UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 31-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 31 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 31 декабря 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 31 December 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

ТАРКИБИ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ

Ёшларни IТ соҳасига жалб қилиш, уларнинг рақамли билим ва кўникмаларини ошириш орқали юқори даромадли касбларга йўналтириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида жамият ҳаётининг турли соҳаларида рақамли технологияларни самарали жорий этиш, ёшларни IТ соҳасига янада қизиқтириш, замонавий IТ касбларга ўқитиш, мазкур йўналишда малакали кадрлар тайёрлаш бўйича тизимли ёндашувни жорий этиш орқали уларнинг юқори даромад топиш имкониятларини кенгайтириш ва уларни муносиб рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг «Бир миллион дастурчи» лойиҳасининг мантиқий давоми сифатида «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасини амалга ошириш ва мазкур лойиҳа доирасида йил якунига кўра энг юқори натижага эришган ёшлар, уларнинг ўқитувчилари ҳамда таълим ташкилотларини рағбатлантириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Белгилансинки, ҳар йили «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳаси доирасида энг юқори натижаларга эришган иштирокчиларни тақдирлаш бўйича миллий танлов (кейинги ўринларда — танлов) ўтказиб борилади.

Бунда танлов ғолиблари пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар, жумладан, 100 нафар ўқитувчи 1 000 АҚШ доллари эквивалентида пул мукофоти, 10 нафар ўқитувчи хорижий саёҳатга йўлланма, 500 нафар ёшлар ноутбук ва 500 нафар ёшлар қимматбаҳо совғалар, 3 та олий таълим ташкилоти пул мукофоти ҳамда 2 та умумтаълим мактаби «Президент совғаси» — электромобиль билан тақдирланади.

3. «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасининг ҳудудларда самарали жорий этилишини мувофиқлаштириш комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

«Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасининг ҳудудлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичларини тасдиқлаш;

«Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасининг ҳудудларда самарали жорий этилишини назорат қилиш;

танлов иштирокчиларини баҳолаш тартиби акс эттирилган низомни тасдиқлаш;

танлов натижасига кўра энг юқори натижа кўрсатган номзодларни танлаб олиш ва тақдирлаш юзасидан харажатлар сметасини тасдиқлаш;

танлов иштирокчилари орасидан энг юқори натижа кўрсатган номзодларни танлаб олиш ва тақдирлаш;

танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа вазифаларни амалга ошириш.

5. Ҳудудларда «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Хоразм вилоятида амалга оширилаётган «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳасининг ижобий тажрибаси асосида ушбу лойиҳани босқичма-босқич Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

7. «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳаси доирасида ёшларга қуйидаги имкониятлар яратилади:

рақамлаштириш соҳасида замонавий касбларга, жумладан, IТ-лойиҳа бошқарувчиси, стартап лойиҳаси бошқарувчиси ҳамда хорижий тилларга бепул ўқиш;

халқаро профессионал даражадаги IТ-сертификатларни олиш бўйича ўқув курсларида бепул таълим олиш;

информатика, робототехника, киберспорт ва бошқа йўналишлар бўйича мусобақа ҳамда танловларда иштирок этиш.

8. «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

9. Вазирлар Маҳкамасининг «Халқаро IТ-сертификатларга эга бўлган ёш мутахассисларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 17 февралдаги 95-сон қарорига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов, мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Г. Каримова ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 декабрдаги 849-сон қарорига 1-ИЛОВА

«Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасининг ҳудудларда самарали жорий этилишини мувофиқлаштириш комиссияси

1. Ш.Х. Шерматов — рақамли технологиялар вазири, комиссия раҳбари 2. Ш.А. Каримов — мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари 3. С.Б. Раджабов — олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари 4. Р.О. Каримжонов — рақамли технологиялар вазирининг ўринбосари 5. Э.Ш. Қурбонов — рақамли технологиялар вазирлиги бўлим бошлиғи 6. Н.О. Барноев — IT-таълим уюшмаси раиси 7. А.К. Эшанкулов — «Рақамли таълимни ривожлантириш маркази» ДМ директори, комиссия котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 декабрдаги 849-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ҳудудларда «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасини амалга ошириш бўйича

