UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 30-dekabr · Boshqa hujjatlar · Konstitutsiyaviy sudi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 30 декабрь · Бошқа ҳужжатлар · Конституциявий суди

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 декабря 2025 г. · Другие документы · Конституционного суда

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 December 2025 · Other documents · Konstitutsiyaviy sudi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг

Қарори

АХБОРОТИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотини тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 133-моддаси биринчи қисми 7-бандига ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 4-моддаси биринчи қисми 6-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қарор қилди:

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2025 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилсин.

3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2025 йил 30 декабрдаги КСҚ-5-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2025 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида

I. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ҳаётга татбиқ этиш бўйича 2025 йилда амалга оширилган ишлар

Мамлакатимизда конституциявий қонунийликни таъминлаш давлатчиликни мустаҳкамлаш ва унинг барқарор ривожланишининг муҳим шарти ҳисобланади.

2023 йил 30 апрелда референдумда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (кейинги ўринларда — Конституция) давлат бошқарувини демократлаштириш, давлатнинг ижтимоий ролини ва мажбуриятларини кенгайтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш асосларини мустаҳкамлади. Бош қомусимиздаги норма ва принципларни ҳаётга татбиқ этиш, шу жумладан, жамият ва давлатни Конституцияга мувофиқ, ҳуқуқий модернизация қилиш, мамлакатда конституциявий қонунийликни янада мустаҳкамлаш бўйича ишлар 2025 йил давомида ҳам фаол давом эттирилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди (кейинги ўринларда — Конституциявий суд) қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ва амалга оширилган чора-тадбирларни ўрганиш асосида қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилган ишларни эътирофга молик, деб ҳисоблайди:

Биринчидан, 2025 йилда янги конституциявий институт ва механизмларни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, одил судловни рўёбга чиқаришда Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида суд органлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари Конституцияга мувофиқлаштирилиб, улар фаолияти янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилди. Жумладан, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилишидаги кафолатлари, судларнинг фаолиятини молиялаштиришга оид конституциявий қоидалар қонунларда ривожлантирилди.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, ҳеч ким ўзига ҳамда яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши мумкин эмаслиги, шахснинг судланганлиги унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги конституциявий қоидалар қонун ҳужжатларида ривожлантирилди.

Тергов судьялари фаолияти қонуний асосларининг яратилиши ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси тасдиқланиши, «Рақамли суд» концепциясини жорий этилиши, Одил судлов академияси ташкил этилиши Конституция ва қонун устуворлиги, суд ҳимоясига бўлган конституциявий ҳуқуқларни самарали амалга оширишга хизмат қилади.

«Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниб, «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонуннинг бекор қилиниши фуқароларнинг Ўзбекистон ҳудудида эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқларини кафолатловчи Конституциянинг 32-моддаси талабларига мос келади.

Маълумот учун: 2025 йил 9 июндаги ЎРҚ-1067-сон Қонун, 2025 йил 10 июлдаги ЎРҚ-1074-сон Қонун, 2025 йил 28 январдаги ЎРҚ-1022-сон Қонун, 2025 йил 11 мартдаги ЎРҚ-1047-сон Қонун, 2025 йил 21 августдаги ПФ-140-сон Фармон, 2025 йил 21 августдаги ПФ-141-сон Фармон, 2025 йил 30 январдаги ПҚ-33-сон қарор

Иккинчидан, вакиллик органларининг мақоми мустаҳкамланиши ва ваколатларининг кенгайтирилиши, фуқаролик жамияти институтлари учун шарт-шароитларнинг яхшиланиши Конституцияда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги, ҳокимиятлар тақсимланиши, жамоатчилик назорати каби принцип ва нормаларни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

Хусусан, парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқлари кенгайтирилиб, уларга қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилганига қадар ўша масалага доир қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш, ҳар чоракда «ҳукумат соати» ва парламент сўрови доирасида масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар кафолатланди.

Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларида ташаббусли бюджет доирасида ғолиб бўлмаган лойиҳани Қонунчилик палатаси депутати ташаббусига кўра ғолиб деб эълон қилиш тартиби жорий этилганлиги халқ вакилларининг ижтимоий масалаларни ҳал этишдаги ролини оширишга хизмат қилади.

Конституциявий суд фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши кафолатларини кучайтириш мақсадида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маслаҳат органи сифатида Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияси тузилишини қўллаб-қувватлайди.

Халқ ҳокимиятчилиги конституциявий принципини тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида «Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким» тамойили асосида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатларини кенгайтиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси қабул қилинганлиги жойларда демократик тамойилларнинг қарор топаётганлигини кўрсатади.

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2025 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» ва давлат томонидан ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий шериклик асосида жалб қилиш дастури тасдиқланди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик, жамоатчилик назоратини амалга ошириш натижалари бўйича тайёрланган якуний ҳужжатни кўриб чиқмаганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Маълумот учун: 2025 йил 30 июлдаги ЎРҚ-1077-сон Қонун, 2025 йил 21 августдаги ЎРҚ-1083-сон Қонун, 2025 йил 23 июндаги ПФ-98-сон Фармон, Қонунчилик палатаси ва Сенат кенгашларининг 2025 йил 29 январдаги қўшма қарори, Сенат Кенгашининг 2025 йил 28 январдаги қарори, 2025 йил 2 майдаги 288-сон қарор

Учинчидан, Конституциянинг 37-моддасида мустаҳкамланган фуқароларнинг давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқлилиги ҳақидаги нормани самарали амалга оширишга қаратилган замонавий стандартлар жорий этилди.

Хусусан, мослашувчан, профессионал, инновацион ва натижадорликка қаратилган давлат фуқаролик хизматининг янги моделини яратишга қаратилган Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Давлат органлари фаоллигининг миллий рейтинги жорий этилиши белгиланди.

Давлат бошқаруви академияси Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси этиб, мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси этиб қайта ташкил этилди.

Маълумот учун: 2025 йил 5 майдаги ПФ-77-сон Фармон, 2025 йил 5 майдаги ПФ-78-сон Фармон

Тўртинчидан, фуқароларнинг Конституциянинг 50 ва 51-моддаларида белгиланган таълим олишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратилди.

Хусусан, таълим, кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш соҳаларида ташқи сифат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органи сифатида Президент Администрацияси ҳузурида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилди. «Президент иқтидорли фарзандлари» ташаббуси ва уни қўллаб-қувватлаш бўйича миллий дастур ҳамда «Ўзбекистон Республикасида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш» лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Давлатнинг мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича конституциявий мажбурияти доирасида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича дастур ва мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. Илк ривожланиш марказлари ва «Келажак» марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Мактабдан ташқари таълим тизимининг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини такомиллаштирилиб, нафақат болаларнинг, балки барча ёшдаги фуқароларнинг қўшимча таълим олиш, янги касбий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун ҳуқуқий асослар яратилди.

Касбий таълим ва миллий малака тизими такомиллаштирилди. Касбий таълим соҳасини бошқаришга масъул Касбий таълим агентлиги, ҳудудларда илғор касбий маҳорат техникумлари ташкил этилди. Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисида глобал конвенция (Париж, 2019 йил 25 ноябрь) ратификация қилинди.

Таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқни самарали амалга ошириш мақсадида 2025 йилда Туркий давлатлар халқаро университети, Ал-Хоразмий университети, «ToshTech», Нукус, Наманган, Фарғона, Бухоро давлат техника университетлари, Қўқон, «Cyber university» давлат университети, Москва давлат техника университети филиали, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети, Урганч давлат тиббиёт институти, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернат каби янги таълим ташкилотлари ташкил этилди.

Маълумот учун: 2025 йил 23 октябрдаги ЎРҚ-1091-сон Қонун, 2025 йил 11 ноябрдаги ЎРҚ-1094-сон Қонун, 2025 йил 15 майдаги ПФ-86-сон Фармон, 2025 йил 10 сентябрдаги ПФ-162-сон Фармон, 2025 йил 5 майдаги ПФ-76-сон Фармон, 2025 йил 28 апрелдаги ПФ-73-сон Фармон, 2025 йил 23 октябрдаги ПФ-190-сон Фармон, 2025 йил 28 апрелдаги ПҚ-151-сон қарор, 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-275-сон қарор, 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-277-сон қарор, 2025 йил 28 апрелдаги ПҚ-152-сон қарор, 2025 йил 1 июлдаги ПҚ-209-сон қарор, 2025 йил 23 октябрдаги ПҚ-316-сон қарор ва б.

Бешинчидан, Конституциянинг 20-моддасида давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши, 26-моддасида ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, айрим жазо чоралари қайта кўриб чиқилди ҳамда баъзилари учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинди. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш амалиётига хусусий айблов институти жорий этилди.

Қийноқларнинг олдини олиш мақсадида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсларнинг қийноққа солиниши ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини кўллаш чоғида гумон қилинувчи ва айбланувчи тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин уларни тергов ҳибсхоналарининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби жорий этилди.

Маълумот учун: 2025 йил 26 июндаги ЎРҚ-1072-сон Қонун, 2025 йил 10 июлдаги ЎРҚ-1075-сон Қонун

Олтинчидан, дунёвий давлат конституциявий принципини (1-модда) рўёбга чиқариш ва виждон эркинлиги (35-модда) кафолатларини таъминлаш мақсадида 2025 йилда муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси тасдиқланди. Концепцияда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш бўйича парламент комиссияси тузилди.

Фуқароларнинг ибодатлар ва диний расм-русумларни амалга ошириши учун қўшимча қулайликлар яратиш, «Ҳаж» ва «Умра» зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида «Ҳаж ва Умра ягона портали» ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси фаолияти такомиллаштирилди, Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази, Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди.

Маълумот учун: 2025 йил 25 февралдаги ЎРҚ-1037-сонли Қонун, 2025 йил 21 апрелдаги ПФ-68-сон Фармон, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати кенгашларининг 2025 йил 4 мартдаги қўшма қарори, 2025 йил 27 августдаги 542-сон қарор, 2025 йил 5 сентябрдаги 565-сон қарор

Еттинчидан, Конституциянинг 47-моддасига мувофиқ, давлат уй-жой қурилишини рағбатлантириши ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлар белгиланди. Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури қабул қилинди.

«Янги Ўзбекистон» массивларининг муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қуришда янги қуриладиган инфратузилма иншоотларида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ва энергия тежовчи ускуналаридан кенг фойдаланиш бўйича талаблар белгиланди.

«Яшил» стандартлар асосида қурилиш лойиҳалари ва қурилган уй-жойларни баҳолаш ҳамда сертификатлаш тизими жорий этилиб, кўп квартирали уй-жойларни фойдаланишга қабул қилиш жараёнлари соддалаштирилди ва рақамлаштирилди.

Ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини юритишга масъул бўлган Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси тузилди.

Маълумот учун: 2025 йил 21 февралдаги ПФ-26-сон Фармон, 2025 йил 19 ноябрдаги ПФ-219-сон Фармон

Саккизинчидан, давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиши ҳақидаги конституциявий норма (23-модда) асосида хориждаги ватандошлар билан алоқаларни ривожлантириш бўйича бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси негизида Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита, ҳокимликларда Умуммиллий бирдамлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди.

Ҳар йили юртимиздаги барча миллат ва элатлар вакиллари бирдамлигини эътироф этувчи «Ўзбекистон ягона Ватан!» анжумани ташкил этилиши белгиланди.

Маълумот учун: 2025 йил 19 мартдаги ПФ-52-сон Фармон, 2025 йил 19 мартдаги ПҚ-115-сон қарор

Тўққизинчидан, Конституциянинг 41-моддасида белгиланган банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши қонун билан кафолатланиши тўғрисидаги нормани ҳаётга татбиқ этиш мақсадида «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Маълумот учун: 2025 йил 18 февралдаги ЎРҚ-1031-сон Қонун

Ўнинчидан, Конституцияда шахснинг, шу жумладан, ҳомиладор ва боласи бор аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларига оид конституциявий кафолатлар ( 42-модда ), шунингдек, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши ( 43-модда ) мустаҳкамлаб қўйилган.

Ушбу конституциявий нормаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ва конституциявий кафолатларни миллий қонунчиликка жорий этиш, меҳнат соҳасидаги муносабатларнинг электрон тизимга ўтишини таъминлаш, давлат органлари ва ташкилотларига ишга кираётган фуқаролардан ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш ҳолларини бартараф этиш чоралари кўрилди. Ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли ходимни ишдан бўшатишга тақиқ меҳнат соҳасидаги қонунларга ҳам киритилди.

Камбағал оилалар реестрига киритилган ва ушбу реестрга тушиш хавфи бўлган оилаларни тоифаларга тақсимлаган ҳолда давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тартиби жорий этилди. Оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган кўмакни ижтимоий шартнома асосида кўрсатиш тартиби тасдиқланди.

Ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ва даромадларини ошириш бўйича янги ёндашувларни кенг жорий қилиш мақсадида 2025 йилда аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш дастури тасдиқланди.

Маълумот учун: 2025 йил 13 февралдаги ЎРҚ-1030-сон Қонун, 2025 йил 11 ноябрдаги ЎРҚ-1095-сон Қонун, 2025 йил 8 майдаги ПФ-84-сон Фармон, 2025 йил 17 январдаги ПҚ-12-сон қарор, 2025 йил 27 февралдаги 125-сон қарор, 2025 йил 24 июлдаги 465-сон қарор, 2025 йил 21 июлдаги 454-сон қарор

Ўн биринчидан, бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиш, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлигини кафолатлаш ( 65-модда ), қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш ( 67-модда ) бўйича давлат ўз зиммасига бир қатор конституциявий мажбуриятлар олган.

Бу борада давлат иштирокидаги бир қатор корхоналар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг махсус (эксклюзив) ҳуқуқлари бекор қилинди. Эксклюзив ҳуқуқ хўжалик юритувчи субъектларга қонунлар ва Президент фармон ва қарорлари билан уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга фақат иккита мақсад учун берилиши назарда тутилди. Эксклюзив ҳуқуқлар тақдим этилишига ва бундай ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларга доир аниқ талаблар белгиланди.

2028 йил 1 январга қадар кичик ва ўрта бизнес субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга мораторий эълон қилинди. Тадбиркорлик субъектлари ўз маблағлари ҳисобидан ижтимоий инфратузилма тармоқлари қуриб, беғараз топширганда, ушбу объектлар учун харажатлар фойда солиғи базасидан камайтирилиши белгиланди.

Маъмурий-ҳудудий бирликлар тузилганлиги ёки тугатилганлиги, уларнинг чегаралари ёки бўйсунуви ўзгартирилганлиги натижасида тадбиркорлик субъектларининг ва бошқа юридик шахсларнинг жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганда улар қайта давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божини тўлашдан озод этилди.

Тадбиркорларнинг маъмурий харажатларини ва давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик жараёнларидаги вақтини тежаш чоралари кўрилиб, бир қанча давлат хизматларини бир вақтнинг ўзида композит кўрсатишни назарда тутувчи тадбиркорлик субъектларини «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойили асосида давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби жорий этилди.

126 турдаги товарлар санитария-эпидемиология, давлат ветеринария хизмати, ўсимликлар карантини, техник тартибга солиш назоратидаги рўйхатлардан чиқариб ташланди.

Маълумот учун: 2025 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-1058-сон Қонун, 2025 йил 13 январдаги ЎРҚ-1018-сон, 2025 йил 7 февралдаги ЎРҚ-1025-сон Қонун, 2025 йил 30 апрелдаги ПФ-74-сон Фармон, 2025 йил 25 мартдаги ПФ-57-сон Фармон, 2025 йил 19 мартдаги ПФ-50-сон Фармон, 2025 йил 28 февралдаги ПФ-35-сон Фармон, 2025 йил 21 апрелдаги ПФ-70-сон Фармон, 2025 йил 4 мартдаги ПФ-41-сон Фармон ва бошқалар.

Ўн иккинчидан, Конституцияда фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисида ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши ( 49-модда ), ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликлиги, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасидалиги ( 68-модда ) ҳақидаги нормалар мустаҳкамланган.

Шунингдек, Конституцияда белгиланган ушбу нормаларни амалга ошириш мақсадида Сув кодекси , « Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида », « Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида »ги қонунлар қабул қилинди, Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Конвенция (Орхус, 1998 йил 25 июнь) ратификация қилинди. 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси тасдиқланди.

2025 йил «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт» йили деб эълон қилинди ва шу йўналишда қабул қилинган алоҳида давлат дастурида «яшил иқтисодиёт» тамойилларини кенг жорий қилиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, метан эмиссиясини қисқартириш, «Яшил бино» сертификатини жорий этиш, тадбиркорлик субъектларини «яшил тадбиркор» сифатида эътироф этиш чоралари белгиланди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция), шунингдек, Ўрмон хўжалиги агентлиги негизида Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ташкил этилганлиги Конституция асосида давлат ўз зиммасига олган экологик мажбуриятларни самарали амалга оширишга хизмат қилади.

Яшил ҳудудларни кенгайтириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда жамоатчилик иштирокини ошириш, очиқликни таъминлаш ва рақамлаштиришга қаратилган янги механизмлар жорий қилинди. Компенсация сифатида экилган дарахт ва бута кўчатлари ҳисобини юритиш тизими жорий қилинди.

«Яшил» давлат харидлари тизими жорий этилди, давлат харидларини амалга оширишда экологик мезонлар энг яхши таклифларни танлаш ва тендерлардаги харид қилиш ҳужжатларига мажбурий тартибда киритилиши белгиланди.

