UzbekAI

← Qonunlar

📅 2025-yil 31-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2025 йил 31 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 31 декабря 2025 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 31 December 2025 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Электр энергетикаси тизимида технологик бузилишларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг « Электр энергетикаси тўғрисида »ги ҳамда « Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ, шунингдек, энергетика тизими қурилмаларининг ишлашида юзага келадиган технологик бузилишларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Электр энергетикаси тизимида технологик бузилишларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

электр энергетикаси объектларида технологик бузилиш кўринишлари ва уларни таснифлаш;

электр энергетикаси объектларида ва блок станцияларида содир бўлган технологик бузилишларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиши ҳамда ривожланиш сабаблари бўйича классификацияси;

электр энергетикаси объектларида содир бўлган технологик бузилишлар тўғрисида хабар бериш тартиби;

электр энергетикаси объектларида технологик бузилишларни текшириш, ҳисобга олиш ва расмийлаштиришни ташкил этиш.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 июндаги 338-сон қарори билан тасдиқланган Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов ҳамда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Д.А. Исакулов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 декабрдаги 850-сон қарорига 1-ИЛОВА

Электр энергетикаси тизимида технологик бузилишларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом электр энергетикаси объектларида ва блок станцияларида содир бўлган ҳамда электр энергетикаси тизимининг ишончли ишлашига таъсир этган технологик бузилиш кўринишларини таснифлаш, аниқлаш, текшириш, ҳисобга олиш, расмийлаштириш ва улар ҳақида хабар бериш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

авария — техник қурилмалар, иншоотлар ва ускуналар нормал ишлашининг бузилишига олиб келадиган ҳамда одамлар ҳаёти, саломатлиги ва атроф-муҳитга хавф туғдириши мумкин бўлган бузилиш ёки шикастланиш;

авариявий таъмирлаш — тўсатдан содир бўлган авариялар, табиий офатлар (зилзила, кўчки, ёнғин, сув тошқини, бўрон ва бошқалар) натижасида қурилмаларнинг шикастланиш оқибатларини бартараф этиш учун амалга ошириладиган таъмирлаш ишлари;

тезкор ходим — тезкор бошқарув ва тезкор алмашиш ҳамда улаш ишларини амалга ошириш учун рухсат берилган ходимлар тоифаси, шунингдек, ушбу ходимларга бевосита раҳбарлик қилиш учун тайинланган шахслар;

технологик бузилиш — электр қурилмалари ёки уларнинг элементлари ишдан чиқишига олиб келувчи техник ҳолат параметрларининг рухсат этилмаган даражада четга чиқиши, электр энергияси сифати бузилиши, шунингдек, истеъмолчиларга электр энергиясини қисман ёки тўлиқ режалаштирилмаган ҳолда етказиб беришнинг тўхтатилиши;

электр қурилмаси — энергияни ишлаб чиқариш, ўзгартириш, узатиш, сақлаш, тақсимлаш ёки истеъмол қилиш учун мўлжалланган, ўзаро боғланган ускуна ва иншоотлар мажмуи;

электр тармоғи хўжалиги объектлари — электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш учун мўлжалланган электр узатиш линиялари, трансформатор подстанциялари, тақсимлаш пунктлари;

электр узатиш линияси — электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, сақловчи, узатувчи, тақсимловчи ҳамда истеъмолчи корхоналарнинг подстанциядан чиқувчи электр энергиясини узатиш учун мўлжалланган электр узатиш тармоғи;

электр энергетикаси объектлари — электр энергиясини ишлаб чиқариш, сақлаш, узатиш ва тақсимлашда фойдаланиладиган электр энергетикаси инфратузилмаси;

электр энергетикаси тизими — электр энергиясини ишлаб чиқариш ва сақлаш объектлари, узатиш ва тақсимлаш тизимлари мажмуи ҳамда уларнинг тезкор-диспетчерлик бошқаруви.

3. Электр энергетикаси тизими ишлашининг қуйидаги технологик бузилишлари мажбурий равишда текширилиши ва ҳисобга олиниши шарт:

электр қурилмаларининг эксплуатация даврида, эксплуатацияга қабул қилиниши ва ишга туширилишига қадар комплекс синовлар вақтида содир бўлган, шунингдек, режали таъмирлаш, профилактика кўриги ва синовлар жараёнида аниқланган шикастланиш ҳолатлари;

электр қурилмалари ва уларнинг элементларини ишдан чиқарган, техник (технологик) ҳолат параметрларининг рухсат этилмаган даражада четга чиқиши (тебраниш, ҳарорат, босим, частота, кучланиш, атмосферага зарарли моддалар чиқарилиши);

истеъмолчиларга электр энергиясини қисман ёки тўлиқ режалаштирилмаган ҳолда етказиб беришнинг тўхтатилиши.

4. Электр энергетикаси тизими ишидаги технологик бузилишларни текшириш ва ҳисобга олишнинг асосий мақсади ушбу ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган ташкилий-техник чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва электр энергетикаси тизими ишлашини баҳолаш, эксплуатация қилишни такомиллаштириш, модернизация қилиш, қайта тиклаш ёки алмаштириш бўйича қарорлар қабул қилиш учун фойдаланиладиган технологик бузилишларнинг сабабларини аниқлашдан иборатдир.

2-боб. Технологик бузилиш ҳолатлари ва унинг расмийлаштирилиши

5. Технологик бузилиш ҳолатлари хусусияти ва оқибатининг оғирлигига (электр таъминотидаги танаффуслар, электр тармоғи турғунлигининг йўқолиши, электр энергияси сифати параметрлари четга чиқиши, экологик таъсир, электр қурилмаларининг шикастланиш ҳажми ва бошқа омиллар) қараб, аварияларга, I ва II даражадаги ишдан чиқишларга бўлинади.

6. Қуйидаги технологик бузилишлар авариялар ҳисобланади:

қуввати 200 t/h ва ундан юқори қозон, турбина, 60 MW ва ундан юқори генератор, қайта тикланувчи энергия манбалари ёки сақлаш тизимлари, шунингдек, 80 MVA ва ундан юқори куч трансформаторининг тиклаш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолда бузилиши ёки шикастланиши;

электр қурилмалари асосий ускунасининг (қозон, турбина, генератор, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчи станциялар қурилмалари, сақлаш тизимлари, куч трансформатори ва электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхона электр уланишлари бош схемасининг шиналар тизими, 220 kV ва ундан юқори кучланишли электр узатиш линиялари, подстанция шиналар тизими) 25 сутка ва ундан ортиқ муддатда авариявий таъмирлашда туриб қолиши ёхуд бино ва иншоотларнинг бузилиши;

умумий қуввати 200 MW ва ундан ортиқ бўлган истеъмолчиларга электр энергияси таъминотини тўхтатиб қўйиш (аварияга қарши автоматика воситалари орқали ўчирилган ёки тикланган, шунингдек, чеклаш ва ўчириш жадвалларига мувофиқ ўчирилган ҳолатлар бундан мустасно);

электр энергетикаси тизимидан ажралиб қолган истеъмолчиларнинг 40 фоиздан ортиқ қисмининг таъминотсиз қолиши, бунда ўчган қувватнинг 300 MW дан кам бўлмаслиги;

генерация қилувчи манбаларнинг тўсатдан ўчиши натижасида электр энергетикаси тизимининг бир сутка давомида 3 соатдан ортиқ вақт мобайнида ишлаши ёки частотанинг оғиш даражасига боғлиқ ҳолда барча истеъмолчилар тармоққа қуйидаги муддатларда уланган ҳолда қолиши:

47,0 Hz ≤ f < 48,0 Hz частоталар оралиғида 15 дақиқадан кўп ишлаши;

48,0 Hz ≤ f < 49,0 Hz частоталар оралиғида 1 соат ва ундан кўп ишлаши;

51,0 Hz ≤ f ≤ 52,0 Hz частоталар оралиғида 30 дақиқадан кўп ишлаши;

электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхона томонидан юклама тўлиқ ташлаб юборилиши (агар биттадан ортиқ генератор фаол ҳамда электр ва иссиқлик умумий қуввати ≥ 200 MW бўлса);

истеъмолчиларга электр энергияси етказиб берилиши электр энергетикаси тизими умумий истеъмолининг 20 фоизи ва ундан юқори қувватга камайтирилишини келтириб чиқарган, кучланиши 6 kV ва ундан юқори бўлган электр узатиш линияларининг табиий офат туфайли оммавий ўчиши ёки шикастланиши;

шаҳар ёки туман маркази электр таъминотида 24 соат ёки ундан ортиқ вақтга танаффусни келтириб чиқарган электр тармоғи ишлаш режимининг технологик бузилиши;

электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхонанинг чанг-газ тозалаш ёки бошқа ускунаси ишлаш режимининг технологик бузилишини келтириб чиқарган атроф-муҳитга зарарли моддаларнинг суткалик чегараланган миқдордан икки баравар ёки ундан кўп миқдорда чиқариб ташланиши;

кул-тош қолдиқларининг табиий сув ҳавзаларига ташланишини келтириб чиқарган кул-тош қолдиқлари йиғиладиган иншоот дамбасининг шикастланиши;

сув омборидан гидроузелнинг ҳисобланган максимал ўтказиш қобилиятидан ортиқ сув ташланишини келтириб чиқарган гидроэлектр станцияси қурилмалари ишлаш қобилиятининг технологик бузилиши;

электр энергетикаси объектларида технологик бинолар ва иншоотларнинг кўтариб турувчи қисмлари босиб қолишини келтириб чиқарган портлаш ёки ёнғин.

7. Қуйидаги технологик бузилишлар I даражадаги ишдан чиқишлар ҳисобланади:

а) электр қурилмаси асосий ускунасининг (қозон, турбина, генератор, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчи станциялар қурилмалари, сақлаш тизимлари, куч трансформатори, электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхона электр уланишлари бош схемаси шиналар тизимининг, кучланиши 220 kV ва ундан юқори электр узатиш линияларининг, подстанциялар шиналар тизими) 3 суткадан 25 суткагача ўчирилган ҳолатда авариявий таъмирлашда мажбурий туриб қолишини келтириб чиқарган шикастланиши;

б) электр энергетикаси объектининг айби билан технологик жараёни узлуксиз бўлган йирик истеъмолчилар электр таъминотида танаффус ёки чеклов содир бўлиши ёхуд электр таъминотининг ишончлилиги бўйича I тоифага мансуб истеъмолчилар электр таъминотида танаффус содир бўлиши (автоматик қайта улаш тузилмаси, захирани автоматик улаш, аварияга қарши автоматика билан қайта улаш вақтида бўлган танаффус бундан мустасно).

Электр таъминотининг ишончлилиги бўйича I тоифага мансуб истеъмолчилар иккитадан кам бўлмаган мустақил, ўзаро захираловчи манбалардан таъминланиши ва бирор таъминлаш манбаидан узилганда, автоматик тарзда бошқа манбага уланиши керак.