Т/р Чора-тадбирлар номи Амалга ошириш механизми Муддати Молиялаштириш манбаи Ижрочилар 1. «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳаси доирасида энг юқори натижаларга эришган иштирокчиларни тақдирлаш бўйича миллий танловни ўтказиш тартибини тасдиқлаш. Низом лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2026 йил январ - Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2. «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасини кенг жорий қилиш. 1. Ҳудудлар кесимида лойиҳанинг мақсадли кўрсаткичларини тасдиқлаш. Бунда, 2025 йилда 100 минг нафар, 2026 йилда 500 минг нафар ва 2035 йилгача 5 миллион нафар ёшларни ўқитишни назарда тутиш. 2026 йил январь Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Рақамли технологиялар вазирлигига беғараз асосда ажратилган маблағлар, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2. Ёшларни халқаро таълим платформаларининг курсларида ўқишга жалб этишни ташкил этиш. 2026 йилдан бошлаб 3. «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасини кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилишни ташкил этиш ва ёшларни жалб этиш. 1. Лойиҳани тарғиб қилувчи материаллар ва видеороликларни ишлаб чиқиш. 2. Оммавий ахборот воситалари, мактаб ва олий таълим ташкилотларида лойиҳани тарғибот қилиш. 2026 йилдан бошлаб Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Рақамли технологиялар вазирлигига беғараз асосда ажратилган маблағлар, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 4. Халқаро онлайн таълим ташкилотларининг курсларини ўзбек тилига таржима қилиш. 1. Халқаро онлайн таълим ташкилотлари ва/ёки уларнинг Ўзбекистондаги расмий ҳамкорлари билан музокаралар ўтказиш. 2026 йил март Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Рақамли технологиялар вазирлигига беғараз асосда ажратилган маблағлар, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Рақамли технологиялар вазирлиги, «Рақамли таълимни ривожлантириш маркази» ДМ 2. Ўзбек тилига таржима қилинадиган ўқув курслар рўйхатини шакллантириш. 2026 йил май 3. Ўқув курсларни ўзбек тилига таржима қилиш. 2026-2027 йиллар 5. «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳаси доирасида тақдим этиладиган онлайн ўқув курслари сонини кўпайтириш. 1. Замонавий онлайн ўқув курслар сонини кўпайтириш мақсадида ташкилотлар билан музокаралар ўтказиш. 2026 йил март Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Рақамли технологиялар вазирлигига беғараз асосда ажратилган маблағлар, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Рақамли технологиялар вазирлиги, «Рақамли таълимни ривожлантириш маркази» ДМ 2. Белгиланган тартибда ўқув курсларини сотиб олиш бўйича харид жараёнларини ташкил этиш. 2026 йил май 3. Ўқув курсларини лойиҳанинг расмий веб-сайтида эълон қилиш. 2026-2027 йиллар 6. «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳаси иштирокчиларини рағбатлантириш. 1. Тақдирлаш маросими харажатлари сметасини ишлаб чиқиш. 2. Харажатлар сметаси асосида харид жараёнларини ташкил этиш. Бунда, харидлар «Сунъий интеллект альянси» нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан амалга оширилади. Ҳар йили 1 ноябрга қадар Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Рақамли технологиялар вазирлигига беғараз асосда ажратилган маблағлар, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, «Сунъий интеллект альянси» нодавлат нотижорат ташкилоти 3. Тантанали равишда тақдирлаш маросимини ташкил этиш ҳамда лойиҳа доирасида энг юқори натижа кўрсатган иштирокчиларни (ёшлар, ўқитувчилар ва таълим ташкилотлари) пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар, жумладан, 100 нафар ўқитувчини 1 000 АҚШ доллари эквивалентида пул мукофоти, 10 нафар ўқитувчи учун хориж саёҳатига йўлланма, 500 нафар ёшларни ноутбук ва 500 нафар ёшларни қимматбаҳо совғалар (планшет, ақлли соат ва бошқа замонавий технологик қурилмалар, китоб олиш учун ваучер, таълим платформаларида ўқиш учун лицензия ва бошқалар), 3 та олийгоҳга пул мукофоти ҳамда 2 та мактабни «Президент совғаси» — электромобиль билан тақдирлаш. 2025 — 2030 йилларда 7. «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳаси иштирокчиларини мониторинг қилиб бориш. Лойиҳа иштирокчиларини махсус ахборот тизими орқали мониторинг қилиб боришни ташкил этиш. Бунда иштирокчиларнинг қайси таълим ташкилотларида ўқишлари ҳамда уларнинг бандлигини мониторинг қилиш имкониятини яратиш. 2026 йил июль Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Рақамли технологиялар вазирлигига беғараз асосда ажратилган маблағлар, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Рақамли технологиялар вазирлиги, «Рақамли таълимни ривожлантириш маркази» ДМ