Экология соҳасида қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талаблар ва уларни бузганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланди.

Аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш, ҳудудларини қисқартириш, мазкур ҳудудларда бино ва иншоотлар қуриш тақиқланди. Ботаника боғларини хусусийлаштириш ва уларнинг ҳудудларида қурилишни амалга ошириш тақиқланди ҳамда ботаника боғлари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритилди.

Маълумот учун: 2025 йил 30 июлдаги ЎРҚ-1076-сон Қонун, 2025 йил 5 майдаги ЎРҚ-1061-сон ва ЎРҚ-1062-сон, 2025 йил 24 февралдаги ЎРҚ-1036-сон, 2025 йил 11 мартдаги ЎРҚ-1045-сон, 2025 йил 3 мартдаги ЎРҚ-1042-сон қонунлар, 2025 йил 30 майдаги ПФ-90-сон Фармон, 2025 йил 18 ноябрдаги ПФ-217-сон Фармон

Ўн учинчидан, Конституциянинг 57-моддаси асосида меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилишга ҳамда ижтимоий давлат принципини амалга оширишга қаратилган тизимли ишлар давом эттирилди.

Бу борада ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш тизими такомиллаштирилди, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзларини қўллаш, уларга солиқ имтиёзлари уларнинг мурожаатисиз проактив шаклда тақдим этиш тартиби жорий этилди.

Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг аъзоларини банд қилган тадбиркорлик субъектлари учун компенсация тақдим этиш тартиби жорий этилди. «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида 6 та янги молиявий ёрдам турлари жорий этилди.

Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш кўламини янада оширишга, ўзгалар парваришига муҳтож вояга етган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Фаол ҳаётга қадам» дастури жорий этилди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари томонидан ижтимоий карта орқали харид қилинган айрим товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш тизими соддалаштирилди.

Давлат ижтимоий суғуртаси тизими такомиллаштирилди, хусусан, фуқароларни давлат ижтимоий суғуртаси билан мажбурий ва ихтиёрий асосларда қамраб олиш тартиби, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тўлаш асослари мустаҳкамланди.

Маълумот учун: 2025 йил 8 майдаги ПФ-85-сон Фармон, 2025 йил 26 сентябрдаги ПФ-176-сон Фармон, 2025 йил 3 ноябрдаги ПФ-206-сон Фармон, 2025 йил 8 майдаги ПҚ-171-сон қарор, 2025 йил 3 февралдаги ПҚ-41-сон қарор, 2025 йил 27 майдаги ПҚ-194-сон қарор, 2025 йил 2 апрелдаги ПҚ-134-сон қарор

Ўн тўртинчидан, ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш ( 79-модда ) тўғрисидаги нормаларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган кенг кўламли чоралар амалга оширилди.

Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармасининг янги стипендия йўналиши сифатида «Ёрқин истеъдод» лойиҳаси, олий ҳарбий таълим муассасаларининг намунали курсантлари учун «Олий бош қўмондон» давлат стипендияси жорий этилди, халқаро фан олимпиадалари ғолибларига тўланадиган бир марталик пул мукофоти миқдори беш бараварга оширилди.

Креатив индустрия парклари тармоғи ташкил этилиб, унинг резидентларига бир қатор солиқ имтиёзлари тақдим этилди. Сунъий интеллект ва замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича «Ижодий технолаборатория» ташкил этилиши, «Ижодкор ёшлар клуби» ва «Маданият волонтёрлари» ижтимоий ҳаракати фаолияти йўлга қўйилиши белгиланди.

Олий таълим ташкилотларининг битирувчиларининг ишга жойлаштиришига кўмаклашишга қаратилган «Келажакка қадам» дастурини амалга ошириш бошланди.

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг бевосита иштирокини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги ёшлар маслаҳат гуруҳлари ташкил этилди.

«Маҳалла еттилиги» имкониятларидан фойдаланган ҳолда аҳолини жамоавий спорт турларига жалб қилиш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳолига соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда фаоллик кўрсатган шахсларни ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича янги тартиб жорий этилди.

Ёшларнинг тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида «Ёшлар бизнеси» дастурини амалга ошириш бошланди, Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, «Яшил ташаббуслар»ни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил қилинди.

«Маҳалла еттилиги» ва таълим муассасалари ўртасида ёшлар, жумладан, умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчиларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик қилиш тизими жорий этилди, «Ёшлар ягона электрон платформаси» ахборот тизими яратилиши белгиланди. Ёшларга оид давлат сиёсатининг амалга оширилиши тўғрисидаги миллий маърузани эълон қилиш амалиёти жорий этилди.

Маълумот учун: 2025 йил 26 мартдаги ПФ-61-сон Фармон, 2025 йил 10 сентябрдаги ПФ-163-сон Фармон, 2025 йил 10 сентябрдаги ПФ-163-сон Фармон, 2025 йил 20 ноябрдаги ПФ-222-сон Фармон, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг 2025 йил 26 февралда қарори, 2025 йил 9 октябрдаги 636-сон қарор, 2025 йил 9 октябрдаги 634-сон қарор, 2025 йил 11 ноябрдаги 714-сон қарор

Ўн бешинчидан, Конституциянинг 48-моддасига кўра, давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради.

Бу борада 2025 йилда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда қисқа муддатли чора-тадбирларни ўз ичига олган «Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар» дастури амалга оширилди.

2025 — 2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича миллий стратегия ва уни амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди, Болалар саратони бўйича халқаро академик хаб ташкил этилди. Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларни Давлат бюджети ҳисобидан бепул даволаш ҳажмини ва ушбу касалликларга чалинган болаларнинг дори воситалари, махсус озиқ-овқатлар ва тиббий жиҳозлар билан таъминланиш даражасини ошириш чоралари кўрилди.

Тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилиб, тиббиёт йўналишидаги учта олий таълим муассасаси негизида Тошкент давлат тиббиёт университети, Тиббиёт илмий-инновацион тадқиқот институти фаолияти йўлга қўйилди, Университетга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилди ҳамда унинг ҳузурида Трансформация офиси ташкил этилди.

«Рақамли соғлиқни сақлаш» платформасига интеграциялашган, тиббий кўрик жараёнида ва беморларга ташхис қўйишда шифокорга кўмаклашувчи сунъий интеллект технологияларига асосланган «Шифокорнинг рақамли ёрдамчиси» дастурини ишга тушириш чоралари белгиланди.

Давлат тиббиёт ва фармацевтика муассасалари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича чоралар кўрилди. Давлат тиббиёт муассасаларида юқори малакали шифокорлар ойлик лавозим маошларига устама тўлаш тизими жорий қилинди.

Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларни профилактика қилишнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланди.

Маълумот учун: 2025 йил 19 майдаги ПҚ-185-сон қарор, 2025 йил 19 майдаги ПҚ-186-сонли қарор, 2025 йил 19 майдаги ПФ-88-сон Фармон, 2025 йил 3 ноябрдаги ПФ-207-сон Фармон, 2025 йил 22 апрелдаги ПҚ-149-сон қарор, 2025 йил 16 сентябрдаги ПҚ-286-сон қарор, 2025 йил 9 ноябрдаги ПҚ-336-сон қарор, 2025 йил 3 ноябрдаги ПҚ-331-сон қарор, 2025 йил 22 майдаги 326-сон қарор, 2025 йил 19 июндаги 382-сон қарор, 2025 йил 3 октябрдаги 621-сон қарор

Ўн олтинчидан, Конституциянинг 52-моддасига мувофиқ, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади. Ушбу конституциявий норма ижроси доирасида 2025 йилда умумий ўрта таълим ташкилотлари директори ва унинг ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси оширилди, мактабгача таълим ташкилоти директорлари учун базавий тариф ставкалар мактаб директори ўринбосарига тенглаштирилди.

Педагогларни аттестациядан ўтказиш, касбий сертификатлаш ва рағбатлантириш тизими такомиллаштирилиб, айрим педагогларни мажбурий аттестацияга жалб этмасдан, уларга амалдаги малака тоифаси бўйича ҳақ тўлаш, маълум талабларга жавоб берадиган педагогларга тўғридан-тўғри малака тоифаси бериш тартиби йўлга қўйилди.

Маълумот учун: 2025 йил 19 мартдаги ПФ-51-сон Фармон, 2025 йил 28 апрелдаги 264-сон қарор, 2025 йил 28 февралдаги 130-сон қарор

Ўн еттинчидан, Конституциянинг 53-моддасига мувофиқ, жамиятни илмий ва техникавий ривожлантириш ҳамда интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни соддалаштириш, айрим интеллектуал мулк объектларини экспертиза қилиш муддатларини қисқартириш, рўйхатдан ўтказиш жараёнларида ортиқча ҳужжатлардан воз кечиш ҳамда интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш чоралари кўрилди.

Маълумот учун: 2025 йил 8 августдаги ЎРҚ-1080-сон Қонун

Ўн саккизинчидан, Конституциявий суд коррупциявий омиллар Конституция нормаларини ҳаётга татбиқ этишдаги энг жиддий таҳдидлардан бири деб ҳисоблайди ва давлат томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида аниқ чоралар кўрилаётганини ижобий баҳолайди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизим жорий этилиши, ушбу масалада парламентнинг роли кучайтирилгани, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти янгича тартиб асосида йўлга қўйилганлигини қўллаб-қувватлайди.

Иқтисодиётда коррупциявий омилларнинг олдини олиш мақсадида давлат харидларида сотиб олинадиган товар ва хизматлар нархи ҳамда унинг ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовутнинг энг кўп йўл қўйиладиган чегараси белгиланди. Йирик инвестиция лойиҳаларида коррупцияга қарши халқаро стандартлар ҳамда йирик аукцион шартларини рақобатбардошлик экспертизасидан ўтказиш тартиби жорий этилди.

Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларини ташкил этишнинг минимал мезонлари тасдиқланди.

Давлат хизматида коррупциянинг олдини олиш чоралари белгиланди. Раҳбарлик лавозимларида ишлаётганлар ва ушбу лавозимлар учун захирада турганларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражасини баҳолаш механизми жорий этилди.

Ерга оид муносабатларда коррупциявий омилларни бартараф этиш механизмларини янада такомиллаштирилди. Хусусан, «е-yer nazorat» ахборот тизимининг ер соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича имкониятлари кенгайтирилди.

Коррупцияга қарши курашишда муҳим бўғин ҳисобланган назорат инспекцияларининг мустақиллигини ошириш чоралари кўрилди. Хусусан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридан чиқарилиб, Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди.

Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари иштироки кенгайтириш мақсадида БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қоидаларининг бажарилишини нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан муқобил баҳолаш тизими йўлга қўйилди. Коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги лойиҳаларга ҳар йили 10 млрд. сўм миқдорида грантлар ажратиш ва ижтимоий буюртмалар бериш тартиби белгиланди. Коррупцияга қарши курашиш муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот маркази ташкил этилди.

Маълумот учун: 2025 йил 16 июндаги ЎРҚ-1069-сон Қонун, 2025 йил 14 апрелдаги ПФ-66-сон Фармон, 2025 йил 21 апрелдаги ПФ-71-сон Фармон, 2025 йил 19 июндаги ПФ-95-сон Фармон, 2025 йил 26 декабрдаги ПФ-259-сон Фармон, 2025 йил 19 сентябрдаги ПҚ-288-сон қарор, 2025 йил 21 апрелдаги ПҚ-147-сон қарор, 2025 йил 18 сентябрдаги ПҚ-287-сон қарор

Шу билан бирга Конституциявий суд коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш муҳимлигини қайд этган ҳолда давлат органлари томонидан хизмат кўрсатиш ва аҳоли билан мулоқотни бошқа шаклларини тартибга солувчи барча ҳужжатларни ва жараёнларни коррупция ва бюрократияга қарши стандартларига мувофиқлигини ялпи баҳолашни таклиф қилади.

Ўн тўққизинчидан, 2025 йилда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш учун қулайликлар яратишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, фуқароларнинг қарздорликлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад белгиланди.

Суғурта қилдирувчилар мажбурий суғурта шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилди. Фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида инсон омилини камайтириб, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини янада ошириш учун ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлган фуқароларга проактив шаклда пенсия тайинлаш тартиби жорий этилди.

Маълумот учун: 2025 йил 16 июндаги ЎРҚ-1069-сон Қонун, 2025 йил 31 июлдаги ЎРҚ-1078-сон Қонун, 2025 йил 13 январдаги ЎРҚ-1018-сон Қонун, 2025 йил 19 майдаги ЎРҚ-1066-сон, 2025 йил 17 октябрдаги ЎРҚ-1088-сон Қонун, 2025 йил 8 сентябрдаги ПФ-157-сон Фармон, 2025 йил 9 сентябрдаги ПҚ-280-сон қарор

Шу билан бирга Конституциявий суд мазкур йўналишда мажбуриятлар ихтиёрий бажарилишини рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш, фуқароларга берилаётган имтиёзларни босқичма-босқич проактив кўрсатишга ўтиш, тижорат банклари томонидан банк хизматларини кўрсатишда истеъмолчилар ҳуқуқларига тўлиқ риоя этиш, молиявий очиқликни кенгайтириш, тўланган маблағнинг ортиқча қисми асосий қарзни сўндиришга йўналтирганда кредит суммасини ўз вақтида қайта ҳисоблаш ҳам фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш учун қўшимча шароит яратади, деб ҳисоблайди.

Конституциявий суд қонунчиликдаги ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни аниқлаш ва уларни қисқартириб бориш механизмларини жорий этиш муҳим деб ҳисоблайди ҳамда шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ-244-сон Фармонида назарда тутилган Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрини шакллантириш бўйича ишларни якунлаш ҳамда келгусида тадбиркорлик субъектлари учун янги мажбурий талаб жорий этилганда унинг ўрнига реестрдаги шу соҳа бўйича бошқа бир талабни мажбурий чиқариб юбориш («one in — one out») тартибини жорий этишни таклиф этади.

Йигирманчидан, ҳуқуқий давлат, Конституция ва қонуннинг устунлиги конституциявий принциплари ва конституциявий қонунийлик муҳити ўз навбатида самарали ва шаффоф қонун ижодкорлиги жараёни ҳамда унинг ҳосиласи сифатида ҳар томонлама маромига етган қонунларнинг қабул қилиниши ва уларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролини мустаҳкамлашни тақозо этади.

Конституциявий суд жамият ҳаётининг турли соҳалари изчил ривожланиб бораётган шароитда ҳуқуқий барқарорликни таъминлаш ҳамда тизимлашган ва сифатли қонунчилик тизимини яратиш — фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли амалга ошириш учун зарур шарт-шароит яратишини эътироф этади.

Ўтган даврда бу йўналишда бошланган тизимли ислоҳотлар давом эттирилиб, қонунлардаги ҳаволаки нормаларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари ва масъул ижрочиларини шу қонуннинг ўзида назарда тутиш, қонун лойиҳасини тайёрлашда тегишли соҳада қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларни қонун даражасида тартибга солиш имконияти кўриб чиқиш каби янги тартиб-таомиллар жорий этилди.

Ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш ва миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштиришга қаратилган 2025-2029 йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги дастури қабул қилинди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш тартиблари белгиланди.

Конституциявий суд «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонунни амалга ошириш бўйича алоҳида Ҳукумат қарорини қабул қилинганлигини маъқуллайди ва бундай амалиётни кенгайтиришни қўллаб-қувватлайди.

Маълумот учун: 2025 йил 10 апрелдаги ЎРҚ-1054-сон Қонун, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати кенгашларининг 2025 йил 4 мартдаги қўшма қарори, 2025 йил 27 майдаги 330-сон қарор, 2025 йил 22 январдаги 29-сон қарор

Шу билан бирга Конституциявий суд тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиш амалиётини жадаллаштиришга чақиради. Бунинг учун қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва баҳолаш методикасини, шунингдек, ҳар йили муайян соҳа ва тармоқлардаги қонунларни қайта кўриб чиқиш, тизимлаштириш орқали ва тўғридан-тўғри ишлайдиган ва тизимлашган қонунларни қабул қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.

Конституциявий суд тизимлашган ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича бошланган ташаббусларни жадаллаштиришга, хусусан, 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармони билан тасдиқланган давлат дастурида назарда тутилган Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишларни якунлашга даъват этади.

Хусусан, Конституциявий суд ҳуқуқий таъсир чораларининг мутаносиблиги ва етарлилиги конституциявий принциплари асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 25-моддасида белгиланган маъмурий жариманинг энг кўп миқдори фуқаро ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан, мансабдор шахсларга эса, ўн бараваридан ошмаслиги кераклиги ҳақидаги умумий қоидага риоя этиш ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз эллик бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин бўлган баъзи ҳуқуқбузарликларни аниқлашнинг аниқ мезонлари ва талабларини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, айрим қонунлар ўртасидаги тафовутлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлақонли рўёбга чиқаришга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, Конституциявий суд «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун 47-моддаси ва Меҳнат кодексининг 299-моддасида интизомий жазо қўлланилганда ходимга нисбатан рағбатлантириш чораларини қўллаш ёки қўлламаслик юзасидан вужудга келаётган коллизияни Конституциянинг 14, 19, 37 ва 42-моддаларида белгиланган принциплар ҳамда 20-моддасида белгиланган инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши кераклиги ҳақидаги талабдан келиб чиқиб ҳал этиш зарур, деб ҳисоблайди.

