UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 26-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 26 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 26 декабря 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 26 December 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

НИЗОМ

Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 4 сентябрдаги ПФ-153-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, хўжалик операцияларининг шаффофлигини ошириш, солиқ хавфларини камайтириш ва қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисоб-китобларда рақамли бошқариш механизмларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан биргаликда ишлаб чиқилган товарларни айнан битта етказиб бериш занжири бўйича қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олишда электрон ҳисобварақ-фактураларни хавф даражасига қараб реал вақт режимида автоматлаштирилган тарзда таҳлил қилиш тизимини 2026 йил 1 январдан бошлаб жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Электрон ҳисобварақ-фактураларнинг хавф даражасини аниқлаш ва уларда акс эттирилган операциялар бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ўн беш кун муддатда:

электрон ҳисобварақ-фактураларни хавф даражасига қараб реал вақт режимида автоматлаштирилган тарзда таҳлил қилиш имконини берувчи дастурни ишлаб чиқсин ҳамда ушбу дастурни доимий такомиллаштириб бориш чораларини кўрсин;

солиқ тўловчининг шахсий кабинетида электрон ҳисобварақ-фактураларнинг хавф даражасини акс эттирган ҳолда тўлов ҳужжатларини шакллантириш ва қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ мажбурияти бажарилишини назорат қилиш функциясини яратсин;

ушбу механизмни қўллаш масалалари, унинг зарурати ва лозим даражада эҳтиёткорлик қилишдаги аҳамияти тўғрисида солиқ тўловчилар ўртасида тушунтириш ишларини олиб борсин.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Солиқ қўмитаси раиси Ф.Ж. Пулатов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 26 декабрдаги 830-сон қарорига ИЛОВА

Электрон ҳисобварақ-фактураларнинг хавф даражасини аниқлаш ва уларда акс эттирилган операциялар бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом электрон ҳисобварақ-фактураларнинг (кейинги ўринларда — ЭҲФ) товарларни (хизматларни) айнан битта етказиб бериш занжири бўйича хавф даражасини баҳолаш, уларни тегишли тоифаларга ажратиш тартибини, шунингдек, хавф даражасига қараб ЭҲФлар бўйича қўшилган қиймат солиғини (кейинги ўринларда — ҚҚС) тўлаш ва ҳисобга олиш хусусиятларини белгилайди.

2. Ушбу Низомнинг амал қилиши фаолият тури ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ҚҚС тўловчиси бўлган солиқ тўловчилар томонидан ЭҲФлар тизимида белгиланган тартибда расмийлаштирилган барча ЭҲФларга нисбатан татбиқ этилади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

инсофли солиқ тўловчи — охирги бир йилда энг кўп солиқ тўлаган, товар айланмаси энг юқори бўлган ва активлари қиймати энг юқори бўлган солиқ тўловчиларнинг бир фоизи, шунингдек, ишчилар сони 500 нафар (ҳар бир ходимга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки баробаридан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи ҳисобланган) ва ундан юқори бўлган солиқ тўловчи;

хавф даражаси аниқланган ЭҲФлар реестри — белгиланган тартибда ҚҚС тўловчилари томонидан расмийлаштирилган ЭҲФлар тўғрисидаги маълумотлар мажмуаси бўлиб, унда ушбу ЭҲФларга белгиланган хавф даражаси, ҚҚС суммаси, унинг тўлангани ҳолати ҳамда мазкур хавф даражасини инобатга олган ҳолда ҚҚСни тўлаш ва ҳисобга олиш учун зарур бўлган маълумотлар тўплами;

шубҳали солиқ тўловчи — хўжалик операцияларини расмийлаштириш ва ҳисобга олишга доир белгиланган талабларга риоя этмаслик, солиқ мажбуриятларини тўлиқ ёки ўз вақтида бажармаслик, аниқ иқтисодий мақсадга эга бўлмаган битимларда иштирок этиш ёхуд бюджет олдидаги мажбуриятларни бажармаслик ёки лозим даражада бажармасликка оид солиқ хавфини келтириб чиқарувчи хатти-ҳаракатларида ифодаланадиган солиқ қонунчилиги ҳужжатларини бузиш аломатлари аниқланган солиқ тўловчилар;