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 декабрдаги 849-сон қарорига 3-ИЛОВА

«Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳасини амалга ошириш бўйича

Т/р Чора-тадбирлар номи Амалга ошириш механизми Муддати Молиялаштириш манбаи Ижрочилар 1. «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳаси доирасида ташкил этиладиган махсус гуруҳларни таълим жараёнлари учун зарур бино ва техник воситалар билан таъминлаш. Бунда, махсус гуруҳлар ажратилган биноларга бепул жойлаштирилади. 1 . Биноларни сақлаш ҳамда белгиланган тартибда алоқа ва коммунал хизматлар билан таъминлаш. 2. Техник талаблар ва топшириқларни ишлаб чиқиш. 3. Харид жараёнларини учун харажатлар сметасини ишлаб чиқиш. 4. Белгиланган тартибда харид жараёнларини амалга ошириш. 2026 йилдан бошлаб Ижрочиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси, ташаббускор тадбиркорлар, ҳомийлик маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, «Рақамли таълимни ривожлантириш маркази» ДМ 2. «Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари» лойиҳаси асосида ўқитиш йўлга қўйиладиган махсус гуруҳларга иқтидорли ёшларни жалб қилиш. 1. Махсус гуруҳлар сиғимини (қувватини) аниқлаш ва тасдиқлаш. 2026 йил март Ижрочиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси, ташаббускор тадбиркорлар, ҳомийлик маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, «Рақамли таълимни ривожлантириш маркази» ДМ 2. Режа-график асосида махсус гуруҳларга умумтаълим мактабларининг 8-синф ўқувчилари орасидан иқтидорли ёшларни саралаб бориш. Режа-график асосида 3. Рақамли технологиялар ва хорижий тиллар бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга менторларни жалб қилиш. 1. Махсус гуруҳлар сонидан келиб чиқиб, менторларни жалб қилиш. 2. Менторларни таълим жараёнига тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириб бориш. 3. Белгиланган тартибда менторларнинг хизматига ҳақ тўлаш: ҳар бир ўқувчи учун ахборот технологиялари бўйича таълим берувчи менторларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 0,3 бараваригача; хорижий тил бўйича таълим берувчи менторларга эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 0,2 бараваригача. Режа-график асосида Ижрочиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси, ташаббускор тадбиркорлар, ҳомийлик маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, «Рақамли таълимни ривожлантириш маркази» ДМ 4. Махсус гуруҳлардаги ўқувчи ва менторларни замонавий адабиётлар ҳамда материаллар билан таъминлаш. 1. Рақамли технологиялар ва хорижий тиллар бўйича замонавий ўқув адабиётлари ва рақамли контентлар рўйхатини ҳамда харажатлар сметасини ишлаб чиқиш. 2. Белгиланган тартибда харид жараёнларини амалга ошириш. 2026 йилдан бошлаб Ижрочиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси, ташаббускор тадбиркорлар, ҳомийлик маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Рақамли технологиялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, «Рақамли таълимни ривожлантириш маркази» ДМ

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 декабрдаги 849-сон қарорига 4-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 февралдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган Ёшларнинг халқаро IТ-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«8. Халқаро IT-сертификатлар бошланғич даражада бўлганда 30 фоиз, ўрта даражада бўлганда 40 фоиз ҳамда профессионал даражада бўлганда 60 фоиз миқдорда сарфланган харажатлар қоплаб берилади.

Халқаро IT-сертификатлар бошланғич даражада бўлганда 30 фоиз, ўрта даражада бўлганда 40 фоиз ҳамда профессионал даражада бўлганда 60 фоиз миқдорда сарфланган харажатлар қоплаб берилади.

Инглиз тили бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги ҳамда профессионал даражадаги халқаро IT-сертификатга эга бўлган ёшларнинг халқаро IT-сертификатни олиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Бунда профессионал даражадаги халқаро IT-сертификатга эга бўлган ёшларнинг мазкур сертификатни олиш харажатлари ушбу Регламентга 2-иловада назарда тутилган инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатлар рўйхатига мувофиқ тўлиқ қоплаб берилади».

