📅 2025-yil 30-dekabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025-yil 30-dekabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2025 йил 30 декабрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 декабря 2025 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 December 2025 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
Медиаторларнинг касб этикаси қоидаларини тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Медиация тўғрисида»ги Қонунига асосан буюраман:
1. Медиаторларнинг касб этикаси қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2025 йил 30 декабрдаги 32-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА
Медиаторларнинг касб этикаси қоидалари
Мазкур Қоидалар медиаторларнинг касб этикасига оид асосий қоидалар ва талабларни (бундан буён матнда касб этикаси қоидалари деб юритилади) белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Касб этикаси қоидаларининг мақсади медиаторлар фаолиятида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида медиаторларга бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда медиаторларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олиш ҳисобланади.
2. Медиаторлар касб этикаси қоидаларига сўзсиз риоя қилиши, медиаторлик фаолиятини ҳалол ва виждонан бажариши, медиаторларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳамда медиаторлик фаолиятининг нуфузини сақлаши лозим.
3. Медиаторлар қонунчилик ҳужжатларига ва касб этикаси қоидаларига қатъий риоя этиши шарт .
4. Медиаторлар Медиаторлар реестрига (бундан буён матнда Реестр деб юритилади) кириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига (бундан буён матнда ҳудудий адлия органлари деб юритилади) ариза тақдим этганда медиацияга оид қонунчилик ҳужжатлари ва касб этикаси қоидалари билан танишганлигини тасдиқлаши керак.
2-боб. Медиаторлар фаолиятининг асосий принциплари
5. Медиаторлар ўз фаолиятини махфийлик, ихтиёрийлик, медиация тарафларининг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторларнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширади .
6. Медиаторларнинг махфийлик принципига қуйидагилар киради:
медиаторлар медиация жараёнида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларни уларни тақдим этган медиация тарафининг, унинг ҳуқуқий ворисининг ёки вакилининг ёзма розилигисиз ошкор қилишга ҳақли эмаслиги .
Бунда, медиаторларнинг ҳудудий адлия органларига статистика маълумотларини Медиаторлар томонидан статистика маълумотларини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3740, 2025 йил 30 декабрь) мувофиқ тақдим этиб бориши махфийлик принципини бузиш ҳисобланмайди;
медиаторлар ўзларига медиация жараёнида маълум бўлиб қолган ҳолатлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги ;
медиация тарафларининг медиаторларга мурожаат қилганлиги факти, шу жумладан жисмоний шахсларнинг исмлари ва юридик шахсларнинг номларини ошкор қилмаслиги;
медиация тартиб-таомилларини амалга ошириш жараёнида медиаторлар томонидан медиация тарафларидан олинган барча маълумотлар ва ҳужжатларни ошкор қилмаслиги;
медиация тартиб-таомилларини амалга ошириш жараёнида медиация тарафлари тўғрисида медиаторларга маълум бўлган ахборотларни ошкор қилмаслиги;
медиатив келишув ёки медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув мазмуни ва шартлари, шу жумладан медиаторлар ва медиация тарафлари ўртасидаги молиявий ҳисоб-китобларни ошкор қилмаслиги.
7. Медиациянинг ихтиёрийлик принципига қуйидагилар киради:
медиация тарафларининг медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишувда иштирок этиши медиация тарафларининг ўзаро ихтиёрийлигига асосланиши , бунда медиация жараёнида медиация тарафларининг мажбуран жалб этилиши мумкин эмаслиги;
медиация тарафлари медиацияни қўллашдан унинг исталган босқичида воз кечишга ҳақли эканлиги ва медиация тарафлари ўзаро мақбул келишувни муҳокама қилиш учун масалаларни танлашда эркинлиги;
медиация тартиб-таомилини амалга ошириш вақтида медиация тарафларини ярашишга мажбурлаш тақиқланиши ;
медиация келишувига эришиш ёки эришмаслик бўйича қарор қабул қилишда босим ўтказмаслиги.
8. Медиаторларнинг медиация тарафлари билан ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги принципига қуйидагилар киради:
медиаторлар медиация тарафларининг медиация тартиб-таомилини медиатив келишув шартларига бир томонлама таъсир кўрсатмаган ҳолда амалга ошириши;
медиаторлар медиация тартиб-таомилини низо хусусида медиация тарафларининг ҳамкорлиги асосида ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадида амалга ошириши ;
медиаторлар медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартибини, медиация тартиб-таомилидаги ўз нуқтаи назарини, бу нуқтаи назарни ҳимоя қилиш усуллари ва воситаларини танлашда, ахборот олишда, медиатив келишув шартларининг ўзаро мақбуллигини баҳолашда тенг ҳуқуқлардан фойдаланиши ҳамда уларнинг зиммасида тенг мажбуриятлар бўлиши .
