📅 2025-yil 31-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 31-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 31 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 31 декабря 2025 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 31 December 2025 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
СХЕМАСИ
Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 16 апрелдаги 204-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 2 апрелдаги ПҚ-134-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 2 апрелдаги ПҚ-134-сон қарори билан аҳолининг эҳтиёжманд қатламига табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 16 апрелдаги 204-сон қарорига иловага мувофиқ табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг тартиб-таомилларини белгилашни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 февралга қадар:
табиий газ ва электр энергияси истеъмолининг базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқини қоплаш учун компенсация (кейинги ўринларда — компенсация) тайинлаш тўғрисида онлайн ариза бериш тизимини йўлга қўйсин;
«Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «ЯМИҲ» АТ) ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали компенсация тайинлаш бўйича электрон шаклда давлат хизмати кўрсатишни жорий этсин;
давлат хизмати кўрсатишни «ЯМИҲ» АТ ва ЯИДХП орқали жорий этиш бўйича техник ҳужжатларнинг тасдиқланишини ҳамда тегишли ахборот тизимларининг ўзаро интеграция қилинишини таъминласин.
4. Белгилансинки, компенсация олувчи фуқароларнинг мобил алоқа воситаларига компенсация тайинлангани ёки компенсация тайинлаш рад этилгани тўғрисидаги СМС-хабарларни юбориш билан боғлиқ харажатлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 декабрдаги 848-сон қарорига ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 16 апрелдаги 204-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 3-банднинг «а» кичик банди биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«а) Ижтимоий реестрга (кейинги ўринларда — Реестр) киритилган, шунингдек, Реестрга киритилмаган, бироқ моддий аҳволи бўйича «давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидаги оилалар мезонларига тўғри келувчи, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилаларга 2027 йилнинг 1 апрелига қадар электр энергияси ва табиий газ бўйича қуйидаги миқдорлардаги истеъмол учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқни компенсация (кейинги ўринларда — компенсация) қилиб бериш тартиби жорий этилиши».
2. 5-банднинг иккинчи хатбошисидаги «қилиб бериш схемаси» сўзлари «қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. 3-илова матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
« Табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент Ижтимоий реестрга (кейинги ўринларда — Реестр) киритилган, шунингдек, Реестрга киритилмаган, бироқ моддий аҳволи бўйича «давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидаги оилалар мезонларига тўғри келувчи, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилаларга табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш бўйича давлат хизмати (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — 18 ёшга тўлган компенсация олиш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс;
базавий меъёр — фуқароларнинг бир ойлик электр энергияси ва табиий газ истеъмоли миқдори бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меъёр;
ваколатли орган — «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари;
иситиш мавсуми — табиий газ истеъмоли табиий равишда ортадиган 2024 йил 1 майдан аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг базавий меъёрларида ёки Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари қарорлари асосида белгиланган давр;
компенсация — табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқни Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан қоплаш учун ажратиладиган маблағ.
3. Реестрга киритилган, шунингдек, Реестрга киритилмаган, бироқ моддий аҳволи бўйича «давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасидаги оилалар мезонларига тўғри келувчи, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилаларга қуйидаги миқдорлардаги истеъмол учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади:
табиий газ учун — иситиш мавсумида ойига базавий меъёрдан 250 куб метргача, бошқа даврларда ойига базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми;
электр энергияси учун — ойига базавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган 150 кВт соатгача.
4. Табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш бўйича давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ схема асосида кўрсатилади.
5. Компенсация қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби
6. Ариза берувчи компенсация тайинлаш учун ҳар ойнинг 16-санасига қадар ваколатли органга қуйидаги шаклларда мурожаат қилади:
бевосита давлат хизматлари маркази ёки ваколатли органга борган ҳолда ёки оила яшайдиган маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим орқали;
«Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «ЯМИҲ» АТ) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали мустақил равишда.
7. Компенсация тайинлаш ҳақидаги мурожаат:
а) давлат хизматлари маркази орқали берилганда, мазкур марказнинг ходими ариза берувчининг номидан ушбу Регламентга 2-иловада назарда тутилган сўровномани (кейинги ўринларда — сўровнома) тўлдиради;
б) ваколатли орган ёки маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим орқали берилганда, ваколатли органнинг масъул ходими ёки маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим «ЯМИҲ» АТда ариза берувчининг номидан сўровномани тўлдиради;
в) «ЯМИҲ» АТ ёки ЯИДХП орқали берилганда, ариза берувчи сўровномани мустақил равишда тўлдиради.
Ушбу бандга мувофиқ тўлдирилган сўровномалар ариза берувчи томонидан имзони идентификация қилишнинг замонавий воситалари билан (дактилоскопия, «Face-ID», «Mobile-ID» ва бошқалар) тасдиқланади. Бунда ариза берувчи томонидан сўровноманинг тасдиқланиши унга тегишли шахсга доир маълумотларни олиш ва ишлов беришга розиликни билдиради.
8. Ойнинг 16-санасидан кейин тақдим этилган мурожаат кейинги ойда кўриб чиқилади.