2. 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«9. Халқаро IT-сертификатларни олиш учун ўқув марказларида ўқиганлик харажатлари тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи тижорат банки маълумотномаси ёки тўлов квитанцияси нусхаси (pdf шаклда) тақдим этилганда қоплаб берилади».

3. 12-бандда :

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«ариза берувчи (ёки унинг ота-онаси ёхуд қонуний вакили) томонидан халқаро IT-сертификат учун ўқиш ва уни олиш харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи тижорат банки маълумотномаси ва тўлов квитанциясининг нусхаси (pdf шаклда)»;

олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«агар ариза берувчи халқаро IT-сертификатни олиш учун ўқув курсига сарфланган харажатларни қоплаш мақсадида сўровнома тўлдираётган бўлса, у ҳолда ариза берувчи (ёки унинг ота-онаси ёхуд қонуний вакили) ҳамда ўқув маркази ўртасида халқаро IT-сертификатни олиш учун тузилган шартнома нусхаси ва ўқув курсини тамомлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (pdf шаклида)».

4. 15-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«15. Ариза берувчи томонидан тўлдирилган сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар автоматик тарзда ишчи органга юборилади.

Агар Ишчи орган томонидан сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларда камчиликлар аниқланса, бу ҳақида беш иш куни ичида ариза берувчига ЯИДХП орқали камчиликларни бартараф этиш юзасидан хабарнома юборилади ва ариза рад этилади.

Ариза берувчи мавжуд камчиликларни бартараф этиб, янги сўровнома билан такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга».

5. 18-бандда :

қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«халқаро IТ-сертификат ваколатли орган томонидан тасдиқланган сертификатлар рўйхатида мавжуд бўлмаса»;

бешинчи — саккизинчи хатбошилар тегишлича олтинчи — тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

қуйидаги мазмундаги саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

«ариза берувчи тамомлаган ўқув марказининг таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияси ёки тасдиқномаси мавжуд бўлмаса;

сўровномага иловага қилиниши лозим бўлган ҳужжат ва маълумотлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганда»;

саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар тегишлича ўнинчи-ўн биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 31 декабрь,

849-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.01.2026 й., 09/26/849/0002-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI VAZIRLAR MAHKAMASINING

QARORI

TARKIBI

CHORA-TADBIRLAR REJASI

CHORA-TADBIRLAR DASTURI

Yoshlarni IT sohasiga jalb qilish, ularning raqamli bilim va koʻnikmalarini oshirish orqali yuqori daromadli kasblarga yoʻnaltirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasi doirasida jamiyat hayotining turli sohalarida raqamli texnologiyalarni samarali joriy etish, yoshlarni IT sohasiga yanada qiziqtirish, zamonaviy IT kasblarga oʻqitish, mazkur yoʻnalishda malakali kadrlar tayyorlash boʻyicha tizimli yondashuvni joriy etish orqali ularning yuqori daromad topish imkoniyatlarini kengaytirish va ularni munosib ragʻbatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Raqamli texnologiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi hamda Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining “Bir million dasturchi” loyihasining mantiqiy davomi sifatida “Besh million sunʼiy intellekt yetakchilari” loyihasini amalga oshirish va mazkur loyiha doirasida yil yakuniga koʻra eng yuqori natijaga erishgan yoshlar, ularning oʻqituvchilari hamda taʼlim tashkilotlarini ragʻbatlantirish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

2. Belgilansinki, har yili “Besh million sunʼiy intellekt yetakchilari” loyihasi doirasida eng yuqori natijalarga erishgan ishtirokchilarni taqdirlash boʻyicha milliy tanlov (keyingi oʻrinlarda — tanlov) oʻtkazib boriladi.

Bunda tanlov gʻoliblari pul mukofotlari va qimmatbaho sovgʻalar, jumladan, 100 nafar oʻqituvchi 1 000 AQSH dollari ekvivalentida pul mukofoti, 10 nafar oʻqituvchi xorijiy sayohatga yoʻllanma, 500 nafar yoshlar noutbuk va 500 nafar yoshlar qimmatbaho sovgʻalar, 3 ta oliy taʼlim tashkiloti pul mukofoti hamda 2 ta umumtaʼlim maktabi “Prezident sovgʻasi” — elektromobil bilan taqdirlanadi.