9. Медиаторларнинг мустақиллиги ва холислиги принципига қуйидагилар киради:
медиация тартиб-таомилини амалга оширишда медиаторнинг мустақиллиги;
медиация тартиб-таомилини амалга оширишда медиаторларнинг фаолиятига бирор-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ;
медиаторларнинг медиация тарафларидан бири билан шахсий ёки хизмат муносабатларига киришмаслиги;
медиаторларнинг медиация натижасидан бевосита ёки билвосита молиявий ёки бошқа турдаги манфаатдорлиги бўлмаслиги;
медиаторларнинг медиациядан ташқари медиация тарафларидан бири билан ҳамкорлик қилмаслиги.
Бунда, медиация тарафларининг розилиги билан, медиаторлар ўзининг тўлиқ мустақил ва холис бўла олишига ишонч ҳосил қилган тақдирда медиацияни бошлаш ёки давом эттириши мумкин.
Медиаторлар ҳар доим холис бўлиб ҳаракат қилиши, медиация жараёнини амалга ошириш мақсадида ҳар икки тарафга тенг хизмат кўрсатишни ўз олдига устувор вазифа қилиб қўйиши керак.
Медиаторларнинг мустақиллиги ва холислигига тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда , улар медиация тартиб-таомилини амалга оширишдан воз кечиши керак.
Медиаторлар медиаторлик фаолиятини тарғиб қилишда ёлғон ва ишончли бўлмаган маълумотлардан фойдаланиши тақиқланади.
3-боб. Медиаторларнинг касб этикасига қўйиладиган талаблар
10. Медиаторлар медиация тарафларининг медиация жараёнида тенг имкониятларга эга бўлишини таъминлаши лозим.
Медиаторлар медиация тарафларининг шахсий хислатлари, ижтимоий келиб чиқиши, қадриятлари, эътиқоди ёки уларнинг медиацияда ўзини тутишига қараб уларга нисбатан бир томонлама муносабатда бўлмаслиги лозим.
11. Медиация тарафлари медиация ўтказишнинг қонуний воситалари ва усулларини қўллаш бўйича медиаторларга ихтиёрий розилик билдириши керак.
12. Медиаторлар медиация тарафлари билан муносабатларда:
қонунчилик ҳужжатлари талабларига ва Медиаторнинг касб этикаси қоидаларига риоя этиши;
медиация бошлангунига қадар медиация тарафларига медиациянинг мақсадини, шунингдек уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши ;
ишга киришишдан олдин медиация тарафларига медиациянинг ўтказиш тартиби, қиймати (шу жумладан, тўлов тартиби ва шакли) ва уларнинг оқибатлари тўғрисида маълумот бериши;
медиация тарафларига ўзининг касбий малакаси ва иш тажрибаси тўғрисида ишончли маълумот бериши;
музокаралар давомида медиация тарафларининг хавфсизлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, ўзаро ҳурмат муҳитини яратишга кўмаклашиши;
медиация тарафларига, уларнинг вакилларига, медиациянинг бошқа иштирокчиларига нисбатан ҳурмат ва хушмуомалалик кўрсатиши;
медиация тарафларини диққат билан тинглаши, маълумотларни таҳлил қилиш ва умумлаштириши, музокаралар жараёнини бошқариши, медиация тарафларини низони ҳал қилишнинг мақбул вариантларини излашга ундаши;
музокаралар натижасини бир тарафнинг фойдасини кўзлаб иш олиб бормаслиги лозим.
4-боб. Якуний қоида
13. Мазкур касб этикаси қоидаларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради .
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 30 декабрь,
32-мҳ-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirining
buyrugʻi
Mediatorlarning kasb etikasi qoidalarini tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Mediatsiya toʻgʻrisida”gi Qonuniga asosan buyuraman:
1. Mediatorlarning kasb etikasi qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Ushbu buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2025-yil 30-dekabrdagi 32-mh-son buyrugʻiga ILOVA
Mediatorlarning kasb etikasi qoidalari
Mazkur Qoidalar mediatorlarning kasb etikasiga oid asosiy qoidalar va talablarni (bundan buyon matnda kasb etikasi qoidalari deb yuritiladi) belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Kasb etikasi qoidalarining maqsadi mediatorlar faoliyatida yuksak kasbiy madaniyatni shakllantirish, jamoatchilik ongida mediatorlarga boʻlgan hurmat va ishonchni oshirish hamda mediatorlarning odob-axloq qoidalariga zid boʻlgan xatti-harakatlarining oldini olish hisoblanadi.