9. Ушбу Регламентнинг 6 ва 7-бандларига мувофиқ келиб тушган сўровномалар автоматик равишда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига (кейинги ўринларда — «Ягона реестр» АТ) юборилади ва компенсация тайинлаш билан боғлиқ тартиб-таомиллар «Ягона реестр» АТда амалга оширилади.
10. Ушбу Регламентнинг 6 ва 7-бандларига мувофиқ тўлдирилган сўровнома асосида «Ягона реестр» АТда автоматик равишда ариза берувчига доир қуйидаги маълумотлар ўрганилади:
ариза берувчининг оиласи (кейинги ўринларда — оила) Реестрга киритилгани тўғрисидаги маълумотлар — «ЯМИҲ» АТ орқали;
оиланинг электр энергияси ва (ёки) табиий газ истеъмоли ҳақидаги маълумотлар — «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва (ёки) «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг тегишли ахборот тизимларидан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали.
11. Ўтказилган ўрганиш якуни бўйича оила Реестрга киритилгани аниқланганда, «Ягона реестр» АТда кейинги ойдан компенсация тайинлаш тўғрисидаги қарор автоматик тарзда шакллантирилади ва оила компенсация олувчи оилалар бўйича тўлов рўйхатига киритилади.
Оила Реестрларга киритилмагани аниқланганда, оиланинг уй-жой ва (ёки) автотранспорт воситалари мавжудлиги ҳамда жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмагани Реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасига киритиш жараёнида баҳолашдан ўтказиш тартибига мувофиқ аниқланади. Бунда оила ушбу хатбошида белгиланган мезонларга мос келганда «Ягона реестр» АТда кейинги ойдан компенсация тайинлаш тўғрисидаги қарор автоматик тарзда шакллантирилади ва оила компенсация олувчи оилалар бўйича тўлов рўйхатига киритилади.
12. Қуйидаги ҳолларда компенсация тайинлаш рад этилади:
а) оиланинг жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан юқорилиги аниқланганда;
б) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларининг мулкида ёки фойдаланувида жами биттадан ортиқ кўчмас мулк ва ер участкаси ёки бир ва ундан ортиқ нотурар жойлари мавжуд бўлганда;
в) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номига расмийлаштирилган ёки фойдаланувида бўлган ёхуд ишончномага асосан қуйидагилар мавжуд бўлганда:
ишлаб чиқарилган муддати 12 йил (оила аъзоси I ёки II гуруҳ ва 18 ёшгача болаликдан ногирон бўлса, 7 йил)дан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган енгил автотранспорт воситаси;
ишлаб чиқарилган муддати 15 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган юк ташувчи автотранспорт воситаси, автобус, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва яримтиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;
жами икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган енгил ва юк ташувчи автотранспорт воситалари, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва яримтиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;
г) ариза берувчи оиласига компенсация тайинлангани.
Компенсация тайинлашни ушбу бандда назарда тутилмаган асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.
13. Компенсация миқдори оиланинг сўровномада кўрсатилган уй-жой бўйича сўровнома тўлдирилгандан олдинги ойдаги истеъмолидан келиб чиқиб, 2024-2025 йилларда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг босқичма-босқич ўзгариш графигида белгиланган нархлар асосида ушбу Регламентнинг 3-банди талабларини инобатга олган ҳолда «Ягона реестр» АТда автоматик равишда электр энергияси ва табиий газ учун алоҳида белгиланади ҳамда тўлов рўйхатида кўрсатилади. Бунда оиланинг электр энергияси ва табиий газ истеъмоли миқдори ушбу Регламент 10-бандининг учинчи хатбошисига мувофиқ олинган маълумотлар асосида аниқланади.
Иситиш мавсуми учун табиий газга компенсация миқдорини ҳисоблашда мавсумнинг бошланиши ёки тугаши белгиланган санадаги ой иситиш мавсуми ойи сифатида ҳисобга олинади.
14. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) «Ягона реестр» АТ орқали:
шаклланган компенсация олувчи оилалар бўйича тўлов рўйхатларини сўровнома тўлдирилган ойдан кейинги ойнинг 5-санасига қадар АТ «Халқ банки»га юборади;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда компенсация олувчи оилаларга компенсация тўловини тўлаб бериш учун зарур маблағларни ҳар ойнинг 5 — 25-санасига қадар АТ «Халқ банки»га ўтказиб беради.
15. АТ «Халқ банки» ариза берилган ойдан кейинги ойнинг 27-санасига қадар компенсация тўловини компенсация олувчининг ижтимоий картаси ёки банк картасига тўлаб беради.
Компенсация олувчининг номида ижтимоий карта ва банк картаси мавжуд бўлмаганда, АТ «Халқ банки»да унинг оила аъзолари номига очилган ижтимоий карта ёки банк картасига тўлаб берилиши мумкин.
16. Компенсация олувчи оилалар тўғрисидаги ушбу Регламентнинг 10-11-бандларида келтирилган маълумотлар ҳар ойда «Ягона реестр» АТда автоматик равишда ўрганилади.
Ўрганиш натижаси бўйича ушбу Регламентнинг 12-бандида назарда тутилган компенсация тайинлашни рад этиш асослари аниқланмаган тақдирда, кейинги ойлар учун алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда компенсация тўлови давом эттирилади.