3. “Besh million sunʼiy intellekt yetakchilari” loyihasining hududlarda samarali joriy etilishini muvofiqlashtirish komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) tarkibi 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

4. Quyidagilar Komissiyaning asosiy vazifalari etib belgilansin:

“Besh million sunʼiy intellekt yetakchilari” loyihasining hududlar kesimidagi maqsadli koʻrsatkichlarini tasdiqlash;

“Besh million sunʼiy intellekt yetakchilari” loyihasining hududlarda samarali joriy etilishini nazorat qilish;

tanlov ishtirokchilarini baholash tartibi aks ettirilgan nizomni tasdiqlash;

tanlov natijasiga koʻra eng yuqori natija koʻrsatgan nomzodlarni tanlab olish va taqdirlash yuzasidan xarajatlar smetasini tasdiqlash;

tanlov ishtirokchilari orasidan eng yuqori natija koʻrsatgan nomzodlarni tanlab olish va taqdirlash;

tanlovni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq boshqa vazifalarni amalga oshirish.

5. Hududlarda “Besh million sunʼiy intellekt yetakchilari” loyihasini amalga oshirish boʻyicha chora-tadbirlar rejasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

6. Raqamli texnologiyalar vazirligi hamda Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligining Xorazm viloyatida amalga oshirilayotgan “Muhammad al-Xorazmiy vorislari” loyihasining ijobiy tajribasi asosida ushbu loyihani bosqichma-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar markazlarida amalga oshirish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

7. “Muhammad al-Xorazmiy vorislari” loyihasi doirasida yoshlarga quyidagi imkoniyatlar yaratiladi:

raqamlashtirish sohasida zamonaviy kasblarga, jumladan, IT-loyiha boshqaruvchisi, startap loyihasi boshqaruvchisi hamda xorijiy tillarga bepul oʻqish;

xalqaro professional darajadagi IT-sertifikatlarni olish boʻyicha oʻquv kurslarida bepul taʼlim olish;

informatika, robototexnika, kibersport va boshqa yoʻnalishlar boʻyicha musobaqa hamda tanlovlarda ishtirok etish.

8. “Muhammad al-Xorazmiy vorislari” loyihasini amalga oshirish boʻyicha chora-tadbirlar dasturi 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

9. Vazirlar Mahkamasining “Xalqaro IT-sertifikatlarga ega boʻlgan yosh mutaxassislarni ragʻbatlantirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 17-fevraldagi 95-son qaroriga 4-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

10. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov, maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri E.G. Karimova hamda oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri K.A. Sharipov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 31-dekabrdagi 849-son qaroriga 1-ILOVA

“Besh million sunʼiy intellekt yetakchilari” loyihasining hududlarda samarali joriy etilishini muvofiqlashtirish komissiyasi

1. Sh.X. Shermatov — raqamli texnologiyalar vaziri, komissiya rahbari 2. Sh.A. Karimov — maktabgacha va maktab taʼlimi vazirining birinchi oʻrinbosari 3. S.B. Radjabov — oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirining birinchi oʻrinbosari 4. R.O. Karimjonov — raqamli texnologiyalar vazirining oʻrinbosari 5. E.Sh. Qurbonov — raqamli texnologiyalar vazirligi boʻlim boshligʻi 6. N.O. Barnoyev — IT-taʼlim uyushmasi raisi 7. A.K. Eshankulov — “Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazi” DM direktori, komissiya kotibi

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 31-dekabrdagi 849-son qaroriga 2-ILOVA

Hududlarda “Besh million sunʼiy intellekt yetakchilari” loyihasini amalga oshirish boʻyicha