Конституциявий суд инсон ҳуқуқларини чекловчи нормалар бўйича қонун ва қонуности ҳужжатлар бўйича жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш талабига риоя этишга чақиради. Адлия вазирлигидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш вақтида лойиҳада инсон ҳуқуқларини чекловчи нормалар аниқланганда вазирлик хулосасида алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим, деб ҳисоблайди.

Конституциявий суд Конституцияни тўлақонли ижро этилишини таъминлаш жамиятдаги ҳуқуқий онг ва маданият даражасига ҳам узвий боғлиқ эканлигини эътироф этади.

Бу борада Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 ноябрдаги Ф-60-сон фармойиши билан тасдиқланган, «Конституция — инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган дастурда тизимли чора-тадбирлар, айниқса, барча ҳудудларда ва аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Конституция мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича амалий тадбирлар белгиланганлигини қўллаб-қувватлайди.

Шу мақсадда Конституциявий суд ҳуқуқий тарғибот ишлари кўламини кенгайтириш йўналишида олиб борилаётган ислоҳотларни муҳим деб ҳисоблайди.

Парламент томонидан қабул қилинган Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастури ижросини таҳлил қилиш ва уни бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратади.

Конституциявий суд судлар томонидан янги таҳрирдаги Конституцияни бевосита қўллаган ҳолда қарорлар қабул қилиш амалиётини қўллаб-қувватлайди. Суд амалиёти таҳлили 2025 йилда Конституция ва унинг моддаларига 183 898 маротаба (2023 йилда — 52 596 марта, 2024 йилда — 168 767 марта) тўғридан-тўғри ҳавола қилинганлигини кўрсатмоқда. Иқтисодий ишлар бўйича Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш ҳолатлари салкам икки бараварга ошиб, 34 766 тадан 60 152 тага етганлиги Конституциянинг шу йўналишдаги нормалари ҳаётда ўз аксини топаётганлигидан далолат беради.

Конституциявий суд Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш бўйича амалга оширилаётган ишларни эътироф этган ҳолда қонунчиликни Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича бошланган ишларни янада жадаллаштириш зарурлигига эътибор қаратади.

Бу борада Конституциявий суд Конституциянинг 93-моддаси биринчи қисми 11-бандидан келиб чиқиб, барча мажбурий тўловларни ўзида жамлаган ягона қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишларни жадаллаштиришга чақиради.

Конституциявий суд давлат ўз зиммасига олган Конституциядаги ижтимоий ва бошқа мажбуриятлар бажарилиши ҳолати устидан парламент назоратини ўрнатиш, ушбу мажбуриятлар бўйича масъул вазирлик ва идоралар томонидан кўрилаётган чораларни мунтазам равишда қўмита йиғилишларида муҳокама қилиб боришни тавсия этади.

Умуман олганда, Конституцияни давлат ва жамият ҳаётига тўлақонли татбиқ этиш ҳамда унинг нормаларини қонунчилик ҳужжатларида реализация қилиш ва ривожлантириш бўйича Конституциявий суд томонидан олиб борилган мониторинг ишлари шу кўрсатадики, жорий йилда ушбу йўналишлар бўйича 200 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, шулардан 40 дан ортиғи қонун, 100 дан зиёди Президент фармон ва қарорлари ва бошқа турдаги ҳуқуқий ҳужжатлардир.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, Конституциявий суд:

1) қонунчиликдаги ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни аниқлаш ва уларни қисқартириб бориш мақсадида Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрини шакллантириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун янги мажбурий талаб жорий этилганда, унинг ўрнига реестрдаги шу соҳа бўйича бошқа бир талабни мажбурий чиқариб юбориш («one in — one out») тартибини жорий этиш;

2) мажбуриятлар ихтиёрий бажарилишини рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш, фуқароларга берилаётган имтиёзларни босқичма-босқич проактив кўрсатишга ўтиш, тижорат банклари томонидан банк хизматларини кўрсатишда истеъмолчилар ҳуқуқларига тўлиқ риоя этиш, тўланган маблағнинг ортиқча қисми асосий қарзни сўндиришга йўналтирганда кредит суммасини қайта ҳисоблаш ва молиявий очиқликни кенгайтириш;

3) коррупцияга қарши курашиш йўналишида давлат органлари томонидан хизмат кўрсатиш ва аҳоли билан мулоқотни бошқа шаклларини тартибга солувчи барча ҳужжатларни ва жараёнларни коррупция ва бюрократияга қарши стандартларга мувофиқлиги нуқтаи назардан баҳолашдан ўтказиш;

4) тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиш амалиётини жадаллаштириш мақсадида бундай қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва баҳолаш методикасини, шунингдек, ҳар йили муайян соҳа ва тармоқлардаги қонунларни қайта кўриб чиқиш, тизимлаштириш орқали ва тўғридан-тўғри ишлайдиган ва тизимлашган қонунларни қабул қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиш;

5) инсон ҳуқуқларини чекловчи нормалари мавжуд бўлган қонун ва қонуности ҳужжатлар бўйича жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш мақсадида лойиҳа Адлия вазирлигидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш вақтида унда инсон ҳуқуқларини чекловчи нормалар мавжудлиги ҳақида вазирлик хулосасида алоҳида кўрсатиб ўтиш;

6) Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастури ижросини таҳлил қилиш ва уни бугунги кун талаблари асосида такомиллаштиришга, янги конституциявий принцип ва институтларни ўрганиш, уларнинг мазмун-моҳиятини ёритиб беришга қаратилган мақсадли илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш;

7) Конституция талабларидан (93-модда биринчи қисми 11-банди) келиб чиқиб, барча мажбурий тўловларни ўзида жамлаган ягона қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишларни жадаллаштириш;

8) тизимлашган ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича бошланган ташаббусларни жадаллаштириш, хусусан, Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишларни якунлаш ва лойиҳани ҳуқуқий таъсир чораларининг мутаносиблиги ва етарлилиги конституциявий принциплари асосида қайта кўриб чиқиш, бунда оширилган жарима миқдори белгиланиши мумкин бўлган баъзи ҳуқуқбузарликларни аниқлашнинг аниқ мезонлари ва талабларини ишлаб чиқиш;

9) «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун 47-моддаси ва Меҳнат кодексининг 299-моддасида интизомий жазо қўлланилганда ходимга нисбатан рағбатлантириш чораларини қўллаш ёки қўлламаслик юзасидан вужудга келаётган коллизияни Конституциянинг 14 , 19 , 37 ва 42-моддаларида белгиланган принциплар ҳамда 20-моддасида белгиланган инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши кераклиги ҳақидаги талабдан келиб чиқиб ҳал этиш;

10) Конституцияга мувофиқ давлат ўз зиммасига олган ижтимоий ва бошқа мажбуриятлар бажарилиши ҳолати устидан парламент назоратини ўрнатиш, ушбу мажбуриятлар бўйича масъул вазирлик ва идоралар томонидан кўрилаётган чораларни мунтазам равишда қўмита йиғилишларида муҳокама қилиб бориш лозимлигига эътибор қаратади.

II. Конституциявий суд томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қўллаш бўйича амалга оширилган ишлар

Конституциявий суд томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш орқали уларнинг Конституция билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита тааллуқли бўлган қонунларнинг Конституцияга мувофиқлиги текширилади.

Конституциявий шикоят институти конституциявий одил судловга эришиш ва конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда. 2025 йил давомида Конституциявий судга жами 1 844 та (2024 йилда — 1400 та) мурожаатлар, шундан 1 772 таси фуқаролардан, 72 таси юридик шахслардан келиб тушган. Фуқаролар томонидан умумий юрисдикция судлари, тергов органлари қарорлари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари, фуқаролик, уй-жой, меҳнат қонунчилигининг алоҳида нормаларини конституциявийлигини текшириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга шарҳ ва тушунтириш бериш юзасидан мурожаатлар келиб тушган.

Мурожаатларнинг маъмурий-ҳудудий бирликлар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан келиб тушган.

Конституциявий суд томонидан 2025 йилда конституциявий назорат тартибида 81 та қонун ва 386 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг (2024 йилда 70 та ва 218 та) Конституцияга мувофиқлиги ўрганилган.

Хусусан, Конституциявий суднинг 2025 йил 31 январда бўлиб ўтган суд мажлисида Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни 8 , 9 , 10-моддалари иккинчи қисмининг Савдо-саноат палатасига оид нормаларига шарҳ бериш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Конституциявий суд томонидан Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволари (аризалар) бўйича «кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади», деган нормани, давлат божи ариза қайси шахсларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган бўлса, шу шахслардан даъво талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади, деб тушуниш лозимлиги тўғрисида нормага аниқлик киритилди.

Шу билан бирга қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ келмайдиган мурожаатлар улуши юқори бўлиб қолмоқда. Конституциявий суд бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 18 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-253-сон Фармонида фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаати кўриб чиқиш учун қонунда белгиланган талабларга жавоб бермаган тақдирда, мурожаатда назарда тутилган масалаларни Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектларга юбориш механизмининг жорий этилганини қўллаб-қувватлайди.

Конституциявий назорат тартибида текширилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича Конституциявий суд ҳужжатларида замонавий конституционализм амалиётини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш бўйича конституциявий-доктринал ёндашувлар баён этилган, ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг аниқ йўналишлари кўрсатиб берилган, ҳуқуқий нормаларни қўллашнинг конституциявий-ҳуқуқий масалаларига эътибор қаратилган.

Умуман олганда, сўнгги йилларда конституциявий иш юритиш амалиёти кенгайиб бораётганлигини инобатга олиб, Конституциявий суд ишларни кўриб чиқиш, хулоса ва қарорларни қабул қилиш каби процессуал масалаларни тартибга солувчи қонуний асосларни такомиллаштириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

Конституциявий суднинг 2024 йилдаги мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборотида илгари сурилган ташаббуслар асосида жорий йилда вазирлик ва идоралар томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди:

1. Конституциявий суд масъулларнинг эътиборини тергов ва суд жараёнида вақтинча тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларга байрам кунларида озиқ-овқат, кийим-кечак киритиш, тоза ҳавода сайр қилиш, яқин қариндошлари ва адвокатлари билан учрашувга рухсат берадиган тизимни жорий этиш масаласига қаратган эди.

Ушбу масала бўйича Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларида камида икки соат давом этадиган сайр этиш, кийим-бош ва пойабзал олиш ҳамда ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни сотиб олиши учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир бараваригача бўлган миқдорда пул сарфлаш бўйича ҳуқуқларини мустаҳкамлаш бўйича қонунчилик таклифини киритди ва ушбу таклиф жорий йил 18 ноябрь куни парламентнинг қуйи палатасида кўриб чиқилиб, маъқулланди.

2. Конституциявий суд баъзи ҳудудларда фермерлар ўзлари етиштирган маҳсулотни эркин тасарруф этишда тўсқинликларга учраши Ўзбекистон ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишига оид Конституциянинг 67-моддасида белгиланган кафолатларга зид эканлиги юзасидан ўз хавотирларини билдирган эди.

Шу муносабат билан Конституциявий суд Қонунчилик палатаси депутатларининг товарлар, ишлар, хизматларнинг эркин ҳаракатланишига ёки реализация қилинишига аралашиш ёхуд тўсқинлик қилиш ҳолатлари юзасидан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш бўйича 2025 йил 14 октябрда қуйи палатада қабул қилинган қонунчилик ташаббусини Конституциянинг 67-моддаси ижросини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.

3. Конституциявий суд 2024 йилда шахснинг сукут сақлашга оид конституциявий ҳуқуқини қонунларда акс эттириш ва тергов судьяси ваколатларининг қонуний асосларини яратишни жадаллаштиришга чақирган. Конституциявий суд ушбу масалалар бўйича жорий йилда тегишли қонунларнинг қабул қилинганини судлар фаолияти ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг конституциявий кафолатларини кучайтиришда муҳим қадам бўлди, деб ҳисоблайди.

4. Конституциявий суд қонунлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти ваколатларига оид умумий нормаларни ҳокимлик ва маҳаллий Кенгашлар ўртасида ажратган ҳолда аниқ таҳрирда баён этиш таклифи бўйича 78 та қонун ҳужжатларига маҳаллий ҳокимликлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатларини ажратишга қаратилган «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 9 сентябрда қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатига юборилганлигини ижобий баҳолайди.

5. Конституциявий суд 2024 йилги ахборотда Конституцияни тўғридан-тўғри қўллаш масаласида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини малакасини ошириб бориш ташаббуси билан чиққан эди. Конституциявий суд бу борада Одил судлов академиясида малака ошириш курсларида «Одил судловни амалга оширишда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг мазмун-моҳияти» бўйича алоҳида мавзу киритилиб, 2025 йилда 555 нафар суд корпуси вакиллари ўқитилганлигини қўллаб-қувватлайди ва бу амалиётни давом эттиришга чақиради.

6. Юридик ёрдамни давлат ҳисобидан кўрсатишга оид (29-модда) конституциявий норма ижросини самарали ташкил этиш мақсадида «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Қонунда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган кам таъминланган шахсларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар конституциявийлигини текшириш бўйича мурожаатларини Конституциявий суд мажлисида кўриб чиқишни ҳам киритишни таклиф этган эди. Шу муносабат билан тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасида жорий йил 5 августда қабул қилинганлиги ҳамда 31 октябрда Сенат томонидан маъқулланганлиги юқори эътироф этилади.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, Конституциявий суд фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга шикоятларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, конституциявий суд ишларини юритиш, хулоса ва қарорларни қабул қилиш каби процессуал масалаларни тартибга солувчи қонуний асосларни такомиллаштириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

III. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини тўғридан-тўғри қўллаш ва уни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар ва таклифлар

Ўтган даврда конституциявий суд иш юритуви давомида, шунингдек, Илмий-маслаҳат кенгаши томонидан киритилган таклифларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Конституциявий суд Конституцияни тўғридан-тўғри қўллаш ва уни амалга ошириш билан боғлиқ қуйидаги айрим масалаларга эътибор қаратади.

Биринчидан, Конституциявий суд фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини ( 29-модда ) таъминлаш ҳуқуқий давлатнинг энг устувор ва муҳим талабларидан бири эканлигини эътироф этади.

Малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи ўзи мустақил ҳуқуқ бўлиши билан бир қаторда, бошқа муҳим конституциявий ҳуқуқларни амалга ошириш ва сақлаб қолиш учун ҳам зарур шароит яратиб беради.

Бу борада тергов амалиётида жиноят процессида ўз манфаатларини ҳимоя қиладиган шахслар ва ҳимоячининг процессуал ҳужжатлар билан танишиб чиқиш ҳуқуқини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис, Конституциявий суд ЖПКнинг 46 , 48 ва 53-моддаларида айбланувчи, гумон қилинувчи ва ҳимоячи жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарор билан танишиш ва ундан нусха олиш ҳуқуқини ҳам алоҳида белгилаш ҳамда ўз ҳисобидан нусха олиш учун зарур шароит яратиб бериш лозим, деб ҳисоблайди.

Иккинчидан, Конституциявий суд 2025 йил 23 октябрдаги Қонун билан вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик либераллаштирилгани, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахсни судланмаган деб ҳисоблашнинг алоҳида тартиби белгиланганини Конституциянинг 78 - 79-моддаларида ёшлар учун назарда тутилган конституциявий кафолатлар моҳиятига мос, деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга Конституциявий суд бу борадаги ислоҳотларни давом эттириш муҳимлигини қайд этади ҳамда бу йўналишда манзил-колониясида сақланаётган вояга етмаганларнинг таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қўшимча чораларни кўриш, хусусан, ушбу муассасалардаги маҳкумларни ўрта махсус ёки касб-ҳунар таълими билан қамраб олиш тизимини йўлга қўйишни тавсия этади.

Шунингдек, амалиётда мактабда таҳсил олаётган вояга етмаганларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилганда, уларнинг ўрта таълим олиш жараёни тўхтатилиб, жазони ижро этиш давомида эса улар ўз ўқишини бир йил олдинги синфда ўқишга мажбур бўлмоқда.

Юқоридаги ҳолатни инобатга олиб, Конституциявий суд қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган вояга етмаганларнинг узлуксиз умумий ўрта таълим олишини таъминлаш, бу борада уларга суд-тергов жараёнлари сабабли таълимдан узилиб қолиши натижасида қолдирилган дарс соатларини ўзлаштириш ва имтиҳон орқали қоплаш имконини яратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

Учинчидан, Конституциявий суд ҳаракатланиш эркинлиги инсоннинг энг муҳим табиий конституциявий ҳуқуқларидан бири бўлиб, уни чеклаш энг сўнгги ҳуқуқий таъсир чораси бўлиши ва ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш билан боғлиқ бўлмаган бошқа таъсир чораларини қўллаш билан мақсадга эришишнинг имкони бўлмаган тақдирдагина қўлланилиши зарурлигига эътибор қаратади.

Мутаносиблик конституциявий принципидан келиб чиқиб, Конституциявий суд маъмурий қамоқ жазосини қўллашнинг адолат ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқ бўлган аниқ мезонларини ишлаб чиқишга ҳамда биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан маъмурий қамоқнинг энг кўп муддатини қўллашни чеклашга чақиради.

Молиявий имконияти йўқлиги сабабли ижро этилмаган жаримага муқобил сифатида уни қамоқ билан алмаштириш механизмини қайта кўриб чиқиш ҳамда жаримани алмаштириш мумкин бўлган бошқа жазо чораларини, шу жумладан, мажбурий жамоат ишларини жорий этиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, Конституциявий суд Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан тақдим этиладиган маърузаларида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари бўйича алоҳида кўрсатиб ўтишни тавсия этади.