17. Қуйидаги ҳолларда компенсация тўлаш тўхтатилади:
ўрганиш натижасига кўра ушбу Регламентнинг 12-бандида назарда тутилган компенсация тайинлашни рад этиш асослари аниқланганда;
ариза берувчи компенсация тўлашни тўхтатиш тўғрисида мурожаат қилганда;
«ЯМИҲ» АТдаги ёки манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик тизимидаги техник носозлик натижасида, маълумотлар электрон равишда тўлиқ ёки қисман тақдим этилмагани сабабли, шунингдек, аризани киритишдаги техник хатолар оқибатида нотўғри тайинлангани аниқланган тақдирда;
компенсация тўлаш муддати тугаганда.
18. Компенсация тўлаш тўхтатилган ойдан бошлаб «Ягона реестр» АТдаги ўрганиш ўтказилмайди, компенсацияни тайинлаш тўғрисида умумий асосларда қайтадан мурожаат қилинган ҳолатлар бундан мустасно.
19. Компенсация тайинлангани ёки компенсация тайинлаш рад этилгани ҳақида ариза берувчининг мобил телефон рақамига СМС-хабар ҳамда «ЯМИҲ» АТ ва ЯИДХПдаги шахсий кабинетига хабар юборилади.
20. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўриб чиқилмайди.
3-боб. Якунловчи қоидалар
21. «Ягона реестр» АТда ишлашга рухсат берилган ташкилот ва идоралар ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
22. Ушбу Регламентда белгиланган талабларга риоя этилиши Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ижтимоий инспекция томонидан назорат қилиб борилади.
23. Ариза берувчи мазкур давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
24. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА
Табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ариза берувчи Компенсация тайинлаш учун қуйидаги шаклларда сўровнома асосида мурожаат қилади: бевосита давлат хизматлари маркази ёки ваколатли органга борган ҳолда ёки оила яшайдиган маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим орқали. Хоҳишига кўра, бироқ ҳар ойнинг 16-санасига қадар «ЯМИҲ» АТ ёки ЯИДХП орқали мустақил равишда. Сўровнома автоматик равишда «Ягона реестр» АТга юборилади. Сўровнома тасдиқлангандан сўнг автоматик равишда 2-босқич «Ягона реестр» АТ Ариза берувчининг оиласи бўйича ўрганиш ўтказилиб, ўрганиш якуни бўйича оилага компенсация тайинлайди ва компенсация олувчи оилалар бўйича тўлов рўйхатига киритади ёки компенсация тайинлашни рад этади. Сўровнома келиб тушгандан сўнг автоматик равишда 3-босқич Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Компенсация олувчи оилалар бўйича тўлов рўйхатларини АТ «Халқ банки»га юборади. Сўровнома тўлдирилган ойдан кейинги ойнинг 5-санасига қадар 4-босқич Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Компенсация олувчи оилаларга компенсация тўловини тўлаб бериш учун зарур маблағларни АТ «Халқ банки»га ўтказиб беради. Сўровнома тўлдирилган ойдан кейинги ойнинг 25-санасига қадар 5-босқич АТ «Халқ банки» Компенсация тўловини ижтимоий карта ёки банк картаси орқали тўлаб беради. Агар ариза берувчининг номида банк картаси мавжуд бўлмаса, АТ «Халқ банки»да унинг оила аъзолари номига очилган банк картасига тўлаб берилиши мумкин. Сўровнома тўлдирилган ойдан кейинги ойнинг 27-санасига қадар 6-босқич «Ягона реестри» АТ 1. Компенсация олувчи оилалар тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб боради. 2. Ўрганиш натижасига бўйича компенсация тайинлашни рад этиш асослари аниқланмаган тақдирда, кейинги ойлар учун алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда компенсация тўловини давом эттиради. Ҳар ойда
Табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА
______________ ______________ _____ (сана) (рақам) _____ Табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқни компенсация қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатиш бўйича СЎРОВНОМА I. Мурожаат қилувчи тўғрисида маълумотлар: 1. Хизмат тури Табиий газ ва электр энергияси истеъмоли учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ учун компенсация олиш 2. Фамилияси 3. Исми 4. Отасининг исми (мавжуд бўлса) 5. Туғилган санаси 6. Маҳалла фуқаролар йиғини 6.1. Кўча(мавзе) 6.2. Уй 6.3. Хонадон 6.4. Оиланинг фойдаланувида бўлган электр энергияси бўйича абонент рақами 6.5. Оиланинг фойдаланувида бўлган табиий газ бўйича абонент рақами 7. Телефон рақами 8. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса) II. Оиланинг мавжуд чорва моллари, паррандалари ҳамда ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номига расмийлаштирилмаган, бироқ оила фойдаланувида бўлган автотранспорт воситалари, нотурар жой бинолари, кўчмас мулклари, боғ ва деҳқон хўжалиги ерлари Т/р Кўрсаткичлар Миқдори 1. Уй хўжалигининг (мурожаат этган кунда) мавжуд чорва моллари ва паррандалари сони: 1.1 Буқа ва сигирлар 1.2 Ёш қорамоллар 1.3 От ва туялар 1.4 Катта ёшдаги чўчқалар 1.5 Қўйлар 1.6 Катта ёшдаги паррандалар 1.7 Ёш паррандалар 2. Ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номига расмийлаштирилмаган, бироқ оила фойдаланувида бўлган: 2.1 Юк автотранспорт воситалари сони 2.1.1 Ишлаб чиқарилган йили 2.1.2 Давлат рақами белгиси 2.2 Енгил автотранспорт воситалари сони 2.2.1 Ишлаб чиқарилган йили 2.2.2 Давлат рақами белгиси 2.3 Даромад келтирувчи нотураржой бинолари сони 2.4 Суғориладиган боғ ва деҳқон хўжалиги ерлари майдони (сотих) III. Илова қилинадиган ҳужжатлар: Бошқа ҳужжатлар (мавжуд бўлса)
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 31 декабрь,