I тоифага мансуб истеъмолчиларнинг алоҳида гуруҳини таъминлаш учун қўшимча учинчи, мустақил, ўзаро захираловчи манба мўлжалланган бўлиши зарур;

в) генерация қилувчи манбаларнинг тўсатдан ўчиб қолиши туфайли содир бўлган электр энергетикаси тизимининг 49,0 Hz дан паст частотада 30 дақиқадан ортиқ ишлаши;

г) агар ишлаб турган электр ва иссиқликнинг умумий келтирилган қуввати 200 MW дан паст бўлса, электр станцияси томонидан юкламанинг тўлиқ ташлаб юборилиши (ўчиши);

д) электр энергетикаси тизимининг ажратилган қисмида истеъмолчиларни юкламанинг 40 фоизигача, бироқ 300 MW дан кам миқдорда юксизланишга олиб келган электр энергетикаси тизимининг қисмларга бўлиниши;

е) табиий офат туфайли ўчган электр узатиш линиялари сони 10 та ва ундан ортиқни ташкил этган 6 kV ва ундан юқори кучланишли электр узатиш линияларининг оммавий ўчиши (муваффақиятли автоматик қайта уланиш билан ўчган электр узатиш линиялари бундан мустасно);

ж) шаҳар ёки туман маркази электр таъминотида 8 соатдан 24 соатгача муддатга танаффусни келтириб чиқарган электр тармоқлари ишлаш режимининг технологик бузилиши;

з) объектнинг тозалаш иншоотлари ишлаш қобилияти ёки ишлаш режимининг технологик бузилиши оқибатида табиий сув ҳавзаларига зарарли моддаларнинг чиқиши.

8. Қуйидаги технологик бузилишлар II даражадаги ишдан чиқишлар ҳисобланади:

ушбу Низомнинг 7-банди «а» кичик бандида келтирилган кучланиши 35 kV ва 110 kV бўлган ускунанинг ёки кучланиши 35 kV, 110 kV, 220 kV, 500 kV бўлган бошқа ускунанинг (ток трансформатори, кучланиш трансформатори, ўчиргич) шикастланиши, агар ушбу шикастланиш авария ёки I даражадаги ишдан чиқиш сифатида ҳисобга олинадиган технологик бузилишга олиб келмаган бўлса;

истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришнинг автоматика таъсирида назарда тутилмаган қисқа муддатли тўхташи (автоматик қайта улаш қурилмалари билан қайта уланган ўчиришлар, захирани автоматик улаш ва қўлда қайта улаш бундан мустасно, агар электр энергияси етказиб беришда 500 kW*h дан ортиқни ташкил этса);

электр қурилмалари, тармоқ элементларининг мажбурий ёки хатолик билан ўчиб қолиши, агар ушбу ҳолат юқори томоннинг кучланиши 35 kV ва ундан юқори бўлган куч трансформаторининг ўчишига олиб келган бўлса;

генерация қилувчи манбалар ва сақлаш тизимлари ўчиб қолиши натижасида электр энергетикаси тизимининг қисмларга бўлиниши;

шаҳар ёки туман электр таъминотида 8 соат муддатгача танаффус келтириб чиқарган электр тармоқлари ишлаш режимининг технологик бузилиши;

табиий офат туфайли ўчган электр узатиш линиялари сони 10 тадан кам бўлган 6 kV ва ундан юқори кучланишли электр узатиш линияларининг оммавий ўчиши (муваффақиятли автоматик қайта уланиш билан ўчган электр узатиш линиялари бундан мустасно);

релели ҳимоя ва автоматика ёки аварияга қарши автоматика тузилмаларининг нотўғри ишлаши, ушбу тузилмаларнинг сигналга ишлаши бундан мустасно, агар ушбу нотўғри ишлаш авария ёки I даражадаги ишдан чиқиш сифатида рўйхатга олинадиган технологик бузилишларга олиб келмаган бўлса;

кучланиши 35 kV ва ундан юқори бўлган электр тармоқлари хўжалиги объектлари орасидаги диспетчерлик-технологик бошқарув воситалари реле ҳимояси ва каналлари ишлаш қобилиятининг 1 суткадан ортиқ муддатга бузилиши.

9. Электр энергетикаси объектларидаги технологик бузилишлар ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ 16-Энерго шаклида (кейинги ўринларда — 16-Энерго) ҳисобга олиниши (ушбу Низомнинг 11-бандида келтирилган технологик бузилишлар бундан мустасно) керак.

16-Энерго шаклида ҳисобга олинадиган технологик бузилишлар электр энергетикаси объектларининг бирламчи ҳужжатларида ҳисобга олинмайди.

10. 16-Энерго шакли ускуналар ишидаги технологик бузилишлар бўйича ҳисобга олиш ҳужжатлари асосида ҳисобот ойи учун тўлдирилади.

11. Электр энергетикаси объектларининг бирламчи ҳужжатларида қуйидаги технологик бузилишлар ҳисобга олинади:

ушбу Низомнинг 7-банди «а» кичик бандида келтирилган технологик бузилишлар, агар электр қурилмаси асосий ускунасининг ўчирилган ҳолатда авариявий таъмирлашда мажбурий туриб қолиши 3 суткагача бўлса;

ушбу Низомнинг 7-банди «б» кичик бандида келтирилган технологик бузилишлар, агар электр таъминотидаги танаффус технологик жараёни узлуксиз бўлган ва ушбу кичик бандда келтирилган йирик истеъмолчилар гуруҳига киритилмаган, шунингдек, электр таъминотининг ишончлилиги II ва III тоифага мансуб истеъмолчиларда содир бўлган бўлса;

ушбу Низомнинг 7-банди «е» кичик бандида келтирилган технологик бузилишлар, агар ўчган электр узатиш линияларининг сони 10 тадан камни ташкил этса;

ушбу Низомнинг 8-банди учинчи хатбошисида келтирилган технологик бузилишлар, агар қўлда қайта уланганда етказиб берилган электр энергияси 500 kW*h дан кам бўлса;

ушбу Низомнинг 8-банди тўртинчи хатбошисида келтирилган технологик бузилишлар, агар кучланиши 35 kV дан паст бўлган электр тармоқлари ва уларнинг элементлари ўчган бўлса;

ушбу Низомнинг 8-банди тўққизинчи хатбошисида келтирилган технологик бузилишлар, агар ушбу нотўғри ишлаш кучланиши 35 kV дан паст бўлган электр тармоғи хўжалиги объекти элементларининг 1 суткагача муддатга ўчишига олиб келган бўлса;

электр энергияси ишлаб чиқарувчи ва сақловчи корхоналарнинг кучланиши 0,4 kV бўлган ускуналари ўчиб қолиши, энергия элтувчисининг параметрлари 4,5 MPa ва 450 0 С дан баланд бўлмаган, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг назоратидаги қувур ўтказгичлар, сиғимлар ва иссиқлик механикаси ускуналарининг шикастланиши.

12. Бирламчи ҳужжатларда қуйидагилар акс эттирилиши керак:

технологик бузилиш ҳолатининг рўйхатга олиниши;

технологик бузилиш содир бўлиши ва бартараф этилиши санаси ва вақти;

технологик бузилиш объектининг мансублиги;

технологик бузилиш ва шикастланган ускуна бўйича қисқа маълумот;

технологик бузилиш сабабларининг таснифий белгилари;

ўхшаш технологик бузилишлар такрорланишига йўл қўймаслик учун ижро муддатлари ва бажарилишига жавобгарлар кўрсатилган ҳолда белгиланган чора-тадбирлар;

чора-тадбирлар бажарилгани тўғрисида маълумотлар.

13. Битта электр энергетикаси объектида бир пайтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ технологик бузилиш содир бўлгани аниқланганда, ҳар бир технологик бузилиш алоҳида ҳисобга олинади.

3-боб. Технологик бузилишларни аниқлаш ва уларнинг келиб чиқиш ҳамда ривожланиш сабаблари бўйича классификацияси

14. Технологик бузилиш сабаблари ва ҳолатларини текширишда қуйидагилар ўрганиб чиқилиши ҳамда баҳоланиши зарур:

хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ҳаракатлари, электр энергетикаси объектининг техник ҳолати ва уни эксплуатация қилишнинг амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги;

таъмирлаш, профилактика кўриги ва ускуна ҳолати назоратининг сифати ҳамда белгиланган муддатларда ўтказилиши;

таъмирлаш ишларини амалга оширишда технологик интизомга риоя этилгани;

авария ўчоқлари ва ускуна носозликларини ўз вақтида бартараф этиш, раҳбарий ҳужжатлар ва аварияларнинг олдини олишга қаратилган циркулярлар талабларига риоя қилиш ҳамда ускунанинг ишончлилигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича кўрилган чоралар;

ускуналар ва конструкцияларнинг тайёрланиши, лойиҳалаштириш, қурилиш, монтаж ва созлаш ишларининг сифати;

табиий ҳодисалар параметрларининг (муз девори қалинлиги, шамол тезлиги ва бошқалар) электр қурилмаларининг лойиҳа ҳужжатларида қабул қилинган ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган катталикларга мувофиқлиги.

15. Текшириш жараёнида технологик бузилиш юзага келишининг барча сабаблари, келиб чиқиш манбалари ҳамда улар ўртасидаги боғлиқлик аниқланиши ва ёзма равишда баён этилиши шарт.

16. Технологик бузилишлар техник (технологик) сабабларининг таснифланиш белгилари қуйидагилар:

ускуна, унинг детали ёки узели материалининг тузилмаси бузилиши;

пайвандлаш (кавшарлаш) нуқсонлари;

механик уланишнинг бузилиши;

механик емирилиш;

кул-тош қолдиғидан емирилиш;

коррозия емирилиши;

эррозия емирилиши;

герметика бузилиши;

нормал тебраниш ҳолатининг бузилиши;

портлаш;

термик шикастланиш (ўта қиздириш ёки куйдириш);

электр ёй таъсиридаги шикастланиш;

электр изоляциясининг бузилиши;

электр контактининг бузилиши;

механик бузилиш (шикастланиш);

ёнғин ёки ёнғин хавфи;

электр тармоғи турғунлигининг бузилиши;

ишлаш ресурсларининг тугаши.

17. Технологик бузилишнинг ташкилий сабабларини таснифланиш белгилари қуйидагилар:

тезкор ходимнинг хатолик билан бажарган ҳаракати;

тезкор ходимлар тоифасига кирмайдиган ходим томонидан йўл қўйилган хатолик;

техник хизмат кўрсатиш қониқарсиз ташкил этилгани;

эксплуатация қилишнинг бошқа камчиликлари;

лойиҳалаштиришдаги камчиликлар;

ишлаб чиқариш жараёнидаги нуқсонлар;

монтаж қилиш ва созлаш ишларидаги нуқсонлар;

таъмирлаш ишларидаги нуқсонлар;

қурилиш ишларидаги нуқсонлар;

такрорланувчи табиий ҳодисалар (шамол, ёмғир, қор, муз ва бошқалар) таъсири;

табиий офатлар (зилзила, кўчки, ёнғин, сув тошқини, бўрон ва бошқалар)нинг таъсири;

бегона шахслар ёки ташкилотлар аралашуви;

электр қурилмасининг маънан ёки жисмонан эскириши.

