариф сеткаси разряди асосида 7. Ҳисобчи 9 Ягона тариф сеткаси разряди асосида Бошқа ходимлар 8. Педагоглар * Базавий тариф ставкаси Умумий ўрта таълим ташкилотларининг ўқитувчисига 9. Касбга ўргатиш мутахассислари Базавий тариф ставкаси Умумий ўрта таълим ташкилотларининг ўқитувчисига 10. Ёрдамчи педагог Базавий тариф ставкаси Барча типдаги муассасаларнинг ўрта махсус маълумотли тарбиячиси 11. Мусиқа ходими (олий маълумотли) 9 Ягона тариф сеткаси разряди асосида 12. Ахборот ресурс маркази (кутубхона) мудири (олий маълумотли) 7 Ягона тариф сеткаси разряди асосида 13. Сурдотаржимон 4 Ягона тариф сеткаси разряди асосида Индивидуал ривожланиш жараёнларини мониторинг қилиш бўлими 14. Бўлим бошлиғи Базавий тариф ставкаси Умумий ўрта таълим ташкилотининг олий тоифали ўқитувчиси 15. Бош мутахассис Базавий тариф ставкаси Умумий ўрта таълим ташкилотининг 1-тоифали ўқитувчиси Стажировка ва сертификатлаш бўлими 16. Бўлим бошлиғи Базавий тариф ставкаси Умумий ўрта таълим ташкилотининг олий тоифали ўқитувчиси 17. Бош мутахассис Базавий тариф ставкаси Умумий ўрта таълим ташкилотининг 1-тоифали ўқитувчиси Методика ва ассистив технологияларни татбиқ этиш бўлими 18. Бўлим бошлиғи Базавий тариф ставкаси Умумий ўрта таълим ташкилотининг олий тоифали ўқитувчиси 19. Бош мутахассис Базавий тариф ставкаси Умумий ўрта таълим ташкилотининг 1-тоифали ўқитувчиси Реабилитация маркази ходимлари 20. Шифокор жисмоний тарбия орқали даволаш (ЛФК) (невропатолог) Базавий тариф ставкаси Реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти тиббиёт ходими 21. Шифокор (травмотолог-ортопед) Базавий тариф ставкаси Реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти тиббиёт ходими 22. Дефектолог Базавий тариф ставкаси Реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти ўқитувчи-дефектологи 23. Логопед Базавий тариф ставкаси Реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти логопеди 24. Психолог Базавий тариф ставкаси Реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти психологи 25. Тиббий жисмоний тарбия бўйича йўриқчи (олий маълумотли) Базавий тариф ставкаси Реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти жисмоний тарбия йўриқчиси 26. Тиббий рўйхатдан ўтказувчи ҳамшира (олий маълумотли) Базавий тариф ставкаси Реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти тиббиёт ходими 27. Бошқа ходимлар - Ягона тариф сеткаси разряди асосида
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 818-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 638-сон қарори билан тасдиқланган Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари тўғрисидаги низомда :
а) 12-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«12. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари, уларнинг ихтисослашувига мувофиқ қуйидаги турларга бўлинади:
I — эшитишида нуқсонлари бўлган болалар учун мактаб ва мактаб-интернатлар;
II — кўришида нуқсонлари бўлган болалар учун «Нурли маскан» ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар;
III — руҳий ва ақлий ривожланишида нуқсонлар бўлган болалар учун мактаб ва мактаб-интернатлар;
IV — таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар учун мактаб-интернатлар;
V — кўп функционал инклюзив-ресурс мактаблар;
VI — кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактаблар»;
б) 18-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«18. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни оила муҳитида таълим олишини таъминлаш мақсадида болалар биринчи навбатда яшаш ҳудудидаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларига қабул қилинади.
Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг яшаш ҳудудида уларнинг соғлиғи ва жисмоний ҳолатига мос бўлган мазкур низомнинг 12-бандида назарда тутилган ихтисослаштирилган таълим муассасалари ёки уларда бўш ўринлар мавжуд бўлмаганда, болалар яшаш ҳудудига яқин бўлган ҳудуддаги ихтисослаштирилган таълим муассасасига жойлаштирилиши мумкин»;
в) 32-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«32. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида синфларнинг сони, энг аввало, таълим жараёни учун санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда ихтисослаштирилган таълим муассасаси турига, ундаги ўқувчилар контингенти ва синфларнинг тўлдирилишига кўра белгиланади:
Таълим йўналиши турлари ва синфлардаги болалар тоифалари Синфларнинг ўқувчилар билан тўлдирилиши Ўқувчиларнинг минимал сони Ўқувчиларнинг максимал сони 1. I тур: Эшитишида нуқсонлари бўлган болалар 8 12 2. II тур: Кўришида нуқсонлари бўлган болалар 8 12 3. III тур: Руҳий ва ақлий ривожланишида нуқсонлар бўлган болалар а) енгил даражадаги ақлий заиф болалар 12 14 б) мўътадил даражадаги ақлий заиф болалар 8 10 4. IV тур: Таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар 10 12 5. V тур: Кўп функционал инклюзив-ресурс мактаблар а) бошланғич инклюзив синфлар 25 30 шундан соғлом болалар 22 27 б) ўрта ва юқори синфлар 8 12 6. VI тур: Эшитишида нуқсони бўлган болалар 8 12 Кўришида нуқсони бўлган болалар 8 12 Руҳий ва ақлий ривожланишда нуқсони бўлган болалар: а) енгил даражадаги ақлий заиф болалар 12 14 б) мўътадил даражадаги ақлий заиф болалар 8 10 Таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар 10 12 Барча турдаги ихтисослаштирилган муассасаларда таълим олаётган мураккаб нуқсонли (ривожланишида 2 та ва ундан кўп нуқсон бўлган) болалар учун 6 8
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 январдаги 46-сон қарори билан тасдиқланган Психологик-тиббий-педагогик комиссиялар тўғрисидаги низомда :
а) 7-банднинг олтинчи хатбошиси «давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган кундузги парвариш хизматига» сўзларидан кейин «, Илк ривожланиш марказларининг «махсус мактабгача таълим хизмати» моделига» сўзлари билан тўлдирилсин;
б) 28-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«28. ПТПК аъзолари томонидан болаларни кўрикдан ўтказиш, улар билан бевосита мулоқот қилиш ва улардаги нуқсонларни тасдиқловчи ҳужжатларни ўрганиш натижасида уларнинг алоҳида таълимга бўлган эҳтиёжлари асосида тегишли таълим муассасаларига юбориш ёки юборишни рад этиш юзасидан хулоса берилади.
ПТПК томонидан болаларни кўрикдан ўтказиш натижасида уларни таълим муассасасига юборишни рад этиш юзасидан хулоса берилган тақдирда, ушбу хулоса уч иш кунида қонуний вакилларга тақдим этилади»;
в) 29-бандда :
биринчи хатбоши «ПТПКнинг» сўзидан кейин «тегишли таълим муассасаларига юбориш тўғрисидаги» сўзлари билан тўлдирилсин;
еттинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«боланинг таълим муассасаларида бўлиш муддати (ўқув йили кўрсатилади);»;
қуйидаги мазмундаги тўққизинчи ва ўнинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«бола умумтаълим муассасасига йўналтирилганда, махсус педагог ёхуд ёрдамчи ходим (ассистент-ўқитувчи) штатини ажратиш зарурияти;
инклюзив таълим синфига тавсия этилган бола учун унинг қонуний вакили томонидан таъминланадиган ёрдамчи жиҳозлар рўйхати»;
г) 34-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«34. Қуйидаги нуқсонлари мавжуд бўлган болаларга мактаб, мактаб-интернатлар синфларига юборишни рад этиш тўғрисидаги хулоса берилади:».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 24 декабрь,
818-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TUZILMASI *
MIQDORLARI
Alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarga sifatli taʼlim olish imkoniyatini yaratish, ularni jamiyatga integratsiya qilish va individual rivojlanishini qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini “Atrof-muhitni asrash va “yashil iqtisodiyot” yilida amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2025-yil 30-yanvardagi PF-16-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarga taʼlim-tarbiya berish tizimini sifat jihatidan yangi bosqichga koʻtarish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Ijtimoiy himoya milliy agentligi), Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hamda Toshkent shahri hokimliklarining quyidagi takliflariga rozilik berilsin:
Toshkent shahrida Ijtimoiy himoya milliy agentligi tizimidagi Koʻp funksional inklyuziv-resurs markazi (keyingi oʻrinlarda — Inklyuziv markaz) va Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlarda bittadan alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan maktab yoki maktab-internatlar (keyingi oʻrinlarda — maxsus maktablar) negizida Koʻp funksional inklyuziv-resurs maktablari (keyingi oʻrinlarda — Inklyuziv maktablar) tashkil etish;
Ijtimoiy himoya milliy agentligi tizimidagi maxsus maktablar va maktabgacha taʼlim tashkilotlarining rahbar, pedagog va mutaxassis xodimlarini Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan pedagog kadrlar tayyorlaydigan oliy taʼlim muassasalari yoki litsenziyaga ega nodavlat taʼlim tashkilotlarida malakasini oshirish tartibini yoʻlga qoʻyish.