848-сон
OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING
QARORI
SXEMASI
Yoqilgʻi-energetika sohasida bozor mexanizmlarini joriy etishda ehtiyojmand aholining davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlanishi munosabati bilan Vazirlar Mahkamasining “Yoqilgʻi-energetika sohasida bozor mexanizmlarini joriy etishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 16-apreldagi 204-son qaroriga oʻzgartirishlar kiritish haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoqilgʻi-energetika sohasida bozor mexanizmlarini joriy etishda ehtiyojmand aholini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 2-apreldagi PQ-134-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoqilgʻi-energetika sohasida bozor mexanizmlarini joriy etishda ehtiyojmand aholini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2025-yil 2-apreldagi PQ-134-son qarori bilan aholining ehtiyojmand qatlamiga tabiiy gaz va elektr energiyasi isteʼmoli uchun bazaviy meʼyor doirasidagi hamda bazaviy meʼyordan oshgan narxlar oʻrtasidagi farqni kompensatsiya qilish belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Vazirlar Mahkamasining “Yoqilgʻi-energetika sohasida bozor mexanizmlarini joriy etishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 16-apreldagi 204-son qaroriga ilovaga muvofiq tabiiy gaz va elektr energiyasi isteʼmoli uchun bazaviy meʼyor doirasidagi hamda bazaviy meʼyordan oshgan narxlar oʻrtasidagi farqni kompensatsiya qilish boʻyicha davlat xizmati koʻrsatishning tartib-taomillarini belgilashni nazarda tutuvchi oʻzgartirishlar kiritilsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda 2026-yil 1-fevralga qadar:
tabiiy gaz va elektr energiyasi isteʼmolining bazaviy meʼyor doirasidagi hamda bazaviy meʼyordan oshgan narxlar oʻrtasidagi farqini qoplash uchun kompensatsiya (keyingi oʻrinlarda — kompensatsiya) tayinlash toʻgʻrisida onlayn ariza berish tizimini yoʻlga qoʻysin;
“Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “YAMIH” AT) va Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali kompensatsiya tayinlash boʻyicha elektron shaklda davlat xizmati koʻrsatishni joriy etsin;
davlat xizmati koʻrsatishni “YAMIH” AT va YIDXP orqali joriy etish boʻyicha texnik hujjatlarning tasdiqlanishini hamda tegishli axborot tizimlarining oʻzaro integratsiya qilinishini taʼminlasin.
4. Belgilansinki, kompensatsiya oluvchi fuqarolarning mobil aloqa vositalariga kompensatsiya tayinlangani yoki kompensatsiya tayinlash rad etilgani toʻgʻrisidagi SMS-xabarlarni yuborish bilan bogʻliq xarajatlar Ijtimoiy himoya milliy agentligining Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanadi.
5. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 31-dekabrdagi 848-son qaroriga ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Yoqilgʻi-energetika sohasida bozor mexanizmlarini joriy etishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 16-apreldagi 204-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. 3-bandning “a” kichik bandi birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“a) Ijtimoiy reyestrga (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) kiritilgan, shuningdek, Reyestrga kiritilmagan, biroq moddiy ahvoli boʻyicha “davlat taʼminotidagi oila” yoki “kambagʻal oila” toifasidagi oilalar mezonlariga toʻgʻri keluvchi, oiladagi jon boshiga daromadi minimal isteʼmol xarajatlarining 1,5 barobaridan oshmaydigan oilalarga 2027-yilning 1-apreliga qadar elektr energiyasi va tabiiy gaz boʻyicha quyidagi miqdorlardagi isteʼmol uchun bazaviy meʼyor doirasidagi hamda bazaviy meʼyordan oshgan narxlar oʻrtasidagi farqni kompensatsiya (keyingi oʻrinlarda — kompensatsiya) qilib berish tartibi joriy etilishi”.
2. 5-bandning ikkinchi xatboshisidagi “qilib berish sxemasi” soʻzlari “qilish boʻyicha davlat xizmati koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti” soʻzlari bilan almashtirilsin.