Тўртинчидан, Конституциявий суд мамлакатни рақамли ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга мақсадлардан бири эканлигини эътироф этади ҳамда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. Айни дамда рақамли трансформация янгича иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтириб, инсон ва фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Конституциявий суд рақамлаштиришнинг ҳозирги суръатларини инобатга олиб, қуйидаги масалаларга эътибор қаратишга чақиради:

сунъий интеллектга асосланган рақамли технологияларнинг мазмун-моҳиятини, уларнинг давлат ҳамда жамият ҳаётига таъсирини пухта ўрганиш ҳамда бундай технологияларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи қонун ҳужжатини ишлаб чиқиб, унда ушбу муносабатларнинг барча иштирокчиларининг хавфсизлиги, ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид аниқ ҳуқуқий қоидаларни белгилаш;

Конституциянинг 31-моддасида белгиланган шахсий ҳаётнинг дахлсизлиги ҳуқуқи кафолатларини яратиш мақсадида ҳозирги сунъий интеллект технологиялари жадал ривожланаётган шароитда мазкур конституциявий ҳуқуқни таъминлаш мақсадида барча давлат органлари фаолиятини шахсий ҳаёт дахлсизлиги нуқтаи назаридан аудитдан («privacy audit») ўтказиш;

ижтимоий тармоқларда интернет-фирибгарликнинг янги шакллари, айниқса, тиббиётда сертификатдан ўтмаган дорилар, даволаш хизматлари ва таркиби номаълум биологик фаол қўшимчаларни давлат органлари номидан сохта хабарлар ёрдамида тарқатиш ҳолатлари ортиб бораётганлигини инобатга олиб, Интернетдаги сохта тиббий рекламанинг олдини олишнинг ҳуқуқий механизмларини яратиш;

Конституциявий суд фаолиятига замонавий рақамлаштириш дастурларини жорий этиш, шу жумладан Конституциявий суд фаолияти очиқлигини таъминлаш учун фуқаро ва юридик шахсларга интерактив хизматлар кўрсатадиган ахборот тизимларини яратиш.

IV. Хулоса

Конституция устуворлиги ҳуқуқий давлатчилик, давлат ва жамият барқарор ҳамда уйғун тараққиётининг зарурий шарти бўлиши баробарида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли амалга оширишга қаратилган миллий ҳуқуқий тизимнинг ривожланиши учун муҳим омил ҳамдир.

Конституциявий суд барча даражадаги давлат органлари ва мансабдор шахсларни ўз фаолиятида Конституцияга мутлақ ва сўзсиз риоя қилишга, ҳар қандай ҳуқуқий қарорнинг марказида инсон шаъни, унинг қадри-қимматини адолатли ҳуқуқий мезон сифатида акс эттиришга, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги ҳар бир масалани Конституция норма ва принциплар руҳи ҳамда талаблари асосида қўллашга чақиради.

Конституция фақат давлат органлари учун эмас, балки қарор қабул қилаётган ҳар бир мансабдор шахс, судья, қонун ҳужжати лойиҳасига масъул ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жавобгар мансабдор шахс, шунингдек жамиятнинг барча аъзолари учун беқиёс ҳуқуқий мезон бўлишига эришиш — ҳуқуқий давлатчиликнинг муҳим шарти. Шу боис, Конституциявий суд Конституция устунлиги ва қонун устуворлиги кучли умуммиллий ҳуқуқий интизом, ялпи ҳуқуқий масъулият ва давлат бошқарувининг барча бўғинлари учун долзарб амалий вазифага айланиши лозимлигини эътироф этади.

Конституциявий суд мамлакатимизда ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини барпо этиш, ҳаётнинг барча соҳаларида инсон қадри устуворлигига эришиш мақсадида Конституция устуворлигини таъминлаш конституциявий принцип ва нормаларни қонунчиликда ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида қўллаш ва ривожлантириш орқали амалга оширилаётганлигини эътироф этган ҳолда барча даражадаги давлат органларини ўз фаолиятларида юксак конституциявий мезон ва адолатли андозалар асосида Конституцияга сўзсиз амал қилиш орқали ҳуқуқий давлат барпо этишга қаратилган умумий саъй-ҳаракатларга ўз ҳиссаларини қўшишга чақириб қолади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди

Тошкент ш.,

2025 йил 30 декабрь,

КСҚ-5-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.01.2026 й., 12/26/5/0010-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining

Qarori

AXBOROTI

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisidagi axborotini tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining 133-moddasi birinchi qismi 7-bandiga va “Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi toʻgʻrisida”gi Konstitutsiyaviy qonunning 4-moddasi birinchi qismi 6-bandiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi qaror qildi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining 2025-yilda mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisidagi axboroti ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalariga va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentiga yuborilsin.

3. Mazkur qaror Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi va Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinsin.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining 2025-yil 30-dekabrdagi KSQ-5-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudining 2025-yilda mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisida

I. Yangi tahrirdagi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasini hayotga tatbiq etish boʻyicha 2025-yilda amalga oshirilgan ishlar

Mamlakatimizda konstitutsiyaviy qonuniylikni taʼminlash davlatchilikni mustahkamlash va uning barqaror rivojlanishining muhim sharti hisoblanadi.

2023-yil 30-aprelda referendumda qabul qilingan yangi tahrirdagi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi (keyingi oʻrinlarda — Konstitutsiya) davlat boshqaruvini demokratlashtirish, davlatning ijtimoiy rolini va majburiyatlarini kengaytirish, inson huquq va erkinliklarini muhofaza qilish asoslarini mustahkamladi. Bosh qomusimizdagi norma va prinsiplarni hayotga tatbiq etish, shu jumladan, jamiyat va davlatni Konstitutsiyaga muvofiq, huquqiy modernizatsiya qilish, mamlakatda konstitutsiyaviy qonuniylikni yanada mustahkamlash boʻyicha ishlar 2025-yil davomida ham faol davom ettirildi.

Xususan, Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyaviy sudi (keyingi oʻrinlarda — Konstitutsiyaviy sud) qabul qilingan qonunchilik hujjatlari va amalga oshirilgan chora-tadbirlarni oʻrganish asosida quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha amalga oshirilgan ishlarni eʼtirofga molik, deb hisoblaydi:

Birinchidan, 2025-yilda yangi konstitutsiyaviy institut va mexanizmlarni soʻzsiz va toʻliq amalga oshirish boʻyicha keng koʻlamli ishlar amalga oshirildi. Xususan, odil sudlovni roʻyobga chiqarishda Konstitutsiya normalarining toʻgʻridan-toʻgʻri qoʻllanilishini taʼminlash maqsadida sud organlari faoliyatini tartibga soluvchi qonun hujjatlari Konstitutsiyaga muvofiqlashtirilib, ular faoliyati yangicha konstitutsiyaviy-huquqiy sharoitlarda yoʻlga qoʻyildi. Jumladan, sudning qayta tashkil etilishi yoki tugatilishidagi kafolatlari, sudlarning faoliyatini moliyalashtirishga oid konstitutsiyaviy qoidalar qonunlarda rivojlantirildi.

Gumon qilinuvchi, ayblanuvchi yoki sudlanuvchi istalgan vaqtda sukut saqlash huquqidan foydalanishi mumkinligi, hech kim oʻziga hamda yaqin qarindoshlariga qarshi guvohlik berishga majbur emasligi, agar shaxsning oʻz aybini tan olganligi unga qarshi yagona dalil boʻlsa, u aybdor deb topilishi mumkin emasligi, shaxsning sudlanganligi uning qarindoshlari huquqlarini cheklash uchun asos boʻlishi mumkin emasligi haqidagi konstitutsiyaviy qoidalar qonun hujjatlarida rivojlantirildi.

Tergov sudyalari faoliyati qonuniy asoslarining yaratilishi hamda Maʼmuriy sud ishlarini yuritish toʻgʻrisidagi qonunchilikni takomillashtirish konsepsiyasi tasdiqlanishi, “Raqamli sud” konsepsiyasini joriy etilishi, Odil sudlov akademiyasi tashkil etilishi Konstitutsiya va qonun ustuvorligi, sud himoyasiga boʻlgan konstitutsiyaviy huquqlarni samarali amalga oshirishga xizmat qiladi.

“Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarini, chet el fuqarolarini hamda fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni yashash joyi va turgan joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtkazish toʻgʻrisida”gi Qonun qabul qilinib, “Toshkent shahri va Toshkent viloyatida doimiy propiska qilinishi lozim boʻlgan shaxslar — Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari toifalarining roʻyxati toʻgʻrisida”gi Qonunning bekor qilinishi fuqarolarning Oʻzbekiston hududida erkin harakatlanishga boʻlgan huquqlarini kafolatlovchi Konstitutsiyaning 32-moddasi talablariga mos keladi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 9-iyundagi OʻRQ-1067-son Qonun, 2025-yil 10-iyuldagi OʻRQ-1074-son Qonun, 2025-yil 28-yanvardagi OʻRQ-1022-son Qonun, 2025-yil 11-martdagi OʻRQ-1047-son Qonun, 2025-yil 21-avgustdagi PF-140-son Farmon, 2025-yil 21-avgustdagi PF-141-son Farmon, 2025-yil 30-yanvardagi PQ-33-son qaror

Ikkinchidan, vakillik organlarining maqomi mustahkamlanishi va vakolatlarining kengaytirilishi, fuqarolik jamiyati institutlari uchun shart-sharoitlarning yaxshilanishi Konstitutsiyada belgilangan xalq hokimiyatchiligi, hokimiyatlar taqsimlanishi, jamoatchilik nazorati kabi prinsip va normalarni roʻyobga chiqarishga xizmat qilmoqda.

Xususan, parlamentdagi muxolifatning kafolatlangan huquqlari kengaytirilib, ularga qonun loyihasi ikkinchi oʻqishda koʻrib chiqilganiga qadar oʻsha masalaga doir qonun loyihasining muqobil tahririni kiritish, Oliy Majlis Qonunchilik palatasining bir nafar qoʻmita raisi va ikki nafar qoʻmita raisi oʻrinbosari lavozimlarini kafolatli egallash, har chorakda “hukumat soati” va parlament soʻrovi doirasida masala kiritish kabi qoʻshimcha huquqlar kafolatlandi.

Qonunchilik palatasi deputatlarining saylov okruglarida tashabbusli budjet doirasida gʻolib boʻlmagan loyihani Qonunchilik palatasi deputati tashabbusiga koʻra gʻolib deb eʼlon qilish tartibi joriy etilganligi xalq vakillarining ijtimoiy masalalarni hal etishdagi rolini oshirishga xizmat qiladi.

Konstitutsiyaviy sud fuqarolarning konstitutsiyaviy huquqlari va erkinliklariga rioya etilishi kafolatlarini kuchaytirish maqsadida Oliy Majlisning Inson huquqlari boʻyicha vakili (ombudsman) huzurida jamoatchilik asosida faoliyat yuritadigan maslahat organi sifatida Insonning konstitutsiyaviy huquqlari va erkinliklariga rioya etilishi boʻyicha komissiyasi tuzilishini qoʻllab-quvvatlaydi.

Xalq hokimiyatchiligi konstitutsiyaviy prinsipini toʻlaqonli roʻyobga chiqarish maqsadida “Kuchli Kengash, hisobdor va tashabbuskor hokim” tamoyili asosida xalq deputatlari mahalliy Kengashlarining vakolatlarini kengaytirishga qaratilgan Oʻzbekiston Respublikasida mahalliy davlat hokimiyati vakillik organlari faoliyatini 2030-yilga qadar rivojlantirish konsepsiyasi qabul qilinganligi joylarda demokratik tamoyillarning qaror topayotganligini koʻrsatadi.

Fuqarolik jamiyatini rivojlantirish konsepsiyasini 2025-yilda amalga oshirish boʻyicha “yoʻl xaritasi” va davlat tomonidan ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish dasturlarini amalga oshirishda fuqarolik jamiyati institutlarini ijtimoiy sheriklik asosida jalb qilish dasturi tasdiqlandi. Nodavlat notijorat tashkilotlari faoliyatining erkinligi kafolatlarini mustahkamlash maqsadida ularning faoliyatiga qonunga xilof ravishda aralashganlik, jamoatchilik nazoratini amalga oshirish natijalari boʻyicha tayyorlangan yakuniy hujjatni koʻrib chiqmaganlik uchun javobgarlik belgilandi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 30-iyuldagi OʻRQ-1077-son Qonun, 2025-yil 21-avgustdagi OʻRQ-1083-son Qonun, 2025-yil 23-iyundagi PF-98-son Farmon, Qonunchilik palatasi va Senat kengashlarining 2025-yil 29-yanvardagi qoʻshma qarori, Senat Kengashining 2025-yil 28-yanvardagi qarori, 2025-yil 2-maydagi 288-son qaror

Uchinchidan, Konstitutsiyaning 37-moddasida mustahkamlangan fuqarolarning davlat xizmatiga kirishda teng huquqliligi haqidagi normani samarali amalga oshirishga qaratilgan zamonaviy standartlar joriy etildi.

Xususan, moslashuvchan, professional, innovatsion va natijadorlikka qaratilgan davlat fuqarolik xizmatining yangi modelini yaratishga qaratilgan Davlat fuqarolik xizmatini 2030-yilgacha rivojlantirish strategiyasi tasdiqlandi. Davlat organlari faolligining milliy reytingi joriy etilishi belgilandi.

Davlat boshqaruvi akademiyasi Davlat siyosati va boshqaruvi akademiyasi etib, mutaxassislarni xorijda tayyorlash va vatandoshlar bilan muloqot qilish boʻyicha “El-yurt umidi” jamgʻarmasi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Istiqbolli kadrlarni tayyorlash boʻyicha “El-yurt umidi” jamgʻarmasi etib qayta tashkil etildi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 5-maydagi PF-77-son Farmon, 2025-yil 5-maydagi PF-78-son Farmon

Toʻrtinchidan, fuqarolarning Konstitutsiyaning 50 va 51-moddalarida belgilangan taʼlim olishga boʻlgan huquqlarini amalga oshirishlari uchun yanada qulay shart-sharoitlar yaratildi.

Xususan, taʼlim, kadrlarni qayta tayyorlash, malakasini oshirish sohalarida tashqi sifat nazoratini amalga oshiruvchi maxsus vakolatli davlat organi sifatida Prezident Administratsiyasi huzurida Taʼlim sifatini taʼminlash milliy agentligi tashkil etildi. “Prezident iqtidorli farzandlari” tashabbusi va uni qoʻllab-quvvatlash boʻyicha milliy dastur hamda “Oʻzbekiston Respublikasida taʼlim sifati va samaradorligini oshirish” loyihasi amalga oshirilmoqda.

Davlatning maktabgacha taʼlim va tarbiyani rivojlantirish uchun shart-sharoitlar yaratish boʻyicha konstitutsiyaviy majburiyati doirasida bolalarni maktabgacha taʼlim bilan qamrab olish darajasini oshirish boʻyicha dastur va maqsadli koʻrsatkichlari tasdiqlandi. Ilk rivojlanish markazlari va “Kelajak” markazlari faoliyati yoʻlga qoʻyildi.

Maktabdan tashqari taʼlim tizimining huquqiy va tashkiliy asoslarini takomillashtirilib, nafaqat bolalarning, balki barcha yoshdagi fuqarolarning qoʻshimcha taʼlim olish, yangi kasbiy bilim va koʻnikmalarni egallashi uchun huquqiy asoslar yaratildi.

Kasbiy taʼlim va milliy malaka tizimi takomillashtirildi. Kasbiy taʼlim sohasini boshqarishga masʼul Kasbiy taʼlim agentligi, hududlarda ilgʻor kasbiy mahorat texnikumlari tashkil etildi. Oliy taʼlimga oid malakalarni tan olish toʻgʻrisida global konvensiya (Parij, 2019-yil 25-noyabr) ratifikatsiya qilindi.

Taʼlim olishga boʻlgan konstitutsiyaviy huquqni samarali amalga oshirish maqsadida 2025-yilda Turkiy davlatlar xalqaro universiteti, Al-Xorazmiy universiteti, “ToshTech”, Nukus, Namangan, Fargʻona, Buxoro davlat texnika universitetlari, Qoʻqon, “Cyber university” davlat universiteti, Moskva davlat texnika universiteti filiali, Nizomiy nomidagi Oʻzbekiston milliy pedagogika universiteti, Urganch davlat tibbiyot instituti, Al-Beruniy nomidagi xalqaro maktab-internat kabi yangi taʼlim tashkilotlari tashkil etildi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 23-oktabrdagi OʻRQ-1091-son Qonun, 2025-yil 11-noyabrdagi OʻRQ-1094-son Qonun, 2025-yil 15-maydagi PF-86-son Farmon, 2025-yil 10-sentabrdagi PF-162-son Farmon, 2025-yil 5-maydagi PF-76-son Farmon, 2025-yil 28-apreldagi PF-73-son Farmon, 2025-yil 23-oktabrdagi PF-190-son Farmon, 2025-yil 28-apreldagi PQ-151-son qaror, 2025-yil 8-sentabrdagi PQ-275-son qaror, 2025-yil 8-sentabrdagi PQ-277-son qaror, 2025-yil 28-apreldagi PQ-152-son qaror, 2025-yil 1-iyuldagi PQ-209-son qaror, 2025-yil 23-oktabrdagi PQ-316-son qaror va b.