ЭҲФнинг хавф даражаси — ҳар бир ЭҲФ бўйича ҚҚСни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига (кейинги ўринларда — бюджет) тўламаслик хавфининг юзага келиши мумкин бўлган эҳтимоли ва унинг оқибатларига боғлиқ тарзда аниқланадиган хавфнинг ҳолати;

ЭҲФлар хавф даражасини баҳолаш тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) — хавф мезонлари ва алгоритмлар асосида ҳар бир ЭҲФнинг ҚҚС бўйича солиқ мажбуриятларини бажаришдаги хавф даражасини реал вақт режимида аниқловчи солиқ органлари автоматлаштирилган ахборот тизими.

4. Ахборот тизими асосида аниқланган юқори хавф даражасига эга бўлган ЭҲФларнинг улуши ҳисобот даврида ҚҚС тўловчилари томонидан расмийлаштирилган жами ЭҲФлар сонининг ўн фоизидан ошмаслиги лозим.

2-боб. ЭҲФларнинг хавф даражасини баҳолаш тартиби

5. ЭҲФларга бериладиган хавф даражаси ахборот тизими томонидан қуйидаги манбалардан олинадиган маълумотлар асосида аниқланади:

солиқ органларида мавжуд манбалардаги солиқ ва молиявий ҳисоботлар;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан солиқ органлари билан ахборот алмашинуви доирасида тақдим этиладиган маълумотлар;

халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий давлатларнинг ваколатли органларидан олинган ахборот;

солиқ текширувлари материаллари;

камерал текширувдан олдинги таҳлил доирасида аниқланган маълумотлар;

суд қарорларидаги маълумотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳужжатлари;

оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган манбалардан олинган ахборотлар.

6. ЭҲФларнинг хавф даражаси мезонлари Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси (кейинги ўринларда — Солиқ қўмитаси) томонидан қуйидагиларни инобатга олган ҳолда белгиланади:

солиқ тўловчининг тарихи;

солиқ тўловчининг молиявий ва мулкий ҳолати;

тадбиркорлик субъектлари тоифаси;

солиқ тўловчининг рўйхатга олиш маълумотлари;

юридик шахснинг муассислари ва раҳбари тўғрисидаги маълумотлар;

солиқ тўловчининг молия-хўжалик операциялари хусусияти;

солиқ тўловчи томонидан ЭҲФларни расмийлаштириш тартиби;

солиқ тўловчиларнинг хўжалик операциялари, улар билан тузилган битимларнинг иқтисодий мазмуни тўғрисидаги маълумотлар.

7. ЭҲФнинг хавф даражасини бошқариш стратегияси ва тактикаси, ахборот йиғиш, қайта ишлаш, ЭҲФнинг хавф даражасини таҳлил қилиш ва баҳолаш, шубҳали солиқ тўловчилар рўйхати, ЭҲФнинг хавф даражасини бошқаришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш Солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.

8. Ушбу Низомни қўллаш мақсадида ЭҲФлар хавф даражалари бўйича қуйидаги тоифаларга мувофиқ таснифланади:

хавф даражаси паст ЭҲФлар;

хавф даражаси юқори ЭҲФлар.

Ахборот тизими орқали солиқ қонунчилигини бузиш эҳтимоли кам ёки бўлмаган операциялар бўйича расмийлаштирилган ЭҲФлар хавф даражаси паст ЭҲФлар деб баҳоланади.

Ахборот тизими орқали солиқ қонунчилигини бузиш эҳтимоли юқори, шу жумладан, солиқни тўламаслик аломатлари мавжуд бўлган операциялар бўйича расмийлаштирилган ЭҲФлар хавф даражаси юқори ЭҲФлар деб баҳоланади.