3. 3-ilova matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ Tabiiy gaz va elektr energiyasi isteʼmoli uchun bazaviy meʼyor doirasidagi hamda bazaviy meʼyordan oshgan narxlar oʻrtasidagi farqni kompensatsiya qilish boʻyicha davlat xizmati koʻrsatishning
MAʼMURIY REGLAMENTI
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Reglament Ijtimoiy reyestrga (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) kiritilgan, shuningdek, Reyestrga kiritilmagan, biroq moddiy ahvoli boʻyicha “davlat taʼminotidagi oila” yoki “kambagʻal oila” toifasidagi oilalar mezonlariga toʻgʻri keluvchi, oiladagi jon boshiga daromadi minimal isteʼmol xarajatlarining 1,5 barobaridan oshmaydigan oilalarga tabiiy gaz va elektr energiyasi isteʼmoli uchun bazaviy meʼyor doirasidagi hamda bazaviy meʼyordan oshgan narxlar oʻrtasidagi farqni kompensatsiya qilish boʻyicha davlat xizmati (keyingi oʻrinlarda — davlat xizmati) koʻrsatish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ariza beruvchi — 18 yoshga toʻlgan kompensatsiya olish istagida boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi, Oʻzbekiston Respublikasi hududida yashash guvohnomasiga ega boʻlgan chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs;
bazaviy meʼyor — fuqarolarning bir oylik elektr energiyasi va tabiiy gaz isteʼmoli miqdori boʻyicha qonunchilik hujjatlarida belgilangan meʼyor;
vakolatli organ — “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlari;
isitish mavsumi — tabiiy gaz isteʼmoli tabiiy ravishda ortadigan 2024-yil 1-maydan aholi uchun elektr energiyasi va tabiiy gaz bir oylik isteʼmolining bazaviy meʼyorlarida yoki Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari qarorlari asosida belgilangan davr;
kompensatsiya — tabiiy gaz va elektr energiyasi isteʼmoli uchun bazaviy meʼyor doirasidagi hamda bazaviy meʼyordan oshgan narxlar oʻrtasidagi farqni Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti hisobidan qoplash uchun ajratiladigan mablagʻ.
3. Reyestrga kiritilgan, shuningdek, Reyestrga kiritilmagan, biroq moddiy ahvoli boʻyicha “davlat taʼminotidagi oila” yoki “kambagʻal oila” toifasidagi oilalar mezonlariga toʻgʻri keluvchi, oiladagi jon boshiga daromadi minimal isteʼmol xarajatlarining 1,5 barobaridan oshmaydigan oilalarga quyidagi miqdorlardagi isteʼmol uchun bazaviy meʼyor doirasidagi hamda bazaviy meʼyordan oshgan narxlar oʻrtasidagi farq kompensatsiya qilib beriladi:
tabiiy gaz uchun — isitish mavsumida oyiga bazaviy meʼyordan 250 kub metrgacha, boshqa davrlarda oyiga bazaviy meʼyordan 150 kub metrgacha ortiq foydalanilgan qismi;
elektr energiyasi uchun — oyiga bazaviy meʼyordan ortiq foydalanilgan 150 kVt soatgacha.
4. Tabiiy gaz va elektr energiyasi isteʼmoli uchun bazaviy meʼyor doirasidagi hamda bazaviy meʼyordan oshgan narxlar oʻrtasidagi farqni kompensatsiya qilish boʻyicha davlat xizmati ushbu Reglamentga 1-ilovaga muvofiq sxema asosida koʻrsatiladi.
5. Kompensatsiya qilish boʻyicha davlat xizmati koʻrsatilgani uchun yigʻim undirilmaydi.
2-bob. Davlat xizmatini koʻrsatish tartibi
6. Ariza beruvchi kompensatsiya tayinlash uchun har oyning 16-sanasiga qadar vakolatli organga quyidagi shakllarda murojaat qiladi:
bevosita davlat xizmatlari markazi yoki vakolatli organga borgan holda yoki oila yashaydigan mahallaga biriktirilgan ijtimoiy xodim orqali;
“Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “YAMIH” AT) yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali mustaqil ravishda.
7. Kompensatsiya tayinlash haqidagi murojaat:
a) davlat xizmatlari markazi orqali berilganda, mazkur markazning xodimi ariza beruvchining nomidan ushbu Reglamentga 2-ilovada nazarda tutilgan soʻrovnomani (keyingi oʻrinlarda — soʻrovnoma) toʻldiradi;
b) vakolatli organ yoki mahallaga biriktirilgan ijtimoiy xodim orqali berilganda, vakolatli organning masʼul xodimi yoki mahallaga biriktirilgan ijtimoiy xodim “YAMIH” ATda ariza beruvchining nomidan soʻrovnomani toʻldiradi;
v) “YAMIH” AT yoki YIDXP orqali berilganda, ariza beruvchi soʻrovnomani mustaqil ravishda toʻldiradi.
Ushbu bandga muvofiq toʻldirilgan soʻrovnomalar ariza beruvchi tomonidan imzoni identifikatsiya qilishning zamonaviy vositalari bilan (daktiloskopiya, “Face-ID”, “Mobile-ID” va boshqalar) tasdiqlanadi. Bunda ariza beruvchi tomonidan soʻrovnomaning tasdiqlanishi unga tegishli shaxsga doir maʼlumotlarni olish va ishlov berishga rozilikni bildiradi.