2. Quyidagilar:
a) Inklyuziv markazning asosiy vazifalari etib belgilansin:
alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarning imkoniyatlari va ehtiyojlarini inobatga olgan holda oʻqitish va kasbga oʻrgatish, ularni inklyuziv taʼlim muhitiga tayyorlash va ijtimoiy moslashtirish;
alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarning individual taʼlim rejalari hamda individual rivojlanish xaritalari boʻyicha talablarni ishlab chiqish, tajribadan oʻtkazish va joylarda tatbiq etilishini monitoring qilib borish;
davlat taʼlim tashkilotlarida, shu jumladan, inklyuziv taʼlim yoʻlga qoʻyilgan maktablarda alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar bilan ishlaydigan pedagoglarga (keyingi oʻrinlarda — maxsus pedagoglar) joyiga chiqib amaliy yordam koʻrsatish va sayyor oʻquv-seminarlar oʻtkazish;
maxsus pedagoglar uchun amaliy stajirovka va oʻquv-seminarlarni tashkil etish;
maxsus pedagoglar faoliyatiga doir talablarni belgilash, ularning bilim va koʻnikmasini baholash metodologiyasini ishlab chiqish hamda kasbiy sertifikatlash;
alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar taʼlimi uchun zamonaviy metodikalar, oʻquv-didaktik materiallar va assistiv vositalarni tajriba-sinovdan oʻtkazish va amaliyotga joriy etish;
alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarni qoʻllab-quvvatlash maqsadida ularga reabilitatsiya, korreksion va psixologik-pedagogik xizmatlarni koʻrsatish;
b) Inklyuziv maktablarning asosiy vazifalari etib belgilansin:
alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarning imkoniyatlari va ehtiyojlarini inobatga olgan holda oʻqitish va kasbga oʻrgatish, ularni inklyuziv taʼlim muhitiga tayyorlash va ijtimoiy moslashtirish;
maxsus pedagoglarga joyiga chiqib amaliy yordam koʻrsatish va sayyor oʻquv-seminarlar oʻtkazish;
maxsus pedagoglar uchun amaliy stajirovka va oʻquv-seminarlarni tashkil etish;
alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarni qoʻllab-quvvatlash maqsadida korreksion va psixologik-pedagogik xizmatlarni koʻrsatish;
alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarning ota-onalari uchun pedagogik va psixologik koʻnikmalarni oshirishga qaratilgan maxsus kurslarni tashkil etish.
3. Belgilansinki:
a) 2026/2027 oʻquv yilidan boshlab Inklyuziv markaz tarkibida tajriba-sinov tariqasida inklyuziv-korreksion maktab (keyingi oʻrinlarda — inklyuziv-korreksion maktab) faoliyati yoʻlga qoʻyiladi va unda taʼlim jarayoni quyidagi tartibda tashkil etiladi:
boshlangʻich sinflar uchun oʻquvchilarni moslashtirish, taʼlim va muloqot koʻnikmalarini shakllantirish hamda rivojlantirish, shuningdek, individual taʼlim rejasi asosida korreksion va qoʻshimcha mashgʻulotlarni oʻz ichiga olgan inklyuziv sinflar faoliyati yoʻlga qoʻyiladi;
oʻrta va yuqori sinflarda individual taʼlim rejasi asosida fan, kasb va korreksion mashgʻulotlar oʻtkaziladi;
inklyuziv-korreksion maktabning oʻrta va yuqori sinflarida alohida taʼlim ehtiyojlariga ega boʻlgan 8 nafar oʻquvchi uchun 1,0 birlik hisobidan pedagog lavozimi, boshlangʻich inklyuziv sinflarda 14 nafar oʻquvchi uchun 1,0 birlik hisobidan pedagog lavozimi, oʻrta va yuqori sinflarda 20 nafar alohida taʼlim ehtiyojlariga ega boʻlgan oʻquvchilar uchun 1,0 birlik hisobidan yordamchi pedagog lavozimi shtat birliklari ajratiladi.