2. Mediatorlar kasb etikasi qoidalariga soʻzsiz rioya qilishi, mediatorlik faoliyatini halol va vijdonan bajarishi, mediatorlarning shaʼni, qadr-qimmati va ishchanlik obroʻsini hamda mediatorlik faoliyatining nufuzini saqlashi lozim.
3. Mediatorlar qonunchilik hujjatlariga va kasb etikasi qoidalariga qatʼiy rioya etishi shart .
4. Mediatorlar Mediatorlar reyestriga (bundan buyon matnda Reyestr deb yuritiladi) kirish uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Adliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar adliya boshqarmalariga (bundan buyon matnda hududiy adliya organlari deb yuritiladi) ariza taqdim etganda mediatsiyaga oid qonunchilik hujjatlari va kasb etikasi qoidalari bilan tanishganligini tasdiqlashi kerak.
2-bob. Mediatorlar faoliyatining asosiy prinsiplari
5. Mediatorlar oʻz faoliyatini maxfiylik, ixtiyoriylik, mediatsiya taraflarining hamkorligi va teng huquqliligi, mediatorlarning mustaqilligi va xolisligi prinsiplari asosida amalga oshiradi .
6. Mediatorlarning maxfiylik prinsipiga quyidagilar kiradi:
mediatorlar mediatsiya jarayonida oʻzlariga maʼlum boʻlib qolgan maʼlumotlarni ularni taqdim etgan mediatsiya tarafining, uning huquqiy vorisining yoki vakilining yozma roziligisiz oshkor qilishga haqli emasligi .
Bunda, mediatorlarning hududiy adliya organlariga statistika maʼlumotlarini Mediatorlar tomonidan statistika maʼlumotlarini taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga (roʻyxat raqami 3740, 2025-yil 30-dekabr) muvofiq taqdim etib borishi maxfiylik prinsipini buzish hisoblanmaydi;
mediatorlar oʻzlariga mediatsiya jarayonida maʼlum boʻlib qolgan holatlar haqida guvoh sifatida soʻroq qilinishi mumkin emasligi ;
mediatsiya taraflarining mediatorlarga murojaat qilganligi fakti, shu jumladan jismoniy shaxslarning ismlari va yuridik shaxslarning nomlarini oshkor qilmasligi;
mediatsiya tartib-taomillarini amalga oshirish jarayonida mediatorlar tomonidan mediatsiya taraflaridan olingan barcha maʼlumotlar va hujjatlarni oshkor qilmasligi;
mediatsiya tartib-taomillarini amalga oshirish jarayonida mediatsiya taraflari toʻgʻrisida mediatorlarga maʼlum boʻlgan axborotlarni oshkor qilmasligi;
mediativ kelishuv yoki mediatsiya tartib-taomilini amalga oshirish toʻgʻrisidagi kelishuv mazmuni va shartlari, shu jumladan mediatorlar va mediatsiya taraflari oʻrtasidagi moliyaviy hisob-kitoblarni oshkor qilmasligi.
7. Mediatsiyaning ixtiyoriylik prinsipiga quyidagilar kiradi:
mediatsiya taraflarining mediatsiyani qoʻllash toʻgʻrisidagi kelishuvda ishtirok etishi mediatsiya taraflarining oʻzaro ixtiyoriyligiga asoslanishi , bunda mediatsiya jarayonida mediatsiya taraflarining majburan jalb etilishi mumkin emasligi;
mediatsiya taraflari mediatsiyani qoʻllashdan uning istalgan bosqichida voz kechishga haqli ekanligi va mediatsiya taraflari oʻzaro maqbul kelishuvni muhokama qilish uchun masalalarni tanlashda erkinligi;
mediatsiya tartib-taomilini amalga oshirish vaqtida mediatsiya taraflarini yarashishga majburlash taqiqlanishi ;
mediatsiya kelishuviga erishish yoki erishmaslik boʻyicha qaror qabul qilishda bosim oʻtkazmasligi.
8. Mediatorlarning mediatsiya taraflari bilan hamkorligi va teng huquqliligi prinsipiga quyidagilar kiradi:
mediatorlar mediatsiya taraflarining mediatsiya tartib-taomilini mediativ kelishuv shartlariga bir tomonlama taʼsir koʻrsatmagan holda amalga oshirishi;
mediatorlar mediatsiya tartib-taomilini nizo xususida mediatsiya taraflarining hamkorligi asosida oʻzaro maqbul qarorga erishish maqsadida amalga oshirishi ;
mediatorlar mediatsiya tartib-taomilini amalga oshirish tartibini, mediatsiya tartib-taomilidagi oʻz nuqtai nazarini, bu nuqtai nazarni himoya qilish usullari va vositalarini tanlashda, axborot olishda, mediativ kelishuv shartlarining oʻzaro maqbulligini baholashda teng huquqlardan foydalanishi hamda ularning zimmasida teng majburiyatlar boʻlishi .