T/r Chora-tadbirlar nomi Amalga oshirish mexanizmi Muddati Moliyalashtirish manbai Ijrochilar 1. “Besh million sunʼiy intellekt yetakchilari” loyihasi doirasida eng yuqori natijalarga erishgan ishtirokchilarni taqdirlash boʻyicha milliy tanlovni oʻtkazish tartibini tasdiqlash. Nizom loyihasini ishlab chiqish va tasdiqlash. 2026-yil yanvar - Raqamli texnologiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 2. “Besh million sunʼiy intellekt yetakchilari” loyihasini keng joriy qilish. 1. Hududlar kesimida loyihaning maqsadli koʻrsatkichlarini tasdiqlash. Bunda, 2025-yilda 100 ming nafar, 2026-yilda 500 ming nafar va 2035-yilgacha 5 million nafar yoshlarni oʻqitishni nazarda tutish. 2026-yil yanvar Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi tomonidan Raqamli texnologiyalar vazirligiga begʻaraz asosda ajratilgan mablagʻlar, qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar Raqamli texnologiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 2. Yoshlarni xalqaro taʼlim platformalarining kurslarida oʻqishga jalb etishni tashkil etish. 2026-yildan boshlab 3. “Besh million sunʼiy intellekt yetakchilari” loyihasini keng jamoatchilik oʻrtasida targʻib qilishni tashkil etish va yoshlarni jalb etish. 1. Loyihani targʻib qiluvchi materiallar va videoroliklarni ishlab chiqish. 2. Ommaviy axborot vositalari, maktab va oliy taʼlim tashkilotlarida loyihani targʻibot qilish. 2026-yildan boshlab Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi tomonidan Raqamli texnologiyalar vazirligiga begʻaraz asosda ajratilgan mablagʻlar, qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar Raqamli texnologiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi 4. Xalqaro onlayn taʼlim tashkilotlarining kurslarini oʻzbek tiliga tarjima qilish. 1. Xalqaro onlayn taʼlim tashkilotlari va/yoki ularning Oʻzbekistondagi rasmiy hamkorlari bilan muzokaralar oʻtkazish. 2026-yil mart Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi tomonidan Raqamli texnologiyalar vazirligiga begʻaraz asosda ajratilgan mablagʻlar, qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar Raqamli texnologiyalar vazirligi, “Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazi” DM 2. Oʻzbek tiliga tarjima qilinadigan oʻquv kurslar roʻyxatini shakllantirish. 2026-yil may 3. Oʻquv kurslarni oʻzbek tiliga tarjima qilish. 2026-2027-yillar 5. “Besh million sunʼiy intellekt yetakchilari” loyihasi doirasida taqdim etiladigan onlayn oʻquv kurslari sonini koʻpaytirish. 1. Zamonaviy onlayn oʻquv kurslar sonini koʻpaytirish maqsadida tashkilotlar bilan muzokaralar oʻtkazish. 2026-yil mart Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi tomonidan Raqamli texnologiyalar vazirligiga begʻaraz asosda ajratilgan mablagʻlar, qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar Raqamli texnologiyalar vazirligi, “Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazi” DM 2. Belgilangan tartibda oʻquv kurslarini sotib olish boʻyicha xarid jarayonlarini tashkil etish. 2026-yil may 3. Oʻquv kurslarini loyihaning rasmiy veb-saytida eʼlon qilish. 2026-2027-yillar 6. “Besh million sunʼiy intellekt yetakchilari” loyihasi ishtirokchilarini ragʻbatlantirish. 1. Taqdirlash marosimi xarajatlari smetasini ishlab chiqish. 2. Xarajatlar smetasi asosida xarid jarayonlarini tashkil etish. Bunda, xaridlar “Sunʼiy intellekt alyansi” nodavlat notijorat tashkiloti tomonidan amalga oshiriladi. Har yili 1-noyabrga qadar Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi tomonidan Raqamli texnologiyalar vazirligiga begʻaraz asosda ajratilgan mablagʻlar, qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar Raqamli texnologiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi tizimidagi tashkilotlar, “Sunʼiy intellekt alyansi” nodavlat notijorat tashkiloti 3. Tantanali ravishda taqdirlash marosimini tashkil etish hamda loyiha doirasida eng yuqori natija koʻrsatgan ishtirokchilarni (yoshlar, oʻqituvchilar va taʼlim tashkilotlari) pul mukofotlari va qimmatbaho sovgʻalar, jumladan, 100 nafar oʻqituvchini 1 000 AQSH dollari ekvivalentida pul mukofoti, 10 nafar oʻqituvchi uchun xorij sayohatiga yoʻllanma, 500 nafar yoshlarni noutbuk va 500 nafar yoshlarni qimmatbaho sovgʻalar (planshet, aqlli soat va boshqa zamonaviy texnologik qurilmalar, kitob olish uchun vaucher, taʼlim platformalarida oʻqish uchun litsenziya va boshqalar), 3 ta oliygohga pul mukofoti hamda 2 ta maktabni “Prezident sovgʻasi” — elektromobil bilan taqdirlash. 2025 — 2030-yillarda 7. “Besh million sunʼiy intellekt yetakchilari” loyihasi ishtirokchilarini monitoring qilib borish. Loyiha ishtirokchilarini maxsus axborot tizimi orqali monitoring qilib borishni tashkil etish. Bunda ishtirokchilarning qaysi taʼlim tashkilotlarida oʻqishlari hamda ularning bandligini monitoring qilish imkoniyatini yaratish. 2026-yil iyul Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasi tomonidan Raqamli texnologiyalar vazirligiga begʻaraz asosda ajratilgan mablagʻlar, qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar Raqamli texnologiyalar vazirligi, “Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazi” DM