8. Oyning 16-sanasidan keyin taqdim etilgan murojaat keyingi oyda koʻrib chiqiladi.
9. Ushbu Reglamentning 6 va 7-bandlariga muvofiq kelib tushgan soʻrovnomalar avtomatik ravishda “Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimiga (keyingi oʻrinlarda — “Yagona reyestr” AT) yuboriladi va kompensatsiya tayinlash bilan bogʻliq tartib-taomillar “Yagona reyestr” ATda amalga oshiriladi.
10. Ushbu Reglamentning 6 va 7-bandlariga muvofiq toʻldirilgan soʻrovnoma asosida “Yagona reyestr” ATda avtomatik ravishda ariza beruvchiga doir quyidagi maʼlumotlar oʻrganiladi:
ariza beruvchining oilasi (keyingi oʻrinlarda — oila) Reyestrga kiritilgani toʻgʻrisidagi maʼlumotlar — “YAMIH” AT orqali;
oilaning elektr energiyasi va (yoki) tabiiy gaz isteʼmoli haqidagi maʼlumotlar — “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ va (yoki) “Hududgaztaʼminot” AJning tegishli axborot tizimlaridan idoralararo elektron hamkorlik orqali.
11. Oʻtkazilgan oʻrganish yakuni boʻyicha oila Reyestrga kiritilgani aniqlanganda, “Yagona reyestr” ATda keyingi oydan kompensatsiya tayinlash toʻgʻrisidagi qaror avtomatik tarzda shakllantiriladi va oila kompensatsiya oluvchi oilalar boʻyicha toʻlov roʻyxatiga kiritiladi.
Oila Reyestrlarga kiritilmagani aniqlanganda, oilaning uy-joy va (yoki) avtotransport vositalari mavjudligi hamda jon boshiga daromadi minimal isteʼmol xarajatlarining 1,5 barobaridan oshmagani Reyestrning “davlat taʼminotidagi oila” yoki “kambagʻal oila” toifasiga kiritish jarayonida baholashdan oʻtkazish tartibiga muvofiq aniqlanadi. Bunda oila ushbu xatboshida belgilangan mezonlarga mos kelganda “Yagona reyestr” ATda keyingi oydan kompensatsiya tayinlash toʻgʻrisidagi qaror avtomatik tarzda shakllantiriladi va oila kompensatsiya oluvchi oilalar boʻyicha toʻlov roʻyxatiga kiritiladi.
12. Quyidagi hollarda kompensatsiya tayinlash rad etiladi:
a) oilaning jon boshiga daromadi minimal isteʼmol xarajatlarining 1,5 barobaridan yuqoriligi aniqlanganda;
b) ariza beruvchi yoki uning oila aʼzolarining mulkida yoki foydalanuvida jami bittadan ortiq koʻchmas mulk va yer uchastkasi yoki bir va undan ortiq noturar joylari mavjud boʻlganda;
v) ariza beruvchi yoki uning oila aʼzolarida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oʻz nomiga rasmiylashtirilgan yoki foydalanuvida boʻlgan yoxud ishonchnomaga asosan quyidagilar mavjud boʻlganda:
ishlab chiqarilgan muddati 12 yil (oila aʼzosi I yoki II guruh va 18 yoshgacha bolalikdan nogiron boʻlsa, 7 yil)dan oshmagan, texnik holati soz boʻlgan yengil avtotransport vositasi;
ishlab chiqarilgan muddati 15 yildan oshmagan, texnik holati soz boʻlgan yuk tashuvchi avtotransport vositasi, avtobus, mikroavtobus, ekskavator, traktor, kombayn, yuk tashuvchi avtotransport vositalarining tirkamalari va yarimtirkamalari, avtokran va boshqa qurilish texnikasi;
jami ikki va undan ortiq, texnik holati soz boʻlgan yengil va yuk tashuvchi avtotransport vositalari, mikroavtobus, ekskavator, traktor, kombayn, yuk tashuvchi avtotransport vositalarining tirkamalari va yarimtirkamalari, avtokran va boshqa qurilish texnikasi;
g) ariza beruvchi oilasiga kompensatsiya tayinlangani.
Kompensatsiya tayinlashni ushbu bandda nazarda tutilmagan asoslar boʻyicha rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
13. Kompensatsiya miqdori oilaning soʻrovnomada koʻrsatilgan uy-joy boʻyicha soʻrovnoma toʻldirilgandan oldingi oydagi isteʼmolidan kelib chiqib, 2024-2025-yillarda yoqilgʻi-energetika resurslari narxlarining bosqichma-bosqich oʻzgarish grafigida belgilangan narxlar asosida ushbu Reglamentning 3-bandi talablarini inobatga olgan holda “Yagona reyestr” ATda avtomatik ravishda elektr energiyasi va tabiiy gaz uchun alohida belgilanadi hamda toʻlov roʻyxatida koʻrsatiladi. Bunda oilaning elektr energiyasi va tabiiy gaz isteʼmoli miqdori ushbu Reglament 10-bandining uchinchi xatboshisiga muvofiq olingan maʼlumotlar asosida aniqlanadi.