Beshinchidan, Konstitutsiyaning 20-moddasida davlat organlari tomonidan insonga nisbatan qoʻllaniladigan huquqiy taʼsir choralari mutanosiblik prinsipiga asoslanishi, 26-moddasida hech kim qiynoqqa solinishi, zoʻravonlikka, boshqa shafqatsiz, gʻayriinsoniy yoki inson qadr-qimmatini kamsituvchi muomalaga yoxud jazoga duchor etilishi mumkin emasligi belgilangan.

Shundan kelib chiqib, ayrim jazo choralari qayta koʻrib chiqildi hamda baʼzilari uchun maʼmuriy javobgarlik bekor qilindi. Maʼmuriy huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi ishlarni yuritish amaliyotiga xususiy ayblov instituti joriy etildi.

Qiynoqlarning oldini olish maqsadida qamoqqa olish tarzidagi ehtiyot chorasi qoʻllanilgan shaxslarning qiynoqqa solinishi holatlarini aniqlash va ularning oldini olish maqsadida qamoqqa olish tarzidagi ehtiyot chorasini koʻllash chogʻida gumon qilinuvchi va ayblanuvchi tergov hibsxonasiga joylashtirilishidan oldin ularni tergov hibsxonalarining oʻzida majburiy tibbiy koʻrikdan oʻtkazish tartibi joriy etildi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 26-iyundagi OʻRQ-1072-son Qonun, 2025-yil 10-iyuldagi OʻRQ-1075-son Qonun

Oltinchidan, dunyoviy davlat konstitutsiyaviy prinsipini (1-modda) roʻyobga chiqarish va vijdon erkinligi (35-modda) kafolatlarini taʼminlash maqsadida 2025-yilda muhim islohotlar amalga oshirildi. Xususan, Oʻzbekiston Respublikasida fuqarolarning vijdon erkinligini taʼminlash va diniy sohadagi davlat siyosati konsepsiyasi tasdiqlandi. Konsepsiyada belgilangan asosiy vazifalarning bajarilishi ustidan nazoratni amalga oshirish boʻyicha parlament komissiyasi tuzildi.

Fuqarolarning ibodatlar va diniy rasm-rusumlarni amalga oshirishi uchun qoʻshimcha qulayliklar yaratish, “Haj” va “Umra” ziyoratlariga borishi bilan bogʻliq xizmatlarni tizimli yoʻlga qoʻyish maqsadida “Haj va Umra yagona portali” ishlab chiqildi.

Oʻzbekiston xalqaro islomshunoslik akademiyasi faoliyati takomillashtirildi, Din ishlari boʻyicha qoʻmita huzurida Diniy-maʼrifiy sohada malaka oshirish va qayta tayyorlash instituti, Bahouddin Naqshband ilmiy-tadqiqot markazi, Diniy-maʼrifiy sohada taʼlim, fan va ilmiy-tadqiqotga oid faoliyatni muvofiqlashtiruvchi kengash tashkil etildi, Imom Moturidiy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi Vazirlar Mahkamasi boʻysunuviga oʻtkazildi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 25-fevraldagi OʻRQ-1037-sonli Qonun, 2025-yil 21-apreldagi PF-68-son Farmon, Oliy Majlis Qonunchilik palatasi va Senati kengashlarining 2025-yil 4-martdagi qoʻshma qarori, 2025-yil 27-avgustdagi 542-son qaror, 2025-yil 5-sentabrdagi 565-son qaror

Yettinchidan, Konstitutsiyaning 47-moddasiga muvofiq, davlat uy-joy qurilishini ragʻbatlantirishi va uy-joyga boʻlgan huquqning amalga oshirilishi uchun shart-sharoitlar yaratish maqsadida uy-joy va ipoteka bozorini yanada rivojlantirishga oid chora-tadbirlar belgilandi. Bozor tamoyillariga asoslangan ipoteka kreditlari orqali aholini uy-joy bilan taʼminlash dasturi qabul qilindi.

“Yangi Oʻzbekiston” massivlarining muhandislik-kommunikatsiya infratuzilmalari loyihalarini ishlab chiqish va qurishda yangi quriladigan infratuzilma inshootlarida qayta tiklanuvchi energiya manbalari qurilmalari va energiya tejovchi uskunalaridan keng foydalanish boʻyicha talablar belgilandi.

“Yashil” standartlar asosida qurilish loyihalari va qurilgan uy-joylarni baholash hamda sertifikatlash tizimi joriy etilib, koʻp kvartirali uy-joylarni foydalanishga qabul qilish jarayonlari soddalashtirildi va raqamlashtirildi.

Ushbu sohada yagona davlat siyosatini yuritishga masʼul boʻlgan Urbanizatsiya va uy-joy bozorini barqaror rivojlantirish milliy qoʻmitasi tuzildi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 21-fevraldagi PF-26-son Farmon, 2025-yil 19-noyabrdagi PF-219-son Farmon

Sakkizinchidan, davlat xorijda yashayotgan vatandoshlar bilan aloqalarni saqlab qolish hamda rivojlantirish toʻgʻrisida gʻamxoʻrlik qilishi haqidagi konstitutsiyaviy norma (23-modda) asosida xorijdagi vatandoshlar bilan aloqalarni rivojlantirish boʻyicha bir qator islohotlar amalga oshirildi. Xususan, Madaniyat vazirligi huzuridagi Millatlararo munosabatlar va xorijiy mamlakatlar bilan doʻstlik aloqalari qoʻmitasi negizida Millatlararo munosabatlar va xorijdagi vatandoshlar masalalari boʻyicha qoʻmita, hokimliklarda Umummilliy birdamlik va hamjihatlikni taʼminlash boʻyicha jamoatchilik kengashlari tashkil etildi.

Har yili yurtimizdagi barcha millat va elatlar vakillari birdamligini eʼtirof etuvchi “Oʻzbekiston yagona Vatan!” anjumani tashkil etilishi belgilandi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 19-martdagi PF-52-son Farmon, 2025-yil 19-martdagi PQ-115-son qaror

Toʻqqizinchidan, Konstitutsiyaning 41-moddasida belgilangan bank operatsiyalarining, omonatlarning va hisobvaraqlarning sir tutilishi qonun bilan kafolatlanishi toʻgʻrisidagi normani hayotga tatbiq etish maqsadida “Banklardagi omonatlarni himoya qilish kafolatlari toʻgʻrisida”gi Qonun qabul qilindi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 18-fevraldagi OʻRQ-1031-son Qonun

Oʻninchidan, Konstitutsiyada shaxsning, shu jumladan, homilador va bolasi bor ayollarning mehnat huquqlariga oid konstitutsiyaviy kafolatlar ( 42-modda ), shuningdek, davlat fuqarolarning bandligini taʼminlash, ularni ishsizlikdan himoya qilish, shuningdek kambagʻallikni qisqartirish choralarini koʻrishi ( 43-modda ) mustahkamlab qoʻyilgan.

Ushbu konstitutsiyaviy normalarni hayotga tatbiq etish maqsadida fuqarolarning mehnat huquqlari kafolatlarini taʼminlash va konstitutsiyaviy kafolatlarni milliy qonunchilikka joriy etish, mehnat sohasidagi munosabatlarning elektron tizimga oʻtishini taʼminlash, davlat organlari va tashkilotlariga ishga kirayotgan fuqarolardan ortiqcha hujjatlarni talab qilish hollarini bartaraf etish choralari koʻrildi. Homiladorligi yoki farzandi borligi sababli xodimni ishdan boʻshatishga taqiq mehnat sohasidagi qonunlarga ham kiritildi.

Kambagʻal oilalar reyestriga kiritilgan va ushbu reyestrga tushish xavfi boʻlgan oilalarni toifalarga taqsimlagan holda davlat tomonidan ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash choralarini taqdim etish tartibi joriy etildi. Oilalarni kambagʻallikdan chiqarishga qaratilgan koʻmakni ijtimoiy shartnoma asosida koʻrsatish tartibi tasdiqlandi.

Hududlarda aholi bandligini taʼminlash, ularni tadbirkorlikka jalb qilish va daromadlarini oshirish boʻyicha yangi yondashuvlarni keng joriy qilish maqsadida 2025-yilda aholini daromadli mehnat bilan taʼminlash dasturi tasdiqlandi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 13-fevraldagi OʻRQ-1030-son Qonun, 2025-yil 11-noyabrdagi OʻRQ-1095-son Qonun, 2025-yil 8-maydagi PF-84-son Farmon, 2025-yil 17-yanvardagi PQ-12-son qaror, 2025-yil 27-fevraldagi 125-son qaror, 2025-yil 24-iyuldagi 465-son qaror, 2025-yil 21-iyuldagi 454-son qaror

Oʻn birinchidan, bozor munosabatlarini rivojlantirish va halol raqobat uchun shart-sharoitlar yaratish, iqtisodiy faoliyat, tadbirkorlik erkinligini kafolatlash ( 65-modda ), qulay investitsiyaviy va ishbilarmonlik muhitini taʼminlash ( 67-modda ) boʻyicha davlat oʻz zimmasiga bir qator konstitutsiyaviy majburiyatlar olgan.

Bu borada davlat ishtirokidagi bir qator korxonalar va xoʻjalik yurituvchi subyektlarning maxsus (eksklyuziv) huquqlari bekor qilindi. Eksklyuziv huquq xoʻjalik yurituvchi subyektlarga qonunlar va Prezident farmon va qarorlari bilan uch yildan ortiq boʻlmagan muddatga faqat ikkita maqsad uchun berilishi nazarda tutildi. Eksklyuziv huquqlar taqdim etilishiga va bunday huquqlar berilgan xoʻjalik yurituvchi subyektlarga doir aniq talablar belgilandi.

2028-yil 1-yanvarga qadar kichik va oʻrta biznes subyektlari zimmasiga yangi majburiyatlar yuklatilishini nazarda tutadigan normativ-huquqiy hujjatlarni qabul qilishga moratoriy eʼlon qilindi. Tadbirkorlik subyektlari oʻz mablagʻlari hisobidan ijtimoiy infratuzilma tarmoqlari qurib, begʻaraz topshirganda, ushbu obyektlar uchun xarajatlar foyda soligʻi bazasidan kamaytirilishi belgilandi.

Maʼmuriy-hududiy birliklar tuzilganligi yoki tugatilganligi, ularning chegaralari yoki boʻysunuvi oʻzgartirilganligi natijasida tadbirkorlik subyektlarining va boshqa yuridik shaxslarning joylashgan yeri (pochta manzili) oʻzgarganda ular qayta davlat roʻyxatidan oʻtkazganlik uchun davlat bojini toʻlashdan ozod etildi.

Tadbirkorlarning maʼmuriy xarajatlarini va davlat organlari bilan oʻzaro hamkorlik jarayonlaridagi vaqtini tejash choralari koʻrilib, bir qancha davlat xizmatlarini bir vaqtning oʻzida kompozit koʻrsatishni nazarda tutuvchi tadbirkorlik subyektlarini “Biznesni 15 daqiqada boshlash” tamoyili asosida davlat roʻyxatidan oʻtkazish tartibi joriy etildi.

126 turdagi tovarlar sanitariya-epidemiologiya, davlat veterinariya xizmati, oʻsimliklar karantini, texnik tartibga solish nazoratidagi roʻyxatlardan chiqarib tashlandi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 17-apreldagi OʻRQ-1058-son Qonun, 2025-yil 13-yanvardagi OʻRQ-1018-son, 2025-yil 7-fevraldagi OʻRQ-1025-son Qonun, 2025-yil 30-apreldagi PF-74-son Farmon, 2025-yil 25-martdagi PF-57-son Farmon, 2025-yil 19-martdagi PF-50-son Farmon, 2025-yil 28-fevraldagi PF-35-son Farmon, 2025-yil 21-apreldagi PF-70-son Farmon, 2025-yil 4-martdagi PF-41-son Farmon va boshqalar.

Oʻn ikkinchidan, Konstitutsiyada fuqarolarning qulay atrof-muhitga, uning holati toʻgʻrisida ishonchli axborotga ega boʻlish huquqlari, shaharsozlik hujjatlari loyihalarini jamoatchilik muhokamasidan oʻtkazilishi ( 49-modda ), yer, yer osti boyliklari, suv, oʻsimlik va hayvonot dunyosi hamda boshqa tabiiy resurslar umummilliy boylikligi, ulardan oqilona foydalanish zarurligi va ular davlat muhofazasidaligi ( 68-modda ) haqidagi normalar mustahkamlangan.

Shuningdek, Konstitutsiyada belgilangan ushbu normalarni amalga oshirish maqsadida Suv kodeksi , “ Ekologik ekspertiza, atrof-muhitga taʼsirni baholash va strategik ekologik baholash toʻgʻrisida ”, “ Issiqxona gazlarining chiqarilishini cheklash toʻgʻrisida ”gi qonunlar qabul qilindi, Atrof-muhit bilan bogʻliq boʻlgan masalalar boʻyicha qarorlar qabul qilish jarayonida jamoatchilikning axborot olish imkoniyati, ishtiroki va odil sudlovga erishish imkoniyati toʻgʻrisidagi Konvensiya (Orxus, 1998-yil 25-iyun) ratifikatsiya qilindi. 2030-yilgacha boʻlgan davrda aholining ekologik madaniyatini yuksaltirish konsepsiyasi tasdiqlandi.

2025-yil “Atrof-muhitni asrash va yashil iqtisodiyot” yili deb eʼlon qilindi va shu yoʻnalishda qabul qilingan alohida davlat dasturida “yashil iqtisodiyot” tamoyillarini keng joriy qilish, iqlim oʻzgarishi oqibatlarini yumshatish, metan emissiyasini qisqartirish, “Yashil bino” sertifikatini joriy etish, tadbirkorlik subyektlarini “yashil tadbirkor” sifatida eʼtirof etish choralari belgilandi.

Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi Vazirlar Mahkamasi tizimidan chiqarilib, uning negizida Ekologiya va iqlim oʻzgarishi milliy qoʻmitasi hamda Davlat ekologik nazorat inspeksiyasi (Ekopolitsiya), shuningdek, Oʻrmon xoʻjaligi agentligi negizida Oʻrmon va yashil hududlarni koʻpaytirish, choʻllanishga qarshi kurashish agentligi tashkil etilganligi Konstitutsiya asosida davlat oʻz zimmasiga olgan ekologik majburiyatlarni samarali amalga oshirishga xizmat qiladi.

Yashil hududlarni kengaytirish, “Yashil makon” umummilliy loyihasini amalga oshirishda jamoatchilik ishtirokini oshirish, ochiqlikni taʼminlash va raqamlashtirishga qaratilgan yangi mexanizmlar joriy qilindi. Kompensatsiya sifatida ekilgan daraxt va buta koʻchatlari hisobini yuritish tizimi joriy qilindi.

“Yashil” davlat xaridlari tizimi joriy etildi, davlat xaridlarini amalga oshirishda ekologik mezonlar eng yaxshi takliflarni tanlash va tenderlardagi xarid qilish hujjatlariga majburiy tartibda kiritilishi belgilandi.

Ekologiya sohasida qonuniylik va qonun ustuvorligini taʼminlash maqsadida qurilish maydonlarida chang va qum zarrachalarining havoga koʻtarilishini bartaraf etishga doir majburiy talablar va ularni buzganlik uchun javobgarlik choralari belgilandi.

Aholining madaniy-maishiy ehtiyojlarini qondirish va dam olishi uchun foydalaniladigan yerlarni xususiylashtirish, hududlarini qisqartirish, mazkur hududlarda bino va inshootlar qurish taqiqlandi. Botanika bogʻlarini xususiylashtirish va ularning hududlarida qurilishni amalga oshirish taqiqlandi hamda botanika bogʻlari muhofaza etiladigan tabiiy hududlar roʻyxatiga kiritildi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 30-iyuldagi OʻRQ-1076-son Qonun, 2025-yil 5-maydagi OʻRQ-1061-son va OʻRQ-1062-son, 2025-yil 24-fevraldagi OʻRQ-1036-son, 2025-yil 11-martdagi OʻRQ-1045-son, 2025-yil 3-martdagi OʻRQ-1042-son qonunlar, 2025-yil 30-maydagi PF-90-son Farmon, 2025-yil 18-noyabrdagi PF-217-son Farmon

Oʻn uchinchidan, Konstitutsiyaning 57-moddasi asosida mehnatga layoqatsiz va yolgʻiz keksalar, nogironligi boʻlgan shaxslar hamda aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifalarining huquqlarini davlat tomonidan himoya qilishga hamda ijtimoiy davlat prinsipini amalga oshirishga qaratilgan tizimli ishlar davom ettirildi.

Bu borada nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligini taʼminlash tizimi takomillashtirildi, I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslarni ishga qabul qilgan tadbirkorlik subyektlari uchun soliq imtiyozlarini qoʻllash, ularga soliq imtiyozlari ularning murojaatisiz proaktiv shaklda taqdim etish tartibi joriy etildi.

Kambagʻal oilalar reyestriga kiritilgan oilalarning aʼzolarini band qilgan tadbirkorlik subyektlari uchun kompensatsiya taqdim etish tartibi joriy etildi. “Kambagʻallikdan farovonlik sari” dasturida belgilangan vazifalarni amalga oshirish maqsadida 6 ta yangi moliyaviy yordam turlari joriy etildi.

Oʻzgalar parvarishiga muhtoj shaxslarni ijtimoiy xizmatlar bilan qamrab olish koʻlamini yanada oshirishga, oʻzgalar parvarishiga muhtoj voyaga yetgan shaxslarni qoʻllab-quvvatlashga qaratilgan “Faol hayotga qadam” dasturi joriy etildi. Aholining ijtimoiy himoyaga muhtoj toifalari tomonidan ijtimoiy karta orqali xarid qilingan ayrim tovarlar boʻyicha qoʻshilgan qiymat soligʻi summasini qaytarish tizimi soddalashtirildi.