4-боб. Технологик бузилишлар тўғрисида хабар бериш тартиби

18. Авариялар, I ёки II даражали барча ишдан чиқишлар тўғрисида электр энергетикаси объектларидаги масъул шахс электр энергетикаси тизимининг тизим операторига (кейинги ўринларда — оператор), «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга, Энергетика вазирлигига ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига (кейинги ўринларда — Ўзэнергоинспекция), шунингдек, агар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита) назоратидаги қурилмада авария ёки I даражадаги ишдан чиқиш белгилари мавжуд бўлган ҳолатда — Қўмитага дарҳол хабар бериши шарт.

Оператор авария, I ёки II даражадаги ишдан чиқиш оқибатида электр таъминотида содир бўлган узилишларнинг сабаблари тўғрисида оммавий ахборот воситалари ҳамда мавжуд бошқа воситалар орқали истеъмолчиларни тезкор хабардор (ишдан чиқиш ҳолати ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 24 соат давомида) қилиши лозим.

Тезкор маълумотда қуйидагилар келтирилиши шарт:

технологик бузилиш содир бўлган электр қурилмаси;

технологик бузилиш бошланган ва (агар бартараф этилган бўлса) бартараф этилган сана ва вақт;

агар технологик бузилиш электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхонада содир бўлган бўлса, ушбу корхонанинг технологик бузилишгача ва ундан кейин электр энергетикаси тизимига берган умумий қуввати (MW);

агар технологик бузилиш электр тармоғи хўжалиги объектида содир бўлган бўлса, электр таъминоти тўхтатилган истеъмолчиларнинг умумий қуввати (MW), электр энергияси етказиб берилиши тўхтатилган (чекланган) йирик ёки электр таъминотининг ишончлилиги бўйича I тоифага кирувчи истеъмолчилар тўғрисидаги маълумотлар.

19. Ушбу Низомнинг 6-банди бешинчи хатбошисида кўрсатилган мезонлардан ортиқ бўлган йирик миқёсли ва оғир оқибатларга олиб келган авария содир бўлса, Энергетика вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан тезкор маълумотни олганидан сўнг зудлик билан авариялар, I ёки II даражали барча ишдан чиқишлар тўғрисидаги тезкор маълумотни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиши шарт.

20. Электр энергетикаси объектлари раҳбарлари қуйидагилар учун шахсан жавобгар ҳисобланади:

технологик бузилиш юзасидан ушбу Низомнинг 18-бандида белгиланган муддат ва тартибда кечиктирмасдан хабар берилишини таъминлаш;

технологик бузилишни ўз вақтида ва сифатли текшириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

технологик бузилишни текшириш далолатномасига мувофиқ аниқланган қонунбузилишлар ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш;

амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ етказилган зарарни қоплаш ва айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш.

Ушбу Низомда белгиланган тартибда технологик бузилиш тўғрисида хабар бериш ва ўрганиш ўтказиш талабларини бузган, шунингдек, юзага келган технологик бузилиш ҳақида ўз вақтида хабар бермасдан уни яширган (сир сақлаган) электр энергетикаси объектлари раҳбарлари ва ходимлари белгиланган тартибда навбатдан ташқари билим синовидан ўтказилади ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

5-боб. Технологик бузилишларнинг текширилишини ташкил этиш

21. Ҳар бир авария ёки I даражадаги ишдан чиқиш ҳолатлари уларнинг тавсифи ва оқибатларининг оғирлиги, шунингдек, технологик бузилиш содир бўлган объектнинг мансублигидан келиб чиқиб, ушбу объект раҳбарияти буйруғи асосида тузиладиган комиссия томонидан текширилади.

Алоҳида ҳолатларда ушбу Низомнинг 6-банди бешинчи хатбошисида кўрсатилган мезонлардан ортиқ бўлган ва оғир оқибатларга олиб келган катта миқёсли аварияларни текшириш учун комиссия Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилиши мумкин.

Технологик бузилишлар натижасида электр таъминотисиз қолган аҳоли ва стратегик аҳамиятга эга ҳамда мажбурий хизмат кўрсатилиши лозим бўлган истеъмолчиларни таъминотчи корхоналар томонидан электр энергияси билан таъминлаш бўйича тезкор чоралар кўрилиши шарт.

22. II даражадаги ишдан чиқиш ҳолатлари ҳамда ушбу Низомнинг 11-бандида кўрсатилган технологик бузилишлар алоҳида мутахассислар ёки ушбу объект томонидан белгиланадиган комиссия томонидан текширилади. Ушбу ҳолатларда Ўзэнергоинспекция ўз ташаббуси асосида технологик бузилишларни текшириш жараёнларида вакили иштирокини таъминлаш ҳуқуқига эга.

23. Авария ёки I даражадаги ишдан чиқиш ҳолатларини текшириш бўйича комиссия таркибига комиссияни тузган ташкилот вакили, Ўзэнергоинспекция вакили ҳамда технологик бузилиш содир бўлган объект мутахассислари киритилади. Комиссияга келишув асосида Энергетика вазирлиги ва оператор мутахассиси ҳам киритилиши мумкин.

Агар авария ёки I даражадаги ишдан чиқиш Қўмита назоратидаги ускунада юзага келган бўлса, комиссия таркибига ушбу Қўмита вакили ҳам киритилиши шарт.

24. Лойиҳалаштириш, қурилиш, тайёрлаш, монтаж ва таъмирлаш ишларидаги нуқсонлар туфайли содир бўлган технологик бузилишлар тегишли ташкилотларнинг ваколатли мутахассислари жалб этилган ҳолда текширилиши лозим.

25. Ишлаб чиқарилмай қолган электр энергияси миқдори генерация қилувчи ва сақловчи тизимлар ускуналари мажбурий туриб қолиш вақтида ишчи қувватининг камайиши асосида аниқланади.

26. Технологик бузилишларнинг текшируви улар аниқланган заҳоти бошланиб, 10 кун муддат ичида якунланиши лозим. Агар ўрганиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан тузилган комиссия томонидан ўтказилаётган бўлса, муддат Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

27. Шикастланган ускунани очиш ва қисмларга ажратиш фақатгина комиссия раисининг рухсати ёки ёзма кўрсатмаси асосида комиссия таркибига киритилган (технологик бузилишлар содир бўлган ёки ундан зарар кўрган) ташкилотларнинг вакиллари иштирокида амалга оширилиши лозим.

28. Лойиҳалаштириш, қурилиш, монтаж, таъмирлаш ташкилотлари ва бошқа ташкилотлардан комиссия аъзолари ўз вақтида етиб келмаган ҳолда, комиссия раиси ўрганиш муддатини 3 кунгача узайтириши мумкин.

29. Алоҳида ҳолатларда комиссия раисининг таклифи асосида ўрганиш муддати ушбу Низомнинг 21-бандига мувофиқ комиссия тузган орган томонидан узайтирилиши мумкин.

30. Технологик бузилишлар текшируви натижаларининг ҳаққонийлигини таъминлаш учун қуйидаги чоралар кўрилиши шарт:

технологик бузилиш объектларининг авариядан кейинги ҳолатини (мумкин қадар) сақлаш, суратга олиш ёки тасвирлаш;

регистрограммалар, аудио ва видеоёзувлар ҳамда бошқа далилларни сақлаш ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида Энергетика вазирлиги вакилига ёки тайинланган бошқа мансабдор шахсга тақдим этиш;

накладкалар ҳамда ҳимоя воситалари ва блокировкалар кўрсаткичларининг авариядан кейинги ҳолатини ёзиб олиш.

Барча ёзув ва ҳужжатлар уларни тақдим этаётган ташкилот раҳбарининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланиши лозим.

31. Технологик бузилиш текширилаётган электр энергетикаси объекти қуйидагиларни таъминлаши лозим:

лаборатория текширувлари, техник ҳисоблашлар, синовлар;

шикастланган объект суратлари ва бошқа зарур материалларни тақдим этиш;

текширувни амалга ошириш учун зарур бўлган транспорт ва алоқа воситаларини ажратиш;

зарурат бўлганда бошқа ташкилотлар экспертлари ва мутахассисларини жалб этиш;

техник ҳужжатларни сақлаш учун алоҳида хона ажратиш;

ўрганиш натижалари бўйича ҳужжатларни зарур нусхада кўпайтириш.

32. Авария ва I даражадаги ишдан чиқиш ҳолатларининг натижалари ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги Технологик бузилишларни текшириш далолатномаси (кейинги ўринларда — Далолатнома) билан расмийлаштирилади.

Далолатномага комиссия хулосасини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар (регистрограмма, осцилограмма, аудио ва видеоёзувлар, тезкор журналдан кўчирмалар, тушунтириш хатлари, схемалар, чизмалар, суратлар, синовлар натижалари, сўров варақлари ва бошқа текширишга оид ҳужжатлар) илова қилиниши шарт.

33. Ишлаб чиқариш нуқсони натижасида белгиланган хизмат муддатига етмаган электр қурилмаси шикастланиши билан боғлиқ II даражадаги ишдан чиқиш ҳолатлари текширувларининг натижалари Далолатнома билан расмийлаштирилади.

34. Бошқа II даражадаги ишдан чиқиш ҳолатлари бирламчи ҳисобга олиш ҳужжатларида қайд этилади ва Далолатнома билан расмийлаштирилади.

35. Далолатнома комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланиши шарт. Айрим комиссия аъзоларининг ўрганиш якуни бўйича алоҳида фикрлари ёки эътирозлари мавжуд бўлса, улар «алоҳида фикр ва эътироз билан» белгисини қўйган ҳолда Далолатномани имзолашлари мумкин. Бунда улар ўзларининг алоҳида фикр ва эътирозларини ёзма равишда илова қилишлари шарт. Агарда алоҳида фикр ва эътирозлар илова қилинмаса ёки асосли бўлмаса, ушбу комиссия аъзосининг фикри ёки эътирози комиссия томонидан инобатга олинмаслиги мумкин.

36. Далолатнома тўрт нусхада тузилади ва технологик бузилиш содир бўлган электр энергетикаси объекти томонидан уч кун муддатда Энергетика вазирлигига, тегишлилигича ўзининг юқори турувчи ташкилотига ва Ўзэнергоинспекцияга юборилади.