Bunda pedagog va yordamchi pedagog xodimlar ish rejasi haftasiga 36 soatlik ish rejimidan kelib chiqqan holda tashkil etiladi hamda oʻquv dars soatlaridan boshqa vaqtlarda Inklyuziv markaz direktorining ish taqsimotiga asosan faoliyat olib boradi;
b) Inklyuziv markazda faoliyat koʻrsatuvchi texnik va xizmat koʻrsatuvchi xodimlarning lavozim maoshlariga 50 foiz, qolgan barcha xodimlarning lavozim maoshlariga 100 foiz miqdorida budjet mablagʻlari hisobidan har oylik ustamalar toʻlanadi;
v) Inklyuziv markaz alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarning individual taʼlim rejalari va individual rivojlanish xaritalarini maxsus maktablarda joriy etilishi va yuritilishini tahlil qilib boradi hamda joyiga chiqqan holda oʻrganib boradi;
g) Inklyuziv markazda:
umumtaʼlim maktablarining inklyuziv sinflarida taʼlim oluvchi nogironligi boʻlgan oʻquvchilar uchun asosiy maktabdagi darslariga qoʻshimcha fan, kasb va korreksion mashgʻulotlar yoʻlga qoʻyiladi;
2026-yil 1-oktabrdan boshlab davlat taʼlim tashkilotlarining maxsus pedagoglari uchun amaliy stajirovkalar tashkil etiladi;
d) 2027-yil 1-yanvardan boshlab Inklyuziv markazda davlat taʼlim tashkilotlari maxsus pedagoglarining bilim va koʻnikmasini baholash uchun maxsus pedagoglarni kasbiy sertifikatlash tizimi joriy qilinadi. Bunda 2028/2029 oʻquv yilidan boshlab faqat mazkur kichik bandda nazarda tutilgan sertifikat olgan maxsus pedagoglar bilan belgilangan tartibda oʻqituvchi sifatida mehnat shartnomasi tuziladi;
e) Inklyuziv markaz oʻquvchilari alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan maktablar uchun oziq-ovqat mahsulotlari isteʼmol qilishning oʻrtacha sutkalik normalari boʻyicha Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan oziq-ovqat bilan taʼminlanadi;
j) 2027/2028 oʻquv yilidan boshlab hududlarda bosqichma-bosqich Inklyuziv maktablar faoliyati yoʻlga qoʻyiladi hamda ulardagi pedagoglar soni mazkur bandning “a” kichik bandida inklyuziv-korreksion maktab uchun belgilangan meʼyorlar asosida belgilanadi.