9. ЭҲФлар ахборот тизимида назарда тутилган ҳар бир мезон бўйича тегишли баллар сонини қўшиш орқали автоматик тарзда баҳоланади.

ЭҲФлар хавф даражалари бўйича ушбу Низомга мувофиқ қўлланадиган ҳар бир мезон бўйича ҳисобланган умумий балл асосида таснифланади.

10. Солиқ тўловчининг тегишли тоифага киритилишига қараб, ЭҲФларга бериладиган хавф даражаси қуйидагича аниқланади:

инсофли солиқ тўловчилар реестрига киритилган солиқ тўловчилар томонидан расмийлаштирилган ЭҲФлар автоматик равишда паст хавф даражасига киритилади, бироқ мазкур солиқ тўловчиларда солиқдан қочиш мақсадида турли схемалардан фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, ушбу Низомнинг 20-бандида белгиланган тартибда иш юритилади;

шубҳали солиқ тўловчилар реестрига киритилган солиқ тўловчилар томонидан расмийлаштирилган ЭҲФлар автоматик равишда юқори хавф даражасига киритилади;

инсофли солиқ тўловчилар ёки шубҳали солиқ тўловчилар реестрига киритилмаган солиқ тўловчилар томонидан расмийлаштирилган ЭҲФларнинг хавф даражаси ахборот тизими томонидан аниқланади.

11. ЭҲФларга берилган хавф даражаси автоматик тарзда шакллантирилади ва солиқ тўловчи томонидан уни расмийлаштириш ва тақдим этишда кўрсатилади, ушбу кўрсатилган маълумотлар солиқ сири ҳисобланмайди.

12. Солиқ тўловчи томонидан ЭҲФни расмийлаштиришда (қабул қилишда) паст деб баҳоланган хавф даражаси ушбу ЭҲФ тасдиқлангандан (қабул қилингандан) сўнг ўзгартирилмайди (ЭҲФга тузатиш (қўшимча) киритилган ҳоллар бундан мустасно).

3-боб. Белгиланган хавф даражасини инобатга олган ҳолда ЭҲФлар бўйича ҚҚСни тўлаш тартиби

13. Ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда расмийлаштирилган ЭҲФларни таҳлил қилиш натижаларидан солиқ тўловчилар томонидан сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚС суммаларини аниқлаш учун фойдаланилади.

14. Белгиланган тартибда хавфнинг юқори даражаси тоифасига киритилган ЭҲФлар бўйича ҚҚС суммаси бюджетга тўлиқ тўлангандан кейин ҳисобга олинади.

ҚҚС тегишли ЭҲФнинг идентификация рақамини мажбурий кўрсатган ҳолда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тўланади.

15. Хавф даражаси юқори бўлган ЭҲФлар бўйича ҚҚС:

етказиб берувчи ҳисобидан ўз солиқ мажбуриятини бажариш тартибида;

сотиб олувчи ҳисобидан ихтиёрий равишда етказиб берувчининг солиқ мажбуриятини бажариш тартибида тўланади.

Хавфнинг юқори даражасига киритилган ЭҲФлар бўйича ҚҚС тўлиқ тўланмаган тақдирда, солиқ суммаси ҳақиқатда тўланган сумма доирасида ҳисобга олинади.

16. Товарларни (хизматларни) етказиб берувчи томонидан тўловлар ЭҲФларнинг идентификация рақамлари кўрсатилмасдан ҚҚС тўланган ҳолларда, сотиб олувчиларда тегишли солиқ даври учун тўланган қисмига нисбатан ҚҚС суммаси расмийлаштирилган сана ва вақти бўйича хавфлилик даражаси автоматик тарзда ажратилади.

17. Товарларни (хизматларни) сотиб олувчи томонидан хавф даражаси юқори бўлган ЭҲФлар бўйича тўланган ҚҚС суммаси етказиб берувчи ҳисобда турган солиқ органининг шахсий ҳисобварағида акс эттирилади.

Агар солиқ даври якуни бўйича товарларни (хизматларни) етказиб берувчи томонидан бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси салбий ёки ортиқча тўланган бўлса, етказиб берувчига Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ қайтарилади ёки келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олинади.