Агар технологик бузилиш Қўмита назоратидаги ускунада содир бўлган бўлса, далолатнома беш нусхада тузилади ва Қўмитага ҳам юборилади.

Комиссия аъзоларига далолатнома нусхалари уларнинг сўровномаларига мувофиқ юборилади.

37. Авариялар, I ва II даражадаги ишдан чиқиш ҳолатларининг текшируви натижалари бўйича электр энергетикаси объектлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган олдини олувчи ташкилий-техник чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Ўзэнергоинспекция ваколати доирасида ишлаб чиқилган ташкилий-техник чора-тадбирларнинг сифатли ва белгиланган муддатда бажарилишини назорат қилиб боради.

38. Комиссия қарорлари бўйича ташкилотларнинг асосланган эътирозлари Энергетика вазирлиги томонидан 10 кун мобайнида кўриб чиқилади.

39. Технологик бузилишларни ҳисобга олиш ва таснифланиш тўғрисида якуний қарор технологик бузилиш тавсифи ҳамда оқибатининг оғирлигидан келиб чиқиб, Энергетика вазирлиги ва Ўзэнергоинспекция, агар технологик бузилиш Қўмита назоратидаги ускунада содир бўлган бўлса — Қўмита томонидан қабул қилинади.

40. Авариялар ва I даражадаги ишдан чиқиш ҳолатлари, технологик бузилиш содир бўлган корхона ва унинг юқори ташкилоти раҳбари таклиф этилган ҳолда Энергетика вазирлигининг ҳайъати йиғилишида, Ўзэнергоинспекция вакили иштирокида кўриб чиқилади ва бажарилиши мажбурий бўлган ҳайъат қарори қабул қилинади.

6-боб. Электр энергетикаси тизими ишида технологик бузилишлар ҳисобга олинишини ва ҳисоботини ташкил этиш

41. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, сақловчи, узатувчи ва тақсимловчи корхонада ҳамда унга тегишли электр тармоқларида содир бўлган барча технологик бузилишлар ушбу электр энергетикаси объекти томонидан ҳисобга олинади.

Агар технологик бузилишлар ёндош корхоналар ҳамда электр тармоқларини қамраб олган бўлса, ушбу технологик бузилишлар Энергетика вазирлиги томонидан ҳисобга олинади.

42. Технологик бузилишлар электр қурилмаларининг эксплуатацияда бўлган тўлиқ даври мобайнида, яъни уларнинг юклама остида комплекс текшируви ва эксплуатацияга қабул қилиш далолатномаси имзоланган пайтдан бошлаб ҳисобга олинади.

43. Ишга тушириш ва эксплуатацияга қабул қилишдан олдин комплекс синов жараёнида ёки режали таъмирлаш, профилактика кўригини ўтказиш ва синовларда аниқланган ускуна ҳамда иншоотларнинг шикастланиши, шунингдек, энергия ташувчилар кўрсаткичларининг узоқ муддатга нормадан четга чиқиш ҳолатлари электр энергетикаси объектларининг бирламчи ҳужжатларида «алоҳида ҳисобга олиш» сифатида қайд этилади.

44. Электр энергетикаси объектлари ҳар бир ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 3-санасигача 16-Энерго шаклидаги технологик бузилишлар ҳақидаги умумлаштирилган ойлик ҳисоботни ушбу ҳолатлар содир бўлган электр энергетикаси объектининг мансублигига қараб, ўзининг юқори турувчи ташкилотига тақдим этадилар.

Юқори турувчи ташкилотлар эса ушбу ҳисоботларни ҳар ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасигача умумлаштириб, 16-Энерго шаклида Энергетика вазирлигига тақдим этади.

Энергетика вазирлиги ушбу маълумотларни ҳар ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасигача республика электр энергетикаси соҳаси бўйича умумлаштириб, Ўзэнергоинспекцияга тақдим этади.

45. «Алоҳида ҳисобга олиш» сифатида белгиланган технологик бузилишлар (шикастланишлар) тўғрисидаги маълумотлар умумлаштирилган ҳар ойлик ҳисоботга киритилмайди. Бундай маълумотлар фақат технологик бузилишлар (шикастланишлар) содир бўлган ҳолатда электр энергетикаси объектлари томонидан ўзининг юқори турувчи ташкилотига алоҳида тақдим этиб борилади.

Ушбу юқори турувчи ташкилотлар таркибидаги электр энергетикаси объектлари бўйича мазкур маълумотларни умумлаштириб, ҳар чоракнинг якуни билан кейинги ойнинг 5-санасигача Энергетика вазирлигига, Энергетика вазирлиги эса, ўз навбатида, республика миқёсида умумлаштириб, Ўзэнергоинспекцияга ҳар чоракнинг якуни билан кейинги ойнинг 10-санасигача тақдим этиб боради.

7-боб. Якунловчи қоидалар

46. Ушбу Низомни бажариш жараёнида келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

47. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Электр энергетикаси тизимида технологик бузилишларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

16-ЭНЕРГО шакли

20 __ йил ___________ да __________________________________ да содир бўлган технологик бузилишлар тўғрисида ҳисобот (ой) ____________ (электр энергетикаси объектининг номи) _______________________________________________ Электр энергетикаси объектининг реквизити Технологик бузилиш реквизитлари Технологик бузилиш сабаблари ва оқибатларининг қисқача мазмуни Авариявий етказиб берилмай қолган электр ва иссиқлик энергиясининг ҳажми, (минг кВт соат, Гкал) номи соҳа бўйича коди сана вақт кўриниши алоҳида ҳисобга олиш техник ва ташкилий сабабларнинг таснифланиш белгилари 1 2 3 4 5 6 7 8 9 Раҳбар ___________________________ ____________ (Ф.И.О., лавозими, имзо)

Электр энергетикаси тизимида технологик бузилишларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Технологик бузилишни текшириш далолатномаси

____-сон 20__ йил «___» ____________ Технологик бузилиш содир бўлган электр энергетикаси объектининг номи, манзили ва СТИР Технологик бузилиш содир бўлган электр энергетикаси объектининг юқори турувчи бошқарув ташкилоти Технологик бузилиш содир бўлган сана ва вақт Технологик бузилишни ҳисобга олиш белгиси Етказиб берилмай қолган электр ва иссиқлик энергияси (минг кВт.соат, Гкал) Ишлаб чиқарилмай қолган энергия (минг кВт соат, Гкал) Технологик бузилиш содир бўлишига қадар иш режими ва тезкор ходимнинг ҳаракати Технологик бузилишнинг келиб чиқиши, унинг жараёни ва ходимларнинг ҳаракати Нормал режим тикланиши санаси ва вақти Технологик бузилиш келиб чиқиши ва ривожланиши сабаблари Технологик бузилиш келиб чиқиши ёки бартараф этилишига тўсқинлик қилувчи эксплуатация камчиликлари Технологик бузилиш келиб чиқишига ва ривожланишига туртки бўлган ёки унинг бартараф этилишига тўсқинлик қилган лойиҳа, ускуна конструкцияси ва тайёрланиши, қурилиш-монтаж ва созлаш ишлари камчиликлари Шунга ўхшаш технологик бузилишларга йўл қўйилмаслиги бўйича асосий (ташкилий ва техник) чора-тадбирлар Шикастланган ускуналар, узеллар ва тузилмалар рўйхати Шикастланган ускуналар тикланган сана ва вақт Технологик бузилиш текширувини ўтказиш комиссиясини ташкил этиш бўйича буйруқ (фармойиш) Ҳолатга алоқадор бошқа қўшимча зарур маълумотлар Комиссия раиси __________________________________________________________________________________________________________________________________ (Ф.И.О., лавозими, имзо) Комиссия аъзолари _______________________________________________________________________________________________________________________________ (Ф.И.О., лавозими, имзо)

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 декабрдаги 850-сон қарорига 2-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 июндаги 338-сон қарори билан тасдиқланган Магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар

1. 223-банднинг биринчи хатбошисидаги «Қуйидаги» сўзи «Ушбу қоидаларнинг 14, 16 ва 17-иловаларида келтирилган» сўзлари билан алмаштирилсин.

2. 748-банддаги «ҳамда Ягона электр энергетикаси тизимида технологик бузилишларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2014 йил 6 мартдаги 54-сон қарорларига» сўзлари «қарорига ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Электр энергетикаси тизимида технологик бузилишларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомга» сўзлари билан алмаштирилсин.

3. 751-банднинг иккинчи хатбошисидаги «Вазирлар Маҳкамасининг «Ягона электр энергетикаси тизимида технологик бузилишларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2014 йил 6 мартдаги 54-сон қарорида» сўзлари «Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Электр энергетикаси тизимида технологик бузилишларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомда» сўзлари билан алмаштирилсин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 декабрдаги 850-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ягона электр энергетикаси тизимида технологик бузилишларни текшириш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2014 йил 6 мартдаги 54-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2020 йил 3 июндаги 348-сон қарорига 1-илованинг 5-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилиши муносабати билан Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2024 йил 25 сентябрдаги 603-сон қарорига 1-илованинг 5-банди.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2025 йил 31 декабрь,

850-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.01.2026 й., 09/26/850/0011-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

ROʻYXATI

Elektr energetikasi tizimida texnologik buzilishlarni tekshirish va hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Elektr energetikasi toʻgʻrisida ”gi hamda “ Energiyani tejash, undan oqilona foydalanish va energiya samaradorligini oshirish toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq, shuningdek, energetika tizimi qurilmalarining ishlashida yuzaga keladigan texnologik buzilishlarni oʻz vaqtida aniqlash va bartaraf etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Elektr energetikasi tizimida texnologik buzilishlarni tekshirish va hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

elektr energetikasi obyektlarida texnologik buzilish koʻrinishlari va ularni tasniflash;

elektr energetikasi obyektlarida va blok stansiyalarida sodir boʻlgan texnologik buzilishlarni aniqlash, ularning kelib chiqishi hamda rivojlanish sabablari boʻyicha klassifikatsiyasi;

elektr energetikasi obyektlarida sodir boʻlgan texnologik buzilishlar toʻgʻrisida xabar berish tartibi;

elektr energetikasi obyektlarida texnologik buzilishlarni tekshirish, hisobga olish va rasmiylashtirishni tashkil etish.

2. Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 15-iyundagi 338-son qarori bilan tasdiqlangan Magistral elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalariga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi energetika vaziri J.T. Mirzamahmudov hamda Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi boshligʻi D.A. Isakulov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 31-dekabrdagi 850-son qaroriga 1-ILOVA

Elektr energetikasi tizimida texnologik buzilishlarni tekshirish va hisobga olish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom elektr energetikasi obyektlarida va blok stansiyalarida sodir boʻlgan hamda elektr energetikasi tizimining ishonchli ishlashiga taʼsir etgan texnologik buzilish koʻrinishlarini tasniflash, aniqlash, tekshirish, hisobga olish, rasmiylashtirish va ular haqida xabar berish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:

avariya — texnik qurilmalar, inshootlar va uskunalar normal ishlashining buzilishiga olib keladigan hamda odamlar hayoti, salomatligi va atrof-muhitga xavf tugʻdirishi mumkin boʻlgan buzilish yoki shikastlanish;

avariyaviy taʼmirlash — toʻsatdan sodir boʻlgan avariyalar, tabiiy ofatlar (zilzila, koʻchki, yongʻin, suv toshqini, boʻron va boshqalar) natijasida qurilmalarning shikastlanish oqibatlarini bartaraf etish uchun amalga oshiriladigan taʼmirlash ishlari;

tezkor xodim — tezkor boshqaruv va tezkor almashish hamda ulash ishlarini amalga oshirish uchun ruxsat berilgan xodimlar toifasi, shuningdek, ushbu xodimlarga bevosita rahbarlik qilish uchun tayinlangan shaxslar;

texnologik buzilish — elektr qurilmalari yoki ularning elementlari ishdan chiqishiga olib keluvchi texnik holat parametrlarining ruxsat etilmagan darajada chetga chiqishi, elektr energiyasi sifati buzilishi, shuningdek, isteʼmolchilarga elektr energiyasini qisman yoki toʻliq rejalashtirilmagan holda yetkazib berishning toʻxtatilishi;

elektr qurilmasi — energiyani ishlab chiqarish, oʻzgartirish, uzatish, saqlash, taqsimlash yoki isteʼmol qilish uchun moʻljallangan, oʻzaro bogʻlangan uskuna va inshootlar majmui;

elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektlari — elektr energiyasini uzatish va taqsimlash uchun moʻljallangan elektr uzatish liniyalari, transformator podstansiyalari, taqsimlash punktlari;

elektr uzatish liniyasi — elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi, saqlovchi, uzatuvchi, taqsimlovchi hamda isteʼmolchi korxonalarning podstansiyadan chiquvchi elektr energiyasini uzatish uchun moʻljallangan elektr uzatish tarmogʻi;

elektr energetikasi obyektlari — elektr energiyasini ishlab chiqarish, saqlash, uzatish va taqsimlashda foydalaniladigan elektr energetikasi infratuzilmasi;

elektr energetikasi tizimi — elektr energiyasini ishlab chiqarish va saqlash obyektlari, uzatish va taqsimlash tizimlari majmui hamda ularning tezkor-dispetcherlik boshqaruvi.

3. Elektr energetikasi tizimi ishlashining quyidagi texnologik buzilishlari majburiy ravishda tekshirilishi va hisobga olinishi shart:

elektr qurilmalarining ekspluatatsiya davrida, ekspluatatsiyaga qabul qilinishi va ishga tushirilishiga qadar kompleks sinovlar vaqtida sodir boʻlgan, shuningdek, rejali taʼmirlash, profilaktika koʻrigi va sinovlar jarayonida aniqlangan shikastlanish holatlari;

elektr qurilmalari va ularning elementlarini ishdan chiqargan, texnik (texnologik) holat parametrlarining ruxsat etilmagan darajada chetga chiqishi (tebranish, harorat, bosim, chastota, kuchlanish, atmosferaga zararli moddalar chiqarilishi);

isteʼmolchilarga elektr energiyasini qisman yoki toʻliq rejalashtirilmagan holda yetkazib berishning toʻxtatilishi.

4. Elektr energetikasi tizimi ishidagi texnologik buzilishlarni tekshirish va hisobga olishning asosiy maqsadi ushbu holatlarning oldini olishga qaratilgan tashkiliy-texnik chora-tadbirlarni ishlab chiqish va elektr energetikasi tizimi ishlashini baholash, ekspluatatsiya qilishni takomillashtirish, modernizatsiya qilish, qayta tiklash yoki almashtirish boʻyicha qarorlar qabul qilish uchun foydalaniladigan texnologik buzilishlarning sabablarini aniqlashdan iboratdir.

2-bob. Texnologik buzilish holatlari va uning rasmiylashtirilishi

5. Texnologik buzilish holatlari xususiyati va oqibatining ogʻirligiga (elektr taʼminotidagi tanaffuslar, elektr tarmogʻi turgʻunligining yoʻqolishi, elektr energiyasi sifati parametrlari chetga chiqishi, ekologik taʼsir, elektr qurilmalarining shikastlanish hajmi va boshqa omillar) qarab, avariyalarga, I va II darajadagi ishdan chiqishlarga boʻlinadi.

6. Quyidagi texnologik buzilishlar avariyalar hisoblanadi:

quvvati 200 t/h va undan yuqori qozon, turbina, 60 MW va undan yuqori generator, qayta tiklanuvchi energiya manbalari yoki saqlash tizimlari, shuningdek, 80 MVA va undan yuqori kuch transformatorining tiklash imkoniyati mavjud boʻlmagan holda buzilishi yoki shikastlanishi;

elektr qurilmalari asosiy uskunasining (qozon, turbina, generator, qayta tiklanuvchi energiya manbalaridan energiya ishlab chiqaruvchi stansiyalar qurilmalari, saqlash tizimlari, kuch transformatori va elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi korxona elektr ulanishlari bosh sxemasining shinalar tizimi, 220 kV va undan yuqori kuchlanishli elektr uzatish liniyalari, podstansiya shinalar tizimi) 25 sutka va undan ortiq muddatda avariyaviy taʼmirlashda turib qolishi yoxud bino va inshootlarning buzilishi;

umumiy quvvati 200 MW va undan ortiq boʻlgan isteʼmolchilarga elektr energiyasi taʼminotini toʻxtatib qoʻyish (avariyaga qarshi avtomatika vositalari orqali oʻchirilgan yoki tiklangan, shuningdek, cheklash va oʻchirish jadvallariga muvofiq oʻchirilgan holatlar bundan mustasno);

elektr energetikasi tizimidan ajralib qolgan isteʼmolchilarning 40 foizdan ortiq qismining taʼminotsiz qolishi, bunda oʻchgan quvvatning 300 MW dan kam boʻlmasligi;

generatsiya qiluvchi manbalarning toʻsatdan oʻchishi natijasida elektr energetikasi tizimining bir sutka davomida 3 soatdan ortiq vaqt mobaynida ishlashi yoki chastotaning ogʻish darajasiga bogʻliq holda barcha isteʼmolchilar tarmoqqa quyidagi muddatlarda ulangan holda qolishi:

47,0 Hz ≤ f < 48,0 Hz chastotalar oraligʻida 15 daqiqadan koʻp ishlashi;

48,0 Hz ≤ f < 49,0 Hz chastotalar oraligʻida 1 soat va undan koʻp ishlashi;

51,0 Hz ≤ f ≤ 52,0 Hz chastotalar oraligʻida 30 daqiqadan koʻp ishlashi;

elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi korxona tomonidan yuklama toʻliq tashlab yuborilishi (agar bittadan ortiq generator faol hamda elektr va issiqlik umumiy quvvati ≥ 200 MW boʻlsa);

isteʼmolchilarga elektr energiyasi yetkazib berilishi elektr energetikasi tizimi umumiy isteʼmolining 20 foizi va undan yuqori quvvatga kamaytirilishini keltirib chiqargan, kuchlanishi 6 kV va undan yuqori boʻlgan elektr uzatish liniyalarining tabiiy ofat tufayli ommaviy oʻchishi yoki shikastlanishi;

shahar yoki tuman markazi elektr taʼminotida 24 soat yoki undan ortiq vaqtga tanaffusni keltirib chiqargan elektr tarmogʻi ishlash rejimining texnologik buzilishi;

elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi korxonaning chang-gaz tozalash yoki boshqa uskunasi ishlash rejimining texnologik buzilishini keltirib chiqargan atrof-muhitga zararli moddalarning sutkalik chegaralangan miqdordan ikki baravar yoki undan koʻp miqdorda chiqarib tashlanishi;

kul-tosh qoldiqlarining tabiiy suv havzalariga tashlanishini keltirib chiqargan kul-tosh qoldiqlari yigʻiladigan inshoot dambasining shikastlanishi;

suv omboridan gidrouzelning hisoblangan maksimal oʻtkazish qobiliyatidan ortiq suv tashlanishini keltirib chiqargan gidroelektr stansiyasi qurilmalari ishlash qobiliyatining texnologik buzilishi;

elektr energetikasi obyektlarida texnologik binolar va inshootlarning koʻtarib turuvchi qismlari bosib qolishini keltirib chiqargan portlash yoki yongʻin.

7. Quyidagi texnologik buzilishlar I darajadagi ishdan chiqishlar hisoblanadi:

a) elektr qurilmasi asosiy uskunasining (qozon, turbina, generator, qayta tiklanuvchi energiya manbalaridan energiya ishlab chiqaruvchi stansiyalar qurilmalari, saqlash tizimlari, kuch transformatori, elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi korxona elektr ulanishlari bosh sxemasi shinalar tizimining, kuchlanishi 220 kV va undan yuqori elektr uzatish liniyalarining, podstansiyalar shinalar tizimi) 3 sutkadan 25 sutkagacha oʻchirilgan holatda avariyaviy taʼmirlashda majburiy turib qolishini keltirib chiqargan shikastlanishi;

b) elektr energetikasi obyektining aybi bilan texnologik jarayoni uzluksiz boʻlgan yirik isteʼmolchilar elektr taʼminotida tanaffus yoki cheklov sodir boʻlishi yoxud elektr taʼminotining ishonchliligi boʻyicha I toifaga mansub isteʼmolchilar elektr taʼminotida tanaffus sodir boʻlishi (avtomatik qayta ulash tuzilmasi, zaxirani avtomatik ulash, avariyaga qarshi avtomatika bilan qayta ulash vaqtida boʻlgan tanaffus bundan mustasno).

Elektr taʼminotining ishonchliligi boʻyicha I toifaga mansub isteʼmolchilar ikkitadan kam boʻlmagan mustaqil, oʻzaro zaxiralovchi manbalardan taʼminlanishi va biror taʼminlash manbaidan uzilganda, avtomatik tarzda boshqa manbaga ulanishi kerak.