Davlat ijtimoiy sugʻurtasi tizimi takomillashtirildi, xususan, fuqarolarni davlat ijtimoiy sugʻurtasi bilan majburiy va ixtiyoriy asoslarda qamrab olish tartibi, davlat ijtimoiy sugʻurtasi boʻyicha toʻlovlarni toʻlash asoslari mustahkamlandi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 8-maydagi PF-85-son Farmon, 2025-yil 26-sentabrdagi PF-176-son Farmon, 2025-yil 3-noyabrdagi PF-206-son Farmon, 2025-yil 8-maydagi PQ-171-son qaror, 2025-yil 3-fevraldagi PQ-41-son qaror, 2025-yil 27-maydagi PQ-194-son qaror, 2025-yil 2-apreldagi PQ-134-son qaror

Oʻn toʻrtinchidan, yoshlarning intellektual, ijodiy, jismoniy va axloqiy jihatdan shakllanishi hamda rivojlanishi uchun, ularning taʼlim olishga, sogʻligʻini saqlashga, uy-joyga, ishga joylashishga, bandlik va dam olishga boʻlgan huquqlarini amalga oshirish uchun shart-sharoitlar yaratish ( 79-modda ) toʻgʻrisidagi normalarni hayotga tatbiq etishga qaratilgan keng koʻlamli choralar amalga oshirildi.

Istiqbolli kadrlarni tayyorlash boʻyicha “El-yurt umidi” jamgʻarmasining yangi stipendiya yoʻnalishi sifatida “Yorqin isteʼdod” loyihasi, oliy harbiy taʼlim muassasalarining namunali kursantlari uchun “Oliy bosh qoʻmondon” davlat stipendiyasi joriy etildi, xalqaro fan olimpiadalari gʻoliblariga toʻlanadigan bir martalik pul mukofoti miqdori besh baravarga oshirildi.

Kreativ industriya parklari tarmogʻi tashkil etilib, uning rezidentlariga bir qator soliq imtiyozlari taqdim etildi. Sunʼiy intellekt va zamonaviy texnologiyalardan foydalanish boʻyicha “Ijodiy texnolaboratoriya” tashkil etilishi, “Ijodkor yoshlar klubi” va “Madaniyat volontyorlari” ijtimoiy harakati faoliyati yoʻlga qoʻyilishi belgilandi.

Oliy taʼlim tashkilotlarining bitiruvchilarining ishga joylashtirishiga koʻmaklashishga qaratilgan “Kelajakka qadam” dasturini amalga oshirish boshlandi.

Mamlakatimizda yoshlarga oid davlat siyosati borasida amalga oshirilayotgan keng koʻlamli islohotlarda yoshlarning bevosita ishtirokini taʼminlash maqsadida xalq deputatlari Kengashlari huzuridagi yoshlar maslahat guruhlari tashkil etildi.

“Mahalla yettiligi” imkoniyatlaridan foydalangan holda aholini jamoaviy sport turlariga jalb qilish orqali sogʻlom turmush tarzini targʻib qilish, aholiga sogʻlom turmush tarzini targʻib qilishda faollik koʻrsatgan shaxslarni har tomonlama ragʻbatlantirish boʻyicha yangi tartib joriy etildi.

Yoshlarning tadbirkorlik gʻoya va tashabbuslarini qoʻllab-quvvatlash va ularning biznes loyihalarini roʻyobga chiqarishga koʻmaklashish maqsadida “Yoshlar biznesi” dasturini amalga oshirish boshlandi, Yoshlar tadbirkorligini rivojlantirish, “Yashil tashabbuslar”ni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmalari tashkil qilindi.

“Mahalla yettiligi” va taʼlim muassasalari oʻrtasida yoshlar, jumladan, umumtaʼlim maktablarining bitiruvchi sinf oʻquvchilarini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha hamkorlik qilish tizimi joriy etildi, “Yoshlar yagona elektron platformasi” axborot tizimi yaratilishi belgilandi. Yoshlarga oid davlat siyosatining amalga oshirilishi toʻgʻrisidagi milliy maʼruzani eʼlon qilish amaliyoti joriy etildi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 26-martdagi PF-61-son Farmon, 2025-yil 10-sentabrdagi PF-163-son Farmon, 2025-yil 10-sentabrdagi PF-163-son Farmon, 2025-yil 20-noyabrdagi PF-222-son Farmon, Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi Kengashi va Senati Kengashining 2025-yil 26-fevralda qarori, 2025-yil 9-oktabrdagi 636-son qaror, 2025-yil 9-oktabrdagi 634-son qaror, 2025-yil 11-noyabrdagi 714-son qaror

Oʻn beshinchidan, Konstitutsiyaning 48-moddasiga koʻra, davlat sogʻliqni saqlash tizimini, uning davlat va nodavlat shakllarini, tibbiy sugʻurtaning har xil turlarini rivojlantirish, aholining sanitariya-epidemiologik osoyishtaligini taʼminlash choralarini koʻradi.

Bu borada 2025-yilda aholiga tibbiy xizmat koʻrsatishda qisqa muddatli chora-tadbirlarni oʻz ichiga olgan “Tibbiyotda 90 kunlik oʻzgarishlar” dasturi amalga oshirildi.

2025 — 2030-yillarda bolalar saratoniga qarshi kurashish boʻyicha milliy strategiya va uni amalga oshirish boʻyicha kompleks chora-tadbirlar dasturi tasdiqlandi, Bolalar saratoni boʻyicha xalqaro akademik xab tashkil etildi. Kam uchraydigan (orfan) va boshqa irsiy-genetik kasalliklarga chalingan bolalarni Davlat budjeti hisobidan bepul davolash hajmini va ushbu kasalliklarga chalingan bolalarning dori vositalari, maxsus oziq-ovqatlar va tibbiy jihozlar bilan taʼminlanish darajasini oshirish choralari koʻrildi.

Tibbiyot sohasida kadrlar tayyorlash tizimi takomillashtirilib, tibbiyot yoʻnalishidagi uchta oliy taʼlim muassasasi negizida Toshkent davlat tibbiyot universiteti, Tibbiyot ilmiy-innovatsion tadqiqot instituti faoliyati yoʻlga qoʻyildi, Universitetga akademik, tashkiliy va moliyaviy mustaqillik berildi hamda uning huzurida Transformatsiya ofisi tashkil etildi.

“Raqamli sogʻliqni saqlash” platformasiga integratsiyalashgan, tibbiy koʻrik jarayonida va bemorlarga tashxis qoʻyishda shifokorga koʻmaklashuvchi sunʼiy intellekt texnologiyalariga asoslangan “Shifokorning raqamli yordamchisi” dasturini ishga tushirish choralari belgilandi.

Davlat tibbiyot va farmatsevtika muassasalari xodimlarini ijtimoiy himoya qilishni kuchaytirish boʻyicha choralar koʻrildi. Davlat tibbiyot muassasalarida yuqori malakali shifokorlar oylik lavozim maoshlariga ustama toʻlash tizimi joriy qilindi.

Aholi salomatligi va millat genofondini giyohvandlik va narkojinoyatlardan samarali himoya qilish, ushbu sohadagi huquqbuzarliklarni profilaktika qilishning zamonaviy usullarini joriy etish boʻyicha kompleks chora-tadbirlar belgilandi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 19-maydagi PQ-185-son qaror, 2025-yil 19-maydagi PQ-186-sonli qaror, 2025-yil 19-maydagi PF-88-son Farmon, 2025-yil 3-noyabrdagi PF-207-son Farmon, 2025-yil 22-apreldagi PQ-149-son qaror, 2025-yil 16-sentabrdagi PQ-286-son qaror, 2025-yil 9-noyabrdagi PQ-336-son qaror, 2025-yil 3-noyabrdagi PQ-331-son qaror, 2025-yil 22-maydagi 326-son qaror, 2025-yil 19-iyundagi 382-son qaror, 2025-yil 3-oktabrdagi 621-son qaror

Oʻn oltinchidan, Konstitutsiyaning 52-moddasiga muvofiq, davlat oʻqituvchilarning shaʼni va qadr-qimmatini himoya qilish, ularning ijtimoiy va moddiy farovonligi, kasbiy jihatdan oʻsishi toʻgʻrisida gʻamxoʻrlik qiladi. Ushbu konstitutsiyaviy norma ijrosi doirasida 2025-yilda umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari direktori va uning oʻrinbosari lavozimining bazaviy tarif stavkasi oshirildi, maktabgacha taʼlim tashkiloti direktorlari uchun bazaviy tarif stavkalar maktab direktori oʻrinbosariga tenglashtirildi.

Pedagoglarni attestatsiyadan oʻtkazish, kasbiy sertifikatlash va ragʻbatlantirish tizimi takomillashtirilib, ayrim pedagoglarni majburiy attestatsiyaga jalb etmasdan, ularga amaldagi malaka toifasi boʻyicha haq toʻlash, maʼlum talablarga javob beradigan pedagoglarga toʻgʻridan-toʻgʻri malaka toifasi berish tartibi yoʻlga qoʻyildi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 19-martdagi PF-51-son Farmon, 2025-yil 28-apreldagi 264-son qaror, 2025-yil 28-fevraldagi 130-son qaror

Oʻn yettinchidan, Konstitutsiyaning 53-moddasiga muvofiq, jamiyatni ilmiy va texnikaviy rivojlantirish hamda intellektual mulkni muhofaza qilish yuzasidan bir qator ishlar amalga oshirildi.

Intellektual mulk obyektlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish jarayoni soddalashtirish, ayrim intellektual mulk obyektlarini ekspertiza qilish muddatlarini qisqartirish, roʻyxatdan oʻtkazish jarayonlarida ortiqcha hujjatlardan voz kechish hamda intellektual mulk obyektlariga boʻlgan huquqlarni buzganlik uchun javobgarlikni kuchaytirish choralari koʻrildi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 8-avgustdagi OʻRQ-1080-son Qonun

Oʻn sakkizinchidan, Konstitutsiyaviy sud korrupsiyaviy omillar Konstitutsiya normalarini hayotga tatbiq etishdagi eng jiddiy tahdidlardan biri deb hisoblaydi va davlat tomonidan korrupsiyaga qarshi kurashish borasida aniq choralar koʻrilayotganini ijobiy baholaydi.

Korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha yangi tizim joriy etilishi, ushbu masalada parlamentning roli kuchaytirilgani, hududlarni kompleks ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish boʻyicha sektorlar faoliyati yangicha tartib asosida yoʻlga qoʻyilganligini qoʻllab-quvvatlaydi.

Iqtisodiyotda korrupsiyaviy omillarning oldini olish maqsadida davlat xaridlarida sotib olinadigan tovar va xizmatlar narxi hamda uning oʻrtacha bozor narxi oʻrtasidagi tafovutning eng koʻp yoʻl qoʻyiladigan chegarasi belgilandi. Yirik investitsiya loyihalarida korrupsiyaga qarshi xalqaro standartlar hamda yirik auksion shartlarini raqobatbardoshlik ekspertizasidan oʻtkazish tartibi joriy etildi.

Davlat organlari va tashkilotlarining korrupsiyaga qarshi ichki nazorat boʻlinmalari mustaqilligini taʼminlash hamda faoliyati samaradorligini oshirish boʻyicha chora-tadbirlar belgilandi. Davlat organlari va tashkilotlarida korrupsiyaga qarshi ichki nazorat boʻlinmalarini tashkil etishning minimal mezonlari tasdiqlandi.

Davlat xizmatida korrupsiyaning oldini olish choralari belgilandi. Rahbarlik lavozimlarida ishlayotganlar va ushbu lavozimlar uchun zaxirada turganlarning korrupsiyaga qarshi barqarorlik darajasini baholash mexanizmi joriy etildi.

Yerga oid munosabatlarda korrupsiyaviy omillarni bartaraf etish mexanizmlarini yanada takomillashtirildi. Xususan, “e-yer nazorat” axborot tizimining yer sohadagi huquqbuzarliklarning oldini olish boʻyicha imkoniyatlari kengaytirildi.

Korrupsiyaga qarshi kurashishda muhim boʻgʻin hisoblangan nazorat inspeksiyalarining mustaqilligini oshirish choralari koʻrildi. Xususan, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish inspeksiyasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi huzuridan chiqarilib, Vazirlar Mahkamasi boʻysunuviga oʻtkazildi.

Korrupsiyaga qarshi kurashishda fuqarolik jamiyati institutlari ishtiroki kengaytirish maqsadida BMTning Korrupsiyaga qarshi konvensiyasi qoidalarining bajarilishini nodavlat notijorat tashkilotlari tomonidan muqobil baholash tizimi yoʻlga qoʻyildi. Korrupsiyaga qarshi kurashish yoʻnalishidagi loyihalarga har yili 10 mlrd. soʻm miqdorida grantlar ajratish va ijtimoiy buyurtmalar berish tartibi belgilandi. Korrupsiyaga qarshi kurashish muammolari boʻyicha mintaqaviy tadqiqot markazi tashkil etildi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 16-iyundagi OʻRQ-1069-son Qonun, 2025-yil 14-apreldagi PF-66-son Farmon, 2025-yil 21-apreldagi PF-71-son Farmon, 2025-yil 19-iyundagi PF-95-son Farmon, 2025-yil 26-dekabrdagi PF-259-son Farmon, 2025-yil 19-sentabrdagi PQ-288-son qaror, 2025-yil 21-apreldagi PQ-147-son qaror, 2025-yil 18-sentabrdagi PQ-287-son qaror

Shu bilan birga Konstitutsiyaviy sud korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha amalga oshirilayotgan islohotlarni tizimli davom ettirish muhimligini qayd etgan holda davlat organlari tomonidan xizmat koʻrsatish va aholi bilan muloqotni boshqa shakllarini tartibga soluvchi barcha hujjatlarni va jarayonlarni korrupsiya va byurokratiyaga qarshi standartlariga muvofiqligini yalpi baholashni taklif qiladi.

Oʻn toʻqqizinchidan, 2025-yilda fuqarolarning konstitutsiyaviy huquq va erkinliklarini amalga oshirish uchun qulayliklar yaratishga qaratilgan tizimli chora-tadbirlar amalga oshirildi. Xususan, fuqarolarning qarzdorliklari boʻyicha undiruv qaratilishi mumkin boʻlmagan eng kam kafolatlangan daromad belgilandi.

Sugʻurta qildiruvchilar majburiy sugʻurta shartnomalaridan kelib chiqadigan daʼvolar yuzasidan davlat bojini toʻlashdan ozod etildi. Fuqarolarga pensiya tayinlash jarayonida inson omilini kamaytirib, davlat xizmatlarini koʻrsatish sifatini yanada oshirish uchun yoshga doir pensiya olish huquqini beradigan yoshga toʻlgan fuqarolarga proaktiv shaklda pensiya tayinlash tartibi joriy etildi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 16-iyundagi OʻRQ-1069-son Qonun, 2025-yil 31-iyuldagi OʻRQ-1078-son Qonun, 2025-yil 13-yanvardagi OʻRQ-1018-son Qonun, 2025-yil 19-maydagi OʻRQ-1066-son, 2025-yil 17-oktabrdagi OʻRQ-1088-son Qonun, 2025-yil 8-sentabrdagi PF-157-son Farmon, 2025-yil 9-sentabrdagi PQ-280-son qaror

Shu bilan birga Konstitutsiyaviy sud mazkur yoʻnalishda majburiyatlar ixtiyoriy bajarilishini ragʻbatlantirish mexanizmlarini ishlab chiqish, fuqarolarga berilayotgan imtiyozlarni bosqichma-bosqich proaktiv koʻrsatishga oʻtish, tijorat banklari tomonidan bank xizmatlarini koʻrsatishda isteʼmolchilar huquqlariga toʻliq rioya etish, moliyaviy ochiqlikni kengaytirish, toʻlangan mablagʻning ortiqcha qismi asosiy qarzni soʻndirishga yoʻnaltirganda kredit summasini oʻz vaqtida qayta hisoblash ham fuqarolarning konstitutsiyaviy huquqlarini amalga oshirish uchun qoʻshimcha sharoit yaratadi, deb hisoblaydi.

Konstitutsiyaviy sud qonunchilikdagi ortiqcha byurokratik tartib-taomillarni aniqlash va ularni qisqartirib borish mexanizmlarini joriy etish muhim deb hisoblaydi hamda shu maqsadda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 9-noyabrdagi PF-244-son Farmonida nazarda tutilgan Tadbirkorlik sohasidagi majburiy talablar yagona elektron reyestrini shakllantirish boʻyicha ishlarni yakunlash hamda kelgusida tadbirkorlik subyektlari uchun yangi majburiy talab joriy etilganda uning oʻrniga reyestrdagi shu soha boʻyicha boshqa bir talabni majburiy chiqarib yuborish (“one in — one out”) tartibini joriy etishni taklif etadi.

Yigirmanchidan, huquqiy davlat, Konstitutsiya va qonunning ustunligi konstitutsiyaviy prinsiplari va konstitutsiyaviy qonuniylik muhiti oʻz navbatida samarali va shaffof qonun ijodkorligi jarayoni hamda uning hosilasi sifatida har tomonlama maromiga yetgan qonunlarning qabul qilinishi va ularning ijtimoiy munosabatlarni tartibga solishdagi rolini mustahkamlashni taqozo etadi.