z) 2026-yil 15-maydan boshlab maxsus maktablarning, 2026-yil 2-oktabrdan boshlab Ijtimoiy himoya milliy agentligi tizimidagi maktabgacha taʼlim tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — maktabgacha taʼlim tashkilotlari)ning rahbar, pedagog va mutaxassis xodimlari uchun besh yilda bir marotaba ishdan ajralgan holda oʻtkaziladigan malaka oshirish kurslari joriy qilinadi. Bunda:
maxsus maktablar hamda maktabgacha taʼlim tashkilotlarining pedagog va mutaxassis xodimlari uchun malaka oshirish kursining davomiyligi kamida 100 soat, rahbar xodimlari uchun kamida 144 soat etib belgilanadi;
malaka oshirish kurslaridagi oʻquv jarayoni guruhlarning toʻldirilishiga bogʻliq holda, tinglovchilar soni 25 nafardan kam boʻlmagan va 30 nafardan koʻp boʻlmagan akademik guruhlarda tashkil etiladi;
malaka oshirish kurslari Ijtimoiy himoya milliy agentligining buyurtmasiga binoan Maktabgacha va maktab taʼlimi xodimlarining malakasini oshirish faoliyati bilan shugʻullanadigan kasbiy rivojlantirish taʼlim tashkilotlari reyestriga kiritilgan nodavlat taʼlim tashkilotlari yoki pedagog kadrlar tayyorlaydigan oliy taʼlim muassasalari (keyingi oʻrinlarda — malaka oshirish tashkilotlari) tomonidan amalga oshiriladi;
malaka oshirish kurslari uchun toʻlovlar malaka oshirish tashkilotlari va Ijtimoiy himoya milliy agentligi oʻrtasida toʻgʻridan-toʻgʻri tuziladigan shartnomalar asosida (tuzilgan shartnoma summasining 30 foizini oldindan toʻlashni nazarda tutgan holda) har bir tinglovchi uchun belgilangan miqdordan kelib chiqib Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi;
bir nafar tinglovchi uchun toʻlanadigan mablagʻ miqdori Ijtimoiy himoya milliy agentligi va malaka oshirish tashkiloti tomonidan belgilanadi. Bunda bir nafar rahbar tinglovchi uchun toʻlanadigan mablagʻ miqdori bazaviy hisoblash miqdorining oʻn baravaridan, pedagog va mutaxassis xodimlar uchun uch baravaridan oshmasligi lozim;
malaka oshirish kurslari malaka oshirish tashkilotlari tomonidan ishlab chiqilgan hamda Ijtimoiy himoya milliy agentligi bilan kelishilgan holda tasdiqlangan oʻquv reja va dasturlari boʻyicha onlayn yoki oflayn shaklda amalga oshiriladi;
malaka oshirish davrida tinglovchilarning asosiy ish joyi boʻyicha lavozimi va oʻrtacha ish haqi saqlanib qoladi, oʻquv yuklamalari esa boshqa pedagog xodimlar oʻrtasida taqsimlanadi.
4. Quyidagilar:
Koʻp funksional inklyuziv-resurs markazining tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq;
Koʻp funksional inklyuziv-resurs markazining namunaviy shtat birliklari va mehnatga haq toʻlash miqdorlari 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Ijtimoiy himoya milliy agentligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hamda Toshkent shahri hokimliklari bilan birgalikda 2026-yildan boshlab alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarni yashash joyiga yaqin hududda taʼlim olishini taʼminlash maqsadida Inklyuziv maktablar sifatida tashkil etilmaydigan alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan maktablar va maktab-internatlar negizida bosqichma-bosqich koʻp tarmoqli maktablar faoliyatini yoʻlga qoʻysin.
6. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:
Inklyuziv markaz shtat birliklari Ijtimoiy himoya milliy agentligi tizimidagi muassasalarning 2025-2026-yillarda maqbullashtirilgan shtatlari hamda qisqartirilgan sinflar hisobiga kamaytirilgan oʻquv soatlari (pedagogik stavkalar) hisobiga iqtisod qilingan mablagʻlar hisobiga shakllantiriladi;
Inklyuziv markazning umumiy ish haqi fondi hisobiga 25 foiz, Inklyuziv maktablarning umumiy ish haqi fondi hisobiga 15 foiz miqdorda ragʻbatlantirish jamgʻarmasi tashkil etiladi;
Inklyuziv markaz xodimlari faoliyatini Ijtimoiy himoya milliy agentligi tomonidan tasdiqlanadigan eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari (KPI) asosida baholash natijalaridan kelib chiqib, Inklyuziv markazning moddiy ragʻbatlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari doirasida mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 10 baravarigacha miqdorida bir martalik mukofot puli toʻlanishi mumkin.
7. Belgilab qoʻyilsinki, ushbu qaror ijrosi boʻyicha talab etiladigan xarajatlar 2026-yilda Ijtimoiy himoya milliy agentligiga birinchi darajali budjet mablagʻlari taqsimlovchisi sifatida ajratilgan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi, 2027-yildan boshlab esa Davlat budjeti parametrlarida nazarda tutiladi.