9. Mediatorlarning mustaqilligi va xolisligi prinsipiga quyidagilar kiradi:
mediatsiya tartib-taomilini amalga oshirishda mediatorning mustaqilligi;
mediatsiya tartib-taomilini amalga oshirishda mediatorlarning faoliyatiga biror-bir tarzda aralashishga yoʻl qoʻyilmasligi ;
mediatorlarning mediatsiya taraflaridan biri bilan shaxsiy yoki xizmat munosabatlariga kirishmasligi;
mediatorlarning mediatsiya natijasidan bevosita yoki bilvosita moliyaviy yoki boshqa turdagi manfaatdorligi boʻlmasligi;
mediatorlarning mediatsiyadan tashqari mediatsiya taraflaridan biri bilan hamkorlik qilmasligi.
Bunda, mediatsiya taraflarining roziligi bilan, mediatorlar oʻzining toʻliq mustaqil va xolis boʻla olishiga ishonch hosil qilgan taqdirda mediatsiyani boshlash yoki davom ettirishi mumkin.
Mediatorlar har doim xolis boʻlib harakat qilishi, mediatsiya jarayonini amalga oshirish maqsadida har ikki tarafga teng xizmat koʻrsatishni oʻz oldiga ustuvor vazifa qilib qoʻyishi kerak.
Mediatorlarning mustaqilligi va xolisligiga toʻsqinlik qiladigan holatlar mavjud boʻlgan taqdirda , ular mediatsiya tartib-taomilini amalga oshirishdan voz kechishi kerak.
Mediatorlar mediatorlik faoliyatini targʻib qilishda yolgʻon va ishonchli boʻlmagan maʼlumotlardan foydalanishi taqiqlanadi.
3-bob. Mediatorlarning kasb etikasiga qoʻyiladigan talablar
10. Mediatorlar mediatsiya taraflarining mediatsiya jarayonida teng imkoniyatlarga ega boʻlishini taʼminlashi lozim.
Mediatorlar mediatsiya taraflarining shaxsiy xislatlari, ijtimoiy kelib chiqishi, qadriyatlari, eʼtiqodi yoki ularning mediatsiyada oʻzini tutishiga qarab ularga nisbatan bir tomonlama munosabatda boʻlmasligi lozim.
11. Mediatsiya taraflari mediatsiya oʻtkazishning qonuniy vositalari va usullarini qoʻllash boʻyicha mediatorlarga ixtiyoriy rozilik bildirishi kerak.
12. Mediatorlar mediatsiya taraflari bilan munosabatlarda:
qonunchilik hujjatlari talablariga va Mediatorning kasb etikasi qoidalariga rioya etishi;
mediatsiya boshlanguniga qadar mediatsiya taraflariga mediatsiyaning maqsadini, shuningdek ularning huquq va majburiyatlarini tushuntirishi ;
ishga kirishishdan oldin mediatsiya taraflariga mediatsiyaning oʻtkazish tartibi, qiymati (shu jumladan, toʻlov tartibi va shakli) va ularning oqibatlari toʻgʻrisida maʼlumot berishi;
mediatsiya taraflariga oʻzining kasbiy malakasi va ish tajribasi toʻgʻrisida ishonchli maʼlumot berishi;
muzokaralar davomida mediatsiya taraflarining xavfsizligi va teng huquqliligi, oʻzaro hurmat muhitini yaratishga koʻmaklashishi;
mediatsiya taraflariga, ularning vakillariga, mediatsiyaning boshqa ishtirokchilariga nisbatan hurmat va xushmuomalalik koʻrsatishi;
mediatsiya taraflarini diqqat bilan tinglashi, maʼlumotlarni tahlil qilish va umumlashtirishi, muzokaralar jarayonini boshqarishi, mediatsiya taraflarini nizoni hal qilishning maqbul variantlarini izlashga undashi;
muzokaralar natijasini bir tarafning foydasini koʻzlab ish olib bormasligi lozim.
4-bob. Yakuniy qoida
13. Mazkur kasb etikasi qoidalarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi .
Vazir A. TASHKULOV
Toshkent sh.,
2025-yil 30-dekabr,
32-mh-son