Isitish mavsumi uchun tabiiy gazga kompensatsiya miqdorini hisoblashda mavsumning boshlanishi yoki tugashi belgilangan sanadagi oy isitish mavsumi oyi sifatida hisobga olinadi.
14. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) “Yagona reyestr” AT orqali:
shakllangan kompensatsiya oluvchi oilalar boʻyicha toʻlov roʻyxatlarini soʻrovnoma toʻldirilgan oydan keyingi oyning 5-sanasiga qadar AT “Xalq banki”ga yuboradi;
Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda kompensatsiya oluvchi oilalarga kompensatsiya toʻlovini toʻlab berish uchun zarur mablagʻlarni har oyning 5 — 25-sanasiga qadar AT “Xalq banki”ga oʻtkazib beradi.
15. AT “Xalq banki” ariza berilgan oydan keyingi oyning 27-sanasiga qadar kompensatsiya toʻlovini kompensatsiya oluvchining ijtimoiy kartasi yoki bank kartasiga toʻlab beradi.
Kompensatsiya oluvchining nomida ijtimoiy karta va bank kartasi mavjud boʻlmaganda, AT “Xalq banki”da uning oila aʼzolari nomiga ochilgan ijtimoiy karta yoki bank kartasiga toʻlab berilishi mumkin.
16. Kompensatsiya oluvchi oilalar toʻgʻrisidagi ushbu Reglamentning 10-11-bandlarida keltirilgan maʼlumotlar har oyda “Yagona reyestr” ATda avtomatik ravishda oʻrganiladi.
Oʻrganish natijasi boʻyicha ushbu Reglamentning 12-bandida nazarda tutilgan kompensatsiya tayinlashni rad etish asoslari aniqlanmagan taqdirda, keyingi oylar uchun alohida murojaat talab etmagan holda kompensatsiya toʻlovi davom ettiriladi.
17. Quyidagi hollarda kompensatsiya toʻlash toʻxtatiladi:
oʻrganish natijasiga koʻra ushbu Reglamentning 12-bandida nazarda tutilgan kompensatsiya tayinlashni rad etish asoslari aniqlanganda;
ariza beruvchi kompensatsiya toʻlashni toʻxtatish toʻgʻrisida murojaat qilganda;
“YAMIH” ATdagi yoki manfaatdor vazirlik va idoralarning axborot tizimlari bilan idoralararo elektron oʻzaro hamkorlik tizimidagi texnik nosozlik natijasida, maʼlumotlar elektron ravishda toʻliq yoki qisman taqdim etilmagani sababli, shuningdek, arizani kiritishdagi texnik xatolar oqibatida notoʻgʻri tayinlangani aniqlangan taqdirda;
kompensatsiya toʻlash muddati tugaganda.
18. Kompensatsiya toʻlash toʻxtatilgan oydan boshlab “Yagona reyestr” ATdagi oʻrganish oʻtkazilmaydi, kompensatsiyani tayinlash toʻgʻrisida umumiy asoslarda qaytadan murojaat qilingan holatlar bundan mustasno.
19. Kompensatsiya tayinlangani yoki kompensatsiya tayinlash rad etilgani haqida ariza beruvchining mobil telefon raqamiga SMS-xabar hamda “YAMIH” AT va YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga xabar yuboriladi.
20. Ariza beruvchi davlat xizmatidan foydalanishdan uni koʻrsatishning har qanday bosqichida bosh tortish huquqiga ega. Ariza beruvchi davlat xizmatlaridan foydalanishdan bosh tortganda uning soʻrovnomasi koʻrib chiqilmaydi.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
21. “Yagona reyestr” ATda ishlashga ruxsat berilgan tashkilot va idoralar oʻz faoliyatini amalga oshirish natijasida olingan maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlaydi.
22. Ushbu Reglamentda belgilangan talablarga rioya etilishi Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi va Ijtimoiy inspeksiya tomonidan nazorat qilib boriladi.
23. Ariza beruvchi mazkur davlat xizmatlarini koʻrsatuvchi davlat organlari va boshqa tashkilotlar xodimlarining noqonuniy xatti-harakatlari (harakatsizligi) yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilishi mumkin.