I toifaga mansub isteʼmolchilarning alohida guruhini taʼminlash uchun qoʻshimcha uchinchi, mustaqil, oʻzaro zaxiralovchi manba moʻljallangan boʻlishi zarur;

v) generatsiya qiluvchi manbalarning toʻsatdan oʻchib qolishi tufayli sodir boʻlgan elektr energetikasi tizimining 49,0 Hz dan past chastotada 30 daqiqadan ortiq ishlashi;

g) agar ishlab turgan elektr va issiqlikning umumiy keltirilgan quvvati 200 MW dan past boʻlsa, elektr stansiyasi tomonidan yuklamaning toʻliq tashlab yuborilishi (oʻchishi);

d) elektr energetikasi tizimining ajratilgan qismida isteʼmolchilarni yuklamaning 40 foizigacha, biroq 300 MW dan kam miqdorda yuksizlanishga olib kelgan elektr energetikasi tizimining qismlarga boʻlinishi;

e) tabiiy ofat tufayli oʻchgan elektr uzatish liniyalari soni 10 ta va undan ortiqni tashkil etgan 6 kV va undan yuqori kuchlanishli elektr uzatish liniyalarining ommaviy oʻchishi (muvaffaqiyatli avtomatik qayta ulanish bilan oʻchgan elektr uzatish liniyalari bundan mustasno);

j) shahar yoki tuman markazi elektr taʼminotida 8 soatdan 24 soatgacha muddatga tanaffusni keltirib chiqargan elektr tarmoqlari ishlash rejimining texnologik buzilishi;

z) obyektning tozalash inshootlari ishlash qobiliyati yoki ishlash rejimining texnologik buzilishi oqibatida tabiiy suv havzalariga zararli moddalarning chiqishi.

8. Quyidagi texnologik buzilishlar II darajadagi ishdan chiqishlar hisoblanadi:

ushbu Nizomning 7-bandi “a” kichik bandida keltirilgan kuchlanishi 35 kV va 110 kV boʻlgan uskunaning yoki kuchlanishi 35 kV, 110 kV, 220 kV, 500 kV boʻlgan boshqa uskunaning (tok transformatori, kuchlanish transformatori, oʻchirgich) shikastlanishi, agar ushbu shikastlanish avariya yoki I darajadagi ishdan chiqish sifatida hisobga olinadigan texnologik buzilishga olib kelmagan boʻlsa;

isteʼmolchilarga elektr energiyasi yetkazib berishning avtomatika taʼsirida nazarda tutilmagan qisqa muddatli toʻxtashi (avtomatik qayta ulash qurilmalari bilan qayta ulangan oʻchirishlar, zaxirani avtomatik ulash va qoʻlda qayta ulash bundan mustasno, agar elektr energiyasi yetkazib berishda 500 kW*h dan ortiqni tashkil etsa);

elektr qurilmalari, tarmoq elementlarining majburiy yoki xatolik bilan oʻchib qolishi, agar ushbu holat yuqori tomonning kuchlanishi 35 kV va undan yuqori boʻlgan kuch transformatorining oʻchishiga olib kelgan boʻlsa;

generatsiya qiluvchi manbalar va saqlash tizimlari oʻchib qolishi natijasida elektr energetikasi tizimining qismlarga boʻlinishi;

shahar yoki tuman elektr taʼminotida 8 soat muddatgacha tanaffus keltirib chiqargan elektr tarmoqlari ishlash rejimining texnologik buzilishi;

tabiiy ofat tufayli oʻchgan elektr uzatish liniyalari soni 10 tadan kam boʻlgan 6 kV va undan yuqori kuchlanishli elektr uzatish liniyalarining ommaviy oʻchishi (muvaffaqiyatli avtomatik qayta ulanish bilan oʻchgan elektr uzatish liniyalari bundan mustasno);

releli himoya va avtomatika yoki avariyaga qarshi avtomatika tuzilmalarining notoʻgʻri ishlashi, ushbu tuzilmalarning signalga ishlashi bundan mustasno, agar ushbu notoʻgʻri ishlash avariya yoki I darajadagi ishdan chiqish sifatida roʻyxatga olinadigan texnologik buzilishlarga olib kelmagan boʻlsa;

kuchlanishi 35 kV va undan yuqori boʻlgan elektr tarmoqlari xoʻjaligi obyektlari orasidagi dispetcherlik-texnologik boshqaruv vositalari rele himoyasi va kanallari ishlash qobiliyatining 1 sutkadan ortiq muddatga buzilishi.

9. Elektr energetikasi obyektlaridagi texnologik buzilishlar ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq 16-Energo shaklida (keyingi oʻrinlarda — 16-Energo) hisobga olinishi (ushbu Nizomning 11-bandida keltirilgan texnologik buzilishlar bundan mustasno) kerak.

16-Energo shaklida hisobga olinadigan texnologik buzilishlar elektr energetikasi obyektlarining birlamchi hujjatlarida hisobga olinmaydi.

10. 16-Energo shakli uskunalar ishidagi texnologik buzilishlar boʻyicha hisobga olish hujjatlari asosida hisobot oyi uchun toʻldiriladi.

11. Elektr energetikasi obyektlarining birlamchi hujjatlarida quyidagi texnologik buzilishlar hisobga olinadi:

ushbu Nizomning 7-bandi “a” kichik bandida keltirilgan texnologik buzilishlar, agar elektr qurilmasi asosiy uskunasining oʻchirilgan holatda avariyaviy taʼmirlashda majburiy turib qolishi 3 sutkagacha boʻlsa;

ushbu Nizomning 7-bandi “b” kichik bandida keltirilgan texnologik buzilishlar, agar elektr taʼminotidagi tanaffus texnologik jarayoni uzluksiz boʻlgan va ushbu kichik bandda keltirilgan yirik isteʼmolchilar guruhiga kiritilmagan, shuningdek, elektr taʼminotining ishonchliligi II va III toifaga mansub isteʼmolchilarda sodir boʻlgan boʻlsa;

ushbu Nizomning 7-bandi “e” kichik bandida keltirilgan texnologik buzilishlar, agar oʻchgan elektr uzatish liniyalarining soni 10 tadan kamni tashkil etsa;

ushbu Nizomning 8-bandi uchinchi xatboshisida keltirilgan texnologik buzilishlar, agar qoʻlda qayta ulanganda yetkazib berilgan elektr energiyasi 500 kW*h dan kam boʻlsa;

ushbu Nizomning 8-bandi toʻrtinchi xatboshisida keltirilgan texnologik buzilishlar, agar kuchlanishi 35 kV dan past boʻlgan elektr tarmoqlari va ularning elementlari oʻchgan boʻlsa;

ushbu Nizomning 8-bandi toʻqqizinchi xatboshisida keltirilgan texnologik buzilishlar, agar ushbu notoʻgʻri ishlash kuchlanishi 35 kV dan past boʻlgan elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyekti elementlarining 1 sutkagacha muddatga oʻchishiga olib kelgan boʻlsa;

elektr energiyasi ishlab chiqaruvchi va saqlovchi korxonalarning kuchlanishi 0,4 kV boʻlgan uskunalari oʻchib qolishi, energiya eltuvchisining parametrlari 4,5 MPa va 450 0 S dan baland boʻlmagan, Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasining nazoratidagi quvur oʻtkazgichlar, sigʻimlar va issiqlik mexanikasi uskunalarining shikastlanishi.

12. Birlamchi hujjatlarda quyidagilar aks ettirilishi kerak:

texnologik buzilish holatining roʻyxatga olinishi;

texnologik buzilish sodir boʻlishi va bartaraf etilishi sanasi va vaqti;

texnologik buzilish obyektining mansubligi;

texnologik buzilish va shikastlangan uskuna boʻyicha qisqa maʼlumot;

texnologik buzilish sabablarining tasnifiy belgilari;

oʻxshash texnologik buzilishlar takrorlanishiga yoʻl qoʻymaslik uchun ijro muddatlari va bajarilishiga javobgarlar koʻrsatilgan holda belgilangan chora-tadbirlar;

chora-tadbirlar bajarilgani toʻgʻrisida maʼlumotlar.

13. Bitta elektr energetikasi obyektida bir paytning oʻzida ikki yoki undan ortiq texnologik buzilish sodir boʻlgani aniqlanganda, har bir texnologik buzilish alohida hisobga olinadi.

3-bob. Texnologik buzilishlarni aniqlash va ularning kelib chiqish hamda rivojlanish sabablari boʻyicha klassifikatsiyasi

14. Texnologik buzilish sabablari va holatlarini tekshirishda quyidagilar oʻrganib chiqilishi hamda baholanishi zarur:

xizmat koʻrsatuvchi xodimlarning harakatlari, elektr energetikasi obyektining texnik holati va uni ekspluatatsiya qilishning amaldagi normativ-huquqiy hujjatlar talablariga muvofiqligi;

taʼmirlash, profilaktika koʻrigi va uskuna holati nazoratining sifati hamda belgilangan muddatlarda oʻtkazilishi;

taʼmirlash ishlarini amalga oshirishda texnologik intizomga rioya etilgani;

avariya oʻchoqlari va uskuna nosozliklarini oʻz vaqtida bartaraf etish, rahbariy hujjatlar va avariyalarning oldini olishga qaratilgan sirkulyarlar talablariga rioya qilish hamda uskunaning ishonchliligini oshirishga qaratilgan chora-tadbirlarni amalga oshirish boʻyicha koʻrilgan choralar;

uskunalar va konstruksiyalarning tayyorlanishi, loyihalashtirish, qurilish, montaj va sozlash ishlarining sifati;

tabiiy hodisalar parametrlarining (muz devori qalinligi, shamol tezligi va boshqalar) elektr qurilmalarining loyiha hujjatlarida qabul qilingan va normativ-huquqiy hujjatlarda belgilangan kattaliklarga muvofiqligi.

15. Tekshirish jarayonida texnologik buzilish yuzaga kelishining barcha sabablari, kelib chiqish manbalari hamda ular oʻrtasidagi bogʻliqlik aniqlanishi va yozma ravishda bayon etilishi shart.

16. Texnologik buzilishlar texnik (texnologik) sabablarining tasniflanish belgilari quyidagilar:

uskuna, uning detali yoki uzeli materialining tuzilmasi buzilishi;

payvandlash (kavsharlash) nuqsonlari;

mexanik ulanishning buzilishi;

mexanik yemirilish;

kul-tosh qoldigʻidan yemirilish;

korroziya yemirilishi;

erroziya yemirilishi;

germetika buzilishi;

normal tebranish holatining buzilishi;

portlash;

termik shikastlanish (oʻta qizdirish yoki kuydirish);

elektr yoy taʼsiridagi shikastlanish;

elektr izolyatsiyasining buzilishi;

elektr kontaktining buzilishi;

mexanik buzilish (shikastlanish);

yongʻin yoki yongʻin xavfi;

elektr tarmogʻi turgʻunligining buzilishi;

ishlash resurslarining tugashi.

17. Texnologik buzilishning tashkiliy sabablarini tasniflanish belgilari quyidagilar:

tezkor xodimning xatolik bilan bajargan harakati;

tezkor xodimlar toifasiga kirmaydigan xodim tomonidan yoʻl qoʻyilgan xatolik;

texnik xizmat koʻrsatish qoniqarsiz tashkil etilgani;

ekspluatatsiya qilishning boshqa kamchiliklari;

loyihalashtirishdagi kamchiliklar;

ishlab chiqarish jarayonidagi nuqsonlar;

montaj qilish va sozlash ishlaridagi nuqsonlar;

taʼmirlash ishlaridagi nuqsonlar;

qurilish ishlaridagi nuqsonlar;

takrorlanuvchi tabiiy hodisalar (shamol, yomgʻir, qor, muz va boshqalar) taʼsiri;

tabiiy ofatlar (zilzila, koʻchki, yongʻin, suv toshqini, boʻron va boshqalar)ning taʼsiri;

begona shaxslar yoki tashkilotlar aralashuvi;

elektr qurilmasining maʼnan yoki jismonan eskirishi.