8. Ijtimoiy himoya milliy agentligi:
a) ikki oy muddatda:
Inklyuziv markazning ustavi tasdiqlanishini va davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini;
Inklyuziv maktablar va koʻp tarmoqli maktablarning ustavi, tuzilmasi tasdiqlanishini va davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini;
manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin;
b) 2026-yildan boshlab Inklyuziv maktablar uchun bino-inshootlarni qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va jihozlashni Oʻzbekiston Respublikasining ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturlariga kiritib borsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 24-dekabrdagi 818-son qaroriga 1-ILOVA
Koʻp funksional inklyuziv-resurs markazining
Direktor Direktor oʻrinbosari (oʻquv ishlari, kasbga yoʻnaltirish boʻyicha) Direktor oʻrinbosari (metodik ishlar, monitoring va stajirovkani muvofiqlashtirish boʻyicha) Reabilitatsiya markazi **** 24 Direktor oʻrinbosari (maʼmuriy-xoʻjalik ishlari boʻyicha) Hisobchi 2 Pedagoglar (boshlangʻich inklyuziv, fan oʻqituvchilari) ** Texnik va xizmat koʻrsatish xodimlari *** Individual rivojlanish jarayonlarini monitoring qilish boʻlimi 17 Kadrlar bilan ishlash boʻyicha inspektor 1 Kasbga oʻrgatish mutaxassislari 8 Stajirovka va sertifikatlash boʻlimi 5 Boshqa xodimlar 5 Yordamchi pedagog ** Metodika va assistiv texnologiyalarni tatbiq etish boʻlimi 4
Xodimlarning umumiy cheklangan soni (texnik, xizmat koʻrsatuvchi, pedagog va yordamchi pedagoglar tarkibidan tashqari) — 70 nafar, shu jumladan, boshqaruv xodimlari soni — 7 nafar.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 24-dekabrdagi 818-son qaroriga 2-ILOVA
Koʻp funksional inklyuziv-resurs markazining namunaviy shtat birliklari va mehnatga haq toʻlash
T/r Tarkibiy boʻlinmalar va lavozimlar nomi Mehnatga haq toʻlash miqdori Tenglashtiriladigan lavozimlar nomi 1. Direktor Bazaviy tarif stavkasi Umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti direktorining 4-guruhi 2. Direktor oʻrinbosari (oʻquv ishlari, kasbga yoʻnaltirish boʻyicha) Bazaviy tarif stavkasi Umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti direktorining oʻrinbosarining 4-guruhi 3. Direktor oʻrinbosari (metodik ishlar, monitoring va stajirovkani muvofiqlashtirish boʻyicha) Bazaviy tarif stavkasi Umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti direktorining oʻrinbosarining 4-guruhi 4. Direktor oʻrinbosari (maʼmuriy-xoʻjalik ishlari boʻyicha) Bazaviy tarif stavkasi Umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti direktorining oʻrinbosarining 4-guruhi 5. Kadrlar bilan ishlash boʻyicha inspektor (oliy maʼlumotli) 7 Yagona tarif setkasi razryadi asosida 6. Bosh hisobchi 12 Yagona tarif setkasi razryadi asosida 7. Hisobchi 9 Yagona tarif setkasi razryadi asosida Boshqa xodimlar 8. Pedagoglar * Bazaviy tarif stavkasi Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarining oʻqituvchisiga 9. Kasbga oʻrgatish mutaxassislari Bazaviy tarif stavkasi Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlarining oʻqituvchisiga 10. Yordamchi pedagog Bazaviy tarif stavkasi Barcha tipdagi muassasalarning oʻrta maxsus maʼlumotli tarbiyachisi 11. Musiqa xodimi (oliy maʼlumotli) 9 Yagona tarif setkasi razryadi asosida 12. Axborot resurs markazi (kutubxona) mudiri (oliy maʼlumotli) 7 Yagona tarif setkasi razryadi asosida 13. Surdotarjimon 4 Yagona tarif setkasi razryadi asosida Individual rivojlanish jarayonlarini monitoring qilish boʻlimi 