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 31-dekabrdagi 849-son qaroriga 3-ILOVA

“Muhammad al-Xorazmiy vorislari” loyihasini amalga oshirish boʻyicha

T/r Chora-tadbirlar nomi Amalga oshirish mexanizmi Muddati Moliyalashtirish manbai Ijrochilar 1. “Muhammad al-Xorazmiy vorislari” loyihasi doirasida tashkil etiladigan maxsus guruhlarni taʼlim jarayonlari uchun zarur bino va texnik vositalar bilan taʼminlash. Bunda, maxsus guruhlar ajratilgan binolarga bepul joylashtiriladi. 1 . Binolarni saqlash hamda belgilangan tartibda aloqa va kommunal xizmatlar bilan taʼminlash. 2. Texnik talablar va topshiriqlarni ishlab chiqish. 3. Xarid jarayonlarini uchun xarajatlar smetasini ishlab chiqish. 4. Belgilangan tartibda xarid jarayonlarini amalga oshirish. 2026-yildan boshlab Ijrochilarning budjetdan tashqari mablagʻlari, Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi, tashabbuskor tadbirkorlar, homiylik mablagʻlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyat hokimliklari, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi, “Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazi” DM 2. “Muhammad al-Xorazmiy vorislari” loyihasi asosida oʻqitish yoʻlga qoʻyiladigan maxsus guruhlarga iqtidorli yoshlarni jalb qilish. 1. Maxsus guruhlar sigʻimini (quvvatini) aniqlash va tasdiqlash. 2026-yil mart Ijrochilarning budjetdan tashqari mablagʻlari, Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi, tashabbuskor tadbirkorlar, homiylik mablagʻlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar Raqamli texnologiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, “Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazi” DM 2. Reja-grafik asosida maxsus guruhlarga umumtaʼlim maktablarining 8-sinf oʻquvchilari orasidan iqtidorli yoshlarni saralab borish. Reja-grafik asosida 3. Raqamli texnologiyalar va xorijiy tillar boʻyicha zamonaviy bilim va koʻnikmalarga ega mentorlarni jalb qilish. 1. Maxsus guruhlar sonidan kelib chiqib, mentorlarni jalb qilish. 2. Mentorlarni taʼlim jarayoniga tayyorlash va ularning malakasini oshirib borish. 3. Belgilangan tartibda mentorlarning xizmatiga haq toʻlash: har bir oʻquvchi uchun axborot texnologiyalari boʻyicha taʼlim beruvchi mentorlarga mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 0,3 baravarigacha; xorijiy til boʻyicha taʼlim beruvchi mentorlarga esa mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 0,2 baravarigacha. Reja-grafik asosida Ijrochilarning budjetdan tashqari mablagʻlari, Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi, tashabbuskor tadbirkorlar, homiylik mablagʻlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar Raqamli texnologiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, “Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazi” DM 4. Maxsus guruhlardagi oʻquvchi va mentorlarni zamonaviy adabiyotlar hamda materiallar bilan taʼminlash. 1. Raqamli texnologiyalar va xorijiy tillar boʻyicha zamonaviy oʻquv adabiyotlari va raqamli kontentlar roʻyxatini hamda xarajatlar smetasini ishlab chiqish. 2. Belgilangan tartibda xarid jarayonlarini amalga oshirish. 2026-yildan boshlab Ijrochilarning budjetdan tashqari mablagʻlari, Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi, tashabbuskor tadbirkorlar, homiylik mablagʻlari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar Raqamli texnologiyalar vazirligi, Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, “Raqamli taʼlimni rivojlantirish markazi” DM

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 31-dekabrdagi 849-son qaroriga 4-ILOVA

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 17-fevraldagi 95-son qarori bilan tasdiqlangan Yoshlarning xalqaro IT-sertifikatlarni olish xarajatlarini qoplab berish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. 8-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“8. Xalqaro IT-sertifikatlar boshlangʻich darajada boʻlganda 30 foiz, oʻrta darajada boʻlganda 40 foiz hamda professional darajada boʻlganda 60 foiz miqdorda sarflangan xarajatlar qoplab beriladi.