4-bob. Texnologik buzilishlar toʻgʻrisida xabar berish tartibi

18. Avariyalar, I yoki II darajali barcha ishdan chiqishlar toʻgʻrisida elektr energetikasi obyektlaridagi masʼul shaxs elektr energetikasi tizimining tizim operatoriga (keyingi oʻrinlarda — operator), “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJga, Energetika vazirligiga va Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasiga (keyingi oʻrinlarda — Oʻzenergoinspeksiya), shuningdek, agar Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Sanoat, radiatsiya va yadro xavfsizligi qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) nazoratidagi qurilmada avariya yoki I darajadagi ishdan chiqish belgilari mavjud boʻlgan holatda — Qoʻmitaga darhol xabar berishi shart.

Operator avariya, I yoki II darajadagi ishdan chiqish oqibatida elektr taʼminotida sodir boʻlgan uzilishlarning sabablari toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalari hamda mavjud boshqa vositalar orqali isteʼmolchilarni tezkor xabardor (ishdan chiqish holati hajmidan kelib chiqqan holda 24 soat davomida) qilishi lozim.

Tezkor maʼlumotda quyidagilar keltirilishi shart:

texnologik buzilish sodir boʻlgan elektr qurilmasi;

texnologik buzilish boshlangan va (agar bartaraf etilgan boʻlsa) bartaraf etilgan sana va vaqt;

agar texnologik buzilish elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi korxonada sodir boʻlgan boʻlsa, ushbu korxonaning texnologik buzilishgacha va undan keyin elektr energetikasi tizimiga bergan umumiy quvvati (MW);

agar texnologik buzilish elektr tarmogʻi xoʻjaligi obyektida sodir boʻlgan boʻlsa, elektr taʼminoti toʻxtatilgan isteʼmolchilarning umumiy quvvati (MW), elektr energiyasi yetkazib berilishi toʻxtatilgan (cheklangan) yirik yoki elektr taʼminotining ishonchliligi boʻyicha I toifaga kiruvchi isteʼmolchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.

19. Ushbu Nizomning 6-bandi beshinchi xatboshisida koʻrsatilgan mezonlardan ortiq boʻlgan yirik miqyosli va ogʻir oqibatlarga olib kelgan avariya sodir boʻlsa, Energetika vazirligi ushbu holat yuzasidan tezkor maʼlumotni olganidan soʻng zudlik bilan avariyalar, I yoki II darajali barcha ishdan chiqishlar toʻgʻrisidagi tezkor maʼlumotni Vazirlar Mahkamasiga taqdim etishi shart.

20. Elektr energetikasi obyektlari rahbarlari quyidagilar uchun shaxsan javobgar hisoblanadi:

texnologik buzilish yuzasidan ushbu Nizomning 18-bandida belgilangan muddat va tartibda kechiktirmasdan xabar berilishini taʼminlash;

texnologik buzilishni oʻz vaqtida va sifatli tekshirish uchun zarur shart-sharoitlarni yaratish;

texnologik buzilishni tekshirish dalolatnomasiga muvofiq aniqlangan qonunbuzilishlar va kamchiliklarni oʻz vaqtida bartaraf etish;

amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq yetkazilgan zararni qoplash va aybdor shaxslarga nisbatan tegishli choralar koʻrish.

Ushbu Nizomda belgilangan tartibda texnologik buzilish toʻgʻrisida xabar berish va oʻrganish oʻtkazish talablarini buzgan, shuningdek, yuzaga kelgan texnologik buzilish haqida oʻz vaqtida xabar bermasdan uni yashirgan (sir saqlagan) elektr energetikasi obyektlari rahbarlari va xodimlari belgilangan tartibda navbatdan tashqari bilim sinovidan oʻtkaziladi hamda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.

5-bob. Texnologik buzilishlarning tekshirilishini tashkil etish

21. Har bir avariya yoki I darajadagi ishdan chiqish holatlari ularning tavsifi va oqibatlarining ogʻirligi, shuningdek, texnologik buzilish sodir boʻlgan obyektning mansubligidan kelib chiqib, ushbu obyekt rahbariyati buyrugʻi asosida tuziladigan komissiya tomonidan tekshiriladi.

Alohida holatlarda ushbu Nizomning 6-bandi beshinchi xatboshisida koʻrsatilgan mezonlardan ortiq boʻlgan va ogʻir oqibatlarga olib kelgan katta miqyosli avariyalarni tekshirish uchun komissiya Vazirlar Mahkamasi tomonidan tuzilishi mumkin.

Texnologik buzilishlar natijasida elektr taʼminotisiz qolgan aholi va strategik ahamiyatga ega hamda majburiy xizmat koʻrsatilishi lozim boʻlgan isteʼmolchilarni taʼminotchi korxonalar tomonidan elektr energiyasi bilan taʼminlash boʻyicha tezkor choralar koʻrilishi shart.

22. II darajadagi ishdan chiqish holatlari hamda ushbu Nizomning 11-bandida koʻrsatilgan texnologik buzilishlar alohida mutaxassislar yoki ushbu obyekt tomonidan belgilanadigan komissiya tomonidan tekshiriladi. Ushbu holatlarda Oʻzenergoinspeksiya oʻz tashabbusi asosida texnologik buzilishlarni tekshirish jarayonlarida vakili ishtirokini taʼminlash huquqiga ega.

23. Avariya yoki I darajadagi ishdan chiqish holatlarini tekshirish boʻyicha komissiya tarkibiga komissiyani tuzgan tashkilot vakili, Oʻzenergoinspeksiya vakili hamda texnologik buzilish sodir boʻlgan obyekt mutaxassislari kiritiladi. Komissiyaga kelishuv asosida Energetika vazirligi va operator mutaxassisi ham kiritilishi mumkin.

Agar avariya yoki I darajadagi ishdan chiqish Qoʻmita nazoratidagi uskunada yuzaga kelgan boʻlsa, komissiya tarkibiga ushbu Qoʻmita vakili ham kiritilishi shart.

24. Loyihalashtirish, qurilish, tayyorlash, montaj va taʼmirlash ishlaridagi nuqsonlar tufayli sodir boʻlgan texnologik buzilishlar tegishli tashkilotlarning vakolatli mutaxassislari jalb etilgan holda tekshirilishi lozim.

25. Ishlab chiqarilmay qolgan elektr energiyasi miqdori generatsiya qiluvchi va saqlovchi tizimlar uskunalari majburiy turib qolish vaqtida ishchi quvvatining kamayishi asosida aniqlanadi.

26. Texnologik buzilishlarning tekshiruvi ular aniqlangan zahoti boshlanib, 10 kun muddat ichida yakunlanishi lozim. Agar oʻrganish Vazirlar Mahkamasi tomonidan tuzilgan komissiya tomonidan oʻtkazilayotgan boʻlsa, muddat Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadi.

27. Shikastlangan uskunani ochish va qismlarga ajratish faqatgina komissiya raisining ruxsati yoki yozma koʻrsatmasi asosida komissiya tarkibiga kiritilgan (texnologik buzilishlar sodir boʻlgan yoki undan zarar koʻrgan) tashkilotlarning vakillari ishtirokida amalga oshirilishi lozim.

28. Loyihalashtirish, qurilish, montaj, taʼmirlash tashkilotlari va boshqa tashkilotlardan komissiya aʼzolari oʻz vaqtida yetib kelmagan holda, komissiya raisi oʻrganish muddatini 3 kungacha uzaytirishi mumkin.

29. Alohida holatlarda komissiya raisining taklifi asosida oʻrganish muddati ushbu Nizomning 21-bandiga muvofiq komissiya tuzgan organ tomonidan uzaytirilishi mumkin.

30. Texnologik buzilishlar tekshiruvi natijalarining haqqoniyligini taʼminlash uchun quyidagi choralar koʻrilishi shart:

texnologik buzilish obyektlarining avariyadan keyingi holatini (mumkin qadar) saqlash, suratga olish yoki tasvirlash;

registrogrammalar, audio va videoyozuvlar hamda boshqa dalillarni saqlash va qabul qilish-topshirish dalolatnomasi asosida Energetika vazirligi vakiliga yoki tayinlangan boshqa mansabdor shaxsga taqdim etish;

nakladkalar hamda himoya vositalari va blokirovkalar koʻrsatkichlarining avariyadan keyingi holatini yozib olish.

Barcha yozuv va hujjatlar ularni taqdim etayotgan tashkilot rahbarining imzosi va muhri bilan tasdiqlanishi lozim.

31. Texnologik buzilish tekshirilayotgan elektr energetikasi obyekti quyidagilarni taʼminlashi lozim:

laboratoriya tekshiruvlari, texnik hisoblashlar, sinovlar;

shikastlangan obyekt suratlari va boshqa zarur materiallarni taqdim etish;

tekshiruvni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan transport va aloqa vositalarini ajratish;

zarurat boʻlganda boshqa tashkilotlar ekspertlari va mutaxassislarini jalb etish;

texnik hujjatlarni saqlash uchun alohida xona ajratish;

oʻrganish natijalari boʻyicha hujjatlarni zarur nusxada koʻpaytirish.

32. Avariya va I darajadagi ishdan chiqish holatlarining natijalari ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakldagi Texnologik buzilishlarni tekshirish dalolatnomasi (keyingi oʻrinlarda — Dalolatnoma) bilan rasmiylashtiriladi.

Dalolatnomaga komissiya xulosasini tasdiqlovchi tegishli hujjatlar (registrogramma, ossilogramma, audio va videoyozuvlar, tezkor jurnaldan koʻchirmalar, tushuntirish xatlari, sxemalar, chizmalar, suratlar, sinovlar natijalari, soʻrov varaqlari va boshqa tekshirishga oid hujjatlar) ilova qilinishi shart.

33. Ishlab chiqarish nuqsoni natijasida belgilangan xizmat muddatiga yetmagan elektr qurilmasi shikastlanishi bilan bogʻliq II darajadagi ishdan chiqish holatlari tekshiruvlarining natijalari Dalolatnoma bilan rasmiylashtiriladi.

34. Boshqa II darajadagi ishdan chiqish holatlari birlamchi hisobga olish hujjatlarida qayd etiladi va Dalolatnoma bilan rasmiylashtiriladi.