Бунда етказиб берувчининг товарлар (хизматлар) реализациясини амалга оширгунга қадар сотиб олувчидан 100 фоиз миқдорида тўлов қабул қилингандан кейин ЭҲФ расмийлаштирилганда, хавф даражаси юқори деб баҳоланганда, ҚҚСнинг сотиб олувчи томонидан қайта тўланиши Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 317-моддасига мувофиқ бошқа шахслар учун тўланган солиқлар сифатида эътироф этилади.

18. Ушбу Низомга мувофиқ ҚҚС Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган муддатларга мувофиқ тўланади.

ҚҚС белгиланган муддатдан кейин тўланган тақдирда, тўланган суммалар товарларни (хизматларни) сотиб олувчида ҚҚС амалда тўланган солиқ даврида акс эттирилади.

19. Илгари юқори хавф даражасига киритилган ЭҲФлар бўйича қўшимча ва (ёки) тузатиш киритилганда ёхуд ҚҚС тўланганда, ҳисобга олинадиган солиқ суммаси киритилган ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади.

2026 йил 1 январга қадар расмийлаштирилган ЭҲФлар бўйича тузатиш (қўшимча) киритилганда, ушбу Низомда белгиланган тартибда хавф даражаси баҳоланади ва ҚҚС тўланади.

20. Солиқ органлари тегишли ЭҲФ расмийлаштирилган хўжалик операцияси амалга оширилганини тасдиқлаш мақсадида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва асосларда солиқ текширувларини ўтказишга ҳақли.

Қалбаки (кўзбўямачилик учун тузилган) битимлар ЭҲФнинг хавф даражасидан қатъи назар, солиқ солиш мақсадида ҳисобга олинмайди. Агар бундай битимлар бошқа битимларни ниқобласа, солиқларни ҳисоблаш учун ҳақиқий битимларнинг иқтисодий мазмуни ва натижалари ҳисобга олинади.

4-боб. ЭҲФлар ҳисобини юритиш

21. Солиқ қўмитаси хавф даражасини ҳисобга олган ҳолда, ЭҲФларнинг марказлаштирилган электрон реестрини (кейинги ўринларда — Реестр) юритади.

22. ЭҲФлар Реестр ахборот тизимидан келиб тушадиган ҳамда ҚҚС тўлангани тўғрисидаги маълумотлар асосида автоматик тарзда шакллантирилади.

23. Реестрга қуйидаги маълумотлар киритилади:

ЭҲФнинг идентификация рақами;

ЭҲФни расмийлаштириш санаси ва вақти;

етказиб берувчи ва сотиб олувчининг идентификация маълумотлари;

ҚҚС миқдори;

белгиланган хавф даражаси тоифаси;

солиқ тўлангани ҳақидаги маълумотлар;

ЭҲФнинг ҳолати.

24. Реестрдаги маълумотлар қуйидаги ҳолларда автоматик тарзда янгиланади:

ЭҲФни расмийлаштириш, тузатиш ёки бекор қилишда;

хавф даражаси белгиланиши ёки ўзгартирилишида;

солиқ тўлангани ҳақидаги маълумотлар келиб тушганда;

ЭҲФ ҳолати ўзгартирилганда.

25. Солиқ тўловчилар Реестрда мавжуд ахборотдан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали фойдаланади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

26. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 26 декабрь,

830-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2025 й., 09/25/830/1240-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING

QARORI

NIZOM

Qoʻshilgan qiymat soligʻi maʼmuriyatchiligini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qishloq xoʻjaligi sohasida qoʻshilgan qiymat soligʻini hisoblashning soddalashtirilgan tartibini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 4-sentabrdagi PF-153-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, xoʻjalik operatsiyalarining shaffofligini oshirish, soliq xavflarini kamaytirish va qoʻshilgan qiymat soligʻi boʻyicha hisob-kitoblarda raqamli boshqarish mexanizmlarini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining Xalqaro valyuta jamgʻarmasi ekspertlari bilan birgalikda ishlab chiqilgan tovarlarni aynan bitta yetkazib berish zanjiri boʻyicha qoʻshilgan qiymat soligʻi summasini hisobga olishda elektron hisobvaraq-fakturalarni xavf darajasiga qarab real vaqt rejimida avtomatlashtirilgan tarzda tahlil qilish tizimini 2026-yil 1-yanvardan boshlab joriy etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. Elektron hisobvaraq-fakturalarning xavf darajasini aniqlash va ularda aks ettirilgan operatsiyalar boʻyicha qoʻshilgan qiymat soligʻini toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi oʻn besh kun muddatda:

elektron hisobvaraq-fakturalarni xavf darajasiga qarab real vaqt rejimida avtomatlashtirilgan tarzda tahlil qilish imkonini beruvchi dasturni ishlab chiqsin hamda ushbu dasturni doimiy takomillashtirib borish choralarini koʻrsin;

soliq toʻlovchining shaxsiy kabinetida elektron hisobvaraq-fakturalarning xavf darajasini aks ettirgan holda toʻlov hujjatlarini shakllantirish va qoʻshilgan qiymat soligʻi boʻyicha soliq majburiyati bajarilishini nazorat qilish funksiyasini yaratsin;

ushbu mexanizmni qoʻllash masalalari, uning zarurati va lozim darajada ehtiyotkorlik qilishdagi ahamiyati toʻgʻrisida soliq toʻlovchilar oʻrtasida tushuntirish ishlarini olib borsin.

4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov hamda Soliq qoʻmitasi raisi F.J. Pulatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 26-dekabrdagi 830-son qaroriga ILOVA

Elektron hisobvaraq-fakturalarning xavf darajasini aniqlash va ularda aks ettirilgan operatsiyalar boʻyicha qoʻshilgan qiymat soligʻini toʻlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom elektron hisobvaraq-fakturalarning (keyingi oʻrinlarda — EHF) tovarlarni (xizmatlarni) aynan bitta yetkazib berish zanjiri boʻyicha xavf darajasini baholash, ularni tegishli toifalarga ajratish tartibini, shuningdek, xavf darajasiga qarab EHFlar boʻyicha qoʻshilgan qiymat soligʻini (keyingi oʻrinlarda — QQS) toʻlash va hisobga olish xususiyatlarini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomning amal qilishi faoliyat turi va tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar, QQS toʻlovchisi boʻlgan soliq toʻlovchilar tomonidan EHFlar tizimida belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan barcha EHFlarga nisbatan tatbiq etiladi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

insofli soliq toʻlovchi — oxirgi bir yilda eng koʻp soliq toʻlagan, tovar aylanmasi eng yuqori boʻlgan va aktivlari qiymati eng yuqori boʻlgan soliq toʻlovchilarning bir foizi, shuningdek, ishchilar soni 500 nafar (har bir xodimga mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining ikki barobaridan kam boʻlmagan miqdorda ish haqi hisoblangan) va undan yuqori boʻlgan soliq toʻlovchi;

xavf darajasi aniqlangan EHFlar reyestri — belgilangan tartibda QQS toʻlovchilari tomonidan rasmiylashtirilgan EHFlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar majmuasi boʻlib, unda ushbu EHFlarga belgilangan xavf darajasi, QQS summasi, uning toʻlangani holati hamda mazkur xavf darajasini inobatga olgan holda QQSni toʻlash va hisobga olish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlar toʻplami;

shubhali soliq toʻlovchi — xoʻjalik operatsiyalarini rasmiylashtirish va hisobga olishga doir belgilangan talablarga rioya etmaslik, soliq majburiyatlarini toʻliq yoki oʻz vaqtida bajarmaslik, aniq iqtisodiy maqsadga ega boʻlmagan bitimlarda ishtirok etish yoxud budjet oldidagi majburiyatlarni bajarmaslik yoki lozim darajada bajarmaslikka oid soliq xavfini keltirib chiqaruvchi xatti-harakatlarida ifodalanadigan soliq qonunchiligi hujjatlarini buzish alomatlari aniqlangan soliq toʻlovchilar;