24. Ushbu Reglament talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Tabiiy gaz va elektr energiyasi isteʼmoli uchun bazaviy meʼyor doirasidagi hamda bazaviy meʼyordan oshgan narxlar oʻrtasidagi farqni kompensatsiya qilish boʻyicha davlat xizmati koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA
Tabiiy gaz va elektr energiyasi isteʼmoli uchun bazaviy meʼyor doirasidagi hamda bazaviy meʼyordan oshgan narxlar oʻrtasidagi farqni kompensatsiya qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Ariza beruvchi Kompensatsiya tayinlash uchun quyidagi shakllarda soʻrovnoma asosida murojaat qiladi: bevosita davlat xizmatlari markazi yoki vakolatli organga borgan holda yoki oila yashaydigan mahallaga biriktirilgan ijtimoiy xodim orqali. Xohishiga koʻra, biroq har oyning 16-sanasiga qadar “YAMIH” AT yoki YIDXP orqali mustaqil ravishda. Soʻrovnoma avtomatik ravishda “Yagona reyestr” ATga yuboriladi. Soʻrovnoma tasdiqlangandan soʻng avtomatik ravishda 2-bosqich “Yagona reyestr” AT Ariza beruvchining oilasi boʻyicha oʻrganish oʻtkazilib, oʻrganish yakuni boʻyicha oilaga kompensatsiya tayinlaydi va kompensatsiya oluvchi oilalar boʻyicha toʻlov roʻyxatiga kiritadi yoki kompensatsiya tayinlashni rad etadi. Soʻrovnoma kelib tushgandan soʻng avtomatik ravishda 3-bosqich Ijtimoiy himoya milliy agentligi Kompensatsiya oluvchi oilalar boʻyicha toʻlov roʻyxatlarini AT “Xalq banki”ga yuboradi. Soʻrovnoma toʻldirilgan oydan keyingi oyning 5-sanasiga qadar 4-bosqich Ijtimoiy himoya milliy agentligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi Kompensatsiya oluvchi oilalarga kompensatsiya toʻlovini toʻlab berish uchun zarur mablagʻlarni AT “Xalq banki”ga oʻtkazib beradi. Soʻrovnoma toʻldirilgan oydan keyingi oyning 25-sanasiga qadar 5-bosqich AT “Xalq banki” Kompensatsiya toʻlovini ijtimoiy karta yoki bank kartasi orqali toʻlab beradi. Agar ariza beruvchining nomida bank kartasi mavjud boʻlmasa, AT “Xalq banki”da uning oila aʼzolari nomiga ochilgan bank kartasiga toʻlab berilishi mumkin. Soʻrovnoma toʻldirilgan oydan keyingi oyning 27-sanasiga qadar 6-bosqich “Yagona reyestri” AT 1. Kompensatsiya oluvchi oilalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻrganib boradi. 2. Oʻrganish natijasiga boʻyicha kompensatsiya tayinlashni rad etish asoslari aniqlanmagan taqdirda, keyingi oylar uchun alohida murojaat talab etmagan holda kompensatsiya toʻlovini davom ettiradi. Har oyda
Tabiiy gaz va elektr energiyasi isteʼmoli uchun bazaviy meʼyor doirasidagi hamda bazaviy meʼyordan oshgan narxlar oʻrtasidagi farqni kompensatsiya qilish boʻyicha davlat xizmati koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA
______________ ______________ _____ (sana) (raqam) _____ Tabiiy gaz va elektr energiyasi isteʼmoli uchun bazaviy meʼyor doirasidagi hamda bazaviy meʼyordan oshgan narxlar oʻrtasidagi farqni kompensatsiya qilish boʻyicha davlat xizmati koʻrsatish boʻyicha SOʻROVNOMA I. Murojaat qiluvchi toʻgʻrisida maʼlumotlar: 1. Xizmat turi Tabiiy gaz va elektr energiyasi isteʼmoli uchun bazaviy meʼyor doirasidagi hamda bazaviy meʼyordan oshgan narxlar oʻrtasidagi farq uchun kompensatsiya olish 2. Familiyasi 3. Ismi 4. Otasining ismi (mavjud boʻlsa) 5. Tugʻilgan sanasi 6. Mahalla fuqarolar yigʻini 6.1. Koʻcha(mavze) 6.2. Uy 6.3. Xonadon 6.4. Oilaning foydalanuvida boʻlgan elektr energiyasi boʻyicha abonent raqami 6.5. Oilaning foydalanuvida boʻlgan tabiiy gaz boʻyicha abonent raqami 7. Telefon raqami 8. Elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa) II. Oilaning mavjud chorva mollari, parrandalari hamda ariza beruvchi va uning oila aʼzolari nomiga rasmiylashtirilmagan, biroq oila foydalanuvida boʻlgan avtotransport vositalari, noturar joy binolari, koʻchmas mulklari, bogʻ va dehqon xoʻjaligi yerlari T/r Koʻrsatkichlar Miqdori 1. Uy xoʻjaligining (murojaat etgan kunda) mavjud chorva mollari va parrandalari soni: 1.1 Buqa va sigirlar 1.2 Yosh qoramollar 1.3 Ot va tuyalar 1.4 Katta yoshdagi choʻchqalar 1.5 Qoʻylar 1.6 Katta yoshdagi parrandalar 1.7 Yosh parrandalar 2. Ariza beruvchi va uning oila aʼzolari nomiga rasmiylashtirilmagan, biroq oila foydalanuvida boʻlgan: 2.1 Yuk avtotransport vositalari soni 2.1.1 Ishlab chiqarilgan yili 2.1.2 Davlat raqami belgisi 2.2 Yengil avtotransport vositalari soni 2.2.1 Ishlab chiqarilgan yili 2.2.2 Davlat raqami belgisi 2.3 Daromad keltiruvchi noturarjoy binolari soni 2.4 Sugʻoriladigan bogʻ va dehqon xoʻjaligi yerlari maydoni (sotix) III. Ilova qilinadigan hujjatlar: Boshqa hujjatlar (mavjud boʻlsa)
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2025-yil 31-dekabr,
848-son