35. Dalolatnoma komissiyaning barcha aʼzolari tomonidan imzolanishi shart. Ayrim komissiya aʼzolarining oʻrganish yakuni boʻyicha alohida fikrlari yoki eʼtirozlari mavjud boʻlsa, ular “alohida fikr va eʼtiroz bilan” belgisini qoʻygan holda Dalolatnomani imzolashlari mumkin. Bunda ular oʻzlarining alohida fikr va eʼtirozlarini yozma ravishda ilova qilishlari shart. Agarda alohida fikr va eʼtirozlar ilova qilinmasa yoki asosli boʻlmasa, ushbu komissiya aʼzosining fikri yoki eʼtirozi komissiya tomonidan inobatga olinmasligi mumkin.

36. Dalolatnoma toʻrt nusxada tuziladi va texnologik buzilish sodir boʻlgan elektr energetikasi obyekti tomonidan uch kun muddatda Energetika vazirligiga, tegishliligicha oʻzining yuqori turuvchi tashkilotiga va Oʻzenergoinspeksiyaga yuboriladi.

Agar texnologik buzilish Qoʻmita nazoratidagi uskunada sodir boʻlgan boʻlsa, dalolatnoma besh nusxada tuziladi va Qoʻmitaga ham yuboriladi.

Komissiya aʼzolariga dalolatnoma nusxalari ularning soʻrovnomalariga muvofiq yuboriladi.

37. Avariyalar, I va II darajadagi ishdan chiqish holatlarining tekshiruvi natijalari boʻyicha elektr energetikasi obyektlari tomonidan bajarilishi majburiy boʻlgan oldini oluvchi tashkiliy-texnik chora-tadbirlar ishlab chiqiladi.

Oʻzenergoinspeksiya vakolati doirasida ishlab chiqilgan tashkiliy-texnik chora-tadbirlarning sifatli va belgilangan muddatda bajarilishini nazorat qilib boradi.

38. Komissiya qarorlari boʻyicha tashkilotlarning asoslangan eʼtirozlari Energetika vazirligi tomonidan 10 kun mobaynida koʻrib chiqiladi.

39. Texnologik buzilishlarni hisobga olish va tasniflanish toʻgʻrisida yakuniy qaror texnologik buzilish tavsifi hamda oqibatining ogʻirligidan kelib chiqib, Energetika vazirligi va Oʻzenergoinspeksiya, agar texnologik buzilish Qoʻmita nazoratidagi uskunada sodir boʻlgan boʻlsa — Qoʻmita tomonidan qabul qilinadi.

40. Avariyalar va I darajadagi ishdan chiqish holatlari, texnologik buzilish sodir boʻlgan korxona va uning yuqori tashkiloti rahbari taklif etilgan holda Energetika vazirligining hayʼati yigʻilishida, Oʻzenergoinspeksiya vakili ishtirokida koʻrib chiqiladi va bajarilishi majburiy boʻlgan hayʼat qarori qabul qilinadi.

6-bob. Elektr energetikasi tizimi ishida texnologik buzilishlar hisobga olinishini va hisobotini tashkil etish

41. Elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi, saqlovchi, uzatuvchi va taqsimlovchi korxonada hamda unga tegishli elektr tarmoqlarida sodir boʻlgan barcha texnologik buzilishlar ushbu elektr energetikasi obyekti tomonidan hisobga olinadi.

Agar texnologik buzilishlar yondosh korxonalar hamda elektr tarmoqlarini qamrab olgan boʻlsa, ushbu texnologik buzilishlar Energetika vazirligi tomonidan hisobga olinadi.

42. Texnologik buzilishlar elektr qurilmalarining ekspluatatsiyada boʻlgan toʻliq davri mobaynida, yaʼni ularning yuklama ostida kompleks tekshiruvi va ekspluatatsiyaga qabul qilish dalolatnomasi imzolangan paytdan boshlab hisobga olinadi.

43. Ishga tushirish va ekspluatatsiyaga qabul qilishdan oldin kompleks sinov jarayonida yoki rejali taʼmirlash, profilaktika koʻrigini oʻtkazish va sinovlarda aniqlangan uskuna hamda inshootlarning shikastlanishi, shuningdek, energiya tashuvchilar koʻrsatkichlarining uzoq muddatga normadan chetga chiqish holatlari elektr energetikasi obyektlarining birlamchi hujjatlarida “alohida hisobga olish” sifatida qayd etiladi.

44. Elektr energetikasi obyektlari har bir hisobot oyidan keyingi oyning 3-sanasigacha 16-Energo shaklidagi texnologik buzilishlar haqidagi umumlashtirilgan oylik hisobotni ushbu holatlar sodir boʻlgan elektr energetikasi obyektining mansubligiga qarab, oʻzining yuqori turuvchi tashkilotiga taqdim etadilar.

Yuqori turuvchi tashkilotlar esa ushbu hisobotlarni har hisobot oyidan keyingi oyning 5-sanasigacha umumlashtirib, 16-Energo shaklida Energetika vazirligiga taqdim etadi.

Energetika vazirligi ushbu maʼlumotlarni har hisobot oyidan keyingi oyning 10-sanasigacha respublika elektr energetikasi sohasi boʻyicha umumlashtirib, Oʻzenergoinspeksiyaga taqdim etadi.

45. “Alohida hisobga olish” sifatida belgilangan texnologik buzilishlar (shikastlanishlar) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar umumlashtirilgan har oylik hisobotga kiritilmaydi. Bunday maʼlumotlar faqat texnologik buzilishlar (shikastlanishlar) sodir boʻlgan holatda elektr energetikasi obyektlari tomonidan oʻzining yuqori turuvchi tashkilotiga alohida taqdim etib boriladi.

Ushbu yuqori turuvchi tashkilotlar tarkibidagi elektr energetikasi obyektlari boʻyicha mazkur maʼlumotlarni umumlashtirib, har chorakning yakuni bilan keyingi oyning 5-sanasigacha Energetika vazirligiga, Energetika vazirligi esa, oʻz navbatida, respublika miqyosida umumlashtirib, Oʻzenergoinspeksiyaga har chorakning yakuni bilan keyingi oyning 10-sanasigacha taqdim etib boradi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

46. Ushbu Nizomni bajarish jarayonida kelib chiqadigan nizolar qonunchilik hujjatlariga muvofiq hal etiladi.

47. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Elektr energetikasi tizimida texnologik buzilishlarni tekshirish va hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

16-ENERGO shakli

20 __ yil ___________ da __________________________________ da sodir boʻlgan texnologik buzilishlar toʻgʻrisida hisobot (oy) ____________ (elektr energetikasi obyektining nomi) _______________________________________________ Elektr energetikasi obyektining rekviziti Texnologik buzilish rekvizitlari Texnologik buzilish sabablari va oqibatlarining qisqacha mazmuni Avariyaviy yetkazib berilmay qolgan elektr va issiqlik energiyasining hajmi, (ming kVt soat, Gkal) nomi soha boʻyicha kodi sana vaqt koʻrinishi alohida hisobga olish texnik va tashkiliy sabablarning tasniflanish belgilari 1 2 3 4 5 6 7 8 9 Rahbar ___________________________ ____________ (F.I.O., lavozimi, imzo)

Elektr energetikasi tizimida texnologik buzilishlarni tekshirish va hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Texnologik buzilishni tekshirish dalolatnomasi

____-son 20__ yil “___” ____________ Texnologik buzilish sodir boʻlgan elektr energetikasi obyektining nomi, manzili va STIR Texnologik buzilish sodir boʻlgan elektr energetikasi obyektining yuqori turuvchi boshqaruv tashkiloti Texnologik buzilish sodir boʻlgan sana va vaqt Texnologik buzilishni hisobga olish belgisi Yetkazib berilmay qolgan elektr va issiqlik energiyasi (ming kVt.soat, Gkal) Ishlab chiqarilmay qolgan energiya (ming kVt soat, Gkal) Texnologik buzilish sodir boʻlishiga qadar ish rejimi va tezkor xodimning harakati Texnologik buzilishning kelib chiqishi, uning jarayoni va xodimlarning harakati Normal rejim tiklanishi sanasi va vaqti Texnologik buzilish kelib chiqishi va rivojlanishi sabablari Texnologik buzilish kelib chiqishi yoki bartaraf etilishiga toʻsqinlik qiluvchi ekspluatatsiya kamchiliklari Texnologik buzilish kelib chiqishiga va rivojlanishiga turtki boʻlgan yoki uning bartaraf etilishiga toʻsqinlik qilgan loyiha, uskuna konstruksiyasi va tayyorlanishi, qurilish-montaj va sozlash ishlari kamchiliklari Shunga oʻxshash texnologik buzilishlarga yoʻl qoʻyilmasligi boʻyicha asosiy (tashkiliy va texnik) chora-tadbirlar Shikastlangan uskunalar, uzellar va tuzilmalar roʻyxati Shikastlangan uskunalar tiklangan sana va vaqt Texnologik buzilish tekshiruvini oʻtkazish komissiyasini tashkil etish boʻyicha buyruq (farmoyish) Holatga aloqador boshqa qoʻshimcha zarur maʼlumotlar Komissiya raisi __________________________________________________________________________________________________________________________________ (F.I.O., lavozimi, imzo) Komissiya aʼzolari _______________________________________________________________________________________________________________________________ (F.I.O., lavozimi, imzo)

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 31-dekabrdagi 850-son qaroriga 2-ILOVA

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 15-iyundagi 338-son qarori bilan tasdiqlangan Magistral elektr tarmoqlaridan foydalanish qoidalariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar

1. 223-bandning birinchi xatboshisidagi “Quyidagi” soʻzi “Ushbu qoidalarning 14, 16 va 17-ilovalarida keltirilgan” soʻzlari bilan almashtirilsin.

2. 748-banddagi “hamda Yagona elektr energetikasi tizimida texnologik buzilishlarni tekshirish va hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2014-yil 6-martdagi 54-son qarorlariga” soʻzlari “qaroriga hamda Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlangan Elektr energetikasi tizimida texnologik buzilishlarni tekshirish va hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga” soʻzlari bilan almashtirilsin.

3. 751-bandning ikkinchi xatboshisidagi “Vazirlar Mahkamasining “Yagona elektr energetikasi tizimida texnologik buzilishlarni tekshirish va hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2014-yil 6-martdagi 54-son qarorida” soʻzlari “Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlangan Elektr energetikasi tizimida texnologik buzilishlarni tekshirish va hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda” soʻzlari bilan almashtirilsin.

Vazirlar Mahkamasining 2025-yil 31-dekabrdagi 850-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Yagona elektr energetikasi tizimida texnologik buzilishlarni tekshirish va hisobga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2014-yil 6-martdagi 54-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2020-yil 3-iyundagi 348-son qaroriga 1-ilovaning 5-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi Vazirlar Mahkamasi boʻysunuviga oʻtkazilishi munosabati bilan Hukumatning ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2024-yil 25-sentabrdagi 603-son qaroriga 1-ilovaning 5-bandi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2025-yil 31-dekabr,

850-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.01.2026-y., 09/26/850/0011-son)

lex.uz