EHFning xavf darajasi — har bir EHF boʻyicha QQSni Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetiga (keyingi oʻrinlarda — budjet) toʻlamaslik xavfining yuzaga kelishi mumkin boʻlgan ehtimoli va uning oqibatlariga bogʻliq tarzda aniqlanadigan xavfning holati;

EHFlar xavf darajasini baholash tizimi (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) — xavf mezonlari va algoritmlar asosida har bir EHFning QQS boʻyicha soliq majburiyatlarini bajarishdagi xavf darajasini real vaqt rejimida aniqlovchi soliq organlari avtomatlashtirilgan axborot tizimi.

4. Axborot tizimi asosida aniqlangan yuqori xavf darajasiga ega boʻlgan EHFlarning ulushi hisobot davrida QQS toʻlovchilari tomonidan rasmiylashtirilgan jami EHFlar sonining oʻn foizidan oshmasligi lozim.

2-bob. EHFlarning xavf darajasini baholash tartibi

5. EHFlarga beriladigan xavf darajasi axborot tizimi tomonidan quyidagi manbalardan olinadigan maʼlumotlar asosida aniqlanadi:

soliq organlarida mavjud manbalardagi soliq va moliyaviy hisobotlar;

davlat organlari va tashkilotlari tomonidan soliq organlari bilan axborot almashinuvi doirasida taqdim etiladigan maʼlumotlar;

xalqaro hamkorlik doirasida xorijiy davlatlarning vakolatli organlaridan olingan axborot;

soliq tekshiruvlari materiallari;

kameral tekshiruvdan oldingi tahlil doirasida aniqlangan maʼlumotlar;

sud qarorlaridagi maʼlumotlar va huquqni muhofaza qiluvchi organlarning hujjatlari;

ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilingan maʼlumotlar;

jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari;

qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan manbalardan olingan axborotlar.

6. EHFlarning xavf darajasi mezonlari Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Soliq qoʻmitasi) tomonidan quyidagilarni inobatga olgan holda belgilanadi:

soliq toʻlovchining tarixi;

soliq toʻlovchining moliyaviy va mulkiy holati;

tadbirkorlik subyektlari toifasi;

soliq toʻlovchining roʻyxatga olish maʼlumotlari;

yuridik shaxsning muassislari va rahbari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

soliq toʻlovchining moliya-xoʻjalik operatsiyalari xususiyati;

soliq toʻlovchi tomonidan EHFlarni rasmiylashtirish tartibi;

soliq toʻlovchilarning xoʻjalik operatsiyalari, ular bilan tuzilgan bitimlarning iqtisodiy mazmuni toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

7. EHFning xavf darajasini boshqarish strategiyasi va taktikasi, axborot yigʻish, qayta ishlash, EHFning xavf darajasini tahlil qilish va baholash, shubhali soliq toʻlovchilar roʻyxati, EHFning xavf darajasini boshqarishga doir chora-tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish Soliq qoʻmitasi tomonidan belgilanadi.

8. Ushbu Nizomni qoʻllash maqsadida EHFlar xavf darajalari boʻyicha quyidagi toifalarga muvofiq tasniflanadi:

xavf darajasi past EHFlar;

xavf darajasi yuqori EHFlar.

Axborot tizimi orqali soliq qonunchiligini buzish ehtimoli kam yoki boʻlmagan operatsiyalar boʻyicha rasmiylashtirilgan EHFlar xavf darajasi past EHFlar deb baholanadi.

Axborot tizimi orqali soliq qonunchiligini buzish ehtimoli yuqori, shu jumladan, soliqni toʻlamaslik alomatlari mavjud boʻlgan operatsiyalar boʻyicha rasmiylashtirilgan EHFlar xavf darajasi yuqori EHFlar deb baholanadi.