Konstitutsiyaviy sud jamiyat hayotining turli sohalari izchil rivojlanib borayotgan sharoitda huquqiy barqarorlikni taʼminlash hamda tizimlashgan va sifatli qonunchilik tizimini yaratish — fuqarolarning konstitutsiyaviy huquq va erkinliklarini toʻlaqonli amalga oshirish uchun zarur shart-sharoit yaratishini eʼtirof etadi.

Oʻtgan davrda bu yoʻnalishda boshlangan tizimli islohotlar davom ettirilib, qonunlardagi havolaki normalarni amalga oshirishning aniq muddatlari va masʼul ijrochilarini shu qonunning oʻzida nazarda tutish, qonun loyihasini tayyorlashda tegishli sohada qonunosti hujjatlari bilan tartibga solinadigan munosabatlarni qonun darajasida tartibga solish imkoniyati koʻrib chiqish kabi yangi tartib-taomillar joriy etildi.

Islohotlarning huquqiy asoslarini yanada mustahkamlash va milliy qonunchilik bazasini kompleks tizimlashtirishga qaratilgan 2025-2029-yillarga moʻljallangan qonun ijodkorligi dasturi qabul qilindi. Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ilmiy ekspertizadan oʻtkazish tartiblari belgilandi.

Konstitutsiyaviy sud “Oʻzboshimchalik bilan egallab olingan yer uchastkalariga hamda ularda qurilgan binolar va inshootlarga boʻlgan huquqlarni eʼtirof etish toʻgʻrisida”gi Qonunni amalga oshirish boʻyicha alohida Hukumat qarorini qabul qilinganligini maʼqullaydi va bunday amaliyotni kengaytirishni qoʻllab-quvvatlaydi.

Maʼlumot uchun: 2025-yil 10-apreldagi OʻRQ-1054-son Qonun, Oliy Majlis Qonunchilik palatasi va Senati kengashlarining 2025-yil 4-martdagi qoʻshma qarori, 2025-yil 27-maydagi 330-son qaror, 2025-yil 22-yanvardagi 29-son qaror

Shu bilan birga Konstitutsiyaviy sud toʻgʻridan-toʻgʻri amal qiluvchi qonunlarni qabul qilish amaliyotini jadallashtirishga chaqiradi. Buning uchun qonun loyihalarini tayyorlash va baholash metodikasini, shuningdek, har yili muayyan soha va tarmoqlardagi qonunlarni qayta koʻrib chiqish, tizimlashtirish orqali va toʻgʻridan-toʻgʻri ishlaydigan va tizimlashgan qonunlarni qabul qilish boʻyicha dastur ishlab chiqish maqsadga muvofiq deb hisoblaydi.

Konstitutsiyaviy sud tizimlashgan hujjatlarni ishlab chiqish boʻyicha boshlangan tashabbuslarni jadallashtirishga, xususan, 2019-yil 17-yanvardagi PF-5635-son Farmoni bilan tasdiqlangan davlat dasturida nazarda tutilgan Maʼmuriy huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi kodeksi loyihasini ishlab chiqish boʻyicha ishlarni yakunlashga daʼvat etadi.

Xususan, Konstitutsiyaviy sud huquqiy taʼsir choralarining mutanosibligi va yetarliligi konstitutsiyaviy prinsiplari asosida Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksning 25-moddasida belgilangan maʼmuriy jarimaning eng koʻp miqdori fuqaro va xizmatchilarga bazaviy hisoblash miqdorining besh baravaridan, mansabdor shaxslarga esa, oʻn baravaridan oshmasligi kerakligi haqidagi umumiy qoidaga rioya etish hamda bazaviy hisoblash miqdorining toʻrt yuz ellik baravarigacha miqdorda jarima solinishi mumkin boʻlgan baʼzi huquqbuzarliklarni aniqlashning aniq mezonlari va talablarini ishlab chiqish zarur, deb hisoblaydi.

Shuningdek, ayrim qonunlar oʻrtasidagi tafovutlar fuqarolarning konstitutsiyaviy huquqlarini toʻlaqonli roʻyobga chiqarishga salbiy taʼsir koʻrsatmoqda.

Xususan, Konstitutsiyaviy sud “Davlat fuqarolik xizmati toʻgʻrisida”gi Qonun 47-moddasi va Mehnat kodeksining 299-moddasida intizomiy jazo qoʻllanilganda xodimga nisbatan ragʻbatlantirish choralarini qoʻllash yoki qoʻllamaslik yuzasidan vujudga kelayotgan kolliziyani Konstitutsiyaning 14, 19, 37 va 42-moddalarida belgilangan prinsiplar hamda 20-moddasida belgilangan inson bilan davlat organlarining oʻzaro munosabatlarida yuzaga keladigan qonunchilikdagi barcha ziddiyatlar va noaniqliklar inson foydasiga talqin etilishi kerakligi haqidagi talabdan kelib chiqib hal etish zarur, deb hisoblaydi.

Konstitutsiyaviy sud inson huquqlarini cheklovchi normalar boʻyicha qonun va qonunosti hujjatlar boʻyicha jamoatchilik muhokamasini oʻtkazish talabiga rioya etishga chaqiradi. Adliya vazirligidan huquqiy ekspertizadan oʻtkazish vaqtida loyihada inson huquqlarini cheklovchi normalar aniqlanganda vazirlik xulosasida alohida koʻrsatib oʻtish lozim, deb hisoblaydi.

Konstitutsiyaviy sud Konstitutsiyani toʻlaqonli ijro etilishini taʼminlash jamiyatdagi huquqiy ong va madaniyat darajasiga ham uzviy bogʻliq ekanligini eʼtirof etadi.

Bu borada Konstitutsiyaviy sud Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2025-yil 21-noyabrdagi F-60-son farmoyishi bilan tasdiqlangan, “Konstitutsiya — inson qadri, erkinlik, tenglik va adolat garovi!” degan bosh gʻoyani oʻzida mujassam etgan dasturda tizimli chora-tadbirlar, ayniqsa, barcha hududlarda va aholining keng qatlamlari oʻrtasida Konstitutsiya mazmun-mohiyatini tushuntirish boʻyicha amaliy tadbirlar belgilanganligini qoʻllab-quvvatlaydi.

Shu maqsadda Konstitutsiyaviy sud huquqiy targʻibot ishlari koʻlamini kengaytirish yoʻnalishida olib borilayotgan islohotlarni muhim deb hisoblaydi.

Parlament tomonidan qabul qilingan Konstitutsiyani oʻqib-oʻrganish boʻyicha Milliy faoliyat dasturi ijrosini tahlil qilish va uni bugungi kun talablari asosida takomillashtirish zarurligiga eʼtibor qaratadi.

Konstitutsiyaviy sud sudlar tomonidan yangi tahrirdagi Konstitutsiyani bevosita qoʻllagan holda qarorlar qabul qilish amaliyotini qoʻllab-quvvatlaydi. Sud amaliyoti tahlili 2025-yilda Konstitutsiya va uning moddalariga 183 898 marotaba (2023-yilda — 52 596-marta, 2024-yilda — 168 767-marta) toʻgʻridan-toʻgʻri havola qilinganligini koʻrsatmoqda. Iqtisodiy ishlar boʻyicha Konstitutsiya normalarini toʻgʻridan-toʻgʻri qoʻllash holatlari salkam ikki baravarga oshib, 34 766 tadan 60 152 taga yetganligi Konstitutsiyaning shu yoʻnalishdagi normalari hayotda oʻz aksini topayotganligidan dalolat beradi.

Konstitutsiyaviy sud Konstitutsiya normalarini toʻgʻridan-toʻgʻri qoʻllash boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlarni eʼtirof etgan holda qonunchilikni Konstitutsiyaga muvofiqlashtirish boʻyicha boshlangan ishlarni yanada jadallashtirish zarurligiga eʼtibor qaratadi.

Bu borada Konstitutsiyaviy sud Konstitutsiyaning 93-moddasi birinchi qismi 11-bandidan kelib chiqib, barcha majburiy toʻlovlarni oʻzida jamlagan yagona qonun loyihasini ishlab chiqish boʻyicha ishlarni jadallashtirishga chaqiradi.

Konstitutsiyaviy sud davlat oʻz zimmasiga olgan Konstitutsiyadagi ijtimoiy va boshqa majburiyatlar bajarilishi holati ustidan parlament nazoratini oʻrnatish, ushbu majburiyatlar boʻyicha masʼul vazirlik va idoralar tomonidan koʻrilayotgan choralarni muntazam ravishda qoʻmita yigʻilishlarida muhokama qilib borishni tavsiya etadi.

Umuman olganda, Konstitutsiyani davlat va jamiyat hayotiga toʻlaqonli tatbiq etish hamda uning normalarini qonunchilik hujjatlarida realizatsiya qilish va rivojlantirish boʻyicha Konstitutsiyaviy sud tomonidan olib borilgan monitoring ishlari shu koʻrsatadiki, joriy yilda ushbu yoʻnalishlar boʻyicha 200 ga yaqin normativ-huquqiy hujjatlar qabul qilingan, shulardan 40 dan ortigʻi qonun, 100 dan ziyodi Prezident farmon va qarorlari va boshqa turdagi huquqiy hujjatlardir.

Yuqoridagi holatlardan kelib chiqib, Konstitutsiyaviy sud:

1) qonunchilikdagi ortiqcha byurokratik tartib-taomillarni aniqlash va ularni qisqartirib borish maqsadida Tadbirkorlik sohasidagi majburiy talablar yagona elektron reyestrini shakllantirish hamda tadbirkorlik subyektlari uchun yangi majburiy talab joriy etilganda, uning oʻrniga reyestrdagi shu soha boʻyicha boshqa bir talabni majburiy chiqarib yuborish (“one in — one out”) tartibini joriy etish;

2) majburiyatlar ixtiyoriy bajarilishini ragʻbatlantirish mexanizmlarini ishlab chiqish, fuqarolarga berilayotgan imtiyozlarni bosqichma-bosqich proaktiv koʻrsatishga oʻtish, tijorat banklari tomonidan bank xizmatlarini koʻrsatishda isteʼmolchilar huquqlariga toʻliq rioya etish, toʻlangan mablagʻning ortiqcha qismi asosiy qarzni soʻndirishga yoʻnaltirganda kredit summasini qayta hisoblash va moliyaviy ochiqlikni kengaytirish;

3) korrupsiyaga qarshi kurashish yoʻnalishida davlat organlari tomonidan xizmat koʻrsatish va aholi bilan muloqotni boshqa shakllarini tartibga soluvchi barcha hujjatlarni va jarayonlarni korrupsiya va byurokratiyaga qarshi standartlarga muvofiqligi nuqtai nazardan baholashdan oʻtkazish;

4) toʻgʻridan-toʻgʻri amal qiluvchi qonunlarni qabul qilish amaliyotini jadallashtirish maqsadida bunday qonun loyihalarini tayyorlash va baholash metodikasini, shuningdek, har yili muayyan soha va tarmoqlardagi qonunlarni qayta koʻrib chiqish, tizimlashtirish orqali va toʻgʻridan-toʻgʻri ishlaydigan va tizimlashgan qonunlarni qabul qilish boʻyicha dastur ishlab chiqish;

5) inson huquqlarini cheklovchi normalari mavjud boʻlgan qonun va qonunosti hujjatlar boʻyicha jamoatchilik muhokamasini oʻtkazish maqsadida loyiha Adliya vazirligidan huquqiy ekspertizadan oʻtkazish vaqtida unda inson huquqlarini cheklovchi normalar mavjudligi haqida vazirlik xulosasida alohida koʻrsatib oʻtish;

6) Konstitutsiyani oʻqib-oʻrganish boʻyicha Milliy faoliyat dasturi ijrosini tahlil qilish va uni bugungi kun talablari asosida takomillashtirishga, yangi konstitutsiyaviy prinsip va institutlarni oʻrganish, ularning mazmun-mohiyatini yoritib berishga qaratilgan maqsadli ilmiy tadqiqot ishlarini tashkil etish;

7) Konstitutsiya talablaridan (93-modda birinchi qismi 11-bandi) kelib chiqib, barcha majburiy toʻlovlarni oʻzida jamlagan yagona qonun loyihasini ishlab chiqish boʻyicha ishlarni jadallashtirish;

8) tizimlashgan hujjatlarni ishlab chiqish boʻyicha boshlangan tashabbuslarni jadallashtirish, xususan, Maʼmuriy huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi kodeksi loyihasini ishlab chiqish boʻyicha ishlarni yakunlash va loyihani huquqiy taʼsir choralarining mutanosibligi va yetarliligi konstitutsiyaviy prinsiplari asosida qayta koʻrib chiqish, bunda oshirilgan jarima miqdori belgilanishi mumkin boʻlgan baʼzi huquqbuzarliklarni aniqlashning aniq mezonlari va talablarini ishlab chiqish;

9) “Davlat fuqarolik xizmati toʻgʻrisida”gi Qonun 47-moddasi va Mehnat kodeksining 299-moddasida intizomiy jazo qoʻllanilganda xodimga nisbatan ragʻbatlantirish choralarini qoʻllash yoki qoʻllamaslik yuzasidan vujudga kelayotgan kolliziyani Konstitutsiyaning 14 , 19 , 37 va 42-moddalarida belgilangan prinsiplar hamda 20-moddasida belgilangan inson bilan davlat organlarining oʻzaro munosabatlarida yuzaga keladigan qonunchilikdagi barcha ziddiyatlar va noaniqliklar inson foydasiga talqin etilishi kerakligi haqidagi talabdan kelib chiqib hal etish;

10) Konstitutsiyaga muvofiq davlat oʻz zimmasiga olgan ijtimoiy va boshqa majburiyatlar bajarilishi holati ustidan parlament nazoratini oʻrnatish, ushbu majburiyatlar boʻyicha masʼul vazirlik va idoralar tomonidan koʻrilayotgan choralarni muntazam ravishda qoʻmita yigʻilishlarida muhokama qilib borish lozimligiga eʼtibor qaratadi.

II. Konstitutsiyaviy sud tomonidan yangi tahrirdagi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasini qoʻllash boʻyicha amalga oshirilgan ishlar

Konstitutsiyaviy sud tomonidan fuqarolar va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish orqali ularning Konstitutsiya bilan kafolatlangan huquq va erkinliklariga bevosita taalluqli boʻlgan qonunlarning Konstitutsiyaga muvofiqligi tekshiriladi.

Konstitutsiyaviy shikoyat instituti konstitutsiyaviy odil sudlovga erishish va konstitutsiyaviy huquq va erkinliklarini himoya qilishning muhim omili boʻlib xizmat qilmoqda. 2025-yil davomida Konstitutsiyaviy sudga jami 1 844 ta (2024-yilda — 1400 ta) murojaatlar, shundan 1 772 tasi fuqarolardan, 72 tasi yuridik shaxslardan kelib tushgan. Fuqarolar tomonidan umumiy yurisdiksiya sudlari, tergov organlari qarorlari, mansabdor shaxslarning xatti-harakatlari, fuqarolik, uy-joy, mehnat qonunchiligining alohida normalarini konstitutsiyaviyligini tekshirish, normativ-huquqiy hujjatlarga sharh va tushuntirish berish yuzasidan murojaatlar kelib tushgan.

Murojaatlarning maʼmuriy-hududiy birliklar kesimidagi tahlili shuni koʻrsatmoqdaki, eng koʻp murojaat Toshkent shahri, Qashqadaryo va Surxondaryo viloyatlaridan kelib tushgan.

Konstitutsiyaviy sud tomonidan 2025-yilda konstitutsiyaviy nazorat tartibida 81 ta qonun va 386 ta boshqa normativ-huquqiy hujjatlarning (2024-yilda 70 ta va 218 ta) Konstitutsiyaga muvofiqligi oʻrganilgan.

Xususan, Konstitutsiyaviy sudning 2025-yil 31-yanvarda boʻlib oʻtgan sud majlisida Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonuni 8 , 9 , 10-moddalari ikkinchi qismining Savdo-sanoat palatasiga oid normalariga sharh berish haqidagi masala koʻrib chiqildi.

Konstitutsiyaviy sud tomonidan Savdo-sanoat palatasi va uning hududiy boshqarmalari — palata aʼzolarining manfaatlarini koʻzlab qilingan daʼvolari (arizalar) boʻyicha “koʻrsatilgan shaxslarning talablarini qanoatlantirish toʻliq yoki qisman rad etilgan taqdirda, davlat boji shu shaxslardan talablarning qanoatlantirilishi rad etilgan miqdoriga mutanosib ravishda undiriladi”, degan normani, davlat boji ariza qaysi shaxslarning manfaatlarini koʻzlab taqdim etilgan boʻlsa, shu shaxslardan daʼvo talablarning qanoatlantirilishi rad etilgan qismiga mutanosib ravishda undiriladi, deb tushunish lozimligi toʻgʻrisida normaga aniqlik kiritildi.

Shu bilan birga qonun hujjatlarida belgilangan talablarga muvofiq kelmaydigan murojaatlar ulushi yuqori boʻlib qolmoqda. Konstitutsiyaviy sud bu borada Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining joriy yil 18-dekabrdagi “Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sud faoliyatini yanada takomillashtirish va zamonaviy raqamli texnologiyalarni joriy etishga doir chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi PF-253-son Farmonida fuqarolar va yuridik shaxslarning murojaati koʻrib chiqish uchun qonunda belgilangan talablarga javob bermagan taqdirda, murojaatda nazarda tutilgan masalalarni Konstitutsiyaviy sudga murojaat qilish huquqiga ega boʻlgan subyektlarga yuborish mexanizmining joriy etilganini qoʻllab-quvvatlaydi.