Xalqaro IT-sertifikatlar boshlangʻich darajada boʻlganda 30 foiz, oʻrta darajada boʻlganda 40 foiz hamda professional darajada boʻlganda 60 foiz miqdorda sarflangan xarajatlar qoplab beriladi.

Ingliz tili boʻyicha B2 va undan yuqori darajadagi hamda professional darajadagi xalqaro IT-sertifikatga ega boʻlgan yoshlarning xalqaro IT-sertifikatni olish xarajatlari toʻliq qoplab beriladi.

Bunda professional darajadagi xalqaro IT-sertifikatga ega boʻlgan yoshlarning mazkur sertifikatni olish xarajatlari ushbu Reglamentga 2-ilovada nazarda tutilgan ingliz tilini bilish darajasini belgilovchi sertifikatlar roʻyxatiga muvofiq toʻliq qoplab beriladi”.

2. 9-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“9. Xalqaro IT-sertifikatlarni olish uchun oʻquv markazlarida oʻqiganlik xarajatlari toʻlov amalga oshirilganligini tasdiqlovchi tijorat banki maʼlumotnomasi yoki toʻlov kvitansiyasi nusxasi (pdf shaklda) taqdim etilganda qoplab beriladi”.

3. 12-bandda :

uchinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ariza beruvchi (yoki uning ota-onasi yoxud qonuniy vakili) tomonidan xalqaro IT-sertifikat uchun oʻqish va uni olish xarajatlari toʻlanganligini tasdiqlovchi tijorat banki maʼlumotnomasi va toʻlov kvitansiyasining nusxasi (pdf shaklda)”;

oltinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“agar ariza beruvchi xalqaro IT-sertifikatni olish uchun oʻquv kursiga sarflangan xarajatlarni qoplash maqsadida soʻrovnoma toʻldirayotgan boʻlsa, u holda ariza beruvchi (yoki uning ota-onasi yoxud qonuniy vakili) hamda oʻquv markazi oʻrtasida xalqaro IT-sertifikatni olish uchun tuzilgan shartnoma nusxasi va oʻquv kursini tamomlaganligini tasdiqlovchi hujjatlar nusxasi (pdf shaklida)”.

4. 15-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“15. Ariza beruvchi tomonidan toʻldirilgan soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlar avtomatik tarzda ishchi organga yuboriladi.

Agar Ishchi organ tomonidan soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlarda kamchiliklar aniqlansa, bu haqida besh ish kuni ichida ariza beruvchiga YIDXP orqali kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan xabarnoma yuboriladi va ariza rad etiladi.

Ariza beruvchi mavjud kamchiliklarni bartaraf etib, yangi soʻrovnoma bilan takroran murojaat qilish huquqiga ega”.

5. 18-bandda :

quyidagi mazmundagi beshinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“xalqaro IT-sertifikat vakolatli organ tomonidan tasdiqlangan sertifikatlar roʻyxatida mavjud boʻlmasa”;

beshinchi — sakkizinchi xatboshilar tegishlicha oltinchi — toʻqqizinchi xatboshilar deb hisoblansin.

quyidagi mazmundagi sakkizinchi va toʻqqizinchi xatboshilar bilan toʻldirilsin:

“ariza beruvchi tamomlagan oʻquv markazining taʼlim faoliyati bilan shugʻullanish huquqini beruvchi litsenziyasi yoki tasdiqnomasi mavjud boʻlmasa;

soʻrovnomaga ilovaga qilinishi lozim boʻlgan hujjat va maʼlumotlar toʻliq hajmda taqdim etilmaganda”;

sakkizinchi va toʻqqizinchi xatboshilar tegishlicha oʻninchi-oʻn birinchi xatboshilar deb hisoblansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 31-dekabr,

849-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 01.01.2026-y., 09/26/849/0002-son)

lex.uz