9. EHFlar axborot tizimida nazarda tutilgan har bir mezon boʻyicha tegishli ballar sonini qoʻshish orqali avtomatik tarzda baholanadi.

EHFlar xavf darajalari boʻyicha ushbu Nizomga muvofiq qoʻllanadigan har bir mezon boʻyicha hisoblangan umumiy ball asosida tasniflanadi.

10. Soliq toʻlovchining tegishli toifaga kiritilishiga qarab, EHFlarga beriladigan xavf darajasi quyidagicha aniqlanadi:

insofli soliq toʻlovchilar reyestriga kiritilgan soliq toʻlovchilar tomonidan rasmiylashtirilgan EHFlar avtomatik ravishda past xavf darajasiga kiritiladi, biroq mazkur soliq toʻlovchilarda soliqdan qochish maqsadida turli sxemalardan foydalanish holatlari aniqlanganda, ushbu Nizomning 20-bandida belgilangan tartibda ish yuritiladi;

shubhali soliq toʻlovchilar reyestriga kiritilgan soliq toʻlovchilar tomonidan rasmiylashtirilgan EHFlar avtomatik ravishda yuqori xavf darajasiga kiritiladi;

insofli soliq toʻlovchilar yoki shubhali soliq toʻlovchilar reyestriga kiritilmagan soliq toʻlovchilar tomonidan rasmiylashtirilgan EHFlarning xavf darajasi axborot tizimi tomonidan aniqlanadi.

11. EHFlarga berilgan xavf darajasi avtomatik tarzda shakllantiriladi va soliq toʻlovchi tomonidan uni rasmiylashtirish va taqdim etishda koʻrsatiladi, ushbu koʻrsatilgan maʼlumotlar soliq siri hisoblanmaydi.

12. Soliq toʻlovchi tomonidan EHFni rasmiylashtirishda (qabul qilishda) past deb baholangan xavf darajasi ushbu EHF tasdiqlangandan (qabul qilingandan) soʻng oʻzgartirilmaydi (EHFga tuzatish (qoʻshimcha) kiritilgan hollar bundan mustasno).

3-bob. Belgilangan xavf darajasini inobatga olgan holda EHFlar boʻyicha QQSni toʻlash tartibi

13. Axborot tizimidan foydalangan holda rasmiylashtirilgan EHFlarni tahlil qilish natijalaridan soliq toʻlovchilar tomonidan sotib olingan tovarlar (xizmatlar) boʻyicha hisobga olinishi lozim boʻlgan QQS summalarini aniqlash uchun foydalaniladi.

14. Belgilangan tartibda xavfning yuqori darajasi toifasiga kiritilgan EHFlar boʻyicha QQS summasi budjetga toʻliq toʻlangandan keyin hisobga olinadi.

QQS tegishli EHFning identifikatsiya raqamini majburiy koʻrsatgan holda soliq toʻlovchining shaxsiy kabineti orqali toʻlanadi.

15. Xavf darajasi yuqori boʻlgan EHFlar boʻyicha QQS:

yetkazib beruvchi hisobidan oʻz soliq majburiyatini bajarish tartibida;

sotib oluvchi hisobidan ixtiyoriy ravishda yetkazib beruvchining soliq majburiyatini bajarish tartibida toʻlanadi.

Xavfning yuqori darajasiga kiritilgan EHFlar boʻyicha QQS toʻliq toʻlanmagan taqdirda, soliq summasi haqiqatda toʻlangan summa doirasida hisobga olinadi.

16. Tovarlarni (xizmatlarni) yetkazib beruvchi tomonidan toʻlovlar EHFlarning identifikatsiya raqamlari koʻrsatilmasdan QQS toʻlangan hollarda, sotib oluvchilarda tegishli soliq davri uchun toʻlangan qismiga nisbatan QQS summasi rasmiylashtirilgan sana va vaqti boʻyicha xavflilik darajasi avtomatik tarzda ajratiladi.

17. Tovarlarni (xizmatlarni) sotib oluvchi tomonidan xavf darajasi yuqori boʻlgan EHFlar boʻyicha toʻlangan QQS summasi yetkazib beruvchi hisobda turgan soliq organining shaxsiy hisobvaragʻida aks ettiriladi.