14. Boʻlim boshligʻi Bazaviy tarif stavkasi Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining oliy toifali oʻqituvchisi 15. Bosh mutaxassis Bazaviy tarif stavkasi Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining 1-toifali oʻqituvchisi Stajirovka va sertifikatlash boʻlimi 16. Boʻlim boshligʻi Bazaviy tarif stavkasi Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining oliy toifali oʻqituvchisi 17. Bosh mutaxassis Bazaviy tarif stavkasi Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining 1-toifali oʻqituvchisi Metodika va assistiv texnologiyalarni tatbiq etish boʻlimi 18. Boʻlim boshligʻi Bazaviy tarif stavkasi Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining oliy toifali oʻqituvchisi 19. Bosh mutaxassis Bazaviy tarif stavkasi Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining 1-toifali oʻqituvchisi Reabilitatsiya markazi xodimlari 20. Shifokor jismoniy tarbiya orqali davolash (LFK) (nevropatolog) Bazaviy tarif stavkasi Reabilitatsiya markaziga ega davlat koʻp tarmoqli ixtisoslashtirilgan maktabgacha taʼlim tashkiloti tibbiyot xodimi 21. Shifokor (travmotolog-ortoped) Bazaviy tarif stavkasi Reabilitatsiya markaziga ega davlat koʻp tarmoqli ixtisoslashtirilgan maktabgacha taʼlim tashkiloti tibbiyot xodimi 22. Defektolog Bazaviy tarif stavkasi Reabilitatsiya markaziga ega davlat koʻp tarmoqli ixtisoslashtirilgan maktabgacha taʼlim tashkiloti oʻqituvchi-defektologi 23. Logoped Bazaviy tarif stavkasi Reabilitatsiya markaziga ega davlat koʻp tarmoqli ixtisoslashtirilgan maktabgacha taʼlim tashkiloti logopedi 24. Psixolog Bazaviy tarif stavkasi Reabilitatsiya markaziga ega davlat koʻp tarmoqli ixtisoslashtirilgan maktabgacha taʼlim tashkiloti psixologi 25. Tibbiy jismoniy tarbiya boʻyicha yoʻriqchi (oliy maʼlumotli) Bazaviy tarif stavkasi Reabilitatsiya markaziga ega davlat koʻp tarmoqli ixtisoslashtirilgan maktabgacha taʼlim tashkiloti jismoniy tarbiya yoʻriqchisi 26. Tibbiy roʻyxatdan oʻtkazuvchi hamshira (oliy maʼlumotli) Bazaviy tarif stavkasi Reabilitatsiya markaziga ega davlat koʻp tarmoqli ixtisoslashtirilgan maktabgacha taʼlim tashkiloti tibbiyot xodimi 27. Boshqa xodimlar - Yagona tarif setkasi razryadi asosida
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 24-dekabrdagi 818-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 12-oktabrdagi 638-son qarori bilan tasdiqlangan Jismoniy, aqliy, sensor yoki ruhiy nuqsonlari boʻlgan bolalar uchun davlat ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari toʻgʻrisidagi nizomda :
a) 12-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“12. Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari, ularning ixtisoslashuviga muvofiq quyidagi turlarga boʻlinadi:
I — eshitishida nuqsonlari boʻlgan bolalar uchun maktab va maktab-internatlar;
II — koʻrishida nuqsonlari boʻlgan bolalar uchun “Nurli maskan” ixtisoslashtirilgan maktab va maktab-internatlar;
III — ruhiy va aqliy rivojlanishida nuqsonlar boʻlgan bolalar uchun maktab va maktab-internatlar;
IV — tayanch-harakat apparatida nuqsoni boʻlgan bolalar uchun maktab-internatlar;
V — koʻp funksional inklyuziv-resurs maktablar;
VI — koʻp tarmoqli ixtisoslashtirilgan maktablar”;
b) 18-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“18. Alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarni oila muhitida taʼlim olishini taʼminlash maqsadida bolalar birinchi navbatda yashash hududidagi ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalariga qabul qilinadi.
Alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalarning yashash hududida ularning sogʻligʻi va jismoniy holatiga mos boʻlgan mazkur nizomning 12-bandida nazarda tutilgan ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari yoki ularda boʻsh oʻrinlar mavjud boʻlmaganda, bolalar yashash hududiga yaqin boʻlgan hududdagi ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasasiga joylashtirilishi mumkin”;
v) 32-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“32. Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalarida sinflarning soni, eng avvalo, taʼlim jarayoni uchun sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari talablarini hisobga olgan holda hamda ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasasi turiga, undagi oʻquvchilar kontingenti va sinflarning toʻldirilishiga koʻra belgilanadi:
Taʼlim yoʻnalishi turlari va sinflardagi bolalar toifalari Sinflarning oʻquvchilar bilan toʻldirilishi Oʻquvchilarning minimal soni Oʻquvchilarning maksimal soni 1. I tur: Eshitishida nuqsonlari boʻlgan bolalar 8 12 2. II tur: Koʻrishida nuqsonlari boʻlgan bolalar 8 12 3. III tur: Ruhiy va aqliy rivojlanishida nuqsonlar boʻlgan bolalar a) yengil darajadagi aqliy zaif bolalar 12 14 b) moʻtadil darajadagi aqliy zaif bolalar 8 10 4. IV tur: Tayanch-harakat apparatida nuqsoni boʻlgan bolalar 10 12 5. V tur: Koʻp funksional inklyuziv-resurs maktablar a) boshlangʻich inklyuziv sinflar 25 30 shundan sogʻlom bolalar 22 27 b) oʻrta va yuqori sinflar 8 12 6. VI tur: Eshitishida nuqsoni boʻlgan bolalar 8 12 Koʻrishida nuqsoni boʻlgan bolalar 8 12 Ruhiy va aqliy rivojlanishda nuqsoni boʻlgan bolalar: a) yengil darajadagi aqliy zaif bolalar 12 14 b) moʻtadil darajadagi aqliy zaif bolalar 8 10 Tayanch-harakat apparatida nuqsoni boʻlgan bolalar 10 12 Barcha turdagi ixtisoslashtirilgan muassasalarda taʼlim olayotgan murakkab nuqsonli (rivojlanishida 2 ta va undan koʻp nuqson boʻlgan) bolalar uchun 6 8
2. Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 25-yanvardagi 46-son qarori bilan tasdiqlangan Psixologik-tibbiy-pedagogik komissiyalar toʻgʻrisidagi nizomda :
a) 7-bandning oltinchi xatboshisi “davlat-xususiy sheriklik asosida tashkil etilgan kunduzgi parvarish xizmatiga” soʻzlaridan keyin “, Ilk rivojlanish markazlarining “maxsus maktabgacha taʼlim xizmati” modeliga” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
b) 28-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“28. PTPK aʼzolari tomonidan bolalarni koʻrikdan oʻtkazish, ular bilan bevosita muloqot qilish va ulardagi nuqsonlarni tasdiqlovchi hujjatlarni oʻrganish natijasida ularning alohida taʼlimga boʻlgan ehtiyojlari asosida tegishli taʼlim muassasalariga yuborish yoki yuborishni rad etish yuzasidan xulosa beriladi.
PTPK tomonidan bolalarni koʻrikdan oʻtkazish natijasida ularni taʼlim muassasasiga yuborishni rad etish yuzasidan xulosa berilgan taqdirda, ushbu xulosa uch ish kunida qonuniy vakillarga taqdim etiladi”;
v) 29-bandda :
birinchi xatboshi “PTPKning” soʻzidan keyin “tegishli taʼlim muassasalariga yuborish toʻgʻrisidagi” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
yettinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“bolaning taʼlim muassasalarida boʻlish muddati (oʻquv yili koʻrsatiladi);”;
quyidagi mazmundagi toʻqqizinchi va oʻninchi xatboshilar bilan toʻldirilsin:
“bola umumtaʼlim muassasasiga yoʻnaltirilganda, maxsus pedagog yoxud yordamchi xodim (assistent-oʻqituvchi) shtatini ajratish zaruriyati;
inklyuziv taʼlim sinfiga tavsiya etilgan bola uchun uning qonuniy vakili tomonidan taʼminlanadigan yordamchi jihozlar roʻyxati”;
g) 34-bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“34. Quyidagi nuqsonlari mavjud boʻlgan bolalarga maktab, maktab-internatlar sinflariga yuborishni rad etish toʻgʻrisidagi xulosa beriladi:”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 24-dekabr,
818-son