Konstitutsiyaviy nazorat tartibida tekshirilgan normativ-huquqiy hujjatlar boʻyicha Konstitutsiyaviy sud hujjatlarida zamonaviy konstitutsionalizm amaliyotini hisobga olgan holda huquqiy tizimni takomillashtirish boʻyicha konstitutsiyaviy-doktrinal yondashuvlar bayon etilgan, ijtimoiy munosabatlarni tartibga solishning aniq yoʻnalishlari koʻrsatib berilgan, huquqiy normalarni qoʻllashning konstitutsiyaviy-huquqiy masalalariga eʼtibor qaratilgan.

Umuman olganda, soʻnggi yillarda konstitutsiyaviy ish yuritish amaliyoti kengayib borayotganligini inobatga olib, Konstitutsiyaviy sud ishlarni koʻrib chiqish, xulosa va qarorlarni qabul qilish kabi protsessual masalalarni tartibga soluvchi qonuniy asoslarni takomillashtirish maqsadga muvofiq, deb hisoblaydi.

Konstitutsiyaviy sudning 2024-yildagi mamlakatdagi konstitutsiyaviy qonuniylikning holati toʻgʻrisida axborotida ilgari surilgan tashabbuslar asosida joriy yilda vazirlik va idoralar tomonidan bir qator chora-tadbirlar amalga oshirildi:

1. Konstitutsiyaviy sud masʼullarning eʼtiborini tergov va sud jarayonida vaqtincha tergov hibsxonalarida saqlanayotgan shaxslarga bayram kunlarida oziq-ovqat, kiyim-kechak kiritish, toza havoda sayr qilish, yaqin qarindoshlari va advokatlari bilan uchrashuvga ruxsat beradigan tizimni joriy etish masalasiga qaratgan edi.

Ushbu masala boʻyicha Oliy Majlisning Inson huquqlari boʻyicha vakili (ombudsman) tergov hibsxonalarida saqlanayotgan shaxslarning dam olish va ishlanmaydigan bayram kunlarida kamida ikki soat davom etadigan sayr etish, kiyim-bosh va poyabzal olish hamda har oyda oziq-ovqat mahsulotlari va eng zarur narsalarni sotib olishi uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash eng kam miqdorining bir baravarigacha boʻlgan miqdorda pul sarflash boʻyicha huquqlarini mustahkamlash boʻyicha qonunchilik taklifini kiritdi va ushbu taklif joriy yil 18-noyabr kuni parlamentning quyi palatasida koʻrib chiqilib, maʼqullandi.

2. Konstitutsiyaviy sud baʼzi hududlarda fermerlar oʻzlari yetishtirgan mahsulotni erkin tasarruf etishda toʻsqinliklarga uchrashi Oʻzbekiston hududida iqtisodiy makon birligi, tovarlar, xizmatlar, mehnat resurslari va moliyaviy mablagʻlarning erkin harakatlanishiga oid Konstitutsiyaning 67-moddasida belgilangan kafolatlarga zid ekanligi yuzasidan oʻz xavotirlarini bildirgan edi.

Shu munosabat bilan Konstitutsiyaviy sud Qonunchilik palatasi deputatlarining tovarlar, ishlar, xizmatlarning erkin harakatlanishiga yoki realizatsiya qilinishiga aralashish yoxud toʻsqinlik qilish holatlari yuzasidan maʼmuriy va jinoiy javobgarlik belgilash boʻyicha 2025-yil 14-oktabrda quyi palatada qabul qilingan qonunchilik tashabbusini Konstitutsiyaning 67-moddasi ijrosini taʼminlashda muhim ahamiyatga ega, deb hisoblaydi.

3. Konstitutsiyaviy sud 2024-yilda shaxsning sukut saqlashga oid konstitutsiyaviy huquqini qonunlarda aks ettirish va tergov sudyasi vakolatlarining qonuniy asoslarini yaratishni jadallashtirishga chaqirgan. Konstitutsiyaviy sud ushbu masalalar boʻyicha joriy yilda tegishli qonunlarning qabul qilinganini sudlar faoliyati hamda fuqarolar huquq va erkinliklarining konstitutsiyaviy kafolatlarini kuchaytirishda muhim qadam boʻldi, deb hisoblaydi.

4. Konstitutsiyaviy sud qonunlardagi mahalliy davlat hokimiyati vakolatlariga oid umumiy normalarni hokimlik va mahalliy Kengashlar oʻrtasida ajratgan holda aniq tahrirda bayon etish taklifi boʻyicha 78 ta qonun hujjatlariga mahalliy hokimliklar va xalq deputatlari Kengashlari vakolatlarini ajratishga qaratilgan “Mahalliy davlat hokimiyati organlari faoliyati takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida”gi Qonun Qonunchilik palatasi tomonidan 2025-yil 9-sentabrda qabul qilinib, Oliy Majlis Senatiga yuborilganligini ijobiy baholaydi.

5. Konstitutsiyaviy sud 2024-yilgi axborotda Konstitutsiyani toʻgʻridan-toʻgʻri qoʻllash masalasida sud va huquqni muhofaza qilish organlari xodimlarini malakasini oshirib borish tashabbusi bilan chiqqan edi. Konstitutsiyaviy sud bu borada Odil sudlov akademiyasida malaka oshirish kurslarida “Odil sudlovni amalga oshirishda Konstitutsiya normalarini toʻgʻridan-toʻgʻri qoʻllashning mazmun-mohiyati” boʻyicha alohida mavzu kiritilib, 2025-yilda 555 nafar sud korpusi vakillari oʻqitilganligini qoʻllab-quvvatlaydi va bu amaliyotni davom ettirishga chaqiradi.

6. Yuridik yordamni davlat hisobidan koʻrsatishga oid (29-modda) konstitutsiyaviy norma ijrosini samarali tashkil etish maqsadida “Davlat hisobidan yuridik yordam koʻrsatish toʻgʻrisida”gi Qonunda davlat hisobidan yuridik yordam olish huquqiga ega boʻlgan kam taʼminlangan shaxslarning normativ-huquqiy hujjatlar konstitutsiyaviyligini tekshirish boʻyicha murojaatlarini Konstitutsiyaviy sud majlisida koʻrib chiqishni ham kiritishni taklif etgan edi. Shu munosabat bilan tegishli qonun loyihasi ishlab chiqilib, Qonunchilik palatasida joriy yil 5-avgustda qabul qilinganligi hamda 31-oktabrda Senat tomonidan maʼqullanganligi yuqori eʼtirof etiladi.

Yuqoridagi holatlardan kelib chiqib, Konstitutsiyaviy sud fuqarolar va yuridik shaxslarning Konstitutsiyaviy sudga shikoyatlarini qabul qilish va koʻrib chiqish, konstitutsiyaviy sud ishlarini yuritish, xulosa va qarorlarni qabul qilish kabi protsessual masalalarni tartibga soluvchi qonuniy asoslarni takomillashtirish maqsadga muvofiq, deb hisoblaydi.

III. Yangi tahrirdagi Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasini toʻgʻridan-toʻgʻri qoʻllash va uni amalga oshirish bilan bogʻliq masalalar va takliflar

Oʻtgan davrda konstitutsiyaviy sud ish yurituvi davomida, shuningdek, Ilmiy-maslahat kengashi tomonidan kiritilgan takliflarni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha Konstitutsiyaviy sud Konstitutsiyani toʻgʻridan-toʻgʻri qoʻllash va uni amalga oshirish bilan bogʻliq quyidagi ayrim masalalarga eʼtibor qaratadi.

Birinchidan, Konstitutsiyaviy sud fuqarolarning malakali yuridik yordam olishga boʻlgan konstitutsiyaviy huquqlarini ( 29-modda ) taʼminlash huquqiy davlatning eng ustuvor va muhim talablaridan biri ekanligini eʼtirof etadi.

Malakali yuridik yordam olish huquqi oʻzi mustaqil huquq boʻlishi bilan bir qatorda, boshqa muhim konstitutsiyaviy huquqlarni amalga oshirish va saqlab qolish uchun ham zarur sharoit yaratib beradi.

Bu borada tergov amaliyotida jinoyat protsessida oʻz manfaatlarini himoya qiladigan shaxslar va himoyachining protsessual hujjatlar bilan tanishib chiqish huquqini taʼminlash muhim ahamiyatga ega.

Shu bois, Konstitutsiyaviy sud JPKning 46 , 48 va 53-moddalarida ayblanuvchi, gumon qilinuvchi va himoyachi jinoyat ishini qoʻzgʻatish toʻgʻrisidagi qaror bilan tanishish va undan nusxa olish huquqini ham alohida belgilash hamda oʻz hisobidan nusxa olish uchun zarur sharoit yaratib berish lozim, deb hisoblaydi.

Ikkinchidan, Konstitutsiyaviy sud 2025-yil 23-oktabrdagi Qonun bilan voyaga yetmaganlarga nisbatan jinoiy javobgarlik liberallashtirilgani, oʻn sakkiz yoshga toʻlguniga qadar sodir etgan jinoyati uchun jazoni oʻtab boʻlgan shaxsni sudlanmagan deb hisoblashning alohida tartibi belgilanganini Konstitutsiyaning 78 - 79-moddalarida yoshlar uchun nazarda tutilgan konstitutsiyaviy kafolatlar mohiyatiga mos, deb hisoblaydi.

Shu bilan birga Konstitutsiyaviy sud bu boradagi islohotlarni davom ettirish muhimligini qayd etadi hamda bu yoʻnalishda manzil-koloniyasida saqlanayotgan voyaga yetmaganlarning taʼlim olishga boʻlgan konstitutsiyaviy huquqlarini taʼminlashga qaratilgan qoʻshimcha choralarni koʻrish, xususan, ushbu muassasalardagi mahkumlarni oʻrta maxsus yoki kasb-hunar taʼlimi bilan qamrab olish tizimini yoʻlga qoʻyishni tavsiya etadi.

Shuningdek, amaliyotda maktabda tahsil olayotgan voyaga yetmaganlarga nisbatan qamoq ehtiyot chorasi qoʻllanilganda, ularning oʻrta taʼlim olish jarayoni toʻxtatilib, jazoni ijro etish davomida esa ular oʻz oʻqishini bir yil oldingi sinfda oʻqishga majbur boʻlmoqda.

Yuqoridagi holatni inobatga olib, Konstitutsiyaviy sud qamoq ehtiyot chorasi qoʻllanilgan voyaga yetmaganlarning uzluksiz umumiy oʻrta taʼlim olishini taʼminlash, bu borada ularga sud-tergov jarayonlari sababli taʼlimdan uzilib qolishi natijasida qoldirilgan dars soatlarini oʻzlashtirish va imtihon orqali qoplash imkonini yaratish maqsadga muvofiq, deb hisoblaydi.

Uchinchidan, Konstitutsiyaviy sud harakatlanish erkinligi insonning eng muhim tabiiy konstitutsiyaviy huquqlaridan biri boʻlib, uni cheklash eng soʻnggi huquqiy taʼsir chorasi boʻlishi va harakatlanish erkinligini cheklash bilan bogʻliq boʻlmagan boshqa taʼsir choralarini qoʻllash bilan maqsadga erishishning imkoni boʻlmagan taqdirdagina qoʻllanilishi zarurligiga eʼtibor qaratadi.

Mutanosiblik konstitutsiyaviy prinsipidan kelib chiqib, Konstitutsiyaviy sud maʼmuriy qamoq jazosini qoʻllashning adolat va insonparvarlik tamoyillariga muvofiq boʻlgan aniq mezonlarini ishlab chiqishga hamda birinchi marta huquqbuzarlik sodir etgan shaxslarga nisbatan maʼmuriy qamoqning eng koʻp muddatini qoʻllashni cheklashga chaqiradi.

Moliyaviy imkoniyati yoʻqligi sababli ijro etilmagan jarimaga muqobil sifatida uni qamoq bilan almashtirish mexanizmini qayta koʻrib chiqish hamda jarimani almashtirish mumkin boʻlgan boshqa jazo choralarini, shu jumladan, majburiy jamoat ishlarini joriy etish maqsadga muvofiq.

Shuningdek, Konstitutsiyaviy sud Oliy Majlisning Inson huquqlari boʻyicha vakili (Ombudsman) tomonidan taqdim etiladigan maʼruzalarida harakatlanish erkinligi cheklangan shaxslarning huquqlari boʻyicha alohida koʻrsatib oʻtishni tavsiya etadi.

Toʻrtinchidan, Konstitutsiyaviy sud mamlakatni raqamli rivojlantirish strategik ahamiyatga ega maqsadlardan biri ekanligini eʼtirof etadi hamda bu borada amalga oshirilayotgan islohotlarni qoʻllab-quvvatlaydi. Ayni damda raqamli transformatsiya yangicha iqtisodiy, ijtimoiy va huquqiy munosabatlarni vujudga keltirib, inson va fuqarolarning Konstitutsiya bilan kafolatlangan huquq va erkinliklariga ham taʼsir koʻrsatmoqda.

Konstitutsiyaviy sud raqamlashtirishning hozirgi surʼatlarini inobatga olib, quyidagi masalalarga eʼtibor qaratishga chaqiradi:

sunʼiy intellektga asoslangan raqamli texnologiyalarning mazmun-mohiyatini, ularning davlat hamda jamiyat hayotiga taʼsirini puxta oʻrganish hamda bunday texnologiyalarni joriy etish va ulardan foydalanish bilan bogʻliq munosabatlarni huquqiy tartibga soluvchi qonun hujjatini ishlab chiqib, unda ushbu munosabatlarning barcha ishtirokchilarining xavfsizligi, huquq va majburiyatlariga oid aniq huquqiy qoidalarni belgilash;

Konstitutsiyaning 31-moddasida belgilangan shaxsiy hayotning daxlsizligi huquqi kafolatlarini yaratish maqsadida hozirgi sunʼiy intellekt texnologiyalari jadal rivojlanayotgan sharoitda mazkur konstitutsiyaviy huquqni taʼminlash maqsadida barcha davlat organlari faoliyatini shaxsiy hayot daxlsizligi nuqtai nazaridan auditdan (“privacy audit”) oʻtkazish;

ijtimoiy tarmoqlarda internet-firibgarlikning yangi shakllari, ayniqsa, tibbiyotda sertifikatdan oʻtmagan dorilar, davolash xizmatlari va tarkibi nomaʼlum biologik faol qoʻshimchalarni davlat organlari nomidan soxta xabarlar yordamida tarqatish holatlari ortib borayotganligini inobatga olib, Internetdagi soxta tibbiy reklamaning oldini olishning huquqiy mexanizmlarini yaratish;

Konstitutsiyaviy sud faoliyatiga zamonaviy raqamlashtirish dasturlarini joriy etish, shu jumladan Konstitutsiyaviy sud faoliyati ochiqligini taʼminlash uchun fuqaro va yuridik shaxslarga interaktiv xizmatlar koʻrsatadigan axborot tizimlarini yaratish.

IV. Xulosa

Konstitutsiya ustuvorligi huquqiy davlatchilik, davlat va jamiyat barqaror hamda uygʻun taraqqiyotining zaruriy sharti boʻlishi barobarida inson huquq va erkinliklarini toʻlaqonli amalga oshirishga qaratilgan milliy huquqiy tizimning rivojlanishi uchun muhim omil hamdir.

Konstitutsiyaviy sud barcha darajadagi davlat organlari va mansabdor shaxslarni oʻz faoliyatida Konstitutsiyaga mutlaq va soʻzsiz rioya qilishga, har qanday huquqiy qarorning markazida inson shaʼni, uning qadri-qimmatini adolatli huquqiy mezon sifatida aks ettirishga, huquqni qoʻllash amaliyotidagi har bir masalani Konstitutsiya norma va prinsiplar ruhi hamda talablari asosida qoʻllashga chaqiradi.

Konstitutsiya faqat davlat organlari uchun emas, balki qaror qabul qilayotgan har bir mansabdor shaxs, sudya, qonun hujjati loyihasiga masʼul va huquqni qoʻllash amaliyotiga javobgar mansabdor shaxs, shuningdek jamiyatning barcha aʼzolari uchun beqiyos huquqiy mezon boʻlishiga erishish — huquqiy davlatchilikning muhim sharti. Shu bois, Konstitutsiyaviy sud Konstitutsiya ustunligi va qonun ustuvorligi kuchli umummilliy huquqiy intizom, yalpi huquqiy masʼuliyat va davlat boshqaruvining barcha boʻgʻinlari uchun dolzarb amaliy vazifaga aylanishi lozimligini eʼtirof etadi.

Konstitutsiyaviy sud mamlakatimizda huquqiy davlat qurish va fuqarolik jamiyatini barpo etish, hayotning barcha sohalarida inson qadri ustuvorligiga erishish maqsadida Konstitutsiya ustuvorligini taʼminlash konstitutsiyaviy prinsip va normalarni qonunchilikda hamda huquqni qoʻllash amaliyotida qoʻllash va rivojlantirish orqali amalga oshirilayotganligini eʼtirof etgan holda barcha darajadagi davlat organlarini oʻz faoliyatlarida yuksak konstitutsiyaviy mezon va adolatli andozalar asosida Konstitutsiyaga soʻzsiz amal qilish orqali huquqiy davlat barpo etishga qaratilgan umumiy saʼy-harakatlarga oʻz hissalarini qoʻshishga chaqirib qoladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyaviy sudi

Toshkent sh.,

2025-yil 30-dekabr,

KSQ-5-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.01.2026-y., 12/26/5/0010-son)

lex.uz