Agar soliq davri yakuni boʻyicha tovarlarni (xizmatlarni) yetkazib beruvchi tomonidan budjetga toʻlanishi lozim boʻlgan soliq summasi salbiy yoki ortiqcha toʻlangan boʻlsa, yetkazib beruvchiga Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga muvofiq qaytariladi yoki kelgusi toʻlovlar hisobiga hisobga olinadi.

Bunda yetkazib beruvchining tovarlar (xizmatlar) realizatsiyasini amalga oshirgunga qadar sotib oluvchidan 100 foiz miqdorida toʻlov qabul qilingandan keyin EHF rasmiylashtirilganda, xavf darajasi yuqori deb baholanganda, QQSning sotib oluvchi tomonidan qayta toʻlanishi Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksining 317-moddasiga muvofiq boshqa shaxslar uchun toʻlangan soliqlar sifatida eʼtirof etiladi.

18. Ushbu Nizomga muvofiq QQS Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksida belgilangan muddatlarga muvofiq toʻlanadi.

QQS belgilangan muddatdan keyin toʻlangan taqdirda, toʻlangan summalar tovarlarni (xizmatlarni) sotib oluvchida QQS amalda toʻlangan soliq davrida aks ettiriladi.

19. Ilgari yuqori xavf darajasiga kiritilgan EHFlar boʻyicha qoʻshimcha va (yoki) tuzatish kiritilganda yoxud QQS toʻlanganda, hisobga olinadigan soliq summasi kiritilgan oʻzgartirishlarni inobatga olgan holda qayta koʻrib chiqiladi.

2026-yil 1-yanvarga qadar rasmiylashtirilgan EHFlar boʻyicha tuzatish (qoʻshimcha) kiritilganda, ushbu Nizomda belgilangan tartibda xavf darajasi baholanadi va QQS toʻlanadi.

20. Soliq organlari tegishli EHF rasmiylashtirilgan xoʻjalik operatsiyasi amalga oshirilganini tasdiqlash maqsadida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda va asoslarda soliq tekshiruvlarini oʻtkazishga haqli.

Qalbaki (koʻzboʻyamachilik uchun tuzilgan) bitimlar EHFning xavf darajasidan qatʼi nazar, soliq solish maqsadida hisobga olinmaydi. Agar bunday bitimlar boshqa bitimlarni niqoblasa, soliqlarni hisoblash uchun haqiqiy bitimlarning iqtisodiy mazmuni va natijalari hisobga olinadi.

4-bob. EHFlar hisobini yuritish

21. Soliq qoʻmitasi xavf darajasini hisobga olgan holda, EHFlarning markazlashtirilgan elektron reyestrini (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) yuritadi.

22. EHFlar Reyestr axborot tizimidan kelib tushadigan hamda QQS toʻlangani toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida avtomatik tarzda shakllantiriladi.

23. Reyestrga quyidagi maʼlumotlar kiritiladi:

EHFning identifikatsiya raqami;

EHFni rasmiylashtirish sanasi va vaqti;

yetkazib beruvchi va sotib oluvchining identifikatsiya maʼlumotlari;

QQS miqdori;

belgilangan xavf darajasi toifasi;

soliq toʻlangani haqidagi maʼlumotlar;

EHFning holati.

24. Reyestrdagi maʼlumotlar quyidagi hollarda avtomatik tarzda yangilanadi:

EHFni rasmiylashtirish, tuzatish yoki bekor qilishda;

xavf darajasi belgilanishi yoki oʻzgartirilishida;

soliq toʻlangani haqidagi maʼlumotlar kelib tushganda;

EHF holati oʻzgartirilganda.

25. Soliq toʻlovchilar Reyestrda mavjud axborotdan soliq toʻlovchining shaxsiy kabineti orqali foydalanadi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

26. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 26-dekabr,

830-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.12.2025-y., 09/25/830/1240-son)

lex.uz